Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ



ҲАКАМЛАР

Кириш

 

“Ҳакамлар” китобида Исроил халқининг Худодан юз ўгириши ва бегона худоларга сиғиниши ҳақида баён қилинади. Худо Исроил халқини бутпарастлиги учун жазолаб, жазо сифатида уларни ён–атрофда яшовчи Канъон халқларига мағлуб қилади. Жабр–зулм остида қолган Исроил халқи Худога илтижо қилиб, Ундан ёрдам сўрайди. Шунда Худо ўз халқини озод қилиш учун уларга кетма–кет ҳакам, деб аталган йўлбошчиларни юборади. Ҳакамлар бошчилигида Исроил халқи ғанимлари устидан ғалаба қозонади. Сўнг улар учун фаровонлик даври бошланади. Исроил халқи ҳакамларнинг ҳаётлари даврида Худога содиқ бўлади. Лекин ҳар бир ҳакамнинг вафотидан кейин улар яна Худодан юз ўгиришади. Бундай ҳодисалар қайта–қайта такрорланади.

Одатда ҳакамлар бир нечта қабилага йўлбошчилик қилган, лекин айримлари бутун халқни бошқарган. Ўша пайтда Исроил халқи тарқоқ қабилалардан ташкил топган бўлиб, ягона бир халқ, деб ҳисобланмасди. Уларнинг шоҳи бўлмагани учун, ўша даврда “ҳар бир одам билганини қилар эди” (21:25). Лекин одамлар ягона Худога сажда қилишни ўрганишлари лозим эди, шунинг учун улар бегона худоларга сиғинишни бошлаганларида, Худо ҳар сафар уларни жазоларди.

 

1–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Яҳудо ва Шимўн қабилалари Одонивазахни қўлга оладилар

 

1Ёшуанинг ўлимидан сўнг, Исроил халқи Эгамиздан: “Канъон халқига қарши жанг қилиш учун орамиздан ким биринчи бўлиб чиқсин?” — деб сўради. 2“Яҳудо қабиласи чиқсин, — деди Эгамиз. — Мен бу юртни уларнинг қўлига беряпман.” 3Шунда Яҳудо қабиласи қардоши бўлган Шимўн қабиласига шундай деди: “Келинглар, биргаликда бизга улуш бўлиб тушган ерга борайлик. Ўша ерда биргалашиб Канъон халқига қарши жанг қилайлик. Кейин биз ҳам сизларга тушган улушга эргашиб борамиз.” Шундай қилиб, Шимўн қабиласи улар билан бирга борди. 4Яҳудо қабиласи жангга чиқди. Канъон ва Париз халқларини Эгамиз уларнинг қўлига бергани учун, улар Базах шаҳрида[1] ўн мингта душманини қириб ташлашди. 5Ўша ерда шоҳ Одонивазахга дуч келишди, унга ҳужум қилиб, Канъон ва Париз халқларини мағлуб этишди. 6Одонивазах қочди, аммо улар унинг кетидан қувиб, қўлга олишди ва оёқ–қўлларининг бош бармоқларини чопиб ташлашди. 7Шунда Одонивазах деди: “Оёқ–қўлларининг бош бармоқлари чопиб ташланган етмишта шоҳ дастурхонимдан тушган ушоқларни териб юришар эди[2]. Мен ўша шоҳларнинг бошига солган не–не кунларни Худо қайтариб ўз бошимга солди.” Исроил одамлари Одонивазахни Қуддусга олиб боришди, у ўша ерда жон берди.

 

Яҳудо қабиласи Қуддус билан Хевронни қўлга киритади

 

8Кейин Яҳудо қабиласи Қуддусга ҳужум қилиб, шаҳарни қўлга киритди[3]. Улар у ердагиларни қиличдан ўтказиб, шаҳарга ўт қўйишди. 9Сўнг эса қирларда, ғарбдаги қирлар этакларида ва Нагав чўлида яшовчи Канъон халқига қарши жанг қилиш учун жанубга қараб юришди. 10Яҳудо қабиласи Хеврон шаҳрида[4] истиқомат қилган Канъон халқига ҳужум қилиб, Шешай, Охиман ва Талмай қўшинларини яксон қилди. Хевроннинг эски номи Хират–Арба эди.

 

Ўтниёл Давир шаҳрини қўлга киритади

 

11У ердан Яҳудо одамлари Давир шаҳрига ҳужум қилиш учун йўлга тушишди. Давирнинг эски номи Хират–Сафар эди. 12Шунда Холиб[5]: “Хират–Сафарга ҳужум қилиб, қўлга киритган кишига қизим Ахсани бераман”, — деди. 13Ўтниёл шаҳарни қўлга киритди, Холиб эса унга қизи Ахсани узатди. Ўтниёл — Холибнинг жияни, аниқроғи, Ханаз исмли кенжа укасининг ўғли эди. 14Тўйдан кейин қиз Ўтниёлга[6]: “Келинг, отамдан бир дала сўраб олайлик”, деб туриб олди. Холиб эшакдан тушаётган қизига: “Ҳа, қизим, бирон истагинг борми?” — деб сўради. 15“Менга бир совға қилсангиз, — деди Ахса. — Сиз менга Нагав чўлидаги ерни бердингиз, энди сув булоқларини ҳам ҳадя этинг.” Шундай қилиб, Холиб унга тепадаги ва пастдаги булоқларни берди.

 

Яҳудо ва Бенямин қабилаларининг ғалабалари

 

16Яҳудо халқи пальма шаҳри — Eрихони[7] тарк этди. Мусонинг қайнатаси авлодидан бўлган Хайин халқи Яҳудо халқига эргашиб, Яҳудо чўлига йўл олди. Улар Арод шаҳрининг жанубида жойлашиб, у ерда маҳаллий халқ орасида ўрнашиб олдилар. 17Яҳудо ва Шимўн қабилалари биргаликда Зафат шаҳрида яшайдиган Канъон халқига ҳужум қилиб, шаҳарни ер билан яксон қилишди[8]. Шунинг учун бу шаҳар Хўрмах[9], деб аталган. 18Яҳудо қабиласи Ғазо, Ашқалон, Эхрон шаҳарларини[10] ва уларнинг атрофидаги ерларни қўлга киритди. 19Эгамизнинг Ўзи Яҳудо қабиласи билан бўлгани учун, улар қирларни эгаллаб олдилар. Аммо текисликда яшайдиган халқларни ўз еридан қува олмадилар, чунки ўша халқларнинг темир жанг аравалари[11] бор эди. 20Мусо айтганидек[12], Хеврон шаҳри Холибга берилди. Холиб у ердан Иноқдан келиб чиққан учта уруғни[13] қувиб чиқарди. 21Бенямин қабиласи эса Қуддусда истиқомат қилган Ёбус халқини ҳайдаб чиқармади. Шу сабабдан Ёбус халқи бугунга қадар[14] Қуддусда, Бенямин авлодлари орасида яшаб келмоқда.

 

Эфрайим ва Манаше қабилалари Байтилни босиб олишади

 

22Юсуфнинг икки ўғли — Эфрайим ва Манашедан бино бўлган қабилалар ҳам Байтил шаҳрига[15] ҳужум қилмоқчи бўлиб, йўлга чиқдилар. Эгамиз улар билан эди. 23Байтил ҳақида кўпроқ маълумот йиғиш учун улар ўз айғоқчиларини шаҳар томон юбордилар. Байтил шаҳрининг эски номи Луз эди. 24Айғоқчилар шаҳардан чиқиб келаётган бир одамни кўриб, унга: “Бизга шаҳарга олиб кирадиган яширин кириш жойини[16] кўрсат! Бунинг эвазига жонингни сақлаб қоламиз!” — дедилар. 25Ўша одам уларга йўл кўрсатди. Эфрайим ва Манаше лашкарлари шаҳар аҳолисини битта қўймай қиличдан ўтказишди. Йўл кўрсатган одамни эса бутун оиласи билан бирга қўйиб юборишди. 26Ўша одам Хет халқининг юртига[17] бориб бир шаҳар қурди, унинг номини эса Луз, деб қўйди. Ўша шаҳар бугунга қадар шу ном билан аталади.

 

Исроил халқи қувиб чиқармаган ўзга халқлар

 

27Манаше қабиласи Байт–Шан[18], Танах, Дўр, Йиблаём, Махидў шаҳарлари ва уларнинг қишлоқларида яшаган Канъон халқини ҳайдаб чиқармади, улар ўша ерларда яшайвердилар. 28Вақти келиб, Исроил халқи кучини йиғиб олди, шунда Канъон халқини ўзига бўйсундириб, қарол бўлиб хизмат қилишга мажбур қилди. Аммо шунда ҳам ўз еридан ҳайдаб чиқармади.

29Эфрайим қабиласи ҳам Гезер шаҳридаги Канъон халқини қувиб чиқармади. Канъон халқи Гезерда уларнинг орасида яшайверди.

30Забулун қабиласи ҳам Хитрўн ва Наҳалил шаҳарларида истиқомат қилган Канъон халқини ҳайдаб чиқармади. Канъон халқи Забулун қабиласи билан бирга яшаб, уларга қарол бўлиб хизмат қилишга мажбур бўлди.

31Ошер қабиласи ҳам Аккў, Сидон, Ахлоб, Ахсиб, Хелба, Офиқ ва Рехоб шаҳарларида яшайдиган Канъон халқини еридан ҳайдаб чиқармади. 32Улар ўша юрт аҳолисини ҳайдаб чиқармаганлари учун Канъон халқи билан бирга яшадилар.

33Нафтали қабиласи ҳам Байт–Шамаш ва Байт–Онот шаҳарларининг аҳолисини ҳайдаб чиқармай, ерли халқ — Канъон халқи орасида яшаб қолди. Лекин улар ўша шаҳарлар аҳолисини ўзига бўйсундириб, қарол бўлиб хизмат қилишга мажбур қилдилар.

34Бироқ Амор халқлари[19] Дан қабиласини сиқиб, қирларга чиқиб кетишга мажбур қилдилар, водийга тушишларига йўл қўймадилар. 35Амор халқлари Хар–Харес, Ойжавлон ва Шалбим шаҳарларида яшайвердилар. Лекин Эфрайим ва Манаше қабилалари уларга ўз ҳукмини ўтказиб, қарол бўлиб хизмат қилишга мажбур қилдилар. 36Амор халқлари яшаган ҳудуднинг чегараси Чаёнлар довонидан[20] Селагача чўзилган ва у ердан шимолга қараб кетган эди.

 

2–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Эгамизнинг фариштаси Бохимда

 

1Эгамизнинг фариштаси Гилгалдан[21] Бохимга келиб шундай деди:

— Мен сизларни Мисрдан олиб чиқдим. Онт ичиб, ота–боболарингизга бераман, деган юртга сизларни олиб кирдим. Мен: “Сизлар билан тузган аҳдимни ҳеч қачон бузмайман”, деган эдим. 2Сизларга: “Бу юрт халқлари билан аҳдлашманглар, уларнинг қурбонгоҳларини вайрон қилинглар”, деб айтмаганмидим?! Лекин сизлар амримга итоат қилмай, тескарисини қилдингизлар. 3Бундай қилганингиз учун юртингизда яшаб юрган бу халқларни Мен энди ҳайдаб чиқармайман. Улар сизларга душман бўлиб[22], уларнинг худолари сизларга тузоқ бўладилар.

4Эгамизнинг фариштаси бу сўзларни айтгач, бутун Исроил халқи фарёд кўтарди. 5Шундай қилиб, улар ўша ерни Бохим[23], деб атаб, Эгамизгақурбонликлар келтирдилар.

 

Ёшуанинг ўлими

 

6Ёшуа Исроил халқини тарқатиб юборгандан сўнг, ҳар бир одам ўзига тушган ерни мулк қилиб олиш учун йўлга тушганди. 7Ёшуа даврида одамлар Эгамизга сажда қилишар эди. Улар Ёшуанинг ўлимидан сўнг, Эгамиз Исроил учун қилган буюк ишларини кўрган оқсоқоллар даврида ҳам Эгамизнинг амрларини бажаришар эди. 8Эгамизнинг қули Нун ўғли Ёшуа 110 ёшида оламдан ўтди. 9Уни Гаш тоғининг шимолида жойлашган Эфрайим қирларидаги Тимнат–Серахда[24], ўзи улуш қилиб олган ерида дафн қилишди. 10Бутун кекса авлод ҳам оламдан ўтди. Исроил халқининг ёш авлоди эса Эгамизни тан олмади, Унинг Исроил халқи учун қилган буюк ишларини билмади.

 

Исроил халқи Эгамизга сажда қилмайди

 

11Исроил халқи Эгамизнинг олдида қабиҳликлар қилди, улар Баал деган худонинг тасвирларига сиғина бошлашди. 12Эгамиз уларни Мисрдан олиб чиққан бўлса–да, улар ота–боболарининг Худосидан юз ўгиришди. Бошқа худоларга — ён–атрофда яшовчи халқларнинг худоларига эргашишди. Уларга сажда қилиб, Эгамизнинг қаҳрини келтиришди. 13Исроил халқи Эгамиздан юз ўгириб, Баалга ва Аштаретнинг тасвирларига сажда қилаётган эди. 14Бундан ғазабланган Эгамиз уларни босқинчилар қўлига бериб, талон–тарож қилдирди ва ён–атрофдаги ғанимларга таслим қилди. Бундан буён Исроил халқи душманларига қаршилик кўрсата олмас эди. 15Исроил халқи қаерда жанг қилмасин, Эгамиз огоҳлантирганидек, уларнинг бошларига фалокат келтириш учун ҳар сафар уларга қарши Ўзи чиқар эди. Исроил халқи оғир аҳволда қолган эди.

16Эгамиз уларни босқинчилар қўлидан озод қилиш учун ҳакамларни[25] юборди. 17Лекин улар ҳатто ҳакамларига қулоқ солмадилар. Эгамизга бевафолик қилиб, бошқа худоларга сажда қилавердилар. Улар Эгамизнинг амрларига итоат қилган ота–боболарига ўхшамай, тез орада аждодлари юрган ҳақ йўлдан оздилар. 18Эгамиз уларга ҳакам юборар экан, ҳар бир ҳакам билан Ўзи бўлар эди, ўша ҳакам даврида халқини душманлардан халос қиларди. Чунки золим ва зўравонларнинг дастидан нолиган халққа Эгамизнинг раҳми келар эди. 19Аммо ҳакам оламдан кўз юмгач, улар яна эски қилмишларига қайтишар эди. Ота–боболаридан ҳам баттар гуноҳлар қилиб, бошқа худоларга сажда қилишар, уларга сиғинишар эди. Бу одатларининг биронтасини ҳам қолдирмай, қилмишларини ўжарлик билан давом эттиришар эди. 20Исроил халқидан қаттиқ ғазабланган Эгамиз шундай деди: “Бу одамлар гапимга кирмай, Мен ота–боболари билан тузган аҳдимни буздилар! 21Шунинг учун Мен уларнинг ораларида Ёшуанинг ўлимидан кейин қолиб кетган бегона халқларнинг биронтасини ҳам уларнинг ҳузуридан ҳайдаб чиқармайман.” 22Исроил халқи ота–боболари сингари Эгамизнинг йўлидан юриш–юрмаслигини кўриш учун, 23Эгамиз бу халқларни Ёшуага таслим қилмаган эди. Уларнинг ҳаммасини бирданига ҳайдаб чиқармай, юртда қолишларига ижозат берган эди.

 

3–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Юртда қолган ўзга халқлар

 

1-2Эгамиз, Канъон юртида бўлиб ўтган биронта урушда қатнашмаган Исроил халқини синай, ҳеч қачон уруш кўрмаган бу янги авлодга жангни ўргатай, деб қуйидаги халқларни қолдирган эди: 3бешта Филист бекини[26], барча Канъон халқларини, Сидонликлар ва Баал–Хермон тоғидан то Лево–Хоматгача[27]Лубнон қирларида яшаган Хив халқини. 4Улар ёрдамида Эгамиз Ўз халқи Исроилни синаб, Мусо орқали ота–боболарига берган амрларга итоат қилиш–қилмаслигини кўрмоқчи эди. 5Шундай қилиб, Исроил халқи Канъон, Амор, Париз, Хив, Хет ва Ёбус халқларининг орасида яшади. 6Улар ўша халқлар билан апоқ–чапоқ бўлиб, қиз олиб, қиз беришарди, ҳатто худоларига ҳам сиғинишарди.

 

Ўтниёл

 

7Исроил халқи Эгамизнинг олдида қабиҳ ишлар қилар эди. Улар ўз Эгаси Худони эсларидан чиқариб, Баал ва Ашеранинг тасвирларига сиғинишар эди. 8Бундан ғазабланган Эгамиз уларни Орам–Нахрайим[28] шоҳи Кушонриштамга тобе қилиб қўйди. Улар саккиз йил давомида Кушонриштамнинг хизматида бўлишди. 9Аммо Исроил халқи Эгамизга илтижо қилгач, Эгамиз уларга қутқарувчи қилиб Ўтниёлни юборди. Ўтниёл Холибнинг жияни, аниқроғи, кенжа укаси Ханазнинг ўғли эди. 10Эгамизнинг Руҳи Ўтниёлни қамраб олди. Ўтниёл Исроил халқига ҳакам[29] бўлди. Ўтниёл Месопотамия шоҳи Кушонриштамга қарши жанг қилиб, уни енгди, чунки Эгамиз шоҳни унинг қўлига берган эди. 11Шундан кейин юртда қирқ йил тинчлик, осойишталик бўлди. Сўнг Ханаз ўғли Ўтниёл оламдан ўтди.

 

Эҳуд

 

12Исроил халқи Эгамизнинг олдида яна қабиҳликлар қилгани учун, Эгамиз Мўаб юртининг[30] шоҳи Эглонни уларга қарши қўзғатди. 13Шоҳ Эглон Оммон ва Омолек халқлари билан биргаликда Исроил халқини енгиб, пальма шаҳри — Eрихони[31] қўлга киритди. 14Шундай қилиб, Исроил халқи ўн саккиз йил давомида Мўаб юртининг шоҳи Эглонга қарам бўлиб яшади.

15Аммо Исроил халқи Эгамизга илтижо қилиши биланоқ, Эгамиз уларга Эҳуд исмли бир қутқарувчини юборди. Гера ўғли Эҳуд Бенямин қабиласидан бўлиб, чапақай эди. Исроил халқи Эҳуд орқали Мўаб шоҳи Эглонга ўлпон жўнатди. 16Эҳуд ўзига узунлиги бир тирсак[32] бўлган ханжар ясаб, уни ўнг томонига, кийимининг ичидан тақиб олганди. 17У ўлпонни шоҳ Эглон ҳузурига олиб кирди. Шоҳ Эглон ҳаддан ташқари семиз бир одам эди. 18Эҳуд ўлпонни тақдим қилиб бўлгач, ҳадяларни кўтариб келган одамлар билан бирга уйга йўл олди. 19Бироқ улар Гилгалдаги[33] тош ҳайкаллар[34] ўрнатилган жойга етганларида, Эҳуд изига қайтди. У Эглоннинг олдига келиб: “Эй, ҳазрати олийлари, сизга айтадиган бир сирим бор”, — деди. Шоҳ: “Бизни ҳоли қўйинглар!” — дейиши биланоқ, унинг ҳузуридаги хизматкорлар чиқиб кетишди. 20Шоҳ салқин болохонасида ёлғиз ўзи қолди. Эҳуд унга яқинлашиб: “Мен сизга Худонинг хабарини етказмоғим лозим”, — деди. Эглон ўрнидан турди. 21Шунда Эҳуд ўнг тарафида осилган ханжарни чап қўли билан суғуриб олиб, Эглоннинг қорнига санчди. 22Ханжар сопи билан Эглоннинг қорнига кириб кетди, тешигини эса ёғ қоплади. Эҳуд ханжарни суғуриб олмади, ханжар тиғи шоҳнинг қорнини ёриб бутидан чиқди[35]. 23Эҳуд айвонга чиқди, болохона эшикларини ёпиб, қулфлади. 24У кетиши биланоқ, Эглоннинг хизматкорлари келишди. Эшик қулф эканлигини кўришгач: “Шоҳимиз салқингина хонада ҳожатини чиқараётган бўлсалар керак”, деган хаёлга боришди. 25Аммо болохонанинг эшиклари ҳадеганда очилавермагандан сўнг, хизматкорлар безовталанишди. Улар ташқарида анча кутиб қолишганидан кейин, калит олиб, эшикни очишди. Қарашса, шоҳ ҳазратлари жонсиз ётган экан.

26Эҳуд эса пайтдан фойдаланиб, қочиб қолган эди. У тош ҳайкаллар олдидан ўтиб, Савиро шаҳрига борди. 27Эфрайим қирларига етиб келганда бурғу чалиб, Исроил халқини жангга даъват қилди. Эҳуд ҳаммани бошлаб қирлардан пастга тушар экан, 28Исроил халқига: “Орқамдан юринглар! — деди. — Душманимиз Мўаб халқини Эгамиз сизларнинг қўлингизга берди–ку!” Исроил халқи Эҳудга эргашди. Улар Иордан дарёсининг кечув жойларини қўлга олиб, биронта одамни ҳам у ердан ўтказишмади. 29Ўша куни улар ўн мингтача бақувват ва жасур Мўаб сипоҳларини ўлдиришди. Биронтаси ҳам Исроил халқининг қўлидан қочиб қутулмади. 30Ўша куни Исроил халқи Мўаб лашкарини мағлуб қилди. Юртда саксон йил тинчлик, осойишталик бўлди.

 

Шамгар

 

31Эҳуддан кейин Онот ўғли Шамгар ҳакам бўлди. У ҳам Исроил халқини қутқариб, говрон билан олти юз нафар Филист сипоҳини ўлдирганди.

 

4–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Добира ва Барақ

 

1Эҳуднинг ўлимидан сўнг Исроил халқи яна Эгамизнинг олдида қабиҳ ишлар қилди. 2Эгамиз эса уларни Хазор шаҳри тахтида ўтирган Канъон шоҳи Ёбинга қарам қилиб қўйди. Унинг лашкарбошиси Харошет–Хагойим шаҳрида яшаган Сисаро эди. 3Ёбиннинг тўққиз юзта темир жанг араваси[36] бор эди. Унинг йигирма йил давомида ўтказиб келган зулмига чидай олмаган Исроил халқи нажот сўраб, Эгамизга илтижо қилди.

4Айни замонда пайғамбар аёл, Лаппидўтнинг хотини — Добира Исроил халқига ҳакам[37] бўлиб хизмат қилаётган эди. 5У Рама ва Байтил шаҳарлари ўртасида, Эфрайим қирларидаги маълум бир пальма дарахти тагида ўтирар, Исроил халқи эса жанжалли масалаларни ечиш учун унинг олдига борар эди. Кейинчалик халқ ўша пальма дарахтига Добира, деб ном қўйди. 6Бир куни Добира Нафтали ерларидаги Кедеш шаҳрига бир одам жўнатиб, Барақни чақиртириб келди. Барақ Абунавамнинг ўғли эди. Добира Бараққа шундай деди:

— Исроил халқининг Худоси — Эгамиз сенга амр қилмоқда: “Бор, ўзинг билан Нафтали ва Забулун қабилаларидан ўн минг нафар одамни Товур тоғига[38] олиб чиқ. 7Мен Ёбиннинг лашкарбошиси Сисарони, жанг аравалари ва лашкари билан Хишон сойлигининг ёнида сенга рўбарў қиламан. Бу жангда уларни сенинг қўлингга бераман.”

8— Агар сен мен билан борсанг, бораман, бормасанг, мен ҳам бормайман, — деди Добирага Барақ.

9Добира шундай жавоб берди:

— Албатта сен билан бораман, лекин билгинким, бу ғалаба сенга шараф келтирмайди, зеро, Эгамиз Сисарони аёл кишининг қўлига беради.

Шундай қилиб, Добира Барақ билан Кедешга жўнади. 10Барақ Нафтали билан Забулун лашкарларини Кедешга тўплади. Тўпланганлардан ўн мингтаси Бараққа эргашди, Добира ҳам улар билан борди.

11Шу орада Хайин халқидан бўлган Хабер исмли бир киши ўз уруғ–аймоқларидан ажралиб, бошқа жойга кўчиб ўтган эди. У ўз чодирини Кедешнинг яқинидаги, Зананимдаги эман дарахтининг ёнига қурган эди. Ўша одам Мусонинг қайнағаси[39] Хўвов уруғидан эди.

12Сисаро Абунавам ўғли Барақнинг Товур тоғига чиққанини эшитгач, 13тўққиз юз темир жанг араваси билан барча лашкарларини Харошет–Хагойимдан олиб чиқиб, Хишон сойлигида тўплади. 14Шунда Добира Бараққа деди: “Қани, бўл! Эгамиз бугун Сисарони сенга таслим қилади. Худонинг Ўзи сени жангга бошлаб боради.” Барақ ўн мингта одамга бош бўлиб, Товур тоғидан тушди. 15Барақ ҳужум қилгач, Сисарони, унинг жанг араваларию лашкарларини Эгамиз саросимага солди. Сисаро жанг аравасидан тушди–да, қочиб қолди. 16Барақ жанг араваларини ва лашкарларни Харошет–Хагойимгача таъқиб қилди. Сисаронинг барча лашкарларини қиличдан ўтказди, улардан бирортаси ҳам омон қолмади.

17Сисаро қочиб, Хабернинг хотини Ёвелнинг чодирига борди, чунки Хазор шоҳи Ёбин Хабер уруғи билан сулҳ тузган эди. Хабер Хайин халқидан эди. 18Ёвел Сисарони қарши олиб:

— Келинг, тўрам, ичкарига киринг, қўрқманг, — деди.

Сисаро ичкарига кирди, Ёвел уни чодир пардасининг орқасига яшириб қўйди. 19Кейин Сисаро унга:

— Илтимос, озгина сув бер, чанқаб кетдим, — деди.

Ёвел мешни очиб, унга сутдан ичирди. Сўнг Сисарони яна парда билан тўсиб қўйди. 20У эса Ёвелга шундай деди:

— Чодирнинг кираверишига бориб тур, агар бирортаси келиб сендан: “Бу ерда бирор одам борми?” — деб сўраса, “Йўқ”, — деб жавоб бер.

21Сисаро чарчаганидан ётиб ухлаб қолди. Хабернинг хотини Ёвел эса бир қўлига чодир қозиғини, бошқа қўлига болға олиб секингина унинг олдига борди. Қозиқни Сисаронинг чаккасига қоқиб, бошини ерга қадаб қўйди. Сисаро ўлди. 22Ёвел Сисарони қувиб келаётган Барақни қарши олгани чиқиб: “Келинг, мен сизга қидираётган одамингизни кўрсатаман”, — деди. Барақ чодирга кирди. Қараса, Сисаро ўлиб ётибди, чаккасига қозиқ қоқилган экан.

23Ўша куни Худо Канъон халқининг шоҳи Ёбинни Исроил халқига бўйсундирди. 24Исроил халқи кундан–кунга кучайиб, охири Канъон шоҳи Ёбинни бутунлай йўқ қилди.

 

5–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Добира ва Барақнинг қўшиғи

 

1Абунавам ўғли Барақ билан Добира ўша куни шундай қўшиқ куйлашди:

2“Исроил йўлбошчилари йўл бошлаганда,

Халқ фидойилик кўрсатганда,

Эгамизга ҳамду санолар айтинг!

3Эшитинг, сизлар, эй, шоҳлар!

Қулоқ солинг, эй, йўлбошчилар!

Эгамизга мен қўшиқ айтурман,

Исроил халқининг Худоси —

Эгамизни куйлаб соз чалурман.

4Сен, эй, Эгам, Сеирдан йўлга чиққанингда,

Эдом бўйлаб юриш қилганингда,

Ер силкинди, осмон ёмғирин қуйди,

Ҳа, булутлар шаррос ёмғирин тўкди.

5Тоғлар титради Синайдаги Эгамиз олдида,

Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг олдида.

6Онот ўғли Шамгар даврида,

Ёвел замонида юрмай қўйганди карвон.

Йўловчилар сўқмоқдан юришга бўлди мажбур.

7Исроил қишлоқлари ҳувиллаб қолди буткул.

Мен, Добира, келгунимга қадар,

Исроилнинг волидаси сингари,

Бўм–бўш эди Исроил қишлоқлари!

8Янги худоларни Исроил халқи танлаганда,

Жанг қизиди шаҳар дарвозаларида.

На қалқони, на найзаси бор эди

Исроилнинг қирқ мингта сипоҳида.

9Қалбим мойил Исроил йўлбошчиларига,

Халқнинг орасидаги фидойиларга.

Эгамизга ҳамду санолар бўлсин!

10Эшитинг[40], эй, оқ хачир минганлар,

Қимматбаҳо эгарларда ўтирганлар!

Эй, йўлда яёв юрганлар!

11Қудуқ олдида тўпланган

Қишлоқ чўпонларининг[41] овозларин эшитинг.

Мадҳ қилаётир улар Эгамизнинг зафарларини,

Исроилдаги қишлоқларнинг ғалабаларини.

Шаҳар дарвозаларига ҳамла қилди Эгамиз халқи:

12“Олға бос, Добира, олға бос илдам!

Олға бос, куйлагин жанговар қўшиқ!

Абунавам ўғли Барақ! Қани, бўл сен ҳам!

Асирларингни ўзинг бошлагин!”

13Халқнинг қолгани бўйсундирди баҳодирларни,

Эгамиз халқи мағлуб қилди паҳлавонларни,

14Омолекларни енгган Эфрайимдан[42] чиққанди.

Бенямин ҳам сенга эргашди,

Мохир наслидан келишди лашкарбошилар,

Забулун қавмидан — ҳокимлик таёғин тутганлар.

15Добирага қўшилди Иссахор йўлбошчилари,

Барақни қўллади Иссахор ўғлонлари.

Водийга шошилди улар Барақ ортидан.

Аммо беқарорлик қилди Рубеннинг насли.

16Нега сизлар қўраларда қолдингиз, эй, Рубен?

Чўпонларнинг қурей–қурейларин эшитганими?!

Беқарорлик қилди–ку Рубеннинг насли.

17Гилад Иордан ортида қолди.

Дан кемалари ёнида қолди.

Ошер денгиз соҳилида ўрнашиб олди,

Ўз кўрфазларида жойлашиб қолди.

18Ўлимдан қўрқмади Забулун лашкари,

Жонин аямади Нафтали ҳам жанг майдонида.

19Танахда, Махидў сувлари ёнида

Канъон шоҳлари уруш очишди.

Бироқ хазинани улар ўлжа қила олмади.

20Жанг қилди юлдузлар самода туриб[43],

Сисарога уруш қилди ўз йўлларида юриб.

21Супуриб ташлади душманни Хишон дарёси,

Ўша кўҳна дарё — Хишон дарёси.

Эй, жоним! Куч–ла олға бос!

22Арғумоқлар келди дупур–дупур қилиб,

Сисаро отларининг туёқлари ерни тамғалаб.

23“Мироз шаҳрини лаънатла,

— дейди Эгамизнинг фариштаси, —

Аҳолисини ҳам қаттиқ қарғагин,

Улар келмади Эгамизга мадад бергани,

Паҳлавонларга қарши Эгамизга мадад бергани.”

24Хайин уруғидан бўлган Хабернинг хотини —

Ёвел аёллар орасида барака топсин!

Чодирларда яшайдиган аёлларнинг бахтлиси бўлсин.

25Сисаро сув сўраганда Ёвел келтирди сут,

Шоҳкосада қатиқ олиб келди у.

26Чодир қозиғини қўлига олди,

Ўнг қўлида болғани тутди.

Зарба билан Сисаронинг бошини ёрди,

Чаккасига бир уриб, тешиб юборди.

27Сисаро сулайиб йиқилиб тушди,

Ёвелнинг оёғи остида чурқ этмай қолди.

Ёвелнинг оёғи остида сулайиб қолди,

Йиқилган жойида жон таслим қилди.

28Сисаронинг онаси деразадан кўчага қарар,

Панжара ортидан у зорланиб айтар:

“Аравалар қолиб кетди намунча?

Туёқлар овози эшитилмас ҳанузгача?”

29Жавоб берар унинг доно аёллари,

Жавоб берар такрор–такрор ўзига ўзи:

30“Бўлишаётгандир улар ўлжани,

Ҳар қайси сипоҳга бир–икки жувонни,

Сисарога ранг–баранг либосларни.

Ғолибларга олиб келар икки ҳисса қилиб

Нафис нақшли либосларни.”

31Эй, Эгамиз! Душманларинг барчаси

Сисарога ўхшаб қирилиб кетсин!

Дўстларинг–чи, чиқаётган қуёшдай

Чарақлаб турсин!”

Юртда қирқ йил тинчлик барқарор бўлди.

 

6–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Гидўн

 

1Исроил халқи Эгамизнинг олдида қабиҳликлар қилди. Эгамиз уларни етти йилга Мидиён халқининг[44] қўлига берди. 2Мидиёнларнинг зулмига чидай олмаган Исроил халқи тоғларда, ғорларда ва адирлардаги пана жойларда яшириниб юрди. 3Ҳар сафар Исроил халқи экин экканда, Мидиёнлар, Омолек халқи ва шарқдаги кўчманчилар биргаликда уларнинг ерларига бостириб киришарди. 4Улар Исроил ерида қароргоҳ қуриб, то Ғазо шаҳри атрофларигача бўлган ҳамма ҳосилларини нобуд қилишарди. Исроил халқи учун ҳеч қандай озуқа қолдирмай, қўй, эшак, молларигача тортиб олишарди. 5Душман галалари ўзлари билан чорвасини олиб, ҳатто чодирларини ҳам кўтариб келишарди. Улар чигиртка[45] каби ғижиллаб ётар эди, одамларнинг ва туяларининг саноғига етиб бўлмасди. Улар келиб, бутун юртни хароб қилишарди. 6Мидиёнларнинг дастидан жабр–жафо кўрган Исроил халқи Эгамиздан нажот сўраб, фарёд қилди.

7Исроил халқи Эгамизга фарёд қилганда, 8Эгамиз уларга бир пайғамбар юбориб, қуйидагиларни хабар қилди:

— Исроил халқининг Худоси — Эгангиз шундай айтмоқда: “Сизларни Мисрдаги қулликдан олиб чиққан Мен эдим. 9Мен сизларни Мисрликларнинг қўлидан ҳамда бу юртда сизларга зулм ўтказган барча халқлардан халос қилдим. Уларни ўз юртларидан ҳайдаб, ерларини сизларга бердим. 10Сизларга, Мен Эгангиз Худоман, сизлар Амор халқларининг[46] юртида яшаб юрсангиз ҳам, уларнинг худоларига сажда қилманглар, деган эдим. Аммо сизлар гапларимга қулоқ солмадингизлар.”

11Кейин Эгамизнинг фариштаси Ўфра шаҳрига келиб, эман дарахтининг тагида ўтирди. Бу дарахт Абуазар уруғидан бўлган Йўшга тегишли эди. Ўша пайтда унинг ўғли Гидўн Мидиёнлардан бекиниб, шароб тайёрланадиган чуқурда буғдой янчиётган эди. 12Эгамизнинг фариштаси унга зоҳир бўлиб деди:

— Эй, довюрак жангчи, Эгамиз сен билан биргадир.

13— Агар Эгамиз биз билан бирга бўлса, нима учун бу кулфатлар бошимизга тушган экан?! — деди Гидўн. — Ота–боболаримиз: “Эгамиз бизни Мисрдан олиб чиқди”, дея бизга айтиб берган эди, Эгамизнинг ажойиб ишлари қаерда қолди?! Эгамиз бизни тарк этиб, Мидиёнларнинг қўлига бериб қўйди–ку.

14Шунда Эгамиз унга қараб деди:

— Қани, бўл, бор қудратингни ишга солиб, Исроил халқини Мидиёнларнинг қўлидан халос қил. Мен Ўзим сени юборяпман.

15— Эй, тўрам[47], қандай қилиб мен Исроил халқини халос қила оламан? — деди Гидўн. — Менинг уруғим Манаше қабиласининг энг заифи бўлса, ўзим эса отам хонадонининг кенжаси бўлсам.

16Эгамиз унга деди:

— Мен сен билан бўламан, сен Мидиёнларнинг ҳаммасини бир одамни енггандай осонликча енгасан.

17Шунда Гидўн деди:

— Агар марҳаматингга сазовор бўлган бўлсам, сен чиндан ҳам Эгамиз Худо эканлигингни исботлаб, бирон бир аломат кўрсат. 18Назр олиб келиб, сенга тақдим қилгунимга қадар бу ердан кетма.

— Майли, қайтиб келгунингга қадар шу ерда бўламан, — деди У.

19Гидўн уйига бориб, битта улоқчани пиширди, бир тоғора[48] ундан юпқалар тайёрлади. Улоқчанинг гўштини саватга, шўрвасини эса товоққа солиб, эман дарахтининг тагида ўтирган Эгамизнинг фариштасига олиб бориб, тақдим қилди. 20Эгамизнинг фариштаси унга деди:

— Гўшт ва юпқаларни олиб, мана бу тошнинг устига қўйгин, шўрвани эса буларнинг устидан қуй.

Гидўн айтилгандай қилди. 21Эгамизнинг фариштаси қўлидаги таёқнинг учини гўшт ва юпқаларга теккизиши биланоқ тошдан олов чиқиб гўшт ва юпқаларни куйдириб юборди. Сўнг Эгамизнинг фариштаси кўздан ғойиб бўлди. 22Шунда Гидўн ўша одам Эгамизнинг фариштаси эканлигини фаҳмлаб:

— Вой, шўрим қуриди! — деди — Ё, Эгам Раббий, мен фариштангнинг юзини кўрдим[49].

23Эгамиз:

— Тинчлан, — деди. — Қўрқма, сен ўлмайсан.

24Гидўн Эгамизга атаб бир қурбонгоҳ қуриб, унинг номини: “Эгамиз тинчликдир”, деб атади. Қурбонгоҳ бугунга қадар[50] Абуазар уруғига қарашли бўлган Ўфрада бор.

25Худди ўша куни кечаси Эгамиз Гидўнга шундай деди: “Отангнинг етти яшар иккинчи буқасини[51] ол, отанг Баалга атаб қурдирган қурбонгоҳни вайрон қил. Қурбонгоҳ ёнидаги Ашерага аталган устунни ҳам кесиб ташла. 26Шу ердаги қалъанинг тепасига чиқиб, Эганг Худога — Менга атаб бир қурбонгоҳ қур. Қурбонгоҳ тошлари бир–бирининг устига текис терилган бўлсин. Сўнг ўша буқани[52] олиб, қурбонгоҳда қурбонлик қилиб куйдир. Ўтин ўрнига кесиб ташланган устунни ишлат.” 27Гидўн ўнта хизматкорини олиб, худди Эгамиз айтгандай қилди. Аммо уйдагиларидан ва шаҳардаги одамлардан қўрққанидан буни кундуз куни қилмай, кечаси қилган эди.

28Шаҳар аҳолиси эрта билан саҳарда турганда Баал қурбонгоҳи вайрон бўлганини, ёнидаги Ашеранинг устуни кесиб ташланганини ва янги қурилган қурбонгоҳнинг устида буқа қурбонлик қилинганини кўришди. 29Улар бир–бирларидан: “Буни ким қилган экан?” — деб сўрай бошладилар. Сўраб–суриштиргандан кейин буни Йўш ўғли Гидўн қилганини аниқлашди. 30Шунда шаҳар аҳолиси Йўшга:

— Ўғлингни бу ерга олиб чиқ! — дедилар. — Биз уни ўлдирамиз! У Баал қурбонгоҳини бузибди, қурбонгоҳ ёнидаги Ашеранинг устунини ҳам кесиб ташлабди.

31— Сизлар ҳали Баалнинг тарафини оляпсизларми?! — дея Йўш ғазабланган оломонга дўқ урди. — Уни ҳимоя қиляпсизларми? Ким унинг тарафини олса, тонг отгунча ўлдирилади. Агар у худо бўлса, вайрон бўлган қурбонгоҳи учун ўзи ўч олсин.

32Гидўн Баал қурбонгоҳини бузиб ташлагани учун, одамлар ўша кундан бошлаб Гидўнни Еруббаал, деб атай бошладилар. Бу: “Баал ўзи ўч олсин”, деганидир.

33Мидиёнлар, Омолек халқи ва шарқдаги кўчманчилар биргаликда Иордан дарёсидан ўтиб, Йизрил водийсида қароргоҳ қурдилар. 34Эгамизнинг Руҳи Гидўнни қамраб олди. Гидўн бурғу чалиб, Абуазар уруғидан бўлганларни ўзига эргашишга чақирди. 35У бутун Манаше ҳудуди бўйлаб чопарлар жўнатиб, у ердагиларни ҳам ўз атрофига йиғди. У Ошер, Забулун ва Нафтали қабилаларига ҳам ўз чопарларини юборган эди. Улар ҳам келиб Гидўнга қўшилишди.

36Шунда Гидўн Худога деди: “Исроил халқини мен орқали озод қилишингни айтган эдинг, бунга амин бўлмоқ учун, 37мана мен титилган жунни хирмонга қўяман. Агар эрталаб шудринг фақатгина жуннинг устида бўлиб, ер қуп–қуруқ бўлса, Сен Исроил халқини мен орқали озод қилишингга ишонаман.” 38Худди шундай бўлди. Эртаси куни Гидўн барвақт туриб, жунни олиб сиқди, жундан бир коса сув чиқди. 39Шунда Гидўн Худога деди: “Менга қаҳринг келмасин, Сенга яна биргина гапим бор. Илтимос, жун билан яна бир бор синов ўтказай. Бу сафар шунақа қилгинки, жуннинг усти қуп–қуруқ, ернинг усти эса шудринг билан қопланган бўлсин.” 40Шу кечада Худо худди шундай қилди. Жуннинг усти қуп–қуруқ бўлиб, ернинг усти эса шудринг билан қопланган эди.

 

7–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Гидўн Мидиёнларни яксон қилади

 

1Еруббаал, яъни Гидўн, ҳамма лашкарлари билан барвақт туриб, қароргоҳини Харўд булоғининг бўйида жойлаштирди. Мидиёнларнинг қароргоҳи эса улардан шимолда, Мўре тепалигининг[53] ёнидаги водийда жойлашган эди.

2Эгамиз Гидўнга деди: “Сенинг лашкаринг жуда кўп бўлгани учун, Мидиёнларни қўлларингга беролмайман. Акс ҳолда Исроил халқи, Мени улуғламай, ғалабага ўз кучимиз билан эришдик, деб ўзига бино қўяди. 3Душмандан қўрққанларга ижозат бер, Гилад тоғини[54] тарк этиб, уйларига қайтиб кетсинлар.” Шундай қилиб, одамларнинг йигирма икки мингтаси қайтиб кетиб, ўн мингтаси қолди.

4Кейин Эгамиз Гидўнга деди: “Қолган лашкар ҳам кўплик қилади. Уларни сув бўйига олиб туш, у ерда сенга уларни ажратиб бераман. Мен сенга, буниси сен билан боради, деганим сен билан боради, буниси эса сен билан бормайди, деганим сен билан бормайди.”

5Гидўн лашкарни сув бўйига олиб тушди. Эгамиз унга деди: “Сувни итга ўхшаб, ялаб ичганларнинг ҳаммасини бир тарафга, чўккалаб ичганларни эса бошқа тарафга турғизиб қўй.” 6Сувни ҳовучлаб ялаганларнинг сони уч юзта эди. Лашкарларнинг қолганлари эса чўккалаб сувни ичганди. 7Эгамиз Гидўнга деди: “Сувни ялаб ичган уч юзта одам билан сизларни озод қилиб, Мидиёнларни қўлларингга бераман. Қолганларни қўйиб юбор, уйларига қайтиб кетаверишсин.” 8Гидўн уч юзта одамдан бошқа ҳаммасини уйларига қайтариб юборди. Аммо кетганларнинг озиқ–овқату бурғуларини олиб қолди.

Мидиёнларнинг қароргоҳи пастда, водийда жойлашган эди.

9Ўша куни кечаси Эгамиз Гидўнга деди: “Тур, қароргоҳга ҳужум қил. Мен уни сенинг қўлингга бердим. 10Агар қўрқаётган бўлсанг, Пурах деган хизматкорингни олиб, қароргоҳга туш. 11Мидиёнларнинг гапини эшитгач, юрак ютиб қароргоҳга ҳужум қиласан.” Гидўн Пурах исмли хизматкорини олиб пастга, ёв қароргоҳининг этагига тушди. 12Мидиёнлар, Омолек халқи ва шарқдаги кўчманчилар водийда чигиртка[55] каби ғижиллаб ётарди. Уларнинг туялари эса денгиз қирғоғидаги қум каби сон–саноқсиз эди. 13Гидўн ёв қароргоҳига етиб борганда, бир одам ўзининг биродарига тушини айтиб бераётганини эшитиб қолди. Ўша одам шундай ҳикоя қилаётган эди:

— Мен бир туш кўрдим. Тушимда арпадан пиширилган қандайдир бир нон Мидиён қароргоҳига юмалаб келиб, чодирга урилибди. Чодир эса ағдарилиб тушибди.

14— Бу аниқ Исроил халқидан бўлган Йўш ўғли Гидўннинг қиличидир! — деди биродари. — Худо Мидиёнларни барча лашкар–пашкари билан унинг қўлига берган экан–да!

15Гидўн туш таъбирини эшитгач, Худога сажда қилди. Орқага — Исроил халқининг қароргоҳига қайтиб: “Қани, кетдик! Эгамиз Мидиён лашкарларини қўлимизга берди”, — деди. 16Кейин уч юзта одамни уч қисмга бўлиб, ҳар бирининг қўлига биттадан бурғу ва бўш кўзадан берди. Кўзаларнинг ичида эса биттадан машъала бор эди. 17Гидўн лашкарларига шундай деди:

— Ёв қароргоҳига яқинлашганимда мени яхшилаб кузатиб туринглар. Мен нима қилсам, сизлар ҳам шуни қилинглар. 18Қароргоҳни ўраб олинглар. Мен ёнимдагилар билан бурғу чалганимда, сизлар ҳам бурғу чалиб, овозингиз борича: “Эгамиз ва Гидўн учун олға!” деб бақиринглар.

19Ярим тунда, душман қароргоҳида соқчилар энди алмашиб бўлган пайтда, Гидўн ёнидаги юзта одам билан қароргоҳга яқинлашди. Улар бурғу чалиб, қўлларидаги кўзаларни чарсиллатиб синдирдилар. 20Лашкарларнинг қолган икки қисми ҳам бурғу чалиб, кўзаларни синдирди. Ҳаммалари ўнг қўлларида бурғу, чап қўлларида машъала ушлаганча: “Эгамиз ва Гидўн учун олға!” — деб қичқирдилар. 21Гидўн одамларининг ҳар бири қароргоҳ атрофидаги ўз жойида турарди. Қароргоҳдагилар эса саросима ичида, бақириб қочишарди. 22Гидўннинг уч юзта одами бурғу чалганда, душман қароргоҳидаги лашкарлар бир–бирини ўлдира бошладилар. Бу Эгамизнинг қудрати эди. Сўнг Мидиён лашкарлари Зариро томон югуриб, то Байт–Шиттахгача, Таббот яқинидаги Овил–Махла шаҳрининг[56] чегарасигача қочишди. 23Шунда Гидўн Мидиёнларни таъқиб қилиш учун Нафтали, Ошер ва Манаше қабилаларининг одамларини чақиртирди.

24У бутун Эфрайим қирлари бўйлаб чопарлар жўнатиб деди: “Пастга тушиб Мидиёнларга қарши жанг қилинглар. Иордан дарёсининг ва Байт–Борогача бўлган барча сув оқимларининг кечув жойларини қўлга олиб, Мидиёнларнинг ўтишига йўл қўйманглар.” Эфрайим одамларининг ҳаммаси тўпланиб, Иордан дарёсининг ва Байт–Борогача бўлган барча сув оқимларининг кечув жойларини эгаллаб олдилар. 25Улар Мидиёнларнинг иккита лашкарбошиси Орив ва Заёвни[57] Иорданнинг шарқий қирғоғигача таъқиб қилиб, қўлга олишди. Оривни бир қоянинг олдида, Заёвни эса шароб тайёрланадиган чуқурнинг олдида ўлдиришди. Кейинчалик бу жойлар Орив қояси ва Заёв чуқури, деб аталадиган бўлди. Сўнг Мидиёнларни таъқиб қилишда давом этиб, Орив ва Заёвнинг бошларини Гидўнга олиб боришди.

 

8–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Мидиёнларнинг сўнгги мағлубияти

 

1Эфрайим қабиласи Гидўнга:

— Нега бундай қилдинг? Мидиёнларга қарши жанг қилгани чиққанингда нега бизни чақирмадинг? — дея у билан қаттиқ жанжаллашдилар.

2Гидўн эса уларга деди:

— Мен қилган ишим билан сизларга тенг келармидим?! Эфрайимдаги узум қолдиқлари кичкинагина бир қавмимнинг жами ҳосилидан аъло–ку! 3Сизлар Худонинг қудрати билан Мидиён лашкарбошилари Орив ва Заёвни қўлга олган бўлсангиз, ўз ишларим билан сизларга тенг келармидим?!

У бу гапларни айтганидан кейин, улар жаҳлдан тушдилар.

4Гидўн уч юзта одами билан Иордан дарёсига келиб нариги қирғоғига ўтиб олди[58]. Улар ҳолдан тойган бўлсалар–да, душманнинг кетидан қувиб кетаётган эдилар. 5Гидўн Сухўт шаҳри аҳолисига мурожаат қилиб:

— Эй, халойиқ, марҳамат қилиб одамларимга озгина нон беринглар, улар ҳолдан тойганлар. Биз Мидиён шоҳлари Зевах ва Залмунонинг кетидан қувиб кетяпмиз, — деди.

6Аммо Сухўт бошлиқлари шундай жавоб беришди:

— Зевах ва Залмунони қўлга олган бўлсанг экан, лашкарларингга нон берсак.

7— Жуда соз! — деди Гидўн. — Зевах ва Залмунони Эгамиз менинг қўлимга бергандан сўнг, сизларни чўлдаги янтоқ ва чақир тиканаклар билан савалаб, терингизни шилиб оламан.

8Гидўн у ердан Паниёл шаҳрига[59] йўл олди. У ердагиларга ҳам худди шундай илтимос билан мурожаат қилди. Сухўт аҳолиси қандай жавоб берган бўлса, Паниёл аҳолиси ҳам худди шундай жавоб берди. 9Гидўн Паниёл аҳолисига деди:

— Ғолиб бўлиб қайтиб келганимдан сўнг бу минорани[60] ер билан яксон қиламан.

10Ўша пайтда Зевах ва Залмуно ўз лашкарлари билан Кархорда турган эдилар. Шарқдаги кўчманчиларнинг 120.000 та сипоҳи ҳалок бўлиб, 15.000 тачаси қолганди. 11Гидўн Наваҳ ва Ёҳбохонинг шарқ томонидаги карвон йўли бўйлаб бориб, душманни ғафлатда қолдириб ҳужум қилди. 12Зевах ва Залмуно қочишди, Гидўн эса уларнинг кетидан қувиб кетди. Икки Мидиён шоҳини қўлга олиб, бутун душман лашкарини саросимага солди.

13Йўш ўғли Гидўн жангдан қайтиб, Харес довони томон кетаётганда, 14Сухўтлик бир йигитчани ушлаб олиб, сўроққа тутди. Йигитча Сухўт шаҳрининг етмиш еттита бошлиқ ва оқсоқолини номма–ном айтиб берди. 15Сўнг Гидўн Сухўт аҳолисининг олдига бориб деди:

— Эсларингдами мени масхара қилиб, Зевах ва Залмунони қўлга олганмидингки, биз ҳолдан тойган лашкарингга нон берсак, деб айтганларинг? Мана ўша Зевах ва Залмуно.

16Гидўн янтоқ ва чақир тиканакларни олиб, Сухўт бошлиқларининг таъзирини берди. 17Паниёлдаги минорани ҳам вайрон қилиб, шаҳарнинг барча эркакларини қириб ташлади.

18Сўнг Зевах ва Залмунога юзланиб:

— Сизлар Товур шаҳрида ўлдирган одамлар қандай эди? — деб сўради.

— Улар сенга ўхшаган, кўринишлари шоҳ ўғилларидай савлатли эди, — дея жавоб беришди улар.

19— Улар менинг жигарларим эди–ку! — дея хитоб қилди Гидўн. — Биз бир қориндан талашиб тушган эдик. Худо шоҳид! Уларни ўлдирмаганларингда, мен ҳам жонларингни сақлаб қолган бўлардим.

20Сўнг тўнғич ўғли Этерга:

— Бор, уларни ўлдир! — деди.

Аммо бола қўрққанидан қиличини ҳам чиқармади, чунки у ҳали ёш эди. 21Шунда Зевах ва Залмуно:

— Эркак бўлсанг, ўзинг келиб бизни ўлдир, — дедилар.

Гидўн Зевах ва Залмунони ўлдириб, туяларининг бўйнидаги шоҳона безакларини олди.

22Бўлиб ўтган воқеалардан сўнг Исроил халқи Гидўннинг олдига келиб:

— Сен бизни Мидиёнларнинг қўлидан қутқардинг, энди ўзинг, ўғилларинг ва набираларинг бизга ҳукмдор бўлинглар, — дейишди.

23— Мен сизларга ҳукмдор бўлмайман, — деди Гидўн, — ўғлим ҳам ҳукмдорингиз бўлмайди. Эгамнинг Ўзи сизларга ҳукмдорлик қилсин.

24Кейин давом этиб:

— Сизлардан бир нарса сўрамоқчиман, — деди. — Ўлжаларингдан биттадан тилла зирак берсангизлар.

Мидиёнлар ҳам Исмоил авлоди сингари[61] тилла зираклар тақиб юришарди.

25— Жонимиз билан, — деб жавоб берди Исроил халқи.

Сўнг бир кийим ёйиб, ҳар бири ўлжа қилиб олган тилла зиракдан ўша кийим устига ташлади. 26Тилла зиракларнинг ўлчови бир пуддан ортиқ[62] олтин чиқди. Мидиён шоҳлари кийган сафсар либослару таққан ярим ой ва шокилали безаклар ҳамда туяларининг бўйнидаги тилла занжирлар ҳисобга киритилмаганди. 27Гидўн ўша олтиндан бир ҳайкал[63] ясаб, уни ўз шаҳри Ўфрага ўрнатиб қўйди. Бутун Исроил халқи Худога бевафолик қилиб, ўша ердаги ҳайкалга сиғина бошлади. Бу ҳайкал Гидўн ва унинг оиласи учун тузоқ бўлиб қолди.

28Шундай қилиб, Мидиёнлар мағлуб бўлдилар. Улар Исроил халқига қарши бош кўтаришга қайта журъат этмадилар. Гидўн пайтида юртда қирқ йил тинчлик барқарор бўлди.

 

Гидўннинг ўлими

 

29Йўш ўғли Гидўн[64] уйига қайтиб кетди. 30Унинг етмишта ўғли бор эди, чунки хотинлари ниҳоятда кўп эди. 31Шакам шаҳридаги чўриси[65] ҳам Гидўнга бир ўғил туғиб берди. Гидўн унга Абумалек, деб исм қўйди. 32Гидўн улуғ ёшга кириб оламдан ўтди ва Ўфра шаҳридаги отаси Йўшнинг хилхонасига дафн этилди. Бу шаҳар Абуазар уруғига қарашли эди.

33Гидўн оламдан кўз юмиши биланоқ, Исроил халқи яна Худога бевафолик қилиб, Баалнинг тасвирларига сиғина бошлади, улар Баал–Беритни[66] ўзларига худо қилдилар. 34Уларни атрофдаги душманлардан халос қилган Эгаси Худони эсларидан чиқардилар. 35Еруббаал, яъни Гидўн, Исроил халқи учун қилган шунча яхшиликларига қарамай, Исроил халқи унинг хонадонига содиқ қолмади.

 

9–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Абумалек

 

1Гидўн[67] ўғли Абумалек Шакам шаҳрига — тоғаларининг олдига бориб, барча уруғ–аймоқларига шундай деди:

2— Шакам бекларининг ҳузурига боринглар, уларга: “Устингиздан Гидўннинг етмишта ўғли ҳукмронлик қилганидан кўра, биттаси ҳукмронлик қилгани яхши эмасми”, деб айтинглар. Мен сизларнинг жигарингиз эканимни ҳам эсларингдан чиқарманглар.

3Тоғалари Абумалекнинг манфаатини кўзлаб, бу сўзларни Шакам бекларига етказдилар. Шакам беклари эса: “Ҳар қалай Абумалек қариндошимиз”, дея унинг тарафдорлари бўлдилар. 4Шакам беклари унга Баал–Берит[68] уйидаги етмиш бўлак кумушни[69] бердилар. Абумалек эса бу кумушга ярамас одамларни ёллади. 5У Ўфрага — отасининг уйига бориб, етмишта ўгай ака–укасини бир тош устида қатл қилди. Аммо Гидўннинг кенжа ўғли Йўтом бекиниб, тирик қолди. 6Сўнг Шакам[70] беклари ва Байт–Миллода яшовчилар Шакамдаги муқаддас эман дарахтининг олдига бориб, у ерда Абумалекни тахтга кўтаришди.

7Йўтом буни эшитгач, Гаризим тоғининг тепасига чиқиб хитоб қилди:

“Эй, Шакам беклари, гапимни эшитинглар, шунда Худо ҳам сизларни эшитгай! 8Бир замонда дарахтлар ўзларига шоҳ танламоқчи бўлишибди. Улар зайтун дарахтига:

— Шоҳимиз бўл, — дейишибди.

9Зайтун дарахти уларга шундай жавоб берибди:

— Худолар ва бандалар шарафига ишлатиладиган мойимни бермай қўйиб, дарахтлар узра шохларимни силкитиб турайми?!

10Шунда дарахтлар анжирга:

— Сен келиб, шоҳимиз бўлақол, — деб айтишибди.

11Анжир дарахти ҳам шундай жавоб берибди:

— Ийе, ширин ва лаззатли меваларимни тугмай, дарахтлар узра шохларимни силкитиб турайми?!

12Сўнг дарахтлар токка:

— Бизга сен ҳукмронлик қилақол, — дейишибди.

13Ток ҳам жавоб бериб шундай дебди:

— Худолар ва бандалар димоғини чоғ қиладиган шаробимни бермай қўйиб, дарахтлар узра новдаларимни силкитиб турайми?!

14Охири дарахтларнинг барчаси янтоққа дейишибди:

— Сен келиб, бизга ҳукмронлик қилгин.

15Янтоқ эса дарахтларга:

— Агар мени сидқидилдан шоҳликка кўтараётган бўлсангизлар, келиб соямда паноҳ олинглар, акс ҳолда тиканларимдан чиққан олов авж олиб, ҳатто Лубнондаги садрларни[71] ҳам куйдириб ташлайди! — деб жавоб берибди.

16Шу тариқа сизлар ҳам Абумалекни тахтга сидқидилдан, виждонан кўтардингизми?! Гидўн ва унинг хонадонига нисбатан тўғри иш тутдингизми?! Қилмишларингиз отамнинг сизлар учун қилган эзгу ишларига лойиқ эканми?! 17Отам жонини аямай сизлар учун жанг қилган эди, сизларни Мидиёнларнинг қўлидан қутқарган эди. 18Сизлар эса отамнинг хонадонига қарши чиқиб, унинг етмиш нафар ўғлини бир тошнинг устида қатл қилдингизлар. Чўрисидан туғилган Абумалекни[72] эса қариндошингиз бўлгани учун Шакам бекларининг устидан шоҳ қилиб тайинладингизлар. 19Агар бугун Гидўн хонадонига нисбатан виждонан иш тутган бўлсангиз, Абумалекдан мамнун бўлиб шодланинг, у ҳам сизлардан мамнун бўлиб шодлансин. 20Акс ҳолда Абумалекдан олов чиқиб, Шакам ва Байт–Милло бекларини ямлаб юборсин. Шакам ва Байт–Милло бекларидан ҳам олов чиқиб, Абумалекни куйдириб йўқ қилсин.”

21Сўнг Йўтом Абумалекдан қўрққанидан Бэр ҳудудига қочиб қолди.

22Абумалек уч йил Исроилда ҳукмронлик қилди. 23Эгамиз эса Абумалек ва Шакам беклари орасида низо чиқариш учун бир руҳ юборди. Шунинг учун Шакам беклари Абумалекка хоинлик қилишди. 24Бу ҳодиса Гидўннинг етмишта ўғлини ўлдирган Абумалекдан ва унинг бу жиноятини қўллаб турган Шакам бекларидан қасос олинишининг дараги эди. 25Шундай қилиб, Шакам беклари Абумалекка қарши тоғларнинг тепаларида, пистирмада одамларини ўтирғизиб қўйишганди. Улар ўтган–кетганларни талаб, бор–йўғини тортиб олишарди. Абумалек бундан хабар топди.

26Гал исмли бир одам ўз оға–инилари билан Шакамга кўчиб келди. У Шакам бекларининг ишончини қозонди. Гал Эвид деган одамнинг ўғли эди. 27Шакамликлар далага чиқиб, узумзорларидан узум теришди, уни эзиб шароб тайёрлашди, сўнг зиёфат қилишди. Улар худосининг уйида ўтириб, зиёфат қилишар экан, еб–ичиб Абумалекни мазах қилишди: 28“Абумалек ким бўлибдики, биз, Шакамликлар, унга хизмат қилсак? — шанғиллаб гапини бошлади Гал. — Падари бузрукворимиз Хамўр бу шаҳарга асос солган эди. Шундай экан, Хамўр наслидан бўлган биронта одам бизга ҳукмронлик қилиши керак. Абумалек эса етти ёт бегона бўлган Гидўннинг ўғли–ку! Нега биз унинг ва ҳокими Забулнинг олдида бош эгишимиз керак экан? 29Агар бу одамлар қўлим остида бўлганда эди, Абумалекни ўзим йўқ қилардим! Унга, лашкарингни кўпайтириб, жангга чиқ, деган бўлардим.”

30Шаҳар ҳокими Забул Галнинг бу сўзларини эшитгач, ғазаби аланга олди. 31У билдирмай Абумалекнинг олдига чопар жўнатиб[73] деди: “Қаранг, Эвид ўғли Гал бутун уруғи билан Шакамга келиб, шаҳарни сизга қарши қўзғатмоқда. 32Шунинг учун ярим тунда лашкарингиз билан йўлга тушиб, далаларда яширининг. 33Эртасига саҳарда туриб, шаҳарга қўққисдан ҳужум қилинг. Гал қўшинлари билан сизларга қарши чиққанда қўлингиздан келганича улар билан олишинг.”

34Шундай қилиб, Абумалек лашкари билан ярим тунда йўлга тушди. Улар тўрт қисмга бўлиниб Шакам яқинида писиб ётишди.

35Гал чиқиб шаҳар дарвозасида турганда, Абумалек бир қисм лашкари билан қирлар орқасидан чиқиб келди. 36Гал уларни кўргач, Забулга деди:

— Қаранг! Қирлардан одамлар тушиб келмоқда!

— Қўйсанг–чи, — деди Забул. — Қирлар соялари кўзингга одамлар бўлиб кўриняпти.

37— Қаранг, қирлардан одамлар пастга тушиб келишяпти, бошқа бир қисми эса фолбинлар йиғиладиган дарахт[74] томондан яқинлашяпти, — деди яна Гал.

38— Катта кетиб: “Абумалек ким бўпти биз унга хизмат қилсак?” деб гапирган сен эмасмидинг?! — деди шунда Забул, — сен мана шу лашкарни мазах қилган эдинг–ку. Қани, бўл, энди чиқиб улар билан жанг қил.

39Шакам беклари Гал бошчилигида чиқиб, Абумалекка қарши жанг қилишди. 40Абумалек Гални қувиб кетди, аммо Гал қочиб қолди. Ўша куни Шакам сипоҳларининг кўплари ҳалок бўлди, бутун жанг майдони то шаҳар дарвозасигача жасадларга тўлди.

41Абумалек Армахда[75] ўрнашди, Забул эса Гални барча қариндошлари билан Шакамдан қувиб юборди. Улар энди Шакамда яшай олмас эдилар.

42Эртаси куни Шакамликлар юмушларини бажармоқ учун далаларга чиқмоқчи эканлигидан Абумалек хабардор бўлди. 43У лашкарини уч қисмга бўлди. Лашкарлар далалардаги қирларда писиб ётишди. Сўнг шаҳардан чиқиб келаётган одамларни кўриб, уларга ҳамла қилишди. 44Лашкарнинг бир қисми Абумалек бошчилигида шаҳар дарвозасини қўлга киритди. Улар шаҳар дарвозаси олдидан силжимадилар. Лашкарнинг қолган икки қисми эса даладаги одамларга ҳужум қилиб, уларни қириб ташлади. 45Ўша куни Абумалек кун бўйи шаҳарга қарши жанг қилди. Охири шаҳарни қўлга олди. У ердаги ҳамма одамни қатл қилди. Шаҳарни эса вайрон қилиб, устидан туз сочиб ташлади[76].

46Шакам қалъасининг беклари буни эшитгач, ўша ердаги Баал–Берит[77] уйининг қўрғонига кириб бекиниб олдилар. 47Бекларнинг ҳаммаси қўрғонда эканлигидан хабардор бўлган Абумалек 48лашкари билан Залмон тоғининг[78] тепасига чиқди. Қўлидаги болта билан бир боғлам ўтин кесиб орқасига ортиб олди. Сўнг эса лашкарига: “Қани, сизлар ҳам худди шундай қилинглар”, деб буюрди. 49Сипоҳларнинг ҳар бири бир боғламдан ўтин кесиб олди. Улар Абумалекка эргашиб ўтинларни қўрғоннинг атрофига териб чиқдилар, сўнг қалъага ўт қўйдилар. Қалъадаги ҳамма одамлар ҳалок бўлди. У ерда мингтача аёл ва эркак киши бор эди.

50Шундан сўнг Абумалек Тавоз шаҳрига йўл олди. Шаҳарни қамал қилиб, қўлга киритди. 51Аммо шаҳарнинг ичида жуда баланд бир қўрғон бор эди. Шаҳардаги аёлу эркаклар, ҳамма шаҳар беклари ўша қўрғон ичига қочиб киришди. Улар эшикларни тамбалаб, томга чиқиб олишди. 52Абумалек қўрғондагиларга қарши жанг қилди, унга ўт қўймоқчи бўлиб, ёнига борди. 53Шу пайт бир аёл тепадан тегирмон тошини улоқтириб, Абумалекнинг бошини ёриб юборди. 54Жон талвасасида Абумалек қуролбардорини ёнига чақириб:

— Бўл, қиличингни суғуриб мени ўлдир, — деди, — яна одамлар: “Уни аёл киши ўлдирди”, деб юришмасин.

Шунда йигит қилич суқиб, Абумалекни ўлдирди. 55Одамлар Абумалекнинг ўлганини кўриб уйларига тарқалиб кетишди. 56Отасига хиёнат қилиб, етмишта ака–укасини ўлдирган Абумалекни Худо шу йўсинда жазолаган эди. 57Шунингдек, Шакамликларнинг ҳам қилган қабиҳликлари учун таъзирини берган эди. Улар Гидўн ўғли Йўтомнинг қарғишига йўлиқдилар.

 

10–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Тўло

 

1Абумалекнинг ўлимидан сўнг Пувах ўғли Тўло Исроил халқини душманлардан озод қилди. У Иссахор қабиласидан бўлган Дўдўнинг набираси бўлиб, Эфрайим қирларидаги Шомир шаҳрида истиқомат қиларди. 2У Исроил халқига йигирма уч йил давомида ҳакам[79] бўлиб хизмат қилди. Сўнгра оламдан кўз юмиб, Шомирда дафн қилинди.

 

Ёвир

 

3Ундан кейин Гиладлик Ёвир ҳакам бўлди. У йигирма икки йил давомида Исроилга раҳнамолик қилди. 4Унинг ўттизта ўғли бор эди. Улар ўттизта эшакни минишар ва Гилад ўлкасидаги ўттизта шаҳарга эгалик қилишарди[80]. Бу шаҳарлар бугунга қадар[81] Ёвир қишлоқлари[82], деб аталмоқда. 5Ёвир оламдан ўтиб, Камонда дафн қилинди.

 

Йифтох

 

6Исроил халқи яна Эгамизнинг олдида қабиҳликлар қилиб, Баал ва Аштаретнинг тасвирларига сиғиниш билан бир қаторда, Орам, Сидон, Мўаб, Оммон ва Филист халқларининг худоларига сажда қилди. Эгамиздан юз ўгириб, Унга сажда қилмай қўйди. 7Бундан ниҳоятда ғазабланган Эгамиз Исроил халқини Филист ва Оммон халқларининг қўлига берди. 8Ўша йили улар Исроил халқига зулм қилиб, роса эздилар. Иорданнинг шарқида, яъни Гилад ҳудудида истиқомат қилган Исроил халқига улар ўн саккиз йил давомида зулмини ўтказиб келдилар. Илгарилари бу ерлар Амор халқига тегишли эди. 9Шуниси етмагандай, Оммон халқиЯҳудо, Бенямин ва Эфрайим қабилаларига ҳам ҳужум қилмоқчи бўлиб, Иордан дарёсининг нариги қирғоғига ўтиб олган эди.

Бундан қаттиқ ташвишга тушган 10Исроил халқи:

— Биз гуноҳ қилдик! — дея Эгамизга фарёд қилди. — Биз ўз Худойимиздан юз ўгириб, Баалнинг тасвирларига сиғиндик.

11Эгамиз эса уларга шундай деди:

— Мен сизларни Миср, Амор, Оммон ва Филист халқларининг зулмидан қутқардим. 12Сидонликлар, Омолек ва Мойун[83] халқларининг жабру зулмидан нолиб, Менга ёлворганингизда, сизларга нажот бердим. 13Шунга қарамай, сизлар Мендан юз ўгириб, бошқа худоларга сиғиндингизлар. Бўлди, етар! Энди сизларни қутқармайман! 14Бориб, ўзларингиз танлаб олган худоларингизга илтижо қилинглар. Қийналганингизда улар сизларга нажот беришсин.

15— Биз гуноҳ қилдик! Бизга хоҳлаганингни қил, аммо бугун бизни душманларимиздан қутқаргин, — дея ўтинди Исроил халқи.

16Шундай қилиб, улар бегона худоларнинг тасвирларини йўқ қилиб, Эгамизга сажда қилдилар. Исроил халқининг чеккан азоб–уқубатларини кўрган Эгамиз уларга ниҳоятда ачинди.

17Оммон халқи одамларини жангга сафарбар қилиб, қароргоҳини Гилад ҳудудида жойлаштирди. Исроил халқи эса тўпланиб, қароргоҳини Миспахда[84] жойлаштирди. 18Исроил қабилаларининг раҳнамолари: “Оммон халқига ким биринчи бўлиб ҳужум қилар экан?” — дея бир–бирларига қараб олишди. Сўнг: “Жангни бошқарган одам Гиладга ҳоким бўлади”, — деган қарорга келишди.

 

11–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

1Гиладлик Йифтох довюрак жангчи эди. Унинг отаси Гилад, онаси эса фоҳиша бир аёл эди. 2Гиладнинг ўз хотинидан туғилган ўғиллари ҳам бор эди. Улар улғайгач, Йифтохга: “Отамиздан қолган меросга сенинг ҳеч қандай ҳақинг йўқ! Бор, йўқол! Сен бошқа аёлнинг боласисан”, — дея ҳайдаган эдилар. 3Йифтох ака–укаларидан қочиб, Тов юртига борган эди. Ўша ерда ўрнашиб олганидан сўнг, атрофига ярамас одамларни тўплаб, босқинчилик қила бошлаган эди.

4Орадан маълум вақт ўтгач, Оммон халқиИсроил халқига ҳужум қилди. 5Оммон халқи Исроил халқига ҳужум қилганда, Гилад оқсоқоллари Йифтохни олиб келгани Тов юртига жўнадилар.

6Улар Йифтохга:

— Биз билан юрақол, — дедилар. — Оммон халқи билан жанг қилганимизда бизга раҳнамолик қилгин.

7— Сизлар мени менсимай отамнинг уйидан ҳайдаган эдингиз–ку! — дея зарда қилди уларга Йифтох, — Нима учун энди бошингизга кулфат тушганда менинг олдимга келдингизлар?

8— Бўлар иш бўлди энди, — дейишди Гилад оқсоқоллари. — Биз сенинг олдингга бош эгиб келдик, биз билан бориб Оммон халқига қарши жанг қил, Гиладликларга ўзинг бош бўл.

9Йифтох Гилад оқсоқолларига шундай деди:

— Хўп майли, сизларга қўшилиб, Оммон халқига қарши жанг қилдим ҳам дейлик. Борди–ю, Эгам душманларни қўлимга берса, мен сизларга ҳукмронлик қиламан.

10Гилад оқсоқоллари эса Йифтохни ишонтириб:

— Худо шоҳид, ҳаммаси айтганингдай бўлади, — дедилар.

11Йифтох Гилад оқсоқоллари билан кетди. Халқ уни ҳоким ва лашкарбоши қилиб тайинлади. Йифтох эса Миспахда[85]Эгамизнинг ҳузурида қўйган шартларини қайд қилди.

12Йифтох Оммон шоҳига чопарларни юбориб деди: “Орамизда нима бўлиб ўтган эдики, сен менинг юртимга жанг қилиб келдинг?” 13Оммон шоҳи Йифтох чопарларига шундай жавоб берди: “Исроил халқи Мисрдан чиқиб келганда, жанубдаги Арнон сойлигидан то шимолдаги Явоқ дарёсигача ва ғарбдаги Иордан дарёсигача бўлган ҳамма ерларимни тортиб олган эди. Бориб Йифтохга айтинглар, ерларимни менга тинчгина қайтариб берсин.”

14Йифтох яна чопарларини Оммон шоҳига юбориб 15деди:

“Исроил халқи на Мўаб, на Оммон ерларини тортиб олган. 16Улар Мисрдан чиққандан кейин, Қизил денгиз[86] томон саҳродан юриб Кадешга[87] келган эдилар. 17Шунда Эдом шоҳи ҳузурига элчилар жўнатиб, Эдом юрти орқали ўтиб кетишга ижозат сўрадилар. Аммо Эдом шоҳи қулоқ солмади. Улар Мўаб шоҳидан ҳам ижозат сўрадилар, бироқ у ҳам рози бўлмагандан кейин, Кадешда қолдилар. 18Кейин улар саҳрога йўл олиб, Эдом ва Мўаб юртларини айланиб ўтдилар. Мўаб ҳудудининг шарқий чегараси бўйлаб юриб, қароргоҳни Арнон сойлигининг нариги қирғоғида қурдилар. Арнон сойлиги Мўабнинг чегараси бўлгани учун, улар дарёдан ўтмадилар, Мўаб юртига оёқларини ҳам босмадилар.

19Сўнг элчиларини Хашбонда ҳукмронлик қилган Амор халқининг шоҳи Сихўн олдига юбориб, ҳудудингиздан юртимизга ўтиб кетайлик, деб ижозат сўрадилар. 20Аммо шоҳ Сихўн рози бўлмади. У барча одамларини йиғди–да, қароргоҳини Яхазда жойлаштириб, Исроил халқига ҳужум қилди. 21Аммо Исроил халқининг Худоси — Эгамиз Сихўнни барча одамлари билан Исроил халқининг қўлига берди. Шунинг учун Исроил халқи ўша юртда истиқомат қилган Амор халқининг барча ерларини қўлга киритди. 22Улар Арнондан Явоққача, саҳродан Иордангача бўлган Амор халқининг барча ерларига эга бўлдилар. 23Исроил халқининг Худоси — Эгамизнинг Ўзи бу ерларни Амор халқидан тортиб олиб, халқи Исроилга берди. Шундай экан, уларни қайтариб олишга сенинг ҳеч қандай ҳақинг йўқ. 24Ундан кўра, худойинг Хамўш[88] берган нарсаларга эгалик қил! Биз эса Эгамиз Худо бизга берган ҳамма нарсага эгалик қиламиз!

25Нима, сенинг Зиппур ўғли Болоқдан ортиқ жойинг бормиди?![89] У Мўаб шоҳи бўла туриб, Исроил халқи билан бирон марта ҳам тортишган эмас. Бирон марта ҳам бизга қарши жанг қилган эмас.

26Исроил халқи уч юз йилдан бери Арнон сойлигининг бўйидаги шаҳарларда, Хашбон, Арор ва уларнинг атрофидаги қишлоқларда яшаб келмоқда. Нима учун шу пайтгача ўша ерларни қайтариб олмадинг?! 27Мен сенга ҳеч қандай ёмонлик қилмадим, сен эса менга қарши жанг қилмоқчи бўлиб нотўғри иш қиляпсан. Худо қози, Унинг ўзи бугун ким ҳақ, ким ноҳақ эканини кўрсатсин.”

28Аммо Оммон шоҳи Йифтохнинг сўзларини эшитишни ҳам хоҳламади.

29Эгамизнинг Руҳи Йифтохни қамраб олди. Йифтох Гилад ва Манаше ерларидан ўтиб, Гиладдаги Миспах шаҳрига етиб борди. У ердан йўлида давом этиб, Оммон юрти томон юрди. 30Сўнг қасам ичиб, Эгамизга деди: “Агар жангда Оммон халқини енгишимга ёрдам берсанг, 31уйимга эсон–омон қайтиб борганимдан сўнг мени қаршилаб чиққан биринчи тирик жонни Сенга қурбонлик қилиб куйдираман.” 32Йифтох лашкари билан Оммон халқининг устига бостириб бориб, жанг қилди. Эгамиз Оммон халқини Йифтохга таслим қилди. 33Йифтох Арордан Миннит атрофигача бўлган йигирмата шаҳарни ва Овил–Каромгача бўлган барча қишлоқларни вайрон қилди. Катта талафот кўрган Оммон халқи Исроил халқига бўйсунди.

 

Йифтохнинг қизи

 

34Йифтох Миспахдаги ўз уйига қайтиб келганда, қизи чилдирма чалиб ўйнаганича, уни қаршилаб чиқди. Бу қиз унинг ёлғиз фарзанди эди. 35Йифтох уни кўргач, қайғу–аламдан кийимларини йиртиб:

— Вой қизим! Нима қилиб қўйдинг?! — деди. — Юрак–бағримни қон қилдинг–ку! Мен Эгамизга қасам ичган эдим, энди сўзимни қайтиб ололмайман!

36— Отажон, — деди қизи, — Эгамизга сўз берган бўлсангиз, зинҳор сўзингиздан қайтманг, чунки Эгамиз сизга душманингиз — Оммон халқи устидан ғалаба берди. 37Менинг эса биргина тилагим бор. Менга икки ой муҳлат берсангиз, мен дугоналарим билан тоққа чиқиб, у ерда ёшлигим хазон бўлганидан қайғурай. Чунки мен энди ҳеч қачон турмушга чиқмайман.

38Йифтох унга ижозат бериб, икки ойга тоққа жўнатиб юборди. Қиз дугоналари билан тоққа чиқиб, қайғуриб йиғлади. 39Икки ой ўтгач, отасининг ёнига қайтиб келди. Йифтох Эгамизга берган ваъдасига вафо қолди. Қиз бокира эди.

Шундан кейин Исроилда бир одат пайдо бўлди: 40ҳар йили Исроил қизлари тоғларга чиқиб, тўрт кун давомида Гиладлик Йифтохнинг қизи учун мотам тутадиган бўлишди.

 

12–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Эфрайим қабиласи ва Йифтох

 

1Эфрайим қабиласи лашкарини тўплаб, Иордан дарёсининг нариги қирғоғидаги Зофунга ўтиб Йифтохга дўқ қилди:

— Нега сен Оммон халқига қарши жанг қилганингда бизни ҳам чақирмадинг? Шу қилганинг учун биз сени уйингга қўшиб ёндириб юборамиз!

2— Мен сизларни ёрдамга чақирган эдим–ку, — деди Йифтох. — Ўшанда, бизга жабр–зулм ўтказган Оммон халқи билан қаттиқ жанжаллашиб қолганимда, ўзингиз менга ёрдам бермадингиз–ку! 3Сизлар менга ёрдам бермаслигингизни била туриб, жонимни хатар остига қўйдим–да, Оммон халқининг устига бостириб бориб ҳужум қилдим. Эгамиз эса уларни менинг қўлимга берди. Нима учун энди сизлар келиб менга қарши уруш қилмоқчисизлар?!

4Эфрайим қабиласидан бўлганлар Гилад авлодини ҳақоратлаб: “Гиладликлар ким бўлибди?! Улар бор–йўғи Эфрайим қочоқлари–ку, улар ҳатто Эфрайим ва Манаше ерларида яшаб юришибди”, деб айтган эдилар. Шунинг учун Йифтох Гилад авлодидан бўлган барча эркакларни йиғиб, Эфрайим қабиласи билан жанг қилди. Эфрайим қабиласи бу жангда мағлуб бўлди.

5Эфрайим қабиласининг омон қолган жангчиларини қўлга тушириш учун, Йифтох Иордан дарёсининг кечув жойларига соқчиларни қўйди. Қачонки Эфрайим қочоқларидан бири келиб: “Ўтиб кетай”, деб рухсат сўраганда, соқчилар: “Мабодо Эфрайим қабиласиданмасмисан?” дея савол беришарди. Қочоқ: “Йўқ”, деб жавоб бергач, 6улар унга: “Ундай бўлса, Шибболет, дегин”, дейишар эди. Ўша одам: “Сибболет”, деб айтар эди, чунки Эфрайим қабиласидагилар “Шибболет” сўзини тўғри талаффуз қила олмас эдилар. “Сибболет” деган одамни соқчилар Иордан кечув жойининг ўзидаёқ ўлдиришарди. Ўша куни Эфрайим қабиласидан қирқ икки минг нафар одам ҳалок бўлди.

7Гиладлик Йифтох олти йил Исроил халқига ҳакам[90] бўлди. Сўнг оламдан кўз юмиб, Гилад ҳудудидаги шаҳарларнинг бирида дафн қилинди.

 

Ибсан, Элўн ва Абдўн

 

8Ундан кейин Исроил халқига Байтлаҳмлик[91] Ибсан ҳакам бўлди. 9Унинг ўттиз ўғли билан ўттиз қизи бор эди. У қизларини уруғидан ташқарига узатиб, ўғилларига келинларни ҳам бошқа уруғлардан олиб берганди. Ибсан етти йил Исроил халқига ҳакам бўлди. 10Сўнг оламдан ўтиб, Байтлаҳмда дафн қилинди.

11Ундан кейин Забулун қабиласидан бўлган Элўн исмли бир киши ҳакам бўлди. У ўн йил давомида Исроилга раҳнамолик қилди. 12Элўн оламдан кўз юмди ва Забулун ҳудудидаги Ойжавлонда дафн қилинди.

13Ундан кейин Пиратонлик Хиллиёлнинг ўғли Абдўн ҳакам бўлди. 14Унинг қирқта ўғли ва ўттизта ўғил набираси бор эди. Улар етмишта эшакни миниб юришарди[92]. Абдўн саккиз йил Исроил халқига ҳакам бўлди. 15Сўнг Абдўн ҳам оламдан ўтди ва Эфрайим қирларидаги она шаҳри Пиратонда дафн этилди. Илгарилари ўша жойлар Омолек халқига тегишли бўлган.

 

13–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Шимшўннинг туғилиши

 

1Исроил халқи яна Эгамизнинг олдида қабиҳ ишлар қилгани учун, Эгамиз уларни қирқ йилга Филист халқининг қўлига берди.

2Ўша замонда Зорохлик бир одам бор эди. У Дан қабиласидан[93] бўлиб, унинг исми Монувах эди. Унинг хотини бепушт бўлиб, фарзанди йўқ эди. 3Бир куни Эгамизнинг фариштаси аёлга зоҳир бўлиб шундай деди: “Сен шу пайтгача бола кўришга ожиз эдинг, аммо кўп ўтмай сен ҳомиладор бўлиб, ўғил туғасан. 4Шароб ва ўткир ичимликларни энди ича кўрма, ҳаром нарсани ҳам ема, 5чунки сен ҳомиладор бўлиб, ўғил кўрасан. Бола туғилиши биланоқ Худога назр қилингай[94], шунинг учун боланинг бошига устара тегмасин. Исроилни Филистларнинг қўлидан озод қилишни бошлайдиган ўшадир.” 6Кейин аёл эрининг олдига бориб деди: “Олдимга Худонинг бир одами келди, унинг кўриниши худди Худонинг фариштасига ўхшаган жуда қўрқинчли эди. Унинг қаердан келганини сўрамабман. Ўзи ҳам менга исмини айтмади. 7Унинг гапига қараганда, мен ҳомиладор бўлиб, ўғил кўрар эканман. Бола туғилиши биланоқ бир умрга Худога назр қилинар экан, шунинг учун мен шаробни ҳам, ўткир ичимликни ҳам, ҳаром нарсани ҳам оғзимга олишим мумкин эмас экан.”

8“Ё, Раббий, — дея Эгамизга ёлворди Монувах. — Ўша одамингни яна олдимизга юборишингни илтижо қилиб сўрайман. У келиб, бўлажак ўғлимизга нима қилишимиз кераклигини ўргатиб кетсин.”

9Монувахнинг ибодати ижобат бўлди. Аёл далада ўтирган бир пайтда Худонинг фариштаси яна аёлнинг олдига келди. Аммо ўша пайтда Монувах у ерда йўқ эди. 10Аёл шошиб–пишиб эрининг олдига югурди–да: “Тунов кун олдимга келган одам яна менга зоҳир бўлди!” — деб айтди. 11Монувах туриб хотинига эргашди. Ўша одамнинг олдига келиб:

— Бу аёлга гапирган сизмидингиз? — деб сўради.

— Ҳа, мен эдим, — дея жавоб берди у.

12— Айтганларингиз амалга ошганидан сўнг, бола қай тарзда яшаши керак? У нима иш қилади? — деб сўради Монувах.

13Эгамизнинг фариштаси Монувахга шундай деб жавоб берди:

— Хотининг айтганларимнинг ҳаммасини сўзсиз бажарсин. 14Узумдан тайёрланган биронта нарсани ҳам оғзига олмасин. Шароб ва ўткир ичимликларни ичмасин, ҳеч қандай ҳаром нарса емасин. Айтганларимнинг ҳаммасига риоя қилсин.

15Монувах Эгамизнинг фариштасига:

— Бироз кутиб турсангиз, сизга бир улоқча тайёрлаб берсам, — деди.

16— Кутганим билан, барибир, таомингни емайман, — деди Эгамизнинг фариштаси. — Лекин улоқчани куйдириладиган қурбонлик қилмоқчи бўлсанг, уни Эгамизга бахшида эт.

Монувах у Эгамизнинг фариштаси эканлигини билмаганди.

17Кейин Монувах Эгамизнинг фариштасига:

— Бизга исмингизни айтинг. Токи айтганларингиз рўёбга чиққанда, сизни дуо қилиб юрайлик, — деди.

18Эгамизнинг фариштаси эса:

— Нега исмимни сўраяпсан? Айтганим билан барибир унга ақлинг етмайди, — деди.

19Монувах Эгамизга атаб, улоқчани катта бир тошнинг устида қурбонлик қилиб куйдирди, унга қўшиб дон назри ҳам куйдирди. Шу онда Монувах ва унинг хотини олдида Эгамиз ажойиб бир мўъжиза яратди: 20қурбонгоҳ алангаси осмонга чирмашаётган эди. Эгамизнинг фариштаси ҳам алангага қўшилиб юқорига кўтарилиб кетди. Буни кўрган Монувах билан хотини ерга мук тушишди. 21Фаришта кўздан ғойиб бўлди–ю, бошқа уларга кўринмади. Шундан кейин Монувах ўша одам Эгамизнинг фариштаси эканлигини англади. 22Монувах хотинига:

— Биз ўламиз, чунки биз Худони кўрдик![95] — деди.

23— Агар Эгамиз бизни ўлдирмоқчи бўлганда, дон назри ва қурбонлигимизни қабул қилмаган бўларди, — деди хотини. — Бу мўъжизаларни бизга кўрсатиб, бундай нарсаларни айтиб ўтирмаган бўларди.

24Аёл ўғил кўрди, унинг исмини Шимшўн қўйди. Бола катта бўлди, Эгамиз эса уни ёрлақади. 25Шимшўн Зорох билан Эштойўл шаҳарлари[96] орасидаги Дан қабиласининг қароргоҳида[97] бўлганда, Эгамизнинг Руҳи уни бошқара бошлади.

 

14–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Шимшўн ва Тимнахлик аёл

 

1Бир куни Шимшўн Тимнах деган шаҳарга борди. Тимнахда у бир Филист қизни кўриб қолди. 2Уйига қайтиб келгач ота–онасига шундай деди:

— Мен Тимнахда бир Филист қизни кўрдим. Уни менга олиб беринглар.

3— Ўз халқимиз орасида қиз қуриб қолибдими?! Энди бориб суннатсиз Филистлардан қиз олишимиз қолганди, — деб жавоб берди улар.

Аммо Шимшўн отасига:

— Менга ўша қизни олиб беринг, мен уни ёқтириб қолдим, — деб туриб олди.

4Бу Эгамизнинг хоҳиши эди, аммо Шимшўннинг ота–онаси бундан бехабар эдилар. Эгамиз Филистларга қарши жанг қилиш учун биронта баҳона қидираётган эди. Ўша замонда Филистлар Исроилда ҳукмронлик қилардилар.

5Шимшўн ота–онаси билан Тимнахга йўл олди. Улар Тимнах узумзорларига яқинлашганларида, бирдан Шимшўн олдидан бир шер чиқиб қолиб, ўкирганича унга ташланмоқчи бўлди. 6Ўша заҳоти Эгамизнинг Руҳи Шимшўнни қамраб олиб, кучини оширди. Шимшўн шерни, худди улоқчани парчалагандай, қўллари билан осонгина иккига бўлиб ташлади. Аммо бўлиб ўтган воқеа ҳақида ота–онасига оғиз ҳам очмади.

7Сўнг Шимшўн қизнинг олдига бориб, у билан гаплашди, қиз Шимшўнга ниҳоятда хуш келди. 8Кўп ўтмай Шимшўн қизга уйланмоқчи бўлиб, Тимнахга қайтиб борди. Йўл–йўлакай шернинг ўлигини кўриб кетай, деб ўша томон йўл солди. Қараса, шернинг мурдасида асаларининг уяси билан асал бор экан. 9У бир ҳовуч асал олиб, йўл–йўлакай еб кетди. Ота–онасининг олдига келганда, уларга ҳам еб кўргани берди, лекин асални шернинг мурдасидан олганини айтмади[98].

10Шимшўннинг отаси келинини кўрмоқчи бўлиб, қудасининг уйига кирди. Шимшўн ўша ерда тўй муносабати билан катта бир зиёфат берди. Ўша вақтдаги урф–одатлар бўйича, куёвлар катта зиёфатлар беришарди. 11Шимшўн зиёфат бериш учун Тимнахга борганда, Филистлар унинг олдига куёв навкар қилиб, ўттизта йигитни юбордилар. 12Шимшўн уларга:

— Келинглар, сизларга бир топишмоқ айтайин, — деди. — Агар уни топиб, зиёфатнинг етти куни ичида менга тушунтириб берсангизлар, ҳар бирингизга биттадан кимхоб тўн ва бир сидрадан кийим–бош бераман. 13Борди–ю, топишмоғимни тополмасангизлар, сизлар менга ўттизта кимхоб тўн билан ўттиз сидра кийим–бош берасизлар.

Шунда улар:

— Қани, топишмоғингни айт, уни эшитайлик–чи, — дейишди.

14Шимшўн топишмоғини айтди:

“Хўранданинг ичидан хўрак чиқди,

Кучлининг ичидан ширинлик чиқди.”

Орадан уч кун ўтди, аммо Филист йигитлари топишмоқни тополмадилар. 15Охири, еттинчи[99] куни Шимшўннинг қайлиғига дўқ қилиб: “Сизлар бизни шилмоқчи бўлиб бу ерга таклиф қилганмидингизлар?! — дедилар. — Бўл, эрингни алдаб–сулдаб топишмоқнинг маъносини бизга билиб бер, бўлмаса сени ҳам, отангнинг хонадонини ҳам ёндириб юборамиз.” 16Шунда келинчак Шимшўннинг олдига бориб роса йиғлади.

— Сен мени ёмон кўрар экансан! — дея хархаша қилди у. — Мени заррача бўлса ҳам яхши кўрганингда эди, топишмоқнинг жавобини аллақачон айтган бўлар эдинг.

— Менга қара, — деди унга Шимшўн. — Буни ота–онамга ҳам айтмаган бўлсам, нега сенга айтар эканман?!

17Зиёфат етти кун давом этган бўлса, ўша етти кун давомида келин унга хиралик қилиб йиғлайверди. Еттинчи куни Шимшўннинг юрагини шу қадар эзиб юбордики, у тоқат қила олмай топишмоқнинг жавобини айтиб берди. Қиз жавобни дарҳол Филист йигитларига етказди. 18Ўша куни қош қораймасдан олдин йигитлар Шимшўннинг олдига келиб, топишмоқнинг жавобини айтдилар:

“Асалдан ширин нима бор?!

Шердан кучли нима бор?!”

Шимшўн: “Агар ғунажинимни ишга солмаганларингда, топишмоғимни тополмас эдиларинг”, — деди.

19Сўнг Эгамизнинг Руҳи Шимшўнни қамраб олиб, янада кучини оширди. Шимшўн Ашқалон шаҳрига[100] кетди. У ерда ўттиз нафар Ашқалонлик одамни ўлдириб, кийим–бошларини ечиб олди. Ўша кийим–бошларни топишмоқнинг жавобини айтганларга берди–ю, жаҳл устида отасининг уйига қайтиб кетди. 20Келиннинг отаси эса қизини Шимшўннинг куёв жўрасига узатиб юборди.

 

15–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

1Орадан вақт ўтди. Буғдой ўрими пайтида, Шимшўн бир улоқча олиб, хотинининг олдига борди. У қайнатасига:

— Мен хотинимнинг олдига кирмоқчиман, — деди.

Қайнатаси эса Шимшўнни ичкарига киргизмади.

2— Сен қизимни ташлаб кетдинг, деб ўйлагандим, — деди у. — Шунинг учун уни куёв жўрангга узатиб юбордим. Қара, кенжа қизим ундан ҳам чиройлироқ. Кел, унинг ўрнига синглисини олақол.

3— Бу сафар Филистларга ёмонлик қилсам, айбга буюрмайсиз, — деб чиқиб кетди Шимшўн.

4Шимшўн уч юзта тулки ушлаб келди. Тулкиларни жуфт–жуфт қилиб, думларини бир–бирига боғлади–да, орасига биттадан машъала қистирди. 5Сўнг машъалаларни ёқиб, тулкиларни Филистларнинг буғдойзорларига қўйиб юборди. Буғдойзор ва дон ғарамларини аланга олди–ю, Филистларнинг узумзорлари ва зайтун боғларини ямлади. 6Филистлар: “Буни ким қилди?” — деб суриштира бошладилар. “Буни Тимнахлик бир одамнинг куёви, Шимшўн қилди, — деди бир киши. — У ўша Тимнахликнинг қизига уйланган экан, қайнатаси эса қизини куёвнинг жўрасига узатиб юборибди.” Шунда Филистлар келиб ўша жувон билан отасининг хонадонини[101] ёқиб юборишди. 7Шимшўн бундан хабардор бўлгач, Филистларнинг олдига бориб: “Онт ичиб айтаманки, шу қилмишларинг учун сизлардан ўч олмагунимча қўймайман!” — деди. 8Шимшўн уларни шафқатсизларча қириб ташлади. Кейин эса у ерларни тарк этиб, Этом қоясидаги бир ғорга[102] бориб яшади.

 

Шимшўн Филистларни енгади

 

9Кўп ўтмай Филистлар Яҳудода қароргоҳ қуриб, Лехи[103] шаҳрини босиб олишди. 10Яҳудо одамлари: “Нима учун бизга ҳужум қилдингизлар?” — деб сўрадилар. Улар эса: “Биз Шимшўнни қўлга олмоқчимиз. Бизга қилган ёмонлигини қайтариб ўз бошига солмоқчимиз”, — деб жавоб беришди. 11Яҳудо қабиласидан уч мингта одам Этом қоясига бориб Шимшўнга:

— Филистлар бизга ҳукмронлик қилишларини билмайсанми? — дедилар. — Сен бошимизга битган бало бўлдинг–ку!

Шимшўн жавоб бериб деди:

— Мен қилмишларига яраша жазосини бердим, холос.

12— Биз сени олиб кетгани келдик, — деди Яҳудо одамлари. — Сени боғлаб Филистларга бермоқчимиз.

— Хўп, майли, — деди Шимшўн. — Аммо сизлар мени ўлдирмасликка сўз беринглар.

13— Биз сени ўлдирмаймиз, — деб сўз берди улар. — Биз сени боғлаб уларга топширсак бўлди.

Яҳудо одамлари Шимшўнни иккита янги арқон билан боғлаб, шаҳарга олиб келдилар. 14Шимшўн Лехига келганда, Филистлар уни қий–чув билан қаршилаб олишди. Шу заҳоти Эгамизнинг Руҳи Шимшўнни қамраб олиб, янада кучини оширди. Шимшўн қўлларидаги арқонларни куйган зиғир толаларини узаётгандай осонликча узиб ташлади. 15Сўнг атрофига бир назар солиб, эшакнинг жағ суягини кўриб қолди. Жағ суяк офтобда қуриб кетмагани учун қаттиқ ва оғир эди. Шимшўн суякни олиб, Филистларни савалай бошлади. Ўша куни у минг нафар одамни ўлдирди. 16Шунда Шимшўн деди:

“Эшакнинг жағ суяги билан мингта одамни ўлдирдим.

Эшакнинг жағ суяги билан уларни уюм–уюм[104] қилдим.”

17У гапини тугатиб бўлгач, суякни улоқтириб юборди–да, ўша жойни Рамат–Лехий[105], деб атади.

18Шимшўн роса чанқаб кетди, сўнг Эгамизга илтижо қилиб деди: “Сен қулингга шундай буюк бир ғалабани бердинг. Ҳозир эса мен ташналикдан адо бўлиб, суннатсизларнинг қўлига тушаманми?!” 19Худо Лехида ер остидаги бўшлиқни ёриб, у ердан сув чиқарди. Шимшўн сув ичиб ўзига келди. Шунинг учун булоқ Эн–Хаққор[106], деб аталди, у бугунга қадар[107] Лехидадир.

20Филистлар даврида Шимшўн Исроил халқига йигирма йил давомида ҳакам[108] бўлиб хизмат қилди.

 

16–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Шимшўн Ғазода

 

1Бир куни Шимшўн Филистларнинг шаҳри Ғазога борди. У ерда бир фоҳиша аёлни кўриб унинг олдига кирди. 2Ғазоликлар Шимшўн келганини билгач, ўша жойни ўраб олишди. Уларнинг баъзилари шаҳар дарвозасида[109] яшириниб, кечаси билан уни пойлаб туришди. Улар тун бўйи писиб, “Қани, тонг ёришгунича кутиб турайлик–чи, кейин уни ўлдирамиз”, деб ўйлаётган эдилар. 3Шимшўн эса фоҳишаникида фақатгина ярим кечагача бўлди. У тун ярмида туриб, шаҳар дарвозасининг эшикларини ёндорлари билан суғуриб олди–да, барча тамбалари билан елкасига ортиб, Хеврон[110] рўпарасидаги тепаликнинг устига олиб чиқди.

 

Шимшўн ва Далила

 

4Кўп ўтмай Шимшўн Сўрах водийсида яшайдиган Далила исмли бир жувонни яхши кўриб қолди. 5Филист беклари[111] жувоннинг олдига келиб шундай дедилар: “Шимшўн бундай буюк кучни қаердан оларкан? Уни боғлаб бўйсундириш йўлини биз учун билиб берсанг, ҳар биримиз сенга 1100 бўлакдан кумуш[112] берамиз.”

6Бир куни Далила Шимшўнга ялиниб:

— Илтимос, буюк кучингиз сирини менга айтиб беринг, — деди. — Қандай қилиб сизни боғлаб, бўйсундириб бўлади?

7Шимшўн унга шундай жавоб берди:

— Агар мени еттита янги, қуриб улгурмаган камон ипи[113] билан боғлаб ташлашса, мен эл қатори кучсиз бўлиб қоламан.

8Шунда Филист беклари жувонга еттита янги, ҳали қуриб улгурмаган камон ипини келтирдилар. Далила иплар билан Шимшўнни боғлаб қўйди. 9Шу пайт ичкари хонада бир нечта одам пойлаб турар эди. Жувон Шимшўнга қараб:

— Шимшўн! Филистлар келяпти! — деб бақирди.

Аммо олов ипак толаларини қандай йўқ қилса, Шимшўн ҳам камон ипларини худди шундай узиб ташлади. Шимшўннинг сири сирлигича қолди.

10— Сиз мени алдаб аҳмоқ қилдингиз, — деди унга Далила. — Илтимос, сизни қандай қилиб боғлаш кераклигини менга айта қолинг.

11— Агар мени янги, ишлатилмаган арқонлар билан боғлашса, мен эл қатори кучсиз бўлиб қоламан, — деди Шимшўн.

12Шунда Далила янги арқонларни олди–да, уни боғлаб:

— Шимшўн! Филистлар келяпти! — деб бақирди, одамлар эса ичкари хонада пойлаб туришар эди.

Аммо Шимшўн қўлларидаги арқонларни ипни узгандай узиб ташлади.

13— Шу пайтгача мени алдаб, аҳмоқ қилиб келдингиз! — деди Далила. — Менга айтинг–чи, сизни қандай қилиб боғлаб ташласа бўлади?

— Агар сочимнинг еттита тутамини дастгоҳдаги матога қўшиб тўқиб, моки ёрдамида яхшилаб маҳкамлаб қўйсанг, мен эл қатори кучсиз бўлиб қоламан, — деди Шимшўн.

14Шимшўн ухлаб ётганда, Далила унинг етти тутам сочини дастгоҳдаги матога қўшиб тўқиди–да[114], моки ёрдамида яхшилаб маҳкамлаб қўйди. Кейин эса:

— Шимшўн! Филистлар келяпти! — деб бақирди.

Шимшўн ухлаб ётган жойида сакраб турди–да, мокини улоқтириб, матони дастгоҳи билан сочидан юлқиб ташлади.

15Далила унга деди:

— Дилингиз мендан йироқ экан, қандай қилиб менга: “Сени севаман”, дейсиз?! Сиз мени уч марта алдадингиз, кучингиз сирини менга айтмадингиз.

16Далила ҳар куни ялинавериб, Шимшўннинг қулоқ–миясини еди. Бундан безор бўлган 17Шимшўн бутун сирини айтиб берди:

— Бирон марта ҳам устара бошимга тегмаган. Чунки онамнинг қорнидаёқ Худога назр қилинганман[115]. Агар сочимни олдирсам кучим йўқ бўлади ва мен эл қатори кучсиз бўлиб қоламан.

18Далила Шимшўн унга бутун сирини ошкор қилганини фаҳмлагач, Филист бекларига хабар жўнатиб деди: “Бу сафар яна бир бор келиб кетинглар, чунки у менга бутун сирини ошкор қилди.” Шунда Филистлар Далилага ваъда қилган пулларини олиб, унинг олдига бордилар. 19Далила Шимшўнни тиззасида ухлатиб қўйди–да, бир одамни чақириб унинг етти тутам сочини қирқтириб ташлади. Шимшўн заифлашиб, кучдан қолди. 20Далила эса:

— Шимшўн! Филистлар келяпти! — деб бақирди.

Шимшўн уйқудан туриб, ҳар сафаргидек ўзимни халос қиламан, деб ўйлади. Аммо Эгамиз уни тарк этган эди, Шимшўн эса бундан бехабар эди. 21Филистлар уни қўлга олиб, кўзларини ўйиб ташлашди. Сўнг Ғазога олиб кетиб, занжирбанд қилишди. Шимшўн зиндондаги тегирмон тошини юрғизиб, ғалла янчир эди. 22Шимшўннинг сочлари яна ўса бошлади.

 

Шимшўннинг ўлими

 

23Байрамга йиғилган Филист беклари: “Худойимиз Дўғон душманимиз Шимшўннинг устидан бизга ғалаба берди!” — дея шоду хуррамлик билан худосига кўп қурбонликлар келтирдилар. 24Халқ Шимшўнни кўргач: “Юртимизни хароб қилган, талай сипоҳларимизни ўлдирган душманни худойимиз қўлимизга берди”, — дея худосига ҳамду санолар айта бошлади. 25Маст, вақти чоғ бўлган одамлар: “Шимшўнни келтиринглар, биз учун бир ўйнаб берсин!” — деб бақира бошладилар. Шимшўнни зиндондан келтиришди, одамлар уни томоша қилсин, деб устунлар ўртасига турғизиб қўйишди. 26Шимшўн уни етаклаб келган йигитга деди: “Бинони кўтариб турган устунларни пайпаслаб кўрай. Уларга суяниб олмоқчиман.” 27Уй эркагу аёл билан тўлган, ҳамма Филист беклари ўша ерда эди. Томнинг устидаги очиқ айвонда уч мингга яқин одам Шимшўнни томоша қилаётган эди.

28Шимшўн Эгамизга илтижо қилиб, деди: “Ё, Эгам Раббий, мени эсла. Эй, Худо, яна бир бор менга куч бер, мен Филистлардан икки кўзим учун ёппасига ўч олай.” 29Шимшўн уйни кўтариб турган ўртадаги икки устун орасида турган эди. У ўнг қўлини бирига, чап қўлини иккинчисига қўйди–да, тиранди. 30Кейин қичқириб: “Ўлсам, Филистлар билан ўлай!” — деди–ю, кучи борича устунларни итарди. Уй қулаб, у ердаги беклар билан одамларни босиб қолди. Шундай қилиб, ўша жойда ўлган одамларнинг сони Шимшўн ҳаёт даврида ўлдирган одамларнинг сонидан зиёда эди.

31Шимшўннинг ака–укалари билан бутун оиласи Ғазога келиб, унинг жасадини уйга олиб кетишди. Кейин отаси Монувахнинг Зорох билан Эштойўл шаҳарлари[116] ўртасидаги хилхонасига дафн қилишди. Шимшўн йигирма йил давомида Исроил халқига ҳакам[117] бўлган эди.

 

17–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Михонинг бутлари

 

1Эфрайим қирларида Михо деган бир одам яшарди. 2Бир куни у онасига шундай деди:

— Ойи, эсингиздами 1100 бўлак кумушни[118] ўғирлатиб қўйган эдингиз? Ўшанда ўғрини олдимда қарғагансиз. Мана, ўша кумушингиз. Уни мен олгандим.

Шунда онаси:

— Илойим барака топгин, ўғлим! — деди.

3Михо 1100 бўлак кумушни онасига қайтариб берди. Онаси эса:

— Мен бу кумушни бош–кўзингдан садақа қилиб, Эгамга бағишлайман, — деди, — ундан қуйма ва ўйма бутлар ясаттираман. Ўша кумуш ўзингга қайтиб келади, ўғлим.

4Онаси Михо қайтариб берган кумуш бўлакларнинг 200 тасини[119] заргарга берди. Заргар бут ясаб, уни кумуш билан қоплади[120]. Тайёр бўлган бут Михонинг уйига ўрнатилди. 5Михонинг бир саждагоҳи бор эди. У руҳонийлар киядиган махсус либос[121] тиктириб, яна бир нечта хонаки санамлар[122] ясаттирди, сўнг ўғилларидан бирини ўзининг саждагоҳига руҳоний қилиб тайинлади. 6Ўша даврда Исроилда шоҳ йўқ эди. Ҳар бир одам билганини қилар эди.

7Яҳудо ҳудудидаги Байтлаҳм шаҳрида[123] бир ёш леви[124] яшарди. 8Бу одам ўзига бошқа жойдан бошпана топмоқчи бўлиб, Байтлаҳмни тарк этди. У йўл юриб, Эфрайим қирларидаги Михонинг уйига келиб қолди.

9— Қаерликсан, ўғлим? — деб сўради ундан Михо.

— Мен Яҳудодаги Байтлаҳмдан келган левиман, — деб жавоб берди у. — Ўзимга бошпана қидириб юрибман.

10— Кел, меникида турақол, — деди Михо. — Менинг маслаҳатчим ҳамда руҳонийим бўл. Мен эса ҳар йили сенга ўн бўлакдан кумуш[125] тўлаб, кийим–кечагинг билан егулигингни бераман.

11-12Леви Михоникида туришга рози бўлди. Михо уни руҳоний қилиб тайинлади. Леви Михоникида яшаб юрди ва Михога худди ўғлидай бўлиб қолди. 13Шунда Михо деди: “Мана, энди Эгам мени баракали қилишини биламан, чунки левининг ўзи менга руҳоний бўлиб хизмат қиляпти.”

 

18–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Михо ва Дан қабиласи

 

1Бу воқеалар содир бўлган даврда Исроилда шоҳ йўқ эди. Дан қабиласи Исроил қабилалари орасида ўзига улуш бўлиб тушган ерни ҳануз қўлга киритмагани сабабли истиқомат қилиш учун жой қидириб юрган эди. 2Бир куни улар ўз қабиласининг жамики уруғлари орасидан бешта жангчини танлаб: “Боринглар, юртни синчиклаб текшириб чиқинглар”, — дея уларни Зорох ва Эштойўл шаҳарларидан[126] жўнатиб юбордилар. Бу одамлар йўл юриб Эфрайим қирларидаги Михонинг уйига келиб қолишди ва тунни ўша ерда ўтказишди. 3Улар Михонинг уйида бўлганларида ёш левини[127] шевасидан таниб қолишди–да, унинг олдига бориб:

— Бу ерга қандай қилиб келиб қолдинг? Бу ерда нима қилиб юрибсан? — деб сўрашди.

4У жавоб бериб: “Михо мени ишга олди, руҳоний қилиб тайинлади”, — деди. Михо унга қилган ҳамма яхшиликларини айтиб берди.

5Шунда улар левига:

— Худога илтижо қилиб, ишимиз ўнгидан келиш–келмаслигини билиб бер, — дедилар.

6— Ҳеч нарсадан хавотирланманглар. Эгамизнинг ўзи сизларга бу ишда мададкордир, — деди руҳоний.

7Бешала одам йўлга равона бўлди. Улар Лайиш шаҳрига келиб, у ерда Сидон[128] аҳолиси каби мулойим, хотиржам ва тинч–тотув яшаётган одамларни кўришди. Бундан ташқари, атрофдаги халқлардан биронтаси ўша халққа хавф солмаган, юртига тажовуз қилмаганди. Улар Сидондан анча узоқда бўлиб, атрофдаги шаҳарлар билан[129] ҳеч қандай алоқа ўрнатмаган эдилар. 8Бешала одам Зорох билан Эштойўлга — ўз уруғ–аймоқларининг олдига қайтиб боришди.

— Бизга қандай хабар олиб келдингизлар? — деб сўради улардан қариндош–уруғлари.

9Улар шундай жавоб беришди:

— Келинглар, Лайишга ҳужум қилайлик! Биз кўрган юрт ниҳоятда яхши экан. Нимага қаққайиб турибсизлар?! Бўлинглар, ўша ерга бориб юртни қўлга киритайлик. 10У ерга борганларингда, хотиржам яшаётган одамларга дуч келасизлар. Барча нарсага мўл ва кенг бу ерни Худо чиндан ҳам қўлингизга беряпти.

11Дан қабиласининг олти юзта одами жанг аслаҳалари билан қуролланиб, Зорох билан Эштойўлдан сафарга отланишди. 12Улар йўл юриб, ўз қароргоҳини Яҳудодаги Хират–Ёрим шаҳрининг ғарб томонида қуришди. Шунинг учун ўша жой бугунга қадар[130] Дан қароргоҳи[131], деб аталади.

13У ердан улар Эфрайим қирлари томон йўл олиб, Михонинг уйига яқинлашиб қолишди.

14Шунда юртни, аниқроғи, Лайиш шаҳрининг атрофларини кўриб чиққан бешта одам биродарларига дейишди: “Бу хонадонларнинг бирида руҳонийлар либоси[132], хонаки санамлар[133] ва бут борлигидан хабарларинг борми? Нима қилишимиз кераклигини яхши ўйлаб кўринглар.” 15Улар ёш леви турадиган Михонинг уйига бориб, левидан ҳол–аҳвол сўрадилар. 16Олти юзта қуролланган Дан қўшини дарвозанинг ёнида турган эди. 17Айғоқчилик қилган бешта одам тўппа–тўғри ичкарига бостириб кириб, руҳонийлар либоси, хонаки санамлар ва кумуш билан қопланган бутни олмоқчи бўлдилар. Леви эса қуролланган олти юзта одам билан дарвоза ёнида қолган эди. 18Айғоқчилар Михонинг уйига кириб, руҳонийлар либоси, хонаки санамлар ва бутни олганларини кўрган леви уларга:

— Бу нима қилганларинг? — деди.

19— Жим бўл! — деб дўқ қилди улар. — Овозингни ўчириб биз билан юр. Бизга маслаҳатчи ва руҳоний бўл. Ўзинг ўйлаб кўр, сен биттагина хонадонга руҳоний бўлганинг яхшими ёки Исроилнинг бутун бир қабиласигами?

20Руҳонийга бу таклиф маъқул келди. У руҳонийлар либоси, хонаки санамлар ва кумуш билан қопланган бутни олиб, Дан одамлари билан кетди.

21Дан одамлари бола–чақаларини, чорваю мол–мулкини олдинга ўтказиб, сафарларини давом эттиришди. 22Улар Михонинг уйидан анча узоқлашиб қолганларида, Михо қўни–қўшниларини тўплади–да, Дан одамларининг кетидан қувиб кетди. 23Сўнг овози борича бақириб, Дан одамларини чақирди. Улар эса орқага ўгирилиб Михога:

— Тинчликми?! Шунча одамни етаклаб келибсан?! — дедилар.

24— Сизлар мен ясатган худолар билан руҳонийимни олиб кетиб, мени шип–шийдам қилдингиз–ку. Яна: “Тинчликми?” деганингиз нимаси?! — дея жавоб берди Михо.

25— Овозингни ўчир, — деди унга Дан одамлари. — Бўлмаса, қони қайнаган биродарларимиз жағингни эзиб, ўзингни ҳам, уйингдагиларни ҳам йўқ қилиб юборишади.

26Дан одамлари йўлдан қолмадилар. Михо эса уларга бас келолмаслигини кўриб, уйига қайтиб кетди.

27Дан қабиласи Михо ясаттирган нарсаларни ва унинг хизматида бўлган руҳонийни Лайишга олиб бордилар. Улар Лайишда тинч ва хотиржам яшаётган одамларни қиличдан ўтказиб, шаҳарга ўт қўйдилар. 28Лайиш аҳолисига нажот берадиган ҳеч ким йўқ эди, чунки Лайиш Сидондан жуда узоқда бўлиб, яқин атрофидаги шаҳарлар билан эса ҳеч қандай алоқа ўрнатмаган эди. Лайиш Байт–Рехоб шаҳри билан бир водийда жойлашган эди. Дан қабиласи шаҳарни тиклаб, у ерда ўрнашиб олди. 29Шаҳарни эса ота–бобоси Ёқуб[134] ўғли Даннинг номи билан атади. Дан шаҳрининг эски номи Лайиш эди. 30Дан қабиласи ўзи учун Миходан тортиб олган, кумуш билан қопланган бутни ўрнатди. Гершом ўғли Йўнатан эса уларга руҳоний бўлди. Йўнатан Мусонинг[135] набираси эди. Исроил халқи сургун бўлгунига қадар[136] Йўнатаннинг бутун насли ҳам Дан қабиласига руҳонийлик қилди. 31Ўша даврда Худонинг уйи Шилў шаҳрида[137] жойлашган эди, аммо Дан қабиласи у ерга бормай, Михо ясатган бутга сажда қилиб келди.

 

19–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Гиво аҳолисининг гуноҳи

 

1Исроилда шоҳ бўлмаган ўша даврларда Эфрайим қирларининг кимсасиз жойида Леви қабиласидан бир одам яшарди. У Яҳудо ҳудудидаги Байтлаҳм шаҳридан бир чўрини[138] ўзига хотин қилиб олди. 2Аммо хотини унга бевафолик қилиб, отасининг уйига — Яҳудодаги Байтлаҳмга қайтиб кетди. Орадан тўрт ой ўтди. 3Леви эса у билан ярашмоқчи бўлиб, орқасидан борди. У ўзи билан хизматкори ва бир жуфт эшагини олган эди. Улар хотинининг қизлик уйига етганларида, левининг қайнатаси уларни хурсанд бўлиб қаршилаб олди. 4У қўймай, уларни уйида уч кун меҳмон қилди. Улар еб–ичиб, у ерда тунадилар. 5Тўртинчи куни леви барвақт туриб йўлга шайланди. Қайнатаси эса унга: “Йўлга чиқишдан олдин чой–пой ичиб олинг, ўғлим, қувват бўлади, кейин кетарсизлар”, — деди. 6Шунда улар ўтириб, бирга еб–ичишди. Кейин қизнинг отаси: “Бугун ҳам қолиб дам олсангизлар бўларди”, — деди. 7Леви кетмоқчи бўлиб ўрнидан турганда ҳам уни яна қўярда–қўймай уйида олиб қолди. 8Бешинчи куни леви кетмоқчи бўлиб эрта билан саҳарда турганда, қизнинг отаси унга: “Чой–пой ичиб олинг, кечроқ кетарсизлар”, — деди. Улар ўтириб еб–ичишди.

9Леви хотини ва хизматкори билан кетмоқчи бўлиб дастурхондан турганда, қайнатаси унга шундай деди: “Қаранг, ўғлим, кеч бўлиб қолди. Шу ерда тунаб қолақолинглар. Кун ҳам оғиб қопти. Бу ерда қолиб, дамингизни олинглар. Эртага эса саҳарда туриб уйларингга кетарсизлар.”

10Леви кўнмай йўлга тушди. Хотини ва хуржун ортилган бир жуфт эшаги билан йўл юриб Ёбус шаҳрига, яъни Қуддусга етиб олди. 11Улар Ёбусга яқинлашганларида кеч кириб қолганди. Хизматкор хўжайинига деди: “Келинг, Ёбус халқининг шаҳрига кириб, у ерда тунаб қолайлик.” 12“Йўқ, — деди хўжайин. — Исроил халқига ёт бўлган бегоналарнинг шаҳрига кирмаймиз, ундан кўра, йўлимизни давом қилиб, Гивога борамиз.” 13Леви гапида давом этиб хизматкорига деди: “Кел, икковидан бирига — Гивога ёки Рамага[139] етиб олишга ҳаракат қилайлик.” 14Улар йўлда давом этиб, кунботар пайтида Бенямин қабиласига қарашли Гиво шаҳрига яқинлашиб қолишди. 15Сўнг Гивода тунаб қолмоқчи бўлиб, шаҳар томон йўл олишди–да, бориб шаҳарнинг майдонида ўтиришди, аммо ҳеч ким уларни тунаш учун уйига таклиф қилмади.

16Оқшом кирганда, бир чол даладаги ишларини тугатиб қайтиб келаётган эди. Гивода яшаётган аҳолининг аксарият қисми Бенямин қабиласидан эди, аммо бу чол Гивога Эфрайим қирларидан келиб, энди шу ерларда истиқомат қилаётган эди. 17Чол шаҳар майдонида ўтирган мусофирларни кўриб:

— Қаердан келиб, қаерга кетяпсизлар? — деб сўради.

18Леви шундай жавоб берди:

— Биз Яҳудодаги Байтлаҳмга борган эдик, энди эса уйимизга — Эфрайим қирларидаги олис қишлоғимизга қайтиб кетяпмиз. Йўлда Эгамизнинг уйини ҳам зиёрат қилиб кетмоқчимиз, аммо бу ердагиларнинг биронтаси ҳам тунаб қолишимиз учун бизни уйига таклиф қилмаяпти. 19Бизга турар жойдан бўлак ҳеч нарса керак эмас. Ўзимиз учун нон ва шаробимиз бор. Эшакларимизга ҳам ем–хашак ғамлаб келганмиз.

20— Уйимга марҳамат қилинглар, — деди чол. — Мен ҳамма камчиликларингизнинг ғамини ейман. Фақат кўчада қолмасангизлар, бас!

21Чол уларни уйига олиб бориб, эшакларига ем берди. Сўнг мезбону меҳмонлар оёқларини ювиб[140] овқатланишди.

22Улар дам олиб ўтирганларида, бирданига шаҳарнинг бузуқ одамлари уйни ўраб олишди–да, эшикни тарс–турс уриб:

— Сенинг уйингга келган одамни бу ёққа чиқар, биз у билан бирга бўлишни истаймиз! — дея уй эгасига дўқ уришди.

23Уйнинг эгаси — чол уларнинг олдиларига чиқиб:

— Йўқ укаларим, бундай жирканч иш қилманглар! — деб ўтинди. — Бундай шармандалик қилманглар, ахир, у менинг меҳмоним–ку. 24Мана, менинг бокира қизим ва у кишининг хотини бор. Мен уларни сизларнинг олдингизга олиб чиқай, уларни нима қилсангиз қилинглар, аммо бу одам билан бундай хунук иш қилманглар.

25Лекин одамлар чолнинг гапларига қулоқ солишмади. Шунда леви хотинини итариб, уларнинг олдиларига чиқариб юборди. Улар аёл билан ётиб, эрталабгача уни зўрлашди. Тонг ёришаётганда эса қўйиб юборишди. 26Саҳарда аёл келиб, хўжайини тунаб қолган чолнинг эшиги олдида йиқилди ва тонг отгунча у ерда қолди.

27Эрталаб хўжайини йўлга чиқмоқчи бўлиб, эшикларни очди. Қараса, эшик тагида хотини қўлларини остонага узатиб ётган экан. 28“Қани, турақол, бўл, кетяпмиз”, — деди у. Лекин жавоб бўлмади[141]. Кейин у хотинини эшагига ортиб, уйига йўл олди. 29У уйига етиб келгач, пичоқ билан хотинининг жасадини ўн икки қисмга бўлди. Бўлакларни бутун Исроил бўйлаб Исроилнинг ўн икки қабиласига юборди. 30Буни кўрган ҳар бир одам шундай деб айтарди: “Исроил халқи Мисрдан чиққанидан бери бундай ваҳший ҳодиса содир бўлмаган. Энди ўйлаб кўрайлик, мулоҳаза қилиб ҳукм чиқарайлик!”

 

20–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Исроил халқи урушга тайёрланади

 

1Дан ва Бэршэва шаҳарларининг орасидаги кенг ҳудудда ва Гилад ўлкасида яшаган бутун Исроил халқи бир ёқадан бош чиқариб, Эгамиз ҳузурида Миспахда[142] тўпланди. 2Худо аҳлининг йиғинида жамики Исроил қабилаларининг йўлбошчилари ва 400.000 қуролланган пиёда сипоҳ қатнашди. 3Миспахдаги йиғин ҳақидаги хабар тез орада Бенямин қабиласига ҳам етиб борди.

Исроил халқи шундай деди:

— Бу жиноят қандай қилиб юз берганини бизга айтиб бер.

4Ўлдирилган аёлнинг эри леви жавоб берди:

— Мен хотиним[143] билан тунамоқ учун Бенямин қабиласига қарашли Гиво шаҳрига бордим. 5Кечаси Гивонинг баъзи бир одамлари уйни ўраб олишди. Улар мени ўлдирмоқчи бўлиб, менинг ўрнимга хотинимни шу қадар зўрлашдики, бечора жон берди. 6Ақл бовар қилмайдиган бу разолат Исроилда содир бўлди! Шунинг учун мен хотинимнинг жасадини бўлак–бўлак қилиб, бўлакларни Исроил бўйлаб жўнатдим. 7Энди эса биродарларим, ҳаммаларингиз шу ҳақда мулоҳаза қилиб, бирон–бир маслаҳат беринглар.

8Йиғинда иштирок этганлар туриб бир овоздан:

— Биронтамиз ҳам ўз чодиримизга ёки уйимизга қайтиб кетмаймиз, — деди. 9— Биз бундай қиламиз: Гивога қарши жанг қилишдан олдин, шаҳарга ким ҳужум қилиши кераклигини Худодан сўраб, қуръа ташлаймиз[144]. 10Исроил халқининг ўндан бир қисми жангчиларни озиқ–овқат билан таъминлаб туради. Қолганлар эса Бенямин еридаги Гиво[145] аҳолисини Исроилда қилган шармандалиги учун жазолайди.

11Шундай қилиб, бутун Исроил халқи бир ёқадан бош чиқариб, шаҳарга ҳужум қилиш учун тўпланди.

12Исроил қабилалари Бенямин қабиласи бўйлаб одамларни юбориб дедилар: “Эй, халойиқ, орангиздаги айрим одамлар даҳшатли бир жиноятга қўл урди. 13Гиводаги бузуқларни ҳозироқ бу ерга чиқаринглар, биз уларни ўлдириб, Исроил халқи орасидан ёвузликни йўқ қиламиз.” Аммо Бенямин қабиласи Исроил халқининг гапларига қулоқ солмади. 14Улар шаҳарларидан чиқиб, Исроил халқига қарши жанг қилиш учун Гивога бордилар. 15Ўша куни Гиво шаҳридан бўлган етти юзта сараланган жангчидан ташқари Бенямин қабиласининг бошқа шаҳарларидан келган қуролланган сипоҳларнинг сони йигирма олти минг эди. 16Буларнинг орасида етти юз нафар чапақай аскар бор эди. Уларнинг ҳаммаси моҳир мерган эди. Уларга бир тола сочни нишон қилиб қўйган тақдирда ҳам палахмондан тош отиб, мўлжалга бехато теккизишарди. 17Исроил халқи эса Бенямин қабиласидан ажралган ҳолда 400.000 қуролланган моҳир жангчини тўплади.

 

Бенямин қабиласига қарши жанг

 

18Исроил лашкарлари Байтил шаҳридаги саждагоҳга[146] чиқиб: “Орамиздан ким биринчи бўлиб Бенямин қабиласига ҳужум қилиши керак?” — дея Худога илтижо қилишди.

“Яҳудо қабиласи ҳужум қилсин”, — деб жавоб берди Эгамиз.

19Кейинги куни эрталаб Исроил лашкарлари бориб, Гиво шаҳрининг яқинида қароргоҳ қуришди. 20Сўнг Бенямин жангчиларига ҳужум қилиш учун Гиво шаҳрининг рўпарасида саф тортишди. 21Бенямин жангчилари Гиводан чиқиб, Исроил лашкарлари билан жанг қилишди. Ўша куни йигирма икки минг Исроил сипоҳи ҳалок бўлди. 22-23Исроил лашкарлари Эгамизнинг ҳузурига бориб, кечгача фарёд қилишди. Улар Эгамиздан: “Бенямин қариндошимизга қарши яна жанг қилайликми?” — деб сўрашди. “Уларга ҳужум қилинглар”, — деб жавоб берди Эгамиз. Исроил лашкарлари кўтаринки руҳда илгаригидай аввалги жойда саф тортишди.

24Улар иккинчи куни ҳам Бенямин жангчиларига қарши жанг қилишди. 25Ўша куни Бенямин жангчилари Гиводан чиқиб, яна ўн саккиз минг моҳир Исроил сипоҳини ўлдиришди. 26Шунда Исроил лашкарлари Байтилга[147] қайтиб, йиғи–сиғи қилишди. Улар ўша куни кечгача Эгамизнинг ҳузурида ўтириб рўза тутишди. Эгамиз ҳузурида куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликларини келтиришди.

27-28Худонинг Аҳд сандиғи ўша ерда — Байтилда турган эди, Элазар ўғли Финхаз эса Аҳд сандиғи ёнида ўз хизматини адо этарди. Финхаз Ҳоруннинг набираси эди.

Исроил лашкарлари Эгамиздан: “Қариндошимиз Бенямин қабиласига қарши жанг қилайликми, йўқми?” — деб сўрашди.

“Жанг қилинглар, — деб жавоб берди уларга Эгамиз. — Эртага Мен уларни сизларнинг қўлингизга бераман.” 29Исроил лашкарлари Гивонинг теварак–атрофидаги пистирмаларга одамларни ўтирғизиб қўйишди. 30Кейин эса учинчи марта Бенямин жангчиларига қарши жанг қилиш учун Гиво рўпарасида олдингидай саф тортишди. 31Бенямин жангчилари урушга чиқишди. Исроил лашкарлари илгаригидек чекина бошлашди. Бенямин жангчилари Исроил лашкарларини таъқиб қилиб, шаҳардан узоқлашиб қолишди. Улар Байтил ва Гивога кетадиган катта йўлларда ва очиқ майдонларда ўттизтача Исроил сипоҳини ўлдиришди. 32Бенямин жангчилари: “Булар олдингидай тумтарақай бўлишяпти”, деб ўйлашган эди. Аслида эса Исроил лашкарлари уларни шаҳардан узоқлаштириш ниятида шундай қилишаётган эди.

33Исроил лашкарининг асосий қисми жанг майдонини орқага — Баал–Тамар шаҳри томон тортди. Шунда бирданига Ғибо текислигидаги[148] пистирмада ётган сипоҳлар чиқишди. 34Исроил лашкарининг ўн минг сараланган жангчиси Гивога ҳужум қилди ва у ерда қаттиқ жанг бошланди. Бенямин жангчилари бундай фалокат юз беришини кутишмаган эди.

35Эгамиз уларни Исроил лашкарлари олдида мағлуб қилди. Ўша куни Исроил лашкарлари қуролланган 25.100 Бенямин жангчисини ўлдиришди. 36Шунда Бенямин жангчилари мағлубиятга учраганларини тушунишди.

Исроил лашкарининг асосий қисми Бенямин жангчилари олдида чекинган эди. Шу орқали улар Гиво атрофидаги пистирмаларда ўтирган Исроил сипоҳларига шаҳарга ҳужум қилиш учун қулай вазият яратиб берган эдилар. 37Пистирмадаги сипоҳлар Гиво томон отилдилар. Улар шаҳардаги бор одамни қириб ташладилар. 38Исроил лашкарининг асосий қисми билан пистирмадаги сипоҳлар ўзаро шундай келишиб олгандилар: шаҳардан қуюқ тутун чиқиши биланоқ, 39Исроил лашкарининг асосий қисми орқага қайтиб жанг қилиши керак эди.

Шу орада Бенямин жангчилари ўттизтача Исроил сипоҳини ўлдирган эдилар. Шу сабабдан улар: “Исроил лашкари илгаригидай чекиниши аниқ”, деб ўйлаган эдилар. 40Бироқ ортга қараганларида шаҳардан қуюқ тутун булут бўлиб кўтарилганини ва бутун шаҳар ёнғин остида қолганини кўрдилар. 41Шунда Исроил лашкарининг асосий қисми ортига қайтди. Бенямин жангчилари эса мағлубиятга учраганларини англаб, саросимага тушдилар. 42Улар Исроил лашкаридан қочмоқчи бўлиб, саҳро томон югурдилар, аммо қирғиндан қочиб қутула олмадилар. Чунки шаҳардан чиқиб келаётган сипоҳлар билан Исроил лашкарининг асосий қисми уларни икки томондан сиқиб келаётган эди. 43Исроил лашкари Бенямин жангчиларини қуршовга олиб, Гивонинг шарқ томонигача тўхтамай таъқиб қилиб, ўлдирди. 44Бенямин қабиласининг ўн саккиз минг баҳодир жангчиси ҳалок бўлди. 45Бошқалари эса саҳродаги Риммон қоясига қараб қочишди. Исроил лашкарлари улардан беш мингтасини катта йўлларда қириб ташладилар, қолганларини эса Гидўмгача таъқиб қилиб, яна икки мингтасини ўлдирдилар. 46Ўша куни Бенямин қабиласидан жами йигирма беш минг қуролланган довюрак жангчи ҳалок бўлди. 47Аммо олти юзта сипоҳ саҳродаги Риммон қоясига қочишга муваффақ бўлди. Улар тўрт ой мобайнида у ерда яшаб юрдилар. 48Исроил лашкарлари Бенямин шаҳарларига қайтиб, у ерда қолган–қутган одамларни, молларни, барча жонзотни қириб ташладилар, атрофдаги шаҳарларга ўт қўйдилар.

 

21–БОБ - ҲАКАМЛАР

 

Бенямин йигитлари учун келинлар

 

1Исроил халқи Миспахдаги[149] йиғинда: “Биронтамиз ҳам Бенямин қабиласига қиз узатмаймиз”, — деб онт ичган эди. 2Бенямин қабиласи билан бўлган урушдан кейин Исроил халқи Байтилга[150] бориб, Эгамиз ҳузурида кечгача ўтирди. Улар фарёд кўтариб: 3“Эй, Исроил халқининг Худоси — Эгамиз, нега бундай кўргилик бошимизга тушди?! Нега Исроилнинг бир қабиласи йўқ бўлиб кетди?!” — дея аччиқ–аччиқ йиғладилар.

4Эртаси куни одамлар барвақт туриб, у ерда қурбонгоҳ қурдилар. Улар куйдириладиган қурбонликлар ва тинчлик қурбонликларини келтирдилар. 5Кейин бир–бирларидан: “Исроил қабилаларидан Эгамиз ҳузурида ўтказилган йиғинга келмаганлар борми?” — деб сўрадилар. Чунки улар, Миспахда — Эгамиз ҳузурида ўтказилган йиғинда иштирок этмаган ҳар бир кишининг жазоси ўлимдир, деб қатъий бир қасам ичган эдилар. 6Исроил халқи ўз жигари бўлган Бенямин қабиласига ачиниб: “Эвоҳ, бугун Исроилнинг бир қабиласи йўқ бўлди”, — дея кўп ўкинди. 7“Ўша қабиладан фақатгина бир нечта йигит омон қолди, холос. Энди улар учун қаердан қиз топамиз? Биронтамиз уларга қиз узатмаймиз, деб Эгамизнинг номи билан қасам ичган эдик–ку!”

8Исроил халқи: “Миспахдаги йиғинда қатнашмаганлар борми?” — дея суриштира бошлади. Шунда Гиладдаги Ёбош шаҳрининг аҳолиси йиғинда қатнашмаганлиги маълум бўлди. 9Чунки йўқлама қилинганда ўша шаҳардан ҳеч ким йўқ эди. 10Бутун жамоа ўн икки минг жангчини танлаб, уларга: “Боринглар, Гиладдаги Ёбош шаҳрининг бутун аҳолисини қириб ташланглар, хотину бола–чақаларини ҳам аяманглар!” — деди. 11“Ҳар бир эркак ва эр кўрган ҳар бир аёл ўлдирилсин[151].” 12Жангчилар Ёбош[152] аҳолисининг орасидан тўрт юзта эр кўрмаган, ёш бокира қизни топиб, уларни Канъон еридаги Шилў қароргоҳига олиб келдилар.

13Кейин бутун жамоа Риммон қоясидаги Бенямин одамларига хабар юбориб, тинчлик эълон қилди. 14Бенямин одамлари ўз уйларига қайтиб боришди. Исроил халқи Гиладдаги Ёбош аҳолисининг омон қолган қизларини уларга турмушга берди. Аммо қизларнинг сони Бенямин одамларига қараганда камроқ эди.

15Исроил халқи Бенямин қабиласига ниҳоятда ачинар эди, чунки Эгамиз уларни деярли йўқ қилиб юборган эди. 16Шунда жамоа оқсоқоллари шундай дедилар:

— Оббо, энди қолган Бенямин ўғилларига қаердан қиз топиб берамиз? Уларнинг қабиласидан биронта қиз ҳам тирик қолмади–ку! 17Бенямин қабиласи Исроилдан батамом йўқ бўлиб кетмаслиги учун омон қолганлари насл қолдиришлари керак. 18Лекин шуниси ҳам борки, биз: “Бенямин қабиласига қиз узатган лаънати бўлгай!” деб қасам ичиб қўйдик, энди уларга қиз узата олмаймиз.

19Шунда одамлардан биттаси:

— Ҳа, айтганча, Эгамизга бағишлаб Шилўда ҳар йили ўтказиладиган байрам ҳақида нима дейсизлар? — деди. — Лавўн ва Байтил шаҳарларининг ўртасида жойлашган бу шаҳар, Байтилдан Шакамга кетадиган йўлнинг шундоқ ёнгинасида–ку.

20Оқсоқоллар Бенямин қабиласидан бўлган бўйдоқ йигитларга шундай уқдирдилар:

— Боринглар, узумзорларда яшириниб, 21пойлаб туринглар. Шилў қизлари ўйинга чиққанда, узумзордан чиқиб, ҳар бирингиз ўзларингиз учун қиз олиб қочинглар. 22Қизларнинг оталари ёки ака–укалари олдимизга шикоят қилиб келадиган бўлишса, биз уларга шундай деймиз: “Қизларингизни олиб қолишимизга ижозат беринглар. Тушунинглар ахир, биз Гиладдаги Ёбошга ҳужум қилганимизда Бенямин йигитлари учун етарлича қиз олиб кела олмадик. Гарчи Бенямин йигитлари қизларингизни олиб қочган бўлса–да, сизлар қасамни бузган ҳисобланмайсизлар.”

23Бенямин одамлари Шилўга бориб, узумзорларда яшириниб олдилар. Қизлар рақсга тушганларида улар ўзлари учун биттадан қиз олиб қочдилар. Сўнг олиб қочган қизлари билан уйларига қайтиб кетдилар, шаҳарларини тиклаб, ўша жойда яшадилар. 24Бутун Исроил жамоаси ҳам уй–уйларига, қабилалари ва оилаларига қайтиб борди.

25Ўша даврларда Исроилда шоҳ йўқ эди. Ҳар бир одам билганини қилар эди.

 


[1] 1:4 - Базах шаҳри — Базах қаерда жойлашгани маълум эмас.

[2] 1:7 - ...дастурхонимдан тушган ушоқларни териб юришар эди — Бу ҳаракат мағлублик ва хорликнинг бир белгиси эди.

[3] 1:8 - ...Қуддусга ҳужум қилиб, шаҳарни қўлга киритди — Шаҳар мағлуб бўлган бўлса ҳам, бу пайтда Исроил халқи томонидан эгалланмаган эди (шу бобнинг 21–оятига қаранг). Шоҳ Довуд бу шаҳарни босиб олгандан кейингина Исроил халқи бу шаҳарга эгалик қилди (2 Шоҳлар 5:6-10 га қаранг).

[4] 1:10 - Хеврон шаҳри — Қуддусдан қарийб 32 километрча жануби–ғарбда жойлашган.

[5] 1:12 - Холиб — Яҳудо қабиласининг оқсоқолларидан бири (Ёшуа 14:6-14 ва Саҳрода 13:7, 31, 14:6, 10, 20-24 га қаранг). Шу бобнинг 12-15–оятларида ёзилган ҳикоя Ёшуа 15:13-19 да қайд этилган.

[6] 1:14 - ...қиз Ўтниёлга... — Ибронийча матндан. Қадимий грекча ва лотинча таржималарда Ўтниёл қизга.

[7] 1:16 - пальма шаҳри — Eрихо — ибронийча матнда Пальма шаҳри, Ерихо шаҳрини шу ном билан ҳам аташарди.

[8] 1:17 - ...ер билан яксон қилишди — Шу ибора билан таржима қилинган ибронийча сўзнинг маъноси қуйидагича: одамлар ёки буюмлар Худога бағишланиб, назр сифатида берилган ёки тамоман қириб ташланган.

[9] 1:17 - Хўрмах — ибронийчадаги маъноси вайрона.

[10] 1:18 - Ғазо, Ашқалон, Эхрон шаҳарлари — бешта Филист шаҳарларининг учтаси (Ёшуа 13:3 га қаранг).

[11] 1:19 - темир жанг аравалари — бу аравалар бутунлай темирдан ясалган эмас, балки бир нечта қисми темирдан тайёрланган эди.

[12] 1:20 - Мусо айтганидек... — Ёшуа 15:13-14 га қаранг.

[13] 1:20 - Иноқдан келиб чиққан учта уруғни — Исроил халқидан аввал Фаластинда яшаган, улар гавдаси улкан ва кучли жангчилари билан машҳур бўлган бир халқ эди (Саҳрода 13:33-34, Қонунлар 1:28, 2:10-11, 20-21, 9:1-2 га қаранг).

[14] 1:21 - бугунга қадар — шу китоб ёзилаётган вақтга ишора.

[15] 1:22 - Байтил шаҳри — Қуддусдан қарийб 19 километрча шимолда жойлашган.

[16] 1:24 - яширин кириш жой — қадимги деворли шаҳарларда фақат шаҳар аҳолиси биладиган бир–иккита кичкина кириш жойлар бўлган. Шаҳарнинг асосий дарвозалари қулф бўлса ҳам, одамлар мана шу жойлардан шаҳарга кира олардилар.

[17] 1:26 - Хет халқининг юрти — Хет халқининг бир шоҳлиги бўлган эди. Бу шоҳликнинг маркази ҳозирги Туркия мамлакати ҳудудида жойлашган эди. Бу империя бир вақтлар жанубдан Суриягача, Исроилнинг шимол томонигача чўзилган эди.

[18] 1:27 - Байт–Шан — ибронийча матнда бу номнинг бошқача варианти Байт–Шиён.

[19] 1:34 - Амор халқлари — бу ўринда умумий ном бўлиб, бу ном остида ўша вақтларда Канъонда истиқомат қилган Исроил халқидан бошқа қолган ҳамма халқлар назарда тутилади.

[20] 1:36 - Чаёнлар довони — ибронийча матнда Акрабим довони, маъноси чаёнлар довони.

[21] 2:1 - Гилгал — Ерихо шаҳрининг шарқида жойлашган. Исроил халқи Ёшуа бошчилигида юртга кирганларидан кейин, биринчи марта мана шу жойда қароргоҳ қурганлар (Ёшуа 4:19-5:12 га қаранг).

[22] 2:3 - ...сизларга душман бўлиб... — ёки улар сизларга тузоқ бўлиб қолади, ёки улар сизларнинг биқинингиздаги тикондай бўлади. Ибронийча матнда бу гапнинг маъноси баҳсли.

[23] 2:5 - Бохим — ибронийчадаги маъноси йиғлайдиганлар.

[24] 2:9 - Тимнат–Серах — ибронийча матнда бу номнинг бошқача варианти Тимнат–Харес (Ёшуа 19:50 ва 24:30 га қаранг).

[25] 2:16 - ҳакамлар — ўша вақтда Исроилнинг йўлбошчилари ҳакамлар, деб аталган. Исроил халқи душманларига қарши уруш очганда, ҳакамлар лашкарнинг лашкарбошиси сифатида хизмат қиларди. Ҳакамлар қонуний қози вазифасини, баъзан эса руҳий вазифаларни ҳам бажарар эдилар.

[26] 3:3 - бешта Филист беки — бу беклар бешта Филист шаҳарларида ҳукмдорлик қилардилар. Мана шу бешта шаҳар: Ғазо, Ашдод, Ашқалон, Гат ва Эхрон (Ёшуа 13:3 га қаранг).

[27] 3:3 - Лево–Хомат — ёки Хомат довони.

[28] 3:8 - Орам–Нахрайим — ибронийчадаги маъноси Икки дарёнинг Орами демакдир, Фурот дарёсидан шарқда, ҳозирги Сурия мамлакатининг шимолий қисмида жойлашган ерларга ишора қилади.

[29] 3:10 - ҳакам — 2:16 изоҳига қаранг.

[30] 3:12 - Мўаб юрти — Ўлик денгизнинг шарқий қирғоғида жойлашган.

[31] 3:13 - пальма шаҳри — Eрихо — ибронийча матнда Пальма шаҳри, Ерихо шаҳрини шу ном билан ҳам аташарди.

[32] 3:16 - бир тирсак — тахминан 45 сантиметрга тўғри келади.

[33] 3:19 - Гилгал — Ерихо шаҳридан қарийб 2,5 километрча узоқликда жойлашган ер. Эглон шу ерда бўлган бўлиши мумкин эди (шу бобнинг 13–оятига қаранг).

[34] 3:19 - ҳайкаллар — ёки бутлар ёки ёдгорликлар (шу бобнинг 26–оятида ҳам бор).

[35] 3:22 - ...ханжар тиғи шоҳнинг қорнини ёриб бутидан чиқди — Ибронийча матнда бу гапнинг маъноси баҳсли.

[36] 4:3 - темир жанг арава — 1:19 изоҳига қаранг.

[37] 4:4 - ҳакам — 2:16 изоҳига қаранг.

[38] 4:6 - Товур тоғи — Жалилада, Жалила кўлининг жанубий қирғоғидан қарийб 19 километрча ғарбда жойлашган.

[39] 4:11 - Мусонинг қайнағаси — Саҳрода 10:29 га қаранг.

[40] 5:10 - Эшитинг... — ёки эълон қилинг ёхуд шу ҳақда куйланг.

[41] 5:11 - чўпонлар — ёки қўшиқчилар.

[42] 5:14 - Омолекларни енгган Эфрайим — Эфрайим қабиласининг ҳудуди Омолек халқининг қирли юртини ўз ичига олар эди (12:15 га қаранг).

[43] 5:20 - Жанг қилди юлдузлар самода туриб... — Само кучлари Исроил тарафида туриб жанг қилганлигини шеърий йўл билан кўрсатиш (4:7, 14-16 га қаранг).

[44] 6:1 - Мидиён халқи — Фаластин юртининг жануби–шарқ томонидаги чўл жойларда кезиб юрадиган кўчманчи халқ.

[45] 6:5 - чигиртка — чигирткалар баъзан тўда–тўда бўлиб келиб, далалардаги ҳосилга катта зарар етказади.

[46] 6:10 - Амор халқлари — 1:34 изоҳига қаранг.

[47] 6:15 - тўрам — ёки Раббим. Ибронийча сўз одатда Худога нисбатан ишлатилади, лекин баъзи бир ҳолатларда ҳурмат кўрсатиш учун одамларга ҳам нисбатан ишлатилиши мумкин бўлган. Гидўн ҳали Эгамиз билан гаплашаётганини тушунмаган эди (шу бобнинг 22-23–оятларига қаранг).

[48] 6:19 - бир тоғора — ибронийча матнда бир эфа, тахминан 22 килога тўғри келади.

[49] 6:22 - Вой...юзини кўрдим — Эгамизни кўргани учун Гидўн, энди ўламан, деб жуда қўрқиб кетди. Исроил халқи ишонардики, агар бирорта одам Худони кўрса, ўша одам ўлади (13:22, Ибтидо 32:30 ва Чиқиш 33:20 га қаранг).

[50] 6:24 - бугунга қадар — шу китоб ёзилаётган вақтга ишора.

[51] 6:25 - Отангнинг етти яшар иккинчи буқаси — ёки отангнинг буқаси билан бирга яна бир етти яшарли буқа.

[52] 6:26 - ўша буқа — ёки иккинчи буқа (шу бобнинг 28–оятида ҳам бор).

[53] 7:1 - Мўре тепалиги — Харўд булоғидан қарийб 8 километрча шимолда жойлашган.

[54] 7:3 - Гилад тоғи — одатда “Гилад”, деб Иордан дарёсининг шарқида жойлашган ерларга айтилади, лекин бу оятда Йизрил водийси яқинидаги, Иордан дарёсининг ғарбида жойлашган ерга нисбатан ишлатилган. Балки бу ўринда Гилбова тоғининг яна бир номи сифатида ишлатилгандир.

[55] 7:12 - чигиртка — 6:5 изоҳига қаранг.

[56] 7:22 - ...Байт–Шиттах...Овил–Махла шаҳри... — Бу шаҳарлар Иордан дарёсининг шарқий қирғоғида жойлашган.

[57] 7:25 - ...Орив...Заёв... — ибронийчада Орив исмининг маъноси — қузғун, Заёв исмининг маъноси — бўри. Мидиён халқи овчилардай Исроил халқини қувиб уларни талон–тарож қилардилар.

[58] 8:4 - ...нариги қирғоғига ўтиб олди — Яъни дарёнинг шарқ томонига.

[59] 8:8 - Паниёл шаҳри — ибронийча матнда бу номнинг бошқача варианти Панувал бўлиб, Гиладда — Иордан дарёсининг шарқ томонида жойлашган (шу бобнинг 9, 17–оятларида ҳам бор).

[60] 8:9 - минора — кўпинча миноралар шаҳарни ҳимоя қилиб турган деворларнинг бир қисми эди.

[61] 8:24 - Мидиёнлар ҳам Исмоил авлоди сингари... — Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — Исмоил авлодидан бўлганлари учун. Исмоил ва Мидиён халқлари Иброҳимнинг иккита ўғлидан келиб чиққанлар (Ибтидо 25:1-2, 12 га қаранг). Бу халқлар яқин қариндош бўлганлари учун уларнинг иккаловини ҳам баъзан Мидиён халқи, баъзан эса Исмоил халқи деб аташади (яна Ибтидо 37:28 ва ўша оятдаги изоҳга қаранг).

[62] 8:26 - бир пуддан ортиқ — ибронийча матнда бир минг етти юз шақал, тахминан 19,5 килога тўғри келади.

[63] 8:27 - ҳайкал — ибронийча матнда эфод бўлиб, бу оятда одамлар сажда қилган ёки фол очиш учун ишлатган нарсага нисбатан ишлатилган. Мусонинг акаси олий руҳоний Ҳорун кийган “эфод”га ўхшатиб тикилган руҳонийлар киядиган кийим бўлиши мумкин, лекин бу кийимда жуда кўп тилла безаклар бўлган (Чиқиш 28:6-30 га қаранг). Бу нарса “эфод”нинг тилладан ишланган нусхаси ёки бирорта тилла ҳайкал ҳам бўлиши мумкин.

[64] 8:29 - Гидўн — ибронийча матнда Еруббаал, Гидўннинг яна бир исми (6:32, 7:1 га қаранг).

[65] 8:31 - чўри — ибронийча матнда бу сўзнинг маъноси қуйидагича: бу аёллар чўри бўлиб, қонуний хотин бўлмасалар–да, хўжайинлари билан жинсий алоқада бўлишган. Қадимги пайтларда канизакларнинг жиддий қонуний ҳуқуқлари бўлиб, хўжайинлари уларнинг эрлари сифатида бўлган.

[66] 8:33 - Баал–Берит — ибронийчадаги маъноси аҳд Баали. Худо Баал–Беритга сажда қилиш маҳаллий халқнинг Канъондаги халқлар худоси Баалга сажда қилиш йўлларидан бири эди.

[67] 9:1 - Гидўн — ибронийча матннинг шу жойида ва мана шу бобнинг қолган қисмида Еруббаал деб ишлатилган, Гидўннинг яна бир исми (6:32, 7:1 га қаранг).

[68] 9:4 - Баал–Берит — 8:33 ва ўша оятдаги изоҳга қаранг.

[69] 9:4 - етмиш бўлак кумуш — тахминан 770 граммга тўғри келади.

[70] 9:6 - Шакам — Исроилнинг тепаликларида, Қуддусдан қарийб 50 километрча шимолда жойлашган шаҳар.

[71] 9:15 - Лубнондаги садрлар — Лубнон тоғларида ўсадиган бу садр дарахтлари дунёнинг ўша ҳудудидаги энг катта дарахт навларидан бири эди.

[72] 9:18 - Чўрисидан туғилган Абумалек — 8:31 га қаранг.

[73] 9:31 - У билдирмай Абумалекнинг олдига чопар жўнатиб... — ёки у Армахдаги Абумалекнинг олдига чопар жўнатиб. Ибронийча матнда бу гапнинг маъноси баҳсли.

[74] 9:37 - фолбинлар йиғиладиган дарахт — ибронийча матнда Элон–Мўнаним, маъноси фолбинларнинг эман дарахти.

[75] 9:41 - Армах — Шакамдан қарийб 8 километрча узоқликда жойлашган шаҳар.

[76] 9:45 - ...устидан туз сочиб ташлади — Бу ҳаракат Абумалекнинг бу шаҳарда энди ҳеч нарса ўсмайди, ҳеч ким яшамайди, деб лаънатлаганининг белгиси бўлиши мумкин (Забур 106:34 га қаранг).

[77] 9:46 - Баал–Берит — ибронийча матнда Эл–Берит. Маъноси аҳд худоси, Баал–Беритнинг яна бир номи (8:33 ва шу бобнинг 4–оятига қаранг).

[78] 9:48 - Залмон тоғи — Шакам шаҳри яқинида жойлашган Эбал тоғининг ёки Гаризим тоғининг яна бир номи.

[79] 10:2 - ҳакам — 2:16 изоҳига қаранг.

[80] 10:4 - ...ўттизта эшакни минишар...ўттизта шаҳарга эгалик қилишарди — Бу уларнинг бойлиги ва баланд лавозимга эга эканликларининг белгиларидир.

[81] 10:4 - бугунга қадар — шу китоб ёзилаётган вақтга ишора.

[82] 10:4 - Ёвир қишлоқлари — ибронийча матнда Хавот–Ёвир, маъноси Ёвир қишлоқлари.

[83] 10:12 - Мойун — ибронийча матндан. Баъзи қадимий грек таржима қўлёзмаларида Мидиён. Мойун Мавун халқининг яна бир номи бўлиши мумкин. Мавун халқи Мидиён халқи яшайдиган жойда яшарди. Улар Мидиён халқидан келиб чиққан бир гуруҳ ҳам бўлиши мумкин.

[84] 10:17 - Миспах — 10-12–бобларда Миспах сўзи Гиладдаги бир шаҳарга нисбатан ишлатилган (11:29 га қаранг), Гилад Иордан дарёсининг шарқида, Ўлик денгизнинг шимолида жойлашган ер. Кейинроқ 20-21–бобларда Миспах деб бошқа шаҳар ҳақида айтилган.

[85] 11:11 - Миспах — 10:17 изоҳига қаранг.

[86] 11:16 - Қизил денгиз — ибронийча матнда ём суф, маъноси Қамиш денгизи. Бу ном мана шу оятда ҳозирги Ақаба қўлтиғига (яъни Қизил денгизнинг шимоли–шарқидаги қўлтиққа) ишора қиляпти.

[87] 11:16 - Кадеш — Кадеш–Барна номи билан ҳам танилган бўлиб, ҳозирги Ақаба қўлтиғининг шимолий қирғоғидан қарийб 145 километрча шимоли–ғарбда жойлашган ҳавза (Саҳрода 20:1, 14-21 га қаранг).

[88] 11:24 - худойинг Хамўш — одатда бу худо Оммон халқининг эмас, Мўаб халқининг худоси деб ҳисобланган. Оммон халқининг худоси Мўлах бўлган (3 Шоҳлар 11:7 га қаранг). Оммон халқи Исроилдан тортиб олмоқчи бўлган бу ер олдин Мўаб халқининг ҳудудида эди (Саҳрода 21:26 га қаранг). Уни аввал Амор халқи, кейин эса Исроил халқи босиб олган эди (шу бобнинг 23–оятига қаранг). Одатда халқларнинг худоси уларнинг ери билан боғлиқ бўлгани учун, Оммон шоҳи олдин Мўаб халқига тегишли ерни талаб қилаётгани учун, бу оятда у шоҳга, Мўабларнинг худоси Хамўшга мурожаат қилгин, деб айтилаётган бўлиши мумкин.

[89] 11:25 - Нима, сенинг...Болоқдан ортиқ жойинг бормиди?! — Болоқ Мўабнинг олдинги шоҳи эди. У битта одамни, Исроил халқини лаънатлагин, деб ёллаган эди, аммо ўша одам гапирганда унинг оғзидан фақат марҳаматлаш чиқди, чунки Худо у орқали гапирган эди (Саҳрода 22-24–бобларга қаранг).

[90] 12:7 - ҳакам — 2:16 изоҳига қаранг.

[91] 12:8 - Байтлаҳм — бу ўринда ҳозирги Қуддуснинг жанубида жойлашган шаҳар эмас, Забулун қабиласининг ҳудудида жойлашган кичкина бир шаҳарча ҳақида гап кетаётган бўлиши мумкин.

[92] 12:14 - ...етмишта эшакни миниб юришарди — Бу уларнинг оиласи бойлигининг белгиси эди.

[93] 13:2 - Дан қабиласи — бу пайтда Дан қабиласи Филистлар турган қирғоқ бўйидаги текисликлар ёнида — Исроил юртининг жануби–ғарбида жойлашган эди. Кейинроқ Дан қабиласи шимолга кўчди (18–бобга қаранг).

[94] 13:5 - ...Худога назр қилингай... — Бу оятдаги ибронийча матнда алоҳида бир сўз ишлатилган бўлиб, Худога хизмат қилиш учун махсус ваъда берган одамни билдиради. Баъзи бир инсонлар шундай ваъда бериб ўзларини бир мунча вақт Худонинг хизматига бағишлар эдилар. Баъзи бировлар эса туғилган пайтлариданоқ шу ваъда орқали Худога бағишланганлар. Тавротга кўра, ўзини Худога бутунлай бағишлаб, назр қилган одам шароб ёки май ичмаслиги, сочини қирқмаслиги, мурдага тегмаслиги керак эди (Саҳрода 6:1-8, 21 га қаранг). Бу ибронийча сўз шу бобнинг 7–оятида ҳам бор.

[95] 13:22 - Биз ўламиз, чунки биз Худони кўрдик! — 6:22 изоҳига қаранг.

[96] 13:25 - ...Зорох...Эштойўл шаҳарлари... — Филистлар турадиган қирғоқ бўйидаги текисликлар ёнида, Исроилнинг жануби–ғарбий қисмида жойлашган.

[97] 13:25 - Дан қабиласининг қароргоҳи — ибронийча матнда Махонех–Дан, маъноси Дан қароргоҳи.

[98] 14:9 - ...асални шернинг мурдасидан олганини айтмади — Шимшўн Худога бағишланган бўлгани учун у ўлик ҳайвоннинг жасадига тегиши мумкин эмас эди (13:5 ва ўша оятдаги изоҳга қаранг). Тавротга кўра, жасад ва жасадга теккан мана шу асал ҳам ҳаром, шунинг учун уларга теккан одам ҳаром бўлиб қоларди.

[99] 14:15 - еттинчи — ибронийча матндан. Қадимий грекча ва сурёнийча таржималарда тўртинчи.

[100] 14:19 - Ашқалон шаҳри — Филистларнинг бешта шаҳридан биттаси (1:18-19 га қаранг).

[101] 15:6 - отасининг хонадони — кўп иброний қўлёзмаларидан ва қадимий грекча ва сурёнийча таржималардан (яна 14:15 га қаранг). Ибронийча матнда отаси.

[102] 15:8 - Этом қоясидаги бир ғор — бу жой Яҳудо қабиласининг ҳудудида, Байтлаҳм шаҳрининг жануби–ғарбий қисмидан бир неча километр узоқда жойлашган.

[103] 15:9 - Лехи — ибронийчадаги маъноси жағ суяк.

[104] 15:16 - уюм–уюм — ибронийчадаги уюм сўзи ибронийчадаги эшак сўзига оҳангдош.

[105] 15:17 - Рамат–Лехий — ибронийчадаги маъноси жағ суяк тепалиги.

[106] 15:19 - Эн–Хаққор — ибронийчадаги маъноси фарёд қилганнинг булоғи.

[107] 15:19 - бугунга қадар — шу китоб ёзилаётган вақтга ишора.

[108] 15:20 - ҳакам — 2:16 изоҳига қаранг.

[109] 16:2 - ...шаҳар дарвозасида... — Бу ибора ҳам шаҳар дарвозасига, ҳам дарвозанинг ёнида шаҳар деворлари орасига қурилган хоналарга нисбатан ишлатилган. Бу хоналардан қўриқчилар ва бошқа назоратчилар хизмат пайтида фойдаланганлар.

[110] 16:3 - Хеврон — Ғазодан қарийб 65 километрча шарқда жойлашган шаҳар.

[111] 16:5 - Филист беклари — 3:3 изоҳига қаранг.

[112] 16:5 - 1100 бўлакдан кумуш — тахминан 13 килога тўғри келади.

[113] 16:7 - янги, қуриб улгурмаган камон ипи — камон ипи кўпинча ҳайвон ичагидан эшилиб тайёрланган. Бу иплар ичаклар ҳали ҳўллигида тайёрланган, улар қуригандан кейин жуда ҳам пишиқ бўлиб қолган.

[114] 16:14 - ...моки ёрдамида яхшилаб маҳкамлаб қўйсанг...унинг етти тутам сочини дастгоҳдаги матога қўшиб тўқиди–да... — Қадимий грекча таржимадан. Бу сўзлар котибнинг хатоси туфайли ибронийча матнда тушиб қолган.

[115] 16:17 - ...онамнинг қорнидаёқ Худога назр қилинганман — 13:2-5 га ва 13:5 изоҳига қаранг.

[116] 16:31 - Зорох билан Эштойўл шаҳарлари — 13:25 изоҳига қаранг.

[117] 16:31 - ҳакам — 2:16 изоҳига қаранг.

[118] 17:2 - 1100 бўлак кумуш — тахминан 13 килога тўғри келади.

[119] 17:4 - кумуш бўлакларнинг 200 таси — тахминан 2,3 килога тўғри келади.

[120] 17:4 - ...бут ясаб, уни кумуш билан қоплади — Ибронийча матндан сўзма–сўз таржимаси — кумушдан ўйма бут ва қуйма бут ясади. Ибронийча матнда кейинроқ фақат битта бут ҳақида сўз юритилган. Шунинг учун биттагина бут ясалганининг эҳтимоли кўпроқ. Бу бут ўйиб ясалгандан сўнг кумуш билан қопланган бўлиши мумкин.

[121] 17:5 - руҳонийлар киядиган махсус либос — ибронийча матнда эфод бўлиб, бу оятда Михонинг ўғли, саждагоҳда хизмат қиладиган руҳоний киядиган кийим бўлиши мумкин. Мусонинг акаси олий руҳоний Ҳорун кийган “эфод”га ўхшатиб тикилган бўлиши мумкин (Чиқиш 28:6-30 га қаранг). Ёки одамлар сажда қилган ёки фол очиш учун ишлатган нарса ҳақида айтилган бўлиши ҳам мумкин (яна 8:27 ва ўша оятдаги изоҳга қаранг).

[122] 17:5 - хонаки санамлар — ибронийча матнда терафим. Улар фол очиш учун ишлатилган бўлиши мумкин.

[123] 17:7 - Байтлаҳм шаҳри — Қуддусдан қарийб 8 километрча жанубда жойлашган.

[124] 17:7 - леви — левиларнинг касби руҳонийлик эди.

[125] 17:10 - ўн бўлакдан кумуш — тахминан 110 граммга тўғри келади.

[126] 18:2 - Зорох ва Эштойўл шаҳарлари — 13:25 изоҳига қаранг.

[127] 18:3 - леви — 17:7 изоҳига қаранг.

[128] 18:7 - ...Лайиш шаҳри...Сидон... — Лайиш шаҳри Исроилнинг энг шимолий қисмида жойлашган шаҳар эди. Сидон эса Финикияга қарашли шаҳар бўлиб, Исроилнинг шимолидаги Ўрта ер денгизининг бўйида жойлашган эди.

[129] 18:7 - ...атрофдаги шаҳарлар билан... — Ибронийча матндан. Баъзи қадимий грекча таржима қўлёзмаларида Орам халқи билан.

[130] 18:12 - бугунга қадар — шу китоб ёзилаётган вақтга ишора.

[131] 18:12 - Дан қароргоҳи — 13:25 изоҳига қаранг.

[132] 18:14 - руҳонийлар либоси — ибронийча матнда эфод (шу бобнинг 17, 18, 20–оятларида ҳам бор). 17:5 ва ўша оятдаги изоҳга қаранг.

[133] 18:14 - хонаки санамлар — ибронийча матнда терафим (шу бобнинг 17, 18, 20–оятларида ҳам бор). Улар фол очиш учун ишлатилган бўлиши мумкин.

[134] 18:29 - Ёқуб — ибронийча матнда Исроил, Ёқубнинг яна бир исми (Ибтидо 32:27-28 га қаранг).

[135] 18:30 - Мусо — ибронийча матн махсус белгиланган, шунинг учун Манаше деб ўқилади. Мусога бўлган ҳурмати туфайли қадимги иброний котиблари шундай қилган бўлишлари мумкин, чунки матнда аниқ Мусонинг авлодидан бўлган Йўнатаннинг бутпарастлиги ҳақида гап кетяпти.

[136] 18:30 - Исроил халқи сургун бўлгунига қадар... — Милоддан олдинги 722 йилда Исроил, яъни шимолий шоҳлик Оссурияга сургун қилинган.

[137] 18:31 - Шилў шаҳри — Қуддусдан қарийб 32 километрча шимолда жойлашган бу шаҳар Исроил халқининг сажда маркази бўлиб қолган эди. Худога сажда қилиш учун бориладиган асосий жой Шилўдаги Муқаддас чодир эди. Бу пайтда ҳали Қуддусдаги Маъбад қурилмаган эди.

[138] 19:1 - чўри — ибронийча матнда бу сўзнинг маъноси қуйидагича: бу аёллар чўри бўлиб, қонуний хотин бўлмасалар–да, хўжайинлари билан жинсий алоқада бўлишган. Қадимги пайтларда канизакларнинг жиддий қонуний ҳуқуқлари бўлиб, хўжайинлари уларнинг эрлари сифатида бўлган. Бу ибронийча сўз бу матннинг қолган қисмида (19:1-20:6) хотин деб таржима қилинган.

[139] 19:13 - ...Гиво...Рама... — Қуддусдан Гивогача 5 километрча, у ердан Рамагача ҳам 5 километрча эди.

[140] 19:21 - ...оёқларини ювиб... — Шундай одат бўлган. Одамлар у даврда усти очиқ оёқ қийим кийиб юрган. Узоқ йўл юриб келгандан кейин ёки далада ишлаб келгандан кейин оёқлари кир бўлганлиги учун бу одат бор эди.

[141] 19:28 - Лекин жавоб бўлмади — ибронийча матндан. Қадимий грекча таржимада лекин жавоб бўлмади, у ўлик эди.

[142] 20:1 - Миспах — Қуддусдан қарийб 8 километрча шимолда жойлашган шаҳар. Бу 20-21–бобларда Миспах деб 10-12–боблардаги Миспах шаҳри эмас, балки бошқа шаҳар ҳақида айтиляпти.

[143] 20:4 - хотиним — 19:1 изоҳига қаранг.

[144] 20:9 - ...Худодан сўраб, қуръа ташлаймиз — Қуръа ёғоч бўлаклари ёки тошлардан қилинган бўлиб, ундан бирор нарсани қандай ёки қачон қилишни билиш учун фойдаланилган. Худонинг хоҳиш–иродаси баъзан қуръа ташлаш орқали аниқланган.

[145] 20:10 - Гиво — ибронийча матнда бу номнинг бошқача варианти Ғибо.

[146] 20:18 - ...Байтил шаҳридаги саждагоҳга... — ёки Худонинг уйига. Ибронийча матнда байтил, маъноси Худонинг уйи. Бу ибронийча сўз одатда Қуддусдан қарийб 19 километрча шимолда жойлашган шаҳарга нисбатан ишлатилади, лекин бу ўринда Миспахдаги ёки Шилўдаги саждагоҳ ҳақида айтаётган бўлиши мумкин.

[147] 20:26 - Байтил — шу бобнинг 18–оятидаги изоҳга қаранг.

[148] 20:33 - Ғибо текислиги — ибронийча матндан. Қадимий грекча ва лотинча таржималарда Гивонинг ғарбида. Ғибо Гивонинг шимоли–шарқидан 4 километрча узоқда, Бенямин қабиласининг ҳудудидаги шаҳар.

[149] 21:1 - Миспах — 20:1 изоҳига қаранг.

[150] 21:2 - ...Байтилга... — ёки Худонинг уйига. Ибронийча матнда байтил, маъноси Худонинг уйи. Бу ибронийча сўз одатда Қуддусдан қарийб 19 километрча шимолда жойлашган шаҳарга нисбатан ишлатилади, лекин бу ўринда Миспахдаги ёки Шилўдаги саждагоҳ ҳақида айтаётган бўлиши мумкин.

[151] 21:11 - ...ўлдирилсин — Шу ибора билан таржима қилинган ибронийча сўзнинг маъноси қуйидагича: одамлар ёки буюмлар Худога бағишланиб, назр сифатида берилган ёки тамоман қириб ташланган.

[152] 21:12 - Ёбош — Гиладдаги шаҳар. Гилад Иордан дарёсининг шарқида жойлашган ерлар.




Китоблар / Муқаддас Китоб / Ўзбек тилидаги

Эски Аҳд:  |  ИБТИДО  |  ЧИҚИШ  |  ЛЕВИЛАР  |  САҲРОДА  |  ҚОНУНЛАР  |  ЁШУА  |  ҲАКАМЛАР  |  РУТ  |  ШОҲЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (УЧИНЧИ КИТОБ)  |  ШОҲЛАР (ТЎРТИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (БИРИНЧИ КИТОБ)  |  СОЛНОМАЛАР (ИККИНЧИ КИТОБ)  |  ЭЗРА  |  НАХИМИЁ  |  ЭСТЕР  |  АЮБ  |  ЗАБУР  |  СУЛАЙМОННИНГ ҲИКМАТЛАРИ  |  ВОИЗ  |  СУЛАЙМОННИНГ ГЎЗАЛ ҚЎШИГИ  |  ИШАЁ  |  ЕРЕМИЁ  |  ЕРЕМИЁНИНГ МАРСИЯСИ  |  ҲИЗҚИЁ  |  ДОНИЁР  |  ХЎШЕЯ  |  ЙЎЭЛ  |  АМОС  |  ОБOДИЁ  |  ЮНУС  |  МИХО  |  НОХУМ  |  ХАБАҚҚУҚ  |  ЗАФАНИЁ  |  ХАГГЕЙ  |  ЗАКАРИЁ  |  МАЛАКИ
Янги Аҳд:
МАТТО  |  МАРК  |  ЛУҚО  |  ЮҲАННО  |  ҲАВОРИЙЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ  |  РИМЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  КОРИНФЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ГАЛАТИЯЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ЭФЕСЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  ФИЛИППИЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  КОЛОСАЛИКЛАРГА МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  САЛОНИКАЛИКЛАРГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА БИРИНЧИ МАКТУБ  |  ТИМЎТИЙГА ИККИНЧИ МАКТУБ  |  ТИТУСГА МАКТУБ  |  ФИЛИМЎНГА МАКТУБ  |  ИБРОНИЙЛАРГА МАКТУБ  |  ЁҚУБНИНГ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  БУТРУСНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ БИРИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ ИККИНЧИ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОНИНГ УЧИНЧИ МАКТУБИ  |  ЯҲУДОНИНГ МАКТУБИ  |  ЮҲАННОГА КЎРСАТИЛГАН ВАҲИЙ


Injil Uzbek tili: Yangi Ahd. Latin online
 Matto | Mark | Luqo | Yuhanno | Havoriylar | Yoqub | 1 Butrus | 2 Butrus | Yuhannoning 1chi | Yuhannoning 2chi | Yuhannoning 3chi | Yahudoning | Rimliklarga | Korinfliklarga 1chi | Korinfliklarga 2chi | Galatiyaliklarga | Efesliklarga | Filippiliklarga | Kolosaliklarga | Salonikaliklarga 1chi | Salonikaliklarga 2chi | Timo‘tiyga 1chi | Timo‘tiyga 2chi | Titusga | Filimo‘nga | Ibroniylarga | Vahiy  
Injil Uzbek tili: Eski Ahd. Latin online
IBTIDO | ZABUR

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак

Kitoblar - Kutubxona  |  Simfoniya  |  Guvohliklar  |  Musiqa mp3  |  VIDEO  |  UzLatin.com   |  Telegram kanal @kitoblar_elektron_uz


Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musiqasi


(skachat Hamdu-Sano-Xudoga.pdf 2 mb)
Hamdu Sanolar - Imon yuli. Uzbek musika
(skachat Hamdu-Sanolar_Imon-yuli.pdf 1 mb)
Online Yangi o'zbek MP3. Ayni damda musiqa javonida 3gb. guruh. Ҳамду санолар
++ KANAL MP3 https://t.me/uzbekmusika ++


Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

Китоблар Ўзбек тилидаги: Инжил ва Muqaddas Kitob ва Инжил Каракалпак
Uzbek tilida Muqaddas Kitob Injil skachat - Audio mp3, Download (.zip 624mb)



Yaxshi audio kitoblarni O`zbek tilidagi

Audio Injil Uzbek tilidagi. Yangi Ahd

O'zbek tilidagi Kinolar

Uzbek tilidagi Kinolar

KitoBook.com