Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) 2 bob

Эмерсон Эггерих. Севги ва ҳурмат - (2-боб) Ўзбек тилида

Sevgi va hurmat (Emerson Eggerix) O‘zbek tilida AudiokitobЭмерсон Эггерих. Севги ва ҳурмат - (Аудиокитоб) Ўзбек тилида

 

 

МУНДАРИЖА

Кириш

МУҚАДДИМА. Севгининг ўзи камлик қилади

БИРИНЧИ ҚИСМ. ТАНГЛИК ДОИРАСИ

1. Никоҳ муносабатларини такомиллаштиришнинг оддий сири

2. Мулоқот қилиш учун шифрни топиш зарур

3. Аёл нега ҳурмат қилмайди, эр нега севмайди?

4. Танглик доираси эркаклар кўпинча қўрқадиган нарсага таянади

5. Аёл остонадаги гиламча бўлишдан қўрқади, эр унинг кўнглини ололмай сарсон

6. Аёл иккиюзламачи бўлишни истамайди, эр ўзига ҳурмат йўқлигидан нолийди

7. Аёл эрини кечиролмайди, эр аёлини севиб бўлмайди, деб ҳисоблайди

ИККИНЧИ ҚИСМ. ҚУВВАТ ДОИРАСИ

8. Оилавий ҳаёт – аёлга севгини қандай намоён этиш керак

9. Бирлашув – аёл яқинликни хоҳлайди

10. Очиқлик – аёл унга нисбатан самимий бўлишингизни истайди

11. Тушуниш – уни тузатишга уринманг, шунчаки тингланг

12. Муроса – аёл сизнинг зийрак бўлишингизни хоҳлайди

13. Садоқат – аёл сиз учун ўзининг энг қадрли эканини ҳис қилишни истайди

14. Иззат – аёл уни ҳурмат қилишингизни ва ардоқлашингизни истайди

15. Эрга ҳурматни қандай намоён этиш мумкин

16. Бўйсуниш – эрингизнинг ишлаш ва муваффақиятга эришиш истагини қадрланг

17. Иерархия – эрингизнинг оилани ҳимоя қилиш ва таъминлаш истагини қадрланг

18. Нуфуз – эрингизнинг хизмат қилиш ва бошқариш истагини қадрланг

19. Зийраклик – эрингизнинг таҳлил қилиш ва маслаҳат бериш истагини қадрланг

20. Муносабатлар – эрингизнинг чин дўстликка интилишини қадрланг

21. Шаҳвоният – эрингизнинг жинсий алоқага интилишини қадрланг

22. Агар сиз ҳаракат қилсангиз, қувват доираси ҳам ҳаракатда бўлади

УЧИНЧИ ҚИСМ. ҒАЛАБА ДОИРАСИ

23. Севги ва ҳурмат учун асл асос

24. Ҳақиқат чиндан ҳам сизни эркин қилиши мумкин

ХОТИМА. Пушти ва мовий рангларни Илоҳий қирмизи рангга айлантириш мумкин


2-БОБ. МУЛОҚОТ ҚИЛИШ УЧУН ШИФРНИ ТОПИШ КЕРАК

Агар эр ва хотинлар севги ва ҳурмат уйғунлигини тушунишни истасалар, уларнинг ҳар бири шифрланган тилда гапиришларни англашлари керак. Барча муаммо шундаки, улар бир-бирларига йўллаётган хабарларининг маъносини тушунишмайди.

Оилавий жуфтликлардан бирининг тўйи бўлганига ўн йил тўлиши арафаси эди, шу сабаб хотин бу воқеа эримнинг эсидамикан, деб ўйлай бошлади. Эрнинг, ўтган ўн йил ичида, бу кунни унутган ҳолатлари жуда кўп бўлган эди. Хотини ҳар хил ишоралар беришига қарамай, у гап нима ҳақда бораётганини тушунмас эди. Аммо ўн йилликда эр бу ажойиб кун ҳақида бирор бир ишораларсиз эслаб қолди! У Hallmark откриткалар дўконига кирди, ҳамда чиройли табрик сўзлари битилган откриткаларни кўздан кечира бошлади. Бирдан унинг эътиборини битта чиройли откритка тортди. У откриткага битилган сўзларни ўқиди, улар жуда маъқул келди! У: «Ушбу откритка, шубҳасиз, айнан хотиним учун тайёрланган!» - деб ўйлаб қолди. У откриткани сотиб олиб, ажойиб оқшом бўлишини тасаввур қилган ҳолда уйга шошилди. Ниҳоят, у ушбу санани унутмади ва бу кун ҳар иккалалари учун ҳам унутилмас бўлади. У уйга келиб, бошқа хонага кирдида, откриткага имзо кечиб, хатжилд устига хотинининг исмини ёзиб қўйди. У қўшимчасига хотинининг исми ёнига иккита кичкина юракча ҳам чизиб қўйишни унутмади. Кейин хонадан чиқиб хотинига откриткани топширди. Хурсандчиликдан хотинининг оғзи қулоғига етди. У ўзини жуда бахтли ҳис қилиб кетди, ахир эри унутмабди! У хатжилдни очиб, тилакни ўқишга тутинди... Бир оз ўтиб унинг юз ифодаси ўзгарди, севгидан порлаб кетган кўзлари совуқ ялтирай бошлади. Қувноқ кайфият ўрнини тундлик ва надомат эгаллади.

  • Нимадир ёқмадими? – сўради эр. У эътиборли бўлгани учун хотинидаги ўзгаришни дарров сезганди.
  • Ўзим, шунчаки.
  • Нима, шунчаки? Нимадир бўлдими?
  • Йўқ, ҳеч нарса бўлгани йўқ.
  • Кўриб турибманку, нимага кайфиятинг тушиб кетди?
  • Ҳеч гап йўқ, шунчаки... бу туғилган кунга табрик откриткаси экан.

Суҳбат қандай давом этганини тасаввур қилиш қийин эмас.

  • Наҳотки? – дейди эр, унинг қўлидан откриткани олар экан. - Қанақасига... бўлиши мумкин эмас!
  • Йўқ, сен билан ҳамма нарса бўлиши мумкин!

Эр хотинининг кўзида ҳақиқий ғазабни кўради. У буни атайлаб қилмаганди, шунчаки хатолик юз берганди. Ахир у тўйларининг ўн йиллигини эсга олдику. У совға ва откритка сотиб олди.

  • Азизам, хато мендан ўтибди, атайлаб қилмадимку, мени кечир.
  • Кечирай? Атайлаб қилмадинг? Тўғри, бу беихтиёр хатолик бўлган, чунки сенга барибир. Биласанми, нима? Агар сен машинангни техник кўрикка олиб борсанг, у ерда машинангни озгина тирнаб қўйишса, буни дарров сезасан-а? Нега? Чунки сен машинангга бефарқ эмассан!

Эр қулоқларига ишонмас эди. Энди ундаги айбдорлик ҳисси ўрнини норозилик эгаллай бошлайди. Кутилган байрам ўрнига, жуда катта тезлик билан жанжал бошланаётган эди.

  • Ҳой, менга қара, буни атайлаб қилмадим, деяпман, тушундингми? Бунчалик юрагинга яқин олма. Шуям гап бўлди-ю!
  • Сен менга туғилган кунга аталган откритка сотиб олиб, уни тўйимизнинг ўн йиллигига менга совға қиласану, яна мен хафа бўлмаслигим керакми? Менга ҳеч нарса сотиб олмаганингда яхшироқ бўларди!

Эр ўзини оқламоқчи бўлган эди, аммо энди унинг юраги ғазабга тўлиб боради. У ўз севгини намоён этмоқчи бўлганди, хотини эса қўпол ва дағал сўзлар билан «сийлаш»дан бошқасини билмайди.

  • Биласанми, нима? Мен сенга туғилган кунга аталган откритка сотиб олганимдан хурсандман! – шундай дея эр эшикни қаттиқ ёпиб, хонадан чиқиб кетди.

Откритка тақдим этилганидан бери нари борса икки дақиқа ўтди, холос. Бир-бирини чин дилдан севадиган бу икки инсон уйга ажойиб, романтик оқшом умидида келишган эди. Бунинг ўрнига жанжал чиқиб, иккаласи уйнинг икки бурчагига бекиниб олиб, қоронғуликка тикилганча: «Бу нарса қандай содир бўлди?» - деб ич-этларини еб ўтиришибди. Улар гангиб қолган ҳолатда: «Ахир бу ақлсизлик-ку!» - дейишмоқда.

Юқоридаги воқеа ҳаётда бўлиб ўтган ва мен билан Саранинг олдимизга маслаҳатга келган жуфтликлардан бунга ўхшаш воқеаларни кўп бора эшитганман. Эр хотинига нисбатан эътиборсиз ва етарлича севги кўрсатмаётгандек туюлганда, хотин ўзида эрига нисбатан ҳурмат ҳисси йўқлигини исботлаган ҳолда, унга танқид ва заҳарханда гаплар билан ташланиб қолганда бошланади бу каби жанжаллар. Ахир хотин негаям эрини ҳурмат қилсин? Бу бефорасат ҳурмат қилишга арзимайди!

Сенга фақат жинсий алоқа керак

Мана яна бир мисол. Эр бир ҳафталик хизмат сафаридан қайтиб келади. Самолёт қўнган маҳалда у хотини билан ёлғиз кечадиган романтик оқшомни кўз олдига келтирганча, уйга шошади. У уйга кириши билан хотинидан эшитганлари қуйидаги сўзлар бўлди:

  • Нега бунча эрта қайтдинг? Майли, бориб болаларни мактабдан олиб келарсан. Айтганча, бугун оқшомда ўқитувчилар билан учрашувимиз борлигини ҳам унутма. Ҳа-я, сен билан Билли ҳақида гаплашиб олмоқчи эдим. Бугун унинг ўқитувчиси қўнғироқ қилди: ўғлимиз дарс вақтида шўхлик қилиб, болаларни дарсдан чалғитаётганини айтди. Ҳа, яна, мактабга боришингда менинг кимёвий тозалашга берган кийимларимни ҳам оларсан. Ҳа, эсимдан чиқай дебди, бугун кечки овқатимиз кечикади, чунки синглим келаяпти, бир финжондан қаҳва ичиб суҳбатлашмоқчимиз.

Болалар, кимёвий тозалаш ва хотинининг синглисидан кейин турадиган қаҳрамонимиз учун орзу қилган романтик оқшоми ана шундай бошланмасдан якун топди. Орқа эшикка қараб борар экан, у елкаси оша хотинига гап қотади:

  • Бир ҳафталик айрилиқдан сўнг сен билан кўришганимдан хурсандман!

        Эрининг гап оҳангидаги истеҳзо аёлни шошириб қўйди, аммо шу вақт телефон жиринглаб қолгани учун, эрининг орқасидан бориб нимани назарда тутганини аниқлаштиришга вақти бўлмади. Кейинроқ, ўқитувчилар билан учрашув пайтида аёл ҳали ҳам эрининг жаҳли босилмаганини сезади, аммо уйга қайтишда эрига ҳеч нарса демайди. Аёл ҳам бир ҳафталик югур-югурлардан чарчаган, бундан ташқари кайфияти ҳам яхши эмас, негаки, эри, мен йўқлигимда қийналиб қолмадингми, деб сўрагани ҳам йўқ. Аёл, эримнинг ўзини ақлсизларча тутиб ғазабланишга қандай ҳаққи бор, дея ўзидан сўрарди.

Кечқурун тўшакка ётганларида эр хотини билан табиий ва одатдаги усулда “ярашиб олиш”ни истайди. У ўрталарида жинсий яқинликка таклиф белгиси бўлган усул билан хотинининг елкасини силайди, аммо аёл кескин жавоб қилади:

  • Бугун эмас. Жуда чарчаганман.

Эр норози бўлганча бир сўз демасдан нариги ёнбошга ағанаб ётаверади. Унинг норозилигидан хафа бўлган хотини шундай дейди:

  • Сен жудаям ҳиссизсан!

Қулоқларига ишонмаган эр жавоб қайтаради:

  • Шу гапларни сен айтаяпсанми: Мен бир ҳафта уйда бўлмадим. Уйга қайтиб келсам, салом йўқ, алик йўқ, менга болалар ва синглинг ҳақида гапираяпсан. Сенга яқинлашмоқчи бўлсам, чарчаганман, дейсан. Шунча нарсадан кейин яна мени ҳиссизсан, деяпсанми? Нима, мен сенга тушлик учун бор-йўғи талонманми?

Бу вақтга келиб, аёл ҳақиқатан ҳам эрининг гапларини ўзига оғир олиб, шундай дейди:

  • Бирор марта ҳам менсиз бир ҳафта қийналиб қолмадингми, деб сўрамадинг. Сени жинсий алоқадан бошқа ҳеч нарса қизиқтирмайди!
  • Мен бир ҳафта уйда бўлмадим! Илк турмуш қурган пайтларимиз, мен хизмат сафарига кетсам, қайтишимни интизор бўлиб кутардинг. Мени эшик олдида табассум ва бўса билан кутиб олардинг. Энди эса мендан нима учун эртароқ қайтганимни сўраяпсан. Раҳмат. Менга ажойиб кун тақдим этдинг.

Калта фикрлаш – доимий низолар ва кескинлик

Бундай воқеалар – одатий ҳол. Ҳар бир оилавий жуфтликнинг бу борада ўз тарихи мавжуд. Улар қайта ва қайта содир бўлиб туради. Мен буни Танглик доираси деб атайман. Танглик доирасига шунчалик кўп одам тушадики, жамоатда никоҳ ўқитган ҳар ўнта жуфтликдан бештаси ажрашиб кетяпти, бу ақлсизлик, ўйламай қилинаётган иш менимча борган сари ортиб бормоқда. Баъзида бу ҳолни хонага кирган одам чироқни ёқиш учун включателни босгани, лекин у ишламаётгани билан қиёслагим келади. Агар шу одам икки-уч марта уринганидаям чироқ ёнмаса, унинг кейинги ҳаракатлари ҳаммамизга аён. У ёки лампочка куйган, ёхуд сим узилган бўлиши мумкин, деган хулосага келади. Аммо агар у нақ ярим соат, балки ундан ҳам кўпроқ вақт давомида тинмай включателни босаверса, сиз: «Бу йигит жинними?» - деб ҳайрон бўла бошлайсиз.

Аслида эса ҳаммаси жуда оддий. Биз бир хил нарсани яна ва яна салбий таассурот билан қайтараверганимизда ақлсизлик, ўйламай иш қилиш бошланади. Никоҳ эса ана шундай ақлсизлик учун жуда қулай замин бўлиши мумкин. Афсуски, бугунги кунда никоҳ мавзусида нашр этилаётганчалик китоблар ҳали ҳеч қачон чоп этилмаган. Оиладаги мулоқот, оила маблағларини бошқариш, жинсий алоқа мавзуларида китоблар бор. Ҳатто ўттиз кун ичида қандай қилиб яхши хотин ёки яхши эр бўлиш мумкинлиги ҳақида ҳам китоблар мавжуд! Аммо шунча манба бўлишига қарамай, танглик, ўйламай иш қилиш, ақлсизлик давом этмоқда. Бу одамлар масиҳийми ёки масиҳий эмасми, бунинг фарқи йўқ. Нима учун? Мен шундай хулосага келдимки, Исо Масиҳни ўз Раббимиз ва Қутқарувчимиз сифатида тан оладиган ва ҳақиқатни биладиган биз масиҳийлар ўз ҳаётимизда ана шу ҳақиқатнинг барини ишлатмас эканмиз. Худо Каломининг жуда муҳим қисмлари эътиборимиздан четда қолмоқда, балки улар шундоққина бурнимизнинг тагида турган бўлсаям, кўрмагандирмиз, сезмагандирмиз!

Жуда кўп масиҳийлар Эфесликларга мактуб, бешинчи боб ўттиз учинчи оятни ёддан билишади, ёки ҳеч бўлмаса, унинг мазмунидан хабардорлар. Ҳаворий Павлус эрларга хотинларини ўзларини севганларидек севишни, хотинларга эса ўз эрларини ҳурмат қилишни буюради. Аммо бирор инсон ушбу даъватга чин дилдан қулоқ солаяптими? Балки, бошланишига эр ва хотин ўртасидаги мулоқот, муомала самаралироқ бўлиши учун Худонинг Каломига қулоқ осиш керакдир?

Нега эр-хотинлар топишмоқлар билан гаплашишади?

Эр-хотинлар ўртасидаги муносабат, мулоқот мавзуси минглаб бўлмаса ҳам, юзлаб китобларда муҳокама қилинган, таҳлил этилган, таърифланган.

Нима учун эр ва хотин ўртасидаги муносабат, мулоқот бу даражада жиддий масала ҳисобланади? Ҳамма гап шундаки, биз бир-биримизда, жинсимиздан келиб чиқиб, шифрланган хабарлар жўнатамиз, лекин буни ўзимиз билмаймиз ҳам. Сиз мен айтган гапни эмас, балки мени айтди деб ҳисоблаган гапингизни эшитасиз. Аммо у аслида мен назарда тутган нарса бўлмайди.

Келинг, эр ва хотин эрталаб уйдан чиқишга ҳозирланаётгандаги вазиятни кўриб чиқамиз.

Хотин: «Кийишга ҳеч нарсам йўқ». (У янги кийими йўқлигини назарда тутади.)

Эр: «Кийишга ҳеч нарсам йўқ». (У тоза кийими йўқлигини назарда тутади)

Бу ўринда низо, жанжал келиб чиқишига омил мавжуд эмас, аммо «кийишга ҳеч нарса йўқ»лиги ҳақидаги ушбу мисол, биз ҳамма нарсани ўз эҳтиёж ва таасввуримиздан келиб чиқиб кўришимизни англатади. Мана, масалан, яқинда мен компьютерда ишлаб ўтиргандим, Сара эса қўшни хонада радиони ёқди. Радио орқали ток-шоу берилаётганди, овози баландлиги учун менинг хаёлим бўлинди. Мен хотинимга:

  • Сен шуни эшитаяпсанми? – дедим баланд овозда. Жавоб бўлмади. Мен яна бақирдим:
  • Сен шуни эшитаяпсанми?

Яна жавоб йўқ. Ниҳоят, мен янада баландроқ бақирдим:

  • Сен радиони эшитаяпсанми?

У ҳам баланд овозда жавоб берди:

  • Мен эшитмоқчиман, лекин сен нуқул ҳалақит бераяпсан.

Бир неча дақиқали қисқа-қисқа эътирозларимиз сал бўлмаса жиддий низога олиб келаёзди. Афтидан, саволим Саранинг жаҳлини чиқарди, чунки у бошида бошқа нарса билан банд бўлгани учун радиога қулоқ солмаётган эди. Мен биринчи марта савол берганимда, Сара, эрим радио орқали қизиқ дастур бўлаётгани учун менинг эътиборимни тинглашга қаратмоқчи, дея тушунди. Аслида, мен, агар у радиони эшитмаётган бўлса, ўчириб қўйишини хоҳлагандим. Хотиним мени тушунмаганидан жаҳлим чиқди.

Ниҳоят, ўзим саволни аниқ ва тўғри қўймаганимни англаб қолдим, қолаверса, битта саволни бақирганча уч марта такрорлаш, суюкли аёлига мурожаат қилишнинг яхши ва тўғри йўли эмасди. Шу сабабдан мен кечирим сўрадим. Мен бу воқеани шунинг учун ҳам айтиб беряпманки, бунақа ҳолатлар, айниқса эр ва хотин бир кун (ҳатто бир неча дақиқа олдин) бўлиб ўтган воқеадан таъби хира бўлиб турган бўлса, жанжалга олиб келиши ҳеч гап эмас. Бошқа вазиятларда жуфтликлар давомли низони бошдан кечираётган бўлишлари мумкин ва устига яна битта тушунмовчилик қўшилса, портлаш юз бериши ҳеч гап эмас.

Оқибатда, энди гап радиони ўчириш ёки бошқа бир тушунмовчилик ҳақида бормайди. Хотин эрини ҳиссизликда айблайди, улар шундай шикоят қилишади, ҳатто бу нарсанинг намоён бўлишини кутишади ҳам. Орадан бирор дақиқа ўтмай, аёл эрини ўзини севмасликда айблай бошлайди. Ўз навбатида, эр ҳам хотинининг бундай оҳангда гаплашишидан, ўзини ҳиссиз деб ҳисоблашидан норози бўла бошлайди. Бунақа пайтда аксарият эркаклар ишлатадиган монологни у мисоли куйга солиб такрорлайди: «Сенинг кўнглингни топишнинг иложи йўқ». Эр ўзига нисбатан ҳурматсизликни, ёки жуда бўлмаганда, адолатсиз айбловларни ҳис қилади. Кичкина учқун ҳам қуруқ ўрмонда катта ёнғинни келтириб чиқаради, агар жуфтлик уни қандай ўчиришни билмаса, у жиддий офатга айланиб кетиши ҳеч гап эмас.

Арзимаган нарсани деб жаҳл қилиш ярамайди

Деярли барча вазиятларда низони келтириб чиқарган деб ҳисобланадиган масала аслида бундай бўлмайди. Бирор марта хотинингиз билан жанжаллашганингизда унинг нимадан келиб чиққанини аниқ биласизми? Хотинингиз қизишиб, тепа сочи тикка бўла бошлаганини, ёки тунд ва совуқ қиёфага кира бошлаганини кўрасиз, шунда хаёлингизга: «Унга нима бўлди? Тинчликми?» - деган саволлар келади. Одатда ҳар иккалангизда ҳам баҳона тайёр: «Агар эрим шунақа қизиққон бўлмаса эди!» ёки «Агар хотиним шунақа нозиктаъб бўлмаганида эди!». Табиийки, агар хафа қилинган томон сиз бўлсангиз, бу бошқа гап. Одатда, жуфтингиз яна сизнинг оғриб турган жойингизни босиб қўйгани учун айбдор бўлади.

Аммо, ҳамма гап шундаки, агар сиз ўзингизни суюкли эмас, ёки назарга илинмаётгандек ҳис этсангиз, аслида бу ҳол ростдан ҳам жуфтингиздан бу ҳақда хабар олганингизни англатмайди. Хотин эри унга тўйларининг ўн йиллигида туғилган кунга аталган откритка совға қилгани учун “мени севмас экан”, деб ўйлай бошласа, бу аслида ростдан ҳам эри унга севмаслигини ва у ўзини мутлақо қизиқтирмаслигини айтганини билдирмайди. Ўз навбатида, хотин ҳам жаҳли чиққанда ёки эрига ҳурматсизлик кўрсатганида, амалда ўз сўзлари ёки хатти-ҳаракатлари билан айнан шуни айтмоқчи бўлмайди.

Эр ажойиб шаҳвоний оқшом умидида хизмат сафаридан қайтганида, хотини бефарқлик кўрсатган ҳолатда, у эрига: «Мен сени ҳам, эҳтиёжларингни ҳам ҳурмат қилмайман» - демаган. Эр хафа бўлиши ёки жаҳли чиқиши мумкин, аммо у ўзининг хотинига бўлган севги совуб қолганини кўрсатмаган. Аксарият ҳолларда биз эътиборни ўз эҳтиёжларимизга қаратамиз ва бошқаларнинг эҳтиёжларини эътиборга олмаймиз. Хотинга севги керак ва у асло эрига ҳурматсизлик қилмоқчи эмас. Эрга ҳурмат керак ва у хотинига ёқтирмаслигини намоён этмоқчи эмас. Сиз ушбу «муаммо» - аслида муаммо эмаслигини англаб етганингизда, ўзингиз юбораётган хабарларнинг жумбоғини очишда тўғри йўлни танлай оласиз.

Биз ранглар каби турлимиз

Муаммо аслида муаммо бўлмаганда, хотиннинг руҳиятига бошқа, эркакнинг руҳиятига бошқа нарса киришини англаб етиш керак. Муқаддас Китобнинг биринчи бобларида Худо эркакни ва аёлни яратгани ҳақида сўз боради. Бу ҳеч ким учун янгилик эмас. Аммо, асосий гап, эркаклар ва аёлларнинг ҳар хиллигида. Масалан, Бутрус, аёллар «нозик идиш» бўлганлиги учун эрлар хотинлари билан эҳтиёткорона муносабатда бўлишлари кераклигини буюрганида, айнан мана шу фарқни назарда тутади. (1 Бут. 3:7).

Мен эркаклар ва аёллар ўртасидаги фарқни қуйидаги тимсол воситасида кўрсатиб бермоқчиман. Аёллар ҳаётга пушти ранг кўзойнак орқали қарашади, ушбу кўзойнак бутун борлиқни пушти рангга бўяйди.

Эркаклар эса оламга мовий рангли кўзойнак орқали боқишади ва у табиий равишда, борлиқни мовий рангда кўрсатади. Эркаклар ва аёллар ўзлари қараб турган бир хил вазиятни, ҳолатни турлича талқинда кўришлари мумкин. Мос равишда, пушти ва мовий фильтрлар нарсаларни маълум даражада турлича баҳолашлари, талқин этишларига мажбурлайди.

Эркаклар ва аёллар нафақат турлича кўришади, балки турлича эшитишади ҳам. Пушти ва мовий борасидаги фарқни давом эттириш учун Худо эркакларга мовий эшитиш аппарати, аёлларга эса пуштисини берди. Улар эшитаётган бир хил сўзларини турлича тушунишади (худди биз юқорида кўрган «Кийишга ҳеч нарсам йўқ!» - деган вазиятга ўхшаш). Эркаклар ва аёллар турли рангдаги кўзойнак ва эшитиш аппаратларига эгаликлари боис бир-бирларига хабарларни турли тилларда йўллашади.

Хотинингизнинг кайфияти кўз олдингизда тушиб бораверса ва сиз муаммо чиқиши мумкинлигини ҳис этсангиз, у сизга шифрланган хабар жўнатади. Табиийки, шу пайтда ёнингизда пушти рангли кўзойнак ва эшитиш аппарати тақиб олган минглаб аёллар бўлганида, улар дарров: «Вой, бу чиройли ва мафтункор хоним нима учун қовоғини солиб олганини биламан. У шу қадар нозик ва назокатли. Қулоқларимга ишонмайман. Эри у билан қандай оҳангда гаплашаётганини қаранг!» - дейишарди.

Аёллар учун бу шифр тушунарли, чунки улар хабарни пушти рангли кўзойнак ва эшитиши аппарати орқали қабул қилишади. Уларнинг: «Эркаклар намунча бефаҳм бўлишса-я. Уларнинг иккита мияси бўлса керак. Биттаси йўқолиб қолган, иккинчиси биринчисини излагани кетган!» - деб ўйлашлари бежизга эмас.

Энди вазиятни тескарисига ўгиринг. Хотин эрининг кайфияти бузилаётганини, унинг жаҳли чиқаётганини ва у гаплашмай қўйганини кўрганида, эрининг ўзини тутиши унга енгилтакликдек бўлиб туюлади. Аммо шу пайтда ёнингизда мовий рангли кўзойнак ва эшитиш аппарати тақид олган минглаб эркаклар бўлишганида, сизни кузатиб ва эшитиб, улар албатта: «Бу йигит нега жим бўлиб қолганини ва аёли билан гаплашгиси келмаётганини биламан. Ачинарли ҳолат! У эри билан қайндай оҳангда гаплашаётганини бир қара. Ишониш қийин! Бу ялмоғизга супурги бериш керак экан» - деган бўлишарди.

Эркаклар ва аёллар ўртасидаги мулоқот муносабати нима учун бундай муаммоли бўлишини тушуна бошлаяпсизми? Келинг, тўйнинг ўн йиллиги муносабати билан олинган, аслида туғилган кунга аталган бўлиб чиққан откритка воқеасига қайтамиз. Хотин, эри ўзига туғилган кунга аталган откритка олганини кўрганида, кайфияти бирдан бузилиб кетди. Эр, тўйлари бўлган кунни кўп бора унутган эди, мана бугун аёлнинг сабр косаси тўлди! Аниқки, эри уни етарлича яхши кўрмайди, йўқса откриткага нима ёзилганини ўқиб кўрган бўларди-да!

Шу боис у эрига шифрланган зардали хабар жўнатади. Эр бу хабарни тўғри ўқий оладими? Албатта, ундай эмас. Чунки унинг кўзида мовий рангли кўзойнак бор. Улар орқали эр фақат норозиликни, асаббузарликни ва ҳурматсизликни кўради. Олдинига у ўзини айбдор ҳис этади, кейин эса жаҳли чиқа бошлайди. Ахир у бу ишни атайлаб қилмадику... хотини уни кечирса бўлардику!

Аммо аёл ўзининг пушти рангли кўзойнаги орқали боқар экан, бу каби «атайлаб қилинмаган» хатоларни эътиборга олгиси келмайди. У эрининг феъл-атворини поймол қилган ҳолда низони ривожлантиришда давом этади. Эри ўзидан кўра кўпроқ машинасини ўйлайди!

Эрнинг ҳам сабр косаси тўлади! У хотинига туғилган кунга аталган откритка сотиб олганидан хурсанд бўлади, баттар бўлсин, унга бу ҳам кам. У бу ҳақда бошқа гаплашишни истамайди. Шу боис хонадан чиқиб кетади. Оқибатда, улар тўйлари бўлганининг ўн йиллигини откриткага ўхшаган майда нарса қандай қилиб икки кап-катта инсонни ақлсизлик, ўйламай иш қилишга мажбур этиши мумкинлиги ҳақидаги ўйлар билан ўтказишади. Аслида муаммо откриткада эмасди. Аслида муаммо шунда эдики, аёл ўзини суюкли эмасдек ҳис эта бошлади ва бунга ўзи биладиган табиий усулда жавоб қайтарди – эрига дилидагиларни очиқ-ойдин айтиб ташлади. Ҳамма хотинлар ҳам шундай қилишмайди, аммо бу каби вазиятда уларнинг аксарияти шундай йўл тутиши аниқ. Пушти ранг кўзойнак ва шу рангдаги эшитиш аппарати тақиб олган хотин керакли ўринда эрининг ўзини ҳимоя қилишини эмас, балки кечирим сўрашини кўришни истаган эди. Агар шундай бўлганда улар кечки овқат тановулига йўл олишлари мумкин бўларди. Аммо эрнинг мовий рангли кўзойнаги ва шу рангдаги эшитиш аппарати бунга йўл қўймади. Эрнинг ҳақиқий муаммоси, гарчи у буни англаб етмаган бўлса ҳам, у хотинининг ўзига муносабатида ҳурматсизликни ҳис этганида эди. Бўлди, етарли, энди хотинига кўрсатиб қўяди. Натижада, ниятлари холис бўлган икки инсон Танглик доирасига тушиб қолишди ва уни қандай тўхтатишни ёки ундан бутунлай чиқиб олишни билмай, аро йўлда қолишди.

Мен «ниятлари холис бўлган» одамлар ҳақида гапирганда нимани назарда тутдим? Бу жумла билан мен бундай одамлар бир-бирларини жудаям яхши кўришади, демоқчиман. Улар бир-бирларининг дилларини оғритишни исташмайди, бир-бирларига нисбатан ёмон ниятлари йўқ. Уларнинг дили оғриган, жаҳллари чиқяпти, аммо ҳали ҳам кўнгиллирда бир-бирларига нисбатан ажиб туйғулар бор. Шунинг учун ҳам улар, тўйларининг ўн йиллигида, бунақанги аҳмоқона ҳолат қандай содир бўлганини тушунмаган ҳолда, бошқа-бошқа хоналарда ўтказишди. Аммо, бутун фожеа шундаки, уларнинг ҳар иккаласи ҳам бўлиб ўтган воқеада бир-бирини айблашади!

Илмий тадқиқотлар севги ва ҳурмат асосий ўрин тутишини исботлайди

Эр-хотинлар токи бир-бирларига йўллаётган пушти ва мовий рангли хабарларни ўқишни ўрганиб олишмас экан, Танглик доираси уларни ўз домига тортиб, чир-чир айлантираверади. Шифр ҳар доим пушти рангда бўлганида унинг ичида нималар содир бўлади? Шифр мовий рангда бўлганида унинг ичида қандай жараёнлар кечади? Аёлда севгига эҳтиёж ғоят кучли бўлади, эркакда эса ҳурматга эҳтиёж кучли бўлади. Ҳаммаси мана шундай оддий ва мураккаб.

Қизиғи шундаки, илмий тадқиқотлар севги ва ҳурмат бахтли никоҳнинг асоси эканини тасдиқлайди. Вашингтон университети руҳшунослик факультетининг профессори доктор Жон Готман тузган тадқиқотчилар жамоаси йигирма йил давомида йигирма йилдан қирқ йилгача бўлган муддат давомида бирга никоҳда яшаётган икки мингта оилавий жуфтликни кузатиб борган. Бу одамларнинг келиб чиқиши ҳар хил, улар турли касб эгалари ва турлича турмуш тарзига эгалар. Уларни фақат битта нарса бирлаштириб туради – гапириш оҳанглари. Готманнинг таъкидлашича, бу оилавий жуфтликлар гаплашганда, деярли ҳар доим «иккита асосий таркибий қисм: севги ва ҳурматнинг кучли қарама қарши оқимини кўриш мумкин. Улар никоҳни емирувчи энг кучли воситалардан бири бўлган нафратнинг мутлақо қарама-қаршиси ва унга қарши восита ҳисобланишади»1.

Готманнинг кашфиёти икки минг йилдан бери Муқаддас Китобда мавжуд бўлган нарсани тасдиқлади.

Кўпгина одамлар, Эфесликларга мактубнинг бешинчи бобини никоҳ ҳақида Муқаддас Китобда келтирилган энг аҳамиятли таълимот, деб ҳисоблайдилар. Павлус, ўттиз учинчи оятда, мазкур амрнинг ўзига хослигини эр-хотинларнинг жинсидан келиб чиқиб аниқлаштирган ҳолда, никоҳ ҳақидаги мазкур таълимотга хулоса ясайди. У, Худонинг юрагидан чиқиб келган амрини етказар экан, эрларга хотинларини шартсиз севиш кераклигини (агапе), хотинлар эса эрларини, улар ўзларига севги бераётган ёки бермаётганидан қатъий назар, ҳурмат қилишлари кераклигини айтади2.

Эътибор қилган бўлсангиз, бу ерда хотинларга эрларини агапе севги билан севиш амр этилмаган. Мен кўп йиллар давомида ушбу оятни ўрганар эканман, нима учун аёлларга эрларини агапе севги билан севиш амр этилмаган, деган саволга жавоб изладим. Бирдан бунинг сабабини тушуниб етдим. Худо аёлни севги учун яратган. Тарбия, таъсирчанлик, ҳиссиётга берилувчанлик, севги ва раҳмдиллик аёл табиатининг бир қисми ҳисобланади. Қисқача қилиб айтганда, Худо аёлни севиш учун яратган. Аёлни эрини фидокорона севишга даъват этмаслик керак, чунки унинг ўзи шу мақсадда, яъни севилиш учун яратилган. 

Келинг, энди Павлуснинг Титусга йўллаган Мактубнинг иккинчи боб, тўртинчи оятини кўриб чиқамиз. Бу ерда, ёши катта аёллар, келинларга ўз эрлари ва фарзандларини севишга ўргатишга даъват этилади, аммо Павлус агапе севгини назарда тутмайди, муаллиф инсоний, биродарлик севгини англатувчи юнонча phileo сўзини қўллайди. Ҳамма гап шундаки, ёш аёл эри ва фарзандига нисбатан агапе севги билан севиш учун яратилган. Охир-оқибат аёл уларни севишдан ҳеч қачон тўхтамайди. Лекин кундалик ҳаёт қийинчиликлари ва ташвишлари боис у жасоратидан шу қадар ажралиши мумкинки, phileo севги билан севиш қобилиятини йўқотиши мумкин. Уни сабрсизлик ва бадхоҳлик эгаллаб олиши мумкин. Аёл минғир-минғир қила бошлаши, тез-тез чуқур оҳ тортиши, норозилигини намоён этиши мумкин. Охир-оқибат унинг ёнида ҳар доим ўзгаришга эҳтиёжманд одам бўлади. Аёл севги билан тўлиб тошган. Унинг интилишлари агапе билан тўла, аммо услубларда phileo етишмаслиги мумкин.

Ҳар бир аёл бундай муаммога дуч келиши мумкин, мен гаплашган аёлларнинг кўпчилиги ўзларида эрлари ва фарзандларига нисбатан салбий муносабат пайтлари бўлиб туришини тан олишган. Баъзида бу ҳолатни ҳалокат олди синдроми деб ҳам аташади. Она шунақа кайфиятга тушиб қолганда, оиладаги барча яширинишга жой излаб қолади. Оналарнинг самимий севгисига ҳеч ким шубҳа билдирмайди, аммо баъзида атрофдагилар аёлга шу туришларида ёқишларига шубҳаланиб қолишади.

Бир жиҳатдан муаммо шундаки, аёлларнинг ўзлари ҳам уларни севишларига, айниқса эрлари севишига, унчалик ҳам ишонишмайди. Оқибатда яна ўша савол кун тартибига чиқади: «У ҳам мени мен уни севганимчалик севармикан?» Жавоб ижобий эмас. Эрнинг ўзини тутишидан хотини ўзининг суюкли эмаслигини ҳис эта бошласа, унинг жавоби ҳам шунга мос бўлади ва эр хотинининг ўзига ҳурматсизлигини ҳис эта бошлайди. Аммо ҳаммаси нимадан бошланган эди, ўзи?

Мени нафас олишга қўймаяпсан!

Муқаддас Китобдаги иккита парча борасида қанча кўп мулоҳаза юритганим сари, эркакка ўз аёлини агапе севги билан севиш бекорга буюрилмаганини, чунки у, ана шу севгига чиндан ҳам муҳтожлигини англаб боравердим. Аслида, ҳар биримиз ҳавога қанчалик муҳтож бўлсак, аёл ҳам севгига шунчалар муҳтож бўлади. Тасаввур қилинг, аёл севги тўлдирилган идишга шланг билан улаб қўйилган! Саҳнага эр кириб келиб, қайси томондан яқинлашиб борсам экан, деб атрофни айланаётганида, бехосдан шлангни босиб олади. Табиийки, аёл бундан хурсанд бўлмайди. Бунинг устига шу маҳал унинг қўлига ўқлов ёки бошқа иш қуроли тушиб қолса, «Шлангимни босма, мени нафас олишга қўймаяпсан!» - деб дарров ҳужумга ўтиши ҳам мумкин. Оддий қилиб айтганда, унинг энг олий эҳтиёжи қондирилмаганида, аёл салбий муносабат билдиради, десам ишонаверинг.

Маслаҳатга келган эрларга мен доим хотинларингизнинг кайфияти бузила бошлаганини кўрсангиз, билингки, шлангни босиб олиб, уларни нафас олишга қўймаётган бўласиз, дейман. Яъни аёллар нафас олиш учун зарур бўлган «кислород»дан мосуво бўлиб қолади. Шу боис хотинингиз: «Сен мени умуман яхши кўрмайсан. Сен мени қанчалик ёқтирмаслигингни тасаввур қилиш қийин эмас. Менга нисбатан шундай қилаётганинга ишонгим келмайди!» - деб бақира бошлайди.

Нафақат эрларга ўз хотинларини севиш буюрилган, балки хотинларга ҳам эрларини ҳурмат қилиш буюрилгандир. Билсангиз, эрлар учун ўзларини ҳурмат қилишлари нафас олишлари учун кислород қанчалик керак бўлса, шу даражада муҳим. У ҳам ўзига хос шланг билан катта қилиб «ҳурмат» деб ёзилган ёрлиқ ёпиштирилган идишга улаб қўйилган, ана шу идишдан ҳурмат келиб турар экан, у доимо ўзини яхши ҳис этади.

Келинг, эр-хотинларни буғу билан солиштирамиз. Мафтункор буғу хоним ўзининг чиройли туёқлари билан шлангни босиб олади. Табрик откриткаси билан боғлиқ воқеада кўрганимиздек, хотинда эрининг шланги устида сакраш ва рақсга тушиш учун етарлича асос бор эди. Лекин бу қандай натижа берди? У ўзининг ўткир туёқлари билан шлангнинг бир неча жойидан тешиб қўйгани учун эр шунга мос жавоб қайтаришга мажбур бўлди, чунки унинг энг улуғ эҳтиёжи (ҳурмат кўриш) қондирилмаган эди. Оқибатда, жанг бошланиб кетди.

Мен Эфесликларга мактубнинг бешинчи боб, ўттиз учинчи оятида келтирилган сўзларни амалга ошира бошлаганимда, соат циферблати шаклидаги диаграмма чиздим. Соат ўн иккига «Севгисиз» деб ёзиб қўйдим. Соат учга эса «Аёл жавоб қайтараяпти» дедим (агар унга етишмай қолганида нафаси қисадиган ҳаво зарур бўлганидек севги керак бўлса, у албатта жавоб муносабатини билдиради). Соат олтига «Ҳурматсиз» деб ёздим. Тўққизга эса «Эр жавоб қайтараяпти» дедим (агар эрга нафас олиш учун ҳаво қанчалик зарур бўлса, ҳурмат ҳам шу қадар керакли бўлса, лекин бунинг ўрнига танқид ёки тажовузларга учраса, албатта жавоб муносабатини билдиради).

Мана шулар Танглик доирасини келтириб чиқаради. Эрлар ва хотинлар ўзлари муаммо деб ўйлаётган нарса, аслида, муаммо эмаслигини билмаганликлари боис, Танглик доираси бўйлаб югуриб юраверишади. Асл муаммо эса севги ва ҳурматнинг йўқлигида бўлади. Бошқа ҳаммаси – шунчаки қўшимча деталлар.

Эркаклар танқидни нафрат деб қабул қилишади, аёллар эса жимликда таҳдидни эшитишади

Аёллар учун бир нарсани айтиб қўймоқчи эдим, эркаклар ўзларига нисбатан танқидий фикрларни эшитишганда, уни ўзларига нисбатан қаратилган нафрат сифатида талқин эта бошлашади. Эсингизда бўлса, эркаклар мовий рангли эшитиш аппарати тақишларини айтиб ўтган эдик. Хотини унга пушти рангли ва нишли хабарлар юбора бошлаганда, унинг шланги тешила бошлайди ва тез орада у гўёки хотинига қуйидаги сўзларни айтади: «Мен бунақа муносабатга муносиб эмасман. Сендан бошқа ҳамма мени ҳурмат қилади. Сен ўзинга жанжални сотиб олаяпсан. Жимгина ўтирганингда яхшироқ эди».

Эрнинг сабр косаси тўлганда, у, бир сўз демасдан хонадан чиқиб кетади, бу эса аёл учун гўёки ўлим зарбаси бўлади. У худди шу тарзда томоғини йиртгудек бўлиб: «Мен сени севмайман!» - деб бақириши ҳам мумкин эди. Бундай вазиятда хотин донг қотиб қолади. Биринчидан, у ўзини суюкли эмасдек ҳис этади. Иккинчидан эса, у севги билан эрига яқинлашишга уринган эди. Энди эса, эри ўзига қанчалик душманона муносабатда эканини, қанчалик қаҳри қаттиқлигини намоён этиб турибди. У хотинини ёлғиз қолдирганча, индамай чиқиб кетди-я! Ана бўлмаса! Аёл ажрашиш учун сабаблар ўйлай бошлайди. Аммо, агар у, яхшилаб ўйлаб кўрса, ҳаммаси ўзининг танқиди сабабли бошланганини тушуниб етади.

Аксарият ҳолларда эр-хотинларнинг ҳар иккаласида ҳам бир-бирларига нисбатан эзгу ниятлар бўлади, аммо улар бир-бирларининг кодларини ўқий олишмайди. Аёл яхши кўргани учун танқид қилади, аммо эр ҳурматсизликни эшитади, холос. Эр жанжал жиддий тус олиб кетмаслиги учун ўзини четга олиб қочади ва бу тўғри йўл, аммо аёл буни эрининг ўзини севмаслиги, севишни истамаслиги ва бунга қодир эмаслиги белгиси, деб тушунади!

Ҳозир ушбу сатрларни ўқиётган аёллар шундай дейишади: «Агар эрларимиз бу қадар масъулиятсиз бўлмаганларида эди... Агар эрим ўзини ҳақиқий эркакдек тутганида, бўлаётган воқеани муҳокама қила олганида, биз бирор бир тўхтамга келган бўлардик».

Сиз шундай ўйлашингиз мумкин ва мен нега бундай ўйлаётганингизни тушунаман. Афсуски, бундай ёндашув эркакларни ўзгартирмайди. Эркакларнинг бундай муносабатининг илдизи масъулиятсизлик ёки ғурурдан кўра чуқурроқ. Эркакларнинг ўз ғурур кодекси бор. Аёл ўзига нисбатан ниятлари самимий бўлган эрининг олдига келганида, эр хотини билан на жисмонан, на сўз ўйини билан жанг қилишига ҳожат бўлмайди. Хотини унга танқид ёмғирини ёғдирганида у жимгина ўтраверади, бу эса баттар аёлнинг жаҳлини чиқаради. Ҳужумлари самара бермагач, аёл эрини совуқ ва ҳиссиз одам, деб қабул қила бошлайди. Бу вақтда эса эрнинг миясида қуйидаги фикрлар чарх уради: «Ишониш қийин. Хотиним менга шунақа ҳурматсизлик, ҳатто нафрат билан муносабатда бўляпти. У мени ўзини севмасликда айблашдан бошқасини билмайди».

Танглик доираси айланишда давом этади. Аёл баландроқ овозда бақира бошлайди, эр эса борган сари ўз қобиғига ўралиб олаверади. Тез орада эса аёл эрига у умри давомида эшитмаган энг аччиқ сўзлар ёмғирини ёғдиришни бошлайди. Одатда, аёллар сўзлар ёрдамида жанг қилишни боплашади. Улар бу нарсани санъат даражасида ўзлаштиришган ва эрлар бундай сўзлар ёмғири остида ўзларини нотовон ҳис этиб қолишади.

Таъкидлаш жоизки, одатда бу ҳол бир-бирларига яхши муносабатда бўладиган жуфтликлар ўртасида мунтазам содир бўлиб туради, балки шунинг учундир улар ичларида йиғилиб қолган ҳамма нарсани тўкиб солиб, енгиллашиб олишни маъқул кўришар. Одатда Танглик доирасига тушиб қолган аксарият эрлар ва хотинларнинг бир-бирларига муносабатлари самимий бўлиб, фақат улар буни қандай ифодалашни билишмайди. Шу сабабли Танглик доираси охир-оқибат уларни ажрашишгача олиб боради. Қабулимга келиб, шу ерда ҳам жангини давом эттирган жуфтликларни кўрганман. Бунақа пайтда мен уларга шундай дейман:

  • Вақт тугади... вақт тугади! Ўтиринглар, айтингчи, хотинингиз сизга ва ўзгаларга яхшилик тилайдими? Унга фарзандларингизни ишонган бўлармидингиз?
  • Ҳа, албатта.
  • Унда бу нима қилганларинг? Қандай қилиб икки меҳрибон инсон бир-бири билан бунақа муносабатда бўлиши мумкин?

Эр ва хотин менга савол назари билан қарашади: «Буларни бизга нега гапираяпсиз? Буларнинг ҳаммасини шундоғам яхши биламиз, аммо биз уришамиз, жанг қиламиз, кўпинча эса нега бундай бўлаётганини билмаймиз ҳам».

Узоқ йиллар давомида мен кўплаб жуфтликларга тушунтиришга уриниб келаётганим каби, бу саволнинг асосий жавоби бир-бирига йўлланган хабар кодини ўқий олиш билан боғлиқ. Ҳар сафар хотинингиз шикоят қилганида, йиғлаганида, танқид қилганида, сизга қуйидагича шифрланган хабар жўнатади: «Мени севишингни хоҳлайман!» Ҳар сафар эр жаҳл билан гапирганда ёки умуман гаплашмай қўйганида, хотинига қуйидагича шифрланган хабар жўнатади: «Мени ҳурмат қилишингни хоҳлайман!»

Шундай қилиб, биз кодни очиш жараёни қандай кечишини англай бошладик, аммо йўлимизда ҳалигача қандайдир муаммолар бор. Эркаклар – ўзлари билан хотинлари ўртасини тўсиб турадиган деворларни қуришга жуда усталар. Хотинлар ҳам, ўз навбатида, эрларига ўзига хос тарзда қарши туришади, чунки улар ўзларини суюкли эмасдек ҳис этишади. Кўплаб аёллар ўзларини севишни истамайдиган эрларидан шу қадар тўйиб кетишганки, уларни ҳурмат қилишни ўйлашни ҳам исташмайди. Бундай аёллар эрларига ҳурматларини намоён этишга қарор қилишларидан олдин эрлари шунга муносибликларини исботлашлари керак, деб ҳисоблашади. Табиийки, агар хотин эри ўзини муносиб тутишга ҳаракат қилаётган пайтда ҳам ҳурматсизлик кўрсатаверса, бундан бирор бир яхшилик чиқмаслиги аниқ. Кейинги бобда бу жараён қандай кечишини ва эрлар ҳамда хотинлар бу муаммони қай тариқа ҳал этишларини кўриб чиқамиз.


Книга  на узбекском языке:  Любовь и уважение (Эмерсон Эггерих)

Женщина нуждается в удовлетворении одного лишь желания - быть любимой. Когда эта потребность удовлетворена, она счастлива. Мужчина имеет лишь одну нужду - уважение к себе. Когда его потребность удовлетворена, он счастлив.
Когда обе эти потребности восполнены, начинают происходить удивительные вещи. "Любовь и уважение" объясняет супругам, почему они реагируют негативно друг на друга, как справиться с подобной реакцией быстро, легко и в соответствии с библейскими истинами.
Основываясь на трех десятках лет консультационной деятельности и на научных и библейских исследованиях, доктор Эмерсон Эггерих с женой Сарой уже пронесли послание любви и уважения по всей Америке, изменяя общение, мышление и отношение друг к другу супружеских пар.
Чего вы хотите для своего брака? Хотите мира? Хотите чувствовать близость друг к другу? Хотите испытывать признательность? Хотите жить в браке по замыслу Божьему? Тогда почему бы вам не попробовать впустить в свою жизнь немного любви и уважения?



Shu bobni eshitish:


AUDIOKITOB ►
butun kitobni tinglang

Kitoblar

Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?
Qaysi kitoblarni tinglashni istaysiz?

docs.google.com/forms

Xush kelibsiz!

Яхши аудио Китоблар
Audiokitoblar Uzbek tilida


Kinolar va Multiklar
Kinolar Uzbek tilida


Audiokitob - Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd
Audiokitob Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd


Аудио Кутубхона
Audiokitob Uzbek tilida

Telegram bot: @audio_kito_bot
Kanal: @kitoblar_elektron_uz



Sharhlar

...ҳар куни — байрамнинг биринчи кунидан охирги кунигача Худонинг Таврот китобидан ўқиб берди...

...kunidan oxirgi kunigacha Xudoning Tavrot kitobidan o‘qib berdi...
Naximiyo 8:18



Yaxshi audio kitoblarni yuklab oling uzbek tilidagi

911. Xudoning irodasini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Haqiqiy sevgini izlash (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Rejalashtirilmagan homiladorlik (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. O'z joniga qasd qilish haqidagi fikrlar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Jinsiy zo‘rlanish (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Ota-onaning ajralishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Nizolar (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    911. Yaqin insonning vafot etishi (Djosh Makdauell, Ed Styuart)    Сенинг Чўққиларинг томон йўл (Ханна Харвард)    Фаришталар ҳам сукут сақлаган эдилар (Макс Лукадо)    Худонинг Буюклиги (Эйден Тозер)    Яраланган юрак (Дэн Аллендер)    Худонинг Муқаддаслиги (Роберт Спраул)    Фарзандингиз учун қай тариқа чўпон бўлиш мумкин? (Тед Трипп)    Энага яна ёрдамга шошади (Мишель Лароу)    Сандон устида (Макс Лукадо)  Гувохлик ва биография (Николай Бойко Ерофеевич)    Турмуш ўртоғингиз нотўғри ёъл тутганда, Сиз тоғри ёъл тудинг (Лесли Верник)    Матонат соҳиби (Джош Макдауелл)    Бахтли оила (Абдулла Рашидов)    Zamonamiz durdonasi (Nikolay Boyko)    Худди Исо Каби (Макс Лукадо)    Уни Нажоткор деб аташлари таажжубли эмас (Макс Лукадо)    Дарбадар ўгилнинг қайтиши (Генри Нувен)    Худо жуда яқин келди (Макс Лукадо)    Эски Аҳд аёллари ҳақида вазлар (Чарлз Спержен)    Iso bizning taqdirimiz (Vilgelm Bush)    Сиз осмонда қилолмайдиган иш (Марк Кехилл)    Дарбадар ўғил (Чарлз Спержен)    Ҳомиладорлигим кундалиги (Вера Самарина)    Иброҳимнинг оиласи: парчаланган шажарани шифолаш (Дон Мак-Керри)    Зулматдаги нур (Доктор Джеймс ва Ширли Добсон)    Митти Тиллақўнғиз ва Серқуёш ўтлоқзор аҳолиси (Майя Огородникова)    Подшоҳнинг сири  (Урусла Марк)    Яна қароқчилар қўлидами? (Урусла Марк)    Қароқчиларникидай  эмас (Марк Урусла)    Эътиқод уфқлари (Георгий Винс)    (Биродар Андрей ва Алекс Янсен) Сирли масиҳийлар    Масиҳийлик таълимоти асослари (Роберт Спраул)    Ҳаёт бўронларига бардош беринг (Пол Эстебрукс)    Абадийликка ишонаман (Николай Ерофеевич Бойко)    Ўсмир ибодатининг кучи (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Чегарасиз хает (Ник Вуйчич) kitob Uzbek tilida    Севимли инсоннинг ҳаёти (Генри Нувен) kitob Uzbek tilida    Довюраклар (Макс Лукадо) kitob Uzbek tilida    Бирга қилинган ибодатнинг қудрати (Сторми Омартиан) kitob Uzbek tilida    Хузур халоват амрлари (Джон Макартур) kitob Uzbek tilida    Саботли инсон (Джош Макдауелл) kitob Uzbek tilida    Shijoatkor (Nik Vuychich) kitob Uzbek tilida    Мақсад Сари Йўналтирилган Ҳаёт (Рик Уоррен) kitob Uzbek tilida    Чалғитиш номли душман (Джон Мэйсон) kitob Uzbek tilida    Мафтункор Гўзаллик (Джон ва Стейси Элдридж) kitob Uzbek tilida    Севги ва ҳурмат (Эмерсон Эггерих) kitob Uzbek tilida    Ayollar... (Nensi Demoss) kitob Uzbek tilida    Хакиат асоси (Джон Стотт) kitob Uzbek tilida    ИБОДАТГЎЙ АЁЛНИНГ КУЧИ (СТОРМИ ОМАРТИАН) kitob Uzbek tilida    ТЎҒРИ ҚАРОР (Джош ва Дотти Макдауэлл) kitob Uzbek tilida    Нега? (Филип Янси) kitob Uzbek tilida    Hayotdagi yetakchilik va ijodiy salohiyat (Rik Joyner) kitob Uzbek tilida    Ishayo 53 sharxlar (Mitch Gleyzer) kitob Uzbek tilida    Xudoga qay tarzda manzur bolish mumkin (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Mukaddas ruxning siri (Robert Charlz Spraul) kitob Uzbek tilida    Ota-ona ibodatining kuchi (Stormi Omartian) kitob Uzbek tilida    Muhabbat tilsimi (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    Xudoning qalbiga mos erkak (Jim Jorj) kitob Uzbek tilida    Enaga yordamga shoshadi (Mishel Larou) kitob Uzbek tilida    Bolaning nazaridagi qahramon (Djosh Makdauell) kitob Uzbek tilida    G‘alamisning xati (Klayv Steyplz Lyuis) kitob Uzbek tilida    Dolzarb Savollarga Javoblar (James Paker) kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    kitob Uzbek tilida    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Bolalar Audiokitob Uzbekcha    Bolalar kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audio kitob Uzbekcha    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Audiokitob Uzbek tilida    Hamdu Sanolar Uzbekcha    Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika



Kitobook – Kitoblar, AudioKitoblar: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак