Сторми Омартиан. Ўсмир ибодатининг кучи - (Аудиокитоб) Китоб Ўзбек тилида
O‘smir ibodatining kuchi (Stormi Omartian) O‘zbek tilida Audiokitob
МУНДАРИЖА
Ибодатнинг кучи нимада? Нима учун мен ибодатга муҳтожман?
1-боб. Эй Худойим, Сени билишим учун менга ёрдам бер
2-боб. Эй Худойим, олдинги хатоларимдан халос бўлишимга ёрдам бер
3-боб. Эй Худойим, бошқаларни кечиришни менга ўргат
4-боб. Эй Худойим, солиҳларча иш тутишга мени ўргат
5-боб. Эй Худойим, аҳмоқона таъсирларга қарши туришим учун менга ёрдам бер.
6-боб. Эй Худойим, ўз фикрларимни бошқаришга мени ўргат
7-боб. Худойим, Сенинг Каломингни тушунишга мени ўргат
8-боб. Эй Худойим, тенгдошларим таъсиридан халос бўлишимга ёрдам бер
9-боб. Эй Худойим, одамлар билан яхши муносабатлар ўрнатишни менга ўргат
10-боб. Эй Худойим, ҳаётим давомида Сенга ҳамду сано айтишга мени ўргат
11-боб. Эй Худойим, ҳаётимда Сенинг мақсадингни тушунишимга ёрдам бер
12-боб. Эй Худойим, тўғри танлов қилишим учун мени доноликка ўргат
13-боб. Эй Худойим, салбий эмоциялардан қутулишимга ёрдам бер
14-боб. Эй Худойим, ҳаётимда васвасалар билан курашувимга ёрдам бер
15-боб. Эй Худойим, ҳаётимнинг қийин лаҳзаларида кучли бўлишимга ёрдам бер.
16-боб. Эй Худойим, ўзимни бехатар ҳис қилишим учун ёрдам бер
17-боб. Эй Худойим, ҳаётбахш сўзларни гапиришга мени ўргат
18-боб. Эй Худойим, имконсиз нарсага ишонишни менга ўргат
19-боб. Эй Худойим, ҳаётим учун Сенинг хоҳиш-иродангни билишимга ёрдам бер
20-боб. Эй Худойим, Сен мен учун тайёрлаган меросни қўлга киритишимга ёрдам бер
Ибодатнинг кучи нимада? Нима учун мен ибодатга муҳтожман?
Агар сиз ўсмир ёшида бўлсангиз, шуни билингки, сиз атроф оламни чуқур ва фаол ўзгартириш учун ноёб имкониятга эгасиз. Бунинг сабаби шуки, сиз жонли ва ҳаракатчан оламнинг бир қисми ҳисобланасиз. Бу олам аслида унчалик катта эмас, аксинча, жуда кичик. Сиз каби ўсмирлар ноёб бир қобилиятга эгалар, чунки улар бу жажжи олам билан яқин муносабатга кириша оладилар. Уларни ўраб турган оламдаги ҳамма яхши ва ёмон нарсаларни аниқ кўра оладилар. Бу оламда нимани қолдириш керак ва нимани йўқ қилиш кераклигини иккиланмай, дарров ҳал қила оладилар.
Кундалик ибодатингиз сизнинг ҳаётингизни ва атрофингиздаги оламни ақл бовар қилмайдиган тарзда ўзгартириши мумкин.
Ким мен? Э, ибодат қилишга менинг вақтим йўқ
Тушунарли, ҳамма ёш одамлар сингари, сизнинг ишларингиз ҳам бошингиздан ошиб-тошиб ётибди. Кундалик муаммоларингиз ниҳоятда кўп: ўқиш, муваффақиятларга эришиш, янги чўққиларни забт этиш. Бугунги кунда, мақсадларингизга эришиш учун имкониятлар ниҳоятда мўл, бунақа имкониятлар илгари ҳеч қачон бўлмаган. Сиз “Ибодат қилишга вақтим йўқ”, деб ўйлашингиз мумкин. Агар шундай ўйласангиз, шуни билингки, сиз ёлғиз эмассиз. Кўпчилик шундай ўйлайди. Ҳаётимизда бизни ибодатдан чалғитадиган жуда кўп нарсалар бор. Аммо биз жуда банд бўлсак ва ибодат орқали Худо билан мулоқот қилишга вақт ажратмасак, бизнинг юрагимизга гапираётган ва бизни тўғри йўлга солаётган Худонинг овозини эшита олмаймиз. Оқибатда эса сиз Худонинг тайёрлаб қўйган баракасидан бебаҳра қоласиз. Мен сизга ҳаётингизнинг ҳар бир жабҳаси ҳақида ибодат қилишни ўргатаман. Шунда сиз Худони билиб оласиз, Худонинг табиатини тушунасиз, У сизни ким қилиб яратганини англайсиз. Бу жуда муҳим, чунки Худони билмайдиган, ҳаёти учун Худонинг белгилаган мақсадини англамайдиган одам ҳеч қачон тўғри қарор қабул қила олмайди, Худонинг баракаларидан баҳраманд бўлмайди.
Ибодат орқали сиз барча муаммоларингизни Худога беришингиз мумкин. У муаммоларингизни ечишга ёрдам беради, оғирингизни енгил қилади. Бундан ташқари, вазиятни Унинг кўзлари билан кўришингизга ёрдам беради. Шунда сиз нима ҳақиқат ва нима ёлғон эканини тушуна оласиз. Чунки кўп ҳолларда биз ўзимиз тушиб қолган мушкул вазиятга тўғри баҳо бера олмаймиз, ўзимиз ҳақимиздаги ва вазиятимиз ҳақидаги кўп ёлғонларга ишонамиз. Натижада бизнинг руҳий ўсишимиз ё секинлашади ёки тамомила тўхтайди. Ҳақиқатни Худо каби тўғри кўра билган одам — озод одамдир.
Энг муҳими шуки, бундай ибодат сизни Худога яқинлаштиради. Бу эса ҳаётингизнинг асосий мақсадидир. Сиз Худонинг ҳузурига кирганингизда, қалбингизни Худога оча оласиз, хоҳиш–истакларингизни Унга аён қила оласиз. Шунда юрагингиз Худонинг овозига сезгир бўла бошлайди, У сизга тўғри йўлни кўрсатади, келажак ҳаётингиз учун белгилаган ажойиб режаларини очади.
МЕН ОДАТДА ҚУЙИДАГИЛАР УЧУН ИБОДАТ ҚИЛАМАН:
- Ўзимнинг ва оиламнинг соғ–саломатлиги учун;
- Ҳаётимда муваффақият қозонишим учун;
- Ҳар қандай васвасалардан озод бўлишим учун;
- Бутун оламда тинчлик барқарор бўлиши учун;
- Худо менинг замондошларимни қутқариши учун
(16 – 19 ёшдаги ўсмирлар).
Сизнинг ҳаётингиз учун Худонинг режаси бор
Сиз тушуниб олишингиз зарур бўлган энг муҳим нарса шундан иборатки, Худо сизни севгани учун, У сизга содиқ бўлгани учун, У сизнинг ҳаётингизда буюк мақсади борлиги учун, сизни яратган. Сиз бу ҳақиқатни нафақат онгингиз билан, балки юрагингиз билан қабул қилиб, уни чуқур ҳис қилишингиз керак. Бу ҳақиқатни эса фақат Худо билан бўлган яқин муносабат орқали билиш мумкин.
Худо билан яқин муносабатни эса фақат Унинг Ўғли Исога ишониш орқали ўрнатиш мумкин. Исодан, менинг ҳаётимга киргин, деб сўранг. Кейин Муқаддас Китобни олиб, ўқишни бошланг. Раббийни биладиган одамлар билан албатта мулоқотда бўлинг. Бемаъни одамлар билан улфат бўлманг. Қозонга яқин юрсанг, қораси юқар, ёмонга яқин юрсанг, балоси юқар, деган гап бежиз эмас. Улар сизни ўзига ўхшаш қилиб шакллантиришга ҳаракат қилишади, бундай ҳолда қандай қилиб сиз Худони мамнун қила оласиз? Фақат Худони биладиган одамларгина сизнинг ҳаётингизга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин. Шундай одамларни мактабда изланг, уларни жамоатда изланг, чунки фақат улар Худога яқинлашишингизга сизга амалда ёрдам бера оладилар, сизни қўллаб-қувватлайдилар.
Худо билан яқин мулоқот ўрнатиш ҳаётингизда муаммолар йўқолишига кафолат бермайди, аммо қийин дамларда Худога таянишингиз мумкин. У сизнинг ҳаётингизда бўронни тинчлантиради. У ё сизнинг вазиятингизни ўзгартиради, ёки вазиятдан устун келишингизга ёрдам беради, ё бўлмаса, ундан эсон–омон ўтиб олишингизга кўмаклашади.
Аммо булар шунчаки, ўзидан–ўзи, ибодатсиз юз бермайди.
Агар Худонинг Каломини ўқисангиз ва ибодат орқали Унинг ҳузуридан завқ олсангиз, ўзингизнинг кимлигингизни, нима учун яратилганингизни билиб оласиз. Худонинг ҳаётингиз учун бўлган мақсадини билиб оласиз.
Ибодат нима ва у қандай ишлайди?
Содда қилиб айтганда, ибодат Худо билан мулоқотдир, У билан суҳбатдир, Унга чин дилдан мурожаат этишдир. Ибодатда сиз Худога юрагингизни очасиз, ҳаётингиз ва Худо ҳақидаги фикрларингизни Унга айтасиз. Ҳаётингиздаги қийинчиликлар ҳақида У билан самимий суҳбатлашасиз. Ундан маслаҳат сўрайсиз. Ибодат пайтида Худо қалбингизга гапиради, У сиз ҳақингизда нималарни ўйлаётганини, ҳаётингиз учун бўлган режаларини ва мақсадларини сизга аён қилади.
Ибодат пайтида бутун эътиборингиз Худога қаратилган бўлади. Шу боис, сиз Худонинг кимлигини, орангиздаги муносабат қай даражада эканлигини пайқаб оласиз. Шу пайтда Худо ҳам сизга кимлигингизни очиб беради, қалбингизга гапиради, сиз учун бўлган эзгу ниятларини ошкор қилади. Бу эса ҳаётингизда энг муҳим нарсадир.
Сиз ҳақингизда гапириб бўлдик, келинг, энди мен ҳақимда гаплашамиз
Бу китоб сизга ўзингиз учун, ҳаётингиз учун, бошқа одамлар ва турли вазиятлар учун ибодат қилишни ўргатади. Ўсмирлигимда менда бундай китобим бўлмаганига жуда афсус қиламан. Агар мен бу китобда айтилганларни ўшанда билганимда эди, менинг ҳаётимда шунча бахтсизликлар юз бермаган бўларди. Мен кўп кучимни ва вақтимни беҳуда изланишларга сарфламаган бўлардим. Умидсизликдан, тушкунликдан, ожизликдан, хавотирликдан ва чорасизликдан азоб чекмаган бўлардим. Йиллаб давом этган хўрликлару азоб–уқубатлардан халос бўлган бўлардим.
Мен сизнинг ёшингизда бўлганимда, оиламиз шаҳарнинг камбағаллар яшайдиган қисмида истиқомат қиларди. Бошқа болалар бундай жойда яшашни истамаган бўлардилар, чунки бу жой ёмон, эътибордан тамомила четда бўлган ерлар эди. Бошқа болалар катта, янги ва озода уйларда яшашарди. Менинг уйим эса эски, ташландиқ аҳволда эди. Бошқа болалар бой оилалардан эди. Менинг оилам эса ночор эди. Улар яхши кийимлар кийишар, чиройли автомобилларда юришарди. Менинг уч-тўрт сидра кийимларим эса эски, сийқаси чиқиб кетганди, машинамиз шалдироқ аравадан ҳеч фарқ қилмасди, биз машинамизда ҳеч қачон ҳеч қаерга бормаганмиз. Бошқа болалар яхши овқатланар, соғлом, хушчақчақ кўринардилар. Мен эса кўпинча очлигимча ухлаб қолардим, бошим касалликдан чиқмасди. Бошқа болалар келажакка дадил боқардилар, мен эса ҳар бир янги кунни қўрқув билан кутиб олардим ва яшашдан кўра, ўлимни афзал кўрардим.
Агар мен ўшанда Худони билганимда эди, муҳтожликларимни Унга айтган бўлардим. Унинг ҳузурини ҳис қилган бўлардим, ҳаётимнинг ҳар бир кунини Унинг қудрати билан яшаб, қийинчиликларга бардош берардим, ёлғизлик азобидан халос бўлардим. Кимлигимни яхши билган бўлардим, мени яратгани учун Худога шукрона айтган бўлардим. Унинг йўлларидан юрган бўлардим, хавфу хатардан холи бўлардим. Мен ўзимдаги инъом ва иқтидоримни англаган бўлардим, шунда омадсизликларим, камчиликларим учун ўзимни айблаш ўрнига, инъомлару истеъдодимни ривожлантирган бўлардим. Мен ўз ҳаётим учун Худонинг хоҳиш-иродасини билган бўлардим ва тўғри йўлдан оғмаган бўлардим, ҳаётимни йўлга солишга, йўлимни топишга уриниб, кўп йилларни беҳудага совурмаган бўлардим. Мен ушбу китобда ўз ҳаётим ҳақида яна кўп ҳикоя қиламан. Умид қиламанки, мен қилган хатоларни ва бошимдан кечирган қийинчиликларни сиз такрорламайсиз. Бунинг учун мазкур китоб сизга асқатади.
МЕНИНГ ИБОДАТИМ: Эй Худойим, Сен менга инъом қилган бу ажойиб ҳаётда Сенинг йўлингдан юришимга ёрдам бер. Нималарга муҳтож бўлсам, ҳаммасини Ўзинг етказгин, ҳаётим руҳий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан камол топишига ёрдам бер (13 ёш).
Нима учун баъзан ибодат қилиш қийин?
Баъзан сиз ибодат қилишга қийналасизми? Агар шундай бўлса, сиз ёлғиз эмассиз. Бу менинг бошимдан ҳам ўтган. Умуман олганда, ҳар бир одам ёшидан ва тажрибасидан қатъий назар вақти–вақти билан ибодат қилишга қийналади.
Биз бир неча сабабларга кўра, ибодат қилишга қийналамиз. Биринчидан, биз тўғри ибодат қилаётганимизга ишонч ҳосил қилмоқчи бўламиз. Биз тажрибали чўпон каби, тўғри сўзларни танлаб, ибодат қилишни хоҳлаймиз. Бирон сўзни нотўғри талаффуз қилиб қўйишдан, ноўрин гап айтиб қўйишдан қўрқамиз. Ёки ибодатимиз қисқалигидан ёҳуд етарли даражада шижоат билан айтилмаганидан хижолат тортамиз.
Баъзан биз:
— Худо ибодатларимни эшитмаяпти, гапларим Унга аҳамиятсиз — деб ўйлаймиз. — Худонинг мен билан пачакилашиб ўтиришига вақти йўқ. Мен ким бўлибманки, бу катта муаммоларни Худонинг ёрдамида ҳал қила олсам, — деб ишонамиз. Биз бирон нарсани ўзгартиришга ўзимизни ожиз деб ҳисоблаймиз. Ибодатларимизнинг кучини, уларнинг ғайритабиий имкониятларини англаб етмаймиз.
Сиз, ўзингиз учун ибодат қилишингиздан кўра, бошқалар учун ибодат қилишни осонроқ деб биласизми? Менинг бошимдан ҳам шунақа ҳиссиётлар кечган эди. Ўзимнинг эҳтиёжларимдан кўра, дўстларим учун, оилам учун, тамомила нотаниш одамлар учун ибодат қилиш мен учун осон эди. Хўш, бунинг сабаби нима?
Биринчидан, бошқа одамларнинг муаммолари, ўзимникига қараганда, менга анча тушунарли эди, менинг муаммоларим кўпинча чалкаш, муҳокама қилиш учун ноқулай эди. Маълум бир вазият учун қандай ибодат қилишни ҳам билмас эдим. Мушкул аҳволда қолганимда ибодат эмас, Худога фарёд қилардим. Аммо хаёлимда, Худо илтижоимни эшитишни истамагандай, туюларди. Аммо вақти келиб, буларнинг ҳаммаси тамомила ёлғон эканини билдим.
Ҳақиқат эса шундаки, Худо том маънодаги “масиҳийча” тил билан ибодат қиладиган одамларни изламайди. Худога қалбида севги яшаётган инсонлар керак. Худо юрагингизда нималар юз бераётганини ва сизни нима безовта қилаётганини билади. Чунки У сизга ғамхўрлик қилади. Сиз учун нима муҳим бўлса, У учун ҳам муҳимдир. Худо сизни кутяпти. Унинг олдига келинг, қалбингизни Унга очинг.
Эҳтимол, сиз шундай ўйларсиз: Агар Худо менинг юрагимни билса, мен ҳақимда ғамхўрлик қилса, нимага ибодат қилишим керак? Нимага менга керак бўлган нарсаларни У шунчаки муҳайё қилмайди? Нима учун буларни Ундан сўрашим керак?
Жавоб эса шундай: Худо сизни севади, сиз Унга юз буришингизни, Унинг олдига келишингизни, Унга боғлиқ бўлишингизни истайди. У сиз билан гаплашмоқчи, У учун қадрли бўлган нарсалар сиз учун ҳам қадрли бўлишини хоҳлайди. У сизни ўзингиз чиқа олмайдиган юксакларга олиб чиқмоқчи. Сиз орқали буюк ишларни амалга оширмоқчи, бироқ бунинг учун сиз умрингиз давомида Унга ҳамроҳ бўлишингиз даркор. Сиз буларни тушунганингизда, ибодат қилишга қийналмайсиз.
Ўзимни ожиз ҳис қилганимда, мен нима қилишим керак?
Ҳаётингиз изидан чиқиб кетаётганини, ўзингиз эса бирон нарсани ўзгартиришга ожиз эканингизни ҳеч ҳис қилганмисиз? Танг аҳволда қолганмисиз? Туғён урган ички ҳис–туйғуларингиз гўёки юрагингизни ёргудай бўлганми? Ҳеч боши берк кўчага кириб қолганмисиз, сизга умуман йўл йўқдай туюлганми? Ёки бундан ҳам баттароғи — олдинга эмас, ортга кетаётганингиздай туюлганми? Тушкунликка тушиб қолганмисиз? Қалбингиздаги бўшлиқни ҳеч ҳис қилганмисиз? Худони мамнун қила олмайман, деб ҳеч шубҳаланганмисиз? Кўп одамлар бу ҳисларни бошдан кечирганлар, айниқса, сизнинг ёшингиздаги ўсмирлар. Аммо сиз учун яхши хабар бор: Худо сизни шундай ибодат қилишга ўргатадики, сиз Муқаддас Руҳнинг кучи билан бу барча ҳиссиётларни ва туйғуларни енга оласиз, уларнинг амри билан яшамайсиз.
Балки сиз ҳам, мен каби, буюк ишларни қилмоқчи бўлгандирсиз, оламни ўзгартиришни хоҳлагандирсиз, аммо бунинг уддасидан қандай чиқишни, нима қилишни билмагандирсиз. Агар шундай бўлса, билиб қўйингки, Худо ҳам буни хоҳлайди, аммо бунинг учун сиз фақат Худони мамнун қилишингизга тўғри келади. Ҳа, сиз буюк ишларни қилишингизни, оламни ўзгартиришингизни Худо ҳам хоҳлайди. Бунинг учун У сиздан Унга интилишингизни, Ундан мадад сўрашингизни кутади. Кўпинча, биз бирон нарсага ўз кучимиз билан эришишга интиламиз, аммо мақсадларимиз амалга ошмаганини кўриб, тушкунликка тушамиз.
Аммо бунинг уддасидан чиқиш учун ўз инсоний кучимиз етарли эмас, биз Худонинг кучига муҳтожмиз. Фақатгина Худонинг кучи ёрдамида биз ҳаётимиздаги қийинчиликларни енгиб ўтамиз, ўз ожизликларимиз ва вазиятимиздан юқори кўтариламиз.
МЕН ИБОДАТ ҚИЛГАН ЭДИМ, ХУДО МЕНГА ЖАВОБ БЕРДИ: мен Худодан, мени Ўзингга яқинлаштир, деб сўраган эдим. Мен илгарилари кам ибодат қилардим, энди эса У менда ибодат қилишга хоҳиш уйғотди, мен ҳар куни ибодат қиладиган бўлдим. Баъзан Муқаддас Китобни ўқишни унутиб қўяман, лекин яхши томонга ўзгараётганимни сезяпман ( 14 ёшда).
Қандай қилиб Худодан куч олиш мумкин?
Биз Исони Нажоткор деб қабул қилганимизда ҳаётимизда ажойиб бир воқеа юз беради: Худонинг Муқаддас Руҳи қалбимизга кириб яшайди. Биз Муқаддас Руҳни олганимиз сабабли, ҳеч қачон ёлғиз бўлмаймиз, чунки Унинг Ўзи доим биз биландир. У бизга Мададкордир. Бу дегани — биз Худога Исо номи билан ибодат қилганимизда, Муқаддас Руҳнинг қудрати бизга ёрдам бера бошлайди ва қийин вазиятдан чиқиб кетишимизга кўмаклашади. Агар биз Муқаддас Руҳнинг қудратига таянмасак, Муқаддас Китобда қуйидагича таърифланган: “ўзларини художўй кўрсатиб, илоҳий қудратни инкор этадиган” одамларга ўхшаб қоламиз (2Тимўтий 3:5).
Илоҳий куч-қудратнинг ёрдамисиз биз иллатларимиз ва камчиликларимиздан озод бўла олмаймиз, фақат ўзимизнинг чекланган дунёимизда яшайверамиз. Йўлимизда учрайдиган кундалик синовларга дадил боқа олмаймиз.
“Худонинг биз — имонлиларга кўрсатган тенги йўқ қудрати нақадар буюклигини” тушунишимизни Худо хоҳлайди (Эфесликларга 1:19). “Биз Худонинг Руҳини қабул қилдик, энди дунёвий одамлар каби ўй–фикр қилмаймиз. Шунинг учун Худо бизга нима ато қилганини аниқ тушуна оламиз” (1Коринфликларга 2:12). Биз бу ҳақиқатни тўлиқ англаб, амалда қўллашимизни Худо истайди.
Муқаддас Руҳ ичимизда яшар экан, биз ҳаётимиздаги барча синовларга бардош бера оламиз. Нақадар шодиёна хабар, шундай эмасми?!
Мен ичингиздаги Муқаддас Руҳ қандай ишлашини, Илоҳий Руҳ моҳиятини сизга тушунтира олмайман. Бу менинг қўлимдан келмайди, бунинг учун ҳеч қандай ваколатим ҳам йўқ. Муқаддас Руҳ Ўз ишини қандай ва қачон қилишини Ўзи билади. Исо шундай деган эди: “Отам Менинг номимдан юборадиган Ҳомий*, яъни Муқаддас Руҳ сизларга ҳаммасини ўргатади. Мен сизларга айтган ҳамма сўзларимни У ёдингизга солади.” (Юҳанно 14:26). Муқаддас Руҳ сизга нима кераклигини Ўзи аён қилади.
Агар сиз Исони Раббим деб эътироф этсангиз, шунда “Худо ҳаётимизда амал қилаётган қудрати билан биз сўраган ёки тасаввур қилганларимизни ва ҳатто хаёлимизга келмаганларни ҳам бажаришга қодир” эканлигини билиб оласиз (Эфесликларга 3:20). Муқаддас Руҳ ва Унинг қудрати ичингизда бўлгани учун, сиз сўраган ёки хаёл қилганингиздан ҳам кўпроқ нарсага эриша оласиз. Ахир, бу мўъжиза эмасми?!
Амалий тавсиялар
Бу китоб сизга ҳаётингизнинг турли томонлари учун ибодат қилишни ўргатади. Ҳар бир бобни диққат билан ўрганиб чиқинг. Ҳар бир бобнинг охирида “Ибодатнинг кучи” деб номланган бўлим бор. Бу бўлимда ибодат матни берилган бўлиб, сиз бу матндан ибодат пайтида фойдаланишингиз мумкин. Ибодат жараёнида сиз бошқа мавзулар ва муаммоларни кўтариб, Худо билан ўшалар ҳақида ҳам суҳбатлаша оласиз.
Сўнгра “Сўзнинг қудрати” деб ном олган бўлим келган. Бу бўлимга иқтибослар ва муҳим ваъдалар киритилган бўлиб, улар Худонинг каломидан олинган ва бу мавзуга бевосита алоқадордир. Уларнинг ҳар бирини ўқиб чиқиб, бу сўзлар сиз учун ва сизнинг ҳаётингиз учун қандай аҳамиятга эга эканлиги ҳақида ўйланг. Ҳар бир бобнинг охирги бўлими “Ибодат мавзусига оид мулоҳазалар” деб номланади. Бундай бўлим айрим масалалар ва айрим фикрлар билан бошланади, аммо уларни ниҳоясига етказиш сизга ҳавола қилинади. Бу сизга турли муаммолар учун ибодат қилишни ўрганишингизга ёрдам беради.
Ҳамма бобларга “қутичалар” илова қилинган, бу “қутичалар”да ўсмирларнинг фикрлари, ибодатлари ва турли мулоҳазалари йиғилган. Мен буларни аноним тарзда қолдиришга қарор қилдим. Сабаби шуки, уларнинг кўпчилиги шахсий характерга эга, биз ёшларимизнинг билдирган фикрларини ҳурмат қилишимиз керак. Улар икки гуруҳга ажратилган, қиз ва йигитларнинг фикрлари алоҳида–алоҳида келтирилган. Аслида, сўров аноним бўлмаган эди: ҳар бир иштирокчи билан мен шахсан ўзим гаплашганман, ҳар бир иштирокчи саволларга тўғри ва самимий жавоб берган, чунки уларнинг ҳаммаси ўз тенгдошларига, тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, ёрдам бермоқчи эдилар.
МЕН БОШҚАЛАР УЧУН ИБОДАТ ҚИЛАМАН.
- Мен биров учун хавотирланганимда ўша одам учун ибодат қиламан.
- Менга ёрдам берганларга Худодан баракат тилайман.
- Ким ҳақида ўйласам ўшани Худонинг номи билан дуо қиламан.
- Кўнгли чўккан дўстларим учун ибодат қиламан.
- Имконим борича одамлар учун шафоат қиламан (13–15 ёшда)
Олға юриш вақти келди
Сиз Раббий билан бўлганингизда, ҳеч қачон бир жойда турғун қолиб кетмайсиз: сиз ё олдинга юрасиз ёки орқага кетасиз. Сиз ё ҳар куни кўпроқ Масиҳга ўхшаб бораверасиз ёки Ундан узоқлашаверасиз. Мен айнан шунинг учун ҳам ушбу китобни ёзишга қарор қилдим. Сиз ҳар куни Раббий билан суҳбат қуриб, олға юришингизни мен чин қалбимдан истайман. Сиз Худони севишни ўрганишингизни, Унинг хоҳиш-иродасига мувофиқ яшашингизни, Худо сиз учун тайёрлаган ҳамма марҳаматларга эга бўлишингизни хоҳлайман. Агар сиз Худонинг сўзига итоат этсангиз, Муқаддас Руҳнинг қудратига таянсангиз, албатта, Худо сизнинг ҳаётингизда Ўз хоҳиш-иродасини ижро этади ва сиз Унинг ҳақиқий ижоди бўлиб, кундан–кунга руҳан ўсиб бораверасиз.
Книга на Узбекском языке: - Сила молящегося подростка (Сторми Омартиан)
Познай силу молитвы. Измени свою жизнь. Изменяй мир.
Ты сомневаюсь в том, что Бог слышит твои молитвы? Тебе кажется, что они растворяются в воздухе, не достигая небес? Ты думаешь, что твои молитвы вряд ли способны что-то изменить?
Автор этой книги убеждает в том, что молитва способна изменить не только обстоятельства, но и жизнь в целом. В двадцати главах книги рассказывается о том, как...
- научиться ходить Божьими путями;
- избавиться от негативных эмоций;
- строить добрые отношения с людьми;
- освободиться от давления сверстников;
- стать светом для окружающих.