Шоҳлар (тўртинчи китоб) 1 bob
1 Исроил шоҳи Ахабнинг вафотидан кейин, Мўаб юрти Исроилга қарши исён кўтарди.
2 Исроил шоҳи Охозиё Самария шаҳридаги саройининг томи* панжарасидан йиқилиб, қаттиқ шикастланди. Сўнг чопарларига: “Филистларнинг Эхрон шаҳридаги худоси Баал–Забуб ёнига бориб, ундан сўранглар–чи, мен соғаярмиканман”, деб уларни жўнатди.
3 Шунда Тишба шаҳридан бўлган Илёс пайғамбарга Эгамизнинг фариштаси гапирди: — Қани, бўл, Самария шоҳи юборган чопарларга пешвоз чиқиб, уларга шу гапларни етказ: “Нима учун сизлар Эхрон шаҳрининг худоси Баал–Забубдан, шоҳ соғаярмикан, деб сўраб билиш учун боряпсизлар?! Исроилда Худо йўқ деб ўйлаяпсизларми?!
4 Энди Эгам шундай айтмоқда: шоҳингиз шу қилгани учун ётган жойидан турмай, ўлади.” Илёс Эгамизнинг айтганини бажарди.
5 Чопарлар Охозиёнинг ҳузурига қайтиб бордилар. Шоҳ: — Намунча тез қайтиб келдингизлар? — деб сўради.
6 Чопарлар Охозиёга айтдилар: — Қаршимиздан бир одам бизга пешвоз чиқди. Сизнинг ҳузурингизга қайтишимизни, шу хабарни етказишимизни айтди: “Эгамиз шундай демоқда: нимага сен Эхроннинг худоси Баал–Забубдан, соғаярмиканман, деб сўраб билиш учун чопарлар жўнатдинг? Исроилда Худо йўқ деб ўйладингми?! Шу қилганинг учун ётган жойингдан турмай, ўласан.”
7 Охозиё чопарлардан: — Сизларга пешвоз чиқиб, шу гапларни айтган одамнинг кўриниши қанақа эди? — деб сўради.
8 — У одам жундан тўқилган кийим кийган экан, белига чарм камар боғлаб олибди, — деб жавоб беришди чопарлар шоҳга. — У Илёс, — деди Охозиё.
9 Шундан кейин шоҳ Охозиё Илёсни олиб келиш учун элликбошини элликта сипоҳи билан жўнатди. Илёс тоғ тепасида ўтирган эди. Элликбоши Илёсни топиб, унга деди: — Эй Худонинг одами! Тезроқ пастга тушар экансиз, шоҳимиз шундай деб амр қилмоқда.
10 — Агар мен Худонинг одами бўлсам, — дея жавоб берди Илёс, — осмондан олов тушиб, сени ва элликта сипоҳингни ёндириб юборсин. Шу заҳоти осмондан олов тушиб, элликбошини ҳам, ҳамма сипоҳларини ҳам ёндириб юборди.
11 Шоҳ Илёснинг олдига яна бошқа элликбошисини элликта сипоҳи билан жўнатди. У элликбоши ҳам: — Эй Худонинг одами! Тезроқ пастга тушар экансиз, шоҳимиз шундай деб амр қилмоқда, — деди.
12 — Агар мен Худонинг одами бўлсам, — деб жавоб берди Илёс, — осмондан олов тушиб, сени ва элликта сипоҳингни ёндириб юборсин. Шу заҳоти осмондан олов тушиб, элликбошини ҳам, элликта сипоҳини ҳам ёндириб юборди.
13 Охозиё учинчи марта яна элликта сипоҳ билан бошқа элликбошини жўнатди. Элликбоши Илёснинг олдига чиқиб, унинг қаршисида тиз чўкди ва унга илтижо қилиб деди: — Эй Худонинг одами! Менинг жонимга ва мана шу элликта қулингизнинг жонига раҳм қилинг.
14 Осмондан олов тушиб, мендан олдинги иккала элликбоши ҳам барча сипоҳлари билан ёниб кетганди. Энди менинг жонимга раҳм қилинг.
15 Шунда Илёсга Эгамизнинг фариштаси зоҳир бўлиб: — Шоҳдан қўрқма, элликбоши билан бирга боравер, — деб айтди. Илёс элликбоши билан бирга шоҳ ҳузурига бориб,
16 унга шундай деди: — Эгамиз айтмоқда: “Исроилда Худо йўқдай, Эхроннинг худоси Баал–Забубдан, соғаярмиканман, деб сўраб билиш учун чопарлар жўнатдинг. Шу қилганинг учун ётган тўшагингдан турмай, ўласан.”
17 Шундай қилиб, Эгамизнинг Илёс орқали айтганига мувофиқ, шоҳ Охозиё вафот этди. Шоҳнинг ўғли бўлмагани учун унинг ўрнига укаси Ёрам шоҳ бўлди. Бу воқеа юз берганда, Яҳудо шоҳи Ёҳурам иккинчи йил шоҳлик қилаётган эди. Ёҳурам Ёҳушафатнинг ўғли эди.
18 Охозиёнинг бошқа ишлари “Исроил шоҳлари тарихи” китобида ёзилган.