1 Мен, Исо Масиҳ учун банди бўлган Павлус ҳамда укамиз Тимўтийдан севикли ҳамкоримиз Филимўнга салом!
2 Синглимиз Аффия билан сафдошимиз Архиппга, шунингдек, хонадонингда йиғилиб турадиган имонлиларнинг ҳаммасига салом йўллаймиз.
3 Отамиз Худодан ва Раббимиз Исо Масиҳдан сизларга иноят ва тинчлик бўлсин.
4 Мен дуоларимда ҳар доим сени эслаб, Худойимга шукур қиламан.
5 Чунки Раббимиз Исога бўлган имонинг ва барча аҳли мўминга бўлган муҳаббатинг ҳақида эшитиб тураман.
6 Сенинг имон йўлида қилаётган фаолиятинг таъсирчан бўлгай, Масиҳдан бизга насиб бўладиган бутун хайр-баракани билиб олгайсан.
7 Сенинг меҳр-муҳаббатинг менга катта севинч ва тасалли берди. Биродарим, сен туфайли аҳли мўминнинг кўнгли тинч.
8 Майли, шундай бўлса ҳам, Масиҳ номидан сенга буйруқ беришга тўла ваколатим борлигини айтсам бўлади.
9 Бунинг ўрнига мен, мўйсафид Павлус, энди Исо Масиҳ учун банди, меҳрибонлик билан сендан илтимос қиламан.
10 Мен маҳбуслигимда кўрган ўғлим Ўнисим ҳақида сендан илтимос қилмоқчиман.
11 Ўнисим бир вақтлар сенга фойдасиз эди, энди эса сенга ҳам, менга ҳам фойдалидир. Мен уни сенга қайтариб юборяпман.
12 Уни, яъни ўзимнинг жон-дилимни, яхши қабул қил!
13 Мен Инжил учун қамоқда ётибман, шунинг учун Ўнисимни ўз олдимда олиб қолиб, сенинг ўрнингда менга хизмат қилишини истар эдим.
14 Аммо сенинг розилигингсиз ҳеч бир иш қилишни хоҳламадим. Чунки сенинг қиладиган илтифотинг мажбурият юзасидан бўлмай, балки ихтиёрий бўлишини истадим.
15 Наҳотки сен умрбод қабул қилишинг учун Ўнисим сендан вақтинчалик айрилган бўлса?
16 Сен уни энди қул каби эмас, балки қулдан юқори, севикли ука сифатида қабул қил. Мен уни жуда яхши кўраман. Сен эса уни ҳам одам боласи сифатида, ҳам Раббимизнинг боласи сифатида яна кўпроқ севишинг шубҳасиз.
17 Агар сен мени сафдошинг билсанг, Ўнисимни мени қабул қилгандай қабул қил.
18 Агарда у сени бирор нарсада хафа қилган бўлса ёки сендан қарздор бўлган бўлса, буни менинг зиммамга юкла.
19 Мен, Павлус, буни ўз қўлим билан ёзяпман: мен тўлайман. Ахир, сенга ўз ҳаётинг билан мендан қарздор эканлигингни айтаётганим йўқ!
20 Ҳа, биродарим, Раббимиз ҳақи сендан бир фойдаланай! Масиҳ ҳақи кўнглимни тинчитгин!
21 Сен менинг сўзларимга қулоқ солиб, айтганларимни қиласан, ҳа, бундан ҳам кўпроқ қиласан, деб ишониб, буларни ёздим.
22 Бундан ташқари, менга бир турар жой ҳам тайёрла. Чунки Худо ибодатларингизни эшитиб, мени яна сизларнинг олдингизга қайтаришига умид қиламан.
23 Мен билан бирга Исо Масиҳ учун маҳбус бўлган Эпафрас,
24 ҳамкорларим Марк, Аристарх, Димас, Луқо сенга салом йўллаяптилар.
25 Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларнинг руҳингизга ёр бўлсин. Омин.