Djosh Makdauell. Bolaning nazaridagi qahramon (3-qisim 7-bob.) Kitob O'zbek tilida
Боланинг назарида қаҳрамон (Джош Макдауэлл) Ўзбек тилида Аудиокитоб
Мундарижа
Сўзбоши
I қисм. Ижобий ота-оналик режасига тўғри келадиган қаҳрамонлар талаб этилади
1. Ижобий ота-оналик режасига тўғри келадиган қаҳрамонлар талаб этилади
2. Муттаҳамни алдаш, аҳмоқни лақиллатиш мумкин, лекин болани алдаб бўлмайди
3. Ўзибўларчиликка солманг, режалаштиринг
II қисм. Қабул қилиш: ишонч ва ўзини ўзи ҳурмат қилишнинг пойдевори
4. Қабул қилиш: ишонч ва ўзини ўзи ҳурмат қилишнинг пойдевори
5. Уларни қабул қилсангиз, улар ўзларини қабул қилишади
6. Қабул қилиш: Ҳикматлар 22:6 нинг асл маъноси
III қисм. Эътироф қилиш: ўз аҳамиятини тушунишнинг калити
7. Эътироф қилиш: ўз аҳамиятини тушунишнинг калити
8. Улар бирон нарсани тўғри бажараётганларини пайқаб олиш
IV қисм. Севги: усиз бола ҳалок бўлиши мумкин
9. Севги: усиз бола ҳалок бўлиши мумкин.
10. Оддий қучоқлашнинг ғоят катта кучи
V қисм. Кўнгил яқинлиги: қаҳрамон бўлиш учун вақт керак
11. Кўнгил яқинлиги: қаҳрамон бўлиш учун вақт керак
12. Севги шундай ёзилади: В-А-Қ-Т
VI қисм. Масъулият ва ҳурмат: чекловлар ўзини интизомга бўйсундиришни ва қатъийликни қандай ўстириши
13. Масъулият ва ҳурмат: чекловлар ўзини интизомга бўйсундиришни ва қатъийликни қандай ўстириши
14. Масъулиятли ота-она болада масъулият шакллантиради
Якуний мулоҳазалар
III ҚИСМ. ЭЪТИРОФ ҚИЛИШ: ЎЗ АҲАМИЯТИНИ ТУШУНИШНИНГ КАЛИТИ
Ушбу китобнинг иккинчи қисмидан тушуниб олдикки, қабул қилиш энг муҳим аҳамиятга эга, чунки биринчидан ҳаётимиз мазмун-моҳиятга эга эканини билишимиз зарур. Қабул қилиш ортидан дарҳол эътироф қилиш келади, яъни қилаётган нарсаларимизнинг ҳам муҳим ўринга, мазмунга эга эканини тушуниш. Мақтов қанчалик муҳим бўлмасин, бу ерда гап шунчаки бизни мақташларини хоҳлашимизда эмас. Эътироф қилиш одамнинг ўз аҳамиятини тушуниб етиши билан боғлиқ; бу одам ўзининг ва қилаётган ишининг чиндан ҳам ўзидан бошқа яна кимлар учундир муҳим эканини ҳис қилишини назарда тутади. Ота-оналар фарзандлари қилган ишларини қадрлаши ва бунда қандайдир ютуқларни уларнинг ҳаёти асосига айлантирмаслиги зарур деганимизнинг боиси шу. Навбатдаги икки боб ушбу нозик масалани қандай ечишга бағишланган ва сиз бу ерда қуйидагиларни билиб оласиз:
• эътироф қилиш нима учун қабул қилмоққа асосланиши лозим;
• фарзандларингизни юқори қадрлаган ҳолда ютуқларга эришишни уларнинг ҳаётий мақсадига айлантириб қўймаслик учун нима қилиш лозим;
• кўп ота-оналарнинг ҳаммасини кераклигидек қилаётганларини ўйлаб қандай хатога йўл қўйиши;
• ютуққа эришишни ҳаётий мақсадга айлантирган одамларнинг учдан бири нима учун перфекционист, яъни ҳамма нарсада мукаммалликка интилувчан бўлиб қолиши;
• эътироф қилишни хонадонингизда ҳар куни барака олиб келишга қандай мажбур қилишнинг сир-саноати;
• перфекционизм аломатлари ва унга қандай муносабатда бўлиш;
• перфекционизм ўрнига юқори ахлоқий сифатларни қандай шакллантириш;
• биргина “йўқ” сўзининг қандай кучга эгалиги;
• беллашув қандай қилиб натижа учун натижага эришиш ортидан қувишга ва “ғолиблик – бу ҳамма нарса” деган ғояга айланиши мумкинлиги;
• ўзгага қарши эмас, ўзга билан беллашишга қандай ўрганиш ва беллашувни сиз қила олган энг яхши нарса йўлида қандай ишга солиш.
7 БОБ. ФАРЗАНДЛАР БИРОН НАРСАНИ ЯХШИ БАЖАРАЁТГАНИНИ ЭЪТИРОФ ЭТИШ
Болаларимиз гўдакликдан ўсиб катта бўлгач, бошланғич мактабга борганларидан кейин, мен Дик Дей ўргатган барча тамойилларни амалда татбиқ этиш учун қўлимдан келганини қилдим. Фарзандларим шартсиз севгига ва қабул қилишимга муҳтож эканликларини билганим боис, улар истаганларини ҳар куни топишлари учун бор имкониятимни ишга солдим. Бироқ муҳим бир муаммо бор эди – бу менинг ўзим.
Коллеждаёқ Масиҳга келганим кўп жиҳатдан менда ишонч ҳосил бўлишига хизмат қилди, бироқ илк даврларда масиҳийлар гуруҳи ва жамоатларда олган тажрибам туфайли Масиҳ ҳақида, У гарчи бизни яхши кўрсада, аммо гуноҳ борасида жуда талабчан, деган фикр туғилди, яъни Масиҳга ишонган одам Худони мамнун қилишни истаса, Худо сингари гуноҳдан нафратланиши ва шунга мос равишда ҳаёт кечириши лозим.
Доттига уйлангач, болаларимиз пайдо бўлганидан кейин, мен масиҳий сифатида дастлаб олган тажрибам асосида ота-онанинг вазифаси – фарзандларини гуноҳдан сақлашдан иборат деб ўйлардим. Ўзимга ўзим: “Агар болаларимни жазоламасам ва улар безори бўлиб ўсишса, бу Худога ёқмаслиги тайин”, дердим.
Йўқ, зўравонлик қилмасдим. Бироқ ота бўлганимдан кейин дастлабки йиллар мен, болалар тилида айтадиган бўлсак “ўта мижғов” бўлганман. Хато қилишса, ҳар доим уларга ташланар эдим, лекин вазифасини яхши бажаришса, мақташга етарлича вақт ажратмасдим. Ота-оналик вазифасига нисбатан умумий ёндашувим бир қараганда, ҳар доим уларнинг ёнларида бўлиш, бироқ бу болаларни қандайдир ёмон ишларида тутиш ёки ҳеч бўлмаганда, бирор нарсани нотўғри қилишларидан олдин уларни тўхтатишдан ибодат бўлгандек эди. Мен ота-онанинг вазифаси (йўқ, жиддий масъулияти) асосан шундан иборат деб ўйлардим, яъни уларни барча ишларида тўғрилашдан.
Мақтовда йўқ, танқидда ҳозир
Муносабатимни ишларим яққол кўрсатиб турарди. Мисол учун, шундай бир ҳолатни тасаввур қилайлик: хонамда ўтириб китоб ёзяпман; илҳомланганимдан сўзлар ҳам ўз-ўзидан ёғилиб келяпти.
Бир пайт Дотти хонамга кириб:
– Азизим, Син ҳозиргина уйга баҳолар табелини олиб келди. Ҳамма баҳолари аъло, – дейди.
– Жуда соз, азизам, – дейман мен, – бироқ ҳозир бобнинг айни ўртасини ёзаяпман. Тушлик вақтида у билан бу ҳақда гаплашиб кўраман.
Тушлик вақтида эса бу ё эсимга келади, ёки унутиб қўяман. Гап шундаки, Син (ёки болаларимиздан бошқаси) мақтовга лойиқ бирон иш қилса, уни мақташга, ардоқлашга кўп шошилмасдим.
Лекин тасаввур қилинг, кўпинча бўлганидек, Дотти шундай дейди:
– Азизим, Син ҳозиргина Кэтини, хонасига киргани учун туртди.
– Нима қилди? Олдимга жўнат, ҳозироқ у билан гаплашиб қўяман.
Ўғлим кичик синглисини туртгани ҳақида хабар мутлақо бошқа реакцияга олиб келарди. Бирдан мен ёзаётган боб, бу қадар муҳим бўлмай қоларди. Масалани тушликка қолдириб бўлмасди, уни дарҳол ечиш, ўғлимга танбеҳ бериш, муносиб жазо олганига ишонч ҳосил қилиш зарурати туғиларди.
Келлига нисбатан ҳам, Кэтига нисбатан ҳам бу синдром қандай таъсир қилгани ҳақида кўплаб мисоллар келтиришим мумкин (эсда тутинг, ҳали Хитер ҳақида ҳеч нарса деганим йўқ!). Аммо фарзандларимга ўзим мутлақо истамаган нарсани, яъни: “Ота эътиборини тортишнинг энг тез йўли – бирон нарсани нотўғри бажариш” эканини ўргатаётганимни ўзим билмас эканман.
Бугунги кунда бутун мамлакатда ёшлар билан мулоқот қилиш имконига эга бўлгач, ҳисобим бўйича 20 та боладан 15 таси уларнинг уйида ҳам айнан шундай аҳвол бўлганини эътироф этишади. Улар қандайдир ишни нотўғри қилганларидагина ота-онаси эътиборини тортишга муваффақ бўлишган.
Яқинда радиода “Оилага эътибор” номли эшиттирувни тингладим. Ўша кун доктор Жеймс Добсон суҳбатга тўртта аёлни таклиф этди. Бу аёлларнинг ҳаммаси эрта ўсмирлик давридаёқ жинсий ҳаётни бошлаган ва энди, 20 ёшга тўлганларида улар ўша ишининг ҳиссий оқибатларини бошдан кечиришар эди. Эшиттирув қатнашчиларидан учтаси болалигида бирон нарсани нотўғри бажариш билангина отасининг эътиборини тез қозона олганларини алоҳида айтиб ўтганларини эслайман.
Ота-оналик вазифамга яна қанча вақт нотўғри ёндашганимни билмайман. Шунчаки, фарзандларимни бирон нарсани нотўғри қилганликда айблаш жуда осон эди. Яна бу менга якка ҳоким бўлиш ҳуқуқини берарди ва мен ота сифатида буни “яхши уддалаётганимга” ишонардим.
Мақтовда ҳозир менежер ёрдамга келади
Чамаси 1984 йиллар Келли 10 ёшда, Син – 8, Кэти – 4 ёшдалигида Худо менга бир китоб орқали гапирди. Йўқ, бу Муқаддас Китоб эмасди. Унинг ўрнига бир дўстим менга “Мақтовда ҳозир менежер” 1 номли юпқа китобча ҳақида айтди. У бир йил аввал нашр этилган экан.
Кеннет Бланшар ва Синклер Жонсон ҳаммуаллифлигида ёзилган бу китоб аллегория бўлиб, унда қисқа ва жўшқин қилиб ҳар қандай компания ёки корпорацияда ишлаган оддий менежер ўз ходимларига керакли мақсадларни белгилашда ва сўнг, тўғри фикрлар билангина эмас, балки тез мақтов орқали уларга ўша мақсадларга қандай эришишга ёрдам бера олиши мумкинлиги ҳақида ёзилган. Муаллифларнинг фикрига кўра, тез муносабат билдирадиган бундай менежер одамлар ўртасида ишлаб, улар бирон нарсани тўғри бажарганларини пайқаб олишга ҳаракат қилади ва буни уддалагач, ўша заҳотиёқ уларни маъқуллайди, ҳаракатини рағбатлантиради.
Китобнинг мазмунини тушуниш учун, уни охиригача ўқишим шарт эмасди. У қандай ота ёки она бўлиш ҳақида ўргатмасада, ундан ота сифатида билиб олишим керак бўлган янги бир нарсани топдим. Ота сифатида устивор вазифам бу фарзандларимнинг хатосини топиш ва бу хатолар тўғриланганига ишонч ҳосил қилишдан иборат деб ҳисоблаш ўрнига, мен фарзандларим билан қандай боғлиқ бўлганим борасида янги тушунчага эга бўлдим. Ўзимга шундай шиор қилиб олдим:
“Фарзандларингиз бирор ишни тўғри бажарганларида буни пайқаб олишга ҳаракат қилинг”
Қизиқ, кичик ибора концепцияни ёки ҳаётий тамойилни қандай ўзгартириб юбориши мумкин. Илгари мени фарзандларимни шартсиз қабул қилишим кераклигига ишонтиришарди, энди эса уларни муносиб қадрлашни ўрганиш учун курашардим. Қилган ишлари учун уларни ҳеч қачон мақтамаганман демоқчи эмасман; гап шундаки, мен улар нотўғри қилган ишларнинг ҳаммасини тўғрилаганимга тўлиқ ишонч ҳосил қилганимдан кейингина уларни мақтардим. Табиийки, ҳар қандай бола хато қилади, шу боис уларнинг нотўғри ишларини топиш жуда осон бўлган. Бунга болалар эътиборимни тортишнинг энг осон йўли – бу бирон нарсани нотўғри бажариш эканини ич-ичидан ҳис қилишларини қўшинг ва ўша пайтда олдимда жиддий муаммо турганини тушунасиз.
Ота сифатида фаромушхотирлигим йўқолди
Бир томондан ўз фарзандларимни тушунишга, иккинчи томондан эса ёмон ишлари учун уларни жазолашга ҳаракат қилардим. Шу тариқа, ўзимни гоҳ-гоҳида бироз фаромушхотирдай ҳис қилганимдан ажабланмайман! Бироқ устунликларни тўлиқ алмаштирганимдан кейин ҳаммаси ўзгарди. Бутун эътиборимни улар нотўғри бажарган нарсаларга қаратиш ўрнига мен улар тўғри бажараётган нарсаларни излаб топишга ҳаракат қила бошладим. Ҳар бир фарзандимда, назаримда муносиб бўлган, ҳеч бўлмаганда иккита фазилат топиш ва ҳар бир болага унда кўрганларим ҳақида самимий тарзда бирор бир яхши сўз айтиш менинг янги мақсадимга айланди.
Болаларим “бирдан ўзгарганимни” сезишди деб ўйламайман, лекин буни ўзим билар эдим. Ота-оналар ҳақида тасаввурларим тўлиқ ўзгарган эди. Кэтининг дарс тайёрлаётганини келиб кўриш ва бир дақиқа ушланиб унга:
– Сенинг бу қадар тиришиб ишлаётганингни кўриб қувониб кетаман, – дейишим оддий ҳолатга айланди.
Син ахлатни олиб чиқаётганини кўрганимда, уни тўхтатадиган ва:
– Син, ахлатни олиб чиқиш кераклигини эслаганинг учун раҳмат, – дейдиган бўлдим.
Кэти ўйинчоқларини йиғиштираётганини кўриб:
– Қизалоғим, ўйинчоқларинг ҳақида ғамхўрлик қилишинг менга хўп ёқади-да, – дердим.
Бундан ташқари яна шундай қила бошладим: ҳамма болаларим бир жойда, мисол учун меҳмонхонада тўпланган фурсатни пойлаб, улар ўртасида “баҳолаш сеансига” ўхшаш нарса ўтказардим. Бундай ҳолатда бир нарса дейишга шошилмасдим, лекин хаёлан тўхтаб, ўзимга савол берардим:
– Бу ҳақида айнан ҳозир ўйлашни тўхтатсанг, ўз фарзандларингда қайси жиҳатларни муносиб баҳолай оласан?
Сўнг, мен тўрталасида қадрлаган 15 та ёки 20 та сифатни хаёлимда санаб ўтишга ҳаракат қилардим. Бу ҳар бир болада чамаси 4 ёки 5 та сифатни аниқлаш лозим бўлганини билдирарди, лекин буни ҳар доим ўзим учун белгилаган уч дақиқа ичида қила олганман.
Бу кичик машқ фарзандларим учун қанчалик миннатдор бўлишим кераклигини эслашимга ёрдам берар, мени уларга ўз вақтида яхши сўзлар билан далда беришга ундарди. Кўряпсизми, сиз гап ўз фарзандларингизда муносиб қадрлай оладиган бирон нарса топа олмаслигингизда эмас; гап фарзандларингизга кўрган нарсаларингиз ҳақида айтишга, машаққатлари учун самимий мақташга ўзингизни ўргата олишингиздадир.
Менга худди ўзим илгари ўйлагандек фикр қиладиган ота-оналар билан гаплашишга тўғри келади. Улар фикримга жавобан шундай дейишади:
– Яхши, бола шунчаки айрим нарсаларни қилиши керак, дейлик. Нима учун уни ахлатни олиб чиқишдек оддий иш учун мақташимиз лозим?
Шундай жавоб бераман:
– Бунинг нимаси ёмон? Ишингиз учун мақтаганларида сиз ўзингизни қандай ҳис қиласиз?
Раҳбар:
- Сизни жуда қадрлайман, бу ишни зўр уддаладингиз, – деса, бу кимга ёқмайди?
Тушлик овқат мазали бўлса ва бутун оила:
– Зўр овқат бўлибди, бундан мазали овқат бўлмаса керак! – деса, бу кимга ҳам ёқмайди?
Эътироф қилиш – Муқаддас Китобда берилган тамойил
Каломни ўрганар эканман, унда эътироф қилиш билан боғлиқ ҳолатларни жуда кўп учратаман. Яҳё чўмдирувчи Исони сувда чўмдирганда, Самодаги Ота Ўз ҳурмати ва эътирофини билдириб деди:
– Бу Менинг севикли Ўғлимдир, Ундан ниҳоятда мамнунман (Мт. 3:17).
Агар Самовий Ота Ўз Ўғлини бутун дунё олдига эътироф этиб, ҳурмат кўрсатган бўлса, демакки мен ҳам уйда ва одамлар олдида ўз фарзандларимга эътироф ва ҳурмат кўрсатишга вақт ажрата оламан.
Ҳаворий Павлус ўзи асос солган жамоатлардаги руҳий фарзандларига ҳар доим ҳурмат билдирар эди. Кўп ҳолатларда у айрим одамларга далда бериш мақсадида уларни алоҳида эътироф этарди. Мисол учун, Павлус Тимўтийга мактубда ҳар ибодатида уни эслашини, уни соғингани, қалбидаги имони равнақ топаётганини эътироф этади (2 Тим. 1: 3-5).
Агар Павлус ўз шогирдларига ҳурмат кўрсатишга вақт ажрата олган бўлса, демак мен ҳам ўз шогирдларим, яъни Худо тарбиялашим ва озиқлантиришим учун менга берган фарзандларга муносиб баҳо бериш учун вақт ажрата оламан.
Қандайдир маънода Павлус “мақтовга ҳозир менежерларнинг” биринчиси бўлган, гарчи интизом чораларни қўллашда анча қаттиққўллик тарафдори бўлган бўлсада, – бу айниқса Коринфдаги жамоат билан боғлиқ ҳолатга доир. У ҳар ёқда масиҳийлар бирор яхши ишга қўл ураётганини кўришга алоҳида эътибор берар, ҳеч иккиланмай уларни мақтар, кези келганда тасалли ҳам берарди.
Биз ҳали ҳамон ўрганяпмиз
Одамларга бундай ёндашишни ўргатиш учун ҳаммамизнинг самимий мақтов-хушомадга ишқимиз баланд эканлигини тушуниб олишимиз зарур. Афсуски, кўп одамлар етарлича далда ва мақтов кўрмай ўсади. Улар бора-бора хушомаддан шубҳаланадиган, ўзганинг мақтовини носамимийликка йўғирадиган бўла бошлайди. Шунга ўхшаш ҳолатни ўз оиламда кўраман. Ҳатто ҳозир, муаммога бўлган ёндашувим ўзгарганидан кейин, мана 6-7 йил ўтиб ҳам, фарзандларим доим ҳам менга ишонавермайди. Гоҳида улардан бирини тўхтатиб:
– Сен билан гаплашиб олишим керак, – дейиш, қизиқ туюлади.
– Бирон нарса бўлдими? – сўрашади мендан.
– Йўқ – дейман, шунчаки қандай яхши иш қилганингни айтмоқчи эдим.
Шундай бўлсада, Келли ва айниқса Син менга ёқимсиз бўлган кўп дақиқаларни “туҳфа этишган”.
Мақтаган вақтимда улар:
– Қўйсангиз-чи , дада. Бу сафар нимани кўзлаяпсиз? – қабилида жавоб бериб туришади.
Мен эса табассум қилиб, миннатдорлик билдиришни давом эттираман, ғайратимни сўндирмайман ва гоҳида бироз баланд овозда ардоқлаб ҳам қўяман, – биламан, улар бунга муҳтож, ишончим комил, – бу уларга ёқади!
Ўйлашимча, ҳаммамиз ҳаётдан сабоқ олиб яшаймиз, мен ўзим томондан, улар эса ўзлари томондан. Бироқ шуни сездимки, уларни бирон ишни тўғри қилганлари учун қанча кўп мақтаганим сари, аллақандай қилмишлари учун шунча кам танқид қилишимга, жазолашимга тўғри келади. Мақтов уларни тўғри хулқ-атворга ундайди ва шунга амин бўлаяпманки, уларни жазолашга аввалгичалик кўп эҳтиёж бўлмаяпти.
Масалан, Келлини ўз кийимларини йиғиштирмаслиги учун кўп урушардим. Мен одатий схемадан воз кечишга ва Келли кийимларини жавонга йиғиштирган пайтни пойлашга ва бунинг учун уни мақташга қарор қилдим.
Хитерни ҳар доим мушукчасини қаттиқ қисмасликка чақирардим. Мушугини авайлаган пайтларида, уни мақтай бошладим. Бу ҳам иш берди ва ишониб айтаманки, ҳаммадан кўра мушукча мендан миннатдор!
Эътироф қилишда эҳтиёт бўлмоқ лозим
Эътироф қилиш ҳақида айтиб, мана энди огоҳлантириб ҳам ўтишим жоиз. Агар фарзандларингиз сиз уларни шартсиз қабул қилганингизга тўлиқ ишонч ҳосил қилмаган бўлса, мақтов ва ҳурмат манипуляция воситасига айланиши мумкин. Бола вазифаларни бажаришни бирдан-бир мақсад қилиб олиши ва чамаси шундай фикрлаши мумкин:
– Агар ўз ишимни бажарсам ... агар беш олсам... шунда ота-онам мени қадрлайди.
Муваффақиятга эришишни ўз ҳаётининг маъносига айлантирган одамда айбдорлик ҳисси пайдо бўлиши муқаррар.
Ота-оналарга кўпинча савол бераман:
– Бирон нарсани бажара олмаганингизда ҳеч ўзингизни айбдор ҳис қилганмисиз?
Деярли ҳаммаси “ҳа” дейишади.
– Нима учун? Бунинг ахлоқ-одобга қандай алоқаси бор? – деб сўрайман.
Улар менинг нимани назарда тутаётганимни билишади. Бирон нарсани қилолмаганимизда, биз чиндан ҳам нафақат айбни, балки уятни ҳам ҳис қиламиз. Бу уят ҳисси ўзимизни қабул қилишдан бош тортишимизга олиб келади. Бунга сабаб шуки, қандайдир мажбуриятларни бажариш ҳаётимиз асосига айланиб қолган. Мен билан айнан шундай бўлган: мен топшириқни бажариш, бошқаларнинг мақтовига эришиш пайида юриб ўсганман, негаки отам мени ҳеч қачон мақтамаган.
Шу тариқа, фарзандларимга аввало эътироф қилиш, сўнгина қадр-қимматини эъзозлаш учун кўп ҳаракат қиламан. Мисол учун, икки катта фарзандим – Келли ва Син ҳар доим “беш баҳога” ўқишган. Табелларини кўтариб келганларида, уларнинг нимага эришганлари ҳақида ҳар бири билан алоҳида гаплашишга ҳаракат қиламан.
Бундай суҳбатлар расм бўлиб қолган ва мен ҳар доим фарзандларимга, гарчи аъло баҳога ўқиганларини юқори қадрласамда, лекин яхши ўқимаган тақдирларида ҳам, барибир уларни яхши кўришимни қулоғига қуйиб келаман.
Яқинда Синга гапирганимда у мени ҳайратга солиб, шундай деди:
– Биламан, дада. Бир умр яхши баҳо олмасам ҳам мени яхши кўрасиз.
– Чиндан ҳам шундай, – дедим мен.
Шунда Син жилмайди, сўнг муғомбирона қараб қўйди-да:
– Аъло баҳоларни олишимдан хурсанд бўлмайсизми? – деди.
Тан олишим керак, нима дейишни билмай қолдим. Қаршилигим йўқ эди. Қонунлар китобининг 10-бобида Эгамиз Исроил халқини бахтиёр қилиш учун уларга Ўз амру фармонларини берганини айтади. (13-оят) Мен ҳам ўз фарзандларимни айнан шундай тарбияламоқчиман: мен учун осон бўлмаган, аммо уларни фаровонликка ва бахтга эриштирадиган нарсаларни қиламан.
– Ҳа, – дедим Синга, – аъло баҳоларинг мени хурсанд қилади, негаки сен – аълочисан. Агар “уч” ёки “тўрт” олсанг кайфиятим бузилади ва баҳоларингни яхшилашинг учун маълум бир чораларни кўришимга тўғри келади. Агар сен аъло баҳоларга ўқий олсанг-у, мен сенга “уч”, тўрт” олишингга йўл қўйсам, демак сен учун қила оладиганларимни қилмаган бўламан.
Кэти билан мутлақо бошқача бўлган. Дотти ҳам, мен ҳам унга кўп босим ўтказмасдик, фақат “бешга” ўқишга мажбурламасдик, негаки у ўрта баҳоларга ўқийдиган ўқувчи. Фарзандларимизнинг қобилиятлари қанчалик фарқ қилишини биз қандай биламиз? Уларни кузатамиз, улар билан шуғулланамиз, уларни рағбатлантирамиз. Улар мактабда нима устидан ишлаши, вазифаларни қай даражада уддалай олиши ҳақида бизда аниқ тушунчалар бор.
Шунингдек, биз уларни ўқитган муаллимлар билан гаплашиб турамиз. Дотти ва мен ҳар доим фарзандлармизни ўқитган муаллимлар билан яхши муносабатлар сақлаб келишга ҳаракат қиламиз. Биз ҳамиша уларнинг меҳнатини юқори қадрлаб келганмиз, улар эса бизнинг эътиборимизни қадрлашади. Ўқитувчилар қизиқишимиз самимий эканини билишади, шу қаторда бизга ҳақиқатни айтиш мумкинлигини ҳам.
Син ва Келли бир нарсани тушуниб олишларини истайман: агар мен уларга мактабда аъло баҳо олмаслиги ёки онда-сонда баҳо олишларига йўл қўйсам, уларга ёмонлик қилган бўламан ва бунинг оқибатлари уларнинг бутун умрига ўз таъсирини ўтказмай қўймайди. Бу Кэтига ҳам тааллуқли. Агар унга сўниб қолиши, қобилиятига яраша баҳо олмаслигига йўл қўйсак, бу билан унга ёмонлик қилган бўламиз.
Уларга мақсадга эришиш эркинлигини беринг
Албатта, тан олиш лозим, бу ерда чегара жуда нозик. Лекин энг яхшиси, уни бузмаслик учун, қабул қилишдан бошлаб, сўнг эътироф қилишга ўтилади. Фарзандларингиз ўзларини бехатар ҳис қилишсин, уларни яхши кўришларини, аҳамиятли эканларини, хато қилишга ҳақли эканларини ҳис қилишсин. Шунда ўзларини бўш қўйиб, бор кучини ишга солишлари осон бўлади. Мактабда баҳо олганларида, спорт мусобақаларида қатнашганларида ёки бошқа ҳар қандай ишда мақтов эшитиш учун чираниб ишлашмайди, аксинча қадр-қиммати борлигини билиб ҳаракат қилишади. Ҳар доим шундай дейман:
“Фарзандимнинг ютуғидан кўра, тиришқоқлигини кўпроқ қадрлайман, фарзандимни инсон сифатида кўриб қадрлайман, буни ҳатто тиришиб қилган ҳаракатидан ҳам юқори қўяман”.
Баъзида менга савол беришади:
– Боланинг тиришқоқлигини бундай юқори баҳолаш уни ўз вазифаларини бажаришни ҳаёти асосига айлантиришга ундовчи яна бир шарт (омил) бўлиб қолмайдими?
Бўлиши мумкин, лекин мен учун бунга қарши энг пухта эҳтиёткорлик чораси фарзандларимни аввало қабул қилиш, сўнг эса муносиб баҳолаш устидан тинмай ишлашдир. Менинг бу билан қанча вақт шуғулланиб келганим муҳим эмас, ҳеч қачон “мутахассис” бўлолмайман. Мен ҳар доим боланинг қадрига етадиган, зийрак ота бўлиш устидан ишлашим керак.
Мен ҳамон эски одатларим билан курашаман
Эски одатларни ташлаш осон эмас ва бир дақиқа бўш келсам агар, яна дастлаб бошлаган нуқтамга келиб қоламан – болаларимнинг яхши ишларини эътироф этиш ўрнига, қаерда хато қилганини излай бошлайман. Бирон нарсани ўзгартириш устидан ишлаш – бу бир умрлик машаққат ва мен ҳозиргача “Худонинг ғазаби” усулидаги тарбия ёндашуви билан курашиб келаман. Ҳар сафар фарзандларим ўзларини ёмон тутганларида, биринчи навбатда, табиийки, уларга ташлангим келади. Қандай курашишимдан қатъий назар, ичимда одатий реакция қўзий бошлайди.
Ҳар доим енгишим зарур бўлган учта тўсиққа йўлиқаман. Бирини айтиб ўтдим – бу эски одатларим. Агар диққат-эътиборни фарзандларимни муносиб баҳолашда ва қабул қилишда шошилмасликка қаратмасам, бу қилинмай қолиб кетади. Бунинг қанчайин аҳамиятли, қанчайин муҳим эканини биламан, бироқ агар ҳар куни буни ёдимда сақламасам, имконни қўлдан бой бераман ва тез орада буни умуман қилмай қўяман.
Иккинчи тўсиқ шуки, иблис чиндан ҳам “шердай бўкириб, бировни ютиб юбориш учун изғиб юради” (1 Бутрус 5:8), унинг энг таъсирли қуролларидан бири – бу ҳис-туйғуларга берилмасдан мулоҳаза қилишдир.
Ўз-ўзимга:
– Отам майхўр бўлган. У мени қабул қилишга ва қадрли эканлигимни кўрсатишга ҳеч қачон вақт ажратмаган, шунга қарамай ёмон одам бўлмадим, – дейишим мумкин.
Бироқ бу ота-оналик масъулияти менга юклайдиган вазифадан ўзимни олиб қочиш учун бир баҳона бўлиб қолади холос. Бундан ташқари, фарзандларим мен билган маданиятдан мутлақо фарқ қиладиган муҳитда ўсаяпти. Фарзандларим мен ёшлигимда умуман билмаган муаммоларни қарши олмоқда. Улар қандай ёрдам бўлса, барчасига муҳтож эканини кўраман.
Мен фарзандларимни қабул қилишга ва қадр-қимматини муносиб баҳолашга ҳар доим диққат-эътибор қаратганим боис, уларни “кучи етганларича ҳамма нарсани қилишга” ундаганимда нимани назарда тутишимни улар аниқ билишади. Уларни рақобат ўта кучли бўладиган ҳаётга тайёрлашга ҳаракат қиламан. Бу дунёда инсонлар бир-бири билан беллашиб яшашади. Навбатдаги бобда Дик беллашувнинг ижобий ва салбий усуллари ҳамда фарзандингизга баркамоллика эришиш ва перфекционизм тузоғига илинмасликка қандай ёрдам бериш ҳақида сўз олиб боради.
Книга на Узбекском языке: Как стать героем для своих детей (Джош Макдауэлл)
Не нужно обладать сверхъестественными качествами, чтобы стать героем для своего ребёнка! Вам понадобятся лишь любовь, целеустремлённость и реальный план. Джош Макдауэлл и Дик Дэй предлагают основанный на Библии план воспитания детей, который позволит вам стать героем в их глазах. Сочувствие, твёрдость, последовательность сделают вас примером для ваших детей. Авторы дают множество практических советов. Вы увидите: чтобы стать героем, нужно совершать немало забавных поступков. Но самое глаНе нужно обладать сверхъестественными качествами, чтобы стать героем для своего ребёнка! Вам понадобятся лишь любовь, целеустремлённость и реальный план. Джош Макдауэлл и Дик Дэй предлагают основанный на Библии план воспитания детей, который позволит вам стать героем в их глазах. Сочувствие, твёрдость, последовательность сделают вас примером для ваших детей. Авторы дают множество практических советов. Вы увидите: чтобы стать героем, нужно совершать немало забавных поступков. Но самое главное, вы научитесь поддерживать с детьми такие отношения, которые даруют вашей семье жизнь с избытком, а это - редкость в нашем тревожном и опасном мире.