Инжил

Коринфликларга биринчи мактуб

1. Худонинг иродаси билан Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлишга чорланган мен, Павлус ила биродаримиз Состендан
2. Коринф шаҳридаги Худонинг жамоатига салом! Исо Масиҳ орқали муқаддас қилинган ва муқаддас бўлишга чорланган сизларга, шунингдек, ҳаммамизнинг Раббимиз бўлган Исо Масиҳнинг исмини ҳар ерда тилга олувчиларнинг ҳаммасига
3. Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳдан иноят ва тинчлик бўлсин.
4. Исо Масиҳ орқали сизларга берилган Худо инояти учун сиз ҳақингизда Худойимга тинмай шукроналар айтаман.
5. Масиҳнинг хабари орангизда кенг ўрин олмоқда.
6. У туфайли сизлар ҳар қандай каломда моҳир, билимда бой бўлдингизлар.
7. Раббимиз Исо Масиҳнинг кўкдан намоён бўлишини кутар экансизлар, Муқаддас Руҳнинг инъомидан ҳеч бир кам-кўстингиз йўқ.
8. Раббимиз Исо Масиҳ қайтадиган кунида қусурсиз бўлмоғингиз учун, У сизларни охиригача қўллаб-қувватлайди.
9. Сизларни Ўз Ўғли Раббимиз Исо Масиҳ билан мулоқотга чақирган Худо садоқатлидир.
10. Эй биродарларим, Раббимиз Исо Масиҳ номи билан сизлардан ёлвориб сўрайманки, ҳаммаларингиз ўзаро келишиб яшанглар. Ўзаро низоларга йўл қўймай, фикр-хаёлда тамомила якдил бўлинглар.
11. Зеро, биродарларим, сизларнинг орангизда жанжал борлигини Хлоиснинг хонадонидагилар менга хабар беришди.
12. Мен шуни назарда тутяпманки, орангизда: «Мен Павлус умматиман», «Мен Аполлос умматиман», «Мен Кифа умматиман», «Мен Масиҳ умматиман», деган гаплар юрар экан.
13. Ахир, Масиҳ бўлинганми? Ахир, сизлар учун Павлус хочга михландими? Наҳот сизлар Павлуснинг номи билан сувга чўмиб имон келтирдингизлар?
14. Худога шукурки, мен сизлардан Крисп ва Гайдан бошқа ҳеч кимни сувга чўмдириб имонга киритмадим.
15. Тағин ҳеч ким мени «Ўз номи билан имонга киритди», – демасин.
16. Ҳа, яна Стефаннинг уй аҳлини ҳам сувга чўмдириб имонга киритдим, бундан бошқа яна кимни чўмдирганимни билмайман.
17. Зотан Масиҳ мени чўмдиришга эмас, балки Инжил Хушхабарини тарғиб қилишга юборди. Сўзамоллик қилишга ҳам юбормади, токи Масиҳнинг хочи инкор этилмасин.
18. Хоч ҳақидаги хабар ҳалок бўлаётганлар учун тентакликдир. Лекин биз, нажот топаётганлар учун бу хабар Худонинг қудратидир.
19. Худди Тавротда Худо айтганидек: «Донишмандлар донолигин барбод қилурман, Барҳам бергайман оқиллар заковатин».
20. Доно қаерда? Олим қаерда? Бу дунёнинг нотиқи қаерда? Дунёнинг ҳикматини Худо ақлсизликка айлантиргани йўқми?!
21. Модомики дунё ўз ақл-заковати билан Худонинг муродию ҳикматини англаб етмаган экан, Худо тентакликдай туюлган хабарга ишонувчиларни қутқаришни лозим кўрди.
22. Яҳудийлар ажойиботлар пайида, юнонлар эса ҳикматга ҳайрондир.
23. Биз эса фақат хочга михланган Масиҳни тарғиб қилмоқдамиз. Бу яҳудийлар учун васваса, юнонлар учун телбаликдир.
24. Бироқ Худо чақирган яҳудийлару юнонлар учун Масиҳ Худонинг қудрати ва ҳикматидир.
25. Зеро Худонинг «ақлсизлиги» инсон донолигидан устундир, Худонинг «заифлиги» инсон қудратидан кучлироқдир.
26. Олган даъватингизга қаранглар, эй биродарлар! Сиз кимсизлар? Инсоний нуқтаи назардан доно бўлганингиз кўп эмас, қудратли бўлганингиз кўп эмас, олижаноб бўлганингиз ҳам кўп эмас.
27. Лекин Худо доноларни шарманда қилиш учун дунёдаги ақлсиз деб ҳисобланганларни танлади. Қудратлиларни шарманда қилиш учун У дунёдаги заиф дейилганларни танлади.
28. Худо эътиборли нарсалар арзимас бўлсин учун, бу дунёдаги эътиборсиз, камситилган ва аҳамиятсиз деб ҳисобланганларни танлади,
29. токи ҳеч бир башар Худо олдида мақтанмасин.
30. Худонинг Ўзи сизларга Исо Масиҳ уммати бўлишни ато қилди. Исо Масиҳ биз учун Худонинг ҳикмати бўлди, Масиҳнинг шарофати билан биз солиҳ, муқаддас, гуноҳдан фориғ бўлдик.
31. Шу йўсинда, «Мақтанаман деган Раббимиз билан мақтансин», деган оят ўз ўрнини топди.
1. Эй биродарлар, мен сизларнинг олдингизга Худонинг хабарини эълон қилгани келганимда, сўзамоллик ва билгичлик ниқоби остида келмадим.
2. Орангизда эканман, Исо Масиҳдан ва Унинг хочга михланганидан бошқа ҳеч нарса билмасликка қарор қилдим.
3. Олдингизга заифлик ва қўрқув ҳисси ҳамда катта қалтироқ билан келдим.
4. Менинг сўзим ва ваъзим инсон заковатининг ишонтирувчилигидан эмас, Худо Руҳи ва қудратидан далолатдир,
5. токи имонингиз инсон ҳикматига эмас, Худо қудратига асослансин.
6. Шундай қилиб, биз етук бўлганлар орасида сўзлаб берадиган бир ҳикмат борки, у бу дунёнинг ва бу дунёдаги ўткинчи ҳокимларнинг ҳикматидай эмас.
7. Биз Худонинг махфий, сирли ҳикмати борасида гапирамиз, У бу ҳикматни дунё бино бўлишидан аввал бизга улуғлик яратиш учун шайлаб қўйган эди.
8. Бу ҳикматни дунё ҳокимларидан ҳеч ким тушунмади. Тушунсалар эди, улуғ Раббимизни хочга михламас эдилар.
9. Лекин худди Тавротда ёзилганидек бўлди: «Кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, Инсон ақли бовар қилмаган нарсаларни Худо Ўзини севганларга муҳайё қилган».
10. Бизларга эса Худо буни Ўз Руҳи орқали ошкор қилди. Илоҳий Руҳ бутун нарсаларни, ҳатто Худонинг теранликларини текшириб кўради.
11. Инсоннинг ўйларини унинг ичидаги ўз руҳидан бошқа ким билади? Худди шундай, Худонинг ўйларини Худонинг Руҳидан бошқа ҳеч ким тушуна олмайди.
12. Бизлар эса дунёнинг руҳини олмадик, балки Худо бизга ато қилган бойликларни билиб олишимиз учун, Худодан чиққан Руҳни қабул қилдик.
13. Биз бу бойликларни инсоний ҳикматдан далолат берувчи сўзлар билан уқтирмаймиз. Аксинча, Илоҳий Руҳдан илҳомланган сўзлар билан Илоҳий Руҳга тобе бўлган кишиларга илоҳий ҳақиқатни талқин қиламиз.
14. Инсон ўзининг туғма ҳис-туйғулари билан Худо Руҳи ўргатган нарсаларни қабул қила олмайди. У буларни тушунмагани учун тентаклик ҳисоблайди. Зеро илоҳий ҳақиқатни Илоҳий Руҳ ёрдамида муҳокама қилиш лозим.
15. Худо Руҳига тобе киши ҳамма нарсани муҳокама қилади, ўзини эса ҳеч ким муҳокама қила олмайди.
16. Тавротда ёзилганидек: «Худованднинг фикрини ким англаб етибдики, Унга таълим берса?» – Бизда эса Масиҳнинг фикри бор.
1. Эй биродарлар, мен сизларга Муқаддас Руҳга тобе кишиларга гапиргандек гапира олмадим, балки дунёвий фикрли, Масиҳ йўлида чақалоқ қолганлар билан сўзлашгандек сўзлашдим.
2. Сизларни милкингизга ботадиган емиш билан эмас, балки сут билан боқдим, чунки унга ҳали кучингиз етмасди. Ҳозир ҳам кучингиз етмайди.
3. Сизлар ҳали ҳам бу дунёнинг одамларидай юрибсизлар. Орангизда ҳасад, жанжал ва келишмовчиликлар бор экан, дунёвий эмасмисизлар? Бундай ҳаракат қиларкансизлар, бошқа одамлардан нима билан фарқланасизлар?
4. Сизлардан бири: «Мен Павлус умматиман» – деса, бошқаси: «Мен Аполлос умматиман», – дейди. Сизнинг бу «инсонпарварлигингиз» ортиқча эмасми?!
5. Ахир, Павлус ким? Аполлос ким? Улар хизматчи, холос, улар орқали сизлар имон топгансизлар. Раббимиз бизга ато қилгани бўйича, ҳар биримизнинг вазифаси бошқа-бошқа.
6. Мен уруғ экдим, Аполлос суғорди; лекин Худо ўстирди.
7. Шунинг учун эккан ва суғорган ҳеч нима, ҳамма гап ўстирган Худодадир.
8. Экувчи ва суғорувчининг моҳияти бир, ҳар бири мукофотни ўз меҳнатига яраша олади.
9. Биз Худонинг хизматдошларимиз, сизлар эса Худонинг зироати, Худонинг иморатисизлар.
10. Худо берган иноят асосида мен доно қурувчи каби пойдевор қўйдим. Бошқа киши эса унинг устида нимадир бунёд этади. Ҳар ким қандай қураётганига диққат этсин.
11. Чунки ҳеч ким қўйилган пойдевор, яъни Исо Масиҳдан бошқа пойдевор қўя олмайди.
12. Бу пойдевор устида кимдир олтиндан, кимдир кумуш ёки қимматли тошлардан, кимдир эса ёғочу хашак ё похолдан бино қурмоқда,
13. ҳар кимнинг иши эса ўзига яраша ошкор бўлиб қолади. Маҳшар куни уни фош қилади, олов уни очиқ-ойдин қилади-қўяди. Шунда ҳар кимнинг иши қандай эканлигини олов синаб беради.
14. Кимда-кимнинг бунёд этган иши оловга бардош берса, у мукофот олади.
15. Кимнинг иши ёнса, у талафот кўради; ўзи қутулади-ю, аммо оловдан қутулиб чиққандек бўлади.
16. Наҳотки билмасангиз? Сизлар Худонинг маъбадисизлар, Худонинг Руҳи ичингизда яшамоқда.
17. Кимки Худонинг маъбадини бузса, уни Худо уради. Чунки Худонинг маъбади муқаддасдир; бу маъбад эса сизларсиз.
18. Ҳеч ким ўз-ўзини алдамасин. Сизлардан ким бу дунёда доно бўламан деса, доно бўлиш учун ўзини ақлсиз деб билсин.
19. Чунки бу дунёнинг донолиги Худо олдида ақлсизликдир. Забурда ёзилганидай: «У доноларни ўзларининг қувлиги ила тўрга илинтирар».
20. Ва яна шундай ёзилган: «Худованд биладир-ким, Донолар фикр-хаёлоти пучга чиқур».
21. Шунинг учун ҳеч ким одамийлик билан мақтанмасин. Чунки ҳамма нарса ўзингизники:
22. Павлусу, Аполлосу, Кифа ҳам, дунё ҳам, ҳаёт ва ўлим ҳам, шу дам ва келажак ҳам – ҳаммаси сизларники.
23. Сизлар эса – Масиҳники, Масиҳ эса – Худоникидир.
1. Шундай қилиб, кишилар бизни Масиҳнинг хизматкорлари ҳамда Худонинг сир-асрорларини баён этувчи идорачилар деб тушунмоғи лозим.
2. Умуман идора қилувчидан талаб қилинган нарса сидқидилдан ишлашидир.
3. Мен ҳақимда сизлар қандай фикрдасиз, ёки бошқа одамлар қандай фикрда, бу нарса мени деярли қизиқтирмайди. Мен ўзим ҳам ўз ҳақимда фикр юритмайман.
4. Зотан ўзимда ҳеч бир айб кўрмасам ҳам, бу билан ўзимни оқламайман. Чунки мен ҳақда ҳукм юритувчи Раббимиз бўлади.
5. Шу боис вақтидан олдин, Раббимиз келмагунларича, асло ҳукм юритманглар. У келиб зулматда яширилган нарсаларни равшан қилади-да, дил ниятларини воқиф этади. Ўшанда ҳар ким ўз ишига яраша Худодан таҳсин олади.
6. Эй биродарлар, мен сизларни ўйлаб, бу қоидаларни ўзимга ва Аполлосга татбиқ этдим, токи сизлар ёзилгандан ташқарига чиқмай, билармонлик қилмасликни биздан ўрганинглар, бир-бирингиз олдида кеккайманглар.
7. Ким сени устун тутяпти? Худодан олмаган ниманг бор экан? Агар Ундан олган бўлсанг, нима учун Ундан олмагандек мақтаниб юрибсан?
8. Сизлар энди тўқ бўлибсизлар, энди бойиб кетибсизлар, бизсиз султонлик қиляпсизлар! Кошки ҳақиқатан султон бўлсангиз эди, унда биз сизлар билан бирга давр сурар эдик!
9. Мен ўйлайманки, Худо биз, ҳаворийларни гўё намойишда охиргилар қаторида юргизиб, ўлимга маҳкум бўлганлар каби майдонга келтирди. Биз фаришталар ҳамда инсонлар олдида, қолаверса, бутун коинот олдида бир томоша бўлдик.
10. Бизлар Масиҳ учун гўё ақлсизмиз, лекин сизлар Масиҳ соясида ақллисизлар! Биз заифмиз, сизлар эса кучли! Сизлар шон-шуҳратли, биз эса эътиборсизмиз!
11. Ҳатто шу вақтгача оч-яланғочмиз, чанқоқлик ва калтакларга чидаймиз, саргардон бўлиб юрибмиз.
12. Ўз меҳнатимиз билан кун кўряпмиз. Бизни ҳақорат қилсалар, дуо қиламиз; зулм қилсалар, чидаймиз.
13. Ғийбат қилсалар, юмшоқ жавоб берамиз. Ҳозиргача биз ҳамманинг ахлати, ҳатто дунёнинг супуриндиси бўлиб юрибмиз.
14. Мен буларни сизларни хижолатда қолдирмоқ учун эмас, балки севимли болаларимдай насиҳат қилмоқ учун ёзяпман.
15. Масиҳ йўлида минглаб одамлар сизга устозлик қилса ҳам, оталарингиз кўп эмас. Бир ўзим Хушхабарни сизларга етказиб, Исо Масиҳ номидан отангиз бўлдим.
16. Шунинг учун сизлардан ялиниб сўрайман: [мен Масиҳдан ўрнак олганимдек] мендан ўрнак олинглар!
17. Ана шу мақсадда мен Раббимизга содиқ бўлган севимли ўғлим Тимўтийни сизнинг олдингизга юбордим. Ҳар ерда ва ҳар бир имонлилар жамоатида таълим берганим каби, Масиҳ билан юрган йўлларимни у сизларга эслатади.
18. Мен сизларнинг олдингизга тез келмаганим учун, орангиздан баъзи кишилар киборланиб кетди.
19. Аммо Раббим хоҳласа, мен яқинда олдингизга бораман. Унда такаббурларнинг сўзини эмас, руҳий қувватини синаб кўраман.
20. Чунки Худо салтанати сўзда эмас, балки қувватдадир.
21. Нима истайсизлар? Ёнингизга ҳасса билан борайми, ёки меҳр ва мулойимлик руҳи билан борайми?
1. Ҳар ҳолда, сизнинг орангизда зиногарлик пайдо бўлибди, деган овозалар чиқди; бунинг устига шундай зиногарликки, ҳатто мажусийлар орасида бундай ҳодиса юз бермаган, яъни сизлардан бир киши отасининг хотинини олибди!
2. Ва сизлар бу билан фахрланяпсизлар! Аксинча, мотам тутиб, бундай иш қилган одамни орангиздан чиқариб ташлашингиз керак эди-ку!
3. Мен эса жисман ғойиб бўлсам ҳам, руҳан ҳар дам сизлар билан биргаман. Мен гўё ёнингизда бўлгандек, бу ишни қилган одам ҳақида аллақачон Раббимиз Исо Масиҳ номи билан ҳукм юритдим:
4. Сизлар менинг руҳим ҳамда Раббимиз Исо Масиҳнинг қудрати билан бир жойда тўпланганингизда,
5. бу одамни тана тинкасини қуритиш учун шайтонга топшириш керак, токи Раббимиз Исо Масиҳ келган кунда унинг руҳи халос бўлсин.
6. Сизларнинг мақтанишингиз яхши эмас. Наҳотки, озгина хамиртуруш бутун хамирни ачитишини билмасангизлар?
7. Сизлар аслида хамиртурушсиз бўлишингиз керак. Шундай қилиб, эски хамиртурушни супуриб ташланг, янги хамир бўлинглар! Масиҳнинг Ўзи бизнинг Фисиҳ қурбонлигимиз бўлиб, жонини фидо қилган.
8. Шунинг учун биз эски ёмонлик ва бузуқлик хамиртуруши билан эмас, балки софлик ва самимийлик бўлган хамиртурушсиз нон билан байрам қилайлик.
9. Мактубимда сизларга зинокорлар билан алоқа қилмасликни ёзган эдим.
10. Шубҳасизки, умуман бу дунёнинг зинокорлари ёки тамагирлари, товламачилари, бутпарастлари ҳақида демоқчи эмасдим, акс ҳолда сизлар бу дунёдан айрилишга мажбур бўлар эдингизлар!
11. Мен сизларга ўзини биродарингиз деб, зинокор, тамагир, бутпараст, ҳақорат қилувчи, майхўр ёки талончи бўлган киши билан алоқа қилмасликни, ҳатто бундай одам билан бирга овқат емасликни ёзган эдим.
12. Қолаверса, имонлилар жамоатидан ташқаридагиларни ҳукм этишга менинг нима ҳақим бор?
13. Уларни Худо ҳукм қилади. Сизлар жамоатдагиларни ҳукм қилсангиз, бас. Тавротда ёзилганидек: «Фосиқ одамни ўз орангиздан чиқариб ташланглар».
1. Сизлардан бирингизнинг бошқа бировга даъвоси бўлса, қандай қилиб азизлар ҳузурида эмас, инсофсизлар ҳузурида суд бўлишга жасорат этасизлар?
2. Азизлар дунёни ҳукм этишларини наҳот сизлар билмасангиз? Модомики сизлар дунёни ҳукм қилар экансиз, наҳотки деярли аҳамиятсиз ишларни ҳам муҳокама қилишга лаёқатли бўлмасангиз?
3. Биз фаришталарни ҳукм этишимизни билмайсизларми? Шундай экан, тирикчилик ишлари қаерда қолди?
4. Сизлар эса тирикчилик масалалари ҳақида даъволашиб, имонлилар жамоатидаги обрў-эътиборсиз кишиларни ўз ҳакамларингиз қилиб қўясизлар.
5. Сизлар уялинг, деб шуларни айтяпман. Наҳотки орангизда ўз биродарлари орасида ҳакам бўладиган биронта ҳам доно одам йўқ?
6. Ҳолбуки, биродар биродар билан даъволашмоқда-ю, бу ҳам имонсизлар олдида!
7. Ҳар ҳолда бир-бирингиз билан даъволашишнинг ўзи ҳам сизлар учун тамоман мағлубиятдир. Ҳақсизликка чидаб турганингиз сизлар учун яхшироқ бўлмасмиди? Ҳақ-ҳуқуқингиз топталгани сизлар учун яхшироқ бўлмасмиди?
8. Лекин сизлар, аксинча, ўз биродарингизга ноҳақлик қилиб, уни ҳақ-ҳуқуқдан маҳрум қиляпсизлар.
9. Наҳотки билмасангизлар? Ноҳақлик қилувчилар Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайдилар. Адашманглар, на зинокорлар, на бутпарастлар, на фоҳишабозлар, на баччабозлар, на баччалар,
10. на ўғрилар, на тамагирлар, на ичкиликбозлар, на ҳақорат қилувчилар, на талончилар Худонинг Шоҳлигидан баҳраманд бўлмайдилар.
11. Сизлар баъзиларингиз шундай эдингизлар. Лекин сизлар ювиндингиз, муқаддас бўлдингиз, Раббимиз Исо Масиҳнинг номи ва Худойимизнинг Руҳи билан оқландингиз.
12. Ҳамма нарса менга жоиз экан, лекин ҳамма нарса ҳам фойдали эмас. Ҳамма нарса менга жоиз экан, лекин ҳеч бир нарса менга ҳоким бўлмаслиги керак.
13. Овқат қорин учун, қорин ҳам овқат учун экан, лекин Худо уни ҳам, буни ҳам йўқ қилади. Бадан эса зино учун эмас, балки Раббимиз учундир, Раббимиз эса бадан учундир.
14. Ўз қудрати билан Раббимиз Исони тирилтирган Худо бизни ҳам тирилтиради.
15. Билмайсизларми? Аъзойи баданингиз Масиҳнинг аъзоларидир. Шундай бўлгач, Масиҳнинг аъзоларини олиб, фоҳишанинг аъзолари қилиб қўярмикинман? – Асло!
16. Фоҳиша билан қовушган у билан бир бадан бўлишини билмайсизларми? Мана Тавротда: «Иккови бир бадан бўлади», – деб ёзилган.
17. Раббимиз билан қовушган эса У билан бир руҳ бўлади.
18. Зинодан қочинглар! Инсон қиладиган ҳар қандай гуноҳ бадандан ташқарида бўлади. Зино қилувчи эса ўз шахсий баданига қарши гуноҳ қилади.
19. Наҳот билмасангиз? Сизнинг баданингиз ўзингизда яшаётган Муқаддас Руҳнинг маъбадидир. Уни сизга Худо берган, сизлар ўзларингизга тегишли эмассизлар.
20. Қиммат баҳо билан сотиб олиндингизлар. Шунинг учун баданингиз [ва руҳингиз] билан Худони улуғланглар. [Чунки сизлар Худога тегишлисиз.]
1. Энди сизлар менга ёзган нарсаларга келайлик: Хотинга тегмаслик одам учун яхшидир.
2. Лекин зинога йўл қўймаслик учун, ҳар бир кишининг ўз хотини бўлсин ва ҳар хотиннинг ўз эри бўлсин.
3. Эр ўз хотинига нисбатан ва хотин ўз эрига нисбатан эр-хотинлик вазифасини бажо келтирсин.
4. Хотиннинг бадани устидан хотин эмас, балки эри ҳокимлик қилади. Худди шундай, эрнинг бадани устидан эр эмас, балки хотини ҳокимлик қилади.
5. Бир-бирингиздан бош тортманглар. Фақат ўзаро келишгандан сўнг, [рўза тутиш ва] ибодат қилиш учун вақтинча жудо бўлинглар. Кейин яна қовушинглар, токи ўзингизни тия олмаганингиздан фойдаланиб, шайтон сизларни васвасага солмасин.
6. Мен буни буйруқ тариқасида эмас, ижозат тариқасида айтяпман.
7. Бутун инсонлар мен каби бўлишларини истар эдим. Лекин ҳар бир кишининг Худодан олган ўз қобилияти бор, бириники бу бўлса, бошқаники удир.
8. Уйланмаганларга ва бева хотинларга айтаман: мен каби қолсалар, улар учун яхшидир.
9. Лекин ўзини тута олмасалар, уйлансинлар. Чунки шаҳвоний ишқ билан ёнишдан кўра, уйланиш яхшироқдир.
10. Уйланганларга мен эмас, балки Раббимиз буюради: хотин эридан ажралмасин.
11. Агар ажралса, эрсиз қолсин ёки ўз эри билан ярашсин. Эр ҳам ўз хотинини қўйиб юбормасин.
12. Бошқаларга эса Раббимиз эмас, балки мен айтяпман: агар бир имонли эрнинг хотини имонсиз бўлса-ю, эри билан яшашга рози бўлса, эр хотинини қўйиб юбормасин.
13. Шунингдек, бирон хотиннинг эри имонсиз бўлса ва у хотини билан яшашга рози бўлса, хотин эридан ажрамасин.
14. Чунки имонсиз эр имонли хотини орқали муқаддас бўлади ва имонсиз хотин ҳам имонли эри орқали муқаддас бўлади. Акс ҳолда болаларингиз ҳаром бўлур эдилар, энди эса муқаддасдирлар.
15. Агар имонсиз эр ёки хотин айрилмоқчи бўлса, айрилсин. У ҳолда имонли эр ёки хотин боши боғлиқ эмас. Раббимиз бизни тинчликка чорлаган.
16. Эй хотин, эрингни қутқара олишингни қаердан биласан? Ёки эй эркак, хотинингни қутқара олишингни қаердан биласан?
17. Хуллас, ҳар бир кишига Раббимиз қандай тақдир ато этган бўлса, Худо уни қандай ҳолатда даъват этган бўлса, шундай турмуш кечирсин. Мен бутун Масиҳ жамоатларига шундай буюраман.
18. Биров суннатли бўлганда даъват этилдими? Суннатини бекитмасин. Биров суннатсиз бўлганда даъват этилдими? Суннат бўлмасин.
19. Суннатлилик ҳам, суннатсизлик ҳам ҳеч нарса эмас, ҳамма гап Худо буйруқларини адо этишдадир.
20. Ҳар ким қандай ҳолатда даъват этилган бўлса, ўша ҳолатда қолсин.
21. Агар қул бўлганингда даъват этилган бўлсанг, ташвишланма. Аммо озод бўлишга имкон бор бўлса, фурсатни ғанимат бил.
22. Раббимиз кимни қул сифатида даъват этган бўлса, у Раббимизнинг озод бандасидир. Шунингдек, Масиҳ кимни озод киши сифатида даъват этган бўлса, у Масиҳнинг қулидир.
23. Сизлар қиммат баҳо билан сотиб олиндингизлар, тағин инсоннинг қули бўлманглар.
24. Биродарлар, ким қандай ҳолда даъват этилган бўлса, Худо олдида ўша ҳолда қолсин.
25. Эрсизлар ҳақида Раббимдан амр олганим йўқ. Лекин мен Раббимдан олган марҳаматга биноан, ишончли киши сифатида маслаҳат бераман.
26. Ҳозирги сиқиқ вазият сабабли инсонга аввалги ҳолатидек қолиш яхшидир, деб ўйлайман.
27. Хотинингга никоҳланганмисан? Қўйиб юборишни излама. Бўйдоқ қолдингми? Хотин излама.
28. Лекин уйлансанг ҳам, гуноҳкор бўлмайсан. Шунингдек, қиз эрга тегса, гуноҳкор бўлмайди. Фақат бундай одамларнинг боши қайғуда бўлади ва мен бундан сизларни асрамоқчиман.
29. Эй биродарлар, мен сизларга яна шуни айтмоқчиманки, вақт энди қисқа. Бундан кейин хотинли эркаклар хотини йўқдай бўлсинлар.
30. Йиғлаётганлар йиғламагандай, севинаётганлар севинмагандай, сотиб олаётганлар харид қилмагандай,
31. бу дунёдан истифода қилаётганлар эса истифода қилмагандай яшасинлар. Мана, бу дунёнинг қиёфаси сўлиб боряпти-ку!
32. Мен сизларнинг ташвишсиз бўлишингизни истайман. Уйланмаган одам Раббимни қандай рози қиламан, деб Унинг ишлари ҳақида қайғуради.
33. Уйланган одам эса хотинимни қандай рози қиламан, деб дунёвий ишлар ҳақида қайғуради. Эрли хотин билан эрсиз қиз орасида ҳам фарқ бор.
34. Эрга тегмаган қиз Раббимни қандай рози қиламан, деб Унинг ишлари ҳақида қайғуради, шу тариқа у жисман ва руҳан муқаддас бўлади. Лекин эрли хотин эримни қандай рози қиламан, деб дунёвий ишлар ҳақида қайғуради.
35. Мен буларни сизларга банд солиш учун айтаётганим йўқ. Аксинча, адаб билан яшаб, фикрингизни чалғитмасдан, сидқидилдан Раббингизга берилинглар, деб сизларнинг манфаатингизни ўйлаб гапирдим.
36. Агар бирон киши ўз бокирасининг иффатини сақлашни адабсизлик деб ҳисобласа ва қизнинг ёши ўтаётган бўлса, у хоҳлаганидек қилсин, гуноҳкор бўлмайди. Майли, бундайлар турмушга чиқсин.
37. Лекин ким ўз фикрида оғишмай қаттиқ турса ва эҳтиёж юзасидан қисилмай, ўз иродасига ҳоким бўлиб, бокирасининг иффатини сақлашга қарор қилган бўлса, у одам яхши иш қилган бўлади.
38. Бинобарин, ким ўз бокирасини эрга берса, яхши иш қилган бўлади. Эрга бермаган эса яна ҳам яхшироқ иш қилган бўлади.
39. Хотин ҳали эри тириклигида қонун бўйича боши боғлиқдир. Агар эри ўлса, у истаган кишига турмушга чиқиши мумкин, фақат у киши Раббимизга тегишли бўлсин.
40. Аммо хотин туллигича қолса, у яна ҳам бахтли бўлади. Бу менинг фикрим ва ўйлайманки, менда ҳам Худонинг Руҳи бор.
1. Бутга қурбон қилинган гўшт масаласига келсак, биз ҳаммамиз билимга эгамиз, дейиш мумкин. Лекин билим кишини шишинтиради, севги бўлса, яшнатади.
2. Агар бир киши билимлиман деб ўйласа, у ҳали зарур бўлган билимга эришмаган.
3. Кимки Худони севса, у Худо томонидан таниб-билинган.
4. Энди бутга қурбон қилинган гўштни ейишга келсак, биз шуни биламизки, бут дунёда ҳеч нарса эмас, биргина Худодан бошқа худо йўқ.
5. Гарчи еру кўкда худо деб аталган мавжудотлар бор бўлса-да (ҳақиқатан ҳам кўп «худолар» ва «раблар» бор),
6. лекин биз учун биргина Отамиз Худо бор. Ҳамма нарса Ундандир, биз У учун яшаймиз. Шунингдек, биргина Раббимиз Исо Масиҳ бор. Ҳамма нарса У орқали вужудга келган, биз ҳам У орқали яшаймиз.
7. Лекин бу билим барча инсонларда йўқ. Баъзи имонлилар ҳозиргача эски бутпарастлик одати бўйича, бу гўштни бутга бағишланган қурбонлик сифатида ейдилар, улар виждонан сезгир бўлгани учун виждони булғанади.
8. Озиқ-овқатлар умуман бизни Худога яқинлаштира олмайди. Агар емасак ҳам, бир нарса йўқотмаймиз, есак ҳам, бир нарса орттирмаймиз.
9. Фақат эҳтиёт бўлингиз, сизларнинг бу эркинлигингиз заифларнинг васвасага тушишига сабаб бўлмасин.
10. Масалан, виждони сезгир бир киши билимлиман деган сенинг бутхонада еб ўтирганингни кўриб қолса, у бутга бағишланган қурбонлик гўштларини ейишга мойил бўлмайдими?
11. Ана шу заиф биродаринг учун Масиҳ ўлди, сен эса уни ўз билиминг туфайли ҳалокатга йўлиқтирасан.
12. Шундай йўл тутсангизлар, биродарларингизга қарши гуноҳ қилган бўласизлар. Уларнинг сезгир виждонига азоб бериб, Масиҳга қарши ҳам гуноҳ қилган бўласизлар.
13. Хулласи калом, агар еяётган овқатим биродаримнинг васвасага тушишига сабаб бўладиган бўлса, мен уни васвасага солмаслик учун умрбод гўшт емайман.
1. Мен ҳаворий эмасманми? Мен озод эмасманми? Раббимиз Исо Масиҳни кўрмаганманми? Раббим йўлида қилган меҳнатим маҳсули сизлар эмасми?
2. Агар бошқалар учун ҳаворий бўлмасам, унда ҳеч бўлмаса сизлар учун ҳаворийдирман. Ахир, сизлар Раббимнинг умматисизлар, ҳаворийлигимнинг муҳрисизлар.
3. Мени сўроқ қилувчилар олдида ўзимни ана шу билан оқлайман.
4. Наҳотки бизнинг еб-ичишга ҳуқуқимиз бўлмаса?
5. Биз ҳам бошқа ҳаворийлар каби, Раббимиз Исонинг укалари ва Кифа каби имонли бир хотинни ўзимиз билан олиб боришга ҳуқуқимиз йўқми?
6. Наҳотки фақат мен ва Барнабо ишламаслик ҳуқуқидан бенасиб бўлсак?
7. Ким ўз ҳисобидан аскарлик қилади? Ким ток ўтқазиб, унинг мевасини емайди? Ким пода боқиб, поданинг сутини ичмайди?
8. Мен буни фақат одамийлик юзасидан гапиряпманми? Таврот ҳам худди шуни айтади-ку!
9. Мана, Мусонинг Қонунида: «Ғалла янчаётган ҳўкизнинг оғзини тўсма», – деб ёзилган. Ахир, Худо ҳўкизлар ҳақида қайғуряптими?
10. Ёки буни шахсан биз учун айтяптими? Ҳа, булар биз учун ёзилган. Шудгор қилувчи умид билан шудгор қилиши керак, ғалла янчувчи ҳам ўз ҳақини олиш умиди билан ишлаши керак.
11. Биз орангизда Руҳнинг уруғини эккандан кейин сизлардан моддий ҳосилни ўриб олсак, буни кўп кўрасизми?
12. Агар бошқаларнинг сизлардан фойдаланиш ҳақи бор экан, бизнинг ҳақимиз янада кўпроқ бўлиши керак-ку! Лекин биз бу ҳақдан фойдаланмадик, аксинча, Масиҳ Хушхабарига тўсиқ бўлмасин деб, ҳар нарсага чидаб юрибмиз.
13. Билмайсизларми, маъбадда хизмат қилувчи руҳонийлар маъбаддан овқат олиб ейдилар. Қурбонгоҳда хизмат қилувчилар келтириладиган қурбонликлардан улуш оладилар.
14. Шунингдек, Инжилни тарғиб қилувчилар бу юмуш орқали кун кечиришларини Раббимиз Исонинг Ўзи буюрган.
15. Лекин мен бу ҳуқуқларнинг ҳеч биридан фойдаланмадим, менга шундай қилинсин, деб ҳам буларни ёзаётганим йўқ. Бирон киши мени шу ифтихордан маҳрум қилганидан кўра, мен учун ўлиш яхшидир.
16. Агар мен Инжилни тарғиб этаётган бўлсам, бу билан фахрланишга ҳақим йўқ, чунки бу менинг зиммамдаги вазифамдир. Аммо Инжилни тарғиб этмасам, менинг ҳолимга вой!
17. Бу ишни ихтиёрий равишда қилсам, мукофот оламан. Лекин буни ғайриихтиёрий равишда қилаётган бўлсам, демак, мен фақат зиммамдаги вазифани адо этяпман.
18. У ҳолда менга қандай мукофот бор? Мукофотим шундаки, мен Масиҳ Хушхабарини бадалсиз тарғиб қилишни фахрли деб биламан, воизлик ҳақимдан воз кечаман.
19. Мен ҳаммасидан озод бўлсам ҳам, янада кўпроқ одамни эргаштирай деб, ўзимни ҳаммасига қул этдим.
20. Яҳудийларни эргаштирай деб, яҳудийларга яҳудий каби бўлдим. Ўзим Таврот Қонунига қарам бўлмасам-да, қарам бўлганларни эргаштирай деб, улар учун Қонунга қарамдай бўлдим.
21. Мен Худо олдида қонунсиз ҳам эмасман; аксинча, Масиҳнинг Қонунига бўйсунаман. Аммо Илоҳий Қонунни билмаганларни эргаштирай деб, улар учун Қонундан бехабардай бўлдим.
22. Заифларни эргаштирай деб, улар учун заиф бўлдим. Ҳеч бўлмаса баъзиларни қутқарай деб, ҳаммага ҳамма нарса бўлдим.
23. Буларнинг ҳаммасини Инжил учун қиляпман, токи унинг қут-баракасида менинг ҳам ҳиссам бўлсин.
24. Наҳот билмасангизлар, мусобақа майдонида ҳаммаси чопади-ю, аммо фақат бир киши мукофот олади. Сизлар ҳам шундай чопингки, мукофот олинглар!
25. Мусобақада жонбозлик қиладиган ҳар бир одам ҳар нарсадан нафсини тияди. Улар фоний бир тож олиш учун, биз эса боқий тож олиш учун жонбозлик қиламиз.
26. Менга қолса, шундай чопяпманки, чопишим мақсадсиз бўлмайди. Шундай уриняпманки, зарбам ҳавога урилгандай бўлмасин.
27. Баданимни турткилаб, ўзимга қул қилиб оламан, токи бошқаларга насиҳат қилиб туриб, ўзим ярамас бўлиб қолмайин.
1. Биродарлар, сизлар шундан хабарсиз қолишингизни истамайман: ота-боболаримизнинг ҳаммаси нурли булут остида кездилар ва ҳаммаси Қизил денгиздан ўтдилар.
2. Уларнинг ҳаммаси шундай булут остида кезиб ва денгиздан ўтиб, Мусо пайғамбар номидан сувга чўмиб имон келтиргандай бўлдилар.
3. Ҳаммаси баравар руҳий озиқни едилар.
4. Ҳаммаси баравар руҳий ичимликни ичдилар; улар орқаларидан келаётган руҳий қоятошдан сув ичдилар. У қоятош эса Масиҳ эди.
5. Лекин Худо уларнинг кўпларидан рози бўлмади, улар саҳрода ҳалок бўлишди.
6. Уларнинг бошига тушган бу кўргиликлар биз улардай ёмон нафсга берилмаслигимиз учун бизга намуна бўлди.
7. Уларнинг баъзиларига ўхшаб, бутпараст бўлманглар. Улар ҳақида Тавротда шундай ёзилган: «Халқ ейиш ва ичиш учун ўтирди, ўйнашмоққа турди».
8. Зинокорлик ҳам қилмайлик, чунки улардан баъзилари зинокорлик қилдилар ва бир кунда улардан йигирма уч минг киши нобуд бўлди.
9. Масиҳни ҳам синов қилмайлик, чунки улардан баъзилари Худони синадилар ва илонлардан ҳалок бўлдилар.
10. Шикоятбозлик ҳам қилманглар, чунки улардан баъзилари шикоят қилдилар ва Қирувчи уларни уриб нобуд қилди.
11. Улар бошдан кечирган бу ҳодисаларнинг ҳаммаси биз ибрат олишимиз учун содир бўлди, замонанинг охирига етишган бизлар учун насиҳат тариқасида ёзилган.
12. Шунинг учун, ўзининг мустаҳкамлигига ишонган киши йиқилмаслик учун эҳтиёт бўлсин.
13. Бошингизга оддий инсоний васвасадан бошқа васваса келмаган. Худо эса содиқдир, У кучингиздан ортиқ васвасага тушишингизга йўл қўймайди, лекин васваса билан бирга тоқат қилишингиз учун иложини ҳам беради.
14. Бинобарин, эй севикли биродарларим, бутпарастликдан қочинглар!
15. Мен сизларга ақли борлар деб хитоб қиляпман, гапимни ўзларингиз муҳокама қилинглар.
16. Биз қутлуғ косани қутлар эканмиз, Масиҳнинг қонига алоқадор бўлмаймизми? Нонни синдирар эканмиз, Масиҳнинг баданига алоқадор бўлмаймизми?
17. Нон қандай битта бўлса, биз ҳам худди шундай кўплашиб битта баданни ташкил этамиз. Ахир, бурда-бурда бўлса-да, ҳаммамиз битта нонни бўлишамиз.
18. Ҳозирги дунёвий Исроилга қаранглар: Худо шаънига келтириладиган қурбонлик этларини егувчилар қурбонгоҳда иштирок этмайдиларми?
19. Мен нима демоқчиман ўзи? Бут бирон нарса ҳисобланадими? Ёки бутга бағишланган қурбонлик бирор аҳамият касб этадими?
20. Йўқ, аммо мажусийлар қурбонлик бағишлаганда Худога эмас, жинларга бағишлайдилар. Сизлар эса жинлар билан алоқа қилишингизни истамайман.
21. Сизлар ҳам Раббимиз косасидан, ҳам жинлар косасидан ича олмайсизлар; ҳам Раббимиз дастурхонида, ҳам жинлар дастурхонида иштирок қила олмайсизлар.
22. Наҳотки биз Раббимизнинг рашкини қўзғамоқчи бўлсак? Наҳотки биз Ундан кучли бўлсак?
23. Ҳамма нарса менга жоиз экан, лекин ҳамма нарса фойдали эмас. Ҳамма нарса жоиз экан, лекин ҳамма нарса ибратли эмас.
24. Ҳар ким ўзининг эмас, ўзганинг манфаатини кўзласин.
25. Виждонингиз тинч бўлиши учун, бозорда сотиладиган ҳамма нарсани текширмасдан еяверинглар.
26. Чунки «Худовандникидир ер юзи ва ундаги борлиқ жон».
27. Агар имонсизлардан бири сизларни чақирса ва боришга майл қилсангиз, виждонингиз тинч бўлиши учун, олдингизга қўйилган ҳар бир нарсани текширмасдан еяверинглар.
28. Мабодо у киши сизларга: «Бу бутга бағишланган қурбон гўшти», – деб айтса, айтганнинг хотири учун ва виждон учун еманглар. [Зотан ер ва ундаги борлиқ жон Худовандникидир.]
29. Мен виждон деб ўзимнинг эмас, бошқа кишининг виждонини кўзда тутяпман. Нима учун бошқа кишининг виждони туфайли менинг эркинлигимга доғ тушар экан?
30. Агар мен Худога шукрона айтиб овқатда иштирок этсам, нега миннатдорчилигим учун айбдор бўлар эканман?
31. Шундай қилиб, ейсизларми, ичасизларми, нимаики қилсангизлар, ҳамма нарсани Худони улуғлаш учун қилинглар.
32. На яҳудийларни, на юнонларни, на Худонинг жамоатини қоқинтирадиган бирон нарса қилманглар.
33. Мен ҳам ўз манфаатимни эмас, кўпларнинг манфаатини кўзлайман, улар нажот топсин деб, турли йўл билан ҳамманинг кўнглини топмоқчиман.
1. Мен Масиҳга қандай эргашсам, сизлар ҳам менга шундай эргашинглар.
2. Эй биродарлар, сизларни мақтасам арзийди, чунки сизлар мени ҳар доим хотирлайсизлар, топширган ривоятларимга қаттиқ амал қиласизлар.
3. Яна шуни билишингизни хоҳлайманки, ҳар бир эркакнинг бошлиғи Масиҳ, хотиннинг бошлиғи эркак, Масиҳнинг бошлиғи эса Худодир.
4. Бошини ёпиб ибодат қилган ёки башорат қилган ҳар бир эркак ўз бошини шарманда қилади.
5. Яна бошини ёпмай ибодат қилган ёки башорат қилган ҳар бир хотин ўз бошини шарманда қилади. Бундай хотин сочларини қирган хотин билан тенгдир.
6. Агар хотин бошини ёпишни истамаса, унда сочларини ҳам қирқсин. Лекин агар хотинга сочларини қирқиш ёки қириш уят бўлса, бошини ёпсин.
7. Эркак Худонинг сурати ва иззати қилиб яратилгани учун, бошини ёпмоғи шарт эмас. Хотин бўлса – эркакнинг иззатидир.
8. Чунки эркак хотиндан эмас, балки хотин эркакдан бунёд бўлган.
9. Яна эркак хотин учун эмас, балки хотин эркак учун яратилган.
10. Шунинг учун ҳамда фаришталар сабабли, хотиннинг боши устида ҳокимлик аломати бўлиши керак.
11. Ҳар ҳолда, Раббимиз назарида хотин эркакдан мустақил эмас ва эркак ҳам хотиндан мустақил эмас.
12. Хотин эркакдан яратилгани тўғри, лекин эркак хотиндан дунёга келиши ҳам тўғри. Зотан ҳамма нарса Худодандир.
13. Ўзларингиз ўйлаб кўринглар: хотин бошини ёпмай Худога ибодат қилиши адаб юзасиданми?
14. Эркак сочларини ўстирса, бу унга шараф бўлмаслигини табиатнинг ўзи ҳам сизга ўргатади-ку!
15. Лекин хотин сочларини ўстирса, бу у учун шарафдир; чунки соч унга ёпқич ўрнида берилган.
16. Агар бирор киши бу ҳақда баҳслашмоқчи бўлса, билсинки, бизда ҳам, Худонинг бирон жамоатида ҳам бундай одат йўқ.
17. Энди буларни тақдим этиб, сизларни мақтамайман. Мана, сизларнинг йиғилишларингиз фойдали эмас, зарарли бўлиб қолибди-ку!
18. Аввало, имонлилар жамоати йиғилганда орангизда низолар бўлганини эшитяпман ва бунга қисман бўлса ҳам ишонаман.
19. Орангизда нотўғри фикрлар ёйилмаса бўлмайди, ана шундагина тўғри фикр қилувчилар билиниб қолади.
20. Сизлар бир жойда овқатланишга йиғилганингизда, Раббимизнинг кечлигини қутлаётганга ўхшамайсизлар.
21. Ҳар ким бошқаларни кутмай, ўз овқатини еб юборади. Шу туфайли бири оч қолади, бошқаси эса маст бўлади.
22. Наҳотки ейиш ва ичиш учун уйларингиз бўлмаса? Ёки Худонинг жамоатини писанд қилмай, йўқсилларни хижолатда қолдирмоқчимисизлар? Сизларга яна нима айтайин? Сизларни мақтайми? Йўқ, бу хусусда сизларни мақтамайман.
23. Мен сизларга топширган йўл-йўриқни Раббимнинг Ўзидан олганман: Раббимиз Исо хоинона тутиб берилган кечада нонни олди,
24. шукрона айтиб синдирди ва деди: «Олиб енглар, бу сизлар учун синдирилган Менинг танамдир. Буни Мени эслаб туриш учун қилиб туринглар».
25. Шунингдек, кечки овқатдан кейин косани олиб деди: «Бу коса Менинг қоним билан тасдиқланган Янги Аҳддир. Ундан ҳар дафъа ичганингизда, буни Мени эслаб туриш учун қилинглар».
26. Шундай қилиб, сизлар бу нонни ҳар дафъа еганингизда, бу косадан ичганингизда, Раббимиз келгунига қадар Унинг ўлимини эълон этган бўласизлар.
27. Кимда-ким нолойиқ тарзда бу нонни еса ёки Раббимиз косасидан ичса, Раббимизнинг танаси ва қонига қарши гуноҳ қилган бўлади.
28. Шунинг учун инсон ўз-ўзини имтиҳон қилсин, шундан сўнг нондан есин ва косадан ичсин.
29. Кимки нолойиқ тарзда еб-ичса, еб-ичиб ўзини ўзи маҳкум қилади, чунки у Раббимизнинг танасини писанд қилмаган.
30. Ана шу сабабдан сизларнинг кўпингиз заиф ва хастасизлар, ҳатто ўлганлар ҳам оз эмас.
31. Агар ўз-ўзимизни ҳукм этганимизда эди, маҳкум бўлмас эдик.
32. Дунё билан бирга маҳкум бўлмаслигимиз учун, Раббимиз ҳозирдан бизни ҳукм қилиб, адабимизни беряпти.
33. Шундай қилиб, биродарларим, кечликка йиғилганингизда, бир-бирингизни кутиб туринглар.
34. Агар бирор киши оч бўлса, ўз уйида есин; тағин йиғилишларингиз маҳкум бўлишингизга сабаб бўлмасин. Қолган масалаларни олдингизга келганимдан кейин тўғриларман.
1. Эй биродарлар, Муқаддас Руҳнинг инъомлари ҳақида бехабар қолишингизни истамайман.
2. Эсингиздами, сизлар бутпараст бўлган вақтингизда гунг бутларга сажда қилар ва жуда маҳлиё бўлар эдингизлар.
3. Шунинг учун сизларга шуни билдиряпманки, Худонинг Руҳидан илҳом олаётган ҳеч ким Исога лаънат айтмайди, шунингдек, ҳеч ким Муқаддас Руҳ илҳомисиз Исони Раббим деб айта олмайди.
4. Руҳий инъомлар ҳар хилдир, Руҳ эса биттадир.
5. Хизматлар ҳар хилдир, Раббимиз эса биттадир.
6. Руҳий таъсирлар ҳар хилдир, лекин ҳаммада ҳар қандай таъсирни вужудга келтирган ягона Худодир.
7. Муқаддас Руҳ умумий манфаат учун ҳар кимда алоҳида фаолият кўрсатади.
8. Биров Руҳ илҳоми билан ҳикматли каломни айтади, бошқасига ўша Руҳ билимли гапиришни ато этади.
9. Ўша Руҳ бировга имон кучи, бошқасига эса шифокорлик инъомларини бахш этади.
10. Бировга мўъжизакорлик кучлари, бошқасига башоратгўйлик, яна бошқасига руҳларнинг фарқига бориш қобилияти насиб этади. Бирига турли тилларда гапириш, бошқасига бу тилларни таъбир қилиш илҳоми келади.
11. Буларнинг ҳаммаси эса ўша битта Руҳ таъсирида содир бўлади, Руҳ Ўзи хоҳлагани бўйича, бу қобилиятларни ҳар кимга алоҳида тақсимлайди.
12. Бир баданда кўп узв бор. Баданнинг узвлари кўп бўлса-да, улар бир баданни ташкил этади. Масиҳ жамоати ҳам шундайдир.
13. Биз ким бўлишимиздан қатъи назар – яҳудийми, юнонми, қулми, эркинми – ҳаммамиз бир бадан бўлиш учун ўша битта Руҳга чўмганмиз ва ҳаммамиз ўша битта Руҳдан ичганмиз.
14. Бадан бир эмас, кўп узвдан иборат.
15. Агар оёқ: «Мен қўл бўлмаганим учун баданга тегишли эмасман», – деса-да, баданга тегишли бўлмай қоладими?
16. Агар қулоқ: «Мен кўз бўлмаганим учун баданга тегишли эмасман», – деса-да, баданга тегишли бўлмай қоладими?
17. Агар бутун бадан кўз бўлса эди, эшитиш қаерда қолар эди? Агар бутун бадан қулоқ бўлса эди, ҳид билиш қаерда қолар эди?
18. Шундай қилиб, Худо узвларнинг ҳар бирини баданда истаганича қўйди.
19. Агар ҳаммаси биргина узв бўлса эди, бадан қаерда қолар эди?
20. Хулласи калом, узвлар кўп, бадан эса бирдир.
21. Кўз қўлга: «Сен менга керак эмассан», – ёки бош оёқларга: «Сизлар менга керак эмассизлар», – деб айтолмайди.
22. Аксинча, баданнинг заифроқ кўринган узвлари жуда керакли.
23. Баданимизнинг эътиборсизроқ кўринган узвларига айниқса эътибор берамиз. Кўримсиз узвларимизга эса яна кўпроқ зеб берамиз.
24. Лекин хушбичим узвларимизнинг бунга эҳтиёжи йўқ. Худо эса баданни мувофиқлаштириб яратди, етишмаган узвга алоҳида эътибор берди.
25. Шу тариқа баданда бўлиниш бўлмайди, лекин бутун узвлар бир-бирига бир хил ғамхўрлик қиладилар.
26. Агар бир узв азоб чекса, бутун узвлар у билан бирга азоб чекади. Агар бир узв юксалса, бутун узвлар у билан бирга севинадилар.
27. Сизлар эса Масиҳнинг баданисизлар, Унинг айрим-айрим узвларисизлар.
28. Шу тариқа, Худо имонлилар жамоатига, биринчидан, ҳаворийларни, иккинчидан, пайғамбарларни, учинчидан, муаллимларни тайинлаб берди. Кейин баъзиларга мўъжиза кўрсатиш қобилияти, шифокорлик кучлари, ёрдам бериш, бошқариш, турли тилларда гапириш қобилиятларини берди.
29. Ҳаммаси ҳавориймикин? Ҳаммаси пайғамбармикин? Ҳаммаси муаллиммикин? Ҳаммаси мўъжиза кўрсатармикин?
30. Ҳаммасида шифокорлик кучлари бормикин? Ҳаммаси номаълум тилларда гапирармикин? Ҳаммаси бу тилларни таъбир қилармикин?
31. Сизлар яхшиси, аълороқ инъомларга қизиқинглар. Энди мен сизларга энг олий йўлни кўрсатаман.
1. Агар мен инсонларнинг ва фаришталарнинг тилларида гапирсам-у, лекин севгим бўлмаса, жаранглайдиган мис чолғу, янграйдиган занг бўлиб қоламан.
2. Агар башоратгўй бўлсам, агар бутун сирлардан воқиф бўлиб, ҳар қандай илмни билсам, агар тоғларни кўчирадиган имонга эга бўлсам-у, лекин севгим бўлмаса, мен ҳеч нарса эмасман.
3. Агар бутун ер-мулкимни тақсимлаб берсам, ҳатто баданимни ёндиришга топширсам-у, лекин севгим бўлмаса, менга ҳеч фойдаси йўқ.
4. Севги сабрли ва кўнгилчандир. Севги ҳасад қилмас, кеккаймас, шишинмас.
5. Севги бебошлик қилмас, худбинлик қилмас, аччиқланмас, кек сақламас.
6. Севги ноҳақликка севинмас, аксинча, ҳақиқат ила шод бўлур.
7. Севги ҳар нарсани кўтарар, ҳар йўлда ишонч ҳосил қилар, ҳар шароитда умид сақлар, ҳар нарсага тоқат қилар.
8. Севги асло адо бўлмас. Пайғамбарлар башорати бўлса, тамом бўлғуси. Тиллар бўлса, жим бўлғуси. Билим бўлса, бартараф бўлғуси.
9. Бизнинг билимимиз ҳали тўлиқсиз, башорат қилишимиз тўлиқсиздир.
10. Камолот келганда эса, тўлиқсиз нарса бартараф бўлажак.
11. Мен бола бўлганимда, бола каби гапирар, бола каби фикр қилар, бола каби муҳокама қилар эдим. Вояга етгач, болаликни қолдирдим.
12. Шу сингари, биз ҳозир гўё хира ойнага қарагандек кўряпмиз, лекин у вақтда юзма-юз кўражакмиз. Ҳозир мен қисман биляпман, лекин у вақтда ўзим билинганим каби билажакман.
13. Эндиликда бу уч нарса қолади: ишонч, умид, севги. Севги эса энг аълосидир.
1. Севгининг пайидан бўлинглар, шунингдек, Руҳнинг инъомларини олиш, айниқса башорат қилиш учун ғайрат қилинглар.
2. Ким номаълум тилда гапирса, инсонларга эмас, Худога гапиради; чунки уни ҳеч ким тушунмайди. У Худо Руҳидан илҳомланиб, сирларни гапиради.
3. Башорат қилувчи бўлса, одамларга ўгит-насиҳат бериб, тингловчиларни руҳан озуқалантиради.
4. Номаълум тилда гапирувчи ўзини ўзи яшнатади, башорат қилувчи эса имонлилар жамоатини яшнатади.
5. Энди сиз ҳаммангиз номаълум тилларда гапиришингизни истайману, лекин башорат қилишингизни янада кўпроқ истайман. Номаълум тиллар имонлилар жамоатининг манфаати учун таъбир этилмаса, башорат қилувчи номаълум тилда гапирувчидан афзалроқдир.
6. Хўш, биродарлар, мен сизларнинг олдингизга келиб, номаълум тилларда гапира бошласаму, бироқ айтганларимнинг маъносини ваҳий, билимли калом, башорат ёки таълимот билан талқин қилмасам, сизларга қандай фойда келтираман?
7. Ҳатто жонсиз чолғу асбоблари ҳам, масалан, най ёки чанг, фарқли овозлар чиқармаса, най биланми ёки чанг биланми чалаётганини киши қандай билади?
8. Агар карнай ноаниқ овоз чиқарса, жанг учун ким тайёрлана бошлайди?
9. Шунга ўхшаб, агар сизларнинг гапингиз мужмал бўлса, сизни тингловчилар нима гапирганингизни қандай билиб оладилар? Сизлар ҳавога гапиргандай бўласизлар.
10. Дунёдаги тиллар кўп ва хилма-хилдир, улардан бирортаси ҳам маъносиз эмас.
11. Бироқ агар мен бирор тилнинг маъносини тушунмасам, мен у тилни гапираётган учун ажнабийдек туюламан, гапираётган ҳам мен учун ажнабийдир.
12. Модомики сизлар Руҳнинг инъомларига қизиқар экансизлар, имонлилар жамоатини янада яшнатадиган инъомларга интилинглар.
13. Шунинг учун номаълум тилда гапирувчи киши таъбир қилиш инъомини олиш учун ҳам ибодат қилсин.
14. Агар мен номаълум тилда ибодат қилсам, руҳим ибодат қилади, онгим эса самарасиз қолади.
15. Хўп, бундан қандай хулоса чиқараман? Руҳ билан ибодат қилсам, онг билан ҳам ибодат қилишим керак. Руҳ билан қўшиқ айтсам, онг билан ҳам қўшиқ айтишим керак.
16. Акс ҳолда, агар сен руҳий тилда ҳамд-санолар айтсанг, у ерда турган авом халқ сенинг шукрона дуонгга қандай қилиб «омин» дейди? У сенинг нима айтаётганингни тушунмайди-ку!
17. Сен яхши шукур айтсанг ҳам, ўзга киши ибрат ололмайди.
18. Худойимга шукурки, мен ҳаммангиздан кўпроқ номаълум тилларда гапираман.
19. Имонлилар жамоатида эса номаълум тилда сон-саноқсиз сўзлар гапиргандан кўра, бошқаларга насиҳат қилиш учун оқилона беш сўз айтишни афзал биламан.
20. Биродарлар, ўй-фикрда болалардек бўлманглар. Аксинча, ёмонликка нисбатан чақалоқ бўлиб, фикрлашда эса баркамол бўлинглар.
21. Тавротда шундай ёзилган: «Мен ўзга тилларда, ёт оғизлар-ла Шу халққа сўзлайвераман, Аммо у вақт ҳам Мени тингламаслар, – дейди Худованд».
22. Демак, номаълум тиллар имонлилар учун эмас, балки имонсизлар учун аломатдир. Пайғамбар башорати эса имонсизлар учун эмас, имонлилар учун аломатдир.
23. Агар бутун имонлилар жамоати бир ерда тўпланиб, ҳамма номаълум тилларда гапира бошласа ва авом халқдан ёки имонсизлардан кимдир у ерга кирса, «Сизлар тентаклик қиляпсизлар», – деб айтмайдими?
24. Лекин агар ҳамма башорат қилаётган бўлса-ю, имонсиз ёки авом халқдан бўлган бир киши кирса, у ҳамма томонидан фош бўлади, ҳамма ҳам уни муҳокама қилади.
25. Шу тариқа унинг дил сирлари ошкор бўлади. У мук тушиб: «Чиндан Худо сизлар билан экан», – деб Худога сажда қилади.
26. Энди биродарлар, бундан нима хулоса чиқарамиз? Бир ерда тўпланганингизда, сизлардан ҳар бирингизда бирор сано бор, бирор таълим бор, бирор тил бор, бирор ваҳий бор, бирор таъбир бор. Буларнинг ҳаммаси имонлилар жамоати яшнаб-гуллаши учун қилинсин.
27. Агар ким номаълум тилда гапирмоқчи бўлса, икки ёки энг кўпи билан уч одам навбат билан гапирсин ва бир киши эса таъбир қилсин.
28. Агарда таъбир қилувчи бўлмаса, номаълум тилда гапирувчи киши имонлилар жамоатида жим турсин, ўзига ва Худога гапирсин.
29. Шунингдек, икки ёки уч пайғамбар гапирсин, қолганлар эса айтилганларни муҳокама қилсинлар.
30. Агар шу вақт ўтирганлардан бирига ваҳий келса, биринчи гапирган жим бўлсин.
31. Ҳар бирингиз бирин-кетин башорат қила оласизлар, токи ҳамма таълим олиб, барча дадиллансин.
32. Пайғамбарларнинг руҳлари пайғамбарларга бўйсунади.
33. Чунки Худо тартибсизлик Худоси эмас, тинчлик Худосидир. Худонинг барча азиз жамоатларида бўлгани каби,
34. сизнинг жамоатларингизда ҳам хотинлар сукут сақласин. Аёлларга сўзга чиқиш учун рухсат берилмаган, лекин Тавротда ҳам айтилишича, итоат этсинлар.
35. Агар бирор нарса ўрганишни истасалар, уйда ўз эрларидан бу ҳақда сўрасинлар. Имонлилар жамоатида хотинга сўзга чиқиш адабсизликдир.
36. Наҳотки Худонинг каломи сиздан чиққан бўлса? Наҳотки у ёлғиз сизларга етиб борган бўлса?
37. Агар бирор киши ўзини пайғамбар ёки Руҳ амрида деб ҳисобласа, у шуни англасинки, сизларга ёзганларим Раббимиз амридир.
38. Лекин ким буни англамас экан, англамай қўяқолсин.
39. Хуллас, эй биродарлар, башорат қилишга ғайрат билан интилинглар, номаълум тилларда гапиришга эса тўсқинлик қилманглар.
40. Фақат ҳар нарса адаб ва тартиб билан содир бўлсин.
1. Биродарлар, мен сизларга эслатмоқчиман: ўзим Инжил Хушхабарини сизларга етказган эдим, сизлар эса уни тан олиб, унга қаттиқ умид боғладингизлар.
2. Агар менинг каломимга қаттиқ риоя қилсангизлар, бу калом орқали нажот топасизлар. Акс ҳолда эътиқодингизнинг асоси йўқ.
3. Мен Худодан қабул қилганимни дастлаб сизларга топширган эдим, яъни Муқаддас Битикларга мувофиқ, Масиҳ гуноҳларимиз учун ўлди,
4. яна Муқаддас Битикларга мувофиқ, У кўмилди ва учинчи куни тирилди.
5. Аввал У Кифага, сўнгра ўн икки шогирдига кўринди.
6. Ундан кейин бир вақтнинг ўзида беш юздан кўпроқ биродарга кўринди. Улардан аксарияти ҳозирга қадар тирик, баъзилари эса дунёдан кўз юмиб кетганлар.
7. Ундан сўнг Масиҳ Ёқубга ва қолган бутун ҳаворийларга кўринди.
8. Ҳаммадан кейин эса чала туғилган болага ўхшайдиган менга ҳам кўринди.
9. Мен ҳаворийларнинг энг арзимайдиганиман, ҳаворий деб аталишга ҳам лойиқ эмасман. Чунки мен Худонинг жамоатини таъқиб этар эдим.
10. Энди эса нимаики бўлган бўлсам, Худонинг инояти билан бўлдим; Унинг менга кўрсатган инояти пучга чиқмади, зеро мен ҳаворийларнинг ҳаммасидан кўпроқ меҳнат қилдим. Аслида меҳнат қилган ўзим эмас, балки менга ёр бўлган Худо иноятидир.
11. Қандай бўлмасин, хоҳ мен воизлик қилсам, хоҳ улар – ваъзимиз бир хил ва сизларнинг имонингиз ҳам бир хилдир.
12. Демак, Масиҳ ўликлар ичидан тирилди, деб оламга очиқ эълон қилинмоқда. У ҳолда қандай қилиб баъзиларингиз: ўликлар тирилмайди, деб айтяпсизлар?
13. Агар ўликлар тирилмас экан, унда Масиҳ ҳам тирилмаган демакдир.
14. Агар Масиҳ тирилмаган бўлса, у ҳолда бизнинг хабаримиз ҳам, сизнинг имонингиз ҳам беҳудадир.
15. Бундай ҳолда Худонинг ёлғон шоҳидлари ҳам бўлар эдик; чунки биз «Худо Масиҳни тирилтирди», деб шаҳодат бериб юрибмиз. Агар ҳақиқатан ўликлар тирилмас экан, унда Худо Масиҳни ҳам тирилтирган эмас.
16. Ҳа, агар ўликлар тирилмас экан, унда Масиҳ ҳам тирилмаган демакдир.
17. Агар Масиҳ тирилмаган бўлса, сизларнинг имонингиз бефойда, сизлар ҳали ҳам гуноҳга ботгансизлар.
18. У ҳолда Масиҳга умид боғлаб кўз юмганлар ҳам абадий ҳалокатга учрайдилар.
19. Агар биз ёлғиз бу ҳаёт учун Масиҳга умид боғлаган бўлсак, биз энг бахтсиз инсонлар эканмиз.
20. Ваҳоланки, Масиҳ чинакамига тирилди! У биринчи бўлиб тирилди, қолган марҳумларга намуна бўлди.
21. Ўлим бир инсон орқали дунёга кирди. Шунга ўхшаб, ўликларнинг тирилиши ҳам бир Инсон орқали содир бўлади.
22. Одам Атонинг фарзанди бўлган барча ўладилар. Худди шундай: Масиҳнинг фарзанди бўлган барча тириладилар.
23. Ҳар ким ўз навбати билан тирилади: биринчиси, тирилганларнинг илғори – Масиҳ, кейин Унинг оламга қайтишида Масиҳ уммати бўлганлар тирилади.
24. Бундан сўнггина, яъни Масиҳ ҳар қандай бошқарма, ҳокимият ва қудратни тугатиб, салтанатни Ота – Худога топширгандан кейингина охират бўлади.
25. Худо бутун душманларни Масиҳнинг оёғига йиқитмагунига қадар, Масиҳ ҳокимлик қилиши керак.
26. Шунда охирги душман – ўлим ҳам барҳам топади.
27. Ҳа, Худованд борлиқни Масиҳнинг оёқлари остига ташлаб, Унга тобе қилди. Гарчи Забурда «Борлиқ Унга тобе бўлди», – дейилса-да, бундан борлиқни Унга тобе қилган Худо истиснодир.
28. Ҳамма нарса Унга тобе бўлгандан кейингина Ўғил ҳам Ўзига ҳамма нарсани тобе қилдирган Отага тобе бўлади, токи Худо ҳамманинг ҳаммаси бўлсин.
29. Агар тирилиш бўлмаса, ўликлар номидан сувга чўмиб имон келтирганлар бундан қандай фойда кутадилар? Агар ўликлар мутлақо тирилмайдиган бўлса, у ҳолда бу кишилар нега марҳумлар номидан сувга чўмар эканлар?
30. Нима учун бизлар ҳар соатда хавф-хатарлар билан рўбарўмиз?
31. Эй биродарларим, мен сизлар туфайли Раббимиз Исо Масиҳдан топган ифтихорим билан айтаманки, мен ҳар кун ўляпман!
32. Мен Эфес шаҳрида ваҳший ҳайвонлар билан курашдим. Агар буни фақат инсоний умид учун қилганимда эди, менга қандай наф бўларди? Агар ўликлар тирилмас экан, майли, «келинг, еб-ичайлик, чунки эртага ўламиз!»
33. Лекин адашманглар: «Ёмон одамлар тўдаси яхши ахлоқни бузар экан».
34. Энди лозим бўлганидай ўзингизга келинглар, гуноҳ қилманглар! Сизлар номус қиласиз, деб айтяпманки, сизлардан баъзи кишилар Худони билмайдилар.
35. Эҳтимол, бирор киши шундай айтади: ўликлар қандай қилиб тирилар экан? Қандай жисм билан пайдо бўлар экан?
36. Эй нодон! Сенинг эккан уруғинг агар ўлмаса, тирилмайди-ку.
37. Экин экканингда бўлажак жисмни эмас, балки буғдой ёки бошқа бирор экиннинг қуп-қуруқ уруғини экасан.
38. Худо эса уруққа Ўзи истаганича жисм бағишлайди, ҳар бир уруғдан алоҳида жисмни ҳосил қилади.
39. Ҳар қандай эт ҳам бир хил эмас; лекин инсонларнинг эти бошқа, ҳайвонларнинг эти бошқа, қушларнинг эти бошқа, балиқларнинг эти бошқа.
40. Самовий ва дунёвий жисмлар ҳам бор. Лекин самовий жисмларнинг кўрки бошқа, дунёвийларники бошқа.
41. Қуёшнинг кўрки бошқа, ойнинг кўрки бошқа ҳамда юлдузларнинг кўрки бошқа. Кўркига қараб юлдуз юлдуздан фарқ қилади.
42. Ўликларнинг тирилиши ҳам бунга ўхшайди: тана ўткинчи бўлиб экилади-ю, ўлмайдиган бўлиб тирилади.
43. Тушкунликда экилади-ю, улуғворлик билан тирилади; заифликда экилади-ю, қудрат билан тирилади.
44. Моддий бадан экилади, руҳий бадан тирилади. Моддий жисмлар бор бўлганидек, руҳий жисмлар ҳам бор.
45. Тавротда ёзилишича: «Биринчи одам – Одам Ато тирик жон бўлди». Охирги Одам эса ҳаётбахш Руҳ бўлди.
46. Кўрамизки, биринчи навбатда руҳий эмас, моддий бадан келади. Руҳий бадан кейинроқ келади.
47. Биринчи одам ердан, яъни тупроқдан пайдо бўлган. Иккинчи Одам [Раббимиз Исо] эса осмондан тушган.
48. Тупроқдан яралган илк одам қандай бўлса, бошқа одамлар ҳам шундайдир. Самовий Одам қандай бўлса, самовийлар ҳам шундайдир.
49. Биз тупроқдан яралган одамга қандай ўхшасак, самовий Одамга ҳам шундай ўхшаб кетамиз.
50. Эй биродарлар, сизларга шуни айтяпманки, фоний махлуққа Худонинг Шоҳлигидан мерос насиб этмайди. Ўткинчи махлуқ ўлмасликдан улуш ололмайди.
51. Мана, мен сизларга бир сир айтяпман: ҳаммамиз ўлмаймиз-у, аммо ҳаммамиз ўзгариб кетамиз.
52. Тўсатдан, кўз очиб юмгунча, охирзамон карнайи чалинганда ўзгариб кетамиз. Ҳа, карнай чалинади ва шу онда марҳумлар яна ҳеч ўлмайдиган бўлиб тириладилар. Шунда биз, ҳаёт бўлганлар ҳам ўзгариб кетамиз.
53. Бу ўткинчи баданимиз чиримайдиган, бу ўладиган вужудимиз ўлмайдиган вужудга бурканиши керак.
54. Бу ўткинчи бадан чиримайдиган, бу ўладиган вужудимиз ўлмайдиган бўлиб қолган пайтда, қуйидаги Таврот оятлари амалга ошади: «Ўлим ғалаба билан ютилди.
55. Эй ўлим, сенинг нишинг қаерда? Эй дўзах, сенинг зафаринг қаерда?»
56. Ўлимнинг ниши гуноҳдир. Гуноҳнинг қуввати эса Илоҳий Қонун орқали намоён бўлади.
57. Лекин Худога шукр! У Раббимиз Исо Масиҳ орқали бизга ғалаба бахш этган.
58. Шунинг учун, эй севимли биродарларим, қаттиқ ва маҳкам туринглар. Ҳамиша Раббимиз хизматида бўлиб, янада ғайратли бўлинглар. Шуни билингларки, Раббимиз йўлида қилган меҳнатингиз фойдасиз бўлмайди.
1. Энди азизлар учун иона тўплашга келсак, сизлар худди Галатиядаги Масиҳ жамоатларига тайинлаганимга амал қилинглар.
2. Ҳафтанинг биринчи кунида ҳар бир одам ўз қўлидан келганича бир миқдор пулни олиб қўйсин, токи олдингизга келганимда, пул йиғишга ҳожат қолмасин.
3. Мен олдингизга келгач, сизлар муносиб кўрган кишиларга мактублар бериб, эҳсонларингизни Қуддусдаги имонлиларга топшириш учун юбораман.
4. Агар менинг ҳам боришим зарур бўлса, улар билан бораман.
5. Мен Македониядан ўтганимдан кейин, сизнинг олдингизга бораман; чунки Македония орқали ўтиб бораман.
6. Балки ёнингизда бир оз қоларман ёки ҳатто қишни ўтказарман, сўнг сизлар мени кетадиган жойимга кузатарсизлар.
7. Чунки бу дафъа сизлар билан йўл-йўлакай кўришиб кетишни истамайман. Худо хоҳласа, ёнингизда бир қанча вақт қолиш умидидаман.
8. Лекин Ҳосил байрамига қадар Эфес шаҳрида қоламан.
9. Чунки у ерда таъсирчан фаолият кўрсатишим учун менга кенг эшик очилди. Аммо менга қарши чиққанлар ҳам кўп.
10. Агар Тимўтий олдингизга келса, у орангизда хотиржам бўлиб юриши учун эътибор беринглар. Чунки у менга ўхшаш Раббимиз хизмати билан машғул.
11. Ҳеч ким уни эътиборсиз қолдирмасин. У менинг олдимга ҳам келсин, уни эсон-омон кузатиб юборинглар, уни мен биродарлар билан кутиб турибман.
12. Биродаримиз Аполлосдан ўз дўстлари билан бирга сизларнинг олдингизга бориш учун кўп илтимос қилдим, бироқ ҳозир боришга ҳеч кўнгли йўқ. Қулай шароит бўлгач, у боради.
13. Ҳушёр бўлинглар, имонда собит туринглар, жасоратли ва кучли бўлинглар.
14. Ҳамма ишларингизни меҳр-муҳаббат билан бажо келтиринглар.
15. Биродарлар, Стефаннинг хонадонини биласизлар: Ахаяда биринчи имон келтирганлар улар бўлиб, азизларга хизмат учун ўзларини топширдилар. Энди сизлардан илтимос қиламан:
16. Бундайларга ва улар билан сафдошу меҳнатдош бўлган ҳар бир кишига эҳтиром қилинглар.
17. Мен Стефан, Фортунат ва Ахаикнинг келганига хурсанд бўлдим, сизларнинг йўқлигингизни улар тўлдирди.
18. Улар менинг ҳамда сизларнинг руҳингизни тинчитдилар. Бундайларни тақдирланглар.
19. Асия вилоятидаги Масиҳ жамоатлари сизларга салом йўллаяптилар. Акил билан Прискилла ва уларнинг уйида йиғиладиган жамоат сизларга Раббимиздан кўп саломатлик тилайдилар.
20. Бутун биродарлар сизларга салом йўллаяптилар. Муқаддас ўпич билан саломлашинглар.
21. Мен, Павлус, сизларга дуойи салом ёзяпман, бу менинг қўлим.
22. Кимки Раббимиз Исо Масиҳни севмаса, мардуди даврон бўлсин! Маранафа!
23. Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларга ёр бўлсин.
24. Мен Исо Масиҳнинг севгиси ила ҳаммангизни севаман. Омин.

Инжил



Muqaddas Kitob. Tavrot, Zabur, Injil
Tavrot | Zabur | Injil (+audio)
Muqaddas Kitob  Muqaddas Kitob APP
Yuklab olish - Muqaddas Kitob O'zbek tilida Injil (latin 27mb .pdf)
Скачать - Муқаддас Китоб (Инжил) (кирилл 26mb .PDF)

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz


Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Matto Muqaddas xushxabar  Mark Muqaddas xushxabar  Luqo Muqaddas xushxabar  Yuhanno Muqaddas xushxabar  Havoriylarning faoliyati  Yoqubning maktubi  Butrusning birinchi maktubi  Butrusning ikkinchi maktubi  Yuhannoning birinchi maktubi  Yuhannoning ikkinchi maktubi  Yuhannoning uchinchi maktubi  Yahudoning maktubi  Rimliklarga maktub  Korinfliklarga birinchi maktub  Korinfliklarga ikkinchi maktub  Galatiyaliklarga maktub  Efesliklarga maktub  Filippiliklarga maktub  Kolosaliklarga maktub  1-Salonikaliklarga  2-Salonikaliklarga  Timo'tiyga birinchi maktub  Timo'tiyga ikkinchi maktub  Titusga maktub  Filimo'nga maktub  Ibroniylarga maktub  Yuhannoga ko'rsatilgan vahiy


Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18


Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida  Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida  Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак