Инжил

Ибтидо

1. Азалда Худо осмон билан ерни яратди.
2. Ер ҳали шаклсиз ва бўм-бўш бўлиб, тубсизлик узра қоронғилик ҳукм сурар эди. Худонинг Руҳи эса сув юзида парвоз этар эди.
3. Худо: «Ёруғлик бўлсин», – деди ва ёруғлик пайдо бўлди.
4. Худо ёруғликнинг яхши эканини кўриб, уни қоронғиликдан ажратди.
5. Шундай қилиб, Худо ёруғликни кундуз, қоронғиликни эса тун деб атади. Кеч бўлди, эрта бўлди – бу биринчи кун эди
6. Яна Худо: «Сувликлар ўртасида уларни бир-биридан ажратиб турадиган гумбаз пайдо бўлсин», – деди.
7. Шундай ҳам бўлди. Худо бир гумбазни вужудга келтириб, гумбаз остидаги сувни гумбаз устидаги сувдан ажратди.
8. Шундай ҳам бўлди. Худо бир гумбазни вужудга келтириб, гумбаз остидаги сувни гумбаз устидаги сувдан ажратди.
9. Яна Худо: «Осмон остидаги сув бир жойга тўплансин, қуруқлик кўринсин», – деди ва шундай ҳам бўлди.
10. Худо қуруқликни ер деб атади, сувларнинг жамини эса денгизлар деб атади. Буларнинг ҳам Худо яхши эканини кўрди.
11. Яна Худо: «Ер ўсимлик кўкартирсин: уруғ берадиган ўт-ўланлар, мевасида уруғи бор турли-туман мевали дарахтлар ер юзида униб- ўссин», – деди ва шундай ҳам бўлди.
12. Ер турига кўра ўсимликларни: уруғ берадиган ўт- ўланлар ҳамда мевасида уруғи бор мевали дарахтларни ундирди. Худо буларнинг ҳам яхши эканини кўрди.
13. Кеч бўлди, эрта бўлди – бу учинчи кун эди.
14. Яна Худо: «Кунни тундан ажратиш ҳамда фасллар, кунлар, йилларни белгилаш учун осмон гумбазида ёритқичлар пайдо бўлсин.
15. Булар ер юзини ёритмоқ учун осмон гумбазида нур сочиб турсин», – деди ва шундай ҳам бўлди.
16. Шундай қилиб, Худо иккита катта ёритқични: кунни бошқариш учун каттароқ ёритқични ва тунни бошқариш учун кичикроқ ёритқични, шунингдек, юлдузларни ҳам вужудга келтирди.
17. -
18. Ер юзини ёритиб турсин ва тун билан кунни бошқариб, ёруғликни қоронғиликдан ажратиб турсин, деб Худо буларни осмон гумбазида жойлаштирди. Буларнинг ҳам Худо яхши эканини кўрди.
19. Кеч бўлди, эрта бўлди – бу тўртинчи кун эди.
20. Яна Худо: «Сув тўда-тўда жониворлар билан қайнасин, ер устидаги осмон гумбази бўйлаб қушлар учсин», – деди.
21. Худо ҳайбатли денгиз аждарларини, сувда қайнайдиган турли-туман майда жониворларни ҳамда қуш- паррандаларни яратди. Буларнинг ҳам Худо яхши эканини кўрди.
22. Худо уларни муборак қилиб: «Баракали бўлинглар, кўпайинглар, денгиз сувларини тўлғазинглар. Ер юзида эса парранда кўпайсин», – деди.
23. Кеч бўлди, эрта бўлди – бу бешинчи кун эди.
24. Яна Худо: «Ер турли-туман тирик жонни: чорва, судралувчи ҳамда ёввойи ҳайвон турларини ҳосил қилсин», – деди ва шундай ҳам бўлди.
25. Худо ерга хос турли-туман ёввойи ҳайвонларни, чорвани, қуруқликда судралувчиларни вужудга келтирди. Буларнинг ҳам Худо яхши эканини кўрди.
26. Яна Худо: «Ўз суратимизга кўра, Ўзимизга ўхшаш одамни яратайлик. У денгиздаги балиқлар, кўк юзидаги паррандалар, чорвалар, ҳа, бутун ер юзи ва ерда ҳаракат қилувчи барча махлуқот устидан ҳокимлик қилсин», – деди.
27. Шундай қилиб, Худо одамни Ўз суратида, илоҳий суратда яратди. Уларни эркак ва хотин қилиб яратди.
28. Худо одамларни муборак қилиб, уларга: «Баракали бўлинглар, кўпайинглар. Ер юзини тўлғазиб тобе қилинглар. Денгиздаги балиқлар, кўк юзидаги паррандалар ҳамда ер юзида ҳаракатланувчи барча ҳайвонлар устидан ҳоким бўлинглар», – деди.
29. Худо давом этиб: «Мана, Мен сизларга бутун ер юзидаги уруғ берадиган ўт-ўланнинг ва уруғли мева берадиган дарахтнинг ҳаммасини бердим; сизларга овқат учун ярайди.
30. Шунингдек, тирик жони бўлган бутун ёввойи ҳайвонларга: кўк юзида учиб юрувчи барча паррандаларга ва ер юзида ҳаракат қилувчи барча махлуқларга ҳам емиш учун кўк ўтнинг ҳар турли навини бердим», – деди ва шундай ҳам бўлди.
31. Худо бутун яратганларига қараб, ҳаммасининг жуда яхши эканини кўрди. Кеч бўлди, эрта бўлди – бу олтинчи кун эди.
1. Шу зайлда осмон билан ер ҳамда улардаги борлиқ мавжудот яратилиб бўлди.
2. Худо Ўз фаолиятини еттинчи кунда тамомлаб, у кунда барча қилган ишларидан тинди.
3. Худо еттинчи кунни муборак ва муқаддас қилиб айирди, чунки ушбу кунда У Ўзининг бутун яратиш фаолиятидан тинган эди.
4. Осмон билан ернинг яратилиш тарихи мана шудир. Худованди Карим еру осмонни бунёд этган эдию,
5. лекин ҳали ерга ёмғир ёғдирмаган ва ерни ишлаш учун одам ҳам яратмаган эди. Ер юзида ҳеч қандай дашт бутаси ва ҳеч қандай дала гиёҳи ҳам ўсмаган эди.
6. Фақат ердан буғ кўтарилиб, бутун ер юзини суғориб турар эди.
7. Ўша пайтда Худованди Карим ернинг тупроғидан одамни ясаб, унинг димоғига ҳаёт нафасини пуфлади. Шу йўсинда одам тирик жон бўлди.
8. Худованди Карим шарқ томонда, Адан ўлкасида боғ ўтқазиб, Ўзи ясаган одамни у ерга қўйди.
9. Сўнгра Худованди Карим кўзга ёққан, емоққа яхши бўлган ҳар хил дарахтни ердан ўстирди. Боғнинг ўртасида эса ҳаёт дарахтини, шу билан бирга яхши ва ёмонни билиш дарахтини ҳам ўстирди.
10. Боғни суғориш учун бир дарё Адандан оқиб чиқиб, тўрт ирмоққа бўлинар эди.
11. Бир ирмоқнинг оти Пишўндир. У олтин ери бўлган бутун Ҳавила диёрини айланиб оқади.
12. У диёрнинг олтини қимматлидир. У ерда биллур ва ақиқ тоши ҳам бор.
13. Иккинчи ирмоқнинг оти Гиҳўндир. У бутун Куш диёрини айланиб оқади.
14. Учинчи ирмоқнинг оти Дажладир. У Ассириянинг шарқий ёнидан оқиб ўтади. Тўртинчи ирмоқ эса Фротдир.
15. Шундай қилиб, Худованди Карим одамни Адан боғини ишлаб парвариш қилиши учун у ерга жойлаштирди.
16. Худованди Карим одамга буюриб деди: «Сен бу боғнинг ҳар бир дарахтидан еявергин.
17. Фақат яхши ва ёмонни билиш дарахтидан ема. Чунки ундан еган куниёқ ўласан».
18. Яна Худованди Карим: «Одамнинг ёлғиз бўлиши яхши эмас, энди унга муносиб мададкор яратаман», – деди.
19. У тупроқдан ҳар хил дашт ҳайвонини, кўкда учувчи ҳар хил паррандани ясади ва уларга от қўйиш мақсадида одамнинг олдига келтирди. Одам эса ҳар бир жонли махлуққа от қўйди ва ўша махлуқнинг оти шундай бўлди.
20. Одам ҳамма чорва туёқларига, ҳамма осмон паррандалари ва дашт ҳайвонларига от қўйиб бўлди, аммо одамга мувофиқ мададкор топилмади.
21. Шунда Худованди Карим одамни қаттиқ уйқуга мубтало қилди. Одам ухлаб қолгач, унинг қовурғаларидан биттасини олди ва ўрнини эт билан қоплади.
22. Одамнинг қовурғасидан Худованди Карим бир хотин барпо қилиб, уни одамнинг олдига олиб келди.
23. Шунда одам: «Мана, энди бу суяк менинг суякларимдан, бу эт менинг этимдандир. У хотин киши деб айтилади, зероки у эр кишидан олинган», – деди.
24. Шунинг учун киши ота-онасини қолдириб, ўз хотинига ёпишиб қолади ва иккови бир тан бўладилар.
25. Одам билан хотини эса қип-яланғоч бўлиб, бир-биридан уялмас эдилар.
1. Худованди Карим яратган барча дашт ҳайвонлари орасида энг айёри илон эди. Илон хотинга: – Чиндан ҳам Худо, боғдаги ҳеч бир дарахтнинг мевасидан еманглар, деб айтдимикин? – деди.
2. Хотин илонга деди: – Боғ дарахтларининг мевасидан ея оламиз- у,
3. Худо фақат боғнинг ўртасидаги дарахтнинг мевасини еманглар, унга тегманглар, бўлмаса ўласизлар, деди.
4. Илон хотинга: – Йўқ, мутлақо ўлмайсизлар!
5. Чунки Худо биладики, ундан еган куниёқ кўзларингиз очилиб қолади ва Худо каби яхши ва ёмонни биладиган бўласизлар, – деди.
6. Хотин кўрсаки, дарахтнинг меваси емоққа яхши, кўзга ёқимли ҳамда дид-фаросат топишга фойдали экан. У дарахтнинг мевасидан олиб, еди. Сўнг эрига ҳам берди, эри ҳам еди.
7. Шу онда икковининг кўзлари очилиб, яланғоч эканларини пайқадилар. Анжир баргларини бир-бирига тикиб, ўзлари учун ёпинчиқлар ясадилар.
8. Куннинг салқин шабадаси эсган вақтда Одам ва унинг хотини боғда юрган Худованди Каримнинг овозини эшитиб қолишди. Улар Унинг назаридан қочиб, боғдаги дарахтлар орасида яширинишди.
9. Лекин Худованди Карим Одамга хитоб қилиб, сўради: – Қаердасан?
10. – Мен овозингни боғда эшитдим-у, қип- яланғочман деб қўрқиб, яшириндим, – деди Одам.
11. Худованд: – Яланғоч эканингни сенга ким айтди? Ё Мен ема деб буюрган дарахт мевасидан едингми? – дея сўради.
12. Одам: – Сен берган бу хотин дарахтнинг мевасидан менга берди ва мен ҳам едим, – деди.
13. Худованди Карим хотинга: – Бу нима қилганинг? – деди. – Илон мени алдади ва мен едим, – деди хотин.
14. Шунда Худованди Карим илонга айтди: «Бу қилган ишинг учун сен ҳамма чорва туёқлари ва ҳамма дашт ҳайвонларидан кўра лаънатисан. Умринг бўйи қорнинг билан юриб, тупроқ ейсан.
15. Сен билан хотин орасига, сенинг зотинг билан унинг зоти орасига адоват соламан. Ўша зот сенинг бошингни эзиб ташлайди, сен эса унинг товонини чақасан».
16. Кейин хотинга деди: «Сенинг ҳомиладорлик пайтидаги машаққатингни бағоят орттираман. Сен дард билан фарзандлар туғасан. Иштиёқинг эрингга бўлади, у эса сенга ҳоким бўлади».
17. Кейин Одамга деди: «Сен хотинингнинг гапига қулоқ солдинг, Мен ема деб буюрган дарахт мевасидан единг. Энди сен сабабли ер лаънатидир. Умринг бўйи машаққат чекиб, ер ундирган ҳосилдан ейсан.
18. Ер сенга тикану янтоқ ўстиради, сен эса дашт ўтини еб юрасан.
19. Сен ердан олингансан ва ерга қайтгунингга қадар пешана тери билан нон еб юрасан. Зеро тупроқдирсан ва тупроққа қайтарсан».
20. Шундан сўнг Одам хотинининг исмини Ҳаво (яъни Барҳаёт) қўйди, чунки у ҳамма ҳаёт эгаларининг онаси бўлди.
21. Худованди Карим Одам ва унинг хотини учун теридан кийим ясаб, уларни кийинтирди.
22. «Мана, одамзод яхши ва ёмонни фарқлашда худди Биздай бўлиб қолди! – деди Худованди Карим. – Энди, тағин қўлини чўзиб, ҳаёт дарахти мевасидан ҳам олмасин, уни еб абадий яшамасин!»
23. Шу билан Худованди Карим, ўзи чиққан ерни ишласин, деб одамзодни Адан боғидан чиқариб юборди.
24. У одамзодни ҳайдаб юборди-да, ҳаёт дарахтига борадиган йўлни қўриқлаш учун Адан боғининг шарқий томонига карубларни ва айланадиган алангали қилични қўйди.
1. Одам хотини Ҳавога яқинлашгач, у ҳомиладор бўлиб Қобилни туғди. Ҳаво: «Худованд берган қобиллик билан бир кишини қўлга киритдим», – деди.
2. Кейинроқ унинг укаси Ҳобилни туғди. Ҳобил қўйчивон, Қобил эса деҳқон бўлди.
3. Бир муддатдан кейин Қобил ернинг маҳсулидан Худовандга ҳадя тақдим этди.
4. Ҳобил ҳам қўйларининг каттасидан қурбонлик сўйиб, унинг думбасини тақдим этди. Худованд Ҳобилни ва унинг ҳадясини манзур кўрди.
5. Аммо Қобилни ва унинг ҳадясини манзур кўрмади. Шунда Қобил қаттиқ ранжиб, қовоғини солди.
6. Худованд Қобилга: – Нима учун сен ранжидинг? Нега қовоқ солиб ўтирибсан?
7. Агар яхшиликни ният қилганингда, унда бош кўтариб юрмасмидинг? Агар ниятинг яхши бўлмаса, остонада гуноҳ пойлаб туриб, сени ўзига жалб қилади. Сен эса, аксинча, унга ҳоким бўл! – деди.
8. Қобил укаси Ҳобил билан сўзлашиб олди. Улар даштда бўлган вақтда Қобил укаси Ҳобилга қарши қўл кўтариб уни ўлдирди.
9. Худованд Қобилдан сўради: – Уканг Ҳобил қаерда? – Билмайман, мен укамнинг соқчисими? – деди Қобил.
10. Худованд: – Сен нима иш қилиб қўйдинг? Укангнинг қони тупроқдан Менга қараб фарёд этмоқда.
11. Энди ўзингнинг дастингдан оғзини очиб укангнинг қонини ютиб қўйган тупроқдан қувилиб, лаънати бўлгайсан.
12. Ерга ишлов берганингда ҳам, у ўз қувватини бошқа сенга бермас. Ер юзида сарсон-саргардон бўлгайсан, – деди.
13. Қобил Худовандга: – Менинг жазойим кўтара оладиганимдан ҳам каттадир.
14. Агар Сен мени бугун бу тупроқдан ҳайдасанг, энди Сенинг ҳузурингдан яшириниб юраман, жаҳонда сарсон-саргардон бўламан. Ҳар бир йўлиққан жонзод мени ўлдириб юборар, – деди.
15. Худованд Қобилга: – Агар кимки Қобилни ўлдирса, ундан етти карра ўч олинар, – деди-ю, Қобилни ҳар бир йўлиққан урмаслиги учун унга бир нишона қўйди.
16. Шундай қилиб, Қобил Худованд ҳузуридан чиқиб кетди-да, Аданнинг шарқий томонидаги Нўд ерида ўрнашди.
17. Қобил хотинига яқинлашгач, у ҳомиладор бўлиб Ҳанўхни туғди. Қобил шаҳар бинокори бўлди. Қурган шаҳрини эса ўғлининг номи билан Ҳанўх деб атади.
18. Ҳанўхдан Эрод туғилди. Эроддан Маҳуёъил туғилди. Маҳуёъилдан Матушоил туғилди. Матушоилдан эса Ламак туғилди.
19. Ламак икки хотин олди: бирининг исми Ада, иккинчисининг исми Силла эди.
20. Ада Ёволни туғди. Ёвол чодирда яшовчи чорвадорларнинг отаси бўлди.
21. Укасининг исми Ювол эди. У ҳамма ғижжак ва най чалувчиларнинг отаси бўлди.
22. Силла Тувол- Қайинни туғди. Бу ҳар хил мис ва темир қуролларни ясовчиларнинг отаси бўлди. Тувол-Қайиннинг синглиси эса Наома эди.
23. Ламак ўз хотинларига деди: «Эй Ада ва Силла, Менинг гапимни тинглангиз! Сўзларимга қулоқ солингиз, Эй Ламак хотинлари! Мени ярадор қилишса, бир кишини, Шикастлантиришса, бир болани ўлдирурман.
24. Агар Қобил учун етти карра ўч олинса, Ламак учун етмиш етти карра ўч олинур!»
25. Одам яна ўз хотинига яқинлашди. У эса бир ўғил туғиб: «Қобил ўлдирган Ҳобил эвазига Худо менга бошқа зурриёт берди», – деди ва унинг исмини Шит (яъни Эваз) қўйди.
26. Шит ҳам бир ўғил кўрди, исмини Энўш (яъни Инсон) қўйди. Ўша пайтда инсонлар Худованднинг исмини чақира бошладилар.
1. Бу Одам авлодларининг китобидир: Худо Одамни яратган кунида унга илоҳий сурат берди.
2. У одамларни эркак ва хотин қилиб яратди. Уларни яратган кунининг ўзидаёқ муборак қилиб, уларга Одамзод номини берди.
3. Одам бир юз ўттиз ёш умр кўргандан сўнг, ўзига ўхшаган, ўзининг суратидек бир ўғил кўрди. Унинг исмини Шит қўйди.
4. Шит туғилганидан кейин Одам яна саккиз юз йил яшаб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.
5. Одам жами тўққиз юз ўттиз ёш умр кўриб, ўлди.
6. Шит бир юз беш ёшида Энўшни дунёга келтирди.
7. Энўш туғилганидан кейин Шит яна саккиз юз етти йил яшаб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.
8. Шит жами тўққиз юз ўн икки ёш умр кўриб, ўлди.
9. Энўш тўқсон ёшида Қенанни дунёга келтирди.
10. Қенан туғилганидан кейин Энўш яна саккиз юз ўн беш йил яшаб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.
11. Энўш жами тўққиз юз беш ёш умр кўриб, ўлди.
12. Қенан етмиш ёшида Маҳолалил деган ўҒил кўрди.
13. Маҳолалил туғилганидан кейин Қенан яна саккиз юз қирқ йил яшаб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.
14. Қенан жами тўққиз юз ўн ёш умр кўриб, ўлди.
15. Маҳолалил олтмиш беш ёшида Ёредни дунёга келтирди.
16. Ёред туғилганидан кейин Маҳолалил яна саккиз юз ўттиз йил яшаб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.
17. Маҳолалил жами саккиз юз тўқсон беш ёш умр кўриб, ўлди.
18. Ёред бир юз олтмиш икки ёшида Ҳанўхни дунёга келтирди.
19. Ҳанўх туғилганидан кейин Ёред яна саккиз юз йил яшаб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.
20. Ёред жами тўққиз юз олтмиш икки ёш умр кўриб, ўлди.
21. Ҳанўх олтмиш беш ёшида Матушалоҳни дунёга келтирди.
22. Матушалоҳ туғилганидан кейин Ҳанўх яна уч юз йил яшади. У Худо билан юриб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.
23. Ҳанўх жами уч юз олтмиш беш ёш умр кўриб,
24. бирданига йўқ бўлиб кетди. У Худо билан юрар эди, Худо эса уни олиб кетди.
25. Матушалоҳ бир юз саксон етти ёшида Ламакни дунёга келтирди.
26. Ламак туғилганидан кейин Матушалоҳ яна етти юз саксон икки йил яшаб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.
27. Матушалоҳ жами тўққиз юз олтмиш тўққиз ёш умр кўриб, ўлди.
28. Ламак бир юз саксон икки ёшида бир ўғил кўрди.
29. Ламак: «Худованд лаънат этган ерни ишлаганда қўлларимиз чекадиган машаққатларга шу юпанчиқ бўлсин», – деб, ўғлининг исмини Нуҳ (яъни Юпанчиқ) қўйди
30. Нуҳ туғилганидан кейин Ламак яна беш юз тўқсон беш йил яшаб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.
31. Ламак жами етти юз етмиш етти ёш умр кўриб, ўлди.
32. Нуҳ беш юз ёшга кириб, Сом, Ҳом ва Ёфит деган ўғилларни кўрди.
1. Ер юзида одамлар кўпая бошлаб, улар учун қизлар ҳам туғилди.
2. Илоҳий зотлар эса одамзод қизларининг жуда яхшилигини кўриб, истаганларини хотинликка оладиган бўлдилар.
3. Шунда Худованд: «Менинг Руҳим одамзодда абадий қолмас, зероки у ўткинчи махлуқдир. Унинг умри юз йигирма йил бўлади», – деди.
4. Илоҳий зотлар одамзод қизлари билан аралашгандан сўнг, улар учун бола туғдилар. Ўша замонда ва кейинроқ ҳам ерда баҳодирлар насли бор эди. Булар қадим замоннинг қаҳрамонлари деб шуҳрат топганлар.
5. -
6. Ерда одамзоднинг ёмонлиги ошиб бораётганини, кўнглидаги бутун фикр-хаёли эса ҳамиша ёмонлик эканини Худованд кўриб, уни яратганидан ўкинди, юраги ачишиб кетди.
7. «Ўзим яратган одамзодни ер юзидан қириб ташлайман, – деди Худованд. – Одамзоддан тортиб ҳайвонгача, ерда қимирловчидан тортиб кўкдаги паррандагача жамики жонни қириб ташлайман. Энди уларни яратганимдан ўкиняпман».
8. Бироқ Нуҳ Худованднинг илтифотига сазовор бўлган эди.
9. Нуҳнинг насл-насаб тарихи шудир: Нуҳ солиҳ киши бўлиб, ўз қавмида бенуқсон турмуш кечирар, Худо билан юрар эди.
10. У Сом, Ҳом ва Ёфит деган уч ўғил кўрди.
11. Ўшанда ер зўравонликка тўлиб-тошган, Худонинг кўзи олдида бузила бораётган эди.
12. Ердаги ҳар бир башар ўз йўлини бузиб, ер разиллашиб бораётганини Худо кўрди-да,
13. Нуҳга хитоб қилиб деди: «Бутун башариятнинг охири Менинг кўз ўнгимда турибди, чунки улар дастидан ер зўравонликка тўлиб-тошмоқда. Энди Мен уларни ер билан бирга йўқ қиламан.
14. Сен эса ўзингга шамшод ёғочидан кема ясагин. Кемани хона-хона қилиб, ичкаридан ва ташқаридан қатронлагин.
15. Кеманинг узунлиги уч юз газ, кенглиги эллик газ, баландлиги эса ўттиз газ бўлсин.
16. Кемада туйнук очиб, устини бир газ юқорироқда том билан ёпиб қўйгин. Кеманинг эшигини унинг ён томонида жойлаштиргин. Кемани пастки, ўрта ва юқори қаватли қилиб қургин.
17. Мен ер юзини тўфон билан бостириб, фалак остида ҳаёт руҳига эга бўлган ҳамма махлуқларни маҳв этаман. Ерда яшовчи борлиқ мавжудот ҳалок бўлади.
18. Мен фақат сен билан аҳд тузиб, шундай шарт қўяман: сен билан ўғилларинг, хотининг ва келинларинг кемага кириб қутуласизлар.
19. Шунингдек, сен билан тирик қолишлари учун ҳамма жонзодлардан кемага киргизгин: ҳар бир махлуқнинг эркак ва урғочи жинсидан иккитадан олиб киргизгин.
20. Парранда, чорва, ерда қимирловчи жониворларнинг ҳаммасидан иккитадан сен билан борсин ва тирик қолсинлар.
21. Бундан ташқари, ейиладиган ҳар хил озиқ-овқатдан ҳам етарли ғамлаб олгин. У сен ва жониворлар учун емиш бўлсин», – деди.
22. Худо нимаики буюрган бўлса, Нуҳ ҳаммасини худди шундай бажо келтирди.
1. Худованд Нуҳга: «Сен бутун хонадонинг билан кемага киринглар. Чунки бу насл орасидан Менинг назаримда солиҳ бўлган ёлғиз сени топдим, – деди.
2. - Ҳалол бўлган ҳар бир чорва туёғининг эркак ва урғочи жинсидан еттитадан, ҳаром бўлган чорванинг эркак ва урғочи жинсидан эса иккитадан олиб, ўзинг билан кемага киргизгин.
3. Осмондаги паррандаларнинг ҳам эркак ва урғочи жинсидан еттитадан олиб киргизгин, токи бутун ер юзида яшовчи ҳар хил жониворлардан тирик қолганлар бўлсин.
4. Чунки етти кундан кейин Мен ерга қирқ кечаю қирқ кундуз давом этадиган ёмғир ёғдираман. Ўзим бунёд этган барча мавжудотни ер юзидан қириб ташлайман».
5. Нуҳ эса Худованд буюрган ҳамма нарсани бажо келтирди.
6. Нуҳ олти юз ёшда бўлганда, ер юзини тўфон сувлари босди.
7. Нуҳ ва унинг ўғиллари, хотини, келинлари у билан бирга тўфондан қочиб, кемага кирдилар.
8. -
9. Худо Нуҳга буюрганидек, ҳалол ҳамда ҳаром чорва туёқларининг, паррандалар ва барча ерда қимирловчи ҳайвонларнинг эркак ва урғочи жинсидан жуфт-жуфт бўлиб Нуҳнинг олдига кемага кирдилар.
10. Ўша етти кун ўтгандан сўнг ер юзини тўфон сувлари босди.
11. Нуҳ умрининг олти юзинчи йили, иккинчи ойининг нақ ўн еттинчи кунида улкан тубсизлик булоқлари бари қайнай бошлаб, осмон қопқалари очилиб кетди.
12. Кетидан ер юзига қирқ кечаю қирқ кундуз ёмғир ёғди.
13. Ана шу куннинг ўзида Нуҳ ва унинг ўғиллари Сом, Ҳом ва Ёфит, Нуҳнинг хотини билан учта келини ҳаммаси бирга кемага кирдилар.
14. Улар билан бирга барча ёввойи ҳайвон, чорва ва ерда қимирловчи майда жониворлар турлари, шунингдек, барча парранда турларидан хилма-хил патли қушлар кемага кирдилар.
15. Ҳаёт руҳига эга бўлган ҳар бир махлуқдан жуфт-жуфт бўлиб Нуҳнинг олдига, кемага кирдилар.
16. Худо Нуҳга буюрганидек, кемага кирган ҳар бир махлуқнинг эркак ва урғочи жинсидан бор эди. Охирида Худованд Нуҳнинг кетидан эшикни ёпиб қўйди.
17. Қирқ кун давомида ер юзини тўфон босди, сувлар тошиб, кемани ердан юқорига кўтарди.
18. Ер юзини босаётган сув тошқини тобора кучайиб борар экан, кема сув юзида сузиб юрар эди.
19. Ер юзидаги сув тошқини беҳад кучайиб, осмону фалак остидаги баланд тоғларнинг ҳаммасини қоплаб олди.
20. Сув тошқини тоғу тепаликдан ўн беш газ юқорироқ кўтарилиб, ҳамма ёқни кўмиб ташлади.
21. Ер юзида ҳаракат қилувчи ҳар бир махлуқ – парранда ҳам, чорва ҳам, ёввойи ҳайвонлар ҳам, ерда қимирловчи майда жониворлар ҳам, одамлар ҳам бирдан ҳалок бўлдилар.
22. Қуруқликда яшовчи димоғида ҳаёт нафаси бор бўлган ҳар бир жонзод ўлиб кетди.
23. Ерда бор бўлган бутун мавжудот қирилди. Одамдан тортиб чорвагача, ерда қимирловчи махлуқдан тортиб кўкда учувчи қушгача бари ер юзидан қирилди. Фақат Нуҳ ва у билан бирга кемада бўлганлар тирик қолдилар.
24. Ер юзидаги сув тошқини эса бир юз эллик кун давом этди.
1. Нуҳ ва у билан бирга кема ичида бўлган ёввойи ҳайвонлар ва чорванинг ҳаммаси Худонинг хотирида бўлиб, У ер юзи устидан шамол эстирди. Шундан сўнг сувлар пасая бошлади.
2. Тубсизлик булоқлари тугаб, осмон қопқалари ёпилиб, ёғаётган ёмғир тиниб қолди.
3. Сув бора-бора ер юзидан қайтиб, бир юз эллик кун ўтгандан сўнг камайиб кетди.
4. Еттинчи ойнинг ўн еттинчи кунида кема Арарат тоғлиги устига келиб тўхтаб қолди.
5. Сув ўнинчи ойгача камайиб борди. Ниҳоят ўнинчи ойнинг биринчи кунида тоғ чўққилари кўринди.
6. Тағин қирқ кун ўтгандан кейин, Нуҳ қурган кемасининг дарчасини очиб,
7. қузғунни чиқариб юборди. Қузғун эса ер устидаги сув қуримагунча, ташқарига учиб кетиб ва қайтиб келиб турар эди.
8. Яна Нуҳ энди ер юзидан сув тушган- тушмаганини кўрмоқчи бўлиб, олдидан каптарни чиқариб юборди.
9. Аммо каптар оёқ қўядиган қўнолға тополмай, яна Нуҳнинг ёнига, кемага қайтиб келди. Чунки ҳали бутун ер юзи сув билан қопланган эди. Нуҳ қўлини чўзиб, каптарни олди ва ўз ёнига, кемага киргизди.
10. Етти кун сабр қилиб, Нуҳ тағин каптарни кемадан чиқариб юборди.
11. Оқшом вақти каптар унинг ёнига қайтиб келганида, тумшуғида янги юлинган зайтун барги бор эди. Энди Нуҳ ер юзидан сув пасайиб қолганини билди.
12. Нуҳ яна етти кун сабр қилиб, каптарни бошқатдан чиқариб юборди. Бу гал эса каптар унинг олдига қайтиб келмади.
13. Нуҳ умрининг олти юз биринчи йили, биринчи ойининг биринчи кунида ерни қоплаган сув қуриб кетган эди. Нуҳ кеманинг қопқоғини кўтариб қараб, ер юзининг энди қуруқ бўлганини кўрди.
14. Иккинчи ойнинг йигирма еттинчи кунида ер қоқ қуруқ бўлди.
15. Худо Нуҳга хитоб қилиб:
16. «Сен хотининг, ўғилларинг ва келинларинг билан кемадан чиқиб кетинглар!
17. Сен билан бирга бўлган ҳайвонларнинг ҳаммасини, парранда, чорва туёқлари, ерда ҳаракат қилувчи махлуқлар қанча бўлмасин, ўзинг билан ташқарига чиқаргин. Улар ер юзида баракали бўлиб кўпайсин, ер бўйлаб қайнаб боришсин», – деди.
18. Шунда Нуҳ билан ўғиллари, хотини ва келинлари ташқарига чиқдилар.
19. Улар билан барча ёввойи ҳайвонлар, майда жониворлар, паррандалар – ер юзида ҳаракат қилувчи махлуқлар қанча бўлмаса-да, ҳаммаси оила- оила бўлиб кемадан чиқиб кетдилар.
20. Сўнгра Нуҳ Худованд шаънига қурбонгоҳ қурди. Ҳар бир ҳалол чорвадан, ҳар бир ҳалол паррандадан олиб, қурбонгоҳ устида сўйиб куйдирди.
21. Худованд қурбонлик тутунининг хуш ҳидини искаб, Ўз кўнглида деди: «Мен ерни одамзод туфайли бошқа лаънатламайман. Зероки одамзод кўнглидаги фикр-хаёл ёшлигиданоқ бузуқдир. Мен аввал қилганимдек, энди бошқа ҳамма жониворларни уриб нобуд қилмайман.
22. Бундан кейин ер бор экан, экин-тикин, ўрим- йиғим, совуқ билан иссиқ, ёз билан қиш, кун билан тун тугамайди».
1. Худо Нуҳ билан ўғилларини муборак қилиб, деди: «Баракали бўлиб кўпайинглар, ер юзини тўлғазинглар.
2. Ердаги ҳамма ҳайвонлар, осмондаги барча паррандалар, бутун ер юзида ҳаракат қилувчи махлуқлар ва бутун денгиздаги балиқлар сизлардан қўрқиб, даҳшатга тушадилар. Ана, улар қўлингизга топширилган.
3. Яшаётган ҳар бир жонивор сизлар учун емиш бўлади; кўк ўт каби буларнинг ҳаммасини ҳам сизларга бердим.
4. Фақат этни ўз жони, яъни қони билан еманглар.
5. Айниқса сизнинг жонингизни олгандан Мен хун талаб қиламан. Одам жонини олган ҳар бир ҳайвондан, шунингдек, ўз қон-қардошининг жонини олган ҳар бир одамдан Мен хун талаб қиламан.
6. Ким одам қонини тўкса, унинг қони одам қўли билан тўкилур. Зеро одам Худо суратида яратилгандир.
7. Сизлар баракали бўлиб кўпайинглар, ер юзида тарқалиб, кўпайиб боринглар».
8. Яна Худо Нуҳ билан ўғилларига деди:
9. «Мен сизлар билан ва сизлардан кейинги насллар билан аҳд-паймон қиламан.
10. Шунингдек, сизлар билан бўлган парранда, чорва, ҳар бир тирик жон билан, яъни кемадан чиқиб, орангизда яшаётган ернинг ҳамма ҳайвонлари билан аҳд-паймон қиламан.
11. Сизлар билан қилаётган аҳдим ана шу мазмунда: энди ҳеч қачон тўфон сувлари билан бутун махлуқот қирилмайди, энди ҳеч қачон ерни хароб қилувчи тўфон юз бермайди».
12. Худо тағин деди: «Менинг сизлар билан ҳамда сизлардаги ҳар бир тирик жон билан қилаётган, наслдан-наслга абадий ўтадиган аҳдимнинг аломати шу:
13. Ўзим билан ер орасидаги аҳдимнинг аломати сифатида Мен булутларда ёйимни пайдо қиламан.
14. Бундан буён ер юзига булут тортганимда, булутларда Менинг ёйим намоён бўлади.
15. Сизлар билан ва барча махлуқлар билан, ҳар бир тирик жон билан қилган аҳдимни Мен эслаб туриб, бутун махлуқотни йўқ қиладиган тўфон тошқинига ортиқ йўл бермайман.
16. Мен булутларда ёй пайдо бўлганини кўрганим сайин, Ўзим ила ердаги бутун махлуқот – ҳар бир тирик жон орасидаги абадий аҳдни хотирда тутаман».
17. Худо яна бир бор Нуҳга: «Менинг ердаги ҳар бир махлуқ билан қилган аҳдимнинг аломати ана шу бўлади», – деди.
18. Нуҳнинг кемадан чиққан ўғиллари – Сом, Ҳом ва Ёфит эдилар. Ҳом Канъоннинг отаси бўлди.
19. Нуҳнинг бу учала ўғлидан одамзод тарқаб, бутун ер юзи бўйлаб ўрнашди.
20. Нуҳ ер ҳайдаб, дастлабки токзорни ўтқазди.
21. У ўзи қилган шаробдан ичиб маст бўлиб, чодирида яланғоч ётган эди.
22. Канъоннинг отаси Ҳом ўз отасининг яланғоч ётганини кўрди-да, ташқарига чиқиб, ака- укасига сўзлаб берди.
23. Шунда Сом ва Ёфит икковлон чопонни елкасига ташлаб олишди- да, орқаси билан юриб бориб, яланғоч оталарини ёпиб қўйишди. Юзларини бошқа томонга буриб, унинг яланғочлигини кўришмади.
24. Нуҳ мастликдан кейин ўзига келгач, кенжа ўғли унга нима қилганини англаб:
25. «Канъон лаънати бўлсин! Оға-иниларига қулларнинг қули бўлсин!» – деди.
26. Ва сўнгра яна деди: «Сомнинг Тангриси Худовандга санолар! Канъон Сомга қул бўлсин!
27. Худо Ёфитни фотиҳ қилсин, Сом чодирларини унга берсин, Канъон унга қул бўлсин!»
28. Нуҳ тўфондан сўнг яна уч юз эллик йил яшади.
29. Нуҳ жами бўлиб тўққиз юз эллик ёш умр кўриб, ўлди.
1. Нуҳ ўғиллари – Сом, Ҳом ва Ёфитнинг насл-насаб тарихи қуйидадир. Тўфондан кейин улардан шу авлодлар келиб чиқди:
2. Ёфитнинг ўғиллари: Гўмер, Маъжуж, Модай, Ёвон, Тувол, Машак ва Тирос.
3. Гўмернинг ўғиллари: Ашканоз, Рифат ва Тўгарма.
4. Ёвоннинг ўғиллари: Элиша ва Таршиш, Киттим ва Дўдоним.
5. Булардан денгиз соҳилида яшовчи халқлар тарқалиб, ҳар бири ўз элати, ўз халқи ва тили бўйича жойлашган.
6. Ҳомнинг ўғиллари: Куш, Миср, Пут ва Канъон.
7. Кушнинг ўғиллари: Сабо, Ҳавила, Савта, Раъма ва Савтаха. Раъманинг ўғиллари: Шабо ва Дедон.
8. Куш яна Нимрўд деган ўғил кўрди. Нимрўд жаҳон қаҳрамонларининг биринчиси эди.
9. У Худованд олдида ов ботири деб шон қозонди. Шу сабабли эл орасида: «Худованд олдида Нимрўд каби ботир овчи», деган сўз айтиладиган бўлди.
10. Нимрўд даставвал Вавилония мамлакатидаги Бобил, Эрех, Аккад ва Калне шаҳарлари устидан ўз ҳокимиятини ўрнатди.
11. Ўша мамлакатдан Ассирияга кўчиб, Ниневия, Раҳовот-Ир ва Келаҳ шаҳарларини бино қилди.
12. Ниневия билан Келаҳ орасида Расан шаҳрини ҳам қурди; у Буюк Шаҳар деб ҳам айтилади.
13. Мисрдан лудий, анамий, лаҳобий, нафтуҳий,
14. патрўсий, шунингдек, филистий халқига асос бўлган каслуҳий ва кафтўрий халқлари келиб чиққан.
15. Канъондан тўнғичи Сидўн ҳамда Ҳет бино бўлган.
16. Яна Канъондан ябусий, амўрий, гиргоший,
17. ҳиввий, арқий, синий,
18. арводий, саморий ва ҳамотий халқлари келиб чиққан. Кейинроқ Канъон қабилалари тарқалиб,
19. улар яшайдиган макон чегараси Сидўндан Гарор ва Ғазагача, яна бу ердан Садўм, Ғамўра, Адма, Сабўйим ва Леша шаҳарларигача борар эди.
20. Буларнинг ҳар бири ўз элати, ўз халқи ва тили бўйича ўлкасига эга бўлган Ҳом фарзандларидир.
21. Ёфитнинг акаси Сом ҳам фарзандлар кўрди; у барча Ибр фарзандларининг отаси бўлди.
22. Сомнинг ўғиллари: Элам, Ассур, Арпахшод, Луд ва Арам.
23. Арамнинг ўғиллари: Ус, Ҳул, Гатар ва Маш.
24. Арпахшод эса Шалоҳ, Шалоҳ эса Ибр деган ўғиллар кўрдилар.
25. Ибр икки ўғилни кўрди: тўнғичи айёмида дунё бўлингани учун, унинг отини Фалаж (яъни Бўлиниш) қўйди; кенжасининг исми эса Йўқтон эди.
26. Йўқтоннинг ўғиллари: Алмўдод, Шалаф ва Ҳосармавт, Ёраҳ,
27. Ҳадўром, Узол, Диқло,
28. Ўвол, Абумоил, Шабо,
29. Ўфир, Ҳавила ва Йўбоб эдилар. Буларнинг бари Йўқтон фарзандлари эди.
30. Улар Мешо билан Сефор оралиғидаги Шарқ тоғлигида ўрнашганлар.
31. Мана шуларнинг ҳар бири ўз элати, ўз халқи ва тили бўйича ўлкасига эга бўлган Сом фарзандларидир.
32. Буларнинг ҳаммаси Нуҳ насл-насаби сифатида ўз элати, ўз қабиласини ташкил этган. Тўфондан сўнг булардан бир неча халқлар бўлиниб, бутун ер юзига тарқалиб кетган.
1. Бутун жаҳоннинг тили бир, нутқи бир бўлган вақтлар эди.
2. Одамлар Шарқ томон кўчиб кетаётган эдилар. Бобил мамлакатида бир текислик топиб, у ерда ўрнашдилар.
3. Одамлар бир-бировига: «Келинг, ғишт қуйиб хумдонда яхшилаб пиширамиз», – деб айтишди. Шундан сўнг тош ўрнига ғишт, гил ўрнига қатрон ишлатадиган бўлишди.
4. Улар: «Келинг, ўзимизга шаҳар ва боши осмонга етадиган минора бино қилайлик, бутун ер юзига тарқалиб кетмаслик учун ўзимиз учун ном чиқарайлик», – дейишди.
5. Одам фарзандлари қураётган шаҳар ва минорани кўриш учун Худованд осмондан тушди.
6. Худованд: «Мана, ҳаммасининг миллати бир, тили ҳам бир. Улар бу ишни бошлабди-ю, энди хаёлидаги аллақандай ишларни ҳам қилишдан воз кечмайдилар.
7. Қани энди пастга тушиб, ўша ердаёқ уларнинг тилини аралаштириб юборайлик, токи бири бошқасининг сўзини тушунмайдиган бўлиб қолсин!» – деди.
8. Шундай қилиб, Худованд одамларни у жойдан бутун ер юзига тарқатиб юборди. Шундан сўнг шаҳарни қуришни ҳам бас қилишди.
9. Шаҳар Бобил (яъни Аралашув) деб аталиб қолди, чунки ўша ерда Худованд бутун жаҳоннинг тилини аралаштириб, одамларни ер юзи бўйлаб тарқатиб юборган эди.
10. Сом авлодлари қуйидагилардир: Тўфондан икки йил ўтгандан сўнг Сом юз ёшга кирди ва Арпахшод исмли ўғил кўрди.
11. Арпахшод туғилганидан кейин Сом яна беш юз йил яшаб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.
12. Арпахшод ўттиз беш ёшида Шалоҳ исмли ўғил кўрди.
13. Шалоҳ туғилганидан сўнг Арпахшод яна тўрт юз уч йил яшаб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.
14. Шалоҳ ўттиз ёшида Ибр исмли ўғил кўрди.
15. Ибр туғилганидан кейин Шалоҳ яна тўрт юз уч йил яшаб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.
16. Ибр ўттиз тўрт ёшида Фалаж исмли ўғил кўрди.
17. Фалаж туғилганидан сўнг Ибр яна тўрт юз ўттиз йил яшаб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.
18. Фалаж ўттиз ёшида Рағу исмли ўғил кўрди.
19. Рағу туғилганидан кейин Фалаж яна икки юз тўққиз йил яшаб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.
20. Рағу ўттиз икки ёшида Саруғ исмли ўғил кўрди.
21. Саруғ туғилганидан сўнг Рағу яна икки юз етти йил яшаб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.
22. Саруғ ўттиз ёшида Наҳўр исмли ўғил кўрди.
23. Наҳўр туғилганидан кейин Саруғ яна икки юз йил яшаб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.
24. Наҳўр йигирма тўққиз ёшида Тераҳ исмли ўғил кўрди.
25. Тераҳ туғилганидан сўнг Наҳўр яна юз ўн тўққиз йил яшаб, кўп ўғиллар ва қизлар кўрди.
26. Тераҳ етмиш йил яшаб, Ибром, Наҳўр ва Ҳарон исмли ўғиллар кўрди.
27. Тераҳ авлодлари қуйидагилардир: Тераҳдан Ибром, Наҳўр ва Ҳарон туғилди. Ҳарон эса Лут исмли ўғил кўрди.
28. Ҳарон отаси Тераҳ тириклигидаёқ туғилган ери – халдейларнинг Ур шаҳрида ўлди.
29. Ибром ва Наҳўр уйландилар: Ибром хотинининг оти Сорай эди, Наҳўр эса Ҳароннинг қизи ва Исконинг синглиси Милкани олди.
30. Сорай наслсиз бўлиб, бола туғмас эди.
31. Тераҳ ўғли Ибромни, ўғли Ҳарондан бўлган набираси Лутни, Ибромнинг хотини бўлган келини Сорайни олди ва улар билан бирга халдейларнинг Ур шаҳридан чиқиб, Канъон мамлакатига қараб жўнади. Ҳорон шаҳрига етиб келиб, ўша ерда ўрнашдилар.
32. Тераҳ икки юз беш йил умр кўриб, Ҳорон шаҳрида қазо қилди.
1. Худованд Ибромга хитоб қилиб деди: «Ўз ерингдан, она юртингдан, отанг уйидан чиқиб, Мен сенга кўрсатадиган ерга кет.
2. Сендан буюк халқ вужудга келтираман. Сени табаррук қилиб, номингни улуғлайман. Сен баракали бўлгайсан.
3. Сени дуо қилганларни Мен дуо қиламан, сени лаънатлаганларни Мен лаънатлайман. Ер юзидаги барча қабилалар сендан барака топадилар».
4. Ибром, Худованд буюрганидек, Ҳорондан чиқиб кетди. Лут эса унга йўлдош бўлди. Ибром Ҳорондан чиққанида етмиш беш ёшда эди.
5. У хотини Сорайни, жияни Лутни, орттирган ҳамма мол-мулкини ҳамда Ҳоронда хизматга олган одамларни ўзи билан олиб, Канъон мамлакатига қараб йўлга тушди. Охири у ерга етиб боришди.
6. Ибром мамлакат бўйлаб кезиб, Шакам шаҳрига, Мўре деган табаррук дарахт турган маконга келди. Ўша вақтда бу ерда канъонийлар яшар эди.
7. Худованд Ибромга зоҳир бўлиб: «Мен бу ерни сенинг зурриётингга бераман», – деди. Ибром эса ўша ерда ўзига зоҳир бўлган Худованд шаънига қурбонгоҳ қурди.
8. У ердан жўнаб, Ибром Байтил шаҳрининг шарқ томонидаги тоғлик жойга кўчиб кетди. Ғарб томонга қараганда Байтил, шарқ томонга қараганда эса Ғай кўриниб турадиган бир жойда чодир тикди. Ўша ерда яна Худованд шаънига қурбонгоҳ қуриб, Худованд исмини чақирди.
9. Кейин Ибром ўз йўлида давом этиб, Жанубистонга кетди.
10. Шу орада мамлакатда қаҳатчилик юз берди. Ибром мусофир бўлиб яшаш учун Мисрга қараб равона бўлди, чунки мамлакатдаги қаҳатчилик ҳаддан зиёд эди.
11. Мисрга яқинлашаётган вақтда, Ибром хотини Сорайга шундай деди: – Мана, мен биламанки, сен жуда гўзал хотинсан.
12. Мисрликлар сени кўргач: «Бу унинг хотинидир», деб мени ўлдириб, сени тирик қолдирадилар.
13. Энди ўзингни унинг синглисиман деб айтгин, токи сен орқали мен яхшилик топиб, барҳаёт қолайин.
14. Ниҳоят Ибром Мисрга етиб келганида, мисрликлар унинг хотини жуда ҳам гўзаллигини кўришди.
15. Фиръавннинг амирлари ҳам кўриб, у ҳақда Фиръавнга мадҳ этишди. Фиръавн эса аёлни саройига олиб келтирди.
16. У сабабли Ибромга ҳам мурувват қилди: унга қўю сигирлар, эшаклар, қуллар, чўрилар, хачирлар ва туялар совға қилди.
17. Аммо Худованд Ибромнинг хотини Сорай туфайли Фиръавн ва унинг сарой аҳлини оғир кулфатларга йўлиқтирди.
18. Шунда Фиръавн Ибромни чақиртиб: – Менга бу нима қилганинг? Бу сенинг хотининг эканлигини нега менга билдирмадинг?
19. Нима учун «Бу менинг синглим» дединг? Бўлмаса уни ўзимга хотинликка олмасдим-ку! Мана хотининг, ол- да, кўзимдан йўқол! – деди.
20. Сўнг Фиръавн одамларига фармон берди. Улар Ибром билан хотинини ўзларининг бор- йўқ нарсалари билан бирга узатиб қўйишди.
1. Шундай қилиб, Ибром ўзи билан хотини ва Лутни ҳамда бутун мол-мулкларини олиб, Мисрдан чиқди ва Жанубистонга қайтиб кетди.
2. Ибром чорвага, кумушу олтинга жуда бой эди.
3. У яна Жанубистондан сафарга чиқиб, Байтилга етгунча қўноқлаб йўл юрди. Байтил билан Ғай орасида жойлашган ва илгари ўз чодирини тиккан маконга борди.
4. Ибром дастлаб қурбонгоҳ қурган ўша жойда Худованд исмини чақирди.
5. Ибромнинг йўлдоши Лутда ҳам қўйлар, сигирлар ва чодирлар бор эди.
6. Ниҳоят мамлакатга иккови бирга сиғмай қолди. Уларнинг мол-мулки жуда кўпайиб, энди бирга яшай олмас эдилар.
7. Бундан ташқари ўша вақтда мамлакатда канъонийлар ва периззийлар яшар эди. Ибром билан Лутнинг чўпонлари орасида жанжал юз бериб қолган бир пайтда,
8. Ибром Лутга: «Зинҳор бир-биримиз ва молбоқарларимиз орасида жанжал бўлмасин. Биз қариндошмиз! – деди.
9. - Мана, бутун мамлакат кўз ўнгингда турибди. Мендан ажралиб, истаган томонингга кета қол. Агар сен чап томонга кетсанг, унда мен ўнг томонга бораман, агар ўнг томонга кетсанг, унда мен чап томонга бораман».
10. Лут атрофга бир қараган эди, кўзига кенг Ўрдун уваси кўринди. Худованд Садўм ва Ғамўрани хароб қилишидан олдин бу ува то Сўъарга боргунча жуда серсув эди, бамисоли Худованднинг жаннатидай, Миср диёридай эди.
11. Шундай қилиб, Лут ўзига бутун Ўрдун увасини танлади. Улар бир-биридан айрилдилар. Лут шарқ томон ҳаракат қилди,
12. Ибром эса Канъон юртида тураверди. Лут увадаги шаҳарларда ўрнашиб, чодирлар қуриб, Садўм яқинларигача етди.
13. Садўм одамлари эса ўта ёвуз, Худованд олдида жуда гуноҳкор эдилар.
14. Лут Ибромдан айрилганидан кейин, Худованд Ибромга деди: «Энди сен ҳозир турган жойингдан шимолга, жанубга, шарққа ва ғарбга кўзингни тиккин.
15. Ана, шу сен кўриб турган мамлакатнинг ҳаммасини Мен сенга ва зурриётингга абадий бераман.
16. Сенинг зурриётингни ернинг қумидек кўпайтираман. Агар бирон киши ернинг қумини санай олса, сенинг зурриётингни ҳам санаб бўлади.
17. Қани ўрнингдан тур, мамлакатни бу бошидан у бошигача кезиб чиқ! Сенга Мен уни бераман».
18. Шундан сўнг Ибром Ҳебрўндаги Мамре болутзорида манзил қилиб, чодирларини кўчириб борди. Ўша жойда Худованд шарафига қурбонгоҳ тиклади.
1. Ўша замонда Бобил подшоҳлигида Амрафел, Элласар подшоҳлигида Ариўх, Элам подшоҳлигида Кадўр-Лоўмер ва Гўйим подшоҳлигида Тидъол ҳукмронлик қилардилар.
2. Улар Садўм шоҳи Бера, Ғамўра шоҳи Бирша, Адма шоҳи Шинъоб, Сабўйим шоҳи Шемавар ва Бела (яъни Сўъар) шоҳи билан урушга бордилар.
3. Бу шоҳлар ҳаммаси бирлашиб, Сиддим водийси (яъни бугунги Туз денгизи) томон ҳаракат қилдилар.
4. Улар ўн икки йил Кадўр-Лоўмерга қарам бўлган ва ўн учинчи йилда эса исён қилган эдилар.
5. Ўн тўртинчи йилда Кадўр-Лоўмер ва у билан бирлашган подшоҳлар ҳужумга ўтиб, Аштарўт-Қарнайм шаҳридаги рафоийларни, Ҳом шаҳридаги зузийларни ва Қирётайм текислигида яшовчи эмийларни мағлубиятга учратдилар.
6. Сеъир тоғлигида яшовчи ҳўрийларни ҳам енгиб, чўл чеккасидаги Эл- Порон шаҳригача қувиб бордилар.
7. У ердан қайтиб, Айн-Мишпот (яъни Қадеш) шаҳрига бордилар, бутун омолеқийлар юртини олиб, Ҳасасўн-Томор шаҳрида яшовчи амўрийларни ҳам мағлубиятга учратдилар.
8. Шу орада Садўм, Ғамўра, Адма, Сабўйим ва Бела (яъни Сўъар) шаҳарларининг шоҳлари Сиддим водийсида душманга қарши саф тортиб кутиб турган эдилар.
9. Ана шу бешта шоҳ тўртта подшоҳ – Элам подшоҳи Кадўр- Лоўмер, Гўйим подшоҳи Тидъол, Бобил подшоҳи Амрафел ва Элласар подшоҳи Ариўхга қарши жанг қилдилар.
10. Сиддим водийси ўшанда қатрон чуқурлари билан тўла эди. Садўм ва Ғамўра шоҳлари енгилиб қочиб кетишаётганда, бу чуқурларга йиқилиб кетдилар. Қутулиб қолганлари эса тоғларга қочиб кетдилар.
11. Тўртала подшоҳ эса Садўм ва Ғамўра шаҳарларининг бутун бойлик ва озуқаларини талаб кетдилар.
12. Ўша вақтда Садўмда яшаб турган Ибромнинг жияни Лутни ҳам асир олиб, унинг ўзини ва бутун мол- мулкини олиб кетдилар.
13. Қочоқлардан бири иброний Ибромга бориб, бўлган воқеаларни хабар қилди. Ибром ўша вақтда Эшкўл ва Онернинг қариндоши – амўрий Мамренинг болутзорида яшар, Мамренинг қавми эса унинг иттифоқчилари эди.
14. Ибром жияни асир олинганини эшитиб, ўзининг уйида туғилиб тарбияланган уч юз ўн саккиз эрни қуроллантирди-да, подшоҳларнинг кетидан қувиб, Дан шаҳрига етиб борди.
15. Кечаси Ибром ва унинг қуллари бўлиниб, душманга ҳужум қилишди ва уларни тор-мор қилишди. Уларнинг кетидан яна қувиб, Дамашқ шаҳрининг шимолий тарафидаги Ҳўва еригача етиб келишди.
16. У ердан Ибром ўлжага олинган бутун мол- мулкларни қайтариб келди. Жияни Лутни ва унинг мол-мулки, хотинлари билан қавм- қариндошларини ҳам қайтариб келди.
17. Ибром Кадўр-Лоўмер ва унга иттифоқдош бўлган подшоҳларни тор-мор этиб қайтиб келаётганида, Садўм шоҳи уни Шове текислигида (яъни Шоҳ водийсида) қаршилагани чиқди.
18. Худойи Таолонингруҳонийси бўлган Салим шоҳи Малкисидқ ҳам Ибромга нон ва шароб олиб чиқди.
19. У Ибромни дуо қилиб, шундай деди: «Еру кўкни яратган Худойи Таоло Ибромни муборак қилгай!
20. Ёвларингни қўлингга берган Худойи Таоло Ўзи муборак бўлгай!» Ибром эса Малкисидққа ҳар бир нарсадан ушр берди.
21. Садўм шоҳи Ибромга: – Одамларни менга беру, мол-мулкни ўзингга олгин, – деди.
22. Лекин Ибром Садўм шоҳига деди: – Мен еру кўкни яратган Худованд, Тангри Таоло ҳақи онт ичиб қўл кўтараман:
23. Сенинг бутун нарсаларингдан, ипдан тортиб чориқ боғигача бирон нарса ҳам олмайман. Яна: «Мен Ибромни давлатманд қилдим», демагин.
24. Ёлғиз йигитларнинг еб-ичганлари ва мен билан жангга борган одамлар – Онер, Эшкўл ва Мамренинг улуши бунга кирмайди, улар ўз ҳиссаларини олсинлар.
1. Бу ҳодисалардан кейин Худованд Ибромга ваҳий орқали каломини юбориб: – Эй Ибром, қўрқма, Мен сенга қалқонман. Сен учун мукофот ғоят катта бўлади, – деди.
2. Ибром бунга жавобан: – Ё Худоё Худовандо! Сен менга нима берасан? Мана, мен фарзандсиз кетаётирман. Рўзғоримни эса менга ўғиллик қиладиган дамашқлик Илъазар бошқаради.
3. Сен менга авлод бермаганингдан сўнг, энди хонадонимда ўғиллик қиладиган мана шу қулбошим менинг ворисим бўлади, – деди.
4. Шунда Худованд Ибромга каломини юбориб: – Йўқ, бу сенинг ворисинг бўлмайди, балки ўз уруғингдан ҳосил бўлажак ўғлинг сенинг ворисинг бўлади, – деди.
5. Сўнг Ибромни ташқарига чиқариб: – Осмонга қараб юлдузларни санай олсанг, сана, – деди. Ва қўшиб: – Мана сенинг авлодинг ҳам шунчалик кўп бўлади, – деди.
6. Ибром эса Худовандга ишонди ва шу тариқа оқланди.
7. Сўнгра Худованд Ибромга яна хитоб қилиб: – Бу ерга эга бўлишинг учун Мен, Худованд, сени халдейларнинг Ур шаҳридан чиқарганман, – деди.
8. Ибром сўради: – Ё Худоё Худовандо! Бу ерга эга бўлишимни мен қандай биламан?
9. Худованд: – Менга уч ёшли ғунажин, уч ёшли эчки, уч ёшли қўчқор ва битта мусича билан каптар жўжасини топиб кел, – деди.
10. Ибром эса буларнинг ҳаммасини топиб келди. Қурбонликларни икки пора қилиб, ҳар қайси бўлагини бошқа бўлагининг қаршисига қўйди. Фақат қушларни пора қилмади.
11. Ўлаксалар устига калхатлар қўна бошлади, Ибром уларни ҳуркитиб юборди.
12. Қуёш ботиш чоғида Ибромни қаттиқ уйқу босди. Шу пайтда катта даҳшату зулмат уни чулғаб олди.
13. Худованд Ибромга хитоб қилиб деди: – Шуни яхши билиб қўйгинки, сенинг насл- насабинг бегона юртда ғарибларча яшаб, қул бўладилар, тўрт юз йил жабр-зулм кўрадилар.
14. Аммо уларни қул қилган халқни эса Мен ҳукм этаман. Шундан сўнг улар катта мол- мулк билан у ердан чиқиб кетадилар.
15. Сен нуроний мўйсафид бўлиб ўлиб, дафн этилажаксан ва ота-боболаринг олдига боражаксан.
16. Амўрийларнинг гуноҳи ҳаддидан ошмагунча, сенинг насл-насабинг бу ерга қайтиб келмас, фақат тўрт авлод ўтгандан кейин қайтиб келажаклар.
17. Қуёш ботиб, қоронғилик чўккан эди. Қўққисдан тутаб турган бир тандир ва алангаланаётган бир машъал кўринди, булар қурбонлик парчалари орасидан ўтди.
18. Ўша куннинг ўзида Худованд Ибром билан аҳд қилиб, деди: – Миср водийсидан бошлаб улкан Фрот дарёсига қадар бу ернинг ҳаммасини Мен сенинг авлодингга бераман:
19. қенийлар, қениззийлар, қадмўнийлар,
20. ҳетийлар, периззийлар, рафоийлар,
21. амўрийлар, канъонийлар, гиргошийлар ва ябусийлар юртларининг ҳаммасини сенинг авлодингга бераман.
1. Ибромнинг хотини Сорай бола туғмаётган эди. Сорайнинг Ҳожар деган мисрлик чўриси бор эди.
2. Бир куни Сорай Ибромга: – Мана, Худованд мени туғишдан ожиз қилди. Сиз энди чўримнинг ёнига кираверинг, балки ундан болали бўларман, – деди. Ибром Сорайнинг сўзига қулоқ солди.
3. Шундай қилиб, улар Канъон юртида ўрнашганларининг ўнинчи йилида Ибромнинг хотини Сорай ўзининг мисрлик чўриси Ҳожарни эри Ибромга хотинликка олиб берди.
4. Ибром Ҳожарнинг ёнига кирганидан кейин, у ҳомиладор бўлди. Ҳожар ҳомиладорлигини пайқагач, хонимини назарга илмай қўйди.
5. Сорай Ибромга: – Менинг жафо чекишимга сиз айбдор! Мен чўримни сизнинг қўйнингизга солиб қўйдим, у ҳомиладор эканини билгач, мени назарига илмай қўйди. Бизнинг орамизда Худованд Ҳоким! – деди.
6. Ибром Сорайга: – Ўз чўринг ўз ихтиёрингда эмасми? Сен у билан билганингни қилавер, – деди. Сорай эса чўриси Ҳожарга шундай озор бердики, Ҳожар Сорайнинг олдидан қочиб кетди.
7. Ниҳоят Худованднинг фариштаси чўлдаги бир чашма бошида, Шур йўлидаги булоқ бошида Ҳожарни топиб:
8. - Эй Сорайнинг чўриси Ҳожар! Қайдан келиб, қайга бораётирсан? – деди. – Мен хонимим Сорайнинг олдидан қочиб келаётирман, – деди Ҳожар.
9. Худованднинг фариштаси унга: – Хониминг ёнига қайт ва унинг озорига чида, – деди.
10. Сўнг Худованд фариштаси қўшиб Ҳожарга: – Сенинг авлодингни шу қадар кўпайтираманки, кўплигидан уни санаб бўлмайди, – деди.
11. Худованднинг фариштаси учинчи гал Ҳожарга гапирди: – Мана, сен ҳомиладор бўлдинг, энди бир ўғил туғасан. Худованд сенинг жафоларингга қулоқ солгани учун, ўғлингнинг исмини Исмоил (яъни Худо эшитади) деб қўясан.
12. У инсонлар орасида асов эшакдай бўлгай. Унинг қўли ҳаммага қарши, ҳамманинг қўли ҳам унга қарши кўтарилгай. У барча қариндошлари билан қарама-қаршиликка бориб туражак.
13. Ҳожар: – Мени кўриб турган Тангрини мен ўз кўзим билан кўриб, тирик қолибман, – деди ва ўзига гапираётган Худовандни «Кўрувчи Тангри» деб чақирди.
14. Шунинг учун ҳам бу қудуқ «Барҳаёт Тангри кўзи» деб ном олди. У Қадеш билан Барад орасида жойлашган.
15. Ҳожар Ибромга ўғил туғиб берди. Ибром Ҳожар туққан ўғилнинг отини Исмоил қўйди.
16. Ҳожар Ибромга Исмоилни туғиб берганида, Ибром саксон олти ёшда эди.
1. Ибром тўқсон тўққиз ёшга кирган эди. Худованд унга зоҳир бўлиб деди: «Мен Қодир Тангриман. Менинг олдимда покдил бўлиб юргин.
2. Мен сен билан аҳд-паймон қиламан, сени жуда ҳам кўпайтираман».
3. Ибром юз тубан ерга йиқилди. Худо у билан гаплашиб деди:
4. «Мен сен билан аҳд қилиб, сени кўпдан-кўп халқларнинг отаси қиламан.
5. Сенинг исминг энди Ибром эмас, балки Иброҳим бўлади; зеро сени кўпдан-кўп халқларнинг отаси қилиб тайинладим.
6. Сени жуда ҳам баракали қилиб, сендан эл-халқлар вужудга келтираман. Сенинг уруғингдан подшоҳлар келиб чиқадилар.
7. Мен сен билан ва сендан кейинги авлодларинг билан наслдан-наслга ўтиб барқарор бўладиган абадий аҳдимни тузаман. Сенинг ва сендан кейинги авлодларингнинг Худоси Мен бўламан.
8. Сен ҳозир мусофирларча яшаётган мамлакатни – бутун Канъон ерини сенга ва сендан кейинги авлодларингга абадий мулк қилиб бераман. Уларнинг Худоси Мен бўламан».
9. Худо Иброҳимга яна деди: «Энди сен ва сендан кейин туғиладиган барча авлодларинг ҳам Менинг аҳдимга риоя қилиб юринглар.
10. Сенга ва сендан кейинги авлодларингга қуйидаги аҳдга риоя қилишингизни буюраман: орангиздаги ҳар бир эркак хатна қилинсин.
11. Сизлар аъзонгиз учидаги терини кестириб, суннат бўлинглар. Ана шу Мен билан сизларнинг орангиздаги аҳднинг белгиси бўлади.
12. Бундан буён наслингиздан туғиладиган ҳар бир ўғил болангиз, шу жумладан уйда туғилган ва бегона уруғдан бўлиб, сотиб олинган барча ўғил болалар ҳам саккиз кунлигида хатна қилинсинлар.
13. Хоҳ уйингизда туғилсин, хоҳ сотиб олинсин, сўзсиз хатна қилинсинлар. Менинг аҳдим ўз танангизда муҳрланган абадий аҳд бўлади.
14. Аъзосини кестирмай, суннатсиз тураверган эркак эса ўз қавми орасидан йўқ қилинсин. Бундай киши Менинг аҳдимни бузган ҳисобланади».
15. Худо Иброҳимга яна: – Хотининг Сорайни энди Сорай деб чақирма; унинг исми Соро (яъни Бека) бўлсин.
16. Мен уни баракали қилиб, ундан сенга ўғил ҳам бераман. Уни шундай баракали қиламанки, у эл-халқларнинг онаси бўлади. Ундан ҳатто халқларнинг подшоҳлари туғиладилар, – деди.
17. Иброҳим буни эшитиб, юз тубан ерга йиқилди. «Наҳотки юз ёшга кирган эркакдан бола бўлса? Наҳотки тўқсон яшар Соро бола туғса?» – деб кўнглидан ўтказди ва кулиб юборди.
18. Сўнг Иброҳим Худога: – Кошки Исмоил Сенинг лутфу караминг остида яшаса эди! – деди.
19. Худо деди: – Хотининг Соро сенга ўғил туғиб бериши муқаррар. Унга Исҳоқ деб исм қўясан. Ундан кейинги авлод учун ҳам абадий аҳд бўлсин, деб Мен у билан аҳдлашмоқчиман.
20. Бироқ, Исмоил ҳақида айтган сўзингга ҳам қулоқ бердим. Мен уни баракали қиламан ва жуда ҳам кўпайтираман. Ундан ўн икки қабила йўлбошчиси келиб чиқади. Мен ундан буюк халқ вужудга келтираман.
21. Аммо Ўз аҳдимни эса келаси йил шу вақтнинг ўзида Соро сенга туғиб берадиган Исҳоқ орқали амалга ошираман.
22. Худо Иброҳим билан гапини тамомлаб, унинг олдидан юқорига кўтарилди.
23. Иброҳим эса, Худо унга буюрганидек, ўша куннинг ўзида ўғли Исмоилни ва унинг хонадонида туғилган ҳамда сотиб олинган бутун эркакларни хатна қилди.
24. Иброҳим ўзи хатна қилинганида тўқсон тўққиз ёшда эди.
25. Унинг ўғли Исмоил хатна қилинганида ўн уч ёшда эди.
26. Улар иккаласи ўша куннинг ўзида суннат қилиндилар.
27. Шунингдек, Иброҳим билан бирга унинг хонадонидаги барча эркаклар – уйда туғилганлар билан бегона уруғдан сотиб олинганлар ҳам барчаси хатна қилиндилар.
1. Куннинг жазирама иссиқ вақтида Иброҳим чодирининг эшиги олдида ўтирган эди. Бирданига Худованд Мамре болутзори ичидан унга зоҳир бўлди.
2. Иброҳим бир қараб, рўпарада уч киши турганини кўрди. Иброҳим уларни кўриши биланоқ чодир эшигидан туриб, уларни кутиб олгани чопди-да, ергача эгилганча таъзим қилди.
3. - Ҳазратим, – деди, – Агар мендан рози бўлсанг, бандангдан юз ўгириб кетма.
4. Бир оз сув келтирсин, оёқларингизни ювинглар, шу дарахт тагида ёнбошлаб дам олинглар.
5. Мен бир луқма нон олиб келай. Дилингизга қувват киритиб, яна сафарни давом эттирасизлар. Бандангиз томон йўлингиз тушибди, ахир. – Хўп, худди айтганингдек қилавер! – деди улар.
6. Иброҳим чодирга, Соронинг ёнига шошилиб кирди-да: – Тез бўл, уч тоғора майда ун олиб, хамир қил ва патир ёп, – деди.
7. Сўнг Иброҳим пода томон чопди-ю, битта яхши, ёш бузоқни олиб, хизматчи йигитга берди. Йигит эса дарҳол бузоқни сўйиб пиширишга қўл урди.
8. Шу орада Иброҳим сариёғ билан сут келтирди. Бузоқ пишгач, уни ҳам меҳмонлар олдига қўйди. Улар овқатланар эканлар, Иброҳим дарахтнинг тагида ҳозир бўлиб турарди.
9. Улар Иброҳимдан сўрашди: – Хотининг Соро қаерда? – Шу ерда, чодирда, – деди Иброҳим.
10. Улардан Бири: – Келгуси йил шу вақтда Мен сенинг олдингга қайтиб келганимда, хотининг Соронинг бир ўғли бўлади, – деди. Соро эса Унинг орқа томонида, чодирнинг эшиги олдида гапни тинглаб турарди.
11. -
12. У бу гапни эшитиб, ич-ичидан кулиб юборди. Чунки Иброҳим билан Соро энди жуда қариб қолишган, умрлари охирлаб қолган, Сорода хотинларга хос хусусият ҳам тугаган эди. «Қариганимдан кейин мен яна гаштимни сурар эканман-да! Жанобим ҳам қариб қолганлар-ку, ахир», – деб кўнглидан кечирди.
13. Худованд Иброҳимга деди: – Нима учун Соро кулиб, «Мен қариганимда яна бола туғсам бўлармикин», деб айтди?
14. Худованд учун имконсиз нарса борми? Келгуси йил белгиланган вақтда Мен сенинг олдингга қайтиб келганимда, Соронинг бир ўғли бўлади, – деди.
15. Шунда Соро қўрқиб: – Кулганим йўқ, – деб сўзидан тонди. Лекин У: – Йўқ, кулдинг! – деди.
16. Фаришталар у ердан пастга қараб, Садўм томон жўнаб кетдилар. Иброҳим эса уларни кузатиб қўйгани бирпас уларга йўлдош бўлди.
17. Шу орада Худованд деди: «Мен қиладиган ишимни Иброҳимдан яширмайман.
18. Иброҳимдан-ку улуғ ва кучли халқ келиб чиқади. Бутун ер юзидаги халқлар ундан барака топадилар.
19. У ўзидан кейинги ўғилларига ва уй аҳлига ҳам Худованд йўлидан боришни, тўғрилик ва одиллик билан иш қилишни амр этсин, деб Мен уни танладим. Шу амрга амал қилишса, Мен, Худованд, Иброҳим ҳақида сўзлаганларимни амалга ошираман».
20. Худованд яна деди: «Садўм ва Ғамўра устидан оҳу воҳлар кўп бўлган, уларнинг гуноҳлари жуда оғир бўлган.
21. Энди Мен пастга тушай, қулоғимга етиб келган оҳ- фиғонлар ростмикин, улар эшитганимча разилликка борганмикин, бир кўрайин. Рост бўлмаса уни ҳам билайин».
22. Шу орада фаришталар Садўмга қараб жўнаб кетишган, Иброҳим эса ёлғиз ўзи Худованд олдида тик турган эди.
23. Иброҳим Унга яқинроқ келиб деди: – Наҳотки Сен солиҳни ёвуз киши билан бирга қириб ташласанг?
24. Балки бу шаҳарда эллик нафар солиҳ киши бордир. Наҳотки ўша эллик нафар солиҳ ҳақи бу жойга омонлик бермасанг?
25. Асло, солиҳни ёвуз билан бирга қириб ташлама! Солиҳ билан ёвузнинг қисматини баробар тутиш ҳеч ҳам Сенга муносиб иш эмас. Сен бутун ернинг Ҳокимисан, шак-шубҳасизки, Сен адолат билан ҳукм қиласан.
26. Худованд: – Агар Мен Садўм шаҳрида эллик нафар солиҳ киши топсам, улар ҳақи бутун бу жойга омонлик бераман, – деди.
27. Иброҳим жавоб берди: – Мана мен тупроқ ва кул бўла туриб, Раббимга гапиришга журъат этдим.
28. Агар эллик солиҳга беш нафар етмаса-чи, шу беш нафар учун Сен бутун шаҳарни хароб қиласанми? – Агар у ерда қирқ беш нафар солиҳ топсам, хароб этмайман, – деди Худованд.
29. Иброҳим яна Унга гапиришда давом этиб: – Бордию, у ерда қирқ нафар топилса-чи? – деди. – Шу қирқ нафар ҳақи учун ҳам бу ишни қилмайман, – деди Худованд.
30. Иброҳим яна: – Айтадиган сўзимга Раббим ғазабланмасин-у, мабодо у ерда ўттиз нафар топилса-чи? – деди. Худованд: – Агар у ерда ўттиз нафар топилса ҳам, бу ишни қилмайман, – деди.
31. Иброҳим: – Мана, мен Раббимга гапиришга кўп журъат қилдим, бордию у ерда йигирма нафар топилса-чи? – деди. Худованд: – Ўша йигирма нафар ҳақи учун ҳам бу жойни хароб қилмайман, – деди.
32. Иброҳим Унга: – Мен яна бир марта сўзласам, Раббим дарғазаб бўлмасин: бордию у ерда ўн нафаргина топилса-чи? – деди. Худованд: – Ўша ўн нафар ҳақи учун ҳам бу жойни хароб қилмайман, – деди.
33. Худованд Иброҳим билан гапини тамом қилиб, ундан айрилиб кетди. Иброҳим эса ўз маконига қайтиб кетди.
1. Оқшом тушгач, ўша икки фаришта Садўмга келдилар. Шаҳар дарвозаси ёнида Лут ўтирган эди. Лут уларни кўриши биланоқ ўрнидан туриб, уларга пешвоз чиқди, юзи билан ерга йиқилгудек бўлиб таъзим қилди:
2. - Жанобларим, бандангизнинг уйига кириб кечани ўтказинглар, оёқларингизни ювинглар. Эрта билан туриб, яна ўз йўлингизга кетасизлар, – деди. Улар эса: – Йўқ, биз кўчада тунаймиз, – дедилар.
3. Фақат Лут уларга жуда кўп ялингандан кейин унинг уйига кириб меҳмон бўлдилар. Лут уларга зиёфат берди, патир нон ёпди, улар еб тўйди.
4. Улар ҳали ётмаган эдилар, Садўм шаҳрининг барча аҳолиси, ёшлардан тортиб кексаларгача – шаҳарнинг ҳамма одамлари йироқ-яқиндан келишиб, уйнинг атрофини ўраб олдилар.
5. Улар Лутни чақириб: – Бу кеч сенинг олдингга келган одамлар қани? Уларни бизнинг олдимизга олиб чиқ, уларни яқиндан билиб олайлик! – дедилар.
6. Лут эса уларнинг олдига, остонага чиқиб, кетидан эшикни ёпиб қўйди-да:
7. - Биродарларим, зинҳор уларга ёмонлик қилманглар!
8. Мана, менинг эрга тегмаган икки қизим бор. Яхшиси мен уларни олдингизга чиқарай, улар билан ўзингиз маъқул кўрганингизни қилинглар. Фақат бу одамларга қўл тегизманглар, улар менинг томим остида манзил топишган, ахир, – деди.
9. Аммо одамлар бир оғиздан: – Йўлни бўшат! Мана бир киши бегона жойдан истиқомат қилишга келади-ю, охирида қозиликка ҳам интилади! Энди улардан кўра сенга кўпроқ ёмонлик қиламиз, – деб Лутни кўп сиқдилар. Эшикни синдириб ташлаш учун ҳамла қилдилар.
10. Шу заҳот ичкаридаги зотлар қўл узатиб, Лутни ёнларига, уйга олиб кирдилар ва орқаларидан эшикни бекитиб қўйдилар.
11. Эшик олдида турган одамларнинг каттаю кичигини кўрликка мубтало қилдилар, улар эса эшикни топишга ожиз бўлдилар.
12. Фаришталар Лутга: – Бу ерда сенинг яна киминг бор? Куёвингми, ўғлингми, қизингми – шаҳарда киминг бўлса, ҳаммасини бу ердан олиб чиқиб кетгин.
13. Чунки биз бу шаҳарни хароб қилмоқчимиз. Бу ердаги одамларнинг ёвузлиги ҳақидаги оҳ-фиғонлар Худовандгача етиб борди. Мана шу жойни хароб қилиш учун Худованд бизни юборди, – дейишди.
14. Лут ташқарига чиқиб, куёвлари билан гаплашди: – Туринглар, бу жойдан чиқиб кетинглар, чунки Худованд бу шаҳарни хароб қилмоқчи, – деди. Лекин куёвлари назарида у ҳазил қилаётгандек туюлди.
15. Тонг отганда, фаришталар Лутни қистаб: – Бу шаҳарнинг гуноҳи туфайли ҳалок бўлмаслигинг учун энди ўрнингдан тур, ўзинг билан хотинингни ва икки қизингни олиб кет, – дедилар.
16. Лут эса сусткашлик қилса ҳам, Худованд уни аяди. Фаришталар уни, хотини ва икки қизини қўлидан ушлаб, шаҳарнинг ташқарисига чиқариб қўйдилар.
17. Уларни ташқарига чиқараётган вақтда фаришталардан бири: – Жонингни сақлаб қочиб қол, орқага ҳеч қарама. Ҳалок бўлмаслик учун атрофдаги бирон жойда ҳам тўхтамай, тўғри тоққа чиқ, бошингни омон сақла, – деди.
18. Аммо Лут унга: – Йўқ энди, Ҳазратим!
19. Мана, сен шу бандангни илтифотингга сазовор ҳисоблабсан, жонимни аяб, жуда катта эҳсон қилдинг. Бироқ, ўзимни кулфату ўлимдан сақлаб қолиш учун тоққа қочиб кета олмайман.
20. Мана, шу яқин жойда кичик шаҳарча бор. Мен анави кичкина жойга қочиб, жонимни сақлаб қоламан, – деди.
21. Фаришта Лутга деди: – Мен бу ишда ҳам сенга эътибор бераман, сен айтган шаҳарни яксон қилмайман.
22. Энди тез ҳаракат қил, у ерга қочиб омон бўл. Чунки сен у ерга етиб бормагунингча, мен бирон иш қила олмайман, – деди. Ана шу сабабли бу шаҳар Сўъар (яъни Кичкина) деб аталиб келади.
23. Мамлакат узра кун ёришиб, Лут Сўъарга етиб борган эдики,
24. Худованд Садўм билан Ғамўра устига осмондан, Ўз ҳузуридан оловли олтингугурт ёғдирди.
25. Бу шаҳарларни ҳамда уларда яшовчиларнинг ҳаммасини, бутун ува ва унинг ўсимликларини ҳам ер билан яксон қилиб ташлади.
26. Лутнинг хотини эса орқасига қараб, туз тирагига айланиб қолди.
27. Эрта билан Иброҳим йўлга чиқиб, Худованд рўпарасида турган ўша жойга борди.
28. Пастга қараб, Садўм ва Ғамўра ҳамда бутун ува бўйлаб рўй берган фожиани пайқади. Ер сатҳидан кўтарилаётган паға-паға тутун ёнар кўрадан чиқаётган тутунга ўхшар эди.
29. Лут истиқомат қилган ува шаҳарларини Худо ер билан яксон қилганида, У Иброҳимнинг ҳақи учун талаф бўлаётганлар орасидан Лутни халос қилган эди.
30. Лут Сўъар шаҳридан чиқиб, икки қизи билан тоғда яшай бошлади. Чунки у Сўъарда туришдан қўрқди ва икки қизи билан бир ғорда истиқомат қилаверди.
31. Бир куни Лутнинг катта қизи кичигига деди: – Отамиз қари, ер юзидаги одатга кўра биз никоҳга олинишимиз учун мамлакатда бирон эркак қолмаган.
32. Кел, отамизга шароб ичириб, у билан ётамиз, токи отамиздан насл сақлайлик.
33. Ўша кечаси қизлар оталарига шароб ичирдилар. Катта қиз отасининг ётоғига кириб, у билан ётди. У эса қизининг қачон ётиб, қачон турганини билмади.
34. Эртасига катта қиз синглисига: – Мен ўтган кеча отам билан ётдим. Бу кеча унга яна шароб ичирамиз, бу гал сен унинг ётоғига кириб у билан ёт, токи отамиздан насл сақлайлик, – деди.
35. Қизлар ўша кечаси ҳам оталарига шароб ичирдилар. Кичик қиз бориб, отаси билан ётди. Отаси эса қизининг қачон ётиб, қачон турганини билмади.
36. Шундай қилиб, Лутнинг иккала қизи ҳам оталаридан ҳомиладор бўлдилар.
37. Катта қиз ўғил туғиб, унинг исмини Мўов қўйди; у бугунгача Мўов халқининг отасидир.
38. Кичик қиз ҳам ўғил туғиб, унинг исмини Бен-Амми қўйди; у бугунгача Аммон ўғилларининг отасидир.
1. Иброҳим у ердан Жанубистонга кўчиб бориб, Қадеш билан Шур орасида ўрнашиб олди. Гарор шаҳрида эса манзилгоҳ қилди.
2. Иброҳим хотини Сорони «синглим» деб айтар эди. Гарор шоҳи Абумалик эса одам юбориб, Сорони хотинликка олди.
3. Бир кеча Худо Абумаликнинг тушига кириб, унга: – Сен мана шу олган хотининг туфайли ўласан, чунки у эри бор хотиндир, – деди.
4. Абумалик эса Сорога яқинлашмаган эди. У: – Ё Раббим, наҳотки Сен бегуноҳ халқни ҳам ҳалок қилсанг?
5. Ана у киши ўз аёлини синглим деди-ку! Хотиннинг ўзи ҳам: «Бу менинг акам», деб айтиб юрибди-ку. Мен бу ишни соддадиллик билан, ҳалол қўлим билан қилдим, – деди.
6. Худо Абумаликка тушида деди: – Сен бу ишни соддадиллик билан қилганингни Мен ҳам билар эдим. Шунинг учун сени Менга қарши гуноҳ қилишдан сақладим, сени Сорога тегишга қўймадим.
7. Энди сен бу аёлни эрига қайтариб бер. У пайғамбардир, сен учун ибодат қилади ва сен тирик қоласан. Агарда аёлни қайтариб бермасанг, шуни билки, сен билан халқинг ҳаммангиз бутунлай ўласизлар!
8. Абумалик эрталаб туриши билан барча қулларини чақириб, бу гапларнинг ҳаммасини уларга уқтириб берди. У одамлар эса қаттиқ қўрқиб кетишди.
9. Сўнгра Абумалик Иброҳимни чақиртириб, унга: – Сен бизга нима қилдинг? Мен сенга нима ёмонлик қилдимки, сен менинг ва мамлакатим бошига оғир гуноҳ келтирдинг? Сен ҳеч ким қилмайдиган ишларни менга қилдинг! – деди.
10. Кейин Абумалик Иброҳимдан яна: – Сен асли нимани кўзлаб бу ишни қилдинг? – деб сўради.
11. Иброҳим айтди: – Мен: бу жойда Худодан қўрқиш деган нарса йўқ, хотиним сабабли мени ўлдирарлар, дедим.
12. Лекин ҳақиқатан ҳам у менинг синглим, онамнинг қизи бўлмаса-да, отамнинг қизидир. Энди эса у менинг хотиним ҳам бўлди.
13. Бир вақтлар Худо мени отам уйидан адаштириб дарбадарликка йўлиқтирган эди. Шунда мен Сорога: Менга қиладиган яхшилигинг шу бўлсинки, биз қаерга борсак, сен мени акам деб айт, дедим.
14. Шунда Абумалик қўю сигирлар, қулу чўриларни Иброҳимга тортиқ қилди. Хотини Сорони эса унга қайтариб берди.
15. – Мана, менинг ўлкам сенинг кўз олдингда турибди. Ўзингга ёққан жойда истиқомат қил, – деди Абумалик.
16. Сорога ҳам: – Мана, мен акангга мингта кумуш танга беряпман, булар сенинг юз-кўзингни паранжидай қавминг кўзидан тўссин, сенинг иффатинг беғубор эканини ҳамма аниқ билсин, – деди.
17. Ўшанда Иброҳим Худога ибодат қилди, Худо эса Абумаликка шифо берди. Унинг хотини ва чўриларига ҳам Худо шифо бериб, уларни яна туғадиган қилди.
18. Чунки Иброҳимнинг хотини Соро сабабли Худованд Абумаликнинг хонадонидаги ҳар бир аёлни туғишдан ожиз қолдирган эди.
1. Худованд берган сўзини амалга ошириб, Сорони йўқлади.
2. Соро эса ҳомиладор бўлиб, Иброҳимга қариган чоғида, Худо унга белгилаган вақтда ўғил туғиб берди.
3. Иброҳим ўзидан бўлган, Соро унга туғиб берган ўғлининг отини Исҳоқ (яъни Кулган) қўйди.
4. Иброҳим, Худо буюрганидек, ўғли Исҳоқни саккиз кунлигида хатна қилди.
5. Исҳоқ туғилганида, Иброҳим юз ёшда эди.
6. Соро эса: «Худо мени кулги қилди, эшитган барча менинг устимдан кулади», – деди.
7. Ва яна: «Соро чақалоқ эмизади, деб Иброҳимга ким айтар эди? Энди қаранг, Иброҳим қариганидан кейин мен ўғил туғдим!» – деди.
8. Исҳоқ ўсиб, унинг эмчакдан ажралиш куни келиб қолганда, Иброҳим ўғли шарафига катта зиёфат берди.
9. Мисрлик Ҳожарнинг Иброҳимга туғиб берган ўғли эса шўхлик қилаётган эди. Соро буни кўриб,
10. Иброҳимга: – Бу чўрини ўғли билан бирга ҳайдаб юбор! Бу чўрининг ўғли менинг ўғлим Исҳоқ билан баравар ворис бўлмайди, – деди.
11. Иброҳим бу гапдан жуда хафа бўлди. Ахир, бу ҳам унинг ўғли эди.
12. Аммо Худо Иброҳимга деди: – Сен ўғлинг ва чўринг учун хафа бўлма. Соронинг айтадиган ҳамма гапига қулоқ сол. Чунки сенинг наслинг Исҳоқ орқали кўпаяди.
13. Шунга қарамай, чўрингнинг ўғлидан ҳам бир халқ яратаман, чунки у ҳам сенинг наслингдир.
14. Иброҳим эрталаб туриб, нон ва бир меш сувни олиб Ҳожарга берди, унинг елкасига қўйиб, боласи билан жўнатиб юборди. Ҳожар эса кетаётиб, Беър-Шева чўлида адашиб қолди.
15. Мешдаги сув тамом бўлгач, Ҳожар боласини бир бутанинг тагига ташлаб кетди.
16. «Боламнинг ўлишини кўрмайин», – деб у нарироқ кетди-да, бир ўқ отар масофадаги узоқликда ўтирди. Ҳожар рўпарада ўтирганича, дод-фарёд кўтарди.
17. Худо эса ўсмирнинг додига қулоқ солди. Худонинг фариштаси осмондан Ҳожарга хитоб қилди: – Эй Ҳожар, сенга нима бўлди? Қўрқма, Худо ўсмирнинг додини ётган жойидан эшитди.
18. Энди ўрнингдан тур, ўсмирни кўтариб ол ва унинг қўлидан қаттиқ ушла. Чунки Мен ундан буюк халқ яратаман, – деди.
19. Худо Ҳожарнинг кўзларини очиб юборди, у суви бор қудуқни кўриб қолди. Бориб мешни сувга тўлдирди-да, боласига ичирди.
20. Шундан кейин ўсмир чўл-биёбонда яшай бошлади. Худо эса доимо у билан бирга эди. У улғайиб, камонкаш бўлди.
21. У Порон чўлида истиқомат қиларди. Онаси эса уни Миср юртидан уйлади.
22. Ўша вақтда Абумалик ўз лашкарбошиси Пихўл билан Иброҳимнинг олдига бориб гап очди: – Сен нимаики қилсанг, Худо сен биландир.
23. Энди шу турган жойда мени ва ўғил- набираларимни алдамаслик тўғрисида Худо ҳақи қасамёд қилгин: мен сенга қандай эҳсон қилган бўлсам, сен ҳам менга ва сен мусофир бўлган мамлакатга шундай эҳсон қилгайсан, – деди.
24. Иброҳим: – Мен қасамёд қиламан, – деди-ю,
25. шу билан Абумаликнинг қуллари суви бор қудуқни зўрлик билан олганликлари ҳақида гина қилди.
26. Абумалик: – Мен бу ишни ким қилганини билмайман, сен ҳам менга хабар қилмагандинг. Мен бу ҳақда бугунгача эшитганим йўқ эди, – деди.
27. Шунда Иброҳим қўйлар ва сигирларни Абумаликка тортиқ қилиб, икковлари аҳдлашдилар.
28. Иброҳим еттита урғочи қўзини подадан алоҳида ажратиб қўйди.
29. Абумалик Иброҳимдан: – Нима учун сен шу еттита урғочи қўзини алоҳида қўйдинг? – дея сўради.
30. Иброҳим: – Бу етти урғочи қўзини менинг қўлимдан олгин, шу қудуқни мен ўзим қазиганлигимга мана шу қўзилар гувоҳ бўлсин, – деди.
31. У ерда иккови қасамёд қилишди. Шу сабабли Иброҳим ўша жойни Беър-Шева деб атади.
32. Улар Беър-Шевада аҳдлашиб бўлгач, Абумалик ва лашкарбошиси Пихўл йўлга тушиб, филистийлар мамлакатига қайтиб кетишди.
33. Иброҳим эса Беър-Шевада юлғунзор ўтқазди. Ўша ерда у абадий Тангри бўлган Худованд исмини чақирди.
34. Иброҳим анча вақт филистийлар мамлакатида мусофирдай яшади.
1. Бу ҳодисалардан сўнг Худо Иброҳимни синаб, унга: – Иброҳим! – деди. – Лаббай! – деди у.
2. Худо: – Ўзинг севадиган ягона ўғлинг Исҳоқни олиб Мўриё ерига кет. У ерда Мен сенга айтадиган тоққа чиқиб, ўғлингни қурбон қил, – деди.
3. Иброҳим эрта билан туриб, эшагини эгарлаб, қурбонлик куйдириш учун ўтин ҳам майдалади-да, қулваччалардан иккитасини ва ўғли Исҳоқни ўзи билан олди, Худо унга айтган жойга қараб равона бўлди.
4. Уч кун юришгандан кейин Иброҳим нарига бир кўз ташлади, ўша жойни узоқдан кўрди.
5. У йигитларига: – Сизлар эшак билан бу ерда ўтириб кутиб туринглар. Мен ўсмир билан у ёққа бориб сажда қилиб, яна ёнингизга қайтиб келамиз, – деди.
6. Иброҳим қурбон куйдиришга ярайдиган ўтинни ўғли Исҳоқнинг елкасига ортди. Ўт ва пичоқни эса ўзи қўлига олиб, икковлари бирга жўнаб кетдилар.
7. Шу орада Исҳоқ отаси Иброҳимга: – Отажон! – деди. – Лаббай, ўғлим, – деди у. – Мана, ўт бор, ўтин бор, лекин қурбон қўзиси қани? – деб сўради.
8. Иброҳим: – Ўғлим, қурбон қўзисини Худо Ўзи беради, – деди. Шундай қилиб, икковлари йўлда давом этдилар.
9. Худо Иброҳимга айтган жойга келганларида, у қурбонгоҳ тиклаб, ўтинни қалади. Сўнг ўғли Исҳоқни боғлаб, уни қурбонгоҳ устига, ўтинларнинг устига ётқизди.
10. Иброҳим пичоққа қўл солиб, ўғли Исҳоқни бўғизламоқчи бўлган ҳам эдики,
11. бирданига осмондан Худованднинг фариштаси унга хитоб қилди: – Иброҳим! Иброҳим! – Лаббай, – деди у.
12. Фаришта: – Ўсмирга қарши қўл кўтарма, унга ҳеч ёмонлик қилма. Мен энди биламанки, сен Худодан қўрқасан, яккаю ягона ўғлингни ҳам Мендан аямадинг, – деди.
13. Иброҳим бир орқасига бурилиб қараса, чакалакда шохлари ўралиб қолган қўчқорни кўрди. Иброҳим бориб, қўчқорни олиб келди ва уни ўғли ўрнига сўйиб куйдирди.
14. Бу жойга Иброҳим «Худованд таъминлайди» деган ном берди. Бинобарин бугун ҳам: «Худованд тоғида таъминот бор», деб айтишади.
15. Худованднинг фариштаси иккинчи гал осмондан Иброҳимга хитоб қилди:
16. – Мен Зотим ҳақи қасамёд қиламанки, Худованд гапирмоқда: сен бу ишни қилиб, ягона ўғлингни аямаганинг учун,
17. Мен сенга қут-барака бераман. Насл-насабингни кўкдаги юлдузлардай ва денгиз соҳилидаги қумдай кўпайтириб юбораман. Сенинг ўғил- набираларинг ўз душманларининг шаҳарларини оладилар.
18. Сен гапимга қулоқ солганинг учун, ер юзидаги барча халқлар сенинг наслингдан барака топадилар, – деди.
19. Шундан сўнг Иброҳим яна йигитлари ёнига қайтиб келди. Улар бу ердан бирга жўнашиб, Беър-Шевага кетдилар. Иброҳим Беър-Шевада турар эди.
20. Бу ҳодисалардан кейин Иброҳимнинг қулоғига: «Мана сенинг уканг Наҳўрнинг хотини Милка ҳам ўғилларнинг онаси бўлди», деган хабар етди.
21. Чунончи Наҳўрнинг ўғиллари: тўнғичи Ус ва унинг укаси Буз, Арамнинг отаси Қамуил,
22. Касад, Ҳазў, Пилдош, Идлоф ва Батуил.
23. Батуил эса Ривқо деган қизнинг отаси бўлди. Мана шу саккиз ўғилни Милка Иброҳимнинг укаси Наҳўрга туғиб берди.
24. Наҳўрнинг Раума деган иккинчи хотини ҳам бор эди; у эса эрига Таваҳ, Гаҳам, Таҳаш ва Мааха исмли ўғилларни туғиб берди.
1. Соро юз йигирма етти йил умр кўрди.
2. Соро шу ёшида Канъон мамлакатидаги Қирят- Арба (яъни Ҳебрўн) шаҳрида қазо қилди. Иброҳим эса Соро учун йиғлаб, таъзия маросими ўтказди.
3. Марҳумасига мотам тутиш даври тугагач, Иброҳим ҳетийларнинг олдига бориб уларга:
4. Мен сизларнинг олдингизда ғарибу мусофир бўлиб яшаб келаман. Энди марҳумам билан видолашиб, уни дафн этишим учун менга ерингиздан мақбара қурадиган жой ажратиб беринглар, – деди.
5. Ҳетийлар Иброҳимга жавоб бериб:
6. - Эй тақсиримиз, бизни тингла: биз сени ўз орамизда Худонинг амири деб биламиз. Сен мақбарамизнинг энг яхшисига марҳумангни дафн қилгин. Бизлардан бирон киши марҳумангни кўмишинг учун ўз мақбарасини сендан аямайди, – дейишди.
7. Иброҳим ўрнидан туриб у ернинг халқи – ҳетийларга таъзим қилди-да,
8. уларга хитоб қилди: – Агар марҳумам билан видолашиб уни дафн этишимга рози бўлсангизлар, унда мени тингланглар. Мен учун Сўҳар ўғли Афрондан илтимос қилинглар,
9. у ўзининг даласи четидаги Махпела ғорини менга берсин. Мен орангизда бемалол мақбара қуришим учун, у шу ғорни менга тўла нархга берсин.
10. Ҳетий Афрон эса ўз қавми орасида ўтирган эди. Шаҳар дарвозасига келган ҳамма ҳетийларга эшиттириб, Афрон Иброҳимга жавоб берди:
11. - Йўқ, тақсирим, мени тингла: ўша далани мен сенга шундайлигича бераман, ундаги ғорни ҳам бераман, мана, сенга буни беришимга ўз қавмим кишилари гувоҳдирлар. Сен марҳумангни дафн қила қол, – деди.
12. Иброҳим у ернинг халқи олдида таъзим қилди-да,
13. ҳамма халққа эшиттириб Афронга: – Қани энди сен менинг гапимга қулоқ солсанг: сенга у дала эвазига пул бераман. Пулини мендан ол, мен эса бемалол марҳумани у ерга кўма қолай, – деди.
14. Афрон Иброҳимга жавоб бериб:
15. - Майли тақсирим, мени тингла: ернинг қиммати тўрт юз кумуш ёмби туради, бу бизнинг орамизда ҳеч нарса эмас. Сен марҳумангни дафн қила қол, – деди.
16. Иброҳим Афроннинг ҳетийларга эшиттириб айтган нархига унади, савдогарлар муомаласида ўтадиган оғирликдаги тўрт юз кумуш ёмбини тортиб Афронга берди.
17. Шундай қилиб, Мамре қаршисидаги Махпела деган ернинг даласи ва ундаги ғор, шунингдек, далада ва унинг атрофида бўлган барча дарахтлар Афроннинг қўлидан кетиб,
18. Иброҳимнинг мулкига ўтди. Шаҳар дарвозасидан кириб чиқадиган ҳетийларнинг ҳаммаси эса бунга гувоҳ бўлдилар.
19. -
20. Шундан кейин Иброҳим хотини Сорони ўша ерга дафн қилди. Шу йўсин Канъон мамлакатидаги, Мамре (Ҳебрўн) қаршисида жойлашган Махпела даласи ҳамда ундаги ғор ҳетийлар мулкидан чиқиб, Иброҳимга оиласи учун мақбара бўладиган ер улуши бўлиб ўтди.
1. Иброҳим энди қариб, кунлари охирлаб қолган эди. Худованд уни ҳар жиҳатдан баракали қилган эди.
2. Иброҳимнинг бутун мол-мулкини бошқарадиган хонадон раиси бор эди. Иброҳим унга: – Қўлингни сонимнинг тагига қўй.
3. Еру осмонни яратган Худованд ҳақи сенга қасам ичираман: мен канъонийларнинг орасида яшасам-да, канъоний қизларидан ўғлимга хотин олма.
4. Сен ўзимнинг ватанимга бориб, қавм-қариндошларимдан ўғлим Исҳоққа хотин олгин, – деди.
5. Хизматкор Иброҳимга жавобан: – Бош устига! Лекин бордию у қиз мен билан бу ерга келишга рози бўлмаса, унда мен ўғлингизни сиз қолдириб кетган юртингизга қайтаришим керакми? – деб сўради.
6. Иброҳим унга: – Зинҳор-базинҳор ўғлимни у ерга қайтарма!
7. Мени отам уйидан, қавмим еридан олган, осмонни яратган Худованднинг Ўзи менга қасамёд қилиб: «Мана, шу ерни сенинг зурриётингга бераман», деб айтган эди. Энди эса У сенинг олдингга фариштасини юборади ва сен ўғлимга ўша ердан хотин топасан.
8. Агар у қиз сенинг орқангдан келишга рози бўлмаса, унда сен бу қасамдан озод бўласан. Фақат ўғлимни у ерга қайтара кўрма! – деди.
9. Шунда хизматкор хўжайини Иброҳимнинг сони тагига қўлини қўйиб, унга бу ҳақда қасамёд қилди.
10. Сўнг у хўжайинининг туяларидан ўнтасини ва ҳар хил қимматбаҳо буюмларидан ҳам ўзи билан олиб, жўнаб кетди. У йўл юриб, Месопотамияга, Наҳўр яшаган шаҳарга етиб борди.
11. Аёллар сув тортиш учун чиқадиган оқшом пайти бўлган эди, хизматкор туяларни шаҳар ташқарисидаги қудуқнинг бошида чўктириб
12. деди: – Ё Худоё Худовандо, хўжайиним Иброҳимнинг Худоси! Хўжайиним Иброҳимга иноят қилиб, бугун ишимга омад бергин.
13. Мана, мен шу чашма бошида турибман, шаҳар аҳлининг қизлари ҳозир сув тортгани чиқишяпти.
14. Мен қайси қизга: «Кўзангни пасайтир, мен сув ичай», десам, у эса: «Ўзинг ич, туяларингни ҳам суғораман», деса, Сен банданг Исҳоққа лойиқ кўрганинг ўша бўлсин. Сен хўжайинимга иноят қилишингни мен шундан биламан, – деди.
15. Хизматкор ҳали гапириб турган ҳам эдики, Ривқо кўзасини елкалаб чиқиб қолди. У Иброҳимнинг укаси Наҳўр билан хотини Милканинг ўғли – Батуилнинг қизи эди.
16. Бу қиз ранги-рафтори жуда чиройли, бирон эркак қўл тегизмаган бокира қиз эди. У чашмага иниб, кўзасини тўлдириб олди-да, юқорига қайтиб чиқди.
17. Шунда хизматкор уни қаршилагани чопди ва: – Кўзангдан менга бир қултум сув бер-чи, – деди.
18. Қиз: – Ичинг, жанобим, – деди-ю дарҳол кўзасини пасайтириб, ўз қўли билан унга ичирди.
19. Унга ичириб бўлгач: – Мен сизнинг туяларингизга ҳам сув тортаман, тўйгунча ичсин, – деди-да,
20. тез кўзасида қолган сувни охурга бўшатди. Яна қудуқ томон чопиб бориб, сув тортди ва у кишининг ҳамма туяларини ҳам суғорди.
21. Хизматкор киши эса, Худо йўлимни ўнгладими, деб билмоқчи бўлиб, диққат билан қизга қараганича жим турар эди.
22. Туяларни суғориб бўлгандан сўнг, хизматкор қизнинг бурнига тақиш учун бир мисқолча келадиган олтин сирға ва қўлларига тақиш учун чорак қадоқча келадиган иккита олтин билагузукни қўйнидан олиб чиқарди.
23. У қиздан: – Менга айт-чи, сен кимнинг қизисан? Отангнинг уйида тунашимиз учун жой борми? – деб сўради.
24. Қиз унга: – Мен Милканинг Наҳўрга туғиб берган ўғли Батуилнинг қизиман, – деди.
25. Ва қўшиб: – Бизда сомон ҳам, ем ҳам кўп; тунаш учун жой ҳам бор, – деди.
26. Шунда хизматкор киши тиз чўкиб, Худовандга сажда қилди-да:
27. – Ўзининг инояту садоқатини хўжайинимдан аямаган Иброҳимнинг Тангриси – Худовандга ҳамду санолар бўлсин! Йўлда кетаётганимда, Худованд мени то хўжайинимнинг уруғлари олдигача бошлаб келди, – деди.
28. Қиз эса ҳарамга югуриб бориб, бу гаплардан онасини хабардор қилди.
29. Ривқонинг Лобон исмли акаси бор эди. Лобон ташқарида турган кишини қаршилагани чашма томон чопди.
30. У синглисининг бурнидаги сирғани, қўлларидаги билагузукларни кўриб, Ривқодан у кишининг нималар айтганини эшитиши биланоқ у кишининг олдига борди. Хизматкор эса туялар ёнида, чашма бошида турар эди.
31. Лобон унга: – Кел, эй Худованд олқаган! Нега ташқарида турибсан? Ана, мен уй-жойни йиғиштирдим, туяларга ўрин бор, – деди.
32. Шундан сўнг хизматкор уйга кирди. Туяларнинг эгар-жабдуқларини ечишиб, уларга сомон ва ем беришди. Хизматкор ва унинг йўлдошларига оёқларини ювиш учун сув беришди.
33. Унинг олдига овқат қўйишди. Аммо у: – Талабимни айтмагунимча овқат емайман, – деди. – Майли, айтгин, – дейишди улар.
34. - Мен Иброҳимнинг қулиман, – деди у.
35. – Менинг хўжайиним Худованддан мўл барака топиб, жуда улуғ киши бўлиб қолди. Мана Худованд унга қўю сигирлар, кумушу олтинлар, қулу чўрилар, туя билан эшаклар берди.
36. Хўжайинимнинг хотини Соро ҳатто қариганидан кейин эрига ўғил туғиб берди. Хўжайиним эса ўзининг бор-йўғини ўғлига топширди.
37. Хўжайиним менга қасам ичириб: «Мен юртларида яшаётган канъонийларнинг қизларидан ўғлимга хотин олма.
38. Балки отамнинг уйига, қариндошларимнинг олдига бориб ўғлимга хотин оласан», деди.
39. Мен хўжайинимдан: «Бордию у қиз орқамдан келмаса-чи?» – деб сўрадим.
40. У менга: «Мен доимо Худованднинг кўз олдида юраман. Мана, Худованд Ўз фариштасини сен билан юбориб, йўлингни ўнглайди. Сен қариндошларимдан, отам уйидан ўғлимга хотин топиб кел.
41. Шундан кейин мен ичирган қасамдан озод бўласан. Мабодо сен қариндошларим олдига келганингда, улар сенга қизини беришмаса, шунда сен бу қасамдан озод бўласан», – деди.
42. Шундай қилиб, мен бугун чашма ёнига келганимда: Ё Худоё Худовандо, хўжайиним Иброҳимнинг Худоси! Кошки Сен менинг йўлимни ўнгласанг! – дедим.
43. - Ҳозир мен шу чашма бошида турибману, шундай бўлсинки, сув олгани чиқадиган қайси қизга мен: «Кўзангдан менга бир оз сув ичир-чи», десам,
44. ва у менга: «Ўзинг ич, туяларингни ҳам суғораман», деб айтса, Худованд хўжайинимнинг ўғлига лойиқ кўрган хотин ана ўша бўлсин, дедим.
45. Мен ҳали ич-ичимдан гапириб турганимда, мана елкасида кўзаси билан Ривқо чиқиб қолди. У чашмага иниб сув тортди. Мен унга: Менга сув ичир-чи, дедим.
46. У эса тезда кўзасини елкасидан тушириб: «Ўзингиз ичинг, туяларингизни ҳам суғораман», деди. Ўзим ичдим, туяларни эса у суғорди.
47. Ундан: Кимнинг қизисан? деб сўрасам, у: «Мен Милканинг Наҳўрга туққан ўғли Батуилнинг қизиман», деди. Шундаёқ мен унинг бурнига сирға ва қўлларига билагузуклар тақдим.
48. Сўнг тиз чўкиб, Худовандга сажда қилдим. Хўжайинимнинг ўғлига ўзининг жиянини олиш учун мени тўғри йўлга бошлаб келган хўжайиним Иброҳимнинг Тангриси – Худовандга ҳамду санолар ўқидим.
49. Энди сизлар хўжайинимга илтифоту садоқат кўрсатишга тайёр бўлсангизлар, менга айтинглар, йўқ бўлса, уни ҳам айтинглар, токи мен шу ё бу йўлга бурилай.
50. Лобон ва Батуил жавоб беришиб: – Бу Худованднинг иши. Сенга яхши-ёмон бирон жавоб бериш бизнинг ишимиз эмас.
51. Мана, Ривқо сенинг ихтиёрингдадир, уни ол- да, кет. Худованд айтганидек, хўжайинингнинг ўғлига хотин бўлсин, – дедилар.
52. Иброҳимнинг хизматкори уларнинг сўзларини эшитгач ергача энкайиб Худовандга сажда қилди.
53. Хизматкор кумуш ва олтин асбоблар ва кийимларни чиқариб, Ривқога берди. Шунингдек, унинг акаси ва онасига қимматбаҳо совғалар берди.
54. Хизматкор ва унинг йўлдошлари еб-ичиб, ётдилар. Эрталаб туришлари билан хизматкор: – Мени хўжайинимнинг олдига узатиб қўйинглар, – деди.
55. Аммо Ривқонинг акаси ва онаси: – Қиз беш-ўн кун бизникида қолсин, кейин боради, – дейишди.
56. - Мени кечиктирманглар, Худованд менинг йўлимни ўнглаган, ахир. Энди мени кузатиб қўйинглар, хўжайинимнинг олдига борай, – деди у.
57. Улар: – Қизни чақириб унинг фикрини сўраймиз, – дейишди.
58. Ривқони чақиришиб ундан: – Бу киши билан кетасанми? – деб сўрадилар. – Кетаман, – деди у.
59. Шундай қилиб, улар сингиллари Ривқони, унинг энагасини, Иброҳимнинг хизматкори билан одамларини кузатиб қўйдилар.
60. Ривқони дуо қилишиб: «Эй синглимиз, сендан минг-минглар туғилсин, Сенинг зурриётинг душман шаҳарларини олсин!» – дедилар.
61. Шундай қилиб, Ривқо ва чўрилари ўринларидан туриб, туяларга миниб, хизматкор кишининг ортидан кетишди. Хизматкор эса Ривқони ўзи билан олиб кетди.
62. Шу пайтда Исҳоқ Жанубистонда турар эди. У «Барҳаёт Тангри кўзи» номли қудуқ зиёратидан қайтиб келган эди.
63. Шом вақти Исҳоқ яхшилаб ўйлаш учун даштга чиқди. У бир қараса, туялар келаётган экан.
64. Ривқо ҳам шу вақт бир кўз ташлаб, Исҳоқни кўриб қолди. Ривқо сапчиб туядан тушди-да,
65. хизматкордан: – Даштда кезиб бизга пешвоз чиқаётган бу киши ким? – деб сўради. – Бу менинг хўжайиним, – деди у. Шунда Ривқо паранжига ўранди.
66. Хизматкор эса Исҳоққа ҳамма қилган ишларини айтиб берди.
67. Шундай қилиб, Исҳоқ Ривқони онаси Соронинг чодирига олиб келди. Ривқога уйланди; унга кўп муҳаббат қўйди. Шу зайлда Исҳоқ онасининг ўлимидан сўнг тасалли топди.
1. Иброҳим яна Қатура исмли хотин олган эди.
2. У эрига Зимрон, Йўқшон, Медон, Мидён, Ишбоқ ва Шуаҳни туғиб берди.
3. Йўқшон эса Шабо ва Дедон деган ўғиллар кўрди. Дедоннинг ўғиллари – Ашурим, Латушим ва Лаумим эдилар.
4. Мидённинг ўғиллари – Айфо, Афар, Ҳанўх, Авидо ва Элдао эдилар. Буларнинг ҳаммаси Қатуранинг ўғил- набиралари эди.
5. Иброҳим ўзининг бор-йўғини Исҳоққа топширди.
6. Сородан кейинги хотинлари туққан ўғилларига эса Иброҳим совғалар берди ва тириклигида уларни ўғли Исҳоқнинг олдидан кунчиқар томонга, Шарқ мамлакатига жўнатди.
7. Иброҳим жами бир юзу етмиш беш йил умр кўриб, вафот этди.
8. У кўнгли тўқ ва қари, нуроний мўйсафид бўлиб оламдан ўтди, ота- боболари олдига жўнади.
9. Ўғиллари Исҳоқ ва Исмоил уни Мамре қаршисидаги ҳетий Сўҳар ўғли Афронга қарашли бўлган, Махпела деган даланинг ғорига дафн этдилар.
10. Иброҳим ҳетийлардан сотиб олган ушбу далада ўзи ва хотини Соро кўмилдилар.
11. Иброҳимнинг вафотидан кейин унинг ўғли Исҳоқ Худодан кўп барака топди. Исҳоқ «Барҳаёт Тангри кўзи» деган қудуқ яқинида истиқомат қилди.
12. Соронинг чўриси мисрлик Ҳожар туққан, Иброҳим ўғли бўлган Исмоилнинг насл-насаб тарихи қуйидадир.
13. Исмоил ўғилларининг авлод-аждод шажараси исмлари бўйича: Исмоилнинг тўнғичи Навойўт, сўнг Қедор, Адбоил, Мибсом,
14. Мишмо, Думо, Массо,
15. Ҳадад билан Темо, Ятур, Нафиш ва Қедмо.
16. Бу Исмоил ўғиллари номлари исмоилийларнинг ўн икки қабиласи ва уларнинг йўлбошчилари, шунингдек, овуллари ва манзилларига ўтган.
17. Исмоил жами бўлиб бир юз ўттиз етти йил яшаб, ўлди. У оламдан ўтиб, ўзининг ота-боболари олдига жўнади.
18. Исмоилийлар Ҳавила диёридан то Миср чегараси яқинлигидаги Ассирия йўлида жойлашган Шур чўлигача тарқалиб ўрнашганлар. Аввал айтилганидек, улар барча қариндошлари билан қарама-қарши тушиб турар эдилар.
19. Иброҳим ўғли Исҳоқнинг насл-насаб тарихи шудир: Иброҳим Исҳоқнинг отаси эди.
20. Исҳоқ Месопотамиядан арамий Батуилнинг қизи ва арамий Лобоннинг синглиси бўлган Ривқони ўзига хотинликка олганида қирқ яшар эди.
21. Исҳоқнинг хотини фарзандсиз юрарди. Исҳоқ у учун Худовандга кўп илтижо қиларди. Унинг илтижоси ижобат бўлиб, Ривқо ҳомиладор бўлди.
22. Унинг қорнидаги ўғиллари талашадиган бўлиб қолдилар. Шунда Ривқо: «Агар бундай бўлса, менга нима кераги бор?» – деди ва Худовандга мурожаат этгани борди.
23. Худованд унга деди: «Сенинг қорнингда иккита халқ бор, Ичингдан иккита эл айрилиб чиқажак. Бир халқ иккинчисидан зўр чиқиб, Каттаси кичигига қул бўлажак!»
24. Ривқонинг ой-куни тўлиб, туғиш вақти келди, кўрсаки, қорнида эгизак бор экан.
25. Биринчи туғилган боланинг бутун танаси қизғиш ва пўстиндек сержун эди. Шу туфайли унинг исмини Эсов (яъни Сержун) қўйдилар.
26. Кейинроқ унинг укаси онаси қорнидан чиқаётганда, у акаси Эсовнинг товонини қўли билан ушлаб турган эди. Шунинг учун унга Ёқуб (яъни Товон Ушлаган) отини бердилар. Булар туғилганида Исҳоқ олтмиш яшар эди.
27. Болалар ўсиб катта бўлишди. Эсов моҳир овчи, дала-дашт одами, Ёқуб эса чодирда яшовчи беозор одам бўлди.
28. Исҳоқ овга ўч бўлганидан, Эсовни севарди. Ривқо эса Ёқубни севарди.
29. Бир куни Ёқуб шавла пиширган эди. Эсов даладан чарчаб келиб,
30. Ёқубга: – Менга ейишга шу қизилидан бер, ана шу қизилидан! Мен жуда чарчаб кетдим, – деди. Шу сабабли у Эдўм деб ҳам ном олди.
31. - Ҳозирнинг ўзида менга тўнғичлигингни сот! – деди Ёқуб.
32. Эсов: – Мен жонимни нуқул ҳовучлаб юрсам, тўнғичликдан менга нима фойда? – деди.
33. Ёқуб: – Ҳозирнинг ўзида менга қасамёд қил! – деди. Ўшанда Эсов Ёқубга қасамёд қилиб, ўзининг тўнғичлигини унга сотди.
34. Ёқуб эса Эсовга нон ва ясмиқ шавла берди. Эсов еди, ичди ва туриб кетди. Шундай қилиб, Эсов ўзининг тўнғичлигини хўрлаб ташлади.
1. Иброҳим даврида бўлган аввалги қаҳатчиликдан кейин мамлакатда яна қаҳатчилик юз берди. Исҳоқ Гарор шаҳрига, филистийлар шоҳи Абумаликнинг олдига борди.
2. Худованд унга зоҳир бўлиб: «Мисрга борма, лекин Мен сенга айтадиган ерда истиқомат қилгин, – деди.
3. – Шу ерда мусофир бўлиб тургин. Мен сен билан бўлиб, сени баракали қиламан. Мана шу ерларнинг ҳаммасини сенга ва сенинг зурриётингга бераман, отанг Иброҳимга ичган қасамимни бажо келтираман.
4. Сенинг зурриётингни фалакдаги юлдузлардай кўпайтириб, шу ерларнинг ҳаммасини уларга бераман. Ер юзининг ҳамма халқлари сенинг зурриётингдан барака топадилар.
5. Чунки Иброҳим ўзи Менинг гапимга қулоқ солди, фармону қонунларимга, тартибу таълимотларимга риоя қилиб юрди».
6. Шундай қилиб, Исҳоқ Гарор шаҳрида маскан қилди.
7. Бу шаҳарнинг одамлари ундан хотини ҳақида сўраганларида, у хотинини синглим деб айтди. «Ривқо чиройли, мабодо бу жойнинг одамлари шу сабабдан мени ўлдирмасинлар», – деб ўйлаб, уни хотиним деб айтишга қўрқар эди.
8. Исҳоқ у ерда яшаётганига бир мунча вақт бўлган эди. Бир куни филистийларнинг шоҳи Абумалик дарчадан кўз ташлаб қараса, Исҳоқ хотини Ривқо билан шўхлик қилаётган экан.
9. Абумалик шу заҳоти Исҳоқни чақиртиб: – Бу сенинг хотининг экан-да! Нега сен уни синглим деб айтдинг? – деди. Исҳоқ унга: – Мени у туфайли ўлдиришади, деб қўрқдим, – деди.
10. - Бу нима қилганинг? Халқ орасидан кимдир хотининг билан ётишига оз қолди-ку. Шундай бўлганда, сен бошимизга катта гуноҳ келтирар эдинг! – деди Абумалик.
11. Сўнг Абумалик бутун халққа амр қилиб: – Кимки бу одамга ёки хотинига қўл тегизса, албатта ўлдирилади! – деди.
12. Исҳоқ у ерда экин экди ва ўша йили юз баробар кўп ҳосил кўтарди. Худованд унга барака бергани учун,
13. Исҳоқ жуда бойиб кетиб, ғоят улуғ киши бўлиб қолди.
14. Унинг қўй сурувлари, сигир подалари ва қулларининг саноғига етиб бўлмас эди. Шунинг учун филистийлар унга ҳасад қиларди.
15. Отаси Иброҳим тириклигида унинг қуллари қазиган қудуқларнинг ҳаммасини филистийлар тупроқ тўлдириб, кўмиб ташладилар.
16. Абумалик Исҳоққа: – Бизнинг еримиздан кет, чунки сен бизлардан анча кучлироқ бўлиб кетдинг, – деди.
17. Шундан кейин Исҳоқ у ердан жўнади ва Гарор водийсида манзил қилиб, ўрнашиб олди.
18. Отаси Иброҳим даврида қазилган ва унинг вафотидан кейин филистийлар кўмиб ташлаган қудуқларни Исҳоқ яна қазиб, отаси қўйган аввалги номларни қўйди.
19. Исҳоқнинг қуллари у водийни қазиб, у ерда қайнаб чиқаётган булоқни топдилар.
20. Гарор чўпонлари эса: «Бу сув бизники», – деб Исҳоқнинг чўпонлари билан жанжал қилдилар. Улар билан анча талаш-тортиш қилганлари учун Исҳоқ у қудуқни Асақ (яъни Талашув) деб атади.
21. Сўнгра бошқа бир қудуқ қазидилар. У учун ҳам жанжал қилишгач, уни Ситна (яъни Туҳмат) деб атади.
22. У ердан кўчиб, яна бошқа бир қудуқ қазидилар. Бу гал жанжаллашмадилар ва Исҳоқ: «Худованд бизга кенглик берди; энди биз мамлакатда ёйилиб борамиз», – дея, қудуққа Раҳовот (яъни Кенглик) деб ном берди.
23. У жойдан Исҳоқ Беър-Шевага кўчиб кетди.
24. Худованд ўша кечаси унга зоҳир бўлиб: «Мен отанг Иброҳимнинг Худосиман. Қўрқма, Мен сен билан. Бандам Иброҳим хотири учун Мен сени баракали қилиб, зурриётингни кўпайтираман», – деди.
25. Исҳоқ эса ўша ерда қурбонгоҳ тиклаб, Худованд исмини чақирди. Ўша ерда чодирини қурди ва унинг қуллари шу ердан қудуқ қазишди.
26. Абумалик билан маслаҳатчиси Аҳузат ва лашкарбошиси Пихўл Гарордан Исҳоқнинг олдига боришди.
27. Исҳоқ уларга: – Нега менинг олдимга келдингизлар? Сизлар мени ёмон кўриб, орангиздан чиқариб юборган эдингизлар-ку! – деди.
28. Улар эса: – Бизларга очиқ аён бўлдики, Худованд сен билан экан. Шунинг учун ҳам сен билан биз орамизда энди қасам бўлсин, дедик.
29. Биз сенга зарар етказмаганмиз, сенга фақат яхшилик қилганмиз, сени эсон-омон жўнатиб юборганмиз. Энди сен ҳам бизга ёмонлик қилмаслигинг ҳақида аҳд қилайлик. Мана, Худованд сени баракали қилган, – дейишди.
30. Исҳоқ уларга зиёфат берди. Улар еб- ичишди.
31. Эрта билан туриб, бир-бирига қасамёд қилишди. Исҳоқ уларни кузатди ва улар Исҳоқнинг олдидан эсон-омон кетишди.
32. Ўша куни Исҳоқнинг қуллари келиб: «Биз сув топдик», – деб ўзлари қазиётган қудуқ ҳақида уни огоҳ қилдилар.
33. Исҳоқ у қудуқнинг отини Шивъа (яъни Қасамёд) қўйди. Шу сабабдан у шаҳарнинг оти бугунга қадар Беър- Шевадир.
34. Эсов қирқ ёшида ҳетий Беърийнинг қизи Яҳудитни ва ҳетий Эйлоннинг қизи Бўсматни хотинликка олди.
35. Бу келинлар Исҳоқ билан Ривқони жонидан тўйдирди.
1. Исҳоқ қариб, кўзлари хиралашиб қолган чоғда, у катта ўғли Эсовни ёнига чақириб: – Ўғлим! – деди. – Лаббай! – деди Эсов.
2. - Мана, мен энди қариб қолдим, ажалим келадиган кунни билмайман.
3. Энди сен ўқ-ёй ва садоқни олиб даштга бор, мен учун ов қилиб кел.
4. Мен яхши кўрган таомдан тайёр қилиб келтир, токи мен еб, ўлмасимдан олдин, жоним танимда борида сени дуо қилайин, – деди.
5. Исҳоқ ўғли Эсовга гапираётган вақтда, онаси Ривқо эшитиб турган эди. Эсов ов қилиб келиш учун даштга кетганидан кейин,
6. Ривқо ўғли Ёқубга деди: – Мен отангнинг аканг Эсовга айтган гапини эшитдим. У Эсовга:
7. «Менга ов қилиб кел, мен яхши кўрган таомдан тайёр қил, – деди, – ўлишимдан олдин сени Худованд ҳузурида дуо қилайин», – деди.
8. Энди ўғлим, менинг гапимга қулоқ сол!
9. Қўтонга бориб, у ердан менга иккита яхши улоқ олиб кел. Мен улардан отанг яхши кўрадиган таомни тайёрлайман.
10. Сен отангга олиб бориб унга едирасан, токи у сени ўлимидан олдин дуо қилсин.
11. Ёқуб онаси Ривқога: – Эсов акам сержун одам, менинг терим эса силлиққина.
12. Бордию отам мени пайпаслаб кўрса, мен унинг олдида алдамчи бўлиб қоламан-у, ўзимга дуо ўрнига лаънат оламан, – деди.
13. Онаси унга: – Сен оладиган лаънат менинг бўйнимга бўлсин, ўғлим. Сен гапимга қулоқ сол, қани энди бориб, мен айтганни олиб кел! – деди.
14. Шунда Ёқуб бориб, онасига истаганини олиб келди. Онаси эса Ёқубнинг отаси яхши кўрадиган таомни тайёр қилиб қўйди.
15. Уйда катта ўғли Эсовнинг сақланаётган энг чиройли кийимларини олиб, кичик ўғли Ёқубга кийгизди.
16. Унинг қўлларини ва бўйнининг силлиқ жойини эса сўйилган улоқларнинг териси билан ёпди.
17. Сўнг у тайёрлаган лаззатли таом билан нонни ўғли Ёқубнинг қўлига берди.
18. Ёқуб отаси ёнига келиб: – Ота! – деди. – Лаббай ўғлим, сен кимсан? – деди у.
19. Ёқуб отасига: – Мен сизнинг тўнғичингиз Эсовман. Сиз айтгандек қилдим. Марҳамат дастурхонга ўтириб, овимдан тайёрланган таомдан енг, токи мени тириклигингизда дуо қилинг, – деди.
20. Исҳоқ ўғлидан: – Қандай қилиб бунчалик тез топдинг, ўғлим? – деб сўради. – Худованд, сизнинг Худойингиз менга рўпара қилди, – деди у.
21. Исҳоқ Ёқубга: – Яқинроқ кел-чи, ўғлим, мен сени бир пайпаслаб кўрайин, сен ўғлим Эсовмисан, ёки йўқми? – деди.
22. Ёқуб отаси Исҳоққа яқинлашгач, отаси уни пайпаслаб кўрди-да: – Овоз – Ёқубнинг овозию, аммо қўллар – Эсовнинг қўллари, – деди.
23. Уни танимади, чунки унинг қўллари акаси Эсовнинг қўлларидай сержун туюлар эди. Барибир уни дуо қилди.
24. Бир оздан кейин яна сўради: – Сен ўғлим Эсовмисан? – Ҳа, менман, – деди у.
25. - Ундай бўлса, майли, менга овингнинг ўлжасидан келтириб бер, ўғлим. Мен уни еб, жоним борида сени дуо қилайин, – деди. Ёқуб ўлжасидан отасига келтириб берди, отаси еди. Шароб келтирди, уни ҳам ичди.
26. Сўнг Исҳоқ Ёқубга: – Яқинроқ келиб мени ўпгин, ўғлим! – деди.
27. У яқинлашиб отасини ўпди. Исҳоқ ўғлининг кийимини искаб, уни дуо қилиб деди: «Мана, ўғлимнинг иси – Худованд муборак қилган даштнинг исидай!
28. Худо сенга кўк шабнамини ва ер семизлигини, Ғалла ҳам узум фаровонлигини ато этсин.
29. Халқлар сенга қарам бўлсин, Улуслар сенга бўйин сунсин. Ака-укаларингга сарвар бўлгил, Оға-иниларинг сенга бўйсунсин. Сенга лаънат ўқиганлар лаънати бўлгай, Сени дуо қилувчилар муборак бўлгай».
30. Ёқуб Исҳоқнинг дуосини эндигина олиб, отаси олдидан ташқарига чиққан ҳам эдики, акаси Эсов овдан қайтиб келиб қолди.
31. У ҳам лаззатли таом тайёрлади ва отасига келтириб: – Ота! Марҳамат қилиб ўғлингизнинг овидан тайёрланган таомдан енг, токи жонингиз борида мени дуо қилгайсиз, – деди.
32. Отаси Исҳоқ ундан: – Сен кимсан? – деб сўради. – Мен тўнғич ўғлингиз Эсовман, – деди у.
33. Шунда Исҳоқни ғоят шиддатли титроқ босди: – Анави ов овлаб менга келтирган ким эди, ахир? Сенинг келишингдан олдин мен кимнинг ови ўлжасидан еб уни дуо қилган бўлсам, ўша табаррук бўлади, – деди.
34. Эсов отасининг сўзларини эшитгач, баланд ва ғоят аччиқ фарёд кўтариб: – Ота, мени ҳам дуо қилсангиз-чи! – деб отасига ёлворди.
35. - Уканг ҳийла ишлатиб, сенинг дуойингни олиб кетди-ку, ахир, – деди отаси.
36. Эсов: – Унга Ёқуб деб от қўйишлари бекорга эмас- да! Икки марта у мени алдади: аввал тўнғичлигимни олди, мана энди дуойимни ҳам олиб кетибди! – деди. Сўнг у яна сўради: – Мен учун бирон дуо қолдирмадингизми?
37. Исҳоқ жавоб бериб: – Мен укангни сенга сарвар қилдим, ҳамма биродарларини ҳам унга қул қилиб бердим. Ғалла ва узум неъмати билан уни таъминладим. Энди сен учун нима қилайин, ўғлим? – деди.
38. Эсов отасига: – Ота, наҳотки дуо сизда биттагина бўлса? Ота, мени ҳам дуо қилинг! – деб қаттиқ дод солиб йиғлади.
39. Отаси Исҳоқ унга шундай жавоб берди: «Сенинг масканинг унумдор ерлардан йироқ, Юқоридан тушган кўк шабнамидан йироқ бўлгай.
40. Сен қиличинг тиғида яшаб, Укангга қарам бўлгайсан. Бир вақт силкинганингда эса, Унинг зулмини бўйнингдан ташларсан».
41. Ёқуб отасининг дуосини олгани сабабли, Эсов укасини ёмон кўриб қолди. Эсов: «Отамнинг куни битяпти, ана ўшанда укам Ёқубни ўлдираман», – деб ўйлаб юрди.
42. Ривқо биби катта ўғли Эсовнинг фикридан хабардор бўлгач, кичик ўғли Ёқубни чақириб унга деди: «Мана, аканг Эсов сендан ўч олмоқчи, сени ўлдириш ниятида юрибди.
43. Энди ўғлим, менинг сўзимга қулоқ сол: сен бу ердан чиқиб, Ҳоронга, акам Лобоннинг ёнига қочиб кет.
44. Аканг ғазабидан тушмагунча, сен бир муддат Лобоннинг ёнида яшагин.
45. Қўй, акангнинг ғазаби сендан қайтсин, унга қилган ишинг эсидан чиқсин, ўшанда мен киши юбориб сени у ердан олдириб келарман. Акс ҳолда мен бир куннинг ўзида икковларингиздан ҳам маҳрум бўлиб қоламан-ку!»
46. Кейин Ривқо Исҳоққа сўзлаб: «Ҳетий келинларимиз дастидан мен жонимдан безор бўлдим. Агар Ёқуб ҳам бу ернинг қизлари – Ҳет қизларидан хотин олса, унда менга яшашнинг нима кераги бор?» – деди.
1. Шунда Исҳоқ Ёқубни чақириб, уни дуо қилди ва шундай васият қилди: «Канъон қизларидан хотин олма.
2. Бу ердан чиқиб, Месопотамияга, онангнинг отаси Батуилнинг хонадонига кет. У ердан онангнинг акаси Лобоннинг қизларидан ўзингга хотин ол.
3. Қодир Тангри сени баракали қилсин, сенга фаровонлик бериб, наслингни кўпайтирсин, сендан халқлар жамоатини вужудга келтирсин.
4. Иброҳимнинг баракатини сенга ҳамда зурриётингга берсин, токи сен мусофир бўлиб юрган ерни – Худо Иброҳимга берган ерни эгаллаб олгин».
5. Шуни айтиб, Исҳоқ Ёқубни жўнатди. Ёқуб Месопотамияга, ўзининг ва Эсовнинг онаси Ривқонинг акаси арамий Батуилнинг ўғли Лобоннинг олдига борди.
6. Исҳоқ Ёқубни дуо қилиб, ўзига хотин олиши учун уни Месопотамияга юбораётганини, уни дуо қилаётганида эса «Канъон қизларидан хотин олма», деб буюрганини Эсов эшитган эди.
7. Ёқуб ота- онасининг гапига қулоқ солиб, Месопотамияга кетди.
8. Эсов эса Канъон қизлари отаси Исҳоққа ёқмаганини билиб,
9. Иброҳим ўғли Исмоилнинг олдига борди ва аллақачон олган хотинлари устига Исмоилнинг қизи, Навойўтнинг синглиси Маҳолатни ўзига хотинликка олди.
10. Ёқуб Беър-Шева шаҳридан жўнаб, Ҳоронга қараб йўл олди.
11. Қуёш ботай деган пайтда у бирон жойга тушиб, тунамоқчи бўлди. Атрофдаги тошлардан бирини олди-да, боши тагига қўйиб ётди.
12. У ухлар экан, тушида тик турган нарвонни кўрди. Нарвоннинг бир учи ерга, бир учи осмонга тегиб турар, Худонинг фаришталари эса унда чиқиб тушаётган эдилар.
13. Худованднинг Ўзи ҳам нарвоннинг устида турганича, шундай гапирди: «Мен – Худованд, отанг Иброҳимнинг ва Исҳоқнинг Худосиман. Сен ётган ерни Мен сенга ва зурриётингга бераман.
14. Сенинг зурриётинг ернинг қумидек кўп бўлади. Ғарбу шарққа, шимолу жанубга ёйилиб борасан. Сендан ва зурриётингдан ер юзидаги ҳамма қабилалар барака топадилар.
15. Мана, Мен сен билан. Қаерга бормагил, Мен сени асрайман, сени яна шу ерга қайтараман. Сенга айтганларимни то бажо келтирмагунимча, сени тарк этмайман».
16. Ёқуб уйғонгач: «Чиндан ҳам бу ерда Худованд бор экан, мен эса билмабман!» – деди.
17. У жуда ваҳимага тушиб: «Қандай қўрқинчли бу жой! Бу Худонинг уйидан бошқа нарса эмас, бу осмон қопқасидир!» – деди.
18. Эрта билан Ёқуб ўрнидан турди-да, боши тагига қўйган тошни олиб, уни ёдгорлик қилиб тиклади, уни Худога бағишлаш учун устидан мой қуйди.
19. Илгари Луз деб номланган бу шаҳарга Байтил (яъни Худо уйи) номини берди.
20. Ёқуб назр атаб, деди: «Агар Худо мен билан бўлиб, бораётган шу йўлимда мени асраса, менга ейишим учун нон, кийишим учун кийим-кечак бериб турса,
21. мени эсон-омон отамнинг уйига қайтариб келтирса, унда Худовандни ўзимнинг ягона Худойим биламан.
22. Мен ёдгорлик қилиб тиклаган шу тошнинг ўзи Худонинг уйи бўлади. Менга Сен нимаики берсанг, ўндан бир қисмини Сенга ушр қилиб бераман».
1. Ёқуб йўл юриб, шарқийлар ўлкасига етиб борди.
2. У бир кўз ташлаб қараса, даштда бир қудуқ, қудуқ яқинида эса учта қўй суруви ётганини кўрди. У ер одамлари бу қудуқдан сурувларини суғориб юришар экан. Қудуқнинг оғзида катта тош бор эди.
3. Ҳамма сурувларини у ерга ҳайдаб келишар ва қудуқ оғзидан тошни юмалатиб, қўйларини суғориб, қудуқни яна тош билан ёпиб қўйиб юришар экан.
4. Ёқуб у ердагилардан сўради: – Эй биродарларим, қаердансизлар? – Биз Ҳоронданмиз, – деди улар.
5. Ёқуб сўради: – Наҳўрнинг ўғли Лобонни танийсизларми? – Таниймиз, – дейишди.
6. Ёқуб: – Ўзи соғ-саломатми? – деди. Улар: – Соғ-саломат. Мана, ҳозир унинг қизи Роҳила қўйлари билан келяпти, – дейишди.
7. Ёқуб: – Ҳали кун ботишига анча бор, чорвани тўдалайдиган пайт бўлгани йўқ. Сизлар қўйларни суғориб, яна бориб ўтлатинглар, – деди.
8. Улар: – Ҳамма сурувларни йиғиб, қудуқ оғзидан тошни юмалатмагунча, биз қўйларни суғора олмаймиз, – дедилар.
9. Ёқуб булар билан ҳануз гаплашиб турар экан, Роҳила отасининг қўйлари билан келиб қолди. Чунки қўйларни у боқарди.
10. Ёқуб тоғаси Лобоннинг қизи Роҳилани ва қўйларини кўриши биланоқ, қудуққа бориб унинг оғзидан тошни юмалатиб юборди-да, тоғаси Лобоннинг қўйларини суғорди.
11. Сўнг Ёқуб Роҳилани ўпиб, баланд овоз билан йиғлаб юборди.
12. У Роҳилага унинг отасининг жияни ва аммаси Ривқонинг ўғли эканини билдирди. Шунда Роҳила югуриб бориб, отасига хабар қилди.
13. Лобон синглисининг ўғли Ёқуб келганини эшитган заҳоти уни қаршиламоқ учун чопиб борди ва уни қучоқлаб, юз-кўзидан ўпди. Сўнг Лобон уни уйига олиб келди ва Ёқуб унга ҳамма бўлган воқеаларни ҳикоя қилиб берди.
14. Лобон унга: – Сен ўзимнинг эту суягимсан! – деди.Ёқуб Лобонникида бир ойча яшагандан кейин,
15. Лобон Ёқубдан сўради: – Наҳотки сен менинг жияним бўла туриб, менга текин хизмат қиларкансан? Менга айт- чи, хизмат ҳақингга нима тўлай?
16. Лобоннинг икки қизи бор эди: каттасининг исми Леа, кичигининг исми Роҳила эди.
17. Леанинг кўзлари ожизроқ, Роҳила эса қадди-қомати келишган, жуда чиройли қиз эди.
18. Ёқуб Роҳилани севиб қолгани учун, Лобонга: – Кичик қизингиз Роҳила учун етти йил сизга хизмат қиламан, – деди.
19. Лобон унга: – Бошқа бировга берганимдан кўра, уни сенга берганим яхшидир. Майли, меникида туравер, – деди.
20. Шундай қилиб, Ёқуб Роҳила учун етти йил хизмат қилди. Унга бўлган муҳаббати сабабли етти йил унинг кўзига бир неча кундек кўринди.
21. Охири Ёқуб Лобонга: – Менинг муддатим тугади, энди хотинимни беринг, мен унинг ёнига кирайин, – деди.
22. Лобон у ернинг ҳамма аҳолисини тўплаб, базм қилди.
23. Кечаси эса қизи Леани Ёқубнинг олдига келтирди. Ёқуб у билан ётди.
24. (Лобон ўзининг чўриси Зилпани қизи Леага чўриликка берган эди.)
25. Эрта билан Ёқуб туриб кўрсаки, у Леа экан! У Лобонга бориб: – Бу нима қилганингиз? Мен сизга Роҳила учун хизмат қилмагандимми? Нега мени алдадингиз? – деди.
26. Лобон унга: – Бизнинг маконимизда кичикни каттадан олдин бериш одати йўқ.
27. Майли, Леанинг келинлик ҳафтаси тугасин, ўшанда мен Роҳилани ҳам сенга бераман, агар унинг эвазига меникида яна етти йил хизмат қилсанг, – деди.
28. Ёқуб бунга кўнди. Леанинг келинлик ҳафтаси ўтгандан кейин, Лобон қизи Роҳилани ҳам Ёқубга хотинликка берди.
29. (Лобон ўзининг чўриси Билҳани қизи Роҳилага чўриликка берган эди.)
30. Ёқуб Роҳила билан ҳам ётди. Уни Леадан кўпроқ севарди. Шундай қилиб, Ёқуб Лобонникида яна етти йил хизмат қилди.
31. Худованд Леанинг эрига севимсиз эканини кўриб, уни туғадиган қилди. Роҳила эса пуштсиз эди.
32. Леа ҳомиладор бўлиб бир ўғил туғди. У: «Худованд менинг мусибатимни кўрди, эрим энди мени севади», – деб, ўғлига Рубен (яъни ўғилни кўринг) исмини қўйди.
33. У яна ҳомиладор бўлиб бир ўғил туғди. Бу гал у: «Худованд менинг севимсизлигимдан қулоғини бекитмай, менга буни ҳам берди», – деб, ўғлига Шимъўн (яъни Эшитувчи) исмини берди.
34. У яна ҳомиладор бўлиб бир ўғил туғди ва: «Энди бу сафар эрим менга боғланади, чунки мен унга уч ўғил туғиб бердим», – деди, ўғлини Левий (яъни Боғланган) деб атади.
35. У яна ҳомиладор бўлиб бир ўғил туғди ва: «Бу гал мен Худовандга шукур қиламан», – деди, ўғлига Яҳудо (яъни Шукур) исмини қўйди. Шундан кейин у туғишдан қолди.
1. Роҳила Ёқубга бола туғолмагач, опасига ҳасад қила бошлади. У Ёқубга: – Менга фарзанд беринг, бўлмаса ўламан! – деди.
2. Лекин Ёқуб Роҳилага ғазабланиб: – Наҳотки мен сени оналик бахтидан бебаҳра қилган Худонинг ўрнида бўлсам?! – деди.
3. Роҳила: – Мана чўрим Билҳа билан ётинг. Мен уни ўз тиззаларимга олиб туғдираман, боласига доя ҳам, она ҳам бўламан, – деди.
4. Шундай қилиб, Роҳила ўзининг чўриси Билҳани эрига хотинликка берди ва Ёқуб у билан ётди.
5. Билҳа ҳомиладор бўлиб, Ёқубга бир ўғил туғиб берди.
6. Шунда Роҳила: «Худо мени ҳимоя қилди, фарёдимни эшитиб менга бир ўғил берди», – деди ва ўғлининг отини Дан (яъни Ҳимоячи) қўйди.
7. Сўнгра Роҳиланинг чўриси Билҳа яна ҳомиладор бўлиб, Ёқубга иккинчи бир ўғил туғиб берди.
8. Роҳила: «Мен опамни илоҳий кураш билан енгдим», – деди ва ўғлига Нафтоли (яъни Курашчи) исмини қўйди.
9. Леа туғишдан қолганини билгач, ўзининг ўрнига чўриси Зилпани Ёқубга хотинликка берди.
10. Леанинг чўриси Зилпа ҳам Ёқубга бир ўғил туғиб берди.
11. Шунда Леа: «Толеим келди», – деб, унинг отини Гад (яъни Толе) қўйди.
12. Леанинг чўриси Зилпа Ёқубга иккинчи бир ўғил туғиб берди.
13. Шунда Леа: «Мен қандай бахтиёрман, энди аёллар мени бахтиёр дейишади», – деб, ўғлига Ошер (яъни Бахтиёр) деган ном берди.
14. Рубен буғдой ўрими вақтида далага борди. Далада меҳригиёҳларни топиб, онаси Леага келтирди. Шунда Роҳила Леага: – Ўғлингнинг меҳригиёҳларидан менга ҳам бер! – деди.
15. Аммо Леа унга: – Эримни олганинг камми, ўғлимнинг меҳригиёҳларини ҳам олмоқчимисан? – деди. – Майли, ўғлингнинг меҳригиёҳлари эвазига бу кеча эрим сен билан ётсин, – деди Роҳила.
16. Кечқурун Ёқуб даладан келгач, Леа уни қарши олгани чиқди-да, унга: – Сиз менинг ётоғимга киринг, чунки мен сизни ўғлим топган меҳригиёҳлар эвазига сотиб олдим, – деди. Ёқуб ўша кеча Леа билан ётди.
17. Худо эса Леани эшитди; у ҳомиладор бўлиб Ёқубга бешинчи бир ўғил туғиб берди.
18. Шунда Леа: «Чўримни эримга берганим учун Худо менга мукофот берди», – деди, ўғлини Иссохор (яъни Мукофот) деб атади.
19. Леа яна ҳомиладор бўлиб, Ёқубга олтинчи ўғил туғиб берди.
20. Леа: «Худо менга яхши ҳадя берди; мен эримга олти ўғил туғиб берганим учун у энди менга эътибор беради», – деди ва ўғлининг отини Завулун (яъни Мўътабар) қўйди.
21. Кейинроқ у қиз туғиб, исмини Дина қўйди.
22. Роҳилани эса Худо унутмаган эди. Худо унинг ноласини эшитиб, уни туғадиган қилди.
23. Роҳила ҳомиладор бўлиб бир ўғил туғди. У: «Худо менинг шармандалигимни орадан кўтарди», – деди.
24. Сўнг: «Худованд менга бошқа бир ўғил ҳам қўшиб берсин», – деди ва ўғлининг исмини Юсуф қўйди.
25. Роҳила Юсуфни туққанидан кейин, Ёқуб Лобонга деди: – Менга жавоб беринг, мен ўз маконимга, ўз мамлакатимга кетайин.
26. Мен хотинларим ва болаларим учун сизга хизмат қилганман, энди уларни ўзимга беринг ва мен кетаман. Мен сизга қандай холис хизмат қилиб келганимни ўзингиз биласиз, – деди.
27. Лобон унга: – Менга илтифот қилиб сўзимни тингла! Мен-ку: «Хайрли фолим бор», деб айтиб юрган эканман, Худованд мени сен туфайли баракали қилган экан.
28. Менга хизмат ҳақингни айт, сенга бераман, – деди.
29. Ёқуб: – Сизга кўрсатган хизматим самарасини ўзингиз кўряпсиз. Мен келганимда, чорваларингизнинг аҳволи қандайлигини эсингизга келтиринг-чи.
30. Мен келганимдан олдин сизнинг молингиз озгина эди, кейинчалик ўсиб кўпайди. Мен ҳар қадам отганимда, Худованд сизни ҳам баракали қилди. Лекин мен ўз уй-рўзғоримни қачон боқар эканман? – деди.
31. Лобон: – Сенга нима берай? – деди. – Менга ҳеч нарса берманг, – деди Ёқуб. – Мен яна сизнинг подаларингизни боқиб чўпонлигимни давом эттираман, агар сиз қуйидаги шартимга рози бўлсангиз:
32. Мен бугун барча подаларингиз ичидан ўтаман. Қўйлардан қора, ола ёки холдор бўлганини, шунингдек, эчкилардан ҳам ола ёки холдор бўлганини подадан ажратиб қўяман. Шу ҳайвонлар менинг хизмат ҳақим бўлади.
33. Сиз кейинчалик менинг хизмат ҳақимни текширгани келганингизда, кўнглим тозалиги сизнинг кўз ўнгингизда равшан бўлади. Эчкиларимдан қайси бири ола ёки холдор бўлмаса, қўйларимдан қайси бири қора бўлмаса, ўғирлиқ ҳисоблансин.
34. Лобон: – Майли, сен айтгандек бўлсин, – деди-ю,
35. ўша куннинг ўзида танасида оқи бор барча ола, чипор ва холдор такалар ҳамда эчкиларни, шунингдек, барча қора қўйларни подадан айириб қўйди-да, ўғилларининг қарамоғига топширди.
36. У ўзи билан Ёқуб орасидаги масофани уч кунлик йўл қилиб белгилади. Шундай қилиб, Ёқуб Лобоннинг қолган қўйларини боқиб юраверди.
37. Ёқуб ўзига терак, бодом ва чинор дарахтларидан ёш новдаларни қирқиб олди. Новдаларнинг пўстлоғини оқ қаватигача йўл- йўл қилиб шилиб олиб, уларда оқ чизиқлар пайдо қилди.
38. Пўстлоғи шилинган новдаларни эса у чорва сув ичадиган охурлар ёнига, ҳайвонларнинг рўпарасига қўйди. Ҳайвонлар сув ичгани келганда, новдаларнинг олдида жуфтлашиб бўғоз бўлар эди.
39. Пода бу новдалар олдида бўғоз бўлгандан кейин, ола- була, чипор ва холдор туғарди.
40. Ёқуб қўзиларни қўтондан айириб, қўйларнинг юзларини Лобоннинг ҳамма олачипор ва қора ҳайвонлари томонга қаратарди. Шундай қилиб, у ўзига махсус подалар яратиб, Лобоннинг чорваси билан бирга эмас, алоҳида қўярди.
41. Урғочиларнинг бақувватлари қочаётган вақтда, Ёқуб улар новдалар олдида жуфтлашсин, деб новдаларни сув охурлари ёнига, қўйларнинг рўпарасига қўярди.
42. Лекин заиф урғочилар қочаётган пайтда, у новдаларни қўймас эди. Шундай қилиб, заиф ҳайвонлар туққанлари Лобоннинг подаларига, бақувватлари эса Ёқубникига ўтар эди.
43. Натижада Ёқуб ҳаддан ортиқ бойиб, жуда бадавлат киши бўлиб кетди. Унинг қўй-эчки подалари, чўрилару қуллари, туя билан эшаклари сон-саноқсиз эди.
1. Лобоннинг ўғиллари: «Мана Ёқуб отамизнинг ҳамма нарсасини ўзлаштирган, отамизни шилиб, ўзининг бутун бу бойлигини орттирган», – деб айтиб юрган эдилар. Бу гаплар Ёқубнинг қулоғига етиб қолди.
2. Ёқуб Лобоннинг авзойини кўриб, у ҳам илгаригидай унга яхши кўз билан қарамаётганини сезди.
3. Шу пайт Худованд Ёқубга хитоб қилиб: «Сен ота-боболаринг ерига, туғилган юртингга қайтиб бор, Мен сен билан бўламан», – деди.
4. Ёқуб киши юбориб, Роҳила ва Леани ўзининг сурувлари ўтлаб юрган яйловга чақиртирди.
5. Улар келгач, Ёқуб уларга: «Отангизнинг авзойи яхши эмас, у менга илгаригидай яхши кўз билан қарамаяпти, – деди. – Аммо отамнинг Худоси мен биландир.
6. Биласизларки, мен отангизга бутун кучим билан хизмат қилдим.
7. Лекин отангиз менга панд берди, хизмат ҳақимни ўн марта ўзгартирди. Шунга қарамай, Худо унинг менга ёмонлик қилишига йўл қўймади.
8. Қачон у: “Холдорлар сенинг хизмат ҳақинг бўлади”, – деса, бутун пода холдор туғарди. Қачон у: “Чипорлар сенинг хизмат ҳақинг бўлади”, – деса, бутун пода чипор туғарди.
9. Мана Худонинг Ўзи отангизнинг чорвасини олиб менга берди.
10. Чорваларнинг бўғоз бўлиш вақтида бир куни туш кўриб қолдим. Тушимда назар солсам, урғочиларни қочирган такалар ола, холдор ва йўл-йўл эканлар.
11. Худонинг фариштаси тушимга кириб: – Эй Ёқуб! – деди. – Лаббай! – дедим мен.
12. У: – Энди назар солиб кўр, урғочиларни қочирган ҳамма такалар ола, холдор ва йўл- йўлдирлар. Мана, Лобон сен билан нима қилаётганини кўрдим.
13. Мен – Байтилда сенга зоҳир бўлган Худоман. Сен у ерда ёдгорлик тошигамой суртгансан, у ерда Менга назр атагансан. Энди тур, бу мамлакатдан чиқиб, туғилган юртингга қайтиб кет, – деди».
14. Роҳила билан Леа Ёқубга жавоб беришди: «Отамиз уйида бизнинг яна ҳиссамиз, меросимиз қолганмикин?
15. У бизларни сотди, пулимизни ҳам еди. Бизлар энди унга бегона бўлиб қолдик.
16. Шунга кўра, Худо отамиздан олиб берган бутун бу бойлик бизларга ва болаларимизга тегишли. Энди Худо сизга нима айтган бўлса, ҳаммасини бажо келтиринг», – дейишди.
17. Ёқуб ўғиллари билан хотинларини туяларга миндириб, у ердан қўзғалди.
18. Ўзининг бутун чорвасини олдига солиб, ҳамма орттирган мол-мулкини, Месопотамияда қўлга киритган бор-йўғини олиб, Канъон мамлакатига, отаси Исҳоқ ҳузурига қараб йўлга тушди.
19. Лобон эса ўша пайт қўйларининг жунини қирққани кетган эди. Роҳила фурсатдан фойдаланиб, отасининг уйидаги санамларни ўғирлади.
20. Шу тариқа Ёқуб арамий Лобонни алдаб кетди. Ўзининг қочишидан уни огоҳ қилмай,
21. бор-йўқ нарсасини йиғиштириб, қочиб кетди. Фрот дарёсидан ўтиб, Гилъад тоғлигига қараб жўнади.
22. Уч кун ўтгач, Ёқубнинг қочганлиги ҳақидаги хабар Лобонга етиб борди.
23. У қариндош-уруғларини ўзи билан олиб йўлга чиқди-да, етти кун Ёқубнинг кетидан қувиб, Гилъад тоғлигида унга етиб олди.
24. Лекин ўша кечаси Худо арамий Лобоннинг тушига кириб, унга: «Эҳтиёт бўл, Ёқубга яхши-ёмон гаплар билан дўқ-пўписа қилма!» – деди.
25. Лобон Ёқубга етиб олганида, Ёқуб тепада чодир тикиб ётган эди. Лобон ҳам ўзининг уруҒ-аймоқлари билан бирга Гилъад тоғлигида чодир тикди.
26. Лобон Ёқуб билан юзлашиб: – Сен нима қилдинг? – деди. – Нега сен менга панд бериб, қизларимни ҳарбий асиралардай олиб кетдинг?
27. Нега мени лақиллатиб, ўғринча қочиб кетдинг? Менга билдирганингда эди, мен сени хурсандчилик ва қўшиқлар билан, дойра ва ғижжак садолари остида кузатардим.
28. Сен ҳатто набираларим ва қизларимни ўпишимга ҳам имкон бермадинг. Сен аҳмоқларча иш тутдинг!
29. Сизларни жазолаш менинг қўлимдан келса керак. Аммо ўтган кеча отангизнинг Худоси менга хитоб қилиб: «Эҳтиёт бўл, Ёқубга яхши- ёмон гаплар билан дўқ-пўписа қилма», – деди.
30. Албатта, сен энди отанг уйига борасан. Ўзимникиларни кўрай, деб кўзинг тўрт бўлди, ахир. Лекин нега сен худоларимни ўғирлаб кетдинг?
31. Ёқуб Лобонга жавоб бериб: – Мен қўрқдим. Мабодо сиз қизларингизни мендан тортиб оласиз, деб қўрқиб юрган эдим.
32. Аммо худоларингизга келсак, агар уларни кимнинг ёнидан топсангиз, у тирик қолмасин! Қариндошларимнинг кўзи олдида ҳамма нарсамни титкилаб кўринг. Агар сизнинг бирор нарсангизни топсангиз, олиб кетинг! – деди. Роҳила санамларни ўғирлаганини Ёқуб билмас эди.
33. Лобон Ёқубнинг чодирига, сўнгра Леанинг ва иккала чўрининг чодирларига ҳам кирди, аммо санамларни тополмади. Леанинг чодиридан чиқиб, Роҳиланинг чодирига кирди.
34. Роҳила эса санамларни туя эгарининг тагига қўйиб қўйган ва унинг устида ўтирган эди. Лобон бутун чодирни ахтариб чиқди-ю, бироқ санамларини тополмади.
35. Шу орада Роҳила отасига: – Жанобимнинг ҳузурида ўрнимдан турмаганимга уларнинг аччиқлари келмасин, мен хотинлар одатига йўлиққанман, – деди. Шундай қилиб, Лобон қанча ахтарса ҳам, санамларини тополмади.
36. Ёқуб эса аччиқланиб, Лобонни жеркиб деди: – Айбим ва гуноҳим нимаки, сиз қутургандай менинг кетимдан қувяпсиз?
37. Сиз менинг ҳамма анжомларимни титиб чиқдингиз, ўз уй анжомларингиздан нима топдингиз? Топган бўлсангиз, қани менинг ва ўзингизнинг қариндошларингиз олдида бу ерга қўйинг. Улар икковимизнинг орамизда ҳукм қилсинлар.
38. Мана, йигирма йилдир мен сизникида бўлдим. Совлиқ қўйларингиз ва эчкиларингиз чала туғмадилар. Мен қўтонингиздан бирон қўчқор ҳам еганим йўқ.
39. Ёввойи ҳайвонлар бўғизлаб ташлаганларини сизнинг олдингизга келтирмас ҳам эдим, зарарини ўз бўйнимга олардим. Лекин сиз кундузи ўғирланганми, кечаси ўғирланганми, ҳаммасини мендан талаб этардингиз.
40. Кундузи иссиқдан, кечаси совуқдан азоб чекардим. Кўзларимдан уйқум қочарди.
41. Менинг йигирма йил умрим сизнинг уйингизда шундай ўтди. Ўн тўрт йил икки қизингиз учун, олти йил чорвангиз учун сизга хизмат қилдим. Сиз эса хизмат ҳақимни ўн марта ўзгартирдингиз.
42. Агарда отамнинг Худоси, отам Исҳоқ ва бобом Иброҳим қўрққан Тангри мен билан бўлмаганида эди, энди сиз ҳозир ҳам мени қуруқ жўнатар эдингиз. Лекин Худо менинг азобимни ва қўлларим чеккан машаққатни кўриб, кеча мени ҳимоя қилди.
43. Лобон Ёқубга жавобан деди: – Бу қизлар – менинг қизларим. Бу болалар – менинг болаларим. Бу чорва – менинг чорвам. Сен кўриб турган ҳамма нарсалар – меники. Шундай экан, мен ўз қизларимга ва улар туққан болаларга бирор нима қила олсам бўладими?
44. Энди кел, иккимизнинг орамизда аҳд қиламиз, бу аҳд сен ва менга гувоҳ бўлади.
45. Шунда Ёқуб бир тошни олиб, уни ёдгорлик қилиб қўйди.
46. Сўнг қариндошларига: «Тош тўплаб келинглар», – деди. Улар тош тўплаб, уюм ясадилар. Ўша ерда, тош уюмининг устида овқат едилар.
47. Лобон тош уюмини Ягар-Саҳадута, Ёқуб эса Галъед деб атади.
48. Лобон: «Бугун бу тош уюми бизнинг орамизда шоҳиддир», – дегани учун, у ер Галъед (яъни Шоҳид Тепаси) деб аталиб келади.
49. Шунингдек, тепа Миспо (яъни Посбонлик) деб ҳам аталган. Чунки Лобон сўзида давом этиб: – Бир-биримизни кўрмай қолганимиздан кейин, Худованд икковимизнинг орамизда посбонлик қилиб турсин.
50. Агар қизларимга озор берсанг ёки улар устига яна хотинлар олсанг, билиб қўйгинки, бизнинг орамизда инсонгина эмас, балки Худонинг Ўзи шоҳид бўлади, – деди.
51. Лобон Ёқубга яна шундай деди: – Мен ўрнатган шу тош уюми ва мана бу ёдгорлик бизнинг орамизда қолиб кетсин.
52. Тепа ва ёдгорликдан ўтиб, мен сенга, ёки сен менга зарба бермаслигимизга бу тепа ҳамда ёдгорлик гувоҳ бўлиб турсин.
53. Иброҳим ҳамда Наҳўрнинг, шунингдек, уларнинг ота- боболарининг Худоси бизнинг орамизда ҳукм қилсин. Шунда Ёқуб отаси Исҳоқ қўрққан Тангри ҳақи қасамёд қилди.
54. Ёқуб тоғ устида мол сўйиб, худойи қилди ва қариндошларини таом емоққа чақирди. Улар овқатланиб, тоғда тунадилар.
55. Эрта билан Лобон туриб, набираларини ва қизларини ўпиб дуо қилди, йўлга равона бўлиб, ўз маконига қайтиб кетди.
1. Ёқуб ўз йўлида кетаётган экан, Худонинг фаришталари унга учраб қолдилар.
2. Ёқуб уларни кўриб: «Бу Худонинг лашкаргоҳи-ку!» – деб юборди, у жойни Маҳанайим (яъни Лашкаргоҳлар) деб атади.
3. Ёқуб ўзидан олдин Сеъир Дашти дейиладиган Эдўм мамлакатига, акаси Эсов олдига хабарчилар юборди.
4. Уларга буюриб деди: «Жанобим Эсовга шундай деб айтинглар: “Сизнинг бандангиз Ёқуб деяптики, мен Лобонникида мусофир бўлиб яшаб, ҳозиргача банд бўлиб қолдим.
5. Шу орада мен ҳўкизлар, эшаклар, қўй-эчкилар, қулу чўрилар эгаси бўлдим. Энди хабарчиларни жанобимни огоҳ қилиш ва унинг илтифотига сазовор бўлиш учун юбордим”».
6. Хабарчилар бориб келиб, Ёқубга: «Бизлар акангиз Эсовнинг ёнига бордик. У сизнинг қаршингизга чиқиб келаётир, у билан тўрт юз киши бор», – дейишди.
7. Шунда Ёқуб жуда қўрқиб, юраги зиқ бўлиб кетди. Ўзининг одамлари билан қўй, сигир ва туяларни икки манзилга айириб қўйди.
8. «Агар Эсов бир манзилга келиб менга зарба берса, қолган манзилдагилар қутулиб қолар», – деб ўйлади.
9. Ёқуб ибодат қилиб деди: «Ё Худоё Худовандо, бобом Иброҳимнинг ва отам Исҳоқнинг Худоси! Сен менга: “Она юртингга, ўз қавм-уруғларингга қайтгин ва Мен сенга эҳсон қиламан”, – деб айтган эдинг.
10. Бандангга кўрсатган бутун меҳр-шафқатингга ва садоқатингга мен сазовор эмасман. Мен-ку, таёғим билангина ушбу Ўрдун дарёсидан ўтган эдим, энди мана, икки манзилнинг эгаси бўлдим.
11. Марҳамат қилиб, мени акам Эсовнинг қўлидан қутқазгин! Мен ундан жуда қўрқаман, мабодо у келиб мени, фарзандларим билан оналарини қириб ташламасин.
12. Сен менга дегансанки: “Мен сенга эҳсон қиламан, сенинг зурриётингни денгиз қумидек кўпайтириб юбораман, кўплигидан уни санаб бўлмайди”».
13. Ёқуб ўша кеча у жойда тунади. Ўзида бор нарсаларнинг ҳаммасидан акаси Эсовга совға учун ажратди:
14. икки юз бош эчки, йигирма бош така, икки юз бош совлиқ қўй, йигирма бош қўчқор,
15. ўттиз бош соғин туя билан бўталоқлари, қирқ бош сигир билан ўн бош новвос, йигирмата урғочи эшак ва ўнта ҳанги эшак.
16. Ҳар бир подани алоҳида-алоҳида қулларига топшириб, уларга: «Менинг олдимдан ўтиб бораверинглар ва пода билан пода орасида белгили масофа қолдиринглар», – деди.
17. Яна улардан биринчисига махсус амр бериб: «Акам Эсов сен билан учрашиб қолганда: “Кимникисан? Қаерга боряпсан? Олдингдаги бу пода кимники?” – деб сўраб қолса,
18. унда дегинки: “Бандангиз Ёқубникидир, жанобим Эсовга Ёқубнинг юборган ҳадясидир. Мана, унинг ўзи ҳам бизнинг кетимиздан келаётир”».
19. Ёқуб иккинчисига ҳам, учинчисига ҳам, подаларни ҳайдаб кетаётганларнинг ҳаммасига ҳам буюриб: «Эсов билан учрашиб қолганингизда, унга худди шундай деб айтинглар.
20. Айниқса: “Бандангиз Ёқуб орқамиздан келаётир”, – деб таъкидлаб айтинглар», – деди. Ёқуб: «Ўзимдан олдин бораётган ҳадялар билан уни тинчитаман, ундан кейин у билан юзма-юз кўришамиз, балки мендан юз ўгирмас», – деб ўйлар эди.
21. Шундай қилиб, Ёқуб ҳадяларни ўзидан олдин юборди. Ўзи эса ўша кеча яна манзилида тунади.
22. Ҳали тун ўтмай, Ёқуб ўрнидан турди-да, икки хотини билан икки чўрисини ҳамда ўн бир боласини олиб, Яббўқ дарёсининг кечувидан ўтди.
23. Уларни ва ўзида бор бўлган нарсаларини ҳам дарёдан ўтказди.
24. Охирида якка ўзи қолди ва бир Зот тонг отгунча у билан курашди.
25. У Ёқубни енга олмагач, унинг сон бўғинига урди ва сони бўғинидан чиқиб кетди.
26. У Зот: – Мени қўйиб юбор, мана тонг отди, – деди. Лекин Ёқуб Унга: – Мени дуо қилмагунингча, Сени қўйиб юбормайман! – деди.
27. Ўша Зот: – Отинг нима? – деб сўради. У: – Отим Ёқуб, – деди.
28. Ўша Зот: – Бундан буён сени Ёқуб эмас, балки Исроил дейдилар. Чунки сен Худо ҳамда одамлар билан курашиб, ғолиб чиқдинг, – деди.
29. Ёқуб: – Ўтиниб сўрайман, исмингни айт-чи! – деб илтимос қилди. Лекин У: – Нима учун Менинг исмимни сўраяпсан? – деди. Сўнг ўша ерда Ёқубни дуо қилди.
30. Ёқуб эса: «Худони юзма-юз туриб кўрдим, У жонимга ора кирди», – деди. Шунинг учун ўша жойни Пануил (яъни Худо Юзи) деб атади.
31. У Пануилдан узоқлашганда, кун ёриша бошлаган эди. У сони оғриб, оқсаб юрарди.
32. Шу сабабдан Исроил фарзандлари бугунгача сон бўғинидаги қуймуч пайини емайдилар. Чунки у Зот Ёқубни нақ шу жойига урган эди.
1. Ёқуб назар солиб бир қараган эди, Эсов ва у билан тўрт юз киши келаётганини кўрди. Шунда Ёқуб болаларини Леа, Роҳила ва икки чўриси орасида тақсим қилди.
2. Чўрилар ва уларнинг болаларини олдинга, Леа ва унинг болаларини кетроққа, Роҳила билан Юсуфни эса энг орқага қўйди.
3. Ёқубнинг ўзи ҳамманинг олдида бориб, акасига яқинлашгунча етти марта ергача эгилиб таъзим қилди.
4. Эсов укасини қаршилагани югурди, уни қучоқлаб, бўйнига осилиб, юз-кўзидан ўпди. Улар йиғлашдилар.
5. Эсов бошини кўтариб қараб, хотинлар билан болаларни кўрди. – Булар сенинг киминг бўладилар? – деб сўради. – Булар сизнинг бандангизга Худо эҳсон қилган болалардир, – деди Ёқуб.
6. Шунда чўрилар билан болалари ҳам яқинлашиб, таъзим қилишди.
7. Сўнгра Леа билан болалари, охирида эса Юсуф билан Роҳила ҳам ҳаммалари яқинлашиб, таъзим қилишди.
8. Эсов сўради: – Мен учрашиб қолган бошқа тоифа-чи, уларни юборишингдан мақсад нима? – Жанобимнинг илтифотига сазовор бўлишим учун юбордим, – деди Ёқуб.
9. – Эй биродарим, менда кўп нарса бор, ўзингники ўзингга бўлсин, – деди Эсов.
10. Ёқуб: – Йўқ, агар сиз мени илтифотингизга сазовор ҳисобласангиз, совғамни менинг қўлимдан олинг. Мана сиз мени очиқ чеҳра билан қаршиладингиз, сиз билан юзма-юз кўришиш мен учун худди Худонинг юзини кўриш демакдир.
11. Марҳамат қилиб, сизнинг олдингизга юборган совға-саломимни қабул қилинг. Чунки Худо менга эҳсон қилди, менда ҳамма нарса бор, – деди. Ёқуб унга кўп ёлворгач, Эсов совғаларни қабул қилди ва:
12. – Қани юрайлик, мен сенинг олдингда боравераман, – деди.
13. Лекин Ёқуб унга деди: – Жанобим биладиларки, болалар нозик, қўйлар ва сигирларим эса соғиладиган. Агар уларни бир кунгина қистаб ҳайдасалар, бутун чорва ўлиб қолади.
14. Илтимос, жанобим ўз бандасидан илгари бораверсинлар. Мен ихтиёримдаги моллар ва болаларнинг қадамига қараб, аста-секингина юриб, жанобим ёнига, Сеъирга етиб бораман.
15. Эсов: – Мен билан келган одамлардан бир нечтасини сенинг измингга топширайин, – деди. Лекин Ёқуб: – Нима кераги бор? Жанобим мени илтифотига сазовор ҳисобласалар, бас, – деди.
16. Шундай қилиб, Эсов ўша куни ўз йўлига, Сеъир томонга қайтиб равона бўлди.
17. Ёқуб эса Суккотга кўчиб кетди. Ўзи учун уй қуриб, чорваларига эса чайлалар ясади. Шунинг учун бу жой Суккот (яъни Чайлалар) деган ном олди.
18. Шундай қилиб, Ёқуб Месопотамиядан қайтиб келгандан кейин Канъон мамлакатидаги Шакам шаҳрига эсон-омон бориб, шаҳарнинг рўпарасида манзил қурди.
19. Сўнгра ўрнашган ерни Шакамнинг отаси Ҳамўр ўғилларидан юз кумуш тангага сотиб олди.
20. У жойга бир қурбонгоҳ қуриб, уни Тангрига – Исроилнинг Худосига бағишлади.
1. Леанинг Ёқубга туғиб берган қизи Дина бир куни Канъон қизларини кўришга бориш учун манзилдан ташқарига чиқди.
2. У ернинг амири ҳиввий Ҳамўрнинг ўғли Шакам қизни кўриб, уни ушлади, зўрлаб у билан ётди.
3. Шакам Ёқубнинг қизи Динага мафтун бўлган, уни жуда севиб қолган эди. У бу қизнинг дилини овламоқчи бўлди.
4. Отаси Ҳамўрга ҳам билдириб: – Бу қизчани менга хотинликка олиб беринг, – деди.
5. Ёқуб эса қизи Динанинг номуси топталганини эшитгач, ўғиллари чорва билан даштдан қайтиб келгунча хомуш юрди.
6. Шакамнинг отаси Ҳамўр Ёқуб билан гаплашмоқчи бўлиб, унинг олдига борди.
7. Шу орада Ёқубнинг ўғиллари даштдан келишди. Бўлган ҳодисани эшитишгач, уларнинг ғазаби қайнаб, қаттиқ жаҳли чиқиб: – Ёқубнинг қизи билан ётиб, Исроил номига иснод келтирибди, қилмайдиган ишни қилиб қўйибди! – дейишди.
8. Ҳамўр уларга: – Ўғлим Шакам қизингизга жуда ишқибоз бўлган, энди марҳамат қилиб уни ўғлимга хотинликка берсангизлар.
9. Бир-биримиз билан қуда-андачилик қилайлик, сиз қизларингизни бизларга беринглар, бизнинг қизларимизни ўзингизга олинглар.
10. Бизлар билан яшайсизлар, бу ер сизларнинг ихтиёрингизда бўлади. Бу ерда яшаб, савдо-сотиқ қиласизлар, ер-сув эгаси бўласизлар, – деди.
11. Кейин Шакам сўз олиб, қизнинг отасига ва акаларига: – Фақат сизларнинг илтифотингизни қозонсам, бас. Менга нимаики десангизлар, уни бераман.
12. Мендан қанча совға, қалин талаб қилсангизлар ҳам, бераман; фақат қизни менга хотинликка беринглар, – деди.
13. Ёқубнинг ўғиллари эса сингиллари Динани ҳаром қилган Шакам ва отаси Ҳамўрга айёрлик билан жавоб бермоқчи бўлдилар.
14. Уларга: – Бу ишни бизлар қилолмаймиз; синглимизни суннат бўлмаган одамга бериш биз учун беномуслик бўлади.
15. Башарти ҳар бир эркагингиз бизлардек хатна қилинса, биз бунга рози бўламиз.
16. У тақдирда қизларимизни сизларга берамиз, сизларнинг қизларингизни ҳам ўзимизга оламиз, сизлар билан яшаб, битта қавм бўламиз.
17. Агар бизларга қулоқ солмай, хатна бўлмасангизлар, қизимизни олиб кетамиз, – дейишди.
18. Уларнинг бу гаплари Ҳамўр билан ўғли Шакамга маъқул тушди.
19. Йигит Ёқубнинг қизига меҳр қўйганидан, бу ишни бажаришни кечиктирмади. У отасининг хонадонида ҳаммадан эътиборли эди.
20. Шундай қилиб, Ҳамўр ва ўғли Шакам шаҳар дарвозаси олдига боришди ва ўз ҳамшаҳарларига хитоб қилиб:
21. – Бу одамлар бизга нисбатан беғараз. Майли, шу мамлакатда яшаб савдо-сотиқ қилсинлар. Еримиз кенг, улар бемалол сиғади. Уларнинг қизларини ўзимизга хотинликка олайлик, ўз қизларимизни ҳам уларга берайлик.
22. Энди бу одамлар бизлар билан бирга яшаб бир қавм бўлишга рози-ю, лекин биттагина шартлари бор: бизлардаги ҳар бир эркак улар сингари хатна қилинсин экан.
23. Шунда уларнинг подалари, мол-мулклари, от-уловлари ҳам бизларники бўлади-ку! Фақат уларнинг бу шартига кўнсак бўлди, бизлар билан бирга яшайдилар, – дейишди.
24. Буни эшитганларидан кейин, шаҳар дарвозасидан кириб-чиқадиган ҳамма эркаклар Ҳамўр ва ўғли Шакамнинг гапига кириб, хатна бўлдилар.
25. Орадан уч кун ўтиб, улар оғриб ётар эканлар, Ёқубнинг икки ўғли – Динанинг акалари Шимъўн ва Левий ҳар бири ўз қиличини тақиб олишди-да, тинч шаҳарга ногаҳон ҳужум қилиб, бутун эркакларни ўлдирдилар.
26. Ҳамўрни ва ўғли Шакамни ҳам тиғдан ўтказиб, Динани Шакамнинг уйидан олиб кетдилар.
27. Ёқубнинг ўғиллари ўлганларнинг устига ёпирилиб, сингилларини шарманда қилган шаҳарни талон-тарож қилиб ташладилар.
28. Ҳам шаҳардан топган, ҳам даштдан топган қўй-эчки, қорамол ва эшакларни олиб кетдилар.
29. Шаҳарликларнинг бутун бойлигини талаб, бола-чақаси билан аёлларининг ҳаммасини эса асир олиб, уйларидаги бор-йўғини ўлжа қилиб олиб кетдилар.
30. Ёқуб Шимъўн ва Левийга: – Сизлар мени бу юртнинг аҳли – канъонийлар ва периззийларнинг нафратига қолдириб, нотинч қилиб қўйдингизлар-ку! Менинг одамларим озгина; менга қарши қўшин тизиб зарба беришса, мен билан бутун хонадоним ҳам қирилиб йўқ бўлиб кетамиз-ку, – деди.
31. Ўғиллари эса: – Синглимиз билан фоҳиша каби муомала қилишига йўл қўйиб бўладими, ахир?! – дейишди.
1. Худо Ёқубга: «Ўрнингдан тур, Байтилга бориб у ерда истиқомат қил. Аканг Эсовнинг олдидан қочаётганингда сенга зоҳир бўлган Худо шаънига у ерда қурбонгоҳ тиклагин», – деди.
2. Шунда Ёқуб ўзининг оиласига ва хонадонидаги бошқа барчага хитоб қилиб: «Орангизда сақлаб юрган ёт худолар санамларини ўзларингиздан узоқлаштиринглар. Ўзларингизни покиза қилиб, кийимларингизни алмаштиринглар.
3. Биз шу ердан қўзғалиб, Байтилга борамиз. Бошимга оғир кун тушган вақтларда менга кўмак берган ва юрган йўлимда ҳар доим мен билан бўлган Худо шаънига у ерда қурбонгоҳ қураман», – деди.
4. Шунда улар сақлаб юрган ҳамма ёт худолар санамларини ва қулоқларига тақиб юрган бут сирғаларни Ёқубга беришди. Ёқуб эса буларни Шакам яқинидаги улуғ дарахтнинг тагига кўмди.
5. Сўнгра улар у ердан жилиб йўлга тушишди. Теварак-атрофдаги шаҳарлар аҳли эса Худодан қаттиқ ваҳм олган эди, шунинг учун Бани-Ёқубнинг кетидан қувишмади.
6. Шундай қилиб, Ёқуб ва у билан юрган бутун қавм Канъон еридаги Луз шаҳрига етиб келдилар. (Луз – Байтилга тенгдир.)
7. У ерда Ёқуб қурбонгоҳ тиклаб, ўша жойни Эл-Байтил (яъни Байтил Худоси) деб атади. Чунки акаси олдидан қочаётганида ўша ерда Худо унга Ўзини намоён қилган эди.
8. Шу орада Ривқонинг энагаси Девора ўлиб қолди. Уни Байтилнинг пастроғидаги болут дарахти тагига кўмдилар, дарахтни эса «йиғи болут» деб атадилар.
9. Месопотамиядан қайтиб келганидан кейин, Худо Ёқубга яна бир бор зоҳир бўлди. Худо уни муборак қилиб:
10. «Сенинг отинг Ёқуб бўлса- да, бундан кейин сени Ёқуб дейишмайди; энди сенинг исминг Исроил бўлади», – деганидек, унга Исроил деб ном қўйди.
11. Худо унга яна: «Мен Қодир Тангриман. Баракали бўлиб, ўсиб-кўпайгин. Сендан бир халқ ва ҳатто халқлар жамоати бунёд бўлади; сенинг уруғингдан подшоҳлар чиқади.
12. Мен Иброҳимга ва Исҳоққа берган бу ерни сенга ва сендан кейинги зурриётингга бераман», – деди.
13. Ёқуб билан сўзлашиб бўлиб, Худо унинг ёнидан юқорига кўтарилди.
14. Ёқуб эса Худо ўзи билан гаплашган жойдаги тошни олиб, ёдгорлик тиклади, тошнинг устига шароб ва ёғ тўкиб назр атади.
15. Худо ўзи билан сўзлашган жойни эса Байтил (яъни Худо уйи) деб атади.
16. Байтилдан жўнаб, йўл босар эдилар. Эфратга боришга сал қолган эдики, Роҳилани тўлғоқ тутиб, у жуда қийналди.
17. У азоб чекиб туғаётганида, дояси унга: «Қўрқма, бу ҳам сенга ўғил бўлади», – деди.
18. Ниҳоят, Роҳила ўлаётиб, жони чиқай деганда, туғилган ўғлини Бен-Ўни (яъни Шум Оёқ) деб чақирди. Аммо отаси унинг исмини Бенямин (яъни Ўнг Қўлим) деб қўйди.
19. Эфрат, яъни Байтлаҳм йўлида марҳума Роҳилани дафн этишди.
20. Ёқуб унинг қабри устида ёдгорлик тиклади. Қабр бугунгача «Роҳила мақбараси» деб айтилади.
21. Шундан сўнг Исроил йўлга чиқиб, Адир Минора деган жойнинг нариги томонида чодир қурди.
22. Исроил у юртда ўрнашганидан кейин, ўғли Рубен бориб отасининг чўри хотинларидан бири Билҳа билан ётди. Исроил буни эшитди, [ўғлини ёмон кўриб кетди.] Ёқубнинг жами бўлиб ўн икки ўғли бор эди:
23. Леа туққан ўғиллар: Ёқубнинг тўнғичи Рубен, кейин Шимъўн, Левий, Яҳудо, Иссохор ва Завулун.
24. Роҳила туққан ўғиллар: Юсуф ва Бенямин.
25. Роҳиланинг чўриси Билҳа туққан ўғиллар: Дан ва Нафтоли.
26. Леанинг чўриси Зилпа туққан ўғиллар: Гад ва Ошер. Ёқуб Месопотамияда бўлганида, мана шу ўғилларни кўрди.
27. Ёқуб отаси Исҳоқнинг олдига, Мамре деган жойга борди. Иброҳим ҳам, Исҳоқ ҳам мусофир бўлиб яшаган бу жой Қирят-Арба (яъни Ҳебрўн) шаҳри яқинидадир.
28. Исҳоқ эса жами бир юзу саксон йил умр кўриб, вафот этди.
29. У тўқ ва кексайиб оламдан ўтди, ўзининг ота-боболари олдига жўнади. Унинг ўғиллари Эсов ва Ёқуб уни кўмишди.
1. Эдўм халқининг отаси Эсовнинг насл- насаб тарихи қуйидагича:
2. Эсовнинг хотинлари Канъон қизларидан эди. Булар – ҳетий Эйлоннинг қизи Ада, ҳиввий Сивъўн ўғли Ононинг қизи Аҳолибама
3. ва Исмоилнинг қизи, Навойўтнинг синглиси Бўсмат эдилар.
4. Ада Эсовга Элифазни, Бўсмат эса Рағуилни туғиб беришди.
5. Аҳолибама эса Яъуш, Яълам ва Қўраҳни туғди. Ҳали Канъон ерида бўлганда Эсов учун туғилган ўғиллари ана шулар эди.
6. Кейинроқ Эсов хотинларини, ўғил-қизларини ва хонадонидаги борлиқ жонни, шунингдек, бутун чорва подаларини, Канъон ерида орттирган барча мол-мулкини олиб, укаси Ёқубнинг олдидан ўзга мамлакатга кўчиб кетди.
7. Иккала ака-уканинг мол-мулки жуда кўпайгани учун, улар энди бирга яшай олмас эдилар. Уларнинг чорвалари кўплигидан, улар мусофир бўлиб турган мамлакат энди уларни сиғдиролмайдиган бўлиб қолган эди.
8. Шундай қилиб, Эсов (Эдўмга тенгдир) Сеъир тоғлигида ўрнашиб олди.
9. Эсовдан келиб чиққан, Сеъир тоғлигида ўрнашган Эдўм халқининг насл-насаби қуйидагича:
10. Эсовга хотини Ададан Элифаз, хотини Бўсматдан эса Рағуил номли ўғиллар туғилдилар.
11. Элифазнинг ўғиллари: Теман, Ўмар, Сафў, Гаътам ва Қаноз эдилар.
12. Эсов ўғли Элифазнинг иккинчи хотини Тимна эса эрига Омолеқни туғиб берди. Ана шулар ҳаммаси Эсовнинг хотини Аданинг ўғил- набиралари эди.
13. Рағуилнинг ўғиллари: Наҳат, Зараҳ, Шамма ва Мизза эдилар. Булар эса Эсовнинг хотини Бўсматнинг ўғил-набиралари эди.
14. Сивъўн ўғли Ононинг қизи Аҳолибама эри Эсовга Яъуш, Яълам ва Қўраҳ деган ўғилларни туғиб берди.
15. Эсов наслидан келиб чиққан қабила йўлбошчилари қуйидагилардир: Эсовнинг тўнғичи Элифаз – Теман, Ўмар, Сафў, Қаноз,
16. Қўраҳ, Гаътам ва Омолеқ номли қабила йўлбошчиларининг отаси бўлган. Ана шу Эдўм қабилалари бари Элифаздан келиб чиқиб, Эсовнинг хотини Аданинг ўғил- набиралари эдилар.
17. Эсовнинг иккинчи ўғли Рағуил эса – Наҳат, Зараҳ, Шамма ва Мизза номли қабила йўлбошчиларининг отаси бўлган. Ана шу Эдўм қабилалари Рағуилдан келиб чиқиб, Эсовнинг хотини Бўсматнинг ўғил-набиралари эдилар.
18. Эсовнинг хотини Аҳолибаманинг эрига туғиб берган ўғиллари: Яъуш, Яълам ва Қўраҳ эдилар. Булар худди шу исмли қабилаларнинг йўлбошчилари бўлганлар. Ана шулар Эсовнинг хотини, Ононинг қизи Аҳолибамадан бино бўлган йўлбошчилар эди.
19. Шундай қилиб, бу Эдўм қабилаларининг ҳаммасига Эсовнинг ўғиллари йўлбошчи бўлганлар.
20. Эдўм туб аҳолисининг келиб-чиқиши ҳўрий Сеъирнинг ўғилларидан бошланган. Сеъирнинг ўғиллари: Лўтан, Шўвал, Сивъўн, Оно,
21. Дишўн, Эсар ва Дишан эдилар. Булар Эдўмдаги ҳўрий қабилаларининг йўлбошчилари бўлганлар.
22. Лўтаннинг ўғиллари Ҳўрий ва Ҳемам эдилар. Лўтаннинг Тимна деган синглиси ҳам бор эди.
23. Шўвалнинг ўғиллари: Алвон, Маноҳат, Эвол, Шафў ва Ўном эдилар.
24. Сивъўннинг ўғиллари: Айё ва Оно эдилар. (Отаси Сивъўннинг эшакларини чўлда боқаётганида иссиқ булоқни топган ўша Оно эди.)
25. Ононинг эса Дишўн отли ўғли ва Аҳолибама отли қизи бор эди.
26. Дишўннинг ўғиллари: Ҳамдон, Эшбон, Йитрон ва Карон эдилар.
27. Эсарнинг ўғиллари: Билҳон, Заъвон ва Ақон эдилар.
28. Дишаннинг ўғиллари: Ус ва Орон эдилар.
29. -
30. Шундай қилиб, Сеъир юртидаги Ҳўрий қабилаларининг номлари ўз йўлбошчиларининг тартиби бўйича шундайдир: Лўтан, Шўвал, Сивъўн, Оно, Дишўн, Эсар ва Дишан.
31. Исроил фарзандлари устидан бирон подшоҳ ҳукм сурмасдан олдин, Эдўм юртида қуйидаги подшоҳлар ҳукмронлик қилганлар:
32. Эдўм тахтида ўтирган илк подшоҳ Динҳоба шаҳридан бўлган Баъўр ўғли Бела эди.
33. Бела ўлгач, унинг ўрнига Бўсра шаҳридан Зараҳ ўғли Йўбоб тахтга чиқди.
34. Йўбоб ўлгач, унинг ўрнига Теман юртидан Ҳушом тахтга чиқди.
35. Ҳушом ўлгач, унинг ўрнига Мўов ерида мидёнликларни тор-мор этган, Авит шаҳридан бўлган Бедод ўғли Ҳадад тахтга чиқди.
36. Ҳадад ўлгач, унинг ўрнига Масреқа шаҳридан Самла тахтга чиқди.
37. Самла ўлгач, унинг ўрнига дарё бўйида жойлашган Раҳовот шаҳридан Шоул тахтга чиқди.
38. Шоул ўлгач, унинг ўрнига Ахбўр ўғли Баал-Ҳанан тахтга чиқди.
39. Ахбўр ўғли Баал-Ҳанан ўлгач, унинг ўрнига Ҳадар тахтга чиқди. У Пағу шаҳридан бўлиб, хотини эса Матраднинг қизи, Мезаҳобнинг набираси Меҳатобила эди.
40. Эсовдан келиб чиққан Эдўм қабилаларининг номлари сулолалари ва ўрнашган жойлари бўйича шулардир: Тимна, Алва, Ятет,
41. Аҳолибама, Эло, Пинўн,
42. Қаноз, Теман, Мибсор,
43. Магдиэл ва Ирам. Ушбу қабилалар ўз йўлбошчиларининг номларини олиб, ҳар бириси ўзининг яшаш ерига эга бўлган. Мана шуларнинг ҳаммаси Эдўм халқининг отаси Эсовдан келиб чиққанлар.
1. Ёқуб отаси мусофир бўлиб яшаган мамлакатда – Канъон диёрида яшайверди.
2. Ёқубнинг насл-насаб тарихи эса қуйидагича: Ёқубнинг ўғли Юсуф ўн етти яшар ўсмир бўлиб қолган эди. У отасининг хотинлари Билҳа ва Зилпадан туғилган акалари билан бирга чорва боқар, отаси олдида акаларининг ғийбатини қилар эди.
3. Исроил эса Юсуфни ҳамма ўғилларидан кўпроқ севар эди, чунки у Исроилнинг қарилик чоғида кўрган ўғли эди. Шу сабабли унга беқасам тўн қилдирди.
4. Юсуфнинг акалари эса оталари уни ҳамма ўғилларидан кўпроқ севганини билиб, Юсуфни ёмон кўриб қолдилар. Энди у билан дўстона гаплаша олмас эдилар.
5. Бир куни Юсуф туш кўриб, акаларига айтиб берди. Улар эса уни янада ёмон кўриб қолишди.
6. Юсуф акаларига: – Мен кўрган бу тушни тингланглар, – деди.
7. – Тушимда бизлар экинзорда боғлам боғлаётган эканмиз. Қарасам, менинг боғламим ердан кўтарилиб, тик турган экан, сизларнинг боғламларингиз эса давра олиб, менинг боғламимга таъзим қилди.
8. Юсуфнинг акалари унга: – Наҳотки сен бизнинг устимиздан подшоҳ ёки ҳукмрон бўлмоқчисан? – дейишди. Уни кўрган туши ва гапирган гапи туфайли янада ёмон кўриб қолдилар.
9. Кейин Юсуф яна бошқа бир туш кўрди. Уни ҳам акаларига ҳикоя қилиб берди: – Мен яна туш кўрдим. Тушимда қуёш ва ой ҳамда ўн бир юлдуз менга таъзим қилаётган экан, – деди.
10. Юсуф буни акалари ва отасига ҳам ҳикоя қилган эди, отаси уни койиб: – Бу кўрган тушинг қандай туш экан? Наҳотки мен, онанг ва акаларинг сенинг оёқларингга йиқилиб таъзим қилсак? – деди.
11. Юсуфга акалари ҳасад қилишарди. Лекин отасини бу гаплар ўйлатиб қўйди.
12. Юсуфнинг акалари оталарининг подаларини боқиш учун Шакамга кетишган эди.
13. Шу вақт Исроил Юсуфга: – Акаларинг Шакамда мол боқишяпти. Кел, сени уларнинг ёнига юборайин, – деди. – Хўп бўлади, отажон! – деди Юсуф.
14. – Сен бориб акаларинг ва подаларнинг ҳол-аҳволини билиб, менга хабар келтир, – деб отаси уни Ҳебрўн водийсидан жўнатди. Юсуф Шакамга қараб йўл олди.
15. Даштда адашиб қолди. Бир киши Юсуфни кўриб, ундан сўради: – Нимани излаяпсан?
16. – Мен акаларимни излаяпман, улар қаерда мол боқишяпти? Билсанг, менга айт, – деди Юсуф.
17. Ҳалиги одам унга: – Улар бу ердан жўнаб кетишди. Дўтанга борамиз, деб айтганларини эшитган эдим, – деди. Шунда Юсуф акаларининг кетидан бориб, уларни Дўтанда топди.
18. Юсуф ҳали яқинлашмасданоқ, акалари кўриб, Юсуфни ўлдиришга қасд қилдилар.
19. Бир-бировига: – Мана, ўша туш кўрувчи келяпти!
20. Келинглар энди, уни ўлдирамиз ва бирон қудуққа ташлаймиз. Сўнгра йиртқич ҳайвон уни еб кетибди, деб айтамиз. Шунда унинг тушлари нима бўларкан, кўрамиз, – дедилар.
21. Аммо Рубен Юсуфни уларнинг қўлидан қутқармоқчи бўлиб, укаларига: – Унинг жонига қасд қилмайлик.
22. Қон тўкманглар, уни мана шу яқиндаги чўл қудуғига ташласаларинг бўлди, фақат унинг жонига қасд қилманглар! – деди. Чунки у Юсуфни укалари қўлидан қутқариб, отаси олдига қайтариш ниятида эди.
23. Юсуф акалари ёнига келганда, акалари уни ушлаб, устидаги беқасам тўнни ечиб,
24. ўсмирни қудуқнинг ичига ташлаб кетишди. Қудуқ эса қуруқ, ичида сув йўқ эди.
25. Улар овқатланиб ўтириб, бир қарашган эди, Гилъад томондан исмоилийлар карвони келаётганини кўришди. Уларнинг туяларига хушбўй смолалар ва тутатқилар ҳамда мумиё ортилган, Мисрга қараб йўл босаётган эдилар.
26. Яҳудо биродарларига: – Укамизнинг қонини тўкиб буни яширишдан нима фойда бор?
27. Келинглар, яхшиси уни исмоилийларга сотамиз, қўлимизни унинг қони билан булғамаймиз. У бизнинг укамиз, ўз суягимиз, ахир, – деди. Яҳудо ака-укаларини кўндирди.
28. Шу пайт Мидёндан савдогарлар карвони ўтаётган эди. Улар Юсуфни қудуқдан тортиб чиқардилар ва йигирма кумуш тангага исмоилийларга сотдилар. Улар эса Юсуфни Мисрга олиб кетдилар.
29. Рубен ўша қудуқ бошига қайтиб бориб, қарасаки, Юсуф қудуқ ичида йўқ! У чопонини йиртиб ташлади-да,
30. укалари ёнига қайтиб бориб уларга: – Бола йўқ, энди мен қаерга бош урай? – деди.
31. Шунда ака-укалар Юсуфнинг беқасам тўнини олиб, бир такани сўйиб, тўнни така қонига ботирдилар.
32. Сўнг тўнни оталари олдига юбориб: «Биз буни топдик. Танинг-чи, бу ўғлингизнинг чопоними, ёки у эмасми?» – деб сўратдилар.
33. Ёқуб чопонни таниб: – Ўғлимнинг чопони-да, уни йиртқич ҳайвон еган. Юсуф бурда-бурда бўлган, шекилли, – деди.
34. Ва кийимини йиртиб, белига жул ўраб, ўғли учун анча вақт мотам тутди.
35. Ҳамма ўғил-қизлари унга тасалли бермоқ учун отасини бориб кўрса-да, аммо у овунишни рад қилар, – Мен мотамли бўлиб ўғлимнинг ёнига, ўликлар диёрига бораман, – дерди. Ўғлининг ҳасратида кўп фарёд чекди.
36. Шу орада мидёнликлар Юсуфни Мисрга олиб бориб, Фиръавннинг саройи маъмури ва соқчилар бошлиғи – Пўтифарга сотган эдилар.
1. Ўша вақтда Яҳудо ўз ака-укаларидан айрилиб жўнади. У йўл юриб, Адуллам шаҳрида Ҳиро отли бойнинг ёнида жойлашди.
2. Яҳудо у ерда Шуо исмли канъонлик бир одамнинг қизини кўриб қолди. Уни хотинликка олиб, бир ёстиққа бош қўйишди.
3. Аёл ҳомиладор бўлиб бир ўғил туғди. Эри унинг отини Ғер қўйди.
4. У яна ҳомиладор бўлиб бир ўғил туғди, унинг отини Ўнан қўйди.
5. У тағин бир ўғил туғиб, унинг отини Шело қўйди. Бу туғилган пайтда Яҳудо Каззоб шаҳрида эди.
6. Яҳудо тўнғичи Ғерни Тамара исмли бир қизга уйлантирди.
7. Яҳудонинг тўнғичи Ғер Худованд назарида нобоп одам бўлгани учун, Худованд уни ўлдирди.
8. Шунда Яҳудо Ўнанга: – Қайнағалик бурчингни ўтаб, акангнинг хотинини никоҳингга ол, токи акангга зурриёт етиштиргин, – деди.
9. Лекин Ўнан бу зурриёт ўзиники бўлмаслигини билиб, акамга зурриёт қолмасин, деб унинг хотини билан қовушган пайтларда уруғини ерга тўкиб юборар эди.
10. Унинг бу қилган иши эса Худовандга ёқмади ва Худованд уни ҳам ўлдирди.
11. Яҳудо келини Тамарага: – Ўғлим Шело катта бўлгунга қадар сен отангнинг уйида бева туравергин, – деди. Чунки Яҳудо: «Бу ҳам акалари каби ўлмасин», деб қўрқар эди. Шундай қилиб, Тамара кетди, отасининг уйида яшайверди.
12. Анча вақт ўтгандан сўнг Шуонинг қизи, яъни Яҳудонинг хотини ўлиб қолди. Яҳудо бир муддат ўтиб таскин топганидан кейин, ўзи билан дўсти адулламлик Ҳирони олиб, қўйларининг жунини қирқаётганларни кўргани Тимнага боришди.
13. Тамаранинг қулоғига: «Мана, қайнотанг қўйларининг жунини қирқиш учун Тимнага бораётир», – деган дарак етиб келди.
14. Шунда у бевалик кийимларини ечиб, паранжи ёпиниб, ўзини таниб бўлмайдиган қилди-да, Тимнага борадиган йўлда жойлашган Энойим ерининг кираверишида ўтирди. Тамара: «Шело энди катта бўлган, мени унга хотинликка беришмайди», деган хулосага келган эди.
15. Яҳудо Тамаранинг юзи ёпиқ ўтирганини кўриб, фоҳиша деб ўйлади.
16. У ўзининг келини эканини билмай, Яҳудо йўлидан аёл томон бурилди-да: – Рухсат бер, сен билан ётай, – деди. – Сиз мен билан ётсангиз, менга нима берасиз? – деди аёл.
17. Яҳудо: – Қўтондан сенга бир улоқ бериб юбораман, – деди. – Юборгунингизгача гаровга бирон нарса берасизми? – деди.
18. Яҳудо: – Гаровга нима берай? – деб сўради. – Муҳрингизни, унинг ипини ва қўлингиздаги ҳассани беринг, – деди аёл. Яҳудо у айтган нарсаларни берди ва у билан ётди. Тамара эса ундан ҳомиладор бўлди.
19. Тамара уйига қайтиб кетди ва паранжисини ечиб, яна ўзининг бевалик кийимларини кийди.
20. Шу орада Яҳудо ўша аёлга гаровга берган нарсаларимни қайтариб олай, деб адулламлик дўсти орқали улоқни юборди. Уни тополмагач,
21. дўсти бу жойнинг одамларидан сўради: – Энойимда йўл чеккасида ўтирган анави фоҳиша қани? – Бу ерда фоҳиша йўқ эди, – дейишди.
22. Дўсти Яҳудонинг ёнига қайтиб келиб: – Уни тополмадим, у жой одамлари ҳам ўша ерда фоҳиша йўқлигини айтдилар, – деди.
23. Яҳудо: – Мана мен бу улоқни юбордим, лекин сен аёлни топмабсан. Майли ўзига олиб қўйсин, тағин биз уятга қолмайлик, – деди.
24. Қарийб уч ой ўтгач, Яҳудога: «Сенинг келининг Тамара зино қилибди, фоҳишалигидан ҳомиладор ҳам бўлибди», – деган хабар етказишди. Яҳудо: – Уни майдонга чиқариб ёқинглар! – деди.
25. Тамарани ташқарига олиб чиқишаётган вақтда, у қайнотасига киши юбориб: «Мен мана бу буюмларнинг эгасидан ҳомиладор бўлганман. Танинг-чи, бу муҳр, бу ип, бу ҳасса кимники экан?» – деган гапни жўнатди. Яҳудо буюмларни таниб:
26. – Мен эмас, у ҳақлидир, чунки мен уни ўғлим Шелога бермадим, – деди. Шундан кейин Тамарага бошқа тегмади.
27. Тамарани тўлғоқ тутганида, унинг қорнида эгиз болалар борлиги маълум бўлди.
28. Туғаётган вақтда болалардан бири қўлини чиқарди. Доя алвон ип олиб: «Мана бу биринчи бўлиб чиқди!» – деб ипни унинг қўлига боғлади.
29. Бола қўлини қайтариб олиши билан унинг биродари чиқди. Шунда доя: «Ҳа, сен қандай ёриб чиқиб олдинг!» – деди. Шунинг учун Яҳудо унинг исмини Парас қўйди.
30. Кейин қўлида алвон ип бўлган биродари ҳам чиқди. Унинг отини Зараҳ қўйди.
1. Шу орада Юсуфни Мисрга олиб боришган эди. Фиръавн саройининг маъмури ва соқчилар бошлиғи, Мисрнинг беги бўлган Пўтифар Юсуфни у ерга олиб борган исмоилийлардан сотиб олган эди.
2. Худованд Юсуф билан эди. У мисрлик хўжайинининг уйида тураркан, омадли киши бўлиб қолди.
3. Унинг хўжайини ҳам Худованд Юсуф билан бўлганини англади. Чунки Юсуф қўл урган ҳар қандай ишга Худованд омад берар эди.
4. Шундай қилиб, Юсуф хўжайинининг кўнглини топиб, унинг шахсий ходими бўлиб қолди. Бек Юсуфни ўз хонадони устидан гумашта қилиб тайинлаб, бор-будини унинг ихтиёрига топширди.
5. Мисрликнинг хонадони ва бутун мол-мулки устидан Юсуф гумашта қилиб тайинланган вақтдан эътиборан Худованд Юсуф туфайли у хонадонни баракали қилди, уйда ва даштдаги ҳамма нарсасида Худованднинг баракати намоён эди.
6. Бек ўзининг бор-йўғини Юсуфнинг қарамоғига топшириб, энди ўз томоғидан бошқа ҳеч нарса ҳақида қайғурмас эди. Юсуф қадди-қомати келишган, жуда чиройли йигит эди.
7. Орадан бир муддат ўтгач, бекнинг хотини Юсуфга кўзини тикадиган бўлди. У Юсуфга: – Мен билан ёт! – деб айтар эди.
8. Аммо Юсуф рад этиб, хўжайинининг хотинига: – Мана, хўжайиним мен унинг хонадонида қиладиган ҳеч бир ишимга аралашмайди, ўзининг бор-будини менинг ихтиёримга топширган.
9. Бу хонадонда мендан катта одам йўқ. Хўжайин мендан ҳеч нарсани аямай, биргина сени бермаган. Сен унинг хотинисан- ку. Мен қандай қилиб бундай қабиҳликка бориб, Худога қарши гуноҳ қиламан? – деди.
10. Бека кундан-кун зўрласа-да, Юсуф у билан ётишга ёки ҳатто ўтиришга ҳам кўнмас эди.
11. Кунларнинг бирида Юсуф ўз ишини қилиш учун уйга кирди. Уй хизматчиларидан ҳеч ким йўқ эди.
12. Бека Юсуфнинг жомасини ушлаб: – Мен билан ёт! – деди. Аммо Юсуф жомасини аёлнинг қўлида қолдириб, ташқарига қочиб кетди.
13. У қочиб кетгандан кейин, бека жомани қўлида ушлаганча
14. уй хизматчиларини чақирди ва уларга: – Қаранглар олиб келган одамни! Энди бу иброний бизлар билан шўхлик қилишга ҳам интилади-да! Мана ҳозир у келиб, мен билан ётмоқчи бўлди. Аммо мен баланд овоз билан қичқириб юбордим.
15. У фарёд кўтарганимни эшитгач, ўз жомасини ёнимда қолдириб ташқарига қочиб кетди, – деди.
16. Бека Юсуфнинг жомасини ёнида олиб қўйди. Бек уйига қайтиб келгач,
17. унга арз қилишга тушди: – Бизларга сиз келтирган шу иброний қул мен билан шўхлик қилмоқчи бўлиб ёнимга келди.
18. Овозимни баланд қилиб, қичқиришим билан у жомасини ёнимда қолдириб, ташқарига қочиб кетди, – деди.
19. Юсуфнинг хўжайини эса хотинининг: «Юсуф менга не-не ишларни қилмади!» – деган нолишини эшитиб, жаҳли чиқди.
20. У Юсуфни ушлаб, подшоҳнинг махсус зиндонидаги қамоқхонага қаматиб қўйди. Шундай қилиб, Юсуф зиндонда ётар эди.
21. Лекин Худованд Юсуф билан бўлиб, унга эҳсон қилар эди. Юсуф зиндон бошлиғининг кўнглини топди.
22. Зиндон бошлиғи қамоқдаги бутун маҳбусларни Юсуфнинг қарамоғига берди, у ердаги ҳамма ишларни Юсуф идора қилар эди.
23. Зиндон бошлиғи энди Юсуфнинг назорати остидаги ҳеч бир ишга аралашмас эди. Чунки Худованд Юсуф билан бўлиб, у қилган ҳамма ишга омад берар эди.
1. Бу ҳодисалардан сўнг Миср подшоҳининг соқийси ва новвойи ўз жаноблари – Фиръавнга қарши гуноҳ қилдилар.
2. Ўзининг бош соқийси ва бош новвойи бўлган бу иккала маъмуридан Фиръавн аччиқланиб,
3. уларни қаматиб қўйди. Улар ётган қамоқхона соқчилар бошлиғининг назорати остида бўлиб, у ерда Юсуф ҳам маҳбус эди.
4. Соқчиларнинг бошлиғи Юсуфни буларга малай қилиб қўйди. Шундай қилиб, Юсуф уларга хизмат қилар эди.
5. Миср подшоҳининг соқийси билан новвойи бир муддат қамоқда ётганларидан кейин, бир кечанинг ўзида иккаласи бирдан туш кўришди. Ҳар бир тушнинг ўзига хос маъноси бор эди.
6. Саҳар туриб, Юсуф уларнинг ёнига келди, ҳар икковининг кўнгли хуфтон эканини кўрди.
7. Юсуф ўзи билан бир қаторда хўжайини – Фиръавннинг уйида асир бўлган бу маъмурлардан: – Нима учун бугун юзларингиз ғамгин? – деб сўради.
8. Улар: – Биз туш кўрдик, аммо тушни таъбир қиладиган кишини тополмадик, – дейишди. Юсуф уларга: – Тушнинг таъбирлари Худодан эмасми? Менга тушунтириб беринглар-чи, – деди.
9. Шунда бош соқий тушини Юсуфга ҳикоя қилди: – Мен тушимда олдимда бир ток кўрдим.
10. Токда учта новда бор экан. Новдалар ўсиб, гуллаб, шингил-шингил узумлар пишди.
11. Менинг қўлимда Фиръавннинг косаси бор экан. Мен узумларни олиб сиқдим ва Фиръавннинг косасига қуйиб, косани унинг қўлига бердим, – деди.
12. Юсуф унга: – Тушнинг таъбири шу: уч новда – уч кун.
13. Мана уч кундан кейин Фиръавн сенинг бошингни юксалтириб, аввалги мансабингга қайтаради. Худди унга соқийлик қилган вақтда қилганингдай, аввалги тартиб бўйича яна Фиръавннинг косасини унинг қўлига берасан.
14. У сенга ҳиммат қилганидан сўнг, мени ҳам эслаб тургин. Марҳамат қилиб Фиръавн ҳузурида мени ёдингга келтир ва мени бу қамоқхонадан чиқариб олишга тиришгин.
15. Мени ибронийларнинг еридан ўғирлаб кетишгани етмагандек, энди бу ерда ҳам бирон-бир жиноят қилмай, бу чуқурга тиқиб қўйилдим, – деди.
16. Бош новвой эса Юсуф бояги тушни яхшиликка йўйганини кўргач: – Мен ҳам туш кўрдим, – деди. – Бошим устида учта саватда кулча бор экан.
17. Энг устки саватда новвойлар Фиръавн учун махсус тайёрлаган ҳар хил таомлар бор экан. Лекин қушлар келиб, бошим устидаги саватдан уларни чўқиб кетди.
18. Юсуф жавоб берди: – Тушнинг таъбири шу: уч сават – уч кун.
19. Мана шу уч кундан кейин Фиръавн бошингни танангдан жудо қилиб, сени дорга остиради, қушлар келиб этингни танангдан чўқиб кетади, – деди.
20. Орадан уч кун ўтиб, Фиръавн ўзининг туғилган кунини нишонлаш муносабати билан бутун мулозимлари учун зиёфат қилди. Мулозимларидан ўзининг бош соқийси билан бош новвойини ҳам ўртага чиқарди.
21. Бош соқийни ўз мансабига қайтарди ва у яна косани Фиръавн қўлига берди.
22. Лекин бош новвойни эса, Юсуф таъбир қилганидек, дорга остирди.
23. Шундан сўнг бош соқий Юсуфни бошқа эсламади, уни унутиб юборди.
1. Орадан икки йил ўтгач, Фиръавн туш кўриб қолди. Тушида у Нил дарёси бўйида турган экан.
2. Дарёдан кўримли, семиз етти бош сигир чиқиб, қиёқзорда ўтлаб юришар экан.
3. Уларнинг кетидан дарёдан кўримсиз, ориқ етти бош сигир чиқиб, дарё бўйидаги сигирлар ёнида турибди.
4. Кўримсиз, ориқ сигирлар кўримли, семиз етти сигирни еб юборибди. Шундан кейин Фиръавн уйғонди.
5. У яна уйқуга кетиб, иккинчи марта туш кўрди. Тушида битта пояда еттита яхши ва тўлиқ бошоқ чиқибди.
6. Уларнинг кетидан чўл шамоли қовжиратган ориққина етти бошоқ ўсиб чиқибди.
7. Бу ориқ бошоқлар семиз ва тўлиқ етти бошоқни ютиб юборибди. Шундан сўнг Фиръавн уйғониб, туш кўрганини билди.
8. Саҳар пайтида Фиръавннинг кўнгли жуда ғаш эди. У киши юбориб, Мисрнинг барча сеҳргарлари ва донишмандларини чақиртирди. Фиръавн уларга тушларини ҳикоят қилди, аммо унга таъбир қилиб берадиган бирон киши топилмади.
9. Шунда Фиръавннинг бош соқийси сўз олиб унга деди: – Мен бугун гуноҳларимни эслатишга мажбурман.
10. Фиръавн жаноби олийларининг бандаларига ғазаблари келиб, мени ва бош новвойни соқчилар бошлиғининг қамоқхонасига топширган эдилар.
11. Бир кечанинг ўзида мен ва жўрам бирдан туш кўриб қолдик, ҳар биримизнинг тушимиз эса ўзига хос таъбирни талаб қилар эди.
12. У ерда бизлар билан соқчилар бошлиғига хизмат қилиб юрган бир иброний йигит бор эди. Биз тушларимизни унга сўзлаб бердик, у бизга таъбир қилиб берди, тушларимизни алоҳида- алоҳида шарҳлаб берди.
13. Хулласи калом, у қандай таъбир этган бўлса, худди шундай бўлди. Мен ўз мансабимга қайтарилдим, жўрам эса осилди.
14. Буни эшитибоқ, Фиръавн Юсуфни олиб келиш учун кишилар юборди. Улар шошиб- пишиб Юсуфни зиндондан чиқаришди, сочини олиб, кийимини алмаштиришди. Юсуф Фиръавннинг ҳузурига келди.
15. Фиръавн унга: – Мен туш кўрдим, лекин уни таъбир қиладиган киши йўқ. Эшитишимча, сенинг тушни таъбир қилишга фаҳминг етар экан, – деди.
16. Юсуф Фиръавнга: – Бу мендан эмас; лекин Худо Фиръавнга хайрли башорат қилган бўлса керак, – деб жавоб берди.
17. Фиръавн Юсуфга: – Мен тушимда Нил бўйида турган эканман.
18. Шунда дарёдан семиз ва гўзал етти бош сигир чиқиб, қиёқзорда ўтлаб юришар экан.
19. Уларнинг кетидан кўриниши ёмон, бадбашара, жуда ориқ бошқа етти бош сигир чиқди. Мен бутун Миср ерида шунчалик ёмон сигирни кўрмаган эдим.
20. Ёмон, ориқ сигирлар эса аввалги етти семиз сигирни еб юборди.
21. Семиз сигирлар уларнинг қорнига кирган бўлса-да, қорнида борлиги билинмас эди. Уларнинг кўриниши аввалгидек ёмон эди. Шундан сўнг мен уйғониб кетдим.
22. Кейинги тушимда мен битта пояда ўсиб чиққан еттита тўлиқ ва яхши бошоқни кўрдим.
23. Уларнинг кетидан ингичка, чўл шамолидан қовжираган, қуруқ еттита бошоқ ўсиб чиқди.
24. Ингичка бошоқлар эса еттита тўлиқ бошоқни ютиб юборди. Шунда мен буни сеҳргарларга айтдим, аммо менга шарҳлаб берадиган киши топилмади, – деди.
25. Юсуф Фиръавнга деди: – Фиръавннинг тушлари бир. Худо қилмоқчи бўлган ишини Фиръавнга билдирибди.
26. Етти бош яхши сигир – етти йил, еттита яхши бошоқ ҳам – етти йил. Тушларнинг маъноси бир.
27. Улардан кейин чиққан етти бош ёмон ва ориқ сигир эса – яна етти йил, шунингдек, ориқ ва чўл шамолидан қовжираган еттита бошоқ ҳам ўша маънода: яъни бу етти қаҳатчилик йилини билдиради.
28. Мен шуни демоқчиман: Худо қиладиган ишини Фиръавнга намоён қилибди.
29. Бутун Миср мамлакатида етти йил буюк фаровонлик бўлади.
30. Ўша даврдан сўнг етти йил қаҳатчилик бош кўтаради. Мисрни хароб қиладиган бу очарчилик оғирлигидан мамлакат кўрган аввалги фаровонлик даври бутунлай эсдан чиқиб кетади.
31. Кейин пайдо бўладиган қаҳатчилик шунчалик оғир бўладики, мамлакатда ҳеч фаровонлик бўлмагандай туюлади.
32. Туш Фиръавнга икки марта такрор намоён бўлиши эса шундан далолат берадики, бу иш Худо олдида муқаррардир, У буни кечиктирмай амалга оширади.
33. Энди Фиръавн жаноби олийлари ақлли ва доно бир одамни сайлаб, уни Миср юрти устидан қўйсинлар,
34. токи у олий фармон ила етти фаровонлик йили бадалида Мисрнинг ҳосилидан бешдан бир қисмини ажратиб ундириш учун мамлакат устидан нозирлар тайинласин.
35. Бу келадиган яхши йилларда бутун ҳосилни йиғиб ғамлаб қўйишсин, шаҳарларда озиқ-овқат бўлиши учун ғаллани Фиръавннинг омборхоналарига ғарамлаб сақлашсин.
36. Мисрнинг бошига келадиган етти йиллик қаҳатчилик даврида мамлакат қирилмаслиги учун, бу озиқ-овқатлар захира бўлади.
37. Бу гап Фиръавн ва унинг бутун амалдорларига маъқул тушди.
38. Фиръавн ўз аъёнларига: – Ўзида Худонинг Руҳи бўлган бундай одамни топиб бўладими? – деди.
39. Фиръавн Юсуфга қайрилиб: – Худо буларнинг ҳаммасини сенга маълум қилган экан. Сендан ақллироқ ва донороқ одам йўқ.
40. Сен хонадоним устидан раис бўласан, бутун халқим сенинг амрингга қараб иш тутади. Мен фақат тахтим билангина сендан катта бўламан.
41. Мен сени бутун Миср юрти устидан бошлиқ қилиб тайинлайман, – деди-да,
42. ўз узугини бармоғидан чиқариб, Юсуфнинг бармоғига тақди. Унга кимхоб тўн кийгизиб, бўйнига олтин занжир тақди.
43. Фиръавн Юсуфни ўз ўринбосарининг аравасига миндириб, у боришидан олдин «Таъзим қилинглар!» дея жар солдирди. Шундай қилиб, Юсуф бутун Миср устидан бошлиқ бўлиб қолди.
44. Фиръавн Юсуфга: – Мен, Фиръавн, сенга айтяпман: сен амр бермасдан бутун Миср ерида ҳеч кимса ё қўлини ё оёғини кўтармайди, – деди.
45. У Юсуфга Сафнат-Паънаҳ деб исм қўйди ва Ўн шаҳрининг коҳини Пўтиферонинг қизи Ўснатни унга хотинликка олиб берди. Юсуф эса Миср юрти бўйича юксалиб борди.
46. Миср подшоҳи – Фиръавннинг ҳузурида турганида Юсуф ўттиз ёшда эди. Шундай қилиб, Юсуф Фиръавннинг ҳузуридан чиқиб, бутун Миср мамлакатини кезадиган бўлди.
47. Етти фаровонлик йили бошланиб, ер мўл-кўл ҳосил берди.
48. Бу етти йил ичида Юсуф Мисрнинг бутун озиқ- овқатини йиғиб, шаҳарларда ғамлаб қўйди. Ҳар шаҳарнинг атрофидаги далаларда етишган ғаллани омборларга ғарамлаб қўйди.
49. Юсуф денгиз қумидай кўп, беҳисоб кўп ғалла жамғарди. Ғалла миқдори сон-саноқсиз эди.
50. Қаҳатчилик даври бошланишидан аввал Ўн шаҳрининг коҳини Пўтиферонинг қизи Ўснат Юсуфга икки ўғил туғиб берди.
51. Юсуф: «Худо менга бутун машаққатимни ва бутун отам уйини унуттирди», – дея, тўнғичининг исмини Манаше (яъни Унуттирган) қўйди.
52. Иккинчи ўғли туғилганида Юсуф: «Худо ғурбатсаройимда мени самарали қилди», – дея, ўғлининг отини Эфраим (яъни Самарали) қўйди.
53. Миср юрти кўрган етти фаровонлик йили тугади.
54. Юсуф олдиндан айтган етти қаҳатчилик йили бошланди. Барча ўлкалар очарчиликка йўлиққан бўлса-да, Мисрнинг ҳар бурчагида нон сероб эди.
55. Охири Миср халқи ҳам очлик чекиб, Фиръавнга нон деб фарёд қила бошлади. Фиръавн эса бутун Миср аҳолисига: «Юсуфнинг олдига боринглар, у сизларга нима айтса, шуни қилинглар», – деб айтарди.
56. Қаҳатчилик энди бутун ер юзини қоплаган эди. Юсуф ҳамма омборларни очиб, мисрликларга ғалла сотарди. Шунга қарамай, Мисрда қаҳатчилик кучайиб борарди.
57. Бошқа ҳамма ўлкалардан ҳам Юсуфдан ғалла сотиб олиш учун Мисрга келишарди, чунки бутун ер юзида очарчилик жуда кучайган эди.
1. Ёқуб Мисрда ғалла борлигини эшитиб, ўғилларига: – Нима учун сизлар бир-бирингизга қараб турибсизлар?
2. Мен Мисрда ғалла борлигини эшитдим. Энди ҳаммамиз бу ерда очликдан ўлмайлик-да, сизлар у ерга бориб, бизга ғалла сотиб олиб келинглар, – деди.
3. Шундан кейин Юсуфнинг ўнта акаси ғалла сотиб олиш учун Миср томон жўнадилар.
4. Юсуфнинг укаси Беняминни эса Ёқуб акалари билан юбормади. «Мабодо у бирон балога йўлиқмасин», – деб қўрқар эди.
5. Шундай қилиб, Мисрга ғалла сотиб олгани борганлар орасида Исроил ўғиллари ҳам бор эди, чунки Канъон ўлкасида ҳам қаҳатчилик ҳукм сурар эди.
6. Мисрнинг ҳокими бўлган Юсуф эса бошқа ўлкалардан келаётганларга ҳам ғалла сотар эди. Шу орада Юсуфнинг акалари келиб қолишди. Юзлари ерга теккудек эгилиб, унга таъзим қилишди.
7. Юсуф эса акаларини кўриб, уларни таниди, лекин танимасликка олди. Уларга: – Қаердан келдиларинг? – деб қаттиқ гапирди. – Биз Канъон еридан озиқ-овқат сотиб олгани келдик, – деди улар.
8. Юсуф акаларини таниган бўлса-да, акалари уни танимадилар.
9. Юсуф улар ҳақида кўрган тушларини эслаб, уларга: – Сизлар жосуссизлар! Бу мамлакатнинг камчиликларини билиб олиш учун келгансизлар-да! – деди.
10. Лекин улар Юсуфга: – Йўқ, жаноби олийлари, бандаларингиз озиқ-овқат сотиб олгани келганлар.
11. Биз ҳаммамиз бир одамнинг фарзандларимиз. Сизнинг бандаларингиз тўғри одамлар, жосус эмаслар, – дейишди.
12. Юсуф уларга: – Йўқ, сизлар бу мамлакатнинг камчиликларини билиб олиш учун келгансизлар, – деди яна.
13. Улар: – Биз, бандаларингиз, ўн икки оға-инимиз. Бизлар Канъон юртидаги битта одамнинг фарзандларимиз. Кичиги ҳозир отамизнинг ёнида, бошқа бири эса ғойиб бўлган, – дейишди.
14. Юсуф уларга: – Ана, худди айтганимдай, сизлар жосусдан бошқа нарса эмассизлар.
15. Сизлар энди синовдан ўтасизлар: Фиръавннинг жони ҳақи қасам ичаманки, агар кенжа укангиз бу ерга келмаса, сизлар бу ердан чиқмайсизлар.
16. Ўзингиздан бирортангиз бориб, укангизни олиб келсин. Сизлар эса қамалиб турасизлар, токи сўзларингиз ҳақиқат ёки ёлғонлиги аниқ- равшан юзага чиқсин. Бўлмаса, Фиръавннинг жони ҳақи қасам ичаманки, сизлар жосус деб ҳисобланасизлар, – деди.
17. Юсуф ака-укаларни уч кунгача қаматиб қўйди.
18. Учинчи куни уларни чақиртириб: – Мен Худодан қўрқаман. Агар сизлар шу шартимни бажо келтирсаларинг, тирик қоласизлар.
19. Агар тўғри одамлар бўлсаларинг, унда биродарингиздан бири сиз қамалган уйда қамоқда турсин, сизлар эса очликдан сулайган хонадонингиз аҳлига ғалла олиб боринглар
20. ва укангизни олиб, менинг олдимга қайтиб келинглар. Ўшанда сўзларингиз тўғрилиги билинади ва сизлар ўлмайсизлар, – деди. Ака-укалар бунга рози бўлишди.
21. Ўзаро сўзлашиб: – Дарҳақиқат бизлар укамизга қарши гуноҳкор бўлдик. У бизга ялиниб-ёлворди, биз унинг жони қийналаётганини писанд қилмадик, унга қулоқ солмадик. Ана шунинг учун бошимизга энди бу кулфат келди, – дейишди.
22. Рубен ҳам уларга қўшилиб: – Болага қарши гуноҳ қилманг, деб мен сизларга айтган эдим-ку. Аммо сизлар қулоқ солмадингизлар. Мана энди биздан унинг қонига қон олинади! – деди.
23. Уларнинг гапларини Юсуф тушунишини акалари билмас эди, чунки Юсуф улар билан таржимон орқали гаплашар эди.
24. Юсуф шу онда улардан айрилиб ташқарига чиқди-ю, йиғлаб юборди. Яна ўзига келиб, уларнинг ёнига қайтиб келди ва ораларидан Шимъўнни чиқариб олиб, акаларининг кўз олдида уни боғлатиб қўйди.
25. Юсуф амр бериб, уларнинг қоплари ғаллага тўлдирилсин, ҳар бирининг пули ўз қопига қайтариб солинсин, уларга йўл учун овқат берилсин, деб буюрди. Айтилганлар бажарилди.
26. Биродарлар сотиб олган дон- дунларини эшакларига ортиб, у ердан жўнаб кетишди.
27. Бир манзилга тушганларидан кейин, улардан бири эшагига ем бергани қопини очди-ю, ўз кумуш пулини кўриб қолди. Пул хуржун оғзида ётган экан.
28. У биродарларига: – Менга пулимни қайтаришибди-ку, мана, ўз хуржунимда экан! – деди. Шунда уларнинг юраклари қинидан чиққудай бўлди. Қалтираб бир-бирларига: – Худо бизга қилаётган бу иш ўзи нимаси? – дердилар.
29. Охири Канъон юртига, оталари Ёқуб олдига қайтиб келдилар. Улар билан юз берган ҳамма воқеаларни оталарига ҳикоя қилиб бердилар:
30. – Мисрни бошқарувчи зоти олий биз билан терс гаплашди, бизни жосуслар гумон қилди.
31. Биз унга: Тўғри одамлармиз, жосус эмасмиз, дедик.
32. Биз ягона отамизнинг ўн икки ўғлимиз, укамизнинг бири ғойиб бўлган, кичиги эса ҳозир Канъон юртида, отамизнинг ёнида, дедик.
33. Мамлакатни бошқарувчи зоти олий эса бизга: “Сизлар тўғри одамлар эканингизни мен шундан биламан: биродарингиздан бирини менинг ёнимда қолдиринглар, сизлар эса очликдан сулайган хонадонингиз аҳлига ғаллани олиб бориб,
34. укангизни олиб, менинг олдимга қайтиб келинглар. Ўшандагина сизлар жосус эмас, балки тўғри одамлар эканингизни биламан. Биродарингизни сизларга қайтариб бераман ва бу мамлакатда олди-сотди қиласизлар”, – деди.
35. Шу маҳал ака-укалар ўз қопларини бўшатишди, ҳар бирининг кумуш тугуни ҳам қопида эди. Улар ва оталари Ёқуб кумуш тугунларини кўриб, қўрқиб кетишди.
36. Оталари уларга: – Сизлар мени фарзандларимдан маҳрум қилдингизлар: Юсуф йўқ, Шимъўн йўқ, Беняминни ҳам олиб кетмоқчисизлар. Менинг бошимга не-не офатлар келди! – деди.
37. Рубен отасига: – Беняминни менга ишониб топширинг. Агар уни сизга қайтармасам, менинг икки ўғлимни ўлдиринг. Мен уни сизга соғ-саломат қайтариб келаман, – деди.
38. Лекин Ёқуб: – Менинг ўғлим сизлар билан бормайди. Чунки унинг акаси ўлди ва ёлғиз у қолди. Яна мабодо сизлар бораётган йўлда у бирон балога йўлиқмасин, оқ сочимни алам билан гўрга олиб борманглар, – деди.
1. Мамлакатда қаҳатчилик кучайиб борар эди.
2. Мисрдан келтирган ғаллани еб тугатганларидан кейин, Ёқуб ўз ўғилларига: – Яна бориб бизга бир оз озиқ-овқат сотиб олиб келинглар, – деди.
3. Яҳудо унга жавоб берди: – Ўша зоти олий бизга қатъиян таъкидлаб: “Агар укангиз сизлар билан келмаса, менинг юзимни кўрмайсизлар”, деб айтган эди.
4. Агар сиз укамизни биз билан юборсангиз, у ерга бориб сизга озиқ-овқат сотиб олиб келамиз.
5. Агар юбормасангиз, биз бормаймиз. У зот: “Укангиз сизлар билан келмаса, менинг юзимни кўрмайсизлар”, деб айтиб қўйди бизга.
6. Исроил: – Нима учун сизлар у зотга яна укангиз борлигини билдириб, менинг бошимга бало бўлдингизлар? – деди.
7. Улар: – У зоти олий ўзимизни ва туғишганларимизни сўроқ қилиб турди-да. “Ҳали ҳам отангиз тирикми? Бошқа биродарингиз борми?” деб сўраганида, биз унга тўғри жавоб бердик. “Укангизни келтиринглар”, деб айтишини биз қаердан билибмиз? – дейишди.
8. Яҳудо ҳам отаси Исроилга: – Болани мен билан юборинг. Биз жўнаб кета қолайлик ва сиз ҳам, биз билан болаларимиз ҳам тирик қолайлик, очликдан ўлмайлик.
9. Мен ўзим бола учун кафил бўламан, уни менинг қўлимдан оласиз. Агар уни сизга соғ-саломат қайтариб бермасам, унда мен умрбод сизнинг лаънатингизга қолай.
10. Агар биз бундай хаёлга бормаганимизда, ҳозиргача икки марта бориб келган бўлар эдик, – деди.
11. Исроил ўз ўғилларига деди: – Ундай бўлса, мана қиладиган ишингизни билиб олинглар: сизлар бу ернинг аъло ноз- неъматларидан олиб идишларингизга солинглар. Ўша зоти олийга бир оз мумиё, бир оз асал, атирлар, хушбўй тутатқилар, писта ва бодом совға қилиб олиб боринглар.
12. Ўзларингиз билан икки баравар кумуш пул олиб, хуржунларингизга солиб қўйилган пулларни ҳам қайтариб беринглар. Ҳар ҳолда қандайдир бир янглишлик юз бергандир.
13. Хўп, энди укангизни олиб кета қолинглар, у зоти олийнинг олдига қайтиб боринглар.
14. У Бенямин ва бошқа биродарингизни ҳам сиз билан қайтариб юбориши учун унинг ҳузурида Қодир Оллоҳ сизларга марҳамат айласин. Мен агар фарзандларимдан маҳрум бўладиган бўлсам, майли, маҳрум бўлай.
15. Ака-укалар совға-саломларни уловларга ортиб, ўзлари билан икки баравар пулни ҳамда Беняминни олиб йўлга тушдилар. Мисрга етиб бориб, Юсуфнинг ҳузурида ҳозир бўлдилар.
16. Юсуф Беняминни биродарлари билан бирга кўргач, ўзининг уй бошқарувчисига: – Бу одамларни уйга олиб бор ва ҳайвон сўйиб таом тайёрла. Улар пешин пайтида мен билан овқат ейдилар, – деди.
17. У эса Юсуфнинг айтганини қилиб, ака- укаларни Юсуфнинг уйига олиб борди.
18. Улар Юсуфнинг уйига олиб борилаётганларини билгач, қўрқиб кетишди. Ўзларича: «Мана, бундан олдин хуржунларимизга қайтариб солиб қўйилган пул учун бизни олиб боришяпти. Ҳозир устимизга ҳамла қилишади, бизни қул қилиб, эшакларимизни эса олиб кетишади», – дедилар.
19. Ҳовлига кираётганда, улар Юсуфнинг уй бошқарувчисига бош уриб:
20. – Тингланг, эй жаноб, биз бундан олдин ҳам ғалла сотиб олиш учун бу ерга келган эдик.
21. Жўнаётганимизда бир манзилга тушиб хуржунларимизни очсак, ҳар биримизнинг кумуш ақчамиз ҳеч камаймай хуржунларимизда турган экан. Энди биз буни қайтариб бергани келдик.
22. Бунинг устига биз озиқ-овқат сотиб олиш учун яна бошқа пул келтирдик. Бошда ким пулни хуржунларимизга солиб қўйган, биз билмаймиз, – дейишди.
23. Уй бошқарувчи: – Хотиржам бўлинглар, қўрқманглар. Сизларнинг Худойингиз, отангизнинг Худоси хуржунларингизга хазина қўйиб кетибди. Мен сизлардан ўз ҳақимни олдим, холос, – деди. Шу билан Шимъўнни уларнинг олдига чиқарди.
24. Уй бошқарувчи ака-укаларни Юсуфнинг уйига келтирди ва уларга оёқларини ювгани сув берди, эшакларига ем берди.
25. Пешинда Юсуф билан бирга овқатланишларини эшитишиб, у келгунча совға-саломни тайёр қилиб қўйишди.
26. Юсуф уйга келгач, улар ўзлари билан олиб келган совғаларни уйга киргизишди ва Юсуфнинг олдида ергача энкайиб таъзим қилишди.
27. Юсуф улардан ҳол-аҳвол сўраб: – Ўша сизлар айтган қари отангиз саломатми, ҳануз ҳаётми? – деди.
28. – Бандангиз отамиз саломат, ҳануз ҳаётдир, – деб бош эгиб таъзим қилишди.
29. Юсуф кўзларини ўз онасининг ўғли, укаси Беняминга тикиб: – Менга айтган кенжа укангиз буми? – деди. Ва бир оздан сўнг: – Эй ўғлим, Худо сенга марҳамат айласин! – деди-ю,
30. шитоб билан чиқиб кетди. Чунки укасига нисбатан меҳри қайнаб, йиғлагиси келган эди. У ўз ётоғига кириб, у ерда йиғлаб юборди.
31. Юзини ювиб, яна ташқарига чиққанидан кейин, ўзига ҳоким бўлиб: – Таом қўйилсин! – деб амр берди.
32. Юсуфга алоҳида, ака-укаларига алоҳида ҳамда у билан овқатланаётган мисрликларга алоҳида қўйдилар. Чунки мисрликлар ибронийлар билан бирга овқат ейиши мумкин эмас, бу улар учун макруҳ ҳисобланади.
33. Юсуф ўз қаршисида ҳамма ака-укаларини тўнғичидан кенжасигача ёш тартиби бўйича ўтқазди. Улар эса бир-бирига таажжуб билан қараб туришарди.
34. Юсуфнинг дастурхонидан уларга овқат беришар экан, Беняминнинг ҳиссасини акаларига қараганда беш карра кўп қилиб беришарди. Шундай қилиб, ака-укалар Юсуф билан еб-ичиб, айш сурар эдилар.
1. Юсуф ўзининг уй бошқарувчисига амр этиб: – Бу одамларнинг хуржунларини ўзлари кўтара олгунча озиқ-овқат билан тўлдир, ҳар бирининг пулини ҳам ўз хуржуни ичига қайтариб сол.
2. Ўша кенжанинг хуржунига эса ғаллага берган пули билан менинг хусусий кумуш жомимни солиб қўй, – деди. Уй бошқарувчи Юсуф айтгандек қилди.
3. Эртасига тонг ёришган пайтда оға- иниларни эшаклари билан жўнатиб юборишди.
4. Улар шаҳардан чиқиб, унча узоққа бормаган ҳам эдиларки, Юсуф ўзининг уй бошқарувчисига шундай буюрди: – Қани, у одамларнинг кетидан қув. Уларга етиб олгач, шундай деб айтасан: “Нима учун сизлар яхшиликка ёмонлик қайтардингизлар?
5. Мана бу жом – хўжайиним ичимлик ичадиган жомнинг ўзи-ку! Хўжайиним унга қараб каромат қилади. Сизларнинг бу қилган ишингиз жуда ёмон иш”.
6. Уй бошқарувчи оға-иниларга етиб олиб, худди шу гапни уларга айтди.
7. Оға-инилар унга: – Нима учун жанобимиз бундай деяптилар? Бандаларингиз бундай ярамас ишни асло қилмайдилар.
8. Мана, бундан аввал биз хуржунларимиздан топган кумуш пулни Канъон еридан олиб келиб, сизга қайтариб бердик, яна қандай қилиб биз хўжайинингизнинг уйидан кумуш ёки олтинни ўғирлар эканмиз?
9. Бандаларингиздан кимнинг ёнидан жом топилса, у ўлсин ва ҳаммамиз ҳам жанобимизга қул бўлайлик, – дейишди.
10. Уй бошқарувчи: – Майли, айтганингиздек бўлсин. Жом кимнинг ёнидан топилса, у менга қул бўлади, қолганларингиз эса айбсиз бўлиб чиқасизлар, – деди.
11. Уларнинг ҳар бири шоша-пиша ўз хуржунини ерга тушириб очишди.
12. Уй бошқарувчи эса каттасининг ҳам, кичигининг ҳам ашёларини тинтиб чиқиб, жомни Беняминнинг хуржунидан топди.
13. Шунда улар кийимларини йиртиб, юкини эшагига ортиб, шаҳарга қайтиб боришди.
14. Яҳудо билан укалари Юсуфнинг уйига кириб келишди. У ҳануз шу ерда эди. Унинг олдида ерга йиқилишди.
15. Юсуф уларга: – Бу қилган ишингиз нимаси? Ёки мендек одам каромат қила олишини билмас эдингизларми? – деди.
16. Яҳудо: – Биз жанобимизга нима ҳам дердик? Нима деб ўзимизни оқлаймиз? Мана Худонинг Ўзи бандаларингизнинг гуноҳини фош қилибди-ку. Майли, биз жанобимизга қул бўламиз, жом топилган одам ҳам, бошқаларимиз ҳам сизга қул бўламиз, – деди.
17. Юсуф: – Асло, мен бундай қилмайман. Фақат кимдан жом топилган бўлса, ўша менга қул бўлади, қолганларингиз эса эсон-омон оталарингиз олдига борасизлар, – деди.
18. Шунда Яҳудо Юсуфга яқинроқ келиб деди: – Жаноби олийлари ижозат берсалар, бандангиз жанобимнинг қулоқларига бир оғиз сўз айтса. Жанобимнинг ўзи Фиръавн ўрнида бўлсалар-да, мендан ғазабланмасинлар.
19. Жанобимиз ўз бандаларидан отамиз ёки биродаримиз борлиги ҳақида сўраганларида,
20. биз жанобимизга: Бизларнинг қари отамиз бор, унинг қариликда кўрган кенжа ўғли ҳам бор, дедик. Унинг биродари ўлгач, онасига ёлғиз у қолди ва отамиз ҳам уни кўп севади, дедик.
21. Шунда сиз бандаларингизга: «Уни менга келтиринглар, токи мен унга бир назар солайин», – деб айтдингиз.
22. Лекин биз жанобимизга: Бола отасини қолдириб келолмайди. Агар отаси ундан жудо бўлиб қолса, ўлиб қолади, дедик.
23. Аммо сиз бандаларингизга: «Агар кенжа укангиз сизлар билан келмаса, юзимни бошқа кўролмайсизлар», – деб айтдингиз.
24. Биз бандангиз, отамизнинг ёнига қайтиб борганимизда, жанобимизнинг сўзларини унга айтиб бердик.
25. Отамиз: «Яна бориб бизга бир оз озиқ-овқат сотиб олинглар», – деганларида,
26. биз: Боролмаймиз, агар кенжа укамиз бизлар билан бормаса, у жаноби олийларнинг юзини кўролмаймиз, дедик.
27. Шунда бандангиз, отамиз бизга: «Биласизларки, хотиним Роҳила менга икки ўғил туғиб берди холос.
28. Бири менинг олдимдан чиқиб кетди. Мен: йиртқич ҳайвон уни ебди, дедим ва ҳозиргача ҳам уни топмадим.
29. Бунисини ҳам менинг кўз олдимдан олиб кетсангизлар ва у балога йўлиқса, унда сизлар оқ сочимни қайғу билан гўрга олиб борасизлар», – дедилар.
30. Энди, агар мен, бандангиз отам ёнига борганимда у билан бир жон, бир тан бўлган шу бола бизлар билан бирга бўлмаса,
31. ўғлининг йўқлигини кўриб, у ўлиб қолади, биз, бандаларингиз бандангиз отамизнинг оқ сочини алам билан гўрга олиб борган бўлармиз.
32. Чунки мен, бандангиз бу бола учун кафил бўлиб, отамга: Агар уни сизга қайтариб олиб келмасам, умрбод сизнинг лаънатингизга қолай, – деган эдим.
33. Энди майли, мен, бандангиз бу бола ўрнига жанобларига қул бўлиб қолайин, бола эса акалари билан бирга бора қолсин.
34. Чунки мен агар болани ўзим билан олиб бормасам, қандай қилиб отамнинг юзига қарайман? Мен отамни кулфатга дучор қилиб қўяман-ку!
1. Шунда Юсуф ҳузурида турганларнинг олдида ўзини бошқа тута олмай: – Ҳаммани ҳузуримдан чиқаринглар! – деб хитоб қилди. Шундай қилиб, Юсуф ўзини биродарларига танитган вақтда унинг ҳузурида ҳеч ким қолмаган эди.
2. У овози борича йиғлади. Мисрликлар уни эшитишди ва овоза Фиръавн саройигача етиб борди.
3. Юсуф ўз биродарларига: – Мен Юсуфман! Отам ҳали ҳам тирикми? – деди. Лекин биродарлари унинг қаршисида гангиб қолиб, нима деярини билмас эдилар.
4. Юсуф яна биродарларига: – Менга яқинроқ келинглар-чи! – деди. Улар яқинроқ келишди. Юсуф сўзини давом эттирди: – Сизлар Мисрга сотган биродарингиз Юсуф – мен ўзим бўламан!
5. Энди ғам чекманглар, мени бу ерга сотганингиздан пушаймон ҳам бўлманглар. Чунки Худо жон сақлашим учун мени сизлардан олдин бу ерга юборди.
6. Мамлакат ҳали икки йил қаҳатчилик кўрди, яна беш йил ер ҳайдалмайди, ўрим- йиғим ҳам бўлмайди.
7. Худо катта нажот билан наслингиз ер юзидан қирилиб кетмаслиги учун, сизлар барҳаёт қолишингиз учун сизлардан олдин мени бу ерга юборди.
8. Демак, мени бу ерга сизлар юборганингиз йўқ, балки Худо юборди. У мени Фиръавнга ота, унинг бутун хонадонига хўжайин ҳамда бутун Миср устидан ҳоким қилиб қўйди.
9. Энди тез отамнинг олдига боринглар, унга шундай денглар: «Ўғлингиз Юсуф бундай деяпти: Худо мени бутун Миср устидан хўжайин қилиб қўйди. Сиз кечикмай менинг олдимга келаверинг.
10. Сиз ўғилларингиз, набираларингиз, шунингдек, бутун қорамол ва қўй-эчки подаларингиз, бор-йўғингиз билан менга яқин бўлган Гўшен юртида ўрнашасизлар.
11. Сизни бу ерда боқаман, чунки яна беш йил қаҳатчилик давом этади. Бўлмаса сиз хонадонингиз ва молларингиз билан йўқчиликка юз тутасизлар», – деб айтинглар.
12. Мана сизлар ҳам, укам Бенямин ҳам ўз кўзларингиз билан кўряпсизларки, сизларга бу гапни айтаётган мен ўзимман.
13. Мисрда қозонган бутун шон-шуҳратим ва сизлар кўраётган бошқа ҳамма нарса ҳақида отамга хабар қилинглар. Кечикмай, отамни бу ерга олиб келинглар, – деди.
14. Шунда Юсуф укаси Беняминнинг бўйнига осилиб йиғлади. Бенямин ҳам акаси қучоғида йиғлар эди.
15. Сўнг Юсуф ҳамма акаларини ўпди ва уларни қучоқлаб йиғлади. Шундан кейин ака-укалари у билан гаплашдилар.
16. Юсуфнинг ака-укалари келди, деган хабар Фиръавн саройига етиб борди. Фиръавн ва унинг аъёнлари хурсанд бўлдилар.
17. Фиръавн Юсуфга шундай амр қилди: «Биродарларингга айт, улар бундай қилсинлар: уловларига юкларини ортиб, жўнаб Канъон ерига борсинлар.
18. Оталарини ва оилаларини олиб, у ердан менинг олдимга қайтиб келсинлар. Мен уларга Мисрнинг аъло ноз-неъматларини бераман, бундаги семиз ернинг ҳосилидан еб тўядилар.
19. Мана сен амримни олдинг, уларга худди шундай қилишларини айт. Бола-чақа ва хотинларингиз учун Мисрдан аравалар олиб, отангизни ҳам кўчириб келинглар.
20. Қолиб кетган нарсаларингизга ачинманглар, бутун Мисрнинг ноз-неъматлари сизларники бўлади».
21. Исроил ўғиллари худди шундай қилдилар. Юсуф Фиръавннинг амрига мувофиқ уларга аравалар берди ва йўл учун керак бўладиган овқат билан таъминлади.
22. Уларнинг ҳар бирига бир сидрадан кийим-кечак берди, Беняминга эса уч юз кумуш танга ҳамда беш сидрадан кийим-кечак берди.
23. Шунингдек, отасига Мисрнинг ноз-неъматлари ортилган ўн бош ҳанги эшакни ва йўл учун ғалла, нон ва бошқа емишлар ортилган ўн бош урғочи эшакни тортиқ қилиб юборди.
24. Юсуф биродарларини кузатиб қўяётганида: – Йўлда аразлашиб қолманглар! – деб уларни жўнатиб юборди.
25. Улар Мисрни қолдириб Канъон ерига, оталари Ёқуб олдига келдилар.
26. Улар оталарига: – Юсуф ҳали ҳам тирик экан, ҳозир у бутун Миср устидан ҳокимдир, – деб хабар беришди. Ёқуб эса қаттиқ ҳаяжонланиб, уларнинг гапига ишонмади.
27. Ака-укалар Юсуфнинг айтган ҳамма гапларини оталари Ёқубга гапириб беришди. Уни кўчириб келиш учун Юсуфнинг юборган араваларини кўргандан кейин, Ёқубнинг руҳи тетиклашди.
28. – Хайриятки, ўғлим Юсуф ҳануз тирик экан. Мен ўлиб кетмасимдан аввал уни кўрадиган бўлдим, – деди Исроил.
1. Исроил ўзининг бор-йўғини олиб йўлга равона бўлди. Беър-Шевага етиб келгач, отаси Исҳоқнинг сиғинган Худоси шаънига қурбонликлар сўйди.
2. Кечаси Худо ваҳийда Исроилга зоҳир бўлиб унга: – Ёқуб, Ёқуб! – деди. – Лаббай! – деди у.
3. Худо деди: – Мен Худоман, отангнинг сиғинган Худосиман. Сен Мисрга боришдан қўрқма, Мен у ерда сени буюк халқ қиламан.
4. Мен Ўзим сен билан бирга Мисрга бораман-у, у ердан яна Ўзим сени олиб чиқаман. Юсуфнинг қўлларида кўзинг юмилади.
5. Шу гапдан сўнг Ёқуб Беър-Шевадан жўнаб кетди. Исроил ўғиллари оталари Ёқубни, хотинлар билан болаларини Фиръавн юборган араваларда олиб боришди.
6. Шундай қилиб, Ёқуб билан унинг бутун зурриёти Канъон ерида қўлга киритган чорваю мол-мулкларини олиб, Мисрга етиб келишди.
7. Ёқуб ўзи билан бирга ўғил-қизларини ва набираларини, бутун зурриётини Мисрга олиб келди.
8. Мисрга кўчиб кетган Ёқубнинг ўғиллари – Исроил ўғилларининг исмлари қуйидагича: Ёқубнинг тўнғичи: Рубен.
9. Рубеннинг ўғиллари: Ҳанўх, Фаллу, Ҳасрўн ва Кармий.
10. Шимъўн ва унинг ўғиллари: Ямуил, Ямин, Ўҳад, Яхин, Сўҳар ва канъонлик хотини унга туғиб берган Шоул.
11. Левий ва унинг ўғиллари: Гершўн, Қаҳот ва Мерори.
12. Яҳудо ва унинг ўғиллари: Ғер, Ўнан, Шело, Парас ва Зараҳ. Булардан Ғер ва Ўнан Канъон ерида ўлиб кетдилар. Парас эса Ҳасрўн ва Ҳамул исмли ўғиллар кўрди.
13. Иссохор ва унинг ўғиллари: Тўло, Фувво, Аюб ва Шимрўн.
14. Завулун ва унинг ўғиллари: Сарад, Элўн ва Яҳлаил.
15. Месопотамияда бўлганларида, Леа бу ўғил-набираларини ва биргина қизи – Динани Ёқубга туғиб берди. Ёқубнинг Леадан кўрган ўғил-қизлари ва набиралари жами бўлиб ўттиз уч жон эдилар.
16. Яна Гад ва унинг ўғиллари: Сифйўн, Ҳаггий, Шуний, Эсбон, Ғерий, Арўдий ва Аръилий.
17. Ошер ва унинг ўғиллари: Имно, Ишво, Ишвий ва Бариё ҳамда сингиллари Сераҳ. Бариёнинг ўғиллари: Ҳавер ва Малкиэл.
18. Мана булар – Лобоннинг қизи Леага берган чўриси Зилпанинг Ёқубга туғиб берган ўғиллари. Улар жами бўлиб ўн олти жон эдилар.
19. Ёқубнинг хотини Роҳиланинг ўғиллари Юсуф ва Бенямин эдилар.
20. Миср мамлакатига келгандан сўнг, Ўн шаҳрининг коҳини Пўтиферонинг қизи Ўснат Юсуфга Манаше ва Эфраимни туғиб берди.
21. Беняминнинг ўғиллари: Бело, Бакар, Ошбел, Геро, Наъман, Эҳи, Рўш, Муппим, Ҳуппим ва Ард.
22. Мана булар – Роҳиланинг Ёқубга туғиб берган ўғиллари. Ҳаммаси бўлиб ўн тўрт жон эдилар.
23. Даннинг ўғли: Ҳушим.
24. Нафтолининг ўғиллари: Яҳсоил, Гуни, Ясар ва Шиллем.
25. Мана булар – Лобоннинг ўз қизи Роҳилага берган чўриси Билҳанинг Ёқубга туғиб берган ўғиллари. Улар ҳаммаси бўлиб етти жон эдилар.
26. Ёқуб ўғилларининг хотинларидан бошқа, Ёқубнинг уруғидан чиққан ва у билан бирга Мисрга келган барча жонлар олтмиш олти нафар эдилар.
27. Бунинг устига Юсуф Мисрда икки ўғил кўрди. Жами бўлиб Ёқуб хонадонидан Мисрга кўчиб кетган жонлар сони етмиш нафар эди.
28. Ёқуб Гўшенга борадиган йўлни билиб олиш учун ўзидан олдин Яҳудони Юсуфнинг қошига юборган эди. Улар Гўшен юртига етиб келганларида,
29. Юсуф аравасини қўшиб, отаси Исроилнинг истиқболига чиқиш учун Гўшенга кетди. Улар кўришгач, бир-бирининг бўйнига осилиб, қучоқлашганча узоқ йиғлашдилар.
30. Исроил Юсуфга: – Мана, мен сени тирик кўрдим. Энди дийдорингга тўйиб, бемалол оёғимни узатаман, – деди.
31. Юсуф биродарларига ва отасининг хонадони аҳлига хитоб қилди: – Мен энди бориб Фиръавнга хабар қиламан. Унга: Канъон еридан менинг биродарларим ва отамнинг хонадони олдимга келишди, – дейман.
32. – Бу кишилар мол эгасидирлар, чорвадорлик билан шуғулланишади, қўю сигирларини ва барча мол-ҳолларини ҳам бу ерга олиб келишди, – дейман.
33. Агарда Фиръавн сизларни чақириб: «Касб-корингиз нима?» – деб сўраб қолса,
34. шунда сизлар: «Бандаларингиз чорвадордир, кўҳна авлодлардан бошлаб то ҳозиргача бизлар чорвадорлик билан шуғулланиб келамиз», – деб айтинглар. Ўшанда Гўшен юртида баҳузур яшарсизлар. Чунки мисрликлар назарида ҳар бир чорвадор макруҳдир, – деди.
1. Юсуф Фиръавнни хабардор қилгани унинг олдига бориб: – Менинг отам ва биродарларим ўзларининг қўй-эчки ва қорамол подалари, бор-йўғи билан Канъон еридан келдилар. Мана ҳозир улар Гўшен юртидалар, – деди.
2. Шундан кейин биродарларидан бештасини танлаб, уларни Фиръавннинг қошига чиқарди.
3. Фиръавн ака-укалардан сўради: – Касб-корингиз нима? – Биз, бандаларингиз ота-боболаримиздай қадимдан молбоқар бўлганмиз, – дейишди улар Фиръавнга.
4. Ва қўшиб: – Биз бу мамлакатга яшаш учун келдик. Канъон ерида оғир қаҳатчилик, бандаларингизнинг чорваларига ўтлоқ йўқ. Энди ижозат берсангиз, бандаларингиз Гўшен диёрида турсалар, – дейишди.
5. Фиръавн Юсуфга қайрилиб: – Отанг ва биродарларинг сенинг ёнингга келибдилар.
6. Мана Миср диёри сенинг ихтиёрингда; отанг ва ака-укаларингни бу диёрнинг энг яхши жойида ўрнаштир. Майли, Гўшен юртида тураверсинлар. Агарда уларнинг орасида уддабуро одамлар борлигини билсанг, уларни менинг чорвам устидан назоратчи қилиб қўй, – деди.
7. Шундан сўнг Юсуф отаси Ёқубни чақириб, Фиръавннинг қаршисида турғизди. Ёқуб эса Фиръавнни дуо қилди.
8. Фиръавн Ёқубдан: – Умринг айёми неча йилга борди? – дея сўради.
9. Ёқуб: – Менинг ғарибона умрим айёми юз ўттиз йилга борди-ю, лекин ҳаётим тез ва машаққатли ўтди, ота-боболаримнинг ғариблик йилларига етиб бормади, – деди.
10. Ва Фиръавнни тағин дуо қилиб, унинг олдидан чиқиб кетди.
11. Шундай қилиб, Юсуф отасини ва ака- укаларини ўз жойларига ўрнаштирди. Фиръавннинг фармони бўйича, Мисрнинг энг яхши жойи бўлган Раъмсес музофотидан уларга мулк берди.
12. У ерда Юсуф отасини, биродарларини ҳамда бутун отаси хонадонини уларнинг болалари сонига қараб ризқ-рўз билан таъмин этди.
13. Ер юзида қаҳатчилик жуда оғирлашиб борар эди. Миср ва Канъон мамлакатларида ҳам одамлар овқат йўқлигидан ҳолдан тойган эдилар.
14. Юсуф эса халққа сотаётган ғалла эвазига Мисрнинг ва Канъоннинг ҳамма пулини қўлга киритиб, Фиръавн саройига тўплаб қўярди.
15. Ниҳоят Мисрда ҳам, Канъонда ҳам пул қолмагач, барча мисрликлар Юсуфга ёлвориб: – Бизларга овқат беринг! Мана пулимиз битди, биз сизнинг кўзингиз олдида ўлиб кетсак, бундан нима фойда? – дедилар.
16. Юсуф уларга: – Агар пулингиз битган бўлса, чорваларингизни ҳайдаб келинглар. Мен сизларга чорваларингиз эвазига озиқ-овқат бераман, – деди.
17. Шунда улар чорваларини Юсуфнинг олдига ҳайдаб келишди. Юсуф уларнинг от- эшак, қўй-эчки ва қорамоллари эвазига уларга ғалла берди. Ўша йили уларнинг бутун чорваларини сотиб олиб, халқни ризқ-рўз билан таъминлади.
18. У йил ўтиб, кейинги йили яна халқ Юсуфнинг ҳузурига келиб: – Биз тақсиримиздан яширган нарсамиз йўқ, пул тамом бўлди, молларимиз эса тақсиримизнинг ихтиёрида. Мана энди тақсиримизга бериш учун ўз жон-танимиз ва ер-сувимиздан бошқа нарса қолмади.
19. Ўзларимиз ҳам, ер-сувимиз ҳам сизнинг кўзингиз олдида ҳалок бўлишидан нима фойда? Сиз ўзимизни ва ер-сувимизни ҳам озиқ-овқат эвазига сотиб олинг. Биз ер- сувимиз билан Фиръавнга қул бўламиз. Бизга уруғлик берсангиз, бас, токи биз ҳалок бўлмай, тирик қолайлик, ер-сувимиз ҳам чўлга айланмасин, – дейишди.
20. Шундай қилиб, мисрликлар энди очарчиликка тоб бера олмай, ҳар бири ўзининг экин майдонини сотди. Юсуф Мисрнинг барча ер-сувини Фиръавн учун сотиб олди, ўлканинг ер-суви батамом Фиръавннинг эгалигига ўтди.
21. Мисрнинг бир чеккасидан бошқа чеккасигача бўлган халқни қулликка олди.
22. Фақат коҳинларнинг мулкини сотиб олмади. Чунки коҳинларга Фиръавн томонидан ажратилган экин майдонлари бор эди. Улар бу ерларнинг унумидан ризқини еб турганлари учун, сотишга мажбур эмас эдилар.
23. Юсуф халққа хитоб қилди: – Энди мен сизларни ва ер-сувингизни Фиръавн учун сотиб олдим. Мана, сизларга уруғлик, буни ерга экинглар.
24. Ўрим-йиғим чоғида эса, ҳосилнинг бешдан бир қисмини Фиръавнга ажратиб беринглар. Қолган тўрт ҳиссаси сизларга уруғлик ва хонадонингиз аҳлига, бола-чақаларингизга емишлик бўлсин.
25. – Эй тақсир, сиз бизга ҳаёт ато этдингиз. Кошки биз яна жанобимизнинг илтифотига сазовор бўлсак, биз Фиръавнга қул бўлар эдик, – деди халқ.
26. Шунга кўра, Юсуф Мисрнинг ер-мулки тўғрисида қонун чиқарди. Бугунгача жорий бўлган ушбу қонун бўйича, ҳосилнинг бешдан бир қисми Фиръавнга тўланар эди. Фақатгина коҳинларнинг ер-мулки алоҳида бўлиб, Фиръавнга қарам эмас эди.
27. Исроил фарзандлари Миср мамлакатининг Гўшен музофотида ўрнашган эдилар. Улар юртни тасарруф этиб, беҳад ўсиб-кўпайиб кетдилар.
28. Ёқуб эса Мисрда ўн етти йил яшади. Унинг умри роса юз қирқ етти ёшга борди.
29. Ёқубнинг ажали яқинлашгач, у ўғли Юсуфни чақириб: – Агар сен мени илтифотингга сазовор ҳисобласанг, унда қўлингни сонимнинг тагига қўй, менга эҳсону вафодорлик кўрсатиб, мени Мисрда дафн этмаслигинг ҳақида ваъда бер.
30. Мен оламдан ўтиб, ота-боболарим билан бир жойда ётганимдан кейин, мени Мисрдан олиб кетиб, ота-боболарим ётган мақбарага дафн этгин, – деди. Юсуф: – Айтганингиздек қиламан, – деди.
31. Ёқуб: – Менга қасамёд қил, – деди. Юсуф унга қасамёд қилди. Шунда Ёқуб тўшагининг бошида сажда қилди.
1. Бу ҳодисалардан кейин Юсуфга отасининг бемор ётганини билдиришди. У икки ўғли Манаше ва Эфраимни ўзи билан олиб, отасини кўргани борди.
2. Исроилга (яъни Ёқубга): «Ўғлингиз Юсуф сизни кўришга келибди», – деб маълум қилишганда, у кучини тўплаб, тўшагига ўтирди.
3. Ёқуб Юсуфга: – Қодир Оллоҳ Канъон диёридаги Луз шаҳрида менга зоҳир бўлиб, мени муборак қилди.
4. У менга шундай сўзлади: «Мен сени баракали қилиб, кўпайтириб юбораман. Сендан халқлар жамоати яратаман. Бу ерни сендан кейинги зурриётингга ҳам абадий мулк қилиб бераман», – деди.
5. Энди мен сенинг ёнингга, Мисрга келишимдан аввал бу ерда сен кўрган шу икки ўғлинг – Эфраим ва Манашени меники деб билгин. Улар мен учун катталарим Рубен ва Шимъўн билан тенг.
6. Агар булардан кейин яна ўғиллар кўрсанг, уларни ўз ўғилларинг деб билгин. Уларга акалари эгаллаган ер-мулкидан насиба берилади.
7. Мен Месопотамиядан қайтиб келиб, Канъон юртини кезар эканман, Эфратга боришга сал қолганда Роҳила менинг кўзим олдида вафот этди. Уни ўша ерда, Эфрат (яъни Байтлаҳм) йўлида дафн этдим, – деди.
8. Исроил Юсуфнинг ўғилларини кўриб: – Булар ким? – дея сўради.
9. Юсуф отасига: – Булар менинг Худо бу ерда насиб этган ўғилларимдир, – деди. – Уларни менга келтир-чи, мен уларни дуо қилайин, – деди у.
10. Исроилнинг кўзлари қариликдан хиралашган эди. Юсуф ўғилларини отасига яқинроқ келтирди. Исроил уларни кўролмаса- да, ўпиб қучоқлади.
11. Исроил Юсуфга: – Мен ҳатто сенинг дийдорингни кўришдан умид узган эдим, энди эса Худо менга зурриётингни ҳам кўрсатди, – деди.
12. Юсуф ўғилларини отасининг тиззалари орасидан олди, юзи ерга теккудай таъзим қилди.
13. Сўнг Юсуф икки ўғлини қўлларидан ушлади-да, Эфраимни ўнг қўлига олиб Исроилнинг чап томонига турғизди, Манашени эса чап қўлига олиб Исроилнинг ўнг томонига турғизди.
14. Аммо Исроил қўлларини чалиштириб чўзиб, кенжаси Эфраимнинг бошига ўнг қўлини, тўнғичи Манашенинг бошига эса чап қўлини қўйди
15. ва Юсуфни дуо қилиб деди: «Оталарим Иброҳим ва Исҳоқ Унинг олдида юрган Худо, Умрим бошидан то бугунгача мени боқиб келган Худо,
16. Ҳар бир мусибатдан мени халос қилган Фаришта Бу ўсмирларни қут-баракали айласин. Менинг исмим ва оталарим Иброҳим ила Исҳоқнинг исми Уларнинг ўртасида зикр этилиб турсин. Сувда балиқлар қайнаган каби, Улар ер бўйлаб ўсиб-кўпайиб боришсин».
17. -
18. Отаси ўнг қўлини Эфраимнинг бошига қўйгани Юсуфга ёмон кўринди. У отасига: – Ота, бундай бўлмасин, тўнғичи мана бу! Ўнг қўлингизни унинг бошига қўйинг, – деди- да, отасининг қўлини Эфраимнинг бошидан олиб, Манашенинг бошига қўймоқчи бўлди.
19. Аммо отаси рози бўлмай: – Биламан, ўғлим, биламан. Ундан ҳам бир халқ пайдо бўлади, у ҳам буюк бўлади. Ва лекин укаси ундан буюкроқ бўлади, унинг зурриётидан кўпдан-кўп халқлар пайдо бўлади, – деди.
20. Ўша куннинг ўзида Исроил ўсмирларни дуо қилиб деди: «Исроилликлар муборакбод айлаганларида, Сизларнинг номингиз ила айлайдилар. “Худо сени Эфраимдек, Манашедек қутли қилсин”, – деб айтадилар». Исроил шундай деб, Эфраимни Манашедан кўра олдинроқ қўйди.
21. Сўнг у Юсуфга: – Мана, менинг куним битяпти. Худо сизлар билан бўлади ва сизларни ота- боболарингизнинг ерига қайтариб келтиради.
22. Мен сенга биродарларингникидан зиёда бир адир бергайман; уни амўрийлар қўлидан қиличиму камоним билан олганман, – деди.
1. Ёқуб ўғилларини ёнига чақириб деди: «Жам бўлингиз, сизларга маълум қилайин, Оқибатда сизлар билан нелар юз бераркин.
2. Эй Ёқуб ўғиллари, тўпланиб қулоқ солингиз, Тинглангиз отангиз Исроилнинг васиятларин!
3. Эй сен, Рубен, менинг тўнғичим! Менинг қудратим, ёшлик ғурурим! Сен шуҳрат оширдинг, қудрат оширдинг,
4. Вале жўш урдинг-да, селдай тошдинг. Энди ўз ҳаддингдан ошмагин тағин. Сен-ку, ўз отангнинг тўшаги устига чиқдинг, Менинг кўрпа-ёстиғим узра ҳаромлик қилдинг.
5. Шимъўн ва Левий – биродарлар-у, Жабр-жафо қуролидир уларнинг иттифоқлиги.
6. Менинг жоним уларнинг мажлисига кирмас, Таним эса уларнинг қарорига қолмас. Зеро улар ғазаб айлаб одамларни ўлдиришди, Бебошлик этиб буқаларни шикастлантиришди.
7. Лаънат уларнинг тошқин қаҳр-ғазабига! Лаънат уларнинг беомон ситам-зўғумига! Мен Ёқуб элида уларга низо солгайман, Исроилда тарқатиб юборгайман уларни.
8. Эй сен, Яҳудо! Биродарларинг сени мадҳ этишажак, Туғишганларинг сенга таъзим этишажак. Ёвни эса гарданидан ушлаб қолажаксан.
9. Эй ўғлим Яҳудо, арслон боласи! Сен шикорингдан қайтиб келдинг, ўғлим. Мана қаранг, у шердек чўкди-ю ётди; Арслондайин ўзи – ким ҳуркитармиш уни?
10. Салтанат ҳассаси Яҳудодан силжимас, Мирза ҳам кам бўлмас оёғи тагидан, То Малики Сулҳ келгунига қадар; Элу халқлар эса Унга бўйин сунадилар.
11. Ул ўз эшагини ток новдасига боғлар, Баҳузур хўтигини боғда қолдириб кетар. Ўз кийим-кечагини шаробга булаб, Либосини хуни хамрда ювар.
12. Шаробдан кўзлари учқунланар порлоқ, Сутни мўл ичиб тишлари бўлган оппоқ.
13. Завулун денгиз соҳилида жойлашиб, Кемаларга бандаргоҳ бўлажак; Унинг ҳудуди эса Сидўнгача чўзилажак.
14. Иссохор – қўралар орасига чўккайган Суякдор эшак сингари.
15. Осойиш яхши, диёр ёқимли, – деди. Юк ташишга бўйин эгай, – деганда, Қуллик бўйинтуруғига кириб қолди.
16. Дан – Исроил қабилаларининг бири сифатида Ўз халқининг қозисию ҳомийси бўладур.
17. Дан – йўлда биланглаб юрган илон, Йўловчидан бекиниб олган оғули илон. Ул отнинг тўпиғини чақар, Сувориси эса орқага қулаб кетар.
18. Сенинг мададингга умидвордирман, Эй Худованд!
19. Гадни босмачилар тўдаси босиб олур, У из қувиб уларга етиб босиб олур.
20. Ошер мўл-кўлчиликда ўз нонини еяр, Шоҳларча ноз-неъматларни еб тўяр.
21. Нафтоли – чопқир оҳудайин ўзи, У чиройлигина қуралайларни туғар.
22. Юсуф – мевадор дарахтнинг ниҳоли, Булоқ бошида ўсган оғочнинг кўчати. Унинг тармоқлари девордан ошиб кетадур.
23. Ўқчилар дастаси уни ранжитишди, Ўқ отишиб, унга қасд-адоват қилишди.
24. Унинг камони таранг, қўли чечан бўлди. Ёқубнинг суянган Илоҳий Қудратдан, Исроилни боққан Улуғ Қоядан у куч олди.
25. Отангнинг Худоси сенга мадад бергай, Қодир Оллоҳ сени муборак айлагай. Юқорида бўлган кўк баракатларини, Пастда ётган тубсизлик сероблигини, Она эмчаги ва она қорни қутини сенга эҳсон этгай.
26. Мана, отангнинг қолдириб кетган қут- баракатлари – Абадий юксакликлар баракатидан ҳам ошиқ, Азалий чўққилар неъматидан ҳам ортиқдир. Ана шу баракатлар барчаси тепадан ёғиб, Биродарларининг улуҒи Юсуфга насиб этгай.
27. Бенямин – йиртқич бўри! Сабоҳда у овини ямлаб ютар, Оқшомда эса ғаниматни тақсимлар».
28. Исроилнинг ҳамма ўн икки қабилалари булардир, оталарининг уларга топширган сўзлари ҳам шулар. У ўғилларини шундай дуо қилди, ҳар бирини ўзининг дуосига мувофиқ дуо қилди.
29. Уларга васият қилиб, яна деди: «Мен ўз ота-боболарим олдига жўнай деб турган эканман, энди сизлар мени оталарим ётган, ҳетий Афроннинг даштида жойлашган ғорга дафн этинглар.
30. Канъон ерида, Мамре қаршисидаги Махпела даштида жойлашган, ҳетий Афрондан сотиб олинган, Иброҳимнинг оила мақбараси бўлган ана у мағорага мени кўминглар.
31. Иброҳим ва хотини Сорони у ерда дафн этдилар. Исҳоқ ва хотини Ривқони ҳам у ерда дафн этдилар. Мен Леани ҳам у ерда дафн этдим.
32. Бу дашт ва ундаги ғорни биз Ҳет ўғилларидан сотиб олганмиз».
33. Ёқуб буларни айтиб, ўғилларига васият қилишни тамом қилди. У оёқларини тўшаги ичига йиғиб олиб, жон берди ва ўзининг ота- боболари олдига жўнади.
1. Шунда Юсуф отасининг устига йиқилиб, йиғлаганича унинг юз-кўзидан ўпди.
2. Юсуф отасини мумиёлаш учун ўз хизматидаги табибларга амр этди, табиблар Исроилни мумиёладилар.
3. Мумиёлаш иши одат бўйича роса қирқ кунни талаб этди. Мисрликлар эса етмиш кун унга йиғи қилдилар.
4. Йиғи даври тугагач, Юсуф Фиръавннинг сарой аҳлига деди: «Агар мени илтифотга сазовор ҳисобласангизлар, унда Фиръавн зоти олийларига билдириб қўйингларки,
5. отам менга қасам ичириб: “Менинг куним битди, мени Канъон ерида ўзим учун қазиган қабримга дафн этасан”, – деган эдилар. Энди ижозатингиз билан бориб отамни дафн этайин, кейин яна бу ерга қайтиб келайин».
6. Фиръавн буни эшитиб, Юсуфга: «Сен бора қол, отанг сенга қандай қасам ичирган бўлса, шундай дафн этгин», – деди.
7. Шундай қилиб, Юсуф отасини кўмиш учун жўнади. Фиръавн саройининг бутун ходимлари ва кексалари, Миср мамлакатининг барча оқсоқоллари,
8. шунингдек, Юсуфнинг бутун хонадони, ака-укалари ва отасининг хонадони ҳам у билан кетдилар. Фақат бола- бақраларини, қўй-эчки ва қорамол подаларини Гўшен юртида қолдирдилар.
9. Аравалардан, оту отлиқлардан иборат ғоят катта бир карвон унга ҳамроҳлик қилди.
10. Ўрдун дарёсининг шарқий томонига, Янтоқли Хирмон деган жойга етиб келганларида, у ерда катта ва жуда салобатли таъзия маросими ўтказишди. Юсуф отаси учун етти кун аза тутди.
11. Канъон аҳолиси Янтоқли Хирмонда содир бўлаётган бу маросимни кўргач: «Мисрликларнинг мана бу салобатли мотамини қаранг!» – дедилар. Шу сабабдан Ўрдуннинг шарқий бўйидаги ўша жой Миср Мотами деб аталиб келади.
12. Ёқубнинг ўғиллари оталарининг васиятини бажардилар.
13. Улар оталарини Канъон ерига олиб бордилар, Мамре қаршисида жойлашган Махпела даштидаги ғорга уни дафн этдилар. Иброҳимнинг ўзи у ғорни дашт билан бирга оила мақбараси қилиб ҳетий Афрондан сотиб олган эди.
14. Юсуф отасини дафн этгандан кейин, ўзи, биродарлари ва у билан отасининг жанозасида қатнашганларнинг ҳаммаси Мисрга қайтиб келдилар.
15. Оталари ўлгач, Юсуфнинг биродарлари: «Юсуф бизларга кек сақлаб юрибди, биз унга қилган бутун ёмонликларнинг қасдини у биздан олмасдан қўймайди», – деб ўйлардилар.
16. Шундай қилиб, Юсуфга шу мазмундаги эслатишни йўлладилар: «Отанг ўлишидан аввал васият қилиб:
17. “Юсуфга шундай деб айтинглар: Марҳамат қилиб, биродарларининг унга қилган жиноятларидан ўтиб, оғир гуноҳларини кечириб юборсин”, – деган эдилар. Энди марҳамат қилиб, отанг Худосининг қуллари бўлган бизнинг бу оғир гуноҳимиздан кечгин». Юсуф уларнинг бу сўзларини эшитиб, йиғлаб юборди.
18. Охири биродарларининг ўзлари ҳам келдилар ва унинг оёқларига йиқилиб: – Мана бизлар сенинг қулларингмиз, – дедилар.
19. Юсуф уларга: – Қўрқманглар, мен Худонинг ўрнида эмасман-ку! – деди.
20. – Сизлар менга ёмонлик ният қилган эдингизлар, лекин Худо буни яхши ниятга айлантириб юборди. Мана ҳозир кўраётганимиздай, У шу йўсинда анча халқнинг ҳаётини асради.
21. Энди қўрқманглар; мен сизларнинг ва болаларингизнинг ташвишини қиламан, – деди. Уларга шундай деб далда бериб, уларнинг хотирини жам қилди.
22. Юсуф ўзи ва отасининг хонадони Мисрда туравердилар. Юсуф роса бир юз ўн йил умр кўрди.
23. Юсуф кенжаси Эфраимнинг учинчи наслини ҳам кўрди; тўнғичи Манашенинг ўғли Мокирнинг ўғиллари ҳам Юсуфнинг тиззалари устида туғилдилар.
24. Юсуф биродарларига: «Менинг ажалим етди. Аммо Худо, албатта, сизларни йўқлайди. У сизларни бу ердан кўчириб, Иброҳимга, Исҳоққа ва Ёқубга қасамёд қилган ерга олиб кетади», – деди.
25. Сўнг Юсуф Исроил ўғилларига қасам ичириб: «Худо, албатта, сизларни йўқлайди. Ўшанда менинг суякларимни бу ердан олиб кетинглар», – деди.
26. Шундай қилиб, Юсуф бир юз ўн ёшда қазо қилди. Уни мумиёлаб, Мисрда бир тобутга солдилар.

Скачать Ibtido - 1-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.76 МБ)

Скачать Ibtido - 2-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.25 МБ)

Скачать Ibtido - 3-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.39 МБ)

Скачать Ibtido - 4-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.41 МБ)

Скачать Ibtido - 5-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.04 МБ)

Скачать Ibtido - 6-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.21 МБ)

Скачать Ibtido - 7-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.17 МБ)

Скачать Ibtido - 8-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.2 МБ)

Скачать Ibtido - 9-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.38 МБ)

Скачать Ibtido - 10-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.21 МБ)

Скачать Ibtido - 11-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.32 МБ)

Скачать Ibtido - 12-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.11 МБ)

Скачать Ibtido - 13-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (0.97 МБ)

Скачать Ibtido - 14-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.4 МБ)

Скачать Ibtido - 15-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.12 МБ)

Скачать Ibtido - 16-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (0.99 МБ)

Скачать Ibtido - 17-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.55 МБ)

Скачать Ibtido - 18-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (2.02 МБ)

Скачать Ibtido - 19-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (2.19 МБ)

Скачать Ibtido - 20-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.25 МБ)

Скачать Ibtido - 21-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.58 МБ)

Скачать Ibtido - 22-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.34 МБ)

Скачать Ibtido - 23-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.05 МБ)

Скачать Ibtido - 24-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (3.44 МБ)

Скачать Ibtido - 25-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.57 МБ)

Скачать Ibtido - 26-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.83 МБ)

Скачать Ibtido - 27-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (2.4 МБ)

Скачать Ibtido - 28-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.23 МБ)

Скачать Ibtido - 29-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.65 МБ)

Скачать Ibtido - 30-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (2.18 МБ)

Скачать Ibtido - 31-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (2.87 МБ)

Скачать Ibtido - 32-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.65 МБ)

Скачать Ibtido - 33-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.02 МБ)

Скачать Ibtido - 34-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.46 МБ)

Скачать Ibtido - 35-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.56 МБ)

Скачать Ibtido - 36-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.81 МБ)

Скачать Ibtido - 37-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.78 МБ)

Скачать Ibtido - 38-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.5 МБ)

Скачать Ibtido - 39-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.16 МБ)

Скачать Ibtido - 40-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (0.99 МБ)

Скачать Ibtido - 41-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (2.61 МБ)

Скачать Ibtido - 42-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.97 МБ)

Скачать Ibtido - 43-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.76 МБ)

Скачать Ibtido - 44-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.6 МБ)

Скачать Ibtido - 45-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.47 МБ)

Скачать Ibtido - 46-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.65 МБ)

Скачать Ibtido - 47-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.94 МБ)

Скачать Ibtido - 48-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.36 МБ)

Скачать Ibtido - 49-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.69 МБ)

Скачать Ibtido - 50-bob - Injil Eski Ahd. mp3 (1.56 МБ)

Инжил



Muqaddas Kitob. Tavrot, Zabur, Injil
Tavrot | Zabur | Injil (+audio)
Muqaddas Kitob  Muqaddas Kitob APP
Yuklab olish - Muqaddas Kitob O'zbek tilida Injil (latin 27mb .pdf)
Скачать - Муқаддас Китоб (Инжил) (кирилл 26mb .PDF)

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz


Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Matto Muqaddas xushxabar  Mark Muqaddas xushxabar  Luqo Muqaddas xushxabar  Yuhanno Muqaddas xushxabar  Havoriylarning faoliyati  Yoqubning maktubi  Butrusning birinchi maktubi  Butrusning ikkinchi maktubi  Yuhannoning birinchi maktubi  Yuhannoning ikkinchi maktubi  Yuhannoning uchinchi maktubi  Yahudoning maktubi  Rimliklarga maktub  Korinfliklarga birinchi maktub  Korinfliklarga ikkinchi maktub  Galatiyaliklarga maktub  Efesliklarga maktub  Filippiliklarga maktub  Kolosaliklarga maktub  1-Salonikaliklarga  2-Salonikaliklarga  Timo'tiyga birinchi maktub  Timo'tiyga ikkinchi maktub  Titusga maktub  Filimo'nga maktub  Ibroniylarga maktub  Yuhannoga ko'rsatilgan vahiy


Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18


Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida  Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida  Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак