1 Худо қадимда бир неча марта ва турли тарзда пайғамбарлар орқали ота-боболаримизга гапирган эди.
2 Охирги кунларда эса У бизга Ўз Ўғли орқали гапирди. Худо коинотни Ўғли орқали яратган ва Уни борлиқнинг вориси қилиб тайин этган.
3 Ўғил – Худо улуғворлигининг инъикоси, Худо борлиғининг аниқ суратидир. У Ўзининг қудратли каломи билан коинотни асрайди. Гуноҳларимиз ювилиши учун имкон яратгандан сўнг, У самода Ҳазрати Олийнинг ўнг томонида ўтирди.
4 Исо фаришталардан ғоят олий мартабага юксалгани учун, улардан жуда улуғроқ бир номга ҳам эга бўлди.
5 Фаришталарнинг қай бирига қачон Худо: «Сен Менинг Ўғлимсан, Сени бугун таваллуд эттирдим», ёхуд: «Мен Унга Ота бўламан Ва У Менга Ўғил бўлади», – деган эди?
6 Худо Тўнғичимни ер юзига юборай, деб яна шундай деган: «Худонинг бутун фаришталари Унга сажда қилсинлар».
7 Фаришталар ҳақида: «У Ўз малакларини шамолларга айлантириб, Хизматкорларини ўт алангаси қилади», – дейилган бўлса,
8 Ўғилга эса бундай дейилган: «Эй Худо, Сенинг тахтинг доимий ва абадийдир, Подшолигинг ҳассаси – ҳаққоният ҳассаси.
9 Сен адолатни севиб, Қонунсизликдан нафратланасан. Шунинг учун Худо, Сенинг Худойинг, Тенгдошларингдан кўра кўпроқ Сенинг бошингга хуррамлик мойи суртди».
10 Яна шундай дейилган: «Ё Раббий, Сен ерни азалдан бунёд этгансан, Осмон эса Сенинг қўлларинг ижоди.
11 Улар йўқ бўлиб кетар, Бироқ Сен тураверасан. Ҳаммаси кийимдек нураб кетар,
12 Бамисли либосдай ўраб қўясан уларни, Жома сингари алмаштирилади. Аммо Сен айни Ўшанинг Ўзисан, Сенинг йилларинг тамом бўлмас».
13 Наҳотки Худо қачондир бирон фариштага: «Ёвларингни оёқларинг остига йиқитмагунимча, Сен Менинг ўнг томонимда ўтириб тур!» – деган бўлса?!
14 Ахир, фаришталарнинг ҳаммаси ҳам нажот ворисларига хизмат қилиш учун юборилган хизматчи руҳлардир.