Инжил

Сулаймоннинг ҳикматлари

1. Исроил шоҳи Довуд ўғли Сулаймоннинг Ҳикматлари.
2. Бу ҳикматлар донолик ва насиҳатни ўргатади, ҳикматли сўзларни тушунтиради,
3. Ақлли кўрсатмаларга, тўғрилик, адолат, одилликка эга қилади,
4. Соддаларга идрок, ёшларга билим, фаҳму фаросат беради.
5. Донолар тинглаб билимини кўпайтирсин, идрокли эса йўл–йўриқ олсин.
6. Бу ҳикматлар — маталларни, жумбоқларни, дононинг сўзларини ва топишмоқларини тушуниш учундир.
7. Эгамиздан қўрқиш илму маърифатнинг бошидир. Донолик ва насиҳатдан нафратланган эса нодондир.
8. Ўғлим, отанг насиҳатларига қулоқ сол, онанг ўгитларини рад этма,
9. Чунки улар бошингга гўзал гулчамбар, бўйнингга маржондайдир.
10. Ўғлим, агар гуноҳкорлар сени йўлдан урмоқчи бўлса, бўйин берма.
11. Агар улар: “Кел, бизга қўшил, пистирма қўйиб қон тўкайлик, айбсизнинг йўлини важсиз тўсайлик,
12. дўзахга ўхшаб уни тириклайин ўз қаъримизга тортайлик, чуқур каби бутунлайин ютиб юборайлик,
13. ҳар хил бойликларни тортиб олиб, уйимизни ўлжа билан тўлдирайлик,
14. ҳамма нарса ўртада бўлсин, ҳамёнимиз битта бўлсин”, — деб айтсалар,
15. ўғлим, уларнинг йўлидан юрма, бир қадам ҳам босма.
16. Чунки улар қон тўкишга тайёрдирлар, оёқлари ёвузликка шошилади.
17. Қушларнинг кўзи олдида тўр қўйиш фойдасиздир.
18. Ёвузлар ўзларининг қони тўкилишини кутадилар, ўзларининг жонларини пойлайдилар.
19. Очкўзлик билан тортиб оладиганларнинг аҳволи шу! Улар ўз ҳаётига зомин бўлади.
20. Донолик кўчада чақиради. Майдонда баланд овоз билан ҳайқиради.
21. Гавжум кўчанинг бошида, шаҳар дарвозаларида жар солади.
22. “Эй, нодонлар, қачонгача нодон бўлиб юраверасиз?! Сиз–чи, мазах қилувчилар, қачонгача мазах қилишдан завқланасиз?! Ақлсизлар, қачонгача илму маърифатдан нафратланасиз?!
23. Панд–насиҳатларимга қулоқ солинглар. Мана, сизларга руҳимни бераман. Сўзларимни очаман.
24. Лекин сизларни чақирганимда рад этдингиз, қўлларимни узатганимда, эътибор бермадингиз.
25. Маслаҳат, панд–насиҳатларимнинг ҳеч бирини қабул қилмадингиз.
26. Шунинг учун бошингизга фалокат келганда, мен ҳам куламан. Ваҳимага тушганингизда, мазах қиламан.
27. Ваҳима бўрондай, фалокат эса тўфондай келганда, кулфату машаққатлар бошга тушганда,
28. улар мени чақирадилар, лекин жавоб бермайман. Улар мени қидирадилар, излайдилар, лекин тополмайдилар.
29. Чунки улар илм–маърифатдан нафратландилар, Эгамиздан қўрқишни танламадилар.
30. Маслаҳатларимни, ўгитларимни қабул қилмадилар.
31. Шунинг учун ўз қилмишларининг мевасини еб, пушаймон бўлиб қоладилар.
32. Нодонлар йўлдан адашиб ўзини ўлдиради, ақлсизларнинг беғамлиги эса ўзларини ҳалок қилади.
33. Лекин менга қулоқ солганлар осойишта ҳаёт кечиради, ёмонликнинг ваҳимасидан халос бўлади.”
1. Ўғлим, насиҳатларимни қабул қилиб, амрларимни юрагингда сақласанг,
2. Доноликка қулоқ солиб, қалбингни фаҳм–идрокка очсанг,
3. Фаросатга ташна, идрокка чанқоқ бўлсанг,
4. Уни кумуш излагандай изласанг, яширин хазина қидиргандай қидирсанг,
5. Эгамиздан қўрқиш нималигини тушунасан, Худо кимлигини биласан.
6. Чунки доноликни Эгамиз беради, билим ва идрок Унинг оғзидан чиқади.
7. У тўғри одам учун нажот сақлайди, тўғри юрадиганга Ўзи қалқон бўлади.
8. Адолатли инсонни ҳимоя қилади, Унга содиқ бўлганнинг йўлини қўриқлайди.
9. Шунда сен тўғрилик, адолат, одиллик, яъни тўғри йўл нима эканлигини тушунасан.
10. Чунки юрагингга донолик киради, руҳинг эса билимдан завқланади.
11. Фаҳм–фаросат сени ҳимоя қилади, ақл–идрок эса қўриқлайди.
12. Ёмон йўлдан, ёвуз гапирадиганлардан асрайди.
13. Улар тўғри йўлни ташлаб, қоронғиликда юради.
14. Ёмон ишлардан хурсанд бўлади, ёвузликдан қувонади.
15. Улар йўлдан адашган, сўқмоқлари эса эгридир.
16. Сени зинокордан, тилёғлама бузуқ аёлдан сақласин.
17. У ёшлигидаги умр йўлдошини ташлаб, Худо олдида берган аҳдини бузган.
18. Унинг уйи ўлимга, йўллари эса ўликларнинг олдига олиб боради.
19. Унинг олдига борган қайтиб келмайди, ҳаёт сўқмоқларига етмайди.
20. Шунинг учун яхши одамларнинг йўлидан юргин, солиҳларнинг йўлидан чиқмагин.
21. Чунки тўғри одам ўша ерда яшайди, пок одам у ерда қолади.
22. Фосиқ эса ердан қириб ташланади, вафосиз йўқ қилинади.
1. Ўғлим, сўзларимни унутма, амрларимни юрагингда сақла.
2. Улар умрингга умр қўшади, ҳаётинг тинч бўлади.
3. Абадий севгини асло тарк этма. Бўйнингга маржон қилиб тақиб ол, юрагинг қаърига ёзиб қўй.
4. Шунда Худонинг ҳам, одамларнинг ҳам меҳрини қозонасан, Улардан иззат–ҳурмат топасан.
5. Ўз ақл–идрокингга суянма, бутун қалбинг билан Эгамизга ишон.
6. Ҳар ишингда Эгамизни эътироф эт, шунда У йўлларингни тўғрилайди.
7. Ўзингни доно ҳисоблама. Эгамиздан қўрқ. Ёмонликдан юз ўгиргин.
8. Шундай қилсанг жисминг соғ, жонинг эса омон бўлади.
9. Ўз бойлигинг, биринчи ҳосилинг билан Эгамизни улуғла.
10. Шунда омборинг тўлиб–тошади, янги шаробинг етиб ортади.
11. Ўғлим, Эгамизнинг тарбиясини рад қилмагин, Унинг танбеҳидан руҳинг тушиб кетмасин.
12. Ота яхши кўрган фарзандини жазолагандек, Худо ҳам севганини жазолайди.
13. Доноликка эришган, ақл–идрок топган қандай бахтлидир!
14. Чунки унинг нафи кумушдан, фойдаси эса олтиндан ҳам афзалроқдир.
15. У жавоҳирлардан ҳам азиздир, сен тилаган бирор нарса Унга тенг келмайди.
16. Унинг ўнг қўлида узоқ умр, чап қўлида эса бойлик ва шон–шуҳрат бор.
17. Йўли — шодлик йўли, барча сўқмоқлари тинчдир.
18. Донолик уни ушлаб турганлар учун ҳаёт дарахти кабидир, Уни асраганлар эса бахтлидир.
19. Эгамиз донолик билан ерни яратди, ақл–идроки билан осмонни ўз ўрнига жойлаштирди.
20. Унинг ақли билан чуқурликлар бўлинган, булутлардан шудринг тушган.
21. Ўғлим, донолик ва фаҳм–фаросатни маҳкам ушла, назарингдан қочирмагин.
22. Ўшанда улар жонингга ҳаёт бахш этади, бўйнингга безакдай бўлади.
23. Йўлингда эсон–омон юрасан, оёғинг эса қоқилмайди.
24. Бехавотир ётасан, уйқунг ширин бўлади.
25. Бехосдан келадиган офатдан қўрқма. Ёвуз ҳужум қилганда ҳам қўрқма.
26. Чунки Эгамиз ёнингда бўлади, сени қоқилишдан асрайди.
27. Яхшилик қилиш қўлингдан келса, муҳтожлардан ёрдамингни аяма.
28. Ўзингда бор бўлса, қўшнингга “кечроқ кел”, “эртага бераман”, деб айтма.
29. Сенга ишониб, ёнингда тинчгина яшаётган қўшнингга қарши ёмон ният қилма.
30. Сенга ёмонлик қилмаган одам билан сабабсиз уришма.
31. Зўравонга ҳасад қилма, у қиладиган ишларни қилма.
32. Чунки Эгамизга ёвузлар жирканчдир, У тўғри одамга яқин бўлади.
33. Фосиқнинг уйи Эгамизнинг лаънатига, солиҳнинг уйи эса қут–баракага тўлади.
34. У мазах қилувчиларни мазах қилади, камтарга эса иноят қилади.
35. Донолар шон–шуҳратга эришадилар, нодонлар эса шармандаликка дучор бўладилар.
1. Ўғилларим, отангизнинг панд– насиҳатларига қулоқ солинглар, эътибор бериб фаросатли бўлинглар.
2. Сизларга яхши сабоқ бераман, сўзларимдан юз ўгирманглар.
3. Мен ота–онамнинг ёлғиз, ёш ўғли эдим.
4. Болалигимда отам менга шундай дерди: “Сўзларимни юрагингга жо қилиб, амрларимни бажаргин, шунда яшайсан.
5. Доно бўл, идрокли бўл, уларни унутма, сўзларимдан чиқма.
6. Доноликдан юз ўгирма, сени ҳимоя қилади, уни севгин, сени асрайди.
7. Доноликнинг боши шудир, доно бўл, бор–йўғингни бериб бўлса ҳам, идрок ол.
8. Уни ҳурмат қил, сени кўкка кўтаради. Уни қучгин, сени шон–шуҳратга эриштиради.
9. Бошингга илтифот гулчамбари, шуҳрат тожини кийдиради.”
10. Ўғлим, айтганларимга қулоқ солиб қабул қил, шунда умринг узоқ бўлади.
11. Сенга донолик йўлларини ўргатдим, тўғри йўлдан олиб юрдим.
12. Юрганингда тўсиққа учрамайсан, югурганингда қоқилмайсан.
13. Йўл–йўриқларимни қаттиқ ушла, қўйиб юборма, уларни қўриқла, чунки улар ҳаётингдир.
14. Фосиқнинг сўқмоқларига оёқ босма, ёвузлар йўлидан юрма.
15. Ҳатто назар солма, ёнидан ҳам ўтма, қайрилиб узоқдан юргин.
16. Чунки улар ёмонлик қилмасдан ухлай олмайди, бирортасига зарар келтирмагунча уйқулари келмайди.
17. Улар фосиқлик нонини ейди, зўравонлик шаробини ичади.
18. Солиҳнинг йўли тонгга ўхшайди, тонг кун чиққунча ёришаверади.
19. Фосиқнинг йўли эса зулмат кабидир, нимага қоқилиб кетишини билмайди.
20. Ўғлим, сўзларимни эшит, айтганларимга қулоқ сол.
21. Уларни кўз олдингдан қочирма, юрагингнинг қаърида сақлагин.
22. Чунки уларни топганларга ҳаёт, бутун тани–жонига малҳам бўлади.
23. Бор кучинг билан қалбингни асра, чунки у ҳаёт булоғидир.
24. Оғзингдан эгриликни, тилларингдан айёрликни олиб ташла.
25. Кўзларинг тўғрига қарасин, нигоҳларинг олдингга қаратилган бўлсин.
26. Тўғри йўлни танлаб юргин, барча сўқмоқларинг мустаҳкам бўлсин.
27. Ўнгга ҳам, чапга ҳам оғма, ёвузликдан узоқлаш.
1. Ўғлим, донолигимга эътибор бер, ақл–идрокимга қулоқ сол,
2. токи фаҳм–фаросатинг йўқолмасин, билиминг сақлансин.
3. Бузуқ аёлнинг тилидан бол томади, сўзлари — малҳамдай юмшоқ,
4. аммо оқибати заҳардай аччиқ, ханжардай ўткирдир.
5. Оёқлари ўлим томон юради, қадамлари ўликлар диёрига етаклайди.
6. У ҳаётга олиб борадиган йўлга эътибор бермайди, йўллари беқарор, ўзи буни билмайди.
7. Ўғлим, менга қулоқ сол, сўзларимдан чиқма.
8. У аёлдан узоқроқ юр, унинг эшигига яқинлашма.
9. Бўлмаса ўз обрўингни бегоналарга, ҳаётингни эса ёвузларга берасан.
10. Бойлигингдан бегоналар баҳраманд бўлади, меҳнат билан топган мол–мулкинг ўзгаларнинг уйида бўлади.
11. Умринг охирида, вужудингу танангдан асар қолмагач, фарёд қиласан.
12. Ўшанда шундай дейсан: “Мен интизом ва танқиддан қанчалик нафратланар эдим–а,
13. На устозларимга, на насиҳат берганларга қулоқ солибман.
14. Ана, оқибат жамоа ичида ҳалокат қирғоғига келиб қолдим.”
15. Ўз сардобангдаги, ўз қудуғингдаги сувни ичавер.
16. Булоқларинг ташқарида, ирмоқларинг кўчада оқсинми?
17. Уни бегоналар билан баҳам кўрма, фақат ўзингники бўлсин.
18. Булоғинг сувлари муборак бўлсин, кўз очиб кўрганинг билан қувонгин.
19. Жозибали оҳу ва гўзал кийик! Унинг оғуши сени қониқтирсин, доим унинг севгиси билан қаноатлангин.
20. Нега энди, ўғлим, бегона хотинни кўнглинг қўмсайди? Нимага бегона аёлнинг оғушини қучасан?
21. Инсоннинг хатти–ҳаракатлари Эгамизнинг кўзи олдида, одамнинг барча ишларини кузатиб туради.
22. Фосиқнинг ишлари унинг ўзини ушлайди, гуноҳлари эса занжирга солади.
23. У интизомсизлигидан ўлади, аҳмоқлиги туфайли йўлдан озади.
1. Ўғлим, ўзгага кафиллик қилиб, бегона билан аҳдлашган бўлсанг,
2. Ўз тилингдан илиниб, сўзларинг тузоққа етаклаган бўлса,
3. ўғлим, ўзганинг қўлига тушиб қолибсан, ўзингни қутқар, бор, тиз чўкиб ёлвор.
4. Кўзларингга на уйқу, на мизғиш бер.
5. Овчидан қочган оҳу каби, беданавоз қўлидан қочган беданадай ўзингни қутқар.
6. Эй, танбал, чумолиларга бир қара, уларнинг хатти–ҳаракатларини кўриб доно бўл.
7. Уларнинг на раҳбари, на назоратчиси, на ҳукмдори бор.
8. Лекин улар ёзда озиқ тўплайди, ўрим пайтида эса дон–дун йиғишади.
9. Сен–чи, танбал, қачонгача ухлайсан?! Қачон ўрнингдан турасан?
10. “Бироз ухлай, бир мизғиб олай, ёнбошлаб бирпас дам олай”, — дейсан.
11. Шунинг учун қашшоқлик йўлтўсардай, муҳтожлик эса қароқчидай устингга келади.
12. Айёр ва нопоклар бузуқ сўзларни гапириб юрадилар.
13. Кўз қисадилар, оёқ–қўллари билан имо–ишора қиладилар.
14. Юракларида доим ёвуз ният қилиб, одамлар орасида жанжал чиқарадилар.
15. Шунинг учун тўсатдан офатга учрайдилар, шифо топмай тўсатдан ҳалок бўладилар.
16. Олти нарса Эгамизга нафратли, етти нарса жирканчдир. Булар:
17. манманлик нигоҳи, ёлғончи тил, бегуноҳ қонни тўкадиган қўллар,
18. ёмон ниятли юрак, ёвузликка югурадиган оёқлар,
19. ёлғон гапирадиган сохта гувоҳ, ака–укалар орасига нифоқ солувчилардир.
20. Ўғлим, отанг насиҳатларига қулоқ сол, онанг ўгитларини рад этма,
21. уларни доим юрагингда сақла, бўйнингга тақиб ол.
22. Юрганингда сенга йўл кўрсатади, ухлаганингда қўриқлайди, уйғоқлигингда сенга гапиради.
23. Чунки амрлар — чироқ, танбеҳ — ҳаёт йўли, панд–насиҳатлар эса нурдир.
24. Улар сени бошқаларнинг хотинидан, зинокор аёлнинг ширин сўзидан сақлайди.
25. Юрагингда унинг гўзаллигини орзу қилмагин, кўзларига маҳлиё бўлма.
26. Фоҳишага биттагина нон ҳақи етарли, аммо зино қилувчи бутун ҳаётингни олади.
27. Кийимларни куйдирмасдан қўйинга чўғ солиб бўладими?!
28. Оёқни куйдирмасдан чўғ устида юриб бўладими?!
29. Ўзганинг хотини олдига кирганнинг аҳволи ҳам шундай, бегона аёлга теккан жазосиз қолмайди.
30. Қорни очлигидан ўзини тўйдириш учун ўғирлик қилса, одамлар ундан нафратланмайди.
31. Лекин қўлга тушиб қолганда ўғирланган молининг ҳақини етти баробар қилиб қайтариши керак.
32. Зино қилган ақлсиздир, ўзини ўзи нобуд қилади.
33. У кўп калтак еб шарманда бўлади, бир умрга бадном бўлади.
34. Чунки рашк эрни ғазаблантиради, эр қасос олганда шафқат қилмайди.
35. Ҳар қандай ҳадяни рад этади, қанча пора берсанг олмайди.
1. Ўғлим, сўзларимни асра, амрларимни дилингда сақла.
2. Амрларимни сақлаб яша, таълимотимни кўз қорачиғингдек асра.
3. Уларни бармоғингга боғла, юрагинг қаърига ёзиб қўй.
4. Доноликни синглим, ақл–идрокни эса қардошим деб атагин.
5. Улар сени зинокордан, тилёғлама бузуқ аёлдан асрайди.
6. Уйимнинг дераза панжараси ортидан қарадим,
7. содда ёшларнинг орасида, бир ақлсиз йигитни кўриб қолдим.
8. Йигит кўчадан ўтиб, зинокор аёлнинг уйи томон кетаётган эди.
9. Оқшом. Кеч. Тун қоронғи эди.
10. Шунда фоҳишага ўхшаб кийинган, маккор ниятли аёл уни кутиб олгани чиқди.
11. У шаллақи, ўжар, ҳеч қачон уйида турмайди.
12. Бир қарасанг кўчада, бир қарасанг майдонда, яна бир қарасанг ҳар хил бурчакда турган бўлади.
13. У йигитни қучоқлаб, ўпиб, беномусларча шундай деди:
14. “Бугун қурбонлик келтирдим, ваъдаларимни бажардим.
15. Шунинг учун сени кутиб олишга чиқдим, сени қидириб топдим.
16. Ўрнимни Мисрдан келтирилган рангли мато билан безадим.
17. Мирра, долчин, хушбўй атирлар сепдим.
18. Қани, юр, тонгга қадар куёв–келиндай роҳат қилайлик, ҳузур–ҳаловат қилайлик.
19. Эрим ҳозир уйда эмас, узоқ сафарга кетган.
20. Бир ҳамён кумуш танга олиб кетган, ой тўлмагунча қайтиб келмайди.”
21. Кўп ширин сўзлар ва мулойим гаплар билан у йигитни йўлдан урди.
22. Йигит ўша заҳотиёқ, қушхонага кетаётган ҳўкиздай, тузоққа оёқ қўяётган кийикдай[31] унинг орқасидан эргашди.
23. У тузоққа кираётган қушдай, найза жигарига тегмагунча ҳаётини йўқотишини билмайди.
24. Ўғилларим, менга қулоқ солиб, сўзларимга эътибор беринглар.
25. Юрагингиз ўша аёлнинг йўлига бурилмасин, унинг сўқмоқларида адашманг.
26. У кўпларни ҳалок қилди, қурбонлари ҳам кўп.
27. Унинг уйи ўликлар диёрига етакловчи йўлдир, ўлимга олиб боради.
1. Донолик чорламайдими?! Идрок овозини баланд қилиб чақирмайдими?!
2. Қир–адирларда, йўл бўйларида, чорраҳаларда,
3. шаҳар дарвозаларида, эшиклар олдида туриб жар солади:
4. “Эй, инсонлар, сизларни чақиряпман, одамзодга гапирмоқдаман.
5. Соддалар, фаҳм–фаросатли бўлинг, сиз, нодонлар, эса идрокли.
6. Қулоқ солинг, мен аъло гапларни гапираман, ростини айтаман.
7. Чунки тилим ҳақиқатни гапиради, фосиқликдан эса нафратланади.
8. Ҳамма сўзларим тўғридир, уларда на эгрилик, на бузуқлик бор.
9. Фаросатлиларга равшан, билим оладиганларга эса тўғридир.
10. Кумуш ўрнига насиҳатларимни, олтин ўрнига эса илм–маърифатни танланг.
11. Чунки донолик қўҳинурдан аълороқдир, ҳеч қандай шодлик У билан тенглаша олмайди.
12. Мен, Донолик, ақл–идрок билан яшайман, билим ва фаҳм–фаросат мендадир.
13. Эгамиздан қўрқиш ёмонликдан нафратланиш демакдир. Мен мағрурлик ва манманликдан, ёвузлик ва бузуқ тилдан нафратланаман.
14. Менда маслаҳат ва ҳақиқат бор, Мен идрокман, қуввату куч ҳам Мендадир.
15. Шоҳлар мен орқали ҳукм сурадилар, ҳукмдорлар тўғри қонунлар чиқарадилар.
16. Мен орқали раҳбарлар бошқарадилар, амалдор ва барча одил ҳакамлар ҳукм чиқарадилар.
17. Ким Мени севса ўшани севаман, астойдил излаганлар Мени топадилар.
18. Бойлик, шуҳрат, битмас–туганмас хазина, фаровонлик Мендадир.
19. Менинг ҳосилим тоза олтиндан ҳам, танланган кумушдан ҳам яхшироқ.
20. Мен тўғри йўлдан, адолат сўқмоқларидан юраман.
21. Мени севганлар бойликни мерос қилиб оладилар, уларнинг хазинасини тўлдираман.
22. Эгамиз ишини бошламасидан олдин, Ўз ишларининг бошида Менга эга эди.
23. Қадимдаёқ, энг бошида, дунё яратилмасдан олдин, Мен тайинланган эдим.
24. Тубсиз денгизу, бепоён уммон, ё бирорта булоқ кўз очмай туриб, Мен дунёга келтирилганман.
25. Тоғу тош, қир–адир барпо бўлмасдан олдин Мен таваллуд топганман.
26. У ҳали на ер, на далаларни, на ернинг тупроғини яратган эди.
27. Худо осмонни яратганда, бепоён уммон узра фалакни барпо этганда, Мен ўша ерда эдим.
28. Осмонга булутларни жойлаб, денгизларни сув билан тўлдирган чоғда,
29. У сув тошиб кетмасин деб амр берганда, ерга асос солганда,
30. Мен унинг ёнида мусаввир эдим, қошида кундан–кунга завқланиб, доимо қувонардим.
31. Дунёда, Унинг ерида одамзод билан хурсанд бўлардим.
32. Ўғилларим, менга қулоқ солинглар, йўлимдан юрганлар бахтлидир.
33. Панд–насиҳатларимни тинглаб доно бўлинглар, уни рад этманглар.
34. Ҳар кун остонамда кутиб, эшигимни пойлаб, сўзларимга қулоқ соладиган бахтлидир.
35. Чунки Мени топган ҳаёт топади, Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлади.
36. Кўздан йўқотган ўзига зарар етказади, Мендан нафратланган ўлимни севади.”
1. Донолик уй қурди, уйининг етти устунини қўйди.
2. Қурбонлик келтирди, шароб тайёрлаб, дастурхон ёзди.
3. Хизматкорларини шаҳарнинг энг баланд жойига юбориб, улар орқали:
4. “Ким содда бўлса, бу ёққа келсин”, — деб чақирди, ақлсизларга шундай деди:
5. “Келинглар, таомимдан енглар. Мен тайёрлаган шаробдан ичинглар.
6. Ғафлатдан воз кечинглар, шунда яшайсизлар, идрок йўлидан юринглар.”
7. Мазах қилувчига танбеҳ берган таҳқирланади, фосиқнинг хатосини айтган ҳақоратланади.
8. Мазах қилувчига танбеҳ берма, бўлмаса сендан нафратланади. Донога танбеҳ бер, шунда сени севади.
9. Донога ўргатсанг, янада донороқ бўлади. Солиҳни ўқитсанг, билимини кўпайтиради.
10. Эгамиздан қўрқиш доноликнинг бошидир, Худони билиш идрокдир.
11. Чунки Мен туфайли умрингга умр қўшилади.
12. Доно бўлсанг ўзингга фойда, мазах қилсанг ўзинг жабр тортасан.
13. Аҳмоқ аёл шаллақи ва фаросатсиздир, ҳеч нарсани билмайди.
14. Уйининг эшиги олдида, шаҳарнинг энг баланд жойида ўтириб,
15. йўлида тўғри юрган, ёнидан ўтиб кетаётганларни:
16. “Кимки содда бўлса, бу ёққа келсин”, — деб чақиради, ақлсизларга шундай дейди:
17. “Ўғирланган сув шириндир, беркитиб ейилган нон эса мазали.”
18. Лекин у ерда арвоҳлар борлигини, унинг меҳмонлари ўликлар диёрининг қаърида эканлигини билмайдилар.
1. Сулаймоннинг ҳикматлари. Доно фарзанд отага шодлик келтиради, нодон фарзанд эса онага қайғу.
2. Ёвузлик билан топилган бойликдан наф йўқ, тўғрилик эса ўлимдан қутқаради.
3. Эгамиз солиҳнинг оч қолишига йўл қўймайди, лекин фосиқнинг хоҳишини бажо қилмайди.
4. Дангаса қўллар қашшоқлик келтиради, тиришқоқ қўллар эса бойлик.
5. Ёз пайтида ҳосил йиққан — доно ўғил, ўрим пайти ухлаган эса отасига уят келтиради.
6. Солиҳнинг бошида — барака, фосиқнинг тили эса ёвузлик конидир.
7. Солиҳнинг хотираси муборак бўлади, фосиқнинг номи ёддан кўтарилади.
8. Юрагида донолик бўлган амрларни қабул қилади, эзма нодон эса ҳалок бўлади.
9. Тўғри юрган хавф–хатарни билмайди, йўлдан қайрилган эса жазо топади.
10. Кўз қисган қайғуга сабаб бўлади, эзма нодон ҳалок бўлади.
11. Солиҳнинг тили — ҳаёт булоғи, фосиқнинг тили — ёвузлик кони.
12. Нафрат жанжал қўзғайди, севги–муҳаббат эса ҳамма гуноҳларни беркитади.
13. Идроклининг сўзларида — донолик, нодоннинг орқасида эса қамчи.
14. Донолар билимини орттиради, нодоннинг тили эса ҳалокат келтиради.
15. Бойнинг қалъаси — бойлиги, камбағалнинг ҳалокати эса камбағаллигидадир.
16. Солиҳнинг ҳақи — ҳаёт, фосиқники эса жазо.
17. Насиҳатга қулоқ солган ҳаёт йўлидадир, танбеҳни тан олмаган йўлдан адашади.
18. Нафратини яширган — ёлғончи, ғийбат тарқатувчи эса аҳмоқдир.
19. Гап–сўз кўп бўлса, жанжал ҳеч қачон тўхтамайди, тилини тийган эса донодир.
20. Солиҳнинг тили олтин кабидир, фосиқнинг қалби эса ҳеч нарсага арзимайди.
21. Солиҳнинг тили кўпларни озиқлантиради, нодон эса ақлсизлиги туфайли ҳалок бўлади.
22. Эгамизнинг марҳамати бойлик келтиради, У бойликка ғам–ташвиш қўшмайди
23. Аҳмоқ ёмонлик қилишдан, ақлли эса доноликдан завқланади.
24. Фосиқ нимадан қўрқса, ўшанга дучор бўлади, солиҳ эса орзусига етишади.
25. Қуюндан кейин фосиқлар йўқ бўлади, солиҳлар эса абадий мустаҳкамдир.
26. Дангаса унга иш буюрганларга тишга қўйилган сирка, кўзга кирган тутун кабидир.
27. Эгамиздан қўрқиш умрга умр қўшади, фосиқнинг умри эса қисқаради.
28. Солиҳнинг орзуси қувонч келтиради, фосиқнинг нияти эса пучга чиқади.
29. Эгамизнинг йўли солиҳлар учун қалъа, ёмонлик қиладиганлар учун эса ҳалокатдир.
30. Солиҳ ҳеч қачон ўрнидан қўзғатилмайди, фосиқ эса ўша ерда яшамайди.
31. Солиҳнинг тили донолик келтиради, ёмон тил эса кесиб ташланади.
32. Солиҳнинг тили марҳамат келтиради, фосиқнинг тили эса эгрилик.
1. Ёлғон тарози Эгамиз учун жирканчдир, аниқ тарози тошлари эса Унинг қувончидир.
2. Мағрурлик билан шармандалик келади, донолик эса камтарлар биландир.
3. Тўғриларнинг софдиллиги йўл кўрсатса, хоинларнинг иккиюзламачилиги ҳалок қилади.
4. Қиёмат кунида бойлик фойда бермайди, солиҳлик эса ўлимдан сақлайди.
5. Покдилнинг солиҳлиги йўлини тўғрилайди, фосиқ эса фосиқлиги туфайли қоқилади.
6. Tўғрининг солиҳлиги нажот беради, сотқин эса ёмон ниятлари туфайли тутилади.
7. Ёвуз ўлса, орзу–умидлари ҳам ўлади, фосиқнинг ҳам хоҳиш–тилаклари поймол бўлади.
8. Солиҳ ғам–ғуссадан қутулади, фосиқ эса ғамга дучор бўлади.
9. Имонсиз тили билан қўшнисини ҳалок қилади, солиҳ эса илм–маърифати туфайли нажот топади.
10. Солиҳнинг иши юришса, эл–юрт қувонади, фосиқ ҳалок бўлса, тантана бўлади.
11. Тўғри одамлар туфайли шаҳар баракали бўлади ва юксалади, фосиқнинг тилидан эса эл–юрт вайрон бўлади.
12. Қўшнисини камситган ақлсиздир, идрокли сукут сақлайди.
13. Ғийбатчи сирларни очади, содиқ эса сир сақлайди.
14. Йўл–йўриқ кўрсатувчиси бўлмаган халқ ҳалок бўлади, маслаҳатчилар кўп бўлса, ғалаба келади.
15. Бегонага кафиллик қилган кўп жабр кўради, кафил бўлишдан нафратланадиган эса тинчгина юради.
16. Меҳрибон хотин иззат–ҳурмат топади, зўравон эса бойлик.
17. Раҳмдил ўз жонига манфаат келтиради, бағритош эса ўзига зарар етказади.
18. Солиҳлик тарқатадиганлар ҳақиқий мукофот, фосиқлар эса ёлғон мукофот оладилар.
19. Солиҳликни кўзлаган инсон ҳаётга, ёмонликни кўзлаган эса ўз ўлимига эришади.
20. Эгри юрак Эгамизга жирканч, покларнинг ишлари эса Унинг қувончидир.
21. Фосиқ албатта жазосиз қолмайди, солиҳнинг эса авлодлари ҳам нажот топадилар.
22. Чиройли, аммо фаросатсиз аёл, бурнига тилла сирға таққан чўчқа мисол.
23. Солиҳнинг хоҳиши фақат эзгулик, фосиқнинг кутганлари эса қаҳр–ғазабдир.
24. Баъзиларнинг қўли очиқ, аммо бойлиги кўпаяверади. Баъзилар лозим бўлганни беришга қизғанса ҳам қашшоқлашаверади.
25. Сахийнинг бири икки бўлади, бошқаларга яхшилик қилганнинг ўзи ҳам яхшилик кўради.
26. Ғалласини қизғанганни халқ қарғайди, сотганларга эса барака ёғилади.
27. Эзгуликка интилган илтифот топади, ёмонлик қидирганга эса ёмонлик келади.
28. Бойлигига ишонган хонавайрон бўлади, солиҳ эса барг каби яшнайди.
29. Ўз оиласига ғам–ташвиш келтирадиган мерос олмайди, нодон эса донога қул бўлади.
30. Солиҳларнинг маҳсули — ҳаёт дарахти, оқилу донолар одамларнинг юрагидан жой олади.
31. Дунёда солиҳ қанча тақдирланса, фосиқ билан гуноҳкор ундан ҳам кўпроқ жазоланади.
1. Насиҳатни севган илм–маърифатни севади, танбеҳдан нафратланадиган эса аҳмоқдир.
2. Яхши одам Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлади, нияти бузуқни эса У жазога ҳукм этади.
3. Инсон ёвузлик билан камол топмайди, солиҳ ҳеч қачон ўрнидан қўзғатилмайди.
4. Яхши хотин эрининг бошидаги тожидир, эрини уялтирадиган хотин бошга балодир.
5. Солиҳнинг фикри–зикри — адолат, фосиқнинг маслаҳати эса ёлғондир.
6. Фосиқнинг сўзи қонга ташна, тўғрининг тили эса қутқаради.
7. Фосиқ ҳалокатга учраб йўқ бўлади, солиҳнинг уйи эса мустаҳкам туради.
8. Инсонни ақл–идрокига қараб улуғлайдилар, эгри одам эса нафратга дучор бўлади.
9. Ўзини катта тутиб нонга зор бўлгандан, оддий бўлиб хизматкор бўлиш яхшироқ.
10. Солиҳ ҳайвонга ҳам меҳрибонлик қилади, фосиқнинг раҳмдиллиги ҳам золимликдир.
11. Ерга ишлов берган тўйиб нон ейди, бекор нарсани кўзлаган эса ақлсиздир.
12. Фосиқ ёвузлик тўрига илинтирай дейди, солиҳнинг илдизи яшнайди.
13. Фосиқ тилининг гуноҳи билан тутилади, солиҳ эса ғамдан фориғ бўлади.
14. Одам сўзлари туфайли яхши нарсага эришади, меҳнати уни тақдирлайди.
15. Нодон ўз йўлини тўғри деб ўйлайди, доно эса маслаҳатга қулоқ солади.
16. Нодон ғазабини дарҳол билдиради, ақли расо эса ҳақоратланганини беркитади.
17. Тўғри гапирадиган ҳақиқатни айтади, сохта гувоҳ ёлғон гапиради.
18. Ўйламасдан айтилган сўз қиличдай жароҳатлайди, дононинг гаплари эса шифо беради.
19. Ростгўй лаблар абадийдир, ёлғон тил эса бир лаҳзаликдир.
20. Ёмон ният қиладиганнинг юрагида ёлғон, тинчлик ўрнатганда эса қувонч бор.
21. Солиҳга ҳеч қандай зарар тегмайди, фосиқ эса ғам–ғуссадан қутулмайди.
22. Ёлғончи тил Эгамизга жирканч, тўғрилик билан иш қиладиганлар эса Унинг севинчидир.
23. Ақлли билимини кўз–кўз қилмайди, нодон ўз нодонлигини ошкор қилади.
24. Тиришқоқ ҳукм суради, дангаса эса қул бўлади.
25. Юракдаги қайғу–алам одамни эзади, ширин сўз эса юракни шод этади.
26. Солиҳ ўзгаларга йўл кўрсатади, фосиқ эса йўлдан адаштиради.
27. Дангаса ўлжасини пиширишга ҳам эринади, ғайратли эса қимматбаҳо бойликка эга бўлади.
28. Солиҳликнинг йўлида ҳаёт, бу йўлда ўлим йўқдир.
1. Ақлли фарзанд отасининг насиҳатларини қабул қилади, мазах қилувчи эса танбеҳга қулоқ солмайди.
2. Яхши одам сўзлари билан яхшиликка эришади, хоин эса зўравонликка.
3. Тилини тийган жонини асрайди, тилига эрк берган эса ҳалокатга учрайди.
4. Дангасанинг кўнгли хоҳлайди–ю, аммо ҳеч нарсага эриша олмайди, тиришқоқ эса орзусига етишади.
5. Солиҳ ёлғондан нафратланади, фосиқ эса уятли ва шармандали ишлар қилади.
6. Солиҳлик тўғри юрадиганни ҳимоя қилади, фосиқлик эса гуноҳкорни ҳалок қилади.
7. Шундай одам бор, ҳеч нарсаси йўғ–у, ўзини бой кўрсатади. Яна шундай одам бор, бойлиги кўп–у, ўзини қашшоқ кўрсатади.
8. Жоннинг ҳақи — унинг бойлиги, камбағал эса дўқ–пўписадан қўрқмайди.
9. Солиҳларнинг чироғи доим чароғон, фосиқники эса ўчиб қолади.
10. Мағрурликдан фақат уруш чиқади, насиҳатга қулоқ солган одамда эса донолик бор.
11. Ҳийла билан топилган давлат йўқолади, меҳнат билан топилгани эса кўпаяди.
12. Рўёбга чиқмаган умид юракни эзади, ушалган орзу эса ҳаёт дарахтидир.
13. Панд–насиҳатлардан нафратланган ўзига ҳалокат келтиради, амрга қулоқ солган эса тақдирланади.
14. Дононинг таълимоти — ҳаёт манбаи, одамни ўлим тузоғидан халос этади.
15. Идрокли инсон марҳаматга эришади, хоиннинг йўли эса машаққатлидир.
16. Зукко одам ақл билан иш қилади, ақлсиз эса аҳмоқлигини кўрсатади.
17. Ёмон хабарчи кулфат олиб келади, содиқ хабарчи эса юракка шифо келтиради.
18. Насиҳатга қулоқ солмаганларга қашшоқлик ва уят, танбеҳга қулоқ солганларга эса ҳурмат– иззат.
19. Амалга ошган тилак жонга роҳат беради, нодон одам ёмонликдан айрилишни рад этади.
20. Доно билан юрган доно бўлади, аҳмоққа йўлдош бўлган эса ҳалок бўлади.
21. Бахтсизлик гуноҳкорнинг кетидан қувиб юради, солиҳнинг мукофоти эса бахт–саодатдир.
22. Яхши одам болаларининг болаларига ҳам мерос қолдиради, фосиқнинг бойлиги эса солиҳга насиб этади.
23. Камбағалнинг даласида ғалла мўл, лекин адолатсизлик туфайли вайрон бўлади.
24. Калтакни аяган одам ўғлини ёмон кўради, ўғлини севган эса ёшликдан тартиб– интизомга ўргатади.
25. Солиҳ қорни тўйиб овқат ейди, фосиқ эса оч қолади.
1. Доно хотин ўз оиласини мустаҳкамлайди, нодон хотин эса оиласини ўзи бузади.
2. Тўғри йўлдан юрадиган Эгамиздан қўрқади, эгри юрадиган эса Уни рад этади.
3. Аҳмоқнинг сўзлари ўзига калтак келтиради, дононики эса уни ҳимоя қилади.
4. Ҳўкиз бўлмаса охур тоза, лекин ҳўкизнинг кучи туфайли ҳосил кўп бўлади.
5. Содиқ гувоҳ ёлғон гапирмайди, сохта гувоҳ ёлғон гапиришдан тўхтамайди.
6. Мазах қилувчи доноликни қидиради, аммо тополмайди, идроклига эса билим олиш осон.
7. Ақлсиздан узоқлаш, чунки ундан маъноли сўз чиқмайди.
8. Зийракнинг донолиги ўз йўлини билишидадир, ақлсизнинг аҳмоқлиги эса уни йўлдан адаштиради.
9. Аҳмоқ айб қурбонлиги устидан кулади, тўғри одам эса Худонинг марҳаматига сазовор бўлади.
10. Юрак ўз дардини ўзи билади, хурсандлигига бошқалар кафиллик беролмайди.
11. Фосиқларнинг уйи хароба бўлади, тўғриларнинг чодири эса гуллаб–яшнайди.
12. Шундай йўл борки, инсонга тўғри бўлиб кўринади, аммо охири ўлимга олиб боради.
13. Кулса ҳам юракда қайғу бор, хурсандчиликнинг охири ғамдир.
14. Юраги қинғир ўз эгрилигидан, яхши одам эса тўғрилигидан мамнун.
15. Содда ҳар бир сўзга ишонаверади, ақлли эса қадамини ўйлаб босади.
16. Доно қўрқиб ёмонликдан узоқлашади, нодон эса жаҳли тез ва бепарво.
17. Баджаҳл ақлсизлик қилади, бадният эса нафратга учрайди.
18. Соддаларнинг насибаси — нодонлик, ақллиларнинг тожи эса илму маърифатдир.
19. Ёмонлар яхшиларнинг олдида, фосиқлар эса солиҳларнинг дарвозасида таъзим қилади.
20. Камбағалдан қўшнилари ҳам нафратланади, бойнинг эса ўртоқлари кўп.
21. Қўшнисини хор қилган — гуноҳкор, муҳтожга марҳамат қилган эса бахтлидир.
22. Нияти бузуқлар йўлдан адашмайдими?! Яхши ниятлилар абадий севгига сазовор бўлади.
23. Ҳар бир меҳнатдан фойда бор, қуруқ гап эса камбағаллик келтиради.
24. Оқилларнинг тожи — донолиги, ақлсизнинг нодонлиги эса аҳмоқлигидир.
25. Ростгўй гувоҳ жонни қутқарса, ёлғончи гувоҳ алдайди.
26. Эгамиздан қўрқиш — мустаҳкам қалъа, фарзандларига ҳам Ўзи паноҳдир.
27. Эгамиздан қўрқиш ҳаёт манбаидир, у ўлимдан қутқаради.
28. Халқининг кўплиги — шоҳнинг шуҳрати, камлиги эса ҳокимнинг ҳалокатидир.
29. Сабр–тоқатли одам ақл–идроклидир, жаҳлдорлик аҳмоқликни билдиради.
30. Хотиржам юрак танага ҳаёт бахш этади, ҳасадгўйлик эса суякларни чиритади.
31. Камбағалга зулм қилган уларни Яратганни таҳқирлаган, муҳтожга ёрдам берган эса Худони улуғлаган бўлади.
32. Фосиқ ўз қилмишлари туфайли ҳалокатга учрайди, солиҳга эса ўлимида ҳам паноҳ бор.
33. Донолик оқилнинг қалбида яшайди, нодонлар орасида ҳам ўзини билдиради.
34. Солиҳлик халқни юксалтирса, гуноҳ шарманда қилади.
35. Донолик билан иш қиладиган қул шоҳнинг марҳаматига сазовордир, шармандали иш қиладиган эса унинг ғазабига учрайди.
1. Юмшоқ жавоб ғазабни қайтаради, қаттиқ сўз эса жаҳл чиқаради.
2. Донолар тилидан илм–ҳикмат ёғилса, нодонлардан аҳмоқлик чиқади.
3. Эгамизнинг кўзлари ҳамма жойда, У яхшию ёмонни кўриб туради.
4. Ширин сўз — ҳаёт дарахти, бузуқ тил — жоннинг ҳалокати.
5. Аҳмоқ отасининг насиҳатини рад этади, танбеҳга қулоқ солган эса идроклидир.
6. Солиҳнинг уйида бойлик кўп, фосиқнинг ҳосили эса ташвиш келтиради.
7. Дононинг тили билим тарқатади, аҳмоқнинг қалби эса ундай эмас.
8. Фосиқнинг қурбонлиги Эгамизга жирканчдир, тўғрининг ибодати эса Унинг қувончи.
9. Фосиқнинг ишлари Эгамизга жирканчдир, солиҳликка интилганни эса У севади.
10. Тўғри йўлни ташлаб кетган қаттиқ жазо олади, танбеҳдан нафратланган эса ўлади.
11. Ҳатто Ўлим ва Ҳалокат ҳам Эгамиз нигоҳи остида экан, одамзоднинг қалби Унга ҳеч нарса эмас.
12. Масхара қилувчи танбеҳ берганларни ёқтирмайди, у донолар олдига ҳам бормайди.
13. Юрак шод бўлса, чеҳра очиқ, ғамгин бўлса, руҳ тушкундир.
14. Заковатли юрак илм қидиради, ақлсизнинг оғзи аҳмоқлик излайди.
15. Қийналганларга ҳар кун ташвиш, лекин юрагида шодлик бўлса, доимо байрам.
16. Кўп бойликка эга бўлиб ваҳима билан яшагандан кўра, Эгамиздан қўрқиб озгина бойлик билан яшаш яхшироқ.
17. Гўшт еб нафрат билан яшашдан, сабзавот еб севги билан яшаган афзалроқ.
18. Баджаҳл жанжал чиқаради, жаҳлни тиядиган эса тинчлантиради.
19. Дангасанинг йўли тиканли четан девор каби, тўғрининг сўқмоғи эса катта равон йўлдир.
20. Ақлли фарзанд отасини қувонтиради, ақлсиз эса онасини хор қилади.
21. Аҳмоқлик виждонсизга қувончдир, ақлли эса тўғри юради.
22. Маслаҳат бўлмаган жойда иш юришмайди, маслаҳатчи кўп бўлса, муваффақиятли бўлади.
23. Одам яхши жавоби туфайли қувонади, ўз вақтида айтилган сўз қанчалик яхши.
24. Донога тепадаги ҳаёт сўқмоғи пастдаги ўликлар диёридан узоқлашиш учундир.
25. Эгамиз такаббурнинг уйини хонавайрон қилади, беванинг мол–мулкини сақлайди.
26. Фосиқнинг ниятлари Эгамизга жирканч, ёқимли сўзлар эса покдир.
27. Очкўз ўз уйига ташвиш келтиради, порадан нафратланадиган эса яшайди.
28. Солиҳ ўйлаб жавоб беради, фосиқнинг оғзидан эса ёмонлик чиқаверади.
29. Эгамиз фосиқлардан узоқда, лекин солиҳларнинг ибодатини эшитади.
30. Кўздаги нур кўнгилни хушнуд этади, хушхабар эса тан–жонга озиқ беради.
31. Ҳаётбахш насиҳатга қулоқ солган доноларнинг орасида бўлади.
32. Насиҳатни рад қилган ўз жонини хор қилади, танбеҳга қулоқ солган эса идрокли бўлади.
33. Эгамиздан қўрқиш доноликни ўргатади, камтарлик иззату икромдан олдинда.
1. Режалар одамнинг юрагида, тилдаги жавоб эса Эгамиздан.
2. Одамнинг қилмишлари унинг назарида тўғри, лекин Эгамиз юракнинг поклигини ўлчайди.
3. Ишларингни Эгамизга топшир, шунда режаларинг мустаҳкам бўлади.
4. Ҳамма нарсани Эгамиз ўз мақсади билан яратди, ҳатто фосиқлар ҳам кулфат куни учун яралган.
5. Барча такаббурлар Эгамизга жирканч, улар жазосиз қолмайдилар.
6. Абадий севги туфайли гуноҳ кечирилади, Эгамиздан қўрқиш ёмонликдан узоқлаштиради.
7. Эгамизга инсоннинг йўллари маъқул келганда, душманлари билан ҳам яраштиради.
8. Адолатсиз келган кўп даромаддан, ҳалол меҳнат билан топилган озгинаси яхшироқ.
9. Одам юрагида ният қилади, Эгамиз эса унинг йўлини мустаҳкамлайди.
10. Худонинг сўзлари шоҳнинг тилида, ҳукм қилганда хато қилмайди.
11. Тўғри тарозию паллалар Эгамизникидир, тарози тошларини ҳам Худо яратган.
12. Шоҳнинг ёмонлик қилиши қабиҳликдир, чунки унинг тахти адолат туфайли мустаҳкам.
13. Тўғри сўз шоҳнинг қувончидир, у ростгўйларни яхши кўради.
14. Шоҳнинг ғазаби ўлим даракчисидир, доно уни тинчлантиради.
15. Шоҳ юзидаги табассум ҳаётдан нишона, Унинг марҳамати эса ёмғир келтирадиган булут кабидир.
16. Доно бўлиш — олтиндан, идрок топиш эса кумушдан ҳам яхшироқдир.
17. Тўғрининг йўли ёмонликдан узоқлаштиради, йўлини қўриқлаган эса ўз жонини асрайди.
18. Мағрурликнинг ортидан ҳалокат келади, такаббурликдан сўнг эса одам қоқилади.
19. Такаббурлар билан ўлжа бўлишгандан кўра, камтарин бўлиб камбағаллар орасида бўлиш яхшироқ.
20. Гапга тушунадиган яхшилик топади, Эгамизга умид боғлаган бахтли бўлади.
21. Қалбида донолик бўлган фаросатли деб аталади, ширинсуханлик ақл–идрокни кўпайтиради.
22. Идрок ўзининг соҳиби учун ҳаёт булоғи, аҳмоқлик эса аҳмоққа жазодир.
23. Дононинг юраги тилига идрок беради, сўзларини ишончли қилади.
24. Ёқимли сўз асал кабидир, жонга роҳат, суякларга малҳамдир.
25. Шундай йўл борки, инсонга тўғри бўлиб кўринади, аммо охири ўлимга олиб боради.
26. Меҳнат қиладиган одам ўзи учун ишлайди, чунки оч қорни уни ундайди.
27. Фосиқ ёмонликни қўзғайди, сўзлари куйдирадиган олов кабидир.
28. Маккор жанжал чиқаради, ғийбатчи эса яқин дўстларни ажратади.
29. Ёвуз ўзгани алдаб, ёмон йўлга бошлайди.
30. Кўзини қисган — ёмон ниятда, лабини тишлаган эса ёвузлик қилган.
31. Оқарган сочлар — шарофат тожи, солиҳлик йўлида юрган унга эришади.
32. Жаҳлини тийган — қудратлидан, ўзини тута биладиган эса шаҳарни енггандан яхшироқ.
33. Қуръа ташланади, аммо барча қарор Эгамиздандир.
1. Дастурхони тўла жанжалли уйдан, бир тишлам қаттиқ нони бор тинч хонадон яхшироқ.
2. Шармандали иш қиладиган ўғил устидан фаросатли қул ҳукмронлик қилади, у ака–укалар қатори меросга шерик бўлади.
3. Кумуш, олтин оловда синалади, одамларнинг қалбини эса Эгамиз синайди.
4. Фосиқлар ёвуз одамларнинг гапига киради, ёлғончи эса ғийбатга қулоқ солади.
5. Камбағални мазах қилган уларни Яратганни таҳқирлайди, қийинчиликда қувонадиган жазосиз қолмайди.
6. Набиралар — кексаларнинг тожу тахти, ўғилларнинг шон–шуҳрати оталаридир.
7. Яхши сўз нодонга ярашмагандек, ёлғончилик улуғсифат одамга асло тўғри келмайди.
8. Пора эгасининг назарида сеҳрли қимматбаҳо тош, гўё ҳамма ерда омад келтиради.
9. Гуноҳни беркитган дўстликни сақлайди, уни кавлаштирган эса дўстни узоқлаштиради.
10. Донога берилган битта танбеҳ нодоннинг бошида синган юзта калтакдан таъсирлироқ.
11. Фосиқ фақат ғалаён пайида бўлади, шунинг учун унга ёвуз элчи юборилади.
12. Тентакнинг аҳмоқлигига йўлиққандан кўра, болаларидан айрилган она айиққа дуч келган яхшироқ.
13. Яхшиликка ёмонлик қилганнинг хонадонидан ёмонлик аримайди.
14. Жанжалнинг бошланиши — сув уриб кетишидай, чиқмай туриб уни тўхтат.
15. Фосиқни оқлаш, солиҳни айблаш — иккови ҳам Эгамизга жирканчдир.
16. Бу нима?! Нодоннинг қўлида бойлик бор, “Донолик сотиб олай”, — дейди, лекин унда ақл йўқ.
17. Дўст ҳар қачон севиш учундир, ака–укалар ҳам оғир кун учун туғилган.
18. Қўл ташлаб бировга кафиллик қиладиган ақлсиздир.
19. Гуноҳни яхши кўрган уруш–жанжални севар, ўзига бино қўйган ҳалокат қидирар.
20. Маккор юракли яхшиликка эришмайди, эгри тил эса кулфатга дучор бўлади.
21. Нодон фарзандли бўлиш қайғу келтиради, аҳмоқнинг отаси эса шодлик нималигини билмайди.
22. Шод юрак — шифобахш дори, ғам–кулфат эса жоннинг эговидир.
23. Фосиқ қўйнидан пора олиб адолат йўлини ўзгартиради.
24. Фаҳм–фаросатли инсон доноликка қарайди, нодоннинг кўзи эса дунёнинг нариги четида.
25. Аҳмоқ фарзанд — отасига қайғу, уни туққан онага эса ғамдир.
26. Солиҳни жазолаш, амалдорни одиллиги учун койиш яхши эмас.
27. Кам гапирган — доно, оғир, вазмин эса идроклидир.
28. Аҳмоқ ҳам индамай ўтирса доно, тилини тийган эса фаросатли ҳисобланади.
1. Бошқалардан ажралган ўз истагини қондиришни хоҳлайди, у бутун доноликка қаршидир.
2. Нодон ақл–идрокни ёқтирмайди, фақат ўзини кўрсатади.
3. Фосиқ билан шармандалик келади, ҳурматсизлик билан эса уят.
4. Одамнинг сўзлари чуқур сувга ўхшайди, донолик булоғи эса ошиб–тошган ирмоқдир.
5. Фосиқнинг тарафини олиш, ҳукмда солиҳни айблаш яхши эмас.
6. Аҳмоқнинг тили жанжал чиқаради, сўзлари эса калтак келтиради.
7. Аҳмоқнинг тили ўзига ҳалокат, сўзлари жонига тузоқдир.
8. Ғийбатчининг сўзи ширин овқат кабидир, одамнинг бутун аъзойи баданига сингиб кетади.
9. Ишда дангаса бўлган одам бузғунчига оғайнидир.
10. Эгамизнинг номи мустаҳкам қалъадир, солиҳ у ерга бориб эсон–омон бўлади.
11. Бойнинг бойлиги қалъасидир, унинг назарида шаҳарнинг баланд девори.
12. Такаббурлик ҳалокатга олиб боради, камтаринлик эса шон–шуҳрат келтиради.
13. Охиригача тингламай жавоб берган аҳмоқдир, у шарманда бўлади.
14. Одамнинг руҳи касалликка чидай олади, лекин тушкун руҳга ким тоқат қила олади?!
15. Ақллининг қалби билим олади, доно илму маърифатга интилади.
16. Совға эгасига ҳамма эшикларни очади, катта одам олдига олиб боради.
17. Биринчи гапирган одам бошқаси келиб, текширмагунча, ҳақ кўринади.
18. Қуръа жанжални тўхтатади, кучли рақибларни ҳам ажратади.
19. Хафа бўлган биродарга яқинлашиш кучли шаҳарни олишдан ҳам қийин, ўртадаги жанжал қалъанинг қулфига ўхшайди.
20. Одамнинг қорни оғзининг маҳсули, тилининг самараси билан тўяди.
21. Ўлим ҳам, ҳаёт ҳам тилнинг ҳукмидадир, бирисини севган мевасини ейди.
22. Хотин топган бахт топиб, Эгамизнинг марҳаматига сазовор бўлади.
23. Камбағал илтижо билан гапиради, бой эса қўпол жавоб беради.
24. Шундай дўст борки, у ҳалокат келтиради, дўст борки, у туғишгандан ҳам яқинроқдир.
1. Тўғри юрадиган камбағал эгри тилли аҳмоқдан яхшироқ.
2. Билимсиз истак яхши эмас, шошқалоқлар эса қоқилади.
3. Нодоннинг нодонлиги ҳаётини бузади–ю, Эгамиздан жаҳли чиқади.
4. Бойлик дўстлар устига дўст келтиради, камбағал эса дўстидан ҳам айрилади.
5. Сохта гувоҳ жазосиз қолмайди, ёлғон гапирувчи эса қочиб қутулмайди.
6. Аъёнларнинг марҳаматини истайдиган кўп, совға берувчига эса ҳамма дўстдир.
7. Камбағалдан ҳамма ака–укалари нафратланади, дўстлари ҳам узоқлашади, қидирганда уларнинг изи ҳам йўқ.
8. Доноликка эришган ўз жонини севади, фаросатли бўлган эса яхшилик топади.
9. Сохта гувоҳ жазосиз қолмайди, ёлғончи ҳалок бўлади.
10. Ҳашаматли яшаш аҳмоққа ярашмаганидек, хўжайин устидан ҳокимлик қилиш қулга ҳам тўғри келмайди.
11. Одамнинг ақли жаҳлини тияди, гуноҳни кечириш унга шуҳрат келтиради.
12. Шоҳнинг ғазаби шернинг ўкиришига ўхшайди, муруввати эса майсадаги шабнам кабидир.
13. Нодон ўғил отасига ташвиш, хотиннинг жанжали эса бетўхтов томадиган томчидайдир.
14. Уй ва бойлик — отадан мерос, фаросатли хотин эса Эгамиздандир.
15. Дангасалик одамни уйқучи қилади, ялқов эса оч қолади.
16. Амрларга амал қилган ўз жонини асрайди, ўз ҳаётини хор қилган эса ўлади.
17. Камбағалга раҳм қилиш — Эгамизга қарз беришдай, У яхшиликни қайтаради.
18. Умид бор экан, фарзандингни тарбия қил, бузилиб, нобуд бўлишига йўл қўйма.
19. Жаҳлдор жазосини олади, уни бир қутқарсанг яна қутқаришингга тўғри келади.
20. Насиҳатга қулоқ сол, панд–ўгитни қабул қил, шунда умринг бўйи оқил бўласан.
21. Инсоннинг юрагида ният кўп, лекин фақат Эгамизнинг айтгани амалга ошади.
22. Инсоннинг истаги — садоқатли севги, камбағал ёлғончидан яхшироқдир.
23. Эгамиздан қўрқиш ҳаётга элтади, одам ҳузур–ҳаловатда яшаб ташвишга учрамайди.
24. Дангаса қўлини косага чўзади–ю, оғзига олиб келишга эринади.
25. Мазах қилувчини уриш! Шунда содда одамларга ақл киради. Фаросатлига танбеҳ берсанг, билими ошади.
26. Отасига зўравонлик қилиб, онасини ҳайдаган ўғил уят ва шармандалик келтиради.
27. Эй, ўғлим, агар насиҳатга қулоқ тутмасанг, илм–маърифатдан юз ўгирган бўласан.
28. Маккор гувоҳ адолат устидан кулади, фосиқнинг оғзи ёвузликни ўзига олади.
29. Мазах қилувчиларга ҳукм, нодонларга эса калтак тайёрдир.
1. Шароб — мазахчи, ароқ — жанжалкаш, уларга алданганлар нодондир.
2. Шоҳнинг ғазаби — шернинг ўкиришидай, жаҳлини чиқарган жонини йўқотади.
3. Жанжалдан ўзини тортиш — инсоннинг ҳурмати, аҳмоқ эса жанжалга аралашади.
4. Дангаса кузда ер ҳайдамайди, ўрим пайти эса қидириб ҳеч нарса тополмайди.
5. Инсоннинг фикрлари — чуқур сув кабидир, фаҳмли одам ташқарига чиқара олади.
6. Кўпчилик ўзини содиқ деб айтади, ҳақиқатан ҳам садоқатли бўлганни топиб кўр–чи!
7. Солиҳ ҳалол яшайди, унинг болалари нақадар бахтлидир!
8. Ҳукмронлик қилаётган шоҳ ўз кўзи билан барча ёмонликларни ажратади.
9. “Қалбимни тозаладим, гуноҳимдан холиман”, деб ким айта олади?!
10. Икки турли тарози тоши ва нотўғри ўлчов — иккови ҳам Эгамизга жирканчдир.
11. Ҳатто ёш болани ҳам хулқидан, тўғри ё поклигини ишларидан билса бўлади.
12. Эшитадиган қулоқ, кўрадиган кўз — икковини ҳам Эгамиз яратган.
13. Уйқуни яхши кўрма, бўлмаса камбағал бўласан, кўзларингни оч, қорнинг тўяди.
14. Харидор: “Яхши эмас, яхши эмас!” — дейди–ю, нарироққа бориб мақтанади.
15. Олтин бор, ёқут тошлар ҳам кўп, бироқ энг қимматбаҳо нарса — билимли тил.
16. Бегонага кафиллик қилганнинг кийимини ечиб ол, чет элликдан эса гаров ол.
17. Ноҳақлик билан топилган нон ширин, аммо кейин оғиз тупроқ билан тўлади.
18. Маслаҳат билан режа туз, ақлли йўл–йўриқ билан уруш олиб бор.
19. Чақимчи сирларни очади, оғзи бўш одам билан алоқада бўлма.
20. Ким ота–онасини лаънатласа, унинг чироғи зулматда ўчиб қолади.
21. Бошида шошилиб олинган мерос охирида баракали бўлмайди.
22. Ёвузлик учун қасос оламан демагин, Эгамизга умид боғлаб кутгин, У сени қутқаради.
23. Икки хил тарози тоши Эгамизга жирканчдир, ёлғон тарози ҳам яхши эмас.
24. Инсоннинг қадами — Эгамиздан, шундай экан, у ўз йўлини қандай тушунсин?!
25. Ўйламасдан Худога ваъда берган киши, аҳд қилгандан кейин иккиланган одам тузоқдадир.
26. Доно шоҳ ёвузларни ажратиб, уларнинг устидан тегирмон тоши юргизади.
27. Одамнинг руҳи — Эгамизнинг чироғи, вужуднинг барча чуқурликларини текшириб туради.
28. Абадий севги шоҳни асрайди, ўша иноят туфайли унинг тахти мустаҳкамдир.
29. Йигитнинг ғурури қувватида, оқарган сочлар эса кексанинг шуҳратидир.
30. Қамчининг жароҳати ёмонликка даводир, калтак зарби вужуднинг энг чуқур жойларини тозалайди.
1. Шоҳнинг юраги Эгамизнинг қўлида, уни ирмоқдай хоҳлаган томонга буради.
2. Одамнинг қилмишлари ўзининг назарида тўғри, аммо Эгамиз юракларни синайди.
3. Адолату ҳақиқатга амал қилиш Эгамизга қурбонликдан афзалроқдир.
4. Такаббур кўзлар ва мағрур юрак чироқ каби фосиқнинг гуноҳини кўрсатади.
5. Меҳнаткашнинг режаси фақат мўл– кўлчилик келтиради, шошқалоқ камбағалликка учрайди.
6. Ёлғон билан бойлик топадиганлар чиқиб кетадиган буғ кабидир, ўз ўлимини излайди.
7. Ёвузнинг зўравонлиги бошига етади, чунки адолат билан иш қилишни рад этади.
8. Гуноҳкорнинг йўли — эгри, софдилнинг иши — тўғри.
9. Уришқоқ хотин билан кенг уйда умр кечиргандан кўра, чордоқда яшаган афзал.
10. Ёвузнинг кўнгли ёмонликка ташна, қўшниси ундан раҳм–шафқат топмайди.
11. Мазах қилувчи жазоланса, содда[72] одамлар доно бўлади, донога йўл–йўриқ берилса, билими ошади.
12. Худо одилдир, фосиқнинг уйини У кузатиб туради, у фосиқни ҳалокатга мубтало қилади.
13. Камбағалнинг йиғисига ким қулоқ солмаса, ўзи йиғлаганда ҳам ҳеч ким жавоб бермайди.
14. Яширинча берилган совға жаҳлни юмшатади, енг ичидаги пора эса қаттиқ ғазабни.
15. Адолатга амал қилиш солиҳларга севинч, фосиқларга эса қўрқинчдир.
16. Ақл–идрок йўлидан чиққанлар ўликлар орасидадир.
17. Зиёфатни севган қашшоқлашади, шароб билан мойни яхши кўрган одам бой бўлмайди.
18. Фосиқ солиҳдан, хоин эса тўғри кишилардан кўра, кўпроқ азоб чекади.
19. Уришқоқ ва баджаҳл хотин билан яшагандан кўра, чўлу биёбонда яшаш яхшироқ.
20. Дононинг уйида ёғ ҳам, энг яхши нарсалар ҳам бор, ақлсиз эса уни сарфлаб юборади.
21. Тўғрилик ва иноят пайида бўлганлар узоқ умр, солиҳлик ва шон–шуҳратга эришади.
22. Доно энг қудратли шаҳарга бориб, таянч бўлган қалъани ҳам вайрон қилади.
23. Оғзини ва тилини қўриқлаган ўз жонини ташвишлардан асрайди.
24. Такаббур ва мағрурнинг номи “мазахчи”, ҳамма нарсани манманлик билан қилади.
25. Дангасанинг орзуси ўлимга олиб келади, чунки қўллари ишга бормайди.
26. Дангасанинг куни баднафслик билан ўтади, солиҳ эса аямасдан беради.
27. Фосиқларнинг қурбонлиги жирканчдир, ёвуз ният билан келтирилгани эса ундан ҳам баттар.
28. Сохта гувоҳ йўқ бўлади, ҳақиқатга қулоқ солган эса қолади.
29. Фосиқнинг юзи қаттиқ, тўғри одам эса ўз йўлини билади.
30. Эгамизга қарши донолик ҳам, идрок ҳам, режа ҳам йўқ.
31. От жанг куни учун тайёрланади, ғалаба эса Эгамизнинг қўлида.
1. Яхши ном — энг катта бойликдан ортиқ, марҳаматга сазовор бўлиш эса кумушу олтиндан ҳам яхши.
2. Бой билан камбағалнинг бир ўхшашлиги бор, икковини ҳам Эгамиз яратган.
3. Эс–ҳушли хавф–хатарни кўриб яширинади, содда эса тўхтамасдан бораверади, шунинг учун қийналади.
4. Камтарлик ва Эгамиздан қўрқиш бойлик, ҳурмат ва ҳаёт келтиради.
5. Эгрининг йўлида тиканзор ва тузоқлар бор, ўз жонини асраган ундан узоқлашади.
6. Болани тўғри йўлга солиб тарбияла, шунда қариганда ҳам йўлидан адашмайди.
7. Бойлар камбағаллар устидан ҳукмронлик қилади, қарздор эса қарз берганнинг қулидир.
8. Фосиқликни эккан ташвиш йиғади, жаҳл қамчиси эса синади.
9. Сахий барака топади, чунки ўз нонини камбағаллар билан баҳам кўради.
10. Мазах қилувчини орадан қув! Шунда ғавғо кетади, жанжалу ҳақорат ҳам барҳам топади.
11. Покдилликни севиб, хушмуомала бўлганга шоҳ дўст бўлади.
12. Эгамиз илм–маърифатли инсонни асрайди, У хоиннинг сўзларини пучга чиқаради.
13. Дангаса: “Ташқарида шер бор, кўчада мени ўлдиради”, — дейди.
14. Бузуқ аёлнинг оғзи тубсиз чоҳдир, Эгамизнинг ғазабига учраганлар унга тушади.
15. Ақлсизлик боланинг дилига ўрнашган, танбеҳ қамчиси уни ажратиб юборади.
16. Бой бўламан деб қашшоқни эзган ҳам, бойга совға қилган ҳам камбағаллашади.
17. Доноларнинг сўзларига қулоқ тут, қалбингни билимимга оч.
18. Чунки бу сўзларни қалбингда сақласанг, дилинг яшнайди, улар доим тилингда тайёр бўлсин.
19. Эгамизга умид боғлагин деб бугун шуларни ўргатяпман.
20. Сенга билим ва маслаҳат билан ўттизта насиҳат ёзиб бермаганмидим?!
21. Бу ҳақиқат сўзларини ўрганиб, сени юборганларга айтиб беришинг учун эди.
22. Камбағалдан камбағаллиги учун ўғирлама, бахтсизни дарвоза олдида ҳукм қилганда қийнама.
23. Чунки Эгамиз ҳимоя қилиб, улардан олганнинг жонини олади.
24. Уришқоқ билан дўстлашма, баджаҳл билан юрма.
25. Бўлмаса сен ҳам уларнинг йўлига тушиб қоласан, жонингни тузоққа илинтирасан.
26. Бегона билан қўл ташлашма, ўзганинг қарзига кафиллик берадиганларнинг бириси бўлма.
27. Тўлаш учун ҳеч нарсанг бўлмаса, нега тагингдаги тўшагингни олиб кетиши керак?!
28. Ота–боболаринг қўйган қадимий чегараларни бузма.
29. Ўз ишига моҳир устани кўрганмисан? У оддий одамларга эмас, шоҳга хизмат қилади.
1. Ҳоким билан овқатланишга ўтирганда, олдингга қўйилган нарсаларга назар сол.
2. Агар иштаҳанг катта бўлса, бўғзингга пичоқ қўй.
3. Унинг неъматларини кўнглинг тусамасин, чунки у алдайдиган таомдир.
4. Бой бўлай деб кўп ҳаракат қилма, фаҳму фаросат билан бу фикрингдан воз кеч.
5. Бойлик кўз очиб–юмгунча йўқ бўлади, қанот қоқиб бургутдай осмонга учиб кетади.
6. Хасиснинг овқатидан ема, унинг неъматларини кўнглинг тусамасин.
7. Чунки у кўнглида ўзининг фойдасини ҳисоблайди, “Егин, ичгин”, — дейди–ю, кўнгли сен билан эмас.
8. Еган луқмангни қайт қиласан, ширин сўзларинг ҳавога учиб кетади.
9. Аҳмоққа гап гапирма, ҳикматли сўзларингни рад этади.
10. Қадимий чегараларни бузма, етимларнинг даласини тортиб олма.
11. Чунки уларнинг Ҳимоячиси қудратли, У етимларнинг тарафини олади.
12. Юрагингни насиҳатга, қулоқларингни эса идрок сўзларига оч.
13. Боладан танбеҳни аяма, чунки таёқ билан урсанг ўлмайди.
14. Таёқ билан уриб жазоласанг, жонини дўзахдан сақлайсан.
15. Ўғлим, қалбингда донолик бўлса, юрагим қувонади.
16. Тилингдан тўғри сўз чиқса, кўнглим ҳам шодланади.
17. Гуноҳкорларга ҳавас қилма, доим Эгамиздан қўрқиб юр.
18. Чунки албатта келажак бор, умидинг рўёбга чиқади.
19. Ўғлим, тинглаб доно бўл, юрагингни тўғри йўлга сол.
20. Майхўр ва очкўзлик билан гўшт ейдиганлар орасида бўлма.
21. Чунки майхўр ва очкўз қашшоқ бўлади, уйқучилик эса жулдур кийим кийдиради.
22. Сени дунёга келтирган отангга қулоқ сол, онанг қариганда хор қилма.
23. Ҳақиқатни сотиб ол, донолик, йўл–йўриқ, идрок ҳам ол, уларни сотма.
24. Солиҳ отасининг бошини кўкка етказади, доно фарзанд уни хурсанд қилади.
25. Ота–онанг сендан хурсанд бўлсин, сенга ҳаёт берган онанг шод бўлсин.
26. Ўғлим, менга қалбингни оч, кўзларинг ишларимни кузатсин.
27. Чунки бузуқ хотин — тубсиз чоҳ, зинокор хотин тор қудуқдир.
28. У қароқчи каби пойлаб туради, одамлар орасида вафосизликни орттиради.
29. Қайғу кимда, ким ғам–ташвиш тортади, ким жанжал қилади, шикоят қилган ким? Ким сабабсиз яраланади? Кимнинг кўзлари қип–қизил?
30. Шароб ичишга берилганлар, хуш ҳидли майни тотиб кўришга кўп борган.
31. Шаробнинг қизиллигига, қадаҳда чўғдай товланишига, текис қуйилишига қарама.
32. Охирида у илон каби чақади, қора илондай заҳар сочади.
33. Кўзларинг ғалати нарсаларни кўради, юрагингда эгри фикрлар бўлади.
34. Денгиз ўртасида ётгандай, кема устунида ухлагандай бўласан.
35. “Мени урдилар, оғримади, калтакладилар, лекин билмадим. Қачон уйғонаман?! Яна бир ичай”, — дейсан.
1. Фосиқларга ҳавас қилма, улар билан бирга бўлишга интилма.
2. Чунки улар зўравонликни ният қилади, тиллари эса ёмонликни гапиради.
3. Уй донолик билан қурилади, идрок билан мустаҳкам бўлади.
4. Хоналар эса билим билан турли қимматбаҳо, қимматли бойликка тўлади.
5. Доно сипоҳлар кучли сипоҳлардан, илм–маърифатлилар эса кучи борлардан қудратлироқдир.
6. Яхши одам йўл–йўриқ билан урушга боради, маслаҳатчилар кўплиги туфайли ғалаба қилади.
7. Аҳмоқ доноликка етишмайди, ҳукмда оғзини оча олмайди.
8. Ёмон ният қилувчининг номи шаккокдир.
9. Аҳмоқлик билан тузилган режа гуноҳдир, мазахчидан одамлар жирканади.
10. Ташвишли кунда ожиз бўлганнинг кучи камдир.
11. Ўлимга маҳкум бўлганларни, дорга олиб кетилаётганларни қутқар.
12. “Билмайман”, — десанг ҳам, юракни синайдиган Худо кўрмайдими, жонни асрайдиган буни билмайдими? Ҳаммага уларнинг ишига яраша қайтармайдими?
13. Ўғлим, асал еб кўргин, у яхши, асалари муми оғзингга шириндир.
14. Донолик жонингга асалдайдир, унга эришсанг келажагингни топасан, умидинг рўёбга чиқади.
15. Эй, фосиқ, солиҳнинг уйига пистирма қурма, уй–жойига тегма.
16. Солиҳ етти марта йиқилса ҳам туриб кетаверади, фосиқ эса ҳалокатга учрайди.
17. Душманинг йиқилганда севинма, қоқилгани учун юрагинг қувонмасин.
18. Бўлмаса Эгамиз буни кўриб ёқтирмай, ғазабини ундан ўгиради.
19. Фосиқлардан жаҳлинг чиқмасин, ёмонларга ҳавас қилма.
20. Чунки ёмонларнинг келажаги йўқ, фосиқларнинг чироғи эса ўчиб қолади.
21. Эй, ўғлим, Эгамиздан ҳам, шоҳдан ҳам қўрқ, уларга қарши бош кўтарма.
22. Чунки улардан кулфат кутилмаганда келади, икковидан келадиган ҳалокатни ким билади?!
23. Қуйидаги сўзлар ҳам донолардан. Ҳукмда тарафгарчилик қилиш яхши эмас.
24. Фосиққа “солиҳсан” деганни эл лаънатлайди, халқлар ундан нафратланади.
25. Унга танбеҳ берганлардан хурсанд бўлади, улар қут–барака топадилар.
26. Тўғри жавоб берадиганларни эса ҳамма севади.
27. Ташқаридаги юмушингни бажар, даладаги барча ишларингни тартибга сол, кейин уйингни қургин.
28. Сабабсиз ўзгага қарши гувоҳлик берма, тилинг билан алдама.
29. “Менга нима қилган бўлса, мен ҳам шундай қиламан, қилмишига яраша қайтараман”, — дема.
30. Дангасанинг даласидан, нодоннинг узумзори ёнидан ўтдим.
31. Ана, ҳамма ёқ тиканзор, ҳамма ерда қичитқи ўт, тош девор ҳам қулаб, ер билан битта бўлиб ётибди.
32. Қараб, ўйлаб кўрдим, уни кўриб сабоқ олдим.
33. “Бироз ухлай, бир мизғиб олай, ёнбошлаб бирпас дам олай”, — дейди.
34. Шунинг учун қашшоқлик йўлтўсардай, муҳтожлик эса қароқчидай устига келади.
1. Қуйидагилар ҳам Сулаймоннинг ҳикматларидир. Бу ҳикматлар Яҳудо шоҳи Ҳизқиёнинг одамлари томонидан ёзиб олинган.
2. Сирли қилиш — Худонинг шуҳрати, ишларни текшириб билиш эса шоҳ шарафидир.
3. Осмон баланд, денгиз чуқур, шоҳнинг юраги ҳам шундай, уни тушуниш қийин.
4. Кумушдан чиқиндини олиб ташла, ўшанда яхши идиш қолади.
5. Фосиқни шоҳ олдидан чиқариб ташла, шунда шоҳнинг тахти ҳақиқат билан мустаҳкам бўлади.
6. Шоҳнинг олдида ўзингни юқори қўйма, улуғ одамлар турганда тўрига чиқма.
7. Чунки ўзинг кўриб турган амирлар олдида биров сени пойгакка туширгандан кўра, “Тўрига ўтинг” дегани яхшироқ.
8. Шошилиб арз қилма, охирида қўшниларнинг олдида уялиб қолсанг нима бўлади?
9. Қўшнингнинг ўзи билан гаплаш, сирни бошқаларга очма.
10. Бўлмаса, эшитганлар сени уятга қўяди, номинг бир умрга ёмон бўлади.
11. Ўз ўрнида айтилган сўз тилла узукка қўйилган ёқут кўздайдир.
12. Дононинг танбеҳи тинглаган қулоққа тилла сирға ва олтин безакдайдир.
13. Садоқатли хабарчи уни юборганларга ўрим пайтидаги қордайдир, хўжайинининг қалбини севинтиради.
14. Қилмаган совғаси билан мақтанадиган одам ёмғирсиз булут ва шамол кабидир.
15. Сабр–тоқат билан гапирилса амалдор ҳам кўнади, мулойим сўз эса тошни ҳам синдиради.
16. Асал топсанг, етарлича егин, ортиқчаси қайт қилдиради.
17. Қўшнингникига ҳадеб кираверма, бўлмаса сендан безиб, ёмон кўриб қолади.
18. Ўзгага қарши сохта гувоҳлик берган одам болта, қилич, ўткир ўққа ўхшайди.
19. Ташвишли кунда вафосизга суяниш, синган тиш ва чўлоқ оёққа ишониш кабидир.
20. Ғамгин одам олдида қўшиқ айтиш аёзда уст–бошини ечиб ташлагандай, жароҳатга сирка суртиш кабидир.
21. Душманинг оч бўлса, овқат бер, чанқаган бўлса, сув ичир.
22. Шунда унинг бошига ёнаётган чўғ йиққандай бўласан, Эгамиз эса сени тақдирлайди.
23. Шимолдан эсадиган шамол жала, ғийбат эса ғазаб келтиради.
24. Кенг уйда уришқоқ хотин билан яшашдан кўра, чордоқда яшаган яхшироқ.
25. Узоқ юртдан келган хушхабар чарчаган одамга совуқ сув кабидир.
26. Фосиққа бош эгган солиҳ лойқаланган булоқ ва бузилган қудуқдайдир.
27. Кўп асал ейиш яхши эмас, иззатталаб бўлиш ҳам ҳурмат келтирмайди.
28. Ўзини тута олмайдиган одам деворсиз вайрона шаҳар кабидир.
1. Ақлсизга иззат–ҳурмат кўрсатиш ёзда ёққан қор, йиғим–терим пайтидаги ёмғир кабидир.
2. Қушлар бекорга осмонга кўтарилмагандай, сабабсиз лаънат ҳам одамга тегмайди.
3. Отга — қамчи, эшакка — сувлуқ, ақлсизнинг орқасига эса — таёқ.
4. Нодонга нодонлигига яраша жавоб берма, бўлмаса сен ҳам унга ўхшаб қоласан.
5. Нодонга нодонлигига яраша жавоб бер, тағин ўзича доно бўлиб кетмасин.
6. Ақлсиз орқали хабар юборган одам оёғини кесиб ташлагандай азоб чекади.
7. Аҳмоқнинг оғзидаги матал чўлоқ оёқдайдир.
8. Ақлсизга иззат–ҳурмат кўрсатиш палахмонга тош боғлаб қўйиш кабидир.
9. Нодоннинг тилидаги матал мастнинг қўлидаги тикандайдир.
10. Аҳмоқни ва йўлдан ўтган ҳар бир мастни ёллаган одам тўғри келганни отадиганга ўхшайди.
11. Ўз қусуғига қайтиб келадиган ит каби, нодон ҳам ўз ақлсизлигини такрорлайди.
12. Ўзини доно деб ўйлаганни кўрганмисан? Ундан кўра, ақлсиздан умид кўпроқ.
13. Дангаса: “Кўчада шер бор, у очиқ майдонда юрибди”, — дейди.
14. Эшик ўз ўқида айланади, танбал эса ўз ўрнида.
15. Дангаса қўлини косага чўзади–ю, оғзига олиб келишга эринади.
16. Танбал ўз назарида фаросат билан гапирадиган етти кишидан ҳам донороқ.
17. Бошқаларнинг жанжалига аралашган дайди итнинг қулоғидан чўзгандайдир.
18. Телба ўт, найза ва ўлим ёғдиради.
19. Бировни алдаб: “Фақат ҳазиллашган эдим” деган ҳам шундай.
20. Ўтин бўлмаса, ўт ўчиб қолади, чақимчи бўлмаса, жанжал тўхтайди.
21. Кўмир — чўғ учун, ўтин — олов учун, уришқоқ эса жанжал чиқариш учундир.
22. Ғийбатчининг сўзи — энг ширин овқат, бутун аъзойи баданга сингиб кетади.
23. Ширин сўзли ёмон ниятли одам кумуш суви юритилган сопол идиш кабидир.
24. Душман тилида бошқача сўзлайди, дилида эса алдашни ният қилади.
25. У юмшоқ сўзлаганда ишонма, чунки юраги қабиҳликка тўла.
26. Нафрат ёлғон билан яширилган бўлса ҳам, ёмонлиги эл–юртга ошкор бўлади.
27. Бировга чуқур қазиганнинг ўзи унга тушади, тош думалатганга эса ўша тош қайтади.
28. Ёлғончи тил ўзи яралаганни ёмон кўради, хушомадгўй эса ҳалокат келтиради.
1. Эртанги кун билан мақтанма, унинг нима олиб келишини билмайсан–ку!
2. Сени ўзинг эмас, бошқалар, ўз оғзинг эмас, ўзгалар мақтасин.
3. Тош ҳам, қум ҳам оғир, ақлсизнинг ғазаби эса икковидан ҳам оғирроқ.
4. Жаҳл — золим, ғазаб бир тошқиндир, рашк олдида ким бардош бера олади?!
5. Ошкора танбеҳ пинҳона меҳрдан яхшироқ.
6. Душманнинг ширин сўзи эмас, дўстнинг калтаклаши садоқатни кўрсатади.
7. Тўқ одам асални ҳам оёқ ости қилади, очга эса аччиқ нарса ҳам ширин.
8. Ўз уйини ташлаб кетган одам инидан айрилган қушга ўхшайди.
9. Хушбўй мой ва муаттар атир кўнгилни шод қилади, дўстнинг самимий маслаҳати эса қувонч келтиради.
10. Ўз дўстингни ва отангнинг дўстини ташлама, оғир кунда акангникига чопма, яқин қўшни узоқдаги акадан яхшироқ.
11. Эй, ўғлим, доно бўл, қалбимни қувонтир, шунда биров мени танқид қилса ҳам, жавоб қайтара оламан.
12. Эс–ҳушли одам хавф–хатарни кўриб яширинади, содда эса тўхтамасдан бораверади, шунинг учун қийналади.
13. Бегонага кафиллик қилсанг, кийимини ечиб ол, чет элликдан эса гаров ол.
14. Тонг–саҳарлаб дўстига ҳамду сано айтган одам унга лаънат ўқиган бўлади.
15. Жанжалкаш хотин ёмғирли кунда тўхтамай томаётган чаккага ўхшайди.
16. Уни бошқариш шамолни бошқариш ёки ўнг қўл билан мойни ушлаш демакдир.
17. Темир темирни ўткирлайди, инсон эса дўстини.
18. Анжирни парвариш қилган одам унинг мевасидан баҳраманд бўлади, соҳибига яхши қараган эса иззат–ҳурматли бўлади.
19. Сув инсоннинг юзини акс эттиргани каби, юраги ҳам унинг кўзгусидир.
20. Ўлим ва Ҳалокат ҳеч тўймаганидай, инсоннинг кўзи ҳам асло тўймайди.
21. Кумуш, олтин оловда синалади, одам эса мақтовда.
22. Аҳмоқни келига солиб дон билан бирга янчсанг ҳам, аҳмоқлиги ундан ажралмайди.
23. Қўйларингнинг аҳволини яхши бил, подаларингга яхши қара.
24. Чунки бойлик ҳам, тож ҳам абадий эмас.
25. Ўтлар қуриб, янги кўкатлар ўсиб чиққанда, қир–адирдаги ўт–ўланлар йиғиб олинганда,
26. қўзилар кийим–кечагингни, эчкилар эса дала баҳосини қоплайди.
27. Эчкиларнинг сути кўп, сенга ҳам, уй аҳлингга ҳам, ҳатто хизматкорларингга ҳам етарли.
1. Фосиқни ҳеч ким қувмаса ҳам қочаверади, солиҳ эса шердай ботир.
2. Юртда исён бўлганда бошлиқ кўпаяди, ақл–идрокли туфайли эса тинчлик бўлади.
3. Ожизларни эзадиган камбағал овқат қолдирмайдиган селдайдир.
4. Қонунни тан олмайдиганлар фосиқларни мақтайди, қонунга амал қиладиганлар эса улар билан курашади.
5. Фосиқ адолатни тушунмайди, Эгамизга интилган эса ҳамма нарсани тушунади.
6. Камбағал бўлиб тўғри юриш, бой бўлиб эгри юргандан яхшироқ.
7. Доно фарзанд қонунга риоя қилади, ярамасга улфат бўлган эса отасини шарманда қилади.
8. Судхўр ва очкўз қашшоқларга ачинадиганга бойлик йиққан бўлади.
9. Қонундан юз ўгирганнинг ибодати ҳам жирканчлидир.
10. Тўғри одамни ёмон йўлга бошлаган одам қазиган чуқурига ўзи тушади, покдил эса яхшилик топади.
11. Бой ўзининг назарида доно, ақлли камбағал эса ўзини текширади.
12. Солиҳ мартабага эришганда катта байрам, фосиқ лавозимга келса одамлар яширинади.
13. Ўз гуноҳларини яширган ютуққа эришмайди, уларни тан олиб, воз кечган марҳамат топади.
14. Доим Худодан қўрққан бахтлидир! Бағри тош одам эса балога учрайди.
15. Ожиз халқ устидаги ёвуз ҳукмдор ириллаётган шер ва ҳужум қилаётган айиқдайдир.
16. Ақлсиз ҳукмдор жуда золим, адолатсиз фойдадан нафратланадиган узоқ яшайди.
17. Агар биров одам ўлдирган бўлса, ўлгунча қочиб юрсин, унга ҳеч ким ёрдам бермасин.
18. Тўғри юрадиган нажот топади, эгри йўлдан юрадиган эса йиқилади.
19. Ўз ерига ишлов берганнинг нони мўл бўлади, орзу–хаёлларга берилган эса қашшоқликка учрайди.
20. Содиқ баракали бўлади, бойишга шошилган жазосиз қолмайди.
21. Тарафкашлик яхши эмас, бир тўғрам нон деб одам вафосизлик қилади.
22. Хасис одам бойлик орқасидан қувиб, бошига қашшоқлик келишини билмайди.
23. Танқид қиладиган одам хушомадгўйга қараганда кўпроқ марҳамат топади.
24. Ота–онасининг мулкини ўғирлаб, “Бу гуноҳ эмас” деган одам бузғунчига шерикдир.
25. Очкўз жанжал чиқаради, Эгамизга ишонган эса тўқ яшайди.
26. Ўзигагина ишонган аҳмоқдир, ақл билан юрадиган эса нажот топади.
27. Камбағалга берган одам кам бўлмайди, кўриб кўрмасликка олган эса кўп лаънатга учрайди.
28. Фосиқлар мартабага эришса одамлар яширинади, ҳалокатга йўлиққанда эса солиҳлар кўпаяди.
1. Танбеҳ олса ҳам ўжарлигича қоладиган одам бирданига ҳалокатга учрайди, шифо топмайди.
2. Солиҳлар кўпайганда халқ севинади, фосиқ ҳукмрон бўлганда эса фиғон чекади.
3. Доноликни севган ўғил отасини севинтиради, фоҳиша билан алоқада бўлган мол–мулкини барбод қилади.
4. Шоҳ юртни адолат билан мустаҳкамлайди, совғани севадиган эса хароб қилади.
5. Дўстига хушомад қилган одам ўз оёқларига тузоқ қўйгандай бўлади.
6. Фосиқнинг гуноҳи қопқон, солиҳ эса қўшиқ айтиб қувонади.
7. Солиҳ ожизнинг ҳақ–ҳуқуқини билади, фосиқда эса бундай тушунча ҳам йўқ.
8. Мазах қилувчилар шаҳарда тўполон қилади, донолар эса ғазабни тинчлантиради.
9. Доно аҳмоқ билан судлашганда, аҳмоқ аччиқланса ҳам, кулса ҳам ҳаловат нима билмайди.
10. Қонхўр покдил инсондан нафратланади, тўғрининг жонини олмоқчи бўлади.
11. Нодон бор жаҳлини тўкиб солади, доно эса ичида сақлайди.
12. Ҳукмдор ёлғонга қулоқ солса, барча хизматкорлари фосиқ бўлади.
13. Золим билан ожизнинг бир ўхшашлиги бор: икковига ҳам Эгамиз кўз нури берган.
14. Шоҳ камбағални адолат билан ҳукм қилса, унинг тахти абадий мустаҳкам туради.
15. Қамчи билан насиҳат ақл беради, ўз ҳолига ташлаб қўйилган бола эса онасига уят келтиради.
16. Фосиқ кўпайганда гуноҳ ҳам кўпаяди, солиҳ эса фосиқнинг ҳалокатини кўради.
17. Фарзандингга тарбия бер: у сенга ором беради, қалбингни шодликка тўлдиради.
18. Ваҳий бўлмаса эл–юрт йўлдан озади, Худонинг қонунига амал қилган бахтлидир!
19. Қул фақат сўз билан тарбияланмайди, сўзни тушунса ҳам амал қилмайди.
20. Шошилиб гапирадиганни кўрганмисан? Ундан кўра, нодонда умид кўпроқ.
21. Қулни ёшлигидан эркалатиб ўстирса, оқибатда хўжайинига қайғу бўлади.
22. Сержаҳл одам жанжал чиқаради, серзарда эса кўп гуноҳ қилади.
23. Одамнинг мағрурлиги уни паст қилади, камтарин эса иззат–ҳурмат топади.
24. Ўғрига шерик бўлган ўз жонини ёмон кўради, у танбеҳ эшитса ҳам чурқ этмайди.
25. Одамдан қўрқиш тузоққа илинтиради, Эгамизга умид боғлаган эса хавф–хатардан холи бўлади.
26. Ҳукмдор марҳаматини қидирган кўп, лекин инсонни ҳукм қиладиган Эгамиздир.
27. Фосиқ солиҳга жирканч, тўғри юрадиган эса фосиққа жирканчдир.
1. Ёхининг ўғли Ағурнинг Ихтиёлга берган, Ител ва Ўхалга айтган сўзлари:
2. “Ростдан ҳам одамлар орасида энг ақлсизи эканман, инсоннинг ақл–идроки менда йўқ.
3. На доноликни ўрганибман, на Худони билибман.
4. Ким осмонга кўтарилган, осмондан тушган? Шамолни ҳовучларига йиққан ким? Ким сувни ўз кийимига ўраган? Ернинг барча чегараларини ўрнатган ким? Унинг исми нима? Ўғлининг исми–чи? Биласан–ку!
5. Худонинг ҳар бир сўзи ҳақиқатдир, Ўзи эса Унга умид боғлаганнинг қалқони.
6. Унинг сўзларига қўшма, У жазоласа, ёлғонинг фош этилса нима қиласан?
7. Сендан икки нарсани сўрайман, ўлмасимдан олдин қилгин.
8. Сохталик ва ёлғонни мендан узоқлаштир, менга қашшоқлик ҳам, бойлик ҳам эмас, фақат насибамни бергин.
9. Қорним тўйганда: “Эгам ким ўзи?” деб айтмайин, камбағалликдан ўғирлик қилиб Уни бадном қилмайин.
10. Қул сени лаънатламаслиги учун эгасига ёмонлама, бўлмаса жазоланасан.
11. Шундай насл борки, отасига лаънат ўқийди, онасини дуо қилмайди.
12. Шундай насл борки, ўзининг назарида пок, лекин ифлослигидан тозаланмаган.
13. Шундай насл бор, кўзлари қанчалик такаббур, қарашлари эса мағрур.
14. Шундай насл борки, тишлари — қилич, қозиқ тишлари эса пичоқ, ер юзидан камбағални, одамлар орасидан муҳтожни йўқотади.
15. Зулукнинг икки қизи бор: “Бер, бер!” — деб айтади. Ҳеч қачон қониқмайдиган уч нарса, етарли, демайдиган тўрт нарса бор.
16. Дўзах, бепушт бачадон, сувсираган тупроқ ҳамда олов, етарли, демайди.
17. Отани мазахлайдиган, онага бўйсунишни рад этадиган кўзларни қузғунлар чўқийди, калхат болалари ейди.
18. Мени ҳайрон қолдирадиган уч нарса бор, тўрт нарса борки, ақлимга сиғмайди:
19. Ҳаводаги бургутнинг йўли, тош устидаги илоннинг йўли, денгиз ўртасидаги кеманинг йўли ҳамда қизга юрадиган эркакларнинг йўли.
20. Зинокор аёлнинг йўли ҳам шундайдир: у еб бўлгач, оғзини артиб: “Ҳеч бир эгрилик қилмадим–ку!” — дейди.
21. Ер уч нарсадан ларзага келади, тўрт нарсани кўтара олмайди:
22. Қул шоҳлик қилганда, аҳмоқ тўйганда,
23. Ёмон кўрилган аёл эрга текканда, чўри бекасининг ўрнини олганда.
24. Ер юзида тўртта кичкина нарса бор, лекин ўта доно:
25. Чумолилар заиф, лекин егулигини ёзда тайёрлайди.
26. Бўрсиқ камқувват, лекин инини қояга қуради.
27. Чигирткаларнинг сардори йўқ, лекин барчаси ҳамжиҳат юриш қилади.
28. Ўргимчакни қўл билан ушласа бўлади, лекин саройда ҳам юради.
29. Юриши салобатли уч нарса, қадами улуғвор тўрт нарса бор:
30. Шер ҳайвонлар ичида энг кучлиси, ҳеч нимадан қочмайди.
31. Мақтаниб юрадиган хўроз, серка ва ғолиб шоҳ.
32. Ўзингни юқори қўйиб аҳмоқлик ёки ёмон ният қилган бўлсанг, оғзингни қўлинг билан юм.
33. Чунки кув пишса ёғ чиқади, бурунга урса қонайди, жаҳлни қўзғатса жанжал чиқади.”
1. Шоҳ Лемулнинг сўзлари. Бу сўзларни унга онаси ўргатган:
2. “Ўғлим, нима десам экан? Нима дейин, эй, жигарбандим? Худодан тилаб олган ўғлим, сенга не айтай?
3. Қувватингни хотинларга берма, шоҳни бузадиганларга ҳаётингни сарф қилма.
4. Эй, Лемул, шоҳлар учун эмас шароб, май амалдорлар учун эмас!
5. Улар ичиб қонунни унутади, эзилган халқнинг ҳукмида эгрилик қилади.
6. Майни ҳалок бўлаётганга, шаробни эса қайғу чекканга бергин.
7. Улар ичиб камбағаллигини унутсин, фалокатларини эсламасин.
8. Оғзингни гунг учун очгин, бошига кулфат тушганларнинг тарафини олгин.
9. Гапир, адолат билан ҳукм қил, бечора ва камбағалларни ҳимоя қил.”
10. Фаросатли хотинни ким топа олади? Унинг баҳоси гавҳардан ҳам баланд.
11. Эри унга юракдан ишонади, ҳеч нарсага муҳтож бўлмайди.
12. У эрига ёмонлик эмас, бир умр яхшилик қилади.
13. Жун ва сурп топади, хурсанд бўлиб ўз қўли билан ишлайди.
14. Савдо кемалари каби узоқдан нонини келтиради.
15. Қоронғуда ўрнидан туриб, уй аҳлини овқатлантиради, хизматкорларига топшириқ беради.
16. Ўйлаб дала сотиб олади, ўз қўли билан узумзор яратади.
17. Белини маҳкам боғлаб, қўлларига қувват беради.
18. Қилган ишининг роҳатини кўради, тунлари ҳам чироғи ўчмайди.
19. Қўлини чархга қўяди, бармоқлари дукни тутади.
20. Камбағалларга қўлини узатади, муҳтожларга раҳм қилади.
21. Уй аҳли учун қиш–қировдан қўрқмайди, чунки улар ҳаммаси қалин кийинтирилган.
22. Ўзи учун сўзана тикади, либоси эса кимхоб ва шойидандир.
23. Эри юрт оқсоқоллари орасида ўтиради, шаҳар дарвозасида танилган.
24. Яна шойидан кийим тикиб сотади, савдогарларга белбоғ етказиб беради.
25. Либоси — қувват, шараф, у келажакка қараб қувонади.
26. Донолик билан сўзлайди, меҳр билан насиҳат қилади.
27. Уй аҳлига яхши қарайди, дангасалик қилмайди.
28. Болалари туриб дуо қилади, эри ҳам мақтайди.
29. “Фаросатли аёллар кўп, аммо сен ҳаммасидан аълосан.”
30. Жозиба алдамчи, чирой эса ўткинчидир, аммо Худодан қўрқадиган аёл кўкка кўтарилади.
31. Меҳнатининг мевасини кўрсин, ишлари дарвозаларда уни шарафласин.

Скачать Hikmatlar - 1-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.35 МБ)

Скачать Hikmatlar - 2-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (0.72 МБ)

Скачать Hikmatlar - 3-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.21 МБ)

Скачать Hikmatlar - 4-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (0.86 МБ)

Скачать Hikmatlar - 5-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (0.74 МБ)

Скачать Hikmatlar - 6-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.2 МБ)

Скачать Hikmatlar - 7-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (0.8 МБ)

Скачать Hikmatlar - 8-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.27 МБ)

Скачать Hikmatlar - 9-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (0.61 МБ)

Скачать Hikmatlar - 10-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.21 МБ)

Скачать Hikmatlar - 11-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.26 МБ)

Скачать Hikmatlar - 12-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1 МБ)

Скачать Hikmatlar - 13-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (0.98 МБ)

Скачать Hikmatlar - 14-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.54 МБ)

Скачать Hikmatlar - 15-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.19 МБ)

Скачать Hikmatlar - 16-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.17 МБ)

Скачать Hikmatlar - 17-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.08 МБ)

Скачать Hikmatlar - 18-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (0.81 МБ)

Скачать Hikmatlar - 19-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.05 МБ)

Скачать Hikmatlar - 20-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.08 МБ)

Скачать Hikmatlar - 21-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.15 МБ)

Скачать Hikmatlar - 22-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.02 МБ)

Скачать Hikmatlar - 23-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.13 МБ)

Скачать Hikmatlar - 24-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.14 МБ)

Скачать Hikmatlar - 25-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.02 МБ)

Скачать Hikmatlar - 26-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.01 МБ)

Скачать Hikmatlar - 27-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.06 МБ)

Скачать Hikmatlar - 28-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.05 МБ)

Скачать Hikmatlar - 29-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.08 МБ)

Скачать Hikmatlar - 30-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.45 МБ)

Скачать Hikmatlar - 31-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.08 МБ)

Инжил



Muqaddas Kitob. Tavrot, Zabur, Injil
Tavrot | Zabur | Injil (+audio)
Muqaddas Kitob  Muqaddas Kitob APP
Yuklab olish - Muqaddas Kitob O'zbek tilida Injil (latin 27mb .pdf)
Скачать - Муқаддас Китоб (Инжил) (кирилл 26mb .PDF)

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz


Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Matto Muqaddas xushxabar  Mark Muqaddas xushxabar  Luqo Muqaddas xushxabar  Yuhanno Muqaddas xushxabar  Havoriylarning faoliyati  Yoqubning maktubi  Butrusning birinchi maktubi  Butrusning ikkinchi maktubi  Yuhannoning birinchi maktubi  Yuhannoning ikkinchi maktubi  Yuhannoning uchinchi maktubi  Yahudoning maktubi  Rimliklarga maktub  Korinfliklarga birinchi maktub  Korinfliklarga ikkinchi maktub  Galatiyaliklarga maktub  Efesliklarga maktub  Filippiliklarga maktub  Kolosaliklarga maktub  1-Salonikaliklarga  2-Salonikaliklarga  Timo'tiyga birinchi maktub  Timo'tiyga ikkinchi maktub  Titusga maktub  Filimo'nga maktub  Ibroniylarga maktub  Yuhannoga ko'rsatilgan vahiy


Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18


Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida  Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida  Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак