R.B.Mitchell Tashlandiq bola - (5 bob) Kitob O'zbek tilida
Ташландиқ бола (Р. Б. Митчелл) Ўзбек тилида Аудиокитоб
Мундарижа
Бу тарих ростми
01. Ташландиқ
02. Кичик ёшли ўғил болалар
03. Қуюн
04. Бошқа
05. Ўғирланган
06. Шифокорлар
07. Жижининг совғаси
08. Танлов
09. Атланта
10. Жой топилармикан?
11. Нима учун
12. Молиявий мустақиллик
13. Учрашув
14. Бир неча яхши йигитлар
15. Исёнкор
16. Йўқотишлар даври
17. Қутқарувчи
18. Сен ростдан ҳам бормисан?
19. Янги ибтидо
20. Биринчи курс талабаси
21. Уй
22. Кутилмаган янгилик
23. Африкада
24. Кечириш керакми?
25. Паулина
26. Отам
27. Онам
28. Йўқотилган болалар
29. Сьюзен билан учрашув
30. Ўзаро муносабатлар
31. Ўз қобиғига ўралган
32. Оила қуришдан қўрқиш
33. Ҳаммаси ойдинлашди
34. Хотима
35. Ўқитувчилар учун эслатма
Китобни муҳокама қилиш учун саволлар
Миннатдорчилик
5. ЎҒИРЛАНГАН
1963 йил 19 январь, соат 20:15.
Ижтимоий ходимнинг қайдларига кўра, етимхонада кутилмаганда пайдо бўлиб қолган онам, мен билан учрашувни талаб қилган.
У Нолага мени ўзи билан олиб кетишини айтади. Онам қонун бўйича менинг ҳомийим бўлгани боис, ҳеч ким унга қаршилик қила олмайди.
– Митчелл хоним, болаларнинг ухлаш вақти бўлди ва бугун ҳаво ўта совуқ, – қатъий билдирди Нола. – Сиз Роббини қачон қайтармоқчисиз?
Онам кулиб юборди, Нолани уришиб берди ва мени ортидан судраб кетди.
Мен қўрқиб ва хижолат тортиб, ёрдам кутганимча Нолага қарадим. У занжирдаги ғазабдан титраётан она бўрига ўхшарди.
Мактаб томонга борар эканмиз, онам ўзини худди ақлдан озгандек тутарди.
У одатдагидан кўпроқ вайсар ва сўкинарди, лекин худди қандайдир ўйин ўйнаётгандек истеҳзоли жилмаярди.
Унинг тез қадам ташлаши ортидан улгура олмаётганим учун онам мени гоҳ–гоҳ тортиб қўярди. Мен совқотдим, лекин шикоят қилишга журъат этолмадим.
Одатдагидек, у менинг бувиларимни, етимхонани, Муқаддас Китобни, қора танлиларни ва муҳожирларни ҳақорат қиларди. Лекин кейин янги бир гап айтди:
– Мен ҳали уларга кўрсатиб қўяман, Робби. Мен уларнинг ҳаммасига кўрсатиб қўяман. Улар менинг яхши она бўла олишимни кўришади. Тез орада яна бир оила бўлиб яшай бошлаймиз.
«Уйга? Наҳотки мен ниҳоят уйга қайтаман?» Мен сўрамаслик маъқуллигини билардим, шунинг учун қўлга тушган кучук нигоҳи билан унга қарадим ва кутдим.
Ўша кечаси биз етимхонага қайтиб келмадик. Онам Принстон темирйўл вокзалининг кичкина ёғоч ўриндиғида бизга тунаш жойи ҳозирлади.
Эртаси куни эрталаб биз биринчи поезд билан Чикагога жўнадик. Менинг алмаштиришга кийимим йўқлигини унга айтганимда, онам мени ишонтиришга шошилди: «Хавотирланма, Робби. Мен ҳаммасини ўйлаб қўйганман».
Чикагога келгач, биз тўғри бутун дунёга “Пальмер хаус” номи билан машҳур бўлган меҳмонхонага жўнадик. Етимхонанинг чўян каравотларидан ялтироқ қандиллар, кенг заллар ва башанг кийинган йўлак қаровчиларига ўтиш тушга ўхшарди. Бу дунё мен тасаввур қилганимдан ҳам
чиройлироқ экан.
Биз хонага жойлашганимизда, онам ўзининг ғайриодатий катта аёллар сумкасидан пулларнинг катта боғламини олди.
– Ниҳоят мен ўзимга тегишли бўлганини олдим, – деди у қоғоз пулларни комоднинг тортмасига тиқиштираркан. – Менинг отам ва унинг синглиси ҳалок бўлди, уларнинг машинасига поезд келиб урилди. Мен суғурта бўйича 10 минг доллар олдим! Зўр–ку, тўғрими? – Бунга қандай муносабат билдиришни билмасдим. – Бу тортмадаги нарсалар сеники, – деб қўшимча қилди у фахрланиб. – Кел, сенга нима сотиб олганимни кўр.
Комикслар! Тортма уларга тўлганди. Онам ҳар доим комикслар ёмонлик эканлигини менга уқтирарди, ҳозир эса менинг ҳайратга тушган башарамни кўриб хохолаб куларди. Кейинги ҳафтада у яна комикслар ёмонлиги ҳақида тинимсиз насиҳат қилди, кейин эса бориб менга яна бир тўдасини сотиб олди.
Бир неча ҳафта давомида ҳаёт шунчаки эртак бўлди: биз хонамизга таом буюртирдик, бадавлат дўконлардан харид қилдик, бирин–кетин фильмлар томоша қилдик.
Бу орада онам вайсашни давом эттирди. У оғзидан кўпик сачратиб, мана шундай турмуш тарзидан маҳрум бўлганимизда отамнинг онаси – бувим Паулани айблади. Негалигини билмадим–у, аммо унинг сўзларига қараганда, бизнинг барча муаммоларимизда менинг бувиларим айбдор бўлиб чиқаверди. Гарчи мен ким бўлса бўлар–у, аммо Жижи ҳеч қачон менинг муаммоларим манбаи эмаслигини билардим.
Тўсатдан, бир оғиз сўз айтмай туриб, онам нарсаларимизни сумкага солди ва мени “Палмер хаус”нинг эртаклар оламидан тортиб чиқарди.
Мен қоронғу йўлакчалари ва худди шундай нурсиз яшовчилари бўлган, кўп қаватли уйнинг ичкари томонида жойлашган кичкина ифлос хонадога тушиб қолдим.
Брин–Мор бекати яқинида, шундоққина уйнинг орқа тарафи девори биқинидан метронинг ер усти йўли эстакадаси ўтарди. У билан бир хил баландликда жойлашган хонадончалар энг кўримсизлари бўлиб, ҳар гал поездлар тарақа–туруқ қилиб ўтганида зириллагани боис, энг арзонлари эди.
Мен эски бино қулаб тушишига ишончим комил бўлгани боис деярли ухламадим. Онам маст бўлиб қолар ва худди ўлгандек қотиб ухларди.
Хонадонда кичкин ванна ва яшаш хонаси бўлиб, бу хонанинг деворларидан бири ёнида совутгич, қўл ювиш чаноғи ва плита бўлган жажжи ошхона жойлашганди, биз онам билан ухлайдиган, ағдариб қўйиладиган каравот эса рўпарадаги деворга маҳкамланганди. Бизда яна стол ва диван ҳам бор бўлиб, ҳеч қандай телевизор ёки радио йўқ эди.
Онам овқатланишга қандай муносабатда бўлиши мени ўзим тарк этган етимхона учун афсусланишга бир неча бор мажбур қилди. Нонуштага, баъзан эса тушликка ҳам ёғда кўпчиб пишган кулчалар ейиш имкониятидан завқ олиш туйғуси дарров йўқолди. Унинг пазандалик қобилияти ярим тайёр маҳсулотларни алюминь зарқоғозда еб бўлмайдиган даражагача қовуриш билан тугарди, шундан сўнг у куйиб кетган овқатни стол устига тарақлатиб ташларди.
Агар мен унинг эплаб–сеплаб тайёрлаган нарсасини ейишга шошилмасам, унинг тайёрлаганини танқид қилишга журъат этганликда мени айблар ва ҳамиша ҳаммаси жуда мазали эканлигини айтиб туриб оларди. Очлик мени қўлимга санчқини олиш ва бир амаллаб куйдириб юборилган яшил нўхатлар, қуритиб юборилган картошка пюреси ва ғичирлаётган гўштли рулетни чайнаш ва ютишга, уларнинг устидан жўмракдан келаётан илиқ сувни ичишга мажбур қиларди.
Кундузи онам одатдагидек, маст бўлиб қолгани учун бир неча соат ухлаб қоларди. Шунда мен умуман кечки овқатсиз қолиб кетардим. Бир неча марта уни силикитиб уйғотишга уринганим, лекин бу самарасиз бўлгани эсимда. Ҳаётим қоронғу, сершовқин ва мазмунсиз эди, кўнгилхушликлар эса комикслар ўқиш, ёлғиз ўйнаш ва хонанинг девори ҳамда полида ўргимчаклар ва суваракларнинг шошмай ҳаракат қилишини кузатишдан иборат эди.
Онам ухлаб ётганида шодланардим, лекин у уйғониб кетганида умуман қувонишга ўрин қолмасди. Аксарият вақтда у насиҳат ўқирди, лекин гарчи унинг овози қулоғимга эшитилиб турсада, бирорта ҳам сўз онгимга етиб бормасди. Бу насиҳатлар кутилмаганда бутун хона бўйлаб кўзалар ва кастрюлларнинг учиши билан бирга рўй берадиган нафратга тўлган лаънатлашларга айланарди. Унинг отган барча “снаряд”лари шикаст бермаслигидан доимо ҳайрон қолардим.
У ёмон кўрадиган нарсаларнинг рўйхатини ўша вақтда Иллинойс штати бошлаб берарди. Онам ҳукумат уни етарлича ёрдам ёки ижтимоий нафақа билан таъминламаганидан аччиқланарди. Бир куни қечқурун унинг навбатдаги вайсашидан сўнг мен унга пуллар ва отам ҳақида савол бердим:
– Ишлаш ва бизга ғамхўрлик қилиш учун отам қачон тузалади?
Ҳалигача ҳеч ким отам “менга ғамхўрлик қилиш учун жуда қаттиқ касал эканилиги”ни тушунтириб бермаганди. Кўпинча менга у “миясини шикастлаб олгани” ва мени кўриш учун келишга жуда узоқлик қиладиган касалхонага тушганини айтишарди.
Аввалига менинг саволим онамни лол қолдирди, у худди дами чиққан ғилдиракдек бужмайиб олди. Лекин, кейин, менимча, у ниманидир эслади ва унинг юзидаги қайғу ғазаб билан ўрин алмашди.
У ғазабдан титраб, бидирлаб кетди:
– Отажонинг – заиф ва омадсиз! У бизни ташлаб кетди ва бошига ўқ узиб ўзини ўлдирмоқчи бўлди. Менимча, у охирги дақиқада фикридан қайтган, чунки ҳатто лозим даражада ўзига ўқ ҳам уза олмаган. У миясини шикастлаб олди ва бир умрга мажруҳ бўлиб қолади. – Унинг қичқириқларини эшита туриб мен ниманидир тушуна бошладим. – Мана нима учун у ҳеч қачон бизга ёзмаган ва қўнғироқ қилмаган, Робби. Мана нима учун! У бундай қила олмайди. Фақат осмондагина биз яна бир оила бўла оламиз.
У стаканига арзон винодан яна бир–икки томчи қуйди. Мен у оиламизнинг осмонда бирлашишини тезлаштириш учун бизни ўлдирмоқчи эмасмикин деб ўйлаб қолдим.
«Мана, отамга нима бўлган экан. У ўзини ўлдирмоқчи бўлиб бошига ўқ узган экан. Демак, у ҳеч қачон тузалмайди». Шунчалар таниш оғир пўлат эшик оиламизнинг бирлашиш ҳақидаги умидимни бир умрга барбод қилганича, шарақлаб ёпилди.
Лекин онамнинг “васийлиги” остидаги ҳаётим давом этарди. Гарчи унинг васийлиги қонунийлиги онамни бу жиноятда айблашга имкон бермасада, мен ўзимни ўғирлангандек ҳис қилдим. Етимхонадан мени оларкан, у қандайдир олишувга ёки ҳокимият учун курашга киришгандек тасаввур уйғонди.
– Назаримда, мен уларни лақиллатдим, – ўзидан кўнгли тўлиб деди онам, менинг етимхонадаги кийимларимни яқин орада дуч келган кўча муюлишидаги бочкада ёқаркан. – Сен – менинг ўғлимсан, буни эсда сақлашлари эса уларга халақит қилмайди!
Тўғриси, унинг ўзи буни эсдан чиқаргани яхши бўларди. Мен Жижи ва Ноланинг олдига қайтишни истардим, нега улар мени қутқаришмаётганини фаҳмлашга уринардим.
Кейинчалик мен Жижи ва етимхона ходимлари ваҳимага тушишганини билдим. Улар бизнинг қаерда эканлигимизни, менга хавф таҳдид солаётган–солмаётганини ва умуман тирик ёки тирик эмаслигимни тасаввур ҳам қила олишмасди.
Онам мени етимхонадан олиб кетганидан сўнг бир неча ҳафта ўтиб, автомат телефондан бувим Жижига қўнғироқ қилди. Менимча, бувим мени чақиришни сўради, чунки бир неча сўз айтишим учун онам телефон гўшагини менинг юзимга яқинлаштирди. Кейин эса гўшакни тортиб олиб, қичқирди: «Ҳали сизлар ўйинимга тушасизлар!» – ва гўшакни дастакка қўйди.
Деярли икки ой онам агар бувим белгиланган кун ва соатда уйда бўлса, мен билан гаплашишга рухсат беришини айтиб, бечора бувимни таҳқирлади. Баъзан биз ваъда этилган қўнғироқни қилиш учун ҳақиқатан ҳам автомат телефон томонга йўл олардик, лекин онамнинг кайфияти бузуқ бўлса, шунчаки унинг ёнидан ўтиб кетардик. Ҳар ҳолда Жижига қўнғироқ қилганимизда эса, бир–икки дақиқа ўтиб, онам гўшакни қўлимдан юлқиб олиб бақирарди: «Етар! Алвидо».
Жижи менинг йўқолиб қолганимдан ҳамма хавотирда эканлигини айтиб берганида нима деб жавоб қилишни билмадим.
Бир гал Жижини атиги бир–икки соат олдин огоҳлантирган онам, унга мен билан овқатланишига рухсат берди. Тўғри, у бувимни бизнинг хонадонимизга киритмади ва мени унинг олдига қўйиб юбормади. У Жижи мени етимхонага қайтаришидан қўрққан бўлса керак.
Бу кечки овқат эмас, ҳақиқий базм эди: мен ёқтирган таомлардан бири бостончасига бўктирилган гўшт ва ҳар хил гарнирлар. Буюртма берилган таом миқдори тўрт кишига ҳам етарди, лекин бувим ҳеч нарсага қўл текизмади.
Ҳатто шоша–пиша оғзимга навбатдаги гўшт бўлагини тиқиб, зўрға чайнашга улгураётган бўлсам ҳам, барибир Жижи мендан хавотирланаётганини сездим. Бир лаҳза чайнашдан тўхтадим ва оғзимни тўлдириб тамшанганимча, дедим:
– Бувижон, сиз бирор нарса татиб кўришингиз керак. Бу жуда ҳам мазали!
– Раҳмат, қорним тўқ, – жавоб берди у ғамгин хўрсиниб.
Бувим менга кўпроқ овқат етишини истаётганини билардим.
Бу учрашув орқали онамдан қочиш учун фойдаланиш хаёлимга ҳам келмаганди. Мен ҳаёт қанчалик жирканч бўлмасин, уни тинчгина шундайлигича қабул қилишга қарор қилгандим. Агар биз қаерда яшаётганимизни билса, етимхона ходими келиб мени олиб кетиши мумкинлигини тушунмасдим. Бувим ҳам ҳалигача ёрдам сўраб, бирон жойга қўнғироқ қилгани йўқ – эҳтимол, у онамдан қўрққандир.
Шунга қарамай, ўша оқшом Жижи қандай ва қаерда яшаётганимизни узоқ суриштирди. Бизнинг каламуш уяси ҳақида айтиб бера оладиган бор гапим, бу – у Брин–Мор метро бекати ёнида, кўл қирғоғидаги кинотеатрдан бир неча мавзе нарида жойлашгани эди.
Жижига бизнинг ортимиздан ҳукумат вакилларини жўнатиши учун шу гапларнинг ўзи ҳам етарли бўлган, шекилли. Бир–икки кундан сўнг эшигимизни баланд ва қаттиқ тақиллатишди. Эшигимизни биринчи марта кимдир тақиллатгани учун нима қилишни билмасдим.
– Полиция! – эшик ташқарисида йирик гавдали киши турганлигини билдириб турган овоз янгради. – Бизда қамоққа олишга ордер бор. Эшикни очинг!
Мен маст бўлиб ухлаб ётган онамни уйғотиш учун уни силкита бошладим. Ниҳоят у дивандан турди ва “Ким?” деб сўраб, эшикни очди. Полициячи унинг қўлига кишан солди. У жуссаси улкан киши эди.
Биз бу қўрқинчли бинони тарк этаётганимизда, мен ҳам ҳибсга олиндим, деб ўйладим. «Бу сафар нима қилибман? – ҳайрон бўлдим мен. – Мени қаерга олиб кетишаяпти? Балки, ҳар ҳолда етимхонага ёки Жижи бувимникигадир?»
Офицер мени қўлига олиб “маҳбуслар учун машина”нинг ичидаги ўриндиққа ўтқазганида, юрагим ағдар–тўнтар бўлиб кетди. Фургоннинг икки ёнбошида иккита ўриндиқ ўрнатилган бўлиб, эшикдаги дарчага панжара қопланганди, шундай экан, нафақат биз кўчага қарай олардик, балки бошқа машинадагилар ҳам бизни кўра олишарди. “Мен жиноятчи эмасман!” деб қичқиргим келди. Аммо бундан не фойда? Мен яна ўзимни таҳқирланган ва кучсиз ҳис қилдим.
Онам иккимизни полиция участкасига олиб келишганида, бизни турли хоналарга ажратиб юборишди. Унга нима бўлишини билмасдим, лекин мени Жижига беришади ёки етимхонага қайтаришади деган қарорга келдим. Аммо полициячи мен Ауди Хоумда тунни ўтказишимни айтди.
Луп* тумани яқинида, Чикагонинг марказида жойлашган Ауди Хоум ўзининг кейинги тақдири суд томонидан ҳал қилишини кутаётган вояга етмаганларнинг дастлабки қамоқ жойи эди. Ўзимни худди қамоқхонага тушгандек ҳис қилардим.
* Луп (ингл. loop сўзидан – халқа, доира) – Чикаго ишбилармонлар ҳудудининг номи бўлиб, бу ном ер усти метросининг халқа шахобчасидан олинган. – Тарж. изоҳи.
Мени топширишган навбатчилик пештахтасининг нариги томонида йўлакча жойлашган бўлиб, унга тўртта камеранинг эшиги чиқарди, улардан иккитасини бақираётган ва сўкинаётган ўсмирлар банд қилганди. Улар бутун дунёни ва пештахта ортидаги одамни лаънатларди, у эса худди шундай жавоб қайтарарди.
Мендаги ҳамма буюмларнинг рўйхатини тузиш унинг мажбуриятига кирарди.
– Устингда нималар бор? – тўнғиллади у.
– Пойабзал, пайпоқлар, шим, ички кийим, камар ва куртка.
Менга қараб олгач, у деди:
– Сен Чикагодасан, йигитча, ташқарида эса февраль. Нима, пўстининг йўқми?
– Пўстиним бор, – жавоб бердим мен курткамнинг четларини маҳкамроқ бирлаштириб.
– Хўш, нима бу? Пўстинми ёки куртка?
Мен билмасдим. Унинг тош қотган юзида кўмаклашиб айтиб юбориш аломатини қидириб, тополмагач, лабларим қалтираб минғилладим:
– Пўстин.
У ўрнидан кескин тураркан, менинг сўзларимни ўзининг устидан кулиш деб тушунди, шекилли, сўкиниб юборди. Қўлимдан ушлаганича у мени камералар томонга судради.
– Менга қўполлик қиладиган болакайларга нима бўлишини кўриб қўй! – деди у баланд товушда.
Мени полдан сал кўтариб, юзимни камера эшигидаги панжара қопланган дарчага яқинлаштирди ва доғ қоплаган ифлос қўл ювиш чаноғи ва ҳожатхона сифатида ишлатилган челакни кўрсатди. У ердаги бадбўй ҳид баҳорда Принстон фермаларида тараладиган гўнг сасишидан кўра ўткирроқ эди.
– Тунни шу ерда ўтказишни хоҳлайсанми? – бақирди у.
– Йўқ, жаноб!
Мени рўйхатга олиш пештахтасининг олдига қайтариб олиб бораркан, у сўради:
– Хўш, бу нима, пўстинми ёки куртка?
– Билмайман жаноб, – чийилладим мен. – Мен бор–йўғи кичкина боламан. Мен билмайман.
– Бу куртка, ғалча.
Ечинишимни буюргач, у менга қамоқхона махсус кийимига ўхшаган нимадир берди ва тунни ўтказишим лозим бўлган хонага зинадан чиқишимни буюрди.
Иккинчи қаватга кўтарилгач, мен ёпиқ эшикка дуч келдим.
Тақиллатдим. Жимлик.
Яна тақиллатдим. Жимлик.
Қандайдир болакай қулфланган эшик ортига келиб, мен билан аҳмоқона музокарага киришмагунича тақиллатавердим.
– Нима керак? – қичқирди у.
– Мен шу ерга киришим керак.
– Мен сени танимайман.
– Катталардан биров билан гаплашишим зарур.
– Нега энди?
– Эшикни оч, – талаб қилдим мен.
– Мен эшикни очмаслигим керак, – деди у ҳингиллаб кулиб, – сен билан гаплашмаслигим ҳам зарур.
– Мен кира олишим учун катталардан бирон кишини чақир, акс ҳолда, менда муаммо пайдо бўлади.
– Мени сенинг муаммоларинг қизиқтирмайди. Нега энди сенинг ташвишингни тортишим керак экан?
– Эшикни оч ёки катталардин бировини чақир! – деб туриб олдим мен қайнаб келаётган ғазабимни босишга уриниб.
– Нега сени ичкарига қўярканман?
– Чунки мен киришим керак!
– Балки сени ичкарига киритарман, – деди у, – балки киритмасман ҳам.
Таъбим хира бўлиб дастакка тармашдим, аммо эшик қимирламади. Биринчи қаватдаги золим ҳар қандай дақиқада чиқиб келиши ва унинг буйруғига қулоқ солмаганим учун мени ифлос камерага ташлашига ишончим комил эди.
Яна бир неча дақиқа мени мазах қилгач, эшикнинг нариги томонидаги болакай агар аввал мени кўрса, ичкарига киритишини айтди.
– Қулф тирқишидан қара.
Мен бўйсундим. У шунчалик эпчиллик билан тупуриб юбордики, тупуги нақ кўзимга келиб тушди.
Шу билан музокаралар тугади. Мен қичқирдим, томоғим йиртилгудек бақирдим ва эшикни муштларим билан тарақлатдим. Мени етимхонадаги ўспиринлар дўппослаган вақтдаги ғазаб ташқарига отилиб чиқди.
Ўзимни йўқотиб қўйдим. Мени масхара қилишга журъати етган ҳар қандай кишини, айниқса, кўзимга тупурган ўша ярамасни яксон қилишим мумкин эди.
Ва ниҳоят бу лаънати эшикни очган қўриқчи унга ташланишга тайёр турган тасманиялик иблисчани кўрди. У киприк қоқмай бемалол буйруқ берди:
– Ортимдан юр. Қаерда ётишингни кўрсатаман.
У мени ётоққа бошлаб келди ва маҳкам ўрнатилган саккизта каравотдан бирини кўрсатди.
– Шу ерда ётасан, – деди у. – Биламан, жаҳлинг чиқаяпти, лекин буни ҳал қилишга вақтим йўқ. Мен қаватда тартиб сақлаш ва сизлар, валакисаланглар бир–бирингни майиб қилиб қўймасликларинг учун шу ердаман. Кечки овқат ярим соатга етмай тайёр бўлади. Илтимос, то мен келиб сени олиб кетмагунимча шу ерда қол. Ўзингни босиб олишингни қатъий тавсия қиламан.
Унинг хотиржам оҳанги ўзимни қўлга олишимга ёрдам берди. Тез орада давлат ҳисобига қурилган кулранг яланғоч деворли ошхонада ўтирардим. Қўл етмас баландликка ўрнатилган телевизорга сим тўр қопланганди.
– Нега фақат қошиқлар? – деб сўрадим қамоқхона кийимидаги йигитчадан.
– Ўзингни гўллика солма, – пишқирди у. – санчқилар ва пичоқлар қурол сифатида ишлатилиши мумкин!
Ўша оқшом сал кейинроқ қўриқчи менга душга тушишимни буюрди. Йигитчалардан бири пичирлади:
– Орқангни эҳтиёт қил.
Душда шахсийликдан дарак берувчи ҳеч қандай аломат йўқ эди. Мен билан бирга яна икки ўсмир у ерга кирди. Менимча, юзимдаги ғазабни ўқиб
улар ўзини четга олди ва узоқроқда туришди.
Кимдир ташланиб қолиши ва мени уришидан хавфсираб, ҳамма ухлаб қолганига ишонч ҳосил қилмагунимча каравотда ўтирдим, кейин эса ўрнимдан турдим ва панжара ўрнатилган дераза ёнига келдим. Қўлимни кўксимда чалиштириб, кафтларимни қўлтиғим остига яширганимча, ўзимни иложи борича маҳкам қисиб, бунгача ҳам бир неча марта қилганимдек, у томондан бу томонга чайқала бошладим. Деворлар ва тиканли симлар, қуролланган қўриқчилар оша осмонга қарарканман ўзимга ўзим “нега” деган савол берардим. Нега мен бу ердаман? Нега ҳеч ким мени қутқармайди? Бу дунёда менга ўхшаганлар учун жой борми, қандай қилиб озодликка чиқсам бўлади?
«Бу қамоқхона, – ўйладим мен. – Саккиз ёшдаман ва қамоқхонадаман. Бундай жойга тушиб қоладиган нима қилибман? Мен нима қилдим?»
Катталардан кимдир бир кечагина бу ерда қолишим, кейин эса етимхонага қайтишимни айтди. Шундай бўлиб чиқишига умид қилардим. Ҳеч бўлмаганда, етимхонанинг деразалари, деворларида панжаралар, қўриқчилар ва менинг ақлдан озган онам йўқ эди.
Ўша тунда мен онам ҳақида кўп ўйладим. У одамларга жуда ёмон муносабатда бўларди ва уларнинг ҳаммасини ўзининг муаммоларида айбларди. У менинг ташвишимни тортмасди. Эртами–кечми онам мени ҳам айблай бошларди. У ҳеч бир сабабсиз ўзидан кичкиналарга тарсаки туширадиган ва ўз муаммоларини атрофдагиларга ағдарадиган етимхона безориларидан ҳеч ҳам фарқ қилмасди.
Вояга етмаганлар учун вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасида қўриқчининг ҳушёр кузатуви остида бўлганимда, бундан буён ҳеч ким ўзининг муаммосини менинг муаммомга айлантира олмаслигига қасам ичдим. Ҳаттоки онам ҳам.
Ниҳоят душманларим ухлаётганига икки марта ишонч ҳосил қилгач, жимгина тўшакка ўтдим ва мудрай кетдим.
Эртаси куни эрталаб, нонуштадан сўнг қўриқчи етимхонамдаги ижтимоий ходим мени олиб кетишга тайёр эканлигни айтди. Суд зали томон борарканман, то Жоннинг оқ кўйлаги ва қора сочини кўрмагунимча, у ерда Жонни кўришимга буткул ишонмадим. Етимхонага қайтишни уйга қайтиш билан таққослаб бўлмайди, лекин барибир, бу мен билан охирги икки ой ичида содир бўлган воқелардан кўра яхшироқ эди.
Жоннинг пайдо бўлиши мени қанчалик қувонтирмасин, у мени кўрганида янада бахтлироқ кўринарди. У ичини тўлдирган ҳисларни бошқаришга уринарди, лекин нигоҳи ва овозининг илиқлиги унинг асл туйғуларини фош қилиб турарди.
Бу ерни тарк этарканман, Нола ишонадиган Худонинг менга раҳми келармикин, деб ўйладим. Унинг Худоси Ауди Хоум ва онам хонадон деб айтган каламуш уясида мен билан нималар содир бўлганини кўрдимикан? Агар унинг Худоси ҳақиқатан ҳам раҳмли бўлса, нега менинг ҳаётим бунчалар бахтсиз?
Книга на Узбекском языке: - Брошенный ребенок (Роберт Боб Митчелл)
Аннотация к книге Брошенный ребенок. В поисках надежды и дома.
В этой автобиографической книге рассказывается удивительная история жизни мальчика, которого в возрасте трех лет мать оставила в детском приюте. Это история горьких разочарований, годами не сбывающихся надежд, отчаянной борьбы за свое человеческое достоинство и в конце концов сокрушительной победы над превратностями судьбы. Книга адресована широкому кругу читателей, но может быть особенно полезна людям, работающим с подростками и воспитанниками приютов, так как она дает надежду тем, у кого в силу горького жизненного опыта ее не осталось.
Цитата из книги Общество считает, что такие, как я, — воспитанники сиротских приютов — обречены на бессмысленное прожигание жизни, раннюю гибель или тюремное заключение. Генетическая предрасположенность толкала меня к повторению несчастной судьбы моих родителей. Я же решил изменить свое представление о том, кем я был и кем мог стать. Обратившись к Богу за надеждой, которую Он предлагает всем и каждому, независимо от национальности, языка или культуры, я узнал, что ничто из сделанного мной или другими людьми, пытавшимися оскорбить или унизить меня, ничто из моего прошлого или даже будущего, включая смерть, не может отлучить меня от любви Божьей. Эта любовь помогла мне простить моих обидчиков и освободила из плена мучительного прошлого — точно так же, как помогла обрести свободу и многим другим.