1 Юсуфнинг кўрган тушлари. 12 Юсуфни Мисрга сотиш
Ибтидо 37 bob
1 Ёқуб отаси мусофир бўлиб яшаган мамлакатда – Канъон диёрида яшайверди.
2 Ёқубнинг насл-насаб тарихи эса қуйидагича: Ёқубнинг ўғли Юсуф ўн етти яшар ўсмир бўлиб қолган эди. У отасининг хотинлари Билҳа ва Зилпадан туғилган акалари билан бирга чорва боқар, отаси олдида акаларининг ғийбатини қилар эди.
3 Исроил эса Юсуфни ҳамма ўғилларидан кўпроқ севар эди, чунки у Исроилнинг қарилик чоғида кўрган ўғли эди. Шу сабабли унга беқасам тўн қилдирди.
4 Юсуфнинг акалари эса оталари уни ҳамма ўғилларидан кўпроқ севганини билиб, Юсуфни ёмон кўриб қолдилар. Энди у билан дўстона гаплаша олмас эдилар.
5 Бир куни Юсуф туш кўриб, акаларига айтиб берди. Улар эса уни янада ёмон кўриб қолишди.
6 Юсуф акаларига: – Мен кўрган бу тушни тингланглар, – деди.
7 – Тушимда бизлар экинзорда боғлам боғлаётган эканмиз. Қарасам, менинг боғламим ердан кўтарилиб, тик турган экан, сизларнинг боғламларингиз эса давра олиб, менинг боғламимга таъзим қилди.
8 Юсуфнинг акалари унга: – Наҳотки сен бизнинг устимиздан подшоҳ ёки ҳукмрон бўлмоқчисан? – дейишди. Уни кўрган туши ва гапирган гапи туфайли янада ёмон кўриб қолдилар.
9 Кейин Юсуф яна бошқа бир туш кўрди. Уни ҳам акаларига ҳикоя қилиб берди: – Мен яна туш кўрдим. Тушимда қуёш ва ой ҳамда ўн бир юлдуз менга таъзим қилаётган экан, – деди.
10 Юсуф буни акалари ва отасига ҳам ҳикоя қилган эди, отаси уни койиб: – Бу кўрган тушинг қандай туш экан? Наҳотки мен, онанг ва акаларинг сенинг оёқларингга йиқилиб таъзим қилсак? – деди.
11 Юсуфга акалари ҳасад қилишарди. Лекин отасини бу гаплар ўйлатиб қўйди.
12 Юсуфнинг акалари оталарининг подаларини боқиш учун Шакамга кетишган эди.
13 Шу вақт Исроил Юсуфга: – Акаларинг Шакамда мол боқишяпти. Кел, сени уларнинг ёнига юборайин, – деди. – Хўп бўлади, отажон! – деди Юсуф.
14 – Сен бориб акаларинг ва подаларнинг ҳол-аҳволини билиб, менга хабар келтир, – деб отаси уни Ҳебрўн водийсидан жўнатди. Юсуф Шакамга қараб йўл олди.
15 Даштда адашиб қолди. Бир киши Юсуфни кўриб, ундан сўради: – Нимани излаяпсан?
16 – Мен акаларимни излаяпман, улар қаерда мол боқишяпти? Билсанг, менга айт, – деди Юсуф.
17 Ҳалиги одам унга: – Улар бу ердан жўнаб кетишди. Дўтанга борамиз, деб айтганларини эшитган эдим, – деди. Шунда Юсуф акаларининг кетидан бориб, уларни Дўтанда топди.
18 Юсуф ҳали яқинлашмасданоқ, акалари кўриб, Юсуфни ўлдиришга қасд қилдилар.
19 Бир-бировига: – Мана, ўша туш кўрувчи келяпти!
20 Келинглар энди, уни ўлдирамиз ва бирон қудуққа ташлаймиз. Сўнгра йиртқич ҳайвон уни еб кетибди, деб айтамиз. Шунда унинг тушлари нима бўларкан, кўрамиз, – дедилар.
21 Аммо Рубен Юсуфни уларнинг қўлидан қутқармоқчи бўлиб, укаларига: – Унинг жонига қасд қилмайлик.
22 Қон тўкманглар, уни мана шу яқиндаги чўл қудуғига ташласаларинг бўлди, фақат унинг жонига қасд қилманглар! – деди. Чунки у Юсуфни укалари қўлидан қутқариб, отаси олдига қайтариш ниятида эди.
23 Юсуф акалари ёнига келганда, акалари уни ушлаб, устидаги беқасам тўнни ечиб,
24 ўсмирни қудуқнинг ичига ташлаб кетишди. Қудуқ эса қуруқ, ичида сув йўқ эди.
25 Улар овқатланиб ўтириб, бир қарашган эди, Гилъад томондан исмоилийлар карвони келаётганини кўришди. Уларнинг туяларига хушбўй смолалар ва тутатқилар ҳамда мумиё ортилган, Мисрга қараб йўл босаётган эдилар.
26 Яҳудо биродарларига: – Укамизнинг қонини тўкиб буни яширишдан нима фойда бор?
27 Келинглар, яхшиси уни исмоилийларга сотамиз, қўлимизни унинг қони билан булғамаймиз. У бизнинг укамиз, ўз суягимиз, ахир, – деди. Яҳудо ака-укаларини кўндирди.
28 Шу пайт Мидёндан савдогарлар карвони ўтаётган эди. Улар Юсуфни қудуқдан тортиб чиқардилар ва йигирма кумуш тангага исмоилийларга сотдилар. Улар эса Юсуфни Мисрга олиб кетдилар.
29 Рубен ўша қудуқ бошига қайтиб бориб, қарасаки, Юсуф қудуқ ичида йўқ! У чопонини йиртиб ташлади-да,
30 укалари ёнига қайтиб бориб уларга: – Бола йўқ, энди мен қаерга бош урай? – деди.
31 Шунда ака-укалар Юсуфнинг беқасам тўнини олиб, бир такани сўйиб, тўнни така қонига ботирдилар.
32 Сўнг тўнни оталари олдига юбориб: «Биз буни топдик. Танинг-чи, бу ўғлингизнинг чопоними, ёки у эмасми?» – деб сўратдилар.
33 Ёқуб чопонни таниб: – Ўғлимнинг чопони-да, уни йиртқич ҳайвон еган. Юсуф бурда-бурда бўлган, шекилли, – деди.
34 Ва кийимини йиртиб, белига жул ўраб, ўғли учун анча вақт мотам тутди.
35 Ҳамма ўғил-қизлари унга тасалли бермоқ учун отасини бориб кўрса-да, аммо у овунишни рад қилар, – Мен мотамли бўлиб ўғлимнинг ёнига, ўликлар диёрига бораман, – дерди. Ўғлининг ҳасратида кўп фарёд чекди.
36 Шу орада мидёнликлар Юсуфни Мисрга олиб бориб, Фиръавннинг саройи маъмури ва соқчилар бошлиғи – Пўтифарга сотган эдилар.