Djosh Makdauell. Bolaning nazaridagi qahramon (9-bob) Kitob O'zbek tilida
Боланинг назарида қаҳрамон (Джош Макдауэлл) Ўзбек тилида Аудиокитоб
Мундарижа
Сўзбоши
I қисм. Ижобий ота-оналик режасига тўғри келадиган қаҳрамонлар талаб этилади
1. Ижобий ота-оналик режасига тўғри келадиган қаҳрамонлар талаб этилади
2. Муттаҳамни алдаш, аҳмоқни лақиллатиш мумкин, лекин болани алдаб бўлмайди
3. Ўзибўларчиликка солманг, режалаштиринг
II қисм. Қабул қилиш: ишонч ва ўзини ўзи ҳурмат қилишнинг пойдевори
4. Қабул қилиш: ишонч ва ўзини ўзи ҳурмат қилишнинг пойдевори
5. Уларни қабул қилсангиз, улар ўзларини қабул қилишади
6. Қабул қилиш: Ҳикматлар 22:6 нинг асл маъноси
III қисм. Эътироф қилиш: ўз аҳамиятини тушунишнинг калити
7. Эътироф қилиш: ўз аҳамиятини тушунишнинг калити
8. Улар бирон нарсани тўғри бажараётганларини пайқаб олиш
IV қисм. Севги: усиз бола ҳалок бўлиши мумкин
9. Севги: усиз бола ҳалок бўлиши мумкин.
10. Оддий қучоқлашнинг ғоят катта кучи
V қисм. Кўнгил яқинлиги: қаҳрамон бўлиш учун вақт керак
11. Кўнгил яқинлиги: қаҳрамон бўлиш учун вақт керак
12. Севги шундай ёзилади: В-А-Қ-Т
VI қисм. Масъулият ва ҳурмат: чекловлар ўзини интизомга бўйсундиришни ва қатъийликни қандай ўстириши
13. Масъулият ва ҳурмат: чекловлар ўзини интизомга бўйсундиришни ва қатъийликни қандай ўстириши
14. Масъулиятли ота-она болада масъулият шакллантиради
Якуний мулоҳазалар
IV ҚИСМ. Севги: усиз бола ҳалок бўлиши мумкин
Фарзандларингизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб, уларни қабул қилишингиз ҳаётда ўз аксини топиши учун, булар билан бир қаторда етарли даражада (кенг қамровли) севги кўрсатилмоғи лозим. Ота-она севгиси бола учун худди гулга – сув, машинага – мой, оч қолганда озуқадек зарурдир. Агар севги бўлмаса бола ҳалок бўлиши мумкин. Чин севги кўрмаган бола келажакда, ниҳоят севилганини ҳис қилиш учун ҳам жинсий алоқага берилувчан ўсмир бўлиб ўсиши мумкин. Навбатдаги икки бобда севги нима учун кучли таъсирга эга эканлиги батафсил тушунтирилади. Бу ерда сиз –
• нима учун болалар эркалашингизни яхши кўриши, қучоқлашингизга ниҳоятда муҳтож бўлиши;
• нима учун қучоқлаш ва ўпишлар боланинг саломатлигига ижобий таъсир ўтказа олишини;
• нима учун ота-оналар ўз фарзандларига улар ўсгани сайин тобора кам севги кўрсатиб, хато қилиши ва нима учун ота-оналар бунинг аксини қилишлари лозимлиги;
• нима учун ўсмирлик даврида бола ота-онасининг севгисига ҳар вақтдан кўра кўпроқ муҳтож бўлиши;
• ўсмир ёшдаги болаларга тенгқурлари ва оммавий ахборот воситалари томонидан жинсий ҳаётга доир қанақа ёмон босим ўтказилиши;
• ўсмирларнинг жинсий ҳаётда фаоллашишига асосий сабаб;
• нима учун севишни ўрганишимиз лозимлиги;
• нима учун ота-онанинг бир-бирига бўлган муҳаббати бола ўзини бехатар ҳис қилиши учун энг яхши восита ҳисобланиши;
• эрлар учун маслаҳатлар: болага онасини чиндан ҳам яхши кўришимни қандай тушунтиришим;
• соғлом жинсий ҳаёт нима учун қаҳрамонларга муносиблиги;
• бошқа ота-оналарнинг маслаҳатлари: фарзандингизга меҳр-муҳаббатингизни қандай кўрсатиш ҳақидаги масалаларга жавоб топасиз.
9 БОБ. ОДДИЙ ҚУЧОҚЛАШНИНГ ҒОЯТДА КАТТА КУЧИ
Маърузалар билан ўтган ва жуда узоқ чўзилган бир сафарим охирида мен Аризона штатининг Феникс шаҳрига келдим. Бу шундай шаҳар эдики, гоҳида унга: “Суви бўлмасада, ғоят катта пляжи бор” деб таъриф берардим. Баҳор фаслининг охири эди, ҳаво исиб, ҳарорат 32 даражадан юқорилаб бошлаганди. Ўша ҳафта бир нечта мактабда сўзга чиқишим керак эди ва мен учрашувлардан бирини очиқ ҳавода, туш вақти, мактаб биноси яқинидаги майсазорда ўтказишга қарор қилдим. Ўша мактабда тўрт мингга яқин ўқувчи ўқир ва уларнинг деярли ҳаммаси майсазорда ўтириб, бир йигитнинг жинсий яқинлик ҳақида айтадиган сўзларини тинглаш учун чиқишди.
Ўша йигит эса мен эдим. Ҳамма кўриши ва эшитиши учун мен катта тошга чиқиб олдим ва нима учун бу қадар кўп йигит-қизлар ҳақиқий севги ва яқинлик излаб жинсий алоқа қилишлари ҳақида гапира бошладим. Маърузам айни қизиган пайтда тингловчилар қаторига бир гуруҳ панклар келиб қўшилди.
Уларнинг бўялган сочлари ҳар ёққа қараган ва ғалати кўринишга эга, бўйинларида тилла занжирлари бор эди. Уларнинг пайдо бўлишини ҳеч ким сезмади ҳам, шундай бўлсада, сўзимда давом этарканман, нима учун келганлари, нима қилиши мумкинлигини билмай гоҳ-гоҳида уларга назар солиб турдим. Улар эса шунчаки менга қараб туришар, юзларидан эса: “Қани, Макдауэлл, биз тинглайдиган бирон нарса айт-чи” деган маъно кўриниб турарди.
22 дақиқада мен ҳақиқий севги билан ҳеч нарсага ярамайдиган ва кўп болаларнинг тасаввурида автомобилнинг орқа ўриндиғида изҳор этиладиган сохта севги ўртасидаги фарқлар ҳақида фикрларим баёнини тугатдим. Тошдан тушдим ва ўша пайтда панклар гуруҳининг етакчиси катта қадам босиб олдимга келди.
Бутун мактаб, чамаси 1000 бола йиғилган эди ва уларнинг олдида бу баҳайбат йигит менга шундай зич яқинлашдики, йиғилганларнинг аксарияти кейин нима бўлганини аниқ кўрмади, нима деганини эшитмади ҳам. Улар қаршимдаги йигитнинг юзидан оққан кўз ёшларни кўра олмас, унинг юракни эзадиган даражада фарёд билан:
– Жаноб Макдауэлл, мени бағрингизга боса олмайсизми? – деганини эшитолмасди.
Уни бағримга олиш учун ҳатто қўлимни кўтаришга улгурмасимданоқ, гавдаси айиқни эслатадиган баҳайбат панк мени ўз бағрига босди, бошини елкамга қўйиб, болаларча инграб йиғлади. Мен ҳам уни бағримга босдим ва шу ҳолда биз чамаси ярим дақиқа турдик. Бағирга босиб турганингизда ҳар доим, гўё вақт ҳам тўхтаб қолгандек туюлади, айниқса баҳайбат панкнинг тилла занжири кўкрагингизга санчилиб турган пайтда. Бироқ мен унинг самимий эканини кўриб турардим. Унда ҳеч кимни аҳмоқ қилиш нияти йўқ эди. У чиндан ҳам кимдир уни бағрига олишини истарди!
Ниҳоят, панк мени бўш қўйиб, мен кейинчалик жуда кўп ўсмирлардан эшитган сўзларни айтди:
– Жаноб Макдауэлл, отам мени ҳеч қачон бағрига босмаган, ҳеч қачон мени яхши кўришини айтмаган.
Бўйнига тилла занжир таққан, соч турмаклари, кийими ақлни шоштирадиган даражада ғалати бу йигит ўзига хос тарзда, манзарали ифодалар билан ҳамманинг севгига муҳтож эканини айтди. Буни шундай оҳанг билан айтдики, менимча, ўша ерда йиғилган ўқувчиларнинг кўпчилиги бир умр эсдан чиқармаса керак. Шунингдек, ўйлайманки, бу йигитнинг отаси ҳақида айтган қалбни ларзага солувчи сўзлари барча ота-оналар учун имкон бўлди деганда боласини силаш, қучоқлаш, ўпиш, эркалаш лозимлиги ҳақида муҳим эслатма бўлиб қолиши керак.
Болалар севгисиз ҳалок бўлиши мумкин
Эҳтимол, болаларнинг севгига бўлган эҳтиёжи ҳақида статистик маълумотларни биларсиз. Мисол учун, аср бошларида ўтказилган бир тадқиқот шуни кўрсатиб бердики, ҳеч ким бағрига олмаган ва ўпмаган чақалоқлар баъзида чиндан ҳам, севги етишмагани боис нобуд бўлишади. Сўнгги йилларда яна бошқа кўп тажриба ва тадқиқотлар ўтказилди ва улар шуни кўрсатиб бердики, кимдир сиз ҳақингизда ғамхўрлик қилса, сизни эркаласа, меҳр кўрсатса, бу сизнинг соғлигингизга ижобий таъсир кўрсатади. Бироқ севги кўрмаган бола нотўғри ривожланади, қолган барча соҳаларда тўғри тарбия олган тақдирида ҳам.
Қучоқлаш, эркалаб, бағирга олиш, силаш – булар қаерда бўлмасин, чақалоқ дунёга билдирадиган энг биринчи эҳтиёжлардан бири. Севги болаларни бахтиёр қилади, лекин муҳимроғи шуки, севги улардаги физиологик ва руҳий эҳтиёжни қондиради ва бу эҳтиёж умуман олинганда, бола ўсадиган бутун давр мобайнида деярли ўзгармайди.
Иккинчи бобда айтганимдек, бир тадқиқот ота-оналар ўз фарзандларини асосан улар кичик ёшда бўлганларидагина бағрига олиб ўпишларини кўрсатиб берди; болалари ўсган сари ота-оналар томонидан бундай сийлашлар тобора камаяди. Болалар бошланғич мактабга ва сўнг ўрта мактабга ўтадиган вақтга келиб эса, ота-оналар уларни деярли бағрига олишмайди, ўпишмайди ҳам. Бунинг сабабларидан бири ўсмирларнинг ўзлари ота-онасидан тортиниши, “катта бўлиб қолдик, бунга ҳожат йўқ” дейишларидир. Бу сўзларга ишонманг! Табиийки, улар севгига муҳтож бўлишади ва агар севги кўрсатилмаса, ўрнини бошқа йўл билан тўлдиришади.
Йиллар ўтган сари болалар балоғат ёшига тобора эрта етмоқда. Юз йил илгари ўрта балоғат ёши 16 ёш ҳисобланган. Ўтган асрнинг 50-йилларига келиб 14 ёш ўрта балоғат ёши ҳисоблана бошлади. Бугунги кунда эса ўрта балоғат ёши 12 ёшга яқин ҳисобланмоқда.
Бу маълумотларни шунчаки қизиқарли далиллар сифатида келтирганим йўқ, аксинча, жуда муҳим, ўйлашга мажбур қиладиган нарса эканлигини кўрсатмоқчиман. Балоғат ёши ўғил болаларда тунлари маний оқиши ва қизларда ҳайз кўриш билан шунчаки чегараланиб қолмайди. Бу айтганларим боланинг улғайгани, ҳеч бўлмаганда “бола қила оладиган” ёшга етганидан далолат беради холос. Афсуски, болалар тобора эрта балоғат ёшига етаётгани боис, улар баданда ўсмирлик билан боғлиқ ўзгаришлар олиб келадиган даҳшатли ҳиссий стрессни енгишга ноқобил бўлиб бормоқда.
“Янгича ахлоқнинг” қиммат баҳоси
“Янгича ахлоқ” ҳақида ҳамма эшитган. Бу тахминан ўтган асрнинг ўрталарида юз берган жинсий инқилоб оқибатида пайдо бўлган атамадир. Аслида, бу янги одоб кенг ёйилган эски ахлоқсизликдан бошқа нарса эмас. Шаҳватни уйғотувчи кўрсатувлар ва фильмлар, видеолар, китоб ва журнал мақолалари ёшлар онгини қанчалик заҳарлаб келаётганини кўриб, ажабланасан киши.
Теледастурлар орқали ўн ва ундан катта ёшдаги бола бир йилда ўрта ҳисобда 9 минг марта жинсий шаҳватни қўзғатувчи манзарага, изоҳга ёки ишорага кўзи тушади. Ўша 9 мингта ҳолатдан 7 мингтасида (яъни 80%и) никоҳдан ташқаридаги жинсий ҳаёт кўрсатиларкан. Ўсмир йигит ёки қиз йигирма ёшга тўлгунга қадар телевидение орқали жинсий яқинликка ишора қилган 90 мингта изоҳ ва манзарани кўришга улгуради.
Ўсмирлар орасида турмушдан олдин жинсий ҳаётга жалб қилинганлар сони тобора кўпайганидан ажабланишга не ҳожат? Вермонт ўрта мактабларининг бирида ўқитувчи 9-синфга ўтган йигит ва қизлар ўртасида махфий сўров ўтказди. Натижада уларнинг 50% идан ортиғи жинсий алоқа тажрибасига эга эканлиги аниқланди. Шунингдек, сўровлар ўқувчиларнинг 80% и биринчи марта ўз ихтиёри билан жинсий алоқа қилгани, 90% и эса ҳомила бўлишга қарши воситалардан фойдаланмаганини кўрсатиб берди. 2 Булар Вермонтдаги ҳолат – бу ҳали ижтимоий соҳада кўп ривожланмаган шаҳар ҳисобланади.
Бошқа сўровномада Нью-Йоркда фаолият олиб борган яна бир ижтимоий ташкилот бутун Қўшма Штатлардаги 16 та ўрта мактабдан 1300 нафар ўқувчи, 10 та коллеждан 1600 нафар талаба ва 12 та шаҳардан 500 та ота-она ўртасида сўров ўтказди. Улар қашшоқлашган шаҳар марказларини ёки қишлоқларни ўрганмай, бунинг ўрнига жинсий яқинлик ҳақида шаҳар атрофидаги ўсмирлар қандай фикрда эканлигини билишга ҳаракат қилишди. Сўровнома натижасида қуйидагилар аниқланди:
• бокиралигини йўқотган ўқувчи қизлар: ўрта мактабларда — 57%, коллежларда — 79% ни;
• ўсмирлар жинсий ҳаёт кечира бошлайдиган ўрта ёш 16, 9 ни;
• бир ойда бир мартадан, ҳафтада бир мартагача жинсий алоқа қилган ўсмирлар сони: ўрта мактабларда — 33%, коллежларда — 52% ни;
• ОИТС ҳар хил жинсдаги одамлар ўртасида жинсий яқинлик орқали юқишини билган ўсмирлар: ўрта мактабларда — 96%, коллежларда — 99% ни;
• ОИТС уларни жинсий ҳаётга бўлган муносабатини ўзгартиришга мажбур қилганини эътироф этганлар: ўрта мактабларда — 26%, коллежларда — 15% ни ташкил қилди.
ОИТС оламига хуш келибсиз!
ОИТС нинг кенг тарқалиши жамиятимизда кўпчиликни никоҳдан аввал ва никоҳдан ташқари жинсий алоқа ҳақида яхшироқ ўйлаб кўришга мажбур қилган кўринади. Шунга қарамай, биз янги ва янги нохуш хабарларни эшитишда давом этяпмиз.
Бир дўстимдан мактуб олдим. У шуни ёзади:
“Жош, илтимос, ёшларга уларни аслида нима кутаётгани ҳақида айтишни тўхтатма. Рафиқам билан менинг бир дўстимиз бор – талаба қиз. Унинг ҳаёти бузилиб кетгач, ўтган кузда таътил вақтида у уч ҳафтага Флоридага борди ва у ерда “ажойиб” бир эркак билан танишди. Ўша эркак у билан маликага бўлгандек муносабат қилган. Натижада у ўзининг отелини ташлаб, уникига кўчиб ўтди ва таътили тугагунича у билан яшади. У “севиб қолган” эди.
Таътил якунлангач, ўша эркак уни самолётга ўтқазиш олдидан қўлига бир қутича тутди-да, уни уйга келгандан кейингина очишни буюрди, одатда бундай қутичаларда заргар узуклар сотишади. Севги иштиёқида ёнган ҳар қандай аёл сингари қаҳрамонимиз ҳам самолётга чиқиши биланоқ қутичани очди. Қараса, унда кичкина қабрча, ёнида эса “ОИТС оламига хуш келибсиз!” деган ёзув турарди. Қайтиб келгач, уч ойдан кейин қиз ўзини текширтирди ва ОИТС билан касаллангани аниқланди.
Жош, ўша эркакни қаматиб юборишган чоғи, чунки у яна бошқа еттита аёл билан ҳам худди шу ишни қилган. Бу – аслида жиноят... лекин уларга (болаларга) бу ҳақда айтмасликнинг айби бу жиноятдан кам эмас”.
Ўсмирлар қаровсиз қолиши оқибатида жинсий ҳаётда фаоллашишади
“Кутиб нима қиламиз?” номли тадқиқод дастуримизнинг бир қисми бўлган сон-саноқсиз ҳисобот ва статистик маълумотлардан олинган мисолларни ҳали кўп келтиришим мумкин. Бу тадқиқот 80-йилларнинг охирида ўрта мактаб ва коллеж ўқувчилари ўртасида ўтказилган. Минглаб ёшлардан интервью олиб, биз Дик билан шундай хулосага келдик: кўп ёшлар ва ёш бўйдоқларнинг жинсий муносабатни никоҳдан олдин бошлашига сабаб чиндан ҳам буни истаганлари эмас, бунинг асл сабаби уларда турмуш қуришларига қадар кутишга салмоқли бир асос, муддаоларнинг бўлмаганидир. Бироқ бу ерда камида иккита чуқур, шахсий омил борки, улар боис ўсмирлар турмушдан аввал жинсий ҳаёт кечира бошлайди. Тўлиқсиз ўрта ёки ўрта мактабда, ё бўлмаса университетда суҳбат ўтказганимда мен ҳар доим тингловчиларимга шундай мурожаат қиламан: “Деярли ҳар бирингиз иккита нарсадан қўрқасиз: Биринчиси – сизни ҳеч қачон яхши кўрмасликларини, иккинчиси эса – ўзингиз ҳеч қачон яхши кўра олмаслигингизни”.
Деярли ҳар доим мана шу сўзлардан кейин орага сукунат тушади. Ёшлар учун қачон йиғилиш ўтказмай, шуни биламанки, мурожаатимда нишонга тегмайдиган фикрлар ҳатто 5% ҳам бўлмагани маъқул. Акс ҳолда улар ўша 5% ни менга қарши ишлатишади. Бироқ уларни чўчитган ушбу иккита нарса ҳақида гапирганимда ҳеч ким, ҳеч қачон менга эътироз қилмаган. Болалар менинг тўғри айтаётганимни ич-ичларидан билишади ва айнан ўша, менинг айтганларим уларни дўстона муносабатдан жинсий яқинликка ўтишга мажбур қилади.
Дик билан бирга “Кутиб нима қиламиз?” номли китобни ёзганимизда, унинг биринчи бўлими бугунги кунда ёшларни жинсий ҳаёт кечиришга мажбур қилган омилларга бағишланган эди. 3 Биз тадқиқотларимиз давомида олган барча маълумотларни компьютерга киритдик, ундан жавоб олганимиздан кейин, менежеримиз келиб бизга:
– Айтсам, ишонмайсизлар. Компьютер болаларнинг бугунги кунда нима учун жинсий алоқа қилишига 37 та ҳужжат билан тасдиқланган сабабни келтирди, – деди.
– Яхши эмас, – дедим мен – бу ҳақда айтишни истамасдим. Бунинг устига ишончим комил, кўпчилик бизга ишонмайди. Балки бу рақамларни бироз камайтириб кўрсатармиз?
Рўйхатни олиб қайтадан ўқидим, унда кўрсатилган 37 та сабабдан ҳеч бўлмаса 10-12 тасини олиб ташлаш ҳақида ўйладим. Бу ердаги бандлардан биттасини ҳам ўчира олмаслигимни тушундим, виждоним бунга йўл қўймасди. Шунда ўрта мактаб ўқувчилари гуруҳини йиғиб уларга таклиф билан чиқдим:
– Ёрдамингиз керак. Мана бу рўйхатда, ёшларнинг назарида уларни жинсий яқинликка ундовчи 37 та сабаб кўрсатилган. Бу сабабларнинг ҳаммаси тўғрими ёки улардан айримларини олиб ташласа бўладими?
Болалар рўйхатни кўздан кечиришди. Уни узоқ ўрганишди ва улар ҳам ундаги биронта бандни ўчира олишмади! Табиийки, сабаблардан айримлари тор фикрдан далолат беради, шундай бўлсада, булар ҳам сабаб ҳисобланади ва уларни ўсмирларнинг ўзлари нима учун жинсий яқинлик қилганларини кўрсатиш учун келтиришган.
Биз тузган рўйхатда сабаблар физиологик соҳадан бошланади (“бу табиий нарса”, “бу мендаги эҳтиросларни уйғотади ва ўзимни бўш қўйишимга ёрдам беради”) ва руҳий соҳага ўтилади (“бу билан кўпчиликнинг эътиборини қозонаман”, “унинг учун буни қилишим керак эди”, “қизиққаним боис буни қилдим”) Бундан ташқари мен “атрофли” деб атаган сабаблар ҳам кўрсатилган (жинсий алоқа ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмаслик, бузилган оилалар, алкогол ва гиёҳвандлик кабилар).
Ҳиссий соҳага доир сабаблар ичида мен юқорида айтганим ҳам бор эди: “яхши кўришга ва яхши кўрилишга бўлган эҳтиёж”. Бошқа муҳим сабаблар қаторида: “ёлғизлик” ҳам кўрсатилганди. 20 йил давомида ёлғиз одамларни ўрганган тадқиқотчи Жон К.Вудварднинг берган маълумотларига кўра, ўрта мактабда ўқувчи қизлар – Қўшма Штатларда энг ёлғиз одамлар ҳисобланаркан.
Ҳар қандай қиз ҳамиша “отасининг эрка қизи” бўлади
Ўрта мактабда ўқувчи қизлар мамлакатимизда энг ёлғиз одамлар бўлса агар, нима учун никоҳдан аввал жинсий алоқа қилишини тушунтирган ўсмирлар кўпинча “отасининг меҳр-муҳаббатини излаш”ни бошқа бир асосий сабаб қилиб кўрсатишидан ажабланмасак ҳам бўлади.
Руҳшунос Норман Райт ўзининг “Ҳамиша отасининг эрка қизи” номли бестселлерида барча аёлларга шундай мурожат қилади:
“Яқин бўлганми ёки бегонами, сизга дўст бўлганми ёки сиздан йироқдами, муносабатларингиз совуқ бўлганми ёки илиқми, аниғи шуки, отангиз шахсингизда ўз муҳрини қолдирган. У ҳозиргача ҳаётингизга ўз таъсирини кўрсатиб келади, – эҳтимол, сиз билганданда кўпроқ ҳамдир”. 5
Норман Райт айтган сўзларнинг ҳақиқат эканини мен ҳаётимда олган, қалбни ларзага солувчи яна бир мактуб тасдиқлаб беради. Уни бир ёш аёл ёзган. Мактубда у шундай дейди:
“14 ёшимда мен 18 ёшли бир йигит билан учрашардим. Бир ой, ё бундан кўпроқ вақт учрашганимиздан кейин у мени яхши кўришини ва унга тегишли бўлишим кераклигини айтди. Агар яхши кўрсам, у билан ётишимни, акс ҳолда ўз эҳтиросларини бошқара олмаслиги ва мен билан алоқани тўхтатишга мажбур бўлишини шарт қилди.
14 ёшда нимани ҳам ўйлашим мумкин? Турмушгача жинсий яқинлик ёмон эканлигини билсамда, эркак киши мени яхши кўришини жуда истардим. Отам мени яхши кўришига менда ҳеч қандай ишонч бўлмаган. Ҳар доим унинг севгисига эришишим керак эканини ҳис қилиб яшаганман, уй юмушларини қанчалик яхши бажарсам, табелимда аъло баҳолар қанча кўп бўлса, отам мени шунча яхши кўрар эди. Бу ерда эса ўзим суйган инсон, уни чиндан ҳам ёқтирардим, уни севаман деб ўйлардим, у эса мени севишини айтарди.
Нима дейман, бу севгига эҳтиёжим катта эди. Ва агар уни сақлаб қолиш учун жинсий яқинликка розилигим керак бўлса, бу ҳолда иложсиз эканлигимни ҳис этдим. Бокиралигимни йўқотишни истамасдим, лекин шу билан бирга мени севган инсонни йўқотиш ҳам мен учун оғриқли эди. Ниҳоят рози бўлдим”.
Сўнг бу аёл шахсий кечинмалари, сир тутган нарсалари ҳақида гапириб берди. Мактубида у ўзининг кундалигидан 11 август санасида ёзилган шундай парча ҳам келтирди:
“Бугун кечқурун ўзимни жуда ёлғиз ҳис қилаяпман, ҳаётимда ўзимни қанча кўп ёлғиз ҳис этганларим ҳақида ўйлайман – чуқур ёлғизлик, гўёки умримда бир ўзим яшаб ўтаётгандекман. Шунда отасиз ёлғиз эканлигимни тушундим; қийналганимда уни чақира олмаслигимдан ёлғизман; мени тушунишини отамдан эшита олмаганим боис, мени охиригача тинглай олмагани боис ёлғизман. Отамни чақира олмасдим, чунки ўсганимда у билан яқин муносабатимиз бўлмаган. Ҳеч қачон бўлмаган. Шу тариқа ёлғизман, ўтмишим билан мени боғлайдиган ҳеч нарса йўқ.
Кейин эса мен севги излаб, отасининг севгисини излаш пайида айнан бугун тунда бокиралигини йўқотадиган қиз ҳақида ўйладим. Уни қандай бўлсада тўхтатишни, бошқа эркакда бу севгини ҳеч қачон топа олмаслигини айтишни истардим. Ўша қиз ҳақида ўйлаганимда юрагим эзилиб кетади, ўзим ҳақимда ўйлаганимда ҳам, ахир кўп йиллар аввал худди шу аҳволда бўлганман. Ҳаётим биргина иш – отамдан меҳр-муҳаббат излаш билан ўтган”.
14 ёшида бу қиз 18 ёшли йигитининг истагига рози бўлди. Икки йил ўтиб эса у билан муносабатини узди, кейин эса бошқа эркак билан танишди, у билан ҳам худди шундай бўлди. Сўнг бошқаси, яна бошқаси, яна бошқаси. Мактубида у ўша эркаклардан биронтаси ҳам унга ўзини бехатар ҳис қилишга ёрдам бера олмаганини тан олади.
Аксинча, у севган эркагининг қўлида қўғирчоқдек бўлган, чунки уни шартсиз севадиган одамни топишни жуда, жуда хоҳлар эди.
Ниҳоят, 21 ёшида у Исо Масиҳ билан учрашди ва ўша шартсиз севгига эришди. У Масиҳ уни, у ҳали гуноҳкор бўлганидаёқ севганини, унинг учун, Худонинг фарзанди бўлиши, Ўзи унга Ота бўлиш учун хочда ўлганини билиб олди. 21 ёшида, шунча хатолар, оғриқ ва аламли кунларни бошдан кечириб, сўнг у уни севадиган “Отани” топди.
Ушбу ёш қиз ҳақида ҳикоя минглаб мисоллардан бири. Бир марта ота-оналар конференциясида олдимга бир аёл келди ва 15 ёшли, чиройли қизининг расмини кўрсатди. Сўнг унинг ҳаётида бўлган воқеани сўзлаб берди.
“Бу йил қизим 17 та эркак билан жинсий алоқада бўлди. Бир ой аввал у аборт қилдирди, икки ҳафта аввал эса ўз жонига қасд қилмоқчи бўлди. Бугун эрталаб мактабга кетаётганида ундан сўрадим:
– Қизим, нима учун бундай қилаяпсан? Ўзингга раҳминг келмайдими? Наҳот жинсий яқинликдан ором топаётган бўлсанг, наҳот ўзингни бошқара олмаётган бўлсанг? Нима бўлаяпти ўзи?"
Қизим шундай деди:
– Ойижон, адашаяпсиз. Жинсий яқинликни ҳатто ёқтирмайман ҳам.
– Унда нима учун бундай қилаяпсан?
– Ойижон, ҳеч бўлмаса ўша пайтда “сени севаман” дейишларини эшитаман.
Яқинда олдимга 14 ёшли бир қиз келди ва ўтган ҳафта учта ҳар хил йигит билан жинсий алоқа қилганини айтди. Билмайман, назарида буни қандай қабул қилишим керак эди? Балки мени ҳайратга солмоқчи бўлгандир. Мен эса унга:
– Нима учун бундай қилдинг, – дедим.
У жавоб берди:
– Ҳеч бўлмаса ўша лаҳзаларда кимдир мени яхши кўришини ҳис этиш учун.
Ўсмирларнинг шахс бўлиб шаклланиш учун курашиши
Одобсизлик қилганлари учун ўсмирларга дўқ қилиш, уларни урушиб қўйиш жуда осон. Биз чуқурроқ қарашимиз, муаммонинг негизига, асл сабабларига етишимиз лозим. Мана шу ҳикоялар ва мактублар ҳақида ёзишимга сабаблардан бири эътиборингизни қуйидагига қаратиш: ҳар бир ота-она болага унда хавфсизлик ва ўз аҳамиятини билиш ҳисси шаклланишига асос пойдевор бўладиган даражада етарлича меҳр-муҳаббат кўрсатиш учун жавобгардир. Ота-оналар ўз фарзандларига доимо меҳр-муҳаббат кўрсатишса, фарзандлари уларни қабул қилганлари, ҳурмат-эътироф кўрсатилганини ҳис этишади. Агар болалик даврингизда мана шундай севги кўрган бўлсангиз, ўсмирликда бировларнинг “сизни яхши кўриши” учунгина бундай севгини оёқ ости қилишингиз қийин.
Болалар ўсмирлик ёшида улғайишнинг навбатдаги босқичига ўтишади Руҳшунос Эрик Эриксон бу босқични “ўз-ўзини англаш” деб атайди. 6 Бошқача қилиб айтганда, улар аввал олган билимларини бирлаштиришга ҳаракат қилишади. Улар: “Мен кимман? Онам ўқишимни истайди, отам эса касб-ҳунарга эга бўлишимни. Бироқ ўзим ким бўлишни истайман? Бу кимнидир бўлсада қизиқтирадими?” қабилида саволлар бера бошлайди.
Айнан ўсмирлик даврида ўз-ўзини англаш ва қадр-қимматини билишга доир саволлар болага жуда катта таъсир кўрсатиши мумкин. Ўсмир шахс сифатида шаклланиб борган сари ўз эҳтиёжларини ҳиссий туйғулар орқали қаноатлантиришга ҳаракат қилади. Бир руҳшуноснинг фикрига кўра, биринчи рақамли ҳаётий тажриба – бу жинсий яқинлик, иккинчи ўринда эса мусиқа турар экан. Биз ҳозир ўсмирлар дунёсида жинсий яқинлик ва мусиқа борасида қаерда турибмиз? Сафарларим давомида кўриб эшитганларимга асосланадиган бўлсам, биз ҳозир Садўм ва Ғамўрага яқинлашиб қолдик!
Улғайиш даврида кўп ўсмирлар ўз-ўзини англаш деб аталувчи мустаҳкам таянч етмагани боис, жинсий ҳаётга доир қатор хатоларга йўл қўйишидан ажабланмасак ҳам бўлади. Эрик Эриксон белгилаган ривожланишнинг саккиз босқичига кўра, сизнинг яқинликка бўлган лаёқатингиз ўз-ўзингизни англашдан келиб чиқади.7 Яқинлик ўзга одамни ўз ичингизга киритишга бўлган мойилликни ривожлантириш, ўзини тўлиқ очиб бериш, барча ожиз томонларни, қўрқувларни ва шубҳаларни кўрсатишни ҳам назарда тутади. Агар ўзингиз ким эканингизни билмасангиз, ўзга билан чин маънода яқин бўлолмайсиз.
Дилни очишдан кўра, яланғоч бўлиб ечинмоқ осон
Бироқ янгича ахлоқни яратган дунёда бунга жавоб бор. У чин яқинликнинг сохта ясамасини таклиф этади – жинсий алоқани бунга ечим қилади ва кўп ўсмирлар (шу қаторда катта ёшлилар ҳам) бу тузоққа тушишади. Охир-оқибат, агар асл шахсингизни аниқлаб олмасангиз ўзга инсонга дилингизни очишдан кўра, унинг олдида тўшакда ечинишингиз, уни ҳаётингизнинг туб-тубига киритишингиз анча осон бўлиб қолади. Менга ҳаммуаллиф бўлган Дик Дей таъкидлаганидек: “Яқинлик қачонки икки киши учрашганда ва уларнинг иккиси ҳам бир-бирини ҳеч қандай шартсиз, эътирозсиз, муғомбирликсиз ўз ҳаётига тўлиқ қабул қилишга қодир бўлганларида чин маънода рўй беради”.
Афсуски, кўп одамлар ҳақиқий яқинликка нисбатан лаёқатсиз бўлиб келмоқда, чунки улар ҳаётига ниҳоятда катта таъсир ўтказадиган ота-оналари томонидан етарлича мақтов кўрмаганлари боис, ўз-ўзини қабул қилишни уддалашолмаган. Шу тариқа онгида кимдир уларни ҳали қабул қилиши мумкинлигини тан олишга уларда асос ҳам йўқ. Натижада бундай одамлар яширинишади. Улар ниқоб тақиб олишади ва ҳеч кимга асл юзини кўрсатишмайди. Дик Жулиан марказида дарс берган вақтлари яқинлик мавзусига бағишланган машғулотларни кўпинча юзига топ-тоза, ҳеч қандай шакл солинмаган ниқоб тақишдан бошларди. Тингловчилар дарҳол гап нима ҳақида эканини фаҳмлаб олишарди. Ниқоб тақиб юрганингизда, бошқалар сизнинг асл юзингизни кўришмайди. То ўзингиз ким эканлигингизни кўрсатишни истамагунингизча, бошқалар билан ҳақиқий яқинликка эришолмайсиз.
Ўсмирлар учун кутиш лозим бўлган энг салмоқли сабаб
Юқорида “Кутиб нима қиламиз?” номли тадқиқотлар доирасида биз ўсмирлар жинсий яқинликни никоҳга қадар қолдиришга ҳожат йўқ деб ҳисоблаб, бунга келтирган 37 та сабабни аниқлаганимиз ҳақида айтиб ўтдим. Бу тадқиқотнинг бошқа қисмида биз ўсмирлар кутиши кераклигини тасдиқлайдиган 26 та сабабни муҳокама қилдик. Ўз-ўзидан тушунарлики, барча физиологик сабабларни кўрсатишни ҳам унутмадик (жинсий яқинлик орқали юқадиган касалликлардан қўрқиш, айниқса ОИТС дан; исталмаган ҳомилалик; аборт қилиш васвасаси). Шунингдек биз ҳиссий соҳага доир бир қанча сабабларни ҳам кўрсатдик, мисол учун: руҳий айбдорлик ҳисси, ўз-ўзидан нафратланиш ва ҳ.к.
Нью-Жерсида Принстон маркази хулқ-атвор терапияси директори, “Жинсий яқинликдаги ишонч” номли китоб муаллифи Дебора Филипс шундай дейди:
“Жинсий инқилоб туфайли жинсий яқинликка осон эришаётгани боис одамлар севги кўрсатишдан кўра, севгини хўрлаб келмоқда. Кўп аёллар яқинлик ҳиссига эришолмаяпти ва уларнинг ҳаммасини қанчайин яхши бажариши ҳақида хавотирлари ҳақиқий роҳатга эришиш имконларини йўққа чиқаради”.
Ўз-ўзидан кўринадики, ўсмирлар никоҳдан аввалги жинсий яқинликдан ўзларини олиб қочиши учун энг салмоқли сабаб, бу Худонинг Ўз Каломида буни нотўғри, хавфли ва ҳатто ҳалокатли дейишидир. Калом баданимиз – Муқаддас Руҳнинг маъбади эканлиги, жинсий ахлоқсизлик қилганлар ўз танасига қарши гуноҳ қилишини айтади. (1 Кор. 6: 19 га қаранг)
Муқаддас Китобда яна бир оят Худонинг иродаси бизнинг муқаддас бўлишимиз, жинсий ахлоқсизликдан йироқ юришимиз, баданимизни иззат-ҳурматга лойиқ тарзда бошқара олишимиз эканлигини айтади. Ҳеч қачон биродаримиз (ёки имондаги синглимиз)нинг ишончини суиистеъмол қилишга интилмаслигимиз керак. (1 Сал. 4: 3-6 га қаранг)
Ота-оналар кўпинча Муқаддас Китоб жинсий яқинликка оид очиқ эътироф этган учта “қоидани” алоҳида кўрсатиб хато қилишади. Чиндан ҳам, қоидалар бор ва албатта улар тўғри, бироқ болага қоидаларни сингдириш учун аввало у билан муносабат ўрнатишингиз лозим. Фарзандларингиз билан улар ҳали кичиклигидаёқ ўрнатган муносабатларингиз кейинчалик шаклланадиган муносабатларга ўз таъсирини кўрсатади.
Агар фарзандларингизни қабул қилиб, уларга етарлича меҳр-муҳаббат, ҳурмат-эътироф кўрсатсангиз, улар Худо нима учун жинсий яқинликни фақат никоҳда бўлишини белгилаб берганини яхшироқ тушунишга қодир бўладилар.
Ўйлайманки, ўзларини ўрнак қилиш ва ижобий таълим бериш орқали ота-оналар ўз фарзандларига ҳақиқий яқинликнинг чин гўзаллигини кўришга ёрдам бера олади, бу шундай яқинликки, унда одамлар ўз эҳтиросини қаноатлантириш учун эмас, балки севгисини изҳор этиш учун жинсий алоқа қилишади. Бола ўз уйида, ота-онасидан меҳр, севги ва яқинлик нима эканини билиб олмаса, буни яна қаердан билиши мумкин?
Уйингизда севги ҳақида гаплашиладими?
Масиҳнинг севги ҳақида айтган иккита энг чуқур ҳақиқатини назаримда Юҳанно Хушхабаридан топишимиз мумкин ва иккаласи ҳам чин маънода оилага оид.
Исо ток ва унинг новдалари ҳақидаги масалда:
“Осмондаги Отам Мени қандай севган бўлса, Мен ҳам сизларни шундай
севдим. Севгимга содиқ қолинглар” дейди (Юҳ.15:9).
Уй – бу бутун оиламиз яшайдиган жой. “Унинг севгисига содиқ қолиш” учун уйингизданда яхшироқ яна қандай жой бўлиши мумкин? Оилангиздан-да кўпроқ яна қаерда сиздан “Унинг севгисига яна ҳам кўп содиқ қолиш” талаб этилади?
Хочга михланишидан бир кун аввал, тунда Исо Ўз ибодатида шогирдлари ҳам худди У ва Отаси сингари бир бўлиши ҳақида сўраб, шундай деди:
“Мен улардаман, Сен эса Мендасан. Шундай экан, улар мукаммал бирликда бўлсинлар. Токи, Мени Сен юборганингни дунё билсин. Мени қандай севсанг, Меникиларни ҳам шундай севганингни дунё кўрсин” (Юҳ. 17: 23).
Ҳар бир масиҳий оилада Масиҳ уларни севгани боис, дунёга ўзлари билган бирликни намоён этиш учун ажойиб имкон бор. Унинг буюк севгиси туфайли улар бир-бирини яхши кўришади. Сиз фарзандларингизга ҳар куни ўргата оладиган бундан муҳим ҳеч нарса йўқ.
Ушбу боб фақат битта мурожаатни ўз ичига олади. Фарзандларингизга ҳар куни кўпроқ севги бериб келаётганингизга ишонч ҳосил қилинг. Уларнинг бир кун келиб муносиб хотин, эр ва ота-она бўла олиши мана шунга боғлиқ.
Эҳтимол сиз ҳам автомашина бамперида: “Бугун фарзандларингизни қучоқладингизми?” деган ёзувни кўргандирсиз. Бундай мурожаатлар шу даражада кўп учрайдики, кўпчилик бунга: “итингизни..., отингизни қучоқладингизми?” қабилида ўзгартиришлар киритмоқда. Мен эса ўйлайманки, энг муҳим савол шундай бўлиши лозим: “Бугун фарзандларингизни неча марта қучоқладингиз?”
Билингки, фарзандларингизни қанча қучоқласангиз ҳам, бу ҳеч қачон етарли бўлмайди. Севгига бўлган эҳтиёжни ҳеч ким, ҳеч қачон керагидан ортиқ қаноатлантира олмайди. Қучоқлаш, кўз қисиш каби оддий ҳаракатлар, “Ҳой, сени яхши кўраман!” дейиш – булар катта кучга эга.
Қаҳрамон бўлиш учун фарзандларингизни тез-тез қучоқлаб туринг!
Книга на Узбекском языке: Как стать героем для своих детей (Джош Макдауэлл)
Не нужно обладать сверхъестественными качествами, чтобы стать героем для своего ребёнка! Вам понадобятся лишь любовь, целеустремлённость и реальный план. Джош Макдауэлл и Дик Дэй предлагают основанный на Библии план воспитания детей, который позволит вам стать героем в их глазах. Сочувствие, твёрдость, последовательность сделают вас примером для ваших детей. Авторы дают множество практических советов. Вы увидите: чтобы стать героем, нужно совершать немало забавных поступков. Но самое глаНе нужно обладать сверхъестественными качествами, чтобы стать героем для своего ребёнка! Вам понадобятся лишь любовь, целеустремлённость и реальный план. Джош Макдауэлл и Дик Дэй предлагают основанный на Библии план воспитания детей, который позволит вам стать героем в их глазах. Сочувствие, твёрдость, последовательность сделают вас примером для ваших детей. Авторы дают множество практических советов. Вы увидите: чтобы стать героем, нужно совершать немало забавных поступков. Но самое главное, вы научитесь поддерживать с детьми такие отношения, которые даруют вашей семье жизнь с избытком, а это - редкость в нашем тревожном и опасном мире.