1 Худонинг иродаси билан Исо Масиҳнинг ҳаворийси бўлган мен, Павлус ила биродаримиз Тимўтий, Коринф шаҳридаги Худонинг жамоатига, шунингдек, Ахая ўлкаси бўйлаб яшовчи барча Худонинг азизларига салом йўллаймиз.
2 Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳдан сизларга иноят ва тинчлик бўлсин!
3 Ҳар турли тасаллининг манбаи бўлган Худо, марҳаматли Ота, Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худога ҳамду санолар бўлсин!
4 У бутун ғам-қайғуларимиз учун бизга тасалли беради. Шу тариқа ўзимиздек ҳар турли қайғуларга йўлиққан бошқа одамларни биз Худодан олган тасалли билан овунтира оламиз.
5 Масиҳнинг азоблари бизда қанча кўпаяётган бўлса, Масиҳнинг тасаллиси ҳам бизда шунча кўпаймоқда.
6 Агар биз ғам-қайғу чекаётган бўлсак, бу сизлар тасалли ва нажот топишингиз учундир. Ва агар биз тасалли топаётган бўлсак, бу ҳам сизларнинг тасалли топишингиз учундир. Биз чекаётган қайғуларга ўзингиз ҳам йўлиққанингизда, шу билан тасалли топиб, сабр-тоқат қиласизлар.
7 Сизларга ишончимиз комил, чунки сизлар аламларимизгагина эмас, тасаллимизга ҳам шерик эканингизни биламиз.
8 Эй биродарлар, Асия вилоятида бошимизга келган кулфатлардан хабарсиз қолишингизни истамаймиз. Биз ҳаддан ташқари, чидаб бўлмайдиган даражада эзилдик, ҳатто соғ қолишга умидимизни йўқотган эдик.
9 Ҳа, ўлимга маҳкум бўлганимизни ўз вужудимизда сезардик. Бу шунинг учун бўлдики, биз ўзимизга эмас, балки фақат ўликларни тирилтирувчи Худога умид боғлайлик.
10 Ҳақиқатан ҳам Худо бизни шундай катта ўлим таҳликасидан қутқарди ва яна қутқаради. Ҳа, У бизни яна қутқаради, деб Ундан қаттиқ умид қиламиз.
11 Чунки сизлар ҳам биз учун ибодат қилишда иштирок этиб келяпсизлар. Шундай кўп кишиларнинг илтижоси туфайли Худо бизга иноят кўрсатди, токи буни яна кўплар билиб, биз туфайли Худога шукр қилсинлар.
12 Бизнинг ифтихор қилишимизнинг сабаби бор, виждонимиз ҳам шундан далолат берадики, биз бу дунёда, хусусан сизлар билан бўлган муносабатимизда инсоний ҳикмат билан эмас, балки Худонинг инояти билан, муқаддаслик билан, Худога мақбул бўлган самимийлик билан ҳаракат қилдик.
13 Биз сизларга нима ёзсак, ўқиб, англаб етинглар, деб ёзамиз. Умид қиламанки, сизлар буларни охиригача англаб етасизлар.
14 Сизлар, қисман бўлса ҳам, бизни англагансизлар ва биласизларки, Раббимиз Исо Масиҳнинг оламга қайтадиган кунида биз сизнинг фахрингиз, сиз эса бизнинг фахримиз бўласизлар.
15 Шу ишонч билан, сизлар иккинчи дафъа фараҳ топинглар деб, олдинроқ сизларнинг ёнингизга келиш ниятида эдим.
16 Сизларнинг олдингиздан Македонияга ўтиш ва Македониядан яна сизларнинг олдингизга қайтиш ниятида эдим, охири сизлар мени Яҳудияга кузатиб қўяр эдингизлар.
17 Шундай ниятим бўла туриб, беқарорлик билан ҳаракат қилдиммикан? Ёки мен гоҳ ҳа-ҳа, гоҳ йўқ-йўқ дегандай, ўзбошимчалик билан ташаббус кўрсатдиммикан?
18 Худо Ўз сўзида туради, шунинг учун бизнинг сизга сўзимиз ҳам гоҳ «ҳа», гоҳ «йўқ» эмас.
19 Биз, яъни мен, Силван ва Тимўтий сизнинг орангизда Худонинг Ўғли – Исо Масиҳни тарғиб қилганимизда, буни гоҳ «ҳа», гоҳ «йўқ» деб қилмадик. Масиҳ дегани – «ҳа» дегани.
20 Чунончи Худо қанча ваъдаларни берган бўлса, улар Масиҳ шарофати билан «ҳа» дегандай, «омин» дегандай рўёбга чиқади, токи биз Масиҳ орқали Худони улуғлайлик.
21 Худонинг Ўзи бизни сизлар билан бирга Масиҳ уммати қилиб, мустаҳкам пойдеворли қилди, Ўзига ажратиб олди,
22 устимизга Ўзининг муҳрини босди, буларнинг гарови қилиб Муқаддас Руҳни юракларимизга жойлаштирди.
23 Ўз жоним ҳақи Худони шоҳидим биламан: сизларни аяганим учун ҳануз Коринфга бора олмадим.
24 Биз гўё сизларнинг имонингиз устидан ҳукмронлик ўрнатаётгандай бўляпмиз. Аслида биз қувонишингиз учун сизларга кўмаклашмоқдамиз. Чунки сизлар имонда маҳкам турибсизлар.