Сторми Омартиан. Ўсмир ибодатининг кучи - (2-боб) Китоб Ўзбек тилида
O‘smir ibodatining kuchi (Stormi Omartian) O‘zbek tilida Audiokitob
МУНДАРИЖА
Ибодатнинг кучи нимада? Нима учун мен ибодатга муҳтожман?
1-боб. Эй Худойим, Сени билишим учун менга ёрдам бер
2-боб. Эй Худойим, олдинги хатоларимдан халос бўлишимга ёрдам бер
3-боб. Эй Худойим, бошқаларни кечиришни менга ўргат
4-боб. Эй Худойим, солиҳларча иш тутишга мени ўргат
5-боб. Эй Худойим, аҳмоқона таъсирларга қарши туришим учун менга ёрдам бер.
6-боб. Эй Худойим, ўз фикрларимни бошқаришга мени ўргат
7-боб. Худойим, Сенинг Каломингни тушунишга мени ўргат
8-боб. Эй Худойим, тенгдошларим таъсиридан халос бўлишимга ёрдам бер
9-боб. Эй Худойим, одамлар билан яхши муносабатлар ўрнатишни менга ўргат
10-боб. Эй Худойим, ҳаётим давомида Сенга ҳамду сано айтишга мени ўргат
11-боб. Эй Худойим, ҳаётимда Сенинг мақсадингни тушунишимга ёрдам бер
12-боб. Эй Худойим, тўғри танлов қилишим учун мени доноликка ўргат
13-боб. Эй Худойим, салбий эмоциялардан қутулишимга ёрдам бер
14-боб. Эй Худойим, ҳаётимда васвасалар билан курашувимга ёрдам бер
15-боб. Эй Худойим, ҳаётимнинг қийин лаҳзаларида кучли бўлишимга ёрдам бер.
16-боб. Эй Худойим, ўзимни бехатар ҳис қилишим учун ёрдам бер
17-боб. Эй Худойим, ҳаётбахш сўзларни гапиришга мени ўргат
18-боб. Эй Худойим, имконсиз нарсага ишонишни менга ўргат
19-боб. Эй Худойим, ҳаётим учун Сенинг хоҳиш-иродангни билишимга ёрдам бер
20-боб. Эй Худойим, Сен мен учун тайёрлаган меросни қўлга киритишимга ёрдам бер
2-боб. Эй Худойим, олдинги хатоларимдан халос бўлишимга ёрдам бер
Суҳбатимизни давом этишдан олдин, келинг, айрим масалаларга аниқлик киритиб олайлик. Гап шундаки, ҳамма хато қилади. Ҳеч ким комил эмас, ҳаммамиз нотўғри иш қилиб қўямиз.
Албатта, ҳаммамизга хос нарса бу! Тўғрими?!
Нима учун бу ҳақда сўз очганимни биласизми? Агар сиз бошқалар хато қилади, лекин мен эмас, деб ўйласангиз, янглишган бўласиз.
Мазкур китоб берилган мезонлар бўйича яшашга ўргатмайди, аксинча, Худонинг мезонини кўришингизга ёрдам беради. Бу китоб сизни комилликка даъват қилмайди, балки ўз ҳаётингизни Худога ишониб топширишингизга ва У сизни мукаммал қилиши учун Унга имкон беришингизга чақиради. Бу китоб илоҳий ҳукмдан бўйин товлашга, сўнгра хато қилиб, ўз номукаммаллигингизни ҳис қилишга ўргатмайди. Китоб саҳифаларидан сиз Худонинг севгисини, Унинг иноятини билиб оласиз. Мен сизни ўзгача бир шахс қилиб шакллантирмоқчи эмасман, йўқ, аслида Худо ичингизга солиб қўйган иқтидор ва асл шахсиятингизни очиб бермоқчиман, холос. Аммо бунинг учун сиз ўзингиз билан ва Худо билан ниҳоятда самимий бўлишингиз шарт.
Сизнинг ёшингизда ҳаётингиз энди бошланмоқда, сиз ҳаётингиз муваффақиятли бўлишини истайсиз. Сиз ҳаётда муваффақият қозонишни ўрганмоқчисиз. Бироқ ҳамма хато қилгани каби, сиз ҳам кўп хатоларга йўл қўйган бўлсангиз керак, келажакда ҳам хатолар қиласиз. Сиз нотўғри иш қилиб қўйганингизни ўзингиз биласиз. Ёлғон гапирганингизни, қонунни четлаб ўтганингизни биласиз, вақти-вақти билан беихтиёр равишда хато қилиб қўясиз. Сизнинг хатоларингиздан Худо мамнун эмас, аммо сиз буни хаёлингизга ҳам келтирмайсиз, чунки Унинг йўлларини билмайсиз (бу ҳақда 4-бобда батафсил сўз юритилади). Биз ўз хатоларимизни англаймизми, йўқми, бундан қатъий назар, ўша хатоларимиз гуноҳ ҳисобланади. «Гуноҳ» — “нишонга тегмаслик, хато уриш” деган маъноларни англатадиган термин. Агар ҳаётимизнинг мақсади нотўғри бўлса, биз Худонинг белгилаган мақсадини четлаб ўтган бўламиз. Оқибатда, У биз учун атаб қўйган баракалар ва фаровон ҳаётдан маҳрум бўламиз.
Гуноҳ инсонни вайрон қилади. Биз Худосиз ҳам яшайверамиз, деб ўйласак ҳам, барибир гуноҳ ҳаётимизга ўзининг ҳалокатли таъсирини ўтказади. Аммо битта яхши хабар бор: Худо бизни шунчалик кучли севдики, гуноҳимиз оқибатида бошимизга тушган оғир вазиятдан чиқишга бизга йўл кўрсатди. Бизни оғир вазиятдан олиб чиқадиган йўлнинг номи — гуноҳни тан олиш.
Сиз ҳар сафар Худонинг ҳузурига келганингизда гуноҳингизни тан олишингиз мумкин. Ўз гуноҳини тан олган инсон номаъқул хатти-ҳаракатидан афсус чекиб, уни Худога самимият билан айтиб беради. Худога айтадиган нарсангиз У учун янгилик эмас. Худо бу ҳақда аллақачон хабар топган. У шунчаки буни сизнинг оғзингиздан эшитмоқчи ва сиз ўзгаришга тайёр эканингизни билмоқчи.
Тавба — бу юракнинг ўзгаришидир. Сиз гуноҳни тан олиш ва ундан тавба қилиш учун ҳаётингизга диққат билан назар солишингиз зарур. Қуйидаги сўзларни Худога айтиш учун жасорат керак: «Эй Худойим, юрагимнинг, онгимнинг ва ҳаётимнинг Сенга номаъқул бўлган томонларини менга кўрсат. Қаерда Сенинг мақсадингни четлаб ўтаётганимни менга аён қил. Ўзгаришимга ёрдам бер». Бундай ибодат маълум даражада мардликни талаб қилади. Баъзан Худога юрагимиз қаърини очишига ижозат беришимиз осон эмас, бу қўрқинчли. Аммо биз бундай ҳолларда Худодан жасорат сўрашимиз мумкин. Агар сиз Худодан барака олмоқчи бўлсангиз, У сизга атаб қўйган нарсаларга эришмоқчи бўлсангиз У билан максимал даражада очиқ бўлишингиз лозим. Сиз Худодан, ҳаётимдаги ҳамма гуноҳларимни кўрсат, менга тоза юрак ато қилгин, деб сўрашингизга тўғри келади.
Сиз ўзингизни ўзингиз айблаб яшашингизни Худо истамайди. Сиз гуноҳларингизни Унинг олдида эътироф этиб, улардан халос бўлишингизни У хоҳлайди. Ўтмишдаги хатолар учун айбдорлик ҳисси Худога ҳаётингизда ишлаши учун ҳалақит беради, оқибатда сиз доимо ўзингиздан норози бўлиб юраверасиз. Бу салбий туйғуга ҳаётингиздан ўрин берманг. Уни юрагингизга асло киритманг, у бунга арзимайди. Агар сиз айбдорлик ҳиссидан холи бўлишни истасангиз, қуйидагиларни қилинг:
1. Ўтмишда қилган гуноҳларингизни ва ёмон ўй–хаёлларингизни Худо олдида эътироф этинг. Худо ибодатингизга жавобан кўрсатган гуноҳларингизни ҳам Унинг олдида тан олинг.
2. Айтиб ўтган ҳамма гуноҳларингиз учун тавба қилинг.
МЕН ҚУЙИДАГИ ҲОЛАТЛАРДА ИБОДАТ ҚИЛИШГА ҚИЙНАЛАМАН:
- Ибодатларимга дарров жавоб олмаганимда;
- Нима ҳақда ибодат қилишни билмаганимда;
- Ярамас ишлар қилганимда;
- Бирон фожиали воқеа юз берганда;
- Худо ҳаётимда ниманидир очганда (16-19 ёш).
ХУДО ҚУЙИДАГИ ИБОДАТИМГА ЖАВОБ БЕРДИ: мен бир йигит билан яширинча учрашардим. Шунда Худодан, тўғри танлов қилишимга ёрдам бер, деб ибодат қилдим. Ўша йигит менинг олдимга келиб, ўртамизда ҳамма нарса тугади, деб айтди. Мен асло хафа бўлмадим. Буни Худо қилганини мен тушундим. Биз бошқа учрашмаяпмиз (13 ёш).
Ҳақиқий тавба-тазарру
“Мен қотил бўлмасам, банк ўмармаган бўлсам, нимадан тавба қилишим керак”, деб ўйламанг. “Бир неча йилдан бери Худони танисам, ҳар якшанба куни жамоатга бориб турсам, нимага тавба-тазарру қилишим керак”, деб хаёлингизга келтирманг. Гуноҳ ҳар доим ҳам юзада кўринавермайди, ҳар доим ҳам кўзга ташланавермайди.
Масалан, сиз Муқаддас Китобда ёзилган Худонинг бирор ваъдасига шубҳа қилганмисиз? Шубҳа эса гуноҳдир.
Сиз бирон марта одамни ғийбат қилганмисиз? Ғийбат қилиш эса гуноҳдир.
Биронтасидан, мендан нарса сўрамасин, деб ўзингизни олиб қочганмисиз? Худбинлик эса гуноҳдир.
Сиз гуноҳдан қанча қочиб юрманг, бунга муваффақ бўла олмайсиз. Шунинг учун гуноҳдан тавба қилиш муҳим аҳамиятга эга. Тавба қилинмаган гуноҳлар, хатолар, қусурлар бизни Худодан айириб туради, ибодатларимиз жавобсиз қолади. Муқаддас Китобда шундай деб ёзилган:
«Ахир, ўз айбларингиз сизни Худойингиздан айирди,
Гуноҳларингиз туфайли У сиздан юз ўгирди,
Ибодатларингизга қулоқ солмайди» (Ишаё 59:2).
Қўрқинчли истиқбол, шундай эмасми?! Бир тасаввур қилиб кўринг–а: сиз ибодат қилганингизда, Худо қулоқларини беркитиб: «Ла – ла, ла –ла» деб айтса.
Агар гуноҳларимизни тан олмасак, биз охир-оқибатда, Адан боғида яширинган Одам Ато билан Момо Ҳаводай Худодан яширина бошлаймиз. Биз Ундан қочиб юрамиз. Бироқ Худодан яширинишнинг имкони йўқ. Муқаддас Китобда ёзилишича, Худо ҳамма ишларимизни, ҳар бир сўзимизни, ҳатто махфий фикрларимизни билади. «Ахир, ҳар қандай яширин нарса маълум бўлади, ҳар қандай сир очилади. Шу боис қоронғида айтганларингиз ёруғликда эшитилади, ёпиқ эшиклар ортида шивирлаб айтганларингизни уйларнинг томи устида бақириб эълон қилишади» (Луқо 12:2–3).
Муқаддас Китобда яна шундай дейилади: «Бутун борлиқ Худонинг кўзи олдида яп–яланғоч ва очиқдир. Ҳеч ким ва ҳеч нарса Ундан пинҳон эмас. Биз Унга ҳисоб берамиз!» (Ибронийларга 4:13). Ниҳоятда қўрқинчли.
Биз қилган ҳар бир ишимиз ва фикримиз учун Худога ҳисобот берар эканмиз, гуноҳларимизни Худо олдида кечиктирмай эътироф этишимиз биз учун қанчалик яхши эканини тушунган бўлардик. Биз онгли равишда қилган гуноҳларимиздан тавба қилсак, Худо бизга билмай қилиб қўйган гуноҳларимизни ҳам Ўзи кўрсатади. Ахир, ичимизда яшириниб ётган гуноҳларнинг ҳаммасини Худо кўриб туради.
Гуноҳнинг оқибати доим ёмон бўлади. Шоҳ Довуд эътироф этилмаган гуноҳнинг оқибати ҳақида шундай ёзган эди:
«Ўқларинг ичларимни тешиб ўтди,
Қўлларинг устимга босиб тушди.
Бутун танам хастадир ғазабингдан,
Соғлигим йўқолган гуноҳларим дастидан» (Забур 37:3–4).
Нотўғри иш қилиб қўйганингиздан кейин шунга ўхшаш туйғуни ҳеч бошингиздан кечирганмисиз? Мен бошимдан кечирганман. Шундай вақтлар бўлардики, гўё юрагимни ва бошимни оғир юк босиб тургандай бўларди, ўша юк бор қувватимни тортиб оларди. Ҳа, гуноҳ инсоннинг нафсониятини поймол қилади, ўз назаридаги қадр–қимматини йўққа чиқаради.
Эсимда, бир куни бир одамдан қаттиқ ғазабланган эдим, чунки у мен ҳақимда ёмон гапларни айтиб, мени қаттиқ ранжитган эди. Ўша одамдан қаттиқ хафа бўлиб сиқилганим учун касал бўлиб, ётиб қолдим. Аммо мен буни гуноҳ деб тан олгим келмас эди, назаримда хафа бўлишим ўринли ва адолатли эди, ахир, ўша одам ноҳақ эди. Аммо кейин билсам гуноҳ — гуноҳ экан. Мен Худо олдида ўзимнинг ноҳақлигимни тан олдим. Кечирмаслик гуноҳини тан олишим биланоқ, касаллик чекинди. Мен соғайиб кетдим.
Гуноҳдан қўрқинчлироқ нарса йўқ. Гуноҳ қалбимизни емирмагунча биз унинг ҳалокатли таъсирини сезмаймиз. Гуноҳ бизни Худодан ажратиш учун, катта девор кўтаради, аммо биз ўша деворга урилиб, бошимизни ёрмагунимизча, унинг даҳшатли оқибатларини англамаймиз. Шу сабабдан ўзингизга маълум бўлган ҳар бир гуноҳингиз учун Худо олдида тавба қилинг, шунда юрагингиз тозаланади.
Гуноҳлардан тавба қилиш — шунчаки кечирим сўраш дегани эмас. Ҳар қандай одам кечирим сўраши мумкин. Шундай одамлар борки, қачон қарамаса, доим кечирим сўраб юрадилар, чунки уларнинг бунда тажрибаси кўп. Улар доимо “Кечирасиз” деб айтадилар, аммо ҳеч қачон одатларини ўзгартирмайдилар. Шунинг учун уларнинг кечирими ҳеч нарсага арзимайди. Ҳақиқий тавба Худо олдида ҳамма салбий хатти-ҳаракатларни тан олишни ва улардан тамомила воз кечишни англатади.
ХУДОГА МЕНИНГ ИБОДАТИМ: Эй Худойим, мен яхши ибодат қила олмайман, аммо васвасаларга қарши тура олишим учун менга куч бергин. Мен ёрдамингга муҳтожман (18 ёшда).
МЕН ИБОДАТГА ИШОНАМАН, ЧУНКИ:
- Худо ибодатларимга жавоб берган;
- Ибодатларим вазиятни ўзгартирганини кўрдим;
- Ҳаётимда мўъжизалар юз берди;
- Бу мўъжизалар оғир даврлардан ўтишимга ёрдам берди;
- Иложи йўқ нарсанинг иложини топиб берди (16–19 ёш).
МЕН ХУДОНИ ШУНДАЙ ТАСАВВУР ҚИЛАМАН:
- Худо Қудратли, У ҳар қандай вазиятни бошқаради;
- Адолатли Ҳакам, У ибодатларимга жавоб бериш–бермасликни Ўзи ҳал қилади;
- Ишончга лойиқ Тингловчи, Унга қалбимдаги ҳамма нарсани айтишим мумкин;
- Мени чинакамига биладиган Зот;
- Мени шубҳасиз яхши кўрадиган Отадир У (16–19 ёш).
“Тавба қилиш” нима дегани?
Номаъқул хатти-ҳаракатни тан олиш бу — тавба қилишнинг биринчи қадами бўлса, бу қилмишлардан афсус чекиб, уни такрорламаслик учун қарор қабул қилиш — тавбанинг иккинчи қадамидир. Мана шу чинакам тавбадир.
Биз ўз хатоимизни, яъни гуноҳни эътироф этганимизда, уни тан оламиз. Тавба қилганимизда эса қилмишларимиздан чуқур афсус ва надомат чекамиз, ўша гуноҳлардан воз кечамиз ва уларни иккинчи такрормасликка сўз берамиз. Энг муҳими, ўша гуноҳни иккинчи қилмайман, деб қарор қилишимиздир. Агар гуноҳларингиз учун яқинда тавба қилган бўлсангиз–у аммо яна ўша гуноҳга қўл урган бўлсангиз, умидсизликка тушманг, яна тавба қилинг. Душманингиз сизга айбдорлик ҳиссини ортишига ва сизни иродасиз, деб айблашига имкон берманг. Гуноҳларингизни тан олинг, қанча керак бўлса шунча тавба қилаверинг, душманнинг ёлғонларини улоқтириб ташланг, вазият устидан ғалабангизни эълон қилинг. Худо гуноҳларимни кечирмади, деб ўйламанг. Сиз гуноҳларингизни Унинг олдида очиқчасига тан олиб, тавба қилганингизда, У ҳар сафар сизни кечиради.
Ҳар куни Худодан, юрагимдаги нопокликни ва фосиқликни ўзимга кўрсат, деб сўранг. Сизни Худодан ҳеч қандай гуноҳ ажратмасин.
Ўтмишнинг ортиқча юки
Тасаввур қилинг: сиз соврин учун белгиланган масофага югуряпсиз. Аммо барча ҳаракатларингизга қарамай, оёқларингизга боғланган оғир юк дастидан марра чизиғига ҳеч етиб бора олмаяпсиз. Юкни ортингиздан тортиб келишга қанчалик ҳаракат қилманг, тез югура олмаяпсиз, оқибатда сиз ҳаммасидан воз кечиб, мусобақадан четга чиқишга ҳам рози бўласиз. Аслида сиз кераксиз юкни судраб кетяпсиз, бу юк билан маррага етиб бора олмайсиз. Уни улоқтириб ташлашингиз керак, аммо бу фикр хаёлингизга ҳам келмайди. Бу юк сизнинг ўтмишдаги хатоларингиз ҳақидаги хотираларни рамзийлаштиради.
Кўпчилик ўсмирлар ўтмишдаги хатоларини ёки муваффақиятсизликларини ўзларига жуда оғир оладилар, шунчалик оғир оладиларки, ҳамма нарсадан воз кечишга тайёр бўладилар. Агар қачонлардир сиз шунга ўхшаш нарсани бошдан кечирган бўлсангиз, билингки, Худо сизни ўтмишнинг чиркин хотираларидан халос қилмоқчи, токи сиз ўша чиркин хотираларни ҳаёт йўлингизда судраб юрманг (агар бошқа одамлар сизга ёмонлик қилганлари ҳақидаги хотиралар юрагингизни эзаётган бўлса, бу ҳақда кейинги бобда батафсил сўз юритилади).
Ўзоқ ўтмиш, ҳатто кечаги кун ҳақидаги хотиралар Худо белгилаган мақсад сари интилишингизга қаршилик кўрсатади. Шу боис Худо сизни ана шу юкдан халос қилишни хоҳлайди. Бундан ташқари, Худо ўтмишда сиз қўлдан бой берган имкониятларни ва барбод бўлган умидларингизни янгиламоқчи бўлади. У ўтмишингизга шифо бериб, ҳозирги ҳаётингизни тикламоқчи бўлади.
Сиз Исога имон келтирсангиз, янги ижод бўласиз. У сизнинг бутун ҳаётингизни янгилайди. Сиз ўтмишни унутиб, келажак сари интиласиз (Филиппиликларга 3:13). Исо сизга бунда ёрдам беради. Худонинг энг буюк сирларидан бири шундан иборатки, ҳаётингиздаги ҳамма даҳшатларни, ҳамма фожиаларни, дарду оғриқларни, оғир хотираларни, талафотларни У ажойиб тарзда шифолайди; нафақат шифолайди, балки улардан яхшилик келтириб чиқаради. Бу дегани — Худо ҳаммасини сизнинг хотирангиздан ўчиради дегани эмас, аксинча, У сизга шундай шифо берадики, ўтмиш ҳақидаги хотиралар энди сизга ҳеч қандай кўнгилсизликлар олиб келмайди. Худо сизга янги ҳаёт ато этади, бу янги ҳаёт сизни шундай мамнун қиладики, сиз ҳеч қачон ўтмишдаги ҳаётга қайтишни истамайсиз.
Нега Худо сизнинг хотирангиздан ўтмиш манзараларини тамомила ўчириб ташламайди? Чунки У ҳаётингизнинг бу қисмидан фойдаланиб, шу орқали сизни белгилаган мақсад учун тайёрламоқчи. Худо ўтмиш ҳаётингиздан энг ёмон қисмини олиши ва уни келажагингиздаги энг буюк марҳаматга айлантириши мумкин. Худо сизни ўзгартиради, тақдири сизникига ўхшаш бўлган одамларга сиз умид улашадиган бўласиз. Шунда сиз ўтмишингизга назар ташлаганингизда ундан чўчимайсиз, балки уни тарихий китоб сифатида ўқийдиган бўласиз. Зеро, ўтмишингиз келажак ҳаётингиз учун башорат эмас.
Худога шундай деб айтинг: “Мен ҳаёт мусобақасида маррагача югуришни истайман, мукофот олишни хоҳлайман.” (1 Коринфликларга 9:24).
Ибодатнинг кучи
Худойим, тушунаман, Сен юрагимнинг ҳамма сирларини биласан (Забур 43:22). Мен кўрмаётган нарсаларни Сен менга кўрсат. Сенинг хоҳиш–иродангга қарши хаёлимга келтирган ёмон фикрларим учун, айтган ёмон сўзларим, қилган номаъқул хатти–ҳаракатларим учун мени кечир. Жумладан, мен (Худога маъқул бўлмаган қилмишингизни айтинг) тан оламан. Буни гуноҳ деб биламан ва бунинг учун тавба қиляпман, Сендан илтимос: ўзгаришимга ёрдам бер.
Ўтмишимдаги юкдан мени халос қилгин, деб Сенга илтижо қиламан. Сен менга тайёрлаган янги ҳаётга киришим учун халақит берадиган хотиралардан мени халос қилгин. Айниқса, (дилингизга қаттиқ озор бераётган хотирани айтинг) дан мени халос қилишингни сўрайман. Менга бошқалар қилган ва ўзимга ўзим қилган ҳамма ёмонликларни Сенга беряпман. Сен бутун ҳаётимни ва вужудимни тамомила янгилаётганинг учун Сенга шукрлар айтаман (Ваҳий 21:5). Мен бундан буён ўтмиш билан яшамайман, Сен мен учун белгилаб қўйган келажакка қувонч билан боқаман. Исо номи билан ибодат қиламан.
Сўзнинг қудрати
«Борди–ю, гуноҳларимизни эътироф этсак, содиқ ва адолатли бўлган Худо гуноҳларимизни кечириб, бизни ҳар қандай ёмонликдан фориғ қилади» (1 Юҳанно 1:9).
«Агар виждонимиз бизни қийнамаса, эй азизларим, Худо олдида дадил бўламиз ва Ундан нима сўрасак, У беради. Чунки биз Унинг амрларини бажариб, Унга манзур бўлган ишларни қиляпмиз» (1 Юҳанно 3:21–22).
«Бинобарин, ким Масиҳга тегишли бўлса, у янги ижоддир. Эски ҳаёт ўтиб кетди, янгиси кириб келди» (2 Коринфликларга 5:17).
Ибодат мавзусида бундан кейинги фикрлар
1. Юқорида келтирилган Муқаддас Китоб оятларини ўқир экансиз, нима деб ўйлайсиз, нега Худо олдида гуноҳларимиздан тавба қилишимиз керак?
2. Сиз Худо олдида гуноҳларингизни тан олиб, улар учун тавба қилганингиздан кейин ўзингизни қандай ҳис қиласиз?
3. Энди ибодатингизни ёзинг, ибодатда қайси нотўғри ишларингиз ёки гуноҳларингиз сизни Худонинг мақсадидан узоқлаштираётганини айтиб ўтинг. Худога, мен ўтмишдаги хатоларимнинг азобли оқибатларидан эркин бўлишни хоҳлайман, деб айтинг. Агар буни Худога айта олмасангиз, Унга илтижо қилинг, У юрагингизни самимий мулоқот учун очсин.
Книга на Узбекском языке: - Сила молящегося подростка (Сторми Омартиан)
Познай силу молитвы. Измени свою жизнь. Изменяй мир.
Ты сомневаюсь в том, что Бог слышит твои молитвы? Тебе кажется, что они растворяются в воздухе, не достигая небес? Ты думаешь, что твои молитвы вряд ли способны что-то изменить?
Автор этой книги убеждает в том, что молитва способна изменить не только обстоятельства, но и жизнь в целом. В двадцати главах книги рассказывается о том, как...
- научиться ходить Божьими путями;
- избавиться от негативных эмоций;
- строить добрые отношения с людьми;
- освободиться от давления сверстников;
- стать светом для окружающих.