1 Худонинг Инжил Хушхабарини етказмоққа махсус сайланган ва ҳаворийликка чорланган Исо Масиҳнинг қули – Павлусдан салом.
2 Худо қадимданоқ ўз пайғамбарлари орқали муқаддас ёзувларда башорат қилганидек, ушбу Хушхабар Унинг Ўғли ҳақидадир.
3 Исо Масиҳ жисман Довуд зурриёти эса-да,
4 руҳан илоҳийлик касб этади. У қайтадан тирилиб, Худонинг Ўғли эканини қудратли равишда намоён қилди.
5 Шундай қилиб, Раббимиз Исо Масиҳ номидан барча халқларни имонга бўйсундирайлик, деб Худо Унинг исми ҳақи бизга иноят қилди ҳамда ҳаворийликни ато этди.
6 Исо Масиҳ даъват этган сизлар ҳам ўша халқлардансизлар.
7 Худо севган ва муқаддас бўлишга чақирган барча Римда яшовчиларга Отамиз Худодан ва Раббимиз Исо Масиҳдан иноят ва тинчлик бўлсин.
8 Энг аввало, имонингиз шуҳрати бутун дунёга таралаётганини кўриб, Исо Масиҳ шарофати ила барчангиз учун Худойимга шукр айтаман.
9 Худо менга шоҳиддирки, мен Унинг Ўғлининг Хушхабарини тарғиб этишда сидқидилдан хизмат қилибгина қолмасдан, узлуксиз ибодатларимда сизларни хотирлайдирман.
10 Худо хоҳласа, ниҳоят ёнингизга бориш насиб этсин, деб тоат-ибодатдаман.
11 Мустаҳкамланишингиз учун сизларга бирон руҳий инъом бахш этай, деб сизларни кўришни кўп орзу қиламан.
12 Яна тўғриси, кўришганимизда сизнинг ҳам, менинг ҳам имонимиз бир эканидан ўзаро жасорат топамиз, демоқчиман.
13 Эй биродарлар, бошқа халқларда бўлгани каби, сизларда ҳам мен туфайли бирор натижа бўлсин, деб кўп дафъа ёнингизга келишни ният этганим, лекин ҳозиргача қаршиликларга дуч келганимдан бехабар қолишингизни истамайман.
14 Мен юнонлару варварлар, олимлару жоҳиллар олдида қарздорман.
15 Шундай қилиб, Римдаги сизларга ҳам қўлимдан келганича, Инжил Хушхабарини етказишга тайёрман.
16 Ҳар ҳолда мен Инжилдан ор қилмайман. Аввало яҳудий, сўнг турли халқдан имон келтирган ҳар бир киши учун Инжил Худонинг халоскорлик қудратини етказувчи Хушхабардир.
17 Бу Хушхабарнинг мағзи шуки, Худо Ўзи гуноҳкорни оқлайди. Бу оқлаш эса фақатгина имон орқали содир бўлади. Тавротда ёзилганидек: «Имони билан оқланган киши ҳаёт бўлур».
18 Ноҳақлик қилиб ҳақиқатни оёқ ости қилаётган барча бетавфиқ ва фосиқ инсонларга кўкдан Худонинг ғазаби тўкилишга тайёр.
19 Худо ҳақида нимаики билиш мумкин бўлса, уларга равшандир; Худонинг Ўзи уларга зоҳир этган.
20 Унинг кўринмас хусусиятлари, яъни абадий қудрати ва илоҳиёти, Ўз ижод маҳсулию борлиқни яратганидан англашилади ва очиқ кўриниб туради. Шундай қилиб, уларнинг узрлари йўқ.
21 Чунки улар Худони идрок этганлари ҳолда, Уни Худо сифатида улуғламадилар ва Унга шукрона айтмадилар. Бунинг ўрнига бемаъни хаёлларга берилиб, уларнинг бефаросат диду дилига зулмат тушди.
22 Ўзларини ақлли билиб, ақлдан ноқис бўлиб қолдилар.
23 Мангу барҳаёт Худонинг улуғвор жамолини улар дунёдан ўткинчи инсон, қуш, чорва, судралувчи суратидаги бутларга алмаштирдилар.
24 Шунинг учун Худо уларни ўз юракларидаги чиркин эҳтирослари оғушида қолдирди. Улар бир-бирининг баданларида беҳаёлик қилиб, тубанлашиб кетдилар.
25 Худонинг ҳақиқатини ёлғон билан алмаштириб, Холиқ ўрнига махлуққа сиғиниб топиндилар. Холиқи оламга эса абадий шон-шарафлар бўлсин! Омин.
26 Шу сабабдан Худо уларни беҳаё эҳтиросларга топширди. Уларнинг хотинлари табиий алоқани ғайритабиий алоқа билан алмаштирдилар.
27 Шунга ўхшаб, эркаклар ҳам аёл билан табиий алоқани ташлаб, бир-бирига шаҳвоний муносабатни қизитдилар. Эркак билан эркак шармандагарчилик қилиб, бузуқликларига яраша жазони ўзларидан олдилар.
28 Худони тан олишни лозим кўрмаганлари учун, Худо уларни бузуқ фикрга, лозим бўлмаган ишларни қилишга гирифтор қилди.
29 Улар ҳар турли ҳақсизлик, зино, ёвузлик, тамагирлик ва гина-кудуратга тўлиб, ҳасадгўйлик, қотиллик, жанжалкашлик, фирибгарлик ва бадфеълликка муккасидан кетгандирлар.
30 Улар тили аччиқ, туҳматчи, худобезор, дилозор, кибрли, мағрур, бадният, ота-онага итоатсиз,
31 андишасиз, бевафо, илтифотсиз, муросасиз ва бераҳмдирлар.
32 Бундай ҳаракат қилувчилар ўлимга сазовор, деган Худонинг адолатли ҳукмини улар билган ҳолда, нафақат бу ишларни ўзлари қиладилар, балки бу ишларни қилувчиларни қўллаб-қувватлайдилар.