Юҳанно баён этган Муқаддас Хушхабар 1 bob

1 Азалда Калом бор эди. Калом Худо узурида эди, Калом – Худо эди.
2 Азалданоқ У Худо узурида эди.
3 Борлиқ У орқали бор бўлган, Усиз ҳеч нарса бор бўлган эмас. Неки бор бўлган бўлса, У орқали бор бўлган.
4 Унда ҳаёт бор эди, Ҳаёт инсонларнинг нури эди.
5 Нур зулматда порлайди, Зулмат эса нурни қоплай олмади.
6 Худо томонидан юборилган бир одам бор эди, унинг исми Яҳё эди.
7 У шоҳидлик қилгани, нур ҳақида шоҳидлик қилгани келган эди, токи ҳамма унинг шаҳодати орқали имон келтирсин.
8 Унинг ўзи нур эмас эди, у фақат нур ҳақида шаҳодат беришга юборилган эди.
9 Дунёга келаётган ҳамма одамзодни ёритувчи ҳақиқий нур бор эди.
10 Калом дунёда бор эди, Дунё У орқали бор бўлган эди, Бироқ дунё Уни танимади.
11 Ўзиникиларнинг ёнига келди У, Лекин Ўзиникилар Уни қабул қилмади.
12 Уни қабул қилганларга эса, Барча Унинг номига имон келтирганларга У Худонинг фарзанди бўлиш иқтидорини берди.
13 Улар на қондан, На тана хоҳишидан, На эр хоҳишидан, Балки Худодан туғилдилар.
14 Калом инсон қиёфасига кирди Ва биз аро маскан қилди. Биз эса Унинг улуғворлигини кўрдик; Отаси ҳузуридан келган, Марҳамат ва ҳақиқат ила тўлган Ягона Ўғилнинг улуғворлигини кўрдик.
15 Яҳё У ҳақда гувоҳлик берди ва овозини баланд қилиб деди: «Менинг кетимдан Келаётган бор, У мендан ҳам улуғ, чунки У мендан илгарироқ бор эди, деб айтганим Шунинг Ўзидир».
16 Унинг камолотидан биз ҳаммамиз Марҳамат устига марҳамат олдик.
17 Таврот Қонуни Мусо орқали берилган эди, Илоҳий марҳамат ва ҳақиқат эса Исо Масиҳ орқали зоҳир бўлди.
18 Ҳеч ким ҳеч қачон Худони кўрган эмас; Отасининг бағрида бўлган ягона Ўғил Ўзи Уни изҳор қилди.
19 Қуддусдаги яҳудийлар юборган руҳонийлар ва левитлар Яҳё пайғамбарнинг олдига бориб ундан: – Сен кимсан? – деб сўрадилар. Яҳё шаҳодат берди:
20 – Мен Масиҳ эмасман, – деб очиқ тан олди у, инкор этмади.
21 Яна ундан: – Бўлмаса Илёс пайғамбармисан? – деб сўрадилар. – Йўқ! – деди у. – Ўша пайғамбармисан? – деб савол бердилар. У яна: – Йўқ! – деб жавоб берди.
22 – Ахир, сен кимсан? Бизни юборганларга жавоб қилишимиз керак. Сен ўзинг ҳақингда нима дейсан? – деб сўрадилар.
23 – Мен, Ишаъё пайғамбарнинг айтганидай, «Худовандга йўл ҳозирланглар», деб саҳрода хитоб қилувчининг садосиман, – деди Яҳё.
24 Унинг олдига юборилганлар орасида фарзийлар ҳам бор эди.
25 Улар Яҳёдан: – Модомики сен Масиҳ ҳам, Илёс ҳам, ўша пайғамбар ҳам эмас экансан, нега халқни сувга чўмдириб, тавба қилдириб юрибсан? – деб сўрадилар.
26 Яҳё уларга жавоб берди: – Мен одамларни сувга чўмдиряпман, холос. Лекин орангизда сизлар танимайдиган Кимса турибди.
27 Менинг кетимдан келаётган [ва мендан илгари бор бўлган] Кимса бор, деб айтганим ана Ўшадир. Мен Унинг чориғи ипларини ечишга ҳам муносиб эмасман, – деди.
28 Бу ҳодисалар Яҳё одамларни тавба қилдириб юрган ерда, Ўрдун дарёсининг нарёғидаги Байтаварада содир бўлди.
29 Эртасига Яҳё Исонинг ўзига яқинлашаётганини кўриб, шундай деди: «Мана, дунёнинг гуноҳини Ўзига олувчи Худонинг қурбонлик Қўзиси!
30 Мен айтган эдим: Менинг кетимдан келаётган Зот бор, У мендан улуғ, чунки У мендан илгари ҳам бор эди. Бу – Ўшанинг Ўзидир.
31 Мен Уни билмас эдим, лекин Исроил Уни таниб олсин, деб мен одамларни сувга чўмдириб, тавба қилдиргани келдим».
32 Яҳё яна шундай шаҳодат берди: «Мен Илоҳий Руҳнинг осмондан каптардай учиб келиб, Ўшанинг устига қўнганини кўрдим.
33 Мен Уни билмас эдим. Лекин одамларни сувга чўмдиришга мени юборган Худонинг Ўзи: „Муқаддас Руҳ кимнинг устига тушиб қўнганини кўрсанг, билки, Муқаддас Руҳга Чўмдирувчи Ўшадир“, – деган эди менга.
34 Мен эса Уни кўрдиму, мана бу – Худонинг Ўғлидир, деб шаҳодат бердим».
35 Эртасига Яҳё яна иккита шогирди билан шу ерда турган эди.
36 У юриб келаётган Исога тикилиб қараб: – Мана Худонинг қурбонлик Қўзиси! – деди.
37 Иккала шогирд Яҳёнинг бу сўзларини эшитиб, Исонинг орқасидан эргашиб боришди.
38 Исо ўгирилиб қараб, уларнинг эргашиб келаётганини кўрди-да: – Сизларга нима керак? – деб сўради улардан. – Сен қаерда турасан, Раввий? – дейишди улар. («Раввий» устоз маъносидадир).
39 – Бориб кўринглар, – деди Исо. Улар бориб, Исонинг турар жойини кўришди. Ўша куни У билан қолишди. Соат тўртлар чамаси эди.
40 Яҳёдан Исо ҳақида эшитиб, Унинг орқасидан эргашганлардан бири Симун Бутруснинг укаси Идрис эди.
41 У дастлаб акаси Симунни топди-да, унга: – Биз Масиҳни топдик, – деди. (Масиҳ – «Худо юборган» демакдир.)
42 Идрис акасини Исонинг олдига олиб келди. Исо эса унга тикилиб: – Сен Юнус ўғли Симунсан-ку, сен Кифа (яъни Тош) деган ном оласан, – деди.
43 Эртаси куни Исо Жалилага бормоқчи бўлди. У Филипни топиб унга: – Орқамдан юр! – деди.
44 Филип Байтсайда шаҳридан, Идрис билан Бутруснинг ҳамшаҳари эди.
45 Филип кетди. У Натанъилни топиб, унга: – Биз Мусо ва бошқа пайғамбарлар Тавротда ёзган Юсуф ўғли носиралик Исони топдик, – деди.
46 – Носира шаҳридан бирон яхшилик чиқармикин? – деди Натанъил унга. – Бориб кўргин! – деди унга Филип.
47 Бундан сўнг Исо Натанъилнинг Ўзига яқинлашаётганини кўриб: – Қаранг, ҳеч ҳийлани билмайди, худди ҳақиқий исроиллик! – деди.
48 Натанъил Исодан сўради: – Сен мени қаердан танийсан? – Филип сени чақирмасидан олдин, сен анжир дарахтининг тагида эдинг. Мен сени ўша ерда кўрган эдим, – деб жавоб берди Исо.
49 Шунда Натанъил: – Устоз, Сен Худонинг Ўғлисан, Сен Исроилнинг Подшоҳисан! – деди.
50 Исо унга жавобан: – Мен сенга: Сени анжир дарахти тагида кўрдим, деганим учун ишоняпсан-да. Сен бундан ҳам буюк ишларни кўрасан! – деди.
51 Сўнг унга яна: – Сизларга ростини айтай: бундан кейин осмон очилиб, Инсон Ўғли олдига Худо фаришталари тушиб-чиқаётганини кўрасизлар, – деди.


Shu bobni eshitish:


Download (3.63 mb)

Shu bobni tarjimada ko’rish


Kitoblar




Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz