1 Исо ўз шогирдларига яна деди: «Васвасалар келиши шаксиздир. Лекин ким орқали келса, ўша одамнинг ҳолига вой!
2 Бу кичиклардан биронтасини йўлдан оздиргандан кўра, унинг бўйнига тегирмон тошини осиб, денгизга ташланиши у учун фойдалироқ бўлар эди.
3 Ўзларингизга эҳтиёт бўлинглар! Агар биродаринг гуноҳ қилса, унга танбеҳ бер. Агар тавба қилса, уни кечир.
4 Агар сенга қарши бир куннинг ўзида етти марта гуноҳ қилса-ю, етти марта сенга қайтиб келиб: „Тавба қилдим“, – деса, уни кечириб юбор».
5 Ҳаворийлар Раббимиз Исога: – Имонимизга имон қўш, – дедилар.
6 Раббимиз жавоб берди: – Агар зиғирдай имонингиз бўлиб, шу тут дарахтига: «Илдизинг билан қўпорилиб чиқ ва денгизга кўчиб илдиз от», – десангиз, дарахт сизга бўйсунади.
7 «Орангиздаги қай бирингиз қўш ҳайдовчи ёки подачи хизматкорингиз даладан қайтгач, унга: „Тез келиб дастурхонга ўтир“, – дейсиз?
8 Аксинча: „Кечки овқатимни тайёрла, ишга бел боғлаб, овқатланиб бўлгунимча менга хизмат қил, ундан кейин ўзинг еб-ичасан“, – демайсизми?
9 Хўжайин буюрган ишларни бажарган қул ташаккур олармикин? Қайдам.
10 Сизлар ҳам шунга ўхшаб, ўзингизга буюрилган ҳамма ишни бажаргандан сўнг: „Бизлар арзимайдиган қуллармиз, фақат зиммамиздаги ишни қилдик“, – денглар».
11 Исо Самария билан Жалила оралиғидан ўтиб, Қуддус томон йўл олди.
12 У бир қишлоққа кираётганда, ўнта моховга дуч келди. Улар узоқда турганча
13 овозларини баланд қилиб: – Эй Устозимиз Исо, бизга раҳм қил! – дейишди.
14 Уларни кўрган Исо: – Бориб, ўзларингни руҳонийларга кўрсатинглар, – деди. Улар эса йўлда кетаётиб, моховдан фориғ бўлишди.
15 Улардан бири ўзининг шифо топганини пайқагач, баланд овоз билан Худони улуғлаб орқага қайтди.
16 Исонинг оёқларига йиқилиб Унга ташаккур билдирди. Бу одам самариялик эди.
17 Исо: – Шифо топган ўн киши эди-ку? Қолган тўққизингиз қани?
18 Худони улуғлаш учун шу бегона кишидан бошқа ҳеч ким қайтиб келмадими? – деди.
19 Сўнг у одамга: – Ўрнингдан туриб бора қол, ишончинг сени қутқарди, – деди.
20 Фарзийлар Исога: – Худонинг Шоҳлиги қачон келади? – деган саволни беришди. Исо уларга жавоб берди: – Худонинг Шоҳлиги кўзга кўриниб келмайди.
21 «Қара, у бу ерда», ёки «Ана у ерда», – деб ҳам айтишмайди. Мана, Худонинг Шоҳлиги ўз ичингиздадир.
22 Сўнг Исо шогирдларига қайрилиб, деди: – Шундай кунлар келадики, Инсон Ўғлининг биттагина кунини кўришга ҳавас қиласизлар, бироқ кўролмайсизлар.
23 Сизларга: «Мана, у бу ерда», ёки «Мана шу ерда», деб айтишса, борманглар, уларнинг орқасидан қувманглар.
24 Чунки чақмоқ чақиб, фалакни бир учидан бошқа учигача ярқиратиб юборганидек, Инсон Ўғли ҳам Ўз кунида худди шундай пайдо бўлади.
25 Лекин ундан аввал У кўп азоб чекиши ва бу насл томонидан рад қилиниши керак.
26 Нуҳ пайғамбар даврида қандай бўлган бўлса, Инсон Ўғли келадиган кунларда ҳам шундай бўлади.
27 Нуҳ кемага кирган кунига қадар едилар, ичдилар, уйландилар, турмушга чиқдилар. Ва тўфон келиб, ҳаммани ҳалок қилди.
28 Лут кунларида ҳам шундай бўлди: еб-ичдилар, олди-сотди қилдилар, экин-тикин ва бинокорлик билан машғул бўлдилар.
29 Лекин Лут Садўм шаҳридан чиққан куниёқ осмондан олов ва олтингугурт ёғиб, ҳаммани ҳалок қилди.
30 Инсон Ўғли зоҳир бўлган кунда ҳам худди шундай бўлади.
31 У кунда томнинг устида бўлган киши уйда қолдирган анжомларини олиш учун пастга тушмасин. Шунингдек, даладаги ҳам қайтиб келмасин.
32 Лутнинг хотинини эслаб туринглар.
33 Кимки жонини сақлашга ҳаракат қилса, уни йўқотади. Кимки жонини фидо қилса, уни қутқаради.
34 Сизга яна айтаманки, ўша кеча бир тўшакда икки киши бўлади; бири олинади, бири қолдирилади.
35 Икки аёл бирга тегирмон тортаётган бўлади; бири олинади, бири қолдирилади.
36 [Икки киши далада бўлади; бири олинади, бири қолдирилади.]
37 Шогирдлар Исодан сўради: – Раббий, бу воқеалар қаерда юз беради? – Мурда қаерда бўлса, калхатлар ҳам ўша ерда тўпланади, – деди Исо.