Довюраклар (Макс Лукадо) 1 bob

Макс Лукадо. Довюраклар - (1-боб) Китоб Ўзбек тилида

Dovyuraklar (Maks Lukado) O‘zbek tilida Audiokitob

Тасаввур қилинг: сизнинг ҳаётингизда энди қўрқув йўқ          Dovyuraklar (Maks Lukado) O‘zbek tilida Audiokitob  

 

Мундарижа

 

Миннатдорчилик  

1-боб  Нима учун биз қўрқамиз?                                                           

2-боб  Манман қишлоғининг аҳолиси                                                 

Ўзининг аҳамиятсизлигидан қўрқиш

3-боб  Худо мендан чарчади

Худонинг ҳафсаласини пир қилишдан қўрқиш

4-боб  Ташвишлар, йўқолинглар!                                                         

Нималардир етишмаслиги қўрқуви

5-боб  Менинг фарзандим хавф остида

Ўз фарзандини эҳтиёт қила олмаслик қўрқуви

6-боб  Мен жуда тез чўкяпман

Ҳаддан ортиқ машаққатлар олдидаги қўрқув

7-боб  Менинг жавонимда аждарҳолар бор                                      

Воқеаларнинг ёмон ривожидан қўрқиш

8-боб  Бу шафқатсиз сайёра

Зўравонлик олдидаги қўрқув

9-боб  Ўйинчоқ пуллар                                                                       

Яқинлашиб келаётган қиш олдида қўрқув

10-боб  Ўлимигача қўрққанлар                                                          

Ҳаётнинг сўнгги лаҳзалари олдидаги қўрқув

11-боб  Кофеинли ҳаёт

Келажакдан қўрқиш

12-боб  Шубҳалар сояси                                                                       

Худо йўқ деган қўрқув

13-боб  Агар бирон даҳшатли ҳодиса юз берса, нима бўлади?        

Дунё миқёсидаги офатлардан қўрқиш

14-боб  Битта соғлом қўрқув                                                                

Худо менинг қутичамга сиғмайди деган қўрқув

Хотима.  Вильямнинг саноси                                                                


1-боб Нима учун биз қўрқамиз?

… Нега қўрқяпсизлар, эй имони сустлар?

Матто 8:26.

Менинг акам сизга албатта ёққан бўлар эди. У ҳаммага ёқар эди. Акамнинг исми –  Ди эди. Унинг дўстлари ҳам, худди новвойхона тандиридан янгигина чиққан иссиқ нон сингари, ҳар куни, осонликча, илиқ муносабатлар асосида пайдо бўлар эди. Қўл бериб кўришиши – очиқ ва қувватли; кулгиси – гулдурос ва юқумли эди. Биронта нотаниш одам анча вақт нотанишлигича қолишига йўл қўймас эди. Мен – унинг тортинчоқ укаси, икковимиз учун ҳам у танишишига имкон берар эдим. Бизнинг кўчамизга янги оила кўчиб келса ёки биз ўйнайдиган майдонда янги бола пайдо бўлиб қолса, Ди уларнинг олдиларига элчи бўлиб борар эди. 

Аммо вояга етмасидан бир неча йил олдин Ди бир нотўғри сотувчи билан танишиб қолди, у вояга етмаган болаларга пиво сотар эди. Алкогол Ди билан менга кўп муаммолар олиб келди. Алкогол менга илашиб олган бўлса, Дини хиппа бўғиб олди-қўйди. Кейинги қирқ йил давомида акам соғлиғини, яқинлари билан муносабатларни, ишини, пулини, хуллас, ҳаётининг охирги икки йилидан бошқа ҳамма нарсасини ичиб тамом қилди.

Нима учун қатъий қарор баъзан ғолиб келади, баъзан ютқизади? Ким билади, дейсиз. Аммо акам эллик олти ёшга кирганда, ироданинг ҳали ақл бовар қилмас қатламини кашф қилди, уни чуқурроқ кавлади ва ҳушёрлик мавсумини очди. У стаканини бўм-бўш ушлайдиган бўлди, оиласини мустаҳкамлади, фарзандлари билан шуғулланадиган бўлди, ароқ-вино дўконига қатнашни “Аноним ичувчилар” маҳаллий бўлинмаси билан алмаштирди. Аммо илгариги носоғлом ҳаёт тарзи ўз ишини қилиб бўлган экан. Ўттиз йил давомида кунига уч қути сигарет чекиш унинг юрагини гўшт қиймасига айлантирган эди.

Мен бу китобни ёза бошлаган ўтган ҳафта январь кечаларидан бирида, Ди хотини Доннага, нафас олишим қийинлашяпти, деб шикоят қилиб қолди. Ди бу муаммо бўйича врачнинг қабулига ёзилган эди, шунинг учун ухлашга ҳаракат қилди. Мудради. Тонг саҳар соат тўртда у тўши ортида шундай кучли оғриқдан уйғониб кетдики, “тез ёрдам” чақиришга тўғри келди.  Шифокорлар Дини аравачага ётқиздилар ва Доннига: “Ортимиздан шифохонага боринг”, – дедилар. Акам астагина қўлини силкиди, мардонавор тарзда жилмайди ва Доннига: “Хавотир олмагин”, – деб илтимос қилди. Аммо Донни ўғилларидан бири билан шифохонага етиб борганда, Дининг жони узилган эди.

Қабулхонада унга бу хабарни етказдилар ва Дининг танаси ётган хонага ўтишни таклиф қилдилар. Улар бир-бирларига ҳамдард бўлиб, эшикни очдилар ва Дининг сўнгги мактубини кўрдилар. Унинг кафти сонида турар, ўрта ва номсиз бармоғи букилган, катта бармоғи дўппайган эди. Америкада бу ишора “сени яхши кўраман”, – деган маънони билдиради.    

Акамнинг заминдаги ҳаёти охирги лаҳзаларини тасаввур қилишга ҳаракат қиламан: атроф қоп-қора Техас тунига чулғанган, катта йўлда “тез ёрдам” елдек учиб бормоқда, шифокорлар ўзаро ниманидир дейишда, ичида эса юрак ҳалокатли заифлашмоқда. У ҳар бир нафас учун курашиб, қайсидир лаҳзада тушундики, нафас олиши бир оздан кейин тўхтайди. У ваҳимага тушиш ўрнига ўзида мардлик топа олди.

Балки мардлик сизга ҳам асқотиб қолар. Ахир мардлик сизга «тез ёрдам» олиб кетаётган лаҳзадагина керак эмас. Эҳтимол, сиз ҳали юрагингиз охирги зарбани уришига етиб келмагандирсиз, лекин охирги маошга, охирги муҳим қарорга, ишончнинг охирги учқунларига етиб келгандирсиз. Дарвоқе, қуёшнинг ҳар бир чиқиши қўрқув учун янги сабабларни ўзи билан олиб келиши мумкин.

          Бизга ёппасига ишдан бўшатишлар, иқтисодий инқироз, Яқин Шарқда тўқнашувлар кучайгани, юқорида ходимларни кескин ўзгартиришлар, уй-жой бозорининг қулаши, дунё миқёсида(глобал) исиш кучайиши, Ал-Қоида террорчиларининг қутуриб бораётгани ҳақида гапирадилар. 

         Нормал одамлар винолар коллекциясини йиққанлари сингари, қандайдир ақлдан озган диктаторлар ядро бомбалари заҳираларини кўпайтирмоқдалар. Чўчқа гриппи учун давлат чегаралари йўқ. «Терроризм» сўзининг ўзаги – «террор», яъни қўрқувдир. Оммавий ахборот воситалари, бизни умидсизликка дучор қилишга қодир ахборотларни устимизга ёғдирмоқдаки, бу янгиликларни қуйидаги огоҳлантириш билан бериш лозим: «ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ: бу янгиликни Исландиядаги бомбадан ишончли сақлайдиган ертўлаларингизда эшитганингиз маъқулроқ».

 Биз суд даъволаридан, кечикишдан, банкрот бўлишдан, елкамиздаги холлардан, маҳалламиздаги янги ўсмирлардан, бизларни қабрга яқинлаштираётган соатнинг чиқиллашидан қўрқамиз. Биз пул тикишларимизни  такомиллаштириб боряпмиз, хавфсизликнинг мукаммал тизимларини ишлаб чиқяпмиз, ҳарбий қудратнинг ривожлантирилиши учун овоз беряпмиз, аммо барибир, инсоният тарихидаги бошқа барча авлодларга кўра кўпроқ тинчлантирувчи дориларга тобе бўлиб қоляпмиз. Бу ҳам камдек, “бугунги кунда оддий болалар, 1950 йиллардаги руҳий хасталиклар шифохонасидаги мижозларга қараганда, кўпроқ қўрқувни бошдан кечирмоқдалар”1.

         Чамаси, қўрқув бир қадам масофада жойлашган дўконлар қурилиши ва фойдаланишга топширилишига юз йиллик пудрат олган. Ҳаддан ортиқ ва қўпол қўрқув юрагимизда бахтиёрлик ҳиссига озгина жой беришни ҳам истамайди. Бахтиёрлик чекиниб, биздан нари кетади. Сиз қачонлардир бу иккита ҳиснинг ўзаро муроса қилганини кўрганмисиз? Кимдир бир пайтнинг ўзида ҳам бахтиёрликни, ҳам қўрқувни ҳис қила оладими? Даҳшатга тушганингизда тиниқ фикрлай оласизми? Жиддий хавф-хатар ичида тўлиқ ишончни ҳис қилганмисиз? Бир пайтнинг ўзида ҳам қўрқитилган, ҳам раҳмдил бўлиш мумкинми?  Йўқ. Қўрқув – мактаб йўлагидаги энг катта безори, у сурбет, дағал ва кераксиз. Қўрқув даҳшатли шовқин келтириб чиқаришига, катта майдонни эгаллашига қарамасдан, у ҳеч қандай яхшилик келтирмайди.

 Қўрқув бирон симфония ёки достон ёзишга, тинчлик шартномаси тузишга, хасталикларни шифолашга ҳали ёрдам берган эмас. Қўрқув бирон оилани қашшоқликдан, бирон мамлакатни мутаассиблик жазавасидан олиб чиқа олмаган. Қўрқув нураб бузилаётган оилани, синаётган бизнесни қутқаролмайди. Бундай ишларга мардлик қодирдир. Бунга ишонч лаёқатлидир.  Бунга ўз қўрқувларига асосланиб ҳаракат қилишдан ёки қўрқув ортида яширинишдан воз кечадиган одамлар қодирдир. Аммо қўрқув-чи? У бизни қамоққа ташлайди ва даранг-дурунг қилиб эшикларни ёпади.    

У ердан чиқилса, яхши бўлмасмиди?

Сиз шунчаки ҳаётингизни ҳар қандай хавотирдан тўлиқ озодликда  тасаввур қилинг. Мабодо қўрқув эмас, балки ишонч сизга хавф соладиган ҳамма нарсага биринчи жавоб бўлса, нима бўлади? Агар сиз юрагингиз устига қўрқув учун магнит осиб қўйганингизда ва у билан қўрқув, ишончсизлик, шубҳаларни энг охирги игнасигача суғуриб олганингизда эди, нима қолган бўларди?

Хатолар, хўрланиш ва бахтсизлик қўрқувидан холи бўлган бир кунни, бор-йўғи бир кунни тасаввур қилинг. Сиз қўрқувсиз ҳаётни тасаввур қила оласизми? Бундай имконият Исонинг саволи ортида яширинган.

≪… Нега қўрқяпсизлар, эй имони сустлар?≫ —деб сўрайди У (Матто 8:26).

     Дастлабки лаҳзада биз, У жиддий гапиряптими, деб ишонгимиз келмайди. Эҳтимол, У ҳазиллашаётгандир? Бизни мазах қиляпти.  Балки У ҳийла ишлатаётгандир? Гўё бир сузувчи бошқасидан: “Нимага уст-бошинг ҳўл?” — деб сўраётганидек? Аммо Исо Масиҳ жилмаймаяпти. У ниҳоятда жиддий. У савол берган ўша одамлар сингари. Уларнинг Жалила денгизи бўйлаб қилган саёҳати кўпираётган бўрон тўлқинлари билан курашга айланиб кетди.

         Бу саргузаштни улардан бири шундай хотирлайди: «қайиққа тушди, шогирдлари ҳам Унга эргашиб, қайиққа тушдилар. Шу орада кўлда бўрон кўтарилди, тўлқинлар қайиқни сувга тўлдира бошлади...» (Матто 8:23-24).

Бу жумлаларни Матто ёзган эди. У тўсатдан кўтарилган бўронни, тебранаётган қайиқни яхши хотирлаб қолган ва сўзларни маҳорат билан, вазиятга мос қилиб танлаган эди. Дарвоқе, ҳеч қандай от турига мансуб сўз ўша ҳолатни ифодалаш учун етарли бўлмаган бўларди. У китоб токчасидан луғатини олди ва бўрон қайиқ бурнига қандай урилса, китобхонга шундай таъсир қиладиган таърифни қидира бошлади. У – «бўрон, қаттиқ шамол, табиатнинг қутуриши, шамолнинг зўрайиши» ва ҳоказо умумий сўз ва ифодаларни қўлламади. У ўша кеча бошидан кечиришига ва ўз кўзлари билан кўришига  тўғри келган нарса: гумбур-гумбур қилаётган ерни ва титраётган қирғоқларни бу сўз  ифодалаб бера олмас эди. Унинг хотирасига кучли шамол ва кўпикли тўлқиндан кўра кўпроқ нарса қолди. Ҳақиқатан вазиятга мос келадиган сўзга дуч келмагунча, у бармоғини луғатдаги синонимлар қатори бўйлаб югуртираверди. ≪О! Мана ўша сўз!≫ Seismos —чайқалиш, осмон ва ернинг титраши. ≪Денгизда қаттиқ титраш юз берди≫*.

Бу сўз ҳозирда ҳам бизнинг нутқимизда учрайди. Зотан, сейсмология фани зилзилаларни ўрганади, Матто эса бошқа янги имонлилар билан биргаликда, уларнинг ҳар бирининг ич-ичигача кириб борган бу

*Синодал таржимада: «кучли тўлқин». – Таҳририят изоҳи.

«тебраниш»ни ҳис қилди. Матто бу юнонча сўзни яна икки марта ишлатади: бир марта – Исо Масиҳ хочда жон бергандан кейин шаҳарда зилзила юз берганда (қаранг: Матто 27:51–54); иккинчи марта – тирилганда қабр оғзидаги тош думалатилганида (қаранг: Матто 28:2). Табиийки, бўйсундирилган бўрон Исо Масиҳ билан боғлиқ учта тебранишда ўзининг қонуний ўрнига эга: хочда гуноҳ устидан ғалаба, қабрда ўлим устидан ғалаба, бу ерда – бўрон кўтарилган денгизда қўрқув устидан ғалаба.   

Бирдан юз берган қўрқув. Биз биламизки, қўрқув ҳам худди бўрон сингари бирдан юз берган эди. Инглиз тилидаги эски таржималардан бирида шундай деб айтилган: ≪бирдан денгизда қаттиқ бўрон кўтарилди≫.

Бўрон ҳамма вақт ҳам кутилмаганда юз беравермайди. Чўл жойлардаги фермерлар жала бошланишидан бир неча соат олдин булутларнинг пайдо бўлишини аниқлай оладилар. Аммо бу бўрон, худди чакалакзордан чиқиб қолган шердай денгизга отилган эди.  Бир дақиқа олдин шогирдлар ўз саёҳатларига бутунлай берилиб кетган, қартада «Топпон» ўйнаш учун қартани чийлаётган эдилар. Кейинги дақиқада эса қутураётган Жалила денгизининг кўпикларини ютаётган эдилар.

Собиқ денгизчилар Бутрус билан Юҳанно елканни жиловлашга ҳаракат қилардилар. Қуруқликдаги «каламуш» Матто эса тановул қилган нонуштасини ҳазм этишга ҳаракат қиларди. Бу солиқчи бўронни хаёлига келтирмаган эди. У ўз ҳикоясида иккита гапни қандай бириктираётганидан ҳайратланишини сиз ҳис қиляпсизми? ≪Исо қайиққа тушди...Шу орада кўлда бўрон кўтарилди, тўлқинлар қайиқни сувга тўлдира бошлади...≫ (Матто 8:23–24).

 Сиз воқеанинг оптимистик руҳда давом этишига, шогирдларнинг итоаткорлигининг илҳомлантирувчи натижасига умид қилган бўлмасмидингиз?

≪Исо қайиққа тушди, шогирдлари ҳам Унга эргашиб, қайиққа тушдилар. Бирдан осмонда улкан камалак порлади, кабутарлар галаси бахт аломати сифатида учиб ўтдилар, тип-тиниқ сув устида елканнинг акси кўринди≫. Наҳотки Исонинг издошлари Кариб денгизи бўйлаб саёҳат қилиб вақт ўтказмаган бўлсалар? Йўқ. Бу ҳикоя унчалик тавозелик бўлмаган ва унчалик   оммабоп бўлмаган эслатмага эга: Исо Масиҳ билан бирга қайиққа тушиш У билан бирга жиққа ҳўл бўлишни билдиради. Шогирдлар денгизда бўрон кўтарилишини, жуда қаттиқ шамол бўлишини кутишлари мумкин эди. ≪Дунёда қайғу–алам чекасизлар [“чекишингиз мумкин” эмас, “баъзан қайғу-аламга дуч келасизлар” ҳам эмас, балки “чекасизлар”] (Юҳанно 16:33, қўштирноқ ичидаги тўлдиришлар Макс Лукадоники).

Масиҳнинг издошлари безгакни юқтириб оладилар, фарзандларини дафн қиладилар, гиёҳвандлик ва алкоголизмга қарши курашадилар ва буларнинг натижасида қўрқувга дуч келадилар. Бўроннинг бўлмагани бизни қўрқувдан халос қилмайди. Бўрон пайтида хотиржам Исони кўришимиз бизни қутқаради. ≪…. Исо эса ухлаётган эди≫ (Матто 8:24).

Мана шунақа саҳна. Қайиқда бор бўлганларнинг ҳаммаси бақир-чақир қилишяпти. Исо Масиҳ ухлаб ётибди. Денгиз қутурмоқда. Исо Масиҳ  хуррак отмоқда. У мудраётгани йўқ, кўзлари юмуқ ҳолда дам олаётгани йўқ. У ухлаяпти. Шундай лаҳзада сиз ухлай олган бўлармидингиз? Сиз «Америка тепаликлари»да сиртмоқсиман доирада учаётиб мудрай олармидингиз? Аэродинамик қувурда ёки барабанлар ҳамроҳлигида ҳарбий юришда мудрай олармидингиз? Булардан биронтаси Исонинг ухлашига ҳалақит бермаган бўларди!

         Марк ўз Хушхабарида қизиқ тафсилотни келтиради: ≪ Исо эса қайиқнинг қуйруқ томонида ёстиққа бош қўйиб, ухлаб ётган эди≫ (Марк 4:38). Эътибор беринг: қайиқнинг қуйруқ томонида, ёстиққа бош қўйиб. Нимага «қуйруқ томонида»? «Ёстиқ» қаердан пайдо бўлди?

Милодий биринчи асрда балиқчилар балиқ овлаш учун катта, оғир тўрлардан фойдаланишарди. Тўрларни кеманинг қуйруғидаги алоҳида ясалган ўйиқларда сақлашарди. Қуйруқнинг саҳнида ухлаш ноқулай эди. Жой кичкина, пана жой йўқ эди.  Қайиқ саҳни остидаги кичикроқ ўйиқ эса анча қулай жой эди. Бу жой – энг ёпиқ, қайиқнинг ёмғирдан ҳимоя қиладиган ягона қисми эди. Масиҳ кундузги юмушлардан чарчаган, бироз ухлаб олиш учун қайиқ саҳни остига жойлашган эди.

 Бошини у «ёстиқ»қа – пар ёстиққа эмас, балки қум тўлдирилган чарм қопга қўйган эди. Бу посанги қоп эди. Ўрта Ер денгизи балиқчилари ҳозиргача шундай қопдан фойдаланадилар. Улар юзлаб фунт оғирликка эга бўлиб, қайиқнинг денгизда мувозанатини сақлаб туриши учун керакдир.2 Қайиқнинг қуйруғига бундай қопни, ухлашимга қулай бўлсин, деб Исонинг Ўзи олган эдими ёки шогирдлардан биронтаси ғамхўрлик қилган эдими? Бунисини биз билмаймиз.  Аммо нималардир бизга маълум. Исонинг уйқуси маълум бир мақсадга қаратилган эди. Исо Масиҳтасодифан мудрагани йўқ. У кўтарилаётган бўронни била туриб, тушликдан сўнг мизғиб олиш вақти келди деб қарор қилди,  бурчакка бориб, бошини қулай қилиб «ёстиқ»қа қўйди ва уйқулар мамлакатига жўнади.

Унинг хотиржамлиги шогирдларни хавотирга солди. Матто ҳам, Марк ҳам шогирдларнинг бақир-чақирини битта илтимос ва битта савол билан тасвирладилар.

Маттода: ≪ Ҳазрат, бизни қутқаринг! Ҳалок бўляпмиз! ≫ (Матто 8:25).

Маркда: ≪ Устоз! Ҳалок бўляпмиз! Наҳотки Сизга барибир бўлса?!≫ (Марк 4:38).

Улар ≪Сиз бўронни тинчита оласизми?≫ – деб Исонинг ҳокимияти ҳақида сўрамаяптилар. «Бўрон бошланяпти, биласизми?» – деб Унинг хабари борми, билиш учун сўрамадилар. Ёки «Сиз бўронни тинчита оласизми?» – деб Унинг тажрибаси ҳақида сўрамадилар. Йўқ, улар Исонинг хулқ-атвори сабабларига шубҳаларини ифодаладилар: «Сизга…барибир».

Бу – қўрқувдан келиб чиққан. Қўрқув Худонинг эзгулигига ишончимизни шубҳа остига қўяди. Биз ўзимизга ўзимиз, осмонда севги барҳаётмикан, деб савол берамиз. Агар бизнинг бўронларимиз пайтида Худо ухлаши мумкин бўлса, биз ваҳимага тушиб, кўзларимиз ола-кула бўлганда, Унинг кўзлари юмуқ бўлса, У билан қайиққа тушганимиздан кейиноқ У бўрон қўзғалишига йўл қўйиб берган бўлса, Унинг биз билан қанчалик иши бор?! Қўрқув шубҳалар ўкинчи келтириб чиқарган бир қанча шубҳаларни уйғотади.

Қўрқув яна бизда умумий назорат васвасасини пайдо қилади. 

 ≪Бу бўронни бирон нарса қилинг≫, — мана, шогирдларнинг саволидан англашиладиган талаб. ≪Бўронни бостиринг… ёки…ёки…умуман…≫. Қўрқувнинг асосида —  вазият устидан назоратни йўқотишганимизни идрок этишимиз ётади. Ҳаёт пастга қараб шўнғий бошлаганда, унинг қўлимиздан келган таркибий қисмларини – парҳезни, уйда тозалик ва тартибни, самолёт креслосидаги тирговични, кўп ҳолларда атрофимиздаги одамларни маҳкам ушлаймиз. Ўзимизни ҳимоясиз ҳис қилганимиз сари, бадфеъл бўлиб бораверамиз. Биз  ириллаймиз ва тиржаямиз. Нимага? Биз шунчалик ёмон бўлганимиз учунми? Маълум даражада шундай. Шунингдек, яна ўзимизни бурчакка қисилгандай ҳис қилганимиз учундир.

Бу мавзуга Мартин Нимеллер битта мисол келтирган эди. Мартин Нимеллер  Адольф Гитлернинг тузумига қаҳрамонларча қарши турган немис чўпони эди. У 1933 йили диктаторни биринчи марта кўрганда, ўша ерда ҳозир бўлганларнинг орқасида туриб, диққат билан унинг нутқини тинглади.  Кейинроқ хотини ундан таассуротларини сўраганда, шундай жавоб берган эди: «Шунга ишонч ҳосил қилдимки, Герр Гитлер ўлгудай қўрқитилган одам»3. Қўрқув золимни ичимизда уйғотади.

Шунингдек, у хотирамизни ўлдиради. Шогирдларда Исога ишониш учун ҳамма сабаблар бор эди. Ўша пайтда Исо Масиҳ “одамларнинг ҳар хил хасталиклари ва дардларига шифо бераётганини” (қаранг: Матто 4:23) шогирдлар кўрган эдилар. Исо Масиҳ  шогирдларининг кўзи олдида мохов кишини қўл тегизиб ва юзбошининг хизматкорини бир амр бериш билан шифолаган эди  (қаранг: Матто 8:3, 13). Исо Масиҳ Бутруснинг қайнонасига қўлини текизганда, қайнонаси соппа-соғ бўлиб қолган эди (қаранг: Матто 8:14–15). Жинлар, худди қанотли кўршапалаклар ғордан отилгани сингари, ҳар томонга ташланганини ҳаммалари етарлича кўрган эдилар. ≪… У жинларни сўз билан қувиб чиқарди, хаста одамларнинг ҳаммасига шифо берди …≫ (Матто 8:16).

Исонинг хизмат турлари рўйхатини, Унинг таржимаи ҳолини кимгадир эслатишга зарурат йўқми? Масиҳнинг мўъжизалари ҳақида-чи? Балки, керак эмасдир. Қўрқув ўзига хос руҳий хотира йўқолишини келтириб чиқаради. Қўрқув мўъжизаларга нисбатан хотирамизни ўтмаслаштиради. Исонинг ишларини ва Худонинг эзгулигини унутишга мажбур қилади.

         Қўрқувни ҳис қилиш – даҳшатли. У жонимиздан ҳаётни суғуриб олади, бизни эмбрион ҳолатига букади, бизнинг ҳар қандай хурсандчилигимизни адойи тамом қилади. Биз  илгари инсоният учун озиқ, фаровонлик ва иссиқлик манбаи бўлиб хизмат қилган, энди эса омонат, шамоллар таъсирида қийшайиб қолган ташландиқ ғалла омборига ўхшаб қоламиз. Энди олдингидай эмасмиз. Қўрқув ҳаётимизни белгилар экан, ҳимоя бизнинг худойимиз бўлиб қолади. Бизнинг худойимиз ҳимоя бўлиб қолар экан, ўзини хавфга қўймасдан яшаш ҳаёт тарзига сажда қиламиз. Осуда ҳаётни яхши кўрадиган одам бирон буюк иш қила оладими? Эҳтиёткорлик олийжаноб ишларга қодирми? Худо учун? Одамлар учун? Йўқ, қодир эмас. Қўрқоқ одам сева олмайди, ахир севги – бу ўзини хавфга қўйиш. Ақлли одамлар камбағалларга бермайди. Хайр-садақа – юз баравар ошириб қайтаришга кафолат эмас. Қўрқоқлар чексиз орзу қила олмайдилар. Уларнинг орзулари осмонда сўниб, ерга қулаб тушса, нима бўлади? Ҳимояланишга сажда руҳнинг улуғворлигини бемаънилаштиради. Шу боисдан ҳам Исо Масиҳ қўрқувга қарши уруш олиб боргани ажабланарли эмас.

Унинг энг кўп айтилган ўгитлари «қўрқманглар» деган мавзуга тааллуқлидир. Хушхабарларда Исонинг тахминан 125 та ўгити борлиги маълум. Улардан 21 таси «қўрқманглар», «ваҳимага тушманглар», «тетик бўлинглар», «дадил бўл» ёки «юракларингиз хижолат тортмасин» деб жаранглайди. Тез-тез такрорланиши бўйича иккинчи турадигани – Худони ва яқинини севиш амри бўлиб, у фақат саккиз марта учрайди, холос. Агар маълум сўз ёки иборанинг кўп учраши нимадандир гувоҳлик берса, Исо Масиҳ бизнинг қўрқувларимизга ниҳоятда жиддий ёндашган. Исо Масиҳ бошқа насиҳатлардан кўра кўпроқ бергани  айнан шу эди: «қўрқманглар». 

         Болалар баъзан кулги қилиб ёки шикоят билан ота-оналарининг энг кўп берадиган насиҳатларини айтиб берадилар. Оналари ҳар доим айтадиган қуйидаги гапларни улар хотирлайдилар: «Вақтида уйда бўлгин» ёки «Хонангни йиғиштириб қўй». Оталарининг ҳам қуйидаги севимли фармойишлари бўлган: «Бурнингни тортма», «Меҳнат қил, меҳнат қил ва яна меҳнат қил». Мен учун бир нарса қизиқ: Исо Масиҳ қайси жумлани кўп такрорлагани устида шогирдлар қачонлардир ўйлаб кўрганмиканлар? Агар ўйлаб кўрган бўлсалар, улар шундай хулосага келган бўлардилар: «У бизни ҳар доим дадил бўлишга даъват қилган эди».

 

… қўрқманглар, сизлар кўплаб чумчуқлардан қадрлироқсизлар.

Матто 10:31.

 

… Дадил бўл, ўғлим, гуноҳларинг кечирилди.

Матто 9:2.

 

Шунинг учун сизларга айтаман: Тирикчилигингиздан хавотир олиб, нима еймиз, нима ичамиз, устимизга нима киямиз, деманглар. Ахир, ҳаёт овқатдан, тана эса кийимдан муҳимроқ эмасми?!.

Матто 6:25.

 

…— Қўрқманг. Фақат ишонинг, қизингиз шифо топади.

Луқо 8:50.

 

… Дадил бўлинглар! Қўрқманглар, бу Менман!

Матто 14:27.

... Танани ўлдириб, жонни ўлдира олмайдиганлардан қўрқманглар…

Матто 10:28.

 

Эй кичик сурув, қўрқманглар! Осмондаги Отангиз Ўз Шоҳлигини сизларга беришни маъқул топди.

Луқо 12:32.

 

— Юрагингиз сиқилмасин. Худога ишонинг, Менга ҳам ишонинг! ... Мен бориб сизларга жой тайёрлайман–у, сизларни Ўзим билан олиб кетгани келаман. Токи Мен бўлган жойда сизлар ҳам бўлинглар.

Юҳанно 14:1–3.

 

Юрагингиз сиқилмасин, қўрқманглар.

Юҳанно 14:27.

 

Лекин Исо уларга деди: -Нега қўрқиб кетдингизлар? Нечун кўнглингизда бунча гумонлар туғиляпти?

Луқо 24:38.

 

Сизлар узоқ–яқиндаги уруш хабарларини эшитасизлар. Бироқ чўчиманглар! …

Матто 24:6.

 

… Исо эса келиб, уларга қўл теккизди–да:— Туринглар, қўрқманглар! — деди.

Матто  17:7.

 

Сиз қўрқув ичида яшашингизни Исо Масиҳ асло истамайди. Сиз ҳам шуни истайсиз-ку.  Сиз ҳеч қачон шундай деб айтмаган бўлардингиз:

•Ўзимдаги қўрқувлар сабабли қадам олишларим дадил.

•Агар хасталарча бадгумонлик менда бўлмаганда эди, мен ёмон она бўлган бўлардим.

•Тушкун кайфиятим учун Худодан миннатдорман. Ўзимга ўзим қўл силтаб, умидларим тамомила барҳам топгандан кейин, мен инсон сифатида анча яхши бўлиб қолдим.

•Шифокор менга айтишича, агар мен арзимас нарсага хавотирланишни бошламасам, соғлиғим билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлар экан.

Қўрқувнинг нархи қанча эканини биз биламиз.

Исо Масиҳ жуда яхши саволни беради. У бошини «ёстиқ»дан кўтариб, қайиқ қуйруғининг пана жойидан бошини кўтариб бўронга қаради-да, сўради: ≪ Нега қўрқяпсизлар, эй имони сустлар?≫ (Матто 8:26).

Мен бир нарсани тушунтиришим лозим: қўрқув жуда фойдали вазифани ҳам бажаради. Кўмир шахтасидаги канарейка сингари, қўрқув – эҳтимоли бор хавф-хатар тўғрисида огоҳлантиради. Озгина қўрқув болани серҳаракат кўчага югуриб чиқишдан тўхтатади. Катта ёшли одамни эса ортиқча сигарет чекишдан ушлаб туради. Қўрқув — уйдаги ёнғинга ёки кўчадаги қопағон итга нормал жавоб реакциясидир. Қўрқув ўз ҳолича – гуноҳ эмас. Аммо у гуноҳга олиб келиши мумкин.

Агар биз қўрқувимизни жаҳл хуружлари билан, мўл-кўл ичкиликбозлик билан, умидсиз ҳолда таслим бўлиш билан, ўзимизни қийнаш билан ёки ўзимизни қаттиқ назорат қилиш билан шифоламоқчи бўлсак, муаммони ҳал қилишда Худони бир четга суриб қўйган бўламиз ва муаммони фақат чуқурлаштирамиз, холос. Биз ҳаётимизда хавотирлик устунлик қилишига ва  ҳаётимизни бошқаришига имкон бериб, қўрқув ҳолатига бўйсунамиз. Ҳар қандай шод-хуррамликни ўлдирадиган – хавотир, тарракдай қотириб қўядиган ваҳима, бизни кишанлаб, шол қилиб қўядиган қўрқувнинг одатий хуружлари, асабий қўрқув – Худодан эмас. ≪Зеро, Худо берган Руҳ қалбимизга қўрқув солмайди...≫ (2 Тим. 1:7).

Қўрқув бизнинг оламимизни тўлдириши мумкин, аммо у юракларимизни тўлдирмаслиги керак. У ҳар доим эшикни тақиллатади. Шунчаки уни кечки овқатга таклиф қилманг ва барча муқаддаслар нарсалар ҳурмати, у уйингизда тунаб қолишига ижозат берманг. Келинг, юракларимизни Исо Масиҳ айтган, «қўрқманглар» деб айтилган оятлар билан мустаҳкамлайлик. Масиҳнинг ваъдаси ва бу китобнинг ғояси оддий: эртага биз бугунгидан кўра камроқ қўрқишимиз мумкин.

         Мен олти ёшдалигимда, бир куни отам ухлашга кечроқ ётишимга рухсат берди. Чунки бутун оиламиз билан биргаликда «Бўри одам» фильмига бормоқчи эдик. Эҳ, аслида отам бу фикридан воз кечгани яхши экан…Фильм гўё бўри одам ҳар куни тунда уйимиз йўлагида изғиб юриб, ўзи яхши кўрган ўлжа – малла ва юзини сепкил босган биринчи синф ўқувчиларини пойлаб турганига ишончимни мустаҳкамлади. Мендаги қўрқув ҳақиқий муаммога айланди. Ётоқхонамдан ошхонага етиб боришим учун гўё, бўрининг тирноқларига ва жағларига ҳалокатли яқинликдан ўтишим керак эди, буни асло истамас эдим. Бир неча марта отамнинг ётоқхонасига қочиб бориб, уни уйғотган эдим. Отам, қайиқда Исо Масиҳ ухлагани сингари, бўрон пайтида қаттиқ ухлаб ётарди. Бундай лаҳзаларда қандай қилиб ухлаш мумкин?!

Отам уйқусираганича, бир кўзини очиб, сўрарди:

—Нимадан қўрқиб кетдинг?

Мен йиртқич махлуқ ҳақида эслатар эдим.

—Ҳа, ҳа, эсладим, бўри одам, — деб ғулдирар эди у. Кейин тўшакдан туриб, ғайриинсоний жасорат билан мени ўлим сояси водийсидан ўтказиб қўяр эди ва бир стакан сут қуйиб берар эди. Мен отамга эҳтиромли ҳайрат билан қарар эдим ва ким ўзи бу?- деб ўйлар эдим.

Мен «бўри одам» қаршисида бошимдан кечирган ваҳималарга отам қандай муносабатда бўлган бўлса, Худо бизнинг бўронларимизга ва ларзаларимизга шундай муносабатда бўлиши мумкинми? ≪Сўнг туриб, шамолга ва тўлқинларга дўқ урди. Шу ондаёқ чуқур сукунат чўкди≫ (Матто 8:26).

Исо Масиҳ қаттиқ титроқни буюк осойишталик билан бўйсундирди. Денгиз, худди музлаган кўл сингари сип-силлиқ бўлиб қолди, шогирдлар эса фақат ҳайрон эдилар ва дер эдилар: ≪… Бу ким бўлди экан–а? Ҳатто шамол ва тўлқинлар Унга бўйсунади–я! ≫ (Матто 8:27).

Аслида ким У? Бўрон даврини осойишталик даврига айлантирадиган!  Денгиз тўлқинини битта сўз билан жиловлайдиган! Жон бераётган одам ўз оиласига севгининг охирги аломатини кўрсатиши учун етарлича мардлик берадиган! Сен йўлга тушдинг, Ди. Сен ҳаётда ўз ларзаларинг улушини бошингдан кечирдинг. Аммо охирида таслим бўлмадинг. Бу ибодат – биз ҳам таслим бўлмаслигимиз учундир.


Книга на Узбекском языке: - Бесстрашные (Макс Лукадо)

Все мы чего-либо боимся, но Макс Лукадо спешит нас порадовать: от страха есть противоядие! В своей новой книге он призывает читателей задуматься над словами Христа, настойчиво призывавшего Своих учеников не бояться, и предлагает действенное духовное лекарство от страха



AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак