1 Орамизда авж олган воқеаларни ҳикоя қилишга киришган кўпларнинг ташаббуслари маълумдир.
2 Бу бўлиб ўтган ҳодисотларни бошданоқ ўз кўзлари ила кўриб, бизга нақл қилган кишилар Илоҳий Каломнинг шоҳиду хизматкорлари бўлмишлар.
3 Шундай қилиб, мен ҳам бошидан ҳаммасини синчиклаб текширганимдан кейин, эй муҳтарам Теофил, бу воқеаларнинг тафсилотини тартиб ила сизга ёзиб беришни муносиб кўрдим,
4 токи сиз берилган маълумотларнинг жуда асосли эканини билингиз.
5 Яҳудия юртида Ҳирод ҳокимлик қилаётган даврда руҳонийларнинг Абиё аждодидан Закариё исмли бир руҳоний бор эди. Унинг хотини эса Ҳорун авлодидан бўлиб, оти Элисабет эди.
6 Буларнинг иккови ҳам солиҳ ва художўй кишилар бўлиб, Худованднинг бутун амру фармонларига беками-кўст риоя қилиб юришар эди.
7 Лекин Элисабет пуштсиз бўлганидан, уларнинг фарзанди йўқ эди; бунинг устига иккови ҳам қартайиб қолган эдилар.
8 Хизмат навбати ўз авлодига қолган бир кунда Закариё Худо ҳузурида руҳонийлик хизматини ўтаб турган эди.
9 Руҳонийлар одати бўйича, Худованд маъбадига кириб хушбўй тутатқилар тутатиш қуръаси унга насиб этган эди.
10 Тутатқи тутатиш вақтида катта жамоат ташқарида ибодат қилаётган эди.
11 Шу пайт Худованднинг бир фариштаси тутатқи тутатиладиган қурбонгоҳнинг ўнг ёғида пайдо бўлиб, Закариёга зоҳир бўлди.
12 Закариё уни кўриб, эсанкиради-ю ваҳимага тушди.
13 Фаришта унга деди: – Закариё, қўрқма, чунки сенинг илтижоларинг ижобат бўлди. Хотининг Элисабет сенга бир ўғил туғиб беради ва унинг исмини Яҳё қўясан.
14 У сенга шодлик ва бахт-саодат келтиради, унинг туғилганидан кўплар қувонади.
15 У Худованд назарида улуғ киши бўлади, маю шаробни сира ичмайди. Онаси қорнидан у Муқаддас Руҳга тўлиб тушади.
16 Исроил фарзандларидан кўпларини у ўзларининг Эгаси – Худовандга қайтариб қўяди.
17 У Илёс пайғамбарнинг руҳи ва қудрати ила Раббимиз олдида юриб келади. Оталар дилини фарзандларига қайтариб, осий бандаларнинг фикрини солиҳлар томон мойил қилиб, ҳозирланмиш бир халқни Раббимизга тақдим этади.
18 Закариё фариштага: – Мен бунга қандай амин бўламан? Мана, ўзим қариб қолдиму, хотиним ёши ҳам ўтиб қолди, – деди.
19 Фаришта унга жавоб берди: – Мен Худо олдида турган Жаброилман, сенга бу гаплар тўғрисида хушхабар етказиш учун юборилганман.
20 Ўз вақтида бажо бўлажак сўзларимга ишонмаганинг учун, мана энди тилдан қоласан. Бу ишлар амалга ошадиган кунгача гапиролмайсан, – деди.
21 Шу орада Закариёни кутиб турган халқ унинг маъбадда имиллаб қолганига ҳайрон бўлди.
22 Закариё халқ олдига чиққач, сўзламоққа тили айланмади. Халқ унинг маъбадда ваҳий кўрганлигини тушунди. Закариё гунг бўлиб қолгани учун, улар билан имо-ишора орқали мулоқот этди.
23 Диний хизмат муддати тугагач, Закариё уйига қайтиб борди.
24 Орадан кунлар ўтиб, унинг хотини Элисабет ҳомиладор бўлди. У беш ой яшириниб юрди.
25 «Бу менга Раббимнинг назарлари тушган шу кунларда бўлди, – дерди у. – У менга эътибор бериб, эл ичида юзи қораликдан қутқарди».
26 Элисабетнинг ҳомиладорлигига олти ой бўлгач, Худо фаришта Жаброилни Жалиланинг Носира деган шаҳрига,
27 Довуд авлодидан Юсуф исмли йигитга унаштирилган бир қизга юборди. Қизнинг оти Марям эди.
28 Фаришта унинг олдига кириб: – Салом, эй Худо ёрлақаган! Худованд сен билан. Аёллар ичра мубораксан, – деди.
29 Марям эса фариштани кўриб, унинг сўзларидан саросимага тушди. «Бу қанақа саломлашиш бўлди?» – дея кўнглидан ўтказди.
30 Фаришта унга деди: – Марям, қўрқма, сен Худодан иноят топдинг.
31 Мана, сен ҳомиладор бўлиб, ўғил туғажаксан ва Унинг исмини Исо қўюрсан.
32 У улуғ бўлгай, Худойи Таолонинг Ўғли деб ном олгай. Худойи Таоло Унга отаси Довуднинг тахтини бергай.
33 У Ёқуб хонадони узра абадий подшоҳлик қилур ва бу подшоҳликнинг чеки бўлмагай.
34 Марям: – Мен ҳали эр кўрмаган бўлсам, бу қандай бўлади? – деб сўради фариштадан.
35 Фаришта жавоб берди: – Муқаддас Руҳ сенинг устингга тушиб келади, Худойи Таолонинг қудрати сени қоплайди. Шу сабабли сендан туғилажак муқаддас бола Худонинг Ўғли дейилур.
36 Мана, бепушт деб юришган қариндошинг Элисабет ҳам қарилигида ўғилга ҳомиладор бўлди. Ҳомиласи олтинчи ойда.
37 Зеро Худонинг бирон каломи пучга чиқмас.
38 Шунда Марям: – Мана, мен Худованднинг бандасиман. Менга айтганинг келсин, – деди. Фаришта эса унинг ёнидан ғойиб бўлди.
39 Марям ўша кунлардаёқ зудлик билан йўлга тушиб, тоғлик юртга, Яҳудо қабиласига мансуб бир шаҳарга борди.
40 У Закариёнинг уйига кириб Элисабет билан саломлашди.
41 Элисабет Марямнинг саломини эшитгани замон унинг қорнидаги боласи ўйноқлаб кетди. Элисабет Муқаддас Руҳга тўлди-да,
42 баланд овоз билан хитоб қилиб деди: – Сен аёллар ичра мубораксан, қорнингдаги бола ҳам муборакдир!
43 Не бахтки, Раббимнинг оналари менга ташриф айладилар!
44 Сенинг саломинг қулоғимга етиши биланоқ қорнимдаги бола қувончдан ўйноқлаб кетди.
45 Эй эътиқод қилган, бахтлисан! Чунки Худованд сенга айтганларини амалга оширгай.
46 Марям шундай деди:
47 «Жон-таним-ла Худовандни улуғлайман, Халоскор Тангрим ила кўнглим шод-хуррам.
48 Мен бандаи ҳақирига У назар солди. Энди мени барча авлодлар олқагай.
49 Қодир Тангри азимкорлик кўрсатди менга; Унинг исми – муқаддасдир.
50 Унинг марҳаматлари насиб этгай Ундан қўрққан авлод-аждодларга.
51 Кучини У кўрсатди-да қўлдан келувчи, Манманларни ўз хаёллари-ла тўздай тўзитди.
52 Тахтларидан туширди ҳукмдорларни, Баландга кўтарди ҳақир-мўминни.
53 Очларни тўйғизиб бахт-саодатли қилди, Қуппа-қуруқ жўнатди бойликка ўчни.
54 Ота-бобомизга берган ваъдаси бўй-ла, Иброҳимга ҳамда унинг зурриётига
55 Шафқат қилишни ёдда тутиб мангу, Ўғлони – Исроилга ҳиммат айлади».
56 Шундай қилиб, Марям уч ойча Элисабет билан бўлиб, ўз уйига қайтиб келди.
57 Элисабетнинг ой-куни тўлиб, ўғил туғди.
58 Қўни-қўшни ва қариндошлари Худованднинг унга кўрсатган буюк марҳаматини эшитиб, у билан бирга қувонишди.
59 Саккизинчи куни болани суннат қилгани олиб боришди. Унга отасининг исмини – Закариё қўймоқчи бўлишди.
60 Бунга боланинг онаси эътироз билдириб: – Йўқ, исмини Яҳё қўямиз, – деди.
61 Лекин бошқалар: – Қариндош-уруғинг орасида бу исм билан аталган ҳеч ким йўқ-ку, – дейишди унга.
62 Шу пайт отасига ҳам имо-ишора қилиб, ундан болага қандай исм қўймоқчи эканлигини сўрашди.
63 Закариё бир тахтача талаб қилди ва: «Унинг исми Яҳё бўлади», – деб ёзиб қўйди. Ҳамма ҳайрон қолди.
64 Ўша заҳоти Закариёнинг оғзи очилиб, тилга кирди. У Худони улуғлаб гапира бошлади.
65 Атрофда яшовчиларнинг ҳаммасини ваҳима босди. Бу ҳақдаги овоза бутун тоғлик Яҳудия ўлкасига ёйилиб, оғизга тушиб кетди.
66 Эшитган барчанинг фикри булар билан банд бўлиб: «Ажабо, бу бола ким бўлар экан?» – деб юришди. Чунки Худованднинг қўли унда намоён эди.
67 Чақалоқнинг отаси Закариё Муқаддас Руҳга тўлиб, башорат қилиб деди:
68 «Ўз халқини йўқлаб, асоратдан қутқарган Раббимиз Исроилнинг Худовандига ҳамду санолар!
69 У қули Довуд хонадонидан чиққан Қудратли Нажоткорни берди бизга;
70 Қадимдан муқаддас пайғамбарлар орқали сўзлаганига мувофиқ,
71 У барча ашаддий душманларимиз қўлидан бизни қутқаргай.
72 Ота-бобомизларга марҳамат айлаб, Улар-ла қилган муқаддас аҳдини ёдлади.
73 Отамиз Иброҳимга қасамёд қилганига кўра, У ёвларимиз қўлидан бизни қутқариб,
74 Умримиз борича Ўз паноҳида бехатар сақлаб,
75 Муқаддаслик ва солиҳлик ила Ўзига хизмат қилмоғимизга илож топажак.
76 Сен ҳам, эй чақалоқ, Ҳақ Таолонинг пайғамбари деб ном оласан. Зеро сен Раббимиз олдида юриб, У қадам босар йўлни муҳайё қилурсан.
77 Унинг халқига гуноҳлари афв бўлиб, Нажот топажакларини англатарсан.
78 Зеро Худойимиз меҳр-шафқати ила Юксакликдан нажот тонги ёришди, Уфқимизни равшан қилиб юборди.
79 Зулматда, ўлим соясида ўтирганларга зиёсин сочди, Оёқларимизни эса тинчлик йўлига бурди».
80 Шундай қилиб, бола Яҳё улғайиб ва руҳан қувватланиб, Исроилга кўринадиган кунигача чўл-саҳроларда бўлди.