Джош Макдауелл. Саботли инсон - (8-боб) Китоб Ўзбек тилида
Sabotli inson (Djosh Makdauell) O‘zbek tilida Audiokitob
Оғир хотиралардан ақл бовар қилмас марҳаматгача бўлган йўлни босиб ўтган инсоннинг ҳақиқий тарихи
МУНДАРИЖА
Муаллифдан
Биринчи боб - Ер юзидаги ҳамма нарса ажойиб
Иккинчи боб - Азалда
Учинчи боб - Уэйн
Тўртинчи боб - Меньшойнинг хиёнати
Бешинчи боб - Мактаб
Олтинчи боб - Ҳарбий ҳаво кучлари
Еттинчи боб - Янги уфқлар
Саккизинчи боб - Буюк Британия
Тўққизинчи боб - Саёҳат давом этади
Ўнинчи боб - Ҳаммаси бошқатдан
Ўн биринчи боб - Уитон ва келажак
Ўн иккинчи боб - Уйга қайтиш
Ўн учинчи боб - 1961 йилнинг ёзи
Ўн тўртинчи боб - Битирув курси
Ўн бешинчи боб - Унаштириш ва ўқишнинг тугаши
Ўн олтинчи боб - Сўнгги ёз
Ўн еттинчи боб - Ғарбга
Ўн саккизинчи боб - Даъват
Ўн тўққизинчи боб - Зангори океан
Хотима
Саккизинчи боб. Буюк Британия
Мен самолётда Детройтдан Нью-Йорккача учиб бордим, у ерда эса «Пан Американ» авиакомпаниясининг реактив авиалайнерига ўтирдим ва Шотландиянинг Глазго шаҳрига йўл олдим. «Ҳа, Бэттл-Крикдан йўл яқин эмас экан», — деб ўйладим ичимда мен буюртма берган тушликни қабул қилаётган хушбичим стюардессага табассум қиларканман. Атрофга аланглаб, йўловчиларга хизмат қилаётган олтита стюардессани санадим, йўловчилар эса бор-йўғи ўндан ортиқ эди, холос. Ҳамма йўловчилар бирдай чиройли костюмларда, галстуклар тақиб олишган, ҳатто бир йигит трубка ҳам чекаркан! Мен ўриндиққа ўрнашиб ўтириб олиб, Боинг -707 иллюминаторидан ёнгинамдан сузиб ўтаётган оппоқ момиқ булутларни томоша қила бошладим. Ҳаммаси менга, олдинда ҳаётингда сени саргузаштлар кутяпти, деяётгандай бўларди.
Самолёт Глазгога қўнгандан кейин, мен шаҳарнинг қоқ марказидан талабалар меҳмонхонасига жойлашдим. Йўлда овқатланиб ва бир оз мизғиб олганим учун Глазго университетининг кутубхонасига йўл олдим. Бир неча сўровномалар бергандим, мени алоҳида коллекциялар бўлимига олиб ўтдилар. Бу ерда ойнадан ясалган витриналарга милодий биринчи-учинчи асрга оид ноёб пипирус парчалари қўйилган эди. Бу коллекциялар «кимдир учун кераксиз ахлат, кимдир учун бутун бошли хазина» деган маталнинг том маънодаги тасдиғи бўлиб чиқди. Мисрнинг қуп-қуруқ қумлари йигирма учта қўлёзма парчаларини сақлаганди. Бу қўлёзма парчалари шахсий ёзишмалар, маъмурий ҳужжатлар, най учун қўшиқлар мажмуи, шунингдек, Юҳанно баён этган Муқаддас Хушхабарнинг бир қисми бўлиб, қадимги Миср шаҳри Оксиринхни қазиш пайтида топилган экан.
Мен Глазгода икки кунни ўтказдим. Сўнгра Лондонга йўл олдим. У ерда ҳам талабалар меҳмонхонасида тўхтадим. Эртаси куни эрталаб Британия кутубхонасининг энг ҳашаматли биносига кирдим. Бу кутубхона дунёдаги энг катта кутубхона эди. Мен бу кутубхонада «Codex Sinaiticus» ёки «Синай Кодекси» сақланаётганини ўқиб қолдим. Бу — Эски Аҳднинг илк тўлиқ қўлёзмаси бўлиб, ўн тўққизинчи асрда Синай ярим оролидаги бир монастирдан топилган, дастлаб русларнинг қўлига тушиб қолган ва Совет Иттифоқидан Британия кутубхонаси сотиб олган экан.
Мана, энди бу қимматбаҳо қўлёзмага қараш менга насиб қилиб турибди. Қўлёзма ўқ тешиб ўтолмайдиган витринага очиб қўйилган, аниқроғи, грек тилида ёзилган 347 саҳифадан фақат икки саҳифаси қўйилган эди. Витрина ёнига осиб қўйилган кўрсаткичдан маълум бўлишича, антик даврдан бутун етиб келган бу форматдаги китобларнинг энг қадимийси экан. «Майли, шундай бўлсин, — деб ўйладим мен, — аммо барибир буларнинг ҳаммаси нусхадан нусха кўчириш, ўша нусхадан яна нусха кўчиришдир. Ўша маталда айтилганидай, оғзингга олиб бораётганингда, луқма тушиб кетиши мумкин. Ҳатто бу асл нусха бор эди, ҳам дейлик. Ким билади: асл нусхага нисбатан бу йиллар давомида қанчалар ўгартишлар киритилди экан?»
Пергамент саҳифаларидаги грекча ёзувга яхшироқ қараш учун, ойнага жуда яқин келдим. Шу лаҳзада баданимдан муздай бир нарса юргандай бўлди. Ҳа, бу сатрларни инсон қўли яратган эди. Эҳтимол, матн устида бир неча одам биргаликда ишлагандир. Иш шошилмасдан амалга оширилгани ажойиб эди. Ёзма ҳарфлар ниҳоятда маҳорат билан ясалгани кўриниб турарди, ҳаммаси — бутун Янги Аҳд матни аниқ ва малака билан баён қилингани кўриниб турарди. Агарда матннинг, ҳеч бўлмаганда, бирон қисми уйдирма бўлганда эди, бундай ҳолатда котиб (ёки котиблар) уйдирма воқеаларнинг тафсилотини пергаментга ишониб киритиб, машаққатли иш устида бош кўтармай ишлашга мажбур бўлардиларми? Қандай мақсад билан буни қилган бўлардилар?
Кейинги икки кунни музейнинг антик давр бўлими залларида ва коридорда юриб ўтказдим. Менга буларнинг охири йўқдай туюлди. «Розетта тоши»ни ҳам кўрдим, бу тош милоддан олдинги иккинчи асрга мансуб бўлиб, 1799 йили Наполеон армияси Мисрга юриш қилганда топилган эди. Маълум бўлишича, бу тош Миср иероглифларини ўқишга калит бўлган экан. Мен минглаб йиллар илгари дафн қилинган фиръавнларнинг салобатли гранит ҳайкаллари, қадимги Миср мўмиёларининг узун силсиласи ёнидан ўтдим. Ҳайкаллар, девор суратлари, тангалар, қуроллар, сопол идишлар ва кўплаб бошқа ашёлар хаёлларимни антик Греция ва Рим, Месопотамия ва Форс, Ўрта Осиё ва Фаластиннинг ўтмишига олиб кетди.
Музей экспонатларининг миқдори ва мазмун-моҳияти кенг қамровлилиги ва икир-чикирлари билан мени қойил қолдирди, охири муқаррар ва табиий хулосага олиб келди: тарих, дарсликдан кўра, каттароқ нарсани ўзида гавдалантиради. Жонли ҳиссиётлари бор тирик одамлар, жумладан, икки минг йил илгари ўзларини илк бор масиҳийлар деб атаган қавм ўтмишни ишғол қилганлар. Уларнинг ҳаммаси ҳам асло ақлсиз мутаассиблар ёки гўл одамлар бўлиши мумкин эмас эди. Айни пайтда улар, Исо бокира қиздан туғилган, мўъжизалар кўрсатган, ўлган ва ўликдан тирилган, деб таъкидлар эдилар! Уларни ўз эътиқодларида шунчалик маҳкам туришларига, баъзан азобли ўлим топишларига нима мажбур қилган экан? Илк воқеаларнинг гувоҳи бўлмаган бошқа одамларни масиҳийларнинг йўлларидан юришга нима ишонтирди экан? Улар ҳақиқат деб эълон қилган нарсаларни мен қандай қилиб уйдирма деб исботлай оламан? Калаванинг учини йўқотиб қўймаслигим учун мақсадимга эришишнинг энг қисқа йўлини топишим керак эди.
Мен кутубхоначиларнинг биронтаси билан гаплашиш умидида кутубхонанинг бош залига кирдим. Аммо ундан эшитган биринчи гапим «илтимос, секинроқ гапиринг» деган сўзлар бўлди.
— Кечирасиз, — дедим мен.
— Сизга қандай ёрдамим керак? — лабларини қисиб сўради аёл.
— Сизларда шунчалик кенг жойлар эканки, худди Техасни эслатади, — дедим. Кутухоначи аёл савол аломати билан қошларини чимирди. Мен хижолат тортмай, гапимда давом этдим:
— Чамаси, ойлаб бир жойдан иккинчи жойга ўтсангиз ҳам, бирон жойда бир хил нарсани учратмайсиз.
— Сўрасам бўладими: сиз нимани қидиряпсиз?
Мен илтимосимни қандай ифодаласам экан, деб ўйланиб қолдим:
— Исо яшаган даврларда нима воқеалар юз берганига оид асл далилларни тиклашга ҳаракат қиляпман.
— Э шунақами?
— Ҳа, шундай. Далилларни уйдирмадан қандай фарқлаш керак? Менинг олдимда турган энг катта қаршилик шу. Ўша «Кодекс Синай… Синай…» Сизлар қандай номлайсизлар уни?
— «Кодекс Синаитикус».
— Ҳа, ўша. Зўр таассурот туғдирадиган китоб, таърифига сўз йўқ.
— Албатта.
— Аммо у асл нусха эмас.
— Шубҳасиз. У асл матндан кўчирилган нусха.
— Гап шу ҳақда-да! — хитоб қилдим мен ишонтириш учун бармоқларимни силкиб. — Тўртинчи аср ўрталаридан... етиб келган нусхами? Ахир, бу китобда гўё юз бергандай қилиб тасвирланган воқеалардан сўнг бу нусха кўчирилган давргача уч юз йил ўтган эди! Бу эса табиийки, саволни келтириб чиқаради.
— Қандай саволни?
— Бу нусхадаги матн асл мантдан фарқ қиладими, деган саволни–да?
— Кечирасиз, тушунмадим.
— Мен асосий матндан чекинишни назарда тутяпман… Олдиндан маълум натижага эришиш мақсадида киритилган ўзгаришлар. Нима учун мен унда ёзилганларга ишонишим керак? Китобдаги воқеалар анча йил олдин юз бергани учун, қаердан биламан улар ҳақиқатми ёки шунчаки уйдирмами?
— Кутубхонамизнинг собиқ директори айнан шу масалага бағишланган китоб ёзган. Балки, ўша китоб сиз учун қизиқарли бўлар. Китоб «Муқаддас Китобимиз ва қадимги қўлёзмалар» деб аталади.
Аёл каталог карточкаларини титкилашга киришди.
— Мен у билан гаплашиб кўрсам бўладими?
— Менимча, мумкин эмас! — кулди кутубхоначи «йўқ» дегандай бошини чайқаб. — Жаноб Кэнион бир неча йил олдин вафот этган.
Мени бир оз умидсизлик қамраб олди:
— Тўғри тушунинг, мен бир муҳим далилни исботлаш учун Мичигандан келдим. Худо оламда борми ёки йўқми — менга тушунарсиз. Бир нуқтаи назарда туриш ёки бошқасига ўтиш учун менга далиллар етишмаяпти.
— Сиз тахминларга асосланмасликка ҳаракат қиляпсиз, шундайми? — гапимни бўлди кутубхоначи.
Айнан шундай — холис бўлишни истайман! — бидирладим мен. — Аммо мени — ҳатто бурда-бурда қилиб ташласангиз ҳам — Исо Масиҳнинг илоҳийлигига ва Унинг ўликдан тирилганига ишонмайман. Менинг фикрим шуки, бундай бемаъниликни исботлашнинг ўзи ҳам, менга беҳуда бўлиб туюлади!
Мен бир оз хотиржам бўлиб, гапимни давом эттирдим:
— Содда қилиб айтганда, хоним, мен далил излаб келдим. Ҳа, масиҳийлик мифларга ва уйдирмаларга асосланганини тасдиқлайдиган далилларни излаб келдим: тирилиш — афсона, мўъжизалар — мавжуд бўлмаган нарсалар, ҳамма динлар — бичиб-тўқилган сохталикдир.
Аёлнинг кўм-кўк кўзлари ҳайратдан катта-катта бўлиб кетди:
— Бошқа ҳолатда мен шундай қилмаган бўлардим… аммо ўйлайманки, у эътироз билдирмайди, — деди аёл столидаги телефон китобчасига кўз ташлаб, бир варақ қоғозга кимнингдир исмини ва телефон рақамларини ёзди.
— Марҳамат, бу жаноб Коббининг телефон рақами. Унга телефон қилиб, Уизерспун хоним сизни тавсия қилди, деб айтасиз.
Мен қоғозчани олиб, қўлимда айлантириб кўрдим:
— Алан Кобби, — астагина ўқидим. Сўнг кутубхоначи аёлга қарадим: —Сизнингча, у менга ёрдам берадими?
— Сиз учун айнан керак бўлган одам шу эканига асло шубҳа қилмайман. Бу соҳада унинг билимлари жуда кенг.
— У олимми?
— Аслида у барристер.
— Барристер дегани ким?
— Адашмасам, сиз, америкаликлар адвокат деб айтасизлар.
Мен бошимни чайқадим: ким денг, қандай ҳукм юритишни, далилларни қандай келтиришни адвокатлар билади. Шубҳасиз, у менга ёрдам беради. Бу ишнинг атрофида айланиб юриш ўрнига, тўппа-тўғри ишнинг ўзига ўтаман-қўяман, масиҳийликни ерга абадий кўмиб ташлашга киришган эканман, бу оқимнинг «тобути»ни михлайман. Йўлимда учраган биринчи телефон-автоматдан жаноб Коббига қўнғироқ қилдим.
* * *
Мен жаноб Коббининг офисига телефон қилиб, Лондонга нима иш билан келганимни тушунтирдим.
— Келинг, тушлик пайтида учрашайлик. Сизни Грейт-Рассел кўчасидаги «Таверна-Музей» ресторанига таклиф қиламан, — деди жаноб Кобби.
Музейдан қолишмайдиган бу ресторан 1730 йили қурилиб, икки юз йиллик Англия ҳаёти ва тарихини қамраб олган ҳар хил майда-чуйда нарсалар билан безатилган эди. Мен ташқи кўринишимни жаноб Коббига тасвирлаб берган эдим. У мени дарров таниб, дераза ёнидаги столга чақирди.
Кўринишидан у эллик ёшларда, гавдаси бақувват, ёноқлари қизил, қалин қошлари бир сония ҳам бир жойда тек турмайдиганга ўхшарди. У буюртма бериб, икки дақиқани танишувга бағишлади ва тўғридан-тўғри масалага кўчди:
— Сизнинг Худога ва динга бўлган қарашларингиз билан қизиқсам, қарши эмасмисиз? Аниқроғи, уларнинг қисқача баёни билан қизиқсам бўладими?
— Албатта, — дея жавоб бердим, менинг олдимга балиқ ва қовурилган картошка қўйган официантга назар ташлар эканман. — Менинг нуқтаи назарим бўйича, жаноб, дин оламдаги мавжуд ҳамма ёмонликлар учун масъулдир. Менимча, бу ёлғон, жамики ёлғонларнинг энг ёмон кўринишидир, чунки бу ёлғон умид бахш этади.
Жаноб Кобби индамади, у жавоб ўрнига ҳайрон бўлиб қошларини чимирди.
— Худога келсак, — деб қўшимча қилдим мен, — шуни айтишим мумкин: Худо — бу тарғибот мақсадида яратилган миф.
— Илтимос, тушунтириб берсангиз, — деб сўрашда давом этди Кобб, айни пайтда жигарли пирогдан оғзига солишни ҳам унутмасдан.
— Мен буни қуйидагича тасаввур қиламан: ажойиб кунларнинг бирида — Месопотамиядами ёки Африкадами — қаерда бўлса ҳам, хуллас, онгли инсон илк пайдо бўлган ерда. Қадимги бобомиз уйқудан уйғонди, у бошини қашиб, атрофга аланглади ва бирдан, бу нарсалар қаердан пайдо бўлиб қолди, деб ўйланиб қолди. Атроф олам ҳақидаги махсус ахборотга қадимги одам эга эмас эди, шунинг учун у, буларни менга ўхшаган кимдир яратган, деган хулосага келади. Фарқ шундаки, ўша кимдир унга қараганда анча кучли ва қудратли эди. Ўша кимсани кўриб ҳам бўлмайди, пайпаслаб ҳам бўлмайди. Бизнинг бобомиз бидъатпараст бўлгани учун, шундай хулоса қилади: ўша кимса сирли ва ғайритабиий кучларга эга бўлса керак. Ғайритабиийми, демак, ваҳимали. Бу кучлар инсонни бир лаҳзада кукун сингари артиб йўқ қилиб ташлаши ҳеч гап эмас. Шу тариқа бобомиздаги қўрқув ва жаҳолат унга: «Яхшиси, бу сирли яратувчи олдида бош эггин», деб айтадилар. Марҳамат, мана сизга Худо. Уни севишингизни ва сийлашингизни илтимос қиламан!
— Инсон қиёфасида яратилган худо, шундай эмасми? — деб қўшимча қилди мистер Кобби.
— Бошқача айтолмайсиз ҳам! — деб хитоб қилдим мен.
— Сизнинг Англияга келишдан мақсадингиз… — мен гапини тугатишимни кутиб, бир муддат жим қолди суҳбатдошим.
— Аслида жуда қизиқ бир ҳодиса рўй берди, жаноб. Мен кўҳна олижаноб Американинг Мичиган штатида яшайман.
— Буюк кўллар штати.
— Шундай, жаноб. Сиз у ерларда бўлганмисиз?
— Суратларда ва китоблардаги расмларда кўрганман, — кулиб жавоб берди жаноб Кобби.
— Хуллас, мен унча катта бўлмаган коллежда ўқийман, ҳар доим бир гуруҳ масиҳийлар билан тўқнашиб келаман, улар жуда жонимга тегиб кетдилар.
Жаноб Кобби диққат билан менга қаради.
— Улар ўзларини гўёки ҳеч нарсани писанд қилмагандай тутадилар, — деб изоҳ бердим. — Тан олишим керакки, уларнинг ҳаммаси рисоладагидай одамлар.
— Рисоладагидай одамлар?
— Албатта. Умуман олганда, ҳеч кимдан кам жойлари йўқ. Жуда хушмуомала одамлар. Ҳар доим ёрдамга тайёр турадилар. Бунинг устига, ниҳоятда хотиржам…гўёки юракдаги, ички можаро нима эканлигини билмайдиганга ўхшайдилар, чуқур тинчликка эгалар. Аслида улар жуда бахтиёр одамлар.
— «Даҳшат бахтиёр одамлар»… илгари ҳеч қачон бундай иборани эшитмаган эканман, — бошини сарак-сарак қилди жаноб Кобби. — Хуллас, улар… нима дедингиз — жуда жонимга тегиб кетди, дедингизми?
— Бўлмасам-чи, ўзларини тутиши одамнинг ғазабини қўзғатади. Худди миясини шамоллатган одамга ўхшайдилар. Мен улардан, нимага сизлар бунақасизлар, деб сўрасам, улар, бу — Исо туфайли деб жавоб берадилар. Булар ҳаммаси тамомила бемаънилик, деб ўйлайман. Улар ҳақиқатан, Исо қандайдир тарзда яшаяпти, биз яхши одам бўлиб қолишимизга Исо ёрдам беряпти, деб ўйлайдилар. Тан олиш керак: улар ҳақиқатан яхши одамлар. Камида, шундай таассурот қолдирадилар.
— Бу сифатлар сизга жозибали бўлиб туюладими?
— Йўқ, аслида мен бу ҳақда гапирмоқчи эмасман! — дарров гапни бошқа ёққа бурдим, — яъни мен ҳам, ҳамма қатори, ўзимнинг яқинларим билан тинч–тотув яшашни истайман, аммо ўзимни ўзим ўлдириш ҳисобига эмас! Бир сўз билан айтганда, мен уларни гижгижлай бошладим, уларнинг эътиқоди устидан кулдим. Улар ҳам ўз навбатида менга изланишни, Исо Масиҳнинг ҳақиқий ёки уйдирма эканини исботлашимни таклиф этдилар.
— Тушунарли. Сиз айнан ниманинг тасдиғини қидиряпсиз? Агар мумкин бўлса батафсилроқ тушунтириб берсангиз.
— Ҳм...масалан, Исо Худонинг Ўғли эканини, инсон танасида яшаганини, инсониятнинг гуноҳлари учун хочда ўлиб, ўликдан тирилганини ва яна бизнинг оламга қайтишини…буларнинг ҳаммасини далиллар билан инкор этмоқчиман. Тасаввур қилинг, мен бунга қарши чиқдим! Мен уларнинг фикрларига қарши бир неча ҳақиқий далилларни ахтариб топаман, деб қарор қилдим. Аммо ҳаммаси мен ўйлаганчалик осон эмас экан. Қўшма Штатлардаги тадқиқотларимдан бирон натижа чиқмади. Аниқроғи, жавобларга қараганда, саволлар кўпроқ туғилди. Китоблар устида ўтирганим сари, Европага келишим кераклигига янада амин бўлдим, Америкада юз марта майда чайналган кимнингдир тадқиқотларини эмас, балки ҳаммасини борича ўзим ўрганишим лозимлигини тушундим.
— Тушунарли, — деди жаноб Кобби, бир тишлам нон билан тарелкасидаги қолган овқатни тозалаб еб қўяр экан.
— Уизерспун хоним айтдики, менга ёрдам бера оладиган ягона одам сиз экансиз, — деб давом этдим мен. — Ташқаридан ёрдам бўлмаса, мен ҳеч нарса қила олмас эканман. Унинг айтишича, сиз бу соҳада мустақил тадқиқот олиб борган экансиз.
— Баъзан Уизерспун хоним жуда муболаға қилиб юборади-да. Аммо бир нарсани сўрашга рухсат беринг: сиз айнан нимани излаяпсиз: саволларга жавобними ёки бировларнинг қарашларни рад этадиган далилларними?
— Мен масиҳийликни уйдирма эканлигини, қуруқ афсонадан ҳеч фарқ қилмаслигини исботламоқчиман, бунинг учун рад қилиб бўлмайдиган илмий тасдиқларни излаяпман.
— Бундай ҳолда сизга қандай ёрдам беришни билмайман ҳам.
— Ие, нимага? — шу лаҳзада бутун ғайратим сўнди.
— Мен олим эмасман.
— Буни биламан: сиз барристерсиз, — дедим имкониятни қўлдан бермай гап қистириб. — Балки, илмий тасдиқ ҳақида айтганимда, фикримни нотўғри ифодалаган бўлсам керак.
— Йўқ, нотўғри ифодаладингиз деб ўйламайман. Сизга шунчалик асосли далил керакки, бу далил воситасида ҳеч қандай баҳссиз позициянгиз ҳақлигини исботлашга имкон берсин. Бироқ, тарихий воқеалар ҳақида гап кетганда, далил излаш деярли бефойда, тўғрисини айтганда, асло фойдаси йўқ.
Нимадир менга, гапини бўлма, жаноб Кобби гапида давом этишига имкон бер, деб шипшигандай бўлди:
— Сиз изланаётган масаланинг тубига етиш учун қилган саъй–ҳаракатларингизнинг ўзи мақтовга лойиқ, йигитча. Қанийди сиз тенги авлод орасида топиш учун излайдиганлар кўп бўлса! Аммо кўриб турганингиздай, илмий исбот — далилларнинг ҳақиқийлигини намойиш қилишга асосланади. Шу сабабдан бўлиб ўтган воқеа келтирилган далил асосида тикланади. Воқеани тўлиқ тиклаш учун турли кузатишлар ўтказилади, маълумотлар тўпланади ва буларнинг ҳаммаси қулай бир жойда, яъни тадқиқотларни олиб бориш мумкин бўлган муҳитда юз беради. Олинган натижалар кейин қайта-қайта текширилади. Энди кўряпсизми агар сиз тарихий воқеани исбот қилишга ёки рад қилишга интилсангиз, олдингизда турган дилемма нимадан иборат бўлишини?
— Кўрганимга ишончим комил эмас. Аммо сиз менга буларни тушунтириб берасиз деб умид қиламан.
Жаноб Кобби сабрсизлик билан тарелкасини бир четга сурди–да, стол устидан мен томонга энгашди. Унинг қошлари юқори кўтарилди:
— Фараз қилинг, эртага ёки йигирма йилдан кейин кимдир Австралияда туриб, 1959 йили худди шу куни Лондоннинг Грейт-Рассел-стрит кўчасидаги «Таверна-Музей» ресторанида сиз билан мен тушлик қилганимизни исботлашга киришди, дейлик. Тушуняпсизми, у фақат илмий методдан фойдаланиб, биз бу ерда тушлик қилганимизни исботлай олмайди. Ўз ишини керакли тарзда амалга ошириши учун унга юридик-тарихий исбот керак бўлади.
Суҳбатдошим менинг эътиборимни айтилган гапнинг муҳимлигига қаратмоқчи бўлиб, бармоғини юқорига кўтарди:
— Юридик-тарихий далил бу шундай далилки, у асосланган шубҳадан ташқарида бўлади. Бошқача қилиб айтганда, юридик-тарихий далил тақдим қилинган моддий исбот кучига таяниб, аллақандай маълумотларни тасдиқлашимиз учун бизга имкон беради.
Жаноб Кобби бирдан тўхтади.
— Овқатингиз совиб қолади, — деди у.
Мен тарелкамга қарадим: балиқ ва картошкага ҳали қўл тегизилмаган эди. Мен вилкани олиб, овқатни ейишга киришдим, жаноб Кобби эса гапида давом этди:
— Хуллас, юридик-тарихий далил гувоҳларнинг уч турдаги кўрсатмаларига асосланади, айнан: оғзаки кўрсатмалар, ёзма кўрсатмалар ва ашёвий далиллар. — жаноб Кобби жим бўлиб қолди.
— Марҳамат. Татиб кўринг, балиқ сирка билан мазали бўлади, — деди у сирка солинган шиша идишни менга узатар экан.
— Гап йўқ, — деб мақтадим овқатнинг ажойиб мазасидан лаззатланиб.
— Қанийди, вақт машинасида саёҳат қила олганимда. Буни бажонидил қилган бўлардим, — давом этди жаноб Кобби. — Афсуски, вақт машинаси фақат фантастик романларда мавжуд. Шу боис австралиялик тадқиқотчимиз кузатув ўтказиши ва бугунги ҳодиса ҳақида эмпирик маълумотларни йиғиши учун бу ерга ва бугунги вақтга шахсан ўзи кела олмайди. Бунинг асло иложи йўқ. Аммо, борди–ю у ҳозиргина сўз юритилган юридик-тарихий далилни асос қилиб олса, бунинг устига яна бир оз оёқлари билан ишласа, бу воқеанинг ҳақиқийлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилиши мумкин. Сиз, қандай қилиб, деб сўрашингиз мумкин.
— Ҳа, қандай қилиб?
— Оғзаки кўрсатмалардан бошлайлик. Масалан, ҳов анови хоним — фақат сиздан илтимос, у ёққа қараманг — сиз залга кирганингиздан бери сиздан кўзини узмаяпти. Сиз билан мен бу ресторанда бирга тушлик қилганимизни у тасдиқлаши мумкин. Агар у кундалик юритаётган бўлса (бунга ҳеч ажабланмаган бўлардим) ва кунларнинг бирида ўша кундалик топилиб қолса, ўша кундаликда сиз ҳақингизда ҳам ёзилган бўлади, ўша ёзма кўрсатма бўлади. Бу унинг оғзаки кўрсатмасига қўшимча бўлади. Аммо биз ишимизда биттагина бу хонимга асосланмаймиз. Бизда яна официант ҳам бор.
Мен нигоҳимни официантга қаратдим: у бир неча ёши улуғ одамларга ичимлик қуяётган экан.
— Бу касбдаги одамларда ҳар қандай кераксиз ахборотларни эслаб қолиш кўникмаси бор, — деб изоҳ берди жаноб Кобби. — Албатта, у сизнинг америкалик эканингизни эслаб қолади, бу акцентингиздан маълум, овқат танлашда ундан маслаҳат сўраганингизни, у сизга балиқ ва қовурилган картошкани таклиф қилганини, табиийки, бу — унинг севимли овқати, ҳаммасини айтиб беради. Хўш, сизга овқат ёқдими?
— Жуда мазали экан, — деб жавоб бердим мен оғзим тўла овқат билан. Жаноб Кобби қониқиш билан бошини ликиллатди.
— Бундан ташқари, мен ҳам сизни жуда яхши эслаб қоламан ва воқеаларнинг қисқа баёнини айтиб беришга ва оғзаки кўрсатма беришга тўла қобилиятлиман.
— Мен эса ўзим томонимдан мана бу чек, яъни «ашёвий далил» билан ёрдам бера оламан, — деб қўшимча қилдим тушлик учун берилган ҳисоб варқасига қўлимни чўзар эканман.
Жаноб Кобби эпчиллик билан мендан олдин ҳисоб-китоб варақасини олди:
— Ижозат берсангиз, ашёвий далилни мен ўзимда қолдирсам, — деди у кўзини қисиб менга. Кейин соатига қараб деди:
— Ўҳ-ҳў, аллақачон кетадиган вақтим бўлибди. Менинг офисимгача шерик бўла олмайсизми? Йўлда суҳбатни давом эттирамиз.
У ҳисоб-китоб қилгани учун миннатдорчилик маъносида бошимни силкидим.
* * *
Жаноб Коббининг юридик фирмаси Лондоннинг ғарбий қисмида, Линкольнс-Инн Фахрий жамиятида — тўрт тарихий Иннлардан бирида жойлашган экан. Бу ерда Лондон барристерлари таълим олишар ва ўз офисларини очишар экан. Судлар Иннларининг катта заллари, миноралари, катта кутубхоналари, озода боғлари, шунингдек, барристерларнинг шахсий кабинетлари бор эди. Барристерлар Лондоннинг нуфузли районида бир неча акр жойларни эгаллашган; судлар Иннлари Оксбридж сингари эски Англиянинг фахрий обидаларидан эди.
Мен қабулхонада ярим соатча кутишимга тўғри келди, ниҳоят, жаноб Кобби кабинетининг эшигида пайдо бўлди:
— Мени Олд-Холлгача кузатиб боролмайсизми? — деб сўради у.
У менинг жавобимни кутмасдан, дадил қадам ташлаб коридор бўйлаб кетди. Мен ҳам унга етиб олиш учун жойимдан қўзғалдим.
Маълум бўлдики, Олд-Холл — шиплари баланд катта зал бўлиб, узунлиги тахминан ўттиз метр, эни ўн метр келар экан. Унинг поли қаттиқ ёғочдан қилинган бўлиб, анчагина тақири чиқиб кетган эди. Ҳа, бу пол тахтаси кўп асрлар давомида тантанали байрамларни ҳам, суд ҳукмларини ҳам кўрган эди. Эндиликда Олд-Холлдан кўпроқ мунозара зали ёки ўқув синфи сифатида фойдаланишар экан. Биз ичкари кирганимизда, бир неча барристерларни кўрдим. Улар шошилмасдан у ёқдан-бу ёққа юришар ва суҳбатлашишарди. Жаноб Кобби ишора билан менга уларга қўшилишимни таклиф қилди. Шундан кейин у қўлларини орқага қўйиб, бошқалар билан бирга зал бўйлаб юра бошлади.
— Мен сизга бир неча савол бермоқчиман, йигитча. Иложи борича саволларимга тўлиқроқ жавоб беринг. Шундай қилсангиз, сизнинг тадқиқотингизга тўғри йўналишни кўрсата оламан, деб умид қиламан. Розимисиз?
Мен «ҳа» дегандай бошим билан тасдиқ ишорасини қилдим.
— Гап шундай, менга айтинг-чи, Сиз Библияни қандай тасвирлаган бўлардингиз? Бу китобнинг бутун инсониятга ёки масиҳийликка бўлган таъсирини эмас, сиз учун бу китоб нима касб этишини билмоқчиман. Илтимос, менга китобнинг аниқ ва лўнда тавсифини беринг.
Библия бу — бир китоб. Номи лотинча biblia сўзидан келиб чиққан бўлиб, ўз навбатида грекча сўздан олинган ва «ўрама қоғоз» маъносини билдиради.
— Яхши. Яна бу китоб ҳақида нима дея оласиз?
— Янами?… Аслида у битта китоб эмас, бир неча китоб. Бу турли муаллифларнинг қўлёзма матнлари йиғиндисидир. У муаллифлар бир неча асрлар давомида ижод қилганлар. Ажойиб кунларнинг бирида жамоатхоналарнинг катта амалдорлари тўпланиб, ўзаро, бу қўлёзмаларни битта муқовага йиғамиз, деб қарор қилдилар. Бу воқеа тўртинчи ёки бешинчи асрда юз берган эди.
Жаноб Кобби, чамаси, мен айтган беҳурмат оҳангни сезмади:
— Хўш, сиз айтиб ўтган китоблардан нечта нусхаси ёки нечта қисми ўша асрлардан бизгача етиб келган? Мабодо билмайсизми?
Мен фириб бериб қўйганимни сездим:
— Йўқ, жаноб, билмайман.
— Ҳозирги пайтда ўша қўлёзмаларнинг сони йигирма икки мингдан ошган, бунинг устига, мунтазам равишда янги кашфиётлар амалга оширилмоқда. — Жаноб Кобби менга диққат билан разм солди. — Аммо менимча, бу сизда таассурот қолдирмади.
— Таассурот қолдириши керак, деб ҳисоблайсизми?
— Аслида, таассурот қолдириши керак. Антик матнларни тадқиқ этиш ҳақида гапирганда, қўлимизда қанча кўп нусха бўлса, оригинал матннинг мазмунини тиклаш эҳтимоли шунча кўп бўлади. Зеро, матн — қандайдир воқеанинг гувоҳи. Агар битта гувоҳ бўлса, кўрсатмада ҳар қандай камчилик пайдо бўлиши мумкин: муболаға, шахсий манфаат кабилар… одам ниманидир унутган бўлиши мумкин, оқибатда бутун манзара бузиб талқин қилинади. Иккинчи томондан, агар юз берган воқеага гувоҳлар кўп бўлса, улар воқеанинг асосий қисмларини бир хил тасвирласалар, уларнинг ҳаммаси бирдай адашган деб айта оламизми?
— Асло! Бундай деб айтиш нотўғри бўлади.
— Сиз ҳақсиз.
— Аммо мени юз берган воқеа билан уни тасвирлаган одамларнинг яшаган даври оралиғидаги вақт безовта қилади — мен, айтиш мумкин бўлса, воқеаларнинг тарихан ишончлилигига шубҳа қиляпман. Бугун биз ўқиётган ёзма гувоҳликнинг ва гувоҳ ўша даврда айтган сўзларининг айнан бир хил эканини, улар ўзгармаганини қаердан биламиз?
Жаноб Кобби бош чайқади:
— Тамомила тушунарли эътироз. Шунинг учун, келинг, яхшиси, унга мурожаат этамиз. Ҳар қандай тарихий ҳужжатнинг аниқлигини ва ишончлилигини ўлчаш учун сиз қандай мезондан фойдаланган бўлардингиз?
— Мезон дейсизми?
— Ҳа, мезон. Очиқчасига гаплашиб олайлик: «Илиада» ёки Геродотнинг «Тарих»и ишончли эканини биз қандай ўлчам билан ўлчай оламиз? Бугун қўлимизда бор–йўғи ўша китобларнинг нусхалари бор, холос, оригинали йўқ.
Шу орада биз залнинг нариги четига етиб борган эдик. Жаноб Кобби қайрилиб, орқа томонга юра бошлади, у муҳокаманинг ипини йўқотиб қўймади:
— Ижозатингиз билан яна бир савол бераман. Афлотун асарларининг нечта нусхаси йигирманчи асргача етиб келганини биласизми?
— Буни билмайман, аммо ишончим комилки, буни менга ўзингиз айтиб берасиз.
Мен жаноб Коббнинг кўзларида жўшқинлик учқунларини кўрдим:
— Ҳаммаси бўлиб еттита нусха.
— Еттита нусха? Бор-йўғи шуми?
— Энг дастлабки нусха тахминан милодий 900 йилга тегишли. Афлотуннинг ўлимидан кейин бир минг икки юз йил ўтгандан кейинги даврга алоқадор. Файласуфнинг ўлимини ва сақланиб қолган ягона нусхани ажратиб турадиган вақтнинг анча кўплиги сабабли, кимдир Афлотуннинг муаллифлигига шубҳа қилиши мумкин. Бу табиий ҳол. Ёки кимдир ҳатто Афлотуннинг бу оламда яшаганига шубҳа қилиши мумкин! — дея хитоб қилди жаноб Кобби ва қошларини юқорига кўтариб, менга қаради: — Балки, бу мисолни бекорга келтиргандирман? Эҳтимол сиз ҳам, Афлотун — бу тўқима персонаж деган нуқтаи назарга қўшиларсиз?
— Менми? —жаноб Коббининг сўзлари ақлимни шошдириб қўйди. Жаноб Кобби бош ирғади. — Афлотун… — дедим томоғимни қириб. — Йўқ. У бу оламда яшаган. Ҳатто кимдир бу ҳақда баҳслашганини эшитмаганман. Балки, сиз бирон нарсани эшитгандирсиз?
Менимча, ҳар қандай масалада баҳс қилувчилар ҳар доим топилади. Аслида Афлотуннинг ҳақиқий исми Аристокл эди, аммо шунга қарамай, унинг реал шахс эканини иккиланмай таъкидлашимиз мумкин.
— Унинг исми Аристокл эканини билмас эканман.
— Агар қарши бўлмасангиз, эътиборимизни антик даврдаги бошқа бир ёзувчига қаратайлик.
— Кимга?
— Ҳатто билмайман ҳам…мисол учун Юлий Цезарь, нима дейсиз?
— «Келдим, кўрдим, ғалаба қилдим» — деб ҳазил қилдим мен.
— Худди шундай! — деди жаноб Кобби бошини ликиллатиб. — Юнон тарихчиси Плутарх, бу жумлани Цезарь айтган, деб таъкидлаган эди. Ҳеч иккиланмай айтишим мумкинки, тарихчининг ўзи бу машҳур сўзларни Цезарнинг оғзидан эшитмаган, чунки у Цезарь ҳақида юз йил ўтгандан кейин ёзган. Айнан ана шуни юридик-тарихий гувоҳликлар воситасида ҳақиқатни аниқлаш деб айтиш мумкин.
У иягини қашиди:
— Агар адашмасам, Цезарь бу гапини милоддан олдинги 47 йилда Рим Сенати олдида Понтий Фарнак II устидан осонликча ғалаба қозонганини сўзлаб бераётган пайтда айтган эди.
Мен беихтиёр жаноб Коббига тикилдим. Унинг турли соҳаларга оид теран билимлари мени ҳайратга солган эди. Битта одам шунча нарсани қандай билиши мумкин? Шу лаҳзада биз томонга одим отаётган иккита барристер билан рўпара келдик. «О, Кобби», — деди бўйи баландроғи мулойимлик билан бошини ирғаб. «Салом, Уитэкр», — деди жавобан мулойимлик билан унга жаноб Кобби.
Бир неча сония биз индамай қадам ташладик. Ниҳоят, жаноб Кобби менга юзланди:
— Сиз билан нима тўғрисида гаплашаётган эдик, йигитча?
— Сиз Юлий Цезарь тўғрисида ҳикоя қила бошлаган эдингиз. Унинг ёзувчи бўлгани ҳақида. Цезарнинг ёзувчи эканини мен ҳатто хаёлимга ҳам келтирмаганман. Мен уни фақат лашкарбоши деб билардим.
— Шунақами? Ҳа, тўғри, у лашкарбоши бўлган. Аммо айни пайтда ёзувчи ҳам бўлган. У «Гал уруши ҳақида қайдлар» деган асарини милоддан олдинги 58-50 йиллар оралиғида ёзган. Қолаверса, жуда ажойиб китоб — албатта ўқишингизни тавсия қиламан. Аммо сиз бу асарнинг ҳам ҳақиқатлигига шубҳа қилишингиз мумкин.
— Нимага?
— Бу китобнинг қўлёзмаси ўнта нусхага асосланади, улардан энг қадимийси Цезарнинг вафотидан тахминан минг йил ўтгандан кейин топилган. Минг йиллик оралиқ рим тарихчиси Тацитнинг асарларига ҳам тегишли. Аристотель ва унинг асарларининг илк нусхаларига келсак, у файласуфнинг вафоти билан асарларининг бизга маълум илк нусхалари орасида бир минг тўрт юз йил вақт бор. Узр, мен мавзудан четлашиб кетдим. Ахир, сиз бу одамларнинг узоқ ўтмишда яшаб ўтганлиги ҳақида баҳслашишни ёки уларнинг китоблари реал далилларга асосланганини эмас, балки масиҳийликнинг ҳақиқийлигини рад қилишни истайсиз.
— Аммо жаноб Кобби, фикрингизни ниҳоясига етказишингизни истайман.
— Менинг фикрим... Ҳа, ҳа, менинг фикрим! — Жаноб Коббининг юзлари янада бўғриқиб кетди. — Агар биз Янги Аҳдни бошқа қадимги матнлар билан қиёслайдиган бўлсак, айтишимиз мумкинки, Янги Аҳд қўлёзмалари жуда яхши сақланган, мазмун жиҳатдан бир–бирига ниҳоятда яқин, нусхалари ҳам антик даврга оид ҳар қандай бошқа қўлёзмадан кўра, анча кўп. Эсингизда бўлса, мен сизга Муқаддас Китобнинг йигма мингдан ортиқ нусхаси бор деб айтган эдим. Уларнинг ҳаммасини бир–бирига осонликча қиёслаб, мазмун ўзгармаганини кўришимиз мумкин. Мана шундай, йигитча. Агар танқидчилар Муқаддас Китобнинг, жумладан, Янги Аҳднинг ҳақиқийлигига ва ишончлилигига шубҳа билдирсалар, антик даврлардан бизга етиб келган ҳар қандай ёзма ҳужжатнинг ишончлилигини ҳам рад қилишларига тўғри келади. Айтишим керакки, нафақат антик даврдан етиб келган қўлёзма нусхаларни, ундан кейинроқларини ҳам. Сиз шундай қилишга тайёрмисиз?
Мен жавоб бермасимдан олдин жаноб Кобби қўшимча қилди:
— Агар мавзуга бичиб-тўқимасдан ёндашилса, шубҳасиз, айтилганлардан келиб чиқадиган мантиқий хулоса шу.
— Тан олишим керакки, тадқиқотларимнинг бошида мен Исонинг бу дунёдан яшаган ёки яшамаганини аниқламоқчи эдим, — дея гап бошладим. — Мен барибир, шу мавзуга қайтгим келаверарди. Тўғри, у ҳақда Плиний, Тацит сингари тарихчилар ёзганлар, уларни масиҳийларнинг дўстлари деб асло айтиб бўлмайди. Майли, Исо яшаган хам дейлик. Тан олиб айтишим керакки, бугун биз ўқиётган Муқаддас Китобнинг асл нусхага мослигини эътироф этиш учун ишончли далиллар келтирдингиз. Аммо ҳар қанча уринмайлик, барибир Муқаддас Китобнинг мантиқийлиги устида ўйлаб кўрилса, кўп ғайритабиий нарсалар кўзга ташланади.
— Агар сизни тўғри тушунган бўлсам, сиз мўъжизаларни назарда тутяпсиз, шундайми?
— Шундай деб айтиш мумкин.
— Исонинг сув устида юргани, ўликни тирилтиргани…
— Бу ва шунга ўхшаш кўп нарсалар. Нимага мен буларга ишонишим керак?
— Худога ишонишдан қатъий назар, сиз айтмоқчисизки...
— Ижозат берсангиз, сизга бир савол берсам, жаноб Кобб. Сиз, шубҳасиз, ниҳоятда билимдон одамсиз. Муқаддас Китобдаги бу мўъжизалар ҳақиқатан юз берганига ўзингиз ҳам ишонасизми?
— Ҳа, ишонаман, — деб оддийгина жавоб берди у.
Биз бирмунча вақт бир сўз демай қадам ташладик. Полнинг енгилгина ғичирлаши сукунатни бузиб турарди. Ташқарида ёғаётган ёмғирнинг ва залдаги бошқа барристерларнинг суҳбатлари менга эшитилиб турарди. Бирдан Уизерспун хонимнинг менга, сизга ёрдам бериши мумкин бўлган одамни биламан, деб айтгани эсимга тушди. Мен ўшанда, ниҳоят, ўзимга ўхшаган скептик иттифоқчини топдим, деб ўйлаган эдим. Аммо жаноб Кобби мен ўйлаганимдан буткул бошқа одам бўлиб чиқди. Жаноб Кобби мулоҳазали одам, мавзуни жиддий эгаллаган экан. Мен бу билан ҳисоблашмаслигим мумкин эмас эди.
— Аммо, агарда…
— Эшитаман, йигитча. Айтмоқчи бўлган гапларингизни айтаверинг.
— Қандай сўзлар билан ифодалашни ҳам билмайман… Агар илк жамоат атайлаб Масиҳ атрофида афсонани яратган бўлса-чи? Масалан, партия таълимотига ўхшаган бир идеологияни дейлик.
Жаноб Коббини, чамаси, менинг сўзларим қизиқтириб қўйди:
— Давом этинг!
— Агарда Исонинг Ўзи илоҳийлик мақомига ҳеч қачон даъвогарлик қилмай, шунчаки яхши одам бўлган бўлса-чи? У ер юзидаги тинчликка ишонган, Исони эса одамлар сажда қилишлари мумкин бўлган худога айлантириб, оммани назорат қилиш учун масиҳийлик динига асос солган бўлишса–чи? Айниқса, император Константин масиҳийликка юз бургандан кейин, эҳтимол, у Рим империясидаги ҳар бир одамни янги эътиқодга юз буришга мажбур қилгандир.
— Сиз Исонинг илоҳий табиатга эгалигидан ва мўъжизалар кўрсатганидан кўра, бу назарияга ишонишга тайёрсиз, шекилли.
— Тўғрисини айтсам, жаноб, худди шундай.
— Нима ҳам дердим, одам ўзи билан ҳам, бошқалар билан ҳам самимий бўлиши яхши.
Энди мен жўшиб кетдим:
— Яна Янги Аҳднинг қўлёзмалари тўғрисида сизнинг сўзларингизга қайтадиган бўлсак, бу аслида нимани исбот қилади? Котиблар жамоатни сақлашни истаганлари учун расмий версияга риоя қилган бўлишлари мумкинлигини ҳам мустасно қилмайман. Эҳтимол, бутунлай бошқа оламдаги воқеаларни гавдалантирадиган илк версиялар қораланган ёки йўқ қилинган, охири унутилган.
Жаноб Кобби қизиқиш билан менга қаради:
— Бамаъни фикрлар, аммо афсуски, юзаки. Истасангиз, ҳаммасини рад қилишим мумкин.
— Шундай қила олишингизга асло шубҳаланмайман, — деб жавоб бердим мен қайнаб бораётган ғазабимни яширишга ҳаракат қилиб.
— Аммо аввалига битта шахсий савол беришимга ижозат этинг.
— Бош устига.
— Сиз ёлғонни деб ҳаётингизни қурбон қилармидингиз?
— Нима?
Жаноб Кобби саволини қайтарди:
— Ёлғонни деб ҳаётингизни қурбон қилишга рози бўлармидингиз?
— Икки дунёда ҳам бундай қилмас эдим.
— Аммо Исонинг илк издошлари ўзларини қурбон қилишга тайёр эдилар.
Бир лаҳзада мен ҳамма далилларимдан маҳрум бўлдим:
— Бу сингари саволга қандай жавоб топишни тасаввур ҳам қилолмайман. Сиз яна икки минг йил илгари юз берган воқеалар ҳақида мулоҳаза юритяпсиз.
Жаноб Кобби бошини қуйи туширганича, қадам ташлашда давом этди.
— Суҳбатимиз бошида биз тарихга таъриф берганимизда уни гувоҳликларга асосланган билим деб айтган эдик. Ҳаворийлар ва Масиҳнинг илк издошлари ўзларининг ҳаёти Масиҳ туфайли қанчалар ўзгаргани ҳақида ёзганлар. Улар Масиҳнинг илоҳийлигига ва Унинг ўликдан тирилганига ишонганлари боис ҳар қандай қувғин, қийноқ ва азобларни бошдан кечирган эдилар. Улар ўлимга тик боқиб, Масиҳдан ва ўз эътиқодидан асло воз кечмаган эдилар.
— Сизга ҳурматсизлик қилмоқчи эмасман-у, жаноб...
— Қулоғим сизда, йигитча.
— Бирор ғоя учун ўз ҳаётини қурбон қилганлар оз эмас-ку! Аммо бу нимани исботлай олади? Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзини қурбон қилган учувчиларни олиб қаранг.
— Мен сизни тушундим. — Жаноб Коббининг қошлари гоҳ тепага, гоҳ пастга уча бошлади, гўё шабодада ҳилпираётган байроқни эслатарди. — Энди сиз менга жавоб беринг: сиз қандайдир сохта нарсага ҳаётингизни бериб, ўлишга аниқ рози бўлармидингиз? Агар бу қаллоблик, виждонсизларча ёлғон эканлигига асло шубҳаланмасдан билганингизда, нима қилган бўлардингиз?
Жаноб Кобби менинг жавобимни кутмади:
— Исо қўлга олиниб, хочга михланганда, шогирдлари тумтарақай қочиб, яшириндилар. Улар ўзларининг ҳаётидан ташвишга тушиб қолган эдилар. Ўша пайтда улар учун Масиҳ асло қутқарувчи эмасдай туюлган эди. Аксинча, У хочда азобли ўлим топди, шогирдларнинг орзу-умидлари парча-парча бўлди. Қарангки, бир неча кун ўтгач, кутилмаган, бунинг устига улкан бир ҳодиса содир бўлди — бир лаҳзада олдинги қўрқоқлар бирдай шер юрак қаҳрамон бўлиб қолдилар. Улар энди яширинмасдан, жамоат жойларида ошкора пайдо бўла бошладилар. Улар Қуддус бўйлаб Исони қамаган ва қатл қилган одамларнинг бурни тагида тирилган Раббий ҳақида ваъз қилардилар. Шогирдларга, жим бўлинглар, ваъз қилманглар, деб буйруқ бердилар. Аммо улар буйруққа итоат этмадилар. Шунда шогирдларни зиндонбанд қилдилар, Исонинг исмини эълон қилишни таъқиқладилар. Аммо шогирдлар одамларга эмас, Худога итоат этишни афзал билдилар. Оқибатда уларни қамчиладилар, калтакладилар. Баъзиларини тошбўрон қилдилар, хочга михладилар. Баъзиларининг бошини олдилар. Аммо ҳеч ким ва ҳеч нарса уларни тўхтата олмади. Улар кўзлари билан кўрган, қулоқлари билан эшитган Хушхабарни бошқаларга ваъз қилишга ва таълим беришда давом этдилар. Агар улар ишонган Хушхабар ёлғон бўлганда эди, улар ҳам биз сингари ўз жонларини қурбон қилмас эдилар. Мен учун бу фақат битта нарсани англатади, холос.
Биз залнинг ўртасида тўхтадик. Мен жаноб Коббига қарадим, шу топда у ҳиссиётларидан маҳрум бўлиб қолаётгандай туюлди. Унинг нигоҳи тўғрига қаратилган, лаблари титрарди. У кафтлари билан қошларини артди. Сўнгра кўзларини юмди. Мен астагина унинг қўлларини ушладим. У чуқур нафас олди, сўнгра қайрилиб, менга қаради. Менга унинг кўзлари тўла ёшдай кўринди. Бир лаҳзадан кейин у яна юра бошлади: қадамлари олдингига асло ўхшамас, дадил эди. Мен унга яқинроқ бордим, у шу сўзларни айтди:
— Муқаддас Китобда батафсил баён қилинганидай, Исо ўликдан тирилган ва Ўз издошларига инсон қиёфасида зоҳир бўлган эди. Шогирдларнинг кўрсатган ақл бовар қилмас жасоратини фақат шу ҳодиса орқали тушунтириш мумкин, холос. Чунки бошқа ҳеч қандай нарса уларнинг ҳаётидаги бундай кескин ўзгаришни асослаб беролмайди.
Жаноб Кобби билан суҳбатимиз давом этарди. Суҳбатимиз охирида менда шундай таассурот қолган эдики, гўё биз бир неча миль йўл юргандай эдик. Анча кеч кириб қолган, залда бирон кимса қолмаган эди. Ниҳоят, биз ҳам хайрлашдик.
* * *
Мен Лондонда яна икки кунни жаноб Коббининг компаниясида ўтказдим. Биз иккаламиз Исо ҳақида, Муқаддас Китоб ҳақида, антик тарих ва масиҳийлик ҳақида суҳбатлашиб, Олд-Холлни энига ҳам, бўйига ҳам неча марта қадамлаб ўлчаганимизни ҳикоя қилиб беришга ожизман. Биз яна Британия музейига кириб, музей деворларида сақланаётган ақл бовар қилмас илмий ахборотларни кўрдик, ҳатто қўлларимизни тегизиб кўрдик. Гарчи истамасам ҳам, оз-оздан Янги Аҳднинг илк матнлари ишончли эканини тан ола бошладим. Бу матнлар тасвирланаётган воқеалардан бор-йўғи эллик-олтмиш йил нарида эди, холос.
Биз турли мавзулар ҳақида суҳбатлашдик, сўнг бора–бора диққатимизни Исонинг тирилиши ҳақидаги мавзуга қаратдик. Келлога коллежидаги масиҳийлар тўгарагидаги талаба Оливер менинг олдимга қўйган топшириқни эсладим: Масиҳ ўликлардан тирилмаганини исботлагин, ана шунда сен бутун масиҳийликнинг пойдеворида қулашига сабаб бўладиган ёриқ борлигини топасан.
Жаноб Кобби билан «янглиш қабр» назариясини муҳокама қилдик: гўё шогирдлар Исони қидираётиб, қабрни янглиштириб қўйганлар, улар биринчи бўш қабрга дуч келганларида, Исо тирилди, деб афсона тарқатганлар.
— Ҳа, бу назарияда битта нарса бошқаси билан мос келмайди, — деб тан олишга мажбур бўлдим мен. — Рад қилиш янада осонроқ: танани ҳақиқий қабрдан чиқариб олиш ва ҳар қандай миш-мишни ёпишга мажбур қилиш. Менимча, мазҳабни тинчлаштиришни истаганлар айнан шу йўлни тутган бўлардилар.
Сўнгра биз «галлюцинация назарияси»ни кўриб чиқдик. Бу назария тарафдорлари, тирилишдан кейинги Исонинг зоҳирий қиёфасини иллюзия ёки галлюцинация эди, деб тасдиқлаган эдилар. Жаноб Кобби билан мен бу назарияга асосли равишда тўхтадик: агар галлюцинация таъсирига бир-иккита одам тушганда эди, уни маъқул деб тан олиш мумкин эди. Ҳаворий Павлус эслатган эди: беш юзтадан кўпроқ одам бир пайтнинг ўзида юз берган воқеани кўрган эди. Буни қандай тушуниш мумкин? Исонинг издошлари ҳам, биз Уни танада кўрмадик ёки галлюцинация бўлди, деб асло тасдиқламаган бўларди. Йўқ, галлюцинация назариясини ишончли далил деб ҳисоблаш мумкин эмас эди. Аниқроғи, галлюцинация заиф баҳонага ўхшарди.
Биз яна немис илоҳиётчиси Карл Фридрих Барт илгари сурган «ҳушдан кетиш» назариясини батафсил муҳокама қилдик. Бу назарияга кўра, Исо хочда ўлмаган, балки ҳушдан кетган, сўнгра қабрда ўзига келган.
Аммо жаноб Кобби маҳорат билан бу назариянинг заиф томонларини кўрсатиб берди:
— Тасаввур қилайлик, Исо ҳақиқатан ҳам, римликларнинг қамчилашидан ва кейин хочга михланишидан сўнг тирик қолган. Бундай ҳолатда тахмин қилиш мумкинки, Унинг кўриниши ниҳоятда ночор ва ачинарли бўлиши керак эди. Унинг бундай аҳволини кўрган шогирдлар ҳаяжон ва ортиқ даражадаги иззат–хурматни ҳис қилишлари даргумон эди!
Шундан кейин навбат «ўғирланган тана», ва «алмаштириб қўйилган тана»га, шунингдек, «имитация назарияси»га келди. Бу назарияларда айтилишича, масиҳийликнинг асосий пойдевори грек-рим мистерияларидан (ўрта асрларда диний мавзудаги драмалар — тарж.изоҳи) ўзлаштирилган. Биз бирин-кетин бу назарияларнинг ҳар биридаги камчиликларни маҳорат билан тадқиқ этдик.
Аммо мен булар натижасида ҳам, Масиҳнинг тирилишини тарихий далил сифатида қабул қилмадим. Масиҳнинг тирилгани менга ҳануз ғайритабиий, ақл бовар қилмайдиган ҳодисадай туюлаверди.
Ниҳоят, биз маълум вақт Тирилиш ҳақидаги баҳсни тўхтатиб, Исо заминдаги ҳаёти пайтида қандай одам бўлган эди, деган масалани тадқиқ этишга киришдик. Исо ҳам, Будда, Конфуций ёки Лао Цзи сингари буюк ахлоқ муаллими бўлганми? Шубҳасиз, улар ҳам, худди Исо сингари, ахлоқий сифатларга эга бўлганлар. Агар бизнинг давримизгача Исонинг фақат Тоғдаги ваъзи етиб келганда ҳам, Исо камида улар билан баравар ёки улардан анча юқори турган бўларди. Бироқ Исо Ўзи ҳақида гапирганда, ахлоқ муаллимиман, деб айтмаган, аксинча, У Ўзини Худо деган.
Жаноб Кобби мени К. С. Льюиснинг асарлари билан таништирди. У ўз даврида агностик бўлган эди. Аммо жаноб Кобби унинг «Шунчаки масиҳийлик» китобидан менга унинг эътиқодидаги бурилиш лаҳзалари тўғрисида ёзган ўринларни кўрсатди:
Бошқа одамлар мен қилган хатоларни такрорламасликлари учун буларни ёзяпман: кўпчилик, мен Исони буюк ахлоқ муаллими деб қабул қилишга тайёрман, аммо Унинг, Мен Худоман, деган сўзларини қабул қила олмайман, деб айтишади. Бундай деб айтиш асло жоиз эмас. Агар оддий бир одам Масиҳ айтган сўзларни айтганида эди, уни буюк муаллим деб атаб бўлармиди?! Асло, бундай одам ё руҳий хаста (одам ўзи ҳақида чала пишган тухумман, деб айтган босқичдаги хасталик) ёки ҳақиқий иблис. Нима бўлганда ҳам, биз танлашимиз керак: Исо ё Худонинг Ўғли ёки телба ёки ҳатто ундан ҳам баттари.
Бизнинг мунозарамиз давом этарди, гўё унинг охири йўқдай эди. Ҳамма нарсага менда эътироз тайёр эди. Жаноб Кобби келтирган ҳар бир «далил»га, ҳар бир исботга мен шубҳа, эътироз ва савол билан жавоб берардим. Ниҳоят, Лондонни тарк этиш вақти келганда, икковимиз ҳам енгил нафас олдик.
Мен Линкольнс-Иннинг тартибга келтирилган ажойиб боғи билан бутунлай хайрлашув учун келдим.
— Кембридждан кейин қаёққа боришни мўлжаллаяпсиз? — деб сўради мендан жаноб Кобби.
— Балки, Оксфордга борарман.
Жаноб Кобби маъқуллади:
— Ҳа, Оксфордда бўлсангиз, бу арзийдиган иш бўлади. Мен сизга шимолга — Манчестерга боришингизни ҳам тавсия қилган бўлардим. Джон Райланд университетининг кутубхонасида Юҳанно Хушхабарининг парчасини кўришингиз мумкин.
— Шундай қиламан, жаноб.
Жаноб Кобби қониқиш билан бош силкиди ва костюмининг чўнтагидан конверт чиқарди:
— Бу конвертда европалик иккита яхши дўстимнинг исмлари ва адреси бор: Гейдельбергдан доктор Зауэр ва Женевадан профессор Цендер.
— Катта раҳмат, жаноб!
— Мен уларга телефон қилиб, огоҳлантириб қўйдим: сиз истасангиз, боришингиз мумкин. Булар археология ва лингвистика соҳасида обрўли одамлар. Иккови ҳам инглизчани билишади.
Иккаламиз маълум вақт сукут сақлаб туриб қолдик. Ажойиб ёз тонги эди. Мен қўлимни чўздим:
Ёрдамингиз учун катта раҳмат, жаноб Кобби. Энди сиз туфайли нималардир тўғрисида кўп ўйлашимга тўғри келади.
Жаноб Кобби дарров жавоб бермади:
— Билмадим, сизни бирон нарсага ишонтира олдимми, йўқми. Ишонасизми, йўқми — менинг асосий мақсадим шу эдики, ҳамма нарсани ўзингиз холис ҳал қилинг.
Мен бош чайқаб жавоб бердим:
— Асло шубҳа қилмайман. Менга эътибор берганингиз учун катта раҳмат! Яхши ҳам иш вақтингизнинг ҳар бир соатига пул тўлашим керак бўлмади. Қанчалар бахт!
Жаноб Кобби гур этиб кулиб юборди. Ниҳоят, биз қўл қисиб хайрлашдик, мен таъзим қилдим. Унга охирги марта қараб қолай деб қайрилиб, жаноб Кобби ажойиб атиргулни ҳидлаш учун эгилиб турганини кўрдим. Мен кулимсираб, дарвозадан чиқдим. Бир неча дақиқадан кейин, Холборн кўчасидаги одамлар оломонига аралашиб кетдим.
Ҳа, жаноб Кобби мени қуроллантирган ахборотлар бойлиги ҳали анчага етиши керак. Аммо жаноб Кобби мен билан ўртоқлашган билимларининг кенг қамровлилигидан кўра, унинг ўзи, ажойиб шахсияти мени кўпроқ ҳайратда қолдирган эди. Йўқ, у мени Худога юз бурдирмади. Аммо кунларнинг бирида мен шундай қарор қабул қилсам, ҳеч бўлмаганда куч ва жасорат билан ўзимдаги эътиқод учун жаноб Коббига ўхшаган бўлишни истаган бўлардим. Лондон ер ости йўлаги зинапояларидан тушар эканман, мени олдинда қандай саргузаштлар кутяпти экан, деб ўзимдан сўрадим.
Мен соатимга қарадим. 9.30 га Кембриджга борадиган поездга улгуришим учун Ливерпул кўчасига чиқишим керак эди.
Судлар Иннлари — бинонинг тўртта комплекси бўлиб, Грейс-Инн, Линкольнс-Инн, Миддл-Темпл ва Иннер Темплдан иборат; бу комплексда инглиз адвокатлари таълим олганлар ва судларни бошқарганлар. Адвокатлар бирлашмаси Лондонда ХIII асрда пайдо бўлган, бунга ҳар бир юрист кириши шарт бўлган, шу тариқа шаҳарда судьялар кварталлари юзага келган. Линкольнс-Инн — айни пайтда адвокатларнинг Фахрий уюшмаси бўлиб, квартални улар эгаллаган. Бу ердаги бинолар қизил ғиштдан қурилган ва ҳозиргача сақланган. Бинолар орасида шинам кўкаламзор ҳовлилар ва боғлар барпо қилинган — муҳарррир изоҳи.
Бир акр 4047 кв.м. майдонни ташкил қилади — тарж.изоҳи
Оксбридж — жамловчи тушунча бўлиб, Буюк Британияда дунёдаги нуфузли университетларни — Кембридж ва Оксфорд университетларини билдириш учун фойдаланилади — муҳаррир изоҳи.
Клайв Льюис, «Шунчаки масиҳийлик».
Книга на Узбекском языке: - Непоколебимый (Джош Макдауэлл)
Джош Макдауэлл считается одним из самых известных в мире проповедников. Невероятно, но в детстве этот человек… не верил в Бога. Ещё, будучи совсем молодым человеком, он взялся доказать, что учение о Божественности Христа - вымысел. С этой целью он исследовал подлинные исторические документы, где говорилось о событиях того времени, беседовал с людьми, которые хорошо знали эту тему, и в конце концом превратился в верного последователя Христа.
Перед вами история этого легендарного человека, написанная широкими мазками, чтобы как можно полнее показать те подъемы и падения, которыми отмечено было начало его пути. Впервые Джош рассказывает о своём удивительном духовном перерождении, когда он вверил свою судьбу в руки всемогущего Бога и познал божественную благодать: даже самые ужасные события, которые с нами происходят, можно перенести с верой в Бога - свободной, глубокой и… НЕПОКОЛЕБИМОЙ.