1 Эй Теофил, Исонинг бажаришга ва ўргатишга киришган ҳамма нарсаларини, чунончи Унинг дастлабки кунларидан бошлаб,
2 то Ўзининг танлаган ҳаворийларига Муқаддас Руҳ амри ила буйруқлар бериб, осмонга кўтарилган кунигача рўй берган ҳамма воқеаларни илк китобимда қаламга олдим.
3 Исо азоб чекиб ўлгандан кейин, қирқ кун мобайнида ҳаворийларига зоҳир бўлиб, Худонинг Шоҳлиги ҳақида уларга сўзлар ва кўп ишонарли исботлар билан Ўзини барҳаёт қилиб кўрсатар эди.
4 Уларни тўплаб, буюриб деди: – Қуддус шаҳридан кетиб қолманглар, балки Отамнинг берган ваъдаси амалга ошгунча у ерда кутиб туринглар. Сизлар бу ваъдани Мендан эшитгансизлар.
5 Яҳё пайғамбар одамларни сувга чўмдириб, тавба қилдирган, сизлар эса кўп ўтмай Муқаддас Руҳга чўмдириласизлар.
6 Ҳаворийлар шундай йиғилган пайтда, Исодан сўрадилар: – Ё Раббий, Сенинг Исроилда Шоҳликни тиклашинг шу вақтга тўғри келмайдими?
7 Исо уларга деди: – Отам Ўз эрки билан белгилаб қўйган вақту фурсатларни билиш сизларнинг ишингиз эмас.
8 Лекин Муқаддас Руҳ устингизга тушиб келганда, сизлар қувват оласизлар, Қуддусда, Яҳудия билан Самариянинг ҳамма жойида ва ҳатто дунёнинг энг олис ерларида ҳам Менинг шоҳидларим бўласизлар.
9 Буларни айтгач, Исо уларнинг кўз олдида осмонга кўтарилди. Уни булут қоплаб, кўздан ғойиб бўлди.
10 Исо кўтарилаётиб, ҳаворийлар осмонга тикилиб турган пайтда, оқ кийим кийган икки зот уларнинг ёнида пайдо бўлди:
11 – Эй жалилаликлар! Нега сизлар осмонга қараб турибсизлар? Сизларнинг орангиздан осмонга олинган бу Исо, кўкка кўтарилганини қандай кўрган бўлсангиз, худди шундай қайтиб келади, – дейишди.
12 Шундан сўнг ҳаворийлар Зайтун тоғидан Қуддусга қайтиб келдилар. Бу тоғ Қуддусдан бир чақиримлик йўлчалик яқиндир.
13 Улар шаҳарга кириб, қўнган хонадонларининг болохонасига чиқдилар. Бутрус, Ёқуб, Юҳанно ва Идрис, Филип ва Тўма, Бартолмей ва Матто, Алфей ўғли Ёқуб, ватанпарвар Симун ва Ёқуб ўғли Яҳудо ўша ерда эдилар.
14 Уларнинг ҳаммаси, шу жумладан, Исонинг онаси Марям, бошқа хотин-қизлар ҳамда Исонинг укалари якдиллик ва сидқидиллик билан тоат-ибодатга берилган эдилар.
15 Ўша кунларда юз йигирмага яқин имонли биродарлар йиғини олдида Бутрус оёққа турди-да, сўзга чиқиб:
16 «Эрлар, биродарлар! – деди. – Исони тутиб берганларнинг сарвари бўлмиш Яҳудо ҳақида Муқаддас Руҳнинг Довуд пайғамбарга берган ояти бажо келиши керак эди.
17 Бу киши сафимизга қўшилиб, ўша хизматидан қисматига ярашасини олган эди.
18 У ҳаром йўл билан қўлга киритган пулига бир ерни сотиб олиб, гуп этиб қулаб тушди-ю қорни ёрилди, бутун ичак-човоқлари чиқиб кетди.
19 Бу ҳодиса бутун Қуддус аҳлига маълум бўлди ва у ер маҳаллий тилда Ҳақалдама, яъни „Қон Ери“ деб аталиб қолди.
20 Забур китобида ёзилганидай: „Унинг маскани ҳувиллаб қолсин, Унда истиқомат қилувчи қолмасин“. Ва шунингдек: „Унинг ўрнини бошқаси олсин“.
21 Шундай қилиб, энди сафимизга қўшиладиган киши, худди бизларга ўхшаб Раббимиз Исонинг тирилганига шоҳид бўлган биров бўлмоғи керак.
22 Раббимиз Исо орамизда яшаган бутун замонда, яъни Яҳё пайғамбарнинг одамларни дарёда тавба қилдириш давридан бошлаб, то Исо орамиздан юксакликка олинган кунга қадар бизлар билан бирга юрган одамлардан бири бўлиши лозим», – деди.
23 Шунга кўра икки кишини: Юстус лақабли ва Барсабо деб ҳам аталувчи Юсуф ҳамда Маттияни олға чиқаздилар.
24 Кейин ибодат қилиб дедилар: «Эй бутун инсонларнинг қалбини биладиган Раббимиз!
25 Яҳудонинг ўз жойига бориб, тарк этган ҳаворийлик хизматини бўйнига олиши учун бу икки кишидан қай бирини танладинг, уни кўрсатгин!»
26 Шундан сўнг улар учун қуръа ташладилар. Қуръа Маттиянинг чекига тушди ва у ўн бир ҳаворийга қўшилди.