Эмерсон Эггерих. Севги ва ҳурмат - (1-боб) Ўзбек тилида
Sevgi va hurmat (Emerson Eggerix) O‘zbek tilida Audiokitob
МУНДАРИЖА
Кириш
МУҚАДДИМА. Севгининг ўзи камлик қилади
БИРИНЧИ ҚИСМ. ТАНГЛИК ДОИРАСИ
1. Никоҳ муносабатларини такомиллаштиришнинг оддий сири
2. Мулоқот қилиш учун шифрни топиш зарур
3. Аёл нега ҳурмат қилмайди, эр нега севмайди?
4. Танглик доираси эркаклар кўпинча қўрқадиган нарсага таянади
5. Аёл остонадаги гиламча бўлишдан қўрқади, эр унинг кўнглини ололмай сарсон
6. Аёл иккиюзламачи бўлишни истамайди, эр ўзига ҳурмат йўқлигидан нолийди
7. Аёл эрини кечиролмайди, эр аёлини севиб бўлмайди, деб ҳисоблайди
ИККИНЧИ ҚИСМ. ҚУВВАТ ДОИРАСИ
8. Оилавий ҳаёт – аёлга севгини қандай намоён этиш керак
9. Бирлашув – аёл яқинликни хоҳлайди
10. Очиқлик – аёл унга нисбатан самимий бўлишингизни истайди
11. Тушуниш – уни тузатишга уринманг, шунчаки тингланг
12. Муроса – аёл сизнинг зийрак бўлишингизни хоҳлайди
13. Садоқат – аёл сиз учун ўзининг энг қадрли эканини ҳис қилишни истайди
14. Иззат – аёл уни ҳурмат қилишингизни ва ардоқлашингизни истайди
15. Эрга ҳурматни қандай намоён этиш мумкин
16. Бўйсуниш – эрингизнинг ишлаш ва муваффақиятга эришиш истагини қадрланг
17. Иерархия – эрингизнинг оилани ҳимоя қилиш ва таъминлаш истагини қадрланг
18. Нуфуз – эрингизнинг хизмат қилиш ва бошқариш истагини қадрланг
19. Зийраклик – эрингизнинг таҳлил қилиш ва маслаҳат бериш истагини қадрланг
20. Муносабатлар – эрингизнинг чин дўстликка интилишини қадрланг
21. Шаҳвоният – эрингизнинг жинсий алоқага интилишини қадрланг
22. Агар сиз ҳаракат қилсангиз, қувват доираси ҳам ҳаракатда бўлади
УЧИНЧИ ҚИСМ. ҒАЛАБА ДОИРАСИ
23. Севги ва ҳурмат учун асл асос
24. Ҳақиқат чиндан ҳам сизни эркин қилиши мумкин
ХОТИМА. Пушти ва мовий рангларни Илоҳий қирмизи рангга айлантириш мумкин
1-ҚИСМ. ТАНГЛИК ДОИРАСИ
Мен ушбу китобни умидсизлик ҳисси билан ёза бошлаган эдим, бироқ у илҳомга айланиб кетди. Жамоат чўпони сифатида мен кўплаб эр-хотинларга маслаҳатлар берганман, аммо уларнинг муаммоларига ечим тополмаганман. Аёллар асосан эрлари уларни севмаслигидан шикоят қилишарди. Аёллар севги учун яралган, улар севиш ва севилишни исташади. Аммо айрим эрлар хотинларига севгиларини намоён эта олишмайди. Мен Муқаддас Китобни тадқиқ этишда, эр-хотинларга маслаҳатлар беришда давом этдим ва ниҳоят, ушбу тенгламанинг бошқа томонини кўрдим. Гарчи эрлар бу ҳақда деярли гапиришмасада, хотинлари уларни ҳурмат қилмайди, деб ҳисоблашади. Эрлар ҳурмат қилиниш учун яратилганлар, улар ҳурматланишни исташади ва ўзларини ҳурматга муносиб деб билишади. Кўплаб аёллар эрларига ҳурмат кўрсатишни билишмайди. Оқибатда ҳар ўнта никоҳдан бештаси (жумладан, масиҳийлар ҳам) ажрашиш жараёнигача боради.
Ушбу муаммонинг моҳиятини тушунишга уриниб, ниҳоят мен бир нарсани англадим: эр севгисини кўрсатмаса, аёл ҳурмат қилмайди; аёл ҳурмат қилмаса, эр севгисини кўрсатмайди. Ушбу узлуксиз жараённи мен Танглик доираси деб атайман. Минглаб эр-хотинлар бу доирага тушиб қолишади. Дастлабки еттита бобда мен қандай қилиб Танглик доирасига тушиб қолишимиз ва ундан чиқиб кетиш йўллари ҳақида сўз юритаман.
1-БОБ. НИКОҲ МУНОСАБАТЛАРИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШНИНГ ОДДИЙ СИРИ
«Қандай қилиб мен эримни севганим каби у ҳам мени севишига эришсам бўлади?» Қавм сони мунтазам ошиб бораётган жамоатда мен чўпон бўлиб хизмат қилган салкам йигирма йил давомида маслаҳат учун қабулимга келган аёллардан бу саволни деярли ҳар сафар эшитардим. Бошидан ўтганларини йиғлаб гапириб бераётган аёлларни кўрганда юрагим эзиларди. Аёллар жуда нозик бўлишади. Кўпинча мен ҳам уларга қўшилиб йиғлардим. Шу билан бирга, менда уларнинг эрларига нисбатан ғазаб ҳислари уйғонарди. Наҳотки, улар аёлларини не кўйга солганларини кўришмаса? Аёлларга қандай ёрдам берсамки, уларнинг эрлари ўз севгиларини кўпроқ намоён этишса?
Бу ҳол мени жуда ҳам ташвишга соларди, чунки ўзим ана шундай бахтсиз оилада туғилгандим. Атиги бир ёшга тўлганимда ота-онам ажрашиб кетишган. Кейинроқ улар ярашиб олишди, аммо беш ёшга тўлганимда барибир яна ажрашиб кетишди. Учинчи синфда ўқиб юрганимда улар никоҳларини тиклашга уриниб кўришди, хуллас, бутун болалигим бақир-чақирлар, дод-войлар ва асаббузарликлар ичида ўтган. Мен дилимга озор берадиган нарсаларни кўрар ва эшитар эдим, баъзан кечалари уйқу элитмагунча йиғлаб чиқардим. Қаттиқ қайғуни ҳис қилганимни эслайман. Ўн бир ёшимгача тўшагимни ҳўллаб қўярдим. Ўн уч ёшимда мени ҳарбий билим юртига ўқишга жўнатишди ва уни битиргунимча ўша ерда қолдим.
Энди эса, ортга назар солар эканман, ота-онамнинг доимий жанжаллар остида ўтган ҳаётидаги муаммонинг асл илдизини англагандек бўламан. Онам севгига ташна бўлганидан йиғлаб чиққанини, отамга эса доим ҳурмат етишмаганини тушуниш учун кўп ақл керак эмас.
Онам акробатика, чечётка ва сузишдан сабоқ берарди ва яхшигина даромад топарди, шу боис у отамнинг ишлаб топадиган пулларига қараб қолмаганди. Отамда онам усиз ҳам кунини кўра олиши мумкинлиги ҳисси бор эди, онам кўп ҳолларда унинг бу ўйлари тўғрилигини исботлаб қўярди. Онам у билан маслаҳатлашмасдан молиявий қарорлар қабул қилар, оқибатда отам ўзини хашаки одамдек ҳис этиб қоларди. Отам ўзини онам учун умуман аҳамиятсиз одам деб ўйларди. Бундан дили оғригани оқибатида ҳар хил йўллар билан онамга меҳрсизлик кўрсатарди. У онам ўзини ҳурмат қилмаслигига ишонарди. Маълум бир нарсалардан отамнинг жаҳли чиқиши мумкин эди, тўғри, ҳозир у нарсаларни айнан эслолмайман. Бунақа пайтда онамнинг кайфияти бузилар ва у хонадан чиқиб кетарди. Уларнинг ўзаро муносабатларидаги ушбу ҳолат бутун болалигим ва ўсмирлик давримнинг одатий кўриниши бўлиб қолган эди.
Ўсмирлик пайтимда Худо мени севиши ҳақидаги Хушхабарни эшитдим. Худо менинг ҳаётимга бефарқ эмаслигини, абадий ҳаётга эга бўлиш учун гуноҳларимдан ўтишини сўраб, Унга тавба қилишим ва Исога юрагимдан жой беришим кераклигини билиб олдим. Мен худди шундай қилдим ва масиҳий бўлганимдан кейин менинг ҳаётим бутунлай ўзгариб кетди.
Ҳарбий билим юртини тугатганимдан кейин Уитонга ўқишга кирдим, чунки Худо мени ўзига хизмат қилишга чорлаётганини ҳис эта бошлагандим. Мен биринчи курсда ўқиб юрганимда отам, онам, опам ва унинг эри Исони Нажоткор сифатида тан олишди. Оиламизда ўзгаришлар даври бошланди, аммо эски чандиқлар бирданига йўқ бўлиб кетмади. Ҳозир отам ва онам Осмон Шоҳлигида, мен Худодан уларга нажот бергани учун миннатдорман. Юрагимда афсусланишдан асар ҳам йўқ, фақатгина озроқ оғриқ ва қайғу бор. Ота-онам бир-бирларидан ўзларини ҳимоя қилишганини болалигимда ҳис этардим, энди эса аниқ биламан. Ҳамма бало шунда эдики, уларнинг ҳар бири иккинчисини осонгина хафа қилиши мумкин эди, аммо заҳираларида жанжални бартараф этишга ёрдам берадиган озгина ўзгаришлар қилиш учун воситалар мавжуд эмасди.
Уитонда ўқиб юрганимда, кирган ҳар бир хонасига нур бағишлайдиган хушчақчақ ва чаққонгина қизни учратдим. Сара ўзгаларни ўйлай оладиган меҳрибон, киришимли, қувноқ қиз эди. Индиана штатининг Бун округида у «Ёқимтой» хоним деб эътироф этилган эди. У бокира ва покиза эди. У Худони севар ва фақат Унга хизмат қилишни истарди. Унинг кўнглида ота-онаси ажрашганидан кейин оғир юк қолган бўлсада, руҳияти тоза эди. У олға интилишга ҳаракат қиларди. У шунчаки кўзга яқин эмасди, шу боис ҳар куни эрта тонгда ҳақиқий дўстнинг ёнида уйғонишимни билардим.
Кийим туфайли юзага келган келишмовчилик
Коллежда ўқиб юрган пайтимиздаёқ мен Саранинг қўлини сўрадим ва у розилик берди. Аммо ҳали унаштирилган пайтимиздаёқ биз эр-хотинлар арзимаган нарсалардан жанжаллашиб қолишлари мумкинлигини англаб етдик. Иккаламиз биргаликда нишонлаётган илк Мавлуд байрами арафасида Сара менга жинси куртка тикиб берди. Қутини очиб, курткани олдим ва Сарага миннатдорчилик билдирдим.
- У сенга ёқмади-я, - деди Сара.
Мен унга ҳайрон бўлиб қарадим ва:
- Аммо у менга ёқди, - дедим.
У қатъий оҳангда жавоб қайтарди:
- Йўқ, ёқмади. Сен хурсанд бўлмаяпсан.
Ҳайронлигим ошиб, жиддий оҳангда:
- У менга жуда ёқди, - дедим яна.
У кескин жавоб қайтарди:
- Йўқ. Агар ёққанида сен хурсанд бўлардинг ва тинмай миннатдорчилик билдирардинг. Бизнинг оиламизда бунақа пайтда: «Вой, мен айнан шунақасини орзу қилгандим!» - дейишади. Сенда эса иштиёқ сезилмаяпти. Мавлуд байрами – хурсандчилик вақти, шунинг учун биз хурсандчилигимизни яширмай намоён этамиз.
Шундай қилиб биз Сара ва Эмерсон совғаларга турлича муносабат билдиришларини билиб олдик. Агар Сарага совға ростдан ҳам ёқиб қолса, у совға учун қайта-қайта раҳмат айтади. Мен уни миннатдорчилик сўзларига кўмиб ташламаганим боис, Сара мени шунчаки кўнгил учун раҳмат айтиб қўйди ва биринчи имконият бўлиши билан курткани йўқсиллар учун нарса йиғиб юрадиган Халоскорлик Армияси вакилларига бериб юборади, деган хулосага келди, менимча. У совғасига етарлича баҳо бермаганимга ва унга нисбатан ҳеч қандай миннатдорлик туйғусини ҳис этмаётганимга ишонарди. Мен эса ўзимни муносиб тутмаганимдан айбдорликни ҳис этардим. Мени рад этишгандек туюларди. Куртка билан боғлиқ ушбу воқеа мени буткул шошириб қўйганди.
Жинси куртка билан боғлиқ ушбу воқеада, гарчи ўшанда биз буни тушуниб етмаган бўлсакда, Сара ўзини суюкли эмасдек ҳис қилган бўлса, мен ўзимга нисбатан ҳурматнинг йўқлигини ҳис қилгандим. Сара мени севишини билрдим, аммо у, иккинчи томондан, мен ҳам уни ўзи мени севганчалик севишимга иккилана бошлаганди. Шу билан бирга, у совғаси борасида менда «хурсандчилик» сезилмаётганини айтганида, шу ҳолимда унга ёқмайман, деган фикр хаёлимдан ўтди. Биз буни сўз билан ифода этмадик, аммо сени севмасликлари ва ҳурмат қилмасликлари борасидаги туйғу аста-секин юрагимиздан жой ола бошлаганди.
1973 йилда биз оила қурдик, у пайтда мен Уитонда ўзаро муносабатлар соҳаси бўйича аспирантурада ўқиётгандим. У ердан биз Айовага хизматга жўнаб кетдик ва мен Дюбук семинарийсида илоҳиёт магистри даражасини олдим. Айовада бир чўпон билан бирга маслаҳат маркази ташкил қилдик. Бу вақтда мен эркак ва аёл руҳиятидаги фарқ масалалари билан жиддий шуғуллана бошладим. Эркаклар ва аёллар руҳшунослигидаги фарқ боис Сара билан ўзаро муносабатларимизда ҳам муаммолар бўлгани боис, мижозларимга ачиниш ҳисси билан қарардим.
Сиз моҳиятан ҳақ бўлишингиз мумкин, аммо овозингиз баландлиги борасида ноҳақсиз
Масалан, биз Сара билан одамлар орасида мутлақо турлича мулоқот қиламиз. Сара жуда ғамхўр, эътиборли, унга одамлар билан ҳар турли нарсалар ҳақида гаплашиш ёқади. Одамлар билан мулоқот унга куч беради. Мен таҳлилий фикрлашга мойилман, шу боис ўйлаш жараёнида у қадар ҳиссиётга берилмайман. Мен бир неча соатлаб ёлғиз шуғулланган пайтларимда ўзимни кучга тўлгандек ҳис қиламан. Мен ҳам одамлар билан мулоқотда самимий бўлишга ҳаракат қиламан, аммо Сарачалик эмас.
Бир куни оқшом пайти биз кичик гуруҳда Муқаддас Китобни ўрганиш машғулотидан қайтаётган эдик, шунда Сара бир неча ҳафта давомида ичида йиғилиб қолган ҳиссиётларини тўлқинланиб намоён эта бошлади.
- Бугунги машғулотда жудаям зерикарли кўриндинг, - деди у деярли жаҳлдор оҳангда. – Жимлигинг одамларни қўрқитади. Гапирганингда эса бирор бир ножўя гап айтиб қўйишинг мумкин. Янги оила қурган эр-хотинга айтган гапларинг нотўғри бўлди.
Мен ҳайрон қолдим ва ўзимни ҳимоя қилишга чоғландим.
- Нималар деяпсан? Мен одамларни тинглашга ва улар нима дейишаётганини тушунишга ҳаракат қилдим.
Бунга жавобан Сара овозини бироз баландлатди:
- Сен одамларга ичидагини тшўкиб солишга ва ўзларини қулай ҳис этишга имкон беришинг керак (унинг овози борган сари баландлашарди). Сен уларга ёрдам беришинг керак! (Энди Сара деярли бақириб гапирарди). Ҳар доим ўзингни панага олишинг тўғри эмас!
Нафақат унинг сўзларидан, балки гапириш оҳангидан ҳам ўзимни камситилган ҳис этганим учун бироз вақт индамай турдим. Сўнгра жавоб қайтардим:
- Сара, балки сен моҳиятан ҳақдирсан, аммо гап оҳангинг баландлиги борасида ноҳақсан.
Сара машинадаги ана шу суҳбатимиз унинг учун бурилиш нуқтаси бўлганини эслаб туради. Балки, унинг одамлар билан мулоқот қилишим борасидаги фикрлари тўғридир, аммо буни етказиш усули номаъқул эди. Ўша воқеа ҳар иккаламиз учун ҳам яхшигина сабоқ бўлди. Ҳозиргача биз бир-биримизга баъзи-баъзида: «Балки сен моҳиятан ҳақдирсан, аммо гап оҳангинг баландлиги борасида ноҳақсан», деб эслатиб турамиз. Менимча, ўша суҳбатимиздан кейин Сара мендан кўра кўпроқ яхши томонга ўзгарди. Мана, ўтган ҳафтада у мени бир инсон билан мулоқотда хушмуомала бўлишга ундади. Ўттиз йилдан бери дин хизматида эканимни унутманг!
Оилавий ҳаётимизнинг бошида рўй берган ушбу воқеа кейинчалик мен аниқлаштириб, баён этиб берган кўплаб маълумотларни юзага чиқарганди. Сара мени севишини ва унинг бундай бирдан ловуллаб кетиши аслида менга ёрдам бериш истаги билан боғлиқ эди. У ўзининг менга ғамхўрлик қилаётганини қадрлашимни, буларнинг барчасини менга бўлган севгиси боис қилаётганини тушунишимни истарди, аммо натижада мен ўзимни камситилган ва айбдор ҳис этиб қолдим ҳамда ҳимояланишга ўтдим. Кўп йиллар давомида биз ушбу муаммо билан қайта-қайта тўқнаш келиб турдик. Мен эътибор қаратишим керак бўлган нарсага диққатимни қаратмаганим учун ўзининг ташвишини изҳор этар экан, у овозини баландлатарди. «Сен фалон қўнғироққа жавоб бердингми? Сен анави хабарчани ёздингми?»
Мен имкон қадар ўзгаришга ҳаракат қилардим, аммо вақт ўтиши билан ҳаммаси яна такрорланарди, оқибатда у ўзининг менга ёрдам беришга уринишини қадрламаётгандек ҳис этарди.
Кейин мен унинг туғилган кунини унутиб қўйдим
Орадан яна бир неча йил ўтиб, унинг туғилган куни яқинлашиб қолганди. У ўзини қандай табриклашимни тасаввур қилар, ҳатто туғилган куни менинг эсимдамикан, деб ўйларди. У ҳамма туғилган кунларни эсида тутади, аммо мен учун бу саналар ҳеч қачон қандайдир ўзига хослик касб этмаган. Мени қаттиқ яхши кўргани боис у менинг туғилган кунимни ёдан чиқариши мумкин эмасди. Туғилган куни кириб келгунича, у ҳар доим мен бу кунни қандай нишонлашимни ўйлаб чиқарди. Хотиним: «У менинг юрагимдан жой олгани каби мен ҳам унинг юрагидан жой олганманми?» - деган хаёлга борарди.
Бу фикрларни майдакашлик, деб бўлмайди. У шунчаки мени ва умуман эркакларни тушунишни истаган холос. У, фаромушхотирлик кенг тарқалган муаммо эканини яхши биларди, шу боис унга нима бўлиши қизиқ эди. Тажриба тариқасида у туғилган куни муносабати билан унинг номига почта орқали кела бошлаган барча табрик откриткаларини яшириб қўйди. Тантана куни яқинлашаётгани ҳақида дарак берувчи белгилар йўқ эди, мен эса ўзимни қизиқтирган мавзулар ва фикрлар билан банд бўлиб, ўз оламимда яшар эдим. Унинг туғилган кунига мен ўртоғим билан учрашув белгилаб қўйгандим. Ўша оқшом Сара билан кечки овқатни тановул қилиб ўтирганимизда, у мендан юмшоқ оҳангда: «Демак, бугун Рой билан туғилган кунимни нишонладингларми?» - деб сўради.
Бундай вақтда одамнинг танасида нималар рўй беришини сизга тасвирлаб беролмайман. Менга танамдаги бутун қон юрагимдан товонимга оқиб тушиб, сўнгра бор кучи билан юзимга ургандек туюлди. Ўзимни нима деб оқлашим мумкин эди?
Мен бир нималар деб минғирлаган бўлдим, аммо Саранинг туғилган кунини қандай қилиб эсдан чиқарганимни тушунтириб беролмасдим. Менинг фаромушхотирлигим севгининг йўқлигини исботлаб турарди ва бу унга оғир ботганди. Шу билан бирга, ичимда қандайдир ғалати ҳислар қимирларди. Тўғри, унинг туғилган кунини эсдан чиқариб хатога йўл қўйдим, аммо буни атайлаб инкор қилмадим-ку. Мен яна унинг норозилигини сездим ва ўзимни камситилгандек ҳис қилдим – бу табиий эди. Ўша вақтда мен ўз ҳисларимни «ҳурмат қилмаслик» деган сўз билан таърифлаб беролмасдим. Феминистлар ғалабаларини нишонлаб юрган йиллар давомида эркаклар ўзларига нисбатан аёллар томонидан ҳурмат кўрсатилмаётгани ҳақида умуман гапиришмади. Бу такаббурлик бўлиб туюлар, жамоат доираларида эса сизни тавозесизликда айблашлари мумкин эди.
Йиллар ўтиб борарди, мен ваъзгўйлик қилардим, қавмбошилик (чўпонлик) хизматини ўтардим, эр-хотинларга маслаҳатлар берардим. Биз Сара билан бир-биримиз ҳақимизда кўпроқ нарса билганимиз сари, эр-хотинлик муносабатларимиз ҳам мкаммаллашиб бораверди, кўп ҳолларда ажойиб дамларни бирга ўтказардик. Аммо ана шундай дамлар билан бирга бемаъни вазиятлар ҳам бўлиб турарди (балки уларни даҳанаки жанг, деб аташ тўғри бўлар?). Тўғри, бу нарса узоқ давом этмасди, биз тез орада бирга ибодат қилиб, бир-биримиздан ва Худодан кечирим сўрардик. Аммо буларнинг бари нимани англатарди? Никоҳимиз қаёққа қараб кетаётганди? Ахир мен чўпон бўлсам, менга «яхши одам» бўлганим учун маош тўлашади. Деярли оддий ва арзимаган вазиятларда юзага келадиган ана шундай кичик камчиликларимни нима билан оқлаш мумкин?
Бир киши айтганидек, муаммо ҳаётнинг ҳар куни давом этишида. Биз Сара билан деярли ҳар куни қутулолмай юрган эски одатларимиз билан бир-биримизнинг жиғимизга тегардик. Менинг ана шундай одатларимдан бири ҳўл сочиқни каравот устида қолдириш эди. Ҳеч бўлмаганда ойига бир марта шу сабабли Саранинг жаҳли чиқарди. Ҳар уч ойда ёки тахминан шу атрофда мен уйдаги маълум бир мажбуриятларимни ёки унинг қайсидир илтимосларини унутган ҳолда, эски одатимга кўра ўз юмушларим билан банд бўлиб қолардим. У менга танбеҳ берганида кескинлик ортиб, мен ўзимни оқлаб, уни айблашга тушиб кетардим.
Сара вақти-вақти билан йўталади ёки томоғини тозалаб туради, турмушимизнинг илк даврларида биргаликда ибодат қилаётганимизда унинг йўтали асабимга тегарди. Қанчалик майда нарса-я! Биз Худога само ҳақида ибодат қилардик, лекин хотиним олдини ололмайдиган нарсадан ғашим келарди. Бошқа пайтларда эса у кайфиятим бўлмаганда Худони мадҳ этишимни хоҳларди. Тўғрисини айтсам, Худони мадҳ этишни ҳар доим ҳам истайвермайман, нима, шунинг учун менинг руҳиятим сустлашиб кетадими? Унинг кайфияти йўқ пайтида мен хотинимга Худони мадҳ этишни маслаҳат бермайманку! Демак, балки, мен бошқаларни камроқ айблаганим туфайли руҳиятим ўзгаларникига нисбатан кучлироқдир?
Муносабатлардаги кескинлик ўзингизни тушунишингизни бузиб юбориш хусусиятига эга бўлади. Ана шу келишмовчиликлар юки остида мен етарлича имонли бўлолмасам керак, деб ўйлардим. Оилавий низолар сабаб Сара ўзидан яхши хотин ва она чиқмайди, деган хаёлга борарди. Бошқа оилавий жуфтликлар билан бўлгани каби, ана шу низоларни келтириб чиқарган майда-чуйдалар оилавий жуфтлик сифатида елкамиздан оғир юк бўлиб босиб турарди. Дарҳақиқат, ҳаёт «ҳар кундан» иборат.
Сара, гарчи хизматимиз боисидан мен билан сафарга чиқсада, саёҳат қилишни, ўқиб ўрганишни ва ўргатишни унчалик ёқтирмайди, чунки бу унинг истеъдоди эмас. Мен уйдаги буюмларни таъмирлашни билмайман, чунки бу борада менда уқув йўқ. Шу боис ниманидир тузатишимга тўғри келса, айниқса у тузалмай безор қилса (шунинг учун ҳам бу иш билан шуғуллангим келмайдида!), одатда мен минғирлашга тушаман.
Мен ўзим ва хотиним ҳақимдаги ушбу «сирлар»ни сиз билан баҳам кўришимдан мақсад, никоҳ борасидаги мактубни мукаммалллик шоҳсупасидан туриб етказмаётганимизни билишингизни истайман. Биз кўп нарсани бошдан кечирдик, кўп жанг қилдик, ҳозир ҳам жанг қилиб турамиз, аммо энди курашимиз аста-секинлик билан бўлсада, ғалаба қозонишимиз мумкинлигига ишонч билан кечмоқда. Ўтган йиллар давомида биз учун (шунингдек, бошқа кўплаб жуфтликлар учун ҳам) бурилиш нуқтаси бўлган «сир»ни очдик.
Эфесликларга мактубда яширинган сир
Йигирма йилдан ортиқ вақт мобайнида мен дин тарғиботи йўлида хизмат қилиш учун ҳафтасига ўттиз соатдан Муқаддас Китобни ўрганиш бахтига муяссар бўлдим. Бундан ташқари мен никоҳ муносабатлари масаласида докторлик дипломига ва мулоқот соҳасида магистр даражасига эгаман. Менинг расмий билимларим даражаси жуда кенг, аммо 1998 йилнинг одатдаги кунларидан бирида Муқаддас Китобдаги ушбу Мактуб менинг юрагим ва қалбимга ёриб кирди, ҳайронликдан ўзимни йўқотиб қўйгандим. Мен «Худога шукр!» - деб хитоб қилдим. Мен ниҳоят Муқаддас Китобдан олган ички тушунча ва кейинчалик унинг илмий тадқиқотларда тасдиқланиши Сара билан нима учун доим жанжаллашишимизнинг сабабини тушунтириб берди. Мен ниҳоят нима учун Сара менинг ҳаракатларим ва сўзларимдан, бир вақтлар отамнинг хатти-ҳаракатлари ва сўзларидан онамнинг қалбига озор етганидек, юраги озор чекишини тушуниб етдим. Ўз навбатида, Сара ҳам шундай ишлар қилиши ёки гапларни гапириши мумкин эдики, улардан, худди бир вақтлар онамнинг сўзлари ва қилган ишларидан отам ўзини йўқотиб қўйганидек, мен ҳам нима дейишни билмай қолардим.
Хўш, бунинг сири нимада эди? Аслида бунда бирор сир ҳам йўқ. Муқаддас Китобдан олинган ушбу парча мана икки минг йилдирки ҳаммага маълум ва ҳаммамиз унга мурожаат этишимиз мумкин. Эфесликларга мактубнинг бешинчи боб ўттиз учинчи оятида шундай сўзларни ўқиймиз: “Хулласи калом, ҳар бир эр ўз хотинини ўзини севгандай севсин. Хотин ҳам эрини ҳурмат қилсин” (Муқаддас Китобнинг русча таржимасида «хотин эса эридан қўрқсин» - дейилган)».
Тўғри, мен ушбу оятни кўп марта ўқиганман. Никоҳ маросимларида мен бу ҳақда ваъзлар ҳам ўқиганман, маърузалар қилганман. Аммо, нима учундир, мен унда севги ва ҳурмат билан боғлиқликни кўрмаган эканман. Павлус аниқ-тиниқ қилиб айтяпти: аёлларга севги керак, эркакларга эса ҳурмат. Кейинчалик мен ваъзларда, семинар ва конференцияларда бу борада сўз юритганимда, одамлардан кўпинча қуйидагича сўзларни эшитишга тўғри келарди: «Эмерсон, севги ва ҳурматнинг уйғунлиги ҳақидаги гапларингиз жуда маъқул, лекин улар шунчаки назария эмасмикан? Бизнинг муаммоларимиз аниқ ва ҳаётийдир – улар пул, жинсий муносабатлар, фарзандлар тарбияси билан боғлиқ...»
Мазкур китобда мен севги ва ҳурматнинг уйғунлиги никоҳдаги барча муаммолар ечимининг калити эканини кўрсатиб бераман. Бу Муқаддас Китобдан яна бир нечта оятлар қўшилган шунчаки чиройли назария эмас1. Севгига эҳтиёж ва ҳурматга эҳтиёжнинг уйғунлиги ҳамда ўзаро боғлиқлигидан сиз қурадиган оиланинг қандай бўлиши келиб чиқади.
Худо қандай қилиб севги ва ҳурматнинг уйғунлигини очиб қўйган
Ҳам бошқа бахтсиз оилаларга, ҳам ўзимнинг никоҳимга ёрдам бериш йўлларини излаб, иш бошлаган илк кезларимда мен севги ва ҳурмат ўртасида уйғунликни кўрмаганман. Эфесликларга мактуб, бешинчи бобда нима дейилгани ҳақида мулоҳаза юритиб ўтирганимда, ана шу уйғунлик ялт этиб кўзга ташланди. Мен тахминан қуйидагича фикрлай бошладим: «Ҳатто хотин эрини ҳурмат қилиш талабига бўйсунмаса ҳам, эр хотинини севиш талабини бажариши керак. Агар эр хотинини севиш талабини бажармаса ҳам, хотин эрини ҳурмат қилиши талабига бўйсуниши керак».
Бўпти, яхши. Шундан кейин мен мулоҳазада давом этдим: «Эр ўзини ҳурмат қилмайдиган хотинини севишга буюрилган, хотин эса ўзини севмайдиган эрини ҳурмат қилишга буюрилган. «Хотиним мени ҳурмат қила бошласа, мен ҳам уни севаман» - дейдиган эрни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди, «Эрим мени севсагина мен ҳам уни ҳурмат қиламан» - дейдиган хотиннинг сўзларини ҳам ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди».
Ўша пайтда мен ҳали ҳам севги ва ҳурматнинг уйғунлигини англаб етмаган эдим. Худо менга никоҳда севги ва ҳурмат ўртасида жуда кучли алоқа борлигини англатганидан кейин менинг назариям аниқроқ кўриниш ола бошлади. Мен севиш ва ҳурмат қилиш нима учун бунчалик қийинлигини тушуниб етдим. Эр хотини ўзини ҳурмат қилмаётганини сезса, ўз навбатида, у хотинини севиши ҳам мушкул иш бўлиб қолади. Хотин севгини ҳис этмаса, эрини ҳурмат қилиши жуда қийин бўлади.
Шу онда менинг фикрим тиниқлашди ва у аниқ бир маъно касб этди, ўшандан бери у жуда кўплаб одамлар учун ҳам аниқ маъно касб этиб келмоқда. Эр ўзига нисбатан ҳурматсизликни ҳис этганида, у табиий равишда шундай йўл тутадики, хотини ҳам ўзини суюкли эмаслигини ҳис қила бошлайди. Балки, севги эрга айнан шунинг учун буюрилгандир! Хотин ўзини суюкли ҳис этмай қўйса, у табиий равишда шундай йўл тутадики, эр хотини ўзини ҳурмат қилмаётганини ҳис эта бошлайди. Балки, хотин айнан шунинг учун эрини ҳурмат қилишга буюрилгандир!
Муқаддас Китобда севги ва ҳурматнинг уйғунлиги аниқ-тиниқ баён этилган, аммо мана шу алоқанинг бузилиши ва ҳаттоки узилишига яққол таҳдид ҳам йўқ эмас. Бу ҳолда, мен оғир вазият деб атайдиган ҳолат юзага келади: бармоқ тепкини босди ва ўқ отилди. Севги бўлмаса, аёл ҳурмат билан муносабатда бўлмайди. Ҳурмат бўлмаса, эр севгини намоён этмайди – бу занжир охир-адоқсиз давом этади. Оқибатда Танглик доираси юзага келади.
Мен ўз назариямни баҳам кўрган ҳамма жойда эр-хотинлар мени дарров тушунишарди. Улар агар ўзлари ушбу танглик вазиятини назоратга олишмаса, у ўзларини бетиним айлантириб юраверишини аниқ ҳис этишарди. У қачон ва нима билан тугашини эса ҳеч ким билмайди.
Агар китоб ҳақида қисқача гапирадиган бўлсам, унинг саҳифалари орқали мен жуфтликларга қуйидагиларда ёрдам бераман:
- ушбу ақлсизлик (Танглик доираси)ни ўз назоратларига олишларида;
- бир-бирларини Севги ва ҳурмат қувватси билан тўйинтиришларида (Қувват доираси);
- тақволи никоҳ меваларидан баҳраманд бўлишларида (Ғолибона доира).
Нима учун севги ва ҳурмат асосий эҳтиёж ҳисобланади
Танглик доирасига тушиб қолишдан осони йўқ. Сиз ушбу доирага тушиб қолганингизни тан олиш, ҳамда унинг чархпалак бўлиб айланишидан узоқроқ юришга ўрганиш осон эмас, аммо бунинг имкони бор. Аммо эр ва хотин бир-бирларининг севги ва ҳурматга бўлган асосий эҳтиёжларини қандай қондиришни билиб олишни истасаларгина буни уддаласа бўлади. Менга кўпинча қуйидаги саволни беришади: «Сиз нима учун ишонч билан аёлнинг асосий эҳтиёжи севги, эрники эса ҳурмат, деб айтаяпсиз?». Менинг жавобим икки қисмга бўлинади.
Биринчи навбатда, менинг маслаҳатчи ва эр сифатидаги тажрибам бу ҳақиқатни тасдиқлайди. Фақат хотин «Эрим ҳам мени мен уни севганчалик севармикан?» - деб сўраши мумкин. Аёл эрини севишини билади, аммо баъзи-баъзида эри ҳам ўзини худди шунчалик севишшига шубҳа билан қарай бошлайди. Шу боис у эрининг хатти-ҳаракатларида, ўзини тутишида севги аломатларини сезмаса, бу унга салбий муносабат билдира бошлайди. Хотиннинг фикрича, эри эътиборлироқ ва зийракроқ бўлиши керак. Афсуски, хотинлар эрларида улкан севги уйғотиш умидида уларни танқид қилишади. Бундай ёндашувнинг муваффақияти Тереза онага кастет сотишга уринишнинг муваффақияти билан бир хил аслида. Бошқа томондан эса, эр ҳеч қачон хотини ўзини у хотинини севганчалик севармикан, деб савол бермайди. Хўш, нега сўрамайди? Чунки у хотини ўзини севишига ишонади. Мен кўпинча эркакларга қуйидаги саволни бераман: «Хотинингиз сизни севадими?» Улар: «Ҳа, албатта» - деб жавоб беришади. Кейин мен яна савол бераман: «Шу туришингизда хотинингизга ёқасизми?» Кўпчилик «Йўқ» - деб жавоб беради.
Кўп ҳолларда хотинининг хуш кўрмаслигини эрлар беҳурматлик ва ҳатто нафратланиш, деб қабул қилишади. Эр, улар илк бора учрашган пайтларидан бери, хотини жуда ўзгариб кетган, деб ҳисоблайди. Ундаги завқ-шавқ бирданига қаергадир йўқолиб қолгандек. Ҳозир у эрига салбий нигоҳ билан қарайди ва буни ҳар қадамда намоён этиб туради. Шу боис эр хотинига ўз севгини намоён этишни тўхтатиш орқали уни ўзига ҳурмат билан муносабатда бўлишга ундамоқчи бўлади. Хотин ўз стратегиясида мағлубиятга учрагани каби, бу ҳолатда ҳам эр ғолиб кела олмайди.
Эфесликларга мактубдан олинган парча, бешинчи боб, ўттиз учинчи оят янаям ишонарли бўлиб, унда аёлнинг асосий эҳтиёжи севги, эрнинг асосий эҳтиёжи эса ҳурмат экани акс эттирилган. Эр хотинини худди ўзини севгандек севиши керак, хотин эса эрини ҳурмат қилиши керак. Бундан аниқроқ тушунтириш бўлмайди. Павлус ўзидан ҳеч нарса қўшмаяпти, балки у Худонинг бандаларига буйруғини етказаяпти. Бундан ташқари, ушбу оятда Павлус ишлатган юнонча agape сўзи бирор бир шартларсиз севишни англатади. Оятнинг қолган қисмларининг фразеологияси эр ўзига нисбатан шартсиз ҳурматни ҳис этиши кераклигини англатади. Масиҳий жуфтликлар ушбу оятни қуйидагича тушунмасликлари керак: «Эрлар, ўз хотинларингизни албатта севинг, аммо хотинлар ўз эрларингизни фақат улар ҳурматингизга муносиб бўлганларидагина уларни ҳурмат қилинг». Бошқача айтганда, Муқаддас Китобдаги ҳукмлар муҳокама этилмайди. Бу оятдан кўринадики, хотин учун севги қанчалик муҳим бўлса, эр учун ҳам ҳурмат шунчалар муҳимдир.
Муқаддас Китобнинг бошқа бир муаллифи хотинларнинг эрларига ҳурмат билан муносабатда бўлишлари масаласида Павлуснинг фикрига қўшилади. Ҳаворий Бутрус хотинларга қарата шундай ёзади: “Эгамиз ҳақи–ҳурмати, сиз, хотинлар, ўз эрларингизга бўйсунинглар. Эрларингиз Хушхабарни рад этишса ҳам, уларга итоат этинглар. Сизнинг ибратли хулқ–атворингиз ҳар қандай сўздан кўра, таъсирлироқ бўлади. Эрларингиз покиза ҳаётингизни ва Худодан қўрқиб яшаётганингизни кўриб, имонга келишади” (1 Бут. 3:1-2). Ҳеч шубҳа йўқки, Бутрус сўзсиз ҳурмат қилиш ҳақида гапирмоқда. У тилга олган эрлар - тана эҳтиросларига берилган масиҳийлар ёки Худонинг Каломига, яъни Исо Масиҳга ишонмайдиган одамлардир. Бундай эрлар Худога хуш келмайди ва улар хотинлари томонидан ҳурмат кўрсатилишига муносиб эмаслар. Аммо Бутрус хотинларни ҳурмат ҳиссини кўрсатишга ундамаяпти, балки ҳурмат қилишга буюраяпти. Бу ерда гап ҳурматга муносиб бўлган эрлар ҳақида кетмаяпти, балки бирор бир қўшимча шартларсиз эрларига ҳурмат билан муносабатда бўладиган хотинлар ҳақида бораяпти.
Сиз кўнглингиз тусамаган ишни қилганингизда, иродангизга қарши борган бўласиз. Шу боис ушбу оятни ишонч билан бажариш керак. Худо хотинларга эрларини ҳурмат қилишни, У шу орқали эрларни Ўзига чорлашга ёрдам берадиган услуб сифатида буюради. Эр ўз руҳиятини Худо учун очганида, у ўз руҳиятини хотини учун ҳам очади. Хотини шу туришида ўзидан нафратланадиган бирорта эр хотинига нисбатан яқинликни ҳис этмайди. Эрни бирор бир шартсиз ҳурмат қилиш орқали унинг қалбида хотинига нисбатан севги ҳисларини уйғотиш мумкин.
Ҳурмат – мазкур китобнинг ноёб ва шов-шувли маълумотлар манбасидир.
Никоҳга бағишланган кўплаб китобларда эрлар ўз хотинларини севишлари кераклиги таъкидланади, аммо ушбу китобнинг ўзига хослиги шундаки, у хотинлар ўз эрларига нисбатан бирор бир шартсиз ҳурмат кўрсатишлари кераклигини уқтиради. Менинг назариям оддий, шу билан бирга, шу қадар кучлики, 1999 йилда мен чўпонлик хизматидан воз кечиб, бутун вақтимни одамларга севги ва ҳурмат ҳақидаги ҳақиқатларни ўргатишга бағишлашга қарор қилдим. Ўтган давр мобайнида Сара иккаламиз фикрларимизни минглаб оилавий жуфтликларга етказдик. Ҳар сафар тўғри йўлда эканимизни тасдиқловчи далилларга эга бўлаяпмиз. Биз учрашган ҳар бир аёл эри уни қанчалик яхши кўришини билишни истайди. Шу билан бирга, у эрининг ҳам ана шундай севгини ҳис қилишини хоҳлайди. Биз уларга эрга нисбатан севгини намоён этишнинг энг маъқул йўли у ўзи учун муҳим деб ҳисоблайдиган воситалар орқали унга бўлган ҳурматингизни намоён этишдир, деб тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Бундай ҳурмат орқали у хотинининг севгини ҳис этади ва ўзида ҳам хотинига нисбатан ана шундай севги ҳислари уйғонади.
Мазкур китоб шартсиз севги ва шартсиз ҳурматнинг кучини кўрсатиб беради. Сиз турмуш ўртоғингиз билан ушбу самарали воситалардан фойдалана бошлашингиз билан, никоҳингизни айтилмаган гаплардан, зерикарлиликдан, яширин алам ва хафагарчиликлардан қутқара оласиз. Агар бахтли оила барпо этишнинг уддасидан чиққан бўлсангиз, уни бахтнинг янги қирралари билан бойитасиз. Мазкур китоб орқали сиз билан баҳам кўрмоқчи бўлганимиз мана шу оддий сирни билиб олмасимиздан олдин ҳам Сара билан ҳаётимиз яхши эди. Аммо энди никоҳимиз янада яхшироқ бўлди.
Аммо қанчалик яхши? Наҳотки, биз никоҳдаги қандайдир фароғатга эришиб, беғам яшаётган бўлсак? Албатта, бундай эмас. Бизда ҳали ҳам бир-биримизга жаҳл қилиш, бир-биримизга нисбатан меҳрсизлик ва ҳурматсизлик ҳолатлари бўлиб туради. Бошқа исталган оилавий жуфтликлар сингари биз ҳам баъзида Танглик доирасига тушиб турамиз. Аммо биз ҳаётимизнинг бутун оқимини яхши томонга ўзгартириб юборган қарорни қабул қилганмиз. Отам билан онам ҳам мана шу сирдан воқиф бўлишса қандай яхши бўлар эди! Энди Сара билан бехосдан Танглик доирасига тушиб қолиш ҳолатларини қандай камайтиришни биламиз, ҳамда кўпинча жанжалларимиз бошланмасидан тугайди.
Хўш, Сара иккаламиз қабул қилган ана шу муҳим қарор нима ўзи? Мен Сара ҳар доим менга нисбатан самимий ҳурматда бўлишига, ҳеч қачон атайлаб ҳурматсизлик қилмаслигига ишонишга қарор қилдим. Билсангиз эди, у баъзида қанчалик бадфеъл бўлиб кетишини, аммо аслида у бунақа ҳислардан холи. У мени боримча ҳурмат қилишини биламан. Сара, гарчи баъзида ўзимнинг сўзларим ва муносабатим билан унинг дилини оғритсамда, аслида атайлаб унга нисбатан ёқтирмаслик ҳиссини намоён этмаслигимга ишонишга қарор қилди. Сара ич-ичимдан уни қаттиқ севишимни ва унинг учун жонимни беришга ҳам тайёрлигимни билади. Аммо буларнинг бари реал ҳаётда қандай амалга оширилади? Мен буни сизга тухумлар ва сочиқлар мисолида тушунтириб беришга ҳаракат қиламан.
Сара тухумга мурч сепишни канда қилмайди
Сара мурч сепилган тухумни ёқтиради. Мен эса аксинча. У қовурилган тухум ёки глазунья (оқи ва сариғи аралаштирилмасдан қовурилган тухум)га қоп-қора бўлгунича мурч сепиш керак, деб ҳисоблайди. Турмуш қурганимиздан бери Сара менга юз марталаб тухум қовуриб берган, гарчи мен мурч сепилган тухумни ёқтирмаслигимни билсада, унга мурч сепишни канда қилмайди. Аммо мен Сара буни атайлаб, ёки менинг фикрим унинг учун аҳамиятсиз бўлганидан қилмайди, деган хулосага келдим. Мен унинг қалбида нима борлигини биламан. Бир сафар у (тухумга яна мурч сепганидан кейин) ўзига ўзи «Ахир, мурч сепилмаса улар мазали бўлмайдида!» деганини эшитганман.
Қовурилган тухумга ҳар сафар мурч сепилган бўлсада, Сара менга қарши ниманидир режалаштирган, ёки менинг жаҳлимни чиқаришга уринаяпти, деган хулосага келмадим. Саранинг мияси бошқа ташвишлар билан бандлигини биламан. У тухумга мурчни беихтиёр сепади. Мен унга юз марталаб «Илтимос, менга қовурган тухумга мурч сепма!» - деганман. Агар у мени ҳурмат қилса, сўзларимга қулоқ солиши керакмиди? Ҳар сафар тухумга яна мурч сепилган бўлишини билган ҳолда жаҳлдан портлаб кетишим керак эмасмиди? Уни бирор бир ғараз нияти борликда гумон қилсам, ноҳак бўлармидим? Агар мен қовурилган тухумдаги мурчга ўхшаган бошқа кўплаб ҳолатларни эсга оладиган бўлсам, мени тушуниш мумкин бўларди. Буларнинг барчаси аслида мен Сара учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигимни кўрсатиб берарди, тўғрими?
Лекин мен Саранинг хатти-ҳаракатларини юқорида баён этилганларидан кўра салбий бўёқдорлигини камайтириб талқин этишим ҳам мумкин, чунки мен Сара буларни атайлаб, мени ҳурмат қилмагани учун ва чин дилдан қилаяпти, деб ўйламайман. Мен шундай қарорга келдим, бошқа эркаклар ҳам шу қарорга келишлари мумкин. Бир эркак менга қуйидаги мактубни ёзган эди:
“Хотинимнинг мен ҳақимдаги ўйлари, фикрлари ижобийлигини, бошқача айтганда, тилидаги билан дилидаги бир эканини билганимдан кейин ўзимни енгил ҳис эта бошладим. Афсуски, мен илгарилари унинг қалбини яхши тушунмаган эканман. Мен тушунмайдиган жуда кўп нарсалар мавжуд. Масалан, маълум бўлишича, у туғруқдан кейин депрессия ҳолатини бошдан ўтказган экан. Шу каби бошқа кўплаб вазиятларни тушуна бошлаганимдан кейин юрагим анча юмшади. Гарчи мен ҳам уни чин дилдан севсамда ва унга нисбатан туйғуларим самимий бўлсада, балки у менинг севгимни ҳис қилмаётгандир, деб ўйлаб қолдим.”
Бу эркак сирни англаб етган эди. У хотини борасида тўғри қарорга келди ва сиз ҳам шундай қила оласиз.
Эмерсон нарсаларни жойига қўймайди
Мен ҳўл сочиқни аслида у туриши керак бўлмаган жойга қўяман. Мен нонни стол устида қолдиришим мумкин. Мен ошхона шкафлари эшигини очиқ қолдираман. Мен китобларни меҳмонхона полида қолдиришим мумкин. Тўғри, менинг бунга асосларим етарли – миям муҳим фикрлар билан банд. Саранинг тили билан айтганда, «у ҳар доим ўйлайди». Баъзида ўзим ҳам қилаётган ишларимдан ёки ниманидир қилмаганимдан ҳайрон қоламан. Ошхона шкафларининг эшикларига қараб, уларнинг деярли барчаси очиқлигини кўраман. Мен ўзимга ўзим: «Нима учун бу эшикларни ёпмадим? Нима ҳақда ўйлаган бўлсам?» - деб савол бераман. Ёки сочиқни ваннахонага олиб кириб қўйиш ўрнига ётоқхона полига ташлаб кетавераман. Дарвоқе, биз айнан сочиқларда нарсаларга енгилроқ қарашни ўргандик ва бу биздаги босимни анчагина енгиллаштирди. Сара юзимнинг олдида сочиқни силкита бошлаганда, мен кулимсираб: «Буни қарая! Ҳозиргина сочиқни ваннахонага олиб кириб қўйишни ўйлаб турувдим!» - дейман.
Илтимос, мени тўғри тушунинг. Мени жудаям пала-партиш одам деб бўлмайди.
Ҳамма гап шундаки, мен Сарага уйланганман, у эса озодалик, батартиблик намунаси, оқибатда мен ҳеч унинг талабларига етишолмаяпман. У максималист эмас, аммо мантиқий фикрлайди. Ваннахонада сочиқ илиш учун махсус илгаклар бўлган бир пайтда уни нега каравот устида ёки ётоқхона полида қолдириши керак? Ошхонадаги шкафлар эшикларининг ошиқ-мошиқлари яхши ишлаб турган ва улар осон ёпиладиган бўлса, нега уларни очиқ қолдириш керак? Китобларни жавонга қўйиш учун атиги бир неча сония вақт кетади, шундай экан нима учун уларни меҳмонхона полида қолдириб кетиш керак?
Аммо, шунча ишга қарамай, Сара мен бу ишларни атайлаб унинг жиғига тегиш учун, ёки уни писанд қилмаганим учун шунақа бажармаётганимни билади. У мен уй ичида юриб, кундалик юмушлар билан шуғулланаётганимда бошқа нарсаларни ўйлаб турган бўлишимни, шу боис кўп нарсаларни беихтиёр қилишимни билади. У менга минг марта: «Илтимос, нарсаларни жой-жойига қўйиб юр» - деган. Эҳтимол у: «Агар мени севганингда, айтганимни қилган бўлардинг» - деса яхшироқ бўлармиди? У жаҳл устида портлаб кетса, табиий кўринмасмиди? Агар у менинг истакларим яхшилигига шубҳа билдирганида ҳақ бўлиб чиқмасмиди? Балки у менинг юқорида санаб ўтганимга ўхшаш хатоларимни кузатиб, санаб, эслаб қолиб юрса, маъқулмиди? Ахир буларнинг барчаси охир-оқибат мен хотинимни севмаслигимни ва унга эътиборсизлигимни исботлашда қўл келарди.
Аммо Сара мени ижобий томондан қабул қила олади, чунки у мен ўзимни атайлаб, чин дилдан мана шундай эътиборсиз ва пала-партиш тутмаётганимга ишонишга қарор қилган. У мана шундай қарорга келди, демак бошқа аёллар ҳам шундай қарорга келишлари мумкин. Эри билан ўттиз йилдан ортиқ бирга яшаб қўйган бир аёл шундай дейди:
“Ўтмишга назар солсам, эримга ҳурматсизлик билан муносабатда бўлганимни кўраман. У табиатан жуда меҳрибон, кўнгилчан ва киришимли инсон. У доим нимадир қилишга ошиқади (бир оғиз айтишим билан мен учун нимадир қилишга доим тайёр туради). Унинг ниятларии ҳам эзгу, ўзи эса оқкўнгил. Табиийки, у ҳам барча инсонлар сингари камчиликлардан ҳоли эмас. Мен, балки унга жуда кўп ва юқори талаблар қўйиб юборгандирман, деб ўйлаб қолдим.”
Бошқа бир аёл шундай ёзади:
“Биргаликдаги ҳаётимизнинг илк давриданоқ у менинг фикримни эшитишни истамай, раҳбарлик қилишга интилди, ўша пайтда мен унинг кўнглида нима борлигини билмагандим. Аччиқ таъналарни унинг юзига шартта-шартта айтиб ташлардим.
Ҳозир эса мен унинг қалбини яхшироқ ҳис этаман ва сўзларим унга қанчалик оғир ботганини тушунгандек бўламан.”
Бу аёллар сирни англаб етишди. Улар ўз ёндашувларини ўзгартиришга қарор қилишди, демак сиз ҳам эрингизга нисбатан шундай қилишингиз мумкин.
Тўғри, Сарада ҳам, менда ҳам ўзимизга яраша камчиликлар бор. Танглик доираси доим бизни ўз доимга тортишга тайёр туради, аммо биз севги ва ҳурматни ёдимизда сақлаган ҳолда вазиятни назорат қилишимиз керак. Биз бу уйғунлик қандай ишлашини биламиз ва менда бу тамойил қандай ва нима учун иш беришини сиз билан баҳам кўришга етарли манба бор. Бу тамойилни тушуниш йўлидаги биринчи қадам эркаклар ва аёллар муомала қилишларини билиб олишдан бошланади.
Книга на узбекском языке: Любовь и уважение (Эмерсон Эггерих)
Женщина нуждается в удовлетворении одного лишь желания - быть любимой. Когда эта потребность удовлетворена, она счастлива. Мужчина имеет лишь одну нужду - уважение к себе. Когда его потребность удовлетворена, он счастлив.
Когда обе эти потребности восполнены, начинают происходить удивительные вещи. "Любовь и уважение" объясняет супругам, почему они реагируют негативно друг на друга, как справиться с подобной реакцией быстро, легко и в соответствии с библейскими истинами.
Основываясь на трех десятках лет консультационной деятельности и на научных и библейских исследованиях, доктор Эмерсон Эггерих с женой Сарой уже пронесли послание любви и уважения по всей Америке, изменяя общение, мышление и отношение друг к другу супружеских пар.
Чего вы хотите для своего брака? Хотите мира? Хотите чувствовать близость друг к другу? Хотите испытывать признательность? Хотите жить в браке по замыслу Божьему? Тогда почему бы вам не попробовать впустить в свою жизнь немного любви и уважения?