1 Отамиз Худо ва Раббимиз Исо Масиҳнинг уммати бўлган Салоника шаҳридаги имонлилар жамоатига Павлус, Силван ва Тимўтийдан салом!
2 Отамиз Худодан ва Раббимиз Исо Масиҳдан сизларга иноят ва тинчлик бўлсин.
3 Эй биродарлар, биз сизлар учун ҳамиша Худога шукр қилишни бурчимиз деб биламиз. Сизлар бунга муносибсиз, чунки имонингиз кун сайин мукаммаллашиб, ўзаро биродарлик муҳаббатингиз кўпайиб бормоқда.
4 Сизлар бошдан кечираётган бутун таъқибу қайғуларга сабр-қаноат ва эътиқод билан чидаб турибсиз. Ана шу сабабдан биз Худонинг жамоатлари олдида сизлар билан фахрланамиз.
5 Сизлар Худонинг Шоҳлигига лойиқ топилишингиз учун, бу азобларни чекмоқдасизлар. Булар Худонинг адолатли ҳукмидан далолат бермоқда.
6 Худонинг адолати яна шундан ҳам иборатки, сизларга азоб бераётганларга У ўзига яраша жазосини беради,
7 сиз, азоб чекаётганларни эса биз билан бирга роҳат-фароғатга эриштиради. Раббимиз Исо Ўзининг қудратли фаришталари билан бирга олов алангасида осмондан тушиб зоҳир бўлган вақтда, бу воқеа содир бўлади.
8 Ўшанда Раббимиз Исо Худони танимаган ва Ўзининг Хушхабарига итоат этмаган шаккоклардан ўч олади.
9 Улар Раббимизнинг ҳузури ва ҳашаматли қудратидан олис, абадий ҳалокат жазосига маҳкум бўладилар.
10 Раббимиз Исо келган куни барча имонлиларни ҳайратда қолдиради ва Ўз азизлари орасида улуғланади. Ана, сизлар ҳам ўша имонлилар қаторида турасиз, чунки бизнинг гувоҳлигимизга ишонгансизлар.
11 Шу сабабдан биз тинмай сизлар учун ибодат қиламиз: Худойимиз сизларни Ўз даъватига лойиқ кўрсин, Ўзига хос куч-қудрат билан бутун яхши мурод-мақсадингизни рўёбга чиқарсин, ҳар бир имонли ишингизга омад берсин,
12 шу йўсин Раббимиз Исонинг исми сизларда улуғлансин ва У сизларни ҳам улуғласин. Худойимиз ва Раббимиз Исо Масиҳнинг иноятли иродаси ана шу.