1 Мен, Исо Масиҳнинг қули ва Ёқубнинг укаси Яҳудо, Отамиз Худо чорлаган ва Исо Масиҳ сақлаётган Худо азизларига салом айтаман.
2 Сизларга марҳамат, тинчлик ва муҳаббат кўпайсин.
3 Эй севганларим, муштарак нажотимиз ҳақида ёзишга ғайратим кўп бўлган. Худо бу имонни ўз азизларига умрбод омонатга топширган, мен эса сизни шу йўлда яна жонкуярлик билан курашишга ундамоқни лозим кўрдим.
4 Чунки баъзи бетавфиқ одамлар сизнинг орангизга ўғринча кириб олганлар. Булар Худонинг иноятидан бузуқлик қилишда фойдаланади, ягона Эга Худони ва Раббимиз Исо Масиҳни эса рад қиладилар. Уларнинг жазоси азалданоқ ёзилган.
5 Сиз ҳамма нарсани билсангиз ҳам, эсингизга туширмоқчиман: Худованд Исроил халқини Миср еридан, асирликдан қутқариб, кейин имонсизларни ҳалок қилган эди.
6 Шунингдек, қадр-қимматини сақламай, ўз маконини ташлаб кетган фаришталарни Худованд буюк қиёмат кунигача занжирбанд қилиб, абадий қоронғи-зимистонга қамаб қўйган.
7 Уларга ўхшаб, фаҳшбозликка ва нотабиий шаҳвоний ҳирсга берилган Садўм ва Ғамўра шаҳарлари, шунингдек, атрофдаги барча шаҳарлар ҳам абадий ўт билан куйдирилиб, бошқаларга ўрнак бўлди.
8 Энди шу тариқа ўз баданларини ҳаром қилувчи, илоҳий ҳокимиятни рад қилувчи, самовий мавжудотларни ҳақорат қилувчи хаёлпарастлар пайдо бўлди.
9 Ҳатто бош фаришта Микоил Мусо пайғамбарнинг жасади ҳақида иблис билан баҳслашганда, иблисни қарғашга журъат этолмай, фақат: «Раббим сенинг адабингни берсин», – деган эди.
10 Аммо бу одамлар ақлига сиғдиролмаган ҳамма нарсани ёмонлайдилар. Қолаверса, улар онгсиз ҳайвонлардай табиатан нимани уқсалар, бундан ҳалокатга йўлиқадилар.
11 Уларнинг ҳолига вой! Улар Қобилнинг йўлидан бормоқдалар. Улар Балъом каби манфаатпарастлик тузоғига илинганлар. Улар Қўраҳга ўхшаб исён қилиб, ҳалокатга учрайдилар.
12 Севги кечаларингизда сизлар билан бирга уялмасдан еб-ичадиган бу одамлар қора бир доғдир. Улар фақат ўзларини семиртирадиган чўпонлар, шамолда учиб юрадиган ёмғирсиз булутлардир. Улар томири билан юлиб ташланган, мевасини тугмаган, икки марта ўлган кузги дарахтлардир.
13 Улар денгизнинг жўшқин тўлқинларидай ўзининг қабоҳатларини атрофга сачратадилар. Улар адашган юлдузлардир. То абад уларга қоп-қоронғи зулмат тайёрлаб қўйилган.
14 Одам Атонинг еттинчи авлоди бўлган Ҳанўх ҳам бу одамлар ҳақида каромат қилиб шундай деган: «Худованд сон-саноқсиз азизлари билан келиб,
15 Бутун одамзод устидан ҳукм қилгай. У фош қилгай ораларидаги барча гуноҳкорлару, Худодан қўрқмай ёмонлик қилувчи Барча бетавфиқу шаккокларни».
16 Булар – ўз тақдиридан норози нолувчилар. Улар фақат ўз нафсини ўйлаб иш қиладилар, дабдабали гаплар ва тилёғламалик билан одамларнинг кўнглини овлайдилар.
17 Эй севганларим, бошда Раббимиз Исо Масиҳнинг ҳаворийлари томонидан айтилган сўзларни эсдан чиқарманглар.
18 Улар сизларга: «Охирги замонларда ўз нафсига маҳлиё, Худодан қўрқмас масхарабозлар пайдо бўлади», – деб айтишган эди.
19 Мана булар жудолик солувчи, моддиятга қул, Муқаддас Руҳдан маҳрум одамлардир.
20 Сизлар эса, эй севганларим, азизу муқаддас имонингизни ибрат қилиб, ривож топинглар, Муқаддас Руҳ илҳоми билан ибодат қилинглар.
21 Абадий ҳаёт учун Раббимиз Исо Масиҳнинг марҳаматига кўз тутиб, ўзингизни Худонинг меҳр-муҳаббати соясида сақланглар.
22 Баъзи иккиланувчи кишиларга мулоҳаза билан шафқат қилинглар.
23 Бошқаларни эса оловдан олиб чиққандек, таваккал қилиб қутқариб қолинглар. Яна баъзиларни шафқат ва қўрқув билан фош қилиб, уларнинг танаси булғаган кийимдан ҳам ҳазар қилинглар.
24 Сизларни йиқилишдан сақлаб қолишга, Ўзининг улуғвор ҳузурида бекаму кўст ва Шод-хуррам қилиб турғизишга қодир бўлган
25 Яккаю-ягона, донишманд Нажоткоримиз Худога Исо Масиҳ орқали азалдан, ҳозир ва то абад Шон-шараф, улуғворлик, куч-қудрат ва салтанат бўлсин! Омин.