Саботли инсон (Джош Макдауелл) 2 bob

Джош Макдауелл. Саботли инсон - (2-боб) Китоб Ўзбек тилида

Sabotli inson (Djosh Makdauell) O‘zbek tilida AudiokitobSabotli inson (Djosh Makdauell) O‘zbek tilida Audiokitob

Оғир хотиралардан ақл бовар қилмас марҳаматгача бўлган йўлни босиб ўтган инсоннинг ҳақиқий тарихи

 

МУНДАРИЖА

 

Муаллифдан

Биринчи боб - Ер юзидаги ҳамма нарса ажойиб

Иккинчи боб - Азалда

Учинчи боб - Уэйн

Тўртинчи боб - Меньшойнинг хиёнати

Бешинчи боб - Мактаб

Олтинчи боб - Ҳарбий ҳаво кучлари

Еттинчи боб - Янги уфқлар

Саккизинчи боб - Буюк Британия

Тўққизинчи боб - Саёҳат давом этади

Ўнинчи боб - Ҳаммаси бошқатдан

Ўн биринчи боб - Уитон ва келажак

Ўн иккинчи боб - Уйга қайтиш

Ўн учинчи боб - 1961 йилнинг ёзи

Ўн тўртинчи боб - Битирув курси

Ўн бешинчи боб - Унаштириш ва ўқишнинг тугаши

Ўн олтинчи боб - Сўнгги ёз

Ўн еттинчи боб - Ғарбга

Ўн саккизинчи боб - Даъват

Ўн тўққизинчи боб - Зангори океан

Хотима


Иккинчи боб. Азалда

Болалик йиллари — умрнинг энг ажойиб даври, деб айтадилар. Эҳтимол, шундай бўлиши керакдир. Аммо мен билан юз берган ҳодисада бу сўзлар ҳақиқатдан узоқ. Гарчи бу ҳақда гапириш қанчалар аламли бўлмасин, менга шундай туюладики, отам, фермада яна битта ишчи кучи пайдо бўлсин, деб менинг дунёга келишимни кутган. Қолаверса, болалигимда отам бу ҳақда бир неча марта гапирганини ўз қулоғим билан эшитганман. Шундай бўлди ҳам — болалигим (кўпинча ялангоёқ) Мичиган штатидаги Юнион-сити шаҳарчасидаги ўзимизнинг фермамизда меҳнат қилиш билан ўтди. Бу ҳаётда қандайдир таянчни ва барқарорликни уй ишларида ва мактабда фақат онамдан топардим. Аммо отам билан муносабатларим ҳар доим мураккаб бўларди. Дарвоқе, ўзининг пушти камаридан бино бўлган ўғлига, қаролдай муносабатда бўлган одам қандай қилиб севгига ва ҳурматга сазовор бўлсин?!

Отам Уилмот Макдауэлл Индиана штатида 1898 йили туғилган, оиладаги ўнта фарзанддан биттаси эди. У ҳаётининг маълум вақтини Айдахо штатидаги Фримонт шаҳрида ўтказган. 1919 йили шу ерда у менинг бўлажак онам Эдит Джослин билан танишди, улар турмуш қурдилар. Уларнинг биринчи фарзанди кичик Уилмот икки йилдан кейин оламга келди.

Менинг отам алоҳида жисмоний қуввати билан ажралиб турмасди, аммо ҳеч ким бу қайсар жангари руҳи бор одамдан бирон нарсани тортиб ололмасди. Бу феъл-атвор унга бу ерга биринчи келганлар давридан мерос бўлиб қолган эди. Отам юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган пайтлари, бу феъл-атвори унга кўп ёрдам берди. Отам ўшанда Монтана тоғлари довони орқали мис ва кумуш кончиларига озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш материаллари олиб келар эди. Бу кимсасиз, овлоқ йўлларда ҳамма нарса юз бериши мумкин эди, юз берган ҳам эди. Шунинг учун отам ёшлигиданоқ ҳар қандай мураккаб вазиятдан турли усулларни ишга солиб чиқиб кетишни ўрганган эди.

Онам эса, аксинча, назокатли шахс эди. У Нью-Джерсида туғилиб ўсган, унинг оиласи асли англияликлар наслидан эди. Онам бу билан ниҳоятда фахрланар ва ўзини маданиятли, маърифатли хоним деб биларди Онам хонадонимизда маълум тартибларни имкон қадар сақлашга ҳаракат қиларди. Онам отамнинг нимасини ёқтириб қолган экан? Менимча, улар отам ичкиликка муккасидан берилиб кетишидан олдин танишиб, оила қурганлар.

1920 йиллар давомида Айдахода иш топиш анча мураккаб бўлиб қолган эди, опам Шерли туғилгач, оиламиз шарққа томон йўл олган. Улар Детройтда ўрнашганлар. Тез орада отамнинг ичкиликка ружу қўйгани ошкор бўлди. Муттасил ичиш отамга қимматга тушди — у чакана савдо қиладиган катта «Атлантик ва Пасифик» дўконида иш юритувчи лавозимидан маҳрум бўлди. Оила яна бошқа жойга кўчишга мажбур бўлди. Энди улар Бэттл-Крик шаҳарчасидан макон топганлар. Бу жой бир неча юз километр ғарбда эди. Бу ерда «Оғир депрессия» шиддат билан бошланиб кетган. Менга кейин айтиб берган эдилар: ҳамма америкаликлар учун қийин бўлган бу пайтларда Лиза хола деган ота-онамнинг бир бой таниши отам билан онамга Юнион-сити четидан экин экиладиган ерни ҳадя қилган экан. Ота-онам ҳаётини қайтадан бошлашларига имкон яратиб бериш мақсадида, Лиза хола шу ишни қилган экан. Аммо 1930 йили иккинчи опам Джуннинг туғилганини ҳисобга олмаганда, ота–онамнинг ҳаёти эски зайлда давом этарди.

Отам маълум вақт маҳаллий дўконда бошқарувчи бўлиб ҳам ишлаган, бош кўтармай ичиши оқибатида бу ишдан ҳам айрилган. Бутун кучини сутчилик фермасига сарфлашдан бошқа чораси йўқ эди. Аммо бу соҳада ҳам ҳеч қандай муваффақиятга эриша олмаган эди. Оиламизнинг бахтига, кичик Уилмотда (ёки Меньшойда, биз уни оиламизда шундай деб чақирардик) ёшлигиданоқ фермерлик ишига мойиллик пайдо бўлди. Бу пайтга келиб, отам ишсиз бўлиб қолган эди. Меньшой эса моҳир хўжайин сифатида ўзини кўрсатган эди. Меньшой «Американинг бўлғуси фермерлари» аъзоси бўлди, ўсмирлик ёшиданоқ фермага ўзи «илмий ёндашув» деган қарашларни татбиқ қилди. Юраги туғма хаста бўлишига қарамай, у ҳақиқий меҳнаткаш эди. Меньшой жуда қобилиятли бола бўлди, мактабда ҳам ёмон ўқимасди. Бу пайтга келиб онам ҳисобчилик ишларини олиб борарди, шу тариқа ферма фойда келтира бошлади.

Аммо отамга ҳамма ишларни барбод қилиши учун кўп вақт керак бўлмади. Отам ҳар куни уч бутилкадан вино ичар, «олимга ақл ўргатма» деб ҳаммага дўқ урарди. Меньшой ва отам ўртасидаги қаттиқ жанжал одатдаги ҳодисага айланган эди. Отам ҳар доим ферма ишига аралашаверганидан, Меньшой асабийлашарди. Аммо барибир, бир-бирларини ҳақорат қилишларига қарамай, отам бошқа болаларига қараганда, Меньшойни ниҳоятда ҳурмат қиларди. Ҳатто Меньшой ҳам тил топиша олмаган бундай ота билан бошқа оила аъзолари қандай яшаганини ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Мен туғилганимда, Меньшой ўн саккиз ёшда экан. Шерли Меньшойдан бир ёш кичик эди. Опам Джун ўн ёшда бўлган. Шундай қилиб, бизнинг орамиздаги фарқ вақти-вақти билан мени, нима учун мен дунёга келган эканман, деб ўйлашга мажбур қиларди.

Ҳикоя қилишларича, 1939 йилнинг август ойида ҳаво очиқ кунларнинг бирида маҳаллий жамоатнинг чўпони бизнинг уйимизга ташриф буюрибди. Бизнинг оила жамоатга мунтазам борадиган оилалардан эмас эди. Аммо чўпон ёш, ғайратга тўла йигит бўлиб, яқинда ўз мажбуриятларини бажаришга киришган экан. Эҳтимол, у одамлардан бизнинг оиламиз ҳақида ножўя фикрлар эшитган бўлса керакки, бизни чўпонсиз, ҳеч қаёққа боролмайдиган, адашган қўйлардай қабул қилган эди.

Хуллас, онам уни меҳмонхонамизга бошлаб кириб, ўтқазган, олдига чой қўйган, аммо онамнинг қорнида тўққиз ойлик ҳомиласи борлиги тўғрисида у тасаввурга ҳам эга бўлмаган. Бунинг ҳайрон қоладиган жойи йўқ: онамнинг бўйи бир метр олтмиш сантиметр бўлиб, вазни бир юз эллик кило чиқарди (қалқонсимон безида муаммо борлиги учун). Мени ҳазиллашяпти, деб ўйламанг, ҳақиқатан шундай: онам эшикка сиғмасди, эшикка ёнбошлаб, қисилиб зўрға ўтарди. Онамнинг кенг гавдаси мени ташқаридагиларнинг нигоҳидан яшириб турарди.

Қарангки, бир ҳафтадан кейин мен туғилганимда, Макдауэлл оиласи яна битта ўғилга кўпайганини эшитган чўпон жуда ҳайрон қолган. Тахминимча, онам мени сувга чўмдириш учун жамоатга олиб келганда, чўпон баттар саросимага тушиб қолган. Онамнинг қизлик фамилияси Джослин менинг биринчи исмим эди, лекин мени ёшлигимданоқ Джош деб чақиришарди. Борди–ю, мен онамни бирон нарсада жиддий ранжитиб қўйсам, «Қани, бу ёққа келинг-чи, Джослин Дэвид Макдауэлл!» деган сўзларини эшитар эдим. Мен туғилганимдан кейин икки ҳафта ўтгач, фашистлар Германияси Польшага бостириб кирди, Франция ва Англия Гитлерга қарши уруш эълон қилди. Икки йилдан кўпроқ вақт ўтгач, Пёрл-Харбор бомбардимон қилинди. Опам Шерли кўнгилли бўлиб ҳамшира сифатида армияга кетди. Акаларим ва опаларим орасида Шерли биринчи бўлиб бизнинг бахтиқаро хонадонимизни ёриб чиқиб кетди.

Эҳтимол, менинг илк болалик хотираларим Шерли билан боғланган бўлса керак. У таътилга уйимизга келганда, ҳар доим менга турли совғалар олиб келарди: гоҳ қалайдан қилинган аскарлар, гоҳ кичкина ўйинчоқ танклар армияси каби. Менинг назаримда, Шерли қоматдор, ҳарбий формада шундай бежирим кўринардики, ҳақиқий гўзал эди!

Мен тўрт ёки беш ёшда эканман, Шерли баланд бўйли бир десанчи йигит билан бирга келди. Унинг исми Стэн экан. Шерли мени бир четга олиб ўтиб, ҳеч кимга эшиттирмай деди: «Мен Стэнга турмушга чиқмоқчиман, бу ердан кетишингга сенга ёрдам бераман, Джош! Балки, бир кун келиб сен бизнинг олдимизга борарсан, биз бирга яшармиз».

Ниҳоят, айрилиқ кунлари ҳам келди. Мен ўкирганимча Шерлини маҳкам қучоқлаб олдим. Уни қўйиб юборгим келмасди. Мен ўзимизнинг кинотеатрда бир кинохороника кўрган эдим. Шунинг учун Шерли уруш бўлаётган ерга кетаётганини билардим... ҳатто у ерда Шерли ҳалок бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо Шерли Стэнни қўлтиқлаб кетаётганини кўриб, улар Флорида ёки Калифорнияда таътилни беташвиш ўтказиш учун кетяпти, деб ўйлаш мумкин эди.

Шартнома бўйича Шерлининг хизмат муддати тугаганда, у хизматдан бўшаб, уйга қайтиши ҳам мумкин эди. Аммо Шерли Европада қолишни афзал кўрди, яна энг олдинги сафда. Ёдимда, бир куни онамни ётоқхонасида йиғлаб ўтирган ҳолда кўрдим. «Нима бўлди?» деб сўрадим. Мен, отам яна бирон ҳунар кўрсатибди-да, деб ўйладим. Аммо бунга отамнинг алоқаси йўқ экан. Онам Шерлидан мактуб олган экан: у, уруш тугагунча, Европада қоламан, деб ёзибди.

Бахтимизга, Шерли урушдан эсон-омон қайтди. Аммо бу сафар ҳам, кейин ҳам у бизникига келмади. Шерли ва Стэн турмуш қуриб, Чикагода ўрнашиб қолдилар. Мен эса уларнининг олдига ҳеч кўчиб боролмадим, ҳозирда нима сабабдан кўчиб бормаганимни эслолмайман. Аммо уларникида бир неча марта меҳмонда бўлдим.

Аммо хотираларимнинг илк даври иккинчи опам — Джун билан боғлиқ. У мени уйимизнинг ёнидаги кир ювиш учун мўлжалланган катта бетон бочкада қандай қилиб чўмилтирганини эслайман. Онам гавдаси ва соғлиғи туфайли менга қарай олмагани учун кўпинча мен билан Джун шуғулланар эди. Тўрт-беш ёшлигимда икковимиз бирга шаҳарга борганимизни ҳам эслайман. Джун ўз ёшига нисбатан катта кўринарди, одамлар кўпинча мени унинг ўғли деб қарардилар.

«Болангиз қандай чиройли-я, қараб тўймайсан!» -деб бир ёши катта аёл шундай сўзларни айтгани ёдимда. Бэттл-Крикдаги йўлакда у бизни тўхтатиб, юзларим силаб эркалагани эсимда. «Унинг кўм-кўк кўзларига қаранг! — деб мени чўпиллатиб ўпиб қўшимча қилди. — Эҳтимол, тўполончи бўлса керак-а?»

Джун нотаниш аёлга мослашишга қарор қилиб, кулиб қўйди: «Йўқ, у ҳечам бебош эмас. Нима десам, айтганимни қилади. Сен гапимга қулоқ соласан-а, Джош?» Мен бошимни ликиллатдим дедим: «Мен ойимнинг айтганларини қилганимда, у ҳар доим менга музқаймоқ олиб беради!»

Нотаниш аёл мени янада қаттиқроқ ўпди ва кармонидан пул чиқарди. «Мен ҳам сени музқаймоқ билан меҳмон қиламан, йигитча! — деб хитоб қилди у. У узоқлашар экан, баланд овоз билан ўзига ўзи қўшимча қилди: «Қандай ақлли бола-я!» Энди мен ва опам иккимиз йўлнинг нариги бетига ўтиб, Салливаннинг музқаймоқ кафесига кирдик. Опам менга икки ҳисса ванил сепилган музқаймоқ олиб берди.

Мен Джунга қойил қолардим. У ниҳоятда сезгир, ҳатто артист табиатли эди, пианинони жуда яхши чаларди. Айтиш мумкинки, Джун оиламизнинг жони эди. «Бизнинг замонда бунақаси энди йўқ» деган гап айнан Джун ҳақида айтилган. Агар унинг эри Мерл Лоури бўлмаганда эди, у узоққа борарди, деб кўп хаёлимдан ўтказаман. Мерл Лоури отамизнинг ўзгинаси бўлиб чиқди.

Тўғри, оилавий ҳаётда Мерл Джунга қўл кўтармасди (ҳар ҳолда, бу кўзга ташланмасди), аммо барибир, отам сингари ароқхўр эди. У холодильник тузатадиган жуда яхши уста эди. Қолаверса, у ҳамма нарсани тузата оларди. Аммо муттасил ичиш оқибатида оилани боқа олмасди. Тасаввурим шундай эдики, у ўзини қўлга ололмайдиганлар тоифасидан эди. Менимча, Джун Шерлидан намуна олиб, тезроқ фермадан кетиш ниятида Мерлга турмушга чиқди. Тамом–вассалом, тез орада у бешта болага, Мерлни ҳам қўшганда олтита болага энагалик қилишига тўғри келди.

Эсимда: бир куни Мавлуд (Рождество) да биз арча атрофига йиғилган эдик. Ҳаммамиз, қачон совғаларни очарканмиз, деб кутардик. Бир пайт хонага тўсатдан маст отам бостириб кирди. У креслога ағдарилиб, хуррак ота бошлади, биз эса, отамнинг ортидан Мерл кириб келишини кутишимиз қолди, холос. Аммо у келмади. Кейин маълум бўлишича, у сирпанчиқ йўлда оёғида тура олмаган ва қор уюмига кириб кетиб, у ерда ўша ҳолатда қолиб кетибди. Қаттиқ мастлигидан бошқаларнинг ёрдамисиз қор уюми орасида чиқа олмаган экан. Мерл кечқурун пайдо бўлди, бу сафар ҳам отамга ҳамшиша бўлиб, ароқ ичиш учун келган эди.

Уруш ҳам тугади, Меньшой Карла деган ўша ерлик бир қизга ошиқу беқарор бўлиб қолди. Меньшой бу пайтда ўсмир йигит эди. Оиламизда ҳеч ким, жумладан, мен ҳам буни жиддий қабул қилмадик. Онам доимо Карладан шикоят қиларди.

Карла ва Меньшой хўжалигимизда уйимиз ёнига қурилган бинога кўчиб ўтдилар. Мен кўпинча Карла акамни эговлаётгани устидан чиқардим, Карла гоҳ у нарсани, гоҳ бу нарсани баҳона қилиб, жанжал чиқараверарди. Карланинг ўткир овози узоқдан ҳам эшитилиб турарди. Бир куни Меньшой ўт ўраётган эди, ўроқ тасодифан клумбадаги (тўгарак шаклдаги гулзор — тарж.изоҳи) гулларга тегиб кетиб, уларни кесиб юборди. Бу гулзорни Карла уйларининг олдига ўтқазган эди. Карла муштини ўқталиб учиб келди, Меьшойни шунақанги ҳақорат қилиб кетдики, худди учинчи жаҳон уруши бошланибди, шекилли, деб ўйларди унинг бақир-чақирини эшитган одам.

Карла ва Меньшой катта уйда бўлганларида, Карла мени ҳам ўз чизиғидан юришга мажбур қиларди. Биз у билан радиони талашиб, сал бўлмаса уришиб кетай деганимиз эсимда: радиодан мен «Яшил қовоқари» каналини эшитаётган эдим, Карла эса «Бернс ва Аллен шоуси» станциясини эшитишни хоҳлаб қолди. У радиоканални буради, кейин бошқасини буради. Карла менга, дамингни чиқармай ўтир, деб ўшқирди. Уни мен илгари ота-онасидан эшитмаган сўзлар билан ҳақоратладим. Шундан кейин у оёқларини базўр судраб, менга «ҳали қараб тур, адабингни бермасамми» деб кетди. Уйимиздан салгина нарида тол дарахти ўсарди, ўша дарахтга чиқиб олишдан бошқа иложим қолмади; бундай вазиятда менга ўша дарахт бошпана бўларди. Агар Карла менинг пайимга тушган экан, дарахтнинг тепасига чиқиб, Карлани рогаткадан тош отиб кутиб олишим мумкин эди.

Мен дарахт устидан қоронғу бўлганда тушдим, бу пайтда ҳамма ухлашга ётган эди. Мен Карлага дуч келмай деб, ётоқхонага дераза орқали кирдим. Эртага барибир, савалаш учун янги баҳона топилади, деган асосли тахмин билан, бугун кўнгилсизлик орттиришни хоҳламадим. Одатда ҳар куни жанжал учун баҳона топиларди.

Оилавий манзаранинг пировардида иккита катта ғилдирак — отам билан онам турар эди. Менинг улар ҳақидаги илк болалик хотираларим — битта том остида яшаб, абадий бир-бирини ҳақоратлаб ўтаётган иккита одам сифатида таассурот қолдиргани бўлди. Мен бирон марта ҳам уларнинг бир бирларига илиқ муносабатини кўрмаганман. Улар бир-бирларига табассум билан боққанларини, бир-бирларини бағрларига босганларини, бир-бирларини қўлтиқлаганларини эслолмайман, ўпишмаганлари эса аниқ. Отам фақат ичишни биларди. У оилага, хўжаликка беписанд муносабатда бўлгани сабабли онам уни доим эговларди. Онам гапга ниҳоятда чечан эди. Тахмин қилишимча, улар танишганларида, отам кўп ароқ ичмасди, онам ўзининг ҳукмронларча одатлари ва қилиқлари билан отамни ашаддий ароқхўрга айлантирди. Шундай пайтлар бўлардики, отам ғирт маст бўлиб оёғида туролмай қолганда, онам отамдан аламини оларди. Онам отамни ҳеч қачон урмаган (мушт билан ёки бошқа нарса билан), фақат иккала қўли билан отамнинг орқасидан туриб елкасидан итариб юборар ёки куч билан креслога итарарди.

Табиийки, буни отамнинг онамга бўлган муносабати билан асло солиштириб бўлмасди. Отам қаттиқ маст бўлганда, қутуриб кетарди. Қутуриб, оёғида тура олган ҳолларда у ниҳоятда хавфли одамга айланарди. Мастлик унинг кўзини кўр қилган бундай ҳолларда, у бутун ғазабини онамга ёғдирарди. Баъзан, отам ҳозир онамни уриб ўлдириб қўяди, деб қўрқардим.

Ким нима демасин, онам камчиликларига қарамай, болалагимдаги ягона таянчим бўлиб қолди. Содда қилиб айтганда, онам мени яхши кўришини билардим. Мен ҳам уни севардим. Орамизда кўп тушунмовчиликлар бўлган, севгимиз кўплаб синовларга дучор бўлган, аммо шуларга қарамай, биз бир-биримизга янада мустаҳкам боғланиб қолавердик.

Ўша кузнинг очиқ кунини ҳеч қачон унутмайман: онам каталогдаги расмларни варақлаб томоша қилаётган эди, мен онамнинг тиззасига чиқиб олиб, у билан бирга томоша қила бошладим. Ўшанда беш ё олти ёшда эдим. Онам менга, Мавлуд (Рождество) кунига совға сифатида қайси бирини олишни истайсан, ўзинг танла-чи, деб таклиф қилди. Мен қўлим билан ўйинчоқ темир йўлни кўрсатдим. Мавлуд куни эрталаб арча остида тўлиқ комплектдаги темир йўлни кўрганимда, ҳайратланиб қолдим. Мана буни Мавлуд куни деса бўлади! Ўша кунни ҳеч қачон унутмайман.

Оиламиздаги интизомни онам сақлаб турарди. Шўхликларим чегарадан чиқиб кетганда, онам мени, бор тола новдасидан синдириб, тезда қайтиб кел, деб айтарди. Кейин онам, иштонингни тушириб, икки букилиб тур, деб буюрарди. Онам орқамга бир-икки аччиққина қилиб хипчин тушириш учун шундай қиларди. Одатда мен онам берадиган жазоларга қаршилик қилмасдим, аммо, ўз навбатида, стратегик қарши чоралар ишлаб чиқардим.

Эсимда, якшанба кунларининг бирида онам меҳмонларга атаб дастурхон безади. Меҳмонлар туш пайти келишлари керак эди. Мен эса бир оз «тамадди қилиб олиш»га қарор қилдим ва гоҳ у овқатдан, гоҳ бу овқатдан чўқилай бошладим. Онам, бас қил, деб мени огоҳлантирди, аммо мен давом этавердим. Ниҳоят, онамнинг тоқати тоқ бўлди. Онам мени ташқарига чиқариб юбориб, тол новдасини олиб кел, деб буюрди. Мен энг ингичка новдани топиб келдим.

Уйга кирганимда, онам, кўйлагингни ечиб, стол атрофида юрасан, деб буйруқ берди. Ўзи эса бурчакка туриб олиб, мен унинг ёнидан ҳар сафар ўтганимда, мени савлаш учун хипчинни ушлаб тайёр бўлиб турди. Аввалига мен секин юриб ўтдим, аммо бир неча марта айланганимдан кейин, онам менга хипчин тушириш учун ўхталганда, тезликни оширдим. Натижада онам ҳар сафар ё хипчинни ўқталарди ёки аста-аста уриб қўярди. Онам менинг ҳийлаларимни билиб турса ҳам, қиёфасини ўзгартирмади. Мен стол атрофини беш ё олти марта айланганимдан кейин икки-уч марта хипчин едим. Шундан кейин онам мени қўйиб юборди, онам бу тарбиявий ишидан хурсанд бўлганга ўхшарди.

— Бу сенга сабоқ бўлсин, — деди онам хотиржам оҳангда. Кейин у ёқ-бу ёққа қараб, ошхонага йўл олди.

Отамнинг тарбия усуллари ҳақида гапиришга ҳожат йўқ. Гапларим асоссиз ва кескин чиқишини истамайман. Мен уни ҳушёр кўрган камдан-кам ҳолатларда унинг ичкиликдан боши оғрирди. Шунинг учун у ҳеч ким билан гаплашишни истамай, жим ўтирарди. Қаттиқ суранкали ичиш бошланган кунлари эса биз унинг кўзига кўринмасликка ҳаракат қилардик.

Мен олти ё етти ёшда эканман, гарчи ҳеч нарса қила олмасам-да, отам онамга ташланмасдан олдин, мен онамни ҳимоя қилишга киришардим. Аммо йиллар ўтиб, мен отам билан онам ўртасига тез-тез тушардим. Отам пастроқ бўйли, озғиндан келган, маст ҳолда онамнинг устига бостириб келса, мен уни тортиб, бир чеккага чиқариб қўярдим.

Бу қанчалик жирканч, қанчалар кўнгилни айнитадиган туйғу эканини айта олмайман: ўзингнинг падарингга тик боққанингда, ҳатто энг севимли одамингни ҳимоя қилиш учун, отангни дўппослаганингда. Бу туйғу инсон қалбига путур етказади, оқибатда одам оламга тўғри назар билан қарай олмайди, нарсаларнинг табиий тартиби тамомила издан чиқади. Мактабдош дўстларимнинг кўпчилигидан фарқли равишда, менга ота бағри нотаниш эди, ота ўз ўғли билан ширин ташвишларда топадиган ўзаро яқинликнинг шодлиги бегона эди. Биз фермада биргаликда нимадир қилганимиздагина отам билан бирга бўлардим ёки отам онамни урганда орага тушардим.

Бир куни отам шаҳарга борадиган бўлди. Мен отамга билдирмай «Шевроле-пикап» машинамизнинг брезент тенти остига беркиниб олдим. Отам севимли «Даффи» майхонасига йўл олган эди. Отам у ерда ўзини қандай антиқа ҳодиса кутаётганидан бехабар эди. Мичиганда шундай қонун борлигини мен тасодифан билиб қолган эдим: бу қонунга кўра, арохўр одамнинг хотини дўкон эгасига, эримга ароқ сотмайсиз, деб таъқиқлашга ҳақли экан. Тўғриси, қонунга ҳамма ҳам эътибор беравермасди, менинг ҳам шу пайтгача ишим тушмаган эди.

Отам эндигина майхонага кириб жойлашган ҳам эдики, мен тентнинг остидан чиқиб, кичикроқ дубинкани қўлимга олдим. Бу дубинкани ана шундай ҳодисалар учун алоҳида сақлаб келардим. Мен барга кирдим. «Менинг отамга ичкилик сотишга сизнинг ҳақингиз йўқ!» деб бақирдим барменга ва қўлимга тушган ҳамма нарсани дубинка билан синдириб ташладим. Кўзгу, бутилкалар, стаканлар — ҳаммаси чил парчин бўлди. Ҳатто ойнани ҳам синдирдим. Бардаги ҳақиқий уришишнинг битта фарқи шу эдики, мендан бошқа бардагиларнинг ҳаммаси хотиржам эди. Менинг қутуришим ҳам, тўғриси, узоқ давом этмади — барда ўтирган эркаклар сакраб менинг олдимга келдилар, кимдир орқамдан келиб, маҳкам қучоқлади, кимдир қўлимдан таёқни тортиб олди. Бу пайтда отам бурчакда ўтирганича, қимирламас, ҳатто менга қарамас эди. Мен бисотимдаги ҳамма сўзлар билан уни ва дўстларини ҳақоратлаб, судралганимча уйга жўнадим.

Онам юз берган воқеани эшитгач, мени уришди ва одатдагидай, мени тол хипчини олиб келишга юборди. Мен уни ҳимоя қилишга ҳаракат этганимга қарамай, менга илтифот кўрсатмади. «Менинг ўғлим қонунсизликка йўл қўйибдими, буни кечирмайман!», — деб айтарди, холос.

— Ахир, улар отамга спиртли ичимлик сотиб қонунни бузяптилар! — деб мен ҳам гапдан қолмадим.

— Аҳмоқ аҳмоққа қўшилса, яхши бўлиб қолмайди, Джош, — деб жавоб берди онам «гап тамом» дегандай.

Мен барибир ўз фикримда қолавердим.

Шу кеча мен ухлаёлмай, у ёнимдан бу ёнимга ағдарилиб чиқдим, хаёлан «Даффи»да юз берган воқеага қайтавердим. Бир неча сония мен барда тўполон қилдим. Аммо бу жанжалларнинг асосий сабабчиси бўлган отам учун буларнинг ҳаммаси барибир эди.

Тўғрисини айтганда, мен ҳам унчалик мўмин-қобил бола эмас эдим. Мен ўн бир ёшга кирганимда, автомобиль ҳайдашни ўрганадиган пайтим келди, деб қарор қилдим. Кимдир вақтини кетказиб менга машина ҳайдашни ўргатишини кутишим керак эмас, шунинг учун мен ўзимнинг режаларимни ишга солмоқчи бўлдим. Отам машинани қандай ҳайдашини кузатиб, ҳайдашнинг оддий қоидаларини ўрганиб олганимга шубҳам йўқ эди. Шундай ажойиб кунларнинг бирида отам шаҳарга кетганда, эски «Шеви»ни ҳайдаб кўриш вақти келди, деб ўйладим. Шеригим — олдинги ўриндиқда чиқиб олган колли итимиз Пепси бўлди.

Аввалига ҳаммаси силлиқ кетди. Дастлабки ўн беш минут тезлик коробкаси, худди юзта қирраси бордай, ғижирлайверди. Аммо мен ричагни оҳиста ундан бунисига ўтказишни ўрганиб олдим. Тез орада мен ўтлоқзорда оғилхона билан қишлоқ йўли орасида осонгина «Шеви»ни ҳайдардим.

Шу пайт, ғойбдан, ғилдирак остидан қуён сакраб чиқди. Пепси, худди шуни кутиб тургандай, кўз олдимда ўзини у ёқдан-бу ёққа ура бошлади ва лобовой ойнадан учиб чиқиб, қуёнчанинг ортидан қувиб кетгудай бўларди.

Пепси акиллаб, тиззамга сакради, шу пайтда қаёққа бораётганимни англаб олмай қолдим. Ўтлоқзордан кетаётиб, машинамнинг қаноти билан катта арчани уриб юбордим, бу эса тезликни бир оз секинлаштирди. Бутазорни кесиб ўтиб, бурчакдаги дарвозани ушлаб турадиган столбага урилдим, оғилхонамиздан яйловга ана шу дарвозадан чиқиларди. Бу пайтда, табиийки, қуённинг излари йўқолган эди.

Машинадан чиқиб, шикастланган жойларни кўздан кечира бошладим: радиатор решёткаси синган, капот букилган — қаноти худди чайнаб ташланганга ўхшарди, фара синган, буларнинг устига, узун ва чуқур жўяк кузов бўйлаб кетган, бу жўякни арчани сиртиб ўтганимда «ясаган» эдим. Мен Пепсига қарадим, у айбдордай менга бошдан-оёқ разм солиб, ғингшиб жавоб берарди, холос. «Бунда сенинг айбинг йўқ», деб чуқур хўрсиндим, мен энди нима қилсам экан, деб ўйлай бошладим.

Ерда ётган столбага яқинлашиб, уни яна жойига тиқиб қўймоқчи бўлдим, аммо қанчалик ҳаракат қилмайин, столба, худди кеманинг синиб тушган матчасига ўхшаб, бир томонга қийшайиб кетаверарди. Мен бошимни қашиб, энди нима қилсам экан, деб ўйлаб қолдим. Юк машинасини ўзим тузатишга уриниб кўраман. Маълум вақт букилиб, қийшайиб кетган темирни тепиб, босиб эздим. Бундан қандайдир фойда олиш умидидан кўра, виждонимни поклаш учун шундай қилардим эди. Сўнгра мажақланган машинани оғилхонага яна олиб кирдим. Машинани айвонга қўйиб, уйга қайтиб қирдим ва одеял остига ғужанак бўлиб олдим. Бу пайтда кундуз соат уч эди.

Чамаси, икки соатлардан кейин отамнинг қадам товушлари эшитилди, кейин ғичирлаб уйга кириш эшиги очилди. Отам менинг хонамга томон келаётгани аниқ эшитилиб турарди, нарсаларга туртилиб келаётганидан маст эканлиги билиниб турарди. «Каллам кетади, — деб ўйладим мен, — Ҳозир бошланади».

— Джош! — бақирди у. — Қаердасан?

Мен кроватга янада қаттиқроқ ёпишиб, кўзларимни юмиб олдим. Хонамнинг эшиги ланг очилди. Ҳатто одеялни бошимга тортиб олганимда ҳам, отам эшик ёндорини ушлаб, хонага энгашиб қараб турганини сезиб турардим.

— Джош! — яна чақирди отам бу сафар овози унчалик баланд эмас эди. У жавобимни кутмай (мен унга жавоб бермоқчи ҳам эмасдим), давом этди: — Бузоқларга ким ем беради? Сендан сўраяпман!

Мен кўзларимни очдим.

— Қани, тур-чи ўрнингдан, етар ётганинг! — деди у, — иш кутиб турмайди!

Қулоқларимга ишонмай, одеялдан секин бошимни чиқардим. Мени ҳайрон қолдирган нарса шу бўлдики, у менинг қаерда яшириниб ётганимни билди, машина ҳақида эса бир сўз ҳам айтмади. Нима, у ҳали ҳеч нарсани кўрмадимикан? Адёлни устимдан ирғитиб, оёғимни қўлимга олиб, бузоқларга ем бергани учиб кетдим.

Маълум вақт ўтгач, темирнинг жаранг-журунгини, кейин онамнинг норози оҳангдаги овозини эшитдим. Биров билиб қолмасин, деб ҳаракат қилиб, эҳтиёткорлик билан оғилхонанинг синган деразасидан бошимни чиқариб, нима бўляпти экан, деб қарадим. Қўлида ёғоч болғани ушлаган отам, ҳеч нарсани тушунмай машинанинг пачоқланган олд томонига қараб турарди. Онам эса ўзини тута олмай, отамнинг тепасида жунбушга келаётган эди:

— Миянгни ҳам ичиб қўйибсан! Кўрдингми, ароқхўрлигингнинг оқибати нима билан тугайди? — уришарди онам отамни. — Пачоқ бўлибди-ку! Нимага болғани у ёқдан-бу ёққа айлантиряпсан? Барибир ўзинг ҳеч нарса қилолмайсан. Бор, устахона билан гаплашиб кел, тузатиб беришади!

Отам болғани бир ёққа қўйди. Юзида аллақандай англашилмовчилик, ҳайрон бўлиб турарди:

— Ўлай, эслолмайман... ҳеч қаерга урмаган эдим, — деди бирдан лаблари титраб.

— Эслаёлмас эмиш! Ғирт маст бўлганингдан кейин, нимани ҳам эслардинг!

— Шунга ўхшайди…

Мен оғилхонада секин ишимни қилавердим, юз берган воқеа тўғрисида чурқ этмадим.

* * *

Мени тўғри тушунинглар, мен барибир, отамнинг ароқхўрлигига шафқатсиз душман бўлиб қолавердим. Ароқ отамни тубан одамга айлантирди, оиламизга зиддият, бузғунчилик олиб келди.

Мен қўлимдан келганча, отамни ерга уришга ҳаракат қилардим. Эрталаб — хўжалик ишлари билан машғул бўлганимизда, ундан кўзимни узмай кузатардим. Баъзан у билинтирмай секингина яшириниб кетадиган бўлса, мен ҳам билдирмай орқасидан кузатиб борардим. Чунки у бир бутилка вино ичиш учун кетаётганини мен билардим. Отам шишаларни бутун ферма бўйлаб, ҳеч кутилмаган, бировнинг хаёлига ҳам келмаган ерларга яшириб қўярди. Агар мен шишаларни топиб олсам, синдиришимни отам биларди. Аммо мен ҳар доим ҳам синдиравермасдим. Агар бутилка ярим бўлса, бутилка ичига сиярдим. Отам маст ҳолда нима ичаётганини кузатишдан қониқиш ҳосил қилардим.

Агар отам тўйиб ичиб олса ва бу пайтда биз меҳмонларни кутаётган бўлсак, мен отамнинг машинасини оғилхонанинг орқасига олиб ўтиб қўярдим ва агар биронтаси хўжалигимизга ўтиб қолса, машинага унинг кўзи тушиб қолмасин деб, машинани ўша ерда қолдирардим. Кейин отамни топиб, уни омборхонага олиб кирардим-да, ёғоч устунга маҳкам боғлаб қўярдим: бир арқон билан қўлларини, иккинчи арқон билан оёқларини.

— Джош, — деб хирилларди у норози оҳангда, — ахир, мен сенинг отангман…

— Э, қанақасига отамсан! — деб ғижинардим мен. Уни эрталабгача ўша ерда қолдирардим.

Меҳмонлар остонада пайдо бўлганларида, онам, одатда, меҳмонларни кутиб олиб, ичкарига олиб кириш учун мени чақирарди. Кимдир отамнинг қаердалиги билан қизиқиб қолса, мен шундай жавоб берардим: «Бир минутга ташқарига чиққан эдилар», ёки: «Иш билан шаҳарга кетишига тўғри келиб қолди». Одатда меҳмонлар бу жавобим билан кифояланиб қоларди. Бутун шаҳарда менинг отам сингари арохўр йўқ эди ва буни ҳамма биларди. «Илоннинг бошини қўзғатма» — эҳтимол, ҳамма ҳам, отамнинг йўқлигидан хурсанд бўларди.

Меҳмонларнинг охиргиси кетгандан сўнг, отам эса ҳамон оғилхонада экан, мен каравотимга ётиб, киприк қоқмасдан соатлаб ётардим ва ўйлардим: секингига оғилхонага борсам, отамнинг бўйнига арқон боғласам... Содда қилиб айтганда, бу омонат дунёни тарк этишига ёрдам берсам. Борди–ю, полициячилар қотил кимлигини аниқлашса, мени олиб кетишади–ку, деган қўрқув мени тўхтатарди.

Полиция икки марта бизнинг уйимизга келди: биринчи марта мен отамни кир ювадиган чуқурга чўктириб юборай деганимда. Ўшанда отам онамни ўласи қилиб калтаклаганди. Иккинчи марта мен унинг калласини унитазга (олдиндан ўзимнинг ишимни қилиб) тиқиб қўйганимда ва унинг калласини сув остида ушлаб туриб, бачокдан сув туширишни давом эттирганимда. Виждон азоби мени асло қийнамас эди: отамга нафратим кундан-кунга ортиб борарди. Тўғрисини айтганда, вақти-вақти билан ҳаммасига қўл силтаб кетгим келарди, чунки онамни ҳақоратлашларига қанчалик аралашмайин, доимий калтаклашларнинг олдини олишга ҳаракат қилмайин, отам билганини қиларди. Агар шу пайтда онам отамни койиса ва отам маст бўлса, отам албатта онамга мушт билан ташланарди.

Менинг ягона овунчоғим отимиз Долли эди. Ҳар куни унинг яғринини қашиб, бошимни унинг илиқ бўйнига қўйиб, ором олганимни ҳис қилардим. Айтиш мумкинки, ўзим билмаган ҳолда, уй ҳайвонлари билан психотерапия сеансини қилардим. Долли билан вақт ўтказиш, уни сули ва пичан билан боқиш, у билан ҳар нарсалар тўғрисида суҳбатлашиш менга жуда ёқар эди. У, ҳар доимгидай, менинг бошимдан ўтган воқеаларни сабр-тоқат билан, жимгина эшитар эди.

Ўша куни эрталаб ҳам мен отим билан бирга эдим. Энди ишимни тугатган ҳам эдимки, сигирлар одатдагидан кўра қаттиқроқ бўкириб қолди, отамнинг сўкинганини эшитдим.

— Чиқиб қарай-чи, нима гап экан, — дедим мен Доллига. — Чамаси, отам сут шлангини насосга бириктирмоқчи, аммо уддасидан чиқа олмаётгандир. Шунақаси бўлиши мумкинми, сен нима деб ўйлайсан?

Долли жигар ранг кўзлари билан илиқ боқиб жавоб берди ва оҳиста кишнаб қўйди. Мен унга бир чақмоқ қанд бердим, бугун бу қандни онамдан яшириб олган эдим. «Яхшиям, отам сени ҳам соғишни ўйлаб чиқармаган», ғамгин кулиб қўйдим мен.

Мен яна бошқа овозни эшитганимда, елкамда чумоли ўрмалагандай бўлди — бу онамнинг овози эди. Онам шундай бақирардики, бақириқдан одамнинг ўпкаси ёрилиб кетиши мумкин эди. Онам фарёд кўтарганда, ҳатто бир лаҳза сигирлар ҳам жим қолди: «Агар бу ўлгур аппарат билан сигирлардан ҳа деб сут соғиб олаверсанг, бу сигирларни ўлдирасан–ку!» Сигирлар яна бўкира бошлади, мен яна юракни ларзага соладиган узоқ фарёдни эшитдим.

Мен оёғимни қўлимга олиб оғилхонага учиб кирдим. Онамнинг фарёди энди қаттиқроқ эшитиларди. Менга отамнинг сўкинишлари ва хириллаши эшитиларди. Оғилхона ичида мен кўнгил айнитадиган таниш саҳнани кўрдим: отам яна онамни урарди. Бу сафар у онамни букилмайдиган қаттиқ резина шланг билан урарди. Мен уларга яқинлашмасимдан олдин, отам онамни оёғидан чалди. Онам сигирларнинг оёқлари остига йиқилди ва гўнг устида чирпирак бўлиб айлана бошлади.

Мен шу лаҳзада отамга ташланиб, уни тепдим, тишладим, мушт билан урдим ва бисотимдаги бор сўкишларни ишга солдим. Отам бошини силкитиб, худди ўзига келиб олгандай, олдинга силкиниб қўйди. Бир лаҳза кўзларимиз тўқнашди. У сўкиниб, шлангни ерга улоқтирди, тебраниб, оғилхонадан чиқди.

Нимагалигини ўзим ҳам билмайман: бундай пайтларда отам менинг зарбаларимга зарба билан жавоб бермаган. Қолаверса, мен жуда ёш эдим, у ҳушёр бўлгач, менинг етти қават теримни шилиб олиши мумкин эди. Аммо мен бу ҳақда ўйлашга ақлим етмас эди. Мен отамнинг орқасидан чиқар эканман, унга бақириб, сўкинардим:

— Барибир, сени бир куни ўлдираман! Эшитяпсанми? Ўласи қилиб калтаклайман! Билиб қўй! — унга қарата болғани отдим, аммо тегмади. — Ухлаб ётганингда ўлдираман! Юрагингга пичоқни тиқаман, ишонч ҳосил қилиш учун яна бир марта тиқиб оламан!

Отам менга қарамасдан кетди.

Онам мени ёрдамга чақираётганини эшитиб қолдим. У ўрнидан тура олмас эди. Аммо уни кўтариб турғазишга менинг ҳам кучим етмас эди. У мен учун ниҳоятда оғир эди. Мен онамнинг ёнига тиз чўкдим, унинг юзидаги қонни ва сигир тезакларини артмоқчи бўлдим, аммо баттар булғаб юбордим. У билан бирга мен ҳам йиғладим.

— У атайлаб қилмади, тушунгин! — деди менга илтижо билан кўзларини тикиб. «Нимага у ҳар доим мени бунга ишонтиришга ҳаракат қилади?» деб ҳайрон бўлардим мен.

— У атайлаб қилмайди, — деб онам яна такрорлади кўз ёшларини ичига ютиб. Аммо мен билардим: отам истаганини қиларди. Мен ҳам унга шундай қилишни истардим. Мен уни кўргани кўзим йўқ эди! Мен унинг ўлимини жуда-жуда истардим, буни ички ҳис билан сезардим. У бошқаларга қандай оғриқ келтирган бўлса, унга ҳам шундай оғриқ келиришни истардим. Менинг хоҳишим — отамга икки баробар, ҳатто уч баробар оғриқ келтириш эди.

Онамнинг овози фикрларимни бўлди:

— Бор, Уэйнни чақир, — деди онам ҳаяжонли овозда. — Уэйнга айт, бу ёққа келсин.

«Тўғри, — деб ўйладим мен. — Уэйнни чақириш керак. Мен бориб, уни чақиришим керак». Ичимдаги ҳамма нарса увушиб қолгандай сездим ва ўрнимдан туриб, уйга қараб югурдим.

 Оғир депрессия (ингл. Great Depression) — 1929 йили бошланиб 1939 йилгача давом этган дунё иқтисодий кризиси. Оғир депрессия АҚШ, Канада, Буюк Британия, Германия ва Францияга қаттиқ таъсир қилган, аммо бошқа мамлакатларда ҳам сезилган. Кўпроқ саноат шаҳарлари зарар кўрган, бир қатор мамлакатларда қурилишлар тамомила тўхтаган. Қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олиш кескин камайиб кетгани учун, нархлар 40-60 фоиз тушиб кетган. Ўзбек тилида (шунингдек, рус тилида ҳам) «Оғир депрессия» термини фақат АҚШдаги иқтисодий кризисга нисбатан қўлланади — муҳаррир изоҳи.

 


Книга на Узбекском языке: - Непоколебимый (Джош Макдауэлл)

Джош Макдауэлл считается одним из самых известных в мире проповедников. Невероятно, но в детстве этот человек… не верил в Бога. Ещё, будучи совсем молодым человеком, он взялся доказать, что учение о Божественности Христа - вымысел. С этой целью он исследовал подлинные исторические документы, где говорилось о событиях того времени, беседовал с людьми, которые хорошо знали эту тему, и в конце концом превратился в верного последователя Христа.

Перед вами история этого легендарного человека, написанная широкими мазками, чтобы как можно полнее показать те подъемы и падения, которыми отмечено было начало его пути. Впервые Джош рассказывает о своём удивительном духовном перерождении, когда он вверил свою судьбу в руки всемогущего Бога и познал божественную благодать: даже самые ужасные события, которые с нами происходят, можно перенести с верой в Бога - свободной, глубокой и… НЕПОКОЛЕБИМОЙ.



AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

911. Xudoning irodasini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Haqiqiy sevgini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Rejalashtirilmagan homiladorlik (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. O'z joniga qasd qilish haqidagi fikrlar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Jinsiy zo‘rlanish (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Ota-onaning ajralishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Nizolar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Yaqin insonning vafot etishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    Сенинг Чўққиларинг томон йўл (Ханна Харвард)    Фаришталар ҳам сукут сақлаган эдилар (Макс Лукадо)    Худонинг Буюклиги (Эйден Тозер)    Яраланган юрак (Дэн Аллендер)    Худонинг Муқаддаслиги (Роберт Спраул)    Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)    Сандон устида (Макс Лукадо)  Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак