Инжил

Римликларга мактуб

1. Худонинг Инжил Хушхабарини етказмоққа махсус сайланган ва ҳаворийликка чорланган Исо Масиҳнинг қули – Павлусдан салом.
2. Худо қадимданоқ ўз пайғамбарлари орқали муқаддас ёзувларда башорат қилганидек, ушбу Хушхабар Унинг Ўғли ҳақидадир.
3. Исо Масиҳ жисман Довуд зурриёти эса-да,
4. руҳан илоҳийлик касб этади. У қайтадан тирилиб, Худонинг Ўғли эканини қудратли равишда намоён қилди.
5. Шундай қилиб, Раббимиз Исо Масиҳ номидан барча халқларни имонга бўйсундирайлик, деб Худо Унинг исми ҳақи бизга иноят қилди ҳамда ҳаворийликни ато этди.
6. Исо Масиҳ даъват этган сизлар ҳам ўша халқлардансизлар.
7. Худо севган ва муқаддас бўлишга чақирган барча Римда яшовчиларга Отамиз Худодан ва Раббимиз Исо Масиҳдан иноят ва тинчлик бўлсин.
8. Энг аввало, имонингиз шуҳрати бутун дунёга таралаётганини кўриб, Исо Масиҳ шарофати ила барчангиз учун Худойимга шукр айтаман.
9. Худо менга шоҳиддирки, мен Унинг Ўғлининг Хушхабарини тарғиб этишда сидқидилдан хизмат қилибгина қолмасдан, узлуксиз ибодатларимда сизларни хотирлайдирман.
10. Худо хоҳласа, ниҳоят ёнингизга бориш насиб этсин, деб тоат-ибодатдаман.
11. Мустаҳкамланишингиз учун сизларга бирон руҳий инъом бахш этай, деб сизларни кўришни кўп орзу қиламан.
12. Яна тўғриси, кўришганимизда сизнинг ҳам, менинг ҳам имонимиз бир эканидан ўзаро жасорат топамиз, демоқчиман.
13. Эй биродарлар, бошқа халқларда бўлгани каби, сизларда ҳам мен туфайли бирор натижа бўлсин, деб кўп дафъа ёнингизга келишни ният этганим, лекин ҳозиргача қаршиликларга дуч келганимдан бехабар қолишингизни истамайман.
14. Мен юнонлару варварлар, олимлару жоҳиллар олдида қарздорман.
15. Шундай қилиб, Римдаги сизларга ҳам қўлимдан келганича, Инжил Хушхабарини етказишга тайёрман.
16. Ҳар ҳолда мен Инжилдан ор қилмайман. Аввало яҳудий, сўнг турли халқдан имон келтирган ҳар бир киши учун Инжил Худонинг халоскорлик қудратини етказувчи Хушхабардир.
17. Бу Хушхабарнинг мағзи шуки, Худо Ўзи гуноҳкорни оқлайди. Бу оқлаш эса фақатгина имон орқали содир бўлади. Тавротда ёзилганидек: «Имони билан оқланган киши ҳаёт бўлур».
18. Ноҳақлик қилиб ҳақиқатни оёқ ости қилаётган барча бетавфиқ ва фосиқ инсонларга кўкдан Худонинг ғазаби тўкилишга тайёр.
19. Худо ҳақида нимаики билиш мумкин бўлса, уларга равшандир; Худонинг Ўзи уларга зоҳир этган.
20. Унинг кўринмас хусусиятлари, яъни абадий қудрати ва илоҳиёти, Ўз ижод маҳсулию борлиқни яратганидан англашилади ва очиқ кўриниб туради. Шундай қилиб, уларнинг узрлари йўқ.
21. Чунки улар Худони идрок этганлари ҳолда, Уни Худо сифатида улуғламадилар ва Унга шукрона айтмадилар. Бунинг ўрнига бемаъни хаёлларга берилиб, уларнинг бефаросат диду дилига зулмат тушди.
22. Ўзларини ақлли билиб, ақлдан ноқис бўлиб қолдилар.
23. Мангу барҳаёт Худонинг улуғвор жамолини улар дунёдан ўткинчи инсон, қуш, чорва, судралувчи суратидаги бутларга алмаштирдилар.
24. Шунинг учун Худо уларни ўз юракларидаги чиркин эҳтирослари оғушида қолдирди. Улар бир-бирининг баданларида беҳаёлик қилиб, тубанлашиб кетдилар.
25. Худонинг ҳақиқатини ёлғон билан алмаштириб, Холиқ ўрнига махлуққа сиғиниб топиндилар. Холиқи оламга эса абадий шон-шарафлар бўлсин! Омин.
26. Шу сабабдан Худо уларни беҳаё эҳтиросларга топширди. Уларнинг хотинлари табиий алоқани ғайритабиий алоқа билан алмаштирдилар.
27. Шунга ўхшаб, эркаклар ҳам аёл билан табиий алоқани ташлаб, бир-бирига шаҳвоний муносабатни қизитдилар. Эркак билан эркак шармандагарчилик қилиб, бузуқликларига яраша жазони ўзларидан олдилар.
28. Худони тан олишни лозим кўрмаганлари учун, Худо уларни бузуқ фикрга, лозим бўлмаган ишларни қилишга гирифтор қилди.
29. Улар ҳар турли ҳақсизлик, зино, ёвузлик, тамагирлик ва гина-кудуратга тўлиб, ҳасадгўйлик, қотиллик, жанжалкашлик, фирибгарлик ва бадфеълликка муккасидан кетгандирлар.
30. Улар тили аччиқ, туҳматчи, худобезор, дилозор, кибрли, мағрур, бадният, ота-онага итоатсиз,
31. андишасиз, бевафо, илтифотсиз, муросасиз ва бераҳмдирлар.
32. Бундай ҳаракат қилувчилар ўлимга сазовор, деган Худонинг адолатли ҳукмини улар билган ҳолда, нафақат бу ишларни ўзлари қиладилар, балки бу ишларни қилувчиларни қўллаб-қувватлайдилар.
1. Шунинг учун билки, эй ҳукм қилувчи киши, сен ким бўлишингдан қатъи назар, узринг қабул қилинмайди. Сен бошқа одамни ҳукм этиш баробарида ўзингни ҳам маҳкум этасан. Чунки, эй ҳукмловчи, ўзинг ҳам шу ишларни қиляпсан-ку!
2. Бундай ишлар қилиб юрганларни Худо маҳкум қилишда ҳақли эканини биламиз.
3. Айни ишларни ўзинг қила туриб, шундай ишларни қилувчиларни ҳукм этсанг, Худонинг ҳукмидан қочиб қутуламан, деб ўйлайсанми, эй одам?
4. Ёки Худонинг муруввати сени тавбага келтиришини билмай, Унинг илтифоти, мулойимлиги ва сабрининг чексизлигига бепарво қарайсанми?
5. Мана, сен саркаш ва тавба қилмовчи қалбинг туфайли Худонинг одил ҳукми амалга ошажак қаҳр-ғазаб кунигача ўзингга-ўзинг ғазаб тўплаб юрибсан-ку.
6. Худо ҳар кимни қилмишига яраша тақдирлайди.
7. Яхши ишда қунт қилиб, улуғ қадриятни ва мангуликни излаганларга У абадий ҳаёт ато этади.
8. Аммо худбинлик қилиб, ҳақиқатга бўйсунмай, ҳақсизлик пайидан бўлганларга қаҳру ғазабини сочади.
9. Аввало яҳудий, сўнг ўзга халқ кишиси бўлиб ёмонлик қилувчи ҳар бир банданинг жонини У қийноқ ва қайғуга солади.
10. Аввало яҳудий, сўнг ўзга халқ кишиси бўлиб яхшилик қилувчи ҳар бир бандага эса иззат, ҳурмат ва эсонлик насиб этади.
11. Зероки, Худо юз-хотир қилиб ўтирмайди.
12. Илоҳий Қонунни билмай туриб гуноҳ қилганлар Қонундан ташқари ҳалок бўладилар. Илоҳий Қонунни била туриб гуноҳ қилганлар эса қонуний равишда жазоланадилар.
13. Чунки Худо Қонунни эшитганларни эмас, балки бажо келтирганларни оқлайди.
14. Илоҳий Қонуни йўқ халқлар ўз-ўзларидан бу Қонунда буюрилгандек қилганларида, улар Илоҳий Қонунга эга бўлмай туриб, ўзлари учун ўзлари қонундирлар.
15. Бу билан улар Илоҳий Қонуннинг талаблари ўз юракларида ёзилганини кўрсатадилар. Уларнинг виждони ҳамда бири иккинчисини гоҳ қоралаб, гоҳ оқловчи фикрлари бунга гувоҳдир.
16. Мен тарғиб этаётган Инжил Хушхабарига кўра, Худо Исо Масиҳ орқали инсонларнинг сирли ишларини муҳокама этадиган кунда ана шундай бўлади.
17. Мана, сен ўзингни яҳудий деб, Илоҳий Қонунга суяниб, Худо билан мақтаниб юрибсан.
18. Сен Худонинг хоҳиш-иродасини билиш ва яхшини ёмондан фарқ қилишни Илоҳий Қонундан ўрганиб олибсан.
19. Сен Илоҳий Қонундаги илму маърифат ҳамда ҳақиқатнинг моҳиятига англаб етибсан-у, кўрларга йўл кўрсатувчи, зулматда қолганларга нур,
20. ғофилларга мураббий, ғўр болаларга эса муаллим бўлганингга ишонч ҳосил қилибсан.
21. Шундай экан, сен қандай қилиб бошқаларга таълим бера туриб, ўзингга таълим бермайсан?
22. «Ўғрилик қилма», деб насиҳат қилиб, ўзинг ўғрилик қиласанми? «Зино қилма», деб туриб, ўзинг зино қиласанми? «Бутлардан жирканаман», деб, бутхоналарни талайсанми?
23. Илоҳий Қонунни мақтайсан-у, унга амал қилмай Худони таҳқирлайсанми?
24. Худди Тавротда ёзилгани каби: «Сизлар боис мажусийлар орасида Худо исми мудом куфр қилинадир».
25. Суннат масаласига келайлик. Агар сен Илоҳий Қонунга риоя қилсанг, суннатнинг фойдаси бор. Лекин Қонунни бузсанг, сенинг суннатинг суннатсизлик кабидир.
26. Шунингдек, агар суннат қилинмаганлар Илоҳий Қонунга амал қилсалар, уларнинг суннатсизлиги суннат бўлган каби қабулга ўтмайдими?
27. Одатан суннат бўлмаган ҳолда Илоҳий Қонунга амал қилган кимдир суннат ҳамда Қонун эгаси бўлган сен, қонунбузарни айбламайдими?
28. Зотан, зоҳиран яҳудий асл яҳудий эмас ва зоҳиран, жисмангина қилинган суннат асл суннат эмас.
29. Фақат ботинан яҳудий асл яҳудийдир. Шунингдек, асл суннат – дил суннатидир. Бу эса Қонун битигидан қатъи назар, Худо Руҳи таъсирида содир бўладиган суннатдир. Бундай суннатни қабул қилган киши одамларнинг эмас, Худонинг мақтовига сазовор бўлади.
1. Хўш, яҳудийларнинг қандай устунлиги бор? Ёки суннатнинг нима фойдаси бор?
2. Яҳудийлар ҳар жиҳатдан буюк устунликка эгадирлар. Бу устунлик энг аввал шундан иборатки, Худонинг ваҳийлари уларга ишониб топширилгандир.
3. Агар улардан баъзилари имонсиз бўлиб чиққан бўлса, нима қипти? Наҳотки бу имонсизлик Худонинг уларга садоқатини бекор қила олади?
4. Йўқ, асло! Ҳар бир инсон ёлғончи бўлса ҳам, Худо ҳақдир. Забурда ёзилганидек: «Сен сўзингда доим ҳақ бўлурсан, Сени ҳукм қилсалар-да, Ўзингни оқларсан».
5. Шундай қилиб, агар бизнинг ҳақсизлигимиз Худонинг одиллигини янада очиқроқ кўрсатса, нима ҳам дердик? Инсоний фикр юритиб айтайин: бандалари бошига ғазаб ёғдиргани учун Худони ноҳақ деб бўладими?
6. Асло! Акс ҳолда Худо дунёни қандай қилиб ҳукм қила олади?!
7. Яна шундай сўраш мумкин: агар менинг ёлғончилигим туфайли Худонинг ҳақиқати янада улуғроқ бўлар экан, менинг устимдан гуноҳкор деб ҳукм чиқарилиш тўғри бўладими?
8. Яхшиликка айланиб қолар, деб ёмонлик қилаверайлик, десакмикин-а? Чиндан ҳам, у шундай таълим беради, деб баъзилар бизга туҳмат қилмоқдалар. Бу кишилар одилона жазо оладилар.
9. Хўш, шундай қилиб, биз, яҳудийларнинг ўзга халқларга қараганда устунлигимиз борми, ўзи? Асло йўқ! Чунки илгари исбот этганимиздек, хоҳ яҳудий бўлсин, хоҳ юнон бўлсин, ҳамма одамлар ҳам гуноҳнинг ҳокимияти остидадирлар.
10. Забурда ёзилишича: «Солиҳ киши йўқ, Бир киши ҳам йўқдир.
11. Идрокли ҳеч ким йўқ, Худони изловчи ҳеч ким йўқдир.
12. Ҳамма гумроҳ бўлди, барча бузилди. Яхшилик қилгувчи йўқ, бирор киши ҳам йўқ.
13. Уларнинг бўғзи – очиқ лаҳаддир, Сўзларида – тилёғламалик, Тиллари остида – илон заҳари.
14. Зардага, заққумга тўла оғизлари,
15. Қон тўкмак-чун чаққондир оёқлари.
16. Улар қадам босган жойга фалокат келур.
17. Улар билмас тинчлик йўлини.
18. Худодан қўрқиш йўқ уларнинг кўз ўнгида».
19. Энди биз биламизки, Илоҳий Қонун неки буюрган бўлса, Қонунга қарам бўлганларга буюрган, токи ҳар бир оғиз юмилсин ва бутун дунё Худо олдида гуноҳкор бўлсин.
20. Зотан Қонун амрларини бажо қилиш билан ҳеч кимса Худо олдида ўзини оқлай олмайди. Аксинча, Илоҳий Қонун инсонга ўз гуноҳкорлигини янада аниқроқ кўрсатади.
21. Энди эса, Қонунга алоқасиз равишда Худо талаб қилган солиҳликка эришиш йўли аниқ-равшан кўринмоқда, бунга Таврот ва пайғамбарлар ҳам гувоҳлик берадилар:
22. Худо талаб қилган солиҳлик – Исо Масиҳга ишонишдан иборатдир. Шу имонга эга бўлган ҳаммани Худо оқлайди. Чунки одамлар орасида ҳеч бир фарқ йўқ.
23. Ҳамма гуноҳ қилган ва Худонинг улуғворлигидан маҳрумдир.
24. Лекин Худо инояти билан, Исо Масиҳнинг қони эвазига гуноҳкорлар текин оқланадилар.
25. Масиҳ биз учун қонини тўкканига ишонган кишининг гуноҳлари ювилсин, деб Худо Масиҳни қурбонликка бағишлади ва шу йўсинда Ўзининг адолатли ҳукмини очиқ намоён қилди. Худо сабр қилиб, илгари қилинган гуноҳларни жазосиз қолдирган бўлса-да,
26. ҳозирга келиб, Ўзининг адолатли ҳукмини амалга оширди. Шундай қилиб, бир ёқдан Худо Ўз адолатига содиқ қолмоқда ва иккинчи ёқдан Исога ишонган гуноҳкор оқланмоқда.
27. Энди мақтанишга арзигулик нарсамиз қолдими? – Битди. Қайси қонунга кўра битди? Таврот амрларини бажо келтиришни талаб қилувчи қонунга кўрами? – Йўқ, имонни талаб қилувчи қонунга кўра.
28. Биз қаноат ҳосил қилдикки, Худо Таврот амрларини бажо келтирувчи эмас, балки имон келтирувчи кишини оқлайди.
29. Ёки наҳот Худо бошқа халқларнинг ҳам Худоси бўлмай, фақат яҳудийларнинг Худосими? Албатта, барча халқларнинг ҳам Худосидир.
30. Суннат аҳлини имон асосида оқлайдиган Худо ягона бўлиб, суннат аҳли бўлмаганларни ҳам худди шу имон орқали оқлайди.
31. Демак, биз бу имон туфайли Илоҳий Қонунни бекор қиляпмизми? – Асло! Аксинча, Қонунни тасдиқлаяпмиз.
1. Хўш, бобокалонимиз Иброҳим, дейлик, аждодидан нима орттирди?
2. Агар Иброҳим савоб ишлари туфайли ўзини оқлаганда эди, мақтаниш учун сабаб топар эди. Бироқ Худо олдида мақтаниб бўлмайди.
3. Мана Тавротда не дейилган: «Иброҳим Худога ишонди ва шу тариқа оқланди».
4. Меҳнаткашга тўланадиган маош илтифот эмас, хизмат ҳақидир.
5. Бироқ қилган савобли ишига суянмай, балки бетавфиқни ҳам йўлга солиб оқловчи Худога ишонган киши ўз эътиқоди билан оқланади.
6. Мана, Забурда ҳам, савоб ишларидан қатъи назар, Худо ёрлақаган одамни Довуд бахтиёр деб айтади:
7. «Қонунсиз ишлари афв этилиб, Кимнингки гуноҳи ўтилса, Бундай одам бахтиёрдир!
8. Кимнингки Худованд инобатга олмас айбин, Саодатманд эрур шу киши!»
9. Бу бахтиёрликнинг суннатга дахли борми, йўқми? Боя айтганимиздек, Иброҳимнинг эътиқоди уни Худо олдида оқлади.
10. Хўш, Иброҳим қандай ҳолатда оқланди? Суннат бўлганидан сўнгми, ёки суннат бўлганидан аввалми? – Суннат бўлганидан аввал.
11. Иброҳим ҳали суннат бўлмасидан, имони туфайлигина Худо олдида оқланди. Сўнг имонининг муҳри ўлароқ суннат белгисини қабул қилди. Шундай қилиб, Иброҳим суннатсиз ҳолатда имон келтирган ҳамманинг ҳам маънавий отасидирки, улар ҳам унга ўхшаб, имон туфайли Худо олдида оқланадилар.
12. Айни замонда, Иброҳим аҳли суннатнинг ҳам отаси ҳисобланади, шу шарт биланки, улар суннат бўлибгина қолмай, балки Иброҳим суннат бўлмасиданоқ тан олган ўша имоннинг изи билан юрсалар.
13. Худо Иброҳим ва унинг зурриётига ер юзини эгаллаб олиш тўғрисида ваъда берган эди. Бу ваъда Иброҳимга Тавротга амал қилган, деб эмас, балки имони билан ўзини оқлаган, деб насиб этди.
14. Агар ер юзини эгаллаб олувчилар фақат Илоҳий Қонунга амал қилувчилар бўлганида эди, унда имон беҳуда, илоҳий ваъда эса қуруқ бўлиб қолар эди.
15. Қонун Худо ғазабини қўзғатади, холос. Қонун бўлмаган ерда жиноят ҳам бўлмайди.
16. Шу сабабдан илоҳий ваъда Худо иноятига боғлиқ бўлиб, фақат имон билан амалга ошади. Бунга эса Иброҳим зурриётининг ҳаммаси дохил, яъни Тавротга эга бўлибгина қолмасдан, балки Иброҳимнинг имонига ҳам эга бўлган ҳамма дохилдир.
17. Худо Иброҳимга: «Мен сени кўпдан-кўп халқларнинг отаси қилиб тайинладим», деган эди. Шундай қилиб, ўликларни тирилтирувчи ва мавжуд бўлмаган нарсаларни вужудга келтирувчи Парвардигорга ишониб, Иброҳим ҳаммамизнинг отамиз бўлиб қолди.
18. Худо Иброҳимга яна: «Сенинг зурриётинг сон-саноқсиз бўлади», деган эди. Иброҳим кўп халқларнинг отаси бўлишга ҳеч бир умиди қолмаганига қарамасдан, имони туфайли умидвор эди.
19. У юз ёшга яқинлашганда, ўзининг бадани мажолсизлашганини ва Соро бибининг пуштдан қолганини била туриб, имонда заифлашмади.
20. Худонинг ваъдасидан эса имонсизлик қилиб шубҳаланмади, балки Худога ҳамд-сано айтиб, имонида маҳкам турди.
21. Худо берган ваъдасини бажо келтиришга қодир, деб Иброҳим қатъий ишонар эди.
22. Ана шу ишончи туфайли у Худо олдида оқланди.
23. Бу сўз эса фақат Иброҳимгагина хос эмас,
24. балки биз учун ҳам айтилган. Худо Раббимиз Исони тирилтирганига ишонсак, биз ҳам оқланамиз.
25. Раббимиз Исо бизнинг гуноҳларимиз учун ўлимга топширилди ва оқланишимиз учун тирилиб келди.
1. Раббимиз Исо Масиҳга бўлган имонимизни инобатга олиб, Худо бизни оқлади ва биз билан сулҳ тузди.
2. Раббимиз Исо Масиҳ Ўзи Худонинг иноят эшигини бизга очиб берди. Биз имонимиз туфайли бу иноятга эришиб, маҳкам турамиз ва Худонинг улуғворлигига эришмоқ умиди билан фахрланиб юрамиз.
3. Бунинг устига, қайғулар билан ҳам фахрланмоқдамиз, чунки қайғу сабр-қаноатни ҳосил қилишини биламиз.
4. Сабр-қаноат эса тажрибакорликни, тажрибакорлик эса умидни ҳосил қилади.
5. Умидимиз бўлса, бизни уятга қолдирмайди. Чунки бизга берилган Муқаддас Руҳ орқали юракларимиз Худо севгисига тўлиб-тошади.
6. Биз ҳали чорасиз бўлганимизда, белгиланган вақтда Масиҳ бетавфиқлар учун ўлди.
7. Бировнинг солиҳ киши учун ўлиши эҳтимолдан узоқдир. Балки ҳимматли киши учун кимдир ўлимга боришга рози бўлар.
8. Лекин биз ҳали гуноҳга ботган чоғимизда, Масиҳ биз учун ўлди. Бу Худонинг бизга бўлган муҳаббатидан далолатдир.
9. Демак, агар биз энди Масиҳнинг тўкилган қони туфайли оқланган бўлсак, Унинг соясида Худо ғазабидан қутулишимиз янада аниқроқдир.
10. Биз Худонинг душманлари эканмиз, У Ўз Ўғлининг ўлими туфайли бизни Ўзи билан яраштириб қўйди. Энди У билан ярашган бўлсак, Унинг Ўғли ҳаётлиги туфайли нажот топишимиз янада аниқроқдир.
11. Ва бу билан кифояланиб қолмай, балки бизни Худо билан яраштириб қўйган Раббимиз Исо Масиҳ шарофати билан Худодан шодланиб юрибмиз.
12. Битта одам дастидан дунёда гуноҳ пайдо бўлди, гуноҳдан эса ўлим пайдо бўлди ва бутун инсонларга ўтди. Маълумки, ҳамма гуноҳ қилган.
13. Илоҳий Қонун мавжуд бўлмасдан бурун ҳам дунёда гуноҳ бор эди, лекин Қонун йўқлигида гуноҳнинг ҳисоби тутилмайди.
14. Шунга қарамай, Одам Атодан Мусо пайғамбарга қадар яшаганларнинг ҳаммаси Одам Атога ўхшаб жиноят қилмаган бўлсалар-да, ўлим уларнинг ҳаммасига ҳам ҳокимлик қилди. Одам Ато келажак Зотнинг тимсоли эди.
15. Лекин булар бирдай эмас, Худонинг эҳсони Одам Атонинг гуноҳига ўхшамайди. Гарчи бир кишининг гуноҳи туфайли кўплаб кишилар ўлган бўлсалар ҳам, Худонинг инояти бундан каттароқдир, чунончи битта Одам, яъни Исо Масиҳнинг инояти билан берилган бой эҳсон кўпдан-кўп кишиларга тегди.
16. Худонинг эҳсони билан Одам Атонинг гуноҳи орасидаги фарқ шундан иборатки, бир гуноҳнинг оқибати ўлимга ҳукм этиш билан тугаса, эҳсоннинг натижаси эса кўп инсоннинг гуноҳларидан фориғ бўлишига олиб келади.
17. Тўғри, бир кишининг гуноҳи туфайли, шу ягона одамнинг дастидан ўлим ҳокимлик қила бошлади. Аммо яна тўғриси, ягона бир Одам, яъни Исо Масиҳ соясида одамлар энди Худонинг чексиз иноятига эришиб, оқланадилар ва ҳаётда ҳукм сурадилар.
18. Шунга кўра, битта гуноҳкорнинг иши барча одамзодни ўлимга маҳкум этган бўлса, энди эса битта Солиҳнинг иши одамларни оқлайди ва абадий ҳаётга ноил этади.
19. Бир одамнинг итоатсизлиги туфайли кўп одамлар гуноҳкор бўлган бўлса, энди эса бир Кишининг итоаткорлиги туфайли кўп одамлар солиҳ деб қабулга ўтадилар.
20. Шу орада Илоҳий Қонун пайдо бўлган, натижада жиноят кўпайган эди. Аммо гуноҳ кўпайган сари, Худо инояти ҳам шунчалик орта борди.
21. Хулласи калом, илгари гуноҳ ўлим сари ҳоқонлик қилган бўлса, энди эса Раббимиз Исо Масиҳ қиёфасидаги Худо инояти гуноҳкорни оқлаб, абадий ҳаёт сари ҳукм сурмоқда.
1. Хўш, нима дейлик? Иноят кўпайсин, деб гуноҳ қилишни давом эттираверайликми?
2. Асло! Биз гуноҳ қаршисида ўлганмиз. Энди гуноҳ қилиб қандай яшайверамиз?
3. Унутмангизки, биз Исо Масиҳни тан олиб сувда имон келтирганимизда, ҳаммамиз ҳам Унинг ўлимини тан олиб имон келтирдик.
4. Биз сувга чўмиб, Масиҳ билан бирга ўлдик ва кўмилдик. Шунингдек, Масиҳ Отасининг улуғвор қудрати билан тирилганига ўхшаб, биз ҳам янги ҳаётда юришимиз лозим.
5. Агар ўлишда Масиҳга эргашган бўлсак, албатта, тирилишда ҳам Унга эргашамиз.
6. Гуноҳ қилишга мубтало бўлган бу вужудимиз йўқ қилинсин, деб эски ўзлигимиз Масиҳ билан бирга хочга михланган. Буни билиб, биз энди гуноҳга қул эмасмиз.
7. Чунки ўлган одам гуноҳ қилишдан озоддир.
8. Агар биз Масиҳ билан бирга ўлган бўлсак, У билан яшашимизга ҳам ишончимиз комил.
9. Масиҳ тирилиб бошқа ўлмаслигини, ўлим эса Унга энди ҳоким бўлолмаслигини биламиз.
10. Унинг ўлими гуноҳ учун бир бор ўлим эди. Қолган ҳаётини эса У Худо учун яшамоқда.
11. Шунга ўхшаб, сизлар ҳам ўзларингизни гуноҳ қаршисида ўлик, лекин Раббимиз Исо Масиҳ билан бирлашган ҳолда Худо қаршисида тирик ҳисобланглар.
12. Шундай қилиб, энди гуноҳ сизларнинг фоний баданларингизга ҳокимлик қилмасин, сиз баданларингиз ихтиёрига бўйсуниб кетманглар.
13. Аъзойи баданингизни ёмонлик қуроли қилиб гуноҳнинг измига топширманглар. Аксинча, ўлиб тирилганлар каби ўзингизни, яъни бутун аъзойи баданингизни солиҳлик қуроли қилиб Худонинг измига топширинглар.
14. Гуноҳ сизларга ҳукмрон бўлмасин, чунки сизлар энди Қонун эмас, иноят паноҳидасизлар.
15. Хўш, буёғи энди нима бўлади? Қонун эмас, иноят паноҳида бўлганимиз учун гуноҳ қилаверайликми? – Асло!
16. Билмайсизларми? Сиз ўзларингизни итоаткор қул қилиб кимнинг измига топширсангизлар, у кишининг қули бўласизлар. Сиз ё ўлимга олиб борувчи гуноҳга, ёки солиҳликка олиб борувчи итоаткорликка қул бўласизлар.
17. Лекин Худога шукурки, илгари гуноҳга қул бўлганингиз ҳолда, энди ўзингиз қабул қилган таълимотнинг моҳиятига сидқидилдан берилгансизлар.
18. Гуноҳ қилишдан озод бўлиб, солиҳликка ўзингизни қул қилиб қўйгансизлар.
19. Бандалигингиз туфайли инсонларча фикр юритиб гапиряпман. Сиз бир вақтлар ифлослик ва ёвузлик қилиш учун аъзойи баданингизни қонунсизликка қул қилиб топширгансизлар. Энди эса аъзойи баданингизни солиҳликка қул қилиб топширинглар ва муқаддас яшанглар.
20. Гуноҳнинг қули эканингизда, солиҳлик талабларидан озод эдингизлар.
21. Ҳозир ўзингиз уялаётган қилмишлардан ўша вақтда қандай наф бор эди? У қилмишларнинг оқибати ўлимдир.
22. Ҳозир эса гуноҳ қилишдан озод бўлиб, Худонинг қуллари бўлгансизлар. Бундан наф – муқаддасликдир ва бунинг натижаси эса абадий ҳаётдир.
23. Гуноҳнинг эвази – ўлим, Худонинг инъоми эса Раббимиз Исо Масиҳ қиёфасидаги абадий ҳаётдир.
1. Қонунни билувчиларга сўзим: эй биродарлар, одам тирик экан, қонун унинг устидан ҳоким эканини наҳот билмасангиз?
2. Масалан, эрли хотин эри тирик экан, қонун бўйича унга боғлиқдир. Лекин эри ўлса, хотин боши боғлиқлик қонунидан озод бўлади.
3. Шунинг учун эри тирик хотин бошқа эрга тегса, у зинокор саналади. Аммо эри ўлса, хотин қонундан озод бўлади ва бошқа эрга тегса ҳам, зино қилган ҳисобланмайди.
4. Шунга ўхшаб, сизлар ҳам, эй биродарларим, Бошқасига, яъни қайта тирилган Масиҳга тегиб ва Масиҳ баданининг бир қисми бўлиб, Илоҳий Қонун олдида ўлган ҳисобидасиз. Бу эса Худо йўлида самарали бўлишимиз учундир.
5. Зеро биз ирсий табиатимиз амри билан яшаган вақтлар, Илоҳий Қонун ошкор қилган гуноҳкор эҳтирослар аъзойи баданимизда амал қилар ва ўлим учун замин ҳозирлар эди.
6. Энди эса илгари бизни боғлаб турган Қонун қаршисида ўлиб, Қонундан озод бўлдик. Шундай қилиб, биз эски ҳарфма-ҳарф йўл билан эмас, балки янги Руҳ йўли билан юриб, Худога хизмат қилмоқдамиз.
7. Хўш, нима дейлик? Наҳотки Илоҳий Қонун гуноҳга боис бўлди? – Асло! Аммо агар Қонун воситачи бўлмаса эди, мен гуноҳни билмаган бўлар эдим. Қонун «тамагирлик қилма» деб буюрмаганда эди, мен тамагирликни билмас эдим.
8. Шу тариқа гуноҳ амр орқали баҳона топиб, менинг юрагимда ҳар турли тамагирликни ҳосил қилди. Қонун йўқлигида эса, гуноҳ кучсиздир.
9. Бир вақтлар мен ўзим Илоҳий Қонундан ташқарида бўлиб яшар эдим. Аммо онгимда амр туғилгач, гуноҳ тирилди,
10. мен эса ўлдим. Ҳаёт учун бўлган амр менинг ўлимимга сабаб бўлди.
11. Чунки гуноҳ амр орқали баҳона топиб, мени алдади, амр орқали мени ўлдирди.
12. Бундан кўринадики, Қонун – муқаддасдир, ҳар бир амри ҳам муқаддас, одил ва яхшидир.
13. Шундай экан, яхши бўлган амр менга ўлим келтирадими? – Мутлақо! Бироқ, гуноҳ – гуноҳ деб очиқ билиниши учун, яхшилик орқали менга ўлим келтирди, токи гуноҳнинг ниҳоят даражада гуноҳлиги амр орқали англашилсин.
14. Бизга маълумки, Илоҳий Қонун табаррукдир. Бироқ мен эса – гуноҳга қул бўлиб сотилган ожиз бандаман.
15. Шундан ўзим қилаётган ишларни ўзим тушунмайман: мен нимани хоҳласам, уни қилмайман ва нимани ёмон кўрсам, уни қиламан.
16. Агар мен хоҳламаган нарсани қилаётган эканман, бу билан Қонуннинг яхши эканлигини маъқуллаётган бўламан.
17. Демак, бу ишларни мен ўзим эмас, балки юрагимдаги гуноҳ қилаётган бўлади.
18. Менда, яъни ирсий табиатимда яхши нарса йўқлигини аниқ биламан. Яхшилик қилиш истаги дилимда бор бўлса-да, уни рўёбга чиқаришга кучим етмайди.
19. Мен истаган яхши ишни қилмаяпман, аксинча, истамаган ёмон ишни қиляпман.
20. Агар истамаган ишни қилаётган эканман, демак, бу ишни мен ўзим эмас, балки ичимда турадиган гуноҳ қиляпти.
21. Мен бундан ушбу қоидани чиқараман: яхшилик қилмоқчи бўлганимда, қалбимда ҳамиша ёмонлик пойлаб туради.
22. Худонинг Қонунидан ички борлиғим завқ олади-ю,
23. аммо аъзойи баданимда бошқа бир қонун иш кўради: бу қонун онгим маъқуллаган Худо Қонунига қарши курашиб туради ва аъзойи баданимда амал қилувчи гуноҳ қонунига мени асир этади.
24. Оҳ, мен шўрлик одам! Ўлимга гирифтор шу баданимдан мени ким қутқарар экан?
25. – Худога шукр, Раббимиз Исо Масиҳ соясида Ўзи қутқаради! Хулласи калом, мен онгим билан Худо Қонунига риоя этсам-да, вужудим билан гуноҳ қонунига хизмат қиламан.
1. Шундай қилиб, Исо Масиҳ уммати бўлганларга қарши энди ҳеч бир маҳкумлик йўқдир.
2. Исо Масиҳ умматига ҳаёт берувчи Руҳнинг Қонуни мени гуноҳ ва ўлимни ҳосил қилувчи Қонундан озод қилди.
3. Инсон табиати ожизлиги туфайли Илоҳий Қонун ўзи ҳам ожиз бўлиб қолди. Қонун улгура олмаган ишни эса Худо қилди: У Ўз Ўғлини гуноҳкор инсонга ўхшатиб оламга юборди ва Уни гуноҳ учун қурбонликка бағишлади, шу йўсин инсон табиатидаги гуноҳни маҳкум қилди.
4. Худо буни, Илоҳий Қонун талаблари табиат амри билан эмас, Руҳ амри билан яшаётган бизларда бажо бўлсин, деб қилди.
5. Башарий табиат амри билан яшайдиганлар башарий фикр қиладилар. Илоҳий Руҳ амри билан яшайдиганлар илоҳий фикр қиладилар.
6. Башарий табиатнинг мурод-мақсади – ўлимдир. Илоҳий Руҳнинг мурод-мақсади – ҳаёт ва тинчликдир.
7. Башарий табиатнинг мурод-мақсади Худога душманликдир; чунки бундай табиат Худонинг Қонунига итоат қилмайди ҳамда қила олмайди.
8. Ўз табиати амри билан яшайдиган одамлар Худога манзур бўла олмайдилар.
9. Худо Руҳи сизнинг ичингизда яшаётгани учун, сизлар энди табиатингиз амри билан эмас, балки Руҳ амри билан яшаяпсизлар. Кимки Масиҳнинг Руҳига эга бўлмаса, у Масиҳники эмасдир.
10. Агар Масиҳ ичингизда экан, бадан гуноҳ учун ўлимга маҳкум бўлса-да, руҳ оқланганингиз учун ҳаётдир.
11. Чунки Исо Масиҳни тирилтирган Худонинг Руҳи сизнинг вужудингизда яшаяпти. Агар Худо Ўз Руҳи қудратида Масиҳни тирилтирган бўлса, У ичингиздаги ўша Руҳ орқали сизнинг фоний баданларингизни ҳам тирилтиражак.
12. Шундай қилиб, эй биродарлар, табиатимиз амри билан яшаш учун биз бу табиат талаблари олдида мажбур эмасмиз.
13. Агар ўз табиатингизга маҳлиё бўлиб яшасангиз, руҳан ўлишингиз муқаррар. Лекин агар башарий табиатнинг қилмишларини Руҳ кучи билан ўлдирсангиз, руҳан яшайсизлар.
14. Худо Руҳи билан бошқариладиган барча Худонинг фарзандидир.
15. Чунки сизлар яна қўрқувда яшаш учун қуллик руҳини олмадингизлар, балки ўғиллик Руҳини олдингизлар. Бу Руҳдан руҳланиб, биз Худони азиз Ота деб чақирамиз.
16. Худо Руҳи Ўзи бизнинг руҳимизга қўшилиб, Худо фарзандлари эканлигимиз ҳақида гувоҳлик бериб туради.
17. Агар Худонинг фарзандлари бўлсак, фарзандлардай мерос олиш ҳуқуқига ҳам эгадирмиз. Худонинг қут-баракаларидан мерос улуши олувчилар сифатида Масиҳнинг ворисдошларимиз. Агар биз Масиҳнинг азоб-уқубатларига шерик бўлсак, албатта, Унинг улуғ шон-шарафига ҳам шерик бўлажакмиз.
18. Ўйлайманки, бизга зоҳир бўлажак улуғворлик олдида шу он азоб-уқубатларини айтиб ўтиш ҳам арзимасдир.
19. Мана, Худо Ўз фарзандларини зоҳир қилишини бутун махлуқот муштоқ бўлиб кутмоқда.
20. Чунки махлуқот ўткинчиликка маҳкум бўлган. Бу эса махлуқотнинг ўз ихтиёри билан эмас, балки махлуқотни яратган Худонинг ихтиёри билан бўлган.
21. Айни замонда махлуқотнинг ўзи ҳам фано қуллигидан озод этилмоқ ва Худо фарзандларининг улуғвор эркинлигига эришмоқ умидига эгадир.
22. Биламизки, борлиқ махлуқот ҳозирга қадар биргаликда оҳ-нола қилиб, гўё туғиш азобини чекиб ётибди.
23. Ва фақат махлуқотгина эмас, балки биз ўзимиз ҳам ичимиздан оҳ-нола қилаётибмиз. Биз келгуси ҳосилнинг илк маҳсулидай Худо Руҳини олган бўлсак ҳам, ўғил қилиб олинишни, вужудимиз қутулишини интизор бўлиб кутяпмиз.
24. Бизнинг нажотимиз умиддадир. Кўзга кўриниб турган нарса эса умид эмас. Ким кўриб турган нарсани умид қилар экан?
25. Агарда биз кўрмаганимизни умид қилаётган бўлсак, буни сабр билан кутиб турсак бўлади.
26. Бунинг устига, Илоҳий Руҳ бизнинг заифлигимизга мадад бериб туради. Чунки биз қандай ибодат қилмоқ кераклигини билмаймиз. Лекин Илоҳий Руҳнинг Ўзи ифода қилиб бўлмас оҳ-нолалар билан биз учун Худо олдида шафоат қилади.
27. Юракларни синовчи Худо эса Руҳнинг фикри нимада эканлигини билади. Чунки Руҳ Худонинг иродасига кўра Худо азизлари учун шафоат қилади.
28. Биз биламизки, Худони севганларга, яъни Худо Ўз муроди бўйича даъват этганларга ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади.
29. Худо азалдан билган кишиларни Ўз Ўғлининг суратига айлантириш учун белгилади, токи Ўғил кўп биродарлар орасида Тўнғич бўлсин.
30. Худо азалдан белгилаган кишиларни даъват ҳам этди, даъват этган кишиларни эса оқлади, оқлаган кишиларни эса улуғликка ҳам сазовор қилди.
31. Энди бунга нима деймиз? Агар Худо биз томон бўлса, ким бизга қарши чиқар экан?
32. Худо Ўз Ўғлини аямай, балки ҳаммамиз учун Уни фидо қилган бўлса, У билан бирга ҳамма нарсани ҳам бизга бермасмикан?
33. Худо танлаган кишиларни ким айбдор қилар экан? Худонинг Ўзи уларни оқлаган-ку.
34. Бизни ким маҳкум қилар экан? Ўлган ҳам тирилган Исо Масиҳ Худонинг ўнг томонида туриб, биз учун шафоат қилмоқда-ку.
35. Худонинг севгисидан бизни ким жудо қилар экан: қайғуми, сиқилишми, қувғинми, очликми, яланғочликми, хавф-хатарми ёки қиличми?
36. Мана, Забурда ёзилганидек: «Сен туфайли бизни ҳар кун ўлдирмоқдалар, Қурбонлик қўйлар деб ҳисоблайдилар».
37. Аммо бизни Севганнинг соясида буларнинг ҳаммаси устидан улкан ғалаба қозонамиз.
38. Мен аминманки, на ўлим ва на ҳаёт, на фаришталар ва на жин-ажиналар, на ҳозирги ва на келгуси ҳодисалар,
39. на баландликлар ва на чуқурликлар ҳамда на яратилган бошқа бирон мавжудот Раббимиз Исо Масиҳ шахсидаги Худо севгисидан бизни жудо қилишга қодир эмас.
1. Мен, Масиҳ ҳақи, ҳақиқатни айтяпман, ёлғон гапирмаяпман; Муқаддас Руҳдан ёришган виждоним ҳам бундан далолат бермоқда:
2. менинг юрагимда буюк ғамим, тинмайдиган дардим бор.
3. Ўз қариндошу қондошларим бўлган исроилликлар туфайли мен ҳатто Масиҳдан мардуду малъун бўлмоқчи эдим.
4. Худо уларни ўғилликка олган, Ўзининг улуғворлигини уларга намоён қилган, улар билан аҳд-паймон қилган, уларга Тавротни, диний хизмат кўрсатмаларини йўллаган ҳамда табаррук ваъдаларни берган.
5. Улуғ ота-боболаримиз уларнинг оталари бўлган, Масиҳ ҳам жисман улардан келиб чиққан. У борлиқ нарса устидан ҳукмдор, абадий ҳамду саноларга сазовор бўлган Худодир. Омин!
6. Худонинг каломи ўз кучини йўқотди, демоқчи эмасман. Аммо Исроилдан бўлганларнинг ҳаммаси Худо халқи эмасдирлар.
7. Иброҳим зурриётидан бўлганларнинг ҳаммаси Иброҳим болалари эмасдирлар, балки Худо Иброҳимга айтганидек: «Сенинг зурриётинг Исҳоқ орқали кўпаяди».
8. Демак, Худонинг фарзандлари табиатан туғилган болалар эмас, фақат илоҳий ваъда бўйича туғилганлар ҳақиқий зурриёт ҳисобланадилар.
9. Худонинг Иброҳимга берган ваъдаси ана шундай эди: «Келгуси йил шу вақтда Мен келаман ва Соронинг бир ўғли бўлади».
10. Бунга ўхшаб, Ривқо биби ҳам эгиз ўғилларга ҳомиладор бўлган эди. Улар битта отадан, яъни улуғ отамиз Исҳоқдан эдилар.
11. Бу болалар ҳануз туғилмаган ва яхши ёки ёмон бирон иш қилмаган вақтда,
12. Худо Ривқога: «Каттаси кичигига қул бўлади», – деган эди. Демак, Худо бировни танлаганда, уни Ўзи билганидек, савоб ишларидан қатъи назар ёрлақайди ва даъват этади.
13. Худо Тавротда айтганидек: «Мен Ёқубни севдим, Лекин Эсовдан нафратландим».
14. Бунга нима деймиз? Худо ноҳақми? – Асло!
15. Мана, Худо Мусога нима деган: «Марҳамат этганимга марҳамат этаман, Раҳм айлаганимга раҳм айлайман».
16. Шундай қилиб, танланиш инсоннинг орзу ёки ташаббусига эмас, балки Худонинг марҳаматига боғлиқдир.
17. Тавротда Худо Фиръавнга айтганидек: «Қудратимни сен орқали намоён қилай, деб Исмим бутун ер юзида маълум бўлгай, деб Мен сени юксалтирдим».
18. Демак, Худо истаганига марҳамат этади ва истаганининг дийдасини қотиради.
19. Энди мендан сўрайсан: «Хўш, нима учун Худо бировни айблайди? Зотан Унинг иродасига қарши чиқа оладиган йўқ-ку!»
20. – Эй инсон, сен кимсанки, Худога сўз қайтарасан? Ҳайкал ҳайкалтарошга: «Мени нима учун бундай ясадинг?» – дейдими?
21. Кулол худди ўша гил қоришмасидан бир идишни эътиборли, бошқа идишни эътиборсиз иш учун ясашга ҳақи йўқми?
22. Агар Худо ғазабу қудратини зоҳир этмоқчи бўлиб, Ўз ғазабига йўлиқтириб ҳалок қиладиган одамларга кўп сабр билан чидаган бўлса, нима бўпти?
23. Агар Худо азалдан марҳаматига сазовор билган ва улуғлаш учун белгилаган одамларга Ўзининг чексиз улуғворлигини зоҳир этмоқ мақсадида бундай қилган бўлса, нима бўпти?
24. Нафақат яҳудийлар орасидан, балки бошқа барча халқлар орасидан ҳам Худо даъват этган бу кишилар – мана бизлармиз.
25. Ҳўшея пайғамбарнинг китобида айтилганидек: «Мен халқим бўлмаганни – Менинг халқим, Севгилим бўлмаганни – севгилим дейман.
26. Сиз Менинг халқим эмассиз, – дейилган ерда, Улар барҳаёт Худонинг ўғиллари дейилади».
27. Ишаъё пайғамбар эса Исроил ҳақида шундай нидо этяпти: «Исроил ўғилларининг сон-саноғи Денгиз қуми қадар бўлса ҳам, Ортиб қолган қисмиёқ нажот топур.
28. Раббимиз Ўз ишини ер юзида Тез ва буткул бажариб чиқур».
29. Ишаъё пайғамбар яна каромат қилиб айтганки: «Агар Худованд – Сарвари коинот Бизга зурриёт қолдирмаганида эди, Биз Садўм шаҳрига ўхшаб, Ғамўра сингари бўлиб қолар эдик».
30. Энди бунга нима деймиз? Бир ёқдан, солиҳлик пайидан бўлмаган мажусийларни Худо Ўзи оқлади, улар Масиҳга ишониб, солиҳ деб қабулга ўтдилар.
31. Иккинчи ёқдан, Исроил халқи ўзимизни оқлайлик, деб Илоҳий Қонунга қаттиқ риоя қилишга уннаб, Қонунни ўринлатмай, айбдор бўлиб қолди.
32. Нима учун? Чунки улар имонга таянган солиҳликни изламай, балки Қонун амрларини бажариш билан савоб қозонмоқчи бўлдилар ва тўсиқ тошига қоқиниб, мункиб кетдилар.
33. Худди Тавротда ёзилганидек: «Мана, Мен Сионда бир тўсиқ тошини, Одамлар қоқиниб кетгуси тошни қўюрман. Унга эътиқод этган киши уятга қолмас».
1. Эй биродарлар, юрагим орзу-армони ва Худодан ёлворган таваллойим – исроилликларнинг қутулишидир.
2. Уларнинг Худо йўлида ғайратлари борлигига гувоҳдирман. Бироқ бу ғайрат ҳақиқий тушунчага асосланган эмас.
3. Худонинг Ўзи одамларни оқлаб солиҳ дейишини улар англамасдан, ўз солиҳликларини ўрнатишга интилдилар, якка Ўзи одамларни оқлаб солиҳ деган Худога илтижо қилмадилар.
4. Масиҳ эса – Қонуннинг охиридир. Масиҳга эътиқод қилган ҳар бир гуноҳкорни Худо оқлайди.
5. Илоҳий Қонунга риоя қилиш билан ўзини оқламоқчи бўлганлар ҳақида Мусо пайғамбар бундай ёзган: «Қонунни бажо келтирган одам шу билан яшайверади».
6. Имонга таянган солиҳлик эса бундай сўзлаяпти: «Юрагингда: Осмонга ким чиқади? – дема (гўё Масиҳни ерга тушириш учун).
7. Ёки: Ернинг қаърига ким тушади? – дема» (гўё Масиҳни тирилтириш учун).
8. Оят нима дейди, эшит: «Калом сенга яқиндир, Сенинг оғзингу дилингдадир». Мана бу – биз тарғиб қилиб юрган имон каломи.
9. Агар сен Исони Раббим деб, оғзинг билан очиқ иқрор этсанг ва Худо Уни тирилтирганига чин юракдан инонсанг, нажот топасан.
10. Чунки оқланиш учун юрак билан эътиқод қилмоқ, қутулиш учун оғиз билан иқрор бўлмоқ лозимдир.
11. Тавротда ёзилганидай: «Унга эътиқод қилган ҳеч кимса уятга қолмас».
12. Бу масалада яҳудий билан ғайридин орасида фарқ йўқдир. Худди ўша Раб – ҳамманинг Раббидир. Исмини чақирганларнинг ҳаммаси учун У эҳсонга бойдир.
13. Чунки «Раббимиз исмини чақирадиган ҳар бир киши нажот топур».
14. Аммо улар инонмасдан туриб, Уни қандай чақирадилар? У ҳақда эшитмаган ҳолда, Унга қандай инонадилар? Тарғиб қилувчи бўлмаса, қандай эшитадилар?
15. Юборилмасдан туриб, Каломни қандай тарғиб қиладилар? – Тавротда ёзилганидек: «Нақадар гўзалдир эзгулик муждасин, Тинчлик Хушхабарин келтирган оёқлар!»
16. Ҳолбуки, Хушхабар келтирувчиларга ҳамма қулоқ солмади. Худди Ишаъё пайғамбар айтганидек: «Ё Раббий! Бизнинг хабаримизга ким ишонди?»
17. Шундай қилиб, имон – эшитишдан, эшитиш эса – Масиҳ каломини ваъз этишдан ҳосил бўлади.
18. Аммо мен шундай сўрайман: Улар эшитмадими? – Албатта, эшитдилар, мана Забурда қандай ёзилган: «Уларнинг оҳанги бутун дунёга ёйилди, Сўзлари эса ернинг тўрт тарафига етиб борди».
19. Яна сўрайман: Исроил билмас эдими? – Аввало, Мусо пайғамбар орқали Худо шундай деган: «Мен сизда халқим бўлмаганлар устидан рашк уйғотурман, Фаҳмсиз бир қавм ила ғазабингизни қўзғатурман».
20. Ишаъё пайғамбар эса Худо каломини жасурона гапириб деган: «Мени изламаганларга Ўзимни топтирдим, Мени сўрамаганларга Ўзимни зоҳир этдим».
21. Лекин Исроил ҳақида Худо шундай деган: «Мен бўйсунмас ва қайсар бир халққа Кун бўйи қўлларимни чўзиб турдим».
1. Хўш, мен сўрайман: Худо Ўз халқини рад этдими? – Асло! Чунки мен ўзим ҳам Иброҳим наслидан, Бенямин қабиласидан бир исроилликман.
2. Худо азалдан билган Ўз халқини рад этмади. Исроилга қарши Худога шикоят этган Илёс пайғамбар ҳақидаги оятда нима ёзилганини наҳотки сизлар билмасангиз?
3. «Ё Раббий! Сенинг пайғамбарларингни ўлдирдилар, Қурбонгоҳларингни вайрон қилдилар. Ёлғиз мен қолдим-у, Менинг жонимга ҳам қасд қилмоқдалар», – деган эди Илёс.
4. Худо унга қандай жавоб берди? – «Баал олдида тиз чўкмаган етти минг одамни Мен Ўзим учун ажратиб олдим».
5. Худди шундай, ҳозирги вақтда ҳам Худонинг инояти билан сайлаб олинган бир озчилик бордир.
6. Улар Худо инояти туфайли сайланганлар, демак, савоб ишлари туфайли сайланган эмаслар; акс ҳолда иноят яна иноят бўлмас эди. [Агар улар савоб ишлари туфайли сайланганда эди, яна Худо иноятига ўрин қолмас эди ва савоб яна савоб бўлмас эди.]
7. Бу нимани билдиради? – Исроил излаганига эришмади. Фақат сайланганлар излаганига эришдилар, қолганларнинг эса дийдаси қотиб қолди.
8. Худди Тавротда ёзилганидек: «Худо уларга қаттиқ уйқу руҳини юборди. Бугунги кунга қадар кўрмайдиган кўзлар, Эшитмайдиган қулоқлар берди».
9. Довуд ҳам деганки: «Уларнинг дастурхони ўзлари учун тўру қопқон, Тузоқ ҳамда жазо ери бўлсин.
10. Кўзлари қоронғилашиб, кўрмайдиган бўлсин, Беллари абадий букилиб қолсин».
11. Шунинг учун мен сўрайман: яҳудийлар йўқ бўлиш учун қоқиндиларми? – Асло! Аммо уларнинг рашки қўзғалсин, деб уларнинг гуноҳкорлиги туфайли бошқа халқларга нажот келди.
12. Агар яҳудийларнинг гуноҳ қилиб, барбод бўлганлиги барча дунё халқларига қут-барака келтирган бўлса, уларнинг камол топиши нақадар кўпроқ қут-барака келтиради!
13. Энди дунё халқларидан бўлган сизларга хитоб қиламан: мен ғайрияҳудийларнинг ҳаворийси бўлиб, бу хизматимни фахрли деб биламан,
14. агарда мен ўз қон-қардошларимнинг рашкини қўзғатиб, улардан қандайдир баъзиларини қутқариб олсам!
15. Агар уларнинг рад қилиниши дунёнинг Худо билан ярашишига имкон берган бўлса, қабул бўлишлари ўлимдан ҳаётга қайтишдан бошқа нима бўла олади?!
16. Агар ачитқи муқаддас бўлса, хамир ҳам муқаддасдир. Агар томир муқаддас бўлса, новдалар ҳам муқаддасдир.
17. Хўш, энди зайтун дарахтининг баъзи новдалари синдирилган ва сен ёввойи зайтун бутоғи бўла туриб, новдалар орасига пайванд бўлгансан, дарахтнинг ширадор томирига улангансан.
18. Лекин новдалар олдида ғурурланиб кетма! Ғурурлансанг, билгинки, сен томирни эмас, балки томир сени кўтариб турибди.
19. Эҳтимол сен: «Менинг пайванд бўлишим учун новдалар синдирилди», – дерсан.
20. Тўғри, Исроил халқи имонсизлиги туфайли синдирилди; сен эса имонингда маҳкам турасан. Шунга қарамай мақтанма, балки қўрқ.
21. Йўқса, Худо асл новдаларни аямагани каби, сени ҳам аямаслиги мумкин.
22. Шунинг учун сен Худонинг меҳрибонлигини ҳам, қаттиққўллигини ҳам билиб қўйгин! Йиқилганларга У қаттиққўлдир, аммо сен Унинг меҳрибонлигига содиқ қолсанг, сенга меҳрибондир. Акс ҳолда сен ҳам кесиб ташланарсан.
23. Яҳудийлар имонсизликда қаттиқ туриб олмасалар, улар яна пайванд бўладилар, чунки Худо уларни яна пайванд қилишга ҳам қодирдир.
24. Сен табиатан ёввойи зайтун новдаси бўла туриб кесилдинг ва табиатга хилоф равишда яхши зайтун дарахтига пайванд бўлдинг. Шундай экан, асл новдалар ўз дарахтига яна пайванд бўлиши нақадар осондир!
25. Эй биродарларим, сиз тағин ўзбилармон бўлиб қолманглар, деб бу сирдан хабарсиз қолишингизни истамайман: бошқа халқлардан нажот топадиганларнинг сони тамом бўлмагунга қадар, Исроил халқининг вақтинча дийдаси қотган.
26. Шундай қилиб, бутун Исроил қутулажак. Тавротда ёзилганидек: «Қутқарувчи Сиондан келажак, Ёқуб элидан бетавфиқни даф қилажак.
27. Мен уларни гуноҳларидан фориғ қилганимда, Улар билан Менинг аҳдим бу бўлажак».
28. Инжил Хушхабарини рад қилганлари сабабли, яҳудийлар сизларнинг манфаатингиз учун Худога душман бўлиб қолдилар. Лекин Худо уларни танлагани сабабли, ота-боболари хотири учун, уларни азиз деб билади.
29. Чунки Худонинг инъомлари ва даъвати ўзгармасдир.
30. Сизлар бир вақтлар Худога итоатсиз бўлиб, лекин энди яҳудийларнинг итоатсизлиги туфайли марҳаматга ноил бўлдингизлар.
31. Шунга ўхшаб, энди яҳудийлар ҳам сизга кўрсатилган марҳамат туфайли итоатсиз бўлдилар, токи улар ҳам энди марҳаматга ноил бўлсинлар.
32. Чунки Худо ҳаммага марҳамат кўрсата олиши учун, ҳаммани итоатсизликка гирифтор қилди.
33. Оҳ, Худонинг саховату ҳикмати ҳамда билимининг чуқурлигини қаранг! Унинг ҳукмларига кимнинг ақли етар, йўлларини ким текшириб чиқар экан?
34. «Худонинг ақлини ким билган экан? Унинг маслаҳатчиси ким бўлган экан?»
35. «Ким Худога бир нарса бермишки, Худо унга қайтариб берсин?»
36. Бутун борлиқ Ундан чиқиб, У орқали бордир ва Унга қаратилгандир. Унга абадий шон-шарафлар бўлсин! Омин.
1. Шундай қилиб, эй биродарларим, Худонинг марҳамати ҳақи сизларга ёлвораман: Худога оқилона хизмат қила олишингиз учун вужудингизни тирик, муқаддас, Худога манзур бўладиган қурбон қилиб бағишланглар.
2. Бу дунёга уйғунлашманглар. Худонинг яхши, манзур, комил иродасининг нима эканини фаҳмламоқ учун фикрингизни янгилаш орқали тубдан ўзгаринглар.
3. Менга берилган иноятдан фойдаланиб, сизларнинг ҳар бирингизга шуни айтяпман: ҳаддингиздан ошиб, ўзингизга бино қўйманглар. Лекин Худо ҳар бир кишига қанча имон берган бўлса, шунга кўра фикр қилиб, ақли расо одамлар бўлинглар.
4. Баданимиз бир бўлса-да, узвлар кўп, узвларнинг вазифаси эса бир хил эмас.
5. Шунга ўхшаб, биз кўп киши бўлсак ҳам, Масиҳ вужудида бирлашганмиз ва бир баданни ташкил этамиз, ҳар биримиз алоҳида-алоҳида бўлиб, бир-биримиз учун узвдирмиз.
6. Худонинг иноят қилгани бўйича, биз Ундан ҳар хил инъомлар олганмиз. Бировнинг инъоми башоратгўйлик бўлса, ўз ишонч-эътиқодига мувофиқ башорат қилсин.
7. Агар хизмат инъоми бўлса, хизмат қилсин; агар муаллимлик инъоми бўлса, таълим берсин.
8. Ким насиҳатгўй бўлса, панд-насиҳат берсин. Ким эҳсон берувчи бўлса, чин кўнгилдан берсин. Ким бошлиқ бўлса, ғайрат билан бошчилик қилсин. Ким меҳрибончилик қилса, хурсандлик билан қилсин.
9. Севгингиз риёсиз бўлсин. Ёмонликдан нафрат қилиб, яхшиликка чирмашиб олинглар.
10. Бир-бирингизни биродарларча, самимий муҳаббат билан севинглар. Бир-бирингизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилинглар.
11. Ғайратингизни сусайтирманглар. Оташин руҳ билан Раббингизга хизмат қилинглар.
12. Умидворлик ила хурсанд бўлиб юринглар. Қайғуда сабрли, тоат-ибодатда саботли бўлинглар.
13. Имонлиларнинг эҳтиёжларини таъминлашда иштирок этинглар. Меҳмондўст бўлишга жон куйдиринглар.
14. Сизларни қувғин қилаётганларни дуо қилинглар, ҳа, дуо қилинглар, қарғаманглар.
15. Севинаётганлар билан бирга севининглар, йиғлаётганлар билан бирга йиғланглар.
16. Ўзаро ҳамфикр бўлинглар. Такаббурлик қилмай, мулойим одамлар билан дўст бўлинглар. Ўзбилармонлик қилманглар.
17. Ҳеч кимга ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарманглар. Барча одамларнинг кўзи олдида яхшилик қилишга интилинглар.
18. Агар иложи бўлса, қўлингиздан келганича, барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар.
19. Эй севиклиларим, ўзингиз учун қасос олманглар, балки Худонинг ғазабига йўл қўйинглар. Зеро Тавротда шундай ёзилган: «Қасос Менинг қўлимда, Сазосини Мен бераман, – дейди Худованд».
20. Аксинча: «Агар душманинг оч қолган бўлса, уни тўйғизгил, Агар чанқаган бўлса, унга сув ичиргил. Мана шунда унинг бошига ёнаётган чўғлар йиққандай бўлурсан».
21. Ёмонликка мағлуб бўлма, ёмонликни яхшилик билан мағлуб қилгин.
1. Ҳар бир одам ҳукмрон ҳокимиятга бўйсунсин. Чунки Худо буюрмаган ҳокимият йўқ, мавжуд ҳокимиятларнинг ҳаммасини ҳам Худо тайин этган.
2. Шунинг учун ҳокимиятга қаршилик кўрсатган Худонинг амрига қарши чиққан бўлади. Қаршилик қилувчилар эса ўз-ўзларини ҳукмга дучор қиладилар.
3. Яхшилик қилганлар эмас, ёмонлик қилганлар бошлиқлардан қўрқишлари керак. Ҳокимиятдан қўрқмасликни истайсанми? Унда яхши иш қилиб юр, шунда бошлиқнинг мақтовига сазовор бўласан.
4. Чунки бошлиқ сенинг манфаатинг учун Худонинг хизматкоридир. Аммо ёмон иш қилсанг, қўрқ. Чунки у қилични беҳуда кўтариб юрмайди. У ёмонлик қилганга ғазабнок жазо берувчи сифатида Худонинг хизматкоридир.
5. Шунинг учун фақат ғазабдан қўрққанликдангина эмас, балки виждон юзасидан ҳам итоат қилмоқ лозимдир.
6. Солиқ тўлашингизнинг сабаби ҳам шу. Чунки солиқ йиғиш билан машғул бўлган амалдорлар бу иш билан Худога хизмат қиладилар.
7. Ҳар бир кишига ўз ҳақини беринглар: солиқ йиғувчига – солиқ; бож олувчига – бож; қўрқувга лойиқ бўлганга – қўрқув; ҳурматга лойиқ бўлганга – ҳурмат.
8. Бир-бирингизни севишдан бошқа ҳеч кимдан бир нарса бурчли бўлманглар. Чунки ўзгани севадиган киши Илоҳий Қонунни бажо келтирган бўлади.
9. «Зино қилма», «Қотиллик қилма», «Ўғрилик қилма», [«Ёлғон гувоҳлик берма»,] «Тамагирлик қилма» ва бунга ўхшаш яна қанча амрлар бор бўлса, ҳаммаси шу сўзда хулоса қилинади: «Ўзгани ўзинг каби севгин».
10. Севувчи киши ўзгага ёмонлик қилмайди. Шундай қилиб, севиш – бутун Илоҳий Қонунни бажо келтириш билан баробардир.
11. Ҳозирги вақт-соатнинг аҳамиятини билиб, шундай ҳаракат қилинглар. Мана, сизларнинг уйқудан уйғониш вақт-соатингиз келиб қолди! Биз имон келтирган вақтдан кўра, ҳозирги вақтда қутулишимиз яқинроқдир.
12. Кеча ўтиб кетиб, кундуз яқинлашди. Шунинг учун қоронғилик ишларидан фориғ бўлиб, нур аслаҳаларини кийиб олайлик.
13. Айш-ишрат ва ичкиликбозлик билан эмас, шаҳватпарастлик ва фисқ-фужур билан эмас, жанжалкашлик ва ҳасадгўйлик билан эмас, балки кундузга яраша, одоб билан кун кечирайлик.
14. Раббимиз Исо Масиҳни совутдай кийиб олинглар ва табиатингизнинг гуноҳли ҳавас-эҳтиросларини қониқтиришга интилманглар.
1. Имони заиф одамни, унинг фикрлари ҳақида баҳслашмай, қабул қилинглар.
2. Кимдир, ҳамма нарсани еб бўлади, деб ишонади. Имони заиф киши эса фақат сабзавот ейди.
3. Ҳар нарсани ейиш мумкин деган киши емовчини камситмасин, шунингдек, ҳар нарсани емайдиган киши ейдиганни айбламасин; чунки Худо уни қабул қилгандир.
4. Сен ким бўлибсанки, бошқа кишининг малайини тергайсан? У ўз хўжайини олдида ё туради, ё йиқилади. Раббимиз эса уни турғазишга қодир, шунинг учун у туради.
5. Биров бир кунни бошқа кундан юқорироқ ҳисоблайди, бошқа киши эса ҳамма кунлар ҳақида бир хил фикр юргизади. Ҳар бир киши ўз фикрида маҳкам турсин.
6. Кунга эътибор қилувчи Раббим деб эътибор қилади. [Шунингдек, кунга эътибор қилмовчи Раббим деб эътибор қилмайди.] Ҳар нарсани егувчи Раббим деб ейди. Ҳар нарсани емовчи ҳам Худога шукр қилиб, Раббим деб емайди.
7. Биздан ҳеч ким ўзи учун яшамайди ва ҳеч ким ўзи учун ўлмайди ҳам.
8. Агар яшасак, Раббимиз учун яшаймиз; агар ўлсак, Раббимиз учун ўламиз. Демак, яшасак ҳам, ўлсак ҳам, Раббимизга қарашлимиз.
9. Масиҳ ҳам ўликларнинг, ҳам тирикларнинг Рабби бўлиш учун ўлди-ю, ўлимдан тирилиб келди.
10. Шундай бўлса, сен нима учун биродарингни ҳукм қиляпсан? Нима учун биродарингни камситяпсан? Ҳаммамиз ҳам Масиҳнинг ҳукм курсиси олдида ҳозир бўлажакмиз-ку.
11. Тавротда ёзилишича: «Ҳаётим ҳақи, – дейди Худованд, – Ҳар бир кас Менинг олдимда тиз чўккуси, Ҳар бир тил Худолигимни тан олғуси».
12. Демак, ҳар биримиз ўзимиз ҳақимизда Худога ҳисобот берамиз.
13. Шунинг учун бир-биримизни бошқа ҳукм қилмайлик. Энг яхшиси, биродарингизнинг йўлига тўсиқ қўймаслик, уни васвасага солмаслик тўғрисида муҳокама қилинглар.
14. Мен шуни биламан ва Раббим Исо номидан қатъий аминманки, ҳеч бир нарса ўзи-ўзича ҳаром эмасдир. Фақат бир нарсани ҳаром ҳисоблаган киши учун у нарса ҳаромдир.
15. Агар биродаринг сен еяётган овқат туфайли хафа бўлса, демак, сен муҳаббат юзасидан ҳаракат қилмаётган бўласан. Масиҳ бу одам учун ўлган, уни овқатинг билан ҳалокатга йўлиқтирма.
16. Сизларнинг яхши деб билган нарсангиз қораланмасин.
17. Худонинг Шоҳлиги овқат ва ичимликдан иборат эмас, балки Муқаддас Руҳ бағишлаган солиҳлик, тинчлик ва севинчдир.
18. Ким Масиҳга шундай хизмат қилиб юрса, у Худога мақбул ва инсонларнинг мақтовига сазовордир.
19. Шунинг учун ўзаро тинч-тотув яшайлик, бир-биримизни руҳан ривожлантириш учун жон куйдирайлик.
20. Овқат туфайли Худонинг ишини бузма! Ҳамма овқатлар ҳалолдир, лекин бирон нарса еб ўзгани васвасага солган киши ёмонлик қилган бўлади.
21. Биродаринг васвасага тушиб айниб қолишидан кўра, гўшт емаслик, май ичмаслик ёки биродарингни қоқинтирадиган бирон иш қилмаслик яхшидир.
22. Бу хусусда сенинг эътиқодинг қандай бўлса, Худо олдида ўз эътиқодингни ўзингга сақлаб тур. Тутган йўлида ўз-ўзини маҳкум қилмайдиган одам бахтиёрдир!
23. Лекин ўз еганидан шубҳа қилган киши маҳкумликка йўлиқади, чунки у эътиқод бўйича емаган. Эътиқодга асосланмаган ҳар бир иш эса – гуноҳдир.
24. Мен хабарлаб юрган Инжил, яъни Исо Масиҳнинг Хушхабарига биноан сизларни собитқадам қилишга қодир бўлган Худога ҳамду санолар бўлсин! Қадим даврлардан бери яширин тутилиб, ҳозирги вақтда эса очилиб қолган улуғ сир
25. мангу барҳаёт Худонинг амри ила қадимги пайғамбарларнинг китобларида ваҳий этилган, энди эса барча халқларга имонга бўйсунишлари учун тақдим этилгандир.
26. Донишманд бўлган ягона Худога Исо Масиҳ орқали илалабад шон-шарафлар бўлсин! Омин.
1. Биз, имони кучлилар, ўзимизни мамнун қилишни кўзламасдан, кучсизларнинг ожизлигига сабр-бардош қилишимиз керак.
2. Ҳар биримиз ўзганинг яхшилик ва ривож топишига ғамхўрлик қилиб, уни мамнун қилишга ҳаракат қилайлик.
3. Чунки Масиҳ ҳам Ўз-ўзини мамнун қилмади. Лекин Забурда У ҳақда ёзилганидек: «Сени таҳқир қилувчиларнинг ҳақорати Менинг устимга тушди».
4. Қадимги оятларда нимаики ёзилган бўлса, бизнинг таълим олишимиз учун ёзилган. Биз бу оятлардан сабр ва тасалли топиб, умидимизда маҳкам туришимиз лозим.
5. Сабр ва тасалли манбаи бўлган Худонинг Ўзи эса, Исо Масиҳ ўргатганидек, бир-бирингиз билан ҳамфикр бўлишни сизларга ато этсин,
6. токи сизлар якдиллик билан, бир оғиздан Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси бўлган Худони улуғланглар.
7. Худони улуғлаш учун Масиҳ сизларни қабул қилганидек, сизлар ҳам бир-бирингизни қабул қилинглар.
8. Менинг сўзимни тингланглар: Исо Масиҳ ота-боболаримизга берилган илоҳий ваъдаларни рўёбга чиқарай, деб Худо ҳақиқатига содиқ қолди ва суннат аҳли бўлган яҳудийларнинг хизматкори бўлди.
9. Айни замонда У Худонинг марҳамати ҳақи учун бошқа халқларга ҳам юборилди, токи улар Худони улуғласинлар. Забурда ёзилишича: «Халқлар ичра Сенга ҳамдлар айтурман, Сенинг исмингни куйлаб сано айтурман».
10. Яна бошқа жойда шундай ёзилган: «Эй барча элу халқлар, Худонинг халқи билан бирга севининглар!»
11. Ва яна: «Эй барча миллатлар, Худовандга ҳамд айтинглар! Эй бутун халқлар, Уни мадҳ этинглар!»
12. Ишаъё пайғамбар эса шундай деган: «Халқларга ҳукмронлик қилиш учун Ишай уруғидан бир Зот чиқиб келажак. Халқлар Унга умид боғлагайлар».
13. Умид манбаи бўлган Худо эса Муқаддас Руҳ кучи ила сизларни умидга бой қилсин, имонингизга яраша сизларни ҳар хил севинч ва тинчлик билан шод қилсин.
14. Эй биродарларим, сизга келсак, сиз яхшиликка ва ҳар хил билимга бой ҳамда бир-бирингизга панд-насиҳат қилишга қодир эканингизга ўзим аминман.
15. Биродарларим, Худонинг менга берган инояти туфайли сизларга эслатиб қўйиш учун бир қадар ботиниш билан ёздим.
16. Мен Худо инояти туфайли Исо Масиҳнинг барча халқларга юборган элчиси бўлиб, Худонинг Хушхабарини тарғиб қилишда муқаддас хизмат кўрсатмоқдаман. Бу халқлар Муқаддас Руҳ орқали муқаддаслаштирилиб, Худога бахшида этилган ва Унга мақбул бўлган бир ҳадядир.
17. Шундай қилиб, Исо Масиҳга ташаккур, мен Худо йўлида қилган ишларим билан мақтансам бўлади.
18. Лекин мен орқали амал қилган Масиҳдан бошқа нарса ҳақида гапиришга журъат этмайман. Масиҳнинг Ўзи мажусийларни имонга бўйсундириш йўлида менга ёр бўлиб, сўзиму ишимга илҳом бериб,
19. Муқаддас Руҳни юбориб, мен орқали қудратли ва ажойиб мўъжизалар содир қилди. Шундай қилиб, мен Қуддусдан бошлаб, то Иллирия соҳилларига қадар Масиҳнинг Хушхабарини тамоман ёйиб чиқдим.
20. Шу билан бирга, мен бошқаларнинг пойдевори устига бино қурмайин, деб Масиҳнинг исми ҳали тилга олинмаган ерларда Хушхабарни тарғиб қилиш учун жон куйдирдим.
21. Тавротда ёзилганидек: «Ундан хабарсиз бўлганлар кўргайлар, У ҳақда эшитмаганлар англагайлар».
22. Сизларнинг олдингизга келишим учун менга тўсқинлик қилган кўп сабаблар бор эди.
23. Энди эса бу мамлакатларда менга бошқа иш қолмаган. Мен кўп йиллардан бери сизларни кўришни орзу қилганимдан,
24. Испанияга йўл олиб сизларнинг олдингизга бормоқчиман. Ўтиб кетаётганимда аввал сизларни кўриб, бир оз дийдорингизга тўйганимдан кейин, мени у ерга кузатиб қўясизлар, деган умиддаман.
25. Лекин ҳозирча мен Худо азизларига ёрдам бергани Қуддусга кетяпман.
26. Чунки Македония ва Ахая ўлкаларидаги Масиҳ жамоатлари Қуддусдаги камбағал имонлилар учун иона тўплашни хуш кўрдилар.
27. Ҳа, хуш кўрдилар, чунки улар яҳудийлардан қарздордир. Мажусийлар энди яҳудийларнинг руҳий баракатларига шерик бўлганларидан кейин, уларга жисмонан ҳам хизмат қилишлари муносибдир.
28. Демак, мен бу ишни бажариб, тўпланган маблағни уларга топширганимдан кейин, сизларнинг ерингиздан ўтиб Испанияга жўнаб кетаман.
29. Мен сизлар билан кўришгач, Масиҳ Хушхабарининг тўлиқ қут-баракасини келтиришни бурчим деб биламан.
30. Эй биродарларим! Раббимиз Исо Масиҳ ҳақи, Худо Руҳидан илҳом олган муҳаббат ҳақи сизларга ёлвораман: мен учун Худога ибодат қилинглар, курашимга қўшилинглар,
31. токи Яҳудия ўлкасидаги имонсизлардан қутулай ва Қуддусдаги хизматим у жойдаги Худо азизларига маъқул тушсин.
32. Худо хоҳласа, мен баҳузур сизнинг олдингизга борай ва сизникида шодлигу ором топай.
33. Тинчлик манбаи бўлган Худо ҳаммаларингизга ёр бўлсин. Омин!
1. Кенхрея шаҳридаги имонлилар жамоатида хизмат кўрсатаётган опамиз Фивани сизларга тақдим этаман.
2. Уни Раббимиз ҳақи, Худо азизларига муносиб қабул қилинглар. У нимага муҳтож бўлса, ёрдам беринглар. Зеро у кўп кишиларга ва айниқса менга ҳам мададкор бўлган.
3. Исо Масиҳ хизматида бўлган ҳамкорларим Прискилла билан Акилга салом айтинглар.
4. Улар менинг жонимни асраш учун ўзларини ўлим хавфига қўйдилар. Уларга ёлғиз мен эмас, балки мажусийлардан имон келтирганларнинг барча йиғилишлари ҳам ташаккур билдирмоқдалар.
5. Уларнинг уйида йиғиладиган жамоатга ҳам салом айтиб қўйинглар. Асия ўлкасида Масиҳ учун биринчи униб-чиққан ҳосилдай бўлган севикли муҳибим Епенетга салом айтинглар.
6. Биз учун кўп меҳнат қилган Марямга салом айтинглар.
7. Ҳаворийлар орасида ном чиқарган ва мендан олдин Масиҳга имон келтирган ҳамда мен билан бирга маҳбус бўлган қариндошим Андроникка, шунингдек, Юнийга салом айтинглар.
8. Раббимиз йўлида бораётган севикли ўртоғим Амплиатга салом айтинглар.
9. Масиҳ хизматида ҳамкоримиз бўлган Урбан ва севикли Стахисга салом айтинглар.
10. Синовдан ўтиб, Масиҳга мақбул бўлган Апеллисга салом айтинглар. Аристовул хонадони аҳлига салом айтинглар.
11. Қариндошим Ҳиродионга салом айтинглар. Наркис хонадони аҳлидан Раббимизга қарашли бўлганларга салом айтинглар.
12. Раббимиз хизматида заҳмат чеккан Трифен билан Трифосга салом айтинглар. Раббимиз хизматида кўп заҳмат чеккан севикли синглим Персисга салом айтинглар.
13. Раббимизнинг мумтоз хизматкори бўлган Руфусга ва мени ўз ўғли каби асраган онасига салом айтинглар.
14. Асинкрит, Флегон, Ҳермес, Патровас, Ҳермас ва улар билан бирга бўлган биродарларга салом айтинглар.
15. Филолог билан Юлияга, Нирей ва унинг синглисига, Олимпас ҳамда улар билан бўлган бутун азизларга салом айтинглар.
16. Муқаддас ўпич билан саломлашинглар. Барча Масиҳ жамоатлари сизларга салом йўллаяптилар.
17. Эй биродарларим, сизларни ўрганган таълимотингиздан айнитиб, нифоқ ва ғулғулага сабаб бўладиган кишилардан эҳтиёт бўлишингизни ўтиниб сўрайман; улардан ўзингизни четга олинглар.
18. Чунки бундай одамлар Раббимиз Исо Масиҳга эмас, балки ўз қоринларига хизмат қиладилар. Софдил одамларнинг кўнглини ширин сўзлар ва тилёғламалик билан овлайдилар.
19. Сизларнинг мўминлигингиз ҳаммага маълум бўлиб қолди. Мен ўзим ҳам сизлардан хурсандман-у, лекин сизлар яхшиликда доно, ёмонликдан холи бўлишингизни истайман.
20. Тинчлик манбаи бўлган Худонинг Ўзи тез орада шайтонни оёқларингиз остида эзиб ташлайди. Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти сизларга ёр бўлсин.
21. Менинг ҳамкорим Тимўтий ҳамда қариндошларим Луций, Ясон ва Сосипатр сизларга салом йўллаяптилар.
22. Бу мактубни ёзаётган мен – Тертий ҳам сизларга Раббимдан саломатлик тилайман.
23. Менинг ва бутун имонлилар жамоатининг меҳмоннавози бўлган Гай ҳам сизларга салом айтяпти. Шаҳарнинг хазинадори Ераст ва биродаримиз Кварт сизларга салом йўллашяпти.
24. Раббимиз Исо Масиҳнинг инояти ҳаммаларингизга ёр бўлсин. Омин.

Инжил



Muqaddas Kitob. Tavrot, Zabur, Injil
Tavrot | Zabur | Injil (+audio)
Muqaddas Kitob  Muqaddas Kitob APP
Yuklab olish - Muqaddas Kitob O'zbek tilida Injil (latin 27mb .pdf)
Скачать - Муқаддас Китоб (Инжил) (кирилл 26mb .PDF)

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz


Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Matto Muqaddas xushxabar  Mark Muqaddas xushxabar  Luqo Muqaddas xushxabar  Yuhanno Muqaddas xushxabar  Havoriylarning faoliyati  Yoqubning maktubi  Butrusning birinchi maktubi  Butrusning ikkinchi maktubi  Yuhannoning birinchi maktubi  Yuhannoning ikkinchi maktubi  Yuhannoning uchinchi maktubi  Yahudoning maktubi  Rimliklarga maktub  Korinfliklarga birinchi maktub  Korinfliklarga ikkinchi maktub  Galatiyaliklarga maktub  Efesliklarga maktub  Filippiliklarga maktub  Kolosaliklarga maktub  1-Salonikaliklarga  2-Salonikaliklarga  Timo'tiyga birinchi maktub  Timo'tiyga ikkinchi maktub  Titusga maktub  Filimo'nga maktub  Ibroniylarga maktub  Yuhannoga ko'rsatilgan vahiy


Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18


Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida  Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida  Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак