1 Ҳикматларнинг қадри. 8 Ёшларга маслаҳат. 20 Донолик чақиради.
Сулаймоннинг ҳикматлари 1 bob
1 Исроил шоҳи Довуд ўғли Сулаймоннинг Ҳикматлари.
2 Бу ҳикматлар донолик ва насиҳатни ўргатади, ҳикматли сўзларни тушунтиради,
3 Ақлли кўрсатмаларга, тўғрилик, адолат, одилликка эга қилади,
4 Соддаларга идрок, ёшларга билим, фаҳму фаросат беради.
5 Донолар тинглаб билимини кўпайтирсин, идрокли эса йўл–йўриқ олсин.
6 Бу ҳикматлар — маталларни, жумбоқларни, дононинг сўзларини ва топишмоқларини тушуниш учундир.
7 Эгамиздан қўрқиш илму маърифатнинг бошидир. Донолик ва насиҳатдан нафратланган эса нодондир.
8 Ўғлим, отанг насиҳатларига қулоқ сол, онанг ўгитларини рад этма,
9 Чунки улар бошингга гўзал гулчамбар, бўйнингга маржондайдир.
10 Ўғлим, агар гуноҳкорлар сени йўлдан урмоқчи бўлса, бўйин берма.
11 Агар улар: “Кел, бизга қўшил, пистирма қўйиб қон тўкайлик, айбсизнинг йўлини важсиз тўсайлик,
12 дўзахга ўхшаб уни тириклайин ўз қаъримизга тортайлик, чуқур каби бутунлайин ютиб юборайлик,
13 ҳар хил бойликларни тортиб олиб, уйимизни ўлжа билан тўлдирайлик,
14 ҳамма нарса ўртада бўлсин, ҳамёнимиз битта бўлсин”, — деб айтсалар,
15 ўғлим, уларнинг йўлидан юрма, бир қадам ҳам босма.
16 Чунки улар қон тўкишга тайёрдирлар, оёқлари ёвузликка шошилади.
17 Қушларнинг кўзи олдида тўр қўйиш фойдасиздир.
18 Ёвузлар ўзларининг қони тўкилишини кутадилар, ўзларининг жонларини пойлайдилар.
19 Очкўзлик билан тортиб оладиганларнинг аҳволи шу! Улар ўз ҳаётига зомин бўлади.
20 Донолик кўчада чақиради. Майдонда баланд овоз билан ҳайқиради.
21 Гавжум кўчанинг бошида, шаҳар дарвозаларида жар солади.
22 “Эй, нодонлар, қачонгача нодон бўлиб юраверасиз?! Сиз–чи, мазах қилувчилар, қачонгача мазах қилишдан завқланасиз?! Ақлсизлар, қачонгача илму маърифатдан нафратланасиз?!
23 Панд–насиҳатларимга қулоқ солинглар. Мана, сизларга руҳимни бераман. Сўзларимни очаман.
24 Лекин сизларни чақирганимда рад этдингиз, қўлларимни узатганимда, эътибор бермадингиз.
25 Маслаҳат, панд–насиҳатларимнинг ҳеч бирини қабул қилмадингиз.
26 Шунинг учун бошингизга фалокат келганда, мен ҳам куламан. Ваҳимага тушганингизда, мазах қиламан.
27 Ваҳима бўрондай, фалокат эса тўфондай келганда, кулфату машаққатлар бошга тушганда,
28 улар мени чақирадилар, лекин жавоб бермайман. Улар мени қидирадилар, излайдилар, лекин тополмайдилар.
29 Чунки улар илм–маърифатдан нафратландилар, Эгамиздан қўрқишни танламадилар.
30 Маслаҳатларимни, ўгитларимни қабул қилмадилар.
31 Шунинг учун ўз қилмишларининг мевасини еб, пушаймон бўлиб қоладилар.
32 Нодонлар йўлдан адашиб ўзини ўлдиради, ақлсизларнинг беғамлиги эса ўзларини ҳалок қилади.
33 Лекин менга қулоқ солганлар осойишта ҳаёт кечиради, ёмонликнинг ваҳимасидан халос бўлади.”