1 Бу китоб Исо Масиҳнинг ваҳийсидир. Худо тез орада юз бериши муқаррар бўлган ҳодисотни Ўз қулларига кўрсатиши учун Исо Масиҳга ушбу ваҳийни берди. У эса фариштасини юбориб, қули Юҳаннога буни билдирди.
2 Юҳанно Худонинг каломи ва Исо Масиҳнинг шаҳодати, яъни кўрган нарсаларининг ҳаммаси ҳақида гувоҳлик берди.
3 Бу башоратни ўқиётган ва тинглаётганлар ҳамда бу ёзилганларга амал қилувчилар бахтиёрдир. Чунки вақт яқин.
4 Мен, Юҳанно, Асия вилоятидаги етти Масиҳ жамоатига ёзяпман: ҳозир бор, азалдан бор бўлган, келажакда бор бўлғуси Худодан, Унинг тахти олдида турган етти Руҳдан,
5 шунингдек, ўликлар ичидан биринчи бўлиб тирилган, ер юзи подшоҳларининг Шоҳаншоҳи бўлган ишончли шоҳид – Исо Масиҳдан сизларга иноят ва тинчлик бўлсин. Исо Масиҳ бизни кўп севди. У Ўз қонини тўкиб, бизни гуноҳларимиздан фориғ қилди.
6 У бизни шоҳлар қилди, Отаси Худо учун руҳонийлар ҳам қилди. Абадий шон-шараф, мангу салтанат Унга хосдир. Омин.
7 Мана, У булутлар билан келяпти! Ҳар бир кўз Уни кўради, Унинг баданини тешганлар ҳам кўради. Дунёнинг жамики қабилалари У туфайли фиғон чекади. Ҳа, шундай бўлгай! Омин.
8 «Мен – Ибтидо ва Интиҳодирман», – дейди Худойи Таоло, Ҳозир бор, азалдан бор бўлган, Келажакда бор бўлғуси Сарвари коинот.
9 Мен – Исо Масиҳнинг қайғу-ҳасрати, салтанати ва сабр-қаноатига сизлар билан шерик бўлган биродарингиз Юҳанноман. Худонинг каломи туфайли ва Исо Масиҳ учун шоҳидлик берганим сабабли Патмос оролига сургун қилинган эдим.
10 Раббимиз Исонинг тирилиши қутланадиган кунда мен Илоҳий Руҳнинг таъсирида қолдим. Бирданига орқамдан карнай овозига ўхшаш кучли бир нидо эшитдим: «[Мен Ибтидо ва Интиҳо, Аввалию Охиридирман.]
11 Кўрганларингни китобга ёзиб бор ва Асиядаги етти жамоатга – Эфес, Измир, Пергам, Тиятира, Сардис, Филаделфия ва Лаодикия шаҳарларидаги жамоатларга юбор».
12 Мен билан гаплашаётган Кимсани кўриш учун ўгирилдим. Шунда етти олтин шамдонни кўрдим.
13 Шамдонлар ўртасида бўйи баравар узун ридо кийган ва кўксига олтин камар боғлаган Инсон Ўғлига ўхшаш бир Кимса кўринди.
14 Унинг боши, сочлари бамисли оқ юнг, қордек оппоқ, кўзлари эса оташ алангасидек чақнарди.
15 Унинг оёқлари кўрада қиздирилган ялтироқ мисга ўхшарди, овози кўп сувларнинг шов-шувини эслатарди.
16 Ўнг қўлида етти юлдузни тутиб турар, оғзидан ўткир дудама қилич чиқазиб турар эди. Унинг юзи куннинг қизиғида балқийдиган қуёшдай балқиб турарди.
17 Уни кўришим биланоқ, Унинг оёқлари остига жонсиз каби йиқилдим. У эса ўнг қўлини устимга қўйиб, шундай деди: «Қўрқма! Мен Аввалию Охиридирман.
18 Тирикман. Ўлган эдим ва мана, абадулабад тирикман. Омин. Ўлим ва тамуғ очқичлари Мендадир.
19 Шундай қилиб, нималар кўрдинг, нималар бўляпти, бундан сўнг нималар юз беради, ҳаммасини ёзиб бор.
20 Ўнг қўлимда сен кўрган етти юлдуз ва етти олтин шамдон сирига келсак, етти юлдуз – етти жамоатнинг фаришталари, етти шамдон эса – етти жамоатдир».