Коринфликларга биринчи мактуб 1 bob

1 Худонинг иродаси билан Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлишга чорланган мен, Павлус ила биродаримиз Состендан
2 Коринф шаҳридаги Худонинг жамоатига салом! Исо Масиҳ орқали муқаддас қилинган ва муқаддас бўлишга чорланган сизларга, шунингдек, ҳаммамизнинг Раббимиз бўлган Исо Масиҳнинг исмини ҳар ерда тилга олувчиларнинг ҳаммасига
3 Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳдан иноят ва тинчлик бўлсин.
4 Исо Масиҳ орқали сизларга берилган Худо инояти учун сиз ҳақингизда Худойимга тинмай шукроналар айтаман.
5 Масиҳнинг хабари орангизда кенг ўрин олмоқда.
6 У туфайли сизлар ҳар қандай каломда моҳир, билимда бой бўлдингизлар.
7 Раббимиз Исо Масиҳнинг кўкдан намоён бўлишини кутар экансизлар, Муқаддас Руҳнинг инъомидан ҳеч бир кам-кўстингиз йўқ.
8 Раббимиз Исо Масиҳ қайтадиган кунида қусурсиз бўлмоғингиз учун, У сизларни охиригача қўллаб-қувватлайди.
9 Сизларни Ўз Ўғли Раббимиз Исо Масиҳ билан мулоқотга чақирган Худо садоқатлидир.
10 Эй биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ номи билан сизлардан ёлвориб сўрайманки, ҳаммаларингиз ўзаро келишиб яшанглар. Ўзаро низоларга йўл қўймай, фикр-хаёлда тамомила якдил бўлинглар.
11 Зеро, биродарларим, сизларнинг орангизда жанжал борлигини Хлоиснинг хонадонидагилар менга хабар беришди.
12 Мен шуни назарда тутяпманки, орангизда: «Мен Павлус умматиман», «Мен Аполлос умматиман», «Мен Кифа умматиман», «Мен Масиҳ умматиман», деган гаплар юрар экан.
13 Ахир, Масиҳ бўлинганми? Ахир, сизлар учун Павлус хочга михландими? Наҳот сизлар Павлуснинг номи билан сувга чўмиб имон келтирдингизлар?
14 Худога шукурки, мен сизлардан Крисп ва Гайдан бошқа ҳеч кимни сувга чўмдириб имонга киритмадим.
15 Тағин ҳеч ким мени «Ўз номи билан имонга киритди», – демасин.
16 Ҳа, яна Стефаннинг уй аҳлини ҳам сувга чўмдириб имонга киритдим, бундан бошқа яна кимни чўмдирганимни билмайман.
17 Зотан Масиҳ мени чўмдиришга эмас, балки Инжил Хушхабарини тарғиб қилишга юборди. Сўзамоллик қилишга ҳам юбормади, токи Масиҳнинг хочи инкор этилмасин.
18 Хоч ҳақидаги хабар ҳалок бўлаётганлар учун тентакликдир. Лекин биз, нажот топаётганлар учун бу хабар Худонинг қудратидир.
19 Худди Тавротда Худо айтганидек: «Донишмандлар донолигин барбод қилурман, Барҳам бергайман оқиллар заковатин».
20 Доно қаерда? Олим қаерда? Бу дунёнинг нотиқи қаерда? Дунёнинг ҳикматини Худо ақлсизликка айлантиргани йўқми?!
21 Модомики дунё ўз ақл-заковати билан Худонинг муродию ҳикматини англаб етмаган экан, Худо тентакликдай туюлган хабарга ишонувчиларни қутқаришни лозим кўрди.
22 Яҳудийлар ажойиботлар пайида, юнонлар эса ҳикматга ҳайрондир.
23 Биз эса фақат хочга михланган Масиҳни тарғиб қилмоқдамиз. Бу яҳудийлар учун васваса, юнонлар учун телбаликдир.
24 Бироқ Худо чақирган яҳудийлару юнонлар учун Масиҳ Худонинг қудрати ва ҳикматидир.
25 Зеро Худонинг «ақлсизлиги» инсон донолигидан устундир, Худонинг «заифлиги» инсон қудратидан кучлироқдир.
26 Олган даъватингизга қаранглар, эй биродарлар! Сиз кимсизлар? Инсоний нуқтаи назардан доно бўлганингиз кўп эмас, қудратли бўлганингиз кўп эмас, олижаноб бўлганингиз ҳам кўп эмас.
27 Лекин Худо доноларни шарманда қилиш учун дунёдаги ақлсиз деб ҳисобланганларни танлади. Қудратлиларни шарманда қилиш учун У дунёдаги заиф дейилганларни танлади.
28 Худо эътиборли нарсалар арзимас бўлсин учун, бу дунёдаги эътиборсиз, камситилган ва аҳамиятсиз деб ҳисобланганларни танлади,
29 токи ҳеч бир башар Худо олдида мақтанмасин.
30 Худонинг Ўзи сизларга Исо Масиҳ уммати бўлишни ато қилди. Исо Масиҳ биз учун Худонинг ҳикмати бўлди, Масиҳнинг шарофати билан биз солиҳ, муқаддас, гуноҳдан фориғ бўлдик.
31 Шу йўсинда, «Мақтанаман деган Раббимиз билан мақтансин», деган оят ўз ўрнини топди.


Shu bobni eshitish:


Download (1.75 mb)

Shu bobni tarjimada ko’rish


Kitoblar




Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz