Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) 13 bob

Djosh Makdauell. Bolaning nazaridagi qahramon (6-qisim 13-bob) Kitob O'zbek tilida 

Боланинг назарида қаҳрамон (Джош Макдауэлл) Ўзбек тилида Аудиокитоб Djosh Makdauell. Bolaning nazaridagi qahramon (Audiokitob)

 

 

Мундарижа

Сўзбоши

I қисм. Ижобий ота-оналик режасига тўғри келадиган  қаҳрамонлар талаб этилади

1. Ижобий ота-оналик режасига тўғри келадиган  қаҳрамонлар талаб этилади

2. Муттаҳамни алдаш, аҳмоқни лақиллатиш мумкин, лекин болани алдаб бўлмайди

3. Ўзибўларчиликка солманг, режалаштиринг

II қисм. Қабул қилиш: ишонч ва ўзини ўзи ҳурмат қилишнинг пойдевори

4. Қабул қилиш: ишонч ва ўзини ўзи ҳурмат қилишнинг пойдевори

5. Уларни қабул қилсангиз, улар ўзларини қабул қилишади

6. Қабул қилиш: Ҳикматлар 22:6 нинг асл маъноси

III қисм. Эътироф қилиш: ўз аҳамиятини тушунишнинг калити

7. Эътироф қилиш: ўз аҳамиятини тушунишнинг калити

8. Улар бирон нарсани тўғри бажараётганларини пайқаб олиш

IV қисм. Севги: усиз бола ҳалок бўлиши мумкин

9. Севги: усиз бола ҳалок бўлиши мумкин.

10. Оддий қучоқлашнинг ғоят катта кучи

V қисм. Кўнгил яқинлиги: қаҳрамон бўлиш учун вақт керак

11. Кўнгил яқинлиги: қаҳрамон бўлиш учун вақт керак

12. Севги шундай ёзилади: В-А-Қ-Т

VI қисм. Масъулият ва ҳурмат: чекловлар ўзини интизомга бўйсундиришни ва қатъийликни қандай ўстириши

13. Масъулият ва ҳурмат: чекловлар ўзини интизомга бўйсундиришни ва қатъийликни қандай ўстириши

14. Масъулиятли ота-она болада масъулият шакллантиради

Якуний мулоҳазалар


VI ҚИСМ. МАСЪУЛИЯТ ВА ҲУРМАТ: ЧЕКЛОВЛАР ЎЗИНИ ИНТИЗОМГА. БЎЙСУНДИРИШНИ ВА ҚАТЪИЙЛИКНИ ҚАНДАЙ РИВОЖЛАНТИРИШИ

II-V қисмларда биз кўнгилда кечиладиган муносабатлар, жумладан қабул қилиш, ҳурмат-эътироф, меҳр-муҳаббат ва кўнгил яқинлиги ҳақида сўз юритдик. Ўзаро яқин муносабатлар ўрнатилгани сари чекловлар ишга тушади. Гарчи севгисиз чекловлар очиқчасига итоатсизлик қилишга олиб келиши мумкин бўлсада, чекловсиз меҳр-муҳаббат ҳам худди шундай, гоҳида эса бундан ҳам кўпроқ муаммоларни келтириши мумкин.

Ота-оналар муносабатининг чекловларга оид томони болаларни тарбия қилишга доир иккита ижобий тушунчани ўз ичига олади. Биринчи тушунча –— масъулият бўлиб, оддийроқ қилиб айтганда бу “ўз ҳаракатлари учун бутун масъулият билан ҳисобот бериш, тушунтириш истаги ва бунга бўлган лаёқатни” билдиради. Масъулият одамларга ўзларини интизомга бўйсундиришда яна ҳам ўсишга ёрдам беради.

Ниҳоят, бу ерда ҳурмат қозонган шахс борасида сўз юритамиз – болалар унга қараб Худонинг ахлоқий сифатларини ҳамда яхшилик ва ёмонлик концепциясини ўлчашади. Ҳурмат қозонган шахс болага мавжуд чегаралар доирасида тўғри танлов қилишга ёрдам беради. Ҳурмат қозонган шахс болага ўз кучига бўлган ишончини ўстиришга ёрдам беради.

Шуни ҳам кўрамизки, масъулият ва ҳурмат (обрў-эътибор) ўсиб, сўнг бирлашиб боргани сайин бир-бирига ҳамроҳ бўлади. Асосий концепциялар ва фикрлар қуйидагилардан иборат:

• масъулият нима учун бахтли оила қуришнинг калити ҳисобланиши;

• масъулият, бўйсуниш ва итоат қилиш ўртасида қанақа ўзаро боғлиқлик мавжуд;

• нима учун бола ҳурмат қилган одам бўйсунишга ва масъулиятли муносабат қуришга лаёқатлироқ бўлиши;

• фарзандларингизни ўргатишнинг энг яхши йўли бу масъулият кўрсатишдир;

• хотинингиз ва фарзандларингиз олдида масъулиятли бўлиш истагини кўрсатганингизда нима бўлиши мумкин;

• “самимий истаклар” доирасидан қандай чиқиш;

• нима учун масъулиятни англаш бундай “нозик вазиятларда” интизомга риоя қилишни енгиллаштириши;

• нимага ўз фарзандларингиз учун масъул эмаслигингиз;

• нима учун ўз мажбуриятига масъулият билан ёндашган ота-оналар итоатсизликдан қўрқмаслиги;

• ота-онанинг ўз ҳукмини ўтказиши болани руҳан қандай синдириши;

• ҳамма нарсага эрк бериш нима учун тартибсизликка олиб келиши;

• “ҳамма нарсага эга бўлиш”га интилиш нима учун сизни фарзандларингизга бефарқ муносабатда бўлишга олиб келиши мумкинлиги;

• ҳурмат қозонган ота-онанинг ғамхўрлик билан муносабат қилиши нимага ҳамма учун энг яхши нарса ҳисобланиши;

• чекловлар болаларга энг яхши танлов қилишга қандай ёрдам бериши;

• ғамхўр ота-она ролида ҳаракат қилиш тамойиллари;

• ҳаракатларда мантиқий кетма-кетликни доимий таъминлашнинг сир-синоатлари;

• ота-оналар айтиши мумкин бўлган учта энг оғир сўз;

• инсоний ҳиссиётларни “магнитли текширувдан” қандай ўтказиш;

• нима учун ҳар доим қаҳрамон бўлиш лозимлиги. 

13 БОБ. МАСЪУЛИЯТЛИ ОТА-ОНА БОЛАДА МАСЪУЛИЯТНИ ШАКЛЛАНТИРАДИ

Мамлакат бўйлаб сафарим давомида кўплаб ота-оналар билан суҳбат қилар эканман, “масъулиятсиз” болалар ҳақида кўп шикоятлар эшитаман. Мактаб ёшидаги уч фарзандини ўстираётган ота менга шундай деди:

– Жош, сизнинг қабул қилиш, меҳр-муҳаббат, ғамхўрлик ва ҳоказолар ҳақида айтганларингиз менга жуда ёқади, лекин шундай пайтлар келадики, муаммоларни қаршилашга мажбур бўламан. Болалар ўз фикрига эга бўлишни ва масъулият билан муносабат қилишни ўрганишлари лозим. Мен болаларни масъулият билан муносабат қилишга қандай ўргатиш мумкинлигини билишни хоҳлайман. Агар бошларида турмасам, улар ҳеч қачон хонасини йиғиштиришмайди, ахлатни олиб чиқишмайди, мен уларга буюрган уйдаги энг осон ишни ҳам қилишмайди.

Бу отага раҳмим келди, негаки у чин-ҳақиқатни айтар эди. Бу одам билан гаплашиб шуни тушундимки, у ўз фарзандлари билан мустаҳкам муносабатлар ўрнатиш учун кўп ҳаракат қилади. Ўн баллик “Қаҳрамон образи” шкаласида баҳолайдиган бўлсак, унинг кўрсатгичи 7,5 ва эҳтимол юқорироқ баллга лойиқ эди. Лекин болалар ҳам барча одамлар сингари масъулиятларни ўз бўйнига олишни, яъни масъулият кўрсатишни истамайди.

Масъулият ва мажбурият каби тушунчалар ҳаммага ҳам ёқавермайди, айниқса болаларга. Ахир масъулият кўрсатиш ўз услубингизга қарши юришни англатади. Ҳаммасини ўзинг билгандек қилиш, ҳеч ким олдида жавоб бермаслик анча осон. Лекин ҳаёт талаби бошқача. Агар одамлар масъулият кўрсатмаганларида жамият пароканда бўлар эди. Хонадонга масъулият кўрсатилмаса агар, оилалар туртибсизлик тубига ботишади, кўп оилалар ҳозир айнан шу ҳолатда, бунга сабаб оила аъзоларидан кимнингдир бутун оила олдида ўз масъулиятидан воз кечганидир.

Масъулият бўйсунишни ва итоат қилишни ўз ичига олади

Мен масъулиятни Муқаддас Китобда берилган иккита концепция – бўйсунишга ва итоаткорликка жуда яқин деб ҳисоблайман. Агар масъулият кўрсатишга тайёр бўлсам, бу менинг камтарлик билан бошқаларга бўйсуниб, итоат этишимни, уларинг истагини бажаришимни, уларга хизмат қилишимни англатади.

Кўпчилик бўйсунишни иродаси сустлик ва ожизлик деб баҳолайди. Ҳаворий Павлус Муқаддас Руҳга қандай тўлиш ҳақида гапириб: “Исо Масиҳни иззат–ҳурмат қилганингиз учун бир–бирингизга бўйсунинглар” дейди (Эф. 5:21).

Бу борада Дик Дейнинг сўзларини ҳам алоҳида кўрсатиб ўтмоқчиман:

Бўйсуниш – бу ўзгага эҳтиёжларингизни кўрсатиш эмас, балки Коринфликларга биринчи мактуб 13-бобда берилган тамойиллар асосида бошқаларнинг эҳтиёжларини қаноатлантиришга интилмоқдир.

Масъулиятли бўлиш — улғаймоқ, етуклик ва яхши феълли бўлмоқнинг муҳим қисмидир. Масъулиятли бўлиш ўзингни ўйлашни эмас, бошқаларга бўйсунишни, уларнинг эҳтиёжларини қаноатлантиришни билдиради. Масъулиятли бўлиш — болаларга хос ўйноқиликка чек қўйиш ва вояга етиш демакдир.

Бўйсуниш ва масъулият билан муносабат кўрсатиш учун одам ўзига ишонган, одамлар томонидан рад этилмаганини тушунган, у ҳақида самимий қизиқишлари боис, ўз қадрини билиши лозим. Агар фарзандларимизни қабул қилсак ва қадрласак, улар масъулият кўрсатишни ўрганишади.

Аслида, ишончим комил, улар ўзлари буни исташади!

Мен-а? Болаларим олдида масъулият кўрсатишим керакми?

Ҳар сафар ота ёки она фарзандларида қандай қилиб масъулият ўстириш ҳақида сўраганларида мен уларга бир хил жавоб бераман: “Ўзингиз улар олдида масъулиятли муносабат кўрсатишга ҳеч ҳаракат қилганмисиз?”

Аксарият ота-оналар аввалига ҳайрон бўлишади, улардан фарзандлари олдида масъулият кўрсатишни сўраганимда, нимани назарда тутаётганимни тушунишмайди. Ахир болалар масъулият кўрсатиши керакмасми? Масала шунда эмасми?

Болаларни масъулиятли бўлишга ўргатиш керак. Бу фикрга қўшиламан. Лекин шунга амин бўлдимки, болаларда масъулият ҳиссини ўстиришнинг энг яхши йўли – бу уларга нисбатан масъулиятли бўлиш орқали ўрнак-намуна кўрсатишдир.

Болаларни ҳамма нарсадан устун қўйинг демоқчи эмасман, бу фикрдан йироқман. Мабодо ҳаракатларингизда масъулиятсизлик, меҳрсизлик кўринадиган бўлса, мен сизга болаларингиз “сиздан ҳисобот сўрай оладиган” даражада бўйсунувчан ва итоатли бўлишни таклиф этяпман.

“Меҳр-муҳаббат йўқлиги” ҳақида гапирар экан, улар доим ҳам объектив бўлишмайди ва кўпинча вазиятга болаларга хос назар билан қарашади, бироқ болаларингиз олдида масъулият ҳисси ўзаро муносабатингизда бебаҳо восита бўлиб хизмат қилади. Сизнинг қай даражада масъулиятли эканингизни кўриб, улар ўзлари ҳам масъулият кўрсатишни ўрганишади. Мен болаларда масъулиятли муносабатни тарбиялашнинг энг яхши йўли – бу ота-онанинг улар олдида масъулият кўрсатиши деб ҳисоблайман.

Мутахассисдан қандай қилиб ёрдам олганим

Болаларим кичиклигида мен масъулият масаласида ёрдамга муҳтож эканлигимни тушундим ва ўзим билган энг кучли мутахассисга, яъни хотинимга мурожаат қилдим. Дунёда мени Доттидек севадиган, бу борада ҳатто унга яқин келадиган ҳеч ким йўқ. Ҳеч ким мени унингчалик ҳурмат қилган, юқори қадрлаган эмас, – ҳаётимда менга йўлдош бўлган муҳаббатим, фарзандларимнинг онаси, севгим, энг яқин дўстим, ҳам Эгамнинг берган улуғ неъматидир у.

Мен унга шундай дедим:

– Азизам, менга ёрдаминг керак. Мени эр сифатида, ота сифатида масъулиятли деб ҳисоблайсанми? Агар йўлда тўхтаб қолган бўлсам, илтимос, буни менга айтгин. Агар сен хоҳлаган ёки болалар хоҳлаган даражада бўлмасам, тўғрисини айт. Агар болалар билан ёки сен билан вақт ўтказмаётган бўлсам, буни ҳам айтгин, бу борада фикрингни эшитишни истайман.

– Яхши, Жош – деди Дотти бироз иккиланиб. Айтаман, лекин гоҳида бу бир мунча оғирроқ эшитилиши мумкин.

– Азизам, биламан, вақти-вақти билан менинг олдимга йўлаб бўлмайди, лекин шундай пайтларда буни менга айтишинг мумкин. Ҳақиқатни эшитишни истайман.

Лекин шунинг ўзи билан кифояланиб қолмадим. Келли етти ёшга тўлганда, унинг табрик қоғозчасига алоҳида ёзув киритдим. Унда шундай дейилганди:

“Суюкли қизим Келли, сени жуда яхши кўраман. Сенинг отанг эканлигимдан жуда бахтиёрман, лекин бу йил сенинг ёрдамингга муҳтожман. Сенга қадар етти ёшли қизалоқнинг отаси бўлиш менга насиб этмаган. Сенга иложи борича муносиб ота бўлишни истайман. Агар мени ноҳақ ёки адолатсиз, ё бўлмаса, етарлича меҳр-муҳаббат, эътибор кўрсатмайди деб ҳисобласанг, менга буни айтгин, илтимос!”

Син етти ёшга тўлганда, унга ҳам худди шундай мазмунда мактуб ёздим. Қолган барча болаларимга ҳам шуни қилганман. Кэтига шундай дедим:

– Сенга қадар, етти ёшли, кўккўз, сариқсочли қизга ота бўлиш менга насиб этмаган.

Хитерга келсак, у оилада масъулиятли бўлишни катта опаларидан ўрганмоқда.

Болалар сизни масъулиятли бўлишга ундашдан қўрқишмайди

Хотиним ва болаларимни менга масъулият масаласида ёрдам беришларини сўрашим билан улар менинг энг яхши консультантларимга айланишди. Мисол учун, Келли ва Син таклифимни ғайрат билан қабул қилишди. II бобда мен кичик ошхона ҳақида тушунмовчилик юзага келган вазиятни ҳамда Келли мени қандай қилиб тўғрилагани ҳақида ёзгандим. Бошқа болалар ҳам буни қилишади. Масалан, бир куни Син билан кўчада гаплашиб турганимизда олдимизга бир одам келди. Унинг айтган гапи менга ёқмади ва мен унга қўпол жавоб бердим. Ўша киши кетгач Син менга:

– Дада, бу кишига жуда қўпол гапирдингиз. Юмшоқроқ гапиришингиз керак эди, – деди.

Уялгандан, ерга кириб кетгудай бўлдим. Ўша одамнинг ортидан югуриб бордик, у ҳали кўп узоққа кетмаганди. Етиб олганимиздан кейин унга мурожаат қилдим. Ёнимда турган ўғлим менинг қандай қилиб ундан қўполлик қилганим учун кечирим сўраганимни кузатди.

Бир неча ой аввал, сафардан қайтиб келганимда 10 ёшли қизим Кэти қатъий оҳангда:

– Менга нисбатан адолатсизлик қилаяпсиз, – деди.

– Нима бўлди, қизим? – деб қизиқдим.

– Сафардан уйга қайтганингизда, доимо ўзингиз билан Келли, Син ва Хитерни оласиз, мени эса қолдирасиз.

– Наҳотки?

– Ҳа, – деди қизим, сўнг қўшимча қилди, – бугун мени тушликка олиб борасизми?

Кэти мени унга нисбатан адолатсизликда айблагани, мени ҳисобот беришга чақирганидан қувондим. Назаримда, у билан етарлича вақт ўтказаётгандек эдим. Лекин унинг бу борада фикри бошқача экан, шу тариқа дарҳол у билан тушлик қилгани бордим. XII бобда ёзганимдек, Кэти учун ҳаётининг ўша давридаги тушлик чиндан ҳам катта ҳодиса бўлди ва биз ўтган йил кўп маротаба у билан бирга тушликлар ташкиллаштирдик.

Масъулият кўрсатиш доим ҳам осон эмас

Оиламга нисбатан масъулият кўрсатиш мен учун ҳам худди бошқа ота-оналар учун бўлганидек осон эмаслигини тушунишингизни истайман. Дотти ёки болаларимдан бири менинг самимийлик кўрсатиш ҳақида таклифимдан ўзлари учун қандайдир манфаат топяпти демоқчи эмасман, шундай бўлсада, улар ҳеч тортинмай менга “йўл-йўриқлар” бериб туришади.

Гоҳида уларнинг танқидлари менга оғир ботади, шунда ўзимни ҳимоя қилишга уринаман. Лекин ўзимни ҳимоя қилишим секинлик билан уларни тинчлантиради. Менинг тушуниш ва ёрдам учун энг буюк манбаим мана шу бўлади. Шу тариқа, тушундимки, гарчи ҳаддан ортиқ ошган мағрурлигимни тийишимга тўғри келган пайтлар бўлиб турсада, буни қиламан, чунки Дотти билан болаларим мени жавобга тортиб, бу билан менга кўрсатган бебаҳо ёрдамисиз ҳеч нарса қилолмаслигим тайин. Ҳам ота, ҳам эр сифатида фақат битта нарсани тушундим:

Эзгу ниятлар доим ҳам ушалавермайди.

Кўп йиллар аввал ҳаётимни таҳлил қилар эканман, уни ниятларим асосида баҳолашимни тушундим, лекин бу ниятларим ушалганидан асло далолат бермас эди. Юқорида айтилганидек, жуда қизғин манзилга олиб борадиган йўл эзгу ниятлардан иборат. Шу тариқа, хотинимда ва фарзандларимда мени қилган ишларим, ўйлаган ишларимни қандай бажаришимга қараб баҳолаш ҳуқуқи бор. Назаримда, чамаси ҳафтада бир марта кимдир менга, агар ўйлаган ишларимни ҳаётда татбиқ этмоқчи бўлсам, ҳаракат қилишим лозимлигини эслатиб тургандек.

Сиздан жиддий ҳисобот сўраганларида мағрурликдан қайтиш ва вақти-вақти билан ҳимояланиб туришдан ташқари бошқа хавфли томонлар ҳам бор. Мисол учун, сизни ташқаридан кимдир танқид қилиши мумкин. Бир фикр борки, унга кўра масиҳий одам ўз оиласида “ҳурматга” эга бўлиши, ўз оиласини бошқарадиган, ҳар қандай вазиятда оиласини ҳимоя қиладиган “кучли етакчи” бўлиши лозим. Шундай экан, ота ҳам эр бўла туриб, у хотини ва болаларига уни танқид қилишига қандай йўл қўяди?

Мени танқид қилувчиларга жуда оддий жавоб бераман ва Доттига ҳам, болаларимга ҳам: “Мендан қатъий талаб қилишларингни хоҳлайман. Назарингизда агар ландавурлик қилаётган бўлсам, мендан буни яширманг, айтинг” дейдиган даражада ўзимни бир вақтда, ҳам етарли даражада ҳурматга эга етакчи, ҳам хизматчи ҳисоблашимни айтаман.

Менимча етакчи – бу шундай одамки, унинг: “Менга ёрдам беринглар, ёрдамингизга муҳтожман. Эр ҳам ота сифатида Худонинг менга оид иродасини тўлиқ бажо этмоқни истайман” дейишга журъати етади.

Масъулият ва намунали хулқ-атвор бир-бирига йўлдош.

XII бобда мен хизмат сафарларимга, улар қандай қисқа бўлмасин, ҳеч бўлмаганда битта боламни ўзим билан олишга ҳаракат қилишимни айтдим. Мен кўзлаган асосий мақсад – болаларим билан мулоқот қилиш, алоқа ўрнатиш ва имкон бўлган вақтларда улар учун хулқ-атворда ўрнак бўлишдир.

Эсимда, бир куни Синга савол бердим:

– Мен билан савдо марказига бориб келмайсанми, хўжалик дўконидан елим олишим керак?

У аввалига боргиси келмади, сўнг эса қайтишда музқаймоқ олиб беришимни билгач, рози бўлди.  

Биз машинага ўтириб, савдо марказига йўл олдик. Манзилгача саккиз дақиқа йўл босшимиз керак эди. Йўлда Синга қараб, елкасини қоқиб дедим:

– Биласанми, ўғлим, мен учун жуда қадрлисан. Сенга айтмоқчи бўлганим: отанг эканлигимдан жуда бахтиёрман. Мен дунёда энг бахтли одамман, кўп болаларни биламан, лекин биронтасига сенга бўлганчалик ота бўлишни истамайман.

Син менга қараб:

Ростданми, дада? – деди.

– Рост, – жавоб бердим мен, машинани савдо марказининг тўхташ жойига қўяр эканман. Син билан гаплашишга берилиб кетдим шекилли, машинамни иккита машина учун белгиланган жойнинг нақ ўртасига, чегара чизиғи устига қўйибман. Машинадан чиққан эдим ҳамки, буни сезиб бир лаҳза иккиланиб қолдим. Вақтимиз зиқ эди. Сўнг ўзимга-ўзим:

– Йўқ, машинаси учун жой тополмагани боис кимнингдир мен туфайли керагидан кўпроқ пиёда юришига тўғри келади. Бу билан ўғлимга қандай ўрнак кўрсатяпман? – дедим ва Синдан мени кутиб туришни сўрадим.

Машинани орқага ҳайдаб, яхши ўрнак бўлиш билан чегараланмасдан, ўғлимга кичик сабоқ ҳам беришга қарор қилдим ва шу мақсадда:

– Ўғлим, нима учун машинага ўтирганимни биласанми? – деб сўрадим.

– Нима учун? – қизиқди у.

– Биласанми, машинани нотўғри жойлаштирибман, иккита жойни бир ўзим эгаллабман. Коринфликларга биринчи мактубнинг 13-бобида одамларга севги кўрсатишда эътиборли бўлишимиз лозимлиги ҳақида айтилган. Машинани бу ерга қўйиш нотўғри бўлар эди. Кимгадир жой етмай қолгани боис, у дўконгача пиёда боришга мажбур бўлади. Шунинг учун дўконга киришдан олдин машинани орқага олиб, тўғри жойлаштирмоқчиман.

Син ҳеч нарса демади ва мен бу мавзуга ҳеч нарса қўшмадим, лекин мақсадга эришган эдим. Менда ўғлимга яхши намуна кўрсатиш, ўргатиш имкони бўлди ва мен бу имконни қўлдан бой бермадим.

Масъулиятли хулқ-атвор интизом сақлашга ёрдам беради

Болаларга нисбатан масъулиятли хулқ-атвор сизни қийин вазиятларга қўйиши мумкин, лекин у чиндан ҳам муҳим бўлган пайтларда интизомга риоя қилишга пойдевор бўлади. Агар ўз фарзандларингизга масъулиятли муносабатда бўлсангиз, бу ҳолда сизга улардан қийин вазиятларда масъулиятли муносабат қилишларини талаб этиш осон бўлади.

Сизларда билмадим-у, лекин бизнинг оиламизда қийин вазиятлар кўп учрайди. “Қийин вазият” деб, мен кескин бўлмасада, аммо агар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, болаларга: “Гоҳида масъулиятсиз бўлиш мумкин” дейишларига замин яратиб берадиган вазиятни назарда тутаман. Шундай хулосага келдим: агар буларга эътибор бермасангиз, ишга нисбатан масъулият ўстиришга бўлган барча ҳаракатларингиз беҳуда бўлади.

Бир куни эрталаб ошхонага кирдим ва қарасам, Син ахлатни олиб чиқмасдан мактабга кетиб қолибди. Бу иш унинг ҳар кунги вазифаси бўлиб, у ҳар куни эрталаб мактабга кетишдан аввал бу ишни бажариши лозим эди.

– Ахлатни олиб чиқиши учун, мен уни мактабдан олиб келишим керак, – дедим Доттига.

Жош, – деди у хавотир билан, – керак эмас, дарслари бошланишига беш дақиқа қолди. Жазосини олади.

– Азизам, буни қилмасам бўлмайди. Акс ҳолда ҳеч қачон ўрганмайди. У ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши керак.

Машинага ўтириб, мактабга бордим. Мактаб уйимиздан уч километрча узоқликда жойлашган. Ҳали дарслар бошланмагани боис, Син ҳовлида дўстлари билан баскетбол ҳалқасига тўп отиб турарди. Уни ёнимга чақириб:

– Ўғлим, велосипедга ўтириб уйга боришингни ва ахлатни олиб чиқишингни хоҳлайман, – дедим.

– Дада, – қаршилик қилди Син, – ҳозир дарс бошланади, мактабдан кейин қиларман шу ишни.

– Йўқ ўғлим, буни мактабга боришдан аввал қилишинг керак эди; илтимос, уйга бориб, ахлат идишини бўшатиб қўй, – дедим

– Дада, наҳотки шу ишни ўрнимга қилолмаган бўлсангиз?! – деди у.

– Йўқ, ўғлим, бу сенинг вазифанг. Бориб, вазифангни бажаришинг керак.

Син тўпни дўстларига узатиб, бошини қуйи солиб велосипеди томон йўл олди. Кетганидан кейин ўз-ўзимни койий бошладим: Қандай отасан, Макдауэлл, наҳот ўғлинг ўрнига шу ишни ўзинг қилолмаган бўлсанг?!”

Тан олиш керак, ичимдаги овоз эътирозлар учун етарлича асосга эга эди. Албатта, бу ишни бир дақиқада қилишим мумкин эди, лекин бу унинг вазифаси эди-да ва менинг бу ишни бажаришимдан ҳеч қандай фойда бўлмасди. Аслида, бундан Син зарар кўрар эди, чунки у оқибатда “озроқ масъулиятсизлик қилинса, бунинг зарари йўқ” деган хулосага борарди.

Син ахлат идишини бўшатиш учун уйга бориб келганча қўнғироқ ҳам аллақачон чалинди ва у дарсга ярим соат кечикди. Син мактаб ҳовлисидан чиқиб кетганини кўрган ўқитувчиси, уни қоидани бузганлиги учун мактаб директори олдига юборди.

Директорнинг:

– Син, нима учун мактабдан кетиб қолиб, дарсга ярим соат кечикдинг? – деган саволига, Син нима бўлганини сўзлаб берди, ахлатни олиб чиқмагани, отаси мактабга келиб, бу ишни унга эслатганини айтди.

Директор ўзини вазмин тутиб турди, гарчи қандайдир маънода ҳайратдан донг қотиб қолган бўлсада. Син сўзини якунлагач эса у:

– Буларни айтиб берганинг учун раҳмат, Син, синфингга қайтишинг мумкин. Мен ўқитувчинг билан кейин гаплашаман, – деди.

Орадан бир неча дақиқа ўтиб, директор менга қўнғироқ қилди.

– Син айтган нарсаларга ишонгим келмаяпти. Бу ишингизни қанчалик юқори қадрлашимизни билишингизни истардим. Аввалига Син мени алдаяпти деб ўйладим, лекин гапини якунлаганидан кейин, бу ҳодиса менда ўчмас таассуротларни уйғотди. Ота-оналар фарзандларида ўз ишига масъулиятли муносабат тарбиялашини истардим. Бу бизнинг ишимизни анча енгиллаштирар эди. Синнинг ўқитувчисига аслида нима бўлганини айтаман ва бу ҳолатда ўғлингизда айб йўқ, чунки у мактабдан кетиш ва уйига қайтиш учун отасидан рухсат олди.

Телефон гўшагини қўйганимдан сўнг юрагим жуда енгил тортди. Ўзимни, бир пақир ахлатни ташламагани учун ўғлини қўймай уйга қайтарган, бағритош одам деб ўйлай бошлагандим, бироқ директорнинг сўзлари ишончимни қайтарди. Бу воқеа ўтган йил кузда рўй берди. Ўшанда Син ўн уч ёшда эди. Ундан кейин унда бирон марта ҳам эрталаб ахлат идишни олиб чиқмаган ҳолат бўлмади дея олмасамда, лекин унутувчанлиги аввалгичалик ўзини кўп кўрсатмай қўйганини ҳеч иккиланмай айта оламан.

Дўконга кирган олижаноб ўғрининг иши

Бир куни Дотти иккаламиз дўконга бораётганимизда Син ва икки дўсти биз билан боришни хоҳлашди. Кэти ўша пайтда чамаси беш ёшда эди. У ҳам бораман деб туриб олди. У болалар билан бирга дўконга кириб кетди, биз эса Дотти билан машинада қолиб, маҳсулотлар каталогини кўриб ўтирдик.

Болалар қайтиб келгач, Кэти қўлида қандайдир майда буюмларни, кўкракка тақиладиган реклама нишонлари, рангли қаламларни ушлаб турарди. Қўлидагини Синнинг дўстларига узатиб:

– Буни сизларга олдим, – деди.

Ўша пайтда нима бўлганини кўп фаҳмламай, биз Дотти билан бош силтаб, одамларнинг бир-бири ҳақида ғамхўрлик қилиши қанчайин яхши эканини айтиб қўя қолдик. Бироқ қайтишда Дотти ўйлай бошлади: Кэти пулни қаердан олди?” Сўнг мендан машинани тўхтатишни сўради ва биз Кэтини биз билан кичик сайр қилиб келишга чақирдик. Болалар машинада ўтиришаркан, биз Кэтини саволга тутиб, болаларга берган ўша совғаларини ўғирлаб чиққанини билиб олдик.

– Қизим, пул тўламасдан олиш яхши эмас, – тушунтирди унга Дотти, – энди болалардан ўша совғаларни олиб, дўконга қайтаришимиз керак.

Кэтига машинага қайтиб, улашган совғаларини қайтариб беришларини сўрашга, ўз ҳурматини тўкишига тўғри келди, лекин берганларини битта қолдирмай қайтариб олди ва биз яна дўконга қайтиб бордик. Кэти ва Дотти ичкарига кириб администраторга Кэти нима қилганини айтишди. Кэти олган ҳамма нарсаларини пештахтага қўйди-да, аёлдан кечирим сўради.

Бу воқеа Кэти учун анча ёқимсиз бўлди, лекин шукрки, администратор меҳрибон ва эътиборли аёл экан, у узоқ вақт Кэти билан гаплашди ва унинг ростгўйлигини жуда қадрлашини айтди.

Кейин эса Дотти Кэтини четга олиб, қачонлардир ўзи ҳам олти ёшли қизлиглигида онаси билан дўконга қандай боргани ҳақида айтиб берди. Ўшанда керакли харидларни қилиб бўлганларидан кейин у сақич олган экан, онаси буни билиб қолгач эса Дотини дўконга қайтарибди ва унга худди ҳозир Кэти қилган ишни бажаришга, яъни молни қайтариб, кечирим сўрашга тўғри келган экан. Бу Кэтига ота-онаси ҳам инсон эканлиги ва унинг нима ҳис қилаётганини билишини тушунтириш учун жуда яхши имкон бўлди.

Сиз фарзандларингизнинг ишлари учун масъул эмассиз

Болаларимга масъулият юклар эканман, бу билан уларга Исо Ўз шогирдларига ўргатган хизмат тамойилларини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Флп. 2:5-10 да (кеносисга бағишланган парча) Павлус Исонинг илоҳий сифатларини қолдириб, қул қиёфасига киргани, инсон бўлиб дунёга келгани ҳақида ёзади. Чексиз кучга эга бўлсада Исо доимо якка ҳоким, золим эмас, хизматдаги етакчи сифатида таълим берган ва ваъз қилган.

Мисол учун, Исо ўн икки ҳаворий билан бирга охирги марта Қуддусга бораётганларида, ҳаворийлар ўртасида ким катталиги ҳақида баҳс юзага келган. Бу ерда ҳам Раббимиз ўзига хос сабр-тоқат билан таълим бериб деди: “Орангизда ким катта бўлишни истаса, сизларга хизмат қилсин. Орангизда ким биринчи бўлишни истаса, сизларга қул бўлсин”, деди (Мт. 20:26-27).

Исо издошларига Ўз ҳукмини ҳеч қачон ўтказмаган ва асло уларнинг масъулиятини Ўзига олмаган ҳам. Аксинча, У Ўз издошларига хизмат қилувчи Етакчи бўлган, ҳар доим уларга билишлари керак бўлган нарсаларни ҳам сўзда, ҳам амалда ўргатган.  

Одамларнинг масъулиятини ўз бўйнимизга олганимизда бу билан уларни ҳам, ўзимизни ҳам муваффақиятсизликка гирифтор қиламиз. Фарзандларингизнинг ишлари учун масъул эмаслигингизни ҳеч қачон унутманг. Ота-оналар учун семинарларда бу ҳақда гапирганимда, айримлар эътироз билдиришади, чунки бу билан мен ота-оналарнинг ғамхўрлик қилишдан кўзланган мақсадини бузаман. Бироқ шу билан бирга мен биронта ота ёки она ҳатто кичик болани ҳам, мисол учун аччиқланишдан тўхтата олмаслигини тушунтираман. Боланинг оғзини ёпишингиз, уни қандайдир йўлга солишингиз мумкин, лекин бу билан у аччиқланишдан қолмайди.

Бола ўсган сари, унга масъулият ҳиссини тобора чуқур сингдиришга ҳаракат қилар экансиз, шундай қилишингиз керакки, у ўз ихтиёри билан масъулиятни бўйнига олсин. Эҳтимол қонунда фарзандингиз ҳаракатлари учун сизнинг масъул эканлигингиз айтилгандир, лекин оқибат-натижада, фарзандингиз масъулиятли, инсон сифатида ўз кучи билан маълум бир мажбуриятларни бўйнига олиши лозим.

Болалари олдида муайян масъулиятли бўлиш нимани англатади? Мен уларни ва уларнинг онасини яхши кўришим шарт. Мен уларни озиқа, яшаш жой ва кийим уст-бош билан таъминлашим шарт.

Уларни ўқитишим, имонлилар жамоатига ва ёшлар гуруҳи йиғишларига олиб боришим шарт. Мен уларни маҳкам қучоқлашим: “Сизларни яхши кўраман”, деб кўп-кўп айтишим шарт. Уларни охиригача тинглашим, уларга ёрдам беришим, улар билан бирга ишлашим шарт.

Шундай бўлсада, мен уларнинг ҳаракатлари учун масъул эмасман. Охир-оқибат, улар ўз ҳаётини қандай бошқариши, қандай йўл танлаши – булар учун мен эмас, уларнинг ўзлари масъулдирлар.

Боғчадаги “исён”

Фарзандларим олдида масъулият кўрсатиш ва шу билан бир қаторда уларни масъулиятли хулқ-атворга ўргатиш – бу мен ишлашим лозим бўлган нарса, негаки буни севги билан, лекин қатъий тарзда бажариш одамда юксак маҳорат талаб қилади. Дотти онаси болаларини уларнинг шахсиятига тегмай, ноёблигини ҳисобга олган ҳолда тўғри йўлга бошлаш инъомига эга бўлганини эслайди. 4 ёшли Хитер онасининг боғчага борганлари ва бутун гуруҳни ухлаш вақтида “исёнга давъат этгани” ҳақидаги ҳикоясини тинглашни яхши кўради. Дотти боғчани жуда яхши кўрган, бироқ ўта ҳаракатчан бола бўлгани боис ухлашни кўп ёқтирмаган.

Бир куни Дотти вазиятни сал жонлантиришга қарор қилиб, ўттизта боладан иборат гуруҳ билан келишиб олган. Тарбиячи чалғиган пайтда Доттининг сигнали билан ҳамма болалар каравотидан туриб, боғ орқали кўчага қочишган ва аввалига ўрмонга, сўнг эса Доттининг уйига югуриб боришган. Дотти яшаган уйни боғчадан бир неча квартал ажратиб турарди.

Ваҳимага тушган тарбиячи пишиллаб, диққати ошиб, болаларига етиб олай деб, ортларидан югурган, улар эса бақириб, кулиб Дотти яшаган ҳовлига киришган. Боғча болалари ухлаш вақтидан кўра ўша вақтни мана шу тарзда ўтказишни ўзлари учун энг яхши вақт деб топишган эди!

Доттининг онаси шовқин-суронни эшитиб ҳовлига чиқади. Тарбиячи аёл Доттининг онасига нима бўлганини айтгач, онаси унга ён босади, чунки унинг қанчайин ваҳимага тушгани ва ўттизта боланинг ортидан югуриб жуда толиққанини кўриб турган эди. У Доттини ва қолган бутун гуруҳни боғчага олиб боришга ёрдам бериб, боғча опасига Дотти билан гаплашиб олишини айтган, у энди бундай қилмаслигига ишонтирган.

Кейин эса, Дотти боғчадан қайтиб келгач, улар онаси билан ўтириб, нима бўлгани ҳақида гаплашишган. Дотти бу воқеага шундай таъриф беради:

“Онам мени жазоламади, уч ҳафталик чекловларни ҳам қўймади. Мени жазолаш ўрнига онам раҳбарлик қобилиятимни мақтади ва мен билан ўз таассуротлари ҳақида бўлишди ва қандай ҳатти-ҳаракатларга йўл қўйиш мумкин эмаслигини ажратишни ўргатди.

Онам ҳар қандай шароитда қилиш мумкин бўлмаган нарсалар борлигини тушунтирди ва эсимда: мен онамга иккинчи марта бундай қилмасликни ваъда бердим. Лекин ўша вақтнинг ўзида онам бир қатор ижобий томонларни ҳам кўрсатди, мисол учун менинг топқирлигимни ва бошқариш қобилиятимни. Кейин билсам, онам бу билан ғайратимни сусайтирмасликни, воқеадан олган қувончли таассуротларимни бузмасликни ўйлаган экан.

Онам чексиз севги кўрсатган ҳолда мажбуриятни сингдира оладиган инсон эди. Бу борада онам менинг ҳурматимни мутлақ қозонган шахс бўлиб келган. Очиғини айтсам, болаларимдан бирортаси ҳали бундай ишларни қилмаган, мабодо қилишса агар, онам сингари, босиқлик ва севги билан иш тута олишимга кўзим етмайди.

Табиатимдан кўпроқ дадамга тортганман. Гоҳ-гоҳида бизга сабрлари етмай қоларди, лекин кейин ҳар доим олдимизга кечирим сўраб келарди”.

Дотти агар, мисол учун Хитер боғчадан йигирма тўққиз болани “ухлаш вақтини” ўтказиш учун уйга олиб келганда, ўзини қандай тутиши ҳақида бор гапни айтди ва мен буни жуда қадрлайман. Ўзим ҳақимда биламанки, бундай ҳолатда босиқлик билан иш тутолмайман. III бобда ёзганимдек, зарбалардан ўзимга келиб олишим учун ҳаддан узоқ вақт керак бўлган ва мен азалдан бу билан курашиб келаман.

Баъзида уларни бир ҳафтага жазолайман, кам ҳолатларда – бир неча ойга. Бундай вазиятларда Дотти ёрдамга келади. Одатда у: “Азизим, аслида нима бўлганини ҳисобга олганда, назаримда ҳаддан ортиқ қаттиққўллик қилаяпсан”– дейди.

Хотиним ҳеч қачон менга: “Бундай қилишга ҳақингиз йўқ!” қабилида сўзлар билан ташланмайди. Бунинг ўрнига у: “Жош, ихтиёр ўзингда, лекин менинг назаримда ҳаддан ортиқ қаттиққўллик қилаяпсан”, дейди.

Деярли ҳар доим унга: “Нима қилишим керак, сенингча?” дейман.

Кейин биз вазиятни муҳокама қиламиз ва қандай жазо маъқулроқ бўлишини келишамиз. Сўнг болалар олдига бориб, ўта қаттиққўллик қилганимни тан оламан ва агар лозим топилса, улардан кечирим сўрайман.

Макдауэллар оиласига оид сир тутилган ушбу янгиликлардан айримлари ҳақида бўлишишимга сабаблардан бири шуки, биз ҳамма нарсага эрк бериш учун курашадиган ота-она бўлмасликка ҳаракат қилаётганимизни тушунтирмоқчимиз. Болаларимизни борича қабул қилиш, юқори қадрлаш, уларга бўлган меҳр-муҳаббатимизни кўрсатиш учун қўлимиздан келганини қиламиз, аммо бу муҳаббатимизни маълум бир доиралар билан чегаралаймиз ҳам. Аслида бу чекловлар уларга бўлган муҳаббатимизнинг бир қисми ва болаларимиз буни билишади.

Болаларни масъулият кўрсатишга ўргатар эканмиз, биз уларга ўзларини интизомга бўйсундиришга бўлган қобилиятларини ўстиришга ёрдам берамиз. Бу уларга самарали, фойдали ва бахтли ҳаётлари учун зарур. Қобилияти ва истеъдоди бўла туриб, ўзини интизомга бўйсундира олмагани боис муваффақиятсизликка учраган катта спортчилар ёки машҳур одамлар ҳақида кўп ўқийман. Бола қачонки ота-онаси унга ўргатсагина интизомга бўйсунишни ўрганади.  Кимдир шундай деган: “Агар ўзгага бўйсуниш учун иродангиз етмаса, ўз-ўзингизга бўйсуниш учун ҳам иродангиз етмайди”

Масъулиятли бўлишни ўрганиш учун бўйсуниш ва сабр қилиш лозим

Ушбу бобдан кўзланган асосий мақсад эса фарзандларингизга масъулиятли муносабат кўрсатишингиз учун, сизга бир қатор қулайли йўлларни таклиф этишдан иборат.

Бироқ сизни огоҳлантиришим керак, масъулият ҳосил қилиш камтарликни ҳамда сабр-тоқатни талаб қилади. “Қаҳрамон бўл” номли видеосериалимизда ҳар бир парчани биз қисқача кириш материали билан бошлаймиз, унда профессионал актёрлар “Престонлар оиласи” дастурида иштирок этишади. Престонлар жуфтлигининг уч нафар фарзанди билан муносабатда кечган қийинчиликлари ва ташвишлари “Қаҳрамон бўлиш нимани англатади?” мавзусига бағишланган ҳар бир дастуримизда мен билан Дик учун баҳс-мунозара ўтишга ажойиб материал беради.

Мисол учун, жаноб Престон ўзининг 15 ёшли ўғли Натан билан муносабат қуришда қийинчиликларга дучор бўлади, лекин ота ҳам, она ҳам охир-оқибатда кучга бу қадар кўп суянмаслик, фарзандлари билан ўзаро муносабатларни яхшилаш устидан кўпроқ ишлашлари зарурлигини тушунади. Охирида ота оиласини йиғиб, ҳар бир боласининг қўлига муҳрланган конверт узатади. Она ўзининг 17 ёшли тўнғич қизига мактубда шундай ёзади:

“Сени яхши кўраман. Сенинг сезувчанлигингни, ҳалоллигинг, ироданг ва меҳрга тўла қалбингни яхши кўраман. Вақти-вақти билан сендан жаҳлим чиққани боис сабрсизлик қилганимдан пушаймонман. Сенга энг яхши она ва дўст бўлишни жуда, жуда истайман. Онанг”.

Отанинг Хитерга ёзган мактубида ҳам меҳр-муҳаббат изҳор этилади, ота қизидан фахрланишини айтиб, сўнг қўшимча қилади:

“Ушбу мактуб орқали мен сенга мабодо назарингда сен билан маслаҳат қилмай, сенсиз қарор қабул қилгудек бўлсам, менга бу ҳақда маълум қилишингга ижозат бераман. Ўзинг зарур деб топган пайтда бундан фойдалан; бу мактуб хотирангдан ўчиб кетганда эса, янгисини ёзаман. Ваъда бераман”.

Кейинги мактуб ўн бир ёшли Эшлига ёзилганди. Унда ота ҳаддан зиёд банд бўлганини тан олиб, шундай дейди:

“Сенга кўпроқ вақт ажратмаганим учун мени кечир. Хоҳишим, келгуси йил футбол бўйича барча мусобақаларга сен билан бориш. Ушбу мактуб сенга бошқа ишларга ҳаддан ортиқ берилиб кетган пайтларимда, мени тўхтатиш ва буни эслатиш ҳуқуқини беради. Илтимос, бу ҳуқуқдан фойдалан”.

Охирги бўлиб Натан мактуб ўқиди. Онаси унга шундай ёзган эди:

“Натан Аллен, сени яхши кўраман. Ҳаётимда мен энг кўп қадрлаган эркаклар ичида сен иккинчисисан. Агар сенинг қандай улғайиб бораётганингни кузатмай қўйсам, илтимос, ушбу мактубни қўлимга тутқаз”.

Ниҳоят, Натан отаси унга йўллаган мактубни ўқийди. Унда кечириши ҳақида сўралади:

“Қадрли Нэт!

Ўз ҳаётимни сенда яшаб ўтмоқчи бўлганим учун, илтимос, мени кечир: ўзим ҳеч қачон шуғулланмаган спорт турлари билан шуғулланиб, ўзим бормаган мактабда ўқиб, асл ҳолатимдан кўра яхшироқ бўлишга ҳаракат қиламан. Қўпол сўзларим ва оғир феъл-атворим учун мени кечир. Бу мактуб сенга, нимадандир норози бўлган пайтларингда, юрагинг тинчланиши учун, мендан ҳеч нарса яширмай, дилингдаги бор гапни юзимга айтиш ҳуқуқини беради. Яна ҳам сабрли ота бўлишимга ёрдам бериш учун менга кераксан. Ҳар куни сен тўғрингда ибодат қиламан. Сенга бўлган меҳр-муҳаббатимни тилим ифода этишга ожиз. Отанг”.

Видеотасвирдаги ушбу мактубларни ўқиб эшиттиришдан мақсад – сизларга бошқа йўлларни таклиф этиш. Сиз масъулиятли муносабат кўрсатишга тайёр эканлигингизни намоён этиш учун уларни ўз фарзандларингизда қўллашингиз мумкин. Эҳтимол, фарзандларингиздан бирига шунга ўхшаш мактуб йўллашни хоҳларсиз.

Престонлар хонадонида ота аввалига кўп учрайдиган хатога йўл қўйди, у ўзи ўрнак-намуна бўлмай туриб, ваколатини ишга солди. Шукрки, у қўполлик билан иш тутмаслик ёки сабрсизлик қилмаслик, аксинча, ваколатини юмшоқлик ва севги билан ишга солиш лозимлигини вақтида пайқаб олди.

Ўз фарзандингиз назарида ҳурматга эгамисиз? Бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрдингизми? Обрўингиз нимага асослангани ва ундан қандай фойдаланишингиз ҳақида-чи? Навбатдаги бобда Дик Дей биз ўрганган, ота-оналар ижобий Режасининг охирги бандига батафсилроқ тўхталиб ўтади.


Книга на Узбекском языке: Как стать героем для своих детей (Джош Макдауэлл) 

Не нужно обладать сверхъестественными качествами, чтобы стать героем для своего ребёнка! Вам понадобятся лишь любовь, целеустремлённость и реальный план. Джош Макдауэлл и Дик Дэй предлагают основанный на Библии план воспитания детей, который позволит вам стать героем в их глазах. Сочувствие, твёрдость, последовательность сделают вас примером для ваших детей. Авторы дают множество практических советов. Вы увидите: чтобы стать героем, нужно совершать немало забавных поступков. Но самое глаНе нужно обладать сверхъестественными качествами, чтобы стать героем для своего ребёнка! Вам понадобятся лишь любовь, целеустремлённость и реальный план. Джош Макдауэлл и Дик Дэй предлагают основанный на Библии план воспитания детей, который позволит вам стать героем в их глазах. Сочувствие, твёрдость, последовательность сделают вас примером для ваших детей. Авторы дают множество практических советов. Вы увидите: чтобы стать героем, нужно совершать немало забавных поступков. Но самое главное, вы научитесь поддерживать с детьми такие отношения, которые даруют вашей семье жизнь с избытком, а это - редкость в нашем тревожном и опасном мире.



Shu bobni eshitish:


AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)    Сандон устида (Макс Лукадо)  Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак