Тони Энтони – Йўлбарсни бўйсундириш
Тонининг бувиси будда монахи ва кунг-фу устаси эди. Вақтлар ўтиб Тони ҳам буддавийликнинг издоши бўлди. У шарқ яккакураши бўйича уч карра жаҳон чемпионлиги унвонини ҳимоя қилган ва 20 ёшида Англияга қайтиб бориб, ўз машқларини давом эттирди. Тони шунингдек, тансоқчи бўлишни истаган ҳарбийларга жанг санъатидан сабоқ берарди. Тез орада Тони Энтонининг ўзи юқори маош оладиган тансоқчи бўлди. У бой одамларни, тадбиркорларни, шунингдек араб давлатларидан бирининг элчисини қўриқларди. Уни ажойиб муваффақият кутаётган эди...
Бироқ, Худонинг Тонига нисбатан Ўз режалари бор эди. Тони Масиҳга имон келтириб, Унинг ҳақиқий шогирди бўлгунича ўта қийин синовлардан ўтишига тўғри келди. Тони Энтонининг тарихи – бўлган воқеадир ва у билан танишиш сизни бефарқ қолдирмайди.
1 - боб
Шейн Соузани эндиликда туққан онаси ҳам таний олмасди. Қамоқхона хизматчилари унинг дабдала қилинган танасини камера еридан том маънода қириб олишди ва ифлос замбарга ташлашди. Шейн ўларча калтакланган, бутун танаси кесилган, зўрланган ва майиб қилинган эди. Унинг танасидан қон сув мисоли оқиб, қизил бўёқ сингари бутун зах бетонни қоплади. Уни қамоқхонанинг госпиталига олиб кетишаётганда, замбардан оқаётган қон коридорнинг бошидан охиригача из қолдирди. Оёқ-қўллари занжирбанд қилинган маҳбуслар жой-жойларига тарқалишди. Биз ҳаммамиз Шри-Ланкада яшовчи ёшгина йигитни қийноқ азобига солганларининг гувоҳи бўлдик, бироқ бирор нарса дейишга ожиз эдик. Қамоқхона бошлиқлари бизни, яъни Б бўлимидаги маҳбусларни – fylakismenos (филакисменос), деб атарди. Бир маҳбуснинг камайганлиги уларни ташвишлантирмайди. Тез орада Шейн Соузанинг ўрнига яна бошқа маҳбус келади. Қамоқхона хизматчилари маҳбусларга нисбатан бундай ваҳшийларча муносабатда бўлганини ҳеч ким қораламайди, шу сабабдан ҳеч ким жазоланмайди ҳам. Адолат ғалаба қозонишига ҳеч қандай умид йўқ.
Никосияда жойлашган Марказий қамоқхонада юз берган шунга ўхшаш лавҳалар у ердагилар учун оддий ҳол бўлиб қолган. Биз, маҳбуслар орасида наркотик сотувчи ва контрабандист, гангстер, ёш болаларни зўрлаган, зўравонлик қилувчи, террорист, ўғри ва муттаҳамлар: тубанликка тушган инсон қиёфасидаги ваҳший ҳайвонлар тўдаси; хуллас, ашаддий разиллар ва бахтиқаро, омадсиз, ҳеч кимга фойда келтирмайдиган одамовилар, ҳамма-ҳаммаси шу ерга йиғилиб, Кипрнинг сассиқ қамоқхонасига ахлат сингари ташлангандик.
Қамоқхонада риоя қилиниши зарур бўлган кўплаб қонун-қоидалар мавжуд эди. Гарчанд бундай қонун-қоидалар ҳеч қаерда қайд этилмаган бўлса-да, бироқ ҳар бир маҳбус қамоқхона хизматчилари томонидан кўрсатилаётган жабр-зулмга дош бериши керак эди. Бу аччиқ ҳақиқат ва қатъий зарурат ҳисобланарди. Ниҳоятда эхтиёткор ва ҳушёр бўлиш лозим эди. Ҳамма ўзи учун ўзи жавоб берарди. Баъзида фақатгина кўнгил очиш учунгина кўплаб қон тўкиларди. Шундай бўлса-да, Шейн билан ўртамизда қандайдир алоқа, гўёки икки кишининг иттифоқи сингари боғлиқлик мавжуд эди. Ўртамиздаги алоқа фақатгина Худога аён. Менинг кўз олдимда Шейнга нисбатан етказилаётган қийноқлардан қоним қайнаб, ғазабим ортиб кетаётганлигини ҳис қилардим. Тишимни тишимга қўйиб, имкон қадар ўзимни тутиб туришга, қамоқхона хизматчиларига бўлган нафратимни яширишга уринардим.
Аль Капоне – ёки юнонларнинг айтишларига кўра “Алькапони” деб аталмиш кимса, ниҳоятда жирканч, қабиҳ ва золим одам эди. Унинг ҳақиқий фамилиясини ҳеч ким билмайди. Бу оддий жинни, руҳий хаста жиноятчи эди. Бундай руҳий хасталарни руҳий касалликлар шифохонасига юборишни суд органлари оддийгина “эсдан чиқаришарди”; шунинг учун ҳам ақлдан озган жиноятчилар муддатини бошқа ҳукм қилинганлар билан ўташарди. Улар ҳеч қандай қонун-қоидага бўйсунмасди. Ақлдан озган жиноятчиларнинг энг ашаддийси Алькапони ҳисобланарди. Кипрлик ёввойи Алькапони ҳеч ким билан дўстлашмас, ўзи билан ўзи ҳеч ким тушунмайдиган тилда сўзлашиб, ёлғиз юрарди. У одам ўлдиргани ва гуруҳ бўлиб қизнинг номусига тегишгани учун қамалганди. У ҳақиқий девона эди. Қамоқхонадаги маҳбуслар қорадори ва ширево* қабул қилиш, бир-биридан сигарет ва шоколад ўғирлаб (буларнинг иккиси ҳам асосий валюта вазифасини бажарарди), баъзида бошқача найранг ва номаъқул қилиқлар билан кун кечирса, Алькапони ўз вақтини бошқа маҳбусларни майиб қилиб, уларга жабр етказиш билан ўтказарди. У умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган бўлиб, гўёки кимларнидир буйруғига биноан иш тутар, қамоқхонадаги ҳаётимизни дўзах азобига айлантиришга интиларди.
Алькапони Шейн дўстимни қийноқ азобига солиб ўлдирган куни, мен у учун қасос олишга онт ичдим. Алькапонининг бўйи мендан ярим метрча баланд эди. Унинг мушаклари шунчалик бақувват эдики, қўлининг йўғонлиги оёғимни йўғонлигича келарди, аммо уни енгишимга ишончим комил эди. Уни қуролсиз ўлдиришимни яхши тушунаман, аммо бундан олдин дўстим Шейннинг тўкилган ҳар бир томчи қони учун Алькапонини тавбасига таянтираман.
Сўнгги кунларда қамоқхонада ниҳоятда аянчли, чидаб бўлмас муҳит ҳукм сурарди. Нимадир юз бериши керак эди. Мен Алькапонидан ўч олишимни ҳамма биларди. Эндиликда мени ҳеч нарса тўхтата олмасди. Мен вақти-соати келишини кутардим. Орадан икки ҳафта ўтди. Ҳар куни бу жинни қотилдан қандай ўч олишим мумкинлигини, тавбасига таянтиришни пухта ўйлаб борардим. Унинг осонгина ўлиб кетишига асло йўл қўймайман. Алькапони шафқат сўраб оёқларим тагида ўрмалашини хоҳлардим. Уни камситиб, тавба-тазарру қилгандан кейингина уни жаҳаннамга жўнатишни режалаштириб қўйдим. Мен дунё миқёсидаги кун-фу устаси эдим ва уни бир зумда парча-парча қилиб ташлаш бемалол қўлимдан келади. Менга бунинг ҳеч қандай қийин жойи йўқ эди, қуролсиз уни бемалол енгишим мумкин. Ўша вақтда барча маҳбуслар сингари мен ҳам ўзим билан лезвие олиб юрардим. Биз бундай лезвиеларни безарар бритвалардан тайёрлаб, тилимизнинг тагида ёки топиш қийин бўлган жойларга беркитардик. Бироқ бундай ҳолат, билишимча, қамоқхонадагиларни асло ташвишлантирмасди. Кимлардир лезвияларни ишга солиб роҳатланса, бошқалар ўзларини ҳеч нима кўрмагандай тутарди. Бир маҳбус иккинчисини бўғизлагани билан уларнинг иши йўқ эди. Қолаверса, бундан кимга қандай наф?
“Gammodi bastardos!” Бирдан кимсасиз қоронғу коридор узра Алькапонинг хириллаган овози эшитилди, у мени бор кучи билан деворга ёпиштириб қўйди. Кутилмаган ҳамладан жоҳлим чиқиб кетди ва томирларимга адреналин қуйилиб, қоним қайнай бошлади. Мана, ниҳоят бу газанда билан олишадиган вақт етиб келди!
Бу разил бурнини юзимга тираб, гумбаздай бўлиб, мени тагига босиб олганда, ундан келаётган сассиқ ҳиддан менинг кўнглим айниб кетди. Бритвадан ясалган лезвия бўйнимга тиралди – энди бу тентак ҳар дақиқада йўғон қон томиримни кесиб юбориши мумкин эди. Бўш қолган чап қўлим билан шу заҳотиёқ Алькапонининг юзини сиқдим, икки бармоғимни унинг кўзига тўғирилаб, уларни ўйиб олишга тайёр эдим. Биз ёқалашиб кетдик, мен ҳар бир ҳаракатимни назорат қилиб турардим, чунки қотилнинг лезвияси ҳар дақиқада бўйнимни тилиб ўтиши мумкин эди. Бироқ энди менга барибир. Тўғри, мен ўлишим мумкин, аммо аввал у жон таслим қилиши керак.
Мен Алькапонининг қони тўкилишини истардим. Унинг кўзларини ўйиб, қулоқларини тишлашга мен тайёр эдим. Менинг қоним қайнаб турарди, бироқ тўсатдан ўзгача нарсани ҳис қилдим. Маълум сониялар ичида юрагимда қандайдир кураш бораётганини сездим. Алькапонига бунинг ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Бу жанг менинг қалбимда юз берарди. Гўёки тамомила бошқа оламга тушиб қолгандай эдим, қон-қонимга сингиб кетган душманлик ҳисси қаергадир ғойиб бўлгандай эди. Мен бир зумда ўч олмоқчи бўлган қотилдан бошқа одамга айлангандай бўлдим. Алькапонинг қулоғини тишлашга интилганимда, бирдан хаёлимга бугун эрталаб ўқиган мисраларим ёдимга тушди. Бир одамни ноҳақ айблаб, зиндонга ташлашган экан. Ноҳақ айбланган одамнинг дўсти уни ҳимоя қилиш мақсадида, айбловчи қулининг қулоғини чопиб ташлабди. Алькапонинг қулоғи менинг тишларимдан беш сантиметр узоқда эди.
“Қани, Тони, бўлақол, тишла душманингнинг қулоғини. Ахир буни осонгина уддасидан чиқасан”, - деб пичирларди ичимдаги овоз.
“Йўқ, тўхта... кимки қилич кўтарса, шу қиличдан унинг ўзи ҳалок бўлиши мумкин...” Бу овоз қаердан келаяпти?
“Тони, бўл, Алькапонинг қулоқларини тишлаб ол! Нимани кутиб ўтирибсан?”
Менинг қалбимда ўч олиш ва қўрқув ҳисси курашаётган бир пайтда, Алькапони бўш қолган қўли билан чотимга зарба билан мушт туширди. У синган, қорайиб кетган тишларини кўрсатиб, тиржайди. Қўлларим эса унинг башарасини тобора қийшайтириб, дағаллашган этларини йиртиб борарди. Менга яна овоз эшитилди.
“Хўш, нимани кутиб турибсан? У сени сўйиб, кейин Шейнни таҳқирлагани сингари сени ҳам зўрлашини хоҳлайсанми?”
Бироқ мени нимадир тутиб турарди, аммо нималигини билмасдим ва тушунмасдим. Ўзим деворга ёпиштирилган бўлсам ҳам, лекин бу разил қонхўрни қаттиқ тутиб турардим, кейинги ҳаракатни амалга оширишимга нимадир ҳалақит берарди. Қалбимда икки овоз – икки ҳис-туйғу курашарди. Дақиқалар ўтиб борарди, Алькапонининг башарасидан тер сув сингари оқиб тушарди. Аммо ўшанда мен учун вақт тўхтаб қолгандай эди. Овозларнинг баҳси ҳаёт тарзимга очиқдан-очиқ қарши чиқарди, беиҳтиёр, аслида мен ким эдиму энди ким бўлганлигимга эътибор қаратишимга даъват этарди.
Овозларнинг қай бири ғолиб келишини тушунардим. Хўш, кейин–чи, кейин қандай йўл тутишим керак? Мен бу қотилга таслим бўлиш ва дўстим сингари ўлишим, ёки майиб-мажруҳ бўлишим керакми? Ёки ҳақиқатдан ҳам бу янги ҳис-туйғуга, бундай матонатли янги овозга ишонишим керакми? Беҳосдан тилимдан жуда бошқача – тинчлантирувчи ва аниқ сўзлар чиқа бошлади. Алькапони фақат юнон тилини тушунарди, аммо мен инглизча гапирардим. Сўзларни айтгач, ундан ниманидир кутгандай, Алькапони қўйиб юбордим.
Шу вақт, гўёки уни ток ургандай, Алькапони сапчиб тушди. Тердан ёпишқоқ бўлган танаси қаттиқ титраб, товуқ этига ўхшаб кетди. Қоронғуда унинг қора кўзлари қўрқувдан чақнади – мен ҳужум қилишга шайландим. Кутилмаганда Алькапони қўлларини бўшатди ва мени қўйиб юборди. Орамиз бир неча сантиметр бўлиб, бир-биримизни ёмон қараш билан таслим қилишга уринардик. Тўсатдан, Алькапони ўгирилди ва қоча бошлади. У эгилиб, қўллари билан бошини ушлаганича, жин чалгандай югуриб кетарди.
Қоронғуда Алькапонинг танасини йўқ бўлиб бораётганини кузатарканман, одамнинг қалбини ҳайратга солувчи унинг совуқ овози бетон деворларга урилиб, садо бераётгани эшитилди.
Томоғимни пайпаслаб, теримга ёпишган Алькапонининг лезвиясини олдим. Лезвиядан ҳеч қандай из қолмаган эди.