Джош Макдауелл. Саботли инсон - (17-боб) Китоб Ўзбек тилида
Sabotli inson (Djosh Makdauell) O‘zbek tilida Audiokitob
Оғир хотиралардан ақл бовар қилмас марҳаматгача бўлган йўлни босиб ўтган инсоннинг ҳақиқий тарихи
МУНДАРИЖА
Муаллифдан
Биринчи боб - Ер юзидаги ҳамма нарса ажойиб
Иккинчи боб - Азалда
Учинчи боб - Уэйн
Тўртинчи боб - Меньшойнинг хиёнати
Бешинчи боб - Мактаб
Олтинчи боб - Ҳарбий ҳаво кучлари
Еттинчи боб - Янги уфқлар
Саккизинчи боб - Буюк Британия
Тўққизинчи боб - Саёҳат давом этади
Ўнинчи боб - Ҳаммаси бошқатдан
Ўн биринчи боб - Уитон ва келажак
Ўн иккинчи боб - Уйга қайтиш
Ўн учинчи боб - 1961 йилнинг ёзи
Ўн тўртинчи боб - Битирув курси
Ўн бешинчи боб - Унаштириш ва ўқишнинг тугаши
Ўн олтинчи боб - Сўнгги ёз
Ўн еттинчи боб - Ғарбга
Ўн саккизинчи боб - Даъват
Ўн тўққизинчи боб - Зангори океан
Хотима
Ўн еттинчи боб. Ғарбга
Кейинги куни эрталаб Боб икковимиз Бэттл–Крикдан чиқиб кетдик.
Ҳаво очиқ эди, осмонда қуёш чарақлаб турарди. Биз Индиана ва Иллинойс орқали кетган йўл бўйлаб юрдик. Бир неча кундан кейин Айовага етиб келдик, кейин Небраска ва Колорадо штатларида бўлдик. Биз Юта чегараларини босиб ўтиб, Аризонга чиқишимиз учун саккиз–тўққиз кун керак бўлди. Ниҳоят, қаршимизда Гранд–Каньон қад ростлади.
Биз бу ўлканинг жанубий чеккасида тўхтадик ва экскурсовод бошчилигида туристик гуруҳ билан бирга экскурсияга чиқишга қарор қилдик. Йўл бошидан — охиригача кишини ўзига тортадиган мафтункор, айниқса, сўқмоқлар четларидан бошланган жарликни айтмайсизми! Пиёда туристлардан ташқари хачирлар ҳам бор эди, хачирлар бир оз қўрқоқроқ ва чидамсиз экскурсиячиларни олиб юрарди, шунинг учун баъзан бу жонзотларга йўл бериш учун бутун гавдани қояга тираб туриш керак бўларди. Улуғвор табиий манзара Гранд–Каньон Худонинг буюклиги ва гўзаллигини намоён қилиб турарди, гўёки Унинг ботиний сифатлари бу мафтункор манзарада ўз аксини топгандай бўларди.
Боб икковимиз ҳамроҳларимиз билан танишиб олдик. Улар талаба алмаштириш орқали келган хорижликлар экан: Паскуаль — Мозамбикдан, Марван — Мисрдан, Ингвар — Швециядан, Джина — Италиядан экан. Мен дарров улар билан мулоқотга киришдим.
Биз туристлар сўқмоғи бўйлаб тахминан ўн километрча йўл босиб ўтганимиздан сўнг «Ҳиндулар боғи»да тушликка тўхтадик, шунда мен имоним ҳақида ўртоқлашиш истагини ҳис қилдим. Атроф жуда ажойиб эди. «Ҳинду боғи» қачонлардир ҳиндуларнинг хавасупай қабиласининг туғилган ўлкаси эди. Бу боғ осилиб турган қоялар орасида ҳақиқий жаннатга ўхшарди. Баҳайбат дельтасимон тераклар орасида айланиб ўтган ирмоқлар бўйида дам олмаслик мумкин эмас эди. Ҳамма дам олишга ўтирганда, сўқмоқда бирга келаётганимизда бошланган турли динларимиз, имон–эътиқодларимиз ҳақидаги суҳбатни давом эттирдим.
— Сизларга Худо ва Муқаддас Китоб ҳақида гапириб берсам майлими?
Ҳеч ким эътироз билдирмади. Мен атрофимиздаги ҳамроҳларимизнинг эътиборини жалб қилдим.
— Биз ҳамма жойда Худо ижодининг гўзаллигини кўришимиз мумкин. Кўриб турганимиздай, У куч–қудрат, гўзаллик ва ижод Худосидир. Ҳозир бизни ўраб турган улуғвор қоялар сингари, биз ҳам Унинг ижодимиз. Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Муқаддас Китобда айтилганки, Худо ҳаммамизни — Паскуални, Марванни, Ингварни, Джинани яратаган... Сиз, Джина, худди осмондан тушган фариштага ўхшайсиз.
Ҳамма бараварига самимий равишда кулиб юборди.
—Мен–чи? Мен келиб чиқиши ирланд ва инглизларга бориб тақаладиган Мичиганнинг бир четидаги фермер йигитман. Аммо ҳаммамиз Худо учун ажойибмиз. У ҳаммамизни Ўзига ўхшатиб яратган. Худо биз билан бўлишдан завқланади. Биз ҳам Худо ҳузурида завқланишимиз керак! Худо севадиган муқаддас Ота. Аммо гуноҳларимиз бизни Худодан айириб қўйди. Биз билан Худонинг ўртасида чуқур бир жарлик бор. Бундай ҳолда биз қандай қилиб Унга келишимиз мумкин? У билан қандай ярашишимиз мумкин? Жавоб — Исода, У бизнинг Нажоткоримиз, биз озод бўла олишимиз учун У хочда ўлди. Худо ҳар дақиқа, ҳар сония турли йўллар билан инсониятни Масиҳга чорлайди. Ҳа, Худо бутун оламда ва бутун тарих давомида одамларни нажотга эриштириш учун меҳнат қилишдан тўхтатмайди. Нимага? Чунки келажакда шундай кун келадики, Масиҳ бутун оламни ҳукм қилади.
Мен яширинча Бобга назар солдим — у ҳайрон бўлганича оғзини очиб ўтирарди, у мендан бундай бамайлихотирликни кутмаган эди, аммо у бунинг учун эмас, балки атрофдагиларнинг ҳаммаси мен айтган сўзларни тез илғаб олганларидан шундай ҳолатга тушди, шекилли. Мен яна беш минутча гапирдим, кейин янги дўстларим ёнига ўтирдим. Боб менга сэндвич узатди, аммо мен шунчалик ҳаяжонланган эдимки, дарров ея олмадим. Талабалардан бири менга саволлар бера бошлади мен қизиқиш билан мулоқотга киришдим. Юқорига кўтариладиган вақт бўлганини биз ҳатто сезмай ҳам қолибмиз.
— Нотиқлик санъатида катта тажрибанг бор, шекилли? — деб сўради сўқмоқда менинг ортимдан келаётган Ингвар.
— У воиз, нотиқ эмас, — деди Янги Зеландиядан келган талаба Уоллас.
— Аслида униси ҳам, буниси ҳам эмасман. Сизларга ўхшаган талабаман.
— Илоҳиётни ўрганяпсанми? — деб қизиқди Паскуаль.
— Йўқ, Калифорнияга юридик факультетга кирмоқчиман.
— Швецияда тоғам бор, лютеран воизи, — деди Ингвар. — Тоғам билан хотини худди сенга ўхшаб Исо ҳақида гапиради.
— Улар Исони шахсан таниганлари учун шундай гапиришади, Ингвар. Шубҳам йўқки, Исо уларнинг юрагида яшайди ва улар Исони яхши кўрадилар. Сен ҳам Исони Нажоткорим ва Раббим деб билганингда, Уни севиб қоласан.
— Мен ўзимни имонли деб айта олмайман, — деди Ингвар. — Агар менга бирон мос ном қўйиш керак бўлса, агностик деб аташ мумкин.
— Мен ҳам бу клубга қачонлардир аъзо бўлганман! — деб хитоб қилиб юбордим мен. Сўнг ҳаяжон билан Европага қилган сафарим ҳақида гапириб бердим. Ўша пайтларда ўзим ҳам агностик бўлиб, Масиҳ тирилмаганини исботламоқчи бўлганимни, бироқ сафарим натижасида Масиҳ ҳаётининг шубҳасизлигига ишонганимни айтиб бердим. Бу пайтда биз каньоннинг энг баланд жойига чиққан ва ҳамма тамомила ҳолдан тойиб қолган эди. Аммо чарчаганимизга қарамай, биз Гранд–Каньоннинг энг қийин жойини бирга забт этдик ва ҳазиллашиб, таассуротларимиз тўғрисида фикр алмашдик. Ҳар иккала оёғимнинг тагида қавариқлар пайдо бўлди, бунинг устига, елкамни қуёш куйдирди. Аммо энг муҳими, еттита янги дўстим ўз мамлакатларига мени таклиф қилдилар.
— Жуда гапга чечансан–да, сенга фақат ҳавас қилиш мумкин, — деди Боб машинага ўтираётганимизда. Биз яна йўлга тушдик. Мен жавоб бермасдан кулиб қўйдим. Бизни ҳамма томондан қуршаб олган бепоён кенгликларнинг улуғвор тоғ тизмалари ва гўзаллиги мени дарров ўзига асир қилди. Қаршимизда қуёш ботиб бораётган эди, илиқ шамол сочларимни тортқиларди. Бутун олам, катта умидлар ва ваъдалар олами бизни кутарди.
«Оламда бундан яхши нарса бормикан? — деб ўйладим мен. — Раҳмат Сенга Худойим, мени Ўз фарзандинг деб билганинг учун ва ишончсизликдан, умидсизликдан олиб чиққанинг учун. Илгарилари мен ҳам ҳозиргина биз Гранд–Каньонда учрашган талабалардан асло фарқ қилмас эдим. Худойим, ўтмишимни унутишимга йўл қўйма, илтимос. Бироқ талабалар билан суҳбатлашиш қанчалар ёқимли бўлди! Умид қиламанки, бугун мен айтган гаплардан нимадир уларнинг хотирасида қолади. Мен Сенга тегишлиман, Худойим. Сенинг хоҳиш–иродангни бажариш учун, мана, мен бораман».
Ҳатто бу воизлик хизмати бўлса ҳамми?
Бу савол, ким билсин, фикрларимни ёриб, отилиб чиқиб, худди овоз чиқариб айтганимдай, аниқ жаранглади. Мен ҳаяжонга тушиб, дарров ўриндиқни кўтариб олдим.
Боб менга назар ташлади:
— Нима бўлди сенга? Аҳволинг яхшими?
— Ҳа, ҳаммаси жойида.
— Ростданми? Кўринишинг аллақандай ғалати.
— Ўзим шундай… калламга бир фикр келиб қолди.
Икки кун йўл юриб, биз Коста–Месига етиб келдик ва Бобнинг ошнасиникида тўхтадик. У ҳам масиҳий экан, бизни жуда яхши кутиб олди. Келган кунимиз кечқурун мен журнал варақлай бошладим, Калифорниянинг шундоқ қўшни шаҳари Ла–Мирадада Талбот илоҳиёт мактабига талабалар қабул қилинаётгани ҳақидаги эълонга кўзим тушиб қолди. Эълонга қараб, ниманидир олдиндан кўнглим сезгандай бўлди. Балки, мен ўша ёққа боришимни Худо истаётгандир? Тўхта—чи… Нимага мен умуман, бу ҳақда ўйлаяпман? Ахир, мен юридик факультетга киргани келдим–ку...менинг мақсадим шу–ку.
Бу «ҳодиса» тахминан соат саккизларда юз берди. Эрталаб уйғонганимда ҳам журналдаги эълон менга тинчлик бермади. Менимча, Ла–Мирадага бориб, бу мактаб қанақа эканлиги билан шунчаки қизиқсам, ҳеч нарса бўлмайди. Ўша шаҳарга қирқ беш минутда борса бўларкан, мен йўлда Худо билан ўзига хос шартнома туздим: Агар биронта мутлақо номаълум сабабларга кўра, улар мени талабалар сафига қабул қилсалар, бу ҳаётим учун Сенинг хоҳиш–ироданг эканини биламан. Демак, мен воиз бўлишим кераклигини биламан. Акс ҳолда, мен, режалаштирганимдай, юридик факультетга кираман.
Мана шунга тўхтаймиз, дедим ўзимга, ҳеч нарсани мураккаблаштирмаймиз.
Кун жуда ажойиб, очиқ эди, мен Ла–Мирадага яхши кайфиятда етиб бордим. Машинамни маъмурият корпуси ёнидаги тўхташ жойига қўйиб, рўйхатдан ўтиш бюросига ўтдим ва котибага семинарияга кириш ниятимни айтдим.
— Исмингиз? — деб сўради у.
— Макдауэлл. Джош Макдауэлл.
Котиба қиз қоғозларини диққат билан варақлаб, бошини тебратди:
— Афсуски, қабул қилинганлар рўйхатида сизнинг фамилиянгиз йўқ.
— Тўғри, биламан, биламан, Аслида… биласизми, мен фақат кеча биринчи марта сизнинг ўқув юртингиз ҳақида билиб қолдим.
Котиба менга ҳайрон бўлиб тикилиб қолди:
— Агар сизни тўғри тушунган бўлсам... сизнинг қарорингиз…?
— Ҳа, мен сизнинг мактабингизга ҳужжатларни топшириб, шу ерга ўқишга кирмоқчиман. Чамаси, энди бу мумкин эмас. Шундайми?
— Албатта, йўқ. Номзодларни танлашнинг ўзига бир неча ой кетади, камида. Хуллас, бизнинг семинария талабаси бўлишингиз учун энди фақат келгуси йил келишингизга тўғри келади, ундан олдин эмас.
Мен енгил нафас олдим:
— Жуда яхши!
— Нима дедингиз?
— Хайр, мэм, — деб кетишга чоғландим.
«Тамом, — дедим ўзимга эшик томон кетар эканман. — Мен битимнинг бир қисмини бажардим. Шундай экан, энди Калифорния университетига!»
Тўсатдан, ўзим билмаган ҳолатда, тўхтадим, котибанинг столига қайтиб келдим. Котиба ҳайрон бўлиб, кўзларини мендан узмай, қараб турарди. Ўша топда у ичида, балки полицияни чақирсаммикан, деб ўйлаган бўлса керак.
— Ҳар эҳтимолга қарши, менга айтинг–чи, талабалар ҳужжатини қабул қилиш учун ким охирги қарорни қабул қилади? Бу масалада кимга мурожаат қилсам бўлади?
— Бу масалада доктор Файнберг олдига боришингиз мумкин.
— Доктор Файнберг дедингизми?
— Ҳа. Аммо сиз у билан гаплаша олмайсиз.
— Нима учун гаплаша олмайман?
— Чунки у ректор.
— У ўз хонасидами?
— Одатда, у ёзда бу ерда бўлмайди, аммо...
— Хўш?
— Бугун у ўз кабинетида. Кутилмаганда қайтиб келди.
— Бундай ҳолда, унга мурожаат қилсам ҳам бўлади–ку!
— Мен сизга айтдим–ку у семинария ректори деб, у жуда банд одам.
— Сиз унинг ҳузурига кириб, мен ҳақимда айтишингиз мумкин–ку! Шундай эмасми?
Котиба менга ғазабланган ҳолда разм солди, аммо қарасаки, мен чекинадиганлар хилидан эмасман. Охири, жўрттага менга қуруққина қилиб:
— Шу ерда тўхтаб туринг, — деди.
— Яхши, кутиб тураман, — дедим ва креслога ўтирдим. Бу пайтда у коридор охирида кўринмай кетди. Икки–уч минут ўтгач, котиба яна пайдо бўлди. Мен, ташвишга қўйганим учун раҳмат деб айтмоқчи бўлиб ўрнимдан турдим. Шу пайт унинг овозини эшитдим:
— У сизни ҳозир қабул қилар экан. Чапдаги охирги кабинет.
Мен котиба қиз келган томонга кетдим, журъатсизлик мени ҳар томонга улоқтираётганини шунда ҳис қилдим. Ниҳоят, «Доктор Чарльз Файнберг» деган ёзув осиғлиқ эшик олдига келиб тўхтадим. Эшик қия очиқ эди, катта ёзув столи олдида эгилиб олиб, ниманидир ёзаётган одамни кўрдим. Эшикни тақиллатиб, ўзимни билдириш учун бир йўталиб қўйдим.
«Киринг», — деди ректор ва бошини кўтариб менга қаради. Костюм ва галстук, қайчилаб текисланган мўйлови ва қалин, қора гардишли кўзойнак унинг қиёфасини янада жиддийлаштириб турарди. Мен тўғри унинг олдига яқинлашиб, тўрсиллатиб гапни бошладим:
— Мен аслида семинарияга кирмоқчи эмас эдим. Мен юристликка ўқимоқчиман. Бу ҳақда бир умр орзу қилиб келдим, шунинг учун Калифорния университетининг юридик факультетига киришга келган эдим. Аммо кеча кечқурун сизнинг мактабингизга қабул қилиш ҳақидаги эълонни кўриб қолдим. Шунда, Худо менга нимадир демоқчи, деб ўйладим.
— Тўғри, баъзан У шундай йўл тутадики, фақат ҳайрон қоласан, холос, шундайми? — деди доктор Файнберг. Айланма креслосида бурилиб, гап орасида деразага қаради: —Тўхташ жойида турган машина сизникими?
— Меники, — дедим бетакаллуф оҳангда. — Агар ювсам, машина эмас, қўғирчоқ бўлади.
— Ростданми?
— Асти қўяверинг. Газ берганимда, учиб кетай дейди. Машина эмас, буқа дейсиз.
Доктор Файнберг яна креслода бурилди ва кўзойнаги устидан диққат билан менга тикилди.
«Айни кераги шу эди унга, — деб ўйладим, — чамаси, унинг мен ҳақимдаги таассуроти унчалик яхши бўлмади».
— Қайси коллежда ўқигансиз, жаноб...
— Макдауэлл. Мен Уитонни тамомлаганман, жаноб.
— Баҳолар–чи? Ўзлаштиришингиз қандай бўлган эди?
— Баҳоларим яхши.
Доктор Файнберг кафтларини «уйча» шаклида қовуштириб, ўйчан ҳолатда бармоқлари учи билан тиқирлата бошлади:
— Сиз бу ерга семинарияга келдингиз, чунки Калифорния университетининг юридик факультетига кирмоқчисиз, шундайми?
— Йўқ, жаноб, яъни шундай, жаноб. Гап шундаки, биз шартнома тузган эдик…
— Жуда қизиқ, — деди ректор билинар–билинмас кулимсираб.
— Мен Худога шундай дедим: — агар мени воиз қилишни истасанг, розиман! Аммо бунга ҳеч ишонгим келмаяпти. — Қўлларимни қовуштирганимча, доктор Файнберг ҳозироқ мени кабинетидан қувиб чиқаради, деб кута бошладим. Давом этаётган сукунат ноқулай вазиятни юзага келтирган эди. Доктор Файнберг яна машинамга, кейин менга қаради.
— Бўпти, бугун Уитонга қўнғироқ қилинг, улар авиапочта орқали ҳужжатларингизни бу ерга — Талбот мактабига юборишсин, — деди у. — Душанбадан бошлаб сиз машғулотларни бошлашингиз мумкин. Сизнинг қабул қилинишингизга оид деталларни бир неча ҳафта давомида йўлга қўямиз.
Мендан жавоб бўлмагач, у яна сўради:
— Шу варианти сизни қониқтирадими, жаноб Макдауэлл?
Мен бир сўз дея олмадим, ҳатто бошимни қимирлатиб ҳам жавоб бера олмадим. Мен ҳатто киприк қоқадиган ҳолатда ҳам эмасдим, деб ўйламайман. Эрталабда, Худо олдида тўғри ва самимий бўлишга ҳаракат қилдим, барибир мен айтгандай чиқди, деб мақтаниб, ўзимдан мамнун бўлган эдим. Аммо Худо мени жойимга ўтирғизиб қўйди, бундан беҳузур эдим.
Душанба куни ўқишга киришдим, икки ҳафта тиришиб ўқидим. Аммо бу вақт давомида зерикишдан ўзимни қўярга жой тополмасдим. Ўзимни чалғитишга ҳаракат қилиб, кампусда топилган ҳар қандай жамоат топшириқларини бажарардим, тадбирларда ҳар сафар янги дугонам билан пайдо бўлардим. Аммо ҳеч нарса қалбимга хотиржамлик олиб кела олмасди. Тўғрисини айтганда, Худо ҳамма нарсани шундай ташкил қилган эдики, мен ўзим учун шошқалоқлик билан ўрнатган қопқонга шоша–пиша ўзим илинган эдим. Аммо мен Унга ваъда берган эдим ва шу ваъдага риоя қилдим.
Ниҳоят, ўқишнинг учинчи ҳафтаси бошланди. Мен жамоат тарихи дарсида, одатдагидай, пинакка кетган эканман. Ўқитувчимиз доктор Джеймс Крисчен бирдан менинг исмимни эслаб қолди, бунинг устига бутун синф олдида. Унинг гапи бошини эшитмай қолдим, аммо кейин унинг айтган гапларини эшитиб, ғазабланиб, қип–қизариб кетдим. «Масалан жаноб Макдауэллни олайлик, — деди доктор Крисчен мен томонни кўрсатиб, — агар бу касбдошимиз округдаги ҳамма талаба қизлар билан учрашувга боргани сингари, жамоат ҳам тиришиб бутун жаҳон миқёсида Хушхабарни ёйса, бутун олам сиз билан бизнинг ҳаётлигимизда нажот топади». Бутун синф кулгидан ёрилиб кетгудай бўлди. Мен китобларимни, дафтарларимни қучоқлаб, ўқитувимизнинг столига шарақлатиб улоқтирдим.
— Бўлди, етар! — деб бақирдим. — Нима учун мен бундай гапларга тоқат қилишим керак?! Бўлди, кетаман!
Бинодан ўқдай отилиб чиқиб кетдим.
Мен қаёққа боришимни билмасдим, фақат кампусдан тезроқ чиқиб кетишим кераклигини билардим, холос. Бир неча квартал юрганимдан кейин, ўрта мактаб биноси олдидан чиқиб қолдим. Мен мактаб ёнидан ўтаётган пайтимда қўнғироқ чалиниб, ўқувчилар кўчага ёйилиб кетдилар. Мен соатимга қарадим. Пешин пайтигача бир неча дақиқа қолган эди. Телефон будкасига суяниб, ўсмир болалар ёнимдан у ёқдан–бу ёққа югуриб ўтаётганларини жимгина кузатиб турдим. Менимча, мактаб биноси бир–икки дақиқада бўшаб қолди, аммо менга бу одамлар оқими менинг ёнимдан абадий оқиб ўтадигандай туюларди. Мен ерга илдиз отиб кетгандай эдим ва худди шол одамдай бир қадам ҳам юра олмадим. Ҳар бир ўсмирнинг юзини жуда аниқлик билан кўриб турардим, аммо ўзим улар учун кўринмасдай эдим.
Кейин бир овозни эшитдим. Бу овоз ўнгимда эшитилдими ёки эшитилган овоздан таассурот шунчалик кучли бўлган эдими, аниқ айта олмайман, ҳар қандай ҳолатда ҳам бу овоз ниҳоятда аниқ эди. Худонинг овози юрагимни тешиб ўтди: «Мен сени ёшларга Хушхабар етказгин, уларга хизмат қилгин деб даъват қилган эдим. Орқага қайтма». Содда ва тушунарли. Кўп ҳам эмас, оз ҳам эмас. Орқага қайтишдан маъни йўқлигини билдим.
Тўсатдан Билл Брайтнинг «руҳий инсон» ҳақида айтган сўзлари ёдимга келди. Менинг ҳаётимда Масиҳга қандай жой ажратилган? Унга менинг иродам итоат этганми? Ҳаётим тахтига ким ўтирибди — Масиҳми ёки ўзимми? Шу орада мактаб ўқувчилари танаффусга қанчалик тез юриб чиққан бўлсалар, шунчалик тез ичкарига кириб кетдилар. Менинг вақтинчалик шоллигим ўтиб кетди, мен семинарияга қайтдим. Тарих кабинетига кириб, ҳамманинг олдида доктор Крисчендан кечирим сўрадим, кейин китоб–дафтарларимни олиб, жойимга бориб ўтирдим. Соат 12.30 бўлган эди. Шу лаҳзадан бошлаб, кейинчалик ўзим такрорлаб юрадиган «азоб таълимотга айланди».
Хавасупай, хавасупайлар — ҳинду тилида «Havasu ’Baaja» маъноси «мовий рангли сув одамлари». Бу қабила Аризона штатининг ғарбида 800 йилдан бери яшаб келади. АҚШ ҳудуди америкалик кўчманчилар томонидан ўзлаштирилаётган пайтларда, бошқа ҳинду қабилалари сингари, хавасупайлар ҳам ўз ватанларидан суриб чиқарилган. 1975 йили АҚШ ҳукумати қабиланинг 750 км² ерини қайтариб берди – Таҳририят изоҳи.
Книга на Узбекском языке: - Непоколебимый (Джош Макдауэлл)
Джош Макдауэлл считается одним из самых известных в мире проповедников. Невероятно, но в детстве этот человек… не верил в Бога. Ещё, будучи совсем молодым человеком, он взялся доказать, что учение о Божественности Христа - вымысел. С этой целью он исследовал подлинные исторические документы, где говорилось о событиях того времени, беседовал с людьми, которые хорошо знали эту тему, и в конце концом превратился в верного последователя Христа.
Перед вами история этого легендарного человека, написанная широкими мазками, чтобы как можно полнее показать те подъемы и падения, которыми отмечено было начало его пути. Впервые Джош рассказывает о своём удивительном духовном перерождении, когда он вверил свою судьбу в руки всемогущего Бога и познал божественную благодать: даже самые ужасные события, которые с нами происходят, можно перенести с верой в Бога - свободной, глубокой и… НЕПОКОЛЕБИМОЙ.