Саботли инсон (Джош Макдауелл) 7 bob

Джош Макдауелл. Саботли инсон - (7-боб) Китоб Ўзбек тилида

Sabotli inson (Djosh Makdauell) O‘zbek tilida AudiokitobSabotli inson (Djosh Makdauell) O‘zbek tilida Audiokitob

Оғир хотиралардан ақл бовар қилмас марҳаматгача бўлган йўлни босиб ўтган инсоннинг ҳақиқий тарихи

 

МУНДАРИЖА

 

Муаллифдан

Биринчи боб - Ер юзидаги ҳамма нарса ажойиб

Иккинчи боб - Азалда

Учинчи боб - Уэйн

Тўртинчи боб - Меньшойнинг хиёнати

Бешинчи боб - Мактаб

Олтинчи боб - Ҳарбий ҳаво кучлари

Еттинчи боб - Янги уфқлар

Саккизинчи боб - Буюк Британия

Тўққизинчи боб - Саёҳат давом этади

Ўнинчи боб - Ҳаммаси бошқатдан

Ўн биринчи боб - Уитон ва келажак

Ўн иккинчи боб - Уйга қайтиш

Ўн учинчи боб - 1961 йилнинг ёзи

Ўн тўртинчи боб - Битирув курси

Ўн бешинчи боб - Унаштириш ва ўқишнинг тугаши

Ўн олтинчи боб - Сўнгги ёз

Ўн еттинчи боб - Ғарбга

Ўн саккизинчи боб - Даъват

Ўн тўққизинчи боб - Зангори океан

Хотима


Еттинчи боб. Янги уфқлар

Эркинлигимни қайтадан қўлга киритдим. Аммо бу эркинлигим билан қаёққа боришимни ва нима қилишимни ҳали яхши билмасдим. Аммо нима бўлганда ҳам мен бормасликка қарор қилган жой — Мичигандаги фермамиз эди. Охири мен Чикагода — опам Шерлидан унча узоқ бўлмаган жойда ўрнашдим. Ремонт устахонасида иш топдим. Устахона бутун мамлакат бўйлаб гўшт ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берадиган трейлер-музлатгичларга хизмат кўрсатар эди.

Ишимнинг бир неча муҳим томонлари бор эди. Биринчи куни иш жойида буларнинг ҳаммасини менга кўрсатишди. Феликс деган бир йигит «ременлар» билан қандай ишлашни ўргатди. У машинасини бир неча минут олдин техник хизмат кўрсатишга қўйилган фура (озиқ–овқат маҳсулотларини ташувчи музлатгичли катта машина — таржимон изоҳи) ёнгинасига ҳайдаб келди-да, унинг бензин бакидан ўз автомобилига бензин ўтказди. Мен бир оз асабий ҳолатда атрофга алангладим.

— Хавотир олма, — деди Феликс иржайиб, — бу машинанинг ҳайдовчиси камида беш-олти соатдан кейин келади.

— Мен машина ҳайдовчиси ҳақида эмас, бошлиғимиз ҳақида ўйлаяпман.

— Бошлиғимиз ҳақида дейсанми? — яна тиржайди Феликс, — сенингча, ременлар билан ишлашга мени ким ўргатди?

Феликс «устозлиги»ни давом эттирди. У билан бирга Джерри деган бир йигит фурадаги музлатгич қурилмасининг винтларини бўшатдилар, музлатгични ременлар ёрдамида чиғирга (юк кўтарадиган қурилмага) илиб, кўтардилар ва машинадан олдилар. Пайдо бўлган тешикдан Джерри машина ичига кирди ва Феликс билан менга ўлжаларни узатиб турди: ветчина, курка гўшти, ҳар хил гўштлар солинган коробкалар... ҳақиқий Колондайк. Кейин музлатгич қурилмаси техник кўрикдан ўтди ва олдинги жойига қўйилди. Иккови болтларни яна яхшилаб бураб қотириб қўйдилар. Иш битди!

Ҳайдовчи бир пайт машинаси ёнига қайтиб келди. У ҳеч нарсадан шубҳаланмасди. Феликс билан Джерри, ҳақиқий актёрлар сингари, гоҳ такелаждан сакрар, гоҳ машина мойи суркалиб кетган кафтларини эски-туски латта билан артардилар, хуллас, оғир ишдан толиққанлар саҳнасини шундай ўйнадиларки, кўрган одам, булар Оскар мукофотига лойиқ актёрлар экан, деб ўйларди.

Иккови ҳайдовчи билан бирга, фура атрофини айланиб чиқдилар, тепасидан пастигача кўздан кечирдилар, айни пайтда юзларида фидойи меҳнаткаш қиёфасини сақлашни ҳам унутмадилар, уларнинг қиёфасида гўё Американинг муваффақияти ва гуллаб-яшнашига ўз ҳиссасини қўшган қаҳрамонларни кўриш мумкин эди. Алданган ҳайдовчи музлатгич қулфини ва пломбасини кўздан кечиргач, нарядга қўл қўйиб, ҳеч нарса бўлмагандай, йўлга тушди. Аслида йигирма, бўлмаса эллик килога унинг юки енгиллашган эди. «Джош, бу ёққа кел! — чақирди мени Феликс. — қўлларингни силкитиб хайрлашиб қўйгин, оқ йўл тилагин».

«Табассум! Табассум қилишни унутма!» — қўшиб қўйди Джерри. Биз худди жонажон дўстларнинг учлиги сингари, ҳайдовчи билан битта қўл бўлиб хайрлашдик.

Ёлғон бўлмасин, мен бу қилмишга иккиланмай ёндашдим. Аммо вақт ўтган сари, виждон азобидан қийнала бошладим. Хотирамда онамга берган ваъдам доимо қалқиб чиқаверди: «Ўғлим, шундай инсон бўлгинки, сен билан фахрланиб юрай».

Баъзан кечалари каравотда ётиб, онам ҳозир қаерда экан, деб тасаввур қилишга ҳаракат қилардим. Тўғриси, мен Худога (агар У ҳақиқатан бор бўлса) нисбатан шафқатсиз эдим, аммо онамнинг ҳақи-ҳурмати учун, ўзига хос мусаффо мамлакат — ер ости дунёси бор, онам ўша ерда бирон шаклда ёки қиёфада яшамоқда, деб ишонгим келарди. Менинг саволларимга жавоб берадиган бирон кимса топилмас, мен эса аста ухлаб қолардим. Бахтимга, автоустахонада кун бўйи ишлашимга тўғри келарди, шунинг учун мен уйқусизликдан асло қийналмас эдим.

* * *

Охири, устахона билан ҳисоб-китоб қилдим ва яна Мичиганга кўчиб келдим. Бу йил кузда Бэттл-Крикдаги Келлога муниципал коллежига ўқишга киришга ҳаракат қиламан, деб қарор қилдим. Иқтисодий томонларини ҳисобга олган ҳолда, кириш имтиҳонларига уйда тайёрланаман, машғулотларга электричкада бораман, деган фикр бор эди. Аммо отам бунга қаршилик қилди: «Электр энергиясини кўп сарф қиласан, бир умр тўлолмай, қарз бўлиб юраман».

Нима, энди чироқ ёқиб ўтирайми? Тур-э… дедим–да, ғазабланиб, кетиб қолдим.

Биз тўртта ўртоқ катта уйда бир хонани ижарага олдик. Бу уй кампусдан яёв беш минутлик йўл эди. Менинг мутахассислигим бизнес эди, аммо келгусида юриспруденция билан шуғулланишни режалаштириб қўйдим. Бу мутахассислигим сиёсатдаги лавозим пиллапояларимда силлиқ йўл бўлади, деб мўлжаллаган эдим. Аввалига мен Мичиган штатининг губернатори, кейин сенатор бўламан. Бундай истиқбол менга аниқ кўриниб турарди. Унга бемалол етишаман, деб ўйлардим.

Биринчи курсда инглиз тили ўқитувчим ва курс раҳбаримиз Во хоним мени борлиққа қайтарди:

— Сенинг мақсадга томон интилувчанлигингга ҳавас қилса арзийди, Джош. Сен интилувчанлигинг билан кўплаб талабаларимизга байроқ бўласан. Сени буюк келажак кутаётганига асло шубҳам йўқ.

Мен кулиб, столни нариги томонидан турганимча жавоб бердим:

— Билмадим, сиз эшитдингизми, йўқми — мен ўз номзодимни биринчи курслар президентлигига қўйдим.

— Ростанми? Сен бу мақсадингга эришасан, деб умид қиламан.

Мен ишонч билан бош ирғадим:

— Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас.

Во хоним кулиб қўйди:

— Аммо сенга менинг айрим эътирозларим бор, Джош, — деди у.

Мен стулга тўғриланиб ўтириб олдим.

— Сенинг инглиз тилинг асло ярамайди. Эҳтимол, мактабдаги ўқитувчиларинг билимингнинг бу қиррасига лозим даражада жиддий қарашмагандир. Аммо тушунаман: фермерда ё ишчида инглиз тили дарслиги кунда фойдаланадиган, стол устида доимо турадиган китоб бўлгани даргумон.

— Мен инглиз тилидан ҳар доим яхши баҳо олганман, — деб ўзимни оқламоқчи бўлдим.

Во хоним, худди бирон жойи оғриётгандай, юзини буриштирди:

— Джош, сен доимо грамматикадан хатоларга йўқ қўясан. Талаффузинг ҳам унчалик яхши эмас. Тахминимча, талаффузингнинг яхши эмаслиги дикция муаммосига бориб тақалади.

Бу сўзлардан мен ўтиргани жойимда букчайиб қолдим.

— Агар ўз устингда хўжакўрсингга эмас, астойдил ишламоқчи бўлсанг, мен сенга ёрдам бераман.

Мен ўз устимда ишлашга тайёр эдим. Ҳар қандай касбда ҳам юқорига чиқишни истасанг, грамматика бекаму кўст бўлиши керак. Мен буни яхши тушунар эдим.

— Сиз менга устозлик қиласизми? — деб сўрадим мен.

— Менинг истагим шу, — жавоб берди у.

— Ундай бўлса, менинг истагим ҳам шу.

Мен бутун кучимни ўқишга ташладим, баҳоларим ҳам яхшилана борди. Бундан ташқари, Алекзандер аптекасига ярим иш кунига жойлашдим, яна қуйи курслар президенти лавозими учун сайлов олди курашига ҳам тайёргарликни кучайтирдим. Ҳар ҳафта охирида ўтиришга борардим, ёқимтой бир қиз билан танишдим, минилган кабриолет сотиб олдим. Олти ой ўтмасдан, ўттиз ёшда эришадиган режамнинг пунктларига далил равишда «бажарилди» белгисини қўйишим мумкин бўлди. Бир сўз билан айтганда, ҳаммаси жойида бўлди, бундан яхши бўлиши мумкин эмас эди.

* * *

Ўша куни мен Колдуотер шаҳрига кетаётган эдим. Қарши томондан менинг йўлимдан келаётган машина бирдан мен томонга кескин бурилиб, йўл четига чиқиб кетишимга мажбур қилди. Мен машинанинг номерини ёзиб олиб, полицияга қўнғироқ қилдим. Бир ҳафталардан кейин мен ишлаётган аптекага йигирма ёшдан ўтган бир йигит кириб келди. Пештахта олдига лапанглаб келиб, йигит ўзини таништирди:

— Джош Макдауэлл сенмисан?

Унинг қиёфаси менга нотаниш эди. Мен мулойимлик билан саломлашдим:

— Ҳа, менман.

У эса менга совуқ илжайди:

— Бир саволим бор.

— Хўш, нима дейсиз?

— Яқинда йўлда қарши томондан келаётган машина сенинг машинангга урилишига оз қолган эди. Шундай бўлган эдими?

— Ҳа, тахминан бир ҳафта олдин юз берган эди. Нима гап?

— Гап шундаки, ўша машинанинг рулида мен эдим. Тушундингми? — у мени қўрқитмоқчи бўлиб, диққат билан чамалаб кўрди. Аммо мен нигоҳимни ундан олиб қочмоқчи эмас эдим. — Мени қамаб қўйдилар, овсар!

— Тўғри қилишибди, — деб жавоб бердим мен. — Энди қамоқхонадан қочдингми?

— Шошмай тур, мен сен билан ҳали ҳисоб-китоб қиламан, — шивирлади у ва ўқдай учиб аптекадан чиқиб кетди. Аммо унинг ваҳимали равишда афтини буриштириши менга таъсир қилмади. Майли, таҳдид қилаверсин, деб ўйладим мен. Мен ўша зоҳоти уни унутдим.

Ўша шанба куни мен учрашиб юрган қизим билан Бэттл-Крик шаҳарчасида — Лейквига бордик. У ердаги автомобилчиларнинг ресторанига кирмоқчи бўлдик. Кутилмаганда, бизнинг рўпарамизга эшигини менинг машинам эшигига ёнма-ён қилиб, бир машина келиб тўхтади. Автомобиль ҳайдовчиси ёнимда ўтирган қизни ҳақорат қила кетди. Не кўз билан кўрайки, ўша масхарбоз — катта йўлда менинг қаршимдан келиб четга чиқариб юборган, апеткада мени қўрқитмоқчи бўлган йигит экан!

— Овозингни ўчир! — деб ҳайқирдим мен.

Чамаси, у шуни кутган, шекилли. У машинадан тушиб ёнимга келди ва мени мушт билан урмоқчи бўлиб, ўқталди. Ғазабдан кўзим олди қоронғулашиб кетди. Мен бор кучим билан юзига мушт туширдим, оғзидан ва бурнидан қон отилиб чиққанини кўриб таскин топдим. У машинаси ичига ўзини урди, бор ҳақоратини менга сочиб, ойнасини кўтарди. Мен унга яна бир марта кўрсатиб қўйиш учун унинг машинасига томон ташландим. Аммо у газ бериб, менинг устимга машинани юргизмоқчи бўлиб, орқага тисарди. Мен сакраб шундоққина ёнимдаги темир столба орқасига туриби олдим, ана шу столба менинг ҳаётимни сақлаб қолди. Дилозор кучли газ бериб, столбага урилди, столба букилиб ерга тегиб қолди.

Мен ҳайдовчи томондаги эшикка сакраб ўтдим, ойнани синдириб, яна юзига мушт туширдим. Кейин машина эшигини очиб, бўйнидан ушлаб, худди қайсар бузоқни дарвозадан олиб ўтгандай (бир марта отамни маст ҳолида шундай қилган эдим), ерга туширдим. Хуллас, автостоянка пандемонияга айланиб кетди

Официантка полицияга қўнғироқ қилди, менинг шеригим бўлган қиз эса бақирганича нафаси оғзига тиқилиб, «уни қўйиб юбор!» дея менга ёлворарди. Лекин унинг овозини вужудимни қамраб олган ғазабдан аранг эшитардим. Унинг бақириғи диққатимни тортди, мен дилозорни яна бир оз ушлаб туриб, қўйиб юбордим. Полиция аралашмаганда эди, бошлаган ишимни охирига етказар эдим. Оқибатда ўша йигит, биринчи бўлиб у бошлади, деб мени айблади.

Полициячилардан бири мени бир четга тортиб, деди:

— Зудлик билан уйингга жўна. Кўриб турибсан, иш сен ўйлаганингдан кўра жиддий.

Маълум бўлишича, ўша йигит судьянинг ўғли бўлиб, отаси округда анча таъсири бор, нуфузли судья экан.

Бахтимга, официантлардан бири юз берган воқеага гувоҳ сифатида нималар юз берганини батафсил қилиб полициячиларга айтиб берди. Полициячилар, ўз навбатида, гувоҳнинг кўрсатмаларини судга оширишди. Икки кун ўтгач, менга, тезроқ уйингга кет, деб маслаҳат берган полициячи қўнғироқ қилиб:

— Агар кечирим сўрасанг, суд сенга айблов қўймайди, — деди.

— Ахир, биринчи бўлиб у бошлади-ку! — деб бош тортдим мен.

— Ўлдириб қўйишингга оз қолибди-ку. Бошингга қандай кўнгилсизликлар орттириб олганингни тушунмадинг, шекилли. Ўша йигитнинг отаси шаҳримизда катта нуфузга эга бўлган одам, шунинг учун ўзинг хулоса қил.

Асло кечирим сўрамоқчи эмас эдим. Лекин шу машмаша туфайли келажагимга зарар етказишларини ҳам истамасдим. Шунинг учун мен қилган ишимдан афсусдаман, деб айтдим, ишни бости-бости қилдилар. Полициячи шундай қилдики, ҳужжатларда мен тўғримда биронта ҳам сўз йўқ эди. Аммо ғазаб, жаҳл илгаригидай ич-этимни ерди. Баъзан ўзимга ўзим: «Қачон бу ҳиссиётлар ташқарига чиқади, келгуси сафар қаерда ва кимга қарши?» деб савол берардим. Бу саволга жавобни узоқ кутишимга тўғри келмади.

* * *

Биринчи курс талабалари президентига номзод сифатида менинг асосий вазифаларимдан бири кўплаб талабалар ва ўқитувчилар билан танишув эди. Бизнинг университет шаҳарчасида турли жамоат гуруҳлари ва ташкилотлари етарли эди. Мен уларнинг ҳар бир қандай яшаётганини билиш учун танишишни мақсад қилиб қўйдим. Хаёлимда «ким кимлиги» нинг рўйхатини тузиб чиқдим, рўйхатдагиларнинг ҳар бири кўтарилишимга, у ёки бу тарзда менга ёрдам бериши мумкинлигини белгилаб чиқдим. «Ҳар ҳолда, — дердим ўзимга ўзим, — ҳақиқий иш олдидан бу яхши машқ».

Бир куни — дўстларим билан талабалар ошхонасида қаҳва ичиб ўтирган эдик, ҳар доимгидай қувноқ, ўзларини эркин тутган ҳолда масиҳийча «тўда» кириб келди, бу гуруҳни мен шундай деб атардим.

Билишимча, бу тўда талабалар шаҳарчасидаги бирон расмий гуруҳга қўшилмаган эди. Аммо уларнинг қарашларини ҳамма биларди. Бу тўда етти талаба ва икки ўқитувчидан ташкил топган бўлиб, улар доимо бирга юришарди. Уларни масиҳий деганимда, улар ўз қарашларини очиқчасига тан олганларини назарда тутяпман.

Менинг тушунишимча, талабаларимизнинг ҳаммаси ўзларини масиҳий ҳисоблардилар. Аммо бу гуруҳ алоҳида ажралиб турарди. Улар ўзларини шундай тутардиларки, имон уларнинг ҳаётида қандайдир алоҳида ўрин эгалларди. Уларни ҳар сафар кўрганимда ишончсиз илжайишдан ўзимни тутиб туролмасдим.

Улар хохолаб кулиб, ўзаро самимий, бир-бирига гап бермасдан вағир-вуғур қилишар экан, «Риёкорлар, — дедим ичимда, — юзларингизда сохта хурсандчилик… ичларингизда эса нима яшириниб ётган экан?» Уларни кўрганимда жиним тутарди, улар билан муштлашишга баҳона излардим. Бунинг устига, улар озчилик бўлгани сабабли, сайловда уларнинг овози мен учун муҳим эмасди.

Улар бизнинг ёнимиздаги столга келиб ўтирганларини кўрганимда, стулдан сакраб туришимга оз қолди. Дўстларимдан бири аллақандай беадаб латифа айтаётган эди, ўша масиҳийлар бизга яқин жойга ўтирганлари учун, бирдан жимиб қолди. Дўстимга: «Нимага энг қизиқ жойига келганда жимиб қолдинг?» деб савол бердим. Саволимга у, ёнимиздаги столда ўтирган «авлиёлар» томонга хижолат тортиб боши билан ирғади.

— Қўрқадиган одамни жуда топдинг-да! — дея ачитиб гапирдим. — Ахир, улар гап нима ҳақда кетаётганини ҳам тушунмайдилар!

Мен ташлаган луқма уларнинг кампаниясидаги ёқимтойгина қизнинг эътиборини тортганини кўзим қири билан пайқадим. У қизнинг исми Тони эди. Масиҳийларнинг хиппа ёқасидан оладиган пайт келди-да, деб ўйладим:

— Айтмоқчиманки, масиҳийлар ўйин қоидаларига риоя қимайдилар, шундай эмасми? Қизиқ, улар коллежга умумий қоидаларга биноан кирганмикинлар ёки имтиҳонсиз қабул қилинганмикинлар?

Дўстларимнинг кулгуси менинг саволимга жавоб бўлди, тушундимки, ҳамманинг диққатини ўзимга тортибман. Ҳаммалари мени эшитсин деб, овозимни баланд қилиб, ўзим яхши кўрган қочирим латифалардан бирини айтдим:

Ўрмондан бир одам бораётган экан, юриб, юриб, бир руҳонийнинг олдидан чиқиб қолибди. Руҳоний одамларни дарёда чўмдираётган экан. Бу одамдан ароқ ҳиди келаётганини руҳоний сезиб қолибди. Руҳоний уни қўлидан ушлаб, сўрабди: «Биродар, сен Исони топишга тайёрмисан?» Ҳалиги маст одам: «Гап бўлиши мумкин эмас! Ҳозироқ топаман!» Шунда руҳоний уни етаклаб дарёга олиб келибди, бўйнидан ушлаб, сувга ботирибди. Уч-тўрт сониядан кейин унинг бошини сувдан чиқариб, сўрабди: «Хўш, Исони топдингми?» Маст одам эса, калласини сарак-сарак қилиб, йўқ топмадим, дебди. Шундан кейин руҳоний уни яна сувга ботирибди ва сув остида кўпроқ ушлаб турибди…

Мен стулимдан туриб, гапимни давом эттирганимча, масиҳийлар ўтирган столга яқинлашдим. Тонининг ёнида бўш жой бор экан. Мен унинг ёнига жойлашдим:

Хуллас, руҳоний уни сувдан чиқариб, яна сўрабди: «Нима, Исони топа олмадингми?» Маст одам яна ўз билганича, «йўқ» дегандай бошини сарак-сарак қилибди. Энди руҳонийнинг тоқати тоқ бўлибди: мастни бўйнидан ушлаб, сувга ботирибди-да, бу сафар ўттиз секундча ушлаб турибди, шундан кейин дьяконлардан бири руҳонийни қўлидан ушлаб, шундай дебди: «Бўлди, етар, ... тағин,...нафаси қайтиб қолмасин». Аммо руҳоний қўйиб юбормабди. Руҳоний ўзи билганича унинг бўйнидан ушлаб тураверибди…

Жазавага тушган руҳоний кўзларини қандай қилиб тепага қаратганини кўрсатишга ҳаракат қилдим.

Ниҳоят, руҳоний маст одамни сувдан чиқарибди-да, унинг қулоғига шундай деб бақирибди: «Биродар Исони топдингми?» У эса оғзидан тизиллатиб сув чиқарибди-да, руҳонийга бақрайиб: «Исо сувга айнан шу ерда тушиб кетганини аниқ биласизми?» — деб сўрабди.

Қўшни столдаги одамлар менинг латифамдан кулиб қотиб қолдилар, мен ҳам ўзимдан мамнун бўлиб, жилмайиб қўйдим. Ҳатто Тонининг столида ўтирганлардан бири ҳам жилмайиб қўйди. Аммо Тони жиддий ўтирарди.

— Сизга менинг ҳикоям ёқмадими? — деб сўрадим ундан. Аммо Тони менинг бу ерда борлигимни ҳам сезмагандай ўтирарди.

— Сизга янада қизиқарлироқ воқеани айтиб берсам тинглайсиз, шекилли, ўйлаб кўришим керак, — дея тинчимадим. — Ёки янада кулгилироғини айтайми, Юнус ва баҳайбат балиққа ўхшаган ҳикояни?

Қўллаб-қувватлайсизлар деган маънода дўстларимга қарадим:

— Энг ёмони, дустларим шуки, ҳар бир ҳикоядан кейин мана бу балиқча, негадир, тобора катталашиб кетяпти!

Мен нигоҳимни Тонига қаратдим. Тони эса менинг қўпол ҳазилларим билан ҳечам иши йўқдай бепарво ўтирарди.

— Балки, сизни Нуҳ билан унинг пароходи ҳақидаги ҳикоя қизиқтирар? Бу воқеани биласизми?

Шу пайт суҳбатга яна катта ёшли одамнинг овоз аралашди. Бу — бизнинг тарих ўқитувчимиз эди:

— Сиз бизнинг столга ўтиб, тўғри иш қилдингиз, жаноб Макдауэлл.

— Ҳар доим тайёрман, — деб жавоб бердим кесатиқ билан. Сўнг уларнинг кампаниясини нигоҳим билан кузатиб чиқдим. Уларнинг юзларида хайрихоҳлик ёки камида қизиқиш кўриниб турарди. Яна жаҳлим чиқди, нимагалигини ўзим ҳам билмас эдим. — Фақат сиз — масиҳийлар, менга нима ҳам дея оласизлар?

— Сиз нимани билишни истайсиз? — деб сўради ўз навбатида ўқитувчимиз.

— Нимага сизлар гўё бутунлай бошқа оламда яшайсизлар?

— Сизга шунақа туюлса керак. Бизнинг сизлардан фарқ қиладиган томонимиз йўқ. Биз шу оламнинг ўзида яшаймиз, асло бошқа оламда эмас. Худди сизлар яшаётган оламда яшаймиз.

— Сизлар ўзларингизни шундай тутасизларки, гўё сизларнинг ватанингиз бу ерда эмас, бутунлай бошқа жойда.

— Нима ҳам дердик, раҳмат яхши сўзларингиз учун, — деди ўқитувчимиз, бошқалари маъқуллаб бошларини қимирлатдилар.

— Фақат буни хушомад деб ўйламанглар, — дедим баттар ғазабланиб, яна уларга бир-бир нигоҳ ташладим. — Мен нима демоқчиман: сизлар доимо кулиб юрасизлар, ўзларингизнинг дўстпарварлигингизни намойиш қиласизлар, шунақа қиёфаларингиз билан гўё ўзларингизни бошқалардан яхшимиз деб ҳисоблайсизлар.

Ниҳоят. Суҳбатга Тони аралашди:

— Бу ёлғон.

— Ёлғон? — деб асабийлашдим мен.

— Ҳа, ёлғон. Ҳақиқатан, бизнинг ҳаётимиз ўзгарган, аммо бу билан биз ўзимизни бошқалардан яхшимиз деб ҳисобламаймиз.

— Сизларнинг ўзгаришингизга дин ёрдам бердими? Сизларга нима етмаганди, ўзи, масалан, сенга? — деб қайта сўрадим Тонига қараб. — Сенинг ҳамма нарсанг жойида бўлса?!

Унинг кўзларида жаҳл шундоқ акс этиб турарди:

— Муқаддас Китобда айтилганки, агар одам Масиҳда бўлса, у янги ижоддир.

Энди жаҳл билан жавоб беришга менинг галим келди:

— Э қўйсанг-чи! — силтаб ташладим мен. — Сен кимнинг қулоғига лағмон осяпсан ўзи!

Бир лаҳза сукунат чўкди. Бу пайтда қўшни столда ўтирган дўстларим аста-секин жўнаётганларини бирдан сезиб қолдим. Аммо мен ҳамон гап сотишда давом этардим:

— Муқаддас Китоб, жамоат — буларнинг ҳаммаси дин. Бу дунёда мен бардош бера олмайдиган битта нарса бор, бу ҳам бўлса дин!

Тони дарров менга юз бурди, кўзларимга тик боқиб деди:

— Дин ҳақида ҳеч қандай гап бўлгани йўқ, жаноб. Мен Исо, Исо Масиҳ дедим. Аслида Исо инсон ҳаётини ўзгартиради. Ҳатто ўта худбин, мияси ишламайдиган баъзиларга ўхшаган... ёшларнинг ҳам...

— Менга ўхшаган ёшларнингми? — дея истеҳзоли илжайдим. Мен унинг жиғига тегишга муваффақ бўлдим, шекилли. — Исо... Масиҳ — деб Тонига масхараомуз тақлид қилиб, чўзиб-чўзиб талаффуз қилдим. — Менга вақт беринглар, сизлар нима тўғрисида гапираётганларингизни билмасликларингизни исботлаб бераман. Борди-ю, Исо мавжуд бўлган бўлса ҳам, икки минг йил илгари яшаган бу одам қандай қилиб ҳозирги одамларнинг ҳаётини ўзгартира олади?! Бу асло исботланмаган нарса-ку!

Мен қошларимни кўтариб, Тонига тикилдим ва марҳаматли илжайиш билан ўзимга эрк бердим.

— Нима ҳам дердим, — деб жавоб берди Тони табассум қилиб. — Ўйлайманки, сиз айнан шуни ўзингиз учун аниқлаб олишингиз керак.

— Аниқлаб олиш дейсизми? Нимани ҳам аниқлай олардим? Ахир, бу мифология, фан эмас-ку, қизалоқ!

Шу лаҳзада компаниядаги талабалардан Оливер дегани суҳбатга аралашди:

— Менда таклиф бор.

Мен нигоҳимни унга қаратдим. У пастроқ бўйли, катта кўзойнак таққан, сочлари тиккайган, худди бир қоп сомонга ўхшарди. «Ҳе, тасқара», — ўйладим ичимда.

— Тирилишни рад қилсангиз, — гапида давом этди Оливер, — масиҳийликнинг асосини рад қилган бўласиз.

— Тирилишни рад қилиш дейсизми?

— Худди шундай. Масиҳ ўликдан тирилмаган, деб исботланг, бутун масиҳийликнинг қулашига сабаб бўладиган пойдевордаги ёриқ ўша бўлади. Бу фақат таклиф, холос, бошқа ҳеч нарса. Бошқача айтганда, масиҳийликнинг жамики қадриятларини асоссиз деб исбот қилишдан кўра, имоннинг тамал тоши бўлмиш ўликдан тирилишни сохталигини исботланг. Шунда ҳам вақтингизни, ҳам кучингизни тежаган бўласиз.

— Ёмон фикр эмас, — Оливерга бармоғимни ниқталаб дедим мен.

— Ишончим комилки, — деди Оливер, — иш жараёнида кўп нарсага кўзингиз очилади.

— Менинг кўзим очиладими ё сизникими, кўрамиз, — дея эътироз билдирдим мен. Қўлларимни столга тираб, ҳамма «авлиёлар»га бир-бир назар солдим. Аммо улар менга кулимсираб қараганларича ўтирардилар. Бунга тоқат қилиб бўлмасди.

— Ишонаманки, биз сиз билан яна учрашамиз, — деди менга илҳом бермоқчи бўлиб тарих ўқитувчим. Биринчи бўлиб айнан у мен билан гаплашган эди. Мен аввал унга, кейин бошқаларга қарадим, шунда олдинги агрессивлигим учун ноқулайликни ҳис қилдим. Шубҳасиз, музокараларга чуқурлашишимга арзимайди, акс ҳолда улар осонлик билан мени енгишлари мумкин.

— Менинг исмим Джош, — дўстона оҳангда деб ўзимни таништирдим.

— Танишганимдан хурсандман, Джош, — дея ўқитувчимиз менга қўлини чўзди. — Мен профессор Келлерман.

— Мен ҳам хурсандман, — дедим унинг қўлларини қисиб.

— Умид қилманки, — деб қўшимча қилди Тони, — сиз анча тайёргарлик билан келасиз.

— Тайёргарлик билан? — заҳархандалик билан сўрадим. Ҳа, бу қиз гапга чечан эди. Аммо мен унинг гапини маъқулладим. — Албатта, тайёргарлик билан келаман, шубҳаланманглар. Умид қиламанки, сизлар ҳам мен келтирадиган далилларни тўғри баҳолашга, хом хаёлларингиздан воз кечишга тайёр бўлиб келасизлар.

— Сиз-чи, Джош? — деди профессор Келлер. Мен унга қарадим. — Далиллар олдида сиз ҳам хом хаёлларингиз билан хайрлашишга тайёр бўлиб келасизми?

— Мен хом хаёлларга берилмайман, профессор, — ясама кулги қилдим унга жавобан. — Мен нарсаларга реал қарайман.

— Шунчаки сўрадим-да, ҳар эҳтимолга қарши, — жавоб берди ўқитувчи.

Хайрлашар эканман, охирги сўзимни айтиб қолишдан ўзимни тия олмадим:

— Ҳа, айтгандай, яна бир гап: имкониятдан фойдаланиб қолай, дедим: сизлардан илтимос қилмоқчи эдим: кейинги ҳафтада менга овоз берсангизлар. Аммо сизлар озчиликсизлар, бундан маъно борми — ҳатто билмайман ҳам. Сизларнинг овозингиз бирон нарсани ҳал қилмайди-ку.

Афсуски, улар менинг ачитиб айтган гапларимни эшитмаганга олдилар, жавоб бериш ўрнига кулиб қўя қолдилар. Улардан узоқлашар эканман: «Ғалати одамлар», — деб ўйладим ичимда.

Мен Исонинг тирилганини рад қиладиган далилларни уларнинг олдига кўндаланг қилиб ташлаганимда, уларнинг қиёфалари қай аҳволда қолишини ўзимча тасаввур қилдим. «Хўш, ўшанда ҳам куласизларми?» — хаёлан ўзимга тасалли бердим. Менинг кўз олдимда уларнинг хижолатомуз қиёфалари, ожизона боқишлари намоён бўлди. Аммо биттагина муаммо бор эди. Далилларни тўплаш лозим эди.

* * *

Табиийки, менинг тадқиқотим Муқаддас Китобдан бошланди. Келлогадаги коллежнинг масиҳий тўгараги Муқаддас Китобни Исонинг мавжудлиги ҳақидаги энг ишончли гувоҳлик деб ўргатар эди. Муқаддас Китобга кўра Исо бокира қиздан туғилган, мўъжизалар кўрсатган, ўлган, сўнгра эса ўликдан тирилган.

Аммо бу «далиллар» нимага асосланган? Эски Аҳд бир неча минг йиллар илгари ёзилган. Наҳотки жиддий тадқиқотчи, озгина бўлса ҳам, бундай қадимий гувоҳликларга таяниши мумкин бўлса? Янги Аҳд эса, эшитишимга қараганда, анча кейин — Масиҳнинг ўлимидан кейин ёзилган, шунинг учун бу китоб ҳам жуда ишончли эмас.

Мен бу китобни ўзим ўқиб чиқишим, унинг мазмунини тушунишим, зиддиятларнинг, мантиқнинг йўқлигини топишим, уйдирма эканлигини исботлашим керак эди. Китобни ўқиш жараёнида ўзим учун айрим жойларини ёзиб олдим, Исонинг кўрсатган мўжизаларини, Ўзининг илоҳий табиати ҳақидаги айтган сўзларини белгилаб қўйдим. Дастлаб менга, Исонинг тирилишини инкор қилиш унчалик қийин эмасдай туюлди.

Аммо Муқаддас Китобга алоқадор қомусий луғатларни ўқиб, шарҳларга ва изоҳларга чуқур кириб бориб, олдимда мураккаб ва кўп қиррали манзара пайдо бўлаётганини оз-моз тушуна бошладим. Ҳатто имонсиз Тўма (Исонинг шогирдларидан бири бўлиб, мен у билан қандайдир яқинликни ҳис қилдим) охир-оқибатда тирилган Масиҳнинг олдида тиз чўкиб: «Менинг Раббим, Худойим!» деб хитоб қилган экан. Масиҳийлар тўгараги аъзолари билан мунтазам учрашганимда, улар: «Қалай, тадқиқотинг давом этяптими?» деб менинг устимдан кулишларини кутардим. Аммо ўзим бу ҳақда эслатмасам, ҳеч ким бу мавзуда сўз очишни ўйламасди. Уларнинг менга муносабати ўзгармасдан, дўстона руҳда қолаверди. Чамаси, улар менинг тадқиқот ишларим олға силжиётганидан самимий равишда манфаатдор эдилар. Уларда ўзларига ва эътиқодларига бу қадар ишонч қаердан пайдо бўлган экан?— деб ҳайратланар эдим мен.

Мен уларнинг ноҳақлигини исботлашни жуда истардим. «Ҳаммангизнинг миянгизни айнитишган, — деб мен ўзимга ўзим айтардим, — аммо ким ва қандай мақсадда буни қилган экан?» Бу менга қоронғу эди. Чамаси, мен дарахтлар ортидаги ўрмонни кўрмаётган эдим. Уларнинг ишонч-эътиқоди оддий эртаклардан нимаси билан фарқ қилади?

Мен коллежимизнинг кутубхонасидан қайси атеистларнинг ва агностикларнинг китобларини топган бўлсам, ўшаларга бошим билан шўнғиб кетдим. Айниқса, Бертран Расселнинг 1927 йили ёзган «Нимага мен масиҳий эмасман?» деган эссеси менинг руҳиятимга ҳамоҳанг бўлиб чиқди. У Масиҳнинг мавжудлигига оид далилларни инкор қилиб, бутун динга нисбатан бўлган салбий қарашларини ифодалаган эди: «Одамлар динни аниқ далилларга ёки идрокка асослангани учун эмас, шунчаки ҳис–туйғуларга берилгани учун қабул қиладилар. Кўпинча бизни, динга қарши чиқиш ҳалокатли, чунки дин одамларни яхшиликка чорлайди, деб ишонтирадилар. Мени ҳам шунга ишонтиришга ҳаракат қилганлар. Аммо мен диннинг эзгулигини кўра олмадим».

Мен ўтмишдаги буюк мутафаккирларнинг — Иммануил Кант, Чарльз Дарвин, Зигмунд Фрейд ва Фридрих Ницшенинг асарларига шўнғидим. Ўша китоблардан шунчалик кўп цитаталар ёзиб олган эдимки, назаримда бу цитаталар Келлога коллежининг масиҳийлари келтира оладиган ҳамма далилларни чил–парчин қилиб ташлаши мумкин эди. Фақат битта англашилмовчилик менга ҳеч тинчлик бермасди: нима учун машҳур скептиклар ўз «маърифатли» фикрларини ишончли ва асосланган далиллар деб билганлару, аммо ҳеч ким уларга қарама–қарши фикр билдиргани йўқ. Умуман айтганда, униси ҳам, буниси ҳам шахсий фикрлар эди, холос, бошқа ҳеч нарса эмас.

Мени эса шунчаки шахсий фикрлар қониқтирмасди. Менга тарихий ишончли гувоҳликлар, эмпирик маълумотлар керак эди. «Муқаддас Китоб афсоналарига ишониш керак эмас, Исо оддий бир одам эди» деган гапни исботлайдиган аниқ далиллар керак эди.

Ғалати-а, ҳаётдаги ҳодисалар кутилмаган тарзда содир бўларкан. Мен китобларини ўқиган аксарият файласуфлар ва ёзувчилар европаликлар эди. Бирдан калламда шундай фикр пайдо бўлди: Борди-ю, мен Европага бориб, ҳаммасини жойида ҳал қилиб келсам қандай бўларкин? Айнан манбаларнинг ўзига борган бўлардим: Оксфордга ва Кембриджга, Лондонга ва Парижга, Гейдельбергга ва Женевага… Ахир, у ердаги катта кутубхоналарда ва музейларда ўша даврга оид қўлёзмалар, ҳужжатларнинг аслияти сақланади.

Эҳтимол, ўн тўққиз ёшли бола бунинг уддасидан чиқа олмайди, деб айтарсиз. Эҳтимол, шундайдир… Аммо ҳаракат қилиб кўришга нима халақит беради? Ҳар ҳолда, Европани кўриб келаман, вақтимни кўнгилли ўтказаман, деб ўйлаган эдим.

* * *

Мен ҳамма ишларимни икир-чикиригача олдиндан режалаштиришга шошилмадим. Ҳамма нарса ойдай равшан эди: Европага боришим учун кўпроқ пул йиғишим керак эди. Аптекада ярим кун ишлаб топадиган пулим бунга етмасди. Шаҳарчамизда иш топиш қийин эди, шунинг учун мен тадбиркорлигимни ишга солишга қарор қилдим. Кўп талабалар иш қидириб юрганлари менга аён бўлгани учун менда бир ғоя пайдо бўлди — талабаларни иш билан таъминлаш. Энди ҳамма нарса — иш бошлаш учун маблағга келиб тақаларди.

Маблағ сўраш учун Билли Коннор деган бир ўртоғимникига йўл олдим. Унинг оиласи, билишимча, шаҳарчадаги энг бой одамлардан бири эди, мен у билан улкан режаларимни ўртоқлашмоққа қарор қилган эдим.

— Кел, бирга бизнес бошлайлик. Нима дейсан? Мен бўёқ ишлари билан шуғулланадиган фирмани назарда тутяпман, — дедим.

Билли менга жимгина тикилиб қолди.

— Сенинг фикринг қандай? — деб сўрадим унга қараб.

— Бўёқ ишлари? — қайтадан сўради у тиржайиб. — Сенинг улкан режанг шуми?!

— Ахир, кимдир одамларнинг уйларини бўяши керак-ку! — дея дарров жавоб бердим. — Бундан ташқари, улар учун дўконлардан сабзавотлар олиб келардик, машиналарини заправка қилиб берардик, марҳумларни дафн қилиб берардик.

— Қулоқ сол, Билли, яхшиси, сен менга айт-чи, бу ҳудудда уйларни бўяйдиган нечта компания бор? Сен уларни биласанми?

Булардан Билли ҳам, менга ўхшаб, бехабар эди, мен уни бу ишдаги нозик фарқларга жалб қилмоқчи эмас эдим. Аксинча, унинг чўнтагига қанча пул келиб тушишини таърифлай бошладим. Билли бир оз юмшади.

— Агар биз... аниқроғи, сен бу компанияни очадиган бўлсанг, уни қандай номлаймиз? — деб сўради у.

— Ҳозирча билмайман. Аммо биз бирламчи хизматни тақдим қилмоқчи эканмиз, компаниянинг номини «Биринчи бўяш компанияси» деб атасак ҳам бўлар? Номи ёқдими? Фойдани ўртадан тенг бўламиз. Нима дейсан?

Билли бир оз ноз қилгандай бўлди. Ниҳоят, рози бўлди. У бир ҳафта давомида керакли пулни ҳам етказиб берди. Бу пул нарвон, чўтка ва валик сотиб олишга сарф қилинди. Бу буюмларсиз ишни бошлаб бўлмас эди-да. Хуллас, «Биринчи бўяш комапанияси» ана шу тарзда пайдо бўлди.

Биз маҳаллий газетага эълон бердик. Тез орада биринчи қўнғироқ ҳам бўлди. Бу биринчи буюртмага мустақил боришга қарор қилдим. Аммо афсуски, бўяш иши нима экани ҳақида тасаввурга эга эмас эдим. Шу боис биринчи уйни бўяшдан менга ҳеч қандай фойда қолмади, мен икки қўлимни бурнимга тиқиб қолавердим, устки кийимимни ҳам расво қилган эдим. Бунинг устига, бўёққа ҳаддан ташқари кўп пул сарф қилибмиз. Ишимиз фойдадан кўра кўпроқ зарар келтирди. Икки ҳафтадан кейин Билли «қўлини ювиб қўлтиғига урди», бошқача айтганда, чўткани улоқтириб юборди.

— Бўлди, етар, Макдауэлл! — деди у бурилиб, навбатдаги ишдан кетишга чоғланди.

— Билли, қандай қилиб ташлаб кетасан? — деб қаршилик билдирдим мен. — Мана бу буюмларга қанча пул сарф қилинган, ахир! Қўй энди, дўстим, дарров таслим бўлма.

У қўлини силкиб хайрлашди:

— Ҳаммаси сенга қолаверсин. Бу иш жонимга тегиб кетди.

Биллининг қораси ўчиши билан, менинг ишларим тоғдай уюлиб кетди. Бирдан яхши пул ишлай бошладим, турли ишларга ўн-ўн беш талабани жалб қилдим. Талабалар мендан кўп пул талаб қилмасдилар, пул топиш имкониятига эга бўлганлари учун, борига шукр қилардилар.

Мен оз-оздан бир оз маблағ жамғардим.

Май ойининг бошлари бўлса керак, Юнион-ситидаги ёши катта бир аёл менга телефон қилиб қолди. У унча катта бўлмаган меҳмонхонанинг хўжайини эди. Маълум бўлдики, унинг меҳмонхонаси Викториан давридан қолган уч қаватли бино бўлиб, томлари кенг қия қилиб қурилган экан. Бир қарашда, мен бу бинода қилинадиган иш кўплигини пайқадим. Ичимда, то Европага кетадиган кунимгача ишим етиб–ошади, деб ўйладим.

— Буларнинг ҳаммасини бўяш қанчага тушади? — деб сўради меҳмонхона хўжайини Бёрнс хоним.

Мен, буюртма катта экан, тағин адашиб кетмай, деб ҳамма суммани айтишга таваккал қилмадим, шунинг учун соатбай иш ҳақини афзал деб билдим:

— Соатига беш доллардан ишлайман, розимисиз? — дедим.

Бёрнс хоним, ёши ўтиб қолган бева аёл, қуёшнинг ёруғ нурида кўзларини пирпиратди. Аммо у мени «мулойим йигит» деб ҳисоблаб, узоқ ўйлаб ўтирмай, менинг шартларимга рози бўлди. Мен ишга киришдим.

Бир неча кун ўтгач, Бёрнс хоним мендан, ошхонадаги қўшимча кириш эшиги тепасига бостирма қуриб бера оласизми, деб қизиқди. Ҳаётимда бунақа нарса қурмаган эдим, аммо иккиланмасдан жавоб бердим:

— Хавотирланманг! Боплаб қуриб берамиз!

Мен поччам Мерлни ёрдамчи қилиб олдим. Икки кун болғани силкитиб, биздан талаб қилинган бостирмани қуриб бўлдик. Мерлга, Бёрнс хоним ишимни қабул қилгандан кейин, сен билан ҳисоб-китоб қиламан, деб ваъда бердим. Аммо эртаси куни жала бошланиб қолди. Мен дарвозанинг олдида турган эдим, бирдан қўшимча кириш томондан Бёрнс хонимнинг қаттиқ бақирган овозини эшитиб қолдим. Нима бўлди экан деб, ўша ёққа отилдим.

У бостирма шипига қараб турарди, шипнинг ёриқларидан сув сизғиб оқарди. Юпқа тахталар устидан тўл тўшашни эсимдан чиқарган эканман. Чала ишим учун кечирим сўраб, Мерлни чақирдим, икковимиз томнинг чала жойларини қайтадан қилишга киришдик.

Қурилиш ва бўяш ишлари тугагач, ҳисоб-китоб қилгани Бёрнс хонимникига бордим. Эшикни тақиллатган эдим, ҳеч ким жавоб бермади. Шунинг учун меҳмонхонани айланиб ўтиб, уни ҳовлидан излашга қарор қилдим. Қарасам, Бёрнс хоним меҳмонхона олдидаги кичкина боғчадан туриб, уйига қараб турган экан. У қўллари билан иягини ушлаганича, худди замонавий санъат музейидаги абстракционист чизган расмни ёки ҳайкални ўрганаётгандай, мушоҳадага чўмган эди. Бир сўз демасдан, мен унинг ёнига яқин келдим ва, уни бирон нарса мафтун қилиб қўйдимикан ё безовта қиляптимикан, деб тушунишга ҳаракат қилиб, ёнига турдим.

— Уйим вайрон бўлибди, — деди у менга қарамасдан. «Уйим вайрон бўлибди-и-и», чўзиб такрорлади у гўё «шоҳ асар» учун ном ўйлаб топгандай. Унинг нигоҳини кузатиб, гап нимада эканини тушундим: айвоннинг томи анчагина ўйдим-чуқур қилинибди. Мен юпқа тахтани танлашни билмабман, тахталар ёмғирда эгри-букри бўлиб кетибди. Елкамдан совуқ тер чиқиб кетди. Бу ишдан келадиган пул менга ниҳоятда зарур эди. Икки кундан кейин мен Европага кетишим керак.

Мен бошимни бир оз эгиб, кўзларимни қисганимча, яхшироқ қарашга ҳаракат қилгандай бўлдим:

— Ҳечам ундай эмас, Бёрнс хоним, — дедим мен. — Гап асло томда эмас, кўрмаяпсизми, ахир?!

— Нимани кўрмаяпман? — яна сўради у.

— Уйингизнинг ўзи қийшайган экан.

— Уй қийшайган? — деб такрорлади у ишонқирамасдан.

— Шунақа, бувижон. Уй эски, пойдевор йиллар давомида чўккан, оқибатда бир томонга оғиб қолган. Ўзингиз яхшилаб қаранг! Кўряпсизми чап томонга қийшайиб қолганини!

— Чапга дейсизми?

— Э кечирасиз, ўнгга қийшайган. Уй ўнг томонга қийшайган. Энг асосийси — кўзларингизни қисиб қаранг, Бёрнс хоним. Шунда яхшироқ кўрасиз.

Бёрнс хоним, худди винтовкадан мўлжалга олаётгандай, аввал бир кўзини, кейин иккинчисини қисиб қаради. Сўнгра кўзойнагини олиб, иккала кўзини қисиб қаради. Ниҳоят, кўзойнагини тақиб, енгил нафас олди:

— Ҳа, тушунарли! Хуллас, уй қийшайган, — деди у кулиб.

Мен завқ билан бошимни ликиллатдим. Менда ишонтириш қобилияти аниқ бор эди.

— Албатта, бувижон! Уй тўсатдан қийшайган!

Икки кун ўтгач, Бёрнс хонимнинг чеки бўйича нақд пулларни олиб, чет элга сафарга отландим.


Юнон мифологиясида ёвуз руҳлар йиғиладиган жой пандемония дейилади.

2 Коринфликларга 5:17 га қаранг.


Книга на Узбекском языке: - Непоколебимый (Джош Макдауэлл)

Джош Макдауэлл считается одним из самых известных в мире проповедников. Невероятно, но в детстве этот человек… не верил в Бога. Ещё, будучи совсем молодым человеком, он взялся доказать, что учение о Божественности Христа - вымысел. С этой целью он исследовал подлинные исторические документы, где говорилось о событиях того времени, беседовал с людьми, которые хорошо знали эту тему, и в конце концом превратился в верного последователя Христа.

Перед вами история этого легендарного человека, написанная широкими мазками, чтобы как можно полнее показать те подъемы и падения, которыми отмечено было начало его пути. Впервые Джош рассказывает о своём удивительном духовном перерождении, когда он вверил свою судьбу в руки всемогущего Бога и познал божественную благодать: даже самые ужасные события, которые с нами происходят, можно перенести с верой в Бога - свободной, глубокой и… НЕПОКОЛЕБИМОЙ.



AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

911. Xudoning irodasini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Haqiqiy sevgini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Rejalashtirilmagan homiladorlik (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. O'z joniga qasd qilish haqidagi fikrlar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Jinsiy zo‘rlanish (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Ota-onaning ajralishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Nizolar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Yaqin insonning vafot etishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    Сенинг Чўққиларинг томон йўл (Ханна Харвард)    Фаришталар ҳам сукут сақлаган эдилар (Макс Лукадо)    Худонинг Буюклиги (Эйден Тозер)    Яраланган юрак (Дэн Аллендер)    Худонинг Муқаддаслиги (Роберт Спраул)    Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)    Сандон устида (Макс Лукадо)  Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак