Джош Макдауелл. Саботли инсон - (5-боб) Китоб Ўзбек тилида
Sabotli inson (Djosh Makdauell) O‘zbek tilida Audiokitob
Оғир хотиралардан ақл бовар қилмас марҳаматгача бўлган йўлни босиб ўтган инсоннинг ҳақиқий тарихи
МУНДАРИЖА
Муаллифдан
Биринчи боб - Ер юзидаги ҳамма нарса ажойиб
Иккинчи боб - Азалда
Учинчи боб - Уэйн
Тўртинчи боб - Меньшойнинг хиёнати
Бешинчи боб - Мактаб
Олтинчи боб - Ҳарбий ҳаво кучлари
Еттинчи боб - Янги уфқлар
Саккизинчи боб - Буюк Британия
Тўққизинчи боб - Саёҳат давом этади
Ўнинчи боб - Ҳаммаси бошқатдан
Ўн биринчи боб - Уитон ва келажак
Ўн иккинчи боб - Уйга қайтиш
Ўн учинчи боб - 1961 йилнинг ёзи
Ўн тўртинчи боб - Битирув курси
Ўн бешинчи боб - Унаштириш ва ўқишнинг тугаши
Ўн олтинчи боб - Сўнгги ёз
Ўн еттинчи боб - Ғарбга
Ўн саккизинчи боб - Даъват
Ўн тўққизинчи боб - Зангори океан
Хотима
Бешинчи боб. Мактаб
Мен илгари, фақат ёш болалар уйларидан қочиб кетадилар, деб ўйлардим Аммо ўн уч ёш эканман, онам ҳам уйдан қочиб кетди. Онам ошхонамизда отамнинг столида қолдирган хатни биринчи бўлиб мен топиб олдим: «Мен Чикагога кетяпман. Иш топиб жойлашиб олганимдан кейин, Джошни олиб кетгани келаман, у мен билан бирга яшайди».
Мен бу хатни отамга истамайгина кўрсатдим. Кузатдим: отам кун бўйи оғзига бир қултум ҳам ичкилик олмади. Сўнгра яна ичаверди. Охири шундай бўлдики, бир неча ҳафтадан кейин, Бэттл-Крикдаги оиламиз дўстлари онам қаерда эканини билдилар ва уни қайтишга кўндирдилар. Мен онамни кўриб, ўзимни унинг қучоғига отишга чоғландим, аммо фақат шунчаки тегиниш билан қониқиш ҳосил қилдим.
— Қайтиб келасиз, деб умид ҳам қилмаган эдим, ойи, — дедим мен ва илтимос қилдим: — энди бундай қилманг, хўпми?
Аммо онам жавоб бермади, фақат индамай, бармоқлари билан сочларимни тўзғита бошлади. Сўнгра онам ётоқхонасига кириб кетди, кириб кетаётиб, менга яна бир марта назар солиш мақсадида эшик томонга қараб:
— Мен жуда чарчадим, Джош. Бир оз ётиб дам олай. Уэйнга кечки овқатни тайёрлашга ёрдам бергин.
— Хўп, ойи.
Мен ошхонага кирдим, Уэйн катта қозонда рагуни аралаштиришни менга буюрди. Чамаси, мен хаёлга берилиб кетганман, шекилли, шунинг учун у менинг олдимга келиб, узун бармоқларини елкамга юргизмагунча ҳеч нарсани сезмабман. Шу пайт уни ҳозироқ нақ ўлдириб қўйишимни тушуниб етдим.
— Биласанми, Уэйн, дарсдан кейин мен нима билан шуғулланяпман? — деб сўрадим ундан.
— Нима билан? — деб сўради у паришонхотирлик билан.
— Мен футбол ўйнаяпман.
Уэйн бўйнимни искамоқчи бўлиб эгилди:
— Бу ўйин ҳақиқий эркаклар учун...
Мен кескин бурилиб, Уэйнни деворга ёпиштириб қўйдим. Бир қўлим билан томоғидан бўғдим, иккинчи қўлим билан унинг бурни остида муштимни ўқталдим:
— Яна бир марта менга тегиниб кўр-чи! Агар шундай қилсанг, ўлдираман! Уэйннинг кўзлари косасидан чиқиб кетгудай бўлди. Мен ғазабланганимда, қандай ҳолатда бўлишимни у кўриб турарди.
Мен унинг томоғидан янада қаттиқроқ қисдим:
— Гапимни тушундингми?
У астагина бошини ликиллатди. Аммо мен бу билан гапимни тугатиб қўя қолмадим. Унинг юзи кўкармагунча, томоғидан қўлимни олмадим. «Нимага уни ҳозироқ ўлдирмаслигим керак?!» — деб ўйладим уни янада қаттиқроқ бўғиб. Фермада унинг жасадини яшириш учун хилват жойлар етарли эди. Шунда Уэйн иштонини ҳўл қилиб қўйганини сездим. Мен нафрат билан ўзимдан уни нари итариб юбордим. Унинг танаси дағ-дағ титрар, полда эмакларди. Йўлим устида ётган Уэйнни тепиб, ошхонадан чиқиб кетдим.
Шундан кейин у менга тегмайдиган бўлди. Ҳар биримиз ўз ишимиз билан машғул бўлардик, гўё борлигимизни бир-биримиз сезмагандай. Бир неча йилдан кейин Уэйн ишни ташлади ва фермадан бутунлай кетди.
* * *
Уэйн кетишга қарор қилганидан мен фақат хурсанд эдим. Бунинг устига, у кетгандан кейин ҳам оиламизда бирон нарса яхши томонга ўзгариб қолмади. Аслида энди илгаригидан ҳам кўра кўпроқ ишлашимга тўғри келди. Энди опаларимга ва акаларимга ўхшаб, фермани тезроқ тарк этиб, бу ерларга ҳеч қачон қайтмаслик пайида бўлиб кун санардим.
Мактаб менинг ғамгин ҳаётимга ёқимли эпкинлар олиб киргани ҳайрон бўлишга арзийдими? Баскетболда ва футболда сезиларли муваффақиятларим мени ўрта ва юқори синфларда юлдузга айлантирди. Ўнинчи синфда мен Шерон Талли билан учраша бошладим, муносабатларимиз мактабни тугатгунимизча давом этди. Мактабдаги баҳоларим яхши эди, шунингдек, пул ҳам топадиган бўлдим: куннинг иккинчи ярмида ремонт устахонасида ҳам ишлардим.
Спортдаги ютуқларим натижасида ўзига хос «тутинган ота-онам» — доктор Блейксли ва унинг хотини ҳам пайдо бўлди. Улар менинг ўйинларим мухлислари сифатида келишарди. Отам билан онам эса бирон марта келмаган эдилар: отамнинг келмагани сабаби тушунарли, онам ниҳоятда семириб кетганидан, ўриндиқларнинг тор оралиқларига қисилиб қолган бўларди. Аммо мен уларнинг келмаганидан хурсанд эдим, агар онам билан мени ёнма-ён кўрганларида эди, мен ноқулай аҳволда қолган бўлардим.
Эр-хотин Блейксли бошқа гап. Менинг фикримча, улар жамият орасида бўлганларида, бир-бирларидан қониқиш ҳосил қилардилар. Иккови ҳам яхши кийинишар, бир-бирига жуда мос эдилар. Блейксли хоним кўпинча билагигача оқ қўлқоп кийган, модадаги шляпада ёки бошининг атрофига ўраган рангли шарфда бўларди. Хоним қадди-қомати келишган, кўриниши ёқимли, ҳар доим менга табассум билан боқарди. Шаҳримиздаги ҳамма одамлар доктор Блейкслига катта ҳурмат билан муносабатда бўлишлари бежиз эмасди. У онамга тиббий ёрдам кўрсатган йиллари оиламиз сирларидан воқиф бўлган эди. Шунинг учун бўлса керак, менга эътиборли ва ғамхўр муносабатда бўлиб келди. Бир сўз билан айтганда, доктор Блейксли ишончли одам эди. Эр-хотин Блейкслиларнинг фарзанди бўлмаса ҳам, улар идеал даражада бир-бирига умр йўлдоши эдилар. Мен хаёлимда уларнинг ўғли эканимни тасаввур қилганимда, менга жуда ёқарди. Албатта, буларнинг ҳаммаси шунчаки хаёлпарастлик экани менга аён эди. Улар қандай қилиб менинг ота-онам бўлсин?! Барибир, мен хаёлан уларни бу ролда тасаввур қилганимда, қийналган қалбим таскин топарди ва мени янги муваффақиятларга интилишимга ундарди.
Гап онамнинг менга эътиборсиз бўлганида эмас эди, аслида яхши ота-она боласига эътиборли бўлади. Онам ҳар доим имкон қадар менга эътибор беришга ҳаракат қиларди, аммо барибир ҳеч нарса чиқмасди.
Битирув йилимиз охирлашиб бораётганда, бутун синфимиз учун байрамни бизнинг уйда ўтказишга қарор қилдик. Онам билан мен кучимиз борича тайёргарлик кўрдик: столларни безаб, уларни тол дарахти остига кўйдик. Дўстларим менга омборхона орқасида футбол майдони қуришга ёрдам бердилар. Ўша кунга, истовчилар минсин деб, отларни ижарага олдик. Ҳаммаси дам олиш ва кўнгил очиш учун дид билан қилинди. Кун бўйи мактабдан ташқарида, яқинлашиб келаётган битирув кечасидан лаззатланишни кутардик. Фақат мени бир нарса хавотирга соларди, аммо онам бу қўрқувни тарқатишга ҳаракат қиларди. «Ташвиш тортма, — дерди онам, — ўша куни отангни шаҳарга жўнатиб юбораман. Буни ўзим тўғрилайман».
Байрам куни ҳаммамиз очиқ ҳавода тўпландик, энди тушликка киришганимизда, уйимиз олдидаги ўтлоқзорга отамнинг юк машинаси кириб келди. Тушундимки, отам ғирт маст: у машинани тез ҳайдаб келиб панжарани ағдарди, онам ўтқазган гулзорни босиб ўтди, кейин ўтлоқзорнинг нариги томонидаги панжарани ағдариб юборди. Ниҳоят, машинани тўхтатди. Отам астагина кабинадан тушиб, бир неча сония оёқда туришга ҳаракат қилди. Аммо тура олмай, ўтлар устига юз тубан йиқилди.
Ҳамма хохолаб кулиб юборди. Мен кўз ёшларимни ичимга ютиб, уйга қараб югурдим. Онам ортимдан пилдираб югурди. «Джош! — дея онам мени чақириб юпатмоқчи бўлди, — Джош, қаердасан?» Онам мени ётоқхонамдан топди. Юзимни ёстиққа босганимча, ҳеч ким билан гаплашишни истамасдим, уйдан чиқишни ҳам истамасдим.
— Тўғри тушунгин, ахир, бу ҳафта унга оғир бўлди.
Мен қулоқларимга ишонмасдим — онам отамнинг бу қилиғини ҳам оқлаяпти!
Шу пайт хонамга инглиз тили ўқитувчимиз Филпот хоним кириб келди. У ҳам мени ҳовлида кутаётган бошқа синфдошларимга қўшилишга кўндирмоқчи бўлди.
— Йўқ, чиқолмайман! — дея жавоб бердим.
— Хавотирланма, ҳаммаси жойида бўлади, — деб ишонтирди у.
— Йўқ, жойида бўлмайди! — дедим мен. Отам алкоголик эканини онам тан олишни истамагунча, ҳеч нарса жойида бўлмайди! Менинг қатъий чораларим уни ўзгартиролмади. Аммо онамнинг кўра-била туриб йўл қўйиб бериши вазиятни баттар қилди.
Ҳовлидан кулги янгради, кейин эса энг яқин дўстларимдан бири Довуд мени чақираётганини эшитдим. Мен кўз ёшларимни артиб, меҳмонхонага чиқдим. Пардани кўтариб, астагина қараган эдим, алгебра ўқитувчимиз жаноб Редмонт отамни ҳовлидан олиб кетаётганини кўрдим. Улар омборхона томонга кетаётган ўхшарди. «Ҳали шошмай тур, бугун ҳам боғлаб ташламасамми!», — ғўлдирадим ўзим эшитадиган қилиб.
— Джош! чақирди Довуд. — Қани, чиқ энди!
Мен эшикни очиб, остонага чиқдим. Ҳамма дўстларим отамга қараб, орқасидан кулардилар. Мен ҳам кула бошладим, аммо ичим дарддан инграр эди. Менга ҳам кулгили деган қиёфада тол дарахти остидаги столга келдим. Довуд қўлимдан ушлаб, ёнига ўтқазди. Бу саҳнани томоша қилиш ҳозир менга қанчалар аламли эканини унга тушунтиришга ҳожат йўқ эди.
— Сенинг ҳеч қандай айбинг йўқ-ку, Джош! — елкамга қўлини қўйди Довуд. — Байрамимиз бузилишига йўл қўймайлик.
Мен дўстимга қарадим ва кучимни йиғиб кулимсирадим. Ҳа, дўстим ҳақ эди. Ўша таниш кўнгилни ағдарадиган ҳиссиётлар — Меньшой флигелни ўзининг участкасига олиб кетган кунда ўрнашиб қолган ҳиссиётлар мени асло тарк этмаган эди.
Бу кун — отам мени дўстларим олдида шарманда қилган биринчи кун эмас эди. Бунинг устига, фермадаги ишлар йилдан-йилга ёмонлашиб борарди. Амал-тақал қилиб кун кечириш учун отам аста-секин фермани қисм-қисм қилиб сота бошлади. Оқибатда пул танқислиги катта муаммо бўлиб қолди. Отам бизнинг ўрта мактабимиз билан бир бинода жойлашган бошланғич мактабга қоровул ва фаррош лавозимига ярим штатга ишга кирди.
Мен имкон қадар ундан нари юришга ҳаракат қилардим. Аммо танаффус пайтларида истасам ҳам, истамасам ҳам отамнинг чўтка билан коридорни шипираётганини ёки ҳожатхонани тозалаётганини кўришимга тўғри келарди. Мен бирон марта ҳам унга яқин келмадим, бир оғиз сўз айтмадим. Отам мен учун гўё йўқдай эди. Тахминан шу пайтларда отам «Аноним алкоголиклар» йиғинига борадиган бўлди, аммо сабри узоққа чидамади. Отам ўзгаришга қодирлигига мен асло ишонмасдим. Бунга ҳатто умидим ҳам йўқ эди. Шунинг учун уни ишдан ҳайдаб юборганларида, мен асло ажабланмадим. Чунки отам мактаб ўқувчилари олдида «номуносиб ҳолатда» пайдо бўлиб қоларди.
Отам яна ерининг бир қисмини сотишига тўғри келди. Бир кун кечқурун — мактабни битиришимга икки ойча қолганда, учрашувдан сўнг уйга келсам, онамнинг йиғисини эшитдим. Мен хавотирланиб, уни излаб у хонадан-бу хонага югурдим, айни замонда отамни ҳам излардим. «Агар отам яна онамга нимадир қилган бўлса…» — ўйлашга ҳам улгурмай, муштларимни қаттиқ қисдим.
Мен онамни ўз каравотида йиғлаб ётган ҳолда топдим. Сўрашга ҳожат йўқ: отамнинг навбатдаги калтаклашларидан кейин, унинг юзлари шишиб кетган, қонталаш. Одатдагидай, онам отамни ҳимоя қила бошлади. Мен ҳам, ҳар доимгидай, янада қаттиқ ғазабландим. Мен отамни дарров топдим, онамни нима қилган бўлса, уни ҳам ўша аҳволга солдим. Фақат баттароқ қилдим.
Онам ёшга тўла кўзлари билан менга қаради.
— Ўтир, ўғлим, — деди онам кроватнинг бир четига сурилиб. Унинг овози энди одатдагидай жарангламас, бундан мен баттар хавотирга тушдим. Мен онамнинг ёнига ўтирдим. Онам маънисиз боқишлари билан рўпарадаги деворга қаради.
— Отанг юрагимни тилка-пора қилди, — деди онам ниҳоят.
— У ҳаммамизнинг юракларимизни қийма-қийма қилган, ойижон! У сизнинг юрагингизни анча йиллар илгари тилка-пора қилган!
Онам яна менга қаради, сўзсиз бошини ликиллатди, кўз ёшлари юзларидан оқиб тушарди:
— Тўғри...ҳаммаси тўғри. Энди фақат… тушуняпсанми, энди бунга тоқат қилишимга кучим қолмади. Мен мактабни тамомлаганингни кўрсам бўлди. Кейин… кейин эса ўлсам ҳам майли..
— Бундай деб ҳазиллашманг, ойи…
— Гапимни бўлма, Джош, — деди онам менга. Ме жим қолдим, онам яна нима деркин, деб кутдим. Чамаси, онамнинг айтадиган сўзи қолмаган эди. Онам яна тескари ўгирилиб, деворга тикилиб қолди.
— Менга учта нарсада ваъда бер, — деди ниҳоят онам пичирлаб.
— Хўп, ойи.
— Ҳеч қачон спиртли ичимликлар ичмайман деб ваъда бер.
Мен «хўп» дедим.
— Ҳеч қачон беодоб гаплар гапирмайман, деб ваъда бер.
Мен бундай ваъданинг уддасидан чиқишига имоним комил эмас эди. Аммо «хўп» дедим.
— Учинчиси — сен улғайганингда, менинг ўғлим, деб фахрланадиган бўлай.
Бу сафар унинг сўзларини эшитмадим. «Бундай бўлиши мумкин эмас, — ўзимни ўзим ишонтирдим. — Онам шунчаки ўлиб кетавермайди. Бошқа ҳар қандай одам ўлиши мумкин, аммо менинг онам эмас».
— Менга ваъда бер, — такрорлади онам.
— Ваъда бераман, — деб жавоб бердим мен унинг кафтларини қаттиқ қисиб. Онам кўзларини юмиб, каравотга суянди.
Онамнинг ёнида бир оз ўтирганимдан кейин, кетмоқчи бўлиб ўрнимдан турдим. Онам ухлаб қолган, шекилли. Онамнинг нафас олиши енгиллашиб, бир маромда бўлиб қолди. «Эртага ҳаммаси изига тушиб кетади, онам ўзини яхшироқ ҳис қилади, — деб хаёлимдан ўтказдим мен. — Отам ҳам оғилхонада тунни ўтказгандан кейин ҳам шундай бўлади». Мен отамнинг хизматларига яраша насибасини беришга қарор қилиб, тезда хонадан чиқдим.
Книга на Узбекском языке: - Непоколебимый (Джош Макдауэлл)
Джош Макдауэлл считается одним из самых известных в мире проповедников. Невероятно, но в детстве этот человек… не верил в Бога. Ещё, будучи совсем молодым человеком, он взялся доказать, что учение о Божественности Христа - вымысел. С этой целью он исследовал подлинные исторические документы, где говорилось о событиях того времени, беседовал с людьми, которые хорошо знали эту тему, и в конце концом превратился в верного последователя Христа.
Перед вами история этого легендарного человека, написанная широкими мазками, чтобы как можно полнее показать те подъемы и падения, которыми отмечено было начало его пути. Впервые Джош рассказывает о своём удивительном духовном перерождении, когда он вверил свою судьбу в руки всемогущего Бога и познал божественную благодать: даже самые ужасные события, которые с нами происходят, можно перенести с верой в Бога - свободной, глубокой и… НЕПОКОЛЕБИМОЙ.