Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) 3 bob

Эмерсон Эггерих. Севги ва ҳурмат - (3-боб) Ўзбек тилида

Sevgi va hurmat (Emerson Eggerix) O‘zbek tilida AudiokitobЭмерсон Эггерих. Севги ва ҳурмат - (Аудиокитоб) Ўзбек тилида

 

 

МУНДАРИЖА

Кириш

МУҚАДДИМА. Севгининг ўзи камлик қилади

БИРИНЧИ ҚИСМ. ТАНГЛИК ДОИРАСИ

1. Никоҳ муносабатларини такомиллаштиришнинг оддий сири

2. Мулоқот қилиш учун шифрни топиш зарур

3. Аёл нега ҳурмат қилмайди, эр нега севмайди?

4. Танглик доираси эркаклар кўпинча қўрқадиган нарсага таянади

5. Аёл остонадаги гиламча бўлишдан қўрқади, эр унинг кўнглини ололмай сарсон

6. Аёл иккиюзламачи бўлишни истамайди, эр ўзига ҳурмат йўқлигидан нолийди

7. Аёл эрини кечиролмайди, эр аёлини севиб бўлмайди, деб ҳисоблайди

ИККИНЧИ ҚИСМ. ҚУВВАТ ДОИРАСИ

8. Оилавий ҳаёт – аёлга севгини қандай намоён этиш керак

9. Бирлашув – аёл яқинликни хоҳлайди

10. Очиқлик – аёл унга нисбатан самимий бўлишингизни истайди

11. Тушуниш – уни тузатишга уринманг, шунчаки тингланг

12. Муроса – аёл сизнинг зийрак бўлишингизни хоҳлайди

13. Садоқат – аёл сиз учун ўзининг энг қадрли эканини ҳис қилишни истайди

14. Иззат – аёл уни ҳурмат қилишингизни ва ардоқлашингизни истайди

15. Эрга ҳурматни қандай намоён этиш мумкин

16. Бўйсуниш – эрингизнинг ишлаш ва муваффақиятга эришиш истагини қадрланг

17. Иерархия – эрингизнинг оилани ҳимоя қилиш ва таъминлаш истагини қадрланг

18. Нуфуз – эрингизнинг хизмат қилиш ва бошқариш истагини қадрланг

19. Зийраклик – эрингизнинг таҳлил қилиш ва маслаҳат бериш истагини қадрланг

20. Муносабатлар – эрингизнинг чин дўстликка интилишини қадрланг

21. Шаҳвоният – эрингизнинг жинсий алоқага интилишини қадрланг

22. Агар сиз ҳаракат қилсангиз, қувват доираси ҳам ҳаракатда бўлади

УЧИНЧИ ҚИСМ. ҒАЛАБА ДОИРАСИ

23. Севги ва ҳурмат учун асл асос

24. Ҳақиқат чиндан ҳам сизни эркин қилиши мумкин

ХОТИМА. Пушти ва мовий рангларни Илоҳий қирмизи рангга айлантириш мумкин


3-БОБ. АЁЛ НЕГА ҲУРМАТ ҚИЛМАЙДИ, ЭР НЕГА СЕВМАЙДИ

Турмуш ўртоғингизнинг кодини ўқий олиш кўникмаси ҳар доим ҳам бир кун, бир ой ёки ҳатто бир йилда шаклланавермайди. Хотинини севишни чин дилдан хоҳлаб, менинг олдимга маслаҳатга келган бир эркакнинг сўзларига қулоқ тутинг. У шундай ёзади:

“Тавсияларингиз ва қўллаб-қувватлаганингиз учун раҳмат. Барибир мен тасаввурим ва мавжуд воқелик ўртасидаги жарликни кўрганда нима қилишни билмай қолаяпман. Мен бу ишга қўл урганимда, гарчи муваффақиятга у қадар ишонмаган бўлсамда, умидим бор эди. Аммо «севувчи» хатти-ҳаракатимнинг тез ва ижобий самара бераётганини кўриб, ўзимни бахтли ҳис эта бошладим. Мен бу нарсани ёдда тутган пайтим – тилимни «тишлашим», жавоб қайтармаслигим қийин кечмасди. Ўйлашимча, мен ўзимни ярашишга чоғлаганимда, ўзимни босишим ва ўзим билан содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни юракка яқин олмаслигим осон бўлади.

Қийинчиликлар эса ҳаммаси ўз жойига тушгандан кейин бошланади. Мен эҳтиёт бўлмай қўйсам, суҳбат жараёнида инсон табиатининг гап кўтаролмаслиги ва ҳиссиётга берилувчанлиги маълум бўлади. Ўтган ҳафтада бирданига ҳаммаси мон томонга ўзгариб кетди, ҳамма эски дардлар юзага чиқиб, улар янада кучлироқ оғриқ бера бошлаганидан ҳайрон қолдим. Мен билан худди душман билан гаплашгандек гаплашишганини жиним суймайди. Хотинимнинг: «Нега кайфиятимни бузаяпсан?» - деган саволини эшитиш жуда оғир. У менинг севгимга ишонмаслигини айтганида, ёки мен ҳеч қачон ўзгармаслигим, ўзи менга турмушга чиқиб хато қилгани ҳақида гапирганида портлаб кетмасликнинг асло иложи йўқ.

Йўл ростдан ҳам жуда узоқ ва биз бирор бир натижага эришишимиз даргумон бўлиб туюлади. Жанжалларимиз, бир-биримизни айблашларимиз, низолар орасида сизнинг аксарият ҳолларда айтилган гапларнинг мазмун-моҳияти эмас, балки уларнинг қандай оҳангда айтилгани можарога сабаб бўлиши ҳақидаги сўзларингизни эслайман. Шунда ўзимнинг тўғри гаплаша олмаслигимдан ич-ичимдан сиқила бошлайман. вазият шу даражада ёмонлашдики, мен бунга йўл қўйганимдан, кўзим кўрлигидан уялиб кетаяпман.

Барча уринишларим ва сабрлилигим фақат ватқинчалик самара бераётгани, барқарорлик озгина бузилгудек бўлса, яна ҳаммаси эски ҳолатига қайтаётгани ҳам мени ҳайрон қолдирмоқда.

Камдан кам эркаклар ўз дилларидагини ушбу мактуб эгаси каби баён эта олишади. Унинг хотини севгига ўта эҳтиёжманд, аммо эрига ишонмагани сабабли бу масалада унга ёрдам бермайди. Нега айрим аёллар эрларига қараб: «Сенга тегиб хато қилибман» - дейишгача бориб етишади ва бу сўзлари ўзининг салбий мевасини бермайди, деб ўйлашадими? Эрини танқид ва гина-кудуратлар ёмғири остида қолдирган аёл яна қандай қилиб ундан севги кутиши мумкин? Ўз навбатида эрлар ҳам сўқирликлари боис қандай қилиб, ўзларини бу даражадаги оғир аҳволга тушириб қўйишади?”

Шартсиз ҳурмат – ҳақиқий уйғунлик эмасми?

Мен аёллар билан суҳбатлашганимда улар шартсиз севги концепциясини дарров илиб олишади. Чунки уларнинг бутун механизми мана шу тўлқинга созланган бўлади. Аммо мен эрга шартсиз ҳурмат кўрсатиш зарурлиги ҳақида гап бошлашим билан улар буни тушунишмайди.

Менимча, камдан кам одамлар Бутруснинг Биринчи мактубидаги учинчи боб, биринчи ва иккинчи оятларининг мазмуни ҳақида ўйлаб кўришган бўлса керак. Ҳаворий Бутруснинг таъкидлашича, «улар(эрлар)нинг сўзга бўйсунмайдиганлари», яъни ҳурматга муносиб бўлмаганлари «хотинларининг турмуши билан сўзсиз эгаллангандирлар». Оддий сўзлар билан тушунтирганда, эри ўзи тасаввур қилган одам бўлиб чиқмаса, хотин эрига сўзи ва юзида ҳурматини ифодалаши керак. Хотин эрига шартсиз ҳурматини сўзлари ва юз ифодаси билан намоён этиш орқали, эрини яна номуносиб хатти-ҳаракатлар қилишдан қайтариши мумкин. Эҳтимол, эр ростдан ҳам нафратга лойиқдир, аммо унга ҳурматсизлик кўрсатиш билан бирор нарсага эришиб бўлмайди, худди шунингдек аёлнинг қалбини ҳам қўполлик ва қаҳр билан забт этиб бўлмайди.

Қизиғи шундаки, эркаклар ҳам шартсиз ҳурмат кўрсатиш ғоясини дарров тушуниб етишмайди. Эркаклар аёллар ҳам ҳурматга муносиб бўлиш керак, деб ҳисоблашади. Аёл ўз эрини ҳурматга номуносиб, деб билади. Эркак ҳурматга сазовор бўлишни хоҳлайди, аммо у хотини ўзига кўрсатаётган ҳурматсизликка номуносибман, деб ишонади.

Эрга нисбатан ҳурмат шартсиз бўлиши кераклиги ҳақидаги мулоҳаза айрим аёлларни шошириб қўяди. Аёллардан қуйидагича изоҳларни кўп эшитганман: «У ўзини доим шунақа тутадиган бўлса, қандай қилиб уни ҳурмат қилишим мумкин?» «У ҳурматга муносиб эмас, у доим дилимни оғритади...» «Мен уни севаман, аммо шу қадар дилим оғриб хафа бўлиб кетаманки, уни ҳурмат қилгим келмайди». «Оилада энг муҳими - севги. Агар у мени мен истагандек сева олганида, балки менинг қалбимда ҳам унга нисбатан ҳурмат уйғонармиди...» «Тўғри, менда ҳам камчиликлар бор, аммо асосий муаммо эримда, ўзгариши керак бўлган одам ҳам айнан у. Ҳамма гап шундаки, у мени кўпроқ севиши ва ҳурмат қилиши керак».

Аёллар оилавий муносабатларда шартсиз ҳурмат кўрсатиш ҳақида умуман эшитишмаганини менга қайта-қайта такрорлашдан чарчашмайди. Улар учун бу бемаънилик, бу – оксюморон (бир-бири билан умуман боғланмайдиган, бир-бирига қарама қарши бўлган тушунчаларни ифодаловчи атама).

Менинг манбаларимдан фойдаланган ва ушбу таълимотнинг кучига тўла ишонган профессионал маслаҳатчи менга қуйидаги мактубни битган эди:

Куни кеча мен деярли жар ёқасига келиб қолган никоҳларини сақлаб қолишни истаётган икки нафар аёл билан суҳбатлашдим. Улардан эрларингизни севасизларми, деб сўрадим. Ҳар иккаласи ҳам ўйлаб ўтирмай тасдиқ жавобини беришди. Сўнгра улардан эрларингизни ҳурмат қиласизларми, деб сўрадим. Улар дарров жавоб бера олишмади. Улар керакли сўзларни топа олмай қолишди ва шу туришларида ўт олдириш қийин бўлган эски машинага ўхшаб кетишди. Улардан бири жуда кўп китобларни ўқиганини, аммо бирор жойда бундай ёндашувга дуч келмаганини айтди. У амалда қандай қилиб эрни шартсиз ҳурмат қилиши мумкинлиги ҳақида сўради. Мен бунга худди шартсиз севгига эришган сингари эришилишини айтдим. Фақат Худонинг инояти билан эришилади. У кулиб қўйди.

Эътибор қилингда, ҳар иккала аёлда ҳам шартсиз севгини тушуниш борасида муаммо йўқ. Аёллар бу бирикмани ҳеч қачон оксюморон сифатида қабул қилишмайди. Улар учун шартсиз севги сўз бирикмаси бир-бирига зид бўлиб туюлмайди ва улар эрлари томонидан ўзларига севги кўрсатилмаётганини сезиб қолишса, дурров буни билдириб қўйишади. Аёллар ўз туйғуларини ифодалаш санъатини анчайин мукаммал эгаллашган, эркаклар эса ҳисларини яширишга мойил бўлишади. Бошқача айтганда, аёллар ўз ҳисларини намоён этишни маъқул кўрадиган бир пайтда, эркаклар жим туришни ёки ўз қобиғига ўралиб олишни афзал кўришади. Эркаклар ўзларига ҳурмат кўрсатилмаган пайтда нима қилишни билишмайди, улар ўз ҳисларини намоён эта олишмайди. Эрлар қуйидагича ўйлашади: «Агар у шундай тушунса, мен нима ҳам қила олардим. Агар хотинимнинг ҳурматини қозонишим керак бўлса ва мен шунақа ёмон одам бўлсам, буни унутишга ҳаракат қилганим маъқулроқ».

Аёл ўзи эрига ҳурмат билан муносабатда бўлишидан олдин эри ана шу ҳурматга муносиб бўлиши зарурлигини очиқ айтар экан, бу билан эрини бурчакка тиқиб қўяди. Энди эр ўзаро муносабатларида ҳам севги, ҳам ҳурмат учун масъул бўлиб қолади. Эр хотинини шартсиз севиши ва айни вақтда унинг ҳурматига муносиб бўлишга ҳаракат қилиши керак. Табиийки, оқибатда эр ўз қобиғига ўралиб олади.

Ҳаммаси мовий ва пушти рангларга боғлиқ

Эрларга ҳурмат кўрсатиш аёллар учун нотаниш ғоя бўлиб туюлади ва албатта бунинг маълум сабаблари бор. Маълум маънода бу нарса мовий ва пушти рангли кўзойнак ва эшитиш аппаратлари билан ҳам изоҳланади. Аёллардан бири айтганидек: «Биз турлича фикрлаймиз. Ҳатто, эрим ҳурмат (ёки унинг йўқлиги) деганда нимани назарда тутишини ҳам тушунмайман».

Аёллар ҳурмат кўрсатиш концепциясини тушунмаслигининг яна бир сабаби эрларининг қўпол ва ҳиссий муносабати билан боғлиқ. Кўплаб аёллар ўз норозиликларини эрларининг юзига очиқ-ойдин айтиш учун асосли сабабларга эга эканликларини тушунаман ва мен мана чорак асрдан бери уларнинг эътирозларини тинглаб келаяпман. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Яна маданий муҳит ҳам бор. Сўнгги қирқ йил давомида Америка жамоати доимий равишда шуртсиз севгини тарғиб этиб келди. Мен ҳам ўзим ишлаган жамоатда ушбу мавзуни тарғиб қилганман, чунки у пайтлар шартсиз ҳурмат кўрсатишнинг муҳимлигини тушунмаганман. Ўтган йиллар давомида мен маслаҳатчи сифатида қабулимга ёрдам ва маслаҳат сўраб келган аёллар сингари доимий равишда умидсизликни ҳис этганман. Нима учун эрлар хотинларини улар эрларини севганчалик сева олишмайди? Гап эрлар буни эплолмаслигида эмас, чунки турмуш қурмасларидан аввал учрашиб юрганларида, улар буни эплай олишларини исботлашган эдилар. Аммо энди, улар оила қуришгач, худдики эрларда хотинларини севишга сабаб йўқолгандек бўлади. Улар ўз никоҳлари билан деярли қизиқмайдилар. Никоҳда нимадир етишмайдигандек туюлади.

Ўшанда мен шартсиз севгининг муҳимлигини таъкидлар эканман, ҳақиқатнинг фақат ярмини ўргатганимни англаб етдим. Эфесликларга мактубнинг бешинчи боб, йигирма бешинчи ва йигирма саккизинчи оятларида Павлуснинг маслаҳати қуйидагича мазмунга эга:

«Эй, эрлар, Масиҳ жамоатни яхши кўриб, Ўзини жамоат учун фидо қилганидай, сизлар ҳам хотинларингизни шундай яхши кўринглар... Эрлар ҳам ўз хотинларини ўз таналарини севгандай севишлари керак. Ўз хотинини севган эркак ўзини севган бўлади». Аммо урғу фақат шубҳасиз севгига бериладиган бўлса, кўпчилик эркакларга ўз севгиларини намоён этишларида ёки уларни севгига илҳомлантиришга ёрдам беролмайди, ҳар ҳолда улар буни хотинлари хоҳлагандек қилишмайди. Уларнинг ҳаммасига қуйидаги қисқа оятда айтилган фикрлар етишмайди: «Хотин ҳам эрини ҳурмат қилсин» (Эф. 5:33)

Мен ўз қарашларимни ўзгартириб, барчани ҳақиқатга – севги ва ҳурматга ўргата бошлаганимдан кейин, қизиқарли муносабатни кўрдим. Икки юз нафар аёлни бирлаштирган бир гуруҳ билан мен икки марта учрашиб, эрларни ҳурмат қилиш мавзусида суҳбатлашдим. Мен улар билан учинчи марта ҳам учрашишга тайёр эдим, аммо гуруҳ раҳбарияти таклифимни рад этди. Улар менинг яқин танишларимдан бири бўлган аёлни «Эрни қандай севиш керак» - деган мавзуда чиқиш қилиш учун таклиф қилишди. Менинг чиқишларим ҳақида эшитган танишим менга хабар жўнатди: «Сен, эрларни қандай севиш керак, деган мавзуда чиқиш қилгандинг-ку». Ўша аёл бошқа хотинлар таълимотимнинг мазмунини қандай қилиб эътибордан қочиришганини тушуна олмаганди. Эрни севишнинг ягона усули уни ҳурмат қилишдир, зеро, фақат шу нарса унинг учун муҳим аҳамиятга эга.

Мен бу «ишдан четлатилиш»ни бошимдан ўтказдим ва қаердаки бўлмайин шартсиз ҳурмат кўрсатиш ҳақидаги таълимотимни тарғиб қилардим. Кўпгина аёллар, худди қуйидаги мактуб муаллифи сингари, ушбу ҳақиқатларга қулоқ осишади:

“Мен тақводор хотин бўлиш ўргатилган жуда кўплаб курс ва машғулотларга қатнашганман, Муқаддас Китоб таълимоти асосидаги никоҳ ҳақида кўплаб китобларни ўқиб чиққанман. Шунга қарамай, муносабатларимизда нимадир етишмаётганини ҳис этардим... Мен нима учун баъзида эрим жиззаки бўлиб қолишини ва менга жуда зарур бўлган севгини бермаётганини тушуна олмасдим. Энди эса аслида мен унга ҳурматсизлик кўрсатганимни, лекин унга шунақа хабар жўнатганимни ўзим ҳатто билмаганимни ҳис этаяпман... Мен ҳурмат билан муносабатда бўлишга ҳаракат қилиб кўрдим ва натижа мени лол қолдирди. Эрим у қадар яхши суҳбатдош эмас. У кўпроқ ташқи оламга боғланган одам, халқаро миқёсда ишбилармонлик билан шуғулланади. Гарчи ўзимни бир қадар ноқулай ҳис этган бўлсамда, барибир унга қуйидаги сўзларни айтдим: «Азизим, бугун туни билан қайси сифатларинг учун сени ҳурмат қилишимни ўйлаб чиқдим». Аслида ҳам шундай бўлганди. У ҳеч нарса демади, аммо мен, муҳит илиқлашганини ҳис қилдим. Орадан икки кун ўтиб, кун давомида бошқа эркаклар билан ов қилиб келгач, у менга: «Сени жуда соғиндим. Мен билан борсанг бўларкан. Кун давомида сен менинг қанчалар асалим эканинг ҳақида ўйладим» - деди. Мен бор овозимда кулиб юборишимга сал қолди – у мени асалим деб атади, мен эса аллақачон бувиман. Аммо, ўзингни яна суюкли ҳис этиш жуда ажойиб. Мен энди тушунаяпман, кўпинча ўзим хоҳламаган ҳолда эримга нисбатан ҳурматсизлик кўрсатган эканман”.

Ҳурмат эркакнинг кўнглига нимадир қилади. Худо эркакни шундай яратган.

Арета ва ҳурмат ҳақида бир оғиз сўз айтмоқчиман.

Баъзида мендан сўраб қолишади: «Сиз аёлларга севги, эркакларга эса ҳурмат керак дейсиз. Лекин бунинг тескариси ҳам тўғри эмасми? Аёлларга ҳурмат, эркакларга эса севги керак эмасми?» Бу саволга мен, тўғри, эркакларга севги, аёлларга эса ҳурмат ҳам керак, аммо мен ҳар бир жинс вакилининг асосий эҳтиёжларини назарда тутаиб гапираяман, деб жавоб қиламан. Баъзида бу эҳтиёжлар қоришиб кетади. 1960-йиллар охиридаги феминистлар ҳаракатининг2 авж палласида Арета Франклин «R-E-S-P-E-C-T» («respect» инглиз тилида «ҳурмат» деган маъно англатади – изоҳ муаллифники.) номли қўшиғини эълон қилади. Бу қўшиқ орқали барча аёллар, ҳеч бўлмаганда, улар уйда бўлганларида озроқ ҳурмат кўришни илтимос қилишлари ҳақидаги фикр илгари сурилганди. Аёлга ҳурмат керак ва «у ҳурматни олиши лозим».

«R-E-S-P-E-C-Т» узоқ йиллар давомида аксарият аёлларнинг севимли қўшиғига айланганди, аммо уларнинг кўпчилиги бу қўшиқни Арета ижро этишидан икки йил аввал эркак киши – Отис Реддинг ёзганини билишмаса ҳам керак. Отис бу қўшиқни 1965 йилнинг 15 августида хотинига мактуб сифатида ёзган эди. Бундай вазият сизни ҳайрон қолдирмаяптими? Тўғри, аёлда ҳурматга эҳтиёж бор, агар эри уни ростдан ҳам севса, аёл ўзига керак ҳурматга сазовор бўлади. Аммо Отис Реддинг ўз қўшиғида эркакнинг  ҳурматга муҳтожлиги ва «у ҳурматга сазовор бўлиши кераклиги» тўғрисида қалб тубидан ҳасрат билан куйлайди.

Арета Франклин ижросидаги қўшиқнинг машҳур бўлиб кетганига қарамай, мен ҳали ҳам аёлларга ҳурматдан кўра кўпроқ севги, эркакларга эса севгидан кўра кўпроқ ҳурмат керак, деб ҳисоблайман. Мен иккита бир-биридан анча узоқ бўлган соҳадан мисол келтираман: табрик откриткалари ишлаб чиқариш ва ҳарбий соҳа. Булар жамиятимизнинг турлича соҳалари ҳисобланади, аммо улар эркаклар ва аёлларнинг энг муҳим эҳтиёжларини акс эттиришда жуда қўл келади.

Барча табрик откриткалари севги мавзусига бағишланган

Табрик откриткалари аёллар менталитети ва эҳтиёжларини тушунишда калит вазифасини ўташи мумкин. Маркетинг тадқиқотларининг кўрсатишича, Америка Қўшма Штатларида откриткаларнинг аксарият қисми аёллар томонидан сотиб олиниб, аёлларга тақдим этилар экан. Табрик откриткалари кўп миллионлик бизнес демакдир. Аммо, шуниси борки, табрик откриткаларини ишлаб чиқарувчи компаниялар мафкура билан умуман қизиқишмайди. Улар одамларнинг менталитетини ўзгартиришга ҳаракат қилишмайди. Улар шунчаки пул ишлашади, шу боис харидоргир молни сотишади, холос. Буни англаган ҳолда, мен сиздан эрдан хотинига аталган ва «Азизам, мен ростдан ҳам сени ҳурмат қиламан» - деган сўзлар битилган откритка топишни сўрамоқчиман. Бунақа откриткани тополмайсиз. Сабаби бунақа откритка умуман йўқ, чунки хотинлар бундай дил изҳорини эшитишни исашмайди. Аёллар севгига мойил бўлишади. Севги тили уларнинг она тили ҳисобланади. Мен бундай вазиятни танқид қилмайман, мен шунчаки Худо аёлларни шунақа яратганини таъкидламоқчиман, холос. Аслида, агар севги аёлларнинг энг зарур эҳтиёжи бўлмаганида олам оғир аҳволга келиб қоларди. Аёллар шунақа яратилган ва биз эркаклар бундан фақат хурсанд бўлишимиз керак.

Афсуски, айнан шу сабабдан сиз хотиннинг эрига қараб «Азизим, мен сени ҳурмат қиламан» - деган дил сўзлари битилган табрик откриткасини топа олмайсиз. Нега бундай откриткалар йўқ? Чунки уларни ҳам ҳеч ким сотиб олмайди. Аёллар эрлари учун табрик откриткасини танлаганларида унда ўз севгилари акс этишини исташади, аммо ҳурмат ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Афсуски, аёллар (ҳамда откритка ишлаб чиқарувчилар)нинг эътибори севгига қаратилгани боис, эрларнинг энг асосий эҳтиёжларидан бири қаноатлантирилмай қолади.

Ораларингизда кўпчиликнинг ўғиллари бўлса керак, энди ўйлаб кўринг, ўғлингиз хотинидан ҳеч қачон «Мен сени ҳурмат қиламан» - деган сўзни эшитмаслиги қанчалар қайғули. Унинг қалбига Худо томонидан жойланган эҳтиёж, агар у келинингизнинг умидларига мос келмаса, эътибордан четда қолиб кетаверади, чунки эр ҳурматга муносиб эмаслигини тасдиқловчи овозлар бунга йўл бермайди. Агар ўғлингизнинг оиласи – одатий никоҳ бўлса, у биргаликдаги ҳаётнинг биринчи йили ўтибоқ, хотини ўзини севишига, аммо ўзига мафтун эмаслигига ва ўзини муносиб инсон деб ҳисобламаслигига тўлиқ ишонч ҳосил қилади. Агар унинг оиласи аксарият жуфтликлар каби бўлса, хотини бутун кучини танқид ва арзи-додлари билан эрини ўзгартиришга ҳаракат қилишга сарфлайди, вақт ўтиши билан эса унга нисбатан нафрат ҳислари юзага кела бошлайди.

Ҳурмат – эркак учун олий қадрият

Аёллар «ҳурмат» сўзининг маъносини тушунишни ва уни қўллашни ўрганиб олсалар зарар қилмайди, чунки, тўғрисини айтганда, ҳурмат – эркак учун олий қадрият ҳисобланади. Мен оилавий муносабатларда севги ва ҳурматнинг ўзаро уйғунлигини ўргата бошлаганимдан кейин Муқаддас Китоб эркак ҳурматга эҳтиёжманд бўлишини аниқ-тиниқ ўргатишини англаб етдим, менинг шахсий кузатишларим ҳам буни тасдиқлайди. Аммо мени ҳар доим бу ғоялар статистик таҳлилда қандай акс этиши қизиқтириб келарди. Энг кучли тадқиқот гуруҳлари томонидан ўтказиладиган тадқиқотларда эркакнинг ҳурматга бўлган эҳтиёжи акс этадими? Маълум бўлишича, акс этаркан. Миллий сўровлардан бирида 400 кишидан шу иккита вариантдан бирини танлаш зарурати бўлганда, улар қайси бирини афзал кўришар экан:

а) ёлғиз ва севгисиз қолиш;

б) бошқаларга ўхшамаслик ва атрофдагиларнинг нафратини ҳис этиш?

Сўровда иштирок этганларнинг 74%  агар мана шу иккита вариантдан бирини танлаш зарур бўлганида, ёлғиз ва севгисиз қолишни афзал билишларини қайд этишган3.

Бу эркаклар учун бошқаларга ўхшамаслик ва атрофдагиларнинг нафратини ҳис этиш энг салбий вариант экан. Кўп сонли эркаклар ушбу тадқиқот натижаларини тасдиқлаб шундай дейишади: «Мени севадиган, аммо ҳурмат қилмайдиган аёл билан яшашдан кўра, мени севмаса ҳам ҳурмат қиладиган аёл билан яшашни афзал кўрардим».

Бу эркаклар севгига эътиборсиз эмаслар. Улар ўзларига севги ҳам кераклигини билишади, аммо уларнинг ҳурматга бўлган эҳтиёжлари севгидан кўра кўпроқ. Балки, сув ва овқат солиштиришимизда энг қулай ўхшатиш бўлар. Яшаш учун бизга уларнинг ҳар иккаласи ҳам керак, аммо биз овқатсиз узоқ муддат кун кечира олсакда, сувсиз уч суткадан ортиқ яшай олмаймиз. Эркаклар учун севги худдики овқат, ҳурмат эса сув кабидир. Бундан ортиқ нима ҳам дейиш мумкин! Ҳурмат қилиш – эрнинг интилишини уйғотувчи калит вазифасини ўтайди.

Ҳурмат кўрсатиш эрнинг интилишини уйғотувчи омил бўлиши мумкинлигига яхши мисолни ҳарбий қисмлардан топиш мумкин. Мен саккизинчи синфдан ўн иккинчи синфгача ҳарбий билим юртида ўқиганим боис мени ҳарбий соҳада еткачилик масаласи қизиқтириб келган. Масалан, мен улуғ йўлбошчилар одамларга шартсиз ҳурмат кўрсатиш орқали ўз қўшинларини ғалабага илҳомлантирганликларига гувоҳ бўлдим. Манёврларни етарли даражада яхши бажара олмаётган денгизчиларига мурожаат қилаётган америкалик адмирални кўз олдингизга келтиринг. «Денгизчилар, мен сизларга ўзингизга бўлган ишончингиздан кўра кўпроқ ишонаман. Бошингизни баланд кўтаринг. Менга қаранглар. Мен сизлар билан ўзингиз фахрланишингиздан кўра кўпроқ фахрланаман. Бугун манёврларни яхши бажара олмадингиз, аммо ҳарбий бўлинмангизнинг имкониятлари жуда юқори эканига, бутун дунёда энг яхшиси эканликларингизга ишонаман. Ярим йилдан кейин сиз эришадиган даража бутун дунёни лол этади, мен сизларни ўша даражага олиб чиқаман!»

Адмирал ўз аскарларини ҳурмат қилса, уларга ўзлари ишонганидан кўра кўпроқ ишонса, улар ўсишни, энг зўри бўлишни, адмирал кўра олган ўз имкониятларини намоён этишни исташади. Бундай эркаклар хизмат қилишни исташади. Нима деб ўйлайсиз, нега уларнинг вазифаси ҳарбий «хизмат» деб аталади?4

Аммо эркаклар нафақат хизмат қилишга, балки жанг майдонида жон беришга тайёр бўлишади. Кўпчилик эркакларда Худо томонидан берилган нимадир борки, ўша нарса уларда шараф билан жанг қилиш ва ўлиш, аёллар, болалар ва ўз дўстлари учун жангга кириб, жонини бериш истагини уйғотади. Мен Уитонда ўқиган пайтимда у ерда Жим Хаченс капеллан эди, у Вьетнам уруши вақтида ҳам шу унвонда хизмат қилган. Жимнинг айтишича, вьетнамликлар америкалик аскарларни, дўстлари уларни қутқаришга уринишини билгани учун, атайлаб ярадор қилишар экан. Шундан кейин вьетнамлик снайперлар яраланган дўстини жанг майдонидан олиб чиқишга ҳаракат қилган аскарларни отиб олишаркан. У кўп маротаба аскарларнинг жон аччиғида: «Мен у ёққа боришим керак. Жога ёрдам бермасам бўлмайди. Уни ўша ерда қолдириб кетолмайман. Боришим керак. У менинг дўстим» - деб бақирганларини эшитган. Шараф ва севги америкалик аскарларни Вьетнамда, тарихдаги исталган бошқа урушда бўлгани каби ана шундай қаҳрамонона ҳаракатларга ундаган. Бир эркак менга қуйидагиларни ёзган эди:

“Мен ўн тўрт йил давомида ҳарбий-ҳаво қўшинларида хизмат қилдим, яна олти йил ҳақиқий ҳарбий хизматда бўлганман. Чиқишингизда сиз кўп маротаба эркаклар хотинлари ва ватан учун жон беришга тайёр бўлишларини кўп бора таъкидладингиз. Сизнинг сўзларингиз бизнинг ҳар иккламизга жуда кучли таъсир кўрсатди (Хотиним ҳарбий хизматни ҳар доим ҳақиқий уруш ва ўлим билан қиёслаб келган. Мен эса ҳарбий хизматни шараф ва бурч, деб биламан). Мен нафақат ватанимга, балки бирга хизмат қиладиган инсонларга ҳам содиқман”.

Фақат мана шундай бўлинмаларда хизмат қила оладиган эркаккина (ҳарбий хизматчи, ўт ўчирувчи, полициячи) хизмат давомида шаклланадиган алоқаларни ҳамда бир-бирига бўлган садоқатини тушуна олади. Ишонаманки, бу эркак мана шундай бўлинмаларда шараф билан хизмат қилаётган аёлларни камситмоқчи эмас. Аммо, шончим комилки, у, кўпгина эркакларни таърифлайдиган буюк ҳақиқатларни тасдиқламоқчи. Мен аксарият эркакларга маслаҳат берганман ва биламанки, ҳарбийларни ҳаракатлантирувчи куч ҳисобланган шараф ва садоқат оилада ҳам амал қилади. Афсуски, бизнинг маданиятимизда: «Эркакларга ҳурмат кўрсатманг. Улар бунга муносиб эмас. Улар сизни менсишмайди, улар сизни камситишади, ҳақорат қилишади ва ҳатто ўлдиришади» - деган сўзлар ҳам қулоққа чалиниб туради. Бу сўзлар айрим эркакларга нисбатан ишлатилганда ҳақиқат, аммо менинг ишончим комилки, аксарият эркакларга нисбатан қўлланилганда у ёлғонга айланади. Эркак меҳрибон қалб билан хотинига хизмат қилади ва хатоо унинг учун ўлишга ҳам тайёр туради. Аммо хотин эри учун ўлиши мумкинлигини тахмин ҳам қилмайди.

Албатта, эрларининг садоқатларига кўпроқ тасдиқ олишни истайдиган аёллар ҳам бор. Балки, сиз эрига қуйидаги сўзларни айтган аёл ҳақида эшитгандирсиз: «Гарри, сен доим мен учун ўлишга тайёр эканингни айтасан, аммо ҳали бирор марта сўзингнинг устидан чиқмадинг!». Бу, албатта, сизнинг кулиб қўйишингизга сабаб бўладиган шунчаки ҳазил, аммо ўз хотинлари учун ўлишга ҳам тайёр бўлган эркакларга ҳурматсизлик, энг ёмони, нафрат билан муносабатда бўлишса, бу энди кулгули эмас. Бир аёл менга ёзган хатида шундай дейди:

“Ҳаётимнинг катта қисмини Муқаддас Китобни ўрганишга бағишладим ва ўзимни имонли инсон деб ҳисоблардим, аммо бир куни сизнинг қуйидаги сўзларингизни ўқиб қолдим: «Баъзида ўзга инсонни севиш унинг учун ўлишдан кўра қийинроқ бўлади. Шундай, эркакнинг ҳаётида хотинига бўлган севги учун ўлишга тайёр бўлган кун келиши мумкин, аммо у доим хотинидан ўзини севмаслиги ҳақида тинимсиз шикоятлар эшитади». Бу ҳақиқат менинг руҳимни турмушимдаги барча нарсадан кўра кўпроқ яралади. Мен ёмон иш қилиб қўйган ва гарчи энди бундай иш қилмаслигини билса ҳам, ўзи етказган жароҳатлар битиши учун жуда кўп вақт керак бўлишини англаган ҳолда, қандай кечирим сўрашни билмайдиган ҳар қандай аёл яхши тушунадиган уятни ҳис қилдим”.

Бу аёл ҳамма нарсани тўғри тушунганди.

Эркаклар аёлларга тенг муносабатда бўлишлари керак

Павлуснинг Мактубларида эркаклар хотинларини агапе севги билан севишга буюрилган (қаранг: Эф. 5:22-33), аммо Муқаддас Китобда эрларга ўз хотинларини ҳурмат қилиш буюрилган жойлар ҳам мавжудми? Бутрус аёлларга ўз эрларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишни буюрганидан кейин (қаранг: 1 Бут. 3:1-2), у эрларга мурожаат қилиб, хотинларига уларни тушунган ҳолда муносабатда бўлишлари кераклигини, «улар ҳам абадий ҳаёт иноятидан баҳраманд бўлганлари учун уларни ҳурмат» қилишларини тайинлайди (1 Бутрус. 3:7). Бутрус «улар ҳам абадий ҳаёт иноятидан баҳраманд бўлганлари учун уларни ҳурмат қилиш» деганда эрларга хотинларини Худо берган неъматларга ўзлари каби тенг ҳуқуқли  сифатида қараб қадрлаш ва ҳурмат қилишга буюради. Павлус Исо Масиҳда «сиз ҳаммангиз бирсизлар» (Гал. 3:28) деганида Бутруснинг фикрини қўллаб-қувватлайди.   

Хотинларга ҳурмат кўрсатиш ҳақидаги ушбу даъватни Эфесликларга мактубнинг бешинчи бобида ҳам кўриш мумкин, унда Павлус эрлар хотинларини ўзларини севганлари каби севишлари кераклигини айтади. Павлус таъкидлайдики: «Ҳеч ким ҳеч қачон ўз танасини ёмон кўрмайди. Аксинча, уни озиқлантириб, парвариш қилади...» Бу оятдан кўриниб турибдики, эрлар ўз таналарини қанчалик кўз қорачиғидек асрасалар, хотинларини ҳам худди шундай асрашлари керак (қаранг: 28, 29-оятлар).

Аёл Павлус ёзганидек одам бўлишни орзу қилади. У ўзини қироличалардек ҳурмат қилишларини эмас, балки маликалардек эркалашларини истайди. У ўз эри учун аҳамият жиҳатидан энг биринчи инсонга айланишга интилади.

Ҳаммаси шундай бўлиши керак, аёл гўёки малика, эр эса шаҳзода. Эфесликларга мактубнинг бешинчи боб, ўттиз учинчи оятида эркакларни раҳбар, жонини бериш буюрилган инсон сифатида ҳурмат қилиш кераклиги уқтирилади. «Масиҳ имонлилар жамоатининг боши... Масиҳ жамоатни яхши кўриб, Ўзини жамоат учун фидо қилган » (Эф. 5:23, 25). Шаҳзода малика учун курашга киради, тескариси эмас. Шу сабабли малика ўзини «раҳбар» ҳисоблаб ҳурматталаб бўлмаслиги керак. Тўғри, у тенг ҳуқуқли инсон, Бутрус ўзининг Биринчи мактубининг учинчи боб еттинчи оятида айтганидек «абадий ҳаёт иноятидан баҳраманд бўлганлари учун» ўзини эъзозлашларини, ўзига ғамхўрлик кўрсатишларини, эътиборли бўлишларини хоҳлайди.

Малика ва шаҳзода билан солиштиришни яна давом эттирган ҳолда, менимча, Муқаддас Китоб қоидаларига кўра, шаҳзода ёки эрни «тенглар ичида биринчи» - деб қараш керак. Бу билан мен, улар бир-бирларига нисбатан тенглар, аммо эр боқувчи ва ҳимоячи бўлишга буюрилган, у ҳатто зарурат бўлганда ўлишга буюрилган. Бу нарса айниқса, кема чўкаётганда яққол намоён бўлади, «қайиқларга олдин аёллар ва болалар чиқади» - деган сўзларни бир эсланг.

Одатда, эркаклар аёлларга нисбатан жисмоний жиҳатдан йирикроқ ва кучлироқ бўлишлари бежиз эмас. Худо амрининг эркакларга буюрган тасдиғи шунда кўринмайдими? Нахимиё ўз одамларини деворларни қайта тиклашга ва душман ҳужумларини қайтаришга бошлаганида, ҳамюртларини «Қариндош–уруғларини, ўғил–қизларини, хотинларини, уй–жойларини ҳимоя қилиш учун жанг қилиш»га чақирган эди (Неем. 4:14). Баъзида эрлар хотинлари ўзларида ана шу вазифаларни бажараётган эркакни кўришини исташади. Хотини буни кўрганида эри димоғдор бўлгани учун эмас, балки Худо уни шундай яратгани учун илҳомлантиради. Камдан кам эркакларгина «Мен тенглар ичида биринчиман» - деган сўзни айтишади. Меҳрибон ва ақлли эркак бу унинг ҳуқуқи эмас, балки бурчи эканини яхши билади. Аёл эса бошқа томондан ўзининг «аҳамият жиҳатидан биринчи» бўлишга интилишини тушунади. Унга бошқа ҳеч нарса мана шу нарса каби куч бера олмайди. Аёл манман эмас. Шунчаки Худо уни шундай яратган.

Эр хотинини аҳамият жиҳатидан биринчи сифатида эъзозлаганида, аёл эса ўз навбатида эрини тенглар ичида биринчи деб ҳурмат қилганида, уларнинг никоҳи муваффақиятли бўлади. Эр, хотини ўзига оёғидан бошлаб қарашини назарда тутса, шу билан бирга, уни камситса, амалда ўзи ўтирган шохни кесаётган бўлади. Эр, хотини ўзини ҳукмрон қироличадек тутишга уринаётганини кўрса, у аёлининг қалбига йўл тополмайди. Агар аёл эри ўзини ҳимоя қилишини кутса, ҳамда кейин уни ўзини баланд ва ҳимоячидек тутишда айбласа, у эрининг оёғи остидаги тупроқни олиб ташлаётган бўлади. Аёл эри тенглар ичида биринчидан ҳам кўра кўпроғини хоҳлаётганини ҳис қилса, ўзи учун унинг қалбини оча олмайди.

Эрлар: «Мен шундай дедим!» деманг

Шу ўринда эркакларнинг эътиборини бир нарсага қаратиб, уларни огоҳлантириб қўйиш керак. Аксарият хотинлар учун Муқаддас Китобнинг аёлларни ўз эрларини шартсиз ҳурмат қилишга чақириши кутилмаган ҳодиса бўлиб туюлади. Шундай ҳолатлар ҳам учрайдики, аёллар илгари бу таълимот ҳақида умуман эшитмаган бўлишади. Ақли эр бу таълимотдан хотинига қарши қурол сифатида фойдаланмайди. Аксинча, у ўзини таъвозе билан тутади. У хотинига эшитганларини мулоҳаза қилиб кўриш ва кейин амалиётда қўллаш учун имконият беради. Мўъжизалар эса ўзини узоқ куттирмайди.

Кўпинча жуфтликлар Танглик доираси даҳшатли ғичирлаш билан ўз айланишини тўхтатишини айтишади. Аксарият ҳолларда бу ўзгариш айнан хотин эрига нисбатан шартсиз ҳурмат кўрсатишга ҳаракат қилгани сабаб содир бўлади. Аёл эрига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш ғоясини чуқурроқ англагани сари, унга бу нарса ёа бошлайди, ҳамда бу унинг эрига ҳам ёқади (албатта, у дастлабки шок ҳолатидан чиққанидан кейин). Энг муҳими шундаки, натижада эр хотинига нисбатан шартсиз севги билан муносабатда бўла бошлайди. Мағлубият ҳолати ғалабали онларга айланади, қуйидаги икки нафар бахтли эрларнинг мактублари шундан далолат беради.

Уларнинг биринчиси ўн икки йиллик оилавий ҳаёти давомида никоҳ масалаларига бағишланган жуда кўплаб семинарларда қатнашган экан:

Оила масалаларига бағишланган семинарларнинг аксариятида урғу эрнинг ўз хотинини шартсиз севишига қаратилган.  Камдан кам ҳоллардагина хотинларнинг ўз эрларига ҳурмат билан муносабатда бўлишлари кераклиги ҳақида гапирилган. Доктор Эггерих эркакларнинг ушбу туғма эҳтиёжини ва мазкур эҳтиёжнинг рўёбга чиқарилиши оилали жуфтликларнинг муносабатида қанчалик муҳимлигини яхши билади. Мен хотиним билан нима сабабдан доимо жанжаллашишимизни ва ўзимизни ҳозирги ҳолатимизда қандай ҳис қилишимизни билиб олдик... Илгарилари мен семинарлардан ҳеч қачон бунчалик ҳаяжон ва оилавий муносабатларимиз яхшиланиб кетишига умид билан чиқмаганман.

Конференцияларимиздан бирида қатнашган бошқа эркак шундай ёзади:

Сўнгги ўн етти йил ичида оилавий муносабатларга бағишланган бир қанча семинарларда қатнашиб, бирор бир янги гап ва инқилобий ўзгаришларни кутмай ҳам қўйгандим. Кўпи билан бунақа конференцияларда одатий бўлган эркаклар шаънига янги эътирозларни эшитишим мумкинлигини тахмин қилардим. Аммо мен конференциядан эркаклар ва аёллар учун никоҳда Худо ўйлаган нарсани чуқур англаган ҳолда чиқдим. Энди мен ўртамиздаги фарқларга камчилик ёки ажралиш учун сабаб деб қарамаяпман, аксинча, энди мен Худо ҳар биримизга берган ўзига хосликни қадрлаб ва бундан хурсанд бўлиб яшаяпман. Гарчи мен конференцияда ўз камчиликларимни билиб олган бўлсамда, шу билан бирга, мен янги илҳом ва қўллаб-қуватловни ҳам ҳис этдим. Мен аслида ким эканимни ва буни ўзимнинг эрлик мақомимда қандай амалга оширишишимни англаган ҳолда хурсанд бўлиб, янги ғоялар билан қуролланиб чиқдим.

Бу эркаклар сони тинмай ўсиб бораётган хотинлари ҳурмат билан муносабатда бўладиган ва ўзлари хотинларига ижобий тушунча билан жавоб берадиган эркаклар сирасига киришади. Уларнинг хотинлари эрлари ўзларининг ҳурматларига «эришишлари» шарт эмаслигини, ўзлари ҳам эрларининг севгига «эришишлари» шарт эмаслигини англай бошлашган.

Аммо мен шундай аёлларни ҳам учратганманки, уларга шартсиз ҳурмат ибораси худди қизил мато ҳўкизга таъсир қилганидек таъсир қилади. Улар узоқ вақт давомида Муқаддас Китобдаги бўйсуниш мавзусининг нотўғри талқини остида бўлишганки, энди бу ғояга шабҳа ва ҳатто душманлик кўзи билан қарашади. «Бунинг умуман иложи йўқ», «бу қўлимдан келмайди», «бу эркакларнинг олами». «Шартсиз ҳурмат эркакларга бизни камситиш учун яна жуда кўп имкониятлар яратиб беради».

Мен бу ташвишни яхши тушунаман, аммо мен аслида ўз хотинларига яхши муносабатда бўладиган эрлар уларнинг устидан ҳукмронлик ўрнатишга ҳаракат қилишмайди, дейман. Аксинча, аксарият эркакларда бундай истак умуман бўлмайди. Уларнинг қалбининг энг чуқур бурчагида Танглик доираси айланишда давом этаверишидан хавотир бўлади. Биз кейинги бобда аёллар никоҳларини ўзгартириш борасида ўзлари ўйлагандан ҳам кўра кўпроқ ҳокимиятга эгаликларини кўриб чиқамиз.


Книга  на узбекском языке:  Любовь и уважение (Эмерсон Эггерих)

Женщина нуждается в удовлетворении одного лишь желания - быть любимой. Когда эта потребность удовлетворена, она счастлива. Мужчина имеет лишь одну нужду - уважение к себе. Когда его потребность удовлетворена, он счастлив.
Когда обе эти потребности восполнены, начинают происходить удивительные вещи. "Любовь и уважение" объясняет супругам, почему они реагируют негативно друг на друга, как справиться с подобной реакцией быстро, легко и в соответствии с библейскими истинами.
Основываясь на трех десятках лет консультационной деятельности и на научных и библейских исследованиях, доктор Эмерсон Эггерих с женой Сарой уже пронесли послание любви и уважения по всей Америке, изменяя общение, мышление и отношение друг к другу супружеских пар.
Чего вы хотите для своего брака? Хотите мира? Хотите чувствовать близость друг к другу? Хотите испытывать признательность? Хотите жить в браке по замыслу Божьему? Тогда почему бы вам не попробовать впустить в свою жизнь немного любви и уважения?



Shu bobni eshitish:


AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)    Сандон устида (Макс Лукадо)  Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак