1 Соронинг ўлими ва кўмилиши
Ибтидо 23 bob
1 Соро юз йигирма етти йил умр кўрди.
2 Соро шу ёшида Канъон мамлакатидаги Қирят- Арба (яъни Ҳебрўн) шаҳрида қазо қилди. Иброҳим эса Соро учун йиғлаб, таъзия маросими ўтказди.
3 Марҳумасига мотам тутиш даври тугагач, Иброҳим ҳетийларнинг олдига бориб уларга:
4 Мен сизларнинг олдингизда ғарибу мусофир бўлиб яшаб келаман. Энди марҳумам билан видолашиб, уни дафн этишим учун менга ерингиздан мақбара қурадиган жой ажратиб беринглар, – деди.
5 Ҳетийлар Иброҳимга жавоб бериб:
6 - Эй тақсиримиз, бизни тингла: биз сени ўз орамизда Худонинг амири деб биламиз. Сен мақбарамизнинг энг яхшисига марҳумангни дафн қилгин. Бизлардан бирон киши марҳумангни кўмишинг учун ўз мақбарасини сендан аямайди, – дейишди.
7 Иброҳим ўрнидан туриб у ернинг халқи – ҳетийларга таъзим қилди-да,
8 уларга хитоб қилди: – Агар марҳумам билан видолашиб уни дафн этишимга рози бўлсангизлар, унда мени тингланглар. Мен учун Сўҳар ўғли Афрондан илтимос қилинглар,
9 у ўзининг даласи четидаги Махпела ғорини менга берсин. Мен орангизда бемалол мақбара қуришим учун, у шу ғорни менга тўла нархга берсин.
10 Ҳетий Афрон эса ўз қавми орасида ўтирган эди. Шаҳар дарвозасига келган ҳамма ҳетийларга эшиттириб, Афрон Иброҳимга жавоб берди:
11 - Йўқ, тақсирим, мени тингла: ўша далани мен сенга шундайлигича бераман, ундаги ғорни ҳам бераман, мана, сенга буни беришимга ўз қавмим кишилари гувоҳдирлар. Сен марҳумангни дафн қила қол, – деди.
12 Иброҳим у ернинг халқи олдида таъзим қилди-да,
13 ҳамма халққа эшиттириб Афронга: – Қани энди сен менинг гапимга қулоқ солсанг: сенга у дала эвазига пул бераман. Пулини мендан ол, мен эса бемалол марҳумани у ерга кўма қолай, – деди.
14 Афрон Иброҳимга жавоб бериб:
15 - Майли тақсирим, мени тингла: ернинг қиммати тўрт юз кумуш ёмби туради, бу бизнинг орамизда ҳеч нарса эмас. Сен марҳумангни дафн қила қол, – деди.
16 Иброҳим Афроннинг ҳетийларга эшиттириб айтган нархига унади, савдогарлар муомаласида ўтадиган оғирликдаги тўрт юз кумуш ёмбини тортиб Афронга берди.
17 Шундай қилиб, Мамре қаршисидаги Махпела деган ернинг даласи ва ундаги ғор, шунингдек, далада ва унинг атрофида бўлган барча дарахтлар Афроннинг қўлидан кетиб,
18 Иброҳимнинг мулкига ўтди. Шаҳар дарвозасидан кириб чиқадиган ҳетийларнинг ҳаммаси эса бунга гувоҳ бўлдилар.
19 -
20 Шундан кейин Иброҳим хотини Сорони ўша ерга дафн қилди. Шу йўсин Канъон мамлакатидаги, Мамре (Ҳебрўн) қаршисида жойлашган Махпела даласи ҳамда ундаги ғор ҳетийлар мулкидан чиқиб, Иброҳимга оиласи учун мақбара бўладиган ер улуши бўлиб ўтди.