1 Қўлида тубсизлик қаърининг калити ва катта занжир билан осмондан тушаётган фариштани кўрдим.
2 Фаришта аждаҳони, яъни иблис ва шайтон деб аталган алмисоқ илонини тутиб, уни минг йил муддатга кишанлаб қўйди.
3 Минг йил тамом бўлгунга қадар яна халқларни алдамасин деб, уни тубсизлик қаърига ташлаб қамаб қўйди ва унинг устига муҳр босди. Минг йил ўтгандан кейин қисқа бир муддатга уни озод қилиш керак.
4 Мен тахтларни ва тахтда ўтирганларни кўрдим. Уларга ҳукм этиш ҳуқуқи берилган эди. Исонинг шаҳодати ва Худонинг каломи туфайли боши олинганларнинг жонини ҳам кўрдим. Булар ҳайвонга ва унинг тасвирига сажда қилмаган, пешаналари ва қўлларига унинг тамғасини қабул қилмаганлар эди. Улар тирилиб, Масиҳ билан минг йил ҳукм сурдилар.
5 Қолган ўликлар минг йил тамом бўлгунга қадар тирилмади. Бу – биринчи қиёматдир.
6 Биринчи қиёматда иштирок этадиганлар бахтиёр ва муқаддасдир. Иккинчи ўлим уларга ҳоким эмас. Улар Худонинг ва Масиҳнинг руҳонийлари бўлиб, У билан минг йил ҳукм сурадилар.
7 Минг йил тугагач, шайтон ўз зиндонидан озод этилади.
8 Ернинг тўрт бурчагидаги халқларни, Яъжуж-Маъжужни алдаб васваса қилиш ва жангга тўплаш учун зиндондан чиқади. Уларнинг сони денгиз қумидай сон-саноқсиздир.
9 Улар ер юзи текислигига чиқиб, муқаддаслар манзили ва азиз шаҳарни қуршаб олдилар. Шу пайт Худо осмондан ўт ёғдириб, уларни қириб ташлади.
10 Уларни алдаган иблис эса ҳайвон ва сохта пайғамбар бўлган оловли ва олтингугуртли кўлга ташланди. У ерда улар кечаю кундуз, илалабад азоб чекадилар.
11 Кейин буюк бир оқ тахт ва тахтда ўтирган Сиймони кўрдим. Унинг ҳузуридан еру осмон қочар эди, лекин уларга жой топилмади.
12 Мен Худо тахти олдида турган катта-кичик ўликларни кўрдим. Китоблар очилди. Ҳаёт китоби деган бошқа бир китоб ҳам очилди. Ўликларнинг ҳар бири, китобларда ёзилгани бўйича, қилмишларига яраша ҳукм этилди.
13 Денгиз ўзидаги ўликларни берди, ўлим ҳам, тамуғ ҳам ўзларидаги ўликларни берди, ҳар бир киши қилмишларига яраша ҳукм этилди.
14 Ўлим ва тамуғ олов кўлига ташланди. Мана бу олов кўли – иккинчи ўлимдир.
15 Исмлари ҳаёт китобида ёзилмаганларнинг ҳаммаси олов кўлига ташланди.