1 Мен, Худонинг ва Раббимиз Исо Масиҳнинг қули Ёқуб, жаҳонга тарқалиб кетган ўн икки қабилага саломатлик тилайман.
2 Эй биродарларим, турли синовларга дучор бўлганингизда, уни катта севинч билан қабул қилинглар.
3 Шуни билингларки, имонингизнинг синалишидан сабр-тоқат ҳосил бўлади.
4 Сабр-тоқат тўла самарасини кўрсатсин, токи сизлар ҳеч бир нарсадан камчиликсиз, комил ва нуқсонсиз одамлар бўлинглар.
5 Агар сизлардан бирор кишининг ҳикмати камлик қилса, ҳаммага самимият билан, таъна қилмасдан берувчи Худодан сўрасин, Худо унга беради.
6 Лекин ҳеч шубҳа қилмасдан, имон билан сўрасин. Чунки шубҳа қилувчи киши шамолда тебранган денгиз тўлқинига ўхшайди.
7 Бундай одам Раббимдан бирор нарса оламан, деб хаёл қилмасин,
8 ўзининг бутун йўлларида беқарор, иккиланувчи .
9 Ночор аҳволдаги биродар ўзининг юксалиши билан мақтансин.
10 Бой эса ўзининг пасайиши билан мақтансин. Чунки у ўтнинг гулидай сўлиб қолади.
11 Қуёш чиқиб, жазирама иссиғи билан ўтни қуритиб юборади. Ўтнинг гули тўкилади, бутун гўзаллиги йўқолади. Худди шу сингари бойнинг ҳам ҳаёт йўли хазон бўлади.
12 Синовга сабр-тоқат қилган одам бахтиёрдир. Чунки у синовдан ўтгач, Раббимизни севувчиларга насиб бўладиган ҳаёт тожига сазовор бўлади.
13 Васвасага тушганда ҳеч ким: «Худо мени синаб кўраётир», – демасин. Чунки Худо ёмонлик васвасасига тушмайди, Ўзи ҳам ҳеч кимни васвасага солмайди.
14 Лекин ҳар ким ўзининг эҳтиросига берилиб, алданиб васвасага дучор бўлади.
15 Кейин эҳтирос ҳомиладор бўлиб гуноҳни туғади, гуноҳ эса етилиб, ўлимга сабаб бўлади.
16 Эй севикли биродарларим, алданманглар!
17 Ҳар бир неъмат, ҳар бир мукаммал ҳадя юқоридан, самовий нурлар Отасидан тушади. Унда ҳеч қандай ўзгариш йўқ, ўзгарувчан кўланка ҳам йўқ.
18 Худо ҳақиқат каломи орқали бизга ҳаёт бағишлади, чунки Ўз яратганлари орасида биринчи ўринни эгаллашимизни хоҳлади.
19 Эй севикли биродарларим, шуни билингларки, ҳар бир одам эшитишда чаққон, гапиришда вазмин, ғазаб вақтида оғир бўлсин.
20 Чунки инсон ғазаби Худонинг одил ҳукмини амалга ошира олмайди.
21 Шунинг учун ҳар қандай ифлосликни, кўп бўлиб қолган ёмонликларни бир четга йиғиштириб қўйинглар, Худонинг қалбингизга экиб қўйган каломини мулойимлик билан тан олинглар. Ана бу калом жонларингизни қутқаришга қодир.
22 Ўз-ўзингизни алдаб, Худо каломининг фақат тингловчиларигина эмас, балки ижрочилари бўлинглар.
23 Агар бирор киши каломни тинглаб, ижро этмаса, у ўзининг асл юзини кўзгуда кўрган одамга ўхшаб қолади.
24 Одам ўзига қаради-ю кетди ва дарҳол қандай эканлигини унутиб юборди.
25 Лекин мукаммал Қонунга, Худонинг эрк берувчи Қонунига яқиндан қараб, унга қатъий амал қилган киши, яъни унутувчан тингловчи эмас, балки ишни бажарувчи киши ўз йўлида бахтиёр бўлади.
26 Агар орангиздаги бирор киши ўзини диндор ҳисоблаб, тилини тиймаса, у ўз виждонини алдаган бўлади ва унинг диндорлиги бефойдадир.
27 Отамиз Худога маъқул тушадиган дин-диёнат поклик ва бенуқсонликни талаб қилади, яъни етим-есирларни қайғули кунларида йўқлаб боришимиз лозим ҳамда бу дунёнинг нопокликларидан ўзимизни тоза сақлашимиз керак.