Инжил

Юҳаннога Кўрсатилган Ваҳий

1. Бу китоб Исо Масиҳнинг ваҳийсидир. Худо тез орада юз бериши муқаррар бўлган ҳодисотни Ўз қулларига кўрсатиши учун Исо Масиҳга ушбу ваҳийни берди. У эса фариштасини юбориб, қули Юҳаннога буни билдирди.
2. Юҳанно Худонинг каломи ва Исо Масиҳнинг шаҳодати, яъни кўрган нарсаларининг ҳаммаси ҳақида гувоҳлик берди.
3. Бу башоратни ўқиётган ва тинглаётганлар ҳамда бу ёзилганларга амал қилувчилар бахтиёрдир. Чунки вақт яқин.
4. Мен, Юҳанно, Асия вилоятидаги етти Масиҳ жамоатига ёзяпман: ҳозир бор, азалдан бор бўлган, келажакда бор бўлғуси Худодан, Унинг тахти олдида турган етти Руҳдан,
5. шунингдек, ўликлар ичидан биринчи бўлиб тирилган, ер юзи подшоҳларининг Шоҳаншоҳи бўлган ишончли шоҳид – Исо Масиҳдан сизларга иноят ва тинчлик бўлсин. Исо Масиҳ бизни кўп севди. У Ўз қонини тўкиб, бизни гуноҳларимиздан фориғ қилди.
6. У бизни шоҳлар қилди, Отаси Худо учун руҳонийлар ҳам қилди. Абадий шон-шараф, мангу салтанат Унга хосдир. Омин.
7. Мана, У булутлар билан келяпти! Ҳар бир кўз Уни кўради, Унинг баданини тешганлар ҳам кўради. Дунёнинг жамики қабилалари У туфайли фиғон чекади. Ҳа, шундай бўлгай! Омин.
8. «Мен – Ибтидо ва Интиҳодирман», – дейди Худойи Таоло, Ҳозир бор, азалдан бор бўлган, Келажакда бор бўлғуси Сарвари коинот.
9. Мен – Исо Масиҳнинг қайғу-ҳасрати, салтанати ва сабр-қаноатига сизлар билан шерик бўлган биродарингиз Юҳанноман. Худонинг каломи туфайли ва Исо Масиҳ учун шоҳидлик берганим сабабли Патмос оролига сургун қилинган эдим.
10. Раббимиз Исонинг тирилиши қутланадиган кунда мен Илоҳий Руҳнинг таъсирида қолдим. Бирданига орқамдан карнай овозига ўхшаш кучли бир нидо эшитдим: «[Мен Ибтидо ва Интиҳо, Аввалию Охиридирман.]
11. Кўрганларингни китобга ёзиб бор ва Асиядаги етти жамоатга – Эфес, Измир, Пергам, Тиятира, Сардис, Филаделфия ва Лаодикия шаҳарларидаги жамоатларга юбор».
12. Мен билан гаплашаётган Кимсани кўриш учун ўгирилдим. Шунда етти олтин шамдонни кўрдим.
13. Шамдонлар ўртасида бўйи баравар узун ридо кийган ва кўксига олтин камар боғлаган Инсон Ўғлига ўхшаш бир Кимса кўринди.
14. Унинг боши, сочлари бамисли оқ юнг, қордек оппоқ, кўзлари эса оташ алангасидек чақнарди.
15. Унинг оёқлари кўрада қиздирилган ялтироқ мисга ўхшарди, овози кўп сувларнинг шов-шувини эслатарди.
16. Ўнг қўлида етти юлдузни тутиб турар, оғзидан ўткир дудама қилич чиқазиб турар эди. Унинг юзи куннинг қизиғида балқийдиган қуёшдай балқиб турарди.
17. Уни кўришим биланоқ, Унинг оёқлари остига жонсиз каби йиқилдим. У эса ўнг қўлини устимга қўйиб, шундай деди: «Қўрқма! Мен Аввалию Охиридирман.
18. Тирикман. Ўлган эдим ва мана, абадулабад тирикман. Омин. Ўлим ва тамуғ очқичлари Мендадир.
19. Шундай қилиб, нималар кўрдинг, нималар бўляпти, бундан сўнг нималар юз беради, ҳаммасини ёзиб бор.
20. Ўнг қўлимда сен кўрган етти юлдуз ва етти олтин шамдон сирига келсак, етти юлдуз – етти жамоатнинг фаришталари, етти шамдон эса – етти жамоатдир».
1. «Эфесдаги жамоатнинг фариштасига ёз: Етти юлдузни ўнг қўлида Тутгувчи, еттита олтин шамдон орасида Юрувчи шундай дейди:
2. Сенинг ишларинг, меҳнатинг, сабр-тоқатингни биламан, бузуқ одамларни кўтара олмаслигингни ҳам биламан. Ҳаворий бўлмаган ҳолда ўзларини ҳаворий деб айтганларни синадинг ва ёлғонини фош қилдинг.
3. Ҳа, сабр-тоқатинг бор. Менинг номим учун кўпни бошдан кечирдинг ва чарчамадинг.
4. Бироқ сенга бир эътирозим борки, сен илк муҳаббатингдан айнидинг.
5. Энди қаердан тушганингни эсла! Тавба қил ва аввалги ишларингни қилиб юр. Акс ҳолда, тавба қилмасанг, қўққисдан сенинг ёнингга келиб, шамдонингни жойидан силжитиб юбораман.
6. Лекин сендаги яхши фазилат шуки, сен николайчиларнинг ишларидан нафратланасан. Мен ҳам улардан нафратланаман.
7. Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини қулоғи бор киши эшитсин. Ғолибга Худонинг жаннатидаги ҳаёт дарахти мевасидан ейишни эҳсон этаман».
8. «Измирдаги жамоатнинг фариштасига ёз: Ўлган бўлиб, тирилиб Келган, Биринчи ва Охирги шундай дейди:
9. Сенинг [ишларинг,] қайғуларинг, камбағаллигингни биламан. Аммо ҳолбуки, сен бойсан! Ўзларини яҳудий деганларнинг ҳақоратларини ҳам биламан. Улар яҳудий эмас, балки шайтон йиғинидирлар.
10. Бошга тушадиган азоб-уқубатлардан ҳеч қўрқма. Мана, иблис сизларни синаш учун орангиздан баъзиларни олиб зиндонга ташлайди, ўн кунгача азоб чекасизлар. Ўлимгача содиқ қол, шунда Мен сенга ҳаёт тожини бераман.
11. Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини қулоғи бор киши эшитсин. Ғолиб келган иккинчи ўлимдан ҳеч бир зарар кўрмайди».
12. «Пергамдаги жамоатнинг фариштасига ёз: Ўткир дудама қилич Соҳиби шундай дейди:
13. [Сенинг ишларингни биламан.] Шайтоннинг тахти бўлган жойда яшаётганингни биламан. Менинг номимга ихлос қўйдинг. Ҳатто орангиздаги содиқ шоҳидим Антипа шайтон ўтирган ерда шаҳид бўлган кунларда ҳам сен Менга бўлган имонингдан қайтмадинг.
14. Лекин сенга бир оз эътирозим бор: орангизда Балъом таълимотини тутувчилар бор. Балъом Исроил ўғилларини йўлдан уриш учун Болоқни ташвиқ қилган эди, Болоқ эса уларни бутга қурбон қилинган гўшт ейишга ва зинокорлик қилишга унатди.
15. Шунингдек, сенинг ичингда николайчилар таълимотини тутувчилар ҳам бор.
16. Энди тавба қил! Акс ҳолда мен зудлик билан олдингга бориб, Ўз оғзимдаги қилич билан ўша гуноҳкорларга қарши жанг қиламан.
17. Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини қулоғи бор киши эшитсин. Ғолибга сирли манна ва бир оқ тош бераман. Бу тошнинг устига янги бир исм ёзилганки, уни тошни олган кишидан бошқа ҳеч ким билмайди».
18. «Тиятирадаги жамоатнинг фариштасига ёз: Кўзлари оташ алангасидай чақноқ ва оёқлари ялтироқ мисдай порлоқ Худонинг Ўғли шундай дейди:
19. Сенинг ишларинг, севгинг, имонинг, фидойилигинг ва сабрингни биламан. Охирги ишларинг аввалгисидан кўпроқ эканини ҳам биламан.
20. Лекин сенга бир эътирозим бор: Изавел деган хотинга йўл қўйибсан. У ўзини пайғамбар деб, қулларимга зинокорлик этишни ва бутга қурбон қилинган нарсани ейишни тарғиб қилиб, уларни тўғри йўлдан оздирмоқда.
21. Тавба қилиши учун унга муҳлат бердим, аммо у зинокорлигидан тавба қилмоқчи эмас.
22. Мана, Мен уни хасталик тўшагига ётқизаман. У билан бирга зино қилганларни ҳам, бордию қилмишларидан тавба қилмасалар, буюк кулфатга дучор қиламан.
23. Унинг фарзандларига ўлим уруғини ёғдираман. Шунда бутун жамоатлар Мен кўнгил ва қалбларни синаб кўргувчи эканимни билиб оладилар. Орангиздаги ҳар бир кишини ўз қилмишига яраша тақдирлайман.
24. Тиятирада қолган ва бу таълимотга эргашмаган, гўё „шайтоннинг теранликлари“ дейилган сирларга бош суқмаган бошқаларнинг ҳаммасига айтаман: сизларга бошқа оғирлик солмайман.
25. Фақат Мен келгунимга қадар, сизда бор бўлганни қаттиқ ушланглар.
26. Ғолиб келган ва охиригача Менинг ишларимга эргашганга халқлар устидан ҳукмронлик қилишни ато этаман.
27. Бу иқтидорни Менга Отам ато қилган, Мен эса уни шогирдимга ато этаман. У темир таёқ ила халқларга чўпонлик қилади, улар эса сопол идиш сингари синиб кетади.
28. Унга тонг юлдузини ҳам ато қиламан.
29. Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини қулоғи бор киши эшитсин».
1. «Сардисдаги жамоатнинг фариштасига ёз: Худонинг етти Руҳига ва етти юлдузга Молик шундай дейди: Сенинг ишларингни биламан. Сенинг гўё тирик деган номинг бор, аммо ўликсан.
2. Бедор бўл! Ўлишга юз тутмаган ниманг қолган бўлса, тузатиб қўй. Сенинг ишларинг Худойим олдида тугал эмаслигини аниқладим.
3. Нима эшитган ва қабул қилган бўлсанг, эслаб амалга ошир ва тавба қил. Агар бедор бўлмасанг, Мен ўғридай босиб келаман, сен эса қайси соатда сени босиб олишимни билмайсан.
4. Бироқ Сардисда ўз кийимларини булғатмаган бир неча одамларинг бор. Улар Мен билан бирга оқ кийимда юрадилар, улар бунга лойиқдир.
5. Кимки ғолиб келса, шундай оқ кийим кияди. Мен унинг номини ҳаёт китобидан ўчирмайман, Отам Худо ва Унинг фаришталари олдида унинг номини тан оламан.
6. Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини қулоғи бор киши эшитсин».
7. «Филаделфиядаги жамоатнинг фариштасига ёз: Муқаддас ва Ҳақ, Довуднинг калитига Молик, очганини ҳеч ким бекита олмайдиган, бекитганини эса ҳеч ким оча олмайдиган Зот шундай дейди:
8. Сенинг ишларингни биламан. Мана, олдингдаги эшикни очдим, уни ҳеч ким бекита олмайди. Сенда куч кўп эмас, аммо Менинг сўзимни сақладинг, номимни инкор этмадинг.
9. Мана, шайтон йиғинидан бўлганларни Мен нима қиларканман? Улар ўзларини ёлғондан яҳудий дейдилар, аммо яҳудий эмаслар. Мен уларни шундай кўйга соламанки, келиб сенинг оёғингга сажда қиладилар, Мен сени нақадар севганимни билиб оладилар.
10. Сен Менинг сабр қилиш ҳақидаги амримни бажо келтирдинг, шунинг учун Мен ер юзи бўйлаб яшовчиларни синаш учун юбориладиган васваса соатидан сени асрайман.
11. Мен тезда келаман. Қўлингда ниманг бўлса, маҳкам тут, зинҳор бирор кимса тожингни тортиб олмасин.
12. Ғолибни Мен Худойимнинг маъбадида устун қиламан, у бошқа у ердан чиқмайди. Унинг пешанасига Худойимнинг номини, шунингдек, Худойим олдидан, осмондан тушадиган Худойимнинг шаҳри – янги Қуддуснинг номини ва Ўзимнинг янги номимни ҳам ёзаман.
13. Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини қулоғи бор киши эшитсин».
14. «Лаодикиядаги жамоатнинг фариштасига ёз: Омин, ишончли ва ҳақиқий Шоҳид, Худо яратганларининг Бошлиғи шундай дейди:
15. Сенинг ишларингни биламан, сен на совуқ ва на иссиқсан. О, қани эди ё совуқ, ё иссиқ бўлсанг!
16. Сен иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас, балки илиқ бўлганинг учун сени оғзимдан чиқариб юбораман.
17. Сен: „Бойман, бойиб кетдим, ҳеч нарсадан кам-кўстим йўқ“, – дейсан-у, аммо аянчли, ачинарли, қашшоқ, кўр ва яланғоч эканлигингни билмайсан!
18. Сенга маслаҳат бераман: бойишинг учун Мендан ўтда тобланган олтин, яланғочлик айбинг кўринмаслиги учун оқ кийим, кўришинг учун кўзга суртадиган малҳам сотиб ол.
19. Мен кимни севсам, унинг гуноҳини фош қиламан ва адабини бераман. Шундай экан, ғайратга кел ва тавба қил.
20. Мана, Мен эшик олдида туриб, тақиллатяпман. Кимда-ким овозимни эшитиб эшикни очса, Мен унинг ёнига кираман; Мен у билан, у Мен билан кечки овқатни баҳам кўрамиз.
21. Ғолибга Ўзим билан бирга тахтимда ўтиришни ато этаман. Чунки Мен ҳам ғолиб келиб, Отам билан бирга Унинг тахтида ўтирдим.
22. Руҳнинг жамоатларга айтаётган гапларини қулоғи бор киши эшитсин».
1. Шундан кейин бир қараган эдим, осмонда ланг очиқ бир эшикни кўрдим. Илгари мен билан гаплашган карнай садосига ўхшаш ўша овоз яна эшитилди: «Бу ёққа чиқ, бундан кейин нима юз беришини сенга кўрсатаман».
2. Шу пайт мен Илоҳий Руҳнинг таъсирида қолдим. Бир қарасам, осмонда бир тахт – Арши Аъло турар, унда бир Сиймо ўтирар эди.
3. Ўтирган Сиймо олмос ва лаълга ўхшаш ялтироқ эди. Арши Аъло атрофида зумраднамо камалак бор эди.
4. Теваракда яна йигирма тўртта тахт турар, бу тахтларда бошларида олтин тож ва оқ кийим кийган йигирма тўрт нафар оқсоқол ўтирар эди.
5. Арши Аълодан чақмоқ чақиб, момақалдироқнинг гулдираган овози келарди. Арши Аъло олдида Худонинг етти Руҳи бўлган еттита машъал ёниб турарди.
6. Арши Аълонинг олд қисмида ойнага ўхшаган, биллурдай денгиз бор эди. Арши Аълонинг ўрта қисми ва атрофларида тўртта жондор турар эди, уларнинг олди ва орқаси кўзлар билан қопланган эди.
7. Биринчи жондор арслонга, иккинчиси бузоққа ўхшар эди, учинчи жондорнинг юзи одамсимон, тўртинчиси эса учаётган бургутга ўхшар эди.
8. Бу тўрт жондорнинг ҳар бирининг олтита қаноти бор эди. Улар ичин-ташин, ҳар тарафлама кўзлар билан қопланган эди. Кечасию кундузи улар тинмай шу сўзларни такрорлайди: «Азалдан бор бўлган, ҳозир бор, Келажакда ҳам бор бўлғуси Сарвари коинот, Тангри Таоло Муқаддас, муқаддас, муқаддасдир!»
9. Жондорлар Арши Аълода ўтирган, то абад барҳаёт Сиймога иззат-икром ва шукроналар қилиши билан,
10. йигирма тўрт нафар оқсоқол тахтдаги то абад барҳаёт Сиймо олдида ерга ясланиб, сажда қилиб, тожларини тахт олдига ташлаб, шундай дейдилар:
11. «Ё Раббимиз, ё Худойимиз! Сен шон-шуҳрат, иззат-икром, Куч-қудратни эгаллашга лойиқсан. Зеро Сен бутун борлиқни яратдинг, Ҳамма нарса Сенинг ироданг ила вужудга келди».
1. Арши Аълода ўтирган Сиймонинг ўнг қўлида ичи ҳам, таши ҳам ёзувдан иборат, еттита муҳр билан муҳрланган бир китоб кўрдим.
2. Кучли бир фаришта баланд овоз билан: «Китобни очишга ва унинг муҳрларини ечишга ким лойиқ?» – дея эълон қилаётганини кўрдим.
3. Бироқ на осмонда, на ер юзида, на ер остида китобни оча оладиган ёки ичига назар сола оладиган бирор кимса йўқ эди.
4. Китобни очиб ўқишга ёки ҳатто ичига назар солишга ҳам лойиқ бирор кимса топилмаганлигидан, мен кўп йиғладим.
5. Шунда оқсоқоллардан бири менга: «Йиғлама! – деди. – Мана, Яҳудо қабиласидан бўлган Арслон, Довуд зотидан бўлган Ғолиб китобни очиб, етти муҳрни ечишга қодир».
6. Тўрт жондор ва оқсоқоллар қуршаб олган Арши Аълонинг ўртасида бўғизланган каби бир Қўзи турганини кўрдим. Қўзининг етти шохи ва етти кўзи бор эди; булар Худонинг ер юзига юборган етти Руҳидир.
7. Қўзи келиб, Арши Аълода ўтирган Сиймонинг ўнг қўлидан китобни олди.
8. У китобни олганда, тўрт жондор ва йигирма тўрт оқсоқол Қўзининг олдида ерга юз тубан йиқилишди. Ҳар бирининг қўлида бир чанг ва хушбўй тутатқиларга тўла олтин косалар бор эди. Хушбўй тутатқилар – азизларнинг дуою ибодатлари демакдир.
9. Улар қуйидагича янги қўшиқ айтишар эди: «Сен китобни олишга, Унинг муҳрларини ечишга лойиқсан! Чунки Сен бўғизланган эдинг, Ўз қонинг эвазига ҳар бир қабила, тил, халқ ва миллатдан Худо учун одамларни қўлга киритдинг.
10. Бизни Худойимизга шоҳлар ва руҳонийлар қилдинг, Бизлар ер юзида ҳукм суражакмиз».
11. Кейин Арши Аъло, жондорлар ва оқсоқолларнинг атрофида кўп фаришталарни кўрдим, уларнинг овозларини эшитдим. Уларнинг саноғига етиб бўлмас, минг-минглаб, лак-лак эдилар.
12. Улар баланд овоз билан дердилар: «Бўғизланган Қўзи куч-қудрат, бойлик, Донишмандлик, салтанат, шуҳрату шавкат, Ҳамду саноларга сазовордир!»
13. Кўкдаю ердаги, ер остидаги, денгиз юзидаги ва ичидаги ҳар бир махлуқот, ҳар бир мавжудотнинг шундай деганини эшитдим: «Арши аълода ўтирган Худо ва Қўзи Абадулабад ҳамду санолар, шон-шуҳратлар, Иззат-икром ва салтанатга сазовордир!»
14. Тўрт жондор: «Омин!» – дедилар. Йигирма тўрт оқсоқол эса юз тубан йиқилиб, [илалабад барҳаёт Бўлганга] сажда қилдилар.
1. Кейин мен Қўзининг етти муҳрдан бирини бузганини кўрдим. Ўша пайтда тўрт жондордан бири момақалдироққа ўхшаш овоз билан: «Чиқиб қарагин!» – деганини эшитдим.
2. Мен бир қарасам, бир оқ отни, устида камалаги бор суворини кўрдим. Унга бир тож берилди. У ғолибларча йўлга отланди, яна ғалаба қозонишга чиқди.
3. Қўзи иккинчи муҳрни бузганда, иккинчи жондор: «Чиқиб қарагин!» – деганини эшитдим.
4. Шу пайт бошқа жийрон от чиқиб қолди. Отлиққа катта қилич – инсонлар бир-бирини золимларча ўлдириши учун дунёдан тинчликни олиш қудрати берилди.
5. Қўзи учинчи муҳрни бузганда, учинчи жондор: «Чиқиб қарагин!» – деганини эшитдим. Бир қарасам, қора бир от чиқаётганини кўрдим. Отлиқнинг қўлида тарози бор эди.
6. Мен тўрт жондорнинг орасидан шундай бир овоз эшитгандай бўлдим: «Бир тоғора буғдой бир кумуш тангага, уч тоғора арпа бир кумуш тангага. Аммо зайтун ёғи ва шаробга зарар етказма!»
7. Қўзи тўртинчи муҳрни бузганда, «Чиқиб қарагин!» деган тўртинчи жондорнинг овозини эшитдим.
8. Бир қарасам, бир саман от чиқаётган экан. Отга минган суворининг номи Ўлим эди. Тамуғ унинг кетидан келаётган эди. Уларга қилич билан, қаҳатчилик ва ўлат билан, ернинг ваҳший ҳайвонлари билан одамларни қириш учун ернинг тўртдан бир қисми устидан ҳокимлик берилди.
9. Қўзи бешинчи муҳрни бузганда, Худонинг каломи ва берган шаҳодатлари туфайли шаҳид бўлганларнинг жонларини қурбонгоҳ поясида кўрдим.
10. Баланд овоз билан фарёд қилиб шундай дердилар: «Эй муқаддас ва ҳаққоний Ҳукмдор, қачонгача ҳукм этмай ва дунёда яшаётганлардан қонимизнинг интиқомини олмай турасан?»
11. Уларнинг ҳар бирига оқ либос берилди. Ўзлари каби ўлдириладиган ҳамкор ва биродарлари сони тўлмагунга қадар, қисқа бир муддат тинч қолишлари уларга айтилди.
12. Қўзи олтинчи муҳрни бузганда, қарасам, буюк зилзила бўлаётганини кўрдим. Қуёш худди қора хирқага буркангандек қоронғилашди, ой эса лахта қонга айланди.
13. Кучли шамол анжир дарахтини силкитганда хом анжирлар ерга қандай тўкилса, осмондаги юлдузлар ҳам худди шундай ер юзига тўкилди.
14. Осмон дафтардай ўралиб, йўқолиб кетди. Ҳар бир тоғ ва орол жойидан силжиди.
15. Дунёнинг шоҳларию мансабдорлари, бойлари, мингбошилари, зўравонлари, эркину тутқинлар – бари ғорларга ва тоғларнинг қоялари орасига яшириндилар.
16. Улар тоғу қояларга: «Устимизга қуланг, тахтда ўтирган Сиймодан ва Қўзининг ғазабидан бизни асранг!
17. Унинг буюк қаҳр-ғазаб куни келди-ку! Унга ким бардош бера олади?!» – деб ёлворар эдилар.
1. Шундан кейин ер юзининг тўрт бурчагида турган тўрт нафар фариштани кўрдим. Ел эсиб, ерга ҳам, денгизга ҳам, бирон дарахтга ҳам тегмасин деб, улар ер юзининг тўрт шамолини ушлаб турар эдилар.
2. Сўнгра мен барҳаёт Худонинг муҳрини ушлаб турган, кунчиқардан чиқаётган бошқа бир фариштани кўрдим. У ерга ва денгизга зарар етказиш учун қудрат олган тўртта фариштага баланд овоз билан хитоб қилди:
3. «Худойимизнинг қуллари пешаналарига муҳр босмагунимизча, на ерга, на денгизга, на дарахтларга бирон зарар етказманглар!»
4. Мен муҳрланган кишиларнинг сонини эшитдим. Бани Исроил қабилаларининг барчасидан юз қирқ тўрт минг киши муҳрланган эди:
5. Яҳудо қабиласидан ўн икки минг киши муҳрланган эди. Рубен қабиласидан ўн икки минг, Гад қабиласидан ўн икки минг,
6. Ошер қабиласидан ўн икки минг, Нафтоли қабиласидан ўн икки минг, Манаше қабиласидан ўн икки минг,
7. Шимъўн қабиласидан ўн икки минг, Левий қабиласидан ўн икки минг, Иссохор қабиласидан ўн икки минг,
8. Завулун қабиласидан ўн икки минг, Юсуф қабиласидан ўн икки минг, Бенямин қабиласидан ўн икки минг киши муҳрланган эди.
9. Шундан кейин қарасам, ҳар хил миллатдан, барча қабилалар, халқлар ва тиллардан бўлган, унинг ҳисобига етиб бўлмайдиган даражада улкан бир оломон Арши Аъло олдида, Қўзининг ҳузурида турарди. Ҳаммаси оқ либос кийиб, қўлларида хурмо новдасини тутар эдилар.
10. Улар баланд овоз билан: «Нажоткорлик тахтда ўтирган Худойимизга ва Қўзига хосдир!» – деб хитоб қилишар эди.
11. Ҳамма фаришталар тахт, оқсоқоллар ва тўрт жондорнинг атрофида турар эдилар. Тахтнинг олдида ўзларини юз тубан ерга ташлаб, Худога сажда қилиб, бундай айтишар эди:
12. «Омин! Ҳамду санолар, шон-шуҳрат, донишмандлик, Шукронаю шарафлар, қудрат ва салтанат Абадулабад бизнинг Худойимизга хосдир! Омин».
13. Оқсоқоллардан бири гап бошлаб мендан сўради: – Оқ либос кийган бу одамлар ким, улар қаердан келганлар?
14. – Эй тақсир, буни сиз биласиз, – дедим мен. У менга шундай айтди: – Булар буюк қайғудан ўтиб чиққанлар. Либосларини ювиб, Қўзининг қони билан оқартирганлар.
15. Шунинг учун улар Худонинг тахти олдида турадилар ва Унинг маъбадида кеча-кундуз хизмат қиладилар. Тахтда Ўтирган эса чодирини уларнинг устига қуради.
16. Улар бошқа оч қолмайдилар ҳам, чанқамайдилар ҳам. Энди на қуёш, на бирон-бир жазирама уларни қизитмайди.
17. Чунки тахт ўртасидаги Қўзи уларни боқади, оби ҳаёт булоқларига олиб боради. Худо уларнинг кўз ёшларини бутунлай артиб юборади.
1. Қўзи еттинчи муҳрни бузганда, осмон ярим соатча сукунатда қолди.
2. Мен Худонинг ҳузурида турган етти фариштани кўрдим. Уларга еттита карнай берилди.
3. Бошқа бир фаришта келиб, қурбонгоҳнинг олдида турди. Унинг қўлида хушбўй тутатқилар тутатишга мосланган олтин идиш бор эди. Арши Аъло олдидаги олтин қурбонгоҳ устида бағишласин деб, барча азизларнинг ибодатлари билан қориштириш учун унга кўп хушбўй тутатқилар берилди.
4. Азизларнинг ибодатлари билан тутатқиларнинг тутуни фариштанинг қўлидан Худонинг олдига кўтарилди.
5. Фаришта тутатқи тутатаётган идишни олди-ю, уни қурбонгоҳдаги оташ билан тўлдириб, ер юзига улоқтириб юборди. Ўшанда гулдурос садолари янграб, яшинлар чақнаб, зилзила бошланди.
6. Кейин қўлларида етти карнай тутган етти фаришта карнай чалишга чоғландилар.
7. Биринчи фаришта карнай чалди. Қон аралаш дўл ва оташ пайдо бўлди ва ер юзига ёғдирилди. Ернинг учдан бири, дарахтларнинг учдан бири ва бутун ўт-ўланлар ёниб кетди.
8. Иккинчи фаришта карнай чалди. Худди ловуллаб ёнаётган катта тоғ денгизнинг ичига отилгандай бўлди ва денгизнинг учдан бири қонга айланди.
9. Денгиздаги жонли махлуқларнинг учдан бир қисми ўлди ва кемаларнинг учдан бир қисми нобуд бўлди.
10. Учинчи фаришта карнай чалди. Осмондан машъал бўлиб ёнаётган улкан бир юлдуз дарёларнинг учдан бирига, шунингдек, сув булоқларига тушди.
11. Бу юлдузнинг оти Эрман эди. Сувларнинг учдан бир қисми эрманга айланди, шундай тахирлашиб кетган сувдан ичиб кўп одамлар ўлди.
12. Тўртинчи фаришта карнай чалди. Қуёшнинг учдан бири, ойнинг учдан бири ва юлдузларнинг учдан бири зарарланди. Натижада уларнинг учдан бир қисми қоронғилашди, кундузнинг ҳам, туннинг ҳам учдан бир қисми ёруғсиз қолди.
13. Кейин қарасам, осмоннинг ўртасида учиб бораётган бир бургут баланд овоз билан шундай деганини эшитдим: «Карнайларини чаладиган бошқа учта фариштанинг карнай садосидан ер юзида яшаётганларнинг ҳолига вой, вой, вой!»
1. Бешинчи фаришта карнай чалди. Осмондан ерга тушган бир юлдузни кўрдим. Унга тубсизлик қаърининг калити берилган эди.
2. У тубсизлик қаърининг қулфини очди. Тубсизлик қаъридан катта ўчоқдан ўрлаётган дудга ўхшаш тутунлар чиқди. Тубсизлик қаъридан ўрлаётган тутундан қуёш ва ҳаво қоронғилашиб кетди.
3. Тутундан чигирткалар чиқиб, ер юзига тарқалди. Уларга ер юзидаги чаёнларнинг кучига ўхшаш бир куч берилган эди.
4. Чигирткаларга ер юзидаги ўт-ўланларга ҳам, биронта кўкаламзор ёки дарахтга ҳам тегманглар, фақат пешаналарида Худонинг муҳри бўлмаган одамларгагина зарар етказинглар, деб буюрилди.
5. Чигирткаларга одамларни ўлдиришга эмас, фақат уларга беш ой азоб беришга рухсат этилди. Улар берган азоб эса чаён инсонни чаққандаги азобдай эди.
6. Бу ҳодиса содир бўладиган кунларда инсонлар ўлимни излайдилар, аммо уни топа олмайдилар. Ўлимни истаб қоладилар, аммо ўлим улардан қочади.
7. Чигирткаларнинг кўриниши жангга шайланган отларга ўхшар эди. Уларнинг бошида олтин тожга ўхшаш буюмлар бор, юзлари эса одамсимон эди.
8. Сочлари аёллар сочига, тишлари эса арслон тишига ўхшар эди.
9. Кўкраклари худди темир зирҳдай, қанотларининг товуши эса урушга елиб бораётган тумонат отлару жанг араваларининг товушини эслатар эди.
10. Чаёнларга ўхшаш думлари ва нишлари бор эди. Инсонларга беш ой зарар етказиш учун олган қудратлари ўша думларида эди.
11. Уларнинг устида тубсизлик қаърининг фариштаси ҳукмронлик қилади. Бу фариштанинг оти яҳудийча Абаддўн, юнонча Аполлион демакдир.
12. Биринчи «вой» ўтди, мана бундан кейин яна иккита «вой» бор.
13. Олтинчи фаришта карнай чалди. Худо ҳузуридаги олтин қурбонгоҳнинг тўртта шохи томондан бир овоз эшитдим.
14. Бу овоз қўлида карнай бўлган олтинчи фариштага: «Буюк Фрот дарёси бўйида боғлаб қўйилган тўрт фариштани ечиб юбор!» – деди.
15. Инсонларнинг учдан бирини ўлдирсин деб, ўша соат, ўша кун, ўша ой ва ўша йил учун ҳозир турган тўртта фаришта бўшатиб юборилди.
16. Отлиқ қўшинлар сони икки юз миллион эди, мен уларнинг сонини эшитдим.
17. Мен ваҳийда отлар билан сувориларни бундай ҳолатда кўрдим: уларнинг олов, ложувард ва олтингугурт рангли зирҳлари бор эди. Отларнинг боши арслон бошига ўхшар, оғизларидан олов, тутун ва олтингугурт чиқиб турар эди.
18. Инсониятнинг учдан бири бу уч балодан – отлар оғзидан чиқаётган олов, тутун ва олтингугуртдан ўлди.
19. Чунки отларнинг кучи оғзи ва думларидадир. Думларида илонга ўхшаган бошлари бор, бу бошлари билан зарар етказадилар.
20. Бу балолардан омон қолган инсонлар эса ўз қилмишларидан тавба қилмадилар. Жинларга бош эгишдан, кўролмайдиган, эшитолмайдиган, юролмайдиган олтин, кумуш, мис, тош ва ёғоч бутларга сажда қилишдан воз кечмадилар.
21. Ўзларининг қотиллик, жодугарлик, зинокорлик ва ўғриликларидан ҳам тавба қилмадилар.
1. Мен осмондан тушаётган, булутга бурканган кучли бошқа бир фариштани ҳам кўрдим. Унинг боши узра камалак бор эди. Юзи қуёшдай ялтирар, оёқлари олов устунларидай ловуллаб турар эди.
2. Унинг қўлида очилган бир китобча бор эди. У ўнг оёғини денгиз устига, чап оёғини эса ер юзига қўйганича,
3. арслон бўкиргандай кучли овоз билан ҳайқирди. У ҳайқирган маҳалда еттита момақалдироқ ҳам ўз товушлари билан гапга кирди.
4. Еттита момақалдироқ ўзича гапира бошлаганда, мен ёзмоқчи бўлдим. Лекин осмондан: – Еттита момақалдироқнинг гапларини ёзма, муҳрлаб сир сақла! – деган товуш эшитдим.
5. Денгиз ва ер юзида турган, мен кўрган фаришта ўнг қўлини осмонга кўтарди.
6. Осмон ва ундаги борлиқни, ер ва устидаги борлиқни, денгиз ва ичидаги борлиқни яратган, абадулабад барҳаёт бўлган Парвардигор ҳақи қасам ичиб, фаришта деди: – Энди муҳлат узаймайди.
7. Мана, еттинчи фаришта карнай чалиб овоз берадиган кунларда, Худо Ўз қуллари – пайғамбарларга маълум қилган Ўзининг сирли мурод-мақсадини буткул амалга оширгай.
8. Осмондан эшитилган овоз менга яна гапириб: – Бор, денгиз ва ер устида турган фариштанинг қўлидаги очиқ китобчани ол, – деди.
9. Мен фариштанинг ёнига бориб: – Китобчани менга бергил, – дедим. Фаришта менга: – Китобчани олиб, уни егин! Қорнингда бир тахирлик ҳосил қилади, аммо оғзинг асалдай ширин бўлади, – деди.
10. Мен китобчани фариштанинг қўлидан олиб едим. Оғзим асалдек ширин бўлди. Аммо уни еганимдан кейин қорним ачишиб кетди.
11. Сўнгра фаришта менга: – Сен яна кўп халқлар, миллатлар, тиллар ва подшоҳлар ҳақида башорат қилишинг керак, – деди.
1. Менга ҳассага ўхшаш бир қамиш берилиб, шундай дейилди: «Тур, Худонинг маъбадини ва қурбонгоҳни ўлчаб чиқ, унда сажда қилувчиларни санаб чиқ.
2. Лекин маъбаднинг ташқарисидаги ҳовлини қолдир, уни ўлчама. Чунки у ер мажусийларга берилган. Улар табаррук шаҳарни қирқ икки ой оёқ ости қиладилар.
3. Мен икки шоҳидимга қудрат бераман, улар жул кийган ҳолда бир минг икки юз олтмиш кун пайғамбарлик қиладилар».
4. Булар дунёнинг Рабби олдида туражак иккита зайтун дарахти ва иккита машъалдир.
5. Агар ким уларга озор бермоқчи бўлса, оғизларидан ўт чиқиб, душманларини еб битиради. Уларга озор беришни истаган шундай ўлдирилиши керак.
6. Улар пайғамбарлик қиладиган кунларда ерга ёмғир ёғмасин, деб кўк юзини боғлаш қудратига эгадирлар. Улар сувни қонга айлантириш ва ер юзини истаган вақтида турли балою офатларга йўлиқтириш қудратига эгадир.
7. Улар шаҳодат бериб бўлгандан кейин, тубсизлик қаъридан чиққан ваҳший ҳайвон улар билан жанг қилади, уларни енгади ва ўлдиради.
8. Уларнинг жасадлари буюк шаҳарнинг майдонига ташланиб қолади. Бизнинг Раббимиз ҳам ўша шаҳарда хочга михланган эди, унинг рамзий номи Садўм ва Мисрдир.
9. Барча халқлардан, қабилалардан, турли тил ва миллатлардан бўлган одамлар уч ярим кун уларнинг жасадларига кўз олайтириб, дафн этишга рухсат беришмайди.
10. Ер юзида яшаётганлар бундан севиниб хурсандчилик қилишади ва бир-бирларига ҳадялар юборишади. Чунки иккала пайғамбар ер юзида яшовчиларга кўп азоб берган эдилар.
11. Уч ярим кундан кейин икки пайғамбарнинг вужудига Худодан ҳаёт руҳи кирди ва улар оёққа турдилар. Уларни кўрганларга қаттиқ даҳшат тушди.
12. Икки пайғамбар самодан келган баланд бир овознинг: «Бу ёққа чиқинглар!» – деганини эшитибоқ, душманларининг кўз ўнгида булут ичида осмонга кўтарилишди.
13. Ўша заҳоти шиддатли бир зилзила юз берди ва шаҳарнинг ўндан бир қисми қулади. Зилзилада етти минг киши нобуд бўлди. Қолганлари эса даҳшатда қолиб, самодаги Худога ҳамду сано айтишди.
14. Иккинчи «вой» ўтди. Мана, учинчи «вой» тез яқинлашяпти.
15. Еттинчи фаришта карнай чалди. Осмонда баланд овозлар янгради: «Бу дунёнинг ҳукмронлиги Худовандимизга Ва Унинг Масиҳига ўтди энди. У абадулабад ҳукмронлик қилади».
16. Сўнг Худонинг ҳузурида тахтларида ўтирган йигирма тўрт нафар оқсоқол юз тубан ерга ташландилар ва Худога сажда қилиб дедилар:
17. «Ё Раббий, Тангри Таоло, Ҳар нарсага қодир Сарвари коинот! Ҳозир борсан, илгари бўлгансан. Келажакда ҳам бор бўлажаксан. Биз Сенга шукрлар қиламиз. Сен буюк қудратингни амалга ошириб, Шоҳ ўрнини эгалладинг.
18. Элу халқлар ғазабланган эди, Сен ҳам ғазабга миндинг. Ана, ўликларни ҳукм қилиш вақт-соати келди, Қулларинг – пайғамбарлар ва азизларинг Ҳамда Сендан қўрққан каттаю кичикларни Ўз қилмишларига яраша тақдирлаш вақт-соати келди, Ер юзини хароб қилувчиларни хароб қилиш вақт-соати келди!»
19. Кейин Худонинг осмондаги маъбади очилди. Маъбадда Унинг Аҳд Сандиғи кўринди. Ўшанда чақмоқ чақиб, момақалдироқ садолари янгради, зилзила бошланди, шиддатли дўл ёғди.
1. Осмонда ажойиб бир аломат – қуёшга бурканган бир аёл пайдо бўлди. Унинг оёқлари остида ой ва бошида ўн икки юлдузли тож бор эди.
2. Аёл ҳомиладор бўлиб, уни тўлғоқ тутар, дард билан бақирар эди.
3. Сўнгра осмонда бошқа бир аломат кўринди: етти бошли, ўнта шохли, етти бошига етти тож кийган улкан қизил аждаҳо пайдо бўлди.
4. У думи билан осмондаги юлдузларнинг учдан бирини сидириб, ерга улоқтирди. Кейин аждаҳо туғаётган аёлнинг чақалоғини ютиб юбориш учун унинг олдида кутиб турди.
5. Аёл ўғил туғди. Ўғлон Худонинг ҳузурига, Арши Аълога келтирилди, чунки у барча халқларни темир ҳасса билан боқиши керак.
6. Аёл эса чўл томон, Худо махсус ҳозирлаган жойга қочиб кетди. У ерда у бир минг икки юз олтмиш кун боқилиши лозим.
7. Осмонда жанг бўлди. Микоил ва унинг фаришталари аждаҳога қарши уришдилар. Аждаҳо ҳам ўзининг фаришталари билан урушга тушди.
8. Аммо аждаҳо ғолиб келмади. Осмонда уларга бошқа жой қолмади.
9. Улкан аждаҳо – иблис ва шайтон деб аталган, бутун дунёни алдаб йўлдан оздираётган ўша алмисоқ илон ўз фаришталари билан бирга ер юзига отилди.
10. Ўшанда самодан баланд овоз билан айтилган бу сўзларни эшитдим: «Энди Худойимиз нажоткорлиги, қудрати, салтанати Ҳамда Унинг Масиҳи ҳукмронлиги ўрнатилди. Энди биродарларимизнинг туҳматчиси, Худойимиз ҳузурида уларга кеча-кундуз туҳмат қилаётган иблис ташқарига отилди.
11. Улар Қўзининг қони шарофати билан ва Ўзларининг шаҳодат каломи билан уни енгдилар. Улар ўз жонларини то ўлгунча севмаган эдилар.
12. Шодланинг, эй осмону фалак ва унда яшовчилар! Аммо ер ва денгизнинг ҳолига вой! Зеро иблис вақт оз қолганини билиб, Мудҳиш қаҳр-ғазаб ила сизнинг олдингизга тушди».
13. Аждаҳо ўзининг ер юзига отилганини кўргач, ўғил бола туққан аёлни таъқиб қила бошлади.
14. Аёл илон олдидан чўл томон қочиб кетди, ўз жойига учиб бориши учун унга катта бургутнинг икки қаноти берилди. Ўша ерда у уч ярим йил боқилиши лозим.
15. Илон эса, уни сел олиб кетсин деб, аёлнинг кетидан қувиб, оғзидан дарёдай сув тўкди.
16. Аммо ер хотинга ёрдам берди; ер оғзини очиб, аждаҳо қуйиб юборган дарёни ютиб юборди.
17. Аждаҳо аёлга қарши дарғазаб бўлди. У аёл наслидан омон қолганлар билан, яъни Худонинг амрини сақлаган ва Исо Масиҳнинг шаҳодатига содиқ қолганлар билан жанг қилгани чиқди.
1. Мен денгиз соҳилидаги қумлоқ устида турган эдим. Тўсатдан етти бошли, ўнта шохли бир ҳайвон денгиздан чиқаётганини кўриб қолдим. Шохларида ўнта тож бор эди, бошларида эса куфрона номлар ёзилган эди.
2. Мен кўрган ҳайвон қоплонга ўхшар эди. Оёқлари айиқнинг оёғига, оғзи эса арслоннинг оғзига ўхшар эди. Аждаҳо унга ўз қудрати, тахти ва буюк иқтидорини берди.
3. Мен ҳайвоннинг бошларидан бирини ўлар ҳолатда яраланган тахлитда кўрдим. У ўлай деганда, яраси соғайиб қолди. Шунда бутун жаҳон ҳайвоннинг кетидан бақрайиб, донг қотиб қолди, ҳайвонга бундай иқтидор берган аждаҳога сажда қилишди.
4. Одамлар: «Бу ҳайвонга ўхшаган яна ким бор экан? У билан ким уриша олар экан?» – деб ҳайвонга ҳам сажда қилишди.
5. Ҳайвонга такаббурона ва куфрона сўзлар сочадиган оғиз берилди, у қирқ икки ой давомида бу иқтидорини амалда кўрсатди.
6. Худога қарши куфр айтиш, Унинг номи ва макони ҳамда осмонда яшовчиларга қарши куфрлар ёғдириш учун ҳайвон оғзини очди.
7. Унга Худо азизлари билан уришиш ҳамда уларни енгишга рухсат берилди. Унга ҳар бир қабила, халқ, тил ва миллат устидан ҳокимлик қилиш иқтидори берилди.
8. Ер юзида яшаётганларнинг ҳаммаси ҳайвонга сажда қилишади, фақат дунё яратилганидан бери бўғизланган Қўзининг ҳаёт китобига исми қайд бўлганлар бундан истиснодир.
9. Қулоғи бор киши қулоқ солсин!
10. Кимки асирликка олиб борса, ўзи асирликка тушар. Кимки қиличдан ўтказса, ўзи қиличдан ўтар. Бунда Худо азизларининг сабру имони даркор.
11. Бундан сўнг мен ердан чиқаётган бошқа бир ҳайвонни кўрдим. Қўзи каби иккита шохи бор эди ва аждаҳо каби гапирарди.
12. У биринчи ҳайвоннинг бутун иқтидори билан унинг олдида амал қиларди. Ҳайвон бутун ер юзини ва унда яшовчиларни ўлар ҳолатдаги яраси соғайган биринчи ҳайвонга сажда қилишга мажбур қилди.
13. У инсонлар олдида ҳатто осмондан ерга олов туширишга қадар ажойиб мўъжизалар яратди.
14. Биринчи ҳайвон олдида қилиши учун унга берилган мўъжизакорлик қудрати билан у ер юзида яшаётганларни алдаб йўлдан оздирди. У одамларга қиличдан яраланиб, бироқ соғ қолган биринчи ҳайвоннинг тасвирини қилишни буюрди.
15. Унга ҳайвоннинг тасвирига руҳ киритиш учун қудрат берилди. Ҳайвон тасвири тилга кирди ва ўзига сажда қилмаганларнинг ҳаммасини ўлдиришни буюрди.
16. У ҳамманинг – каттаю кичикнинг, бою камбағалнинг, эркину тутқиннинг ўнг қўли ёки пешанасига тамға босилсин, деб фармон чиқарди.
17. Шундай қилиб, ким ҳайвоннинг тамғаси, яъни унинг оти ёки отининг сонига эга бўлмаса, мутлақо олди-сотди қилолмас эди.
18. Бунда ҳикмат бор. Ақли етган киши ҳайвоннинг сонини ҳисоблаб чиқсин, чунки бу сон – инсоннинг сонидир. Унинг сони олти юз олтмиш олтидир.
1. Мен қарадим-у, Сион тоғида Қўзи турганини кўрдим. Қўзи билан бирга пешанасида Унинг ва Отасининг исми ёзилган юз қирқ тўрт минг киши бор эди.
2. Осмондан кўп сувларнинг шов-шувидай, гумбурлаган момақалдироқ товушидай бир товуш янграр эди. Мен эшитган бу товуш худди чанг чалаётган чолғучилар чиқарадиган садони эслатарди.
3. Ўша бир юз қирқ тўрт минг киши Арши Аъло олдида, тўртта жондор ва оқсоқоллар олдида янги бир куй куйлар эдилар. Ер юзидан сотиб олинган бу юз қирқ тўрт минг кишидан бошқа ҳеч ким бу куйни ўргана олмас эди.
4. Булар ўзларини хотинлар билан булғатмаган маъсум кишилардир. Булар Қўзи қаёққа кетса, Унинг орқасидан кетган кишилардир. Булар Худо ва Қўзига тўнғич бўлгудек, инсонлар орасидан сотиб олинганлар.
5. Уларнинг тилида ёлғон-макр йўқ, [Худонинг тахти олдида] улар бенуқсондир.
6. Шундан кейин осмон ўртасидан учиб бораётган бошқа бир фариштани кўрдим. Бу фаришта ер юзида яшовчи ҳар бир миллат ва қабилага, ҳар қандай тил ва халққа абадий Мужда келтираётган эди.
7. У баланд овоз билан шундай деди: «Худодан қўрқинг, Уни улуғланг! Унинг ҳукм қилиш вақт-соати келди. Еру кўкни, денгизни, булоқларни Яратганга сажда қилинглар!»
8. Кейин бошқа бир фаришта учиб келиб, шундай деди: «Вайрон бўлди! Вайрон бўлди буюк Бобил шаҳри! У барча халқларга ичирган эди Ўзининг қайноқ фаҳшу зино шаробидин».
9. Сўнгра учинчи фаришта учиб келиб, баланд овозда шундай деди: – Кимки ҳайвонга ва унинг тасвирига сажда қилиб, пешанаси ёки қўлига тамға қабул қилса,
10. у Худонинг қаҳр косасида софлаб тайёрланган қайноқ ғазаб шаробини ичади-ю, муқаддас фаришталар ва Қўзи олдида ёнаётган олтингугурт ичида азоб чекади.
11. Улар азобининг дуди абадулабад бурқираб туради. Ҳайвон ва унинг тасвирига сажда қилиб, ҳайвон номли тамғани қабул қилганлар кечаю кундуз тинчлик кўрмайдилар.
12. Бунга Худо амрини сақлаган ва Исога содиқ қолган азизларнинг сабр-тоқати даркор.
13. Шунда осмондан менга гапираётган бир овозни эшитдим: – Буни ёзиб ол: Бундан кейин Раббимиз Исо уммати бўлиб дунёдан ўтганлар бахтлидир! – Ҳа, – дейди Руҳ, – улар ўз меҳнатларидан тинчисин, уларнинг қилган ишлари ўзларига ҳамроҳдир.
14. Шундан кейин бир ёруғ булут кўрдим. Булут устида Инсон Ўғлига ўхшаган Сиймо ўтирибди; Унинг бошида олтин тож ва қўлида ўткир ўроқ.
15. Маъбаддан бошқа бир фаришта чиқиб, булут устида Ўтирганга баланд овоз билан шундай деди: «Ўроғингни ишга солиб ўр, чунки ўрим-йиғим вақти келди. Мана, ернинг ҳосили етилди».
16. Булут устида Ўтирган ўроғини ерга ташлади, ернинг ҳосили ҳам ўрилди.
17. Осмондаги маъбаддан бошқа бир фаришта чиқди. Унинг ҳам ўткир ўроғи бор эди.
18. Оловга ҳукмрон яна бошқа бир фаришта эса қурбонгоҳдан чиқиб келди. У ўткир ўроқли фариштага шундай хитоб қилди: «Ўткир ўроғингни ишга сол, ердаги узум бошларини қирқиб ол, чунки ерда узум пишиб шингил-шингил бўлди».
19. Фаришта ўроғини ерга ташлади, ердаги узум бошларини териб, Худонинг катта қаҳр-ғазаб чархига улоқтирди.
20. Чарх шаҳарнинг ташқарисида ишга тушди. Чархдан оқиб чиққан қон дарё бўлиб, бир минг олти юз ўқ отими ергача борди ва отларнинг юганларигача чиқди.
1. Мен осмонда одатдан ташқари ажойиб бошқа бир аломат кўрдим: қўлида охирги етти бало бор етти фаришта. Ана шу балолар билан Худонинг ғазаби тамом бўлади.
2. Мен гўё олов аралаш ойнадан ясалган бир денгизни ҳам кўрдим. Ҳайвонга, унинг тасвири, [тамғаси] ҳамда номининг сонига қарши ғалаба қозонганлар Худонинг чангларини қўлга олиб, шу ойна денгизнинг устида турган эдилар.
3. Улар Худо қули Мусонинг куйини ва Қўзининг куйини куйлаб, шундай дердилар: «Ё Раббий, Тангри Таоло, Ҳар нарсага қодир Сарвари коинот! Сенинг ишларинг буюк ва ажойибдир. Эй элу халқлар Подшоҳи! Сенинг йўлларинг тўғри ва ҳақдир.
4. Эй Худованди карим! Ким чўчимас экан Сендан? Ким улуғламас экан исмингни? Зеро ёлғиз Ўзинг муқаддассан. Жамики эллар ҳузурингга келиб, Сенга бош эгиб сажда қилгайлар. Барчага аён бўлди одил ҳукмларинг».
5. Шундан сўнг қарадим-у, самодаги маъбад, яъни Шаҳодат Чодири очилганини кўрдим.
6. Етти балога ҳоким етти фаришта тоза ва порлоқ зиғир мато кийган ва кўксига олтин камарлар боғлаган ҳолда маъбаддан чиқдилар.
7. Тўрт жондордан бири етти фариштага абадулабад барҳаёт Худонинг ғазаби билан тўлиқ еттита олтин коса берди.
8. Маъбад Худонинг улуғворлиги ва қудратидан дуд билан тўлиб кетди. Етти фариштанинг етти балоси тамом бўлмагунча, ҳеч ким маъбадга кира олмади.
1. Бундан кейин маъбаддан етти фариштага: «Боринглар, Худонинг ғазаби билан тўлиб-тошган етти косани ерга тўкинглар», – деган баланд бир овоз эшитдим.
2. Биринчи фаришта бориб косасини ерга тўкди. Ўзида ҳайвоннинг тамғаси бўлган ва унинг тасвирига сажда қилаётган одамларда оғир, жирканч йирингли яралар пайдо бўлди.
3. Иккинчи фаришта косасини денгизга тўкди. Денгиз ўликнинг қонига ўхшаш бир тус олди ва ичидаги бутун жониворлар ўлди.
4. Учинчи фаришта косасини дарёларга ва булоқларга тўкди, булар ҳам қонга айланиб кетди.
5. Сувлар фариштасининг шундай деганини эшитдим: «Ё Раббий, Сен барҳақсан, Ҳозир бор, азалдан бору муқаддассан. Сенинг ҳукминг – одил ҳукм.
6. Азиз-муқаддаслар ва пайғамбарлар қонини тўкканларга Сен қон ичирдинг, улар бунга лойиқдир».
7. Қурбонгоҳ ҳам тилга кириб, шундай деганини эшитдим: «Ҳа, Раббий, Тангри Таоло, Ҳар нарсага қодир Сарвари коинот! Сенинг ҳукмларинг одил ва ҳаққонийдир».
8. Тўртинчи фаришта ўз косасини қуёш устига тўкди, қуёшга инсонларни ўтдай ёндириш қудрати берилди.
9. Жазирама иссиқ инсонларни қиздирганда, улар бу офатларга ҳукми ўтадиган Худо шаънига ҳамду санолар эмас, ҳақоратлар ёғдирдилар, қилмишларидан тавба қилмадилар.
10. Бешинчи фаришта косасини ҳайвон тахтига тўкиб юборди, ҳайвоннинг салтанати зимистонга чулғаниб қолди. Одамлар азобдан тилларини тишлади.
11. Азоб ва яра-жароҳатларидан нолиб, осмондаги Худони ҳақорат қилдилар-у, қилмишларидан тавба қилмадилар.
12. Олтинчи фаришта косасини буюк Фрот дарёси устига тўкди. Кунчиқардан келадиган шоҳларга йўл очилсин деб, дарёнинг суви қуриди.
13. Бундан кейин аждаҳо, ҳайвон ва сохта пайғамбарнинг оғизларидан чиқаётган қурбақанамо учта ёвуз руҳни кўрдим.
14. Булар ажойибот яратадиган жинларнинг руҳидир. Улар ҳар нарсага қодир Худонинг улуғ кунида бўладиган жангга барча жаҳон шоҳларини тўплаш учун чиқадилар.
15. «Мана, Мен ўғри каби келяпман! Бахтлидир ҳушёр тортган киши, Яланғоч юрмайин, айбим кўринмасин деб Кийимини сақлаб турган киши!»
16. Руҳлар шоҳларни яҳудий тилида Ҳор-Магидўн дейилган жойга тўпладилар.
17. Еттинчи фаришта косасини ҳавога тўкди. Самовий маъбаддаги тахтдан: «Амалга ошди!» – деган баланд бир овоз чиқди.
18. Шу вақт яшинлар чақнаб, овозлар янграб, момақалдироқ гулдиради. Шундай кучли зилзила бўлдики, ер юзида инсон яшагандан бери бу қадар кучли зилзила юз бермаган эди.
19. Улуғ шаҳар уч бўлакка бўлиниб кетди. Мажусийлар шаҳарлари ер билан яксон бўлди. Худонинг қайноқ қаҳр-ғазаб шароби билан тўлган коса унга берилсин деб, буюк Бобил шаҳри ҳам Худонинг ҳузурида хотирланди.
20. Ҳар бир орол ўрнидан жилди, тоғлар кўздан ғойиб бўлди.
21. Осмондан ҳар бир донаси ботмон келадиган йирик дўл инсонлар устига ёғилди. Одамлар дўл балосидан Худони ҳақорат қилишарди, чунки бу бало ҳаддан зиёд эди.
1. Етти косали етти фариштадан бири келиб, менга шундай деди: «Бу ёққа келгин, кўп сувлар бўйида ўтирган буюк фоҳишага чиқарилган ҳукмни сенга кўрсатаман.
2. Ер юзи шоҳлари у билан фаҳш қиларди, ер юзида яшаётганлар унинг зино шаробидан маст бўлардилар».
3. Бундан кейин фаришта мени Илоҳий Руҳ таъсирида чўлга олиб келди. У ерда етти бошли, ўн шохли, куфрона номлар билан тўлиб-тошган қип-қизил бир ҳайвон устига минган хотинни кўрдим.
4. Хотин қип-қизил, арғувон кийимда, олтин, жавоҳирот, марваридлар билан безанган эди. Унинг қўлида ифлосликлар билан, зино ҳаромликлари билан тўлиб-тошган олтин коса бор эди.
5. Хотиннинг пешанасида унинг исми ёзилган эди: «Сир: буюк Бобил – ер юзи фоҳишалари ва ҳаромликлари онасидир».
6. Хотин Худо азизлари қонидан, Исо шоҳидлари қонидан маст бўлганини кўрдим. Уни кўриб, ғоят даражада ҳайрон бўлдим.
7. Фаришта менга деди: «Нима учун ҳайратга тушдинг? Мен сенга хотиннинг ва уни кўтариб юрган етти бошли, ўн шохли ҳайвоннинг сирини айтиб бераман.
8. Ана, сен кўрган ҳайвон бор эди, энди йўқ. У кўп ўтмай тубсизлик қаъридан чиқиб, ҳалокатга йўлиқади. Ер юзида яшаётган ва дунё яратилгандан буён ҳаёт китобига ёзилмаган барча одамлар ҳайвонни кўриб, ҳайрон қоладилар. Чунки у бор эди, ҳозир йўқ, аммо яна келади.
9. Буни англамоқ учун ўткир ақлу идрок даркор. Етти бош – хотин устида ўтирган етти тоғдир.
10. Шу билан бирга етти подшоҳдир. Буларнинг бештаси маҳв бўлди, биттаси қолди, бошқаси эса ҳали келган эмас; у келганда ҳам кўп вақт турмайди.
11. Илгари бор, ҳозир йўқ ҳайвон эса етти подшоҳдан бири бўла туриб, саккизинчисидир, у ҳалокатга йўлиқади.
12. Сен кўрган ўнта шох – ўн подшоҳ демакдир. Улар ҳали салтанатни қўлга олган эмас. Улар ҳайвон билан бирга подшоҳ бўлиб, бир соат ҳокимлик қиладилар.
13. Булар бир фикрда бўлиб, қудратни ва салтанатни ҳайвонга топширадилар.
14. Улар Қўзи билан жанг қиладилар, аммо Қўзи уларни енгиб чиқади. Чунки Қўзи ҳокимларнинг Ҳокими – Шоҳаншоҳдир. У билан бирга бўлганлар эса даъват этилганлар, танланганлар, содиқ қолганлардир».
15. Фаришта менга яна шундай деди: «Фоҳиша ўтирган, сен кўрган сувлар – элу халқ, миллатлар, элатлар ва тиллардир.
16. Сен кўрган ҳайвондаги ўнта шох фоҳишадан нафратланадилар. Уни яланғочлаб, барбод қиладилар, гўштини бурдалаб ейдилар, ўзини эса ўтда ёндирадилар.
17. Чунки Худо Ўзининг иродасини бажаришни уларнинг дилига солган. Шундай қилиб, Худонинг каломлари бажо келмагунга қадар, улар бир жон, бир тан бўлиб, ўз ҳукмронликларини ҳайвонга топширадилар.
18. Сен кўрган хотин – ер юзи подшоҳлари устидан ҳукмронлик қиладиган буюк шаҳардир».
1. Бундан кейин улуғ салтанат соҳиби бошқа бир фариштанинг осмондан тушаётганини кўрдим. Унинг улуғворлигидан ер юзи ёришиб кетди.
2. У кучли бир нидо билан бундай деди: «Вайрон бўлди! Вайрон бўлди буюк Бобил! У жинларнинг макони, ҳар турли ёмон руҳнинг паноҳи, Ҳар қандай мурдору манфур қушнинг паноҳи бўлди.
3. У барча халқларга ўзининг қайноқ фаҳшу зино шаробидан ичирган эди. Ер юзи подшоҳлари у билан зинокорлик қилган эди, Ер юзи савдогарлари унинг сафолару дабдабаларидан бойиб кетдилар».
4. Шу пайт осмондан бошқа бир овоз эшитдим. У дедики: «Эй халқим, ундан чиқиб кетинг! Шерик бўлманг унинг гуноҳларига, Дучор бўлманг-да балоларига!
5. Кўккача бориб етди-ку унинг гуноҳи, Худо эслади унинг ноҳақликларини.
6. Бобил сизга қандай сазо берган бўлса, Сиз ҳам унга шундай сазо беринг! Қилмишига яраша унга икки баробар сазо беринг! Ўзи тайёрлаган ичимликдан икки баробар тўлдириб унга ичиринг!
7. У нақадар кеккайиб дабдаба сурган бўлса, Унга шу қадар азоб ва ғам-ғусса орттиринг! У ўзича: „Тул эмас, мен маликаман, Ғам-ғусса ҳам кўрмайман“, – деб айтди-ку.
8. Шу боис унинг тақдиридаги балою офатлар – Ўлим, ғам-ғуссаю қаҳатчиликлар Бир куннинг ўзида қўпажак. У ўтда ёқилиб кул бўлажак. Қудратлидир уни ҳукм қилгувчи Худойи Таоло».
9. Бобил билан зино қилиб, кайф-сафо сурган ер юзи подшоҳлари ундаги ёнғин тутунини кўриб, унинг ҳолига бўзлаб йиғлайдилар.
10. Бобилнинг азоб-уқубати даҳшатидан қўрқиб, узоқда туриб дейдилар: «Вой, сенинг ҳолингга вой! Эй буюк шаҳар, мустаҳкам Бобил! Бир соатдаёқ сенга жазо келди!»
11. Ер юзи савдогарлари ҳам унинг ҳолига йиғлаб мотам тутадилар. Чунки уларнинг молларини энди ҳеч ким сотиб олмайди.
12. Олтин, кумуш, жавоҳирот ва марваридлар; атласу шойи, арғувону қирмизи газламалар; ҳар турли хушбўй ёғочлар, фил суягидан ясалган ҳар хил буюмлар; энг қимматбаҳо ёғочдан, мисдан, темирдан ва мармардан ясалган турли буюмлар;
13. долчин, атирлар, хушбўй тутатқилар, мойлар ва смолалар, шароб, зайтун ёғи, сара ун ва буғдойлар; қорамол ва қўйлар, отлару аравалар, шунингдек, одамларнинг жонини ҳам, танини ҳам сотиб оладиган бошқа ҳеч ким бўлмайди.
14. Сен жондан яхши кўрган мевалар қўлингдан кетди. Бутун давлату шавкатинг ном-нишонсиз йўқ бўлиб кетди.
15. Бу моллар билан савдо-сотиқ қилиб, бойиб кетган савдогарлар Бобилнинг азоб-уқубат даҳшатидан қўрқиб, узоқда турганларича йиғлаб, зорлаб, дейдилар:
16. «Аҳволингга вой, вой! Шойи, атлас, қирмизи кийимлар ила ясанган, Олтин, жавоҳирот, марваридлар ила безанган буюк шаҳар!
17. Шундай бойлигинг бир соатдаёқ йўқ бўлиб кетди». Ҳар бир дарға, кемачи ва кема йўловчиси, денгизда савдо-сотиқ қилувчиларнинг ҳаммаси узоқда турганларича,
18. шаҳардаги ёнғиндан ўрлаётган дудга қараб: «Қандай шаҳар бу буюк шаҳарга ўхшайди?!» – деб фарёд чекардилар.
19. Улар бошларига кул сочиб, фарёд чекиб, инграб дод солардилар: «Вой ҳолингга, вой, эй буюк шаҳар! Денгиздаги кемаларга эга бўлганларнинг ҳаммаси сенинг қимматбаҳо молларингдан бойиган эди. Эндиликда у бир соатдаёқ харобага айланди!»
20. Шодланинг унинг ҳолига, эй осмон, Эй азиз-муқаддаслар, ҳаворийлару набилар! Зеро Худо уни ҳукм қилиб, ўчингизни олди.
21. Кейин кучли бир фаришта тегирмон тошига ўхшаш катта тошни кўтариб денгизга улоқтирди-да, шундай деди: «Мана шундай шиддат-ла қулаб тушгуси Буюк шаҳар Бобил! Энди у асло қад кўтармас.
22. Чангчилар, ашулачилар, найчию сурнайчилар овози энди эшитилмас сенда. Энди санъат ҳам, санъаткор ҳам сендан чиқмас. Тегирмон чархининг товуши ҳам асло эшитилмагай сенда.
23. Энди чироқ ҳам сенга шуъла сочмас, Куёв билан келиннинг овози ҳам келмагай сендан. Савдогарларинг ер юзининг катта аъёнлари эди, Сеҳргарлигинг билан бутун халқлар алданган эди».
24. Пайғамбарлар, азиз-муқаддаслар ва ер юзида ўлдирилганларнинг ҳаммасининг қони Бобилдан топилди.
1. Бундан кейин осмонда катта оломоннинг ғала-ғовурига ўхшаш баланд овозлар эшитдим: «Ҳаллелуя! Худойимизга тегишлидир нажоткорлик, улуғворлик, куч ва қудрат.
2. Унинг ҳукми ҳақ ва тўғридир. Ер юзини ўз зиноси билан бузган буюк фоҳишани У ҳукм қилди, Ўз қулларининг хунини ундан олди».
3. Иккинчи марта дедилар: «Ҳаллелуя! Бобилнинг дуди абадулабад бурқирагай».
4. Шу пайт йигирма тўрт нафар оқсоқол ва тўрт жондор ўзларини ерга ташлаб: «Омин! Ҳаллелуя!» – дея тахтда ўтирган Худога сажда қилдилар.
5. Кейин тахтдан бир овоз келди: «Эй Худойимизнинг барча қуллари, Ундан қўрқувчи каттаю кичиклар, Унга ҳамду сано айтинглар!»
6. Сўнгра кўп халойиқ, шовуллаган сувлар, гумбурлаган момақалдироққа ўхшаш садолар эшитдим. Улар шундай дерди: «Ҳаллелуя! Ҳар нарсага қодир Худойимиз, Сарвари коинот Шоҳ ўрнини олди.
7. Унинг иззат-ҳурматини бажо келтирайлик, Севиниб хурсанд бўлайлик! Қўзининг никоҳ соати етди, Унинг келини ўзини ҳозирлади».
8. Кийиниш учун келинга пок, оппоқ шойи берилди. Шойи – азиз-муқаддасларнинг солиҳлигидир.
9. Сўнг фаришта менга: – Ёз! – деди, – Қўзининг никоҳ оқшомига чақирилганлар бахтиёрдир! Яна менга: – Булар Худонинг ҳақ сўзларидир, – деди.
10. Мен унга сажда қилиш учун оёқларига йиқилдим. Лекин у менга шундай деди: – Зинҳор бу ишни қилма! Мен сенинг ҳамкорингман, шунингдек, Исонинг шоҳиди бўлган ҳамма биродарларингнинг ҳамкориман. Худога сажда қил! Зеро Исога шоҳидлик пайғамбарлик руҳи билан тенгдир.
11. Бундан кейин осмон очилиб, у ерда бир оқ от турганини кўрдим. Отлиқнинг исми Содиқ ва Ҳақ эди. У одилона ҳукм чиқариб, жанг қилади.
12. Унинг кўзлари олов алангасидай. Бошида кўп тожи бор, пешанасига эса Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган бир исм ёзилган.
13. У қонга бўялган кийим кийган, Унга «Худонинг Каломи» деб ном берилган эди.
14. Пок, оппоқ шойи кийган самовий қўшинлар оқ отда Унинг кетидан борарди.
15. Халқларга шикаст бериш учун Унинг оғзидан бир кескир шамшир чиқиб турарди. Қўлида темир таёқ билан уларни боқадиган Ўшадир. Ҳар нарсага қодир Худонинг қайноқ қаҳр-ғазаб шаробини тайёрлашга мосланган чархни Ўзи босади.
16. Унинг кийими ва белида шундай бир исм ёзилган: «Ҳокимларнинг Ҳокими – Шоҳаншоҳ».
17. Шундан сўнг қуёш устида турган бир фариштани кўрдим. У баланд овоз чиқариб, осмон ўртасидан учиб бораётган барча қушларга шундай хитоб қилди: «Худонинг буюк базмига келинглар!
18. Шоҳлар, саркардалар, кучлилар мурдасини, оту отлиқлар мурдасини, ҳамма эркину тутқинлар, каттаю кичиклар мурдасини хомталаш қилиш учун тўпланинглар!»
19. Шундан кейин мен ҳайвонни, ер юзи шоҳларини, уларнинг қўшинларини кўрдим; улар от минган Чавандоз билан Унинг қўшинларига қарши жанг қилиш учун бир ерга тўпланган эдилар.
20. Ҳайвон ва унинг олдида ғаройиботлар қилган сохта пайғамбар асир тушдилар. Ҳайвоннинг тамғасини қабул қилиб, унинг тасвирига сажда қилганларни ўз ғаройиботлари билан алдаган сохта пайғамбар ана шу эди. Ҳар иккови ҳам олтингугурт билан ёнаётган оташ кўлига тириклайин ташланди.
21. Бошқалар эса от минган Чавандознинг оғзидан чиққан шамшир билан ўлдирилди. Ҳамма қушлар уларнинг гўштини еб тўйди.
1. Қўлида тубсизлик қаърининг калити ва катта занжир билан осмондан тушаётган фариштани кўрдим.
2. Фаришта аждаҳони, яъни иблис ва шайтон деб аталган алмисоқ илонини тутиб, уни минг йил муддатга кишанлаб қўйди.
3. Минг йил тамом бўлгунга қадар яна халқларни алдамасин деб, уни тубсизлик қаърига ташлаб қамаб қўйди ва унинг устига муҳр босди. Минг йил ўтгандан кейин қисқа бир муддатга уни озод қилиш керак.
4. Мен тахтларни ва тахтда ўтирганларни кўрдим. Уларга ҳукм этиш ҳуқуқи берилган эди. Исонинг шаҳодати ва Худонинг каломи туфайли боши олинганларнинг жонини ҳам кўрдим. Булар ҳайвонга ва унинг тасвирига сажда қилмаган, пешаналари ва қўлларига унинг тамғасини қабул қилмаганлар эди. Улар тирилиб, Масиҳ билан минг йил ҳукм сурдилар.
5. Қолган ўликлар минг йил тамом бўлгунга қадар тирилмади. Бу – биринчи қиёматдир.
6. Биринчи қиёматда иштирок этадиганлар бахтиёр ва муқаддасдир. Иккинчи ўлим уларга ҳоким эмас. Улар Худонинг ва Масиҳнинг руҳонийлари бўлиб, У билан минг йил ҳукм сурадилар.
7. Минг йил тугагач, шайтон ўз зиндонидан озод этилади.
8. Ернинг тўрт бурчагидаги халқларни, Яъжуж-Маъжужни алдаб васваса қилиш ва жангга тўплаш учун зиндондан чиқади. Уларнинг сони денгиз қумидай сон-саноқсиздир.
9. Улар ер юзи текислигига чиқиб, муқаддаслар манзили ва азиз шаҳарни қуршаб олдилар. Шу пайт Худо осмондан ўт ёғдириб, уларни қириб ташлади.
10. Уларни алдаган иблис эса ҳайвон ва сохта пайғамбар бўлган оловли ва олтингугуртли кўлга ташланди. У ерда улар кечаю кундуз, илалабад азоб чекадилар.
11. Кейин буюк бир оқ тахт ва тахтда ўтирган Сиймони кўрдим. Унинг ҳузуридан еру осмон қочар эди, лекин уларга жой топилмади.
12. Мен Худо тахти олдида турган катта-кичик ўликларни кўрдим. Китоблар очилди. Ҳаёт китоби деган бошқа бир китоб ҳам очилди. Ўликларнинг ҳар бири, китобларда ёзилгани бўйича, қилмишларига яраша ҳукм этилди.
13. Денгиз ўзидаги ўликларни берди, ўлим ҳам, тамуғ ҳам ўзларидаги ўликларни берди, ҳар бир киши қилмишларига яраша ҳукм этилди.
14. Ўлим ва тамуғ олов кўлига ташланди. Мана бу олов кўли – иккинчи ўлимдир.
15. Исмлари ҳаёт китобида ёзилмаганларнинг ҳаммаси олов кўлига ташланди.
1. Шундан кейин мен янги бир осмон ва янги бир ерни кўрдим. Аввалги еру осмон ғойиб бўлган эди, денгиз ҳам энди йўқ эди.
2. Мен, Юҳанно, табаррук шаҳар – Қуддусни кўрдим; у куёви олдига безаниб чиқаётган келин каби осмондан, Худо ҳузуридан тушаётган эди.
3. Мен Арши Аълодан келган баланд бир овозни эшитдим, у шундай деди: «Мана, Худонинг макони инсонлар аро! Худонинг Ўзи одамлар ичра яшар. Улар Худонинг халқи бўлгай, Худонинг Ўзи улар ичра маскан қилгай.
4. Худо уларнинг кўзидаги ҳар бир ёшни артиб олур. Энди ўлим сира бўлмас. Ҳузун ҳам, фарёд ҳам, оғриқ ҳам бўлмас. Зеро аввалгилар ўтиб кетди».
5. Тахтда ўтирган Сиймо: «Мана, Мен ҳаммасини янги қилиб яратяпман!» – деди. Кейин менга: «Буларни ёзиб қўй, бу сўзлар ишончли ва ҳаққонийдир!» – деди.
6. Сўнг менга қараб, деди: «Амалга ошди! Ибтидо ва Интиҳо, Бош ва Сўнг Ўзимман. Мен чанқаганга оби ҳаёт булоғидан текин баҳра бераман.
7. Ғолиб келганга булар насиб қилади. Мен унинг Худоси бўламан, у Менинг ўғлим бўлади.
8. Аммо қўрқоқ, имонсиз, нопок, қотил, зинокор, жодугар, бутпараст ва ҳамма ёлғончиларнинг қисмати олов ва олтингугурт билан ёнаётган кўлдадир. Бу иккинчи ўлимдир».
9. Шу пайт охирги етти балога тўлдирилган еттита косани ушлаган етти фариштадан бири олдимга келди ва мен билан гаплашиб: «Бу ёққа кел, Қўзига келин бўладиган аёлни сенга кўрсатаман», – деди.
10. Фаришта мени Илоҳий Руҳнинг таъсирида баланд, юксак бир тоққа олиб чиқди-да, менга кўкдан, Худо ҳузуридан тушаётган табаррук шаҳар – Қуддусни кўрсатди.
11. Шаҳар Худонинг улуғвор жамоли билан балқир, унинг сайқали қимматбаҳо тош, биллур олмосга ўхшар эди.
12. Унинг девори қалин ва баланд эди; ўн икки дарвозаси бўлиб, дарвозалари устида ўн иккита фаришта ўлтирар эди. Дарвозаларда исмлар – Бани Исроилнинг ўн икки қабиласи номлари ёзилган эди.
13. Шарқдан уч, шимолдан уч, жанубдан уч ва ғарбдан уч дарвоза бор эди.
14. Шаҳар деворларининг ўн икки пойдевори бўлиб, уларда Қўзининг ўн икки ҳаворийси номлари ёзиб қўйилган эди.
15. Мен билан гаплашган фариштанинг қўлида шаҳарни, унинг дарвозаларию деворини ўлчаш учун олтиндан бир ўлчагичи бор эди.
16. Шаҳар тўртбурчак шаклда жойлашган, унинг бўйи эни билан тенг эди. Фаришта шаҳарни ўлчагич билан ўлчади, у ўн икки минг ўқ отими экан. Унинг эни, бўйи ва баландлиги бир-бирига тенг эди.
17. Фаришта шаҳарнинг деворларини ҳам ўлчади; у инсонлар ўлчовида ҳам, фаришталар ўлчовида ҳам юз қирқ тўрт тирсак чиқди.
18. Деворлар олмосдан, шаҳар эса шишадай тиниқ, соф олтиндан қурилган эди.
19. Шаҳар деворларининг пойдеворлари турли қимматбаҳо тошлар билан безатилган эди: биринчи пойдевор олмосдан, иккинчиси кўк ёқутдан, учинчиси ақиқдан, тўртинчиси зумраддан эди.
20. Бешинчиси фируза, олтинчиси лаъл, еттинчиси сариқ ёқут, саккизинчиси кўк зумрад, тўққизинчиси забаржад, ўнинчиси яшил ақиқ, ўн биринчиси ложувард, ўн иккинчиси бинафшаранг ёқутдан эди.
21. Ўн икки дарвоза – ўн икки марвариддан иборат эди, яъни ҳар бир дарвоза битта марвариддан ясалган эди. Шаҳарнинг кўчаси эса бамисоли шаффоф шишадек, соф олтиндан эди.
22. Бу шаҳарда маъбад кўрмадим. Чунки ҳар нарсага қодир Худойи Таоло ва Қўзининг Ўзи шаҳарнинг маъбадидир.
23. Шаҳарни ёритиш учун қуёшга ёки ойга эҳтиёж ҳам йўқ. Чунки Худонинг улуғвор жамоли уни ёритади, Қўзининг Ўзи унинг ёритқичи бўлади.
24. [Қутулган] халқлар шаҳарнинг нурида юришади. Ер юзи подшоҳлари унга ўз шон-шуҳратларини келтирадилар.
25. Шаҳар дарвозалари кун бўйи очиқ туради, сира ёпилмайди, чунки у ерда тун бўлмайди.
26. Халқларнинг барча давлату савлати унга киритилади.
27. Лекин ҳеч қандай мурдор нарса, ҳеч бир разил ёки ёлғончи киши унга кирмайди; фақат Қўзининг ҳаёт китобида ёзилганлар киради.
1. Фаришта менга Худонинг ва Қўзининг тахтидан чиқиб, шаҳар кўчаси бўйлаб оқаётган биллурдай тиниқ оби ҳаёт дарёсини кўрсатди.
2. Дарёнинг у ёғида ҳам, бу ёғида ҳам ҳар ойда бир, яъни йилда ўн икки марта ҳосил берадиган ҳаёт дарахти бор эди. Бу дарахтнинг барглари халқларга шифо бахш этади.
3. Бошқа ҳеч қандай лаънат қолмайди. Шаҳарда Худонинг ва Қўзининг тахти бўлади, Унинг қуллари Унга хизмат қилади.
4. Улар Унинг юзини кўриб туради, Унинг исми уларнинг пешанасига ёзилган бўлади.
5. У ерда бошқа тун бўлмайди; чироққа ҳам, қуёш ёғдусига ҳам эҳтиёж бўлмайди. Чунки Худойи Таолодан уларга нур ёғилиб туради, улар эса то абад ҳукмронлик қиладилар.
6. Фаришта менга шундай деди: – Бу сўзлар ишончли ва ҳаққонийдир. Азиз пайғамбарларни руҳлантирган Худойи Таоло яқин орада юз бериши муқаррар бўлган воқеаларни ўз қулларига билдириш учун фариштасини юборди.
7. «Мана, Мен тезда келаман! Бу китобнинг башоратли каломларига Риоя қилганлар бахтиёрдир!»
8. Мен, Юҳанно, буларни кўрдим ва эшитдим. Буларни кўриб эшитганимда, менга кўрсатган фариштанинг оёқларига йиқилиб сажда қилмоқчи бўлдим.
9. Аммо у менга: – Зинҳор бу ишни қилма! Мен сенинг ҳамда биродарларинг – пайғамбарларнинг ҳамкориман, шунингдек, бу китобнинг сўзларига риоя қилувчиларнинг ҳамкориман. Худога сажда қил! – деди.
10. Кейин менга яна шундай деди: – Бу китобнинг башоратли каломларини муҳрлаб сир сақлама, чунки вақт яқиндир.
11. Фосиқ, майли, ёмонлик қилаверсин; нопок, майли, ифлослик қилаверсин. Солиҳ эса тўғри иш қилаверсин ва муқаддас киши ўзини муқаддас сақласин.
12. «Мана, Мен тез келаман, қаримтам Ўзим билан. Ҳар кимга қилмишига яраша сазо бергумдир.
13. Мен Ибтидо ва Интиҳо, Аввалию Охири, Бош ва Сўнгдирман».
14. Қандай бахтлидир кийимларини ювганлар, ҳаёт дарахти мевасидан еб, шаҳар дарвозаларидан кириш ҳуқуқига эга бўлганлар!
15. Ташқарида эса итлар, жодугарлар, зинокорлар, қотиллар, бутпарастлар, ёлғон-макрга ружу қўйганларнинг ҳаммаси бўлади.
16. «Мен – Исо Ўз фариштамни олдингизга юбордим, Токи у бу тўғрида жамоатларимга шаҳодат берсин. Мен Довуд авлодидан келиб чиққан Зот, Ёруғ тонг юлдузидирман».
17. Руҳ ҳам, Келин ҳам: «Кел!» – деб чорлаяпти. Эшитган киши ҳам: «Кел!» – десин. Чанқаган келсин, хоҳлаган ҳаёт сувидан текин баҳра олсин.
18. Бу китобнинг башоратли каломларини эшитувчи ҳар бир кишига шаҳодатим шу: кимда-ким буларга бирор нарса қўшса, Худо бу китобда ёзилган балоларни унга тақдир қилади.
19. Кимда-ким бу китобда башорат қилиб айтилган сўзлардан бирор нарсани олиб ташласа, Худо уни бу китобда ёзилган ҳаёт дарахтидан ва муқаддас шаҳардан маҳрум қилади.
20. Бу гапларнинг Шоҳиди: «Ҳа, Мен тез келаман!» – деяпти. Омин! Кел, ё Раббимиз Исо!
21. Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти барчангизга ёр бўлсин. Омин.

Инжил



Muqaddas Kitob. Tavrot, Zabur, Injil
Tavrot | Zabur | Injil (+audio)
Muqaddas Kitob  Muqaddas Kitob APP
Yuklab olish - Muqaddas Kitob O'zbek tilida Injil (latin 27mb .pdf)
Скачать - Муқаддас Китоб (Инжил) (кирилл 26mb .PDF)

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz


Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Matto Muqaddas xushxabar  Mark Muqaddas xushxabar  Luqo Muqaddas xushxabar  Yuhanno Muqaddas xushxabar  Havoriylarning faoliyati  Yoqubning maktubi  Butrusning birinchi maktubi  Butrusning ikkinchi maktubi  Yuhannoning birinchi maktubi  Yuhannoning ikkinchi maktubi  Yuhannoning uchinchi maktubi  Yahudoning maktubi  Rimliklarga maktub  Korinfliklarga birinchi maktub  Korinfliklarga ikkinchi maktub  Galatiyaliklarga maktub  Efesliklarga maktub  Filippiliklarga maktub  Kolosaliklarga maktub  1-Salonikaliklarga  2-Salonikaliklarga  Timo'tiyga birinchi maktub  Timo'tiyga ikkinchi maktub  Titusga maktub  Filimo'nga maktub  Ibroniylarga maktub  Yuhannoga ko'rsatilgan vahiy


Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18


Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida  Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida  Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак