1 Шундай қилиб, эй биродарларим, Худонинг марҳамати ҳақи сизларга ёлвораман: Худога оқилона хизмат қила олишингиз учун вужудингизни тирик, муқаддас, Худога манзур бўладиган қурбон қилиб бағишланглар.
2 Бу дунёга уйғунлашманглар. Худонинг яхши, манзур, комил иродасининг нима эканини фаҳмламоқ учун фикрингизни янгилаш орқали тубдан ўзгаринглар.
3 Менга берилган иноятдан фойдаланиб, сизларнинг ҳар бирингизга шуни айтяпман: ҳаддингиздан ошиб, ўзингизга бино қўйманглар. Лекин Худо ҳар бир кишига қанча имон берган бўлса, шунга кўра фикр қилиб, ақли расо одамлар бўлинглар.
4 Баданимиз бир бўлса-да, узвлар кўп, узвларнинг вазифаси эса бир хил эмас.
5 Шунга ўхшаб, биз кўп киши бўлсак ҳам, Масиҳ вужудида бирлашганмиз ва бир баданни ташкил этамиз, ҳар биримиз алоҳида-алоҳида бўлиб, бир-биримиз учун узвдирмиз.
6 Худонинг иноят қилгани бўйича, биз Ундан ҳар хил инъомлар олганмиз. Бировнинг инъоми башоратгўйлик бўлса, ўз ишонч-эътиқодига мувофиқ башорат қилсин.
7 Агар хизмат инъоми бўлса, хизмат қилсин; агар муаллимлик инъоми бўлса, таълим берсин.
8 Ким насиҳатгўй бўлса, панд-насиҳат берсин. Ким эҳсон берувчи бўлса, чин кўнгилдан берсин. Ким бошлиқ бўлса, ғайрат билан бошчилик қилсин. Ким меҳрибончилик қилса, хурсандлик билан қилсин.
9 Севгингиз риёсиз бўлсин. Ёмонликдан нафрат қилиб, яхшиликка чирмашиб олинглар.
10 Бир-бирингизни биродарларча, самимий муҳаббат билан севинглар. Бир-бирингизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилинглар.
11 Ғайратингизни сусайтирманглар. Оташин руҳ билан Раббингизга хизмат қилинглар.
12 Умидворлик ила хурсанд бўлиб юринглар. Қайғуда сабрли, тоат-ибодатда саботли бўлинглар.
13 Имонлиларнинг эҳтиёжларини таъминлашда иштирок этинглар. Меҳмондўст бўлишга жон куйдиринглар.
14 Сизларни қувғин қилаётганларни дуо қилинглар, ҳа, дуо қилинглар, қарғаманглар.
15 Севинаётганлар билан бирга севининглар, йиғлаётганлар билан бирга йиғланглар.
16 Ўзаро ҳамфикр бўлинглар. Такаббурлик қилмай, мулойим одамлар билан дўст бўлинглар. Ўзбилармонлик қилманглар.
17 Ҳеч кимга ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарманглар. Барча одамларнинг кўзи олдида яхшилик қилишга интилинглар.
18 Агар иложи бўлса, қўлингиздан келганича, барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар.
19 Эй севиклиларим, ўзингиз учун қасос олманглар, балки Худонинг ғазабига йўл қўйинглар. Зеро Тавротда шундай ёзилган: «Қасос Менинг қўлимда, Сазосини Мен бераман, – дейди Худованд».
20 Аксинча: «Агар душманинг оч қолган бўлса, уни тўйғизгил, Агар чанқаган бўлса, унга сув ичиргил. Мана шунда унинг бошига ёнаётган чўғлар йиққандай бўлурсан».
21 Ёмонликка мағлуб бўлма, ёмонликни яхшилик билан мағлуб қилгин.