1 Шунинг учун билки, эй ҳукм қилувчи киши, сен ким бўлишингдан қатъи назар, узринг қабул қилинмайди. Сен бошқа одамни ҳукм этиш баробарида ўзингни ҳам маҳкум этасан. Чунки, эй ҳукмловчи, ўзинг ҳам шу ишларни қиляпсан-ку!
2 Бундай ишлар қилиб юрганларни Худо маҳкум қилишда ҳақли эканини биламиз.
3 Айни ишларни ўзинг қила туриб, шундай ишларни қилувчиларни ҳукм этсанг, Худонинг ҳукмидан қочиб қутуламан, деб ўйлайсанми, эй одам?
4 Ёки Худонинг муруввати сени тавбага келтиришини билмай, Унинг илтифоти, мулойимлиги ва сабрининг чексизлигига бепарво қарайсанми?
5 Мана, сен саркаш ва тавба қилмовчи қалбинг туфайли Худонинг одил ҳукми амалга ошажак қаҳр-ғазаб кунигача ўзингга-ўзинг ғазаб тўплаб юрибсан-ку.
6 Худо ҳар кимни қилмишига яраша тақдирлайди.
7 Яхши ишда қунт қилиб, улуғ қадриятни ва мангуликни излаганларга У абадий ҳаёт ато этади.
8 Аммо худбинлик қилиб, ҳақиқатга бўйсунмай, ҳақсизлик пайидан бўлганларга қаҳру ғазабини сочади.
9 Аввало яҳудий, сўнг ўзга халқ кишиси бўлиб ёмонлик қилувчи ҳар бир банданинг жонини У қийноқ ва қайғуга солади.
10 Аввало яҳудий, сўнг ўзга халқ кишиси бўлиб яхшилик қилувчи ҳар бир бандага эса иззат, ҳурмат ва эсонлик насиб этади.
11 Зероки, Худо юз-хотир қилиб ўтирмайди.
12 Илоҳий Қонунни билмай туриб гуноҳ қилганлар Қонундан ташқари ҳалок бўладилар. Илоҳий Қонунни била туриб гуноҳ қилганлар эса қонуний равишда жазоланадилар.
13 Чунки Худо Қонунни эшитганларни эмас, балки бажо келтирганларни оқлайди.
14 Илоҳий Қонуни йўқ халқлар ўз-ўзларидан бу Қонунда буюрилгандек қилганларида, улар Илоҳий Қонунга эга бўлмай туриб, ўзлари учун ўзлари қонундирлар.
15 Бу билан улар Илоҳий Қонуннинг талаблари ўз юракларида ёзилганини кўрсатадилар. Уларнинг виждони ҳамда бири иккинчисини гоҳ қоралаб, гоҳ оқловчи фикрлари бунга гувоҳдир.
16 Мен тарғиб этаётган Инжил Хушхабарига кўра, Худо Исо Масиҳ орқали инсонларнинг сирли ишларини муҳокама этадиган кунда ана шундай бўлади.
17 Мана, сен ўзингни яҳудий деб, Илоҳий Қонунга суяниб, Худо билан мақтаниб юрибсан.
18 Сен Худонинг хоҳиш-иродасини билиш ва яхшини ёмондан фарқ қилишни Илоҳий Қонундан ўрганиб олибсан.
19 Сен Илоҳий Қонундаги илму маърифат ҳамда ҳақиқатнинг моҳиятига англаб етибсан-у, кўрларга йўл кўрсатувчи, зулматда қолганларга нур,
20 ғофилларга мураббий, ғўр болаларга эса муаллим бўлганингга ишонч ҳосил қилибсан.
21 Шундай экан, сен қандай қилиб бошқаларга таълим бера туриб, ўзингга таълим бермайсан?
22 «Ўғрилик қилма», деб насиҳат қилиб, ўзинг ўғрилик қиласанми? «Зино қилма», деб туриб, ўзинг зино қиласанми? «Бутлардан жирканаман», деб, бутхоналарни талайсанми?
23 Илоҳий Қонунни мақтайсан-у, унга амал қилмай Худони таҳқирлайсанми?
24 Худди Тавротда ёзилгани каби: «Сизлар боис мажусийлар орасида Худо исми мудом куфр қилинадир».
25 Суннат масаласига келайлик. Агар сен Илоҳий Қонунга риоя қилсанг, суннатнинг фойдаси бор. Лекин Қонунни бузсанг, сенинг суннатинг суннатсизлик кабидир.
26 Шунингдек, агар суннат қилинмаганлар Илоҳий Қонунга амал қилсалар, уларнинг суннатсизлиги суннат бўлган каби қабулга ўтмайдими?
27 Одатан суннат бўлмаган ҳолда Илоҳий Қонунга амал қилган кимдир суннат ҳамда Қонун эгаси бўлган сен, қонунбузарни айбламайдими?
28 Зотан, зоҳиран яҳудий асл яҳудий эмас ва зоҳиран, жисмангина қилинган суннат асл суннат эмас.
29 Фақат ботинан яҳудий асл яҳудийдир. Шунингдек, асл суннат – дил суннатидир. Бу эса Қонун битигидан қатъи назар, Худо Руҳи таъсирида содир бўладиган суннатдир. Бундай суннатни қабул қилган киши одамларнинг эмас, Худонинг мақтовига сазовор бўлади.