Джош Макдауелл. Саботли инсон - (19-боб) Китоб Ўзбек тилида
Sabotli inson (Djosh Makdauell) O‘zbek tilida Audiokitob
Оғир хотиралардан ақл бовар қилмас марҳаматгача бўлган йўлни босиб ўтган инсоннинг ҳақиқий тарихи
МУНДАРИЖА
Муаллифдан
Биринчи боб - Ер юзидаги ҳамма нарса ажойиб
Иккинчи боб - Азалда
Учинчи боб - Уэйн
Тўртинчи боб - Меньшойнинг хиёнати
Бешинчи боб - Мактаб
Олтинчи боб - Ҳарбий ҳаво кучлари
Еттинчи боб - Янги уфқлар
Саккизинчи боб - Буюк Британия
Тўққизинчи боб - Саёҳат давом этади
Ўнинчи боб - Ҳаммаси бошқатдан
Ўн биринчи боб - Уитон ва келажак
Ўн иккинчи боб - Уйга қайтиш
Ўн учинчи боб - 1961 йилнинг ёзи
Ўн тўртинчи боб - Битирув курси
Ўн бешинчи боб - Унаштириш ва ўқишнинг тугаши
Ўн олтинчи боб - Сўнгги ёз
Ўн еттинчи боб - Ғарбга
Ўн саккизинчи боб - Даъват
Ўн тўққизинчи боб - Зангори океан
Хотима
Ўн тўққизинчи боб. Зангори океан
Семинарияга қайтиб, бутун кучимни ўқишга бердим. Мен қолиб кетган кўп дарсларни бажаришим керак эди. Менинг диққатимни бир нарса чалғитарди — мен онамнинг тақдири ҳақида тинимсиз ўйлардим. Эҳтимол, яқиндагина отам билан онамнинг қабри ёнида бўлганим учун туйғуларим безовта бўлгандир. Онам беш йилдан бери бу оламда йўқ, аммо мен илгаригидай, онам абадийликка эришгани ҳақида ишонч билан жавоб бера олмасдим. Мен эндигина шодиёна ҳиссиётлар билан — бир кун келиб осмонларда бирга бўлишимиз ҳақидаги туйғулар билан отамни дафн қилдим. Аммо онам–чи? Агар онам осмонда бўлмаса, мен учун жаннат хурсандчилик маскани бўлиб қоладими? Мен ўлимдан кейин ҳаёт бўлиши ҳақида билардим. Бутун эътиқодим шунга таянарди. Онам нажот топганмикан? Қўзининг Ҳаёт Китобида унинг исми ёзилганми? Билишимча, онам нажот топиш учун Масиҳга имон келтирмаган. Мен болалигимда фақат онамдан меҳр кўрган эдим. У мени чинакамига, жону дили билан яхши кўрар эди. У кўп жиҳатдан масиҳийча ҳаёт билан яшаган эди.
Аммо бу онам учун ҳисобга ўтадими? Ҳаворий Павлуснинг Эфесликларга ёзган мактубида қуйидаги сўзлар менга жавоб берарди: Биз ишларимиз туфайли эмас, ишончимиз туфайли нажот топганмиз (Эфесликларга 2:8–9 га қаранг). Аммо бу менга нотўғри бўлиб туюларди. Ундай бўлса, бу ҳаётга нима ва қачон тўғри бўлган? Воиз китобининг муаллифи фикр юритгандай, «Мусобақада ғалаба доимо тез югурганга, жангда ғалаба доим кучлига насиб этмас экан... Ҳа, куни келиб, ҳамманинг ҳам омади кетади» (Воиз 9:11 га қаранг).
Қишнинг совуқ ёмғири менинг кайфиятимга мос келар эди. Мавлуд куни таътили бошланганда, кампус ҳувиллаб қолган эди. Мендан бошқа ҳамма уй–уйига кетди. Етимлигимни англашим, туғилган уйиимдан узоқда эканим мени эзарди. Ҳозир атроф сокин, янги йил таътилидан кейин бошланадиган сессияга яхши тайёргарлик кўришим учун мен фикрларимни, диққатимни бир жойга йиғиб олишим, ўзимни қўлга олишим, бу берилган имкониятдан фойдаланишим керак эди. Аммо вақти–вақти билан дам олгани ётганимда фақат ёмон тушлар кўрар эдим, онамга нисбатан ўзимда қолган қўрқувлар ва шубҳаларни енга олмас эдим.
Бир куни бўм–бўш бўлиб қолган кампус бўйлаб юрганимда, ибодат қилдим: «Худойим, Сен бу сўзларга қандай жавоб беришинг ҳақида менда заррача тасаввур ҳам йўқ. Аммо барибир мен Сенга мурожаат этишим керак. Сендан сўрайман: онам имонли бўлиб кетдими ёки йўқми — менга аён қил. Бу ҳақда ўйлайвериб қийналиб кетдим, саволимга жавоб бериб юрагимга ора кир».
Ким билсин, тўсатдан юзага келган шижоатга итоат этиб, мен пляжга йўл олдим. Пляж ўттиз километр ғарбда жойлашган эди. Машинамни тўхташ жойига қўйиб, шошилмасдан, океан бўйлаб ярим километрча чўзилган бетон йўлак бўйлаб юрдим. Океан ҳавосидан чуқур нафас олиб, унинг тузли таъмини ҳис қилдим. Мен эшита олган нарса пирс (океанда кемалар боғлаб қўйиладиган жой — тарж.изоҳи)га келиб урилган тўлқинларнинг товуши ва тепада чарх ураётган балиқчи қушларнинг чинқириғи эди, холос. Узоқда тўлқинлар узра елаётган серфингистларни (чанғида сув устида учадиган спорт тури — тарж.изоҳи) тўдасини кўрдим. Эҳтимол, бир кун келиб, мен ҳам бу борада ўзимни синаб кўрарман.
Мен бир оз олдинга юрдим, бу ерда битта балиқчи ўтирган экан. Пирснинг охирига борганимда енгил креслони кўрдим, креслода қора кўзойнак таққан, четлари осилган шляпа кийиб олган кексакроқ бир аёлни кўрдим. Унинг қармоғи темир панжарага уриларди. Аёл худди уйқудан уйғонгандай, кўк пальтосига жунжикиб ўраниб олган эди.
— Ов қалай? — деб сўрадим ундан.
— Унчалик эмас, аммо нолимасам бўлади, — деб жавоб берди у ёнида турган челакчани очиб, — битта горбила ва битта ставрида тутдим.
Унга бошимни қимирлатиш билан «яхши» дегандай жавоб бериб, «Рубка»га қараб юрдим. Бу дўкон бўлиб, саккиз бурчак шаклда қурилган, балиқчиларнинг аслаҳа–анжомлари сотиларди, бундан ташқари, газакхона ҳам бор эди. Маҳаллий ёшлар бу ерни жуда яхши кўрарди. «Рубка»нинг шабодада тўзғиган томлари хийлагина қийшайиб қолган, аммо бу жой шу манзараси билан менинг кайфиятимга жуда мос келарди.
Мен пирснинг охиригача бориб, тўсиққа тирсагим билан суянганимча, кўкимтир–сарғиш сувга тикилиб қолдим. Мен доимо бир томондан иккинчи томонга думалаётган тўлқинларга қараб, бирдан руҳим енгиллашганини ҳис қилдим. Кутилмаганда, аёл кишининг овозини эшитдим:
— Сизнинг ўрнингизда бўлганимда, буни қилмаган бўлардим.
Қайрилиб, кексайган аёл менга диққат билан тикилиб турганини кўрдим.
— Сувга сакрамоқчимисиз?
— Нималар деяпсиз?! Шунчаки ўйланиб турибман.
— Сиз нимагадир жуда кўп ўйлаяпсиз. Яхшиси, келинг, менга ҳамсуҳбат бўлинг. Сэндвич ейсизми? Менда яна қайдадир битта сэндвич бор эди...
У сумкасини ковлаштира бошлади.
— Раҳмат, овора бўлишингизга арзимайди, — деб унга яқинроқ келдим.
— Қаҳва ичасизми?
— Йўқ, ташвишланманг. Раҳмат.
— Ундай бўлса чой ичинг, — деди у табассум билан пакетли чойни сумкасидан олар экан.
— Майли, агар сизга малол келмаса. Чойни рад қилмайман.
Аёлнинг юзи табассумдан ёришиб кетди, у қора кўзойнагини олиб қўйди:
— Ҳечам малол келмайди, йигитча. Марҳамат.
У худди кўзбойловчиларга ўхшаб, эпчиллик билан сумкасидан қайноқ сув солинган термосни ва бир неча пакетча қандни чиқарди.
— Пластик стаканларимни қаерга қўйдим экан, — деб креслосининг бошқа томонида турган яна битта катта сумкасини титкилай бошлади.
Бир муддат диққатимни серфингистлар жалб қилди. Улар чиғаноқлар билан қопланган тўлқинқайтаргичлар орасида шиддат билан учиб ўтар эканлар, худди ўзларининг хоҳиши билан ўлимга рўпара келаётгандай эдилар.
— Сиз бу ерликка ўхшамайсиз, чамаси? — Унинг бу саволи менинг эътиборимни тортди.
— Йўқ, бувижон. Мен бу ўлкалардан эмасман.
— Қаердансиз?
— Мичигандан.
— Мичиган… ёмон жой эмас.. Мана, олинг, — у буғи чиқиб турган стаканни узатди. — Эҳтиёт бўлинг, иссиқ. Нимага Мавлуд кунига уйингизга кетмадингиз?
Мен бошимни чайқадим:
— Аслини олганда, мен яқиндагина уйимдан қайтиб келдим. Мен шу ерда — Ла–Мирадада ўқийман.
— Ундай бўлса, Талбот семинариясида ўқисангиз керак–а?
— Худди шундай, мен семинарияда ўқийман. Сиз у ҳақда биласизми?
— Албатта, ўғлим. Бу семинарияни ким билмайди, дейсиз. Мен масиҳийман. Сиз жуда яхши, керакли мактабни танлабсиз.
— Мен ҳали ҳеч кўника олмаяпман, — дедим менга қаратилган нигоҳни сезганим ҳолда.
— Кечирасиз саволим учун...нимага Мавлуд Кунига уйингизга кетмадингиз? Пулдан қийналдингизми?
Мен кулиб юбордим:
— Ҳозирги пайтда шундай, чунки эндигина йўлдан қайтиб келдим. Умуман олганда эса, йўқ... — Аёл мендан батафсил изоҳни талаб қилаётганини кўриб турардим. — Яқинда отам вафот этди.
— Афсус. Таъзиямни қабул қиласиз.
— Ҳеч бўлмаганда, отам Раббийни билиб бу оламдан кетди–ку. Бунинг учун Худодан миннатдорман.
— Омин, — деди у. — Онангиз–чи?
— Онам беш йил олдин вафот этган.
— Кимларингиз қолди? Ака–укаларингиз? Опа–сингилларингиз?
— Акаларим, опаларим бор, аммо биз яқин эмасмиз. Бизнинг оиламиз бахтиёр оила бўлган, деб айтиб бўлмайди.
— Тўғри, бунақаси ҳам бўлади, — деди бошини чайқаб аёл.
Шу пайтда қармоқ қаттиқ эгилди. Бир неча лаҳза давомида аёл балиқ билан курашишга интилди, кейин қармоқ дастасини менинг қўлимга берди:
— Тортинг! — бақирди у.
— Ҳозир! — дедим кулиб.
— Агар тортиб чиқарсангиз, ўзингизга қолдиришингиз мумкин.
Мен кулиб қўйдим — бу балиқни қаерда сақлайман ёки тайёрлайман деган тушунчага ҳали эга эмас эдим. Асир тушган балиқ зўр бериб қаршилик кўрсатар, мен эса барибир, уни сувдан тортиб чиқардим.
— Зўр иш бўлди! — деди аёл ва хурсанд бўлганидан елкамга қоқиб қўйди. — Буни сибас дейдилар, жуда ширин балиқ, ўғлим. Энди менга ёрдам берворинг, қармоққа хўрак қўйинг.
Мен эса унга ёрдам беришдан хурсанд эдим. Аёл балиқни челакка ташлади, балиқ маълум вақт сувни шалоплатиб турди. Аёл менга хўракни — майда анчоус (майда денгиз балиғи — тарж.изоҳи)ни берди, мен уни қармоққа илдим.
— Мичиганда холаваччам яшарди, — деди у, — қандайдир бир кичкина шаҳарчада.
— Тўғри, у ерда шаҳарчалар кўп.
— Номи нимайди–я? Анча йил бўлди у ўша ёққа кўчиб кетганига... Ҳа, ҳа! Юнион–сити! Номи шунақа эди ўша шаҳарчанинг!
Мен унга тикилиб қолдим:
— Қандай дедингиз номини? — деб қайта сўрадим ундан.
— Юнион–сити. Холаваччам Юнион–ситида яшаган эди. Шу шаҳарчани эшитганмисиз?
— Мен ўша шаҳарчада туғилганман.
— Ие, шунақами! Ким ўйлабди, дейсиз.
— Холаваччангизнинг исми ким эди?
— Эдит Джослин. У Уилмот Макдауэлл деган одамга турмушга чиққан эди.
— Вой! — мен қармоқни бармоғимга тиқиб олдим. — Ахир, улар менинг ота–онам–ку!
— Йўғ–э! Бўлиши мумкин эмас! — унинг юзи ёришиб кетди. — Ундай бўлса, сен Джошсан!
У ўрнидан сакраб турди, елкамдан маҳкам қучиб, кўзларимга қаради. Унинг кўзларида, худди онамникига ўхшаш, кул ранг–кўкимтир майда хол кўрдим, худди атрофимиздаги океаннинг рангига ўхшарди.
— Биз сен билан ҳеч қачон учрашмаганмиз, аммо онанг сен ҳақингда айтиб берган. Менинг исмим Эмма, онангнинг холавачча синглисиман. Эмма хола деявер.
Мен лол бўлиб қолган эдим.
— Буни қара–я! Онангни охирги марта 1952 йили кўрган эдим.
Мен эса ҳамон миқ этмай турардим — гўё оғзимга пахта тиқилгандай эди.
— Мен Эмма холангман, ўғлим.
— Эмма хола, — деб такрорлай олдим, холос.
— Онанг билан Айдахода бирга катта бўлганмиз.
— Айдахо…
— Ташла манови қармоқни! Ҳозир уйга борамиз, тушлик қиламиз. Мавлуд байрамига ўғилларим келган, улар билан танишишингни жуда истайман. Яхшиси, нарсаларимни йиғиштиришга ёрдам бер.
Аммо мен илгаригидай, ҳаяжондан ўзимга кела олмасдим. Ниҳоят, гарчи дарров бўлмаса ҳам, сўзлаш қобилияти ўзимга қайтди:
— Эмма хола, мен фақат бир нарсани билиш истагида сизга бир савол бермоқчиман. Бунга фақат сиз жавоб бера олишингиз мумкин.
— Сўрайвер, ўғлим.
— Билмайсизми… тасодифан… онам Масиҳни Раббим ва Нажоткорим деб, ўз ҳаётини Унга топширганми?
Эмма холам сумкасини ерга қўйди. Эҳтимол, у менинг кўзларимда азобни ва сабрсизликни кўрди, шекилли, мен ҳам унинг нигоҳида ҳамдардлик жавобини сезмасдан қолмадим. Менга унинг жавоби қанчалар муҳим эканини у тушунди. Эмма холам қўлларимни кафтлари орасига олди:
— Онанг билан мен ҳали ўсмир ёшда эканмиз, воизлар бизнинг шаҳарга келиб, палатка қуриб яшаган, бу — уйғониш даври чодир хизмати деб аталарди. Улар ваъз қилар эдилар, — деб оҳиста жавоб берди. — Ҳар куни кечқурун биз албатта йиғинларга борар эдик. Бу йиғинлар биз учун жуда муҳим эди. Шунақанги қизиқ бўлар эдики!... — у менинг кафтларимни қисди. — Тўртинчи куни... ҳа, эсимда қолган — аниқ тўртинчи куни эди, икковимиз ҳам қатъий қарор қилган эдик. Қўлтиқлашиб, Масиҳга имон келтириш учун бордик!
— Ростданми?
— Ростдан шундай бўлган эди.
— Худога шукр! — деб бақирдим Эмма холамни қучоқлаб, унинг икки юзидан ўпдим. — Эмма хола, сиз — ибодатларимнинг энг имконсизига ҳам жавобсиз!
Чамаси, биз қаттиқ шовқин қилдик, шекилли, шу атрофда ўтирган балиқчилар бизга қарай бошладилар.
— Худога шукр! — деб бақирдим яна. — Жамики марҳаматлар манбаи бўлган Худога шукр!
Тўсиққача югуриб бориб, серфингистлар томонга қараб кучим борича бақирдим:
— Сенга раҳмат, Исо!
Мен Эмма холамга, бир ярим соат илгари Худога ибодат қилганимни айтиб бердим. Худодан, онам имонли бўлган эдими — менга аён қил, мен у билан осмонда учрашаманми — буни менга билдиргин, деб сўраганимни тушунтирдим. Ниҳоят, шу ерда — жанубий Калифорнияда, бу округдаги бирон тирик жонни билмасам ҳам, бунинг устига, бу ерда онамни ҳеч ким танимаса ҳам Худо менга жавоб берди. Мен ибодатимга жавоб оламан, деб ҳатто ўйламаган ҳам эдим. Мана, тўқсон минут ўтиб эса Худо ибодатимга жавоб берди. Демак, отам билан онам нафақат қабристонда ёнма–ён ётибдилар, балки иккови ҳам Самовий Шаҳарга кирдилар ва энди беҳисоб азизлар билан бирга Қўзининг тахтига сажда қиляптилар. Азоб чеккан қалбим таскин топди, энди кўз ёш тўкишимга ҳожат қолмади. Эмма холам ва мен машина тўхташ жойига кетдик. Мен унга юкларни машинасига жойлаштиришга ёрдамлашдим. Кейин ўзимнинг машинамда унинг ортидан Эмма холамнинг уйигача бордим, унинг ўғиллари билан танишдим, ҳаммамиз биргаликда жуда яхши тушлик қилдик. Мана, энди менинг ҳам Мавлуд Кунини бирга байрам қиладиган оилам бор!
Биз хайрлашганимиздан кейин, қайтишда қирғоққа яқинроқ юришга ҳаракат қилиб, энг манзарали йўлни танлашга қарор қилдим. Мен океан манзарасидан завқ олишни хоҳладим. Океан Худонинг абадийлигини ва чексиз марҳаматини эслатиб, нигоҳ илғагунга қадар узоқ–узоқларга чўзилиб кетган эди. Қачонлардир менинг ҳаётим узлуксиз равишда юз берган бахтсизлик ва муваффақиятсизликларни гавдалантирарди, ҳаётни яксон қиладиган бир умидсизликни бартараф қилмасимдан, ҳаётдан навбатдаги зарбани олардим. Энди эса ажойиб, тасвирга сиғмайдиган руҳий хотиржамликдан баҳра олаётган эдим. Ҳа, Худонинг тинчлиги қалбимни тўлдирган эди, ниҳоят, инсон хаёлига сиғмайдиган бу тинчликка етишган эдим! (Филиппиликларга 4:7 га қаранг) Келажак мен учун тайёрлаб қўйган ҳамма нарса билан учрашишга тайёр эдим.
Книга на Узбекском языке: - Непоколебимый (Джош Макдауэлл)
Джош Макдауэлл считается одним из самых известных в мире проповедников. Невероятно, но в детстве этот человек… не верил в Бога. Ещё, будучи совсем молодым человеком, он взялся доказать, что учение о Божественности Христа - вымысел. С этой целью он исследовал подлинные исторические документы, где говорилось о событиях того времени, беседовал с людьми, которые хорошо знали эту тему, и в конце концом превратился в верного последователя Христа.
Перед вами история этого легендарного человека, написанная широкими мазками, чтобы как можно полнее показать те подъемы и падения, которыми отмечено было начало его пути. Впервые Джош рассказывает о своём удивительном духовном перерождении, когда он вверил свою судьбу в руки всемогущего Бога и познал божественную благодать: даже самые ужасные события, которые с нами происходят, можно перенести с верой в Бога - свободной, глубокой и… НЕПОКОЛЕБИМОЙ.