Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) 4 bob

Djosh Makdauell. Bolaning nazaridagi qahramon (2-qisim 4-bob) Kitob O'zbek tilida 

Боланинг назарида қаҳрамон (Джош Макдауэлл) Ўзбек тилида Аудиокитоб Djosh Makdauell. Bolaning nazaridagi qahramon (Audiokitob)

 

 

Мундарижа

Сўзбоши

I қисм. Ижобий ота-оналик режасига тўғри келадиган  қаҳрамонлар талаб этилади

1. Ижобий ота-оналик режасига тўғри келадиган  қаҳрамонлар талаб этилади

2. Муттаҳамни алдаш, аҳмоқни лақиллатиш мумкин, лекин болани алдаб бўлмайди

3. Ўзибўларчиликка солманг, режалаштиринг

II қисм. Қабул қилиш: ишонч ва ўзини ўзи ҳурмат қилишнинг пойдевори

4. Қабул қилиш: ишонч ва ўзини ўзи ҳурмат қилишнинг пойдевори

5. Уларни қабул қилсангиз, улар ўзларини қабул қилишади

6. Қабул қилиш: Ҳикматлар 22:6 нинг асл маъноси

III қисм. Эътироф қилиш: ўз аҳамиятини тушунишнинг калити

7. Эътироф қилиш: ўз аҳамиятини тушунишнинг калити

8. Улар бирон нарсани тўғри бажараётганларини пайқаб олиш

IV қисм. Севги: усиз бола ҳалок бўлиши мумкин

9. Севги: усиз бола ҳалок бўлиши мумкин.

10. Оддий қучоқлашнинг ғоят катта кучи

V қисм. Кўнгил яқинлиги: қаҳрамон бўлиш учун вақт керак

11. Кўнгил яқинлиги: қаҳрамон бўлиш учун вақт керак

12. Севги шундай ёзилади: В-А-Қ-Т

VI қисм. Масъулият ва ҳурмат: чекловлар ўзини интизомга бўйсундиришни ва қатъийликни қандай ўстириши

13. Масъулият ва ҳурмат: чекловлар ўзини интизомга бўйсундиришни ва қатъийликни қандай ўстириши

14. Масъулиятли ота-она болада масъулият шакллантиради

Якуний мулоҳазалар


II ҚИСМ. ҚАБУЛ ҚИЛИШ: ИШОНЧ ВА ЎЗИНИ ЎЗИ ҲУРМАТ ҚИЛИШНИНГ ПОЙДЕВОРИ

Ҳар қандай мулоқотнинг асоси – бу қабул қилиш. Худо билан муносабатларимиз Унинг инояти, яъни бизни қандай бўлсак шундайлигимизча қабул қилиши асосида қурилади. Биз ҳеч қандай ишимиз билан Худонинг севгисига чин маънода муносиб бўлолмаймиз. Биз Унинг олдига оддий ишонч билан келамиз, У бизни яхши кўриши ва қабул қилишига ишонамиз. Бола ҳам олдингизга шунга ўхшаш ҳолда келади. Болани шартсиз  яхши кўриш мумкинми? Нима учун бола шартсиз қабул қилишингизга муҳтож ва бунга эришилмаганда нима бўлади? Қабул қилиш болада ўзи ҳақида фикри ва ўзини ўзи ҳурмат қилиш ҳисси уйғонишида қандай рол ўйнайди? Ушбу бўлимда биз қуйидаги саволларнинг барчасига жавоб берамиз ҳамда ...

• ўз иродангизга қарши равишда ҳаётда энг муҳим нарса – бу эришилган натижа эканини боланинг кўнглига солаётганингизни қандай аниқлаш ҳақида;

• Калом ҳар бир одамнинг ноёблиги ҳамда болани ноёб шахс ўрнида кўриб, муносабат қилиши ҳақида;

• нима учун “норматив тарбия” иш бермаслиги ҳақида;

• Каломда қайси оятларда “ўзини ўзи ҳурмат қилиш” ва “ўзи ҳақида фикрлаш” кабилар тўғрисида аниқ айтилгани хусусида;

• ўзи ҳақида соғлом фикрлаш тўғрисида Муқаддас Китобда нима дейилгани ҳақида;

• айрим болаларнинг “қадр-қимматим кўп эмас, эҳтимол умуман йўқ ҳамдир” деган фикрга келишининг сабаблари ҳақида;

• болага у Худонинг суратидай қилиб яратилгани... қадр-қимматга эгалиги – Худо кераксиз нарса яратмаслигини қандай кўнглига солиш ҳақида;

• шартсиз қабул қилинганликни қандай кўрсатиш ҳақида айрим амалий мисоллар хусусида;

• қабул қилиш нима учун танлов эканлиги ва сиз қандай қилиб ҳар куни бу танловни қилишингиз мумкинлиги ҳақида билиб оламиз.

4 БОБ. ФАРЗАНДЛАРИНГИЗНИ ҚАБУЛ ҚИЛСАНГИЗ,  УЛАР ЎЗЛАРИНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШАДИ

Сиз фарзандларингизни улар қилган нарсалар учун яхши кўрасизми ёки қандай бўлганлари учунми?

Жавоб беришга шошилманг. Агар саволни чуқурроқ ўйласангиз, бу қадар осон эмаслигини кўрасиз. Кўп нарса шартсиз қабул қилиш билан шартли қабул қилиш ўртасидаги фарқини қандай тушунишингизга боғлиқ.

Шартсиз қабул қилиш фарзандингизнинг кимлиги, яъни Худонинг суратида яратилгани, Яратувчи томонидан берилган қадриятларга эга бўлган тирик жонлиги ҳақида тушунчага асосланади. Ота-онаси шартсиз қабул қилган болаларда ўзи ҳақида соғлом фикрда бўлиш ҳиссини ўстириш имкони анча кўпроқ бўлади. Улар ота-она билан ўзаро муносабатларда ўзларини анча ишончли ҳис қиладилар. Улар одатда севги билан обрў орттирган одамни яхши қабул қилишади. Шартсиз қабул қилиш қайси жиҳати билан муҳим?

Қабул қилиш ўлчаб бўлмас даражада аҳамиятга эга,

негаки болада ишонч ҳиссини ўстиради, унга самимий

бўлишни ўргатади ҳамда бола билан ўртангизда

ўзаро ишонч муҳитини яратади

Бошқа томондан, шартли қабул қилишда боланинг нима қилишига қараб иш тутилади, яъни бола қулоқ солса, қандайдир муваффақиятларга эришса, нимададир ютуқларга эга бўлсагина, уни қабул қилишади. Бироқ агар эришган ютуқлари ота-онаси талаб этган даражада бўлмаса, бу ҳолда бола ўзига бўлган ишончини йўқота бошлайди, рад этилганини ҳис қилади, унда ўз-ўзини етарли даражада ҳурмат қилмаслик аломатлари кўрина бошлайди. Аста секин самимийлик ҳам, ота-онаси билан ўртасида ўзаро ишонч ҳам йўқолади.

Ишончсизлик ҳар хил кўринишда келади

Сафарларим давомида ҳар доим фақат шартли қабул қилган ёки умуман қабул қилинмаган ўсмирларни ва ўқувчиларни учратаман.

Марк коллежда ҳеч қачон ўқимаслигини билади, негаки бошланғич мактабдаёқ ўқитувчилардан бири уни “билимсиз нодон” деб атаган, бироқ яна ҳам ёмони шуки, ота-онаси унга: “Сен – ялқовсан, ҳеч нарсага ярамайсан” деб тинмай уқтирган.

Лори оёқлари ингичга бўлгани боис, синфдошларининг аёвсиз масхаралари остида ўсган. То мактабни тамомламагунича уларнинг “қуш оёқ” деб аташлари, “душ қабул қилганингда, чанғи кийиш эсингдан чиқмасин” деб истеҳзо қилишлари уни тинч қўймасди. Ҳозир коллежда ўқиётиб Лори ҳамон озғинлигича қолмоқда, дугоналарининг кўпчилиги эса ортиқча вазн билан курашишни бошлаб юборишган. У ҳалигача “ингичга оёқларидан” уялади ва чўмилиш кийимида кўринмасликка ҳаракат қилади.

Жеффнинг ўзига ишониши шундоқ кўриниб турарди. У синфда энг илғор ўқивчилардан бири ва футбол жамоасида етакчи ҳисобланади. Жеффнинг фалсафаси шундай: “Муваффақият қозонишинг керак, акс ҳолда ҳеч ким сенинг бирон нарсага яроқли эканлигингга ишонмайди”.

Марк ва Лора каби айрим болаларда ўзини ўзи ҳурмат қилиш ҳисси етишмаслигини кўриш жуда осон – улар ўзлари ишончсизлигини ва уларга бўлган салбий муносабатни тан оладилар. Бошқалар, Жефф сингари ўзи ҳақида паст фикрни агрессив, уришқоқ хулқ-атвор ниқоби остида яширишга ҳаракат қилади, бироқ юраги тубида улар ҳам ўзларига ишонишмайди.

“Нимага ишонишмайди?” деб сўрашингиз мумкин. Уларни қабул қилаётганларига, қандай бўлса, ўшалигича қадр-қимматга эгалиги ва аҳамиятли эканлигига. Шундай қилиб, улар ўз атрофдагиларга ва ўзларига чиндан ҳам муносиб шахс эканлигини исботлаш учун, ҳаётда муваффақият қозонишга ҳаракат қила бошлайдилар.

Улар бошқалар томонидан ардоқланишга кураш орқали эришилади деб ўйлашади. Шуни тушунишмайдики, уларда ҳам Худонинг суратида яратилган барча одамларда бўлгани каби, туғилганлариданоқ нима қилиши, қандай кўриниши ёки нимага эга бўлишидан қатъий назар, қандай бўлса шундайича иззат топишга, қабул қилинишга ҳақ-ҳуқуқлари бор.

Афсуски, кўп ёшларнинг ўз ота-оналари ва тақлид учун бошқа андазалар билан бирга муваффақият қозониш тузоғига тушаётганини кўраман. Улар тушунмайдики, Худонинг шартсиз муҳаббати ҳар қандай одамни муҳим ва иззату шарафга лойиқ қилади.

“Инсон зоти недирки, у ҳақда ўйлагайсан?!

Бандалар недирки, Сен уларни ардоқлагайсан?!

Сен уларни Ўзингдан андак паст қилдинг,

Иззату шараф тожини уларга кийгиздинг” (Забур 8:5-6).

Ўзини ўзи ҳурмат қилиш Каломга оид тушунчами?

Қанчайин ғалати эшитилмасин, ўзини ўзи ҳурмат қилиш – Каломга асосланган, таъсирли тушунча эканидан шубҳаланган одамларни кўп учратаман. Ота-оналарга бағишланган семинарларда сўзга чиққанимдан кейин кўпинча у ёки бу ота-она менинг ўзини ўзи ҳурмат қилиш ҳақида тасаввурларимга қарши фикр билдирганларини эшитишимга тўғри келади. Эҳтимол улар кенг нашр этилган қандайдир китобчада ўзини ўзи ҳурмат қилиш – бу “Янги аср” ҳаракати томонидан тарғиб қилинаётган тушунча, унда Худога маъқул ёки Каломга асосланадиган ҳеч нарса йўқ қабилида айтилган фикрни уқиб олган бўлишлари мумкин. Бундай китоблардан улар ўзини ўзи ҳурмат қилишга интилмоқ аслида – гуноҳ, чунки одамнинг бутун эътиборини ўзига қаратади, деган мафкурани олишади. Мана шу каби эътирозларга мен чамаси шундай жавоб бераман: “Бу масалани муҳокама қилишга тайёрлигингизни қадрлайман. Тўғри, одам бутун эътиборини фақат ўзига қаратиши, ўз истак-муддаоларини ҳамма нарсадан устун қўйиши мумкин, бироқ ўзи ҳақида фикрлаш ва ўзини ўзи ҳурмат қилишни “гуноҳ” деб аталишига қўшилмайман. Аксинча, ўйлашимча айнан ўзи ҳақида фикрлаш, ўзини ўзи ҳурмат қилиш одамни худбинликдан ва бутун эътиборни фақат ўзига қаратишдан асрайди”.

“Ўзи ҳақида фикрлаш” ва “ўзини ўзи ҳурмат қилиш” тушунчаларига изоҳ

Ҳар биримизда ўзимиз ҳақимизда хаёлий тасаввурлар, яъни фикрлар бор.  Бундан ташқари, тадқиқотлар шуни кўрсатиб берадики, биз ўша хаёлий тасаввур (образ)ни қандай қабул қилсак, шундай ҳаракатланишга интиламиз. Мактабда ва коллежда таҳсил олиб буни шахсан бошдан кечирганман. Оилада, энг аввало отам билан муносабатларда ҳамда чап қўлда ёзишимга қарши бўлган, мени суст ўзлаштирадиган ўқувчи деб билган ўқитувчиларим билан муносабатда қийинчиликлар боис, ўзим ҳақимда энг паст фикрда бўлганман. Ўзимга нисбатан яхши туйғуларни деярли ҳис қилмасдим, булар бўлган тақдирда ҳам. Исо Масиҳга ишониш ва Худо мени қабул қилганини тушуниш орқалигина мен чин маънода ўз қадримни биладиган бўлдим. Чин маънода ўз қадр-қимматини билган одамлар Худо уларни севиши ва қабул қилишини билганлари боис, ўзларини қабул қиладилар. Чин маънода ўз қадр-қимматини билиш ҳисси шундай дейди: “Мени севишади, қадрлашади, мен – Худонинг тўлақонли, қобил ижодиман. Ҳа, гуноҳкорман, лекин Худо мени гуноҳдан сотиб олди, У менинг гуноҳларимни кечирди ва эндиликда менга Ўзи истаган шакл-тароватни ато этмоқда”.

Чин маънода ўз қадрини билган одамлар ўзларини иззатладилар. Улар аҳамиятли эканлиги, дунё улар боис яхшиланиб бораётганига ишонишади. Чин маънода ўз қадрини билган одам бошқалар билан мулоқот қилади, уларга ҳам иззату шараф кўрсатишга қодир бўлади. Бундай одам ўзгаларга умид, севинч ва ишонч бағишлайди. Булар ҳам ғалати, ҳам таниш эшитилади – Муқаддас Китоб буларни Руҳнинг самаралари деб атайди. (Гал. 5:21-22)

Бошқа томондан, ўз қадрини яхши билмаган одам бошқаларнинг фикрига қарам бўлиб яшайди. Ўз қадрингизни яхши билмасангиз, ўзлигингизни яхши англамаган бўласиз.

Ташқаридан ўзига ишонгандек кўринган талаба ўз мактубида менга шуни тан олиб ёзди: “Ўзимни ола қарғадай ҳис қиляпман. Одамлар мен ҳақимда нима дейишларини ўйлаб қўрқаман, натижада ўзимни қабул қилишга ҳам қийналяпман. Одамларнинг кўзига қарашга, ҳатто уларнинг ёнида туришга қўрқаман. Ўзимни ташландиқдай ҳис қиламан. Мени рад этишларидан қўрқаман”. 

Калом ўз-ўзимизни камситишни ўргатмайди

Ўз қадрини билиш ҳиссини тан олишга қийналган масиҳийлар ўзини севишга ёки қабул қилишга қодирлиги ҳақида фикрга қатъий қаршилик кўрсатиб, бунга зид равишда ўзларини бир қуртдай мисол, жаҳаннам ўтига ташланишга лойиқ бўлган, фойдасиз гуноҳкор ўрнида кўришади. Бундай одамлар ўз фикрига далил сифатида кўпинча Римликларга 12:3 ни келтиришади. Бу ерда: “...ўзингизга ҳаддан ташқари юқори баҳо берманглар. Аксинча, Худо ҳар бир кишига қанча имон берган бўлса, шунга кўра, фикр қилиб, ақли расо одамлар бўлинглар” дейилган. Улар ўйлайдики, бу оят уларни ўзларига юқори баҳо бермасликка, аксинча ўз қадрини пасайтиришлари лозимлиги ҳақида ўргатади. 

Бироқ бу оятда одам ўз қадрини пасайтириши ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Унда биз ўзимизни Худонинг ижоди сифатида билиб, ўша даражада ўз ҳақимизда ўйлашимиз лозимлиги уқтирилади холос. Павлус одам реалист бўлиши, ақл-идрок билан иш тутиши лозимлигини ўргатади.

Бу оят асос сифатида Каломга яхши изоҳ бўлиб хизмат қилади:

Чин маънода ўзи ҳақида фикрлаш: “Ўзига Худонинг назари билан қараш, ҳеч нарса қўшмаслик, ҳеч нарса айирмасликдир”.

Бу гуноҳкор эканлигимизни унутмасликни англатади. Бироқ шу вақтнинг ўзида бу бизга Калом жуда аниқ тарзда бизнинг Худо суратидай қилиб яратилганимиз ва бундан келиб чиқадики, ички қадриятга эга эканлигимизни ўргатишини эсда сақлашимизга халақит бермайди.

Чапақайни қабул қилмасликларини эрта тушундим.

Ёшлигимда Худонинг суратида яратилганлигим ва менда ички қадрият борлиги ҳақида ҳеч нарса билмасдим. У мени қабул қилиши учун, тингловчиларим мени қабул қилишлари ёки “уларга мақбул” бўлиш учун кўп куч сарфлардим. Чапақай бўлиб туғилганман ва бошланғич мактабда ўқитувчиларим мени ҳамма нарсани ўнг қўлда қилишга мажбурлашарди. Мисол учун, бир ўқитувчи чап қўлим билан бир нарса қила бошлаганимда, ўша қўлимга чизғич билан урарди.

– Қани, Жош — дерди у, — ўнг қўлингни берчи.

Тез орада мен ўнақай бўлиш чапақай бўлишдан афзал деган хулосага келдим ва мантиқан бу менинг бошқалар олдида нуқсонли эканлигимни англатарди.

Асабийлашиб, ишончим шу даражада йўқолдики, дудуқланиб гапирадиган бўлдим. Ўз ҳақимда паст фикрда бўлишим ва ўз ҳурматимни билмаслигим устига дудуқланиш ҳам қўшилди.

Ҳар қандай ишни қийинчилик билан қиладиган бўлдим, айниқса синф олдида гапириш мен учун яна ҳам қийинлашди. Бир куни бизга Геттисберг мурожаатини ўз сўзимиз билан айтиб бериш топшириғи берилди. Уйда яхши ёдлаб олдим ва оғилхонани тозалаётиб буни тутилмасдан айтдим, бироқ синф олдига чиққанимда бирдан руҳим тушиб кетди. Дудуқлана бошладим, ҳатто биринчи сатрни ҳам айтолмадим, мушкул аҳволга тушиб синфдан югуриб чиқиб кетдим.

Шу билан бирга майхўр отадан нафратланишни ҳам ўргандим

Менда ўз ўзимни иззатлаш ҳисси шаклланмаслигига мактабнинг таъсири катта бўлди, бироқ энг катта зарарни менга оилам етказди. Онам мени яхши кўришига ишонардим, бироқ отам билан оғир муносабатда бўлганим шахсиятимни деярли бузиб юборди. Ўн тўрт ёшда аввал отамнинг ичкилигига, сўнг эса унинг ўзига бўлган нафратим ошди. Ўрта мактабда ўқир эканман нафратим тобора кучайиб борди.

Бир манзара менинг хотирамда бир умрга муҳрланиб қолган. Ўшанда ўқув йили якунлангач, катта синфга ўтганимизни бизнинг фермамизда нишонлашга қарор қилдик. Зиёфат жуда хурсандчилик билан ўтаётган бир пайтда отам пайдо бўлди. Эскириб кетган машинаси йўлни чангитиб, у четдан бу четга ўтиб келарди. Дарахтни уриб юборишга, кейин эса бир итни босиб кетишига сал қолди.

Отам машинани тўхтатиб, гандираклаб чиқди-да, уйга қараб юрди, бир неча марта қоқилиб, йиқилишига оз қолди. Унинг маст бўлиб келаётганини кўрган дўстларим кула бошлади, қулоғимга уларнинг ҳазиллари эшитилди. Оғилхонага кетиб қолдим, маълум бир вақт ўша ерда ўтирдим – дўстларимнинг кўзига қарашга уялардим.

Онам ичи дардга тўлиб қазо қилди

Ўрта мактабни тугатишимдан икки ой аввал, бир куни уйга ярим тунда қайтганимда онам аччиқ кўз ёш тўкиб йиғлаётган экан.

– Нима бўлди? Нима қилди? — сўрадим онамдан.

Отам яна онамга қўл кўтарган деб ўйладим. Онам гапира олгунга қадар орадан бир неча дақиқа ўтди.

– Бўлди... ортиқ чидай олмайман, — йиғларди онам, — отанг... маст... ҳақоратлар...”

  •  Биламан, — дедим. Бўғзимга бир нарса қадалди.
  •  Ортиқ чидай олмайман, — ингради онам, — яшашни истамайман. Кутаман, бир ойдан кейин мактабни тамомлайсан, — яна инграб йиғлади, — кейин эса ўлишдан бошқа чорам йўқ.

Онамдан бундай сўзларни биринчи бора эшитишим эди. Бироқ бу гал янги бир оҳанг борлигини сездим – у худди ўз ўлимини башорат қилаётгандек эди. Ўз жонига қасд қилишни ўйлаб қўймаганмикан, ишқилиб? Бунга ишонмасамда, юрагимда қўрқув ҳис қилдим.

Орадан икки ой ўтди, ўрта мактабни тамомладим ва кейинги жума онам қазо қилди. Одам юраги эзилишдан ўлиши мумкинми? Ўйлашимча, тиббиёт нуқтаи назаридан бу инкор этилади, бироқ руҳий ва ҳиссий томондан олиб қаралганда, бу мумкин экан. Онам қазо қилди, унинг ўз ҳурмати ва қадрини билиш ҳисси отам томонидан тамомила барбод қилинган эди. Онамнинг ўлими билан мен ўзим учун ишонч ва барқарорликнинг сўнгги манбасини йўқотдим. Қаерга бормай, қанча кеч келмай, онам ҳар доим ўз ўрнида ўтирар, мени кутар, мен билан гаплашар, ҳаётим ҳақида қизиқарди. Энди онамни йўқотиб, бир ўзим қолдим.

Коллежга ўқишга кирган пайтларимда руҳан эзилган эдим

Дафн этишда мен учун отамдан ёмон одам йўқ эди. Уни ёмон кўрардим ва агар коллежга ўқишга кириб уйдан кетмаганимда, бирор бир ёмон ишга ҳам қўл уришим мумкин эди. Мен кичик бир дунёвий коллежни танладим ва талабалар шаҳарчасига келдим. Ўша пайтда ҳиссий ва руҳан эзилган ҳолда бўлиб, шартсиз, чексиз меҳр-муҳаббатга, атрофдагилар мени қабул қилишига жуда, жуда муҳтож эдим. Бироқ бундан ҳам кўпроқ мен ўзимни қабул қилишни, ўзимга бўлган нафратни енгишни истардим.

Ҳамма ёшлар интилган нарсани хоҳлардим: ўзимга ишонишни, эътиқодли бўлишни, қалбим, юрагим тинчликка тўлишини ва табиийки, бахт топиш иштиёқида эдим. Мен бахт топишга ҳаракат қилардим ва шу мақсадда биринчи курсда талабалар шаҳарчасида етакчи ўрнини эгаллашга уриниб кўрдим. Курсда гуруҳ етакчиси қилиб тайинландим ва тез орада қарорлар қабул қилишда иштирок этадиган бўлдим, мисол учун: талабалар шаҳарчасига қайси маърузачини таклиф қилиш, талаблардан йиғилган пулга кечани қандай ташкиллаштириш.

Ишим душанбадан то жумагача давом этадиган оғир машаққатга айланди. Ҳафтада уч кечагина ўзимни чин маънода бахтиёр ҳис қилардим: жума, шанба ва якшанба кунлари. 

Ҳафта ортидан ҳафта ўтар экан, чамаси саккиз кишидан иборат кичик бир талабалар гуруҳи эътиборимни торта бошлади. Улар иккита ўқитувчи билан кўп вақт ўтказишарди. Уларда мен тушунмаган бошқача бир нарса бор эди. Уларнинг нимага ва нима учун ишонишлари борасида аниқ билимга эга бўлганлари шундоқ кўзга ташланар эди, одамлардаги мана шу сифат эса менда ҳар доим ҳавас уйғотиб келган. Бундан ташқари, уларда аниқ йўналиш ҳисси бордек эди, мен учратган аксарият одамларга мана шу нарса етишмасди. Бироқ мен учун энг кутилмаган нарса, бу уларнинг кўпинча севги ҳақида ва бошқаларга қандай ёрдам бериш мумкинлиги ҳақида гапиришлари эди – дунёвий коллежнинг талабалар шаҳарчасида камдан-кам учрайдиган ҳолат.

Бу одамларни нима ажратиб туришини билгим келди, шу мақсадда улар билан яқинроқ танишишга қарор қилдим. Улар менга Исо Масиҳга бўлган қарашларини ақлий нуқтаи назардан кўриб чиқишни таклиф этишди.

Тадқиқотимга чамаси икки йил кетди ва уни якунлаганимда менда ишончсизлик ҳафсаласи йўқолиб бўлган эди. Тўпланган материаллар менда Исо Масиҳ чиндан ҳам Ўзи айтганидек – Худонинг Ўғли, дунёнинг Қутқарувчиси эканлигига ишонч ҳосил қилди. Очиқ-ойдин кўриниб турган бу ҳақиқатни тушунганимда менда танлов пайдо бўлди – масиҳий бўлиш танлови. Клайв Льюис сингари мен ҳам Худо шоҳлигига истар-истамас кириб бордим, бироқ охир-оқибат ўз ҳаётимни Исо Масиҳга топширдим.

Маълум бир вақт ўтиб Масиҳ ҳаётимни ўзгартирди. Умримда илк бор ҳақиқий ишонч, ўз қадримни билиш ва тинчлик нима эканини ҳис қила бошладим. Исо гуноҳларим учун жазони Ўзига олгани боис, Худо мени қандай бўлсам, шундайлигимча қабул қилишини билардим. Мени қабул қилишига лойиқ бўлиш учун мен ҳеч нарса қила олмайман. У имон ва фақат имон туфайлигина менга нажот беради.

Худонинг шартсиз қабул қилиши – жуда ажойиб ҳақиқат ва одамлар кўпинча уни сезишмайди. Ушбу бобнинг бошида айтилган Марк, Лиза ва Жефф сингари, улар ўз кўринишлари, қобилияти, истеъдоди, талантлари борлиги ёки йўқлигидан келиб чиқиб хулоса қилишади. Улар бутун умри давомида қабул қилишларига лойиқ бўлиш учун интилишади, тушунишмайдики, Худо уларни аллақачон қабул қилган. Исо Масиҳнинг мутлақ ноёб хизмати туфайли Худо ҳаммамизни бирор бир шартсиз, Ўзига фарзанд қилиб, борлигимизча қабул қилади. Юҳанно: “Ҳақиқий севги — бизнинг Худога бўлган севгимиз эмас, балки Худонинг бизга кўрсатган севгисидир. Зеро, Худо бизни гуноҳларимиздан поклаш учун Ўз Ўғлини қурбон қилди”, деб мана шуни назарда тутган. (1 Юҳанно 4: 10)

Каломда ёзилган ҳақиқатларни ўзимга сингдириб борар эканман, аста-секин қабул қилишлари учун мукаммал бўлиш, аллақандай бир талабларга жавоб бериш, атрофдагиларда таассурот уйғотиш лозимлиги ҳақида тасаввурларим нотўғри эканини тушуна бошладим. Охир-оқибат менинг чапақайлигим ҳам, болаликда дудуқланиб гапирганим ҳам ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини билдим. Қолаверса, ҳозир ҳам баъзида, асабийлашсам дудуқланаман. Ўзимга бўлган салбий муносабат аста секин йўқолди, у билан бирга ўз камчилик ва ожизликларимни яширишга бўлган интилиш ҳам. Мен комил инсон эмаслигимни тан оламан, бироқ шу билан бирга “Исо Масиҳда комил эканлигимни” тушунаман, ҳамма фарқ шунда.

Худо отамни ҳам ўзгартирди

Қайтадан топилган ишонч орқали тушундимки, Худонинг мени қабул қилиши ичимдаги бўшлиқни тўлдиради, отам мени қабул қилмагани боис, бу бўшлиқни бутун умр дилимда сақлаб келар эдим. Бироқ Худо тўғридан тўғри ҳаракат қилмади. У менга кичик “синов” юборди.

Масиҳий бўлганимдан кейин отам билан муносабатларимни яхшилашга ҳаракат қилдим, бироқ кўринарли муваффақиятга эришолмадим. Лекин бир куни машинада темир йўлни кесиб ўтиладиган жойда тўхтаганимда, соатига 60 километр тезликда келган бир маст ҳайдовчи мени уриб юборди. Иккала оёғим, қўлим, бўйним синган ҳолда касалхонага тушдим. Ниҳоят уйга қайтганимда, отам ўша пайтда ичмаган ҳолда хонамга келиб:

– Мендек отани қандай яхши кўра олдинг? – деди.

  •  Ота, — дедим мен, — ярим йил аввал сиздан нафратланар эдим, лекин Масиҳ ҳаётимни ўзгартирди.

Сўнг отам билан Исо Масиҳ ҳақида билиб олганларимни бўлишдим.

Отам тортишмади. Фақат эшитди. Сўнг эса мен билан ибодат қилди. Эшитганларимга ишонишим қийин бўлди. Отам:

– Худойим, агар чиндан ҳам Худо бўлсанг, Масиҳ – Сенинг Ўғлинг бўлса, агар ўғлимнинг ҳаётида қилганларингни менинг ҳаётимда ҳам қила олсанг, Сени Нажоткорим деб қабул қиламан,  – деди.

Бир ой ўтиб ўқишимни давом эттирдим ва Мичиганда, отамнинг фермаси яқинида жойлашган коллежга ўтдим. Онамдан кейин отам ёлғиз ўзи яшаб, вақти-вақти билан мени йўқлаб, коллежга келиб турадиган бўлди.

Шунча йил бир-биримизни хафа қилиб, азоб бериб, сўнг, отам юрак хуружидан вафот этгунга қадар биз у билан ўн тўрт ой ажойиб ҳаёт кечирдик. Ўша ўн тўрт ой менга бой берилган нарсанинг ўрнини тўлдиришга ҳеч қачон кеч эмаслигини кўрсатди. Бир-бирини қабул қилиш ҳеч қачон кеч эмас экан. Отам бу дунёга яшаган сўнгги йил давомида у билан мулоқотда ҳис қилганларим менга ўз фарзандларим билан имкон борича яхшироқ муносабатлар сақлашим учун энг яхши ғайратлантирувчи омил бўлиб хизмат қилди.

Бола қабул қилинса агар, ўзини қабул қилишга қодир бўлади

Мен ўзимнинг қийинчиликларим ҳақида ҳикоя қилдим. Булар ўзим ҳақимда паст фикрда бўлганим, чин маънода ўзимни қадрламаганимнинг оқибати эди. Бундан мақсад ушбу мисолда бола учун, айниқса тақлид қилиш учун андаза вазифасини бажарган, энг аввало ота-оналар ва ўқитувчилар томонидан қабул қилинганини ҳис этиш қанчайин муҳим эканини кўрсатиш эди. Бола ҳадеб бирон ишни тўғри қилмаслигини эшитаверса, табиийки: “Кўп қадрим йўқ, эҳтимол ҳеч қандай қадрим йўқдир” деган хулосага келади.

Ҳаётида энг муҳим одамлар томонидан қабул қилинмаганини ҳис қилар экан, бола ўзини ҳам қабул қилмай қўяди. Ўз қадрини билмасликнинг негизи ўзи ҳақида паст фикрда бўлишдир.

Бунинг тўлиқ тескариси – ота-онанинг машаққатлари боис ардоқланганини ҳис этган бола. Доттининг ота-онаси буни жуда яхши уддалай оларди. Учала боласининг ҳар бирида улар ўз қадр-қимматини билиш ҳиссини ўстира олишди ва шу вақтда болаларнинг биронтаси ҳеч бир жабҳада ўзини бошқалардан устун қўйган эмас. Дотти менга кўпинча айтардики, агар оилада ўзини энг яхши кўрилган фарзанд эканини ҳис қилганда ёки укаси, ё синглиси шундай эканини билганда, ўзини анча ноқулай ва ҳатто ёмон ҳис қилган бўларди.

Доттининг ота-онаси болаларининг ҳаммасини бирдек яхши кўрарди, лекин шу вақтнинг ўзида улар ҳар бир фарзандининг ўзига хос жиҳатларини кўрсатишнинг оддий йўлларини топишарди.

Доттининг отаси унга:

 – Сен менинг суйган катта қизимсан, – дерди.

Етти ёш кичик бўлган синглиси Саллини эса:

 – Сен менинг суюкли кенжа қизимсан, – деб эркаларди.

Укаси Стивга:

 – Менинг суюкли кенжатойим, – дерди.

Дотти шу усулни фарзандларимизга ишлатади. Келли — унинг “суюкли катта қизи”, Син — унинг “суюкли ўғли”, Кэти — “суюкли, сариқсочи”, Хитер — “суюкли, қоракўзли қўғирчоғи”.

Бу жуда оддий усул, лекин иш беради. Син, мисол учун, оилада ёлғиз ўғил эканини билсада, барибир бизнинг “суюкли ўғлимиз” эканини эшитиш унга ёқади. Гап шундаки, бола ўзини алоҳида муҳимликка эга эканини ҳис қилиши учун унинг юрагига ҳар доим қандайдир йўллар топиш мумкин, сиздан бу йўллардан фарзандларингизга кўпроқ мос келадиганини ўстириб бориш талаб этилади холос. 

Дотти ёшлари бир-бирига яқин икки ўғилни ўстираётган дугонаси билан ёзишади. Бу аёл ҳар доим битта ўғлини мақтайди, уни “менинг фахрим, қувончим” деб атайди, иккинчиси ҳақида эса жуда кам ёзади. Ўз-ўзидан кўринадики, уларнинг бири энг яхши кўрилган фарзанд, бу ҳолат иккинчисига қандай таъсир кўрсатишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Доктор Жеймс Добсон ўзининг “Яшириш ёки излаш” номли ажойиб китобида шуни кўрсатадики, XX аср Америкасида жуда кўп одам норасолик ҳиссидан азоб чекмоқда. Унинг айтишича, бу эпидемияни ота-оналар тўхтата олади, фақат шундай шарт биланки, улар ҳамма бола бирдек қадрга эга бўлиб яратилганига, иззату шарафга ва тўғри муносабатга ҳақли эканига эътибор қаратишлари лозим.

Ўйлашимча, доктор Добсон Муқаддас Китобда ёзилган фикрни билдирмоқда. Ҳар қандай ота-она олдида болада ўз қадрини билиш ҳиссини шакллантириш вазифаси туради ва агар ота ёки она буни бажарса, бу ҳолда фарзандлари учун чин маънода қаҳрамон бўлиши муқаррар.


Книга на Узбекском языке: Как стать героем для своих детей (Джош Макдауэлл) 

Не нужно обладать сверхъестественными качествами, чтобы стать героем для своего ребёнка! Вам понадобятся лишь любовь, целеустремлённость и реальный план. Джош Макдауэлл и Дик Дэй предлагают основанный на Библии план воспитания детей, который позволит вам стать героем в их глазах. Сочувствие, твёрдость, последовательность сделают вас примером для ваших детей. Авторы дают множество практических советов. Вы увидите: чтобы стать героем, нужно совершать немало забавных поступков. Но самое глаНе нужно обладать сверхъестественными качествами, чтобы стать героем для своего ребёнка! Вам понадобятся лишь любовь, целеустремлённость и реальный план. Джош Макдауэлл и Дик Дэй предлагают основанный на Библии план воспитания детей, который позволит вам стать героем в их глазах. Сочувствие, твёрдость, последовательность сделают вас примером для ваших детей. Авторы дают множество практических советов. Вы увидите: чтобы стать героем, нужно совершать немало забавных поступков. Но самое главное, вы научитесь поддерживать с детьми такие отношения, которые даруют вашей семье жизнь с избытком, а это - редкость в нашем тревожном и опасном мире.



Shu bobni eshitish:


AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)    Сандон устида (Макс Лукадо)  Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак