Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ



ХАБАҚҚУҚ

Кириш

 

“Хабаққуқ” китоби милоддан олдинги еттинчи асрда — Бобил ҳукмронлиги даврида ёзилган. Китобнинг биринчи ва иккинчи бобларида Хабаққуқ пайғамбар билан Худо ўртасидаги суҳбат баён қилинган. Хабаққуқ пайғамбар адолатсизлик ва жиноятларга тўлиб–тошган Яҳудо юрти ҳақида Худога шикоят қилади. Шунда Худо Хабаққуққа ўз режасини очиб, Яҳудо халқини Бобилликлар орқали жазоламоқчи бўлганини айтади. Лекин Хабаққуқ бунга ўз эътирозини билдиради. Яҳудо халқидан беш баттар гуноҳкор бўлган Бобилликларни Худо жазо воситаси сифатида ишлатишини Хабаққуқ ҳеч тушунмайди. Бу унга адолатсизликдай туюлади. Бироқ Худо Хабаққуққа жавоб бериб, ўз вақтида Бобилликларни ҳам жазолашини айтади. Ўша вақт етиб келгунича эса “Cолиҳлар...Худога бўлган садоқати туфайли тирик қолади” (2:4).

Китобнинг охирги бобида Хабаққуқ пайғамбарнинг шукрона ибодати, Эгамизнинг қудрати ва улуғворлигига айтган ҳамду саноси баён қилинган.

 

1–БОБ - ХАБАҚҚУҚ

 

1Хабаққуқ пайғамбарга ваҳий орқали аён бўлган башорат.

 

Хабаққуқ Худога адолатсизликдан шикоят қилади

 

2Эй Эгам, қачонгача Сендан ёрдам сўраб ёлворай?! Менга қулоқ соласанми ўзи?! Қачонгача: “Зўравонликдан қутқар!” — деб илтижо қилай?! Бизга нажот берасанми ўзи?! 3Нима учун ноҳақликка қараб туришим керак?! Бундай ҳақсизликка қандай чидай оляпсан?! Атрофимга назар солсам, зўравонлигу талончиликни кўраман. Жанжал билан уруш авж олмоқда. 4Натижада қонун кучини йўқотди, адолат эса поймол бўлди. Фосиқлар солиҳлардан баланд келгани учун, ноҳақ ҳукм чиқариляпти.

 

Худо Хабаққуққа жавоб беради

 

5Атрофдаги халқларга назар солинглар! Уларга яхшилаб қаранглар! Кўрганингиздан ҳайратда қоласизлар. Сизнинг даврингизда Мен шундай бир иш қиламанки, агар эшитсангиз қулоғингизга ишонмайсизлар. 6Мана, Мен Бобилликларни ғоят кучли қилмоқдаман. Бу халқ шафқатсиз ва тажовузкордир. Улар дунёнинг ҳар томонига юриш қиладилар, ўзга юртларни босиб оладилар. 7Ҳаммани қўрқув, ваҳимага соладилар. Ўзига хон, ўзига бек бўлган такаббурдир улар. 8Уларнинг отлари қоплондан тез, кечаси изғийдиган бўрилардан хавфли. Отлиқлари узоқдан отларини елдириб келишади, ўлжасига ташланадиган бургут каби учиб келишади.

9Уларнинг тўдалари зўравонлик мақсадида келишади. Улар саҳродан келадиган қуюн каби бўлиб, қум йиққандай асирларни йиғишади. 10Шоҳларни мазахлашади, ҳукмдорларни масхара қилишади. Мустаҳкам шаҳарлар устидан кулишади. Ўша шаҳарлар деворларига қиялатиб тупроқ уядилар. Уларни қўлга киритадилар. 11Сўнг шамол каби тез ўтиб кетишади. Улар ўз кучини худо, деб биладилар, шунинг учун жазодан қоча олмайдилар.

 

Хабаққуқ Худога яна шикоят қилади

 

12Эй, Эгам Худо, Муқаддас Худойим! Доимо мавжуд бўлган Худо Сен эмасми?! Шундай экан, Бобилликлар дастидан биз йўқ бўлиб кетмаймиз. Эй, Эгам! Сен, ҳукмимни амалга оширсин, деб Бобилликларни танладинг. Эй, Таянчим, халқимни жазоласин деб, уларни тайинладинг. 13Сенинг кўзларинг шу қадар покизаки, Сен ёвузликка қараб туролмайсан. Ҳақсизликка чидай олмайсан. Ҳайронман, қандай қилиб бу маккор одамларга чидаб юрибсан?! Бу қабиҳлар ўзларидан солиҳроқ халқни ямлаб ютяпти–ку, қандай қилиб уларга индамай жим турибсан?!

14Сен одамларни денгиздаги балиқлар каби қилдинг, йўлбошчиси бўлмаган денгиз махлуқларига ўхшатиб қўйдинг. 15Бобилликлар одамларни ўз қармоғига илинтирадилар. Тўр ташлаб балиқ овлагандай уларни овлайдилар. Ёйма тўрларига тушириб, қирғоққа тортиб чиқарадилар. Овини кўргач, хурсанд бўлиб севинадилар. 16Ҳа, тўрлари туфайли улар мўл ўлжа оладилар, сара таомлардан тановул қиладилар. Шунинг учун тўрларига атаб қурбонликлар келтирадилар, ёйма тўрларига атаб тутатқилар тутатадилар.

17Қачонгача улар тўрлари билан элларни овлайдилар?! Қачонгача халқларни шафқатсиз нобуд қиладилар?!

 

2–БОБ - ХАБАҚҚУҚ

 

1Мен минорага чиқиб оламан. Шаҳар деворидан олисларга қараб, Эгамнинг жавобини кутаман. Шикоятимга жавоб берганда, Унга нима айтишимни ўйлаб кўраман.

 

Худо Хабаққуққа жавоб беради

 

2Эгамиз менга шундай жавоб берди: “Сенга аён қилган сўзларимни тош лавҳаларга аниқ қилиб ёз, югуриб кетаётган одам уни бир қарашданоқ ўқий оладиган бўлсин. 3Башорат белгиланган вақтда амалга ошади. Ўша вақт ҳадемай етиб келади, башорат рўёбга чиқади. Борди–ю, у кечикадиган бўлса, сабр қилгин. У албатта бажо бўлади, кеч қолмайди.

4Менга қара! Тўғри йўлдан юрмаганлар ҳалок бўлади. Cолиҳлар эса Худога бўлган садоқати туфайли тирик қолади.”

 

Хабаққуқ фосиқларнинг жазо олишини эълон қилади

 

5Бойлик алдамчидир. Бойлар такаббур, улар ҳеч қачон тиниб–тинчимайдилар. Улар ўликлар диёри каби очкўз, ўлим каби тўймаслар. Улар халқларни ўзларига тобе қилишар, элларни қўл остига олишар. 6Асирликка тушганлар уларни нафратомуз мазах этадилар, масхара қилиб, шундай айтадилар:

“Эй, бировнинг бойлигини талаб, уюм қилганлар, сизнинг ҳолингизга вой! Сизлар бировнинг нарсасини қайтармай, қарзларингизни орттириб юрибсизлар. Бундай ҳол узоққа чўзилармиди?! 7Қарзларингизни қистайдиганлар тўсатдан пайдо бўлади. Улар келиб сизларни даҳшатга солишади. Шунда сизлар улар учун ўлжа бўласизлар. 8Сизлар кўп халқларни таладингиз. Одамларнинг қонини тўкдингиз, юрту шаҳарларни вайрон қилиб, у ердагиларни нобуд қилдингиз. Шунинг учун омон қолган халқлар энди сизларни талон–тарож қиладилар.

9Эй, ҳаром йўл билан бойлик топиб, уйига ташиганлар, сизнинг ҳолингизга вой! Сизлар уйларингизни баландликда қуриб, ўзингизни кулфат чангалидан асрамоқчи бўлдингиз. 10Аммо ҳийлаларингиз хонадонингизни шарманда қилди. Сизлар кўп халқларни нобуд қилганингиз учун ўз бошингизга етдингиз. 11Ҳатто уйингиз деворидаги тошлар зўравонлигингиздан дод солади. Тўсинларнинг ноласи акс садо бўлиб чиқади.

12Эй, қотиллик ила шаҳарлар қурганлар, ҳолингизга вой! Эй, зўравонлик ила қўрғонларга асос солганлар, ҳолингизга вой! 13Эллар беҳуда тинкасини қуритади. Халқларнинг тер тўкиб эришганлари оловга ем бўлади. Бу Сарвари Оламнинг иши эмасми?! 14Ҳа, сувлар тўлдиргандай денгизни, ер юзи тўлиқ билади Эгамизнинг улуғворлигини.

15Эй, қўшни халқларга шаробни зўрлаб ичирганлар, ҳолингизга вой! Яланғоч баданларини томоша қилайлик деб, уларга ғазабингиз шаробидан ичирдингиз. Уларни маст қилдингиз. 16Бироқ сизлар обрў топмай ўзингиз шармандаликдан маст бўласизлар. Қани, ичинг! Яланғоч танангизни кўрсатинг! Ана, Эгамизнинг ўнг қўлидаги жазо косаси сизларга етиб келди! Обрўйингиз тўкилиб, шармандангиз чиқади. 17Ҳа, Лубнонда қилган зўравонлигингиз ўз бошингизга етади. У ерда ёввойи ҳайвонларни қирдингиз, энди ҳайвонлар сизларни даҳшатга туширади. Чунки сизлар юрту шаҳарларни вайрон қилдингиз. Одамларнинг қонини тўкиб, уларни нобуд қилдингиз.”

18Инсон ясаган бутдан не фойда?! Санамнинг фойдаси борми ёлғондан бошқа?! Нега одам ўзи ясаган нарсасига умидини боғлайди?! Нега тили йўқ бир бутни ясайди?! 19Ҳолингизга вой, эй, бир парча ёғочга “Уйғон!” деганлар! Ҳолингизга вой, эй тилсиз тошга “Тур!” деб ёлворганлар! Бут сизга тўғри йўл кўрсатармиди?! Олтину кумуш билан қопланган бутнинг жони бормиди?!

20Эгамиз эса Ўзининг муқаддасМаъбадидадир. Унинг олдида бутун дунё сукут сақласин!

 

3–БОБ - ХАБАҚҚУҚ

 

Хабаққуқ ибодат қилади, ваҳийда Худони илоҳий жангчи тимсолида кўради

 

1Xабаққуқ пайғамбарнинг куйга солинган ибодати:

2“Эй, Эгам, мен Сенинг шуҳратинг ҳақида эшитдим. Қилган буюк ишларингдан ҳайратда қолдим. Эй, Эгам, бизнинг давримизда ҳам шундай ишларингни қилгин. Одамлар Сенинг нималарга қодир эканлигингни билиб қўйишсин. Ғазабланганингда меҳр–шафқатни эсдан чиқармагин.

3Худо келади Эдом юртидан,

Муқаддас Худо келади Порон қирларидан.

Унинг улуғворлиги кўкни порлатар,

Ҳамду саноларига бутун дунё тўлар.

4Улуғворлиги чақмоқдай чақнар,

Нур сочилар Унинг қўлидан —

Куч яширинган билагидан.

5Унинг олдида юради ўлат,

Унинг кетидан эргашади офат.

6Тўхтаганда ер силкинади,

Назар солганда халқларни титроқ босади.

Унинг қадимдан юрган йўлларидаги

Мангу тоғлар ўпирилиб тушади,

Абадий қирлар чўкиб паст бўлади.

7Кушондаги одамларнинг қўрққанини мен кўряпман,

Мидиёндаги одамларнинг дағ–дағ қалтираганини кўряпман.

8Эй, Эгам, наҳотки ғазаблансанг дарёлардан?!

Наҳот Сенинг жаҳлинг чиқса ирмоқлардан?!

Ёки Сенинг қасдинг бормиди денгиздан?!

Шунинг учун отларингни чоптирасанми,

Зафарли жанг араваларингга миниб оласанми?!

9Сен ғилофдан чиқарасан камонингни,

Ўқларга тўлдирасан ўқдонингни.

Дарёлар билан ёрасан ер юзини.

10Буни кўрганда тоғларни дард тутар,

Шиддатли оқим кўпириб оқар.

Денгиз чуқуридан нидо янграр,

Денгиз тўлқинлари кўкка интилар.

11Сенинг ўқларинг учиб чақнайди,

Найзаларинг ялт этиб ёнади.

Бундан қуёшу ой ўз жойида қотиб туради.

12Сен жаҳл устида босиб ўтарсан ер юзини,

Ғазабга миниб оёқ ости қиларсан халқларни.

13Қутқариш учун келасан Ўз халқингни,

Ўз танлаганинг орқали озод қилиш–чун уларни.

Фосиқ халқнинг йўлбошчисини урасан,

Бошдан–оёқ уни шилиб ташлайсан.

14Ғанимларимиз қуюн каби келяптилар,

Бизни ҳар ёққа тарқатиб юбормоқчи бўляптилар.

Ўз уясида ўлжасини ғажиган йиртқич ҳайвондай,

Кучсиз овидан ўзида йўқ севиняптилар.

Сен эса уларнинг йўлбошчисини ўз ўқлари билан ҳалок қиласан.

15Отларинг туёқлари денгизни босиб эзади,

Баҳайбат сувларни бир жойга йиғиб қўяди.”

 

Хабаққуқ Худога бўлган ишончини эълон қилади

 

16Мен буларни эшитдим.

Шунда увушди менинг юрагим,

Титрай бошлади лабларим,

Мадорим қолмай, қалтиради тиззаларим.

Аммо мен сабр–тоқат қиламан,

Босқинчиларимиз бошига тушадиган кулфат кунини кутаман.

17Борди–ю, анжир дарахти гулламай қолса,

Узум токлари мева тугмаса,

Зайтун дарахтлари ҳосил бермаса,

Даладаги экинлар унмай қолса,

Қўраларда қўйлар қолмаса,

Оғилхоналар бўм–бўш бўлса,

18Шунда ҳам Эгамдан шод бўлурман,

Нажоткорим Худодан қувонурман.

Ижрочилар раҳбарига. Торли асбоблар жўрлигида.

 

 




Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ


Injil Uzbek tili: Yangi Ahd. Latin online
 Matto | Mark | Luqo | Yuhanno | Havoriylar | Yoqub | 1 Butrus | 2 Butrus | Yuhannoning 1chi | Yuhannoning 2chi | Yuhannoning 3chi | Yahudoning | Rimliklarga | Korinfliklarga 1chi | Korinfliklarga 2chi | Galatiyaliklarga | Efesliklarga | Filippiliklarga | Kolosaliklarga | Salonikaliklarga 1chi | Salonikaliklarga 2chi | Timo‘tiyga 1chi | Timo‘tiyga 2chi | Titusga | Filimo‘nga | Ibroniylarga | Vahiy  
Injil Uzbek tili: Eski Ahd. Latin online
IBTIDO | ZABUR

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак

Kitoblar - Kutubxona  |  Simfoniya  |  Guvohliklar  |  Musiqa mp3  |  VIDEO  |  UzLatin.com   |  Telegram kanal @kitoblar_elektron_uz


Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musiqasi


(skachat Hamdu-Sano-Xudoga.pdf 2 mb)
Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika
(skachat Hamdu-Sanolar_Imon-yuli.pdf 1 mb)
Online Yangi o'zbek MP3. Ayni damda musiqa javonida 3gb. guruh. Ҳамду санолар
++ KANAL MP3 https://t.me/uzbekmusika ++


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil skachat - Audio mp3, Download (.zip 624mb)



Yaxshi audio kitoblarni O`zbek tilidagi

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

O'zbek tilidagi Kinolar

Uzbek tilidagi Kinolar

KitoBook.com