1 Исо Масиҳнинг қули ва ҳаворийси мен, Симун Бутрус, одил Худойимиз ва Халоскоримиз Исо Масиҳ соясида бизнинг қимматли имонимизга тенг бир имонга эришган барчага салом айтаман.
2 Худони ва Раббимиз Исони таниб-билганингиз сайин, сизларга Худо инояти ошиб, хотирингиз жам бўлсин.
3 Раббимиз Исо Ўзининг улуғворлиги ва камолоти шарофати ила бизни даъват этган ва бизга Ўзини танитган. Яшаш ва Худо йўлида юришимиз учун керак бўлган ҳамма нарсани У бизга Ўзига хос илоҳий куч-қудрат билан ато этган.
4 Бу дунё ёмон эҳтирослар натижасида бузилиб бормоқда. Сизлар бундан қочиб қутулинглар, деб Худо бизга кўп улуғ ва қимматли ваъдаларни берган. Булар рўёбга чиқиб, сизлар илоҳий табиатдан баҳраманд бўласизлар.
5 Буларни назарда тутиб, имонингизни бут қилишга жон куйдиринглар. Шундай қилиб, имонингиз устига фазл-камолотга эга бўлинглар. Фазл-камолотингиз устига онг-билимга эга бўлинглар.
6 Онг-билимингиз устига нафсни тийишни ўрганинглар. Нафсни тийиш устига сабр-тоқатли бўлинглар. Сабр-тоқатингиз устига диёнатга эга бўлинглар.
7 Диёнатли бўлиш устига биродарларингизни севинглар. Биродарсеварлик устига тугал муҳаббатга эга бўлинглар.
8 Агар бу хислатлар сизда мавжуд бўлса ҳамда яна ортиб бораётган бўлса, унда сиз Раббимиз Исо Масиҳни таниб-билиш йўлида на суст, на самарасиз бўласизлар.
9 Бу хислатлардан бенасиблар эса калтабин ва кўрдир, улар аввалги гуноҳларидан тозаланганини унутганлар.
10 Шунинг учун, эй биродарлар, Худо сизларни танлаганини ва даъват этганини билиб, бунга муносиб бўлмоқ учун яна астойдил ҳаракат қилинглар. Бу йўлни тутсангиз, ҳеч вақт қоқинмайсизлар.
11 Шундай қилиб, Раббимиз ва Халоскоримиз Исо Масиҳнинг абадий Шоҳлигига кириш йўли сизларга кенг очилади.
12 Сизлар бу нарсаларни билар экансиз ва тан олган ҳақиқатда қаттиқ турар экансиз, мен ҳар доим буларни эслатиб туришни хоҳлайман.
13 Бу фоний маконимда бўлгунимча, буларни эслатиш билан сизларни уйғотиб туришни лозим кўраман.
14 Чунки бу маконимдан айрилиш вақтим яқинлашганини биламан, Раббимиз Исо Масиҳ Ўзи буни менга маълум қилган.
15 Бу дунёни тарк этганимдан кейин ҳам сизлар доимо буларни хотирлашингиз учун жон куйдирмоқдаман.
16 Биз Раббимиз Исо Масиҳнинг куч-қудрат билан келиши ҳақида сизларга маълумот берганимизда, уйдирма афсоналарни гапириб келмадик. Унинг салобатини ўз кўзимиз билан кўрганмиз.
17 Масиҳ Отаси Худодан ҳурмат ва шон-шараф қабул қилди. Улуғворлик тўкиб турадиган даргоҳи шарифдан Масиҳга бир садо келиб: «Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Ундан мамнунман», – деди.
18 Биз азиз тоғда У билан бирга бўлдик, осмондан келган бу садони ўзимиз ҳам эшитдик.
19 Шунинг учун қадимги пайғамбарларнинг сўзлари биз учун янада қатъий бўлиб қолди. Сизлар бу сўзларга риоя этиб, яхши иш қиласизлар. Тонг юлдузи чиқиб, кун ёригунгача, қоронғи жойда чироқ қандай нур сочса, пайғамбарларнинг сўзлари сизнинг юрагингизга шундай нур сочиб турсин.
20 Энг аввал шуни билингларки, пайғамбар китобларида учрайдиган башоратларнинг бирортаси ҳам бировнинг хусусий тафсирига боғлиқ эмас.
21 Ҳеч бир пайғамбар ўзининг инсоний хоҳиши билан башорат қилган эмас. Бу азиз одамлар Муқаддас Руҳ томонидан ҳаракатга келтирилиб, Худонинг сўзларини гапириб берганлар.