Инжил

Ҳаворийларнинг Фаолияти

1. Эй Теофил, Исонинг бажаришга ва ўргатишга киришган ҳамма нарсаларини, чунончи Унинг дастлабки кунларидан бошлаб,
2. то Ўзининг танлаган ҳаворийларига Муқаддас Руҳ амри ила буйруқлар бериб, осмонга кўтарилган кунигача рўй берган ҳамма воқеаларни илк китобимда қаламга олдим.
3. Исо азоб чекиб ўлгандан кейин, қирқ кун мобайнида ҳаворийларига зоҳир бўлиб, Худонинг Шоҳлиги ҳақида уларга сўзлар ва кўп ишонарли исботлар билан Ўзини барҳаёт қилиб кўрсатар эди.
4. Уларни тўплаб, буюриб деди: – Қуддус шаҳридан кетиб қолманглар, балки Отамнинг берган ваъдаси амалга ошгунча у ерда кутиб туринглар. Сизлар бу ваъдани Мендан эшитгансизлар.
5. Яҳё пайғамбар одамларни сувга чўмдириб, тавба қилдирган, сизлар эса кўп ўтмай Муқаддас Руҳга чўмдириласизлар.
6. Ҳаворийлар шундай йиғилган пайтда, Исодан сўрадилар: – Ё Раббий, Сенинг Исроилда Шоҳликни тиклашинг шу вақтга тўғри келмайдими?
7. Исо уларга деди: – Отам Ўз эрки билан белгилаб қўйган вақту фурсатларни билиш сизларнинг ишингиз эмас.
8. Лекин Муқаддас Руҳ устингизга тушиб келганда, сизлар қувват оласизлар, Қуддусда, Яҳудия билан Самариянинг ҳамма жойида ва ҳатто дунёнинг энг олис ерларида ҳам Менинг шоҳидларим бўласизлар.
9. Буларни айтгач, Исо уларнинг кўз олдида осмонга кўтарилди. Уни булут қоплаб, кўздан ғойиб бўлди.
10. Исо кўтарилаётиб, ҳаворийлар осмонга тикилиб турган пайтда, оқ кийим кийган икки зот уларнинг ёнида пайдо бўлди:
11. – Эй жалилаликлар! Нега сизлар осмонга қараб турибсизлар? Сизларнинг орангиздан осмонга олинган бу Исо, кўкка кўтарилганини қандай кўрган бўлсангиз, худди шундай қайтиб келади, – дейишди.
12. Шундан сўнг ҳаворийлар Зайтун тоғидан Қуддусга қайтиб келдилар. Бу тоғ Қуддусдан бир чақиримлик йўлчалик яқиндир.
13. Улар шаҳарга кириб, қўнган хонадонларининг болохонасига чиқдилар. Бутрус, Ёқуб, Юҳанно ва Идрис, Филип ва Тўма, Бартолмей ва Матто, Алфей ўғли Ёқуб, ватанпарвар Симун ва Ёқуб ўғли Яҳудо ўша ерда эдилар.
14. Уларнинг ҳаммаси, шу жумладан, Исонинг онаси Марям, бошқа хотин-қизлар ҳамда Исонинг укалари якдиллик ва сидқидиллик билан тоат-ибодатга берилган эдилар.
15. Ўша кунларда юз йигирмага яқин имонли биродарлар йиғини олдида Бутрус оёққа турди-да, сўзга чиқиб:
16. «Эрлар, биродарлар! – деди. – Исони тутиб берганларнинг сарвари бўлмиш Яҳудо ҳақида Муқаддас Руҳнинг Довуд пайғамбарга берган ояти бажо келиши керак эди.
17. Бу киши сафимизга қўшилиб, ўша хизматидан қисматига ярашасини олган эди.
18. У ҳаром йўл билан қўлга киритган пулига бир ерни сотиб олиб, гуп этиб қулаб тушди-ю қорни ёрилди, бутун ичак-човоқлари чиқиб кетди.
19. Бу ҳодиса бутун Қуддус аҳлига маълум бўлди ва у ер маҳаллий тилда Ҳақалдама, яъни „Қон Ери“ деб аталиб қолди.
20. Забур китобида ёзилганидай: „Унинг маскани ҳувиллаб қолсин, Унда истиқомат қилувчи қолмасин“. Ва шунингдек: „Унинг ўрнини бошқаси олсин“.
21. Шундай қилиб, энди сафимизга қўшиладиган киши, худди бизларга ўхшаб Раббимиз Исонинг тирилганига шоҳид бўлган биров бўлмоғи керак.
22. Раббимиз Исо орамизда яшаган бутун замонда, яъни Яҳё пайғамбарнинг одамларни дарёда тавба қилдириш давридан бошлаб, то Исо орамиздан юксакликка олинган кунга қадар бизлар билан бирга юрган одамлардан бири бўлиши лозим», – деди.
23. Шунга кўра икки кишини: Юстус лақабли ва Барсабо деб ҳам аталувчи Юсуф ҳамда Маттияни олға чиқаздилар.
24. Кейин ибодат қилиб дедилар: «Эй бутун инсонларнинг қалбини биладиган Раббимиз!
25. Яҳудонинг ўз жойига бориб, тарк этган ҳаворийлик хизматини бўйнига олиши учун бу икки кишидан қай бирини танладинг, уни кўрсатгин!»
26. Шундан сўнг улар учун қуръа ташладилар. Қуръа Маттиянинг чекига тушди ва у ўн бир ҳаворийга қўшилди.
1. Ҳосил байрами бўлганда, шогирдларнинг ҳаммаси якдиллик билан бир жойда йиғилиб турган эдилар.
2. Тўсатдан осмондан кучли шамол эсаётгандек бир шовқин келди-ю, улар турган уйни тамоман тўлдирди.
3. Оловга ўхшаш алангаланиб турган тиллар уларга кўринди. Булар бўлиниб, уларнинг ҳар бири устига биттадан қўнди.
4. Ҳаммалари Муқаддас Руҳга тўлиб, Унинг бераётган башорати билан янги тилларда гапира бошлашди.
5. Ўша замонда Қуддусда фалак остидаги ҳамма эллардан келган диндор яҳудийлар турар эди.
6. Бу товушни эшитганларида, эл-улус бир жойга ялпи тўпланиб келди. Ҳар бири ўз шевасида гапиришаётганини эшитиб, эсанкираб қолди.
7. Ҳамма ҳайрату таажжубга тушиб, ўзаро: «Бу гапираётганларнинг ҳаммаси жалилалик эмасми? – дейишарди.
8. – Қандай қилиб ҳар биримиз ўз она тилимизни эшитяпмиз?
9. Парфияликлар, мидияликлар, эламликлар; Месопотамия, Яҳудия, Каппадокия, Понт ва Асия юртларида яшовчилар,
10. Фригия, Памфилия, Миср ва Ливиянинг Киринея атрофидаги ерларда яшовчилар, Римдан келганлар, яҳудийлар билан яҳудий динига кирганлар ҳам,
11. критликлар билан араблар ҳам бизнинг тилларимизда Худонинг улуғ ишлари ҳақида гапираётганларини эшитяпмиз», – дер эдилар.
12. Ҳамма довдираб қолиб, бир-бирига: «Бу қандай гап?» – деб таажжуб изҳор этарди.
13. Бошқалари эса масхара қилиб: «Улар мусаллас ичиб маст бўлишибди», – деб айтишарди.
14. Унда Бутрус ўн бир ҳаворий билан бирга оёққа қалқиди-да, овозини баландлатиб халойиққа хитоб қилди: «Эй барча яҳудийлар ва Қуддусда яшовчилар, сўзларимга қулоқ солиб, шуни билиб қўйинглар:
15. Бу одамлар сиз ўйлагандек маст эмаслар, чунки ҳозир эрталаб соат тўққиз-ку!
16. Бу воқеа билан Йўэл пайғамбарнинг азалдан каромат қилиб айтганлари бажо келмоқда. У айтган эди:
17. „Мана, охирги кунларда воқе бўлади, – дейди Худованд – Мен бутун жонзод узра Ўз Руҳимни ёғдираман. Сизнинг ўғил-қизларингиз башорат қиладилар, Йигитларингиз ваҳий кўрадилар, Мўйсафидларингиз кароматли туш кўрадилар.
18. Ўша кунларда Мен қулу чўриларим устига Ўз Руҳимни ёғиндай юбораман, Улар эса башорат берадилар.
19. Юксакликда, осмонда ғаройибот, Тубанликда, ер юзида эса ажойибот, Қон, олов ва паға-паға тутун барпо қиламан.
20. Худованднинг улуғ ва нурафшон куни келишидан аввал, Қуёш қоронғиликка, ой эса қонга айланиб кетади.
21. Ўшанда Худованд исмини айтиб чақирган Ҳар бир киши нажот топади“.
22. Эй Исроил эрлари, бу сўзларни тингланглар! Носиралик Исо – қилган қудратли ва ажойиб мўъжизалари асосида Худо томонидан тасдиқланган кишидир. Унинг орангизда қилган ишларини ўзларингиз биласизлар.
23. Худонинг азалий мурод-мақсади ва чексиз билимига кўра қўлингизга топширилган ўша Одамни сизлар тутиб, қонунсизлар қўли билан хочга михлатиб ўлдирдингизлар.
24. Лекин Худо ўлим занжирларини узиб, Уни тирилтирди, чунки ўлим Уни ушлаб туриши мумкин эмас эди.
25. Довуд Забурда У ҳақда деганидай: „Худовандни доимо олдимда кўрдим. У ўнг томонимда бўлгани учун, Мен ҳеч қачон иккиланмадим.
26. Шул боис юрагим қувонур, Тилимдан шод-хуррамлик тўкилур, Бундан сўнг таним умидвору бехатар бўлур.
27. Сен жонимни ўликлар диёрига ташлаб кетмайсан, Азизингнинг чиришни кўришига йўл қўймайсан.
28. Ҳаёт йўлларини менга билдириб келдинг, Ўз ҳузурингда мени бахт-қувончга тўйдирасан“.
29. Эрлар, биродарлар! Сизларга улуғ отамиз Довуд ҳақида рўй-рост гапиришимга ижозат берилсин: у ҳам ўлди, ҳам кўмилди ва унинг қабри бугунгача бизда бордир.
30. У пайғамбар бўлгани учун билар эдики, Худо унга қасам ичиб берган ваъдаси бўйича ўз уруғидан бўлганлардан бирини [Масиҳ қилиб, ўлимидан кейин тирилтириб] тахтига ўтирғизади.
31. У Масиҳнинг тирилишини олдиндан кўриб, Унинг жони ўликлар диёрига ташланмаслиги, жасади эса чиришни кўрмаслиги тўғрисида каромат қилган эди.
32. Ана бу Исони Худо тирилтириб қўйди, биз ҳаммамиз эса бунинг гувоҳларимиз.
33. У Худонинг қудрати билан юксалтирилгандан кейин, Ота Худонинг ваъдаси бўйича олган Муқаддас Руҳни бизга ёғиндай юборди. Ҳозир сизлар бу воқеани кўриб, эшитиб турибсизлар.
34. Довуд ўзи осмонга чиқмаган бўлса-да, шуни айтиб кетган: „Худованд менинг Раббимга деди:
35. Ёвларингни оёқларинг остига йиқитмагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда ўлтириб тургин“.
36. Шундай қилиб, бутун Исроил аҳли узил-кесил билсинки, сизлар хочга михлаган бу Исони Худо – Раб ва Масиҳ қилиб тайинлади».
37. Бу сўзларни эшитганлар юракларига ўқ қадалгандай бўлишди, Бутрус ва бошқа ҳаворийларга: – Биродарлар, биз нима қилайлик? – дейишди.
38. Бутрус уларга деди: – Тавба қилинглар ва гуноҳларингиз кечирилиши учун ҳар бирингиз Исо Масиҳ номидан сувга чўмиб имон келтиринглар. Шундай қилиб, Муқаддас Руҳ инъомини оласизлар.
39. Чунки бизнинг Раббимиз – Худованд бу ваъдани сизлар билан фарзандларингиз ва шунингдек, ҳамон узоқлардан чорламоқчи бўлган ҳамма одамзод учун берган.
40. Бутрус бошқа кўп сўзлар билан тингловчиларни огоҳлантириб: «Бу бузуқ наслдан халос бўлинглар!» – деб ўтинар эди.
41. Шундай қилиб, унинг сўзини чин кўнгилдан қабул қилганлар сувга чўмиб имон келтирдилар. Ўша куни уч мингга яқин жон жамоатга қўшилди.
42. Улар ҳаворийларнинг таълимотига, ҳамдўстликка, нон синдиришга ва тоат-ибодатларга астойдил берилиб борар эдилар.
43. Ҳар бир жонда хавотир бор эди. Ҳаворийлар эса Қуддусда кўп ажойиб ва мўъжизакор ишлар қилмоқда эдилар.
44. Бутун имон топганлар ҳамжиҳат бўлиб, ҳамма нарсалари муштарак эди.
45. Мол-мулкларини сотиб ҳаммага, ҳар кимнинг эҳтиёжига қараб тақсимлаб, ёрдамлашар эдилар.
46. Ҳар куни якдиллик билан маъбадда йиғилиб туришар, уйларида эса нон синдириб, шодлик ва соддадиллик билан овқатланишарди.
47. Худонинг ҳамду саноси уларнинг тилидан тушмас, бутун халқнинг кўнглини хушлардилар. Худо эса кун сайин нажот топганларни имонлилар жамоатига қўшиб қўяр эди.
1. Бир куни Бутрус билан Юҳанно ибодат маҳали – соат учда бирга маъбадга чиқаётган эдилар.
2. У ерда онадан туғма шол бўлган биров ҳам бор эди. Бу одамни маъбадга кираётганлардан садақа тилаш учун ҳар кун маъбаднинг Гўзал деган дарвозаси ёнига келтириб қўяр эдилар.
3. У маъбадга кириб келаётган Бутрус билан Юҳаннони кўрибоқ, улардан ҳам садақа сўради.
4. Бутрус билан Юҳанно эса кўзларини унга тикиб: – Бизларга қара! – дедилар.
5. У одам улардан бирон нарса олишни умид қилиб, уларга диққат билан қарар эди.
6. Бутрус унга: – Менда кумуш ва олтин йўқ, аммо ўзимда борини сенга бераман: носиралик Исо Масиҳ номидан сенга айтаман, ўрнингдан туриб юр! – деди-ю,
7. ўнг қўлидан тутиб, уни оёққа турғизди. Бирданига унинг тиззалари билан тўпиқлари мустаҳкамланиб қолди.
8. У дик этиб оёққа турди-да, юра бошлади. Худога ҳамд айтиб, ирғиб-сакраб юрганича, улар билан маъбадга кирди.
9. Бутун халқ эса у одамнинг Худони қандай олқишлаб бораётганини кўрди.
10. Маъбаднинг Гўзал деган дарвозасида садақа сўраб ўтирадиган одам бунинг ўзи эканини улар пайқагач, у билан юз берган мўъжиза қаршисида ғоят ажабланиб ҳайрон қолдилар.
11. Соғайган шол Бутрус билан Юҳаннонинг олдидан кетмай тургани учун, бутун халқ ҳайрон бўлиб, уларнинг ҳузурига югуриб келди. У ер Сулаймон равоқи эди.
12. Бутрус буни кўриб, халққа хитобан: «Эй Исроил эрлари! – деди. – Нима учун бунга ҳайрон бўляпсизлар? Гўё бизлар ўз қудратимиз ёки тақводорлигимиз билан ўша кишини оёққа турғизганимиздек, бизларга нега қараб турибсизлар?
13. Мана, ота-боболаримизнинг Худоси, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худоси Ўзининг Ўғлони Исони юксалтириб, шон-шарафга сазовор қилган. Сизлар эса Унинг хоинлари бўлдингизлар. Пилат Уни қўйиб юборишга қарор қилганда, Пилатнинг олдида Уни рад қилдингизлар.
14. Қотил одамнинг сизларга бахш этилишини сўраб, муқаддас ва солиҳ Бўлганни рад қилдингизлар.
15. Ҳа, Ҳаёт Соҳибини ўлдирдингизлар. Бироқ Худо Уни тирилтирди ва биз бунга гувоҳмиз.
16. Бу сизлар кўрган ва билган одам эса Исонинг исми ҳақи, Унинг исмига ишониш сабабли олдингизда соппа-соғ турибди. Ҳаммангизнинг кўз ўнгингизда бу одамга шифо берган нарса – Исо номидан қилинган эътиқоддир.
17. Энди биродарлар, бошлиқларингиз каби сизлар ҳам бу ишни билмасдан қилганингизни биламан.
18. Худо-ку барча пайғамбарлар оғзи ила Масиҳнинг азоб чекишини олдиндан хабар қилган эди ва Ўз сўзини ана шу йўсинда бажо келтирди.
19. Шундай қилиб, гуноҳларингизнинг ўчирилиши учун тавба қилинглар ва Худога илтижо этинглар,
20. токи Худо сизларга фароғат кунларини бахш этсин ва азалдан тайинлаган Исо Масиҳни олдингизга юборсин.
21. Гарчи, Худо қадимдан бери муқаддас пайғамбарлар оғзи билан билдирган борлиқни тузатиш вақти бўлмагунга қадар, У осмонда қолиши керакдир.
22. Мусо пайғамбар ота-боболаримизга гапириб деган: „Раббингиз бўлган Худованд сизларга биродарларингиз орасидан мен каби бир Пайғамбар зоҳир қилгай. Бутун ишларда сизларга нимаики гапирса, Унга қулоқ солингизлар.
23. Ўша Пайғамбарга қулоқ солмаган ҳар бир жон ўз халқи орасидан қириб ташлангай“.
24. Шунингдек, Шомуил пайғамбардан бошлаб, ундан кейин гапирган бутун пайғамбарлар ҳам бу кунларга қарата башорат қилганлар.
25. Сизлар эса пайғамбарлар ворислари, Худо ота-боболарингиз билан қилган аҳднинг ворисларисизлар. Худо: „Ер юзидаги барча халқлар сенинг наслингдан барака топадилар“, – деб Иброҳим билан аҳд тузган эди.
26. Шундай қилиб, Худо ҳар бирингизни ёвуз ишларингиздан қайтариб, баракали қилай, деб Ўзининг Ўғлони Исони тирилтирди ва биринчи галда сизларга юборди».
1. Бутрус билан Юҳанно халққа гапириб турганда, руҳонийлар, маъбад миршаббошиси ҳамда саддуқий мазҳабидан бўлганлар уларнинг устига бостириб келдилар.
2. Улар Исони ибрат қилиб кўрсатиб, ўликларнинг тирилиши ҳақида халққа таълим бераётганлари учун, дин пешволари жуда аччиқланган эдилар.
3. Бутрус билан Юҳаннони ушладилар ва энди вақт кеч бўлди, деб эртагача уларни қамоқхонада қолдирдилар.
4. Сўзни эшитганларнинг кўплари эса имон келтирдилар; бу одамларнинг сони беш мингга яқин эди.
5. Эртаси куни яҳудийларнинг бошлиқлари, оқсоқоллари ва уламолари Қуддусда тўпландилар.
6. Олий руҳоний Ҳанан, Каяфа, Юҳанно, Искандар ва олий руҳоний авлодидан бўлган бошқаларнинг ҳаммаси шу ерда эдилар.
7. Иккала ҳаворийни ўртада турғизиб: «Сизлар қандай ваколат билан ва кимнинг номидан буни қилдингизлар?» – деб сўрашди улардан.
8. Муқаддас Руҳга тўлган Бутрус уларга деди: «Эй халқнинг раҳнамолари, Исроилнинг оқсоқоллари!
9. Агар бугун бир хаста одамга қилинган эзгу иш, унинг қандай шифо топгани ҳақида биздан жавоб талаб қилаётган бўлсангиз,
10. унда ҳаммангизга – бутун Исроил халқига маълум бўлсинки, сизлар хочга михлаб қўйган ва Худо эса тирилтирган носиралик Исо Масиҳ исми ҳақи бу одам қаршингизда соппа-соғ турибди.
11. Бу Исо – оятдагидек: „Сиз бинокорлар менсимаган, лекин пештоқнинг боши бўлиб қолган тошдир“. Бошқа ҳеч кимдан нажот йўқ.
12. Нажот топишимиз учун, осмони фалак остида одамзодга берилган бошқа ҳеч бир исм йўқ».
13. Руҳонийлар Бутрус ва Юҳаннонинг бу жасоратини кўриб ва улар ўқимаган, оддийгина одамлар эканларини билиб, жуда ҳайрон қолдилар. Уларнинг Исо билан бирга бўлганликларини пайқаб олдилар.
14. Шифо топган одамнинг ҳам улар билан бирга турганини кўриб, уларга қарши ҳеч нарса айта олмадилар.
15. Уларга кенгашдан ташқарига чиқиб кетишни буюриб, сўнгра ўзаро муҳокама қилишга тушдилар.
16. «Бу одамларни нима қилишимиз керак? Уларнинг қўли билан очиқдан-очиқ бир мўъжиза қилинганини бутун Қуддус аҳли билиб олди-ку! Бизлар буни рад қилолмаймиз.
17. Лекин халқ орасида бу гап яна кўпроқ ёйилмаслиги учун уларга дўқ урамиз, яна тағин бу исм тўғрисида бошқа ҳеч кимга сўзламасинлар», – дейишди.
18. Сўнгра уларни чақириб, Исо номини тилга олиб мутлақо таълим берманглар, деб буюрдилар.
19. Лекин Бутрус ва Юҳанно уларга жавоб бериб: «Ўзларингиз қарор қилинглар, Худодан кўра кўпроқ сизларга қулоқ солишимиз Худо олдида тўғри бўладими?
20. Биз кўрган-эшитганларимизни айтмай туролмаймиз», – дейишди.
21. Кенгаш аъзолари жазо бериш учун ҳеч қандай асос тополмагач, уларга яна бир дўқ уриб, қўйиб юбордилар.
22. Мўъжиза натижасида шифо топган одам қирқ ёшдан ошганини бутун халқ билиб, юз берган воқеа учун Худога ҳамду сано айтишар эди.
23. Бутрус билан Юҳанно озодликка чиқарилгандан кейин, ўртоқларининг қошига бориб, олий руҳонийлар билан оқсоқолларнинг барча айтганларини сўзлаб бердилар.
24. Улар буни эшитгач, бир овоздан Худога нидо қилиб дедилар: «Эй бизнинг Эгамиз, еру осмон, денгиз ва уларнинг ичидаги ҳамма нарсаларни яратган Худо!
25. Сен Муқаддас Руҳ орқали Ўз қулинг – отамиз Довуд оғзи ила дегансан: „Миллатлар нега исён кўтаряптилар? Халқлар нега беҳуда қасд қилмоқдалар?
26. Дунё подшоҳлари ва ҳукмдорлари бош кўтариб, Худованд ва Унинг Масиҳига қарши тил бириктирдилар“.
27. Ҳақиқатан ҳам, Ҳирод билан Пўнтий Пилат бу шаҳарда Исроил халқи ва бошқа халқлар билан тил бириктириб, Сен Масиҳ деб тайинлаган азизу муқаддас Ўғлонинг Исога қарши қўл кўтаришди.
28. Сен Ўз қудратинг ва хоҳишинг билан аввалдан белгилаган ишларнинг ҳаммасини бажаришди.
29. Энди, ё Раббий, уларнинг дўқ-пўписаларига қара, Сенинг сўзингни тўла жасорат билан айтиш қувватини шу қулларингга эҳсон айла.
30. Азиз Ўғлонинг Исо исми билан одамларга шифо бериш ва турли аломатлар, мўъжизалар яратиш учун қўлингни узатгин!»
31. Ибодат қилиб бўлгач, улар йиғилиб турган жой силкиниб кетди. Ҳаммалари Муқаддас Руҳга тўлиб, Худонинг сўзини жасорат билан гапира бошладилар.
32. Инонганларнинг жамоати бир жон, бир тан эди. Ҳеч бири мулкидан бирон нарсани меники демас эди, ҳамма нарсани умумий деб билишар эди.
33. Ҳаворийлар эса Раббимиз Исо Масиҳ қайта тирилди, деб жуда таъсирчан тарзда гувоҳлик беришар эди. Худонинг буюк инояти барчада намоён бўлаётган эди.
34. Ораларида муҳтож киши йўқ эди. Чунки ерлари ёки уй-жойлари бор бўлганларнинг ҳаммаси мулкларини сотар, эвазига олган пулларини келтириб,
35. ҳаворийларнинг ихтиёрига топширардилар. Шу йўсинда пул ҳар бирига эҳтиёжига кўра тақсимланар эди.
36. Шулар каби Юсуф исмли, левитлар авлодига мансуб кипрлик бир киши бор эди. Ҳаворийлар унга Барнабо, яъни «далда берувчи» деган ном беришган эди.
37. У ўз ерини сотиб, пулини ҳаворийларнинг ихтиёрига топширди.
1. Яна Ҳанания деган бир киши билан хотини Саффира бор эдилар. Бу киши бир ерни сотиб,
2. хотинининг розилиги билан ўша пулдан бир қисмини олиб яширди, бир қисмини эса келтириб ҳаворийларнинг ихтиёрига топширди.
3. Бутрус унга деди: – Эй Ҳанания, нега энди сен шайтонга юрагингни бой бериб, Муқаддас Руҳга ёлғон гапирдинг, ернинг пулидан бир қисмини олиб яширдинг?
4. Сотишдан олдин у сеники эмасмиди? Сотилгандан кейин ҳам пули сенинг ҳукмингда эмасмиди? Нима учун дилингда бундай ният қилдинг? Сен одамларга эмас, балки Худога ёлғон гапирдинг.
5. Ҳанания бу сўзларни эшитиши биланоқ ерга йиқилиб жон берди. Буни эшитганларнинг ҳаммасини қаттиқ даҳшат қоплади.
6. Йигитлар ўликни кафанлашга киришдилар ва ташқарига чиқариб кўмдилар.
7. Бундан қарийб уч соат кейин, бўлиб ўтган воқеадан хабарсиз Ҳананиянинг хотини ҳам кириб келди.
8. Бутрус бурилиб, ундан сўради: – Менга айтгин, ерни шунчага сотдингизларми? – Ҳа, шунчага, – деди аёл.
9. Бутрус: – Нега сизлар Тангри Руҳини синаб кўришга келишдингизлар? Мана, эрингни кўмганлар эшикдан киришяпти. Энди сени ҳам ташқарига олиб чиқишади, – деди.
10. Шу ондаёқ аёл Бутруснинг оёқларига йиқилиб, жон берди. Йигитлар ичкарига кириб, уни ўлиб ётган ҳолда кўрдилар. Ўлигини ташқарига олиб чиқиб, эрининг ёнига кўмдилар.
11. Бу воқеаларни эшитган бутун имонлилар жамоати ва бошқа ҳаммани қаттиқ даҳшат қоплади.
12. Халқ орасида ҳаворийларнинг қўллари билан кўп ажойиб ва мўъжизали ишлар содир бўлар эди. Ҳамма имонлилар якдиллик билан Сулаймон равоқида йиғилиб турдилар.
13. Халқ шарафлаётган бўлса-да, аммо ташқаридан ҳеч ким улар билан қўшилишга журъат эта олмас эди.
14. Шунга қарамай, Исони Раббим деб тан олиб, жамоатга қўшилган эркак ва аёлларнинг сони тобора ортиб борар эди.
15. Бутрус ўтиб кетаётганда, ҳеч бўлмаса унинг сояси баъзилар устига тушсин деб, хасталарни кўчаларга чиқазиб, замбил ва каравотларга ётқизиб қўйишар эди.
16. Теваракдаги шаҳарлар аҳолиси ҳам Қуддусга кўплашиб келиб, ўзларининг касал ва ёмон руҳлардан қийналган одамларини келтирар эдилар. Қийналганларнинг ҳаммаси эса шифо топар эдилар.
17. Шунинг кетидан олий руҳоний ва унинг саддуқий мазҳабидаги барча маслакдошларининг ғашлиги келди.
18. Ҳаворийларни қўлга олиб, давлат қамоқхонасига ташладилар.
19. Лекин Худованднинг фариштаси кечаси зиндоннинг эшикларини очиб, уларни ташқарига чиқариб қўйди.
20. «Боринглар, маъбадга чиқиб, бу абадий ҳаёт сўзларининг барини халққа айтаверинглар!» – деди фаришта.
21. Ҳаворийлар бу сўзга қулоқ солиб, эрта тонг маъбадга кириб таълим бера бошладилар. Шу пайтда олий руҳоний ва у билан бирга бўлганлар келиб, Исроил ўғилларининг оқсоқоллар мажмуи бўлган Олий Кенгашни йиғилишга чақирдилар, ҳаворийларни келтириш учун зиндонга одам юбордилар.
22. Лекин хизматкорлар бориб, зиндонда уларни топмай, қайтиб келиб:
23. – Биз қамоқхонани бутун эҳтиёткорлик билан қулфланган ва қоровулларни эшиклар олдида турган ҳолда кўрдик. Лекин очиб қараганимизда, ичкарида ҳеч кимни топмадик, – деган хабарни бердилар.
24. Маъбад миршаббошиси ва барча олий руҳонийлар бу сўзларни эшитиб, ҳайрон бўлишди. «Бу нима бўлиши мумкин?» деб ўйланиб қолдилар.
25. Ўша пайтда бир одам хабар олиб келиб: – Мана, сизлар зиндонга ташлаган одамлар маъбадда халққа таълим бериб юришибди, – деди.
26. Миршаббоши хизматчилари билан бирга бориб, уларни олиб келтирди. Халқ бизларни тошбўрон қилар, деб қўрққанлари учун уларга зўрлик ишлатмадилар.
27. Ҳаворийларни олиб келиб, Олий Кенгаш ҳузурида турғизиб қўйишди. Олий руҳоний уларни сўроқ қилди:
28. – Бу исм асосида таълим берманглар, деб сизларга қаттиқ тақиқ қилмаганмидик? Мана, таълимотингиз билан Қуддусни тўлдириб юбордингизлар ва бу Одамнинг қонини бизнинг бўйнимизга туширмоқчисизлар, – деди.
29. Бутрус ва бошқа ҳаворийлар бунга жавобан: – Одамлардан кўра Худога кўпроқ итоат қилиш керак.
30. Сизлар ёғочга осиб ўлдирган Исони ота-боболаримизнинг Худоси тирилтириб қўйди.
31. Исроил халқи гуноҳ қилишдан қайтиб кечирим топсин, деб Худо Исони юксалтириб, Ўзининг ўнг томонига ўтқазиб, Сарвар ва Халоскор қилиб қўйди.
32. Бизлар бу ишларнинг гувоҳларимиз. Шунингдек, Худога итоат қилганларга насиб бўладиган Муқаддас Руҳ ҳам гувоҳлик қилмоқда, – дедилар.
33. Кенгаш аъзолари буни эшитгач, қаттиқ ғазабланиб ҳаворийларни ўлдиришга қасд қилдилар.
34. Лекин фарзий мазҳабидаги бир Таврот тафсирчиси, бутун халқнинг ҳурматини қозонган Гамалиэл исмли бир киши Кенгашда ўрнидан туриб, ҳаворийларни қисқа вақтга ташқарига чиқазиб туришни буюрди.
35. Сўнг Кенгаш аъзоларига хитоб қилди: «Эй Исроил эрлари, бу одамлардан эҳтиёт бўлинглар! Сизлар нима қилмоқчисизлар?
36. Мана, бундан олдин ўзини бир буюк кишидек кўрсатган Февда пайдо бўлди-ку, унга эса қарийб тўрт юз киши қўшилди. У ўлдирилди, унга қўшилганларнинг ҳаммаси эса тарқаб, йўқолиб кетишди.
37. Ундан кейин, аҳолини рўйхатга олиш ўтказилган вақтда жалилалик Яҳудо пайдо бўлиб, анча халқни орқасидан эргаштириб борди. Лекин у ҳам ҳалок бўлди ва унга эргашганларнинг барчаси тарқаб кетишди.
38. Энди сизлар бу одамлардан қўл тортинглар, дейман, уларни қўйиб юборинглар! Чунки агар бу қилинган ташаббус, бу ҳаракат инсон иши бўлса, вайрон бўлади.
39. Лекин агар Худодан бўлса, сизлар уни бузолмайсизлар. Яна сиз ҳам Худога қарши уруш қилганлардан бўлиб қолманглар!»
40. Кенгаш аъзолари Гамалиэлнинг маслаҳатига кўнишди. Ҳаворийларни чақириб, уларни калтаклашга буюришди. Сўнг Исо номидан сўзлашларини тақиқлаб, уларни қўйиб юборишди.
41. Ҳаворийлар эса, Раббимиз Исо номи учун ҳақоратга сазовор бўлдик, деб қувониб, Кенгашдан чиқиб кетишди.
42. Улар ҳар куни маъбадда ва хонадонларда таълим бериш, Исо Масиҳ ҳақидаги Хушхабарни ёйишдан тинмас эдилар.
1. Исо шогирдлари кўпайиб бораётган ўша кунларда юнон тилида сўзлашувчи яҳудийлар орасидан ерли яҳудийларга қарши норозилик юз берди, чунки кундалик эҳтиёжларини улашиб бераётганда, уларнинг бева аёллари эътиборсиз қолардилар.
2. Ана шу сабабли, ўн икки ҳаворий Исо шогирдларининг жамини чақириб, бундай дедилар: «Биз Худонинг каломини ёйиш ишини четда қолдириб, дастурхонга хизмат қилишимиз яхши эмас.
3. Эй биродарлар, энди синалган ҳамда Муқаддас Руҳ ва ҳикматга тўлиб-тошган етти кишини орангиздан танлаб олинглар; уларни бу хизматга тайин этамиз.
4. Бизлар эса доимо ибодатга берилиб, Худо каломини ёйиш хизматида машғул бўлайлик».
5. Бу таклиф бутун жамоатга маъқул тушди. Имони комил ва Муқаддас Руҳга тўлган Стефан исмли одамни, шунингдек, Филип, Прохор, Никанор, Тимон, Пармен ва яҳудий динига кирган антиохиялик Николайни сайладилар.
6. Уларни ҳаворийлар олдига турғизиб қўйдилар. Ҳаворийлар эса уларнинг бошига қўлларини қўйиб дуо қилдилар.
7. Шундай қилиб, Худонинг каломи ёйилган сари, Қуддусдаги Исо шогирдларининг сони ниҳоятда кўпайиб борар эди. Айниқса, руҳонийлардан кўпчилик имонга бўйсунишар эди.
8. Бу пайт имони комил ва илоҳий қудратга тўлган Стефан халқ орасида буюк ва ажойиб мўъжизалар кўрсатар эди.
9. Эркинлар Синагогаси деган яҳудий жамоасидан баъзилари, шунингдек, Киринея, Искандария, Киликия ва Асиядан бўлган бир қанча кишилар Стефан билан баҳсга киришдилар.
10. Бироқ унинг сўзидаги ҳикмат ва Руҳга қарши туролмадилар.
11. Шунда баъзи одамларни гижгижлаб: «Бунинг Мусо ва Худога қарши куфр сўзлари айтганини эшитдик», – деб айтишга кўндирдилар.
12. Эл-халқни ва оқсоқоллар билан уламоларни қўзғаб, Стефанга ҳужум қилишди-ю, уни тутиб олиб, Олий Кенгашнинг қошига судраб келишди.
13. Сохта гувоҳларни ёллаб, уларга бундай дегиздилар: «Бу одам ҳадеб шу муқаддас маъбад ва Тавротни ёмонлаб юрибди-ку.
14. Носиралик Исо бу жойни хароб қилади ва Мусонинг бизларга берган урф-одатларни ўзгартиради, деб айтганини эшитдик».
15. Шу пайт Олий Кенгашда ўтирганларнинг ҳаммаси Стефанга тикилиб қараб, унинг юзи бир фариштанинг юзига ўхшаб қолганини кўришди.
1. Олий руҳоний Стефандан: «Бу сўзлар ростми?» – деб сўради.
2. Стефан сўз бошлади: «Эй эрлар, биродарлар ва оталар, тингланглар! Отамиз Иброҳим Ҳорон шаҳрига кўчиб ўрнашишидан аввал, ҳали Месопотамияда бўлганда, улуғвор Худованд унга зоҳир бўлиб:
3. „Ўз ерингдан, она юртингдан чиқиб, Мен сенга кўрсатадиган ерга кет“, – деган эди.
4. Ўшанда Иброҳим халдейларнинг юртидан чиқиб, Ҳорон шаҳрида истиқомат қилди. Отаси ўлгандан кейин, у ердан сизлар яшаётган бу ерга Худо уни кўчирди.
5. Бу ерда унга оёқ қўядиган бирон парча ерни бермади. Лекин ҳали унинг боласи йўқ экан, Худо бу юртни унга ва унинг зурриётига мулк қилиб беришни ваъда этди.
6. Худо унинг зурриёти бегона юртда ғарибларча яшаб, тўрт юз йил қул бўлиб жабр-зулм кўражагини билдирди.
7. „Уларни қул қилиб олган халқни эса Мен ҳукм қиламан. Шундан кейин улар у ердан чиқиб, бу ерда Менга хизмат қиладилар“, – деди Худо.
8. Сўнгра уларга суннат аҳдини берди. Иброҳим эса Исҳоқ исмли ўғил кўриб, уни саккиз кунлигида суннат қилди. Исҳоқ ҳам Ёқуб билан, Ёқуб эса ўн икки қабиламиз оталари билан шундай йўл тутди.
9. Оталар ғаразга тўлиб, Юсуфни Мисрга сотдилар. Лекин Худо у билан бирга эди.
10. Худо Юсуфни бутун қайғуларидан халос қилиб, унга ҳикмат берди, уни Миср подшоҳи Фиръавннинг ҳимматига сазовор этди. Фиръавн уни Миср ва бутун саройи устидан ҳоким қилиб қўйди.
11. Ундан сўнг бутун Миср ва Канъон ўлкалари бўйлаб қаҳатчилик юз берди-ю, буюк қайғу даври бошланди. Оталаримиз озиқ-овқат топмайдиган бўлишди.
12. Ёқуб Мисрда буғдой борлигини эшитиб, биринчи галда оталаримизни у ерга жўнатди.
13. Иккинчи гал борганларида эса, Юсуф ака-укаларига ўзини танитиб қўйди. Шу йўсинда Юсуфнинг авлоди Фиръавнга маълум бўлиб қолди.
14. Юсуф ҳам хабар юбориб, отаси Ёқубни ва етмиш беш нафардан иборат бутун уруғ-аймоғини чақиртириб олди.
15. Ёқуб Мисрга борди. Ўзи ва оталаримиз у ерда қазо қилдилар.
16. Сўнгра жасадлари Шакам шаҳрига келтирилиб, шакамлик Ҳамўр ўғилларидан Иброҳимнинг кумуш пулга сотиб олган мақбарасига дафн этилдилар.
17. Худо Иброҳимга берган қасамли ваъдасини бажо келтириш вақти яқинлашганда, Исроил халқи Мисрда униб-ўсиб кўпайган эди.
18. У вақт Мисрда Юсуфни танимаган бошқа бир подшоҳ тахтга чиқди.
19. Бу подшоҳ авлодимизга қарши найранг ишлатди, ота-боболаримизга жабр-жафо ўтказди. Гўдакларини ташлаб, уларни ўлимга маҳкум этишга мажбур қилди.
20. Шу вақтда Худо жуда гўзал қилиб яратган Мусо туғилди. У уч ой отасининг уйида боқилди.
21. Ташлаб кетилгандан сўнг, Фиръавннинг қизи уни топиб олиб, ўз ўғли каби тарбия қилди.
22. Мусога мисрликларнинг ҳамма ҳикмати ўргатилиб, у сўзда ва ишда маҳоратли бўлди.
23. Мусо қирқ ёшга тўлганда, унинг юрагида биродарлари – Исроил ўғилларини кўриш орзуси туғилди.
24. Озор тортаётган бир одамни кўрганда, унинг тарафини олиб, мисрликни ўлдирди, ранжиганнинг ўчини олди.
25. „Худо мен орқали уларга нажот беришини биродарларим тушунар“, деб ўйлаган эди. Лекин улар тушунмади.
26. Эртаси куни Мусо уришаётганларни кўриб қолди. Уларни ярашишга ундаб: – Сизлар биродарсизлар; нега бир-бировларингизга озор беряпсизлар? – деди.
27. Лекин биродарига озор бераётган одам Мусони итариб: – Ким сени устимизга бошлиқ ва қози қилиб қўйди?
28. Кеча мисрликни ўлдирганинг каби мени ҳам ўлдирмоқчимисан? – деди.
29. Бу сўзларни эшитиб, Мусо қочиб кетди. Мидён диёрида мусофир бўлиб яшаб, у ерда икки ўғил кўрди.
30. Қирқ йил тўлгандан кейин, Синай тоғи саҳросида ёнаётган бутанинг алангаси ичидан Мусога Худованднинг фариштаси зоҳир бўлди.
31. Мусо бу манзарани кўриб ҳайратда қолди. Қараш учун яқинлашганда, Худованд унга хитоб қилиб:
32. „Мен оталарингнинг Худосиман, Иброҳим, Исҳоқ ва Ёқубнинг Худосиман“, – деди. Мусо эса қўрқувдан титраб, қарашга журъат эта олмас эди.
33. „Оёқ кийимларингни ечиб қўй, чунки сен турган жой муқаддас ердир, – деди унга Худованд.
34. – Мен Мисрда бўлган халқимнинг мусибатини кўриб, ноласини эшитдим ва уларни халос қилиш учун осмондан тушдим. Энди бор, Мен сени Мисрга юбораман“.
35. Одамлар: „Сени ким бошлиқ ва қози қилиб қўйди?“ – деб рад этганлари ана шу Мусо эди. Бутада Мусога зоҳир бўлган фаришта орқали Худо Мусони бошлиқ ва халоскор қилиб юборди.
36. Исроил халқини Миср диёридан чиқарган, у ерда, Қизил денгизда ҳамда қирқ йил саҳрода ажойиб мўъжизалар яратиб юрган ўша Мусо эди.
37. Бу орада Исроил ўғилларига: „Раббингиз – Худованд сизларга биродарларингиз орасидан мен каби бир Пайғамбар зоҳир қилгай, Унга қулоқ солингизлар“, – деган ўша Мусо эди.
38. Саҳрода Худонинг уммати олдида бўлган, Синай тоғида фариштанинг ҳузурида ҳамда ота-боболаримиз ҳузурида турган ўша Мусо эди. Фаришта бизга етказиш учун Мусога ҳаётбахш каломлар берган эди.
39. Аммо ота-боболаримиз унга бўйсунишни истамай, рад қилишди, кўнгилларини Миср томон мойиллантиришди.
40. Ҳорунга: „Бизларга бош бўладиган худолар яса, чунки бизни Миср еридан чиқарган Мусога нима бўлганини билмаймиз“, – дейишди.
41. Ўша кунларда бир бузоқни ясадилар. Бутга қурбонлик сўйиб, ўз қўллари яратганидан қувониб кетдилар.
42. Худо эса улардан юз ўгириб, осмон жисмларига топинишга уларни топшириб қўйди. Пайғамбарларнинг китобида ёзилганидек: „Эй Исроил хонадони! Қирқ йил саҳрода кезганларингизда, Қурбонликлар сўйиб, Менга тасаддуқ бердингизмикин?
43. Сизлар-ку илоҳингиз Малукнинг чодирини, Худойингиз Кайвоннинг юлдузини кўтариб юрдингизлар. Ўзларингизга бут тимсолларини ясаб, Уларга сиғиниб сажда қилдингизлар. Шу сабабли Мен сизларни Бобилдан нарига сургун қиламан“.
44. Саҳрода оталаримизнинг шаҳодат чодири бор эди. Бу чодир худди Худонинг Мусога буюрган тасвирида ясалган эди.
45. Чодирни қабул қилган оталаримиз Наби Ясу билан бирга юришди. Худо қувган халқларнинг мол-мулкини эгаллаб олган сайин, чодирни ўзлари билан олиб боришарди. Довуднинг кунларига қадар чодир ораларида қолди.
46. Худонинг меҳрини қозонган Довуд: „Ёқубнинг Худосига бир маскан қуриб берай“, – деб орзуманд бўлди.
47. Ниҳоят Довуд ўғли Сулаймон Худога уй қуриб берди.
48. Шунга қарамасдан, Худойи Таоло инсон қўли билан қурилган маъбадларда яшамайди. У пайғамбар оғзи ила айтганки:
49. „Осмон – Менинг тахтим, Ер эса – пойандозим экан, Сизлар Менга қандай уй қурасизлар? – деб айтади Худованд, – Ёки Менинг ором топишим учун Қандай маскан бор экан?
50. Буларнинг ҳаммасини яратган Менинг қўлим эмасми?“
51. Эй энсаси қотганлар! Юраги ва қулоқлари суннат бўлмаганлар! Оталарингиз каби сизлар ҳам доимо Муқаддас Руҳга қарши турасизлар.
52. Оталарингиз пайғамбарлардан қайси бирини қувғин қилишмаган? Солиҳ Кишининг келишини башорат қилиб айтганларни ҳам ўлдиришган-ку. Сизлар ҳам энди Ўшанинг хоинлари ва қотиллари бўлиб қолдингизлар.
53. Сизлар Илоҳий Қонунни фаришталар буйруғи билан олиб, ўша Қонунга риоя қилганингиз йўқ!»
54. Кенгаш аъзолари бу сўзларни эшитгач, қутуриб жўшиб, Стефанга қарши тишларини ғижирлатдилар.
55. Муқаддас Руҳга тўлган Стефан эса осмонга тикилиб қараб, Худонинг улуғворлигини ва Худонинг ўнг томонида турган Исони кўрди.
56. «Мана, мен осмоннинг очилиб кетганини ва Худонинг ўнг томонида турган Инсон Ўғлини кўряпман!» – деди.
57. Улар бўлса қулоқларини бекитиб, овозлари борича қичқириб, ҳаммалари Стефан устига ёпирилди.
58. Уни шаҳардан ташқарига судраб чиқиб, тошбўрон қилишди. Унга қарши гувоҳликка ўтганлар эса кийимларини Шоул деган бир йигитнинг пойига қўйишди.
59. Стефанни тошбўрон қилаётганларида, у ибодат қилиб: «Ё Раббим Исо, руҳимни қабул қилгин!» – деди.
60. Охири тиз чўкиб, баланд овоз билан хитоб қилди: «Ё Раббий, бу гуноҳни уларга қўйма!» Шуни айтиб, жон берди.
1. Стефаннинг ўлдирилишини Шоул маъқуллаган эди. Ўша куннинг ўзида Қуддусдаги имонлилар жамоатига қарши кескин қувғин даври бошланди. Ҳаворийлардан бошқа ҳамма Яҳудия ва Самариянинг ҳар хил жойларига тарқаб кетдилар.
2. Баъзи диндор одамлар Стефанни кўмиб, у учун катта йиғи қилдилар.
3. Шоул эса имонлилар жамоатини талон-тарож қилар эди. Уйма-уй юриб, эркакми, хотинми, ҳаммани судраб қамоқхонага берар эди.
4. Шу орада тарқалиб кетганлар Инжил Хушхабарини тарғиб қилиб юришди.
5. Филип Самария шаҳрига келиб, унинг аҳлига Масиҳни тарғиб қилди.
6. Филипнинг сўзини тинглашиб ва қилаётган мўъжизаларини кўришиб, бутун халқ унга қулоқ солди.
7. Чунки ёмон руҳларга гирифтор бўлган кўп кишилардан руҳлар баланд овоз билан бақириб чиқар, анчагина шолу чўлоқлар эса шифо топарди.
8. Шундай қилиб, у шаҳарга катта хурсандчилик келди.
9. Самария шаҳрида сеҳргарлик қилган, ўзини буюк бир одам қилиб кўрсатиб, шаҳар аҳолисини ҳайратда қолдириб келаётган Симун исмли бир киши бор эди.
10. Каттаю кичик ҳамма унга қулоқ осиб: «Бу Худонинг буюк қудрати!» – деб айтар эди.
11. Симун анча вақтдан бери ўзининг сеҳр-жоду ишлари билан халқни ҳайратда қолдириб келгани учун, ҳамма унга қулоқ беришар эди.
12. Лекин Худонинг Шоҳлиги ва Исо Масиҳ тўғрисидаги Хушхабарни келтирган Филипни тинглашиб, кўп эркак ва хотин унинг сўзига ишонди ва сувга чўмиб имон келтирди.
13. Симуннинг ўзи ҳам ишониб, сувда имон келтирди. У Филипнинг қилаётган ажойиб ва қудратли мўъжизаларини кўрган сайин ҳайратга тушиб, Филипдан ажралмайдиган бўлиб қолди.
14. Қуддусда қолган ҳаворийлар эса, самарияликлар ҳам Худонинг каломини қабул қилибди, деб эшитганларида, Бутрус билан Юҳаннони уларнинг олдига юборишди.
15. Бутрус билан Юҳанно у ерга келгач, самариялик имонлилар Муқаддас Руҳни қабул қилиши учун ибодат қилишди.
16. Чунки уларнинг бирортасига ҳам Муқаддас Руҳ тушмаган эди. Улар Исони Раббимиз деб тан олиб, сувда имон келтиришган эди, холос.
17. Ҳаворийлар уларнинг бошига қўл қўйиши биланоқ улар Муқаддас Руҳни қабул қилишди.
18. Ҳаворийларнинг қўл қўйиши билан Муқаддас Руҳ берилганини Симун кўриб, уларга пул келтирди-да:
19. – Менга ҳам бу қудратни беринглар, токи, кимнинг бошига қўлларимни қўйсам, Муқаддас Руҳни қабул қиладиган бўлсин! – деди.
20. Лекин Бутрус унга: – Кумушинг сен билан бирга ҳалок бўлсин; сен Худонинг ҳадясини пул билан олиш мумкин деб хаёл қилдинг, – деди.
21. – Бу ишда сенинг на ҳиссанг бор ва на қисматинг бор, чунки Худо олдида юрагинг тўғри эмас.
22. Энди бу ёмонлигингдан тавба қилиб Худога ёлвор, балки юрагингнинг ниятидан кечар.
23. Чунки сенинг аччиқ зардага тўлган ва ёвузлик занжирига боғланганингни кўряпман.
24. Симун бунга жавобан: – Мен учун сизлар Раббингизга ёлвориб сиғининглар, тағин айтганларингиздан бири бошимга тушмасин! – деди.
25. Бутрус билан Юҳанно у ерда Худонинг каломини ваъз қилиб, шаҳодат бергандан кейин, Самариянинг яна кўп қишлоқларига Хушхабарни етказиб, Қуддусга қайтиб кетдилар.
26. Шу пайтда Филипга Худованднинг фариштаси гапириб: «Ўрнингдан тур ва жануб томон, Қуддусдан Ғазага борадиган саҳро йўлига бор!» – деди.
27. Филип эса йўлга равона бўлди. Ўша вақтда Ҳабашистон маликаси Кандакининг вазири, маликанинг бутун хазиналари мудири бўлган ҳабашистонлик бир амалдор ўз ватанига қайтиб кетаётган эди. У Худога топиниш учун Қуддусга бориб келган,
28. аравасида Ишаъё пайғамбарнинг китобини ўқиб ўтирган эди.
29. Муқаддас Руҳ Филипга: «Яқинлашиб бу аравага ҳамроҳ бўлгин!» – деди.
30. Филип ҳабашнинг олдига чопиб борди. Унинг Ишаъё пайғамбарнинг китобини ўқиб турганини эшитиб: – Ўқиётганингни тушуняпсанми? – деб сўради.
31. – Менга йўл-йўриқ кўрсатувчи бўлмаса, қандай тушуна оламан? – деди ҳабаш. Филипдан ўз ёнига чиқиб ўтиришни илтимос қилди.
32. Унинг Тавротдан ўқиётган жойи эса бу эди: «У қўй каби бўғизлашга етакланди. Қўзи жун қирқувчиси олдида қандай индамай турса, У ҳам Ўз оғзини очмади.
33. У хўрланиб ҳаққониятдан маҳрум бўлди, Ер юзидаги умрига хотима берилди. Унинг насл-насабини ким зикр этур?»
34. Амалдор Филипга қараб: – Сендан илтимос қиламан, пайғамбар буни ким ҳақида айтяпти? Ўзи ҳақидами ёки бошқа киши ҳақидами, менга айт-чи, – деди.
35. Филип эса ўша оятдан бошлаб, Исо ҳақидаги Хушхабарни унга баён қилди.
36. Йўлда давом этиб кетаётганларида, сув бор бир жойга келдилар. Амалдор: – Мана, сув! Менинг чўмиб имон келтиришимга нима тўсқинлик қилади? – деди.
37. [Филип унга: – Агар бутун қалбинг билан ишонсанг бўлади, – деди. Амалдор: – Исо Масиҳ – Худонинг Ўғли деб ишонаман, – деди.]
38. Ўшанда аравани тўхтатишга буюриб, Филип билан амалдор иккаласи ҳам сувга тушишди, Филип амалдорни сувга чўмдириб имонга киритди.
39. Улар сувдан чиққач, Муқаддас Руҳ [амалдорнинг устига тушиб келди ва Худованднинг фариштаси] Филипни кўтариб кетди. Амалдор бошқа уни кўрмадию, қувониб ўз йўлида давом этди.
40. Филип Ашдод шаҳрида пайдо бўлди ва Кесарияга келгунча йўл юриб, ҳамма шаҳарларда Хушхабарни тарғиб қилди.
1. Шоул ҳали ҳам Исо Масиҳнинг шогирдларига қарши қатлу қирғин таҳдидлари билан нафас олиб юрар эди. У олий руҳонийнинг ҳузурига бориб,
2. Дамашқ шаҳридаги яҳудий ибодатхоналари учун мактублар сўради. Бу таълимотнинг изидан бораётган кимсани топса, у эркак ёки хотин бўлишидан қатъи назар, кишанлаб Қуддусга келтирмоқ ниятида эди.
3. Йўли Дамашққа яқинлашганда, тўсатдан осмондан тушган нур унинг атрофини ярқиратиб юборди.
4. У ерга йиқилган заҳоти: – Шоул, Шоул! Нега Мени қувғин қиляпсан? – деган овозни эшитди.
5. Шоул: – Ё Раббий, Сен кимсан? – деди. – Мен сен қувғин қилаётган Исоман. Нишга қарши тепишинг қийин, – деди У.
6. Шоул ваҳималаниб, титроқ билан: – Ё Раббий, нима қилишимни буюрасан? – деди. Исо унга: – Қани, ўрнингдан туриб шаҳарга кир, унда нима қилишинг кераклиги сенга айтилади, – деди.
7. Шоулнинг ҳамроҳлари овозни эшитиб, лекин ҳеч кимни кўрмасдан, қотиб қолгандилар.
8. Шоул ердан туриб кўзларини очганда, ҳеч нарса кўринмас эди. Уни қўлидан тутиб, Дамашқ шаҳрига келтирдилар.
9. Уч кунгача кўзлари кўрмай қолди, на еди ва на ичди.
10. Дамашқ шаҳрида Ҳанания деган Исонинг шогирди бор эди. Раббимиз Исо ваҳийда унга кўриниб: – Эй Ҳанания! – деди. – Лаббай, Раббим! – деди у.
11. Раб унга деди: – Ўрнингдан тур ва Тўғри деган кўчага бориб, Яҳудонинг уйидаги Тарс шаҳарлик Шоул исмли одамни сўрагин. Шу маҳалда у ибодат қиляпти.
12. Ваҳийда Ҳанания исмли бир одам унинг ёнига келганини ва кўзлари очилиши учун қўлларини унинг бошига қўйганини кўрди.
13. Ҳанания жавоб берди: – Ё Раббий, бу одам Қуддусда Сенинг азизларингга қанча ёмонлик қилгани ҳақида кўп одамлардан эшитдим.
14. Бу ерда ҳам Сенинг исмингни айтганларнинг ҳаммасини тутқунга солиш учун олий руҳонийлардан ижозат олибди-ку, – деди.
15. Раббимиз Исо унга шундай деди: – Сен боравер, мана бу одам Менинг исмимни турли халқлар, подшоҳлар ва Исроил ўғиллари олдида улуғлаш учун танланган қуролимдир.
16. Менинг исмим учун у қанчалар азоб чекиши керак эканини Ўзим унга кўрсатаман.
17. Ҳанания бориб ўша уйга кирди. Шоулнинг бошига қўлларини қўйиб: – Биродарим Шоул! Келаётган йўлингда сенга кўринган Раббимиз Исо, кўзларинг яна кўриши ва Муқаддас Руҳга тўлишинг учун мени юборди, – деди.
18. Ўша заҳоти Шоулнинг кўзларидан парда тушгандай бўлиб, кўра бошлади. Ўрнидан турибоқ, сувга чўмиб имон келтирди. Сўнг овқат еб, қувватга кирди.
19. Шоул бир неча кун Дамашқдаги Исо шогирдлари билан бирга бўлди.
20. У дарҳол Исо Худонинг Ўғли экани ҳақида яҳудий ибодатхоналарида тарғибот қила бошлади.
21. Эшитганлар эса ҳайратда қолиб: «Қуддусда бу исмни айтганларни қириб ташлаган, кишанлаб олий руҳонийларга олиб бориш учун бу ерга келган унинг ўзи эмасми?» – деб айтишарди.
22. Шоул эса тобора нуфузини ошириб борарди. Исонинг Масиҳлигига доир ишонарли далилларни олға суриб, Дамашқда турган яҳудийларни довдиратиб қўярди.
23. Орадан неча кунлар ўтиб, ниҳоят яҳудийлар сўз бириктириб, Шоулни ўлдиришга қарор қилишди.
24. Уни ўлдириш учун кечаю кундуз шаҳар дарвозалари олдида пойлаб туришар эди. Лекин уларнинг қасди Шоулга аён бўлди.
25. Кечаси шогирдлар уни саватга солиб, девордан тушириб юборишди.
26. Шоул Қуддус шаҳрига етиб боргач, у ердаги Исо шогирдларига қўшилиб, иноқлашишга уринди. Лекин унинг Исо шогирди бўлганига ҳеч ким ишонмай, ундан қўрқишарди.
27. Ўшанда Барнабо Шоулни ҳаворийларнинг ҳузурига бошлаб келди ва унинг йўлда Исони қандай кўриб, Исо унга нима деб сўзлаганини, Дамашқда Исонинг номи билан қандай довюраклик билан ваъз айтганини уларга айтиб берди.
28. Бундан кейин Шоул энди улар билан бирга юрадиган бўлиб, Қуддусда Раббимиз Исонинг номи билан қўрқмасдан тарғибот қиларди.
29. Юнон тилида сўзлашувчи яҳудийлар билан ҳам суҳбатлашиб баҳслашарди. Улар эса Шоулни ўлдириш пайига тушдилар.
30. Имонли биродарлари буни эшитгач, Шоулни Кесариягача кузатиб, Тарсга жўнатишди.
31. Шундай қилиб, Яҳудия, Жалила ва Самария юртлари бўйлаб имонлилар жамоати тинчликка эришди. Жамоат Худодан қўрқиб тобора ривож топар, Муқаддас Руҳдан жасурланиб, сон жиҳатдан кўпайиб борарди.
32. Бу орада Бутрус ҳамма жойларни айланиб чиқиб, Лўд шаҳрида турган имонлиларнинг олдига ҳам борди.
33. У ерда саккиз йилдан бери тўшагидан турмаган Еней исмли бир шол одамни кўрди.
34. Бутрус унга: – Еней, Исо Масиҳ сенга шифо беряпти. Ўрнингдан тур, кўрпа-тўшагингни йиғиб қўй! – деди. Еней ўша заҳоти ўрнидан туриб кетди.
35. Лўд шаҳри ва Шарон даласида яшаганларнинг ҳаммаси у кишининг ҳолини кўрди-да, Исони Раббимиз деб тан олиб, имон келтирдилар.
36. Яффада Исонинг шогирди бўлган Тавита исмли бир аёл бор эди. Бу отнинг таржимаси «оҳу» демакдир. Бу аёл ихлосмандлик билан хайрли ишларга берилиб, кўп садақа қилар эди.
37. Худди ўша кунларда у касалланиб ўлди. Уни ювиб, болохонага қўйишди.
38. Лўд шаҳри Яффага яқин бўлгани учун, Бутруснинг у ерда эканини эшитиб қолган шогирдлар унинг ҳузурига икки кишини юбориб: «Тезда бизнинг олдимизга келгин!» – деб илтимос қилишди.
39. Бутрус ўрнидан қўзғалиб, улар билан бирга кетди. Уйга етиб келгач, уни болохонага олиб киришди. Бутун бевалар унинг ёнига тўпланиб, дод-фарёд қилар, Оҳунинг тириклигида тиккан кўйлак ва жомаларини кўрсатишарди.
40. Бутрус эса ҳаммани ташқарига чиқазгандан кейин, тиз чўкиб ибодат қилди ва жасадга қараб: – Тавита, ўрнингдан тур! – деди. Шунда аёл кўзларини очди-да, Бутрусни кўриб, ростланиб ўтирди.
41. Бутрус қўлини узатиб, уни турғизиб қўйди. Сўнг имонлилар билан бева аёлларни чақириб, тирик ҳолдаги аёлни уларга топширди.
42. Бу ҳодиса бутун Яффага маълум бўлди ва кўп одамлар имон келтириб, Исони Раббим деб тан олдилар.
43. Бутрус анча вақт Яффада Симун исмли бир кўнчининг уйида турди.
1. Кесария шаҳрида Корнилий исмли бир одам бор эди. У «Итальян» деган полкда юзбоши,
2. бутун хонадони билан Худодан қўрқадиган диндор бир одам эди. Халққа кўпдан-кўп садақа бериб, доимо Худога ибодат қиларди.
3. Бир куни тушдан сўнгги соат учлар чамасида Худонинг бир фариштаси унинг олдига келганини у ваҳийда очиқ кўрди. Фаришта унга деди: – Корнилий!
4. – Лаббай, Ҳазрат? – деди Корнилий унга ваҳима билан тикилиб. Фаришта деди: – Қилган ибодату садақаларинг Худо ҳузурида ижобат бўлди.
5. Энди Яффага одамлар юбориб, Бутрус лақабли Симун деган кишини олдингга чақиртир.
6. У уйи денгиз бўйида бўлган Симун исмли кўнчиникида меҳмон бўлиб турибди. [Унинг сенга айтадиган сўзларидан ўзинг билан бутун хонадонинг нажот топасизлар.]
7. Унга гапирган фаришта кетгандан сўнг, Корнилий хизматкорларидан иккисини ва унинг хусусий вазифадори бўлган диндор бир аскарни чақирди.
8. Уларга ҳамма нарсани тушунтириб, Яффага жўнатди.
9. Эртаси куни туш чамасида, бу одамлар йўл юриб шаҳарга яқинлашарканлар, Бутрус ибодат қилиш учун томга чиқди.
10. У оч қолганини ҳис этиб, овқат егиси келди. Овқатни тайёрлар эканлар, у руҳланиб ўзини йўқотди.
11. Осмон очилиб, катта рўмолга ўхшаш бир идиш тўрт бурчагидан осилган ҳолда пастга тушиб келаётганини кўрди.
12. Рўмолнинг ичида ерга хос ҳар хил тўрт оёқли ва судралувчи ҳайвонлар ҳамда кўкда учувчи қушлар бор эди.
13. Бир овоз унга хитоб қилиб: – Бутрус, тур ва сўйиб егин! – деди.
14. Бутрус: – Асло, ё Раббим! Мен мутлақо ифлос ёки ҳаром нарса еган эмасман, – деди.
15. Яна овоз иккинчи марта унга эшитилиб: – Худо ҳалол деганини сен ҳаром дема! – деб айтди.
16. Бу манзара уч марта такрорланди. Сўнг идиш яна осмонга кўтарилди.
17. Бутрус гангиб қолган эди. Мен кўрган ваҳийнинг нима маъноси бор экан, деб ўйлаб турганда, Корнилий томонидан юборилган одамлар Симуннинг уйини суриштириб дарвоза бўсағасида тўхтаб қолишди.
18. Улар овозларини баландлатиб: – Бутрус лақабли Симун шу ердами? – деб сўрашди.
19. Бутрус эса ҳануз ваҳийни ўйлаб, мулоҳазага чўмиб ўтирарди. Муқаддас Руҳ унга: «Мана, уч киши сени излаяпти.
20. Ўрнингдан тургин-да, пастга туш ва ҳеч шубҳа қилмасдан улар билан бирга боргил, чунки уларни Мен юбордим», – деди.
21. Бутрус пастга тушиб, Корнилий томонидан юборилган одамларга: – Сизлар излаётган одам мен бўламан. Нима юмуш билан бу ерга келдингизлар? – деди.
22. Улар Бутрусга: – Корнилий исмли, бутун яҳудий халқи орасида яхши ном чиқарган, солиҳ, Худодан қўрқадиган бир юзбоши бор. Муқаддас фаришта унга, сени ўз уйига чақиртириб, айтганларингга қулоқ беришини буюрибди, – дейишди.
23. Шунда Бутрус уларни ичкарига чорлаб, меҳмон қилди. Эртаси куни Бутрус жойидан қўзғалиб, келганлар билан йўлга чиқди. Яффадаги имонлилардан баъзи одамлар ҳам унга ҳамроҳ бўлди.
24. Иккинчи куни Кесарияга келишди. Корнилий эса ўз қариндошлари ва яқин дўстларини бир жойга тўплаб, уларни кутиб турарди.
25. Бутрус ичкарига кирганда, Корнилий уни қаршилаб, оёқларига йиқилиб сажда қилди.
26. Бироқ Бутрус: – Тур, мен ҳам бир инсонман, – деди-ю уни оёққа турғизди.
27. Бутрус Корнилий билан суҳбатлашиб уйга кираркан, тўпланиб турган катта жамоани кўрди.
28. Уларга айтди: – Бошқа қабила кишиси билан алоқа қилиш, иноқлашиш яҳудий бир одам учун жоиз эмаслигини биласизлар. Лекин Худо ҳеч бир одамни ифлос ёки ҳаром деб ҳисобламаслик лозимлигини менга кўрсатди.
29. Шунинг учун мен чақирилганимда, сўз қайтармай келдим. Энди айтинглар-чи, нима учун мени чақирдингизлар?
30. Корнилий сўз бошлади: – Бундан тўрт кун аввал, салкам айни шу маҳалда мен уйимда рўза тутардим. Соат учда ибодат қилаётганимда, бирданига порлоқ кийимли бир одам рўпарамда пайдо бўлди.
31. «Корнилий! – деди у. – Худо ибодатингни эшитди ва садақаларингни мақбул топди.
32. Энди Яффага одам юбор, денгиз бўйидаги кўнчи Симуннинг уйида меҳмон бўлиб турган Бутрус лақабли Симунни чақиртир. Унинг сенга айтадиган сўзлари бор», – деди.
33. Мен ҳам ўша заҳоти сенинг олдингга одамларни юбордим ва хайрият, келганинг яхши бўлди-да. Энди Худо сенга буюрган сўзларининг ҳаммасини тинглаш учун биз барчамиз бу ерда Худонинг ҳузурида ҳозирмиз.
34. Бутрус сўз бошлади: «Ҳақиқатан, Худонинг юз-хотир қилмаслигини,
35. балки Ундан қўрққан ва тўғрилик ила иш тутган ҳаммани миллатига қарамай қабул қилишини мен энди чинакамига тушундим.
36. Худо Ўз каломини Исроил ўғилларига юбориб, Исо Масиҳ номидан тинчлик муждасини эълон қилди. Исо Масиҳ эса ҳамманинг Раббидир.
37. Яҳё пайғамбар ваъз қилиб, халқни сувда тавба қилдириб юргандан кейин, Жалиладан бошлаб бутун Яҳудия юрти бўйлаб содир бўлган воқеаларни сизлар биласизлар.
38. Носира шаҳридан чиққан Исони Худо юборди. Худонинг Ўзи Исо билан бирга бўлгани учун, У Муқаддас Руҳ ва қудратга тўлган ҳолда эзгулик қилар, иблиснинг золим ҳукми остида қийналиб юрганларнинг ҳаммасини соғайтирар эди.
39. Мана биз яҳудийларнинг мамлакатида ва Қуддус шаҳрида Исонинг қилган барча ишларига гувоҳмиз. Унинг Ўзини эса ёғочга осиб ўлдирдилар.
40. Аммо Худо учинчи куни Уни тирилтириб, кўзларга намоён қилди.
41. Исо тирилгандан кейин бутун халққа эмас, балки Худо олдиндан танлаган, У билан еб-ичган шоҳидларга – бизларгагина зоҳир бўлди.
42. Худо Исони тиригу ўликларни ҳукм қилувчи этиб тайинлаган. Бу ҳақда гувоҳлик бериб, халққа ваъз айтишимизни Худонинг Ўзи буюрган.
43. Исога инонган ҳар бир кишининг гуноҳлари Унинг номи билан кечирилади, деб қадимий пайғамбарларнинг ҳаммаси ҳам шаҳодат берганлар».
44. Бутрус ҳали гапириб турганда, каломни эшитаётганларнинг барчаси устига Муқаддас Руҳ тушди.
45. Бутрус билан бирга келганлар Исога ишонган яҳудийлар эди. Муқаддас Руҳ ғайрияҳудийларга ҳам насиб бўлганини улар кўриб, ҳайратда қолдилар.
46. Чунки у кишиларнинг янги тилларда сўзлашиб, Худони улуғлаётганларини эшитиб туришарди. Шунда Бутрус сўз олди:
47. «Худди бизлар каби Муқаддас Руҳни қабул қилган бу одамларнинг сувга чўмиб имон келтиришига ким моне бўла олар экан?» – деди-ю,
48. уларни Исо Масиҳ номи билан чўмдиришни буюрди. Шундан кейин улар Бутрусдан бир неча кун қолишини илтимос қилишди.
1. Ғайрияҳудийлар ҳам Худонинг сўзини қабул қилибди, деган хабар ҳаворийларнинг ва Яҳудиядаги имонлиларнинг қулоғига етиб келди.
2. Шу сабабдан Бутрус Қуддус шаҳрига борганда, суннатчилар унга таъна қилиб:
3. «Сен суннат қилинмаган одамларнинг олдига кириб, улар билан бирга еб-ичибсан-ку!» – дейишди.
4. Бутрус эса бўлиб ўтган воқеаларни бир бошдан уларга нақл қилишга тушди:
5. «Мен Яффа шаҳрида ибодат қилаётган эканман, ўзимни йўқотиб ваҳий кўрдим: мана, катта рўмолга ўхшаш бир идиш тўрт бурчагидан осилган ҳолда осмондан тушиб, то олдимгача келаётган экан.
6. Унинг ичига назар солсам, ер юзининг тўрт оёқли, ваҳший ва судралувчи ҳайвонларини ҳамда кўкда учувчи қушларни кўрдим.
7. Ўшанда: – Бутрус, тур ва сўйиб егин! – деган бир овозни эшитдим.
8. Мен эса: – Асло, ё Раббим! Менинг оғзимга мутлақо ифлос ёки ҳаром нарса кирган эмас, – дедим.
9. Овоз иккинчи марта осмондан эшитилиб: – Худо ҳалол деганини сен ҳаром дема, – деди менга.
10. Бу манзара уч марта такрорланди. Кейин ҳаммаси яна осмонга кўтарилди.
11. Мана, ўша заҳоти Кесариядан менга юборилган уч одам мен турган уйнинг рўпарасида тўхтаб қолди.
12. Муқаддас Руҳ эса ҳеч шубҳаланмай улар билан бирга боришимни айтди. Шундай қилиб, бу олти биродар ҳам менга ҳамроҳ бўлишди, улар билан бирга ўша одамнинг уйига кирдик.
13. У эса уйида пайдо бўлган фариштани қандай кўрганини бизларга айтиб берди. Фаришта унга: „Яффага одамлар юбор, Бутрус лақабли Симунни чақиртир.
14. У сенга айтадиган сўзларидан ўзинг билан бутун хонадонинг нажот топасизлар“, – деб айтибди.
15. Мен гапира бошлаганимдаёқ, даставвал бизнинг устимизга тушган Муқаддас Руҳ уларнинг устига ҳам тушиб келди.
16. Шунда мен Раббимиз Исонинг: „Яҳё пайғамбар одамларни сувга чўмдириб тавба қилдирган, сизлар эса Муқаддас Руҳга чўмдириласизлар“, – деган сўзини эсга олдим.
17. Агар Худо бизга берган ҳадяни Раббимиз Исо Масиҳга худди биздай инонган мана буларга ҳам берган бўлса, унда мен ким бўлдимки, Худога қаршилик қила олсам?»
18. Бу сўзларни эшитиб, улар тинчланди. «Худо ғайрияҳудийларни ҳам тавба қилдириб, абадий ҳаёт насиб қилар экан», – деб Худони олқишлашди.
19. Стефаннинг ўлдирилиши билан бошланган қувғин оқибатида тарқалиб кетган имонлилар шу орада Худонинг каломини яҳудийлардан бошқа ҳеч кимга билдирмай, Финикия, Кипр ва Антиохиягача етиб борган эдилар.
20. Антиохия шаҳрига келган баъзи бир кипрлик ва киринеялик кишилар эса Раббимиз Исонинг Хушхабарини у ердаги юнонларга ҳам етказдилар.
21. Раббимизнинг кучи улар орқали амал қилаётгани учун ҳам кўпчилик Исони Раббим деб имон келтирди.
22. Бу ҳақда Қуддусдаги имонлилар жамоатининг қулоғига хабар етиб келгач, Барнабога Антиохияга боришни топширдилар.
23. Барнабо у ерга келганда, Худо иноятининг самарасини кўриб қувонди. Раббимиз Исога чин кўнгилдан берилинглар, деб ҳаммага далда берди.
24. У Муқаддас Руҳ ва имонга тўлган, хушфеъл одам бўлгани учун, халқнинг талай қисми Исони Раббим деб қабул қилди.
25. Кейин Барнабо Шоулни ахтариб, Тарсга борди ва уни топиб, Антиохияга келтирди.
26. Бир йил мобайнида улар имонлилар жамоати билан тўпланиб, талай одамга таълим беришди. Биринчи марта Антиохия шаҳрида Исо шогирдлари Масиҳий деган номни олдилар.
27. Ўша кунларда Антиохияга Қуддусдан баъзи пайғамбарлар келди.
28. Улардан Агав дегани Муқаддас Руҳдан руҳланиб қад ростлади-да, бутун дунёда оғир қаҳатчилик бўлишини каромат қилди. (Бу воқеа Қайсар Клавдий даврида содир бўлди.)
29. Шунда шогирдларнинг ҳар бири қўлидан келганича, Яҳудияда яшовчи имондошларига ёрдам юборишга аҳд қилишди.
30. Бу аҳдни амалга ошириб, йиғилган нафақаларни Барнабо ва Шоул орқали жамоатнинг оқсоқолларига юборишди.
1. Ўша кунларда подшоҳ Ҳирод имонлилар жамоатидан баъзиларига озор бериш учун қўл кўтарди.
2. Юҳаннонинг акаси Ёқубни қилич билан чопиб ўлдирди.
3. Бу яҳудийларга ёққанини кўриб, унинг ортидан Бутрусни ҳам қўлга олди. Ана шу воқеалар яҳудийлар хамиртурушсиз нон ёпадиган Фисиҳ байрамида содир бўлди.
4. Ҳирод Бутрусни зиндонга қамаб, Фисиҳ байрамидан кейин халқ олдига чиқариш нияти бор эди. Уни қўриқлаш учун ҳар бири тўрт аскардан иборат тўрт дастага топширди.
5. Бутрус шундай зиндонда тутиларкан, имонлилар жамоати унинг учун ихлос билан Худога ибодат қилар эди.
6. Ҳирод уни чиқармоқчи бўлган кундан аввалги кечаси Бутрус икки аскар ўртасида, иккита занжир билан кишанланган ҳолда ухлаётган эди. Эшикнинг ёнидаги қоровуллар эса зиндонни қўриқлашар эди.
7. Ногаҳон Худованднинг фариштаси Бутруснинг ёнида пайдо бўлиб, ҳужрада нур порлади. Фаришта Бутруснинг биқинига туртиб: – Тезроқ ўрнингдан тур! – деб уни уйғотди. Шу ондаёқ қўлларидаги занжирлар тушиб кетди.
8. Фаришта Бутрусга: – Камарингни боғла, чориқларингни кий! – деди. У шундай қилди. Кейин фаришта: – Тўнингни кий, орқамдан юр! – деди.
9. Бутрус чиқиб, унинг орқасидан кетди. Фақат фаришта қилаётган ишнинг ўнг ёки туш эканини уқмай, ваҳий кўраётганини ўйлар эди.
10. Биринчи ва иккинчи қоровулхоналардан ўтиб, шаҳарга чиқадиган темир дарвозага келишди. Дарвоза ўзидан-ўзи уларга очилди. Ташқарига чиқиб, бир кўчани босиб ўтишди. Ногаҳонда Бутруснинг ёнидаги фаришта ғойиб бўлди.
11. Бутрус ўзига келгач: «Энди мен чиндан кўрдим, Раббим фариштасини юбориб, мени Ҳирод қўлидан ва яҳудий халқининг бутун қасд-адоватидан қутқазди», – деди.
12. У бўлиб ўтган воқеаларнинг фарқига етган заҳоти Марк лақабли Юҳаннонинг онаси Марямнинг уйига етиб келди. У ерда бир талай одам тўпланиб, ибодат қилаётган эди.
13. Бутрус дарвозани тақиллатгач, Рода исмли бир хизматкор қиз қулоқ солгани чиқди.
14. Бутруснинг овозини таниб, севинганидан дарвозани очмай ичкарига югуриб, унинг ташрифини билдирди.
15. – Ақлинг жойидами? – дейишди улар қизга. Лекин қиз ўз айтганини тасдиқлайвергач, улар: – Унинг фариштасидир, – дейишди.
16. Шу орада Бутрус тақиллатишда давом этди. Очганларида уни кўриб ҳайрон қолишди.
17. Бутрус уларнинг жим туриши учун қўли билан имо қилиб, Раббимиз уни қандай зиндондан чиқарганини гапириб берди. Сўнг: – Буларни Ёқуб ва бошқа биродарларга билдиринглар! – деб, у ердан чиқди-да, бошқа жойга кетди.
18. Кундуз бўлгач, Бутрус билан нима юз бергани ҳақида ўйлаб, аскарлар қаттиқ ҳаяжонга тушишди.
19. Ҳирод эса уни излаб тополмаганидан кейин қоровулларни сўроқ қилиб, ўлим жазосига маҳкум этди. Шундан сўнг Ҳирод Яҳудияни тарк этиб, Кесария шаҳрига борди ва у ерда бир муддат қолди.
20. У Тир ва Сидўн аҳолисига бор заҳрини сочар эди. Улар эса ўзаро келишиб, унинг ҳузурига ташриф буюришди. Подшоҳнинг сарой нозири Бластани ўз томонларига кўндириб, сулҳ сўрашди. Чунки уларнинг вилояти учун зарур бўлган озиқ-овқат подшоҳнинг вилоятидан олинар эди.
21. Белгиланган кунда Ҳирод шоҳона кийимларини кийиб, минбарга ўтирди-да, халойиққа ваъз айтди.
22. Халойиқ эса: «Бу одамнинг овози эмас, бу Худонинг овози!» – деб хитоб қиларди.
23. Ўша ондаёқ Худованднинг фариштаси Ҳиродни урди. У шарафни Худога бермагани учун танасини қуртлар кемириб, жон берди.
24. Худонинг каломи эса тобора ёйилар, самара берарди.
25. Барнабо билан Шоул топшириқни бажолагач, Марк лақабли Юҳаннони ўзлари билан бирга олиб, Қуддусдан қайтиб келишди.
1. Антиохия шаҳридаги имонлилар жамоатида баъзи бир пайғамбарлар ва муаллимлар, чунончи Барнабо, «Қорача» лақабли Симун, киринеялик Луций, вилоят ҳокими Ҳирод билан бирга тарбияланган Маноҳим ва Шоул бор эдилар.
2. Булар диний хизматини ўтаб, рўза тутиб турган маҳалда, Муқаддас Руҳ гапириб: «Барнабо билан Шоулни Мен сайлаган иш учун Менга ажратиб беринглар!» – деди.
3. Шу тариқа, улар яна рўза тутиб ва ибодат қилиб бўлгач, Барнабо билан Шоулнинг бошига қўлларини қўйганча дуо ўқиб, уларни жўнатишди.
4. Барнабо билан Шоул Муқаддас Руҳ буюрганига кўра йўлга тушиб, Селевкия шаҳрига келдилар. У ердан эса Кипр оролига сузиб кетдилар.
5. Саламис шаҳрига келиб, яҳудийларнинг ибодатхоналарида Худонинг каломини тарғиб қилдилар. Юҳанно ҳам уларнинг хизматида эди.
6. Улар бутун оролни кезиб чиқиб, Пафос шаҳрига етиб келдилар. У ерда сеҳргар ва сохта пайғамбар бўлган Барйешу исмли бир яҳудийга дуч келдилар.
7. Барйешу вилоят ҳокими Сергий Павлуснинг ходими эди. Ақлли одам бўлган ҳоким Барнабо билан Шоулни чақиртиб, Худонинг каломини тингламоқчи бўлди.
8. Бироқ Барйешу (бошқа оти билан Алимо, яъни «сеҳргар») уларга қаршилик кўрсатиб, ҳокимни имондан тойдиришга тиришарди.
9. Шунда Муқаддас Руҳга тўлган Шоул, яъни Павлус, унга кўзларини тикиб деди:
10. – Эй иблис ўғли! Юрагинг ҳар хил ҳийла ва айёрликка тўлгандир, ҳар қандай ҳақиқат душманисан! Худованднинг тўғри йўлларини чалкаштиришни бас қил!
11. Ва энди Худованд сенга қарши қўл кўтарди. Сен кўр бўласан ва бир қанча вақт қуёшни кўрмайсан. Шу заҳотиёқ бу одамнинг кўзлари қоронғи-зимистонликка кўмилди. Энди у атрофни пайпаслаганича ўзига етакловчи излар эди.
12. Ҳоким бу воқеани кўрди-да, Раббимиз Исо тўғрисидаги таълимотга қойил қолиб, имон келтирди.
13. Павлус ва унга ҳамроҳ бўлганлар Пафос шаҳридан сузиб кетиб, Памфилиянинг Пергия шаҳрига келишди. Юҳанно эса улардан ажралиб, Қуддусга қайтиб борди.
14. Улар Пергиядан яна йўлга чиқиб, Писидия юртидаги Антиохия шаҳрига боришди. Шанба кунида яҳудийларнинг ибодатхонасига кириб ўтиришди.
15. Таврот ва Пайғамбарлар китобларидан қироат тугагач, ибодатхонанинг жамоабошилари уларга киши юбориб: «Эрлар, биродарлар, агар халққа берадиган насиҳат сўзларингиз бўлса, марҳамат қилиб айтинглар», – дейишди.
16. Павлус оёққа турди ва қўли билан ишора қилиб: «Эй Исроил эрлари ва барча Худодан қўрққанлар, тинглангиз! – деди.
17. – Бу халқнинг, Исроилнинг Худоси ота-боболаримизни танлади. Улар Миср ерида, ғурбатда яшаганда, Худо уларнинг мартабасини баланд қилди. Сўнгра Ўзининг музаффар қўли билан уларни у ердан олиб чиқди.
18. Қарийб қирқ йил саҳрода уларнинг кирдикорларига чидади.
19. Канъон мамлакатида етти элатни ҳалокатга йўлиқтириб, уларнинг заминини Исроил халқига насиб қилди.
20. Бу ҳол қарийб тўрт юз эллик йил давом этди. Шундан сўнг, Шомуил пайғамбар замонигача Худо уларга қозиларни берди.
21. Бунинг изидан халқ подшоҳ талаб қилди ва Худо Бенямин насл-насабидан Киш ўғли Шоул деган мардни уларга қирқ йил подшоҳ қилиб берди.
22. Уни тахтдан туширгандан кейин эса, уларга Довудни подшоҳ қилиб берди. Худо Довуд ҳақида шундай шаҳодат берди: „Мен кўнглимдагидай бир одамни – Ишай ўғли Довудни топдим; бутун истакларимни у бажо келтиради“.
23. Худо берган ваъдасига мувофиқ, Довуд зурриётидан Исроилга Нажоткорни – Исони юборди.
24. Исонинг келишидан бурун Яҳё пайғамбар бутун Исроил халқини тавба-тазарру қилишга ва сувда имон келтиришга ундаб юрди.
25. Яҳё ўз фаолиятини якунлаётганда: „Сизлар мени ким деб ҳисоблайсизлар? Мен Масиҳ эмасман. Лекин мендан кейин Келаётган бор, ана мен Унинг чориқ ипларини ечишга ҳам муносиб эмасман“, – деган эди.
26. Эй эрлар, биродарлар, эй Иброҳим наслидан бўлганлар ва орангиздаги барча Худодан қўрққанлар! Бу Нажоткор ҳақидаги хабар энди сизларгача етиб келди.
27. Қуддусда яшовчилар билан уларнинг раҳнамолари Исони тан олмадилар. Уни ўлимга маҳкум қилиб, ҳар шанба куни тиловат қилинадиган пайғамбар сўзларини ўзлари бажо келтирдилар.
28. Унда ўлимга лойиқ ҳеч бир айб тополмаган ҳолда, Пилатдан Уни ўлдиришни сўрадилар.
29. У ҳақида ёзилган бутун оятларни шундай бажо келтиришгандан кейин, Уни ёғочдан тушириб қабрга қўйдилар.
30. Лекин Худо Исони тирилтирди.
31. Исо Ўзи билан бирга Жалиладан Қуддусга борганларга анча кунлар давомида кўриниш бериб турди. Энди улар халқ олдида Унинг гувоҳлари бўлиб қолганлар.
32. Бизнинг сизларга етказаётган Хушхабар ҳам шу: Худо оталаримизга берган ваъдасини
33. уларнинг болалари бўлмиш бизлар учун Исони тирилтириш орқали амалга оширди. Забур китобининг иккинчи саносида ёзилганидек: „Сен Менинг Ўғлимсан, Сени бугун таваллуд эттирдим“.
34. Исони тирилтириш ва асло чиришига йўл қўймаслик ҳақида эса Худо Забурда яна шундай деган: „Мен Довудга ваъда қилган дуоларимни Сизларга муқаррар этиб бергайман“.
35. Шунингдек, бошқа бир оятда ҳам: „Ўз Азизингнинг чиришни кўришига йўл қўймайсан“, – деган.
36. Довуд Худонинг амри билан ўз наслига хизмат қилганидан кейин вафот этди ва ота-боболари сингари кўмилиб, унинг танаси чириб кетди.
37. Бироқ Худо тирилтирган Исонинг танаси чиришни кўрмади.
38. Энди эй биродарлар, мана шу сизларга маълум бўлсинки, ушбу Исо номидан гуноҳларингиз кечирилиши эълон қилинмоқда.
39. Сизлар Мусонинг Қонунига амал қилиб, оқланишингиз мумкин эмас эди. Энди эса Исо Масиҳга ишонган кишининг ҳар қандай гуноҳидан Худо ўтади.
40. Фақат эҳтиёт бўлинглар, яна пайғамбарлар китобида айтилган бу сўзлар сизларнинг бошингизга тушмасин:
41. „Эй хор қилувчилар, қаранглар, Ҳайратда қолиб ҳалок бўлинглар! Сиз яшаётган кунларда Мен бир иш қиламанки, Уни сизларга бирон киши айтиб берганда эди, Унга ҳеч инонмас эдингизлар“».
42. Бундан сўнг Павлус билан Барнабо яҳудийларнинг ибодатхонасидан чиқиб кетишди. Халойиқ улардан бу ҳақда келгуси шанба куни яна сўзлашни илтимос қилди.
43. Жамоат тарқалгандан кейин, яҳудийлардан ва Худодан қўрқиб яҳудий динига кирганлардан кўпгинаси Павлус ва Барнабонинг орқасидан эргашдилар. Улар бу кишилар билан суҳбат қуриб, Худонинг иноятига таяниб, имонда маҳкам бўлишга ишонтиришарди.
44. Келгуси шанбада шаҳарликларнинг қарийб ҳаммаси Худонинг каломини эшитиш учун йиғилишди.
45. Лекин шунча халойиқни кўрган яҳудийлар ҳасадга тўлиб, Павлуснинг айтаётган сўзларини инкор қилганча, ҳақоратга ўта бошладилар.
46. Шунда Павлус билан Барнабо жасорат билан жавоб бериб дедилар: «Худонинг каломини биринчи навбатда сиз, яҳудийларга тарғиб қилмоқ керак эди. Аммо сизлар Уни рад қилиб, ўзларингизни абадий ҳаётга нолойиқ кўрдингизлар. Шундан буён биз бошқа халқ вакилларига мурожаат қиламиз.
47. Чунки Худованд Тавротда бизга васият қилиб деган: „Сени турли халқларга нур беришга қўйдим, Замин четларига қадар нажот келтиргин дея“».
48. Ғайрияҳудийлар буни эшитгандан сўнг севиниб, Раббимизнинг каломини кўкка кўтаришди, абадий ҳаётга тайин бўлганларнинг ҳаммаси эса имон келтиришди.
49. Шу тариқа Раббимизнинг каломи бутун мамлакат бўйлаб ёйилиб борар эди.
50. Бироқ яҳудийлар художўй ва эътиборли аёллар ва шунингдек, шаҳарнинг нуфузли одамларини Павлус ва Барнабога қарши қўзғатиб, уларни ўз юртларидан қувиб чиқаздилар.
51. Шунда Павлус ва Барнабо оёқ чангларини уларга силтаб қоқиб, Икония шаҳрига кетишди.
52. Шогирдлар бўлса, севинч ва Муқаддас Руҳга тўлиб-тошиб борардилар.
1. Икония шаҳрида Павлус билан Барнабо одатдагидай яҳудийларнинг ибодатхонасига кириб, ваъз айтдилар. Натижада яҳудий ва юнонлардан жуда кўплари имон келтирди.
2. Лекин инонмаган яҳудийлар мажусийларнинг юракларини заҳарлаб, уларни имонлиларга қарши қўзғатдилар.
3. Павлус билан Барнабо бўлса, анча вақт Раббимиз Исо учун жасорат билан фаолият кўрсатардилар. Раббимиз ҳам уларнинг қўллари орқали ажойиб ва мўъжизакор ишлар яратиб, Ўзининг иноятли каломини тасдиқлар эди.
4. Шундай қилиб, шаҳар аҳолиси иккига бўлинди: баъзилари яҳудийлар ва баъзилари ҳаворийлар томонига ўтдилар.
5. Яҳудийлар ва мажусийлар ўз раҳнамолари билан келишиб, ҳаворийларга озор бериб, уларни тошбўрон қилмоқчи бўлишди.
6. Улар эса буни пайқаб қолиб, Ликаониянинг Листра ва Дервия шаҳарлари ва атрофдаги вилоятга қочиб кетишди.
7. У ерда Инжил Хушхабарини тарғиб қилишда давом этишди.
8. Листра шаҳрида бир чўлоқ киши ерда ўтирар эди. У туғма майиб бўлиб, умрида асло юрмаган эди.
9. У Павлуснинг айтаётган сўзларини тингларкан, Павлус унга кўз тикиб, дарддан халос бўлиш учун имони борлигини пайқади.
10. Овозини баланд қилиб: – Раббим Исо Масиҳ номидан сенга айтаман: оёғингда тикка тур! – деди. Ўша заҳоти у киши ўрнидан ирғиб турди-да, юра бошлади.
11. Халойиқ Павлус қилган ишни кўриб, Ликаония тилида баралла: – Тангрилар одам қиёфасида олдимизга тушибди! – деб бақира кетишди.
12. Барнабони – Зевс, Павлусни эса нотиқ бўлгани учун Ҳермес дейишди.
13. Шаҳарнинг ташқарисидаги Зевс маъбадининг коҳини эса шаҳар дарвозаларига ҳўкизларни ва гулчамбарларни олиб келиб, халойиқ билан бирга қурбонлик келтирмоқчи бўлди.
14. Ҳаворийлар Барнабо ва Павлус буни эшитгач, кийимларини йиртганча, ўзларини халойиқнинг орасига отиб:
15. «Эрлар! – деб бақиришди. – Нима учун бу ишларни қиляпсизлар? Биз ҳам сизларга ўхшаган инсонмиз! Сизлар бу сохта тангриларга топинишдан қайтиб, ер, осмон, денгиз ва ундаги ҳамма нарсани яратган барҳаёт Худога илтижо қилинглар. Мана, биз сизларга етказаётган Хушхабаримиз шу.
16. Гарчи Худо ўтган барча халқларга ўз йўллари билан юришларига эрк берган бўлса-да,
17. шу билан бирга Ўзини доимо ошкора қилиб келган. Осмондан ёғингарчилик ва серҳосил мавсумлар бериб, ризқ-рўзингизни таъминлаб, юракларингизни бахт-саодатга тўлдириб, сизларга эзгулик қилиб келган».
18. Ҳаворийлар бу сўзларни айтиб бўлиб, оломонни зўрға тинчитишди ва ўзларига қурбонлик қилмасликка кўндиришди. [Ҳамма уй-уйларига кетгандан сўнг, улар яна шу ерда таълим беришни давом эттиришди.]
19. Шу орада ҳаворийлар жасорат билан ваъз айтиб турганда, Антиохия ва Икония шаҳарларидан яҳудийлар келиб, халқни улардан бош тортишга ундадилар. «Улар бирон ҳақиқатни айтишгани йўқ, ҳамма сўзлари ёлғон», – деб халқнинг авзойини бузиб, Павлусни тошбўрон қилдилар. Уни ўлган ҳисоблаб, шаҳардан ташқарига судраб чиқдилар.
20. Лекин шогирдлари унинг атрофига тўпланганда, Павлус ўрнидан туриб, шаҳарга қайтиб кирди. Эртаси куни Барнабо билан Дервия шаҳрига жўнади.
21. Хушхабарни Дервия шаҳрида тарғиб қилиб, кўп шогирд орттиришгандан сўнг, Листра, Икония ва Антиохия шаҳарларига қайтдилар.
22. Йўл-йўлакай Исо шогирдларининг жонларига жон қўшиб, имонда собит бўлишлари учун далда берардилар. «Худонинг Шоҳлигига кўп қайғулардан ўтиб киришимиз керак», – деб насиҳат қилардилар.
23. Ҳар бир имонлилар жамоати учун оқсоқоллар тайин этдилар. Рўза тутиб, имонлиларни дуо қилиб, Раббимиз деб қаттиқ ишонишган Исо Масиҳнинг қарамоғига уларни топширдилар.
24. Писидия юртидан ўтиб Памфилия вилоятига келдилар.
25. Пергия шаҳрида Худонинг сўзини ваъз қилгандан кейин, Атталияга тушиб бордилар.
26. У жойдан сузиб, энди тамомлаган ишлари учун Худонинг иноятига топширилган жой – Антиохияга қайтиб келдилар.
27. У ерга етгач, имонлилар жамоатини йиғиб, Худонинг улар билан нималар қилганини, мажусийларга имон эшигини қандай очганини сўзладилар.
28. Бу ердаги Исо шогирдлари билан бирга анча вақт турдилар.
1. Яҳудия ўлкасидан келган баъзи одамлар Антиохияда турган имонли биродарларига: «Агар Мусонинг одати бўйича суннат қилмасангизлар, нажот тополмайсизлар», – дея таълим берардилар.
2. Павлус ва Барнабо улар билан анча тортишув ва баҳсга киришдилар. Охирида Павлус билан Барнабони, шунингдек, ораларидан бошқа баъзи кишиларни тайин этиб, бу масалани ҳаворийлар ва оқсоқоллар қошида ечиш мақсадида уларни Қуддусга юборишга қарор қилишди.
3. Улар жамоат томонидан жўнатилгандан сўнг, Финикия ва Самария ўлкаларидан ўтаётиб, ўша ердаги биродарларига мажусийларнинг Худога илтижо қилишганини айтиб бериб, ҳаммага катта севинч бағишлардилар.
4. Қуддусга етганларида, имонлилар жамоати, ҳаворийлар ва оқсоқоллар томонидан яхши қабул қилиндилар. Ўзлари билан Худонинг қилган бутун ишларини, мажусийларга имон эшигини қандай очганини уларга билдирдилар.
5. Лекин фарзийлар мазҳабидан Исога ишонган баъзи бирлари қарши туриб: «Уларни суннат қилиш ва Мусонинг Қонунига риоя эттириш керак», – дедилар.
6. Ҳаворийлар ва оқсоқоллар бу масалани муҳокама қилиш учун йиғилдилар.
7. Анча мунозарадан кейин Бутрус ўрнидан туриб, уларга хитоб этди: «Эрлар, биродарлар! Сизларга маълумки, мажусийлар Инжил Хушхабарини мендан эшитиб, имон келтирсинлар деб, Худо анча вақт аввал орангиздан мени танлаган эди.
8. Қалбларни билган Худо бизга берган Муқаддас Руҳни уларга ҳам эҳсон этиб, шу билан уларни маъқул топганини тасдиқ этди.
9. Улар билан бизнинг орамизни ҳеч қандай фарқ билан ажратмасдан, имон келтиришлари орқали уларнинг ҳам дилларини тозалади.
10. У ҳолда, сизлар нима учун Худони синаб, на оталаримиз, на бизлар кўтариб боролмаган бўйинтуруқни Исо шогирдларининг бўйнига юкламоқчисизлар?
11. Ўзимиз биргина Раббимиз Исонинг инояти билан нажот топишга ишонганимиз каби, улар ҳам худди шунга ишонишади».
12. Шунда бутун жамоат жим бўлиб, Барнабо билан Павлусга қулоқ солиб турди. Улар эса Худонинг ўзлари орқали мажусийлар орасида бажарган барча ажойиб ва мўъжизакор ишларини айта бошладилар.
13. Улар сўзлаб бўлгандан кейин, Ёқуб гап бошлади: «Эрлар, биродарлар, менга қулоқ солинглар!
14. Симун, биринчи галда Худо бошқа миллатлардан Ўз исмини таниган бир халқни олиш учун осмондан тушганини тушунтирди.
15. Ана, пайғамбарларнинг сўзлари ҳам бунга мувофиқ келяпти, Тавротда ёзилишича:
16. „Бундан кейин Мен қайтиб келиб, Довуднинг йиқилган даргоҳини барпо қилурман. Унинг харобаларини янгидан қуриб, Уни бошдан қайта тиклаб қўюрман.
17. Токи қолган одамлар, Исмимни таниган барча халқлар, Мен – Худовандни излаб топсинлар.
18. Буларни қадимдан маълум этган Худованд буюриб бажармоқда“.
19. Шунинг учун менинг фикримча, бошқа миллатлардан Худога имон келтирганларни қийнаб қўймаслигимиз лозим.
20. Фақат уларга хат ёзиб, бутларга сўйилган ҳаром қурбонлик гўшти, зино, бўғилган ҳайвоннинг гўшти ва қон ейишдан ўзларини сақласинлар, [ўзлари учун истамаган нарсани ўзгага қилмасинлар], деб буйруқ берайлик.
21. Зотан, Мусонинг Қонуни қадимги аждодлар замонидан бери ҳар бир шаҳарда ваъз қилинмоқда, ҳар шанба куни ибодатхоналарда қироат қилиниб келмоқда».
22. Бунинг изидан бутун жамоат билан ҳаворийлар ва оқсоқоллар ўз ораларидан одамларни сайлаб, Павлус ва Барнабо билан Антиохияга юборишни лозим кўрдилар. Биродарлар орасида обрў орттирган Барсабо лақабли Яҳудони ва Силани сайладилар.
23. Улар орқали шу мактубни ёзиб юбордилар: «Ҳаворийлар, оқсоқоллар ва барча биродарлардан, турли халқ вакилларидан иборат бўлиб, Антиохия, Сурия, ва Киликияда яшаётган биродарларимизга салом!
24. Эшитишимизча, биздан чиққан баъзи кишилар ўзларининг гаплари билан сизларни довдиратиб, суннат қилиш керак, Мусонинг Қонунига риоя қилиш керак, деб кўнгилларингизни ташвишга солишибди. Биз эса буни буюрмаган эдик.
25. Шу сабабдан ўз орамиздан сайланган баъзи бир одамларни азизларимиз Барнабо ва Павлус билан бирга сизларнинг олдингизга юбориш учун бир фикрга келдик.
26. Бу иккаласи Раббимиз Исо Масиҳнинг исми учун ўз жонларини ҳам аямаган зотлардир.
27. Қароримиз бўйича ҳузурингизга ҳозирча Яҳудо билан Силани йўллаяпмиз; улар сизларга буларни оғзаки ҳам тушунтирадилар.
28. Шундай қилиб, Муқаддас Руҳга ва бизга маъқул кўринган қуйидаги зарур саналганлардан бошқа сизларга ҳеч нарса юкламасликка қарор қилдик, чунончи:
29. бутларга сўйилган қурбонлик гўшти, қон, бўғилган ҳайвоннинг гўшти ҳамда зинодан ўзингизни сақланглар. [Ўзингиз учун истамаган нарсани ўзгага қилманглар.] Бу ҳаром нарсалардан ўзларингизни сақлаб юрсангиз, яхши иш қилган бўласизлар. Саломат бўлинглар!»
30. Шундай қилиб, бу одамлар йўлга тушиб, Антиохия шаҳрига келишди. У ердаги жамоатни тўплаб, хатни топширишди.
31. Улар эса насиҳатни ўқиб севиндилар.
32. Ўзлари ҳам пайғамбар бўлган Яҳудо ва Сила маъноли, мўл сўз билан биродарларига далда бериб, жонларига жон қўшдилар.
33. Бу ерда бир муддат туришганидан кейин, биродарлари уларни эсон-омон кузатиб, юборганлар қошига қайтаришди.
34. [Лекин Сила Антиохияда қолишни афзал кўрди ва Яҳудо якка ўзи Қуддусга қайтди.]
35. Павлус ва Барнабо бўлса, Антиохияда қолишди. Улар бошқа кўп кишилар билан ҳамжиҳат бўлиб, таълим беришни ва Раббимиз Исонинг Хушхабарини тарғиб қилишни давом эттиришди.
36. Бир мунча вақтдан кейин Павлус Барнабога: «Энди қайтиб бориб, Раббимиз каломини тарғиб этган ҳар бир шаҳардаги биродарларимизни йўқлайлик, уларнинг ҳол-аҳволини билайлик», – деди.
37. Барнабо эса Марк деган Юҳаннони ҳам ўзи билан бирга олмоқчи эди.
38. Лекин Павлус, Памфилияда ўзларини тарк этиб, ҳамкорликдан бош тортган одамни ўзи билан бирга олишни ўринли деб ҳисобламас эди.
39. Натижада ораларида шундай хафалик бўлиб ўтдики, улар бир-бирларидан айрилиб қолдилар. Барнабо Маркни эргаштириб, Кипр оролига сузиб кетди.
40. Павлуснинг ўзи эса Силани танлади. Биродарлар уни Худонинг иноятига топширгандан сўнг, у жўнаб кетди.
41. У Сурия ва Киликия ўлкаларидан ўтиб борган сари, Масиҳ жамоатларини имонда мустаҳкамлар эди.
1. Павлус Дервия ва Листра шаҳарларига етиб борди. У ерда Тимўтий исмли Исо шогирди бор эди. Унинг онаси имон топган яҳудий, отаси эса юнон эди.
2. Бу киши Листра ва Иконияда яшаган имонлилар орасида яхши ном чиқарган эди.
3. Тимўтийни ўзи билан бирга олиб кетишни истаб, Павлус ўша атрофдаги яҳудийлар сабабли уни суннат қилди. Чунки унинг отаси юнон эканини ҳамма билар эди.
4. Улар шаҳарма-шаҳар кезиб боришаркан, Қуддусдаги ҳаворийлар ва оқсоқоллар томонидан қарор қилинган қонун-қоидаларни имонлиларга топшириб, буларга риоя қилишларини тайинлашарди.
5. Шу йўсинда жамоатларнинг имони қувватланиб, сони кундан-кунга ошиб бораётган эди.
6. Павлус билан йўлдошлари Фригия ва Галатия юртларидан ўтишди, чунки Муқаддас Руҳ Асияда Худо сўзини тарғиб қилишларига тўсқинлик қилди.
7. Мисия чегараларига яқинлашганда, Битинияга бормоққа интилдилар, лекин Исонинг Руҳи яна уларга ижозат бермади.
8. Шундай қилиб, Мисия юртидан ўтиб, Троас шаҳрига тушиб келдилар.
9. Ўша кечаси македониялик бир одам Павлуснинг тушига кирди. У Павлуснинг қаршисида туриб: «Македонияга келиб, бизга ёрдам бергин!» – деб ёлворар эди.
10. Павлуснинг кўрган бу кароматли тушидан кейин бизлар дарҳол Македонияга бориш ҳаракатини қилдик. Чунки Раббимиз бизни у аҳолига Хушхабарни етказишга чақиряпти, деган хулосага келган эдик.
11. Троас шаҳридан жўнаб, тўғри Самофракия ва эртаси куни Неаполь шаҳрига сузиб бордик.
12. У ердан чиқиб, Македониянинг ўша қисмидаги биринчи Рим колонияси бўлмиш Филиппи шаҳрига келдик ва ўша ерда бир неча кун туриб қолдик.
13. Яҳудийларнинг дам олиш кунида биз шаҳардан ташқарига чиқиб, худди ўйлаганимиздек дарё бўйида ибодат қилаётган жамоатга дуч келдик. Йиғилган аёллар билан суҳбатлаша бошладик.
14. Тингловчилар орасида Лидия исмли художўй бир аёл бор эди. У Тиятира шаҳарлик алвон тўн сотувчи эди. Павлуснинг айтаётганларини фаҳмлаши учун Раббимиз унинг қалбини очди.
15. Лидия ўзининг уй аҳли билан бирга сувда имон келтиргандан сўнг, бизни меҳмон қилмоқчи бўлди. «Агар сизлар мени Раббимиз Исога имон келтирган деб ҳисобласангизлар, уйимга кириб ўтиринглар», – деб бизни кўндирди.
16. Бир куни ибодатгоҳга кетаётганимизда, ичида фолчилик руҳи бўлган бир чўри бизга дуч келди. У фолчилик маҳорати билан хўжайинларига кўп даромад келтирарди.
17. Павлуснинг ва ҳаммамизнинг орқамиздан юриб: – Бу одамлар Худойи Таолонинг қулларидир, бизга нажот йўлини эълон қилмоқдалар, – деб бақирарди.
18. Анча кун буни такрорлади. Охири, Павлуснинг жонига тегиб, у чўрига бурилди-да, ичидаги руҳга: – Исо Масиҳ номидан сенга буюраман: чўридан чиқиб кет! – деди. Руҳ эса ўша заҳоти чўрининг танидан чиқиб кетди.
19. Чўрининг хўжайинлари энди даромад умиди йўқолганини кўриб, Павлус билан Силани тутганларича марказий майдонга, шаҳар маҳкамасига судраб бордилар.
20. Уларни Рим маъмурларининг қошига чиқариб: – Бу одамлар яҳудий бўла туриб, шаҳримизни тўс-тўполон қилиб юбормоқдалар!
21. Биз римликларга қабул этиш ва бажариш мумкин бўлмаган одатларни тарғиб қилмоқдалар, – дейишди.
22. Оломон Павлус билан Силага ёпирила бошлагач, маъмурлар уларнинг уст-бошини йиртиб олиб, калтаклашга буюрдилар.
23. Уларни жуда кўп калтаклашгандан кейин зиндонга ташлаб, қаттиқ қўриқлашни зиндонбонга буюрдилар.
24. У ҳам олган амрига кўра, уларни зиндоннинг ички бўлмасига қамаб, оёқларини кундалаб қўйди.
25. Тун яримлаб қолганда, Павлус ва Сила ибодат қилиб, Худони куйлашар эди; маҳбуслар эса уларни тинглаб туришарди.
26. Тўсатдан шиддатли зилзила юз берди-да, қамоқхонанинг пойдеворини силкитиб ташлади. Ўша заҳоти барча эшиклар очилиб, ҳамманинг кишанлари бўшаб қолди.
27. Зиндонбон эса уйғонган заҳоти зиндон эшикларининг очилиб қолганини кўрди. У қиличини қинидан суғуриб, ўзини ўлдирмоқчи бўлди, чунки маҳбуслар қочиб кетишган, деб ўйларди.
28. Лекин Павлус баланд овозда бақириб: – Зинҳор ўз жонингга қасд қилма, биз ҳаммамиз шу ердамиз! – деди.
29. Зиндонбон чироқ сўраб, зиндонга югуриб кирди ва титраб Павлус билан Силанинг пойига ўзини ташлади.
30. Уларни ташқарига чиқариб: – Жаноблар, нажот топиш учун нима қилишим керак? – деб сўради.
31. Улар: – Раббимиз Исо Масиҳга ишонгин, сен ўзинг ва бутун хонадонинг нажот топасизлар, – дейишди.
32. Кейин унга ва бутун уй аҳлига Худонинг каломини сўзлаб беришди.
33. Зиндонбон кечанинг ўша соатида Павлус билан Силани бир четга олиб, яраларини ювди. Дарҳол ўзи билан бутун хонадони сувга чўмиб имон келтирди.
34. Уларни ўз уйига келтириб, дастурхонга таклиф қилди. Худога имон топдим деб, бутун хонадони билан бирга жуда хуррам бўлаётган эди.
35. Кундуз бўлгач, римлик маъмурлар: – У одамларни қўйиб юборинглар, – деб вазифадорларини йўллашди.
36. Зиндонбон Павлусга хабар етказиб: – Маъмурлар сизларни озодликка чиқариш учун одам юборишибди, энди чиқиб эсон-омон кета қолинглар, – деди.
37. Павлус уларга шундай жавоб берди: – Рим фуқароси бўлган бизни суд қилмай халқнинг кўз ўнгида уриб, зиндонга ташладилар. Энди эса бизни яширинча қўйиб юбормоқчиларми? Йўқ, ўзлари келиб бизни чиқазсинлар!
38. Вазифадорлар бу сўзларни маъмурларга айтиб бердилар. Павлус билан Силанинг Рим фуқароси бўлганларини маъмурлар эшитгач, юраклари сесканиб кетди.
39. Келиб улардан кечирим сўрадилар. Сўнг уларни кузатиб, шаҳардан кетишларини илтимос қилдилар.
40. Павлус билан Сила эса зиндондан чиқибоқ, Лидиянинг уйига боришди. Биродарлари билан кўришиб, уларга насиҳат бергандан кейин, жўнаб кетишди.
1. Амфиполь ва Аполлония шаҳарларидан ўтиб, Салоника шаҳрига келишди. У ерда яҳудийларнинг ибодатхонаси бор эди.
2. Павлус ўзининг одатидай яҳудийларнинг олдига кириб, сурункасига уч шанба куни улар билан муқаддас ёзувлар борасида мунозара қилди.
3. «Сизларга мен эълон қилаётган бу Исо – Масиҳдир», – деб айтар, Масиҳнинг азоб билан ўлиб тирилиши кераклигини ишонтирарли исботлар билан баён этар эди.
4. Яҳудийлардан баъзилари, шунингдек, Худодан қўрққан кўпгина юнонлар билан эъзозли аёллардан иборат катта бир тўда қаноат ҳосил қилиб, Павлус билан Силага қўшилдилар.
5. Лекин инонмаган яҳудийлар ҳасадга тўлиб, майдондан ярамас одамларни тўплаб, халойиқ орасига ғулу солишди-да, бутун шаҳарни тўс-тўполонга айлантириб юборишди. Ясоннинг уйига ҳужум қилиб, Павлус билан Силани халқнинг олдига олиб чиқишни талаб қилишди.
6. Уларни тополмай, Ясон ва баъзи имонлиларни шаҳар маъмурлари ҳузурига судраб келишди-да, қичқиришиб: «Дунёни остин-устин қилаётган бу одамлар мана бу ерга ҳам келишибди!
7. Мана, Ясон уларни уйига қабул қилибди. Буларнинг ҳаммаси: Исо деган бошқа бир подшоҳ бор, деб Қайсарнинг буйруқларига қарши ҳаракат қилмоқдалар», – дейишди.
8. Бу сўзлар оломонни ва шаҳар маъмурларини жуда ҳам ҳаяжонга солди.
9. Ниҳоят, Ясон ва бошқалардан кафолат олиб, уларни қўйиб юборишди.
10. Дарҳол, ўша кечасиёқ имонлилар Павлус билан Силани Верия шаҳрига жўнатишди. Улар у ерга етгач, яҳудийларнинг ибодатхонасига боришди.
11. Бу ердаги яҳудийлар Салоника аҳолисидан кўра фаросатлироқ эдилар. Худо сўзини жуда иштиёқ билан қабул қилиб, бу таълимот ҳақиқатмикин, деб кундан-кунга муқаддас ёзувларни синчиклаб ўқир эдилар.
12. Шундай қилиб, улардан кўплари, шу жумладан муҳтарам юнон аёлу эркакларининг кўпчилиги ҳам имон келтиришди.
13. Павлус Верия шаҳрида ҳам Худонинг каломини ваъз қиляпти, деб эшитган Салоникадаги яҳудийлар у ерга ҳам келиб, халойиқни гижгижлаб, алғов-далғов қилдилар.
14. Шунда имонлилар Павлусни зудлик билан денгизга кузатиб қўйдилар. Сила ва Тимўтий эса ўша ерда қолдилар.
15. Павлуснинг кузатувчилари уни Афина шаҳригача узатиб қўйдилар. Павлусдан: «Сила билан Тимўтий олдимга тезроқ келишсин», деган топшириқни олгандан сўнг, улар йўлга тушди.
16. Павлус Афинада Сила билан Тимўтийни кутиб тураркан, бу шаҳарнинг бутлар билан тўлганини кўриб, кўнгли жуда ғашланди.
17. Шу тариқа, у гоҳ яҳудий ибодатхонасида яҳудийлар ва Худодан қўрққан бошқа кишилар билан сўзлашар, гоҳ бозор майдонида учрашиб турганлар билан ҳар куни мунозара қилар эди.
18. Айниқса, эпикурчи ва стоик файласуфлар у билан баҳслашардилар. Павлус Исо ва тирилиш тўғрисидаги Хушхабарни баён этди. Бири: «Бу маҳмадона нима демоқчи экан?» – деса, бошқалари: «У бегона тангриларнинг ваъзхони, шекилли», – деб айтишарди.
19. Павлусни Арес-тепага олиб боришди ва унга: «Сен тарғиб қилаётган бу янги таълимотнинг нималигини билишимиз мумкинми?
20. Қулоқларимизга ғалати сўзлар эшитиляпти-да, биз уларнинг нималигини билмоқчимиз», – дейишди.
21. Барча афиналиклар ва бу шаҳарда яшовчи бегоналар ҳамма вақтларини янгиликларни сўзлаш ёки тинглаш билангина ўтказишарди.
22. Шундай қилиб, Павлус Арес-тепанинг ўртасида туриб, ваъз айтди: «Эй афиналиклар! Мен сизларни ҳар жиҳатдан жуда диндор кўряпман.
23. Чунончи, кезиб-кезиб, азиз жойларингизни кўздан кечириб, „НОМАЪЛУМ ХУДОГА БАҒИШЛАНГАН“ деб ёзилган бир қурбонгоҳга ҳам дуч келдим. Худди шу сизлар билмай сиғинаётган Худони мен сизларга маълум қилмоқчиман.
24. Борлиқни яратган Парвардигори олам еру осмон Эгаси бўлиб, инсон қўли билан яратилган маъбадларда яшамайди.
25. У бирон нарсага муҳтож эмаски, Унга инсон қўллари билан хизмат қилиб бўлса. У Ўзи ҳаммага ҳаёт, нафас ва борлиқни берган.
26. Худо барча одамзодни бир одамдан яратиб, ер юзига тарқалиб яшашига йўл қўйган. Инсониятнинг белгили даврларини, турли истиқомат жойларини Худо тайин этган.
27. У ҳар биримизга жуда яқин бўлиб, пайпаслаб-пайпаслаб бўлса-да, Мени қидириб топинглар, деб буюрмоқда.
28. Зотан, биз У орқали яшаймиз, ҳаракат қиламиз, бормиз. Ўз шоирларингиздан баъзилари айтганидек: „Биз ҳам Унинг уруғидирмиз“.
29. Энди биз Худонинг уруғидан бўлганимиз сабабли, гўё Худойи Таолони инсон ақли билан ижод қилинган ёки инсон ҳунари билан ишланган олтин, кумуш ёки тош буюмлар билан тенглаштирмаслигимиз керак.
30. Худо ўтган бу қоронғи даврларга кўз юмган бўлса-да, энди ҳамма ерда, ҳамма инсонларнинг тавба қилишларини буюрмоқда.
31. Ўзи қўйган Зот орқали У дунёни адолат билан ҳукм этадиган бир кун тайин этди. Ўша Зотни ўлганидан кейин тирилтириб, барча инсонларга ишонч бағишлади».
32. Ўликларнинг тирилишини эшитиб, баъзилар масхара қилиб кулдилар. Бошқалар эса: «Бу ҳақда сени бўлак пайт эшитамиз», – дедилар.
33. Шундай қилиб, Павлус уларнинг ўртасидан чиқиб кетди.
34. Баъзи одамлар эса унга эргашиб имон келтирдилар, шу жумладан Арес-тепа кенгашининг аъзоси – Дионисий, Дамар исмли бир аёл ва бошқалар бор эди.
1. Бу ҳодисалардан кейин Павлус Афинани тарк этиб, Коринф шаҳрига келди.
2. Бу шаҳарда асли понтлик бўлган Акил исмли бир яҳудийни топди. Қайсар Клавдий бутун яҳудийларга Римдан чиқиб кетишлари ҳақида фармон чиқаргани туфайли, Акил билан хотини Прискилла яқинда Италиядан келишган эди. Павлус уларнинг олдига борди.
3. Ҳамкасб бўлганлари учун уларнинг ёнида қолиб ишлади. Уларнинг ҳунари эса чодир тикувчилик эди.
4. Павлус ҳар шанба куни яҳудийлар ибодатхонасида баҳслашиб, яҳудий билан юнонларни ишонтиришга ҳаракат қиларди.
5. Сила билан Тимўтий Македониядан келганларидан кейин, Павлус ўзини бутунлай ваъзхонликка бағишлаб, Исонинг Масиҳлигини яҳудийларга таъкидлаб баён этарди.
6. Лекин улар қарши бориб, уни ҳақорат қилгач, Павлус кийимидаги чангни қоқиб: «Сизлар тўккан қон ўз бўйнингизга! Мен тозаман. Бу кундан эътиборан мен мажусийларнинг олдига бораман», – деди.
7. Павлус у ердан кетиб, Худога сиғинувчи Юстус исмли бир одамнинг уйига келди. Унинг уйи эса яҳудийлар ибодатхонасига девор-дармиён эди.
8. Шундай қилиб, ибодатхонанинг жамоабошиси бўлган Крисп бутун хонадони билан Исони Раббим деб имон келтирди. Буни эшитган коринфликлардан кўплари ҳам ишониб, сувда имон келтирдилар.
9. Бир кечаси Павлуснинг тушида Исо кўриниш бериб: «Қўрқма, лекин тинмай гапиравергин, – деди.
10. – Мен сен билан биргаман, ҳеч ким сенга қўл тегизиб ёмонлик қилмайди; чунки бу шаҳарда кўп одамларим бор».
11. Павлус шундан сўнг бир йилу олти ой бу ерда яшаб, Худо каломидан таълим берди.
12. Галлион Ахая вилояти ҳокими бўлган даврда, яҳудийларнинг ҳаммаси бир бўлиб, Павлусга қарши бош кўтаришди. Уни маҳкамага судраб келиб:
13. «Бу одам Қонунимизга зид ўлароқ Худога сиғинишни халққа ўргатмоқда», – деб айтишди.
14. Павлус оғзини очай деганда, Галлион яҳудийларга хитоб этиб: «Ҳой яҳудийлар! Агар бирон ҳақсизлик ёки оғир жиноят масаласи бўлса эди, у вақтда арзингизни эшитиш учун менда бир асос бўлар эди.
15. Ҳолбуки, баҳс таълимот, исмлар ва Қонунингиз ҳақида бораётган бўлса, унда ўзларингиз ҳал этинглар. Мен бу ишларнинг қозиси бўлишни истамайман»,
16. – деди-ю, уларни маҳкамадан ҳайдаб юборди.
17. Шунда бутун юнонлар жамоабоши Состенни тутиб, маҳкама олдида урдилар. Галлион эса бунга парво қилмади.
18. Павлус яна анча кун Коринф шаҳрида тургандан кейин, биродарлари билан хайрлашиб, Акил ва Прискилла билан бирга Сурияга бораётган кемага тушди. У назр-аҳд қилгани учун, Кенхрея шаҳрида сочларини қирқтирган эди.
19. Эфес шаҳрига етиб борганда, Павлус Акил билан Прискиллани у ерда қолдирди. Ўзи эса яҳудийлар ибодатхонасига кириб, баҳс очди.
20. Яҳудийлар янада кўпроқ вақт уларникида қолишини Павлусдан илтимос қилган бўлишса-да, у кўнмади.
21. Улар билан хайрлашиб: «Яқинлашиб келаётган байрамни мен албатта Қуддусда қутлашим керак. Аммо Худо хоҳласа, олдингизга яна қайтиб келаман», – деди-ю, Эфесдан сузиб кетди. [Акил билан Прискиллани эса Эфесда қолдирди.]
22. Кема Кесария портига етиб келиб тўхтади. Павлус Қуддусга бориб, имонлилар жамоати билан кўришди. Сўнгра Антиохия шаҳрига тушди.
23. У ерда бир муддат туриб, тағин йўлга чиқди. Тартиб бўйича Галатия ва Фригия юртларини кезиб чиқиб, барча Исо шогирдларининг кўнглини кўтарди.
24. Шу орада асли искандариялик бўлган Аполлос исмли бир киши Эфес шаҳрига келди. У гапга чечан, Тавротни яхши билган бир яҳудий эди.
25. Бу одам Раббимиз Исо йўлида тарбия олган бўлиб, бу ҳақда тўғри ва оташин руҳ билан таълим берар эди. Лекин у фақатгина Яҳё пайғамбарнинг сувда тавба қилдириш усулини билар эди.
26. Яҳудийлар ибодатхонасида жасорат билан ваъз айтадиган бўлди. Аполлосни тинглаган Акил билан Прискилла уни кутиб олиб, Раббимиз Исо йўлини аниқ қилиб тушунтириб бердилар.
27. Аполлос Ахая юртига бормоқ ниятини изҳор этганда, биродарлари у ердаги Исо шогирдларига хат ёзиб, уни яхши қабул қилишларини ўтиндилар. Аполлос Ахаяга бориб, Худонинг инояти билан имон топганларга самарали ёрдам берди.
28. Таврот асосида Исонинг Масиҳ эканини исбот этиб, ҳамманинг кўз ўнгида яҳудийларнинг иддаоси нотўғрилигини узил-кесил фош қилар эди.
1. Аполлос Коринф шаҳрида бўлганда, Павлус тоғли вилоятларни кезиб ўтиб, Эфес шаҳрига келди. У ерда бир неча Исо шогирдини топиб, улардан сўради:
2. – Сизлар имон келтирганингизда Муқаддас Руҳни қабул қилдингизларми? – Муқаддас Руҳ борлигини биз ҳеч қачон эшитмаганмиз, – деб жавоб берди улар.
3. – Бундай бўлса, сизлар қай асосда сувга чўмиб имон келтиргансизлар? – деб сўради Павлус. – Биз Яҳё пайғамбарнинг таълимоти асосида сувга чўмиб имон келтирганмиз, – деб жавоб бердилар.
4. Павлус деди: – Яҳё пайғамбар халқни дарёга чўмдириб, тавба қилдирган эди, холос. У халққа: Мендан кейин келадиган Зотга, яъни Исо Масиҳга инонинглар, деб айтган эди.
5. Улар буни эшитгач, Раббимиз Исо номидан ҳам сувга чўмиб имон келтирдилар.
6. Павлус қўлларини уларнинг бошига қўйиши билан Муқаддас Руҳ уларнинг устига тушиб келди. Улар янги тилларда гапириб, каромат қила бошладилар.
7. Улар жами бўлиб, ўн икки кишига яқин эдилар.
8. Павлус уч ой давомида бемалол яҳудийлар ибодатхонасида баҳслашиб, Худонинг Шоҳлиги тўғрисида ишонтирарли далиллар келтирарди.
9. Ниҳоят, баъзилар бўйин қотиб, имонни рад қилиб, халқ олдида Раббимиз Исо йўлини ёмонлайдиган бўлишди. Павлус улардан юз ўгириб, шогирдларини улардан ажратди ва ҳар куни Тиран деган бир кишининг мактабида суҳбатлашарди.
10. Шу тариқа икки йил давомида хоҳ яҳудий, хоҳ юноний бўлсин, Асия вилоятида яшаганларнинг ҳаммаси Раббимиз Исонинг каломини эшитдилар.
11. Худо Павлуснинг қўллари билан кўп қудратли ишларни қилар эди.
12. Ҳатто унинг баданига теккан рўмоллар ва камарлар ҳам беморларнинг устига қўйилганда, улар касалдан халос бўлар, ичларидаги ёвуз руҳлар эса чиқиб кетарди.
13. Яҳудийлар орасида сайёҳ юрувчи баъзи азайимхонлар ҳам бор эди. Булар ёвуз руҳларга чалинган одамлар тепасида Раббимиз Исонинг исмини зикр қилишга уннай кетар, «Павлус эълон этаётган Исо номи билан сизларга буюрамиз», – деб айтишарди.
14. Бундай қилганлар орасида олий руҳоний Скева исмли бир яҳудийнинг етти ўғли бор эди.
15. Ёвуз руҳ уларга жавобан: «Исони танийман, Павлусни биламан, сизлар эса ким бўласизлар?» – деди.
16. Шундай дейиши биланоқ ёвуз руҳли одам уларнинг устига ташланиб, шундай зўр чиқдики, азайимхонлар қип-яланғоч ва ярадор ҳолда у уйдан қочиб қутулишди.
17. Бу воқеа Эфесда яшаган яҳудий билан юнонларнинг ҳаммасига маълум бўлди. Ҳаммани даҳшат қоплаб, Раббимиз Исонинг исми улуғланди.
18. Имон келтирганлардан кўплари эса келиб, қилмишларини очиқ эътироф этишарди.
19. Шунингдек, сеҳргарлик қилганлардан кўпчилиги ўз китобларини тўплаб, ҳамманинг кўз ўнгида ёндирдилар. Китобларнинг қимматини ҳисоблаганда, эллик минг кумуш тангага тенг келди.
20. Ана шу йўсинда Раббимиз каломи қудрат билан ёйилар, таъсири тобора ортиб борар эди.
21. Бу воқеалар бўлиб ўтгандан сўнг, Павлус ўз кўнглида Македония ва Ахаядан ўтиб, Қуддусга боришга жазм этди. «У ерда бўлганимдан кейин Римни ҳам кўришим керак», – деб ният қилди.
22. Павлус ўзига хизмат қилиб юрганлардан икки кишини: Тимўтий ва Ерастни Македонияга юборди, ўзи вақтинча Асия вилоятида қолди.
23. Ўша кезларда Раббимиз Исо йўлига қарши деярли кучли ғалаён юз берди.
24. Димитрий исмли бир заргар кумушдан Артемис маъбадларини ясаб, санъаткорларга кўп фойда келтирарди.
25. Димитрий санъаткору ҳунармандларни йиғиб: «Биродарлар! – деди, – Сизларга маълумки, бизнинг фаровонлигимиз бу ҳунар орқалидир.
26. Эфесдагина эмас, балки қарийб бутун Асия вилоятида бу Павлус: инсон қўли билан ясалаётган бу буюмлар худо эмас, деганини ўзларингиз кўриб, эшитиб турибсизлар. Шу гап билан у кўп одамларни авраб йўлдан оздирди.
27. Шундай қилиб, ҳунаримиз эътиборсиз бўлиб қолиш хавфигина эмас, балки бутун Асия ва бутун дунё сиғинадиган буюк маъбуда Артемиснинг маъбади ҳам арзимайдиган нарсага айланиб, маъбуда улуғворлигидан маҳрум бўлиб қолиш хавфига рўбарў келдик».
28. Халойиқ буни эшитгач, қаттиқ ғазабланиб: «Эфеснинг Артемиси буюкдир!» – деб бақира кетди.
29. Бутун шаҳар саросимага тўлиб кетди. Ҳамма бирдан Павлуснинг йўлдошлари – македониялик Гай ва Аристархни ушлаганча, шитоб билан театр томон ёпирилишди.
30. Павлус халқнинг орасига кирмоқчи бўлганда, шогирдлар унга йўл қўйишмади.
31. Асия вилояти маъмурларидан баъзилари ҳам унинг дўстлари бўлганлари сабабли унга хабар юбориб, театрда кўринмасин, деб илтимос қилишди.
32. Бу орада одамлардан бири у деса, бошқаси бу деб қичқиришарди. Йиғин тартибсиз эди, кўплари эса нима учун йиғилганларини билишмас эди.
33. Яҳудийларнинг таклифига кўра, халойиқ ичидан Искандар деган бир кишини вакил қилиб илгари сурдилар. Искандар қўли имоси билан халойиқ олдида ўзини ҳимоя қилмоқчи бўлди.
34. Лекин халойиқ унинг яҳудий эканини билгач, ҳамма бир оғиздан қарийб икки соат: «Эфеснинг Артемиси буюкдир!» – деб бақириб туришди.
35. Оқибат шаҳар котиби оломонни тинчитиб: «Эй Эфес халқи! – деди. – Эфес шаҳри буюк маъбуда Артемиснинг ва осмондан тушган тошнинг ҳомийси эканини қайси одам билмайди?
36. Модомики, бу ишда даъво йўқдир, унда сизлар хотиржам бўлишингиз ва ўйламасдан ҳаракат қилмаслигингиз керак.
37. Ана, маъбадни таламаган ҳам, маъбудангизни ҳақорат ҳам қилмаган кишиларни сизлар бу ерга бошлаб келибсиз.
38. Агар Димитрий ва у билан бирга бўлган санъаткорлар бирон кишидан шикоят қилмоқчи бўлишса, унда маҳкамалар бор, қозилар бор, қўйинг, бир-биридан шикоят қилаверишсин.
39. Бордию бошқа бирон нарсани талаб қилмоқчи бўлсангизлар, бу масала қонуний мажлисда ҳал қилинади.
40. Бугун бўлиб ўтган ишлар туфайли ғалаён қўзғашда айбланиш хавфида турибмиз-ку! Бундай тўполон учун ўзни оқлагудек ҳеч қандай важимиз ҳам йўқ». Шу сўзларни айтиб бўлиб, котиб йиғинни тарқатиб юборди.
1. Тўполон тугагандан кейин Павлус Исо шогирдларини чақириб, насиҳат қилди ва улар билан хайрлашиб, Македонияга жўнаб кетди.
2. У кезиб ўтган юртлардаги имонлиларга кўп ўгит-насиҳат бериб, Юнонистонга келди.
3. Уч ой у ерда турди. Сурияга сузиб кетай, деган пайтда яҳудийлар унга қарши суиқасд уюштирмоқчи бўлишди. Шунинг учун яна Македония орқали қайтишга қарор қилди.
4. Вериядан Пир ўғли Сосипатр, Салоникадан Аристарх ва Секунд, Дервиядан Гай ва Тимўтий, асияликлардан эса Тихик ва Трофим уни Асиягача кузатиб бордилар.
5. Улар аввал жўнаб, бизларни Троасда кутиб турардилар.
6. Бизлар эса Хамиртурушсиз Нон байрамидан кейин Филиппи шаҳридан сузиб, беш кун деганда уларнинг олдига – Троас шаҳрига етиб келдик. У ерда етти кун турдик.
7. Якшанба куни нон синдириш учун бир ерда тўпланган эдик. Павлус эртаси куни жўнамоқчи бўлиб, имонлиларга насиҳат бериб, сўзни ярим кечагача давом эттирди.
8. Бизлар йиғилган болохонада жуда кўп шамчироқ ёнган эди.
9. Евтих исмли бир йигит дераза рахида ўтирарди. Павлуснинг нутқи узоқ чўзилиб, йигитни қаттиқ уйқу босди. У уйқусида қимирлаб, учинчи қаватдан пастга тушиб кетди. Ердан унинг ўлигини кўтаришди.
10. Павлус пастга тушиб, йигитнинг устига ўзини ташлади ва уни қучоқлаб: «Хавотир бўлманглар, унинг жони ўзидадир!» – деди.
11. Сўнг яна юқорига чиқиб, нон синдириб овқатланди. Тонг отгунча анча суҳбат қилиб, йўлга чиқди.
12. Шу орада ўсмирни тирик олиб келишди ва беҳад хурсанд бўлишди.
13. Бизлар олдин кемага тушиб, Павлусни у ердан олиб кетиш учун Асса шаҳрига сузиб бордик; чунки ўзи пиёда бормоқчи бўлиб, бизларга шундай топшириқ берган эди.
14. Бизлар Ассада учрашгач, унинг билан Митилина шаҳрига бордик.
15. У ердан сузиб кетиб, эртаси кун Хиос ороли қаршисига келдик. Учинчи кун эса Самос оролига ўтиб, Трогилия шаҳрида тўхтагандан кейин, яна бир кун ўтиб, Милит шаҳрига етиб бордик.
16. Павлус Асияда кечикиб қолмаслик мақсадида Эфес шаҳрига кирмай ўтиб кетишга қарор қилган эди. Агар иложи бўлса, Ҳосил байрамини Қуддусда қутлайин, деб шошилаётган эди.
17. Милитдан Павлус Эфесга одам юбориб, маҳаллий имонлилар жамоатининг оқсоқолларини ўз қошига чақиртирди.
18. Улар унинг ҳузурига келганда, деди: «Мен Асия вилоятига оёқ босган илк кундан бери, ёнингизда яшаган шунча вақт давомида қандай ҳаракат қилганимни ўзларингиз биласизлар.
19. Яҳудийларнинг ёвуз ниятлари туфайли бошимдан ўтган оғир синовлар ичида камтарлик ва кўзимнинг ёши билан Раббимга хизмат қилиб юрдим.
20. Фойдали бўлган ҳеч бир нарсадан сизларни маҳрум қилмайин, деб кўчама-кўча, уйма-уй юриб таълим бериш фурсатини бекор ўтказмадим.
21. Тавба қилиб, Худога илтижо этинглар ва Раббимиз Исо Масиҳга имон келтиринглар, деб яҳудийлар билан юнонларга жиддий насиҳат қилиб турдим.
22. Мана энди Муқаддас Руҳнинг банди бўлиб, Қуддусга боряпман. У ерда мен билан нима юз беришини билмайман.
23. Фақат шуни биламанки, шаҳарма-шаҳар юрган сари занжиру кишанлар, қайғу-аламлар мени кутади. Буни Муқаддас Руҳ менга аён қилмоқда.
24. Лекин бунга қарамай, ўз жонимни ҳам аямайман – қани энди фаолиятимни тамомлаб, Худонинг иноятидан далолат берувчи Хушхабарга гувоҳлик бермоқ учун Раббим Исодан олган топшириқни қувонч ила бажо келтира олсам.
25. Энди яна шуни биламанки, гарчи орангизда Худо Шоҳлигини эълон қилиб юрган бўлсам-да, ҳеч бирингиз менинг юзимни ортиқ кўра олмайсизлар.
26. Шунинг учун бу куннинг ўзида сизга таъкидлаб айтаманки, мен бировнинг ҳалокатига жавобгар эмасман.
27. Чунки Худонинг мурод-мақсадини сизларга тамоман баён этиш учун бирон фурсатни бой бермадим.
28. Ўзингизни ва Муқаддас Руҳ сизларни назоратчи қилиб тайинлаган барча жамоатни кўз-қулоқ бўлиб эҳтиётланглар. Сизлар чўпонлик қилаётган ушбу сурувни Раббимиз Исо Ўз қони эвазига сотиб олган.
29. Мен кетганимдан кейин, сурувни аямайдиган йиртқич бўрилар орангизга суқилиб киришларини биламан.
30. Ҳатто ўз ораларингиздан чиққан одамлар ҳам тескари сўзлари билан Исо шогирдларини йўлдан оздириб, орқаларидан эргаштирадилар.
31. Шунинг учун ҳушёр бўлиб туринглар. Мен сизга қай тариқа уч йил кечаю кундуз, кўзларимнинг ёши билан ҳар бирингизга ҳормай-толмай панду насиҳат бериб юрганимни хотирланглар.
32. Энди биродарларим, сизларни Худонинг паноҳига ва Унинг иноятли каломига топшираман. Бу калом сизларни мустаҳкамлашга ва Худонинг бутун азизлари билан сизларга ҳам насиб этган мерос улушига сазовор қилишга қодирдир.
33. Мен ҳеч кимнинг симу зарига ёхуд кийимига кўз тикканим йўқ.
34. Ўзимнинг, шунингдек, йўлдошларимнинг эҳтиёжларини қондиришда шу қўлларим хизмат этганини ўзларингиз яхши биласизлар.
35. Шундай меҳнат қилиб, ожизларга ёрдам беришда мен сизларга намуна бўлиб қолдим. Шу билан бирга, „Олишдан кўра беришнинг бахтиёрлиги катта“, – деган Раббимиз Исонинг сўзларини ҳам эслаб туринглар».
36. Бу сўзларни айтиб бўлиб, Павлус тиз чўкди-да, ҳамма билан бирга ибодат қилди.
37. Сўнг ҳаммалари зор йиғлаб, Павлуснинг бўйнига ташланиб, уни ўпишарди.
38. Павлуснинг: «Ортиқ юзимни кўролмайсизлар», – деган сўзи эса уларни айниқса ғамгин қилган эди. Ниҳоят, уни кемагача кузатиб боришди.
1. Улардан айрилиб, кемада сузиб тўғри Кос оролига келдик. Эртаси куни Родос оролига тушиб, у ердан эса Патара шаҳрига сузиб бордик.
2. У жойдан Финикияга кетадиган бир кемани топиб, сузиб кетдик.
3. Кипр кўринганда, оролнинг жанубий ёнидан ўтиб, Сурияга қараб йўл олдик. Тир шаҳрида кемадан юк туширадиган бўлишгани учун, у ерда қуруқликка чиқдик.
4. Исо шогирдларини ахтариб топиб, уларнинг ёнида етти кун қолдик. Улар Муқаддас Руҳ илҳоми билан Павлусга: Қуддусга борма, дейишарди.
5. Бир неча кун ўтгандан кейин йўлга чиқдик. Барча имонлилар хотин ва бола-чақалари билан бирга бизни шаҳарнинг ташқарисигача кузатиб боришди. Соҳилда тиз чўкиб, ибодат қилдик.
6. Биз бир-биримиз билан хайрлашиб бўлиб, кемага тушдик, улар эса уйларига қайтиб кетишди.
7. Тир шаҳридан сузиб кетдик ва Птолемай шаҳрига етиб бориб, денгиздаги саёҳатимизни тугатдик. У ердаги имонли биродарларимизни қутлаб, улар билан бир кун бирга бўлдик.
8. Эртаси куни Павлусга эргашаётган бизлар йўлга тушиб, Кесарияга келдик. Етти вазифадорнинг бири бўлган Инжил воизи Филипнинг уйига кириб, уникида қолдик.
9. Унинг башорат қиладиган тўрт нафар бокира қизи бор эди.
10. У ерда бир қанча кун турганимиздан кейин, Яҳудиядан Агав исмли бир пайғамбар тушиб келди.
11. У олдимизга кириши биланоқ Павлуснинг камарини олди-да, ўзининг қўл-оёқларини боғлаб деди: «Муқаддас Руҳ бундай демоқда: Қуддусдаги яҳудийлар бу камарнинг эгасини шунақасига боғлаб, мажусийларнинг қўлига топширадилар».
12. Бу гапларни эшитгач, биз ва у ердагилар ҳам Қуддусга бормаслиги учун Павлусга ёлвордик.
13. Лекин Павлус жавоб бериб: «Нима қиляпсизлар? Нега йиғлаб, дилимга озор беряпсизлар? Мен Қуддусга бориб асир бўлишгина эмас, Раббим Исо учун ҳатто ўлишга ҳам тайёрман».
14. Павлусни кўндира олмаганимизни кўриб: «Раббимиз айтгандай бўлсин!» – деб жим қолдик.
15. Ана шу кунлардан кейин анжомларимизни йиғиштириб, Қуддусга бордик.
16. Кесариядан баъзи бир Исо шогирдлари бизга йўлдош бўлишди. Улар бизларни яшаб туриш учун Исонинг эски шогирдларидан бўлган кипрлик Минасоннинг уйига бошлаб келишди.
17. Қуддусга келганимизда, имонли биродарларимиз бизни очиқ чеҳра билан қабул қилишди.
18. Эртаси куни Павлус билан бирга Ёқубни кўргани бордик. Бутун оқсоқоллар жамоати ҳам ҳозир бўлди.
19. Улардан ҳол-аҳвол сўрагандан кейин, Павлус ўз хизмати туфайли Худонинг мажусийлар орасида қилган ишларини бирма-бир тушунтира бошлади.
20. Буларни эшитишгач, Худога ҳамду сано айтиб, Павлусга: «Эй биродаримиз, – дейишди. – Яҳудийлар орасида имон келтирган неча минг одам борлигини кўряпсан. Уларнинг ҳаммаси Мусонинг Қонуни учун фидойидирлар.
21. Фақат улар эшитган гап-сўзларига кўра, сен мажусийлар орасида яшаётган яҳудийларга: ўғилларингизни суннат қилманг, урф-одатга амал қилманглар, Мусонинг Қонунидан чиқинглар, деб таълим бериб юраётган эмишсан.
22. Шундай қилиб, нима қилдик? Сенинг келганингни эшитиб, халойиқ албатта тўполон қилади.
23. Шунинг учун, сенга нима десак, бундай қил: бизда назр атаган тўрт киши бор.
24. Уларни ёнингга олиб, бирга таҳорат қил, сочларини олдиришлари учун қурбонлик харажатини ўз зиммангга ол. Унда сенинг тўғрингда эшитганлари ноҳақ эканини, аксинча, Мусонинг Қонунига риоя қилиб юрганингни ҳамма билиб олади.
25. Мажусийлардан имон келтирганларга келсак, биз керак бўлмаган қонун-қоидаларга риоя қилмаслик ҳақида уларга хат ёзиб йўллаганмиз. Қабул қилган қароримиз бўйича, уларга фақатгина бутларга сўйилган қурбонлик гўшти, қон, бўғилган ҳайвоннинг гўшти ва зинодан ўзларини сақлашни тайинлаганмиз».
26. Эртаси куни Павлус ўша одамларни ёнига олиб, улар билан бирга таҳорат қилди. Сўнг маъбадга кириб, покланиш кунлари қачон тугашини, ҳар бири учун қачон қурбонлик келтирилишини маълум қилди.
27. Етти кунлик муддат тугаётганда, асиялик яҳудийлар Павлусни маъбадда кўриб қолишди. Улар бутун халқни алғов-далғов қилиб, Павлусни ушлаб олишди-да:
28. «Эй Исроил эрлари, ёрдам беринглар! – деб бақира кетишди. – Мана ҳамма ёқда, ҳамма инсонлар орасида халқимизга, Таврот ва муқаддас жойга қарши таълим бериб юрган одам шунинг ўзи! Бунинг устига юнонларни ҳам маъбадга олиб кириб, муқаддас жойни ҳаром қилди-ку!»
29. Буни айтишларига сабаб, бундан илгари эфеслик Трофимни шаҳарда Павлус билан бирга кўришган бўлиб, уни маъбадга олиб кирган, деб ўйлашарди.
30. Бутун шаҳар ҳаракатга келиб, халқ жўшиб кетди. Павлусни тутиб, маъбаддан ташқарига судраб боришди. Ўша заҳотиёқ эшиклар бекитилди.
31. Улар Павлусни ўлдиришмоқчи эди. Шу пайт бутун Қуддус қўзғолон кўтарибди, деган хабар Рим қўшини мингбошисининг қулоғига етиб борди.
32. У дарҳол аскарларни ва юзбошиларни олиб, уларнинг устига ҳужум бошлади. Оломон мингбоши билан аскарларни кўргач, Павлусни уришдан тўхтади.
33. Мингбоши дарров яқинлашди-да, Павлусни тутиб, иккита занжир билан кишанлаб қўйишни буюрди. – Бу ким ва нима қилибди? – деб сўради.
34. Оломон орасида бири бу деб қичқирса, бошқаси у деб бақирарди. Олағовур бўлганидан мингбоши ҳақиқатни билолмай, Павлусни қалъага олиб боришни буюрди.
35. Павлус зинапояга етганда, оломоннинг зўр сиқуви туфайли аскарлар уни кўтариб боришди.
36. Чунки халойиқнинг кўпчилиги унинг орқасидан эргашиб бориб: «Унга ўлим!» – деб бақирарди.
37. Қалъага кираётганда, Павлус мингбошига: – Сенга бир нарса айтишим мумкинми? – деди. Мингбоши: – Сен юнон тилини биласанми?
38. Бир неча кун илгари ғалаён кўтариб, тўрт минг хунрезни саҳрога олиб чиққан мисрлик сен эмасми? – деди.
39. Павлус бунга жавобан: – Мен Киликиянинг унчалик аҳамиятсиз бўлмаган Тарс шаҳрида туғилган бир яҳудийман. Сендан илтимос қиламан, халққа гапириш учун менга ижозат бергин, – деди.
40. Мингбоши ижозат бергандан кейин, Павлус зинапояда туриб, қўли билан халққа ишора қилди. Чуқур сукунат чўкканда, яҳудий тилида сўзлай бошлади.
1. «Эй эрлар, эй биродарлар ва оталар! Энди ҳузурингизда мени оқловчи сўзларимни тингланглар!» – деди.
2. Павлуснинг уларга яҳудий тилида гапираётганини эшитгач, улар янада жим бўлдилар. Павлус сўзида давом этди:
3. «Мен яҳудийман. Киликиянинг Тарс шаҳрида туғилган бўлсам-да, ушбу шаҳарда Гамалиэлнинг қарамоғида тарбияланганман. Бугун бу ерда йиғилган ҳаммаларингиз каби мен ҳам ота-боболар Қонуни йўриғида жиддий тарбияланиб, Худо учун фидойи бўлиб келганман.
4. Ҳатто бу Исо йўлининг избосарларини – эркакми, аёлми демасдан ҳаммасини боғлаб зиндонларга топширар, ўласи қилиб қувардим.
5. Ана, олий руҳоний билан оқсоқолларнинг ҳаммаси менинг гувоҳларимдир. Мен улардан Дамашқдаги яҳудий биродарларга ёзилган мактублар олиб, у ерда яшаган Исо имонлиларини жазолаш учун Қуддусга кишанлаб келтирмоқ ниятида йўлга тушган эдим.
6. Туш арафасида мен йўл босиб, Дамашққа яқинлашаётганимда, тўсатдан осмондан тушган кучли бир нур атрофимни порлатиб юборди.
7. Мен ерга йиқилдим-у, бир овознинг менга: – Шоул, Шоул, нега Мени қувғин қиляпсан? – деганини эшитдим.
8. Мен: – Ё Раббий, Сен ким бўласан? – деб сўрасам, У: – Мен сен қувғин қилаётган носиралик Исоман, – деб жавоб берди.
9. Йўлдошларим нурни кўриб қўрқишган бўлса-да, лекин менга Гапирганнинг овозини эшитмадилар.
10. Шунда мен: – Ё Раббий, нима қилишим керак? – дедим. Исо менга: – Ўрнингдан туриб Дамашққа бор, қилишинг лозим бўлган ҳамма нарса ўша ерда сенга айтилади, – деди.
11. У нурнинг ялтирашидан кўр бўлганим учун, ҳамроҳларим қўлимдан тутганча, Дамашққа етаклаб боришди.
12. Дамашқда яшаган бутун яҳудийлар орасида яхши ном чиқарган, Худонинг Қонунига амал қилиб юрган Ҳанания исмли диндор бир одам бор эди.
13. У ёнимга келиб турди-да, менга: – Биродарим Шоул, кўзларинг очилсин! – деди. Мен эса ўша заҳоти уни кўрдим.
14. Ҳанания менга: – Оталаримизнинг Худоси Унинг иродасини билишинг ва Солиҳ Кишини кўриб, Ўзининг овозини эшитишинг учун сени танлади.
15. Чунки кўрган ва эшитганларинг учун барча инсонлар олдида Унинг гувоҳи бўласан.
16. Энди нимани кутиб ўтирибсан? Ўрнингдан тур, сувда имон келтир ва Исонинг исмини чақириб, гуноҳларингдан фориғ бўл! – деди.
17. Мен Қуддусга қайтиб келгандан сўнг, маъбадда ибодат қилаётганимда ўзимни йўқотиб,
18. Раббим Исони кўрдим. У менга: – Қани, тезроқ Қуддусдан чиқиб кет, чунки бу ерда Мен учун берган гувоҳлигингни қабул этмайдилар! – деди.
19. Мен: – Ё Раббий! – дедим. – Сенга инонганларни зиндонга ташлаб ибодатхоналарда урган одам мен эканимни улар билишади-ку.
20. Сенинг шаҳидинг Стефаннинг қонини тўкканларида мен ҳам у ерда ҳозир эдим. Ҳатто унинг ўлдирилишига рози бўлиб, қотилларининг кийимларини сақлаб турардим, – дедим.
21. Раббим Исо эса: – Сен кета қол! Чунки Мен сени олисдаги элу халқларнинг олдига юбораман, – деди».
22. Бу вақтгача Павлусни тинглаб турганлар бояги сўзини эшитишлари биланоқ шовқин кўтаришди. «Бундай одамни ер юзидан йўқ қил! У яшашга муносиб эмас!» – деб бақира кетишди.
23. Улар шундай қичқиришиб, устларидан кийимларини қоқиб, ҳавога тупроқ сочиб туришаркан,
24. мингбоши Павлусга қарши бундай бақираётганларининг сабабини билмоқчи бўлиб, уни қалъага олиб бориб қамчилашни буюрди.
25. Уни тасма билан боғлашаётган вақтда, Павлус ёнида турган юзбошига: – Рим фуқаросини ҳукм қилмай қамчилаш, сизнингча, қонунга мос келадими? – деб сўради.
26. Юзбоши буни эшитгач, бориб мингбошига хабар берди: – Қаранг, сиз нима қилмоқчисиз ўзи? Бу одам Рим фуқароси экан-ку, – деди.
27. Шунда мингбоши Павлуснинг ёнига келиб: – Менга айтгин-чи, сен Рим фуқаросимисан? – деб сўради. – Ҳа, – деди Павлус.
28. Мингбоши: – Мен бу фуқароликка кўп пул билан эга бўлганман, – деди. Павлус: – Мен ҳатто бу фуқароликда туғилганман, – деб жавоб берди.
29. Шунда Павлусни сўроқ қилмоқчи бўлганлар дарҳол ундан қўл тортишди. Мингбоши ҳам унинг Рим фуқароси эканини билгач, уни боғлаб қўйгани учун қўрқиб кетди.
30. Эртаси куни мингбоши яҳудийлар Павлусни нимада айблашларини аниқ билиш мақсадида, уни кишанлардан бўшатди. Яҳудий олий руҳонийлари ва барча Олий Кенгаш аъзоларига йиғилишларини буюрди. Павлусни келтириб, уларнинг қаршисига қўйди.
1. Павлус Олий Кенгаш аъзоларига тикилиб қараб: – Эй биродарлар! Мен бу кунга қадар Худо олдида пок виждон билан яшаб келаман, – деди.
2. Буни айтиши биланоқ, олий руҳоний Ҳанания Павлуснинг ёнида турганларга унинг оғзига уришларини буюрди.
3. Павлус унга: – Эй оқланган девор, Худо сени уради! Сен қонун асосида ҳукм чиқариш учун ўтирибсан, аммо қонунга зид ўлароқ мени уришга амр беряпсан! – деди.
4. Олдинда турганлар: – Худонинг олий руҳонийсини ҳақорат қиляпсанми? – дедилар.
5. Павлус деди: – Биродарлар! Унинг олий руҳоний эканини билмас эдим; чунки Тавротда: «Халқинг орасида бошлиқ бўлганни ёмонлама», – деб ёзилган.
6. Уларнинг бир қисми саддуқий ва бошқа қисми фарзий мазҳабларидан бўлганини Павлус билгач, Кенгашга баланд овоз билан хитоб қилиб: – Биродарлар! Мен фарзийман, ҳам фарзийнинг ўғлиман. Мен ўликларнинг тирилишига қаттиқ эътиқод қилганим учун мени тергаяптилар, – деди.
7. У буни айтган маҳалда фарзийлар билан саддуқийлар орасида жанжал чиқиб, мажлис иккига бўлиниб кетди.
8. Чунки саддуқийлар қиёматни ҳам, фариштани ҳам, руҳни ҳам йўқ, дейдилар. Фарзийлар эса буларнинг ҳаммасини тан оладилар.
9. Шундай қилиб, катта шовқин бўлди. Фарзийлар мазҳабининг уламоларидан баъзилари сўзга чиқиб, қатъий эътироз билдиришди: – Бизлар бу одамда ҳеч бир ёмонлик топмаяпмиз. Агар бирон руҳ ёки фаришта унга айтган бўлса нима бўпти, биз Худога қаршилик кўрсатмайлик! – дейишди.
10. Жанжал тобора зўрайиб боргач, Павлусни тилка-пора қилмасинлар, деб қўрққан мингбоши пастга тушиб, ораларидан уни чиқазиб қалъага олиб киришни аскарларга буюрди.
11. Кейинги кечада Раббимиз Исо Павлусга зоҳир бўлиб: «Дадил бўл! Қуддусда Менга қандай гувоҳлик берган бўлсанг, Римда ҳам шундай гувоҳлик беришинг керак», – деди.
12. Кун ёришгач, баъзи яҳудийлар қасдланиб, Павлусни ўлдирмагунча еб-ичмасликка қасам ичдилар.
13. Бундай аҳдлашганларнинг сони қирқ кишидан зиёд эди.
14. Улар олий руҳонийлар билан оқсоқолларнинг ҳузурига келиб: «Павлусни ўлдирмагунимизча ҳеч нарса емасликка оғир қасам ичдик, – дедилар.
15. – Энди сизлар Олий Кенгаш аъзолари билан бирга мингбошининг ҳузурига боринглар ва гўё Павлус масаласини яна аниқроқ текширмоқчимиз, деб уни эртага олдингизга чиқаришини илтимос қилинглар. Бизлар эса у етиб келмасидан аввалроқ уни ўлдиришга ҳозирлик кўриб турамиз».
16. Павлус синглисининг ўғли, яъни жияни ана шу қасд ҳақида эшитиб қолиб, қалъага кирди-да, унга буни маълум қилди.
17. Павлус юзбошилардан бирини чақириб: – Бу йигитни мингбошининг ҳузурига олиб боргин, унга айтадиган бир гапи бор, – деди.
18. У йигитни олди ва мингбошининг қошига келтириб: – Маҳбус Павлус мени ёнига чақириб, бу йигитни сизнинг олдингизга бошлаб келишимни илтимос қилди, сизга айтадиган бир гапи бор экан, – деди.
19. Мингбоши йигитнинг қўлидан ушлаб, уни бир четга тортди-да: – Менга айтадиган нима гапинг бор? – деб сўради.
20. Йигит жавоб берди: – Яҳудийлар гўё Павлуснинг ишини яна аниқроқ текшириш учун уни эртага Кенгаш олдига чиқаришни сиздан илтимос қилишга келишибдилар.
21. Лекин сиз уларга қулоқ солманг. Чунки уларнинг қирқдан ортиғи Павлусни пойлаб туришибди; уни ўлдирмагунча еб-ичмаслик ҳақида қасам ичишибди. Мана ҳозир сизнинг фармойишингизни кутиб, тайёр бўлиб туришибди, – деди.
22. Мингбоши: – Менга бу гапларни билдирганингни ҳеч кимга айтма! – деб йигитни қўйиб юборди.
23. Мингбоши юзбошилардан иккитасини чақириб: – Кун ботгандан уч соат кейин Кесария шаҳрига бориш учун икки юз пиёда аскар, етмиш отлиқ ва икки юз ўқчи аскар ҳозирланглар.
24. Павлусни миндириб, вилоят ҳокими Феликснинг қошига соғ-саломат етказиб бориш учун от-улов ҳам беринглар, – деб буюрди.
25. Мингбоши қуйидаги мазмунда бир мактуб ҳам ёзди:
26. «Клавдий Лисийдан муҳтарам ҳоким Феликсга – салом!
27. Ушбу одамни яҳудийлар тутиб ўлдирмоқчи эдилар. Унинг Рим фуқароси эканини билиб, мен аскарлар билан бирга етиб келиб, унинг бошини қутқардим.
28. Кейин нимада айбдор этаётганларини билмоқчи бўлиб, уни яҳудийларнинг кенгашига олиб бордим.
29. Натижада ўзларининг шариатига доир масалалар бўйича уни гуноҳкор қилаётганларини билдим-у, лекин унда ўлимга ёки кишанга лойиқ ҳеч қандай айб топмадим.
30. Яҳудийларнинг бу одамга қарши уюштираётган суиқасдидан хабардор бўлгач, мен дарҳол уни сизнинг ҳузурингизга юбордим. Унинг айбловчиларига ҳам унга қарши бўлган даъволарини сизнинг қошингизда гапиришларини буюрдим. Саломат бўлинг».
31. Шундай қилиб, аскарлар олган фармонига кўра Павлусни кечаси Антипатрисга бошлаб боришди.
32. Эртасига у билан бирга бориш учун отлиқларни қолдириб, ўзлари эса қалъага қайтиб кетишди.
33. Отлиқлар Кесарияга етгач, мактубни вилоят ҳокимига беришди ва Павлусни ҳам унга топширишди.
34. Ҳоким мактубни ўқигач, Павлусдан қайси вилоятдан эканини сўради. Киликиядан бўлганини билгач, унга:
35. «Айбловчиларинг келганидан кейин сенинг ишингни сўроқлайман», – деди-ю, Ҳирод саройида қамоқда сақлансин деб амр берди.
1. Орадан беш кун ўтгандан кейин, олий руҳоний Ҳанания ва баъзи оқсоқоллар Тертулл исмли бир ҳуқуқшунос билан Кесария шаҳрига келишиб, Павлусни қоралайдиган арзларини ҳокимга баён этишди.
2. Павлус чақирилгач, Тертулл айблашни бошлади:
3. «Эй муҳтарам Феликс, халқимизнинг ободончилигига ғамхўрлик қилар экансиз, ўз соянгизда осойишталикка эришганимизни ҳар доим ва ҳар ерда беҳад миннатдорчилик ила тан оламиз.
4. Сизни кўп овора қилмаслик учун, ўзингизга хос бўлган меҳрибонлик ила бизнинг мухтасар сўзимизни эшитишингизни илтимос қиламан.
5. Биз бу одамни жамиятнинг марази деб биламиз. Мана у насронийлар бидъатининг намояндаси бўлиб, дунёнинг барча яҳудийларини оёқлантирмоқда.
6. У маъбадимизни ҳам ҳаром этишга қўл кўтарган вақтдаёқ, биз уни тутиб, ўз қонунимизга кўра суд қилмоқчи бўлдик.
7. Лекин мингбоши Лисий келиб, уни зўрлик билан қўлимиздан тортиб олиб, сизнинг қошингизга юборди.
8. Уни айбловчи бизнинг ҳам сизнинг ҳузурингизга келишимизни буюрди. Бу кишини сўроқ қилсангиз, биз уни нималарда айблашимизни унинг ўзидан билиб олишингиз мумкин».
9. Ҳозир бўлган барча яҳудийлар ҳам айтилганларнинг тўғрилигини билдириб, Павлусга қўйилган айбни тасдиқлардилар.
10. Ҳоким Павлусга гапириши учун ишора этгач, у сўз бошлади: «Сиз кўп йиллардан бери бу халққа ҳаққоний қози бўлганингизни билганим учун, мен ўз ишимни бемалол ҳимоя қиламан.
11. Ўзингиз билиб олишингиз мумкин: менинг сиғиниш учун Қуддусга келганимга ўн икки кундан ошгани йўқ.
12. На маъбадда, на ибодатхоналарда ва на Қуддус шаҳрида бирон киши билан баҳс қилганим ёки халқ орасига ғулғула солганимни улар кўришмади.
13. Ҳозир ҳам мени айблашларида бирон бир асос борлигини исбот қилишолмайди.
14. Ҳузурингизда шуни эътироф этаманки, улар бидъат деб атаган Йўлнинг избосари ўлароқ, ота-боболарим сиғинган Худойи Таолонинг ҳақиқий бандасиман. Таврот ва Пайғамбарлар китобида ёзилганларнинг ҳаммасига инонаман.
15. Айбловчиларимнинг ўзлари ҳам тан олганидек, мен солиҳ билан фосиқларни тирилтирадиган Худога қаттиқ эътиқод қиламан.
16. Шунинг учун ҳам Худо билан инсонлар олдида доим виждонимни соф сақлашга тиришаман.
17. Орадан кўп йиллар ўтгандан кейин, халқим шарафига хайр-садақа ва қурбонликлар бағишлаш учун Қуддусга қайтиб бордим.
18. Бу вақтда мени маъбадда таҳорат қилаётган ҳолатда топдилар; ҳолбуки, у ерда оломон ҳам, шовқин ҳам йўқ эди.
19. Фақат асиялик баъзи бир яҳудийлар бор эди. Аслида ўша одамлар бу ерга келиб, бирон шикоятлари бўлса, ҳузурингизда мени айблашлари керак эди.
20. Ёки бу ердагиларнинг ўзлари айтишсин, яҳудийларнинг Олий Кенгаши олдида турганимда менда қандай ҳақсизлик топишган экан?
21. Мен уларнинг орасида туриб, баланд овозда: „Ўликларнинг тирилишига ишонганим учун бугун олдингизда ҳукм қилиняпман“, – деб айтдим. Эҳтимол, шу сўзим учун айбдор саналсам керак?»
22. Шунда Феликс: «Мингбоши Лисий келганидан кейин ишларингни синчиклаб текшираман», – деб муҳокамани кейинга қолдирди. Феликс ўзи Исонинг йўли борасида анча хабардор эди.
23. Павлусни юзбошига топшириб: «Қамаб қўйилсин, лекин енгиллик берилсин, унга хизмат қилмоқчи бўлган дўстларига ҳеч қаршилик қилинмасин», деб буюрди.
24. Бир неча кундан кейин Феликс яҳудий хотини Друсилла билан келди. Павлусни чақиртириб, Исо Масиҳга ишониш тўғрисида уни тинглади.
25. Павлус ҳақиқат, нафсни тийиш ва қиёмат-қойим ҳақида гапирганда, Феликснинг юраги чўчиб кетди. «Энди боргин, вақт топганимда сени яна чақираман», – деди.
26. Айни замонда, Павлус озод бўлиши учун менга пора беради деган умидда уни тез-тез суҳбатга чақирадиган бўлди.
27. Икки йилдан сўнг Феликснинг ўрнига Порций Фест келди. Феликс яҳудийларнинг кўнглини олмоқчи бўлиб, Павлусни қамоқда қолдирди.
1. Фест вилоятга келганига уч кун ўтгандан кейин, Кесариядан Қуддусга борди.
2. Шунда олий руҳонийлар билан яҳудийларнинг асилзодалари ҳокимнинг олдига келиб, Павлусдан шикоят қилдилар.
3. Мурувват кўрсатиб, Павлусни Қуддусга чақиртиришини ўтиниб сўрадилар; ҳолбуки, йўл-йўлакай уни ўлдиришни қасд қилган эдилар.
4. Фест эса Павлус Кесарияда қамоқда турганини ва ўзи ҳам яқинда у ерга қайтиб боражагини уларга билдирди.
5. «Шундай қилиб, сизлардан кимнинг иложи бўлса, мен билан бирга боришсин ва агар бу одамда бирон ёмонлик бўлса, уни айбдор қилишсин», – деди у.
6. Фест уларнинг ёнида саккиз ёки ўн кундан зиёд турмай, Кесарияга қайтиб борди. Эртаси куни ҳукм курсисига ўтириб, Павлусни олиб келишни буюрди.
7. Павлус ўртага чиққач, Қуддусдан келган яҳудийлар уни ўраб олганларича, ўзлари исбот қилолмайдиган кўп оғир айбларни унга қўйдилар.
8. Павлус эса ўзининг ҳимоя сўзида: – Мен на яҳудийларнинг Қонунига, на маъбадга ва на Қайсарга қарши бирон бир жиноят қилганим йўқ, – деди.
9. Фест яҳудийларнинг кўнглини топмоқчи бўлиб, Павлусдан: – Қуддусга бориб, у ерда менинг олдимда бу хусусларда суд бўлишни истайсанми? – деб сўради.
10. Павлус деди: – Мен Қайсарнинг ҳукм курсиси олдида турибман, мен бу ерда ҳукм этилишим шарт. Мен яҳудийларга ҳеч бир ҳақсизлик қилмаганимни ўзингиз ҳам яхши биласиз.
11. Агар мен ўлимга лойиқ бирор жиноятда айбдор бўлганимда, унда ўлимдан бош тортмасдим. Агарда бу кишилар менга қўяётган айблар асоссиз бўлса, унда мени ҳеч ким уларнинг қўлига топширолмайди. Мен Қайсарнинг ҳукмини талаб қиламан.
12. Фест маслаҳатчилари билан кенгашгандан сўнг, Павлусга жавоб бериб: – Сен Қайсарнинг ҳукмини талаб қилдинг, Қайсарнинг олдига борасан, – деди.
13. Бир неча кундан кейин, подшоҳ Агриппа билан Верника Фестни табриклаш учун Кесарияга келдилар.
14. Улар у ерда анча вақт тургандан кейин, Фест Павлуснинг ишини подшоҳга тақдим қилди: – Бу ерда Феликс қамоқда қолдириб кетган бир одам бор.
15. Мен Қуддусда бўлганимда, яҳудийларнинг олий руҳонийлари ва оқсоқоллари шикоят билан олдимга келиб, уни маҳкум этишни талаб қилишди.
16. Мен уларга жавоб бериб, айбланувчи одам айбловчилари билан юзлаштирилмасдан ва унга қўйилган айблардан ўзини ҳимоя қилиш имкониятини бермасдан, ўлимга маҳкум қилиш римликларнинг одати эмас, дедим.
17. Шунинг учун улар бу ерга келишганда, сира вақт йўқотмай эртаси куниёқ мен ҳукм курсисига ўтириб, бу одамни олиб келишларини буюрдим.
18. Лекин айбловчилар уни ўраб олгач, мен тахмин қилган жиноятлардан бирортасини бўйнига қўя олмадилар.
19. Фақат ўз динлари билан боғлиқ, Павлус тирик эканини даъво қилаётган Исо исмли ўлган бир шахс ҳақида баъзи баҳслари бор эди.
20. Мен бу масалани ҳал қилишда қийналиб қолдим-да, Павлусдан Қуддусга бориб, бу хусусда суд бўлишни истар-истамаслигини сўрадим.
21. Лекин у бу ишни Императори аъзамнинг муҳокамасига қолдиришни талаб қилгани сабабли, уни император ҳузурига юборгунга қадар қамоқда тутиб туриш ҳақида буйруқ бердим.
22. Агриппа Фестга: – Бу одамни мен ҳам тинглашни истар эдим, – деди. – Эртанинг ўзидаёқ уни тинглайсиз, – деди унга Фест.
23. Эртаси куни Агриппа билан Верника буюк ҳашамат билан келиб, мингбошилар ва шаҳарнинг атоқли кишилари билан бирга маҳкама саройига кирдилар. Фестнинг амри билан Павлус олиб келтирилди.
24. Фест сўз бошлади: «Подшоҳ Агриппа ва бизлар билан биргаликда бу ерда ҳозир бўлган ҳамма кишилар! Мана бу одамни кўриб турибсизлар. Қуддусда ва шу ерда кўпгина яҳудийлар менга мурожаат қилиб, бу одам бошқа яшамаслиги керак, дея қичқирдилар.
25. Менинг бўлса, унинг ўлимга лойиқ бирор иш қилмаганига ишончим комил. Унинг ўзи Императори аъзамнинг ҳузурида судланишни талаб этгани учун, уни Римга юборишга қарор қилдим.
26. Фақат олий ҳокимга унинг ҳақида ёзиш учун эса бирон қатъий сўзим йўқ. Шунинг учун уни ҳаммангизнинг, ва айниқса, подшоҳим Агриппа, сизнинг ҳузурингизга чиқартирдимки, бу ишни кўриб чиққандан кейин ёзиш учун бирон тайин сўз топилар, деб.
27. Чунки менинг фикримча, бир маҳбусни императорга юбориб, унга қарши қўйилган айбларни кўрсатмаслик мулоҳазасизлик бўлур эди».
1. Агриппа Павлусга: «Ўзингни оқлаш учун гапиришингга рухсат берилади», – деди. Шунда Павлус қўлини силтаганча, ўзини ҳимоя қилиб гапира бошлади:
2. «Подшоҳ Агриппа! Яҳудийларнинг менга қўяётган ҳамма айбларидан бугун сизнинг ҳузурингизда ўзимни ҳимоя қилаётганим учун бахтиёр ҳисоблайман.
3. Айниқса сиз яҳудийларнинг барча одатларини ва мубоҳасали масалаларини яхши билганингизни кўзда тутиб, сабр-тоқат билан мени тинглашингизни илтимос қиламан.
4. Менинг ёшлигимдан ўз мамлакатимда кечирган ҳаётим ҳамда кейинроқ Қуддус шаҳрида кечган умримни барча яҳудийлар билишади.
5. Мени азалдан танишади ва агар хоҳласалар, динимизнинг энг жиддий мазҳаби бўлмиш фарзийчилик таълимоти бўйича яшаб келганимга гувоҳлик бера олишади.
6. Энди эса, Худонинг оталаримизга берган ваъдасига умид қилганим туфайли, мен судда ҳозирман.
7. Ўн икки қабиламиз кеча-кундуз қунт ва ғайрат билан Худо йўлида хизмат қилиб, у ваъданинг ижро бўлишини кўриш умидидадирлар. Мен ана худди шу умидга эришганим учун, эй подшоҳим Агриппа, яҳудийлар мени айбламоқдалар.
8. Худо ўликларни тирилтиришини сизлар нима учун ишониб бўлмайдиган бир иш деб ҳисоблайсизлар?
9. Тўғриси, ўзим ҳам носиралик Исо номига қарши кўп хилофона амалларни қилиш керак, деб ўйлар эдим.
10. Мен буни Қуддусда қилдим ҳам. Олий руҳонийлардан ижозат олиб, кўп азизу муқаддас кишиларни зиндонларга ташлаб, уларни ўлдираётганларида мен буни ёқлардим.
11. Барча яҳудий ибодатхоналарида уларни кўп марталаб жазога тортиб, Исони ҳақоратлашга мажбур қилардим. Уларга нисбатан ҳаддан ташқари дарғазаб бўлиб, ҳатто бегона шаҳарларда ҳам қувғин қилардим.
12. Бунга доир яна бир бор олий руҳонийларнинг ваколати ва топшириғи билан Дамашққа бораётган эдим.
13. Ва мана, эй подшоҳим, кундуз куни йўлда кетаётганимда, қуёш нуридан ҳам ярқироқ бир нур осмондан порлаганини кўриб қолдим. Нур мени ва йўлдошларимни ёрқин ёғдуга чўмдирди.
14. Биз ҳаммамиз ерга йиқилгандан кейин, менга яҳудий тилида сўзлаётган бир овозни эшитдим: – Шоул, Шоул, нега Мени қувғин қиляпсан? Нишга қарши тепишинг қийин, – деди.
15. Мен: – Ё Раббий, Сен ким бўласан? – деб сўрасам, У: – Мен сен қувғин қилаётган Исоман, – деди.
16. – Қани, қаддингни ростлаб оёққа бос! Чунки сен Менинг хизматимда бўласан. Мени қандай кўрганинг ҳамда Мен қай тариқа сенга зоҳир бўлганим ҳақида гувоҳлик қилишинг учун сени тайинладим.
17. Сени ўз миллатинг ва бошқа халқлар қўлидан халос қиламан.
18. Мажусийларнинг кўзларини очиб, уларни зулматдан нурга ва шайтоннинг ҳокимиятидан Худога қайтариш учун сени юбораман, токи улар Менга имон келтириб, гуноҳлари кечирилсин ва Худо азизларига насиб этадиган абадий меросга ноил бўлсинлар, – деди.
19. Бинобарин, эй подшоҳ Агриппа, мен кўкдан юборилган ушбу ваҳийга монелик қилмадим.
20. Аввал Дамашқ аҳолисига, кейин Қуддус ва бутун Яҳудия юртидаги, шунингдек, бошқа ерлардаги мажусийларни тавба қилдириб, Худога илтижо қилиш ва тавбага яраша ишларни бажаришга ундаб юрдим.
21. Шу иш учун яҳудийлар мени маъбадда тутиб ўлдиришга қасд қилдилар.
22. Лекин мен Худодан олган ёрдамим билан шу кунга қадар каттаю кичикка гувоҳлик бериб келаман. Мусо ва барча пайғамбарларнинг каромат қилиб айтганларидан бошқа ҳеч нимани гапирмаяпман,
23. чунончи: Масиҳ Ўз миллатига ҳам, бошқа миллатларга ҳам илоҳий нур ҳақида хабар қилиш учун азоб чекиб ўлиши ҳамда ўликлар ичидан биринчи бўлиб тирилиши муқаррар эди».
24. Павлус ўзини шундай ҳимоя қиларкан, Фест баланд овоз билан сўзини бўлди-да: – Нодонлик қиляпсан, Павлус! Катта олимлик сени ақлдан озишга оборяпти! – деди.
25. Павлус эса деди: – Мен нодонлик қилмаяпман, муҳтарам Фест. Аксинча, ҳақиқат ва фаросат юзасидан фикр юргизяпман.
26. Подшоҳ бу хусусларда билимдон бўлгани учун у билан бемалол сўзлашмоқдаман. Бу воқеалардан ҳеч бири унинг назаридан қочмаган бўлса керак, деб ўйлайман. Чунки булар бир чеккада қилинган иш эмас.
27. Подшоҳ Агриппа, пайғамбарларга ишонасизми? Биламан, ишонасиз!
28. Агриппа Павлусга: – Яна бирпасда мени кўндириб, Масиҳий қилмоқчисан-а? – деди.
29. – Хоҳ қисқа, хоҳ узоқ муддатда бўлсин, – деди Павлус, – фақат ўзингизгина эмас, балки бугун мени тинглаётганларнинг ҳаммаси ҳам, бу занжирлардан холи, мен каби бўлишларини Худодан сўрар эдим!
30. Павлус шуларни айтганидан кейин подшоҳ, вилоят ҳокими, Верника ва улар билан бирга ўтирганлар ўринларидан туришди.
31. Четга чиқиб, бир-бирлари билан маслаҳатлашиб олишди. – Бу одам ўлимга ёки ҳибсга лойиқ ҳеч бир иш қилмаяпти-ку, – деб айтишар эди.
32. Охирида Агриппа Фестга: – Агар бу одам Қайсар ҳукмини талаб қилмаганда, уни озод этиш мумкин эди, – деди. [Шундай қилиб, ҳоким уни Қайсар олдига юборишга қарор қилди.]
1. Италияга сузиб боришга қарор қилинганда, Павлус ва бошқа баъзи маҳбусларни Август полкидан Юлий исмли бир юзбошига топширдилар.
2. Биз Асия соҳиллари бўйлаб сузадиган Адрамит кемасига ўтириб жўнадик. Биз билан бирга Салоникадан келган македониялик Аристарх ҳам бор эди.
3. Эртаси куни Сидўн шаҳрига келиб тўхтадик. Юлий Павлусга инсоний муомала қилиб, дўстларининг ёнига бориб тирикчилик эҳтиёжларини қондиришига рухсат берди.
4. У ердан яна жўнаб, шамол рўпарадан эсгани учун Кипр оролини паналаб сузиб ўтдик.
5. Киликия ва Памфилия қаршисидаги денгиздан ўтиб, Ликиядаги Мира шаҳрига келдик.
6. Юзбоши у ерда Италияга кетадиган Искандария кемасини топиб, бизни унга ўтқизди.
7. Анча кун жуда қийналиб сузиб, Книдос шаҳрининг қирғоғига зўрға етиб бордик. Шамол қирғоққа яқинлашишимизга имкон бермади. Шунда Салмон бурнини айланиб, Крит оролини паналаб сузиб ўтдик.
8. Крит қирғоғи бўйлаб машаққат ила сузиб, Гўзал Бандаргоҳлар деган жойга келдик. Ласея шаҳри бу ерга яқиндир.
9. Энди орадан кўп вақт ўтиб, ҳатто Рўза куни ҳам кечган, сузиб бориш эса янада хавфли бўлиб қолган эди. Шунинг учун Павлус йўлдошларига маслаҳат бериб:
10. «Эрлар, кўряпманки, сузишни давом эттириш юк ва кема учунгина эмас, ўз жонимиз учун ҳам хавф-хатарли бўлади», – деди.
11. Лекин юзбоши Павлуснинг сўзларидан кўра, кема ҳайдовчисига ва дарғага кўпроқ ишонар эди.
12. Пристань қишни ўтказишга мослаштирилмагани учун, кўпчилик йўловчилар у ердан жўнаб кетишга ва иложи бўлса, Критнинг Финик портига бориб, қишлашга қарор беришди. Финик жануби-ғарб ва шимоли-ғарб томонлардан эсадиган шамоллардан панада эди.
13. Хафиф жануб шабадаси эса бошлаганда, улар ўзларини мақсадимизга эришдик, деб ҳисоблаб, лангар кўтариб жўнадилар ва Крит соҳили бўйлаб сузиб кетдилар.
14. Лекин кўп ўтмай, орол томонидан «боди-шимол» деган шиддатли бир бўрон бостириб келди.
15. Тўфон кемани шундай исканжага олдики, у шамолга қарши бардош беролмади. Тўлқинларга таслим бўлиб, сузиб борардик.
16. Клавда деган кичик бир орол ёнидан ўтаётганимизда, кеманинг қайиқчасини зўрға ушлаб қолдик.
17. Қайиқчани кўтариб олишгандан кейин, кемани арқонлар билан ўраб боғладилар. Саёз жойларга ботиб қолишдан қўрқиб, елканни туширдилар ва сузувчи лангар ташлаб, шамолга таслим бўлдилар.
18. Тўфон кучаяверганидан, эртаси куни кемадан юкни ота бошлашди.
19. Учинчи куни эса ўз қўлимиз билан кема жиҳозларини сувга ташлаб юбордик.
20. Анча кун қуёш ҳам, юлдузлар ҳам кўринмай қолди. Тўфон шиддатли тус олган сари, қутулиб қолишимизга бўлган ҳар қандай умидни йўқотган эдик.
21. Кемадагилар кўпдан бери овқат емаганлари сабабли, Павлус уларнинг ўртасида туриб: «Эрлар! – деди. – Менга қулоқ солиб Критдан кетмаганингизда эди, бу зарару заҳматларга дучор бўлмасдинглар.
22. Энди эса сизлардан ўтиниб сўрайман: дадил бўлинглар. Чунки сизлардан ҳеч бир жон ҳалок бўлмайди, фақат кема нобуд бўлади.
23. Мана, мен Унга мансуб бўлган ва Унга хизмат қилиб юрган Худонинг фариштаси бу кеча менга зоҳир бўлди.
24. У: „Қўрқма, Павлус! – деди. – Сен Қайсарнинг олдида туришинг керак. Кема йўловчиларига келганда, уларнинг ҳаммасини Худо сенга бағишлади“, – деди.
25. Шунинг учун, эрлар, дадил бўлинглар! Чунки Худо худди менга айтганидек қилишига қаттиқ ишонаман.
26. Ҳар ҳолда биронта оролга тушишимиз керак».
27. Адрия денгизида шамолга таслим бўлиб юришимизнинг ўн тўртинчи кечасида, қарийб туннинг ярмида денгизчилар қандайдир бир қуруқликка яқинлашганларини пайқадилар.
28. Чуқурликни ўлчаб, йигирма қулоч эканини билдилар. Кейин бироз масофада яна ўлчаб, ўн беш қулоч эканини аниқладилар.
29. Тошлоқ жойга урилиб қолишдан қўрқиб, кеманинг орқа тарафидан тўртта лангар ташладилар. Тонг отишини интизор бўлиб кутардилар.
30. Шу орада денгизчилар кемадан қочмоқ ниятида, гўё кеманинг тумшуғидан лангар ташламоқчи бўлиб, қайиқчани денгизга тушира бошладилар.
31. Павлус эса юзбоши ва аскарларга қараб: – Агар улар кемада қолмасалар, сизлар қутулолмайсизлар, – деди.
32. Шунда аскарлар қайиқчанинг арқонларини кесиб, қайиқчани сувга тушириб юбордилар.
33. Тонг отай деганда, Павлус ҳаммани овқат ейишга ундаб: – Бугун ўн тўртинчи кундирки, ҳеч нарса емай озиқ-овқатсиз қолиб турибсизлар, – деди.
34. – Шунинг учун овқат ейишингизни ёлвориб сўрайман; бу қутулишингиз учун керакдир. Сизлардан ҳеч кимнинг бошидаги бирор соч толаси ҳам нобуд бўлмайди.
35. Павлус бу сўзларни айтгандан кейин нонни олди, ҳамманинг олдида Худога шукрона айтиб, нонни синдириб ея бошлади.
36. Шу тариқа ҳамма дадилланиб, овқат еди.
37. Кемада жами бўлиб икки юз етмиш олти жон бор эдик.
38. Овқатга тўйганимиздан кейин буғдойни денгизга отиб, кемани енгиллаштирдилар.
39. Кундуз бўлгач, кўрган қуруқликларини танимадилар; қирғоғи қумлоқ бўлган бир қўлтиқни пайқадилар. Иложи бўлса, кема билан у жойга бориб тўхташга қарор қилдилар.
40. Лангарларни узиб ташлаб, денгизда қолдирдилар. Айни замонда рулларнинг ипларини ечиб, олдинги елканни шамолга томон қаратиб, қирғоқ сари кетдилар.
41. Кема қирғоқнинг саёз ерига дуч келиб, қумга тиқилиб қолди. Кеманинг тумшуғи ботганча қимирламай қолди, қуйруғи эса тўлқинларнинг кучи билан парчалана бошлади.
42. Ўшанда аскарлар, маҳбуслардан бирон киши сузиб қочиб кетмасин, деб уларни ўлдиришни ният қилдилар.
43. Лекин юзбоши Павлусни қутқазмоқчи бўлиб, бу ниятларини бажаришдан уларни тўхтатди. Сузишни билганлар биринчи бўлиб ўзларини кемадан ташлаганча қуруқликка чиқсинлар,
44. қолганлари эса хоҳ тахталарга, хоҳ кеманинг бирон синиқ бўлагига тутиниб, уларнинг кетидан борсинлар, дея амр берди. Шу йўсинда ҳамма соғ-саломат қуруқликка чиқиб олди.
1. Халос бўлганимиздан кейин, оролнинг оти Мальта эканини билдик.
2. Ерли аҳоли бизга одатдан ташқари инсонийлик кўрсатди. Ёмғир ёғиб совуқ бўлгани учун, улар ўт ёқиб, ҳаммамизни дўстона қабул қилдилар.
3. Шу маҳал Павлус бир даста ўтин йиғиб, оловнинг устига қўяётганда, иссиқдан қочаётган бир заҳарли илон унинг қўлини чақиб олиб, осилиб қолди.
4. Павлуснинг қўлига илон осилганини ерлилар кўргач, бир-бирларига: «Бу одам қотил бўлса керак. Денгиздан халос бўлган бўлса ҳам, Ҳақ уни тирик қолдирмаяпти-да!» – дейишди.
5. Павлус эса ҳеч қандай зарар кўрмасдан, илонни ўтга силкитиб ташлади.
6. Орол аҳолиси унинг шишиб кетишини ёки ўлиб қолиб, тўсатдан ерга йиқилишини кутарди. Лекин узоқ кутишгандан кейин унга ҳеч қанақа фалокат юз бермаганини кўришгач, бошқача фикр қилиб: «У бир худодир», – деб айтишарди.
7. У жойнинг яқинида оролнинг бошлиғи бўлган Публий исмли бир кишининг ер-мулки бор эди. У бизни қабул этиб, уч кун меҳмондўстлик қилди.
8. Ўша пайтда Публийнинг отаси юракбуруғдан қийналиб, иситмалаб ётар эди. Павлус унинг ёнига кирди ва қўлларини унинг устига қўйганча ибодат қилиб, уни соғайтирди.
9. Бу ҳодисадан кейин оролдаги бошқа хасталар ҳам келиб, шифо топишди.
10. Эл бизга иззат-икром кўрсатди, жўнаётганимизда зарур нарсалар билан таъминладилар.
11. Уч ойдан кейин Искандариядан келиб, ўша оролда қишлаб қолган Жавзо туғли бир кема билан сузиб кетдик.
12. Сиракузага бориб, у ерда уч кун турдик.
13. У ердан сузиб кетиб, Ригияга келдик. Бир кундан кейин эсаётган жануб шамолидан фойдаланиб, икки кунда Путеолга етиб бордик.
14. У ерда баъзи имонли биродарларимизни топдик. Етти кун уларникида туришимиз учун рухсатимизни сўраб олдилар. Кейин Римга етиб келдик.
15. У ердаги биродарлар дарагимизни эшитиб, Аппия форуми ва ҳатто Уч Меҳмонхона майдонигача бизни кутиб олгани чиқишганди. Павлус уларни кўриб, Худога шукр қилди ва кўнгли кўтарилди.
16. Римга кирганимиздан кейин юзбоши маҳбусларни лашкарбошига топширди. Павлусга эса уни қўриқлаб турадиган бир аскар билан алоҳида яшаш учун рухсат берилди.
17. Уч кундан сўнг Павлус яҳудийларнинг атоқли кишиларини бир жойга чорлади. Улар тўпланганда: «Эрлар, биродарлар! – деб хитоб қилди. – Мен халқимизга ёхуд ота-боболаримиз одатларига қарши ҳеч нарса қилмаган ҳолда, Қуддусда қўлга тушиб, римликларга топширилдим.
18. Улар ҳам мени суд қилиб, ўлимга лойиқ бирон гуноҳда айблай олмай озод қилмоқчи бўлдилар.
19. Лекин яҳудийлар бунга қарши чиққач, мен Қайсарнинг ҳукмини талаб этишга мажбур бўлдим. Мен буни халқимни бирон хусусида қораламоқ ниятида қилмадим.
20. Аслини олганда, мен Исроилнинг умиди учун бу занжир билан боғланганман. Ана шу сабабдан ҳам сизлар билан кўришиб гаплашишни истардим».
21. Улар жавоб бериб: «Сенинг ҳақингда Яҳудиядан ҳеч қандай хат-хабар олганимиз йўқ, у ердан келган биродарлардан бирортаси ҳам бизга нохуш маълумот ё ахбор билдиргани йўқ.
22. Шунга қарамай, қандай фикр юритишингни сендан эшитмоқчимиз, чунки бу бидъатга қарши ҳар ерда баҳс бўлаётгани бизга маълумдир», – дедилар.
23. Павлус учун бир кун тайин этиб, жуда кўп киши у турган меҳмонхонага келди. Эрталабдан оқшомгача Павлус уларга Худонинг Шоҳлигини баён этиб гувоҳлик берар, Мусонинг Қонунига ва Пайғамбарлар китобига биноан Исо тўғрисида ишончли далиллар келтирар эди.
24. Унинг айтганларига баъзилари эътиқод қўйиб, баъзилари эса инонмадилар.
25. Ўзаро келишмовчилик юзага келиб, Павлус уларга бир сўзни айтгандан сўнг, улар кета бошлади. Павлус деди: «Муқаддас Руҳ Ишаъё пайғамбар орқали оталаримизга жуда тўғри гапириб кетган:
26. „Бу халққа бориб айтгин: Эшитиб-эшитиб ҳам англамайсизлар; Қараб-қараб ҳам кўролмайсизлар.
27. Чунки бу халқнинг дилини ёғ босган, Қулоқлари зўрға эшитадиган бўлган, Кўзларини эса юмиб олганлар. Мабодо кўзлари кўрадиган, қулоқлари эшитадиган, Диллари эса фаҳмлайдиган бўлса-ю, тавба қилсалар, Мен уларга шифо берган бўлур эдим“.
28. Шуни билиб қўйинглар: Худонинг бу нажоти энди бошқа халқларга юборилган; улар эса эшитадилар».
29. [Павлус бу сўзларни айтиб бўлгандан кейин, яҳудийлар ўзаро анча тортишиб, у ердан чиқиб кетишди.]
30. Павлус ижарага олган уйида тўлиқ икки йил турди. Ҳузурига келганларнинг ҳаммасини қабул қилар эди.
31. Худонинг Шоҳлиги келди ва Исо Масиҳ Раббимиздир, дея жасорат билан бемалол ваъз айтиб, таълим берар эди. Омин.

Скачать Havoriylar - 1-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (1.54 МБ)

Скачать Havoriylar - 2-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.54 МБ)

Скачать Havoriylar - 3-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (1.53 МБ)

Скачать Havoriylar - 4-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (1.87 МБ)

Скачать Havoriylar - 5-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.31 МБ)

Скачать Havoriylar - 6-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (0.88 МБ)

Скачать Havoriylar - 7-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (3.01 МБ)

Скачать Havoriylar - 8-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.05 МБ)

Скачать Havoriylar - 9-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.49 МБ)

Скачать Havoriylar - 10-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.58 МБ)

Скачать Yuhanno - 11-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (3.36 МБ)

Скачать Havoriylar - 12-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (1.47 МБ)

Скачать Havoriylar - 13-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.92 МБ)

Скачать Havoriylar - 14-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (1.59 МБ)

Скачать Havoriylar - 15-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.52 МБ)

Скачать Havoriylar - 16-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (3.64 МБ)

Скачать Havoriylar - 17-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (3.27 МБ)

Скачать Havoriylar - 18-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.71 МБ)

Скачать Havoriylar - 19-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (3.71 МБ)

Скачать Havoriylar - 20-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (3.13 МБ)

Скачать Havoriylar - 21-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.3 МБ)

Скачать Havoriylar - 22-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.67 МБ)

Скачать Havoriylar - 23-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (3.17 МБ)

Скачать Havoriylar - 24-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.29 МБ)

Скачать Havoriylar - 25-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.66 МБ)

Скачать Havoriylar - 26-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.98 МБ)

Скачать Havoriylar - 27-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (3.51 МБ)

Скачать Havoriylar - 28-bob - Injil Yangi Ahd. mp3 (2.87 МБ)

Инжил



Muqaddas Kitob. Tavrot, Zabur, Injil
Tavrot | Zabur | Injil (+audio)
Muqaddas Kitob  Muqaddas Kitob APP
Yuklab olish - Muqaddas Kitob O'zbek tilida Injil (latin 27mb .pdf)
Скачать - Муқаддас Китоб (Инжил) (кирилл 26mb .PDF)

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz


Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Matto Muqaddas xushxabar  Mark Muqaddas xushxabar  Luqo Muqaddas xushxabar  Yuhanno Muqaddas xushxabar  Havoriylarning faoliyati  Yoqubning maktubi  Butrusning birinchi maktubi  Butrusning ikkinchi maktubi  Yuhannoning birinchi maktubi  Yuhannoning ikkinchi maktubi  Yuhannoning uchinchi maktubi  Yahudoning maktubi  Rimliklarga maktub  Korinfliklarga birinchi maktub  Korinfliklarga ikkinchi maktub  Galatiyaliklarga maktub  Efesliklarga maktub  Filippiliklarga maktub  Kolosaliklarga maktub  1-Salonikaliklarga  2-Salonikaliklarga  Timo'tiyga birinchi maktub  Timo'tiyga ikkinchi maktub  Titusga maktub  Filimo'nga maktub  Ibroniylarga maktub  Yuhannoga ko'rsatilgan vahiy


Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18


Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida  Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida  Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак