17 Ўттизта доно насиҳат.
Сулаймоннинг ҳикматлари 22 bob
1 Яхши ном — энг катта бойликдан ортиқ, марҳаматга сазовор бўлиш эса кумушу олтиндан ҳам яхши.
2 Бой билан камбағалнинг бир ўхшашлиги бор, икковини ҳам Эгамиз яратган.
3 Эс–ҳушли хавф–хатарни кўриб яширинади, содда эса тўхтамасдан бораверади, шунинг учун қийналади.
4 Камтарлик ва Эгамиздан қўрқиш бойлик, ҳурмат ва ҳаёт келтиради.
5 Эгрининг йўлида тиканзор ва тузоқлар бор, ўз жонини асраган ундан узоқлашади.
6 Болани тўғри йўлга солиб тарбияла, шунда қариганда ҳам йўлидан адашмайди.
7 Бойлар камбағаллар устидан ҳукмронлик қилади, қарздор эса қарз берганнинг қулидир.
8 Фосиқликни эккан ташвиш йиғади, жаҳл қамчиси эса синади.
9 Сахий барака топади, чунки ўз нонини камбағаллар билан баҳам кўради.
10 Мазах қилувчини орадан қув! Шунда ғавғо кетади, жанжалу ҳақорат ҳам барҳам топади.
11 Покдилликни севиб, хушмуомала бўлганга шоҳ дўст бўлади.
12 Эгамиз илм–маърифатли инсонни асрайди, У хоиннинг сўзларини пучга чиқаради.
13 Дангаса: “Ташқарида шер бор, кўчада мени ўлдиради”, — дейди.
14 Бузуқ аёлнинг оғзи тубсиз чоҳдир, Эгамизнинг ғазабига учраганлар унга тушади.
15 Ақлсизлик боланинг дилига ўрнашган, танбеҳ қамчиси уни ажратиб юборади.
16 Бой бўламан деб қашшоқни эзган ҳам, бойга совға қилган ҳам камбағаллашади.
17 Доноларнинг сўзларига қулоқ тут, қалбингни билимимга оч.
18 Чунки бу сўзларни қалбингда сақласанг, дилинг яшнайди, улар доим тилингда тайёр бўлсин.
19 Эгамизга умид боғлагин деб бугун шуларни ўргатяпман.
20 Сенга билим ва маслаҳат билан ўттизта насиҳат ёзиб бермаганмидим?!
21 Бу ҳақиқат сўзларини ўрганиб, сени юборганларга айтиб беришинг учун эди.
22 Камбағалдан камбағаллиги учун ўғирлама, бахтсизни дарвоза олдида ҳукм қилганда қийнама.
23 Чунки Эгамиз ҳимоя қилиб, улардан олганнинг жонини олади.
24 Уришқоқ билан дўстлашма, баджаҳл билан юрма.
25 Бўлмаса сен ҳам уларнинг йўлига тушиб қоласан, жонингни тузоққа илинтирасан.
26 Бегона билан қўл ташлашма, ўзганинг қарзига кафиллик берадиганларнинг бириси бўлма.
27 Тўлаш учун ҳеч нарсанг бўлмаса, нега тагингдаги тўшагингни олиб кетиши керак?!
28 Ота–боболаринг қўйган қадимий чегараларни бузма.
29 Ўз ишига моҳир устани кўрганмисан? У оддий одамларга эмас, шоҳга хизмат қилади.