1 Исо уларга яна деди: – Сизларга чинини айтайин, бу ерда турганлардан баъзилари борки, улар Худо Шоҳлиги қудрат билан келишини кўрмагунча, ўлим кўрмайдилар.
2 Орадан олти кун ўтгач, Исо Бутрус, Ёқуб ва Юҳаннони алоҳида баланд бир тоққа олиб чиқди. У ерда, уларнинг кўзи олдида Исонинг қиёфаси ўзгариб кетди.
3 Унинг кийимлари ярқираб, қордай оппоқ тусга кирдики, ер юзида ҳеч бир кир ювувчи бундай оқартира олмас эди.
4 Тўсатдан шогирдларга Илёс билан Мусо пайғамбарлар кўринди. Улар Исо билан суҳбатлашаётган эдилар.
5 Шунда Бутрус Исога: – Устоз! Бизлар учун бу ерда бўлиш жуда ёқяпти. Учта чайла ясайлик, бириси Сенга, бириси Мусога, бириси Илёсга, – деди.
6 Лекин у нима дейишини билмас эди, уларни жуда ваҳима босган эди.
7 Шу пайтда бир булут пайдо бўлиб, уларга соя солди. Булут ичидан: – Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Унга қулоқ солинглар! – деган садо келди.
8 Бирданига шогирдлар атрофларига қараб, ёлғиз Исодан бошқа ҳеч кимни ёнларида кўришмади.
9 Тоғдан тушаётганларида Исо уларга: – Инсон Ўғли ўлиб тирилмагунча, бу кўрганларингни ҳеч кимга айтманглар, – деб буюрди.
10 Улар эса бу сўзни дилига тугиб олиб, ўлиб тирилиш ўзи нима экан, деб ўзаро фикрлашар эдилар.
11 Исодан сўрадилар: – Нега уламолар, қиёматдан олдин Илёс пайғамбар келиши керак, деб айтадилар?
12 Исо уларга жавобан деди: – Тўғри, аввало Илёс пайғамбар келиб, ҳамма нарсани йўлга қўяди. Хўш, қандай қилиб Инсон Ўғли кўп азоб чекиши ва хўрланиши керак, деган оятлар ҳам бор?
13 Бироқ Мен сизларга шуни айтаман: Илёс аллақачон келди ва, у ҳақида ёзилганидек, у билан ўз билганларича қилдилар.
14 Исо қолган шогирдлари ёнига қайтиб келгач, уларнинг атрофида кўп халойиқни ва улар билан баҳслашаётган уламоларни кўрди.
15 Халойиқ Исони кўриши биланоқ ҳаммаси ажабланиб кетишди. Унинг олдига югуриб бориб, салом беришди.
16 Исо уламолардан: – Улар билан нималар тўғрисида баҳслашяпсизлар? – деб сўради.
17 Халойиқ орасидан кимдир жавоб берди: – Устоз! Мен Сенинг олдингга ўғлимни олиб келдим, мана уни тилсиз руҳ урган.
18 Ёвуз руҳ уни қаерда тутиб олса, ерга йиқитиб судрайди. Унинг оғзидан кўпик чиқади, тишларини ғичирлатиб қотиб қолади. Сенинг шогирдларингга, руҳни қувиб чиқаринглар, дедим, лекин улар эплашолмади.
19 Исо бунга жавобан: – Эй имонсиз авлод! Қачонгача сизлар билан бўламан? Қачонгача сизларга чидайман? Олдимга келтиринглар болани! – деди.
20 Болани Исонинг олдига келтиришди. Ёвуз руҳ Исони кўриши биланоқ, болани қалтиратиб ташлади. Бола ерга йиқилди-ю, оғзидан кўпик оқизганча ағнаб ётаверди.
21 Исо унинг отасига қараб: – У бу аҳволга тушганига неча вақт бўлди? – деб сўради. – Болалигидан шунақа.
22 Руҳ уни ҳалок қилмоқчи бўлиб кўп мартаба оловга, сувга ташлади. Агар қўлингдан келса, бизларга раҳм қил, ёрдам бергин, – деди.
23 Исо унга: – Қўлимдан келсами? Тўғриси, сен бир оз бўлса ҳам ишона олсанг эди! Эътиқодли киши ҳамма имконга эга бўлади, – деди.
24 Шу он боланинг отаси кўз ёши билан ҳайқириб: – Эътиқод қиламан, Раббий! Эътиқодсизлигимдан қутқаргин! – деди.
25 Халқ югуришиб йиғилаётганини кўрган Исо ёвуз руҳга дўқ қилиб: – Эй соқов ва кар руҳ, Мен сенга буюраман: боладан чиқ ва қайтиб унга кирма! – деди.
26 Шунда руҳ қаттиқ қичқириб юборди-да, болани шиддат билан қалтиратиб ундан чиқиб кетди. Бола ўликдай бўлиб қолганидан, кўплар уни ўлди, деб айтишди.
27 Лекин Исо уни қўлидан ушлаб кўтарди, бола оёққа турди.
28 Исо уйга кирди. У ёлғиз экан, шогирдлари Ундан: – Нега биз жинни қувиб чиқаролмадик? – деб сўрадилар.
29 Исо уларга деди: – Бу тоифа жинларни ибодатдан бошқа йўл билан қувиб бўлмайди.
30 Улар у ердан жўнаб, Жалила юрти орқали юриб ўтдилар. Исо эса буни ҳеч ким билиб қолишини истамас эди.
31 У шогирдларига таълим бериб, шундай деди: – Инсон Ўғли одамлар қўлига тутиб берилади. Уни ўлдиришади, ўлдиришгандан уч кун кейин эса У қайта тирилади.
32 Шогирдлар эса бу сўзларни тушунмасалар-да, аммо Ундан сўрашга ҳам ботина олмадилар.
33 Исо Кафарнаҳум шаҳрига келди. Уйда бўлганда, шогирдларидан сўради: – Йўлда кетаётганингизда нималар ҳақида баҳслашдинглар?
34 Улар индамадилар, йўлда улар ким энг катта деб баҳслашган эдилар.
35 Исо ўтириб, ўн икки шогирдини ёнига чақирди: – Ким биринчи бўлишни истаса, ҳамманинг охирида турсин ва ҳаммага хизматкор бўлсин, – деди.
36 Сўнгра бир болани олиб, уни ўрталарида турғизиб қўйди ва болани қучоқлаганча, шогирдларига деди:
37 – Ким шундай болалардан бирини Менинг номимдан қабул қилса, у Мени қабул қилган бўлади. Ким Мени қабул қилса, у Мени эмас, балки Мени Юборганни қабул қилган бўлади.
38 Юҳанно Исога: – Устоз! Сенинг номинг билан жин қувиб чиқараётган бир одамни кўриб қолдик. У биз билан юрмаяпти, деб унга буни ман қилдик, – деди.
39 Исо шундай деди: – Ман қилманг! Чунки Менинг номим билан мўъжиза яратган ҳеч ким дарров Мени ёмонлай олмайди.
40 Ким сизга қарши бўлмаса, у сиз томонда.
41 Ким сизга Менинг номим учун, Масиҳ уммати бўлганингиз учун бир пиёла сувгина ичирса ҳам, сизларга чиндан айтаманки, у ўз мукофотидан қуруқ қолмас.
42 «Ким Менга ишонган шу кичиклардан биронтасини йўлдан оздирса, унинг бўйнига бир тегирмон тошини осиб денгизга ташланиши у учун яхшироқ бўлар эди.
43 Агар қўлинг сени йўлдан оздирса, уни чопиб ташла. Икки қўлинг билан сўнмас дўзах ўтига йўлиққанингдан кўра, майиб бўлиб абадий ҳаётга эришганинг яхшироқдир.
44 [Дўзахиларнинг қурти ҳам ўлмас, ўти ҳам сўнмас.]
45 Агар оёғинг сени йўлдан оздирса, уни чопиб ташла. Икки оёғинг билан сўнмас дўзах ўтига ташлангандан кўра, чўлоқ бўлиб абадий ҳаётга эришганинг яхшироқдир.
46 [Дўзахиларнинг қурти ҳам ўлмас, ўти ҳам сўнмас.]
47 Агар кўзинг сени йўлдан оздирса, уни ўйиб ташла. Икки кўзинг билан ўтли дўзахга ташлангандан кўра, бир кўз билан Худонинг Шоҳлигига кирганинг яхшироқдир.
48 Дўзахиларнинг қурти ҳам ўлмас, ўти ҳам сўнмас.
49 Ҳамма ҳам ўтда покланади, ҳар бир қурбонлик тузга буланади.
50 Туз – яхши нарса. Лекин туз ўз шўрлигини йўқотса, уни яна нима билан шўр қиласизлар? Гапингиз тузли бўлсин, ўзаро тинч-тотув яшанглар».