Музаффар Худога қаратилган мадҳия. ИЖРОЧИЛАР РАҲБАРИГА. ДОВУД САНОСИ. ҚЎШИҚ.
Забур 67 bob
1 Худо кўтарилсин, ёвлари тўзисин, Ғанимлари Унинг олдидан қочиб кетсин!
2 Худо кўтарилсин, ёвлари тўзисин, Ғанимлари Унинг олдидан қочиб кетсин!
3 Сен уларни тутундай тарқатиб юбор! Оташда мум қандай эриб кетса, Фосиқлар Худо олдидан шундай йўқ бўлсин!
4 Солиҳлар бўлса севинсинлар, Худо ҳузурида шодиёна қилсинлар, Қувонч билан тараннум этсинлар!
5 Қани, Худога куйлар айтинг, Унинг исмини тараннум этинг! Булут Чавандозини юксалтиринг!* Унинг номи – Худованддир, Хурсандчилик қилинг ҳузурида!
6 Худо Ўзининг муқаддас маконидадир, У етим-есирларнинг Отасидир, Тул аёлларнинг Ҳимоячисидир.
7 Худо ёлғизларга уй-жой беради, Занжирбандларни озодликка чиқаради; Исёнкорлар эса қуруқ чўлда қолаверадилар.
8 Эй Худо, Сен Ўз халқинг олдига чиқаётганингда, Биёбонда кезиб қадам отаётганингда,
9 Худо олдида, Исроилнинг Тангриси олдида Ер ларзага келди, Синай* тоғи тебранди, Ҳатто фалак ҳам эриб сел бўлди.
10 Сен диёрингга барака ёмғирини ёғдирдинг, Тетикладинг-да ҳолдан кетганда, эй Худо.
11 Умматинг у диёрда истиқомат қилганда, Бечораҳолларга Ўз неъматингни ҳозирладинг, эй Худо!
12 Раббано эълон қилмоқда, Мужда келтираётган қизлар – улкан қўшин:
13 «Саркардаю шоҳлар тўздай тўзғиб кетяпти, Уйда қолган аёллар ўлжани тақсимлашяпти».
14 Наҳот сиз қўралар* аро ётаверасиз? Каптарнинг* қанотлари кумуш ила қопланган, Парлари ялтироқ олтин каби товланар.
15 Жаббор диёридан шоҳларни тўзитганда, Зулмон тоғини қор ёғиб босди.
16 Башан тоғи – Худонинг тоғи, Башан тоғи – юксак тоғдир.
17 Худо маконим деб танлаган Сион тоғига Нечун сиз ғилай қарайсиз, юксак чўққилар? Мана, Худованд унда абадий давр сурар!
18 Худонинг жанг аробалари минг-мингу лак- лак, Улар ичра Раббимиз Ўзи келяпти; У муқаддас макони – Синай тоғидадир.
19 Сен юксакликка чиқиб, асирларни асир олдинг, Инсонлар аро ҳадялар қабул қилдинг, Токи ҳатто осий бандалар ҳам Сендан паноҳ топсин, ёҳу Худовандо!
20 Ҳар куни Раббимизни олқишланг! Худо бизга оғирлик қўйса-да, Бизни Ўзи халос қилади.
21 Худо биз учун Халоскор Тангридир, Қодир Раббимиз қўлидадир ўлимдан нажот.
22 Худонинг Ўзи ёвнинг бошини эзиб ташлар, Гуноҳи билан гердайиб юрган сочли каллани мажақ қилар.
23 «Башандан қайтараман, – деди Раббано, – Денгиз тубидан қайтараман сени.
24 Оёғингни ёвнинг қонига булагайсан, Итларинг ҳам қон ялаб-ялаб тўйгай!»
25 Улар Сенинг тантанавор юришларингни, Ё Худоё, эй Тангрим, эй Подшоҳим, Сенинг муқаддас маконга чиқишингни кўрдилар.
26 Олдинда хонандалар, орқада созандалар, Ўртада чилдирмачи қизлар юришарди.
27 Эй сизлар, Исроил уруғи бўлганлар, Йиғинларда Худойи Таолога санолар ўқинг!
28 Мана кенжа Бенямин уларнинг йўлбошчиси, Улар аро тумонат Яҳудо амирлари бор, Завулун ва Нафтоли* беклари ҳам ҳозир эди.
29 Худойинг сенга куч атаб қўйган. Бизга яратганингни амалда кўрсат, ё Худоё!
30 Қуддус тепасидаги маъбадингдан бошлаб Подшоҳлар Сенга ҳадя келтирадилар.
31 Қамишзорда* яшовчи ёввойи ҳайвонни, Халқлар бузоқлари ичидаги буқалар галасини чўчитгин! Кумуш ёмбилари ила ясаниб елиб бораётган Жанговар халқларни Ўзинг тўзитиб юборгил!
32 Мисрдан ҳудайчилар келади, Ҳабашлар Худога қўл чўзади.
33 Эй ер юзи султонликлари, Худони куйланг, Раббимиз шаънига хониш айланг!
34 Осмону фалак юксаклигига минган, Азалий самовотдан тушган Чавандозни куйланг! Мана, У Ўз овозига куч бериб хитоб қилар.
35 Худонинг қудратига тан беринглар! Унинг салобати Исроилнинг устидадир, Куч-қудрати эса булутларда намоёндир.
36 Худо Ўзининг муқаддас маконида ваҳималидир, У Исроилнинг Тангрисидир, Ўз халқига қувват ва ғалаба бахш этар. Худони олқишланг!